Анна Андреевна Горенко (Ахматова) га бағишланади
Дилхун изтироб туйғулари Данте Алигьери юрагидаги нозик илҳом париси Беатриче – машҳур Фолько Портинарининг қизига бўлган муҳаббатини Флоренцияга ўзгача сийратда кўрсатди. Бу ишқнинг қувонч ва қайғулари олис совуқ самовий кенгликларда эмас, балки шу ерда – Италиянинг гуллаб-яшнаётган қучоғида кечди.Кимгаки, Яратганнинг назари тушиб, шундай муҳаббатнинг гувоҳи бўлган, кўрган бўлса, бахтлидир. Инчунун, мен ҳам олийжаноб Гвидо Кавалькантининг қадди шамшод Примаверага бўлган муҳаббатидан сўйламоқчиман.
I
Пинҳоний муҳаббат дардига мубтало бўлган Кавальканти ниҳоят севгилиси навниҳол Примаверага кўнглини очмоққа қарор қилди. Унга ўйлаб чиқарилган бир воқеани сўзлаб бериб, қиз қалбини забт этмоқ, Венеция усталари ясаган қимматбаҳо узуклар билан тўла нозик қўлларини ушламоқни хаёл қилди.Тасодиф – севишганлар орасига суқилиб -кириб оладиган ғаразли ҳодиса! – не бахтки, бу гал унга ёрдамга келди. Кавальканти дўстиникига борди, алқисса, у Примаверанинг энг яқин қариндошидан бири бўлиб чиқди. Улар заллардан бирида суҳбатлашиб ўтиришар,у ҳеч қандай шубҳага ўрин қолдирмай, яқиндагина ўқиб чиққан, бундан ҳайратга тушган рицарлар тарихидан биттасини айтиб беришга изн сўради. Дўсти ҳаяжонга тушди, Примавера эса кўзларини ерга тикиб, жилмайди ва унсизгина розилигини билдирди. Унинг бу хуш хулқи олий насаб қизларгагина хос бўлиб, айни пайтда, қиз кўнгли фазилатларини ҳам очиб берарди.
Кавальканти бир синьор ҳақида сўз бошлади. Синьор гўзал хонимга ошиқ бўлиб, хоним унинг туйғуларига жавоб бермас, ҳатто у билан ҳеч қаерда – кўчалар, қизлар даврасида ҳам учрашиш нияти йўқлигини айтарди.Шунда рицарь барча қайғуларини юрагига солиб, олисларга йўл олди.Рицарнинг узоқдаги бу қасрида ғалати воқеалар рўй бериб турарди. У машҳур рассомга севгилиси сиймоси жонлантирилган олтин ҳайкалчани ясаттирди. Ёлғизлик кунлари узайгандан-узайди, харобаларда яшагувчи бойқушлар сингари ғамгин ва ўйчан дамлари учиб кетди. Бу ўйлар ертўлаларда яшириниб олган заҳарли ва қора илонлар сингари судралиб юрарди. Эрта тонгдан то тун ярмигача бахтсиз ошиқ жонсиз ҳайкалчаси ёнида турар, унинг нолалари ва ўтли нафаслари залларни тўлдириб, янграб кетарди. Ошиқнинг лабларидан учган эҳтиросли сўзлар фақат севгилисидан сўзлар, унга аталарди. Орадан қанча оғир йиллар ўтганини ҳеч ким билмайди, билмасди. Буюк муҳаббат мўъжиза яратмаганида,эҳтимол, бу бешафқат тақдирнинг оловлари ҳадемай ўчар, ошиқ рицарнинг ярим-очиқ кўзларидан оққан ёшлар мангулик туни қадар сингиб кетармиди!…
Ошиқ рицар қалбини севинч туйғулари бутунлай қамраб, чирмаб олган кунда лабларидан майин сўзлар учаётган дамларда ҳайкалчанинг қўллари титраб кетди ва у ошиғини қучмоқчи бўлгандай қўлларини узатди. Шунда ошиқ рицар уни қучди, лаблари билан қучди. Нурафшон шодликлар қалбининг чуқур жойларига қадар етиб, жаранглаб кетди. У ўрнидан турди – кучли, довюрак.Янги ҳаёт иштиёқи билан тўлди кўзлари, руҳи, вужуди ва бутун борлиғи.
Ҳайкалча ҳамон қўлларини узатганча қотиб турарди.
Сўзларкан, Кавалькантининг овози титраб кетди, Примавера томонга тез-тез ўтли нигоҳларини ташлаб қўярди. Қиз кўзларини ердан узмай, жимгина тингларди. Дўсти гўзал хонимларнинг бераҳмлиги ҳақида сўзлай кетди. Примавера муҳаббат ҳақидаги бу ўтли ҳикоя қанчалик қизиқарли бўлмасин, барча рицарлик романлари ва севги новеллаларидан кўра, назокатли, айниқса, Франциско Ассизскийнинг «Ғунчалари»ни афзал билишини айтди-ю,ўрнидан турди. У шундай ажиб ғурур, назокат ила чиқиб кетди-ки, бунинг таърифига маъбудалар қадамларини куйлаган қадимги шоирларнинг шеърларигина ярашарди.
Юрагини аллалаган умиднинг бу қадар тез пучга чиққанини кўриб, Кавалькантини қалби ўртаниб кетди, ўзини тутиб ўтиришга кўзи етмади, уни кузатмасликларини сўради. Қуёш ботиб борар, заллар бўйлаб шом ранглари сузарди. Эшикнинг олдига яқинлашиб қолган Кавальканти кутилмаганда навниҳол Примаверани кўриб қолди. Қиз мармар полга энгашиб, ниманидир изларди. «Узугимни тушириб юбордим,-деди у майин овозда,- топишга ёрдам беришни истайсизми?»
У энгашди, қизнинг нозик, майин қўллари гўёки тасодифан унинг юзларига тегиб кетди, бир лаҳзага лабларида қотиб қолди. У бошини кўтараман дегунча Примивера оғир,эман дарахтларидан тайёрланган эшиклар ортида кўринмай кетди. Шунда Кавальканти англадики, узук Адриатика денгизига чўкиб кетган тақдирда ҳам у ҳеч қачон тополмайди, юраги энг олий, энг баланд туйғуларга тўлиб, тўлиб, уйига қайтди.
II
Сўнгги вақтларда Кавальканти гўзал Примавера билан тез-тез кўришиб турар, унинг каби ёш йигитлар ёш хоним қизларга илтифот кўрсатишар, уларнинг эътиборига тушишни шараф деб билишарди. Эътиборли кечалар, қизнинг ота-онаси уйидаги учрашувларда Примаверанинг бепарво нигоҳлари йигитнинг на оташ қарашлари, ҳўрсиниқлари ,на севги сонетларини сўндиролмади. Бу пайтда бутун Флоренция тилида ташриф буюраётган венециялик эътиборли синъор, унинг гўзал Примаверага алоҳида эҳтироми, гўзаллиги олдидаги ҳайратлари эди. Бу венециялик тўтиқўшларга ўхшаб кийиниб олган, бузиб-бузиб куйлар, унинг сўзлари, ҳикоялари, қўшиқларини фақат қўпол аскарларгина тинглаши, қабул қилиши мумкиндай эди. У ўз ватандоши Марко Полонинг саёҳатларини мақтаниб гапирар, ўзи эса бу саёҳатларда қатнашишини хаёл ҳам қилолмасди. Кавалькантига бехосдан Примевара бу калондимоғ аҳмоққа илтифот кўрсатгандай кўринди. Венециялик синьор куйлаган сонетда қизнинг гўзаллиги кулгили ва беўхшов сўзлар билан тилга олинарди: нигоҳлари ёввойи Тартарияда яшовчиларнинг оғули тиғларига,қалбида уйғонган севги Буюк Мўғўллар сарҳадларида йилига минглаб одамларни ютиб юборадиган даҳшатли маҳлуқ Симлага қиёсланарди.
Қўшиқ матни, сўзлари, қофиялари шу қадар чалкашиб, бузилиб кетган эдики, бу қўшиқми ёки узуқ-юлуқ сўзларни оҳанггга солиб айтиб-айтолмасликми, англаб бўлмасди.Бундай ғамғин лаҳзаларда Кавальканти қалбини ҳасрат қамраб олди, рашк алангаланди. Рашк туйғуси зобитнинг эски, намхуш, совуқ ертўлаларда занглаб ётган қиличига ўхшаб кетарди. У қайғулар уйида ёлғиз яшар, бир куни бу ерлардан бош олиб, олисларга кетгиси, ҳаётининг энг маҳзун дақиқаларини узиб юборгиси келарди.
Қадимги Флоренциянинг сокин кўчалари кеч киришини кутиб, мудрашарди. Сал ўтмай, бу кўчаларни дилбар ёш хонимлар тўлдриб юборишади, уларни олисдан кузатиб турган навқирон ошиқ йигитлар нигоҳлари ловиллайди. Кавальканти оғир ўйларга кўмилиб бораркан, кутилмаганда Лоренцони кўриб қолди. Бу кекса ғарибнинг айёрлиги ёшлар орасида овоза бўлиб кетган эди. У ошиқларнинг учрашувларини совуқ шамоллардан асрар, дўқиллаган ҳасса зарблари севишганларни хавфдан огоҳ этарди. Кекса Лоренцо лабларида кинояли табассум , эгнида кенг этакли қалин матоли ёмғирпўш, ёнида эса хижолатдан қизариб кетган навниҳол Примаверанинг ипак кўйлаклари товланиб кетарди.
Кавальканти нигоҳлари ўткирлашди, кучланди. Кутилмаган пайтда оловли рашкнинг шубҳалари қирмизи булутдай қоплаб олдики, у ўзини қўлга оламан дегунча, Лоренцо қўшни муюлишга яширинди. Примавера эса шитоб билан қадам ташлаб, уйига йўл олди. Уни иккаласи ҳам сезишмади. Юрагида аччиқ алам, рангида қон қолмаган Кавальканти Примаверани ортидан чопди, етиб олди. Титроқ овоз билан дил изҳорини бошлади. Ў,у қачондан буён уни севади, қандай севиб қолди, унинг изтироблари нечоғлиғ улуғ ва улкан! У сўнгги бора шафқат сўрагандай кекса Лоренцо қайси бахтли одамган ундан мактуб олиб кетганини сўради. У қизнинг кўнгли муносиб инсонга боғланганлигига ишонар, бу сирни ҳеч кимга айтмасликка , шу бугуноқ шу сир билан бирга ўлиб кетишга қасам ичди.
Примавера бошини кўтармай, кетиб борар, минг хижолатда нозик бармоқлари хушбўй тасбеҳларни терарди. Кавальканти сўзлагани сайин унинг лаблари титраб кетди, ёноқлари алвонланди. Йигитни охиригача тингламай, қизғин ва тез-тез сўзлай кетди. Нима учун, қандай қилиб бу йигит Примавера хат ёзган деган хаёлга борди? Бундан ҳайратланди ҳам. Олийнасаб қизлар ҳеч қачон бундай йўл тутишмайди. Бундай ишлар Неапол кўчалари ёки қўрғонларни кезиб юрувчи дайди қўшиқчи аёлларнинггина қўлидан келади. Буни Квальканти жуда яхши билади ўзи ҳам ўшандай аёллар билар таниш-ку! Қизнинг тассаввурига йигит қандай қилиб кўчада қизга яқин келишга журъат этгани, устига устак, севги изҳор қилгани сиғмасди, тушунолмасди.
Олийнасаб қиз учун бундай сўзларни эшитиш ва тинглаш ниҳоятда оғир, айни дамда ноқулай эканлигини наҳотки у билмаса?! Сўзларини тугатмай, бинафшаранг ҳинд марваридидай уятдан қизарганича уйи томон учиб кетди. Ўз қилмишидан ўзи уялиб, асоссиз рашкидан хижолатга тушган Кавальканти уйига қайтди. Бу ҳилқатга ҳеч ким эришолмайди деган ўйлар билан ўзини овутди. Бундан буён уни ноқулай аҳволга солмасликка, ундан кечирим сўраб, айбини ювишга қарар қилди, ўзига ўзи сўз берди. Унинг ўйларини уйи атрофида анчадан буён катта учар каламушдай айланиб юрган кекса Лоренцо тарқатиб юборди. «Бу – гўзал Примаверадан, -деди у авайлабгина хатни узатаркан.- У менга бутун бошли дукат берди».
III
Орадан кўп ўтмай, Кавальканти оғриб қолди ва Яратганнинг ҳоҳиши билан мангулик сари йўл олди. Навниҳол Примавера йиғлаб қолди унинг ортидан. Қизнинг кўз ёшлари севгилиси ётган қабрни парчалаб ўтар, синъорлар қайғу билан марҳум шоир Италия шеъриятини қандай баланд пардаларга олиб чиққанини эслашар, сонетлари, балладалари ва табиатга бағшланган ажойиб битикларини тилга олишарди. Ўйчан Флоренция мотам либосини кийди.
…Нурли чеҳра фаришта Кавалькантини жаннат эшиклари олдига олиб борди. Деворларга яшил нур билан шундай сўзлар битилган эди:
«Сизларга – кириб келувчиларга адабий ором, абадий бахт. Сизлар энди – барҳаётсизлар».
Ва фаришта деди : Истасанг, сени Бокира Марияни қуршаб олган қизлар даврасига олиб бораман. Улар орасида ипак булутдай ҳуснига ҳатто фаришталар ҳам ҳавас қилгудай дилбар Беатричени учратасан».
Ва Кавальканти деди: « О, нурли чеҳра, сени қай тил билан олқишлай! Сен дардли юракларга дармон топгувчисан. Мени гўзал Беатриченинг олдига олиб бор, олислардан бир лаҳзага бўлса-да, ипак либосларда товланаётган бу ҳилқатга назар ташлашга журъат бер. Ахир, у – Примаверанинг дугонаси-ку!
Ва фаришта деди: « Истасанг, сени жаннатнинг кумуш ўтлоқларида тиниқ қуёш нурларида Шарқ нилуфарлари ичра кезиб юрган Исо Масиҳнинг олдига олиб борай. Ул Зот ҳузурига қайтиб келган ҳар бир одамни меҳр билан сийлайди.».
Ва Кавальканти деди: « О, нурли чеҳра, ҳимматларинг тилакларимни ижобат қилмоқда. Мен Исо Масиҳдан Шарқнинг учта донишманд шоҳлари томонидан Унга олиб келинган олтинни сўрайман, ундан нақшин марварид кўзли узук ясаб, ичига кириб оламан. Бу узук тунда кўзларга кўринмай, Гефсиман боғларига тушиб қолади. Бу ерга Примавера келса, унга шуни туҳфа қиламан».
Ва фаришта деди: « Истасанг, сени ёруғ руҳлар қуршовидаги Куч-қудрат ва шон-шуҳрат қўшинлари Худолар Отасининг тахтиравони атрофида суҳбат қуришаётган жойга олиб бораман. Бошда олтин гулчамбар, елкасида олтин мантия, пойида олтин зинапоялар. Бу ердан фаришталар ерга тушадилар, ҳақгўйлар қалби жаннат роҳатлари қадар кўтарилади».
Ва Кавальканти деди: « О, нурли чеҳра, энг соҳир тилагимни адо этмоқчи бўлсанг, ўша ерга борайлик, қадамларимизни тезлатайлик. Олтин зинапоядан ерга тушай-да, Примавера яшайдиган жойга етиб олай».
Ойгул Суюндиқова таржимаси