Адабий ходим Майкл Жозеф яқинда босмадан чиққан, адабиётнинг тижорат билан боғлиқ жиҳатлари ҳақида ҳикоя қиладиган тўпламлардан бирида қўлма-қўл бўлиб ўқиладиган китоблар хусусида фикр юритади. Дарҳақиқат, худди “Форд” машиналари, совун ёки сули ёрмаси каби бир зумда талаб кетишлари учун китоб қандай бўлмоғи лозим?
Афтидан, бу саволнинг жавоби ҳаммамиз учун ҳам қизиқарли бўлса керак. Мабодо биз муҳим бир сирни билганимизда борми, ўша заҳотиёқ идоравий товарлар билан савдо қиладиган дўконга чопиб, олти пенсга[1] бир боғлам қоғоз сотиб олардик. Ва уларни жозибали сўзлар билан тўлдириб, олти минг фунтга[2] пуллаган бўлар эдик. Хуллас, дунёда қоғоздек фойдали нарса йўқ. Тасаввур қилинг, агар бир фунт[3] темир соат механизмига айлантирилса, бир неча юз, балки минг баробар қимматлашади, лекин ҳамма талашиб-тортишиб ўқийдиган оммабоп романга айланган бир фунт қоғозни эса том маънода миллион-миллион фойда эвазига сотиш мумкин. Нимасини айтасиз, гап фақат қоғозни оммавий адабиётга айлантира олишда! Аммо бунинг сири ҳатто жаноб Жозефга ҳам номаълум. Йўқса, жаноб Жозефнинг ўзи харидоргир китоблар ёзиб, мўмай пул топган бўлмасмиди? Ахир, нима бўлганда ҳам, бу унинг ҳозирги ишидан, яъни шундай китобларни сотиб кун кўришдан кўра фойдалироқ бўларди-да! Унинг фикрича, қўлма-қўл ўқиладиган китоб самимий бўлиши керак – тамом-вассалом, бошқа гап йўқ.
Бу фикр мутлақо тўғри. Тўғрилиги шу қадар шубҳасизки, ундан келадиган фойда ҳам арзимасдир. Ҳар қандай адабиёт, ҳар қандай санъат, яхши сотиладими ёки ёмон сотиладими – бундан қатъи назар, самимий бўлиши керак. Муаллиф кимга тақлид қилмасин, Чарльз Гарвис[4] ёки Шеллигами, у ўзига тегишли бўлмаган бошқа бир асарни нари-бери ўзгартирган ҳолда, атайлаб сохталаштириб, аксарият одамларни узоқ вақт лақиллатиб юриши мумкин эмас. Бир куни барибир миси чиқади. Муаллиф ўзлигига, ўзига хос бадиий оламига эга бўлсагина унга ижод соҳасида омад кулиб боқади. Бу – бор гап.
Фақат харидоргир ақл-идрок билангина харидоргир асар яратиш мумкин. Фақат ана шундай ақл-заковат эгаси Шеллининг “Озод Прометей” асари сингари талашиб ўқиладиган китоб ёза олади. Сохта асар ёзувчилар ўз замондошларини лақиллатиши-ку даргумон, келажак авлодларни эса алдай олмаслиги аниқ гап.
Тўғри, адабиёт тарихида билиб туриб сохта асар ёзиш ҳодисаси кам учрайди. Марло пьесалари ва Лили[5] романларини мухлислар қандай катта қувонч билан қарши олган бўлса, шундай шуҳрат қозонишдан умидвор бўлган, қиролича Елизавета даврида яшаб ўтган Грин ана шундай ижодкорлар сирасига киради. У “Эвфуэс”дан нусха кўчирган эди. Грин, бошқаларга тақлид қилишдан ташқари, ўзининг шахсий услубида ҳам ижод қилади. Бу – нафис ва жозибали услуб. Бироқ у кимнидир қойил қолдириш мақсадида ўзи учун бегона услубни қўллаганида, ёзганларига ҳеч кимни ишонтира олмайди.
Кейинги даврларда адабий асарларни сохталаштириш орқали ном чиқарган бошқа бир муаллиф француз Катюль Мендес ҳисобланади. У қоралаган ва ҳамманинг жиғига теккан бир қолипдаги ясама асарларини ўқий туриб, бу китоблар қанчадан-қанча инсонларни лақиллатганига, унинг зарҳал жилоси шу қадар арзонлигига, олмос ва ёқут сифатида тақдим этилаётган “кашфиёт”лари театр томошаларида ишлатиладиган ялтироқ ашёлардан сира фарқ қилмаслигига ҳайрон қоласиз. Хўш, Мендесга ўхшаган одамлар нимаси билан диққатни тортади? Уларнинг ёзганлари санъат нуқтаи назаридан ҳеч вақога, борингки, юмшоқроқ қилиб айтсак, деярли ҳеч нарсага арзимайди. Бундай муаллифларнинг ҳар қандай сеҳру жозибадан холи шахсияти ҳатто руҳшунос олимлар учун қизиқарли тадқиқот объекти бўла олмайди. Бундай кишиларнинг пул учун Сиена[6] мактабига хос тасвирий асарларни, Чиппендейлнинг[7] оромкурсиларини сохталаштириш билан машғул нокаслардан фарқи йўқ. Лекин носамимий санъат атайлабдан шундай яратилмаган бўлса, муаллифнинг ҳарчанд самимий бўлишга интилишига қарамай, фавқулодда сохта чиқиб қолган бўлса, бундай асар руҳшунос эътиборига муносибдир.
Кундалик ҳаётда самимийлик инсоннинг иродасига боғлиқ. Чунки самимий бўлиш ёки самимий бўлмасликни биз ўзимиз ҳал қиламиз. Модомики шундай экан, санъат асари муаллифнинг истагига қарши ўлароқ сохта чиқиб қолиши мумкин, деган гап баҳсли эмасми? Башарти, муаллиф самимий бўлишни истаса, унга бу масалада ўзининг ғаразли ниятидан бошқа ким ҳам халақит берарди, деб менга эътироз билдиришлари мумкин. Лекин масала биз ўйлаганчалик жўн эмас. Санъатда самимий бўлиш учун самимиятга интилишнинг ўзи кифоя қилмайди.
Гарчи ҳаётда самимий яшаб ўтган бўлса-да, аммо асарлари самимиятдан йироқ бўлган санъаткорларни санаб ўтиш қийин эмас. Масалан, Китс ва Шеллининг дўсти, диний руҳдаги улкан ҳамда ҳашаматли тасвирий асарлар муаллифи Бенжамин Роберт Ҳейдон шулар жумласидан. Унинг таржимаи ҳоли – бу туркумдаги энг яхши асарлардан бири. Лекин ноширларнинг нодонлиги туфайли мазкур таржимаи ҳол ярим аср дунё юзини кўрмай келган. Ҳолбуки, бу асар Ҳейдоннинг ҳаётда нечоғлиқ самимий бўлганидан, унинг олижаноб идеализми ҳамда қайноқ илҳомидан, беҳисоб ва лекин китобхонга ёқиб тушадиган омадсизликларидан далолат беради. Лекин унинг ҳаёти ва иштиёқи акс этган расмларни томоша қилишни бир ихтиёр этиб кўринг-чи, уларни топа олармикансиз. Аслида улар кўргазма залларига қўйилмаган, музейларнинг ертўлаларида сақланади. Чунки Ҳейдон расмларидаги ҳашам – сохта, эҳтирослар – совуқ, туйғулар худди майна қилингандек ҳавойи. Қисқаси, Ҳейдоннинг рангтасвир асарлари самимий эмас – беихтиёр айнан шу сўз хаёлга келади.
Белгиялик рассом Вирц ижоди ҳам инсон ва мусаввир ўртасидаги ҳайратли қарама-қаршилик мужассами. Унинг Брюсселдаги устахонаси одамларни шаҳар нафис санъат кўргазмасидан ҳам кўпроқ жалб этади. Бунинг боиси – Вирц асарлари эстетик қимматга эга бўлгани ва қалбларни ҳаяжонга солгани учун эмас, балки уларнинг ҳаддан зиёд бесўнақай ва даҳшатли равишда сентиментал бўлганида. Вирц гўё Микеланжелони тушларида безовта қилган қўрқинчли мавзуларни давом эттираётгандек, рангтасвир санъатининг Барнумига[8] айланади. Унинг музейига бамисоли истироҳат боғларидаги “Алвастихона”ларга ташриф буюргандек борадилар.
Альфьери[9] ҳам самимий ва мулоҳазали санъаткорлар тоифасига киради. Лекин унинг асарлари ҳам носамимий ва ясама. Ўртадаги фарқ шунчаликки, баъзан унинг таржимаи ҳоли ва мана шу жонсиз, зўрлаб пиширилган, бир қолипдаги фожиалар битта одам томонидан ёзилганига ишониш қийин.
Гап шундаки, санъатдаги самимийлик инсоннинг иродасига, тўғрилик ва ғирромликдан қайси бирини танлай олиш қобилиятига боғлиқ эмас. У асосан истеъдодга боғлиқ. Инсон гоҳида бутун қалб қўри билан самимий ва теран китоб ёзгиси келади. Бироқ, наилож, истеъдод етишмаслиги бунга имкон бермайди. Унинг истагига қарши ўлароқ, китоб ҳатто ҳаётийликдан йироқ, ёлғон, бошдан-оёқ тақлид ва масхарабозликдан иборат бўлиб қолади. Ундаги фожиалар сохта ва юзаки, драмалар эса мелодрамага айланиб қолади. Танқидчи бундай асарларни ўқир экан, пешонаси тиришиб, эснашга тушади, оқибатда асарини яхши ният билан қоралаган муаллиф, тақризни ўқир экан, бир қарашда унинг виждони ва маънавий қадр-қимматини шубҳа остига қўядиган, амалда эса унинг интеллектуал қобилиятини йўққа чиқараётган танқидчининг ҳукмидан тепа сочи тикка бўлади. Ваҳолонки, санъат тилида самимий бўлиш дегани руҳшунос бўлиш, туйғу ва фикрларни бир нуқтада жамлай олиш қобилиятини англатади.
Аксарият ҳолларда барча одамлар бир хил туйғуларни бошдан кечиради, лекин жуда кам кишиларгина ўзларининг нима ҳақида ўйлаётганини билади ва бошқаларнинг ҳиссиётларини ҳам сеза олади. Хуллас, руҳий кузатувчанлик – математик ёки мусиқавий қобилият каби, алоҳида бир истеъдод маҳсули. Лекин бу ҳам ҳали етарли эмас. Бундай истеъдодга эга бўладиган камдан-кам одамларнинг икки-уч фоизигина ўз кузатувларини бадиий шаклда ифодалай олиш иқтидори билан туғилади.
Мана, ҳаммага аён бир мисол. Аксарият одамлар, эҳтимол, деярли барча қачондир жон-дилидан севиб қолади. Лекин ҳамма ҳам ўз туйғуларини тушунавермайди, фақат саноқли кишиларгина муҳаббатини ифода қила олади. Эр-хотинларнинг ажралиш чоғида судларда ёки ишқий можаролар туфайли ўзини хаёлпарастларча ўлдириш билан боғлиқ ишларни тергов қилиш жараёнида ўқиб эшиттириладиган севги мактублари аксарият эркак ва аёлларнинг бадиият масаласида қанчалик ночор эканини кўрсатади. Улар руҳий жиҳатдан қийналади, сўнгсиз изтироблар чекади, самимий туйғулар билан нафас олади, лекин ана шу ҳолатларни эплаб қоғозга туширолмайди. Оддий севишганларнинг зўраки, сийқа, қовушмаган гаплар ва ёлғондакам оҳ-воҳларга тўла хатлари романларда учраб қолгудек бўлса борми, учига чиққан сохталик дея баҳоланган бўларди. Мен ўзини ўлдирганларнинг ўлим олдидан ёзиб қолдирган хатларини ўқиганман. Агар тақриз ёзишга тўғри келганида мен уларни ўта носамимийликда айблаган бўлардим. Бироқ туйғуларнинг самимийлигини кўрсатиш учун дунёда ўлимни ихтиёр этишдан кўра ҳам ишончлироқ далил бормикан? Фақат истеъдодли худкушларгина бадиий жиҳатдан “самимий” сўзларни ёзиши мумкин. Бошқалар ўзлари бошдан кечираётган туйғуларни ифода этишга ожиз бўлгани учун, иккинчи даражали романларда учрайдиган сийқадан-сийқа сохта оҳанжамалик қилишдан нарига ўтолмайди.
Севишганларнинг хатларида ҳам худди шу ҳолат мавжуд. Бизни Китснинг ишқий мактублари мафтун қилиб қўяди. Уларда ўз азобларини тўлиқ ҳис этадиган қалб қийноқлари ёрқин ва кучли тил воситасида тасвирлаб берилади. Бу хатларнинг “самимийлиги” муаллиф даҳосининг маҳсули бўлиб, улар мароқ билан ўқилади. Айнан ана шундай самимият туфайли Китснинг хатлари бадиий жиҳатдан, худди унинг шеърлари каби, балки шеърларидан-да кўпроқ аҳамият касб этади. Энди ўша даврдаги қайсидир бошқа бир ёш дорихона мудири[10] ёрдамчисининг ишқий мактубларини тасаввур қилиб кўринг. У ҳам ўз маъшуқасини Китс Фанни Бронини севганчалик эҳтиросга берилиб севиши, лекин унинг хатлари қуруқ, зерикарли, зўраки ва носамимий бўлиши мумкин эди.
Шунинг учун ҳам бирон-бир санъат асарининг “носамимий”лиги хусусида фикр юритганда, Грин ёки Мендес сохталаштирган асарлар каби, онгли равишда кўчириб олинган, нари-бери ўзгартирилган асарларгина тўғридан-тўғри, яъни этика нуқтаи назаридан носамимий бўлиши ҳақида ўзимизга ҳисоб беришимиз керак. Аксарият ҳолларда эса “носамимий” санъат муаллифнинг нўноқлигидан, унда санъаткор учун зарур бўлган руҳий истеъдод, туйғу ва фикрларни акс эттириш қобилияти йўқлигидан, яъни у эстетика нуқтаи назаридан “носамимий” эканидан далолат беради, холос.
Муртазо Қаршибой таржимаси.
«Жаҳон адабиёти» журнали, 2004 йил, 5-сон.
[1] Пенс – Англияда майда пул
[2] Фунт-стерлинг – Англия пул бирлиги
[3] Бир фунт – бир қадоқ дегани, 409 ярим граммга тенг оғирлик ўлчови
[4] Чарльз Гарвис (1833-1920) – америка ёзувчиси, саргузашт асарлар муаллифи.
[5] Жон Лили (1553/54-1606) – англиялик ёзувчи, драматург, “Эвфуэс ёки зукколик анатомияси” (1579) ва “Эвфуэс ва унинг Англияси” романлари муаллифи.
[6] Сиена – Италиянинг Тоскания вилоятидаги шаҳар. Сиена мактаби – Илк уйғониш даври бўлмиш XIII-XIV-асрларда тасвирий санъатда византия услубини такомиллаштириш учун интилган рассомлар томонидан асос солинган оқим.
[7] Томас Чиппендейл – 1718-1879 йилларда яшаган инглиз мебелсози.
[8] Финиас Тейлор Барнум (1810-1891) – америкалик импрессарио – театр томошаларини ташкил этувчи, кунсткамера ва цирк асосчиси, “Фижи оролидан келган сув париси”, “Тирик қолган сўнгги мастодонт”, “Жорж Вашингтоннинг 160 яшар энагаси” каби катта шов-шувларга сабаб бўлган ижролари билан ном чиқарган.
[9] Витторио Альфьери (1749-1803) – италиян шоири, фожиалар, комедиялар, сонетлар, сатиралар ҳамда “Асти шаҳрилик Витторио Альфьерининг ҳаёт қиссаси” китоби муаллифи.
[10] 1795-1821 йилларда яшаб ўтган таниқли инглиз шоири Жон Китс бир пайтлар дорихонада ишлаган.