Мирза Иброҳимов. Гулабатин (қисса)

ҲАСРАТ…

Табризнинг боғ-роғли, анчагина обод даҳаларидан бирида баланд ғиштин девор билан ўралган ҳовлида ичкари ва ташқари хоналардан ташкил топган бир қаватли уй савлат тўкиб турибди. Уй унчалик катта бўлмаса ҳам, анча ҳашаматли ва чиройли қурилган, яшаш учун жуда қулай. Хонадон ичида барча шароит муҳайё. Ичкари уч хона, ташқари эса икки хона ва бир даҳлиздан иборат. Даҳлиз аёллар ётоғи — ичкари билан эркаклар ётоғи – ташқарини туташтириб туради. Уйнинг мўъжазгина боғдор ҳовлиси ҳам бор. Уй ва ҳовли одатда, жимжит бўлади. Лекин баъзи кунларда, эрталабки нонушта маҳали ёки кечқурунлари айни бир пайтнинг ўзида ҳар тарафдан “Гулабатин” чақириқлари эшитилиб қолади.
— Гулабатин, ҳой Гулабатин! Бу ёққа қара!
— Гулабатин, ҳой Гулабатин! Самоварга сув қуйсанг-чи!
— Гулабатин, ҳой Гулабатин! Кўйлагимни олиб бер!
Бугун сокинлик ҳукмрон. “Гулабатин” дея қичқирувчилар йўқ. Эрталабки чой жимгина ичилиб бўлгач, бека даҳлизнинг чеккасига уйилган кир кийимларни Гулабатинга кўрсатди:
— Гулабатин, бугун бозор-ўчар ёки баққолга бормайсан, ҳовлини супуриб-сидирмайсан, бошқа ишимиз ҳам йўқ, сув исит, енг шимариб кийимлар-ни юв!
— Хўп бўлади, бекам! — дея Гулабатин дарҳол ишга киришди.
Албатта, енг шимаришга ҳожат йўқ эди, чунки бусиз ҳам кўйлагининг енги тирсаккача эди, холос. Бека бир ҳафта бурун кенжа қизининг енги йиртиқ кўйлагини тутқазиб:
— Йиртилган жойини кесиб ташла, — деганди. — Кийиб ол, енгсиз янаям яхши!
Гулабатин бека айтгандай қилиб, кўйлакнинг енгини кесиб ташлаган, кийиб олгач эса, енгсиз кўйлак қизларгагина эмас, бекага ҳам маъқул тушганди.
— Қарагин, қандай ярашибди… Яхши бўлади, дегандим-ку.
— Раҳмат, бекам. Худо ярлақасин сизни! — дея Гулабатин онасининг бундай ҳолларда бекага ҳамиша дуо қилиш кераклиги ҳақидаги топшириғини эслаб, хушомад қилади.
Ҳозир бека Гулабатиннинг қўли тирсагигача яланғоч эканини кўриб турарди. Шунга қарамай, “енг шимариб” дейишдан ўзини тиёлмади. Зеро, шунга одатланиб қолганди. Бека учун ҳам, Гулабатин учун ҳам бу гаплар ўзгача маъно касб этарди. Бека “енг шимариб” дедими, демак, бугун иш оғир бўлишини Гулабатин яхши биларди. Масалан, бугун уйни бошдан-оёқ супуриб-сидириш, чангларни артиш, шолчаларни ҳовлига олиб чиқиб, қоқиб ташлаш керак бўларди. Майда-чуйда ишлар пайти бека бу гапни айтмасди. Бу гапнинг сеҳри борга ўхшарди. Гулабатинни ҳам, беканинг ўзини ҳам ҳаракатга соларди, ҳушёр бўлишга чорларди. Қизгина ҳамиша эгнида енгли кўйлак бўлса, беканинг кўз ўнгида енг шимариб ишга киришарди. Ҳозир бунга ҳожат бўлмагани учун дарҳол кийимлар тўдасини олиб, иш бошлаб юборди.
Гулабатин уятчан қиз эди. Унинг бу одати бекага хуш ёқарди. Бека дастлабки кунлардаёқ Гулабатин зийрак, эпчил қиз эканини сезган эди. Унинг янада тиришқоқ бўлишига ҳаракат қиларди бека. Дўқ-пўписа, қўрқитиш билан эмас, ҳавас уйғотиш, руҳлантириш орқали эришарди ўз мақсадига. Бека раҳмдил ва ақлли аёл эди.
— Баракалла қизим, ҳушёр бўл, гапни тез илғашга одатлан, бирор иш буюришдими, дарҳол бажаришга ўрган.
Албатта, бу одатни қизгина ўз онасидан ўрганганди. Барча аёллар қатори у ҳам ўз қизининг қўли чаққон, зеҳни тез бўлишини хоҳларди. Бека бўлса, қизгинанинг “қонида бор” бу ҳаракат чуқур илдиз отишини, янада мустаҳкам бўлишини истарди. Бека ҳар гапида: “Яхши отга қамчи не ҳожат” дея такрорлашни хуш кўрарди.
Катталардан, хусусан, ўз бекасидан эшитган бу таърифлар ёш Гулабатиннинг саъй-ҳаракатлари ва меҳнатига мукофот бўлиш билан бирга, ўзига ҳам ёқиб тушарди. Ҳар ҳолда бу таъриф аччиқ ҳақорат ва таънадан кўра анча яхши эди-да. Шу боисдан ҳам Гулабатин кундан-кунга яхшироқ ишлар, буюрилган ишни ўша заҳотиёқ бажаришга ҳаракат қиларди. Баъзан уни синаб кўриш учун ҳар хил топшириқлар беришар, орқасидан кузатишарди. Узоқ жойда яшовчи танишиникига юбориб: “Фалон кўча билан бориб, пистон кўча билан қайтгин, четга чиқа кўрма” деб тайинлашарди. У бу топшириқни бир қадам четга чиқмай бажарганини кўриб тасаннолар ўқишарди.
Ҳозир ҳам сўз хонимнинг оғзидан чиқиши билан Гулабатин аралаш-қуралаш бўлиб кетган ёстиқ ва кўрпа-тўшак жилдларини, дастрўмол ва сочиқларни, ички кийимларни йиғиштириб, эшикка йўналди. Хоним унинг орқасидан хурсанд қараб қолди. Қизнинг бўйи паст бўлганидан қучоғидаги кийим-кечак остида кўринмай кетганини кўриб кулимсиради ва “жуда яхши қиз экан, қўлдан чиқармаслигим керак” деб ўйлади.
Гулабатин эса хурсанд бўлиб кетаётиб, эшик олдида тўхтади ва орқасига қайрилиб болаларча нозик овози билан сўради:
— Хоним, рухсат беринг, ташқарида ювай, ҳовузнинг бўйида, майлими?
Хоним деразадан ташқарини нурга ғарқ қилган ёз офтобига қараб ушбу хоҳишнинг сабабини дарҳол тушунди ва ўзича “нима қилганда ҳам бола бола-да” деган хаёлга борди, рухсат бера қолди:
— Майли, борақол, — деди. — Ўша жойга олиб бориб тахла, сув исит, идишларни ҳам олиб бор. Фақат эҳтиёт бўл, мағзава сувни ерга тўкма, гулларнинг тагига совунли сув тўкилганини кўрса, оғанинг жаҳли чиқади.
— Хўп бўлади! — дея Гулабатин қувноқ ҳолда ташқарига чиқди. Кийим-кечакни ҳовуз бўйига олиб борди. Бир чеккага тахлади. Сув иситиш, тос-тоғора ва бошқа идишларни олиб келиш учун орқага қайтмоқчи бўлди, лекин қайта олмади. Чунки худди шу пайт бир жуфт кабутар учиб келиб, ҳовузда чўмила бошлашди. Гулабатин уларни томоша қиларкан, яна бир гўзал кабутар учиб келди. Ҳаммаёқни “қу-қу”, “ғу-ғу” овозлари тутиб кетди. Ажойиб бир жўр овоз вужудга келди. Табризнинг чиройли, ранг-баранг кабутарларини Гулабатин жуда яхши кўрарди. Худди шунинг учун ҳам хонимдан кийимларни ташқарида, ҳовуз бўйида ювиш учун рухсат сўраганди. Кабутарлар шу қадар чиройли эдиларки, қизча уларни томоша қилиб тўймасди. Улар тўшларини сувга теккизиб олардилар-да, ҳовуз четида ўтириб қанотларини ёяр, ўзларини офтобга тоблардилар. Шунда бирам чиройли бўлиб кетишардики, қараб кўз тўймасди! Кун нурида тароқ-тароқ очилган патлари юз хил рангда жилоланарди. Бошлари оппоқ эди. Бўйинларига эса гўё яшил тумор осиб олишганди. Оёқлари тиззагача хина қўйилгандай. Гулабатин уларни мириқиб томоша қиларди. У анчадан бери чўнтагида дон-дун олиб юрар, ҳозир уларни кабутарларга сочаркан, уларнинг талашиб дон чўқишларидан қалби қувончларга тўларди.
Қизгинанинг кабутарларга ҳавасини орттирган уларнинг ёлғиз зоҳирий гўзалликлари, кўзни қувонтирувчи рангларигина эмасди. Гулабатин уларга қараган сари қалбида ажойиб ҳислар уйғонар, хаёл олиб қочарди. Гўё сеҳрли бир қўл узаниб Гулабатиннинг эҳтиёжга тўла ҳаётининг деворларини йиқитар, ўша ердан бизнинг совуқ дунёмизга ўхшамаган бир оламга туйнук очгандай бўларди. Ўша гўзал оламда оппоқ ва мовий нурлар билан оқиб келган, илиқ бир нарса қизнинг сийнасини тўлдирар, уни беҳуш қилувчи шарбат мисол бутун аъзойи баданига ёйиларди.
Оҳ, бахтиёр кабутарлар. Қани эди, мен ҳам сизлар каби уча олсайдим!

Албатта, Гулабатин бизнинг замонда қушдан ҳам, шамолдан ҳам тез учадиган машиналар яратилганини биларди. Ҳатто, бир марта хонимнинг жаҳлдор ўғли Шоҳпаланк машинанинг суратини кўрсатиб: “Тайёра!” деганди. Бундай машиналарда фақат эркаклар эмас, аёллар, қизлар ҳам учганини айтганда Гулабатин қўрқа-писа ва болаларча севинч билан пичирлаганди:
— Армоним қолмасди, агар бир кун мен ҳам кўкда учсайдим!
Бу гапни эшитган Шоҳпаланкнинг кулгиси қистади. Икки қўли билан қорнини ушлаб роса кулди, кейин терли кўйлагини Гулабатиннинг бошига ирғитди:
— Вой-вой, мана бу кўкда учувчига қаранглар! Ерда эплаб юролмайди-ю, осмонга чиқмоқчи! Олиб бориб юв, қурит, дазмолла. Эрталабгача тайёр бўлсин!
Оҳ, бахтиёр кабутарлар! Сизлар истаган пайтингизда, хоҳлаган жойингизга учиб борасиз. Шоҳпаланк кимлигини сизлар билмайсизлар! Мен эса унинг сассиқ кўйлагини ҳам ювишим керак!
Кабутарлар уни тушунишгандай ёқимли “ғу-ғу”лашганда Гулабатин гўё бир ажойиб куйни тинглагандай бўлди.
Четдан қараганда кабутарлар чиндан ҳам Гулабатинни таниши ва севиши, унинг туйғуларини ҳис этишгандай бўлиб туюлиши мумкин. Ундан бирор зарар кўришмайди, балки унинг сиймосида фидокор ҳимоячилари бор, деб ўйлашади. Чунки кабутарлар қизни ҳовуз бўйида кўришлари билан қизил ғиштли тахтапушнинг остидаги инларидан учиб, пастга тушардилар.
— Гулабатин, қушларга овора бўлма, вақт ўтаяпти! — дея бақирди ойнаванд даҳлиздан хоним.
— Хўп бўлади, хоним, ҳозир! — дея Гулабатин кабутарларни қолдириб кирхонага югурди…

СУЮНДИК

Гулабатин ўн тўрт ёшда; Табризнинг ёзда чанг, қишда балчиғи тиззага чиқадиган кўчаларидан бирида, пахса деворлари нурай бошлаган бир уйда туғилганди. Улар яшаган уйнинг кун чиқиш томонида “Но шаҳр” зиндони жойлашган. Кунботар томонида — шаҳар тугаган жой эса қабристон. Уч-тўрт ёшдан бошлаб кўргани — кўчаларидан ё маҳбус олиб ўтишарди ёки ўлик. Ҳа, бу ерда у келин туширилганини ҳам, тўй маросимини ҳам кўрган… Бундай ҳолларда маҳалла болалари чувиллашиб, тобут устида бошидан тирноғигача қора кафанга ўралган маййитни ёки қуролли соқчилар олиб кетишаётган маҳбусларни томоша қилишарди. Келин олиб ўтишаётганда эса “мароқ бўлсин” деб қичқиришар, ўйинга тушишарди. Албатта, тобут устидаги маййит уларга жуда сирли ва даҳшатли кўринарди. Уларга ҳозир маййит кафанни йиртиб чиқади-ю, тахтадай узун, озғин ва яланғоч қўлларини чўзиб, болалардан дуч келганини ушлаб, ўзи билан олиб кетадигандек туюларди. Шунинг учун бир-бирининг қўлидан маҳкам ушлаб, эшик оғзидан бир қадам ҳам нари жилишмасди. Уларнинг энг ёқтиргани тўй маросими эди. Чунки бундай пайтларда катталар ҳам хушмуомала бўлар, ҳатто болаларга ширинликлар улашарди…
Маҳбус олиб ўтилаётганда эса вазият бутунлай бошқа бўларди. Болалар маҳбуснинг ким экани, нима иш қилиб қўйгани ҳақида суриштиришар, баҳслашардилар, ҳатто катта ёшлилар улар орқасидан эргашиб “Но шаҳр” дарвозасигача боришарди. Агар маҳбус “сиёсий” бўлса, болалар янада мароқ билан кузатиб қўйишарди. Катталардан эшитганига қараб, болалар ўғриларга, дўкон ўмарувчиларга ошкора нафрат билан қарардилар. Ҳатто ўз туйғуларини билдиришдан ҳам тортинмасдилар.
— Бўйини қаранглар, кап-катта киши ўғирлик қилса-я!
— Егани ҳаром, тешиб чиқсин!
“Сиёсийлар”ини эса тантанавор бир сукут билан кузатишар, гаплашганда ҳам пичирлаб сўзлашарди. Уларга нисбатан кўзлари мароқ билан ёнарди. Гўё улар ғайриоддий одамлар эди-ю, ҳаётлари сирли, ўзлари эртаклардаги қаҳрамонлар сингари қўрқмас ва жасур бўлиб кўринарди. Бир сафар битта “сиёсий”нинг орқасидан қараб қоларкан:
— Катта бўлсам, мен ҳам сиёсий бўламан! — дея мақтанди ўзидан етти ёш катта акаси Ҳамза унинг қулоғига аста шивирлаб.
Ҳамза дарҳол Гулабатиннинг кўзига бошқача кўриниб кетди: қаҳрамон, жасур, матонатли… Лекин ўша пайтда на унинг, на Ҳамзанинг хаёлига сиёсий бўлиш қанчалик оғир иш экани келмаган эди. Бу нарса оила бошига қанчалар кулфат келтиришини улар қаёқдан билсин?!
Ўша пайтда Гулабатиннинг отаси Намоз киши ҳам, катта акаси Суюндик ҳам Табриз кўн корхонасида ишлашарди. Иккаласи ҳам оддий ишчи эдилар, оилани бир амаллаб тебратишарди. Намоз киши ҳам, хотини Норинж ҳам бир бурда нонлари борлиги учун кечаю кундуз худога шукр қилардилар. Фақат Суюндик қўлини дуога очмас, шукр қилмасди. У ҳаётидан, корхонадаги иш шароитидан, ишчилар маошининг озлигидан шикоят қилар, отаси ҳам, онаси ҳам уни тергаб қўйишарди.
— Одам бунақа ношукр бўлмайди, болам. Бундоқ қарагин, Табризда қанча ишсиз бор. Бир бурда нонга муҳтожлар қанча! Ўшаларга қараб, ўз аҳволингга шукр қил!
— Нимага шукр қилайин, ота?! Бизнинг еримиз, тупроғимиз кимда бўлса, ўшалар — каттаю-кичик ҳаммасининг туваги ҳам тилладан. Бизнинг ҳасратимиздан эса чанг чиқади. Нимага шукр қилайин, ота?! — дерди Суюндик алам билан. Унинг кўпгина гапларига Гулабатин тушунмасди. Лекин унинг гапларига қулоқ соларкан, эшиклари олдидан олиб ўтилаётган маҳбуслар кўз ўнгида жонланарди. Шунда у Суюндик ўша маҳбусларнинг ҳаммасидан жасур, ҳаммасидан ботир, — деб ўйларди, — ҳаммасидан қаҳрамон! — дегиси келарди.
Ана шундай ҳис-туйғулар таъсири билан у онасининг тиззалари орасидан сирғалиб чиқар, акасининг қўлтиғига кириб, бошини унинг кўксига қўярди, кейин акасининг қора жингалак сочларини силай бошларди. Акаси бўлса отаси билан баҳслаша-баҳслаша Гулабатиннинг бошини силар, жажжи қўлчаларини ҳовучи ичига олиб иситарди. Баҳснинг бефойдалигини ҳис қилиб, сўзида давом этарди:
— Бизлар ҳеч киммиз, ота! Бизнинг ҳаётимиз бир бурда нон билан ниҳоясига етади. Буларни ўйлаш керак! Ҳеч бўлмаса, булар яхшироқ кун кўришсин. Жоним соғ бўлса, Гулабатинни ўқитаман. Кўзларидан фаросатли экани шундоқ кўриниб турибди, ўқитаман. Институтгача олиб бораман. Битирсин, дўхтир бўлсин, касалларни даволасин…
Лекин тақдир тақозоси шундай бўлдики, Суюндик ўз орзусига ета олмади. У Гулабатинни олтинчи синфгача ўқита олди. Қизнинг ёши ўн учга тўлиб, у еттинчи синфга боришга тайёрланаётганда, бир куни кечқурун қуролли одамлар келиб, “сиёсий” дея Суюндикни олиб кетмоқчи бўлишди. Онаси ўзини йўқотиб қўйган бир ҳолатда йиғлар эди. Аввалига дод солиб юз-кўзини юмдаламоқчи бўлди. Суюндик: “Ойижон, ўтинаман, жим бўлинг” деган маънода қараган эди, аёл жим бўлди. Лекин кўзларидан оқаётган ёш томчилари юзидан ўрмалаб тушарди. Отасининг ранги докадай оқариб кетганди. Ич-ичига ботиб кетган кўзлари иситмаси бор одам кўзларидай ёниб турарди. Бу кўзларда исёнкор фикрлар ўйнарди. Лекин Намоз киши ҳеч сўз айтмади, қотиб қолгандай қараб турарди. Фақат Ҳамзагина ўзини дадил тутарди. Кўзлари нафрат билан боқарди. Бу пайтда у ўн тўққиз ёшда эди, ўзи гилам фабрикасида ишларди. У бир чеккада туриб қуролли одамларнинг шоша-пиша уй тинтишларини, кўрпа-тўшакларнинг астар-аврасини ағдариб кўришларини кузатаркан, юзига қон тепар, муштлари тугиларди. Гулабатин Суюндикка ёпишиб олганди. Пастдан тепага қараб турган кўзларини акасининг юзидан узмасди. У жуда хотиржам кўринарди. Қора қошлари керилган, йирик кўзлари бамайлихотир тинтувчиларни кузатарди. Гўё зиндонга эмас, бошқа жойга кетаётгандай-у, икки-уч соатдан кейин қайтиб келадигандай тутарди ўзини. Энди у, Гулабатиннинг кўз ўнгида чиндан ҳам бир қаҳрамон эди ва у акаси билан фахрланарди.
Лекин бу туйғу узоқ давом этмади. Онанинг бетиним оқаётган кўз ёшлари, дунёдан умидини узган отасининг мурдадай оқариб кетган юзи оила бошига катта бахтсизлик тушганини кўрсатиб турарди. Бирдан Гулабатиннинг миясига акасининг тунлари уйда ётмаслиги келди-ю, уни ваҳима босди. Гўё акасидан бутунлай айрилиб қоладигандек, унинг қўлини қаттиқ қисди. Буни ҳис этган Суюндик унинг бошини меҳр билан силади. Гўё кўзлари билан: “Нима қилибди, Гулабатин? Мен қайтиб, ёнингизга келаман. Сени ўқитиб, дўхтир қиламан. Ишонавер…” – дегандай бўлди.
Акасининг вазминликни йўқотмаган, қўрқмас, мард ва илиқ қарашлари Гулабатинни муайян муддат тинчлантирса ҳамки, уйдаги ғам-ғуссанинг оғир юкидан халос қила олмади. Бир онда қизнинг бошида доғули фикр чарх урди: керакмас, қаҳрамон бўлишингни истамайман, ҳаммага ўхшаш бўл-у, уйимизда қол…
Ана шу фикр таъсири остида у Суюндикка маҳкамроқ ёпишди, унинг қўлини такроран қисди. Яхшиямки Суюндик буни сингил муҳаббатининг ифодаси деб тушунди. Унга гўё Гулабатин: иродали бўлинг, қўрқманг! — деяётгандек эди. У синглисини хотиржам қилмоқчидай унга тепадан пастгача қараб чиқди-да, кулимсираб: “Мендан хавотир олма, иродали бўламан” дегандай кўзларини юмиб-очди.
Кейин Суюндикни олиб кетишди…
Дастлабки кунлар Гулабатин акасининг уйда йўқлигига ҳеч ишона олмасди. Қарийб ҳар куни акасининг айтганлари хаёлида жонланаверарди. Айниқса, қамоққа олинишидан бир ҳафта олдин қилган суҳбатларини унута олмасди. Уйда ҳеч ким йўқ эди, Суюндик билан Гулабатин ёлғиз эдилар. Ўшанда суҳбат келажак ҳақида борарди. Акаси жуда ажойиб бир олам ҳақида гапирарди:
— Ҳаёт тубдан ўзгаради, сингилжон, шундайлигича қолмайди. Ейиш-ичиш ва кийиш ҳақида қайғурадиганлар бўлмайди. Бизнинг бу Табризни ҳали кўрасан, уни биз жаннатга айлантирамиз. Бирорта ҳам пахса уй қолмайди. Чангли кўчаларини, лойсувоқ уйларининг ҳаммасини бузиб, янги уйлар қурамиз. Катталарнинг ҳаммасига иш берамиз, кичкиналарни ўқитамиз…
Лекин ҳаётнинг эҳтиёжлари, турмушнинг оғирлиги ёнида булар бир хаёлга ўхшарди, Гулабатинга туш каби кўринарди.
Суюндикни олиб кетганларидан сўнг бир ҳафта ўтмай туриб, кўн корхонасидаги ишчиларни қисқартириш бошланди. Айтишларича, фабрика эгаси зарар кўра бошлабди, бозорда терининг қиймати шу қадар тушиб кетибдики, ишчиларга маош тўлашнинг иложи бўлмай қолибди. Табиийки, биринчи қисқартирилувчилар рўйхатида Намоз киши ҳам бор эди. Энди оила Ҳамзанинг гилам фабрикасидан оладиган озгина маоши билан кун кечириши керак эди. Бу маош уларнинг уйи кирасини ҳам қопламас эди. Намоз киши ўзини у ёқ-бу ёққа уриб кўрди, бирор иш тополмай уйда ўтириб, ёлғиз худогагина умид боғлади. Уста Зейнал сингари ўйлаб:
— Ҳеч ким пешонасига ёзилганидан ортиғини кўролмайди, — деди. — Пешонамизга нима ёзилган бўлса ўшани кўрамиз!
Ўша пайтларда онаси яхши бир хонимга югурдак кераклигини билиб қолди. Ўша хоним уйдаги майда-чуйда ишларни бажариш, бозор-ўчарга борадиган, дўкондан ул-бул нарсалар олиб келадиган зийрак ва қўл-оёғи чаққон қиз бола ахтараётган экан. Бундай имкондан фойдаланмаслик аҳмоқлик бўларди. Улар Гулабатинни дарҳол хонимнинг уйига рўпара қилишди. Хоним дастлаб ойига ўн тумандан1 беришга ваъда қилди. Агар қиз ўзини оқласа ва уларга маъқул тушса, бир оздан кейин маошини ўн беш туман оширишга кўнди. Бу шартга Гулабатиннинг онаси ҳам, отаси ҳам рози бўлишди. Чол-кампир бу хонимни оддий бир хоним эмас, фаришта экан, уларнинг додларига етсин деб осмондан худонинг ўзи етказди, деб ўйлашди.
— Аллоҳи карим, бир жойдан беркитганда, бошқа ердан очади! — деб Намоз киши қўлларини кўксига кўтариб шукроналар айтди.
Албатта, икки йил бадалида хоним Гулабатинни яхшигина билиб олди ва ундан жуда ҳам рози бўлди. Ваъда қилинганидай маошини ҳам оширганди. Энди ейиш ва кийишдан ташқари унга йигирма туман бериб турарди. Янада тўғрироғини айтадиган бўлсак, “қиз болани пул бузади” деб, ўзига эмас, онасига берарди. Ҳар ойнинг охирида Норинж келиб, минг бир дуолар билан йигирма туманни олиб кетар ва Ҳамза келтирган маошнинг устига қўшиб, рўзғор тебратишга ҳаракат қиларди.

ЯХШИ ХОНИМ

Гулабатин саҳар кўз ёриши билан уйғонишга одатланганди. Бошқача бўлиши ҳам мумкин эмасди. Албатта, саҳар уйқуси унинг учун жуда ширин эди. Лекин ухласа бўлмасди. Хоним ва оиланинг бошқа аъзолари уйқудан тургунча бозорга бориб келиш, ҳовлини супуриш, самоварга ўт ёқиш керак эди. Ҳар кун офтоб нурларининг тоғлар оша ёйила бошлаганини ҳис этгандай уйғониб кетар, гўё кимдир қўлидан тортиб силкитаётгандай, “тур!” — деяётгандай бўларди.
Уйда эрталаб кимнинг зарур иши бўлса, барвақт тургиси келса:
— Гулабатин, эрталаб мени еттида уйғот!
— Гулабатин, эрталаб соат олтига чорак дақиқа қолганда мени уйғотиш эсингдан чиқмасин! — деб тайинлашарди.
У айтилган пайтда топшириқ берганнинг эшигини тақиллатиб:
— Оға, соат олти бўлаяпти, туринг! — дерди.
Эрталабки нонушта пайти, у ёқ-бу ёқдан гаплашиб ўтиришаркан, гап шу мавзуга келиб тақалганда ҳаммаси бараварига ҳайрат билан сўрашарди:
— Ҳой, Гулабатин, қандай сир борки, қачон истасанг ўша пайтда уйғонасан?
Гулабатин бошини хам қилиб, жавоб бермасди. Фақат унинг бу фазилати хонимнинг ва уйдагиларнинг барчасига маъқул эканидан ич-ичидан севинарди. Барвақт туришнинг сирини эса фақат ўзи биларди. Унинг назарида бунда ҳеч қанақа сир ҳам йўқ эди. У офтобнинг чиқиши ва ботишига қараб ётиш-туришга одатланганди. Гулабатинни уйқудан вақтида уйғотувчи сеҳргар қуёш эди. Қизча даҳлизда офтоб ёруғининг озми ёки кўплигига қараб соат неча бўлганини биларди. У ҳар ой ва ҳар кун қайси вақтда қуёш нурлари деворнинг қаерига тушади ва одатда, қизчанинг ётадиган жойи бўлган даҳлиз қай даражада ёришганини биларди. Ёз бошларидан кузнинг ўрталаригача офтоб узлуксиз нурларини Табриз узра, унинг гўзал сафоли боғ-роғларига сочгани учун Гулабатин истаган пайтида уйғона оларди.
Бу Гулабатин бураб қўйилган соат сингари аниқ ишларди деган маънони англатадими? Ҳечам-да! У ҳам ўз ўрнида маза қилиб ётарди. Жажжигина қўлларини бошининг остига қўйиб, кўзларини деразанинг энг тепасидаги мовий бўшлиқларга тикканча хаёл сурган, баъзан ухлаб қолган дамлари ҳам бўларди. Лекин бу нарса хонимнинг Гулабатин ҳақидаги яхши ўйларига путур етказмасди. Чунки бундай ҳоллар жуда камдан-кам рўй берарди. Бундай кунлар эса, эрталабдан бажариладиган зарур ишлар йўқлиги туфайли Гулабатинга маълум бўларди. Бундай пайтларда қизча кечқурундан бамайлихотир ётар, эрталаблари бемалол уйғонарди. Уйғониб ўйга толарди. Нималарни ўйларди? Шундай дамларда у кўпроқ акаси Суюндикни ўйларди. Энди Суюндикни Табриз зиндонидан Теҳронга ўтказишганди. Табризда бир-икки бор зиндоннинг темир панжаралари ортидан унинг юзини кўрса бўларди. Гулабатинга акаси зиндонга тушгандан бери кўзлари янада катталашгандай бўлиб туюларди. У одамга қараганда нақд юрагининг ичини кўргандай бўларди. Лекин яширин ғазаб билан ёнгувчи бу кўзлар темир панжаралар орқали Гулабатинга қараганда юмшаб, мулойимлашар, ажиб бир табассум билан ёришиб кетарди, тушуниб бўлмас ғазабнинг ўрнини ҳасрат эгалларди. Энди эса, Гулабатин ҳафтада бир марта бўлса-да, бу кўзларни кўриш саодатидан маҳрум эди. Рост, Суюндикнинг кўзлари ҳамиша Гулабатиннинг юрагида эди. Тонг юлдузи сингари унинг юраги ичида ёниб турарди ва ҳеч қандай куч уни у ердан чиқара олмасди. Ҳатто ўн, йигирма, ўттиз йил ўтса ҳам бу юлдуз сингилнинг юрагига нур сочиб турадигандай эди. Лекин, қизиқ! Вақт ўтган сайин Гулабатинга номаълум бир куч ҳар куни уни Суюндикдан узоқлаштираётгандай туюларди. Гўё бу юлдуз олис-олисларда совуқ порлаб тургандай бўларди. У акасини эрталаблари ёки кечалари ухлаётганда эслаб қоларди. Суюндик ёш қизнинг ҳаётида ҳаммадан яширин сирига айланди. Шу сир билан қизнинг минг бир орзулари, хаёллари, тушуниб бўлмас ҳолатлари, жамиятнинг, инсон ҳаётининг ўргимчак тўри мисол чуваланган ҳодисалари, зиддиятлари боғланиб турарди. Ҳар ҳолда, Гулабатин Суюндик ҳақида ҳамманинг ёнида ўйлашдан ҳам эҳтиёт бўларди. Гўёки кўзининг ичига қарашлари билан зиндонда ётган “сиёсий” акаси ҳақида ўйлаётганини билиб олишадигандай. У бирорта бегона кўзнинг юрагига тушмаслигини, у ердаги энг муқаддас, энг азиз туйғуларига тегишини истамасди. Шу боис, Суюндик ҳақида ўйга толган саҳарларда Гулабатин вақтни унутиб қўяр, баъзан хонимдан ҳам кеч туриб ҳовлига чиқарди. Гоҳо ҳеч қаерга бормаслигини билган кезлари ҳам кечикар, ётган ўрнида бемалол чўзилиб қолар, кўрпасида нозланишни ўзига раво кўрар, “яна бироз ётай” деб кўнглига эрк берарди. Шунда ҳам кўзини мундоқ очиб қараса, ярим соат кеч қолибди — на оз, на кўп! Дарҳол ҳовлига қулоқ соларди. Ҳа, хоним туриб юз-қўлини ювибди, дастрўмолини ҳовлидаги ипга осмоқда. Шартта ўрнидан туриб, кўйлагини кияр, сочини наридан-бери тараб, ташқари чиқиб, титроқ товушда:
— Салом, хоним, — дерди. — Хайрли тонг!
Унинг овозидаги гуноҳкорлик оҳангини ҳис этган хоним меҳрибонларча кулимсирарди:
— Салом, Гулабатин, сал ухлаб қолибсан-а? — дерди ва дарҳол илова қиларди: — Ҳечқиси йўқ, саҳарги уйқу ширин бўлади. Бугун негадир мен барвақтроқ турибман.
Гулабатин қалбида хонимга минг бир ташаккур туйғуси билан дарров юз-қўлини ювар, самоварга ўт ташлар, ҳовлини супуришга киришарди.
Гулабатиннинг бахтига хоним умуман нажиб табиатли бир аёл эди. Баъзан алаф ичида шундай хушбўй гул кўкарадики, ҳиди ва чиройи кўрганни ҳайратга солади. Мол-давлат ва бойлик кеккайтирган, меҳнатга ва меҳнат кишиларига нафрат билан қарайдиган усти ялтироқ, ичи қалтироқ текинхўрларни яратган бузуқ муҳитда хоним нодир истиснолардан эди. Ҳеч қандай бойлик, ноз-неъмат ва мерос, саодат унинг инсоний табиатини буза олмаган, мунис ва меҳрибон инсон қалбини тошга айлантирмаганди. Шу боисдан ҳам ўн тўрт яшар Гулабатиннинг инсон иродасидан ташқари бўлган саъй-ҳаракатларини, меҳнат қобилиятини, ишчанлигини, ота-онасига табиий ва беҳад муҳаббатини кўрганда, буларнинг барчасини ўзининг кенжа қизининг ўринсиз шалтоқлигини, ҳар куни соат ўнгача ухлаши, ейиш ва кийишда кўрсатадиган инжиқликлари билан, ўғлининг ҳеч бир мезонга сиғмайдиган хархашалари, бирон-бир неъматнинг қадрини билмаслиги, бузуқ ва худбин табиати билан қиёслаганда Гулабатинни юракдан севиб қолган ва шунинг учун унга нисбатан қалбида самимий муҳаббат уйғонганини ҳис этганди. Хоним Гулабатиндан кўрган ҳурмат-эътиборни фақат катта қизидан кўрарди. Уйдаги қолган оила аъзолари унга фақат азоб берар, қонини қайнатар, ҳаётини заҳарлар, юрагини дард билан тўлдирар эдилар. Ўз болаларидан кутганларини бегона қиздан топиши онанинг қалбида қанчалик аччиқ таассуф ҳисларини уйғотса ҳам Гулабатинни керагича қадрлашга монелик қилмасди. Гулабатин буларни яхши ҳис қилгани учун хонимни севарди ва қўлидан келганча уни рози қилишга уринарди.
Гулабатин кўпдан бери шуни ҳам сезиб юрардики, хонимнинг эри Ҳожи Салмон аёлининг бутунлай акси: жаҳлдор, инсофсиз, жиззаки бир одам эди. Жаҳли чиққанда босар-тусарини билмай қолар, бундай пайтларда хотинидан бошқа ҳеч кимга қулоқ солмасди. У оғзига келганини қайтармас, аччиқ сўзлари билан одам қалбини жароҳатламай қўймасди. Хонимга оғир гап айтолмаслигининг, жаҳли чиққан пайтларда у билан эҳтиёткорона муомала қилишнинг сабаби эса муҳаббат ёки ҳурмат эмас, қўрқув эди. Зеро, Ҳожи Салмон хотинидан тортинарди ва буни Гулабатин ҳам сезарди! Шунга қарамай, Ҳожи Салмон баъзан хонимни ҳам заҳарларди. Хусусан, хонимнинг Гулабатинга мулойим рафтори, қизгина ухлаб қолганида аччиғланмаслиги, жазоламаслиги, аксинча, хушмуомаласи ҳожининг назарида ахлоқ қоидаларининг бузилишига тенг эди. Шу муносабат билан Гулабатин ҳожининг тўнғиллаганини, хонимга таънали гаплар айтганини бир неча бор ўз қулоғи билан эшитганди:
— Сен расво қиласан бу қизни. У – хизматкор, уни жойида ўтирғиз, бошингга миндираверма!
— Бошимга миндираётганим йўқ. Расво қилмайман, қўрқманг! — дея хоним ўзига хос мулойимлик билан жавоб берарди. — Сиз хотиржам бўлинг! Гулабатин жойини билиб ўтирадиган қиз, бошга минадиганлардан эмас!
Бугун Гулабатин яна ухлаб қолганди. Аксига олиб бу сафар ҳожи хонимга нисбатан барвақт турганди, қаёққадир шошаётган эди. Самоварнинг қайнаб турмаганини кўриб, Гулабатинни чақирди. Оппоқ, семиз қўли билан иягидаги узун, сийрак соқолини ўйнаганча:
— Чой олиб кел, шошиб турибман, — деди.
— Ҳозир, оға, — дея Гулабатин шошиб самоварга сув солди, кўмир қалаб, туташтирди. Буларни кўриб турган ҳожи оға кўрмаганликка олиб деразаси боққа қараб очиладиган катта емакхонадан қичқирди:
— Гулабатин, чой нима бўлди?
— Ҳозир қайнайди, оға, дамлайман! — деганича қўрқиб жавоб берди Гулабатин.
Ҳожи аччиқланмади, дўқ қилмади, аммо заҳархандалик билан “хи-хи” деб кулди ва кўса соқолини ўйнатди:
— Вақтида туриш керак, хоним қиз, вақтида!
У “хоним қиз” сўзини шундай бир истеҳзо билан айтдики, Гулабатиннинг сийнасига ўқ санчилгандай бўлди. Шундай мулойимлик билан айтилган аччиқ, заҳарли сўзлардан кўра, ҳожи қичқирса, дўқ қилса яхшироқ бўларди.
Яхшиямки шу пайт хоним чиқиб қолди ва ҳожига яқинлашди. Улар нима ҳақдадир гаплаша бошлашди. Гулабатин тутаб, сира ўт олмаётган самовар ёнига чўккалади, мўрконни олиб ташлаб, қаттиқ-қаттиқ пуфлади, ўтин ва кўмир аланга олгач, мўрконни яна кийгазиб қўйди. Хоним билан ҳожи ҳамон пичирлашардилар. Лекин овозлари борган сари кўтарила бошлаганди. Гулабатин истар-истамас уларнинг суҳбатини эшитиб қолди.
— Ҳой киши, худо ҳаққи, бас қилинг, бир пиёла чой деб қонимизни қайнатманг! — дея хоним босиқлик билан гапирарди.
— Мен ҳеч кимнинг қонини қайнатганим йўқ, хоним, аксинча, менинг қонимни қайнатишмоқда! — дерди ҳожи мулойим, лекин зуғумли бир овозда. — Билолмаяпман, мен бу уйда кимман ўзи… Бир хизматкор қизчага гап ҳам айтаолмасам!?
— Сиздан илтимос, ҳожи, бориб дўконда билганингизни қилинг. Уй ишларига, хизматкор ишига аралашаверманг. Мен ўзим биламан оқсоч билан қандай гаплашишни. Кўзимни очибманки, оқсочлар, хизматкорлар билан муомала қилиб келаман.
Хонимнинг охирги гапи ҳожига боплаб тикон санчиб олиш, унинг попугини пасайтириб қўйиш учун айтилганини Гулабатин тушунди. Хоним аслида мўътабар бир одамнинг қизи эди. Отаси бутун Табризда маълум ва машҳур эди. Оврўпа мамлакатлари билан алоқаси бор эди унинг. Аслида қишлоқ боғбони наслидан бўлган бу одам яхши таҳсил олган, Оврўпа тилларига ошна эди, инглиз тилини жуда яхши биларди. Ҳатто мукаммал форсча-инглизча луғатлардан бирининг муаллифи эди. Мол-давлат жиҳатидан ҳам Табриз киборларининг энг таниқлиси бўлганди. Фақат улардан маърифий қарашлари билан ажралиб турарди. У қизига яхши тарбия берганди, ҳожи эса ота-боболари ўрта тоифадаги бир баққолнинг боласи эди. Оиланинг ёлғиз фарзанди бўлган хонимга уйланганидан сўнг, қайнотасининг ёрдами билан дўкон очганди. Гап айланиб насл-насабга тақалгач, ҳожи жимиб қолди, чойини ичиб тамомлагунча на хонимга, на Гулабатинга бирор сўз демади. Уларнинг юзларига ҳам қарамай, индамай-нетмай чиқиб кетди. Фақат Гулабатин кун бўйи ўйга толди. Хоним билан оға ўртасидаги тортишувга сабаб бўлганидан унинг кўнгли жуда ғаш эди. Бундан кейин сира ҳам ухлаб қолмайман деб, ўз-ўзига сўз берди. Энди ҳаммавақт олдин тураман деб онт ичди. Нима ҳам қиларди, тақдир тақозоси шундай экан-да!

ОНА ТИЛИ

Кечқурун ётиш олдидан хоним Гулабатинни ёнига олиб, қўлига сариқ қалам тутқазди-да, бир варақ қоғозни олдига қўйди.
— Ёз. Қани, кўрайлик-чи, эртага бозордан нималар оларканмиз.
Бу ишни Гулабатин жуда ёқтирарди. Хонимнинг топшириқлари ичида энг маъқули шу эди. Қизча қаламни бармоқлари орасига олиб, маҳкам қисди-да, қоғозни олдига тортиб, хонимга қаради. Гулабатиннинг тайёрлигини кўриб, деди:
— Сариёғ — уч кило. Қора майиз — икки кило. Ёздингми?
Гулабатин ҳеч нарса ёзмай, таажжуб ва савол назари билан хонимга қаради. Ахир, бундай нарсаларни ҳожи оғанинг ўзи олиб, бериб юборарди. Бунинг устига, хоним айтганидай, уч кило, икки кило эмас, ўн-ўн беш баравар кўп. Уйга бир ярим-икки ойга етадиган бўларди. Хоним қизнинг қарашларидаги саволни тушуниб, деди:
— Ҳожи тайинлабди, олиб келишади. Кеч қоладими деган хавотирдаман. Овқат пайтигача олиб келиша олмаса керак. Сариёғ қанча дедим?
— Уч кило, дедингиз, хоним…
— Ҳа, сариёғ — уч кило, қора майиз — икки кило, хурмо — бир кило, каштан — бир кило, туршак — бир кило, ёздингми?
Хоним Гулабатинга биринчи синф ўқувчисига ёздиргандай меҳрибонлик билан дона-дона қилиб айтиб турди.
— Ёздим, хоним, — деди Гулабатин хонимга бошдан-оёқ қараб чиқаркан, “Хонимда шундай фазилат бор экан, ундан жуда ажойиб ўқитувчи чиқарди-да!” деб ўйлади. Бу фикрини ҳатто хонимга айтмоқчи ҳам бўлди. Лекин истиҳола қилди, негадир тортинди. Хоним сезгир эди. Гулабатин кўзларининг ҳаракатидан нимадир демоқчи эканини фаҳм этди.
— Қани айт-чи, нима демоқчисан?
Гулабатин жим туришнинг энди мумкин эмаслигини англади. Хоним сўраб турганда фикрини ундан яширишни гуноҳ деб билди. Лекин айта олмади.
— Ҳеч, хоним…
Хоним аввалига Гулабатин бугун бозор хусусида бирор нарса демоқчи шекилли, деб ўйлади. Лекин қизнинг қизарганини кўриб, бошқа гапи борлигини тушунди.
— Хўш, Гулабатин?
— Демоқчиманки, хоним, сиздан жуда яхши муаллим чиқади! Сиз дарс берган болаларнинг ҳаммаси яхши ўқишарди…
Гулабатиннинг ўзи ҳам сезмаган ҳолда хонимнинг қалбидаги шундай торга беғараз тегиб кетган эдики, у барча инсонлар сийнасидаги энг ҳассос торлардан бўлиб, биргина сўз ҳам уни титратиб юбориши ҳеч гапмас. Кичкинагина қиз боланинг, оддий бир оқсоч қизчанинг оғзидан шундай гапни эшитиш хонимни жунбушга келтирди. У қўлини қизнинг бошига қўйди.
— Қаердан биласан?
Гулабатин тетикланди, бу гўзал хонимнинг руҳини кўтарадиган бир гап айтгани учун суюниб, соддадиллик ва самимийлик билан жавоб берди.
— Жуда сабрлисиз, одамга ўшқирмайсиз! — деди, — болаларни яхши кўрувчиларни ҳеч ким ранжитмайди.
Хонимнинг сиймосида бирдан афсус ва надомат ҳислари кўринди:
— Ахир, Шоҳпаланк, кичик хоним мени нега ранжитишади? Нима, мен уларни кам севаманми?
Гулабатин бу саволга жавоб топа олмади. Фақат ғира-шира тарзда шуни ҳис этдики, чиндан ҳам одамларнинг ҳаёти ўзи ўйлаганчалик содда эмас, худди ўргимчак тўридек аралаш-қуралаш сирлар билан тўла. Хоним бўлса, ёмон болаларининг қилиқларидан, юрагини ўртовчи оғир ва аламли ўйлардан чалғишга уриниб:
— Майли, ёз қани: тўш гўшти — беш кило, — деди ва пешонасига осилиб тушган сочини қайириб қўйди-да, давом этди: —кўкатлар, ҳаммасидан бир боғдан. Фақат шовил эсдан чиқмасин. Агар бўлса, бир дона тош қалам ҳам олгин.
Хоним яна баъзи нарсаларни ёздирганидан сўнг, ҳали уйдан чиқиб улгурмаган Гулабатинга тайинлади:
— Оғирлик қилса, баққолнинг ўғлига айт, сенга ёрдамлашиб юборсин. Бир-икки танга берсанг…
Хоним кетгач, Гулабатин эрталаб олинадиган нарсалар рўйхатини саҳармардон туришим билан кўзим тушсин деб, дераза токчасига қўйди. Кейин ёстиғи тагидаги кўк жилдли китобни олиб, дераза олдига ўтирди-да, ўқий бошлади. Бу китоб демократлар ҳокимияти пайтида Табризда бешинчи синф ўқувчилари учун чиқарилган “Она тили” китоби эди. Гулабатин кечқурунлари ишдан бўшади дегунча ундаги кичик ҳикояларни, адабий парчаларни, халқ эртакларини, топишмоқларни зўр мароқ билан ўқирди.
Ҳам содда ёзилгани ҳамда акаси Суюндикдан ягона ёдгор бўлгани учун бу китоб Гулабатинга дунёнинг барча қимматли нарсаларидан азиз эди. У учинчи синфда ўқиётганида акаси бу китобни сандиқчадан олиб берган ва шундай деганди:
— Ўз тилимизда ёзилган. Уни яхши асра. Токи сен ўз тилимизда бундан ҳам қийин китобларни тушунадиган бўлганингдан, форсчани ҳам яхши ўрганганингдан кейин бу китобни ташлаб юборма, сақлаб қўй, бошқаларга керак бўлади. Лекин ҳеч ким билмасин, хўпми…
Гулабатин китобни олиб варақлади, у ёқ-бу ёғига қаради. Расмларини томоша қилди:
— Нега ҳеч ким билмасин?! Сиёсийми? — дея сўради, — қаерда босиб чиқаришган?
— Сиёсий эмас, ўз тилимизда, — шунинг учун ҳам сиёсийдан ёмонроқ-да…
— Вой, нега ахир?!
— Ўзим ҳам билмайман! — дея Суюндик асабий жавоб қилди. Унинг гапни чўзишни истамаётгани кўриниб турарди. Гулабатин эса бадтар қизиқарди:
— Вой худойим-эй, нега ахир?
— Катта бўлсанг, билиб оласан…
— Буни ким чиқарган ўзи? Нима, ҳукумат билмайдими?
Суюндик китобнинг бошқа одамлар томонидан чиқарилганини айтди. Ўша одамлар ҳақида Гулабатиннинг саволларига биргина жавоб қилди:
— Ёдингда бўлсин: улар яхши одамлар эди. Улар ҳамма жойда озодлик бўлишини, ҳамманинг ишлашини, барчанинг нони, кийими бўлишини исташарди. Биров бировга зулм қилмаслигини хоҳлар эди улар.
Суюндик гапирган сайин Гулабатиннинг қизиқиши ортиб борарди. Болаларча ўжарлик билан сўрайверарди:
— Кейин ўша ҳукуматга нима бўлди?
— Тарқатиб юборишди.
— Вой… Ким тарқатди? Яхши нарсани ҳам тарқатиб юборишарканми?!
— Катта бўлсанг, билиб оласан! — дея Суюндик синглисининг юзидан ўпди. — Шу кичкинагина бошингда яхши мия бор. Фақат китобни йиртма, хўпми, тоза сақла, йўқотиб қўйма.
Кўпинча китобни олдига қўйиб ўқиркан, Гулабатиннинг кўзлари саҳифадаги сатрлараро тўхтаб қоларди. Чунки Суюндик китоб орасидан бошини кўтариб, унга қараб тургандай, қиз акасининг овозини эшитгандай бўларди. У билан гаплаша бошларди… Уйда хонимдан бўлак ҳеч кимнинг “Она тили” китобидан хабари йўқ эди. Гулабатин бу китобни ҳаммадан, айниқса, ҳожидан, унинг ўғли Шоҳпаланкдан яшириб юрарди, уларнинг тортиб олиб, йиртиб қўйишларидан қўрқарди. Хонимга бўлса Гулабатиннинг ўзи айтганди. Унинг яхши, раҳмдил эканини билганидан кейин айтганди.
Хонимларникида ишлаётганининг иккинчи йили эди. Авваллари Гулабатин ўзининг мактабга қатнаганини, сал-пал ўқиш, ёзишни билишини уйдагилардан яширарди. Нега? Яширин бир туйғу унга агар билиб қолишса, уларда шубҳа уйғонади, дерди. Ейишга нон тополмайдиган югурдак бир қизча қаерда-ю, мактаб қаерда, ўқиш қаерда, демайдиларми? Кейин Суюндик ҳақида ҳам билиб қолишади. Сиёсий маҳбуснинг синглисини бунақа уйда қўйиб қўйишадими? Йўқ, албатта. Атрофида кўрганлари ва эшитганлари Гулабатинни ниҳоятда эҳтиёт бўлишга ўргатганди. Шу боисдан у мактабда ўқиганини яширишга мажбур эди.
Лекин кейинчалик хонимнинг ҳеч кимга ёмонлик қиладиган одам эмаслигини билгач ва ҳар жиҳатдан унинг эътиборини қозонгач, Гулабатин бироз ёзиш-чизишни билишини ундан яширмасликка қарор қилди. Авваллари хонимнинг бозор топшириқларини ёдида сақлаб, айтганидай қилиб бажарарди. Сарфлаган пулларини ҳам тийинига қадар ёдаки ҳисобларди. Аммо, хонимни яхши таниб, саводи борлигини ундан яширмасликка қарор қилгач, бекаси топшириқ бериши билан қоғоз-қалам олиб ёзишга киришди. Хоним ҳайратланиб сўради:
— Ҳой қиз, сен ёзиш-чизишни ҳам биларкансан-да?! — жавобини ҳам кутмай илова қилди: — Худо ҳаққи, Гулабатин, сен тилла қиз экансан-ку. Ҳожини кўндириб, сени ўқитаман!
Ўша кундан бошлаб, Гулабатин бозордан олинадиган нарсаларнинг рўйхатини тузиб, ёнига миқдорини ёзадиган бўлди. Бозордан қайтгач эса, ҳар бирига қанча пул сарфлаганини ёзиб, ҳаммасининг якунини чиқаргач, охирида жамлаб барча ҳаражатларни ҳисобларди-да, сўнгги тийинигача хонимга топширарди. Баъзан хоним топшириқларни хонасида ўз қўли билан ёзиб келарди. Дастлаб Гулабатин хонимнинг битганларини унча тушуна олмасди, лекин тезда ўрганиб олиб, унинг дастхатини қийналмай ўқийдиган бўлди. Ана шундай яқинликдан кейин бир куни Гулабатин бекасининг кайфияти яхши пайтида онасини кўриш учун ижозат сўради ва уйларига борди. Қайтганида “Она тили” китобини қоғозга ўраб олиб келди ва хонимга кўрсатди:
— Бекам, рухсат беринг, кечалари мана шу китобни ўқий…
Хоним китобни олиб, варақлади, бир парчани ўқиб, Гулабатинга қайтарди.
— Бунда нима борки, рухсат сўраяпсан? Хоҳлаганингча ўқийвер.
Гулабатин бекага “бу бошқа ҳукумат даврида чоп қилинган, энди рухсат беришмаяпти”, демоқчи эди. Лекин айтмади… Энди бўлса даҳлизда дераза олдида ўтириб, ўша китоб — “Она тили”ни ўқияпти. Гулабатин яшаётган даҳлиз уйнинг орқасида, ҳар томондан берк даҳлиз эди. Хоним бу ерни ортиқча кийим-кечак, ҳар замонда очиладиган сандиқ ва гиламлар сақланадиган омборга айлантирганди. Бу ердан бир эшик умумий даҳлизга, яна бир эшик беканинг ётоқхонасига очилганидан кириб-чиқувчилар бўлмасди. Бека бўлса кечаю кундуз истаган пайтида Гулабатинни чақира оларди. Шу мулоҳаза билан унга атаб бу ерда бир бурчак ажратганди. Ҳар ҳолда Гулабатин жуда рози эди. Чунки у ётган жой оёқ ости эмасди, чекка жой, шу ерда бемалол ўтириб, ўй-хаёлларга эрк берса бўларди.
Лекин Гулабатин негадир ўзини ғалати ҳис қилар, безовта бўларди. Бир оздан сўнг бу туйғу виждон азобига айланарди. Ич-ичидан бир товуш келар, унга шундай дерди: “Уят эмасми, Гулабатин , бека сенга шунчалик ишонади, сен бўлсанг, нонкўрлик қилаяпсан, уни алдаяпсан. Нега айтмайсан ахир, хоним, бу китоб топилган жойни “сиёсий” ҳисоблайдилар, гуноҳкор қиладилар”, – деб.
Гулабатин ана шундай ўйлар билан ўзини бир гуноҳкор бандадай ҳисоблаб, қилаётган ишидан норози тарзда уйқуга кетди. У тошдай қотиб ухлаб, саҳар пайти кўзини очди. Лекин бозорга бориб-келиб хонимга салом бериб, “хайрли тонг, бекам” деганида маълум бўлдики, у кечани унчалик ҳам тош қотиб ухлаб ўтказмаган экан.
— Гулабатин, афтидан, сенинг ўша китобингда қўрқинчли эртаклар борга ўхшайди. Ухлаш олдидан ўқима, кечаси алаҳсираб чиқдинг. Уйқунгда гапирдинг, бақириб-чақирдинг…
Гулабатин бекаси олдида гуноҳини ювиш учун яхши фурсат келганини англаб:
— Хоним, ўша китоб ҳақида сизга айтмоқчи эдим, — деди. — Сизга гап тегмайди-а? Ахир у бошқа ҳукумат даврида ёзилган?!
— Қанақа бошқа ҳукумат, ҳой қиз? Сен нималар деяпсан ўзи?! — дея хоним китобни олди, у ёқ-бу ёғига қаради-да, қизга қайтариб берди. — Қайси ҳукумат пайтида ёзилса ёзилгандир. Болалар учун эртак китоби!
— Хоним, бу жуда қимматли китоб, лекин афсуски, сиёсий-да! — “Сиёсий” сўзини айтганда катта бир сирни очаётгандай Гулабатиннинг кўзлари йириклашиб кетди.
Хоним эса:
— Эҳ, Гулабатин, — мен сиёсий-пиёсийни тушунмайман, — деди бепарвогина. Кейин қўшиб қўйди: — Берақол, ҳожига кўрсатай-чи, сиёсатда у билан тенглашадигани йўқ.
Гулабатин китобни маҳкам бағрига босди:
— Илтимос, жон бека, бу китобни уларга кўрсатманг!
— Нимага, ҳой қиз?
— Оға жуда жаҳлдор, ғазабланиб йиртиб ташлайди, мен китобсиз қоламан…
— Бўпти, кўрсатмайман, бор, ишингни қилавер! — деди хоним. У бу гаплардан ҳеч нарса тушунмади ва Гулабатиннинг ваҳимасини дунё ишларидан бехабар қизчанинг соддалиги билан изоҳлади. Гулабатин бўлса югуриб даҳлизга ўтди-да, китобни ёстиғининг тагига яширди.

ШОҲПАЛАНК

Кузнинг ўрта ойи ярмидан ўтганди. Табризнинг очиқ осмонида бўз булутлар энди тез-тез кўрина бошлаганди. Кунлар қисқариб, тунлар узайганди. Барглар сарғайиб, тўкилар, токлар шип-шийдон бўлиб борарди. Гулабатин ҳовлини, уйнинг бўсағасидан ҳовли эшигигача, боғнинг пана жойида, ғишт деворнинг ўнг бурчагида яширинган ҳожатхонадан боғнинг ўртасидаги ҳовузга олиб борувчи ғиштин йўлакни супураркан, хазоннинг кундан-кунга ортиб бораётганини кўрарди. Супурги учида ва оёғининг остида ғичирлаётган хазон бир томондан унга хуш ёқарди, иккинчи томондан юрагига ғусса соларди. Бу дунёда сарғайиб-сўлган, ўтиб кетган ҳар бир фойдали нарса қайғули из қолдирмайдими?
Шунга қарамай, Гулабатин кузни севарди. Куз ўзи билан бирга ҳамма ёққа мўл-кўллик ва салқинлик олиб келарди. Кўчада, бозорда одамлар янада хушчақчақ кўринар, ўтган-кетганга қўл чўзиб тиланувчилар сони гўё камайгандек бўларди. Гўзал ва сафоли Табризда битта ҳам мана шундай қўл чўзиб тиланувчи, айниқса, гадой болалар бўлмаслигини жуда-жуда истарди.
Тиланчи болани, айниқса, қизчаларни кўрганда Гулабатиннинг юраги қинидан чиқиб кетгудек бўларди. Бунинг боиси бор эди, албатта. Авваллари у бунақа нарсаларга эътибор бермасди. Бозорга бориб-келаркан, Шоҳпур хиёбонидан Гулистон чорбоғига қадар дўконлардан хоним буюрган нарсаларни ола туриб, йиғлаётган, ёқаси йиртиқ камбағал ва тиланчи болаларни кўрмасди гўё. Лекин, мана бир неча ойдирки, у бу гўзал шаҳарнинг шу қора доғини кўра бошлади. Бу доғ, бу яра унга ҳар кун кўриниб юрагига даҳшат соларди. Шу пайтгача кўнгилни айнитувчи ярани яшириб турган парда ўз-ўзидан йиртилгани йўқ, даҳшатли қўрқув қалбини беҳуда эгалламаганди. Буларнинг барига сабаб Шоҳпаланк эди!
Гулабатинни бу уйга топшираркан, онаси қаттиқ тайинлаганди: “Қизим, ҳушёр бўл, ҳамиша сергак юр, хизматга шай тур, ҳарҳолда, бегона уй, эҳтиёт бўл, ўзингга гап теккизма. Сен ақлли қизсан, аввалбошдан зийраксан. У ерда уйимиздагидан ҳам ҳушёр бўл, яхшининг ёмондан фарқига ет!” Хонимнинг уйида хизмат қилишга келгандан бери онасининг бу гапини сира эсидан чиқаргани йўқ. Бу уйда яшовчилардан ҳар бирининг қандай одам эканлигини, феъл-атворини яхши билиб олганди. Оиланинг тўнғич қизи — катта хонимнинг онасига тортганини, онаси сингари содда ва софдил эканини билиб олганди. Катта хоним ҳар куни муайян пайтда бориб ухлар, муайян пайтда турарди, ўрнини ўзи йиғиштирарди, хонасини тоза асрар, кийимларини жой-жойига илиб қўярди. Унга: “дарс тайёрла, озода бўл” дегувчи бўлмасди. Чунки ҳамма нарсани ўзи қиларди. Ҳатто кейинги пайтларда нонуштадан кейин идиш-товоғини ўзи йиғиштириб, тозалаб, жойига қўядиган бўлди. Унинг оппоқ, юмалоқ юзи, писта даҳани, ғунча лаблари, йирик қора кўзлари, туташ қошларию кенг пешонаси ҳамиша ёруғ эди. Чеҳрасидан хуш табассум аримасди. Гулабатин уни жуда яхши кўрарди. Катта хоним айтмаса ҳам унинг хонасини супуриб-сидирар, боғда янги очилган гуллардан узиб, кўзгули столи устидаги гулдонга солиб қўярди. Албатта, булар катта хонимнинг назаридан четда қолмас ва у ҳар сафар Гулабатинга ташаккур билдирарди.
— Яхши қизсан-да, Гулабатин! — дерди у. — Олий билимгоҳда имтиҳонларни топшириб, сал қўлим бўшасин, сенга ўқиш-ёзишни ўргатаман.
— Ўқиш-ёзишни биламан! — дея бир куни Гулабатин сирини унга айтиб қўйди.
Катта хоним дарҳол Гулабатиннинг қўлига китоб тутқазди:
— Қани, ўқи-чи…
Китоб форсча эди. Устига “Сияҳатномейи Иброҳимбай” деб ёзилганди. Гулабатин бу сўзларни ўқиди, ҳатто маъносини ҳам айтиб берди. Катта хоним унга она тилида яхши китоблардан топиб беришни ваъда қилди.
Оиланинг кенжа қизи — кичик хоним опасининг тамомила акси, эркатой ва шалтоқ эди. Ҳеч бир нарсада низом-интизомни билмасди. Хоҳласа, масалан, эрталабки чойини ичиб бўлгач, бориб ухларди. Кечаси алламаҳалгача радионинг қулоғини бураб, алламбалоларни тингларди. Кейин соат ўнга қадар ухлаб ётарди. Ўрнини йиғиштирмас, кийимларини тўғри келган жойга ташлар, кейин ахтариб юрарди. Дарсларга қизиқмасди. Опаси мактабни аъло баҳолар билан битказиб, ҳакимликка ўқиётгани ҳолда, у кўзгу олдига ўтириб олиб, ўзига оро бериш билан овора эди. Мода кетидан қувар, туфли ва кўйлакларнинг энг олдини киярди. Кичик хонимни бунчалик эркатой ва олифта қилган онаси эмасди, албатта. Хонимнинг ўзи унинг бу қилиқларидан норози эди. У бу норозилигини шундай ифодаларди:
— Нима қилай, бойлик, бадавлатликнинг ҳам мана шундай балоси бўларкан. Болани меҳнатга ўргата олмайсан. Одамлардан шундай нарсаларни ўрганиб келадики, сира тузатиб, йўлга солиб бўлмайди. На еган нонининг қадрини билади, на бойликнинг. Ҳаммаси осмондан тушади деб ўйлайди, ҳамиша шундай бўлади деб хаёл қилади…
Бироқ бу сўзлар кичик хонимга таъсир қилмасди. Гулабатинга бу қиз онасини тушунмагандай, унинг сўзларини эшитмаётгандай бўлиб туюларди. У онасининг гапларини эшитгиси келмас, фикри-хаёли бошқа нарсаларда эди. Гулабатин мумкин қадар ўзини ундан узоқ тутар, бирор нарса сўраганда ҳам дарҳол бажо келтириб, ўз жойига бориб ўтирарди.
Аммо Шоҳпаланкка қараганда, кичик хонимнинг қилиқлари ҳолва эди. Қизларининг иккаласидан ҳам катта бўлган Шоҳпаланк йигирма икки ёшдан ошганди. Бироқ унинг ғайриодатий қилиқларини, гап-сўзини, оила аъзолари билан муносабатини, бемаъни ишларини кўрган одам ўн уч, ўн тўрт ёшда бўлса керак деб ўйларди. Умуман, ўзи ҳам, қилиқлари ҳам телба-тескари эди. Кўнгли нима тусаса, шуни қиларди. Унинг бемаъни қилиқларини кўриб, ҳайратдан ёқа ушламай иложинг йўқ эди.
У билан илк бор учрашганидаёқ Гулабатин узоқроқ юрган маъқул эканини ҳис этганди. Буни қарангки, дастлабки кўрганидаёқ Шоҳпаланкда бу оқсоч қизга нисбатан нафрат уйғонганди. Гулабатин уларникига келганининг иккинчи ойи эди. Ўтган бир ой мобайнида Гулабатин Шоҳпаланкнинг юзини қарийб кўрмаганди, у ҳақда сал-пал эшитганди, холос. Шоҳпаланк, одатда, ҳар куни ўрнидан тургач, нонушта қилиб, уйдан чиқиб кетар ва ҳаммадан кейин қайтарди. Шу боис Гулабатин уни қарийб кўрмасди. У ўрнидан жуда кеч турарди. Кўпинча у уйқудан уйғонганда дўкону бозор аллақачон очилган, мактабларда дарс ярмидан ўтган, корхона ишчилари тушликка чиқишган бўларди. Бир сўз билан айтганда, офтоб кўтарилиб, вақт чошгоҳдан ошганда Шоҳпаланк уйқудан туриб, юзини наридан-бери ювиб, эснай-эснай, керишганча, ҳеч кимга салом ҳам бермасдан, нонуштага ўтирарди. Вой, худойим-эй, бу қанақа нон ейиш! Нонни тортиб бурдалар, устига бир бўлак сариёғ қўйиб, оғзига тиқарди. Лунжлари шишиб кетарди. Уни чайнаб ютмасдан туриб, қовурилган тухумни олдига тортарди. Қуймоқни майдалаб, энг йирик бўлакларини оғзига ташлай бошларди. Лунжлари яна шишиб кетарди. Гулабатин биринчи марта кўрган бу манзарани сира унутолмасди. Ўшанда, ҳали айтганимиздай, нонни, сариёғни, тухумни ютоқиб еб бўлганидан сўнг. Шоҳпаланк бир чеккада уни асабий, алам билан кузатиб турган онасига ташланди, ғазабли, қизарган кўзлари билан хонимга тикилди. Худди ғанимига ўдағайлагандай:
— Ейишга бирор нарса бўладими, йўқми?! — деб бақирди.
— Нима керак ўзи, ахир, дастурхонда ҳамма нарса бор-ку, — деди хоним юзи докадай оқариб.
Бу гапни эшитиб, Шоҳпаланк портлаб кетди:
— Ҳеч бало йўқ-ку! Ҳаммага едирасиз-у, менга келганда қўлингиз қалтирайди. Отамнинг ҳам, сизнинг ҳам. Эрталаб товуқ димламаси ёқтиришимни яхши биласиз-ку?! Биласиз, лекин атайлаб бермайсиз, егани заҳар бўлсин деб!
Хоним ҳам бўш келмади, бор ғазабини тўкиб солди:
— Уял-е, бу гапингдан! — деди. — Нега бизга дўқ қилаяпсан? Ўшқиришга нима ҳаққинг бор?! Кап-катта одамсан, қўлингдан бир тийинлик иш келмайди, на уйдаги ишга қарашасан, на даладаги! Келасан, жўнайсан! Қаерда сарфлайсан, ким билан сарфлайсан, билмаймиз! Ҳаммасини совуриб бўлгач, яна келасан, бизга дўқ уриб!
Шоҳпаланк онасига шундай жавоб қайтардики, буни эшитиб Гулабатин даҳшатга тушди. Эси йўқ, нима деяётганининг фарқига бормайдиган тентаккина онасига шундай жавоб бериши мумкин.
— Мен сенинг нонингни еяётганим йўқ, қачон ўзинг ишлаб топсанг, шунда бермайсан!
Шундай деб ликопчани столга урди-да, чойни, нонни чала қолдириб ўрнидан турди, телбаларча югуриб ўз хонасига кириб кетди. Бечора хоним ҳам ранги бўздай оқариб, бир аҳволда емакхонадан чиқиб кетди. Ўз хонасига кирди. Гулабатин дастурхонни йиғиштириб, идиш-товоқни юва бошлади. Бироз вақтдан кейин ўз хонасида ўтира олмаган бека ҳовлига чиқиб, дордаги қуритиш учун осилган кийимларни ағдариб илиш билан машғул бўлди. Ҳолбуки, улар эрталаб ағдариб қўйилган эди. Хоним ўзини қўярга жой тополмаётгани, ҳар хил ўй-хаёллардан ўзини чалғитиш учун бирор иш билан банд бўлишга уринаётгани кўриниб турарди. Шу пайтда Гулабатин қандайдир шитирлашни эшитиб, орқага қаради. Шоҳпаланк ўзининг келишган бўйи билан (зотан, у жуда келишган йигит эди) емакхонанинг эшиги олдида савлат тўкиб турарди. Қизиқ, унинг қора кўзлари кулиб турарди. Чеҳраси очилганди. Сал олдинроқ ҳунар кўрсатиб, зуғум қилган одамга сира ўхшамасди. Унинг нозик қора мўйлови ўзига шундай ярашиб турардики, Гулабатиннинг қалбида таассуф уйғонди. Шундай келишган, бўй-бастли йигит уйнинг тиргаги, ота-онасининг фахри бўлиш ўрнига, қора тош мисол уларнинг бўйнига осилиб, бўғишга интиларди.
Шоҳпаланк кулимсираганча кўрсаткич бармоғи билан Гулабатинни чақирди. Гулабатин олдинга юрди. Шоҳпаланк эшикдан даҳлизга ўтди ва орқасига ўгирилиб, ҳуркак ва эҳтиёткор кўринган Гулабатинга “кел” деб ишора қилди. Гулабатин аждарҳо нафаси билан сеҳрланган чумчуқдай қўрқа-писа унинг изидан даҳлизга чиқди. Шоҳпаланк даҳлизнинг қоронғи бурчагидан катта бир тугунчани олиб қизга тутқазди ва шивирлади:
— Олиб бориб, ҳовли дарвозасининг орқасига яшир. Келиб олиб кетаман. Ойим билмасин.
Гулабатин қотиб қолди. Гўё оёқлари ерга қоқиб қўйилгандай эди. На қимирлай олар, на гапира биларди. Унинг қўлидан тугунчани олишга қурби етмас, қўрққанидан “йўқ” ҳам деёлмасди. Қизнинг иккиланиб турганини кўрган Шоҳпаланк яна аввалги ҳолига кирди, бўрига айланди:
— Нега бўзрайиб қараб турибсан?! Ол деяпман!
Кийикдай ҳуркак, қўрқоқ қиз бола йиртқич ваҳимасига бардош бера олмади, қалтираб-қақшаб унинг қўлидан тугунчани олди, икки қўли билан қучоқлаганча ҳовлига чиқди. Ғиштин йўлак билан дарвозага йўналди. Тугунча шундай оғир эдики, Гулабатин зўрға юриб борарди. Йўлакнинг ўртасига етганда оёғи толди, йиқилиб қолмаслик учун йўлак четидаги мирзатеракка суянди. Оёқ товушларини эшитган хоним бу томонга қаради ва сўради:
— Гулабатин, нима қилаяпсан?
Қиз нима дейишни билолмай, қотиб қолди. “Эй, худо, қандай балога қолдим!” дея ўйлади. Хоним унга қараб юраркан, бутунлай қутурган ваҳшатни эслатувчи кўзларидан ғазаб ўти чақнаб турган Шоҳпаланк ҳам уйдан чиқиб шу ерга келди. Хоним саволини такрорлади:
— Бу нима, Гулабатин? Қаёққа олиб кетаяпсан?
Хонимнинг орқасидан мўралаётган Шоҳпаланк қўли билан “айтма, айтма” ишорасини қилди. Лекин айтмай бўлармиди?! Гулабатин бу бўри билан абадий душман бўлганини ва ундан қочиб қутулишнинг имкони йўқлигини ҳис этди. Хонимнинг саволига жавобан кўзлари билан Шоҳпаланкни кўрсатди:
— Оға берди, хоним. Эшикка олиб чиқ, деди…
Хоним энгашиб тугунчани ечди. Унинг ичидаги сариқ қутини кўриб Шоҳпаланкка қаради:
— Ўлиб, қора ерга киргур, сен ҳам эркакмисан, сен ҳам акаман деб юрибсанми? Ахир, бу синглингнинг сепи-ку! Энди шу қолганмиди, сотиб-совурмаганинг?!
Шоҳпаланк қон тўлган кўзларини онасидан олиб Гулабатинга қадади. Кейин яна онасига тикилди:
— Пул бермасангиз, бундан ҳам бадтар қиламан! — деди бармоғини бигиз қилиб онасига. — Эсингизда бўлсин, бундан кейин ялиниб ўтирмайман, сўрамайман ҳам. Чўнтагимда ҳамиша пул бўлмаса, ўзларингдан кўринглар!
У елдай югуриб ҳовлидан чиқиб кетаркан, хоним қўлларини осмонга кўтарди:
— Ё Тангрим, мен нима гуноҳ қилган эдимки, шундай жазолаяпсан?! — деди. Гулабатинга эса, бундан кейин хонимнинг рухсатисиз уйдан бирор чўпни ҳам олиб чиқмасликни қатъий тайинлади.
Ўша куни Гулабатин Шоҳпаланкнинг кўзига бошқа кўринмасликка қарор қилди. Аммо бу мумкин эмасди. Ахир у бу уйдан қочиб кетолмасди-да. Шоҳпаланк уйда пайтида ҳам даҳлизда қололмасди. Шунга кўра, Гулабатин воқеаларнинг боришига тобе бўлолмасдан иложи йўқлигини ҳис қиларди. У ўз тақдирига қарши боришга мажбур. Балки тақдири тақозо этгандирки, Шоҳпаланк уни тушуниб етди, қалбида Гулабатинга нисбатан мурувват уйғотди ва уни кечирди. “Ахир буни тушунишнинг ҳеч қийин жойи йўқ, —дея мулоҳаза қиларди Гулабатин . — Мен бу уйда бир оқсочман, холос. Хонимдан яширин иш қилишга нима ҳаққим бор?! Мени бундай ишга бошлаш ноинсофлик эмасми? Эртага кўчага ҳайдашса нима қиламан? Бусиз ҳам отам иш тополмай юрибди, ойим касалманд. Ҳамза шўрлик Шоҳпаланкнинг ярмича келмайди, уч одамни қандай боқсин?!”
Ана шундай ўйлар билан у жуда эҳтиёт бўлиб хизматини давом эттирарди. Шоҳпаланк уйда бўлган пайтларда ўзини гўё ҳеч нарса юз бермагандай, гўё ҳеч қандай мудҳиш воқеанинг гувоҳи бўлмагандай тутарди. Гулабатин ёш ва кам ҳаёт тажрибасига эга бўлишига қарамай, ёшликдан ўзларига йўл очиши керак бўлган камбағал болаларга хос ҳушёрлик билан бир ҳақиқатни яхши илғаб олганди. Ёмондан яхшилик кутма, дер эди бу ҳақиқат. Фақат аҳмоқларгина бундай одамлардан яхшилик кутишлари мумкин.
Шуларни ўйларкан, Гулабатинни ваҳима босарди. Дунё кўзларига қоронғулашгандай бўларди. Табризнинг мусаффо мовий осмони, ойнадек тиниқ уфқлари торайишга, уни бўғишга бошларди. Демак, бундан бу ёғига ваҳима ичида яшаши, ногаҳоний бир зарбадан қўрқиб титраб-қақшаши, ёмон тушлар кўриши керак?! Йўқ! Бу дунёда ҳар нарсани кечирувчи, ҳар гуноҳдан ўтувчи, бировга кин сақламовчи, юраги тоза одамлар ҳам бор-ку, ахир. Ана шундайлардан бири Суюндик! Ундан одамлар ҳар қанча юз ўгирмасин, вафосизлик қилмасин, ёмон кунида тескари қараб кетганлар, оғир аҳволга тушиб қолган пайтларда қўлидан келадиган яхшиликни аямасди! — бу фикрдан Гулабатин қувониб кетди. “Ахир, ҳар қанча бўлмасин Шоҳпаланк ҳам одам-ку. Унинг ҳам юраги бор. Менинг бошқача қилолмаслигимни тушунса керак. Агар бошқача бўлсам уларга зарар бўлади, уйларида қўл-оёғи тўғри одам бўлгани яхши-ку, ахир. Ёки қўли эгри, ёлғончи одам яхшими?! Бошқани сенга сотувчи одам, ахир, бир куни сени ҳам бошқасига сотади-ку!”
Ростдан ҳам дастлабки кунлар Шоҳпаланк Гулабатинга бирор гап айтмас, ҳамишагидай дастрўмол, чой сўрашдан нарига ўтмасди. Ҳатто қарашлари ҳам сал юмшагандай эди. Баъзан эса ўзини гўё Гулабатиннинг бу уйда борлигини ҳис этмаётгандай тутарди. Гулабатин бундан хафа бўлмасди, чунки у Шоҳпаланкнинг диққатини жалб қилиш зарардан бошқа нарса эмаслигини ҳис қиларди.
Ўша воқеа юз берган кундан анча вақт ўтганди. Бу орада Шоҳпаланк қайта-қайта онаси билан, бир неча бор отаси, ора-сира сингиллари, хусусан, катта синглиси билан айтишиб қолган, жанжаллашиб, уларга ўз заҳрини сочганди. Лекин Гулабатин билан бир марта ҳам уришмаганди.
Бир куни тунда ҳаддан ташқари кеч қайтиб, кундузи жуда кеч турди. Юз-кўзидан яна заҳар томарди. Кўзларининг тагида қопчиққа ўхшаш қора доғлар бор эди. Яна ҳовлига ёқавайрон ҳолда чиқди, жундор кўкрагини кўрсатган ҳолда кериша бошлади. Гулабатин Шоҳпаланк чарчаган пайтлари одамгарчиликдан чиқишини яхши биларди. Ҳеч нарсадан тап тортмай заҳрини сочар, ким билан гаплашса, унинг дилини оғритишдан лаззатланарди. У ҳовлининг ўртасида туриб олганди. Бир соатдан сўнг, бир кун, бир ой, бир йилдан кейин, бутун умри бўйи нима қилишини билмайдиган одам сингари мақсадсиз кўзлари билан у томон – бу томонга қарарди. Гулабатин яна ҳовуз бўйида кир ювар, кабутарларнинг қувноқ “ғу-ғу”сига қулоқ соларди. Шу пайт эшик тақиллади. Гулабатин совунли қўлини ювди, югуриб бориб дарвозани очмоқчи эди. Шоҳпаланк қўли билан имо қилиб, уни тўхтатди:
— Мен очаман, — деб дарвоза томон юрди. Дарвозани очиб, тўхтаб қолди. Ўнг қўли яланғоч тўшининг жунини ўйнаганча ўйга толди. Шунда Гулабатиннинг қулоғига ташқаридан заиф бир қиз овози эшитилди:
— Оғажон, худо йўлига садақа беринг!
Шоҳпаланк нимани ўйладию тиланчи қизни ичкари чақирди. У мўлтони боласига ўхшарди. Паст бўйли, озғин, қорамағиз бир қизча эди. Эгнида эски, йиртиқ-ямоқ кўйлаги бўлиб, у ҳам баданини, уят жойларини зўрға беркитарди. Шоҳпаланк уни ичкари киритиб, ҳовузга ўгирилди ва чақирди:
— Гулабатин, бу ёққа кел!
Гулабатин Шоҳпаланк уни чақириб, “мана бу қизчани олиб бор, қорнини тўйғаз, ойимга айт, кийишга бирор нарса берсин, кейин чиқариб юбор” деб айтади деб гумон қилди. Шундай ўйлар билан тез юриб унинг олдига келди. Шоҳпаланк унга қараб турган тиланчи қизни кўрсатиб:
— Гулабатин, сенинг эгизак тенгинг йўғ-а, қарагин, сенга бирам ўхшайдики! — дея бор овози билан кула бошлади. Бу қаҳқаҳа чақир тикандай қизнинг қалбига санчилди. Санчилди-ю, унинг кўзларидан қандайдир пардани олиб ташлади. Ваҳима босиб, ғурури таҳқирланган Гулабатин ҳўнграб юборди ва орқасига ўгирилиб, йиғлаганича ўзини хилват даҳлизга урди…

ГУЛАБАТИН, ҲОЙ ГУЛАБАТИН!

Табризда ажойиб тонг отган эди. Кўк юзида уфқдан-уфққача бир парча қора доғ, бир парча ҳам булут кўринмасди. Гулабатин кўзини очганда даҳлиздаги ёруғликнинг мўллигидан ҳаво бугун беҳад гўзаллигини ҳис этди. Чаққонгина кийиниб ҳовлига чиқди. Оқ-қизил гуллаган чиннигулларнинг ёнидан ўтиб ҳовуз бўйига борди. Ҳаво шу қадар сокин эдики, дарахтлардаги бирор барг ҳам қимир этмасди. Ҳатто ҳамиша майин шитирлаши эшитиладиган тераклар ҳам жимжит эди. Ҳовузнинг суви тип-тиниқ эди. Сувнинг зангори ранги Гулабатиннинг қалбига ажойиб бир севинч бахш этди. Ҳовуздаги сувга бу қадар зангориликни берган осмоннинг мусаффолиги эканлигини Гулабатин биларди, албатта. Ахир, ҳаво булутли бўлганда ҳовуз ҳам тунд, лойқа кўринарди-да. Қиз бошини кўтариб, осмонга қаради. Беғубор осмонга завқ билан тикилди. Нақадар ажойиб!
Гулабатин осмонни томоша қилишни яхши кўрарди. Болалигида сокин кечаларда ҳовлида ухлаганларида унинг фикри-хаёлини осмонга тортган онаси бўлганди.
— Қара, кўк юзидек юлдузлар қандай сочилиб ётибди! — дея онаси ўзи билган эртаклардан айтиб берарди. “Яна айтиб беринг” деган Гулабатинга фикрини чалғитиш, ухлатиб қўйиш учун осмонни кўрсатарди. Кейин юлдузлар ҳақида минг йиллар бурун ота-боболаримиз яратган афсоналарни айтиб берарди. Гўё осмонда ҳар бир одамнинг юлдузи бор эмиш, кўкда юлдуз учса, ер юзида бир одам ўлар эмиш, онадан яна бир гўдак туғилганда эса, кўк юзида яна бир юлдуз пайдо бўлар эмиш. Шундай қилиб юлдузлар ҳам одамлар сингари биттаси ўлса, иккинчиси туғилар экан.
— Юлдузлар нимадан экан, ойижон, — деб сўрарди уйқуси келмаган Гулабатин.
— Нурдан, ёруғдан, қара, қандай порлаб туришибди, — дея жавоб берарди онаси.
— Нега унда биттасининг ёруғи оз, бошқасиники эса кўп?
— Бу одамига боғлиқ. Ким бахтли бўлса, юлдузи ёруғ бўлади, кимнинг бахти бўлмаса — юлдузи ҳам шамчироққа ўхшаган хира бўлади.
— Нега энди ҳамманинг бахти бир хил эмас, ойи?
— Мен қайдан билай, болам, бу худонинг иши.
— Худо нега ҳамманинг юлдузини ёруғ қилиб яратмайди, ойи? Нега ҳаммани бирдек кўрмайди? — дея сўрайвергач, онасининг жаҳли чиқарди:
— Тангри сирларини ҳали ҳеч ким тушуниб етмаган, болам, бўлди, ухла энди!
… Гулабатин ҳовуз бўйида туриб Табризнинг мусаффо осмонини кузатаркан, кўксида янада мураккаб туйғулар уйғонарди. У ҳозирги дунёда ўта содда ва табиий инсоний саодат орзулари, оила муҳаббати, ушбу оилада кўрганлари ва эшитганлари ҳақида кўп ўйларди. Эркатой кичик хоним тақдири билан ўз тақдирини, ярамас, ақлсиз ва дунёга ёвузлик учун келган Шоҳпаланк билан одамларга саодат бериш орзусида яшаётган Суюндикнинг тақдирини қиёсларди. Бу дунёнинг ишлари юлдузлардан ҳам чалкаш ва туманли сирларга тўла эди. Албатта, бу туманларни тарқатиш Гулабатиннинг иши эмасди. Лекин бу борада ҳам у ўйга толарди: адолатсизликларни кўриб юраги жунбушга келарди…
Бугун кўкда чарх ураётган кабутарлар ҳовуз тепасига келишмасди. Куз эртаси қуёшнинг нафаси шу қадар илиқ эдики, жониворлар жуда баланд учардилар. Улар Гулабатиннинг кўзига қора нуқталардай бўлиб кўринардилар. Ҳув, баланд осмонда темирқанот бургут кўринди. Гулабатин бу қушнинг тайёра эканини, унинг юзлаб одамни бемалол кўтариб, дунёнинг у бошидан бу бошига элта олишини биларди. “Оҳ, қанийди, Суюндик келсайди, мени тайёрага миндириб узоқ ўлкаларга олиб борсайди!” — деб ўйлади қиз. Худди шу пайт хоналардан бирининг эшиги очилди ва эркак кишининг овози уни чақирди:
— Гулабатин, ҳой Гулабатин! Бу ёққа кел, тез!
Гулабатин Шоҳпаланкнинг овозини дарҳол таниса ҳам қулоқларига ишонолмасди: “Тавба, нега мунча эрта турибди?” — деб ўйлади. Шоҳпаланк эса Табриз устидан ҳали узоқлашмаган тайёрани кўриб, Гулабатиннинг нега осмонга тикилиб турганини тушунди ва кесатди:
— Осмонда учганинг етар, туш энди ерга, бу ёққа кел! — деди-да, “хи-хи”лаб кулди. Шунда Гулабатин унинг отасига ўхшаб кулишини илғади ва “худога шукр-е, бунда ҳам ота-онасига ўхшаш бир нарса бор экан”, деб қўйди. Лекин ўша заҳоти ўз-ўзига эътироз билдирди: “Йўқ, онасига ўхшаш ҳеч нарса йўқ унда. Аммо баққол отасидан анча-мунча нарса ўтганга ўхшайди”.
Гулабатин шуларни ўйларкан, ҳовуз ёнидан уйнинг эшигигача келди. Шоҳпаланк номини эшитганда ғайриихтиёрий сергакланган қиз қалби тўла нафрат ила йигитга қарадию кўзларини четга олди. (Онаси унга тайинлаганди: аждарҳонинг кўзида афсун бўлади, бир қараганни ҳам афсунлаб комига тортади. Баъзи одамлар ҳам шундай. Яхшиси, кўзингни уларнинг кўзидан олиб қоч!)
— Ол, мана бу шимни, дазмолла. Тез! — дея Шоҳпаланк қимматбаҳо шол газмолдан тикилган тим қора шимини унинг устига отди.
Гулабатин ҳеч нарса демай, шимни олди-да, Шоҳпаланкдан узоқлашди. Бориб электр дазмолни қизишга қўйди. Дазмол қизигунга қадар югуриб самоварни сувга тўлдирди ва ўт қалади. Тезда супургини олиб йўлакни супуришга тушди. Ҳожи тургунга қадар ҳеч бўлмаса йўлаклар супурилмапти дейиш учун баҳона топиб таъбларини тирриқ қилишини билгани учун чаққон ҳаракат қилиб, уйининг эшигидан ҳожатхонагача ва кўчага чиқувчи йўлакларни тозалаб қўйди. Фикри-зикри эса дазмол ва Шоҳпаланкда эди. Сал кечикса, унинг қичқиришидан, қўпол сўз айтишидан қўрқиб, у тезроқ уйдан чиқиб кетсайди, деб худога илтижо қиларди. Чиндан ҳам Шоҳпаланк уйда бўлган пайтида ҳамма нотинч бўларди, унинг тезроқ даф бўлишини исташарди. У уйда экан, ҳамма бирор воқеа бўлишини кутарди. Ё хоналардан бирида кийим-кечак, идиш-товоқ остин-устин қилиниши, кимнинг бирор нарсаси йўқолиши ёки дераза ойналаридан бири синиши, ёхуд боғнинг ўртасида гулхан ёқилиши тайин эди. Буларнинг ҳеч қайси бири бўлмаган тақдирда ҳам икки-уч марта кийган ўз кўйлагининг енгларини қайчилаб ташларди, нега деганда енги узун эмиш ёки шимининг почасидан бир қаричини кесиб ташларди: чунки калтаси яхши эмиш. Кейин эса уларни ҳай-ҳайлаб ўтирган онасининг устига отиб:
— Пул беринг, янгисини оламан! — дерди.
— Ҳой, Гулабатин, нега ҳовлида лақиллаб юрибсан. Шошиб турибман, ахир! — дея лабига сигарет қистирган Шоҳпаланк унинг ўйини тўзғитди.
— Дазмол қизисин, босиб бераман, — деди бошини кўтармай Гулабатин.
— Ўн соатдан бери дазмол қизимадими? Минг марта айтгандим, дазмол ҳамиша иссиқ бўлсин деб. Айтганни қилсанглар ўлиб қоласанларми? — дея Шоҳпаланк заҳрини сочди. Қачон жаврашдан тўхташи номаълум. Телефон жирингламаса, ҳали-бери тўхтайдиган эмасди. Гулабатин унинг қанчалик шошиб телефонга ташланганини, гўшакни кўтариб, оҳиста, биров эшитмасмикин дегандай қўрқа-писа гапираётганини кўргач, “ўлганинг яхши-я” деди-ю, хаёлидан: “билмадим худо сенга ўхшаганларни нега яратади?” деган фикр кечди.” Тупроқнинг устини ифлослашдан бошқа нима фойдаларинг бор? Тағин гердайишини қаранг бунинг! Нима қилай, фалакнинг кўзи кўрми дейман, агар Суюндик шу ерда бўлсайди, боплаб таъзирингни берарди. Кўрардинг бақириш қанақа бўлишини?!”
Гулабатин йўлакларни супуриб тозалагач, уйга кирди. Дазмол қизиганди. Юрагида нафрат қайнаб турса-да, ноилож шимни тўғрилаб столнинг устига ёйиб, дазмоллай бошлади. Куз қуёши ҳаммаёқни ёритиб юборганига қарамай, хонимнинг шу пайтгача турмагани Гулабатинга қизиқ туюлди. Одатда у жуда барвақт турарди. Одам болалигида ўрганган одатини кеч тарк этаркан. Баъзи шундай нарсалар борки, ўлгунга қадар унута олмайсан ҳам, тарк этолмайсан ҳам. Саҳар пайти туриш, ишга уннаш, бекор турмаслик, афтидан, хонимга отасидан ўтган ирсий кўникма ва ёдгор эди, уни бу уйда ҳам давом эттирарди. Нега энди бугун ухлаб қолдилар?!
Гулабатиннинг безовталигини сезгандай хоним ётоқхонадан чақирди:
— Гулабатин, бери кел.
Худди шу пайт тўрт томондан овозлар эшитилди:
— Гулабатин, ҳой Гулабатин! — дея бараварига Шоҳпаланк, катта хоним ва кичик хоним уни чақира бошлашди. Гулабатин бир зумга ўйланиб қолди: олдин қайси бирига югурсин. Албатта, оёғи уни бекасининг хонасига тортарди. Нариги хонимлардан эса, овозлар тинмасди. Сабрсизлик билан қичқиришарди:
— Гулабатин, ҳой Гулабатин!
— Ҳозир, ҳозир бораяпман! — деганича нариги хоналарга жавоб қайтариб, беканинг хонасига кирди.
Бека хонасида чўзилиб ётарди. Юзи сўлғин, кўзлари остида халтачалар шишинқираганди. Кечаси анча қийналган, ухламаганга ўхшарди.
— У ерда нима қилаётувдинг, Гулабатин? — дея сўради бека паст ва заиф овозда.
— Шоҳпаланкнинг шимини дазмоллаяпман, хоним! — деди қиз бекасига қараб.
Ўғлининг исмини эшитиб бека сесканиб кетгандай бўлди. Юзи ғалати тус олди. Ич-ичидан бостириб келаётган оғриқни босиб, ўзини қўлга олишга тиришди, ўз-ўзига гапираётгандай:
— Дунёда ёмон фарзанддан оғир дард йўқ. Аллоҳ ҳеч кимга бундай дард бермасин! — деди ва тирсагини ёстиққа тираб, қўшиб қўйди: — Бошим оғриганидан кўзимни очолмаяпман, катта хонимни ёнимга чақириб юбор.
Худди шу пайт яна тўрт томондан овозлар келди:
— Гулабатин, ҳой Гулабатин!
Биринчи эшикдан қичқирган овоз илова қилди:
— Қаердасан, ҳой итнинг қизи, ўлиб қолдингми?! Оёғингни синдирмасам…
Бека Гулабатиннинг қизариб кетганини кўриб, деди:
— Эътибор берма, болам. Бор, шимини устига от, кийиб, йўқолсин. Кейин катта хонимни чақирарсан.
Гулабатин катта даҳлизга чиқиб, Шоҳпаланкнинг хонасига қараб бораркан, ҳожи бир томондан, кичик хоним иккинчи томондан қичқира бошлашди:
— Гулабатин, ҳой Гулабатин! Кел, қарасанг-чи, бу лаънати қаёққа йўқолди?
— Гулабатин, ҳой Гулабатин, бу ёққа кел, мана бу кўйлакни тугмасини қадаб бер!
Гулабатин бу чақириқларнинг ҳеч қайсинисига эътибор бермай, Шоҳпаланкнинг эшигига яқинлашди. У бўлса тиззадан юқори калта иштонда қизга рўпара бўлди.
— Бирам имиллайсанки, ўлиб қолдингми?! — дея шимини олди, ўша ердаёқ кийинди. Кулганича Гулабатиндан узоқлашди-да, ҳовлига чиқаётиб орқасига ўгирилди:
— Ойимга айтиб қўй, бизлар Шоҳ кўлига кетаяпмиз. Кечаси келмай қолсам, хавотир олмасинлар!
Гулабатин қандайдир бемаъни, қўпол ҳаракати билан кечаси онасининг юрагини яралаган, азоб бериб уйқусини қочирган, ёвузона хатти-ҳаракати билан уни ўлим ҳолатига келтирган Шоҳпаланкнинг бирданига бундай ўзгариб қолиши, эрталаб бунчалик барвақт туришининг сабабини энди тушуна бошлади: демак, яна ўзи сингари бекорчихўжаларга қўшилиб шаҳардан чиқмоқчи, еб-ичмоқчи, худо билади яна қанақа бемаза ишлар билан шуғулланиб, бор-будини сарфлаб, чўнтакларини бутунлай бўшатгач, ҳамманинг ҳаваси келадиган, аслида бахти қора онасининг устига бостириб келади: бер, пул бер!

ТУШ

Хоним бетоб бўлиб қолганидан сўнг, Гулабатиннинг иши бирга ўн баробар ортди: кичик қиз ҳамон аввалгидай ойна олдида ўтириб, пардоз-андозни жойига қўйгач, дугоналарига қўшилиб шаҳар кўчаларини “безаш” билан овора эди. Вақтини ҳар куни бирор қизнинг уйида, киноларда ўтказарди. Шоҳпаланк ҳали Шоҳ кўлидан қайтмаганди. Гулабатин қайтмасин деб кеча-кундуз худога илтижо қиларди. Ҳеч бўлмаса унингсиз уй анча тинч эди-да. Ҳар ҳолда одамни ҳар гўшада бирор ваҳима кутмасди-да! Ҳожи уйга фақат еб-ичгани ва дам олгани келарди. Куннинг қолган қисмини гилам дўконида, оқшомларни эса турли-туман тожирлар билан учрашувларда ўтказарди. Нима олиб, нима сотиш фойдали-ю, нима зарарли экани ҳақидаги суҳбатларга қулоқ соларди. Ўғли сокин Шоҳ кўлида сузгани ҳолда ўзи бозорнинг ҳамиша талотўпда бўлган лойқа ва қалтис кўлида гоҳ у томонга, гоҳ бу томонга қулоч отар, инқирозга учрамаслик, сармоясини сал бўлса-да, орттириш йўлларини қидирарди. Катта қиз кундузлари ўқишда бўлар, кечалари бир тўда дафтар-китобни олдига қўйиб дарс тайёрларди. Онасининг бетоблиги учун у Гулабатинни чақириб, тайинлади:
— Ўргилай, Гулабатин, ойим жуда бетоб. Шундай қилки, уйдан безовта бўлмасин. Бир неча кун дам олиб, ўзига келсин. Менинг ишим бошимдан ошиб ётибди, ўзинг кўриб турибсан…
Шу тариқа уйнинг барча ишлари Гулабатиннинг бўйнига қолганди: бека бетоб бўлса ҳам қизга бозордан олинадиган нарсалар, уйда қилинадиган ишлар ҳақида кўрсатмалар берарди. Гулабатин ҳам унинг гапларига диққат билан қулоқ солар, ёзиб олар, ёзилиши керак бўлмаганини эсида сақлаб, амалга оширарди. Хонимнинг ҳар куни ёки кунора Гулабатинга бозор ҳисоб-китобини ёздириши қизчада қоғоз-қаламга бўлган ҳавасини шунчалик орттирган эдики, кечқурунлари тинч даҳлизга киргач, “Она тили” китобини ёстиғининг остидан чиқариб, ўзи тайёрлаган дафтарни очиб, қалам оларди-да, китобда ёзилганлардан ёқтирганини ҳам, ёқтирмаганини ҳам дафтарга кўчирарди. Ёзиш Гулабатинга шу қадар завқ берардики, шу онларда уни четдан кузатган одам қизнинг юз-кўзида саодат нурини кўрарди. Бир куни унинг Суюндикка хат ёзгиси келиб қолди. Албатта, бу хатни Суюндикка етказиб бўлмаслигини Гулабатин биларди. Сиёсийларга ёзилган хатлар етиб бормаслигини аввал эшитганди. Бундан ташқари, етиб борган тақдирда ҳам, хатни юбора олмасди. Чунки Суюндикнинг қаерда, қайси зиндондалигини на онаси биларди, на отаси. Биров уни Теҳронда деса, бошқаси йўқ, Теҳрондан ҳам нариёққа, жуда иссиқ жойга жўнатишган, дерди. “Шўрлик акам! Сиз одамларга нима ёмонлик қилдингизки, сизни онамиздек севганингиз Табриздан айириб, на қўл, на товуш етадиган жойларга элтиб ташлашди!..”
Шунга қарамай, Гулабатиннинг Суюндикка хат ёзгиси келаверарди. Ўзиям битта эмас, иккита эмас, жуда кўп ёзгиси, ҳар куни ёзгиси келарди. Бу хатларни юбормаса ҳам йиғиб, асрамоқчи, бир куни Суюндик келганида бермоқчи эди — ҳаммасини бирдан ўқисин. Ахир, қачон бўлса ҳам бир куни келади-ку! (Эҳ бечора, мунис Гулабатин, мунча содда бўлмасанг, дунёдан бехабар бўлмасанг! Одамларни сўнгги нафасигача, умр бўйи озодликдан, қуёш нуридан, мусаффо, булутсиз осмонга қараш саодатидан маҳрум қилувчи қонунлардан сенинг хабаринг йўқ-да!) Акасининг бир куни озод бўлиб келишига Гулабатин шубҳа қилмасди. Қиз бировлар эшигида ишлаш азобига чидарди, Шоҳпаланк сингари ваҳшийнинг таҳқирларига бардош берарди, чунки у келажакдан умидвор эди. Ҳозирги ҳаёти ёмон бир туш, қоронғу тун ва бу тун бир кун тугайди, ёмон туш битади, тонг отади, офтоб чиқади, деб ишонарди. Суюндик келади ва ўзи билан яхши, гўзал ҳаётни олиб келади. Шунда у хатларни ўқийди, синглиси не кунларни кўрганини, нималарни ўйлаганини, қалбида қандай туйғулар жўш урганини билиб олади…
Ана шундай ғамгин ва ширин, ёруғ ва ҳасратли туйғуларини ёзмоқчи бўлди. Лекин қанчалик уринмасин, ҳеч нарса ёза олмади. Қоғоз ва қаламни бир чеккага қўйганда акасига айтадиган фикрлари миясида уймалашиб қолганди, бири мендан бошла деса, иккинчиси мендан, дерди. Ақлига шу қадар кўп гап келардики, бир дафтарга сиғмасди. Аммо қаламни қўлига олиб, қоғозга теккизиши билан икки-уч калимадан зиёд сўз тополмасди. “Азиз Суюндик акажоним. Биз соғ-саломатмиз. Ташвишимиз фақат сиздан…”
Шундан кейин ҳеч нарса ёза олмасди. Дафтарнинг оқ варақлари кундан кунга камайиб, ёзилган саҳифалар кўпайиб боргани ҳолда, Суюндикка битилган хат сира тугамасди, оқ қоғоз гўё Гулабатинга таъна билан қараб: акасини севган бунақа қилмайди. Нега ёзиб тамомламаяпсан? — дегандай бўларди.
Шундай бир аҳволда ҳам Гулабатинни уйқу босди. Бу жуда оғир, жуда ширин уйқу эди. Аввалига кўзлари юмила бошлади. Кимдир унга гўё бир пиёла шарбат бергандай бўлди. Бу ширин ва мазали шарбат аста-секин унинг аъзойи баданига сингиб, бутун томирларига ёйилганча, унга ғайриоддий енгиллик бериб, роҳат бахш этди. Бироздан кейин эса у бутунлай енгиллашиб, уча бошлади. Даҳлизнинг деразасидан учиб чиқди-да, кабутарларга қўшилиб мовий бўшлиқларда қанот қоқа бошлади. Худди кабутарлардай! У гоҳ уфқларга қараб учар, гоҳ юқорироққа, юлдузларга кўтарилар, гоҳ эса пастга қараб шўнғирди. Чети-чегараси кўринмас мовий кенгликлар қучоқ очиб, уни ўзига чорлар, олис-олисларда порлаб турган юлдузлар ўзларига имларди. Энг ажойиб томони шунда эдики, кеча билан кундуз орасида фарқ йўқ эди. Юлдузлар қоронғи кечалардаги сингари порлаб тургани ҳолда, мовий фазолар тип-тиниқ эди, уфқда порлаётган қуёшнинг нурларига ғарқ бўлган эдилар.
Гулабатин бирданига темир қанотли тайёра унга қараб учиб келаётганини ҳис қилди. У билан тўқнашмаслик учун қиз юқори кўтарилишга ҳаракат қилди. Лекин тайёра ҳам бўш келмади, янада жадал суръат билан юқори кўтарилди-да, унга ташланди. Шундай куч билан ташландики, Гулабатин ўзини йўқотиб қўйди. Гўё тайёра уни янчиб ташламоқчидай эди. Гулабатин товуши борича қичқириб, темир қанотли қушнинг олдидан қочишга, ҳовуз бўйига қўнган кабутарлар ёнига тушишга уринди. Лекин эплай олмади. Темир қанотли қуш тезлик билан пастга шўнғиб, йўлини тўсди. Гулабатин Шоҳпаланкнинг истеҳзоли, аччиқ, заҳарханда овозини эшитди:
— Ахир қўлимга тушдинг-ку! Энди учиш нималигини сенга кўрсатиб қўяман. Сенинг ишинг — ҳовли супуриш, шим дазмоллаш, идиш-товоқ ювиш. Учишни ким қўйибди сенга?!
Шоҳпаланк темир кийим кийган эмиш, панжалари темирдан эмиш. У узун, кучли қўлини тайёранинг ойнасидан чўзиб, Гулабатинни ҳаводаёқ ғижимлаб ичкари тортибди. Қизнинг юраги сийнасидан чиқиб кетишига сал қолибди. У бор кучини тўплаб қичқирди:
— Қўлингни теккизма менга. Эгаси, ҳимоячиси йўқ деб ўйлама. Суюндик олади менинг ўчимни сендан!
Худди шу пайт Суюндик келди. Гулабатин севинчдан қичқириб юборди. Уни қучоқлаб олди.
— Гулабатин, ҳой Гулабатин! Ёстиғингни тўғрила, қанақа туш кўраяпсан ўзи?! Гоҳ қичқирасан, гоҳ куласан! — деган овоз келди. Бу бекасининг овози эди. Хоним ётоғидан даҳлизга чиқадиган эшикни тақиллатиб қизни уйғотиб юборди. Гулабатин кўзларини юмиб-очди. Тўрт томонига қаради. Ҳаммаёқ жимжит эди. Кеча ярмидан ошганди. Афсуски, хоним уни кўраётган тушининг энг ширин, энг яхши жойида уйғотди. Суюндик уни сутдек оппоқ машинага миндириб, Табризни айлантираётган пайтда уйғотди-я…
Гулабатиннинг уйқуси қочиб кетди. Ўтирган жойида тушида кўрганларини эслай бошлади. Гўё ҳали кўргани кино эди-ю, хотирасида жонлана бошлади. “Мана шу тушимни Суюндикка ёзсам-чи! — ўйлади қиз, — бўлмаса эсимдан чиқиб кетади…” У ярим кечада жойида ўтирганича ёзишга киришди… Энди сўзлар ҳам ўз-ўзидан қуюлиб келарди. Қалам қоғоз узра шундай жадал юриб кетдики, гўё оппоқ машина янги Табризнинг ойнадай силлиқ ва топ-тоза кўчаларида сузиб борарди.
Ҳаяжон билан, юраги уриб турган бир ҳолатда ёзгани учун баъзан шошар, чизиқдан чиқиб кетарди. Лекин тўхтамасдан ёзарди. Бу на хотираларга, на эртакка, на-да кундаликка ўхшарди. Бу бир қиз боланинг ўз акаси билан суҳбатига ўхшарди. Гулабатиннинг қандай учгани, Шоҳпаланкнинг уни қанчалар дўқ-пўписа билан тайёрага тортганини биласиз, бу туйғуда унинг ҳасрат, орзу, ғам ва севинч, қўрқувлари бир-бирига аралашиб кетганди. Ундан кейинги ҳисларида эса бирданига орзуларига эришган боланинг севинчи ҳоким эди: “Шоҳпаланк мени тайёра ичига тортганида қўрққанимдан кўзларимни юмиб олдим, энди тамом бўлдим, деб ўйладим. Худди шу пайт эндигина қанот чиқарган, лекин узоққа учолмайдиган кабутар боласи эсимга тушди. Биласизми, Суюндик, бизникида катта бир мушук бор, худди йўлбарсга ўхшайди. Сап-сариқ бўлганидан бекамиз уни “Сариқвой” деб чақиради. Бир куни кабутарлар ҳовуз бўйига қўнишганди. Энди уча бошлаган ёш кабутар ҳам онасининг ёнида, ўзини офтобда тобларди. Бирданига қаердандир пайдо бўлган “сариқвой” уларнинг устига ташланди. Ҳаммаси париллаб осмонга кўтарилди. Мундоқ қайрилиб қарасам, ёш кабутар “сариқвой”нинг тишлари орасида типирчилаб ётибди… То етиб боргунимча, мушук ўзини дарахтлар орасига урди ва кабутарчани ғажиб ташлади… Мен ҳам кўзимни юмганимча тилка-пора қилинишимни кутардим. Лекин Шоҳпаланк мени тайёрага тортаётганда сизнинг овозингизни эшитдим ва кўзларимни очиб юбордим. Вой, худойим-эй, бу қанақа туш эди ўзи! Сиз каттакон, кучли қўлларингиз билан Шоҳпаланкнинг ёқасидан ушлаб шундай силкидингизки, у пахса девордай уваланиб кетишига сал қолди. Менинг билагимни қўйиб юбориб, сизга ялина бошлади:
— Мени кечиринг, оғойи капитан, гуноҳимдан ўтинг, хато қилибман! — У сизга ёлвориб, “оғойи капитан!” дерди. Ўзи эса олдингизда тиз чўкиб турарди. Шундай ҳам кичкина бўлиб кетгандики, худди лилипутга ўхшаб кўринарди.
Сиз унга:
— Менга оға деяверма, — дедингиз. — Оға сизларсиз, мен эмасман. Энди жойингда тек ўтир, агар бирортасини хафа қилсанг, кунингни кўрсатаман!
Кейин сиз кучли қўлларингиз билан мени қучоқлаб кўтариб олдингиз! Юзимдан, кўзимдан ўпдингиз. Мен сизнинг бўйнингиздан қучоқлаб олдим. Сизни тўйиб-тўйиб ўпдим. Сиздан жуда кўп нарсани сўрамоқчи эдим. Ҳеч иложини қилолмасдим. Қора костюм, оқ кўйлак кийган, елкаларида қизил белгиси бор бир йигит сизга яқинлашиб:
— Қаёққа ҳайдайлик, жаноб капитан? — деб сўради.
Сиз мени бир гўдак мисол қучоғингизда ушлаган ҳолда (мен суюнганимдан ўзимни шу қадар йўқотган эдимки, қучоғингиздан ерга тушишни ҳам унутгандим, худди болалигимдагидай қўлларимни бўйнингизга чирмаштириб сийнангизга қисингандим) ҳалиги йигитга:
— Табризга, албатта Табризга ҳайданглар, — дедингиз.
— Унда буларни нима қиламиз, — дея ҳалиги йигит кимларнидир кўрсатди. Сиз ўгирилиб қараганингизда, уларни мен ҳам кўрдим. Биласизми, ким эди улар? Сизни “сиёсий” деб зиндонга олиб борган, онамнинг тахмонини, сандиқчасини, бизнинг кўҳна кийим-кечакларимизни титкилаб текширган ҳалиги қизил юзли зобит ва иккита қуролли одамлар! Улар сувга тушган жўжадай сизнинг ёнингизда букчайиб туришарди. Сиз уларга қараганда, зобит ёлворарди:
— Раҳм қилинг, жаноб капитан! Бизга зулм қилманг.
Сиз эса аста кулиб:
— Нима, бизни ҳам ўзингиздай ўйлаяпсизми? Биз раҳмсизлик қилмаймиз! — дедингиз, ёш йигитга буюрдингиз: — Буларни ҳам Табризга олиб боринглар. Бизга кўплаб ишлайдиганлар керак. Шаҳарни қайтадан қурамиз. Ишласалар — яхши, ишлашмаса ўзларидан кўришсин…
Тайёра қачон ерга қўнди, биз ундан қачон тушдик, билмайман. Кўрганим шу бўлдики, ҳокимият олдидаги майдончада эканмиз. Майдонча ҳам, Шоҳпур хиёбони ҳам, усти ёпиқ бозорга олиб борувчи кўчалар ҳам одамлар билан гавжум. Табризликлар ҳаммаси кўчага чиқибди, эркагу аёл, йигиту қизлар бир-бирларига аралашиб, ҳайқириқ, қийқириқлардан қулоқ қоматга келади: бир томонда гапириб куйлашмоқда, иккинчи томонда чалиб, ўйнашмоқда. Ҳокимиятнинг эшиги олдида тахталардан минбар тикланибди. Унинг устида бир тўда одам. Бизлар ҳам ўшалар орасидамиз. Мен сизнинг қўлингизни қўйиб юбормасмишман. Сиз оқ кўйлак кийган эмишсиз. (Билмадим, нима учун сизни ҳамиша оқ кўйлакда кўраман? Афтидан, оқ кўйлак сизга жуда ярашса керак-да!) Сочлари оқарган, паст бўйли нуроний бир киши олдинга чиқди, қўлини кўтариб, одамларни тинчланишга ундади. Кейин оҳиста гапира бошлади. “Бу кундан эътиборан, Табризнинг, Ватанимизнинг янги тарихи бошланади. Бундан буёғига бизларни бир-биримиздан айирган деворлар қулатилади. Руҳларимизни, қалбларимизни бирлашишга қўймаган ва адоват, душманлик, нифоқ солган ғовлар қулайди. Очлик ва эҳтиёж тугатилади. Ўзидан ожизларга зулм қилувчилар ва танбаллар қолмайди. Меҳнат шунчалар гўзаллашиб, жозибадор бўладики, ҳеч ким ишламасдан яшай олмайдиган бўлади. Лекин буларнинг ҳаммаси қандай вужудга келади? Биз жаннатдан ҳам гўзал бўладиган янги Табризни қандай бунёд этамиз? Бу ҳақда гапириш учун сўзни азиз дўстимиз Суюндикка бераман…
Эҳ, акажон, халқ сизни қандай олқишлаганини кўрсангиз эди. Ҳамма бир овоздан “Суюндик! Суюндик!” деб олқишлашарди сизни. Биласизми, халойиққа мурожаат қилиб, сиз нима дедингиз. Билмайсизми? Унда мен ёдингизга солай сизнинг. Эсланг-а!
— Азиз биродарлар! Менинг севимли юртдошларим! — дедингиз. — Халқимиз жуда топиб айтган: — Ҳолва, ҳолва деган билан оғиз чучимайди. Оғиз чучиши, маза қилиб ширин ҳолвани ейиш учун уни тайёрлаш керак. Демак, меҳнат қилиш керак. Келинглар, қўлни қўлга берайлик, бутун куч-ғайратимизни ишга солиб Табризни янгидан бунёд этайлик!
Оҳ, Суюндик, менинг ифтихорим! Сиз шу сўзни айтишингиз билан минглаб қўллар бирлашди. Белкураклар, машиналар ҳаракатга келди. Табризнинг эски гувала уйлари, тор қинғир-қийшиқ кўчалари бузилди. Кўркам боғлар, ҳашаматли уйлар, пўрим кўчаларнинг чиройи очилди. Маралан, Арк қалъаси, Кўк масжид йироқлардан кўзга ташланадиган бўлди. Бизлар яшаган уй ҳам бузилди. Ана “Но шаҳр”зиндони ҳам кўзга ташланди. Чунки у бу ерларда энг баланд, энг янги қурилган бино эди-да.
— Буни ҳам бузайликми? — сўрашди сиздан.
Лекин сизнинг ўрнингизга кимдир жавоб берди:
— Бузинглар. Бундан кейин зиндоннинг кераги бўлмайди.
Бу гапни айтган тайёрадаги ҳалиги чиройли йигит эди. У ҳам сизга ўхшаб енгини шимариб олганди. Бир тўда ишчиларга бошчилик қиларди. Сиз “Но шаҳр”ни бузишга рухсат бермадингиз:
— Рост, бундан кейин бизларга зиндон керак бўлмайди… Лекин бинони биз янгидан таъмирлаймиз. Темир панжараларни олиб ташлаймиз. Қоронғи, зах хоналарга деразалар ўрнатамиз. Бу ерда етим болаларни санъатга ўргатамиз. Ахир, Табризда ишламайдиган бирорта ҳам бекорчи одам бўлмайди…”
Хатнинг шу ерида қалам сирғаниб қўлидан тушди. Гулабатинни яна уйқу элитди. У яна тушлар кўра бошлади…

ҲАЁТ

Эртаси куни уйқудан уйғонганида Гулабатин қаерда эканини бирданига билолмай қолди. Бу ерда кўзига дуч келган нарсалар оддий нарсалар эдими? Даҳлизнинг сариқ рангли дераза ойналари ҳар куни кўриб юрган ойналармиди? Ҳали ҳаётнинг оғир юки остида чарчаган, соф бола хотираси кеча кўрган сеҳрли тушини тўлалигича сақлаб қолганди. Шунинг учун ҳам Гулабатин шошиб қолганди. Туш кўрдими ёки ўнгида рўй бердими?
Бирданига уч томондан:
— Гулабатин, ҳой Гулабатин! — деган чақириқлар уни ҳушига келтирди. Бугун анча кеч турганини ҳис этди. Оға ҳам, катта хониму беканинг ўзи ҳам аллақачон туришган экан. У апил-тапил кийиниб ҳовлига чиқди.
Бу кунги ҳаво кечагига сира ҳам ўхшамасди. Табризнинг осмонини бу уфқдан у уфққа қадар булут қоплаганди. Майда ёмғир томчиларди. Ҳаволар совий бошлаганди. Кундан-кунга яланғочлашиб бораётган дарахтлар ҳаволар салқин тортганини ҳис қилаётгандай эдилар. Кабутарлар буни, айниқса, яхши ҳис қилишаётгани кўриниб турарди. Улар ҳовуз бўйига қўнишмасди, ҳавога кўтарилишмасди. Инларининг олдида ҳурпайишиб ўтиришарди.
Кечагига қараганда, ҳаво ўзгарганди, дарахтлар ўзгарганди, қушлар ўзгарганди. Лекин уларнинг ҳаммасидан кўра Гулабатиннинг ўзи ўзгарганди. Энди у дунёга бутунлай бошқача кўз билан қарарди. Гўё бир кечада у шу қадар каттарган, шу қадар тўлишган эдики, энди ҳеч кимнинг унга бола дейишга ҳаққи йўқдек кўринди. Энди у кўплаб катталарнинг кўрмаганини кўрар, билмаганини билар эди. У ҳаёт нақадар оғирлигини, унинг қанчалик яхши бўлиши мумкинлигини биларди. У одамларнинг қанчалар азобда эканликларини ва нақадар бахтли бўлажакларини биларди. Гулабатин Табриз ишсизлар, муҳтож одамлар билан тўла эканини яхши билади. Ҳолбуки, у миллионларни тўйдира олади. У қанчадан-қанча қудратли қўллар ишсизликдан қовжираб қолганини яхши билади. Ҳолбуки, бу қўллар Табризни жаннатга айлантира оладилар. У яхши биладики…
Яна уч томондан чақириқлар эшитилди:
— Гулабатин, ҳой Гулабатин! Бу ёққа қара, қанақадир ҳашорат кўрпамга кириб олибди.
— Гулабатин, ҳой Гулабатин! Мана бу тугмани қадаб юбор, институтга кечикаяпман.
— Гулабатин, ҳой Гулабатин! Бу ёққа қараб юборсанг-чи…
Бундай ҳолларда Гулабатин машина сингари чаққон ишларди. Энг аввал ҳожи ҳузурига югурарди. Чунки кўрпасига нарса кириб қолган кичик хоним кутиб турса ҳам бўлади. Илон ёки чаён бўлса экан, чақиб ўлдирса. Балки парвонадир ёки қўнғиз ёруққа учиб келган-да, ҳеч нарса қилмайди. Катта хоним дарсга шошаётган бўлса, бошқа кўйлагини кийсин, нима кўп, ёқалик оқ кўйлаги. Нима, сариқ, тугмали кўйлагини кийиш шартми? Бунинг устига унинг ёнига кечроқ борса ҳам бўлади, иши қанчалик шошилинч бўлсаям, жаҳли чиқмайди, сал хўмрайиб қўяди, холос. Аммо ҳожи бошқа гап, айниқса, кейинги кунларда! Бир зумга кеч қолсанг, бир китоблик гапни тўкиб солади: “Бу уйда мен кимман?.. Бу уйда мени қадрлашмайди, ҳаммаси ўз билганидан қолмайди, катта-кичикни билишмайди!” Ким билади яна нималар дейди. Хонимнинг кўз ўнгида тилига ёмон гап олмайди, бека бўлмаганда эса…
Гулабатин ўйини охирига етказмай, ҳожининг олдида ҳозиру нозир бўлди. Унинг юзига қараб, гапирмоқчи эканини тушунди. Ҳожи гапирмоқчи бўлса, кўзларини қисиб қаёққадир қарарди, лаблари пирпираб, олдида турган одамни кўрмасди: “Худди кўрга ўхшайди, афтимга қарайдию ўзимни кўрмайди!” — дея Гулабатин аста сўради:
— Оға, нима демоқчисиз, буюринг!
Ҳожини гўё уйқудан уйғотгандай бўлишди, бир сесканиб тушди. Кўзларини уқалаб Гулабатинга қаради:
— Қаёқдан биламан, нима буюришимни? — деди ўзига ўзи. — Шу қадар шошиб қолдимки, ҳушим бошимда эмас. Эсимда ҳеч нарса қолмаяпти. Ўзимни ҳакимга кўрсатмасам бўлмайди, шекилли.
Ҳожи яна кўзларини қисиб узоқларга тикилди, хаёлга берилди. Яна Гулабатинни кўрмасди. Ҳатто уни чақирганини эсидан чиқариб юборди. Ҳожининг ўз-ўзича гапиришидан Гулабатин шундай тушундики, қай вақтдир, ё ярим тунда, ёки каллайи саҳарда Шоҳпаланк уйга келган. Ҳожи билан гаплашган. Нима ҳақда гаплашган экан? Нима ҳақда бўларди — пул ҳақда-да! Ўзиям кўп пул сўраган бўлса керак. Элликдан ошиғига ҳожига мурожаат қилади. Ҳожидан пул сўраш эса жонини суғуриб олишдай гап!
Гулабатин яна сўради:
— Оға, менда ишингиз бўлмаса, юмушимдан қолмай?
Ҳожи дик этиб ўрнидан турди, гўё мудраётган нашаванд тўсатдан товуш эшитгандай, чўчиб тушди.
— Нега ишим бўлмас экан! Мана бу хатни олиб бориб, бодомчи ўғлига бер, кутиб тур, жавобини ёзсин, олиб келасан.
Гулабатин мўъжазгина оқ жилдли хатни олди ва чойдан кейин боришга рухсат сўрамоқчи бўлди. Лекин ҳожининг жаҳли чиқишидан ҳайиқиб, тараддудланганча унга қаради.
— Нега қараб турибсан, бор! — деди. Ҳожи шоширган шу дамда қизнинг миясига янги фикр келди: “Бораман, йўл-йўлакай онамникига ҳам кираман. Уйимиз йўл устида. Чойни ҳам ўша ерда ичаман”.
Бурилиб кетмоқчи бўлганида кўзи яна ҳожига тушди. Ҳожи юмшоқ оромкурсида ёйилиб ўтирарди. Оёқларини кенг айириб, қўлларини кўксида чалкаштириб олганди. Ўнг оёғида қорайиб турган туфлининг пошнасини ерга қўйиб, панжасини кўтарганча ўйнатиб ўтирарди. Кўзини туфлисининг учига қадаб, ўзидан рози бир ҳолатда ўйга толганди. Юзидаги сал олдинги норозилик ва ёмон ифода жоҳил бир такаббур тусини олганди. Шу аҳволда у Гулабатинга шунчалик жирканч кўриниб кетдики, унинг жиғига теккиси, асабийлаштиргиси келди. Унинг туғилганидан эътиборан бирор дақиқа ҳам очлик нималигини билмаган, қорни тўқларга хос ҳайвоний такаббурини тарқатиб юбориш учун Гулабатинда ҳавас уйғонди.
— Кечирасиз, оға, — деди, — хатни кимга беришни билмайман-ку?!
— Нима, кўрмисан, устида ёзилган, — деди ҳожи от сингари пишқириб.
— Хатингизни ўқиёлмайман, оға, — деди Гулабатин.
— Хонимнинг ёзувини ўқийсан, меникини йўқми? Яхшилаб қара, ўқийсан!
Гулабатин ўзини йўқотмади. Атайлаб ҳижжалай бошлади: “Ббб барбо оо бодо… бодо…”
— Жувонмарг, ббб-бобо! — деди ҳожи уни калака қилиб ва қўшиб қўйди: обориб бер, бодомчи ўғлига, билдингми? Бодомчи ўғлига!
— Оға, борди-ю, бодомчи ўғли дўконда бўлмаса нима қиламан?
— Кутиб тур.
Гулабатин яна жиддий сўради:
— Оға, жудаям кеч қолса-чи, унда нима қиламан?
Ҳожи оромкурсида ғимирлаб қўйди, кўзини пойабзалининг учидан олиб, Гулабатинга қадади. Уни биринчи марта кўраётгандек тикилди, қизнинг бошидан оёғигача қараб чиқди.
— Калланг ишлай бошлабди, Гулабатин хоним! — деди ва кўзлари ёшлангунча йўталиб, дастрўмол билан оғзи-бурнини артиб бўлгач, илова қилди: — Кечқурунгача келмаса ҳам кутиб тур.
Гулабатин ўзининг ҳожидан устунлигини ҳис этиб, аввалгидан ҳам соддалик билан сўради:
— Оға, умуман келмаса-чи?
— Йиқилиб ўл! — деди ҳожи аччиқланиб. — Уйларига бор, суриштир, қаердалигини бил, ернинг тагида бўлса ҳам топ, хатни бер, жавобини олиб кел, тушундингми?
— Тушундим, оға! — деди-да, Гулабатин ҳовлига чиқди. Жўнашдан олдин бекасига айтиб қўйишни лозим топди. Хоним самоварнинг олдида экан. Кичкинагина гулдор чойнакни чайиб ташлаб, қошиқча билан ичига чой ташлади-да, самовардан доғ сув тўлдириб, дамлаш билан машғул эди.
Гулабатин унга яқинлашди. Хоним қизнинг қўлидаги хатни кўрди.
— У нима, Гулабатин? — деб сўради.
Гулабатин қаёққа кетаётганини айтди. Хоним ғазабини ютиб, зўрға розилик берганини ҳис этди. Бека бугун ичкари-ташқарини тозалаш ниятида эди. Шунинг учун ҳам жаҳли чиқди. Тоби қочиб ётгани туфайли шолчалар қоқилмаган, эшик ва деразалар чанги артилмаган, ҳаволар совуши туфайли ёзги буюмлар йиғиштирилмаган, қишки ашёлар тахт қилиб қўйилмаганди. Афтидан, ҳожи билан айтишиб ўтиришни истамагани учун чор-ночор рози бўлди.
— Борақол. Иложи борича тезроқ қайт…
Гулабатин ҳовлидан чиқди. Кўнгли ғаш эди. Чунки ҳожидан кўра бекасидан норози эди. У ҳожидан яхшилик кутмасди. Аммо хонимнинг бундай муомаласи унинг қалбига тегди. Каллайи саҳардан оч қорнига бор, дейишяпти, шаҳарнинг нариги чеккасига бориб келишнинг ўзи бўладими? Болам, бир пиёла чой ич, бир бурда нон еб ол, кейин бориб кел, дейиш ҳеч кимнинг эсига келмаса-я! Гулабатин шундай ўйларидан ўзи ҳайратланди. Бундай фикр миясига қаердан келиб қолди?! Ахир, у шу кунга қадар хонимдан ҳеч қачон хафа бўлишни хаёлига ҳам келтирмаганди. Куни кечагача шундай бир хонимнинг борлигига кунда минг марта шукр қилган ўзи эмасмиди? Ахир, бу уйда нимадандир норози бўлгандай Шоҳпаланкнинг ҳовли дарвозасидан ичкари киритиб: “Гулабатин сенинг эгизак тенгинг йўқми?” — деб кўрсатган шўрлик тиланчи қизча кўз ўнгидан кетмас, шунинг учун ҳар нарсага чидашга, тақдирига тан беришга рози эмасмиди? Ахир, Табризда ойига ўн туман маош учун унга ўхшаган юзлаб, минглаб қизлар бундан юз марта бадтар меҳнатга, оғирликка, азият чекишга рози эмасмилар? Бироқ бу фикрлар қанчалик оғир бўлмасин, Гулабатинга унчалик қўрқинчли кўринмасди. Бу фикрларнинг айнан тиланчи руҳидан туғилганини ҳис этарди қиз. Ахир, ўша бечора қизчанинг гуноҳи нимаки, бир бурда нон учун Шоҳпаланкка ўхшаганларнинг эшигини тақиллатишга мажбур? Эртага уни янада ёмон вазиятга солиши мумкин. Натижада одамга ўхшамай қолиши, ўт-алаф ейишга мажбур бўлиши мумкин. Уни бошқаларга кўрсатиб: “Қара, кўриб қўй, қай аҳволда яшаётганлар бор!” дейиш инсофданми? Инсон ақли бундай адолатсизликни, бундай зулмни қабул қиладими?! Одамни оч қолдириб ва унга тасалли бериб: “Сендан ҳам ёмонроқ очлар бор”, — дейиш нақадар аҳмоқона иш!
— Йўқ, афтидан, тўқларнинг кўзига дунё бошқача кўринади. Улар тўқлик ўзлари учун отамерос ҳуқуқ деб ўйлашади, шекилли. Ҳатто билишмайдики, тўқлик мияларини айнитганидан бир қизча ҳис этганини улар ҳис қилмайдилар. Хонимнинг ўзи ўша кичик қизини саҳар мардондан оч ҳолида уйдан чиқариб, бирор ишни бажаришига йўл қўярмиди? Ўша заҳоти тўхтатиб: “Ўтир, нон е, чой ич, кейин борасан!” — дерди. Хўш, мен-чи? Ахир, мен ҳам унга ўхшаган одамман-ку. Менинг ҳам унга ўхшаган қорним бор, егим келади. Овқат емаса, қулдираб, сурнай чалади. Кўз олдим қоронғилашиб кетади.
Гулабатин шуни яхши ҳис қилардики, бу фикрларни наинки ҳожига, хонимга ҳам айтиб бўлмайди. Уларнинг ҳеч қайси бири қизни тушунмайди. Бу фикр уларни ваҳимага солади ва дарҳол Гулабатинни уйларидан ҳайдаб юборишади. Унда нима қилиш керак? Ҳозиргача яшагани сингари ёвуз тақдирига бўйин эгиши, бадбахтликни худонинг яхши бир неъмати сифатида қабул қилиб яшаши керакми? Йўқ! Гулабатин истаса ҳам бундан кейин бу аҳволда яшай олмасди. Биргина йўл бор эди. Ушбу кўркўрона мутеликнинг оғир тошини улоқтириш керак. Шуни яхши билки, бир бурда нон учун шу оғир юкни елкангга ортгансан, лекин ўзингни алдама, малайлик ҳислари юрагингга уя солишига йўл қўйма. Руҳинг мағрур бўлсин. Ҳеч кимнинг олдида бош эгма, тиланчига берилган садақа, малайга кўрсатилган саховат ҳаётинг мазмунига айланмасин. Бундан кейин ҳожи билан бугунгидай муомалада бўлиш керак, ўзингни соддаликка солиб, уни ўйнатиш, қўлга олиш, кулиш лозим…
Ана шундай ўйлар билан Гулабатин Шоҳпур хиёбонидан, Шир-Хуршид театри олдидан ва Арк қалъаси ёнидан ўтиб, йўлида давом этарди. Саҳардан шивалаб ёға бошлаган ёмғир аллақачон тўхтаганди. Булутлар тарқалиб, Табризда мулойим офтоб чиққан эди. Бир тўда бошпанасиз болалар Арк қалъасининг қалин деворлари ёнида ўзларини қуёшга тутиб, яримяланғоч баданларини қиздиришарди. Хиёбондан бирор яхши кийинган одам ўтиб қолса, ҳаммаси ўринларидан туриб ҳалиги одамнинг қошига югуришар, қўл чўзиб: “оға, жон оға, худо йўлига хайри садақа қилинг!” — дея ялинишарди. Бу болаларнинг орасида қизлар ҳам бор эди. Улар баъзан садақа сўраганча ҳалиги одам кетидан эргашар, бирор нарса ундирмагунча орқага қайтмасдилар. Баъзан эса совқотганча орқага қайтиб келардилар-да, девор тагида қуруқ тупроқ устида ўтирганча ўйинни давом эттирардилар. Жуда ғалати! Гулабатин ночор ҳаётларидан бу қадар ваҳимага тушиб, яшашларига шунчалик ачиниш билан қараган бу болалар бир-бирлари билан ўйнаб ўтиришар, ашула айтиб, кулишарди ҳам. Гўё тиланчилик улар учун эрмак эди. Шунинг ўзиям Гулабатинга даҳшатли кўринди. “Бечоралар, бировга қўл чўзиб, садақа сўраш қанчалик хўрлик эканини билмайдилар ҳам!” — дея уларнинг ёнидан тез ўтиб, ғиштин уйли магазинларни ортида қолдириб бодомчи ўғли дўконига етиб келди. Бодомчи ўғли жойида экан. Ҳожининг хатини олди, очиб ўқиди. Нимадир ёзиб бошқа жилдга солди-да, Гулабатинга қайтарди.
Гулабатин уйларига боришга қатъий қарор қилди. Кўпдан бери Ҳамзани, онасини, отасини кўрмаганди. Шу онда уларни жуда ҳам соғинганини ҳис этди. Гаплашиб, юзларига тўйгунча қараб, онасининг майда-чуйда ишларини қилиб қайтади. Бир оз кечикса нима қилибди. Жуда борса, бодомчи ўғли дўконида кутиб ўтирдим, дейди. Энди у ҳожи сингари одамларни алдашни ҳам ўзига эп кўрарди…

НОМАЪЛУМ КИШИ

Гулабатин бир пайтлар болалиги ўтган чанг-тўзонли, қинғир-қийшиқ кўчага етганда юраги гупурлаб ура бошлади. Унга ўшандан бери эллик, юз йил ўтиб, ўша кунлар жуда олис қолиб кетгандай туюлди.
Кўчанинг ҳар икки томони бир қаватли уйлар эди. Ора-сира икки қаватли уйлар ҳам учраб турарди. Уйларнинг кўпи хом ғиштдан ёки сомон аралаштирилган бўз тупроқдан ясалганди. Аксарият уйларнинг орқа томони кўчага қарар ва бирорта ҳам деразаси йўқ эди. Шунинг учун ҳам бу уйлар кўча томондан пахса деворли бўлиб кўринарди. Кичкина, тор ҳовлиларга очилувчи эшиклар ва дарвозаларнинг айримлари очиқ, баъзилари ёпиқ бўлиб, кул ранги билан девордан ажралиб турарди. Бошқа-бошқа уйларнинг деразалари эса бўз деворларга ярашган нақшлардай кўринарди, Гулабатиннинг ҳаяжони ҳали босилмаган, атрофга назар солган сайин чарх ураётган тарқоқ ўйларини бир жойга жамламай туриб ўз уйларига яқинлашганини ҳис этди. “Мунча тез!” — дея тўхтаб орқасига ўгирилди. Ҳайрон қоласан киши! Гўё кўчалар қисилган, қисқарган ва торайиб кичкина бўлиб қолгандай эди. Хотирасида эса, каттакон, энли бир кўча бўлиб яшарди. Гулабатин болалигида бу кўчанинг бошига бир ўзи боришга жасорат қилолмасди. Энди эса кўча олдинги чиройини ҳам йўқотганга ўхшарди. Деворлар кўп жойидан қулаган, уйларнинг оҳаги кўчиб тушганди. Баъзиларининг эса у ер-бу еридаги оқ доғлар бу уйлар қачонлардир оқланганидан далолат берарди. Албатта, бу кўча ва уйлар қаёқдаю ҳожиларнинг тўғри тортилган, ёнма-ён икки машина сиғадиган тош тўшамали, асфальт йўлакли, у томонию бу томонида тераклар қад ростлаган кўчаси қаёқда! У ердаги қизил ғиштдан ёки тошдан тикланган қўш деразали, аксарияти икки қаватли, боғ-роғли уйлар қаерда-ю, бу бўз деразасиз даҳмалар қаерда?! Шунга қарамай, Гулабатин ўзини бу ерда бошқача ҳис этди. Юраги бошқача ура бошлади. Ушбу севинчда яширин бир ғам, ҳасрат ва таассуф бўлса-да, жуда-жуда ёқарди.
Олдинда кўча қайрилиб чапга бурилган жойда Гулабатиннинг кўзига бир тўда болалар кўринди. Ораларида қизлар ҳам, ўғил болалар ҳам бор эди. Баъзилари ялангоёқ, ялангбош эдилар. Кийимлари жулдир эди. Улар нимагадир эргашиб боришарди. Маросим қатнашчилари бурилиб кетганидан Гулабатин уларнинг охиргиларинигина кўриб қолди. Бирорта маҳбусни олиб кетишаётганмикин ёки маййитни. Албатта, бу тўй маросими эмасди. Чунки на чолғу овози келарди, на ўйин-кулгининг. Бунинг устига тўй, одатда, тушдан кейин, кечгача бўларди.
Гулабатин кичик тахта эшикка яқинлашиб тўхтади. Ярим очиқ эшикдан овоз эшитилмасди. Болалар шовқини ҳам келмасди. Демак, барча қўшни болалар маросим орқасидан эргашиб кетишибди. Эшик қия очилиб турарди. Гулабатин эшик тахталаридан бирининг кўчиб, ярмидан юқори қисми синганига эътибор қилди. “Суюндик бўлганида аллақачон тузатарди!” деб ўйлаганича ичкари кирди. Кичкинагина тўртбурчак ҳовлининг чап томонидаги уйнинг эшиги берк эди. Кичикроқ қулф осиғлиқ. Бир хонали бу уйда ўғил невараси билан Гулсум деган бир кампир яшарди. Набираси ҳайдовчи бўлиб ишларди ва умрининг кўпини Табриз билан бошқа шаҳарлар орасида юк ёки одам ташиб ўтказарди. Гулсум хола балки бозорга кетгандир. Бошқа бир икки хонали уйда етти бош оиласи билан Фарҳод амаки яшарди. У кўн корхонасида ишларди. Хотини эса болаларини Гулабатин билан тенг ёшгина қизи ихтиёрига қолдириб, бутун кунини гилам фабрикасида ўтказарди. Қўли гул эди унинг, қўшиқларни ҳам жуда қотириб айтарди. Гулабатинлар улар билан ён қўшни эдилар. Гулабатин ўз уйининг эшигини очиқ кўриб суюнди. Демак, ё отам, ё онам уйда. Икковидан бирини ёки иккаласини ҳам кўраман! Аввалига ишонмасдан ичкари кирмоқчи бўлди. Лекин қандайдир туйғу бунга йўл қўймади. Гап шундаки, хоним уни эшикни тақиллатмай ичкари кирмасликка ўргатганди. Гулабатин шунга одатланганди. Иккинчидан, тўсатдан кириб борсам, онамлар қўрқиб кетишади, худо асрасин, бирор бахтсизлик юз бердими, деб ўйлашади.
— Ойи! — дея чақирди астагина.
Онаси Норинж уни дарров таниди ва ташқарига қаради:
— Жон қизим! Айланиб кетай сендан! — дея шимарилган ҳўл қўлларини бир эски латтага артиб, ўзини Гулабатиннинг устига ташлади, қучоқлаб, бағрига босди, юз-кўзидан ўпди. Шу зумда Гулабатин она қучоғининг ҳароратига муҳтож ёш гўдакдай сезди ўзини. Эҳ, ана шу ҳароратни у қанчалар соғинган эди! Буғ ва совун иси анқиб турган онасининг бўйнига чирмашди. “Ойим кир юваётганга ўхшайди, ўзим ювиб бериб, кейин кетаман” деб ўйлади қиз. Она эса уни ҳамон бағрига босганча дерди:
— Қадамингдан ўргилай, қизим. Гули, жон болам, келганинг жуда яхши бўлди-да! Кеча бирам аралаш-қуралаш тушлар кўрдим-ей! — Бирдан қизининг елкаларидан ушлаб ўзидан узоқлаштирди ва ҳорғин кўзлари билан унинг юзига қаради: — Бирор нарса бўлмадими, ишқилиб?!
Гулабатин уни тинчлантиришга уринди:
— Ҳеч нарса, ойижон! Йўлим шу томонларга тушган эди. Бир кўриб кетай, дедим.
— Жуда яхши кепсан-да, менинг Гул қизим. Ўт, ичкарига ўт, отангнинг ҳам кўзига кўрин, бир оз мазаси қочган…
Гулабатин ичкари кираман деган пайт остонада отаси билан учрашиб қолди. “Салом, ота” деб унинг бағрига ташланди. Намоз киши тахтадек жонсиз, қуруқ қўллари билан қизининг бошини силаб, пешонасидан ўпди. Диққат билан юзига қаради.
— Мошоллоҳ, катта қиз бўлиб қолибсан! — деди. — Худога шукр, кўринишинг жуда яхши. Кўриб кўзим қувонди. Аллоҳ сенга бахт ато қилсин.
Гулабатин отасининг овозини таний олмади. Унинг товуши жуда заифлашганди. Дунё билан ҳисоб-китобини қилган, сўнгги сафарга отланган одам овозини эслатарди. Ана шу оғир ҳиссиётнинг таъсирида Гулабатин отасига тикилиб қаради. Отаси гўёки фақат суякдан йўнилган ҳайкалдек эди. Гулабатин кўзларини олиб қочди, лекин ҳайкал йўқолмади. У қизнинг кўзларида қотиб қолган эди.
— Нима бўлди, ота, — сўради Гулабатин.
— Ҳеч нарса, қизим! Мен жуда яхшиман. Ойингнинг гапига қулоқ солма. Эллик йилдирки, кўзига касал кўринаман. Сизлар яхши бўлсанглар бас, менинг куним ўтаверади. Ўзинг яхшимисан, ишқилиб?
— Жуда яхшиман, ота. Мендан ҳеч ташвишланманг.
— Бўлди. Тик туриб қолдингиз. Ўтиб, жойингизга чўзилинг, — дея онаси Намоз кишининг қўлига туртди. — Қўйинг, мен ҳам ишимни тугатай.
Гулабатиннинг кўзи эндигина онасининг олдидаги тахта курсини, устидаги совунланган кийим-кечак тўла тоғорани, ёнидаги суви буғланиб турган катта қозонни, ерда ювилмаган кийимлар уюмига тушди.
— Ойи, мен ювай, сиз отамга қаранг!
— Йўқ, ўргилай, сен кел, ўтир. Ўзим юваман, — деб Норинж хола Гулабатинга бурчакдаги эски гиламнинг бир четидан – отасининг тўшаги ёнидан жой кўрсатди. — Ўтир, дардингни олай.
Гулабатин ўтирмади. Мўъжазгина уйга кўз югуртирди. Онасига қандай ёрдам бериш ҳақида бош қотирарди. Буни сезган онаси:
— Бекор ўтира олмаяпсан, а, ўргилай сендан? Унда ол, анави отангнинг ички кўйлагининг енгини ямаб қўй…
Гулабатин ёстиқнинг тагидан оқ бўз кўйлакни, сариқ тахта қутидан игна, ип ва ангишвона олди. Отаси тўшагининг оёғи томонида чордона қуриб ўтирди-да, кўйлакни тикишга киришди. Шунда қорни очганини ҳис этди. Лекин очлигини билдирмади. Агар уйларида бирор егулик бўлсайди, онаси уни ўзи нонуштага таклиф қилган бўларди.
— Ҳамза қандай, ойи, ишлари яхшими?
— Худога шукр, қизим, яхши, — деди онаси, Гулабатин эса кўзини унга қадаб, берилмаган саволга жавоб кутарди. Она қизининг кўзларидан саволни уқирди. Бошини сарак-сарак қилиб, ҳеч қандай хабар йўқ, дерди. Улар отанинг ёнида Суюндик ҳақида фақат шундай — тилсиз, сўзсиз гаплашишарди. Чунки унинг номини эшитса отанинг яраси янгиланарди — қўл-оёғи қалтирар, ранги оқариб кетарди. “Девдай ўғилнинг ишлайдиган пайти, ота-онасининг оғир ишини енгил қиладиган пайти, қамоқда ётса… Уни ўша ердан бўшатишганда зўрға ўзига қарайдиган бўлади. Ўзини эпласа ҳам майли эди. Юз марта айтдим, қайт бу йўлингдан деб. Ҳеч ким барака топмаган бу ишдан. Гапимга кирмади” деб ўз-ўзидан ўксинар, тутоқиб кетарди… Гулабатиннинг саволига онанинг жавобини қониқарли ҳисобламаган ота деди:
— Жуда яхши, қизим. Ҳали бундан ҳам яхши бўлиб кетади. Кўнглимдагидек йигит бўлаяпти. Ўз ишини яхши кўради. Қўлидан ҳамма нарса келади.
Ҳамза ҳақида гапирган сари Намоз кишининг кўзлари ёришарди. Гулабатин бунинг сабабини яхши биларди. Суюндик қамалиб кетганидан кейин Ҳамза бир муддат қайнаб жўшди, кимларнингдир орқасидан гапириб юрди, дўқ-пўписа қилди, сўкинди. Гўё қандайдир юзбошли аждарҳо ҳақида гапирар, барча бадбахтликларнинг сабабчиси ўша ёвуздай аламзада бўлиб юрди. Лекин бу жаҳл ва ғазаб бир безгак мисоли ўтиб кетди. Безгак хуруж қилганда алаҳсираган одам касали қайтгач, қанчалик ҳорғин, мажолсиз бўлса, Ҳамза ҳам шундай бўлди, анча вақт жимиб қолди, гапирмай қўйди, одамовига айланди-қолди. Ҳамза ишлаётган гилам фабрикасида эса ундан ниҳоятда рози бўлиб мақтай бошлашди: “Бунақанги саъй-ҳаракатли, фаросатли одам топилмайди, фақат иши ҳақида, касби ҳақида бош қотиради. Кўп ўтмай Табризда энг яхши гилам тўқийдиган бўлади” дейишарди. Ҳамза эса бунга парво ҳам қилмасди. Унинг фикри-зикри ишда эди. Отаси бундан жуда хурсанд эди. Энг муҳими Суюндикнинг аҳволига тушадиган бирор иш қилмаслигидан кўнгли тўқ эди, ҳатто корхонада унга яқинда маошингни оширамиз деб ваъда беришибди. Яна нима керак, қўлингда ҳунаринг бор, яхши маош оласан, ишла, қандингни ур, яша. Ким ҳам нима дерди… Намоз киши учун идеал — аъло ҳаёт мана шу эди!
Албатта, Гулабатин кичик акасининг корхонада яхши ном чиқарганидан жуда хурсанд эди. Ҳунари туфайли олқиш олаяпти, ҳеч бўлмаганда кекса отасига севинч ва тасалли бераяпти. Гулабатиннинг юрагида унга нисбатан илиқ бир муҳаббат уйғонганди, уни жон-дилидан яхши кўрарди. Аммо Суюндик Гулабатиннинг назарида бутунлай бощқача эди. У хаёлий бир қаҳрамон эди. Шундай қаҳрамон эдики, унинг ўйлари, ниятлари нафис парда билан тўсиб қўйилганди. Гулабатиннинг назарида ана шу тўсиқ орти мўъжизакор сирлар билан тўла эди.
Гулабатин кўйлак енгини тикиб, жойига қўйди-да, онасига кўмаклаша бошлади: ювилган кўйлакларни сувга чайиб ҳовлининг ўртасидан тортилган ипга иларди. Кирини ювиб бўлган онанинг қалбига ғалати бир ҳавас келди. Гулабатинга меҳри жўшиб, уни самовар чойига таклиф қилишни ўйлади:
— Ҳой, отаси, — деди. — Самовар қўймоқчиман. Гулабатин қизимга самовар чой ичиргим келаяпти. Сиз ҳам эрталабдан бери чой ичганингиз йўқ. Бир чойхўрлик қилайлик…
— Жуда савоб иш қиласан-да! — деди Намоз киши зўрға эшитилар овоз билан ётган жойидан. — Кўмиринг борми?
— Топаман! — дея Норинж кичкина самоварни тахмон ёнидан олиб, чангини артганда Гулабатин ота уйидаги муҳаббатдан юраги ҳаприқиб онасига қаради. Қаради-ю, юрагига игна санчилгандай бўлди: вой худойим-ей! Онаси шунчалар ҳам қариб кетибдики. Сочлари оқарган, бели сал букчайган, суяги чиқиб турган қўлларининг териси тарам-тарам эди…
— Ойи, сиз бироз дам олинг, самоварга ўзим ўт қалайман! — дея ишга киришди Гулабатин.
Кичкинагина гулдор чойнакка чой ташлаб, қайнатилган сувга тўлдирди-да, дам есин деб самоварнинг устига эндигина қўйган ҳам эдики, эшикдан аёл кишининг овози келди:
— Норин, ҳой Норин! Уйдамисан?
Аёл овозидан кўра даъвогар эркак овозини эслатувчи бу товуш Гулабатинга жуда таъсир қилди. Қайрилиб қаради-ю, кўзларига ишонмади. Унинг рўпарасида Салми хоним турарди.
Гулабатин ҳали ўз уйларида яшаётган пайтида Салми хонимнинг эпчил бир даллолга турмушга чиққанини эшитганди. Бироз вақт ўтгач, даллол ўз мулкига эга бўлди. Аввалига бир, кейин икки, сўнгра уч ва ниҳоят ўнлаб минг туман пул топишганини айтиб юришарди. Бундан бир йил олдин у Гулабатинлар яшаётган уйни эгасидан сотиб олиб, ўз қўлига киритганди. Энди Салми хоним оддий даллоллар сафидан бой-бадавлат даллоллар сафига ўтаётган бир одамнинг хотини эди. Гулабатин кейинги тўрт йил ичида бир марта ҳам кўрмаган эди. Олдинлари у келишган бир аёл эди. Энди бўлса гўштдор қисир сигирлар сингари семириб эт боғлаганди. Буқоғидан икки энлик гўшт осилиб турарди. Баданига муносиб тарзда феъли ҳам, овози ҳам ўзгарганди. Катта-катта қора кўзлари одамга шундай тикилардики, “ғажиб ташлайман” дегандай бўларди. Ана шундай ёмон таассурот олганига қарамай, Гулабатин унга ҳурмат билан салом берди. Салми хоним қизга менсимай қараб қўйди, саломни эса гўё эшитмаганди.
— Ойинг қани, ҳой қиз? Мошоллоҳ, кап-катта бўлиб қолибсан. Бўйинг етиб қопти-ку, а! — деркан Гулабатинга эмас, ҳайрат тўла кўзлари билан, биқирлаб қайнаётган самоварга қаради. Юз-кўзидан Салмининг келиши Гулабатинга ёқмаганини сезган Норинж унга пешвоз чиқди:
— Ичкарига марҳамат, Салми хоним, чой ич!
— Зўрсан-ку, самовар қўйибсан-да! — дея Салми раҳмат ўрнига истеҳзо ва бахиллик аралаш аччиқ бир туйғу билан жавоб қайтарди. — Уйнинг ижара ҳақига келгандим. Бу кун уч ой бўлди. Эрим айтиворди, бизнинг ҳам минг ҳаражатимиз, қарзимиз бор, деб…
Гулабатинга шундай туюлдики, ҳовлининг нақд ярмини эгаллаб турган Салми хоним аёлга эмас, балки аччиқ, заҳарли сўзлар пуркаётган вулқонга ўхшарди. Нима деяётганини, оғзидан чиқаётган сўзларнинг ўқ сингари одам сийнасини тешиб ўтаётганини ҳис этмасди ҳам, ўйламасди ҳам. Гапираверди, гапираверди, ичидаги битмас-туганмас, сўз лаваси тинмай отилиб чиқарди. Агар гапирмаса борми, сўз лаваси уни портлатиб юборади-ёв… Вулқон бир зумга нафасини ростлади-да, яна пишқирди:
— Болам, осмондан тушганингиз йўқ-ку, худога шукр, Табризда яшаяпсиз, уй топиш — нон топишдан қийин. Ижара ҳақини тўлай олмасангиз, чиқиб кетинглар, чўнтагингизга лойиқ жой топинглар. Уйга навбатда турган одам қанчадан-қанча!
Гулабатин мундоқ қараб англадики, онаси фурсат кутаяпти, токи Салми хоним имкон берсину у гапини айтсин. Гулабатинларникида гапираётган одамнинг сўзини бўлиш одобсизлик саналарди. Лекин Салми хоним гапга тушиб кетганча, ҳали-бери тўхтайдиган эмасди. Шунга кўра жумласини тўхтатиб, нафас олган заҳоти Норинж фурсатдан фойдаланиб қолди:
— Салми хоним, нега унақа деяпсиз? Йигирма йилдирки, биз мана шу уйда яшаяпмиз, қаёққа чиқиб кетамиз? Ҳозир қўлимиз сал калтароқ, имкон бўлиши билан тезда тўлаймиз.
Онаси гапираркан, Гулабатин Салми хонимнинг ғайриоддий даражада катталашган ва ёмон бир фикр билан ўйнай бошлаган кўзларини ўз вужудида ҳис қилди. Унга бу аёлнинг ёвуз боқишлари бутун баданини ёндираётгандай туюлди:
— Сен нега пулинг йўқлигидан нолияпсан? — дея вулқоннинг оғзи яна очилди. Ҳар нарсани ёндириб, кулу вайрон қилаётган балчиқ, ёниб-қайнаб буғлана-буғлана оқиб кела бошлади:
— Шундай қизи бўла туриб ҳам пулсизликдан нолийдими одам? Биласанми, Фаҳми хоним бир йиллик маошингни шундоққина қўлингга тутқазади…
Фаҳми хоним номини эшитиб, ҳовлида ғайриоддий ҳодиса юз берди. Худди Норинж холанинг бошидан бир челак қайнаган сувни қуйиб юборгандай бўлишди. У қўл чўзиб, эшик олдида турган хокандозни олди-да, Салми хонимнинг бошига туширди. Салми ўзини четга олмаганда бошида яхшигина ғурра ҳосил бўлиши турган гап эди.
— Фаҳми хоним даллол қизларининг мижози-ку, менингмас! — деди нафаси тиқилиб Норинж.
Гулабатин бу манзарани ўзини йўқотган бир аҳволда кузатиб турарди. Чунки Салми хонимнинг кутилмаганда, ақл бовар қилмас даражада ҳаёсизларча Табриздаги кўнгилочар уйлардан бирининг соҳиби Фаҳми хонимнинг исмини тилга олиши қизни бутунлай гангитиб қўйганди. Лекин у тезда ўзини ўнглаб олди ва унинг қалбида онасиникидан ҳам даҳшатли бир ғазаб қайнади:
— Унақа уйлар сизга ярашади, чиқинг бу ердан! — деди қўли билан эшикни кўрсатиб.
Салми хоним қип-қизариб кетди:
— Майли, кўрамиз ҳали, Норинж хоним! — деб бурилди ва кетмоқчи бўлди.
— Тўхтанг, кетманг, Салми хоним! — деган овоз эшитилди. Ҳамма эшикдан кираётган номаълум кишига қаради. Ўта европача кийинган, қўлида асо, енгига сариқ пальтосини ташлаб олган, бошига цилиндр кийган ҳалиги номаълум оға унинг йўлини тўсди. Салми хоним ҳам, Гулабатин ва унинг онаси ҳам қимматбаҳо қора костюм-шим кийган, қора лак туфлилик, нафис маданиятли ва хушмуомалали бу одам қаршисида шошиб қолишди. Унинг башанг кийимини кўриб, ҳатто Салми хоним ёғдай эрий бошлаганди.
Номаълум киши бойваччаларча ҳаракат билан, шошилмай, ич чўнтагидан каттагина бир ҳамён чиқарди. Унинг ичидаги бели букилмаган яп-янги ўн туманликлардан йигирма тўрттасини санаб, Салми хонимга узатди.
— Марҳамат, Салми хоним, уйнинг бир йиллик ҳақини олдиндан олиб қўйинг! — деб пулни кўзлари косасидан чиққан, сал олдинги таҳқирларни дарҳол унутган Салми хонимнинг ҳовучига босди-да, Гулабатиннинг онасига ўгирилиб илова қилди: — Мен Теҳрондан келганман, хоним, сиз мени танимайсиз. Аммо мен сизни яхши танийман. Сиз раҳматлик Ҳошим кишининг қизисиз. Менинг отам тожир эди. Бир пайтлар қўли калталик қилиб турган пайтда Ҳошим киши отамга нақшли гиламини берган экан. Отам уни сотиб, ўзига сармоя қилган эканлар. Бизнинг ҳозирги бисотимиз ўша гиламнинг пулидан кўпайган. Отам ўлаётганларида сизни излаб топишимни ва қарзимизни узишимни васият қилган эдилар. Шунинг учун излаб келдим. Ўтирсам майлими?
— Марҳамат қилинг, — дея бу гапларни ҳали ҳам эртакка йўйиб ўтирган, туш деб ўйлаётган Норинж уни ичкарига таклиф қилди. Номаълум киши ҳали ҳам кетмаган Салми хонимга юзланди:
— Дунёда бунақа ишлар кўп бўлади, хоним, таажжубланманг. Энди бўлса, марҳамат қилиб ё бизлар билан бир пиёла чой ичинг, ёки рухсат этинг…
— Ош бўлсин, сизлар чойингизни ичингизлар, мен эса кечирасизлар, боришим керак! — деди Салми хоним. У нима дейишини билмас, гўё вулқон сўниб, лава тўхтаб қолганди.
У ҳовлидан чиқиб кетиши билан номаълум киши Гулабатинга ҳовли эшигини беркитиш ишорасини қилди. Сўнг эҳтиёткорлик билан аста гапирди:
— Норинж хола, мен ростдан ҳам Теҳрондан келганман. Фақат на тожирман, на тожир ўғли. Мен Суюндикнинг жўрасиман, ҳеч ташвиш тортманглар. Соғ-саломат юрибди. Табризда ишим бор, шунга келувдим. Сизларни бир кўриб ўтишни бурчим деб билдим.
Бу пайт Намоз киши ҳам ўрнидан туриб, кўрпани елкасига ташлаганича, ҳовлига чиқиб, номаълум кишига қарарди. Суюндикдан хабар олиб келган бу одамга гирдикапалак бўлаётган Норинж хола:
– Кўп яшанг, болам, – деди, – ичкари киринг. Бир пиёла чой ичинг. Гулабатин қизим, самоварга қара, совиб қолгандир…
— Гулабатин шуми, а? Суюндикнинг сенга алоҳида саломлари бор. Ёдида бўлсин, ҳар куни китоб ўқисин деб, тайинлаб юборди… Йигит онага юзланди: — Энди мен кетишим керак. Норинж хола, кечиксам бўлмайди. Салми хоним энди оламга жар солади. Бир оздан кейин эри ҳам, қўни-қўшни ҳам бу ерга ёғилиб келади. Нима сўрашса ҳам, билмаймиз, Ҳошим кишининг қарзини бериб кетди, денглар. — У бир нечта ўн туманликни дастурхон устига қўйди. — Ҳозирча… Саломат бўлингизлар.
Гулабатин фақат эндигина Суюндикдан хабар олиб келган, Суюндикнинг дўсти ва жўраси бўлган бу одам чиқиб кетаётганда уйқудан уйғонгандай бўлди:
— Суюндик менга хат ёзмадими?
— Ҳозирча қийин, сингилжон, — дея кулимсиради номаълум киши. — Эндиги сафар, албатта, хат ҳам ёзади, ҳозирча…
У эшикдан чиқаётганда она йўлини тўсди:
— Ҳой болам, ҳеч бўлмаса исмингни, уй-жойингни айтиб кет.
— Кераги йўқ, Норинж хола. Сизга унинг фойдаси бўлмайди. Бизга эса зарар келтириши мумкин. Шуниси муҳимки, мен сизларни топдим. Яна келаман. Кўришгунча…
Номаълум киши қандай ғойибдан келган бўлса, шундай ғойиб бўлди. Гулабатин ва онасининг кўзларида буюк бир севинч, умид учқунлари порлади. Намоз киши қўрқув, ваҳима ва шубҳа ичида бошини чайқаб ичкари кирди.

КАТТА ХОНИМ

Кунлар сездирмасдан ўтиб борарди. Олдинлари Гулабатинга кунлар бир-бирига ўхшагандай бўлиб туюларди, бири иккинчисидан бироз шод келар, ёки сал ғамгин бўларди. Энди бўлса унинг назарида кунлар бошқа маъно касб этганди. Албатта, ҳожининг уйида ростдан ҳам унинг учун ҳамма кунлар бир-бирига ўхшарди, бир-бирининг айнан ўзи эди: эрталаб барвақт туриш, ҳовлини супуриб чиқиш, самовар қўйиш, бозорга бориш, кир ювиш, беканинг бошқа кўрсатмаларини бажариш, кечқурун эса хориб-толиб даҳлизга кириб бироз ётиш, бироз ўқиш, сал-пал хаёлларга берилиш, ниҳоят ухлаш. Гулабатин улғайгани сайин буларнинг ҳаммаси фақат унинг қўллари, билаклари, оёқлари, аъзойи баданининг ишига айланиб борарди. Унинг ўйи, шуури эса шулар билан кифояланмасди. Ҳовлининг тўрт девори орасидан чеккаларга бўйланарди. Осмонга қарарди, қўни-қўшниларга эътибор берарди. Кучли шамоллар қаерлардандир олиб келган бутунлай бошқа ўлкаларнинг ҳавосини симирарди. Даврининг бу ҳавосида кўз илғамас нелар бор эди?
Улар Гулабатиннинг фикрига озиқ берарди, ҳар куни такрорланадиган ишини зоҳиран индамай ва қойилмақом қилиб бажарса-да, аслида беором туйғулар билан яшарди. Шу тариқа бу кунлар бир хиллик оҳангини йўқотар, бошқа маъно билан тўларди. Хусусан, бизга маълум бўлган ажойиб тушидан ва ундан ҳам ажойиб номаълум киши билан учрашувидан кейин ўйлайдиган бўлиб қолганди. Кўзлари одамларга ва дунёга нисбатан ўчмас бир мароқ билан порларди. Кунларнинг тинимсиз оқими ичида куз тугаб, қиш бошланиб Табризнинг боғларига, тоғларига мўл-кўл қор-ёмғир ёғдирганди. Сўнгги чоршанба эди. Шаҳар анъанавий тантана ва дабдаба билан Наврўз байрамини кутиб олишга тайёрланарди. Хоним ҳам коса ва ликопчаларда буғдой кўкартириб деразаларга терган, қўлларига хино қўйган, турли-туман ширинликлар олиб, байрам дастурхони тузаганди.
Шу кунларда ҳожи уйда тез-тез кўриниб турарди. Айниқса, кечқурунлари ҳеч қаерга бормасди. Гулабатин ҳар ҳолда кейинги кунларда ҳожининг ҳузурига келиб-кетувчиларнинг кўпайганини пайқаганди. Уларнинг кўпи биринчи марта келишар, авваллари бу ерга қадам босмаган одамлар эди. Тағин ҳаммаси башанг кийинганидан тожирга, арбобга ўхшашарди, бари жиддий кўринар, Гулабатин уларнинг юзига қарашдан қўрқарди.
— Хоним, самовар қўяйми? Оғанинг олдига яна бир тўда одам келди, — дея хонасида ўтирганча ўйга толган бекадан сўради.
— Турқи қурсин ҳаммасининг! — деди хоним саволга жавоб бермай.
— Хоним, афтидан, оғамизнинг савдоси бароридан келганга ўхшайди. Шунча одам келганини қаранг, — деди Гулабатин соддадиллик билан. Хоним ҳам шундай соддалик билан, лекин ҳожига нисбатан истеҳзоли овозда тўнғиллади:
— Йўқ, энди оға бошқа дардга чалинибди. Сиёсатчи бўлмоқчи эмиш. Ҳизби гуруҳ тузаяпти. Бор, чой дамла… Ҳозир чақириб қолади.
Ростдан ҳам сал ўтмай ҳожи эшикдан бошини чиқариб қичқирди:
— Хоним, чой!
Шу икки калимани шошилиб айтди-да, ҳожининг башараси ғойиб бўлди. Ичкарида бир-бирига гал бермай чуғурлаётган аралаш товушлар борган сари кучаймоқда эди. Хоним ана шу товушларга ишора қилиб:
— Жазавалари тутаяпти! Ер ютгурлар, Табризни фаровон қилишармиш! — деди хоним ва майиз, хурмо, бодом, писта, ғоз оёғи сингари турли-туман байрам ширинликлари тўлдирилган вазалар ва ликопчаларни бирма-бир Гулабатинга бериб, ичкари киритиб юборди. Гулабатин хонага кирганда, суҳбат айни қизиганди. Улар турли вазиятда ўтирганча, сигара чекишар, хона тутунга тўлиб кетганди. Ўтирганлар қизга бир-бир қараб қўйишди-да, яна гапга берилиб кетишди. Гулабатин шошмасдан саранжом-саришталик билан ликопчаларни майда думалоқ столлар устига қўйиб чиқди. Қулоғи эса уларда эди. Уларнинг гапларидан шуни тушундики, кимларнидир қўлга олишибди. Қўлга тушганларнинг эса халқ орасига низо солишдан, тўпалон чиқаришдан, дунёни остин-устин қилишдан бошқа ниятлари йўқ эмиш. Ҳаммаси ялангоёқ, қиладиган ишининг тайини йўқ, динсиз-имонсиз, худобезори одамлар. Шунинг учун ҳам бундайлар дорга тортилишга, тириклайин ўтда куйдирилишга лойиқдирлар!
Гулабатин хонадан чиққанида қип-қизариб кетганди. Ўйида фақат бир нарса чарх урарди: “Илоҳим, ўша одам қўлга тушганлар ичида бўлмасин-да”… (Гулабатин ҳалиги номаълум кишини ўзича “ўша одам” деб атарди). Ҳожининг одамлари хуфтондан бироз ўтганда тарқалишди. Гулабатин идиш-товоқни йиғиштиргач, бир баҳона билан катта хонимнинг ётоғига киришга қарор қилди. Катта хоним шаҳардаги воқеалардан яхшироқ хабардор бўлса керак, деб ўйларди у. Унинг гапи ҳамиша тўғри чиқарди. Эҳтимол, бу талаба қўлга тушган ким эканини яхши билар. “Ўқишга бирор китоб сўрайман, ўзи ваъда берганди”, — деб ўйлади ва аста унинг эшигини чертди. Катта хоним тақиллатаётган Гулабатин эканини дарҳол билди.
— Киравер, Гулабатин! — дея чақирди.
Гулабатин ичкари кирганида, у диванда ёнбошлаганча қандайдир бир китобни ўқиб ўтирган экан. Афтидан, кўп китоб ўқиганидан кўзлари шишинқирагандек кўринди. Бошини кўтариб қаради, кўзларини пирпиратди.
— Қани, бу ёққа кел-чи, нима гап Гулабатин? — дея у қизни ёнига чақирди. Ҳол-аҳвол сўради. Ота-онаси қандайлигини суриштирди. Гулабатин ташаккур билдирди.
— Дўкон-бозорда нима гаплар?
Гулабатин катта хонимнинг нимани сўраётганини яхши тушунди. У кўпдан бери кўчада, бозорда юз берган воқеалар ҳақида Гулабатиндан суриштириб турарди. Гулабатин эса кўрганлари ва эшитганларини унга гапириб берарди. Лекин ҳозир Гулабатин унинг саволига ўзи тушунганича жавоб берди:
— Хоним, шаҳарда ёмон гаплар юрибди. Айтишларича, бир гуруҳ сиёсатчиларни қўлга олишибди. Жазоламоқчи эмишлар. Сиз ҳеч нарса эшитмадингизми, хоним?
Катта хоним Гулабатинга қараб кулди:
— Бунақа нарсаларни сен ҳам тушунасанми, Гулабатин?! Хавфли нарса булар…
— Мен сира тушунмайман, хоним. Бозорда эшитгандим. Боя оғанинг ёнидаги одамлар ҳам гапиришаётганди. Ҳаммаси динсиз, имонсиз улар, дейишди, ҳаммасини дорга осиш керак…
— Қорагуруҳлар! — деди катта хоним кимнидир назарда тутиб.
— Улар ёмон одамларми, хоним? Сиз ҳам сиёсатчиларни айтаяпсизми, хоним?
Хоним Гулабатиннинг пешонасига тушиб турган сочларини орқага таради.
— Йўқ, Гулабатин, мен уларни айтмаяпман. Улар ватанларига жон тиккан одамлар. Фидойи одамлар улар. Сен биласанми, улар нима исташяпти? Эҳ, Гулабатин, Гулабатин, сенга қандай тушунтирсам экан? Улар исташадики, биз ҳам олға боссак, илғор бўлсак, маданий халқлар сафига қўшилсак. Ҳамма жойда ҳақ ва адолат қарор топса. Мана қарагин, нима десам экан, мана сен ана у ҳовузни кўраяпсан-а? Икки ой, уч ой тозаланмаса, тоза сув қуйиб турилмаса, сасиб кетади, тагида ҳар хил қуртлар пайдо бўлади. Бизнинг жамиятимиз ҳам шунақа. Сувлар алмаштирилиб, ҳаволар янгиланиб турилиши керак. Агар улар истагандек бўлганда, сен ҳам ўқирдинг, сенга ўхшаган минглаб болалар ҳам… Ҳа, Гулабатин, яхшиям эсимга тушди. Сенга янги китоб олиб келгандим, ўзи ҳам она тилимизда.
Хоним китобларнинг тагидан кичкинагина сариқ китобчани олди. Уни Гулабатинга берди. Қиз китобни олиб, ёзувини ўқиди: “Ҳайдарбобога салом”. Варақлаб, кейинги саҳифага қаради. У ерда қора қош, ўткир нигоҳли, ақлли бир кишининг сурати бор экан. Гулабатиннинг унга диққат билан қараётганини кўрган катта хоним:
— Ўз шоиримиз, — деди. — Шаҳриёр. Ўқигин, жуда содда ва чиройли ёзибди. Ўқиганингдан кейин тушунмаганингни сўра. Тамом қилганингдан кейин гаплашамиз…
Гулабатин шу аснода тақдиридан шу қадар рози эдики, гўё бутун дунёни унга бахшида қилишганди. У хаёлида сўнгги чоршанба оқшомининг шундай яхши келишини янада каттароқ севинчларнинг муждаси ҳисоблаб, катта хонимга чин дилдан миннатдорчилик изҳор қилди:
— Катта раҳмат, хоним! Аллоҳ сизга ҳамиша бахт ато қилсин! — деди-да, эшикка қараб йўналди, кейин бўсағадан орқасига қайтиб: — Тунингиз хайрли бўлсин, хоним! — деб хонадан чиқди. Лекин шу мўъжазгина, шинам хонани ҳам, унинг ичида яшаётган гўзал хонимни ҳам қалбида олиб кетди. Унга шундай туюлардики, хона биллур ойнадан ишланган, бу ғиштин иморатга қачон, қаердан қараманг, энг аввал шу ёруғ хонага кўзингиз тушади. Катта хоним эса ана шу биллур хонада ёниб турган бир чироқ, порлаб турган бир юлдуз эди, унинг нурлари эса олис-олисларга ёйилиб турарди.
Гулабатиннинг эсига тушди: бир пайтлар Суюндик ҳам хаёлига юлдуз бўлиб ўрнашиб олганди. Йўқ, у ҳозир ҳам хаёлининг мусаффо осмонида порлаб турибди. Лекин борган сари узоқлашиб бораётибди, янада порлоқ нур таратаяпти. Энди бу юлдуз жуфтлашгандай эди. Бундай муқояса сингил қалбида мумкин бўлмаган ва шунинг учун ҳам янада ширин кўринган бир орзу уйғотди: “Суюндик билан Катта хоним бир-бирига шунчалар ҳам моски! Қани энди юлдузлари мос келса! — деб ўйлади. Кейин эса ўйга толди: Нега мумкин бўлмасин? Ахир, айтишади-ку, замонамизда шундай ишлар бўладики, авваллари бундай гаплар кап-катта одамларнинг ҳам хаёлига келмасди…”

ХОИН

Гулабатинни даҳшат қоплаганди. Кўзининг ўнгида Суюндикка тузоқ қуришарди. Юзига кула туриб, минг бир ҳийла ишлатиб туриб, хилватга тортиб маҳв этмоқчи бўлишарди. Гулабатин эса буларни кўра-била туриб ҳеч қандай ёрдам беролмасди. Бир чеккада қараб турарди: ҳеч бўлмаса бу ёвуз хиёнат ҳақида, бу қонли қопқон ҳақида акасини хабардор қилса қанийди!
Йўқ, Гулабатиннинг бунга ҳам ҳеч иложи йўқ эди. Ахир, у Суюндикни фақат хаёлида, фақат тушларида кўра оларди. Рўёдаги одамга гапириб бўлмайди…
Хўш, нима қилиш керак? Бу қопқонни қандай қилиб уриб парчаласа бўлади? Гулабатин хиёнат ҳақида, ўз йўлдошини, ўз дўстини сотган хоинлар ҳақида жуда кўп эшитганди. Энди эса ана шундай хоинлардан бири келиб Суюндикни топибди. Ҳеч кутилмаганда, халоскор бир фаришта сингари уларнинг эшигини очиб, беҳаё, номуссиз Салми хонимдан уларга нажот берган бу одам, энди ҳожининг уйида, янги ҳизби тузувчиларнинг, Суюндик сингариларни исёнчи, худосиз деб атаб, уларни дорга осишни талаб қилувчилар орасида юрибди. Тавба, бу даҳшат-ку! Одам ҳам шунақа иккиюзлама, хоин бўладими?
Бундай хиёнат туфайли ёлғиз Суюндик эмас, ким билади яна қанчадан-қанча Суюндиклар қурбон бўлади… Нима қилиш керак? Бориб онасига айтсин, лекин не фойдаси бор! Бечора аёлнинг юраги портламайдими, ўғлининг қаерда бўлса ҳам соғ-саломат экани, зиндонда бўлса ҳам яшаётгани ва бир куни қутулиб келиши ҳақидаги ўйлари она қалбига тасалли эди. Энди шу умидни, шу тасаллини ҳам пучга чиқаришнинг нима фойдаси бор? Йўқ, бу сирни онага айтишнинг маъноси йўқ. Лекин бу хиёнатни шундайлигича қолдириб бўлмайди, хўш, нима қилиш керак?
Гулабатин қизғин, ҳаяжонли ўйлар гирдобида қолганди. Бу ўйлар бир-бирига гал бермай миясида ғужғон ўйнарди. Ниҳоят, Гулабатин аёвсиз ўйлар қуршовидан қутулиш йўлини топди. Токи хиёнатнинг олдини олишга кучи етмас, токи хиёнат қурбонларига ёрдам беролмас экан; ҳеч бўлмаса хоиннинг юрагини яралаш керак, у ичаётган хиёнат бодасига заҳар қўшиш лозим. Бир кўзгу бўлиб, унга ифлос афти-башарасини кўрсатиш жоиз, токи ўзини кўрсин, ўз-ўзидан жиркансин.
Аммо хоинни қандай қилиб кўради, қандай фурсат топиб ханжарни унинг юрагига санчади? Хоин энг тўрда ўтирибди, ҳожининг байрам дастурхони тўридан жой олиб, еб-ичаяпти, гапириб-кулаётибди, ғазабланаётибди. Гулабатин бўлса гоҳ ҳовлига чопади, гоҳ даҳлизга югуради, бўшаган ликопчаларни йиғиштиради. Мана шу идишларга хоиннинг қўли теккан, хоиннинг ёвуз, ифлос нафаси уларни булғаган. Ликопчалар хурмо данаклари ва ёнғоқ пўчоқлари, тишлаб ташланган пахлава1 қолдиқлари билан тўла. Гулабатинни гоҳ оға чақиради, гоҳ хоним. У гоҳ кенжа қизнинг, гоҳ Шоҳпаланкнинг чақиришига югуриши керак. Тўрт томондан шовқин солинади:
— Гулабатин, ҳой Гулабатин! Чой бер…
— Гулабатин, ҳой Гулабатин! Кел, пойабзалимни тозала.
— Гулабатин, ҳой Гулабатин, дазмол қани?
Байрамдан бир ҳафта ўтаяпти, лекин байрам дастурхони ҳали йиғилгани йўқ, келиб-кетувчиларнинг кети узилмайди. Ҳожи сиёсий бўлгач, уйи карвонсаройга айланди. Янги ҳизбнинг одамлари бири келиб, бири кетиб турибди. Айтишларича, ҳожи бошлиқлари эмиш. Ер юткурлар. Одам қуриб кетганмиди ўзларингга катта қилиб сайлашга! Бу ёқда эса кундан-кунга кичик хонимнинг ҳаваси ортар, ҳар куни бир қилиғи билан онасининг ҳам, Гулабатиннинг ҳам жонига тегарди. Тағин Шоҳпаланк! Яна Табризда ўралашиб қолди. Уйда кечаси жанжал, кундузи жанжал. Юз туманлик костюмни икки кун кияди, ҳаммаёғини доғ қилиб келади-да, даҳлизга улоқтиради.
— Гулабатин, тозала!
Шоҳкўлига, Теҳронга айлангани, Қоратоққа овга борганда беш-олти кун жонлари тинчиб, юзини кўришмаганидан хурсанд юришди. Бугун у ҳам уйда, одам камлик қилгандай ёнига ўзига ўхшаш беш-олтита бекорчихўжаларни оливолган. Ҳаммасининг кўзларидан ўт чақнайди.
Чақнаса жаҳаннамга! Гулабатин ўзини шундай тутаяптики, гўё уларни ҳеч кўрмаётгандай… Аммо, уни, ўша хоинни кўргани кўзи йўқ эди. Ундан қасос олмасдан қўймайди. Лекин қандай қилиб?! Ўзича ўйлади, бу сафар чой олиб кирганда шундай қиладики, чойнакни устига ағдаради. Бир оёғи куйсин, дазмолланган, силлиқ қилиб текисланган инглиз шолидан тикилган шимига доғ тушсин. Кейин мундоқ ўйлаб қараса, бу билан хоинга катта зарба беролмайди. Гулабатиннинг юраги ҳам тинчимайди. Шу ҳам интиқом бўлди-ю! Болалар ўйини-ку, бу. Яхшиси, хилватда учратиб, сен хоинсан, сотқинсан, пасткашсан, деб юзига айтай! Аммо қандай қилиб!
Қандай режа тузмасин, қандай ўйлаб кўрмасин охири келиб шу саволга тақаларди. Бу саволга эса у жавоб тополмасди.
— Гулабатин, ҳой Гулабатин, чилим олиб кел! — деган ҳожининг овози қизни бу оғир, азобли ўйлардан қутқарди. Бориб шишаси кўк ва қизғиш нақшлар билан безалган чиройли чилимни тайёрлаб ҳожининг хонасига олиб кирди. У ерда жуда баландпарвоз гаплар қилишар, бир-бирининг гапини бўлишар, орада қаҳ-қаҳ уришар, баъзан ҳаммаси жимиб қолиб, ўйга толишарди. Бундай пайтда фақат сариқ қаҳрабо ёки қора мунчоқ тасбеҳларнинг шиқиллаши эшитиларди. Гулабатин эшикка яқинлашганда, ҳозир хоиннинг афтини кўраман деб ўйларкан оёқлари қалтираб, қўлида чилим титраётганини ҳис қилди. “Мен нима қилаяпман ўзи, — деб ўйлади. — Ростдан ҳам ҳали боламан. Бунақаси кетмайди! Ўзингни қўлга ол, Гулабатин!”
Бир амаллаб ўзини қўлга олди, ичкари кирди. Унга қарамасликка аҳд қилди. У томонга қайрилиб ҳам қарамайди.
Тўғри ҳожига қараб юрди. Бу пайт ҳожи гапирарди. Гулабатин анча-мунча гапларни эшитди. Ҳожи бу сафар ҳам ўтган галги фикрини айтарди. Худди тўтиқушга ўхшарди. Ёдлаб олган сўзларни такрорларди, холос.
— Аҳмоқлик қилибмиз, шу пайтгача сиёсатга аралашмабмиз. Майдонни ялангоёқларга бўшатиб берган эканмиз!
Гулабатин чилимни ҳожининг олдига қўймоқчи бўлганда, у қўли билан анави ерга қўй, ишорасини қилди. Гулабатин ҳожининг қўли чўзилган томонга қараб, хоинни кўрди.
У ҳозир ҳам биринчи мартадагидек сокин ва тамкин эди. Кўриниши жиддий. Гапираётганларга диққат билан қулоқ соларди. Гулабатин ҳеч бўлмаса уялиб қизаради, деб ўйлади. У бўлса жуда бемалол ўтирарди! Чилимни унинг олдига қўяётганда, бир зумга уларнинг кўзлари тўқнашди. Гулабатиннинг қўли қалтирарди, чилим қўлидан тушиб кетишига сал қолди. У бўлса қизга бошқа қарамасдан чилимни қўлига олди, ҳеч ким буни пайқамади ҳам. Гулабатин тез чиқиб кетди. Агар сал тўхтаб қолса йиғлаб юборишни ёки юзини ҳожига буриб “бу одамга ишонманглар, бу хоин” деб юборишни ҳис этганидан бўш стаканларни, ликопчаларни ҳам йиғиштирмай хонадан чиқиб кетди…
Бир оздан кейин улар тарқала бошлашди. Офтоб аллақачон ботган, қаердандир азон овози келарди. Муаззин мусулмонларни шом намозига чорларди. Ҳожининг ўзи сингари унинг уйига келувчилар ҳам вақтида намоз ўқийдиганлардан эмасдилар. Намозларини кўпинча қазо қилишарди ёки бошқаларга ўқиттиришарди. Улар Тангри таоло ишларининг кўплигини, бошларини қашишга вақтлари йўқлигини назарда тутишига амин эдилар. Гулабатин даҳлизнинг рангли деразалари орқасидан уларни кузатарди. Афтидан, ҳожи уларни ҳовли дарвозасигача кузатиб қўядиганга ўхшайди. Аста-секин, суҳбатлашиб, тасбеҳларини ўгирганча, бир-бирига йўл бўшатиб ғиштин йўлакдан юриб боришарди. У – “ўша одам” – сал орқароқда, тамкинлик билан, бамайлихотир юриб борарди. Хонада бўлгани сингари ўзи гапирмас, бошқаларнинг гапига қулоқ соларди. Дарвозага етгач, тўхтади. Ҳамма чиқиб кетгач, ҳожига нимадир деди. Ҳожи бурилиб чақирди:
— Гулабатин, ҳой Гулабатин!
Гулабатин югуриб келди. Ҳожи кўчага қараб турган номаълум кишини кўрсатди:
— Оға билан бор, омонат бор эди, бериб юборади, олиб келасан.
Гулабатин бундай фурсат тасодифий эмаслигини тушунди. Худойим шундай қилди, хоинни бир доғласин, наштар уриб юрагини яраласин деб буюрди!
У, Гулабатинга ҳеч аҳамият бермасдан, гўё сира танимагандай олдинда юриб борарди. Қиз бир зумга балки ростдан ҳам танимагандир ёки мен адашдимми, бу бошқа бўлса-чи, деб ўйлади ва дарҳол фикридан қайтди, йўқ адашмаяпман, бу ўша…
У, табризликлар душурга деб атайдиган, авваллари Бокуда газалаг номи билан машҳур ёлғиз от тортадиган кичкинагина фойтунни тўхтатди. Ўзи ўтирди ва ишора қилиб қизга ҳам ёнидан жой кўрсатди. Улар Фирдавсий меҳмонхонаси ёнидан ўнгга бурилишди. Бироз юриб бориб тор кўчалардан бирида фойтундан тушишди, торгина ҳовлига киришди. Кейин иккинчи қаватда бир неча деразаси бўлган катта хонага кўтарилишди. У, ҳассасини бир бурчакка қўйди. Цилиндр шляпасини илгакка илиб қўйиб, ниҳоятда меҳрибон, кулиб турган кўзлари билан қизга қаради:
— Шунақа, Гулабатин хоним! — деди, — ҳожининг уйида ишлаётганингни нега менга айтмагандинг?
Унинг меҳрибон овози ҳам, кулиб турган кўзлари ҳам Гулабатинга нафратомуз кўринарди. Қиз унга қўлида пичоғу одам ўлдиришга тайёрланаётган бир жаллодга қараётгандек тикилди.
— Мен сиздан нафратланаман. Сиз хоинсиз, пасткашсиз! — деди Гулабатин унга заҳрини сочиб. У бўлса, бу гапларга жимгина қулоқ солди, юзидаги табассуми жиддий ифодалардан дарак берса ҳам, аччиқланмади. Ниҳоят:
— Менинг хоин эканимни қаёқдан биласан? — дея секингина сўради.
— Шундан биламанки, ҳожи сингари одамлар билан ҳамтовоқсиз. Унинг партиясига кираяпсиз. Улар бўлса Суюндик сингариларни исёнчи, худосиз деб аташади. Ҳаммасини дорга тортиш керак! — дейишади.
Қиз гапираркан, унинг кўзлари катталашиб, ғайриоддий ҳолатга тушаётганини ҳис қиларди. Гулабатин гапириб бўлгач, у хонада наридан-бери юриб турди, анча ўйга толди. Келиб, Гулабатинга диққат билан тикилди, худди аввалгидай илиқ табассум билан кулимсиради.
— Сен мени роса қувонтирдинг, ҳой қиз. Сен қурротулайн Тоҳира бўладигансан! Сизларни ўқитадиган бўлса, ҳар бирингиз бир қаҳрамон бўласиз!
— Мен Тоҳира-поҳирани танимайман! — деди Гулабатин ҳалиям жаҳлидан тушмай, — худо хайрингизни берсин, Суюндикни ўлимга маҳкум қилманглар! Ёлвораман!
Биргина шу сўзни эшитганда, у бутунлай ўзгарди. Ғам тўла кўзларини Гулабатинга тикиб, қўлидан ушлади:
— Менинг ақлли қизим, менинг сингилгинам! — деди. — Мен ўзим бораман ўша дорнинг тагига. Уларнинг бошларидан бирор тук тўкилгани қўймайман. Айт, нимага қасам ичай, сени қандай ишонтирай?
— Хўш, унда ҳожиникида нима қилиб юрибсиз?! Ё у томонда бўлинг, ё бу томонда. Икки юзли одамларни кўргани кўзим йўқ.
У яна ўйга толди. Деразадан кўчага қаради. Кейин яна Гулабатинга ўгирилди:
— Қаерда зарурат талаб қилса, мен ўша ерда бўламан…
— Унақа бўлмайди. Ҳаёт тақозоси ё у ёқда, ё бу ёқда! — деди Гулабатин . Шу билан уни тилидан илинтирдим, энди жавоб бериб кўрсин-чи, деб ўйлади қиз.
У эса шошилмай жавоб қилди:
— Ҳаёт ҳақида тасаввуринг мунчалар содда бўлмаса, Гулабатин! — Унинг товуши таассуф билан тўла эди. Гўё жуда яхши билган бир ҳақиқатни Гулабатинга тушунтира олмагани учун таассуф қиларди.
— Сени кўп ушлаб қололмайман, — деди-да, шубҳага ўрин қолдирмайдиган овозда гапирди. — Мен ҳожига элтадиган нарсани тайёрлагунча, сен мана бу хатни ўқи…
Гулабатин қўлдан-қўлга ўтавериб, эзғиланиб кетган оқ хатжилдни очди. Мактубнинг устхатини ўқиди. “Аканг Суюндик” деган имзога кўзи тушиб, қўллари қалтираб кетди. Ҳаприқиб кетган юрагидан иссиқ ҳароратли бир тўлқин туриб бутун баданига ёйилди. Бирдан оёқлари қалтираб, дераза олдидаги курсига чўкди, хатни ўқий бошлади. Хат бир варақ оқ қоғозга ёзилганди. Ҳарфлар аниқ ва чиройли ёзилганидан Гулабатин акасининг хатини таниди. Хатнинг шошиб ёзилгани кўриниб турарди. Бу хат эмас, имкони топилган бир онлик фурсатни қўлдан чиқармаслик учун ҳаприққан, ҳаяжонли бир юракнинг типирчилаши эди. Суюндик ёзарди: “Азиз синглим Гулабатин! Кўзимнинг нури, жоним, жигарим! Ушбу хат ёрдамида бўлса ҳам сен билан, азиз онам, отам, укам билан гаплашиш қандай катта саодат эканини билсангиз эди. Ҳозир ҳаммаларингиз кўз ўнгимдасиз, юзларингизни кўриб турибман. Овозингизни эшитаяпман. Сизлардан илтимос, менинг азизларим, менга бундай ғамгин қараманглар, ёмон ўйларга борманглар. Ёмон куннинг умри қисқа бўлади. Тез орада сизларни кўриш насиб этади. Ҳаммамиз бахтли яшаймиз. Гапларимга ишонинглар, келажакдан ноумид бўлманглар. Ақлли синглим! Сен ўқишни билишингдан жуда хурсандман. Сенинг ушбу хатимни отам, онам, укам Ҳамзага ўқиб бераётганингни, уларнинг мириқиб тинглашаётганини ўйласам бутун дунёни менга бағишлашгандай бўлади. Соғ-омон бўлинглар, азизларим. Бир-бирингизни эҳтиёт қилингизлар!..”
Гулабатин ўтирган жойидаёқ хатни бир неча бор ўқиб чиқди. Қалбида жўшиб қайнаган туйғуларига нозик юраги дош беролмади. Кўзларида ёш ҳалқаларди.
— Бу нимаси! — деди номаълум киши қўл чамадонини эшик олдига қўяркан, — нега йиғлаяпсан, Гулабатин? Бу сенга ярашмайди. Мен сени жанговар, ўт юракли қиз деб билардим.
Гулабатин қўлининг орқаси билан ёноқларини артди. Энди унинг қалбида бу номаълум кишига нисбатан шундай муҳаббат уйғонгандики, у гўё Суюндикнинг эгизаги эди, Гулабатиннинг катта акаси эди.
— Йўқ, йиғлаётганим йўқ! — деди у хатни буклаб қўйнига яшираркан.
Номаълум киши эса хонада наридан-бери юраркан, ўз-ўзича гапиргандай деди:
— Сен ҳақингда ўйлаш керак, Гулабатин. Сени ўша уйдан қутқаришим керак. Мактабларнинг бирида ёки маорифда сени кичик бир ишга жойлаштирмоқчиман. Нима дейсан? Ахир, бировнинг уйида малай бўлиб ишлаш бошқа, идорада ёки корхонада ишлаш бошқа нарса. У ерда ишласанг ёлғиз бўлмайсан, шерикларинг бўлади. Шундай ишда бўлсанг, балки ўқишинг ҳам мумкин…
— Билмадим, ўзингиз яхши биласиз! — деди Гулабатин эътироз билдирмаса-да, иккилангандай тараддудланиб. Номаълум киши эса яна ўз-ўзига гапиргандай давом этди:
— Ҳожининг ўғли менга ёқмади. Шунақа бир аҳмоқки, қўлидан ҳар қандай ёвузлик келади…
— Лекин хоним жуда яхши аёл! — дея Гулабатин иккиланганининг сабабини айтди. — Ҳа, сизга шуни ҳам айтиб қўяй, катта қиз уйдагиларнинг бутунлай акси. Менимча, у қалби билан сизларга ўхшайди.
— Эҳ, Гулабатин, бунақалар жуда кўп. Сен уларнинг бой-бадавлат эканликларига қарама, ноз-неъматлар ичра яшашса ҳам, ҳар бир уйда онг-шуури уйғонган, замоннинг ҳавосидан нафас олиб яшаётган бунақа ёшлар кўп. Мусаффо еллар эсиши билан улар ошкора биз томонга ўтишади, ёрдам беришади… Энди борақол, жуда кеч қолдинг! — дея эшик олдидаги қўл чамадонини олишни ишора қилди, — дилижонга ўтирасан, манави пулни ол. Шу нарса яхши эсингда бўлсин, мени фақат ҳожиникида кўргансан, вассалом. Бундан кейин мени кўрганда тумтайма, чилим узатаётганда қўлларинг қалтирамасин.
Гулабатин қизарди. Номаълум киши ҳақида ёмон фикрда бўлгани эсига тушиб ўз-ўзидан уялиб кетди. Гуноҳкордай секингина гапирди:
— Сиз ҳақда қандай ёмон гаплар айтганимни, қанчалар қарғаганимни билсангиз эди!
Номаълум киши унинг барча гуноҳларини кечиргандай бир табассум билан деди:
— Сен хоинни қарғагансан, мени эмас. Сен инсониятга, дўстликка, саодатга хиёнат қилган одамни қарғагансан. Мен эса айни шу йўлда, саодатга эришиш йўлида хизмат қилаяпман.
Гулабатин ўз-ўзича ўйлади: “Ҳамма нарсани билар экан…”

ТИЛЛА СОАТ

Табриз байрам либосида. Шаҳарнинг фақат боғ-роғларигина эмас, хиёбонлари, бозору дўконлари ҳам баҳор атридан нафас оларди. Баҳор қуёшининг ҳар бир нарсага ҳаёт бахш этувчи нурлари кун бўйи далаларга, боғларга қўнар, гул-чечакларнинг очилишига, дарахтларнинг бутоқ чиқариб, барг ёзишига, меваларнинг пишиб етилишига ёрдам берарди. Саҳардан шомгача қуёшнинг рангини офтобдан олган алвон-алвон қизил гулларнинг ёнидан ўтаётганда атир бўйларидан димоғ яйрарди. Минг уч юз метр баландликда бўлган бу гўзал шаҳарда тоғ ҳавоси ҳамда эрталабдан кечга қадар ҳамма жойни қиздиргувчи Аран қуёши боғу бўстонларнинг яшнаши учун, ширин мевалар етишиши учун мустасно шароит яратарди. Гулабатиннинг кабутарлари ҳам баҳор ҳавосидан яйраб, мовий осмон узра яйраб учишар ва ҳовуз бўйларига қўнишарди.
Гулабатин уларни томоша қилиб, баҳорнинг соф нафасини ютганча сийнасининг шу пайтгача у билмаган, тушуниб бўлмас, туманли ҳамда ширин ҳислар билан ураётганини сезарди. Баҳор гулларни яшнатгани сингари қизнинг ҳам ўсишига, унинг ёноқлари ял-ял ёнишига кўмаклашарди. Негадир у тез-тез кўзгуга қарайдиган бўлиб қолди. Кўзгунинг олдидан ҳар ўтганда беихтиёр тўхтар, унга қараб сочларини тузатиб оларди.
Баҳор гўё ўзи билан уларга ҳам озми-кўпми яхши кунлар муждасини олиб келганди. Корхонада Ҳамзанинг даражасини ва маошини орттириш ҳақидаги умид рўёбга чиқарилганди, ҳар ҳолда омонсиз эҳтиёжга анча барҳам берилганди.
Аввалги сингари оиланинг яширинча тортаётган, ичларига солиб юрган биргина дарди бор эди: Суюндик! Бу дард Гулабатиннинг қалбини бир кун ҳам тарк этмасди, аксинча, кундан-кунга оғирлашиб бораётгандек эди. Ахир, қачондан бери Суюндикдан бирор хабар йўқ эди. У ҳақда фақат тилдан-тилга ўтган бирор нарса эшитишарди, вужудининг борлигини сезишмасди, гўё у жуда узоқларда эди. Ёлғиз хотиралардан, қандайдир хаёлотдан иборат эди. Энди бўлса у қаерда бўлса-да, яшаётганини, нафас олаётган жонли вужуд эканини билдирганди. Ота-онанинг, Ҳамзанинг, айниқса, Гулабатиннинг қалбида шу вужудни кўриш, у билан юзма-юз ўтириш, унинг ҳароратини ҳис қилиш ҳасрати ортганди.
Яъни яранинг кўзи кўчган ва унинг оғриғига чидаш жуда қийин эди. Шубҳаларни, безовта ўйларни орттирган нарса шу эдики, хат олган кунидан номаълум киши ҳам ғойиб бўлганди. У ҳожиларникига ҳам келмаётганди. Гулабатин бозорга ёки дўконга борганда кўзи тўрт, яхши кийинган, цилиндрли, қўлида ҳассаси бор кишини излай бошларди. Лекин тополмасди.
Гулабатин уни кўришга, гаплашишга, суҳбатлашишга эҳтиёж сезарди. Эҳ, юрагига, хаёлига шунчалар нарса тўпланиб қолганки, уларни ҳал қилишни билмай гаранг. Ҳар куни бошида минг бир хаёл чарх уради, уларнинг ҳеч қайси бирига тўғри жавоб тополмайди. Гулабатин бундай безовта бўлишининг, оромини йўқотганининг боиси ўша деб биларди. Бир одамда қатъиян билмаган, умуман тасаввур қилмаган ҳавасларни уйғотиш, ақлига ҳам келмаган ўйларга солиш, кейин эса бир чеккага чиқиб туриш инсофданми?
Гулабатин ўша пайт, ҳали тор кўчадаги икки қаватли уйдаги кенг ва ёруғ хонада, унинг гапларининг маъносини яхши тушуниб етмаганди. Лекин ўша сўзларнинг ҳаммасини эсида сақлаб қолганди. Туя еганини кавшаниб ҳазм қилгани сингари у кейинроқ соатлаб ўйга толиб, унинг сўзларининг асл маъносини тушуна бошлади. Айниқса, иш ҳақида айтганлари Гулабатиннинг хаёлидан кетмасди: “Ахир, бировнинг уйида малай бўлиш бошқа, идорада, корхонада ишлаш бошқа нарса. У ерда ёлғиз бўлмайсан, шерикларинг бўлади”. Бу гаплар унинг миясида айланганча қизни безовта қиларди. Авваллари шунчалар рози бўлгани, худога минг қатла шукр қилгани – бу уйдаги иши – кўнглига уриб, ҳатто бир камчиликдек кўрина бошлади. Бир сафар у бу фикрини мўмин-қобил Ҳамзага гапирди. Ҳамза нима ҳам дерди? Жимгина қулоқ солди, тирноқларини чайнаб турди. Лекин Гулабатин сездики, у жуда безовта бўлаяпти, азобланаяпти, ўзининг ожизлигини, ўз синглисига ёрдам беролмаслигини ҳис қилгани сайин юраги ўртанарди. Ҳамзанинг изтироблари учун ҳам Гулабатин ўзини гуноҳкор сезди. Ахир, нега акамга азоб бераяпман?! Номаълум киши ҳақида ўйлаганда ҳам ўзига таъна қилди. “Нега ўшанда ҳозиргидай тушунмагандим, қўл-оёғим қалтираб, кўзларим ёш тўкиб хўп бемаъни гапларни айтибман…”
Эҳ, азиз Гулабатин, Суюндик сенинг бу қарама-қарши фикрларингни, ўзингга на қадар азоб берганингни кўрсайди, қанчалар қувонарди. “Синглим, сен шундай нарсаларни ўйлаяпсанки, — дерди у, — улар буюк файласуфларнинг идрокига лойиқ. Сен яна бироз яшасанг, сал-пал инсон амаллари билан таниш бўлсанг, ўқисанг, ўйласанг, бу амалларни таҳлил қилиб кўрсанг, одамлар қўлларини, оёқларини, тилларини қимирлатгунча, тушунчалари, ақли ва фикрларини ишлатсайдилар, аъзоларининг ҳаракатини идроклари ҳукмига топширганларида башарият нақадар бахтли бўларди! Шунда халқларнинг тақдири тасодифлар ҳукмига тушиб қолмасди. Насл-насабига, маслаксизлигига, сиёсий ҳийлалар соҳасида эпчиллик қилганига кўра давлат тепасига келган худбин, калтафаҳм ҳокимлар халқларни бир-бирига яқинлаштирувчи инсоний туйғуларни ёвуз, ҳайвоний оғалик ва устунлик туйғуларига қурбон қилмасдилар. Токи, ҳамма, ер юзидаги барча шоҳлар ўз инсоний моҳиятларини англаб етсайдилар, кўр-кўрона ҳаракатлари ақлга бўйинсиндирилса эди, бир талай балолар, изтироблар, фожиаларнинг олди олинган бўларди…”
Албатта, Гулабатин буларнинг ҳеч бирини билмасди. У табиий равишда бутун қалби билан саодатга мойил эди. Ахир, гуллар қуёшдан жон оладилар, кунгабоқар офтобнинг асирига ўхшаб унга қараб бурилади. Худди шундай, саодат ҳам бир эҳтиёж эди, ёш қизнинг юрагида уйғонганди. Қиз ўсган-улғайган сари, аъзолари куч-қувватга тўлгани, ёноқлари қизиллашгани сайин бу эҳтиёж ҳам катталашар, ортар, кучаярди. Камбағалларнинг болалари шунинг учун ҳам шоҳпаланклардан зеҳнли, зийрак ва қобилиятли бўладиларки, кичиклигидан бошлаб ҳаётнинг ўзи уларга муаллимлик қилиб сабоқ беради.
Ҳарҳолда Гулабатин номаълум киши ҳақида ҳеч кимга, ҳатто катта хонимга бирор сўз айтмасликка аҳд қилди. Ёмон хаёлларга бормаслик, умидсизликка тушмаслик учун эса яхши дармон-дориси бор эди! Китоб! Оғир фикрлар бостириб келган кечаларда у “Ҳайдарбобога салом”ни ўқирди. Бу китобни ўқиган сайин у онаси эртакларини тинглагандай бўларди. Ёки ширин орзулар қанотида қаерларгадир учиб боргандай бўларди. Китобнинг баъзи жойларини қайта-қайта ўқир, ёдлаб олган эди. Ҳатто ишлаётганда, кир ювган, уй тозалаган пайтлари ёдлаган жойларини ичида ўқиб, анча енгил тортарди…
— Гулабатин, ўз-ўзингча кўп гаплашадиган бўлиб қолдинг, нима гап ўзи? — деб сўраб қолди хоним ва жавобини кутмасдан илова қилди, — бор, оғанинг хонасини тозала. Бир оздан кейин йиғилишади. Ҳовлини кейин супурасан.
Гулабатин ҳовли супургисини жойига қўйиб, уй супургиси, хокандозни олиб ҳожининг хонасига йўналди. Ҳовлида ўзини баҳор офтобига тоблаётган хоним унга қараб:
— Ма, ушбу соатни ҳам ҳожининг хонасига олиб кириб токчасига қўй. Менинг хонамда эсидан чиқариб қолдирибди…
Гулабатин занжирли, қопқоқли қадимий тилла соатни олиб хонага кирди, ҳожи сиёсатга берилгандан кейин эс-ҳуши ҳам жойида эмас, — ўйлади қиз. — Бу соатни ҳеч қаерда қолдирмасди, бирор одамга ишониб бермасди, доимо чўнтагида олиб юрарди. Одамлар орасида чиқариб тугмачасини босар, бирдан юқори кўтарилиб, очилган қопқоғига завқ билан қарар, вақтни аниқлар ва дарҳол ёпиб чўнтагига соларди. Энди бўлса боши шу қадар гангиб қолибдики, шунчалар севган соатини эсидан чиқариб ўтирибди.
Гулабатин ҳожининг ётоғини супураётганда ташқарида Шоҳпаланкнинг йўғон овози эшитилди. Қиз деразадан чўзилиб қаради. У қаёққадир кетишга тайёрланганди. Пиджагини енгига ташлаб олган, оғзида сигарет, онасининг тепасида турарди. Гулабатин “беринг, туринг ўрнингиздан, юз туман беринг” деганини эшитиб, онасидан яна пул қистаяпти, деб ўйлади. Лекин хоним ўрнидан жилмади. Улар анча тортишишди.
— Отанг ҳозир келиб қолади, ўзидан сўра! — деди хоним қатъий.
Шоҳпаланк жаҳл билан ўз хонасига кириб кетди.
Гулабатин ҳожининг хонасини тозалаб бўлган заҳоти хоним унга янги иш буюрди:
— Югур қизим, ўша муюлишдаги баққолдан бироз долчин олиб кел. Уйда тугаб қолибди, ҳожи долчинли чойни яхши кўради. Бирдан сўраб қолса, топиб бермасам балога қоламиз. Югур.
Гулабатин қўлини тез ювди-да, кўчага югурди. Ўн дақиқа ўтмай долчин олиб қайтди, ҳожи унинг орқасидан ҳовлига кириб келди.
— Қаердан келаяпсан, Гулабатин хоним? — дея ярим истеҳзо билан сўради. Қиз қисқа жавоб қилди:
— Хонимнинг топшириғи билан…
Бошқа пайт бўлганда ҳожи суриштирарди: “Қанақа топшириқ, не топшириқ?!” деб. Лекин ҳозир кайфияти соз эди, фикри бошқа нарса билан банд эди, индамади. Ҳовлининг ўртасида хотинини кўриб, овоз берди:
— Хоним, ўша ўтирган жойингизда, ҳовуз бўйида, менга бир стакан чой тайёрланг, бошмоқларимни кийиб келаман.
Ҳожи хонасига кириб оёқ кийимини ечган эди, Шоҳпаланк унинг бошига тикланди. Гулабатин долчинни хонимга бериб, ҳовлини супурарди. Бир қулоғи улар томонда эди. Лекин нима гаплашаётгани аниқ эшитилмасди. Улар анча гаплашишди. Ҳожи ўзини тутолмади, ўғлига қаттиқ бақириб берди. У шундай бақириб бердики, унинг бунақа ўшқиришини ҳеч ким эшитмаганди.
— Нима истайсан мендан?! Ўлдирмоқчимисан мени? Торт қўлингни! — дея ҳожи титраб-қақшаганча ҳовлига чиқиб келди, ҳовуз бўйига ўтирди. Шоҳпаланк пиджагини елкасига ташлаб:
— Майли, бўлмаса! — деганича ҳовлидан елдек чиқиб кетди.
Бироздан кейин ҳожи очиқ ҳавода дарахтлар соясида ўтириб, хоним ўз қўли билан тайёрлаб келган чойдан ичиб ўзига келди-да, хонасига кирди, ўша заҳоти қайтиб чиқиб, хотинини чақирди:
— Хоним, менинг соатим қаерда?
Ҳовлида турган хоним Гулабатиндан сўради:
— Гулабатин, ҳожининг соатини қаерга қўйдинг?
— Сиз айтган жойга – токчага қўйгандим, хоним, — дея жавоб берди ҳовлидан Гулабатин.
Ичкаридан ҳожининг асабий ва ташвишли овози эшитилди:
— Токчада ҳеч қанақа соат йўқ… Келиб топиб кўринглар-чи…
Хонимнинг ўзи ичкари кирди. У ёқ-бу ёққа қаради, тополмай, Гулабатинни чақирди.
— Ҳой қизим, келиб қара, қаерга қўювдинг, — деди ва асабийлашиб ўзини йўқота бошлаган ҳожини тинчланишга уринди. — Қўйсангиз-чи, ҳой киши, соатни ейишмагандир, ахир, топилиб қолар.
Гулабатин уйни остин-устун қилди. Токчаю тахмонларни қараб чиқди. Тилла соат ҳеч қаерда йўқ эди. Чеккада туриб қизнинг ҳаракатини кузатиб турган ҳожи дағдаға қилди:
— Худо ҳаққи, агар соатни тополмасанглар дунёни остин-устун қиламан!
Ранги қув ўчган хоним Гулабатиндан сўради:
— Қизим, яхшилаб эслаб кўр, балки бошқа жойга қўйгандирсан. Чўнтакларингга қараб кўр.
Ҳеч кутилмаган бу машъум воқеадан ўзини йўқотиб қўйган, шошиб, саросимага тушган Гулабатиннинг хотираси бир дақиқага туманлашди. Соатни токчага қўйганига ўзи ҳам шубҳалана бошлади. “Балки, ростдан ҳам бошқа жойга қўйгандирман?” деб ўйлади. Кўйлагининг ёқаларини, чўнтакларини қидириб кўрди. Хоним билан биргаликда бошқа хоналарни ҳам қидириб кўришди. Хилват даҳлиздаги Гулабатиннинг хонасини, кийим-бошларини тинтиб чиқдилар. Соат қуш бўлиб кўкка учиб кетгандай, ҳеч қаерда йўқ эди!
Уйларнинг ҳамма жойини ахтариб тополмагач, қайтадан излай бошлашганини кўрган ҳожи Гулабатиннинг тепасига келди:
— Тўғрисини айт, муюлишда кимга бериб келдинг?
Гулабатиннинг бошига худди катта таёқ билан ургандай бўлишди. Қиз турган жойида қотиб қолди. Унга дунё тамом бўлгандай, бундан кейин унга ҳаёт йўқдай туюлди. Хоним таънали кўзи билан эрига қаради:
— Бас қилинг, ҳой киши!
Ҳожи сал олдинроқ Шоҳпаланкка қичқирганидан ҳам бадтар ўшқирди:
— Нега бас қиламан? Нима учун?! Уйингда ўғри асраб юрибсан-ку! — дея Гулабатинга ўгирилди: – Бор, кимга берган бўлсанг ҳам олиб кел. Бўлмаса, отангни ҳам, онангни ҳам бу ерга тўплайман. Наслингни Табриздан қуритаман.
Дунё Гулабатиннинг кўзларига қоронғулашди. Ёз офтоби ҳам, гўзал дарахтларни, чиройли гулларни ҳам зулмат босди. Қизнинг гапиргиси, бақиргиси келарди, “ёлғон, мен ўғри эмасман!” дегиси келарди. Лекин сўзлари томоғидан бўғар, нафас олишга қўймасди. Юраги қинидан чиқиб кетаётгандай, ўпкаси оғзига тиқилиб қолаётгандай бўларди.
Лекин бирдан кўзларидан ёш қуйилиб келди ва бўғилмади, енгиллик ҳис қилиб, юзини деворга ўгириб олди. Ҳожи бўлса қичқирар, дўқ қиларди:
— Кўз ёши ёрдам бермайди, бор соатни олиб кел!
Шу пайт юмшоққина, мулойим бир қўл Гулабатиннинг елкасига қўйилди, унинг бошини кўксига босди.
— Ота, ялинаман сизга, юрагимни ўртаманг. Биласиз-ку, мен бундай нарсаларни кўтара олмайман! — дея катта хоним отасига мурожаат қилди. Кейин ҳўнграётган Гулабатинни қучоқлаб, ўз хонасига етаклади. Ҳали ичкари кирмасдан уларнинг қулоғига ҳожининг овози эшитилди:
— Ҳаммаси одаму фақат мен бошқа! Ҳаммасида юрак бор, битта менда йўқ! Соат топилмаса тинчлана олмайман, хотин!
Гулабатин оғзини очиб гапирмоқчи, ҳеч бўлмаса катта хонимни ишонтирмоқчи, ўлсам ўламанки, бунақа ишни қилмайман демоқчи бўлди. Лекин катта хоним гапиргани қўймади:
— Худо отамни инсофдан айирибди, Гулабатин! Йиғлашнинг, ўзингни ўлдиришнинг кераги йўқ. Сен йиғласанг, у сени гуноҳкор деб ўйлайди. Тушунаяпсанми? Сира йиғлай кўрма. Ахир, сен олганинг йўқ-ку, нега азоб тортаяпсан?! Нега ожизлик қилаяпсан?! Сен шуни яхши тушунки, нақадар ожизлик қилсанг, сени шунчалик топтайдилар. Олтиннинг, бойликнинг қонуни шундай. Сен уларнинг соясида адолат, инсоф ахтариб овора бўлма!
Катта хонимнинг гаплари қанчалик ғайриоддий ва мароқли бўлса-да, Гулабатинга кўп тасалли беролмасди, уни бундай шармандаликдан қутқара олмасди. Пешонасига “ўғри” тамғаси босилишини ўйлаганда қизни яна ваҳима босди. У юзини деворга ўгирганда, катта хонимнинг нафрат тўла овозини эшитди:
— Лаънат бўлсин бундай ҳаётга, одамнинг егани ҳам заҳарга айланади!

АЛВИДО, БОЛАЛИК!

Ҳовлида эса ҳожининг жазаваси тутиб ётганди. Гўзал баҳор ҳавосини, гуллар атрини, қушлар нағмасини, ҳамма-ҳаммасини унутганди. Ҳаммаси унинг учун ҳеч нарсага арзимасди. Кўзига бирор яхши нарса кўринмасди. Кўринган нарсаларнинг энг ёмони шўрлик Гулабатин эди. Ўша бечора Гулабатин неча йилдирки нозик қўллари билан ҳожининг кир кўйлакларини ювар, ҳовлисини тозалар, хизматида ҳозиру нозир турарди! Энди бўлса ҳаммаси унутилганди.
Ҳожи билан хоним анча гаплашишди. Ҳожи соатни Гулабатин олган, ўғирлаган, вассалом, деб туриб олди. Хоним бўлса, Гулабатин бундай қилмайди деб уни оқлашга уринарди. Ҳожи шунчалик гапирдики, ахир хонимни ҳам ўз айтганларига кўндирди. Ҳожи деди: “Инсон хом сут эмган банда, ундан ҳар нарсани кутса бўлади”. Бу гаплар хонимни ҳам йўлдан урди.
— Қаёқдан билай, худо ҳаққи! — дея таслим бўлди. Буни кўриб ҳожи бадтар ҳужумга ўтди.
— Булардан нимани кутасан ўзи, отаси — оч, онаси — оч, ҳеч нарсадан қайтишмайди! Сен бор, гаплаш, бўйнига қўй!
Хоним чор-ночор катта қизининг ётоғига кирди. Гулабатинни ёнига ўтқазди. Дардли ва ташвишли овозда:
— Гулабатин, қизим, — деди, — балки сенга ўргатишгандир. Эҳтимол, очлик мажбур қилгандир. Менга айт. Ҳожини бир амаллаб кўндираман, гап шу ерда қолади.
Гулабатинни илон чаққандай бўлди. Хаёлида бир чироқ ўчди, умиди пучга чиқди:
— Хоним, сиз ҳам шунақами? — деб йиғлаб юборди. Катта хоним эса шиддат билан онасига юзланди:
— Бас қилинг, ойи! Шунчалар бағри тошмисиз? Нега мунча исканжага оласиз бечорани?!
— Мен нима қилай, ахир?! Қуриб кетсин бундай ҳаёт, бунақа турмуш! — деганича аёл пушаймон бўлиб ташқари чиқди.
Орадан икки дақиқа ўтмай, ҳожининг яна жазаваси тутди. Қўшни болани чақирди-да, дилижонга миндириб, буюрди:
— Бор, ҳозирнинг ўзида отасиниям, онасиниям, уйларида яна ким бўлса, эркакми, аёлми, дилижонга ўтқазиб дарҳол бу ёққа олиб кел.
Ярим соатга қолмай Норинж ва Ҳамза бу воқеадан хабардор бўлишди. Уларнинг иккаласи ҳам маййит рангида эдилар. То улар етиб келгунча ҳожи гоҳ хотинига ташланар, гоҳ Гулабатинга зуғум қиларди. Катта қиз бу тўс-тўполонга, ҳақоратларга бардош беролмай, китобларини олиб қаёққадир жўнаб қолди. Ҳожининг истаганича айюҳаннос солишига монелик қиладиган ҳеч ким йўқ эди. Гулабатиннинг онаси ҳовлига кириши билан:
— Кечирасиз, хоним, айтинг, қизимга нима бўлди? — деб хонимга ташланди.
— Қўрқманглар, қизингиз ўлгани йўқ! — деди ҳожи уларни қаршилаб. Ҳовуз бўйида ўтирганча аҳволни тушунтириб берди. Соатни дарҳол қайтариб беришни талаб қилди.
Бир соат туфайли озиб-тўзиб, кичкинагина бўлиб қолган, кўзлари ич-ичига тушиб кетган Гулабатинга қараб онанинг юраги орқасига тортиб кетди. Уни бағрига босиб овутишга уринди. Гулабатиннинг кўзи эса ўйга ботган, лаблари пирпираётган, тирноқларини чайнаб турган Ҳамзада эди. У нимани ўйлаётган экан? У ҳам Гулабатин ҳақида ёмон фикрда бўлса, бундан сўнг дунёда яшашнинг не маъноси бор?!
Ҳожи гоҳ дўқ-пўписа қилар, гоҳ тилига эрк бериб соатни Гулабатин ўғирлаганига шубҳа йўқлигини гапирарди. Ниҳоят, юзини Ҳамзага бурди:
— Сен бундан каттасан, акасисан, тушунтир, айт мундоқ, соат қаердалигини айтсин.
Гулабатин Ҳамзанинг лаблари бадтар титрай бошлаганини, панжалари мушт бўлиб тугилганини кўрди. У ҳожига қараб икки қадам ташлаганида қиз қўрқиб кетди, бирор фалокат юз бермасайди, деб хавотирга тушиб қичқириб юборишига сал қолди. Лекин Ҳамза тўхтади ва ҳожининг кўзларига тикилди.
— Ҳожи, биз ўғирлик билан мол топадиганлардан эмасмиз! — деди. – Биз ҳалол сут эмганмиз, ҳалол нон еганмиз. Қўлингиздан келганини қилинг!
Ҳожи “Бўй, бўй, бўй!” — дея киноя билан бир хонимга қаради, бир Норинжга ва Ҳамзанинг ёқасидан олиб: “Чиқ бу ердан!” — демоқчи бўлганида кўча дарвозаси очилди ва боя Ҳамзаларни айтиб келгани борган қўшни боласи кўринди. У югуриб ҳожининг ёнига келди:
— Ҳожи оға, — мени Шоҳпаланк юборди. Бозор эшигида кутаман, деди. Отамга айт, юз туман берсин, олиб келиб, тилла соатни олиб кет. Ярим соат ичида олиб келмасанг соатни юз туманга сотиб юбораман, деяпти…
Ҳожи ўғирлик устида қўлга тушган одамдай шошиб қолди, сувга тушган қари товуқдай буришиб қолди. Хонимнинг ранги оқарди. Кейин аста-секин ўзига келди. Елкасидан босиб турган оғир юк олиб ташлангандай бўлди. Гулабатин, Норинж ва Ҳамза эса ҳайкалдай қотиб ҳожига қараб туришарди. Бу қарашларнинг оғир юки ва кучини ҳис қилгандай ҳожи бир силкиниб қўйди.
— Сутингга лаънат, эмган сути ҳаром унинг! — деди-да, нариги томонга бурилди. Титроқ қўллари билан ҳамёнини чиқариб, юз туман санади-да, ҳалиги болага узатди.
— Мана, олиб бориб, тезда соатни олиб кел! Минг туманлик соатни юз туманга сотармиш-а, тез чоп! — деди-да, қора кўланка мисол ўз хонасига шўнғиди.
Хоним Гулабатинга яқинлашди.
— Ке, қизим. Юр, уйга кирайлик… Онанг ва акангни ҳам чақир, чой ичишсин! — дея қўлидан ушламоқчи бўлди. Гулабатин қўлини тортиб олди, секин ва алам билан:
— Раҳмат, хоним, — деди, — сизнинг яхшилигингизни унутмайман, менга кўп нарсани ўргатдингиз.
Гулабатин онасининг қўлидан ушлаб эшикка йўналди. Ҳамза бўлса уларни ҳимоя қилгандай орқаларидан юриб борарди. Хоним жойида қотиб қолганди. Гулабатиннинг сўнгги сўзлари унинг қулоғида жаранглаб турарди. Улар узоқлашган сари чуқур афсус туйғуси вужудини титратмоқда эди.
Гулабатин хиёбон бўйлаб анча юргач, орқасига қайрилиб, ўзи хизмат қилган уйга қаради. Унга болалигини шу ерда қолдириб кетаётгандек туюлди. Энди ҳаётининг бошқа даври бошланмоқда эди. Ҳали билмаган, кўрмаган йўллар кутмоқда уни… Анча вақт ёнма-ён, индамай юриб боришгач, онаси унинг ўйларини тарқатиб юбориш учун номаълум кишини эслатди:
— Икки кун олдин бизникига келганди. Суюндикдан хат олиб келганди…
Гулабатин ўзини шунчалик ҳорғин ҳис қилардики, ҳеч нарса дея олмади, фақат онасининг совуқ ва қуруқ қўлини топиб маҳкам қисди…

1965 йил.

Озарбайжон тилидан Файзи Шоҳисмоил таржимаси.
«Жаҳон адабиёти» журнали, 2004 йил, 10-сон