Нобел мукофоти топшириш маросимидаги нутқ
Ушбу учрашув бизни қизиқтирган масала ҳақида фикр алмашиш бўлиб қолишини истардим. Умуман Лотин Америкаси адабиётининг манбааларини таҳлил қилишдан бошларканмиз, роман жанрига яқин бўлган асарларга алоҳида эътибор қаратамиз. Минг йилларча илгари ўтган учта улуғ маданият – майя, ацтек ва инклардан қолган манбааларга мурожаат этайлик.
Энг аввало, мана бундай савол кўндаланг туради: “Ҳинди адабиётида романга яқин жанр бўлганми?” Менимча, ҳа. Тушунишимизча, маҳаллий маданиятларда қадимшунослик тарихдан кўра романга яқин бўлган. Масалан, ацтеклар ва майяларда тарихий китоблар – романлар деб ҳам атасак бўлади – шакллар воситасида сақланиб қолган, яъни инкларга ҳали маълум бўлмаган расмлардан иборат. Ўқувчи – ҳикоячи (ҳиндулар учун ўқиш ва ҳикоя қилишнинг фарқи йўқ) шартли белгиларни овоз чиқариб ўқиган ва қўшиқ ҳолда тингловчиларга етказган.
Ўқувчи – айни вақтда афсонадан куйловчи, айтганларидек, “улуғ тил” – шартли белгиларни тушунадиган одам, уларга маъно бериб, ўз санъати билан тингловчиларни баҳраманд қилган. Чизиб қолдирилган бу афсоналар тингловчилар хотирида қолиб, авлоддан-авлодга оғзаки ўтиб келган; испанлар эса, шартли белгиларни ерли аҳолининг енгил-елпи лотинлашган тили ёки тўппа-тўғри кастил лаҳжаси билан ёзма кўринишга айлантирганлар. Шундай йўл билан ҳинду битиклари йўқолмасдан бизгача етиб келди. Шу ҳужжатларни ўрганиб, Америка ерли аҳолининг қадимшунослигида тарихийликдан кўра роман аломатлари кўпроқ, деб хулоса чиқардик. Бу асарларда реал воқелик чаплашиб кетади, чиройли безакларга ўраниб, тўқима афсонага айланиб қолади, бироқ таҳайюл шундай ҳаққоний кўриниш касб этадики, ўзига хос воқелик бўлиб кўринади; биз уни сюрреалистик воқелик деб атаган бўлардик. Воқеликнинг таҳайюл туфайли бундай чаплашиб кетиб, супер воқелик яратилишига ҳақиқий макон ва заминнинг муттасил емирилиб туриши қўшилади. Ва ниҳоят, яна бир муҳим ва ўзига хос хусусият: кўпинча битта нарсани, битта фикр ё ҳис-туйғуларни ифода этиш учун турли сўзлар ишлатилади. Ғарб маданиятини олган одам учун бундай параллеллик маънисиз сўз ўйини бўлиб кўринади, лекин ҳиндулар юксак поэтикликни эгаллашига ёрдам берди, сеҳрли деб саналган руҳий мувозанат яратишига имкон яратди.
Американинг абориген халқлари маданиятида романга яқин адабий жанр юзага келиши масаласига қайтиб, бу романчилик жонли туғилиш босқичида эпопеяга тенг бўлган, дейиш мумкин. Уйдирмага асосланган қаҳрамонлик афсоналарини сайёр қўшиқчилар – қабилаларнинг “улуғ тили” шаҳарма-шаҳар, қишлоқма-қишлоқ юриб, одамларга куйлаб бердилар. Америка ҳиндуларининг адабиётида кенг тарқалган, аммо бизга жуда кам маълум бўлган бу эпик қўшиқларга “роман фитнаси” деган нарса хос бўлиб, уни испаниялик монахлар ва уламолар “уйдирма” деб атадилар.
Роман тусидаги афсоналарнинг илдизи қадим ўтмишга чуқур кириб боради ва шарафли қаҳрамонликлар хотирасини сақлаб, тингловчиларни ҳам шундай жасоратлар кўрсатишга ундайди. Ҳақиқий воқелик билан бирга уйдирмаларни ҳам ўзида акс эттирган бу адабиёт испанлар ҳиндуларни қул қилиб олгандан кейин ривожланишдан тўхтаб қолди, шундан кейин, унинг бўлаклари ҳалок бўлган цивилизацияларнинг тупроқ остидан топиладиган идиш парчалари каби бизга етиб келди. Бироқ, шунда ҳам у ўша ҳужжатлар кўринишида мавжуд, фақат, энди улуғворлик эмас, инқироз намунаси бўлиб, озодлик эмас – қуллик, ҳукмдорлар эмас – қуллар рамзи бўлиб мавжуд; юзага келаётган янги, америкача адабиёт ўша даврларнинг соқов бўшлиқларини тўлдиришга ҳаракат қилаяпти. Иберия ярим оролида ривож топаётган реалистик роман ва драма, деб аталган адабий жанрлар Америкага синғмайди.
Биринчи ва улуғ Америка романини ёзган испаннинг калласи ҳиндуларнинг наъраси, куч ва қон, дарёлар, денгизлар ва сароблар билан тўлган эди. Ахир, Бернал Диас де Кастильонинг “Янги Испанияни босиб олинишининг ҳаққоний тарихи” китобини роман деб ҳисоблаш керак-да. Балким аскар Бернал Диаснинг ўзи оддийгина “тарих” эмас, балки “ҳаққоний тарих” деб атаган асарни мен “роман” деб янглишаётгандурман? Романлар ҳам кўпинча ҳақиқий тарих асосига қурилган бўлади-ку… Бироқ, савол туғилади: хроникачининг асарини роман, деб аташ қўполлик бўлмасмикан? Ким шундай деб ўйласа, ўша аскарнинг талвасалаб, нафаси тиқилиб ёзган прозасини ўқишни маслаҳат бераман: ҳеч қаёққа чалғимай унинг ичига кирсангиз, ҳақиқатда ҳам бўлган воқеалардан ҳикоя қилинаётганини унутасиз, китоб ғирт уйдурма бўлиб туюлади. Бунинг нимасига ҳайрон қолиш керак, ахир Берналнинг ўзи Теночтитланнинг деворлари тагида туриб, “Буларнинг ҳаммаси Амадис ҳақида китобдаги мўъжизаларга ўхшайди-я!” дея хитоб қилиб турибди-ку.
Бу хроникани испан ёзган, дея менга эътироз қилишлари мумкин, лекин унинг испанлиги – Испанияда туғилганлигида холос, асарни эса қўҳна кастил лаҳжасида ёзган. Яратилган жойи Сантяго де Кабалерос де Гватемага бўлиб, машҳур қўлёзма ўша ерда сақланади. Ҳатто классик испан адабиётининг билимдонлари ҳам бу насрни нафис деб ҳисоблайдилар, муаллифи оддий аскар эканлигидан ҳайрон бўладилар. Улар ўйлаб кўрмайдиларки, бу Бернал деганлари ҳиндулар адабиёти ҳақида фақат эшитибгина қолмай, унинг таъсирини ўзида сезган.
Бернални Америка билан яқин қилган бошқа, янаям яққол нарса бор. Қул қилинган ҳиндулар ўзларининг кейинги ғамгин қўшиқларида адолат талаб қиладилар; Бернал Диас де Кастильо ҳам бағрини кенг очиб, қисқа ғазабнок хроникасида дилидаги қаҳрига эрк бериб, шуни талаб қилиб чиқди.
Шу вақтдан бошлаб, бутун Лотинамерикаси адабиёти – наср ҳам, назм ҳам ўз даврининг ҳужжатли гувоҳи бўлибгина қолмай, венесуэлалик шоир Артуро Услара Пьетрининг сўзи билан айтганда, “кураш қуроли”га айланди.
Жанубий Америка кимларни етказиб бераяпти? Бор бўйи билан соф метис, Американинг энг биринчи қувғини Инки Гарсиласони. Ўз ватанини ташлаб кетган бу креол – Америка қитъасида туғилган европалик, Перунинг золимларини фош қилиб, ҳиндуларнинг баралла янграётган овозига жўр бўлди. Инкининг улуғвор прозаси, унинг адолатталаблиги фақат америкача ё испанча, муқаддима бўлиб қолмай, балки халқлар руҳан аралашиб, бир-бирига сингиб кетишининг бир кўринишидир.
Ўша пайтда Инкининг прозасида ҳеч ким “ғоя” деган тушунчани сезмаган. “Ғоя” мустақиллик учун курашларда юзага келди. Айнан ўша даврда кўрдилар-ки, Инки испан босқинчисидан устун турган ҳинду сифатида икки ханжар хокимияти, яъни фуқаролик ва черков цензураси устидан кулди. Кейинчалик испан ҳукмдорлари унинг киноя, хаёлот ва аламга бой асари аҳамиятини сезиб қолдилар ва тушуниб етганларидан кейин Инки Гарсиласонинг ҳаёти тарихини синчиклаб ўргандилар ва жуда кўп “номуносиблик”ларни топдилар.
Бизнинг қувғинга учраган, бундан кейин ҳам ўз даврининг ҳужжати бўлиб қоладиган адабиётимизни турли ёзувчилар шакллантирган. Масалан, бизнинг гватемалалик шоир Рафаэл Ландиварнинг ўз исёни шакли бор. Унинг норозилиги сўзсиз, барча испанларни у ҳеч қандай изоҳ бермасдан “гиспани” деб атайди. Гарчи Ландивар кўпчиликка номалум шоир бўлса-да, мен унинг ижодига тасодифан мурожаат этмаяпман, чунки бизнинг ерлар, табиат ва одамлар руҳини ҳаққоний ифодалашда уни америка адабиётиниг байроқдори дейиш мумкин. Бу ҳақда Педро Энрикес Уренья бундай ёзади: “Колониал даврнинг америкалик испан шоирлари орасида Ландивар – манзаранинг энг устаси, Уйғониш даври адабиётининг тамойилларидан биринчи бўлиб кескин воз кечиб, Янги Дунёнинг ўзига хос табиатини, флораси ва фаунаси, тоғлари ва далалари, кўллари ва шаршаралари билан ҳисобга олган ҳолда кашф этган. Америка халқларининг одатлари, ҳунармандчилиги ва кўнгилхушликлари тасвири латиф тийраклик билан йўғрилган, бунинг устига унинг поэмасида, бошдан охиргача ҳинду маданиятига чуқур хайрихоҳлик ва уларнинг ҳаётга бардошлилигини тушуниш кўринади.
Рафаэл Ландиварнинг 3425 лотин гекзаметрларидан иборат поэмаси 10 қўшиққа ажратилган ҳолда, биринчи марта 1781 йили Италиянинг Моден шаҳрида “Қишлоқ Мексикаси” номи билан чоп этилди. Бир йилдан кейин Болоньяда яна нашр қилинди. Менендес-и-Пелайо шоирни “Замонанинг Вергилийси” деб атади ва европаликлар олдида Америка ерларининг қадр-қимматини, одамларининг комиллигини кўкларга кўтарди. У Эски дунёнинг одамларига бир нарсаларни эҳтирос билан тушунтириб бермоқчи бўлди. Чунончи, Везувий ва Этнага Мексиканинг Хорульо вулқонини, Касталия ва Аретузанинг машҳур фаввораларига Гватемаланинг Сан Педро Мартир деган жойидаги ғорлар ва шаршараларни рўпара қўйиш мумкин, “томоғида 400 хил товуш бор бўлган қуш” – сенсонтле шон-шуҳрат салтанатида булбулдан устун туради, демоқчи бўлди.
У ўзлаштирилмаган ерларнинг бойликларини, қимматбаҳо тангаларнинг соф олтинию кумушини, қироллар дастурхонига қўйиладиган калла қандларни кўкларга кўтарди.
Шоир, оврупаликларнинг кўзларини қамаштирадиган америка бойликларини ҳисоблашни ҳам унутмади. У йилқилар уюрини, қўй сурувларини, қўтос, эчки ва тўнғиз подаларини, шифобахш булоқларини, Европада номаълум халқ ўйинларини (масалан “учар таёқча” деган ўйинни эслайди) санаб чиқади, гватемала шоколади ва какаосини мақтайди. Яна бир муҳим нарсани таъкидлаш лозим: бу – шоирнинг ерлик аҳолисига меҳри. У ҳинду ирқининг барча олийжаноблигини мақтайди, аборигенлар яратган сузувчи боғларни тасвирлайди, ҳиндуларни кўнгилчанлик ва қўли гуллик намунаси қилиб кўрсатади, шу билан баробар, уларнинг сон-саноғсиз азоб-уқубатларини ҳам ёддан чиқармайди.
Эксплуататорлар ерликларнинг қаҳрли, ишёқмас ва худбин образларини Америкада яратиб, Европага тарқатишларига қарши Ландивар, ҳиндуларнинг бошқа бир портретини – елкасидан оғир меҳнат тоши босиб турган одам портретини намойиш қилади.
Бу ўринда мен ўз фикримни шунчаки тантанали равишда эълон қилмаяпман. Уни қабул қилмаслик ҳам мумкин. Поэмада ҳақиқатда ҳам ҳиндулар ҳаёти батафсил кўрсатилган: биз, ҳинду қандай қилиб ўзининг ихчамгина қайиқчасида сайр қилаётганини ёки товар ташиётганини кўрамиз, қимматбаҳо тўқ қизил ва кармин бўёқларини тайёрлашини, ипак қуртидан ипак тортаётганини, соф атиргул рангини берадиган қимматбаҳо чиғаноқни узиб олиш учун ғояларга тирмашаётганини, нил бўёғини чидам ва тоқат билан тайёрланаётганини, чуқур конлардан табиий кумуш олаётганини, олтин томирларини қидираётганини кузатиб ҳайратларга тушамиз. Ландиварнинг поэмаси, “Халқ ўзининг ҳашаматли ерларида оч-яланғоч яшаса-да, Американинг улуғ адабиёти пассив рўл билан келишолмайди” -деган фикримизни тасдиқлайди ва бу ғоя поэтик қиссагуйлик шаклида ўз аксини топган. Эллик йилдан кейин Андерс Бельо ўзининг машҳур “Америка сильваси” асари билан америка адабиётини янгилади. “Дароз қабиланинг мағрур йўлбошчиси” каби турган бу мукаммал ва ўлмас асарда Янги Дунё табиати манзаралари янгидан пайдо бўлади; унда ҳамма нарса – маисдан тортиб кабеса деб аталувчи ва муқаддас ҳисобланувчи кактус туригача ўз аксини топган; коралл қутичаларига солинган какао ҳақида ҳам айтилган, соборлар билан бир қаторда бананлар, тропик ерлар, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсининг бутун куч-қудрати тасвир этилган; “Бой ўлка”ларнинг бундай улуғвор манзарасига маҳаллий аҳолининг қашшоқлиги аралашиб кетади.
Бельо ўз ватанидан узоқда яшаши билан Инка Гарсиласони эслатади; у келиб чиқиши бўйича Ландивар сингари америкалик; иккала шоир дунё адабиёти тарихида “Америка куни”ни ҳеч тортинмасдан, дадил бошлаб бердилар.
Шундан бошлаб Янги Дунё табиатининг образи Европада қитъага нисбатан айрича қизиқиш уйғотди, лекин бу қизиқиш ҳеч қачон Ландивар ва Бельодаги каби ўтли бўлолмайди. Европаликлар нигоҳида бизнинг борлиқ мўъжизали, осойишта жаннатмонанд кўриниб бузилиб тасвирланди. Шатобрианнинг “Атала” ва “Натчезлар” китоби бунга мисол.
Европа адабиётига ҳос бўлган, табиат манзараларини, ҳеч қанақа юки йўқ безак сифатида ишлатиш одати, кейинчалик Лотин Америкасида туғилган европаликлар яратган креол романтизмига юқди. Ўша давр шоирлари ва романтик ёзувчилари асарларида табиатни тасвирлашга албатта ўрин бериларди. Масалан, Хосе Мариа Эредиа дунёдаги энг катта шовва – Ниагарани куйлайди, Эстебан Эчеверриа “Асира” номли шеърида саҳрони тасвирлайди. Бошқа романтикларни айтмаса ҳам бўлади.
Америка романтизми на фақат адабий йўналиш, балки ватанпарварлик байроғи ҳам эди. Тарихчилар, шоирлар, прозаиклар сиёсий фаолият билан ўз ижодий таҳайюли орасида зир қатнаб, оввораи-сарсон бўлдилар.
Илҳом парисини Ватан ғояси мафтун этган шоирлар орасида Америкада энг кўп ўқиладиган роман “Амалия”нинг муаллифи Хосе Мармол ажралиб туради.
Марказий Америкада диктатуранинг емирувчи кучларни тотиб кўрган бизнинг ўзимиз бу китобни титрамасдан варақлай олмаймиз. Мармолнинг романини таҳлил қилиб чиққан танқидчилар кўпинча уни нотекис, пала-партиш ёзган дейдилару бунақа китоб ёзилаётганида юрак кўкрак қафасидан чиқиб кетгудек бўлишини, ҳар бир сўз ва ибора, ҳар бир саҳифада ватан учун чекилаётган изтиробдан нотекис уриши ўз асоратини қолдиришини ўйлаб кўрмайдилар. Лотин Америкаси романлари орасида “Амалия”ни даврнинг энг аччиқ ҳужжатларидан бири деб ҳисоблаш мумкин. У – диктатурага отилган лаънат тоши, ҳатто ҳозир ҳам ўқувчини ларзага солади, кўплар учун эътиқод тимсоли бўлиб қолди.
Айни шу пайтларда “варварлик ёки цивилизация” деган мангу дилеммани кўтариб чиққан ёзувчи Сармьентонинг овози янгради. Унинг “Факундо” романи креол Америкасининг ҳақиқий ифодаси бўлди. Бу Америка ҳалок бўлишни истамади ва у “варварлик ёки цивилизация” деган схематик қарама-қаршиликни синдира оладиган ва бу иккита бирёқламалик ўртасида ҳар бир ҳалқнинг ўз қадриятларига путур етказмасдан ва ўзига хосликни сақлаган ҳолда, уларни бирлаштириш учун таянч нуқтасини топишга қурби етадиган даражада куч тўплаган эди.
Ўтган асрнинг ўрталарида Гвателамада янаям эҳтиросли романтик – Хосе Батрес Монтуфар пайдо бўлди. Унинг тийрак ва тили ўткир ҳикоятларига шўнқиб кетган ўқувчи, шоирнинг овозига маҳлиё бўлиб, кўнгилхушликни унутиб қўяди. У ўз даврининг энг муҳим муаммолари ичига қандай нафислик ва алам билан кириб кетади-я!
Яна бир овоз иккала қитъага эшитилди. Бу -Хосе Мартининг овози. Ўз ватанидан қувғин бўлган бу шоир ва публицистнинг ўтли сўзлари, ўз жонини фидо қилгани сингари ҳозир ҳам долзарб.
XX асрнинг бошланиши кўплаб юзаки шоирларни етиштириб ташлади. Нодир исмлар бундан мустасно. Булар орасида ўлмас шоир Рубен Дарио бор, гондураслик Хуан Рамон Молина бор. Қолган кўпчиликнинг ижоди сафсатабозликдан нарига ўтмади. Улар хориж поэзиясига беҳуда тақлид билан қониқиш ҳосил қилиб, ҳинду баҳшиларининг анъаналарини инкор этдилар, бизнинг улуғ адабиётимиз асосчиларини унутдилар, озодлик учун курашчиларни куйлаганларни маҳаллий ватанпарварликда айблаб, устидан кулдилар.
Ва фақат биринчи жаҳон урушидан кейингина бир гуруҳ санъаткорлар ҳинду маданияти ва испанча она ибтидони ёқлаб, ўзига хосликни қўлга киритиш учун майдонга чиқишди; улар бу юришдан келажакка қаратилган ғояларни олиб чиқдилар.
Лотинамерика адабиёти поэзия туғи билан эмас, кўпқиёфали ва танқидий проза туғи остида қайтадан туғиляпти. Унинг биринчи қадамлари воқеликка шўнғиб кетиш бўлади. Айнан шўнғиб кетиш, шунчаки объектив акс эттириш эмас. Ёзувчилар ҳодисаларнинг моҳиятига етиб бориб, улар ортида турган инсоний муаммоларни тушуниб етишлари лозим бўлади.
Воқеликка ёндошиб шаклланган замонавий лотинамерика адабиёти учун инсонга хос барча нарсалар, ҳар қандай воқелик бегона эмас. Бу аввало, роман жанрига тегишли. Бизнинг романчилик шу жанр соҳасида бутун дунё бўйича етакчи ўрин эгаллаётганига ҳеч ким шубҳа қилмайди. У бизнинг ҳар бир мамлакатда, турли йўналишдаги ёзувчилар ижодида гуллаяпти ва шу билан бирга, Америка воқелигига асослангани туфайли тарихимизнинг ҳужжатли акси бўлиб қолаяпти. Ва биз, замонавий лотинамерика романнавислари адабиётимизнинг халққа ҳизмат қилишдек қадимги анъанасини давом эттириб, ерларни камбағалларга, шахталарни ер остида ишлаётганларга беришни, далаларда ҳалок бўлаётган ва банан плантацияларида азоб чекаётган миллионларнинг ҳуқуқларини ёқлаб чиқишимиз керак. Шунинг учун ҳам, назаримда, ҳақиқий лотинамерика романи асрлар қаъридан келаётган ва юзлаб саҳифаларга қуйилаётган дарду аламлар фарёдидир. Ҳақиқий лотинамерика романи халқнинг руҳини акс эттиради ва ҳуқуқларини овози борича ҳимоя қилади; ахир бепоён ерларимизнинг қони ва шарбати янгидан-янги метрополияларни бойитиш учун яна денгизлар томон оғиб кетаяпти-да.
Онглими, онгсизми, ишқилиб, бизнинг романчилик ярим сақланиб қолган ҳиндуча битикларнинг қудрати ва мусаффолигини ўзига сингдираяпти, колониал даврларнинг тунярмида туриб шафақни кузатаётган креолнинг кўзларидаги ғамгинликни сингдираяпти. У даврларнинг ярим туни ҳозир бизга таҳдид солаётган зулматдан ёруғроқ эди. Бироқ, аввало, романчилик, инквизицияга қарши чиқиб, одамлар онгида рахна очган ва уларни жангчиларга айлантирган ёзувчиларнинг кўтаринки ва ёрғин руҳини ўзига сингдираяпти.
Инжил амрларига тақлидан мен бундай деган бўлардим: Агар сен кўнгилхуши учун роман ёзаётган бўлсанг, уни ёқиб ташла! Уни ўзинг йўқотмасанг, вақтнинг шиддати йўқотади ва икковингларни – сениям, романингниям халқнинг хотирасидан ўчириб ташлайди! Ўтмишда қанчадан-қанча кўнгилочар романлар ёзилмади!
Ҳамма даврда шундай бўлди. Ҳозир ким уларни эслайди? Ва, аксинча, ўзидан биронта васият қолдириш учун ёзган бизнинг ёзувчилар исмини айтиб чиқиш нақадар осон! Ҳаворий Павел мажусийларга юборгани каби, романнавис ҳам нома ёзади. Айнан ҳаворий Павел мол-дунёдан воз кечишни кўзлаб, атрофдаги дунёнинг наъраларига, ҳозир мамлакатларимизда бизни бўғаётган ва кўзимизни кўр қилаётганга ўхшаш воқелик билан дуч келган эди. Бироқ биз, бу воқеликдан узилиб чиқолмаймиз, чунки у Мариана Асуэло, Яньес, Хуан Рульфо асарларидаги мексика инқилоби исёнчиларининг образларида ҳам (Бу ёзувчиларнинг ғоялари, қаҳрамонларининг пичоқлари сингари чархланган), Хорке Икаса, Сиро Алегриа, Хесус Лара романларида, Ромульо Гальегос романидаги донья Барбара образида ҳиндуларни шафқатсиз эксплуатация қилиш ва эзишга қарши янграган ўкирикларда ҳам мужассам, Хосе Марио Аргедаснинг “Чўнқир Дарёлар”, аргентиналик Альфредо Вареланинг “Қора дарё”, парагвайлик Роа Бастоснинг “Инсон ўғли”, перулик Варгас Льоснинг “Шаҳар ва итлар” романларида бошпанасидан жудо қилинган меҳнаткашлар образларида акс этган. Хосе Мансисидор бизни нефтчиларнинг манзилгоҳига етаклайди, Мигел Отеро Сильванинг “Ўлик уйлари”даги қаҳрамонлар ҳам туғилиб-ўсган қишлоқларини ташлаб ўша ёқларга тентирайди. Давид Виньяс бизга Патагония фожиаларини кўрсатади, Энрике Вернике сув остида қолган қишлоқларнинг даҳшатларини туйишга мажбур қилади, Вербицкий ва Мария де Хесуслар эса катта шаҳарларнинг қашшоқ ва яшаш шароитлари инсонга хос бўлмаган районларига етаклайди. Володя Тетельбоймнинг “Селитра ўғли” романида бу маъданни қазиб олишдаги оғир меҳнат ҳақида ҳикоя қилинади; Никомедес Гусман ишчилар манзилгоҳидаги болалар ҳаётини ҳис қилишга ундайди; Наполеон Родригес Рупснинг “Харагуа” романида сальвадорлик деҳқонлар ҳаётидан, Д.Флакол ва Кларибел Алегрининг “Исалько куллари”да чекка ўлкаларимиздаги турмушдан ҳикоя қилинади; Гупральдеснинг “Дон Сегундо Сомбра” сини ўқимай туриб Жанубий Америка даштлари – пампа ҳақида, Эустасио Ривьеранинг “Гирдоби”ни билмай, Бразилиянинг намиққан ўрмонлари – сельва ҳақида, Жорж Амадунинг романларини билмай, қоратанлилар ҳақида, Гимараэнс Розанинг “Катта сертан сўқмоқлари”ни ўқимай туриб, Бразилиянинг текисликлари – льянос ҳақида гапириш мумкин эмас.
Бизнинг ёзувчилар адабиёт дунёсида ўз ўринларини топишга ҳаракат қилиб, қаҳри қаттиқлик ёки шов-шувга интилмайдилар. Биз инсонпарвар одамлармиз, ирқ жиҳатидан, жўғрофий ва ижтимоий масалаларда, ҳашаматли ва бой Америкада қашшоқ ҳаёт кечираётган юзлаб, минглаб, миллионлаб америкаликлар билан боғланганмиз.
Ўз романларимиз билан яхшилик, инсонпарварлик ҳисларини уйғотишга ҳаракат қилаяпмиз, қашшоқларга ёрдам беришга қурби келадиганларни даъват этамиз.
Адабиётда дурагайлашиш жараёни ҳам анча илгари сурилиб қолди. У турли бадиий элементларни бирлаштириб, табиат тасвирларига соф инсоний мазмун беради. Ҳинду битикларида айтилганидек, “табиат худолар учун” эмас, ва романтиклар ёзишича – табиат “қаҳрамонлар учун” ҳам эмас, балки инсоний муаммоларнинг барчасини қамраб олган “табиат одамлар учун”. Адабиётни севган барча қатори бизни ҳам услуб гўзаллиги мафтун этади, шунинг учун ҳам ҳар битта романимиз – сўз жасоратидир. Ҳақиқий кимёгарлик! Биз буни биламиз. Ёзувчи катта меҳнат ва сабр-матонат билан асар материалларини, яъни сўзларини сайқаллайди, буни ташқаридан кўриш қийин. Тўғри, оддийгина сўзларни ишлатади, лекин уларнинг ўзига яраша қанча қонунлари, қоидалари бор! Сўзларда у яратаётган дунёларнинг юрак уриши эшитилади. Улар ёғоч каби, металл каби жаранглайди. Улар товушларга тақлид қилади. Бизнинг ишимизда энг аввал мана шуни – товушга тақлидни ҳисобга олиш лозим. Табиатнинг қанчадан-қанча бировозли ва кўповозли акс садоси жаранглайди бизнинг сўзларимиз ва ибораларимизда! Сўзларни инстиктив ишлатиш прозаик учун хавфли, жарангдорликка қараб ишлатиш керак. Эшитиб кўриш керак! Ўз қаҳрамонларингни эшитиш! Назаримда энг яхши романлар ёзилган эмас, айтилган! Сўз ўзида поэзиянинг ҳаракатини мужассам қилади ва олдин жарангдорлиги билан очилиб, кейин ифода шаклини топади. Шунинг учун ҳам улуғ испан-америка романларини ўзига хос мусиқа асари билан тенглаштириш мумкин.
Тилларнинг аралашиб кетиши ҳам кутилмаган натижаларни келтириб чиқаради. Тилларнинг америкача аралашиб кетишига ҳинду тилларидан ташқари, иммигрантлар оқими томонидан турли-туман европача ва осиёча тилларнинг унсурлари ҳам кириб кетган.
Яна бир тил бор, бу – образлар тили. Бизнинг романлар фақат сўзлар билан эмас, образлар билан ҳам ёзилган. Романларимизни ўқиган кўпчилик кинофильм кўргандек бўлади. Америка прозаиклари ўзига хосликни кўргазмали тарзда тасвирлашга ҳаракат қилганидангина эмас, балки тилимизнинг барча жарангдорлиги, аҳамияти ва образлилиги имконларидан фойдаланиб, ўз ҳалқларининг овозини умумлаштиришга ўзларини бурчли деб ҳисоблаганлари учун ҳам шундай қилдилар. Образлар тили нутқнинг барча бойликларини ёки “поэтик проза” деган нарсани ўзига сиғдириш учун сунъий равишда яратилган эмас. Бу – жонли тил лотинамерика романига хос бўлган услубнинг барча лиризмини, таҳайюлини, гўзаллик ва уддабуронлигини ўзида мужассам этади. Бизнинг романтика асосида унинг ва табиатнинг нафасига айланадиган поэзия тили ётади.
Ўйлашимча, романларимизнинг хориж ўқувчиларини ўзига жалб қилган жиҳати – биз тил колорити ёрдамида, нутқнинг табиат мусиқаси билан қўшилиб кетиши шарофати-ла, баъзан ҳинду тиллари билан, уларнинг тасодифан жаранглаб кетган қадимий маънолари билан эришган ютуқларимиздир. Шунингдек, биз сўзга, унинг мутлақ ва тимсолий аҳамиятига берадиган катта эътибор ҳам ўзига жалб қилади. Бизнинг проза кастил лаҳжаси синтаксисининг тартиботларини қабул қилолмайди, чунки биз учун сўз ҳинду тилларидаги каби ўзига хос аҳамиятга эга. Сўз – унинг аҳамияти, жаранги ва мафтункор бой жилоланиши… Сўзнинг мафтункор кучини эътироф этмаган одам бизнинг адабиётни, поэзияни тушунмайди.
Сўз ўқувчини бизнинг асарлар ичига кириб, қўшилиб кетишга мажбур қилади, тўлқинлантиради, ташвишга солади; ўз ташвишларини унуттириб, романларимиз, адабиётимиз воқеа-ҳодисаларининг бевосита иштирокчиларига айлантиради, бироқ унинг ғояларига рахна солмайди. Лотинамерика романи ўқувчини бузиши мумкин эмас, аксинча, уни бойитади. Айнан мана шунга интилади, бизнинг ёзувчилар. Айнан шунинг учун бизнинг романлар гўзал тили, кенг бадиий имкониятлари ва сўзнинг бебаҳо сеҳри билан, инсоннинг туйғу ва кайфият дунёсини чуқур акс эттириш қобилияти билан халқларимизнинг ғояларини ва орзу-умидларини тарқатувчи восита бўлиб қолади.
Рус тилидан Қудрат Дўстмуҳаммад таржимаси.
“Жаҳон адабиёти” журнали, 2005 йил, 7-сон