Оскар Уайльд. Худбин Паҳлавон (ривоят)

Ҳар куни пешиндан сўнг мактабдан қайтган болалар Пахлавоннинг боғига келиб ўйнашни одат қилиб олишган эди.
Бу боғ жуда кенг, ям-яшил майса билан қопланган, майсалар орасида эса, чарақлаб турган юлдузлардек, гуллар очилиб туришарди, тағин боғда ўн икки туп шафтоли дарахти бўлиб, улар кўклам чоғи марваридсимон гулларга берканишар, кузда эса ғарқ пишган мевалари оғирлигидан пастга эгилишарди. Дарахтларга қўнган қушчалар шундай ёқимли сайрашардики, болалар кўпинча беихтиёр ўйинларидан тўхтаб қушчалар овозига махлиёларча қулоқ солишарди. “Қандай мазза-а бу ерда!”, чуғурлашишарди улар бир-бирларини қувлашиб.
Кунлардан бир кун Пахлавон уйига қайтиб келди. У ўртоғи, одамхўр Корниуэлникида етти йил меҳмон бўлиб, етти йил суҳбатлаша-суҳбатлаша, охири, гапи тамом бўлгач, ўз қўрғонига қайтган эди. Келиши биланоқ унинг кўзи, боғда ўйнаётган болаларга тушди.
“Нима қилаяпсизлар бу ерда?”, дея ўшқирди у ҳирқироқ овозда. Болалар эса дуч келган томонга тўзғиб, қочиб кетишди.
“Бу менинг ва фақат менинг боғим, – деди Паҳлавон. – Ҳамма билсинки, ўзимдан бошқа ҳеч кимга бу ерда ўйнашга рухсат йўқ”.
Шундан кеиин у боғ атрофини баланд девор билан ўраб олиб, огоҳлантирувчи тахтача осиб қўйди:
РУХСАТСИЗ КИРГАНЛАР ҚОНУНАН ЖАЗОЛАНИШАДИ
Бечора болалар энди қаэрда ўйнашни билишмасди. Улар бир-икки катта йўл бўйларида ўйнаб кўришди, лекин йўллар жуда чанг ва майда тошлар билан қоплангани учун уларнинг кўнглига ёқмас эди. Кўпинча улар дарслардан кейин баланд девор тагида юришиб, ичкаридаги ажойиб боғни қўмсашарди. “Қандай мазза қилардик-а у ерда”, дея эслашарди.
Баҳор келиб ўлканинг ҳамма жойларида дарахтлар гул билан қопланди, қушлар учиб келишди. Фақат Худбин Паҳлавон боғида ҳали ҳам Қиш эди. Қушчалар сайроғидан дарак ҳам йўқ, чунки болалардан дарак йўқ эди-да; дарахтлар эса гўё гуллашни эсидан чиқаргандек. Ўша ҳалиги гўзал гуллар майсалар орасидан мўралашиб огоҳлантириш тахтачасини кўриб қолишди ва шунчалар хафа бўлиб кетишдики, бошларини яна ўтлар орасига олиб, уйқуга кетишди. Боғда фақатгина Қор билан Аёзни эъзозлайдиган ўсимлигу жонзотлар қолишди. “Баҳор бу боғни эсидан ҳам чиқариб юборди, – деб тантана қилишарди улар, – биз энди бутун йил давомида шу ерда яшайверамиз”. Қор ўзининг оппоқ чопони билан майсазорларни ёпарди, Аёз эса дарахтларни кумуш рангга бўярди. Кейин улар Шимол Шамолини ўзларига шерикликка чақиришди. У ўзининг момиқ чопонига ўралиб келиб, кун бўйи боғ устида айланар, камин мўриларининг ичигача кириб чийилларди. “Бу ажойиб даргоҳ, – деди у, – биз бу ерга дўлни ҳам чақиришимиз керак”. Шундай қилиб Дўл ҳам бу ерда ҳозир бўлди. У, кунига уч соатлаб, қўрғон томи сополини синдиргунча гумбирлатар, кейин кўрғон ва боғ устида чир айлана бошларди.
“Во ажаб, нега Баҳор келмаяпти, – дерди Худбин Паҳлавон дераза ёнида ўтириб оппоқ ва совуқ боғига тикиларкан. – Лекин об-ҳаво ўзгариб қолишидан умидим бор”.
Аммо боғга на Баҳор ва на Ёз келди. Бошқа боғларга Куз кўпдан-кўп ширин-шакар меваларни тўкиб солди, лекин Паҳлавоига ҳеч нима бермади. “У ўта худбин-ку”, дерди Куз. Шундай, унинг боғидан Қиш аримади ва Шимол Шамоли, Дўл, Аёз ва Қор дарахтлар атрофини айланиб рақсга тушаверишди.
Бир куни эрталаб Паҳлавон, эндигина уйқудан уйгониб тўшагида ётганида, нафис бир мусиқани эшитиб қолди. У шундай ёқимли эдики, бундай куйларни фақатгина шу атрофдан ўтиб кетаётган Қирол созандаларигина чалиши мумкин эди. Ҳақиқатда эса, бу, ташқаридаги митти уруғхўр қушчанинг сайроғи эди. Лекин Худбин ўз боғида қуш овозини шунчалик кўпдан бери эшитмаган эдики, бу унга дунёдаги энг дилрабо куйдек эшитиларди. Шу топда унинг тепасида рақсга тушаётган Дўл тўхтади, Шимол Шамоли эса ўкиришни бас қилди ва очиқ деразадан хушбўй ҳид таратиб кириб келди. “Шубҳасиз, ниҳоят Баҳор келди”, деди Паҳлавон ва ўрнидан ирғиб ташқарига қаради.
Ҳайҳот?!
Унинг кўзи ташқаридаги ғаройиб бир манзарага тушди. Боғ деворидаги кичкина бир тирқишдан биқиниб болалар кириб келишар ва боғдаги дарахт шохларига тирмашиб чиқиб олишарди. Унинг кўз ўнгидаги ҳар бир дарахт шоҳида биттадан болакай ўтирарди. Дарахтлар эса, болалар қайтишганидан шунчалик хурсанд бўлишгандики, уларнииг шохлари болаларнинг бошлари устида меҳрибон қўллар мисоли майин тебранишарди. Қушчалар атрофда айланиб қувноқ сайрашар, гуллар эса ўтлар орасидан юқорига қараб хурсанд бўлишарди. Бу ўта оромбахш манзара эди, лекин боғнинг узоқдаги бир чеккасида ҳали ҳам қиш ҳукм сурарди. У ердаги дарахт остида бир болакай юрарди. У шундай кичкина эдики, дарахтнинг шохларига бўйи етмасдан унинг атрофида айланиб, аччиқ-аччиқ йиғларди. Бечора дарахт эса ҳалигача Аёз ва Қорнинг забтида бўлиб, Шимол Шамоли унинг устида айланиб эсарди. “Устимга чиқиб олақол, болакай”, дерди дарахт ва шохларини имкони борича эгиб унга узатарди, лекин бола жуда митти эди.
Бу ҳолни кўрди-ю Пахлавоннинг юраги эзилиб кетди. “Қанчалар аблаҳ эканман-а! Бу ерга нега Баҳор келмаганини энди тушундим. Ҳозир анави болакайни кўтариб анави дарахтнинг баланд шохига ўтказаману, кейин ланати деворни бузиб-бузиб ташлайман, бундан буён боғим болалар учун ўйин майдончаси бўлади”.
У қилмишидан астойдил пушаймон тортди.
Алқисса Паҳлавон зинадан тушиб, ташқи эшикни оҳиста очиб боғга чикди. Лекин уни кўрган болалар қўрқиб ҳар томонга тўзғиб кетишди ва шу заҳоти боғга яна Қиш кириб келди. Фақат митти болакайгина кўзлари ёшга тўла бўлгани учун Пахлавонни кўрмади ва қочиб кетмади. Паҳлавон унинг орқасидан оҳиста яқинлашиб, уни авайлаб қўлига олди ва дарахтга ўтказиб қўйди. Ва шу заҳотиёқ дарахт гул билан қопланди, болакай қўлларини чўзиб Паҳлавоннинг бўйнидан қучоқлаб олиб ўпиб қўйди. Бошқа болалар Паҳлавоннинг дарғазабмаслигини кўриб чопқиллашиб қайтиб келишди ва улар билан Баҳор ҳам қайтиб келди. “Бу энди сизларнинг боғингиз, болакайлар”, деди Пахлавон ва ўзининг улкан болтасини олиб деворни парчалаб йиқитди. Ва шу куннинг чошгоҳида, бозорга кетаётганлар, одам ақлини лол қолдирадиган бу кўркам боғда, болалар билан ўйнаётган Паҳлавонни кўришар эди.
Улар кун бўйи, тўйгунча ўйнаб, кечқурун хайрлашиш учун Пахлавоннинг ёнига келишди.
“Ия, анави кичкина ўртоғингиз қани? – сўради у. – Мен уни дарахтга ўтқазиб кўйгандим”. Паҳлавон ўзини ўпиб қўйгайи учун уни жуда яхши кўриб қолган эди.
“Биз билмаймиз, – жавоб беришди болалар. – У бу ердаи кетиб қолди”.
“Сиз уни топиб айтиб қўйинг, у эртага албатта келсин”, – деди Паҳлавон. Лекин болалар, унинг қаэрда яшашини билмасликларини ва уни илгари ҳеч қачон кўрмаганликларини айтиб қасамга таянишди.
Ҳар куни болалар мактабдан келиб Паҳлавон билан ўйнашарди. Лекин у, меҳри тушиб қолган ўша кичкина болакайни бошқа кўрмади. Паҳлавон болаларни кўрганидан хурсанд бўларди, лекин шунга қарамасдан ўзининг биринчи ўртоғи миттивойни кутар ва уни жуда кўп эсларди. “Уни кўришни истардим”, – дерди у энтикиб.
Йиллар ўтди. Паҳлавон қариб, дармонсизланди. У бошқа деярли ўйнай олмас, ўзининг чайқалувчи курсисида ўтирганча, болалар ўйинини томоша қилиб, боғининг кўринишидан лаззатланарди. “Менинг гулларим бениҳоя чиройли, дерди у, – лекин болалар уларнинг ҳаммасидан ҳам гўзалроқ”.
Қиш тонгларидан бирида, ў ўз деразасидан, бу фаслнинг либосини кузатар эди. У энди Қишни кўргани кўзи йўқ, унинг учун бу, ухлаётган Баҳор бўлиб, гуллар эса дам олишаётгандек эди.
Бирдан у ҳайронликдан кўзларини ишқаб-суртиб ташқарига тикилиб қолди. Бу чиндан ҳам ғаройиб бир кўриниш эди. Боғнинг узоқ бир чеккасидан оппоқ нафис гул билан қопланган дарахт кўринарди. Унинг шохлари олтиндан бўлиб, улардан кумуш мевалар тўкилиб турар, пастда эса ўша, Паҳлавоннинг меҳри тушиб қолган митти болакай юрарди.
Қувончини ичига сиғдиролмаган Паҳлавон югуриб зинадан боғга тушди. У шундай шошардики, майсазорларни босиб-янчиб болага яқинлашди. Унинг тепасига келганида эса, шу ондаёқ ғазабдан қизариб кетган юзини унга яқинлаштириб сўради: “Қайси манфур сени жароҳатлашга журъат қилди?” Болакайнинг кафтчаларида иккита михдан қолган жароҳат излари бўлиб, яна бошқа Иккита михдан қолган излар унинг оёқчаларида кўринарди.
“Қайси манфур сени жароҳатлашга журъат қилди? – деб ҳайқирди Паҳлавон. – Айт менга, токи мен уни катта қиличим билан чопиб ташлай!”
“Керакмас, – жавоб берди бола, – булар, ахир, Меҳр жароҳатлари-ку”.
“Аслида кимсан ўзинг?” – деди Пахлавон ва ғалати бир илтифот билан болакай қаршисида тиз чўкди.
Шунда бола Паҳлавонга жилмайиб жавоб берди: “Бир куни, сен менга ўз боғингда ўйнашга рухсат бермагандинг, бугун эса сен мен билан менинг Жаннатдаги боғимга кетасан”.
Тушликдан кейин боғга келган болалар Паҳлавоннинг оппоқ гуллаб турган дарахт тагида ўлиб ётганини кўришди.

Инглизчадан Элдор Фозилов таржимаси

************************

Бор эканда йўқ экан, оч эканда тўқ экан, бўри баковул экан, тулки ясовул экан. Чумчуқ чақимчи экан, қарға қақимчи экан. Ғоз карнайчи экан, ўрдак сурнайчи экан. Тошбақа тарозибон экан, қурбақа ундан қарздор экан. Бир қишлоқда келбати девдек, феъли чатоқ бир паҳлавон алмисоқдан қолган қасрида ёлғиз ўзи умргузаронлик қилар экан. У ҳеч кимга қўшилмас, ўзидан бошқани суймас экан. Унинг катта ғаройиб боғи бўлиб, ўша ерлик болаларнинг боққа кириб ўйнагиси келар, бироқ турқи совуқ, важоҳатли паҳлавондан ўлгудай қўрққанлари боис ҳатто боғ ёнидан ҳадиксираб ўтишаркан.
Паҳлавоннинг корнуэллик қонхўр дўсти бўлиб, у ўша дўстини беҳад қадрлар, уникига бот-бот меҳмонга бориб турар экан. Кунларнинг бирида паҳлавон дўстиникида етти йил меҳмон бўлгани сафарга отланибди. Бундан воқиф бўлган болалар суюниб, қалпоқларини осмонга отишибди. Улар боғ соҳибининг қораси ўчгунга қадар зўрға сабр қилиб туришибди ва унинг кетганига ишонч ҳосил қилишгач, боққа қуюндек ёпирилиб киришибди. Эҳ, бу боғ ажойиб экан-да ўзиям, майин майсалар ям-яшил гиламни эслатар, турфа гуллар анвойи ифор таратар, ўн икки туп шафтоли ёқимли эпкин таъсирида оҳиста тебранар, дарахт шохларига қўнган сайроқи қушлар шодмон куйлашаркан. Болалар дунёларни унутиб ўйинга берилишибди. Боғ бахт ва қувончга йўғрилибди, беғубор кулгилар оламни тутибди. Афсуски, паҳлавоннинг етти йиллик сафари етти кундай тез ўтиб, унинг қайтадиган муҳлати етибди, ошнасининг дийдорига тўйиб, ўз қасри томон йўл олибди. Уйига яқинлашгач, боғида мириқиб ўйнаётган болаларга кўзи тушиб, тепа сочи тикка бўлиб кетибди ва: “Бу менинг боғим, бу ерда нима қиляпсанлар, тирмизаклар?!” – деб бўкирибди. Қўрқиб кетган болаларнинг капалаги каптар бўлиб, бирпасда боғни тарк этишибди. Паҳлавоннинг ёмон қаҳри келибди. “Бу менинг боғим, бирор кимсанинг киришига йўл қўйиб бўпман!” – деб ўйлабди ва боғ атрофини улкан девор билан ўраб олиб, тахтачага “Боғимга кириш қатъиян тақиқланади” деб ёзиб, деворга осиб қўйибди. Аммо болакайларнинг ўйнайдиган ўзга жойи йўқ экан. Боғ энг қулай маскан бўлиб, уларнинг кўнгилли ўйингоҳига айланган экан. У оҳанрабодек ўзига чорлар, жилла қурса, бирор тирқиш топиб, болаларнинг боғ ичига қарагилари келар экан. Лекин бунинг сира иложи йўқ бўлиб, ҳудбин паҳлавон деворни қалин тахталар билан жуда мустаҳкам ва баланд қилиб қурган экан. Ахийри, кичкинтойлар умидларини узиб, боққа йўламай ҳам қўйишибди. Шу тарзда симиллаб вақт ўтаверибди.
Табиатни яшнатиб, гуркираб баҳор келибди. Ҳаммаёқ ям-яшил либосга бурканибди. Бироқ паҳлавоннинг боғигина бундан мустасно бўлиб, у ерда ҳамон қиш ҳукм сурар экан. Деворни кўриб, баҳорнинг дили вайрон бўлибди ва боққа киргиси келмабди. Дарахтлар гулламай қўйибди. Гулзорлар ҳувиллаб қолибди. Атиги биргина гул бўй ростлаган экан, аммо у ҳам тахтадаги ёзувни кўриб, хомуш бош эгибди. Қушлар сайрашни унутибди, фақат қарғагина беармон қағиллармиш. Бу аҳволни кўриб қиш билан аёз обдон суюнишибди. Бу боғни баҳор унутди, демак, биз шу ерда қолаверганимиз маъқул деган қарорга келишибди. Қор кўрпаси билан боғни ўраб олибди. Аёз кумушранг тўрларини совуқда дийдираб турган дарахт шоҳларига чирмабди. Бу ҳам етмаганидай улар шимол шамолини ҳам меҳмонга чорлабди. Таклифдан боши кўкка етган шамол кела солиб, чирпирак айланиб рақсга тушибди ва: “Қандай ажойиб маскан! Дўстлар, дўлни ҳам чақириш керак!” деб увиллабди. Дўл ҳам ўзини тарозига солиб ўтирмай, дарҳол етиб келиб, ғалаён бошлабди. Қиш, аёз, шамол ва дўл боғ узра елиб-югуриб қувлашмачоқ ўйнашибди. Бор-буд вайрон бўлиб, уйнинг томи синиб тушибди. Буни кўриб, паҳлавоннинг эси оғаёзибди. Деразадан ташқарига мўралаб: “Нега баҳор кечикди, келақолса бўларди”, дея хўрсинибди. Вақт эса изн сўраб ўтирмай ўтаверибди. Шу тариқа ёз, куз ҳам боғни четлаб ўтибди. “Майли, шу қизғанчиқнинг боғи қишга тортиқ бўлақолсин”, – дейишибди улар.
Бир куни десангиз, паҳлавон тўшагида совуқда дийдираб ётган экан, шу тобда қулоғига ёқимли садо эшитилибди. У шу даражада майин, дилрабо эканки, паҳлавоннинг қалби ларзага келибди. “Ҳойнаҳой, қирол мусиқачилари уйим ёнидан ўтаётган бўлса керак”, деб ўйлабди у. Хониш эса давом этаверибди, аслида у булбул навоси бўлиб, паҳлавоннинг музга айланган юрагини эритган экан. Мўъжизани қаранг, шу лаҳзада дўл ва шамол товуши дарҳол тинибди. Борлиққа хушбўй ифор таралибди. Паҳлавон “баҳор келди”, деб ўйлаб, ётган жойидан ирғиб турибди ва беихтиёр деразадан ташқарига қарабди. Ё тавба, не кўз билан кўрсинки, ниҳоят девордан дарча очишга муваффақ бўлган болалар боққа кириб, чуғурлаб дарахт шохларидаги қорни силкитиб туширишаётган эмиш. Дарахтлар қийғос гуллай бошлабди, қиш салтанати чок-чокидан сўкилиб кетибди. Лекин боғ четидаги дарахтдагина қор безрайиб турар, унинг остидаги болакайнинг қўллари шохларга етмас, бундан у ўксиниб-ўксиниб йиғларкан. Бунинг устига, дарахт шохларидаги қор бошига ёғилиб, совуқдан унинг аъзойи бадани титраб, оёқчалари музлаб кўкариб кетганмиш.
Деразадан қараб турган паҳлавоннинг болага раҳми келиб, юраги мумдай эриб кетибди. Онги ҳам ёришибди, бахт, баҳор болалар билан боғлиқ эканлигини англаб, ўз қилмишидан уялибди. “Қандай ярамасман-а, деворни бузиб ташлаганим, болаларга боғни очиб қўйганим бўлсин”, деб ўйлабди. У айиқдек лапанглаб ташқарига чиқибди. Уни кўрган болалар жойларида қўрқувдан тахта бўлиб қолишибди ва бирдан ўзларига келиб, тариқдек атрофга сочилиб кетишибди. Ёлғиз кичкинтой ҳамон ўша жойда пиқ-пиқ йиғлаб турганмиш. Паҳлавон келиб уни оҳиста кўтариб, дарахтга чиқазиб қўйибди. Болакай суюниб, момиқ қўлчаларини чўзиб, унинг бўйнидан маҳкам қучоқлаб, юзидан ўпибди. Паҳлавонни шу пайтга довур ҳали ҳеч ким ўпмаган экан. Унинг дили меҳрга тўлиб, юз-кўзларида қувонч жилва қилибди. Чеҳраси офтобдек ёришиб, ён-атрофга кулиб қарабди. Сичқоннинг инини ижарага олган болалар бир зумда уни қуршаб олишибди. Паҳлавон ичкаридан болта олиб чиқиб, деворни қулатишга тушибди. Катта ёшдаги болалар жон деб унга ёрдамлашишибди. “Бу боғ энди сизларники!” – дебди паҳлавон ял-ял яшнаб.
Шу-шу боғ болаларнинг севимли ўйингоҳига айланибди. Паҳ­лавоннинг ўзи ҳам болалар билан бирга ўйнаркан. Ҳар йил баҳорда бу сўлим гўша гулларга бурканар, ёз ва кузда эса, кичкинтойлар ғарқ пишган сархил меваларни тановул қилиб, паҳлавон амакилари бағрида болалик сурурини туйишаркан. Бироқ негадир паҳлавонни ўпиб қўйган болакай бошқа кўринмабди.
– Ўша кичкинтой дўстларинг қаерда, у нега келмаяпти? – деб паҳ­лавон бетиним сўраркан. Чунки у миттивойни жуда соғинган экан-да.
– Билмадик, уни танимаймиз, ўша куни биз ҳам уни илк бор кўргандик, – дейишибди болалар.
– Агар кўриб қолсанглар, айтинглар, келсин, мен уни зориқиб кутяпман.
– Хўп, хўп, айтамиз.
Лекин ўша болани ҳеч ким қайта кўрмабди. Паҳлавон эса уни умр бўйи кутибди. Елвизак каби йиллар ўтиб, у ҳам қарибди. Аввалгидек болаларга қўшилиб ўйнолмас, ўриндиқда уларни мамнун-масрур кузатиб ўтираркан.
Бу орада яна қиш келибди. Довул тун бўйи изиллаб, томни қў­поришига сал қолибди. Бу ҳолнинг ўткинчилигини билган паҳлавон пинагини ҳам бузмабди. Эрта тонгда тўшакда ўтирганча деразадан қиш манзарасини кузатибди. Қиш ухлаётган баҳор эканлигини, ҳадемай кўклам қулф уришини, борлиқ яшнашини, болалар билан тўлган боғида ҳаёт яна жўш уришини ўйлаб ўтираркан, ё тавба, боғ четидаги бир дарахт қийғос гуллаганини, унинг остида қўлларини осмонга чўзганча ўша болакай турганлигини бехос кўриб қолибди. Паҳлавоннинг юраги қинидан чиқиб кетай дебди. У жон ҳолатда кексалигини ҳам унутиб, ташқарига отилибди. Болага яқинлашгач, даҳшатдан тили танглайи­га ёпишиб қолаёзибди. Бунинг боиси болакайнинг бутун вужуди аллақандай қўрқинчли яралар билан қопланган бўлиб, улар мих изига ўхшаркан.
– Ким сени бу кўйга солди, болажон?! Айтгин, унинг адабини бераман, катта қиличим билан шартта калласини оламан! – ҳайқирибди паҳ­лавон.
– Йўқ, бундай қилиш шарт эмас, – дебди болакай кулимсираб. – Бу Меҳр жароҳати. Сен мен учун боғингни очиб қўйдинг. Энди менинг боғим ҳам сен учун очиқ.
Паҳлавон ажабланиб, негадир ўзини ночор, ожиз сезибди.
– Сен ўзи кимсан, болажон?!
– Мен Азроилман, жонингни жаннатга олиб кетгани келдим. Ўша пайтда олиб кетганимда эди, дўзахга тушардинг. Аммо сен яхши тарафга ўзгардинг. Мени дарахт устига чиқариб қўйдинг, болаларга боғингда ўйнагани рухсат этиб, савоб ишга қўл урдинг, ўзинг ҳам яшашни ўргандинг. Инсон умри абадий эмас, вақт-соатинг етиб келди, тадоригингни кўр, дўстим.
Паҳлавон бироз анграйиб турибди. Сўнгра кўз олди тиниб, боши айланибди ва баҳайбат гавдаси дарахт остига аста қулабди. Қиссадан ҳисса шуки, болалар қийқириб боққа кириб келишганида, қадрдон амаки жонсиз ётар, унинг усти турфа гулларга бурканган экан.

Рус тилидан Азиза Аҳмадеева таржимаси