Кэтрин Мэнсфилд. Бир пиёла чой (ҳикоя)

Роземари Фелл унчалик гўзал аёл эмас. Ишқилиб уни гўзал дейиш қийин. Ё, «чиройликкина», деб атасакмикан? Ҳа, ҳа, агар Роземарининг фазилатларини синчиклаб кузатсак… Назаримда, синчиклаб кузатиш ҳам унчалик шарт эмас-ов…
Роземари ёш, истараси иссиқ, замонанинг энг сўнгги урфида дид билан кийинадиган, китобхонликка ўч аёл. Уни турли касб эгалари даврасида тез-тез учратасиз. Даврадошларининг баъзилари ёқимтой, ажойиб кишилар бўлиб, айримлари эса ғалати-ғалати феъл-атворли эди.
Роземари бундан икки йил олдин турмушга чиққанди. Майкл исмли эркатой ўғли бор. Эри ҳам сидқидилдан уни севади. Бу оила бой яшашарди, ҳақиқатдан ҳам бой.
Роземари бирор нарса харид қилмоқчи бўлса, кўпроқ Парижга боради, мен эса Бонд кўчасига бораман. Мабодо Роземарининг кўнгли гулга кетса, машина уни муҳташам бинолар жойлашган Режент кўчасига олиб боради. Шунда Роземари дўкон пештахталарига ҳайрат билан боқиб:
– Мен ана уни, мана буни ва яна манавини ҳам олмоқчиман, – дейди. – Ана ундан тўрт даста берсангиз. Ана у кўзадаги атиргулларни ҳам. Ҳа, ҳаммасини беринг. Йўқ, йўқ, настарин керак эмас. Настаринни ёқтирмайман, жудаям бесўнақай.
Роземарини машинагача озғингина сотувчи қиз кузатиб қўяди. Унинг бир қучоқ гул кўтариб одимлаши худди бесўнақай кийим кийиб олган ёш боланинг юришига ўхшарди.
Қиш кунларининг бирида Роземари Кэсон кўчасидаги кичкина қадимий дўкончага кирди. Бу унинг севимли дўкони эди. Дўконда керакли ҳамма нарсани топиш мумкин. Сотувчи ҳам унга бажонидил хизмат қилади. Бўсағада Роземарини кўрди дегунча қувонган чеҳраси ёришиб кетади. Ҳатто севинчдан тили зўрға гапга келади. Хушомал албатта. Аммо, бу ерда бир сир бор-ов…
– Биласизми, хоним, -тушунтиришга ҳаракат қиларди у мулойим овозда, – молларимнинг қадрини билмайдиганларга сотгандан кўра, уларни сотмасликни афзал кўраман. Гапнинг очиғи уларнинг қадр-қимматини камдан-кам одам билади.
Шундай дея сотувчи пештахта ойнаси устига бахмалга ўралган жажжигина қутичани қўйди. У буни Роземари учун сақлаб келаётганди. Ҳали ҳеч кимга кўрсатганича йўқ. Нафис дид билан ишланган қутича шунчалик жозибали ярақлардики, худди офтобда товланаётганга ўхшайди. Қутича қопқоғида йигит билан қизнинг расми бор экан. Улар гул тагида ёнма-ён туришар, қизчанинг қўллари йигитнинг елкасида эди. Қизнинг шляпаси гераниум баргидан сал каттароқ бўлиб, узун шохчалардан тўқилганди. Атрофи яшил лента билан ўралган эди. Яна уларнинг устида сезгир фариштага ўхшаган булутча сузиб юрарди.
Роземари қўлқопини ечди. У ҳар доим бирор нарса сотиб олмоқчи бўлса шундай қиларди. Ҳа, бу унга ёққанди, жудаям ёққанди. Бу ҳақиқий омад эди. Сотиб олиши керак. Қутичанинг у ёқ-бу ёғини кўрди, очди, ёпди, қўллари кўм-кўк бахмалга жудаям ярашди. Бунга эътибор бермай бўлмасди. Сотувчи пешгахтага суяниб ручкаси билан ярқираб турган қутичани сал нари суриб секингина пичирлади:
– Сизга айтсам, хоним, гулларига эътибор беринг.
– Ҳа, ажойиб! – Роземарини гуллар ҳайратта солди.
– Хўш, нархи қанча?
Сотувчи, гўё, ўзини эшитмаганга солди. Кейин пичирлаган овоз эшитилди.
– 28 гиней, хоним.
– 28 гиней?
Раземари сездирмади. Қутичани жойига қўйди; қўлқопларини кийди.
– 28 гиней? – Унинг кайфияти бузилди. – Илтимос, олиб қўйинг, кейин оламан, – деди овози қалтираб.
Сотувчи аллақачон тушунганди. Албатта, у Раземари учун қутичани бир умр сақлайди.
Ташқаридаги эшик ғижирлаб ёпилди.
У қиш ҳавосини кузатди. Ёмғир ёғмокда. Ҳаво совуқ бўлиб, ҳозиргина ёнган кўча чироқлари хомушдай кўринади. Улар нелардандир афсуслангандай хира шуъла сочиб туришарди. Одамлар ҳам ҳар тарафга шошилишмокда. Роземари қандайдир ғалати бўлди. Жудаям қутичани олгиси келганди.
Албатта, машинаси жойида эди, фақат йўлдан ўтиш керак. Лекин нимагадир жимгина турарди. Ҳаётда ҳамма нарса бўлиши мумкин, кимдир адашади, кимдир уларга йўл кўрсатади, баъзилар йўқ.
Худди шу пайт аллаким:
– Кечирасиз, хоним, – деб унинг хаёлини бўлди.
Роземари бурилиб орқасига қаради. Олдида қорачадан келган жудаям ёш бир қиз турарди. У худди сувдан чиққан одамдай қалтирарди. Қаердан келган бўлса?
– Х-хоним, – дудуқланди қиз, – озроқ чой-чақа пули беринг.
– Чой-чақа? – ҳайрон бўлди у. Бу овоз умуман гадой овозига ўхшамасди.
– Умуман пулинг йўқми? – сўради Раземари.
– Йўқ, хоним.
Қизиқ, Роземари унга яқинлашди. Бундан ҳам қизиғи бўладими, ахир? Бирданига бу воқеа Роземари учун саргузаштдай туюлди. Бундай ҳаводаги учрашув худди Достоевский романидан олингандай. Таваккал қилиб қизни уйга олиб кетса-чи? Нима бўлар экан? Жуда қизиқ бўларди. Шунда у ҳайрон қолган дўстларига: «Уйимга олиб келгандим, холос», – деган бўларди. Кейин олдида турган қизга:
– Юр уйга, бирга чой ичамиз, – деди.
Қиз кутилмаган таклифдан орқага чекинди. Ҳатто қалтирашдан ҳам тўхтади.
Роземари қизнинг қўлидан ушлаб:
– Нимага ҳайрон бўлаяпсан? Қани кетдик, – деди жилмайиб.
– Йўқ, йўқ, хоним, – деди қиз сесканиб.
– Йўқ, борасан, – деди Роземари қатъий.
– Сиз, сиз мени полицияга олиб бормайсизми?
– Полициягами? – бирдан кулиб юборди Роземари. – Наҳотки шундай деб ўйласанг? Йўқ, фақат ёрдам бермоқчиман, холос.
Улар машинага ўтиришди ва уйга йўл олишди. Йўлда аёл асирасига бундай тасодифий учрашувлар ҳаётда бўлишини, фаришта, меҳрибон оналар ҳақиқатда борлигини тушунтирмоқчи бўлди. Гап охирида:
– Қўрқмасдан юравер. Ахир иккаламиз ҳам аёлмиз… – деб қўйди.
Ниҳоят машина тўхтади. Қўнғироқ чалинди, эшик очилди, бирга уйга киришди. Иссиқлик, ёруғлик, уйдаги шинамлик, ҳамма нарса ўзига ўхшарди. Шу вақтгача билмаган экан. Уйдаги ҳамма жиҳоз уни кутарди.
– Қани юр юқоридаги хонамга, – деди Роземари очиқ кўнгиллик билан. У беозор қизни ҳеч кимга кўрсатишни хоҳламади. Зинадан чиқиши биланоқ хизматкорни ҳам чақирмасдан ўзи қизнинг кийимларини алмаштирмоқчи бўлди. Бундай тасодифий ҳодиса табиий бўлиши керак, ахир!
– Шу ерга, – деди у янада кенг, чиройли хонага киришгач.
Хонанинг пардалари туширилган, олов ёқилган, иссиқ, ҳаворанг гиламлар, ҳаммаси хонага ярашган эди. Қиз эшик олдида туриб қолди. У ҳайрон эди. Роземари эътибор бермади.
– Қани, ўтир, – деди у стулни олов ёнига силжитиб. – Озроқ исиниб ол, жудаям совқотганга ўхшайсан.
– Раҳмат, хоним, – деди қиз бироз уялиб.
– Қўрқмасдан жойлашавер. Кийимларимни алмаштиргунча ўтириб тур. Кейин бошқа хонага ўтиб чой ичамиз. Намунча қўрқмасанг. – Шундай дея у қизни елкасидан ушлаб ўтқизиб қўйди.
Қайтиб келганда у қизни қандай ўтқизиб кетган бўлса шу ҳолда кўрди. Ростини айтганда қиз овсарга ўхшарди. Роземари эътибор бермади. Унга бироз эгилиб:
– Шляпангни ечмайсанми? Сочинг ҳўл экан, – деди.
– Хўп бўлади, хоним.
Шляпа ечилди.
– Кел, пальтонгни ҳам ечамиз.
Қиз ўрнидан турди. Бир қўли билан стулдан ушлаб пальтосини Роземарига ечтирди. Пальтоси жудаям оғир эди. У боладай иккиланиб қолди. Агар одамлар бир-бирларига ёрдамлашишни хоҳласалар, озроқ бўлсада бир-бирларини ҳурмат қилишлари керак, бўлмаса жуда қийин бўлади, деб ўйлади. Энди пальтони нима қилса экан? Пальтони ҳам, шляпани ҳам ерга ташлади. Роземари сигарета тутатмоқчи бўлиб турганда қиз тўсатдан:
– Кечирасиз, хоним, ҳеч нарса еганим йўқ, ҳолдан кетаяпман, уйга кета қолай, – деб қолди.
– Ҳозир, бир пас кутгин, – дея Роземари қўнғироқни чалди. – Чой, тезроқ чой келтиринглар, озроқ брэнди ҳам.
Хизматкор кириб чиқар, қиз эса йиғламсираб:
– Брэнди ичмайман, фақат чой ичаман, хоним, – дерди.
Унинг бу ҳолати аянчли эди. Роземарининг унга раҳми келди.
– Йиғлама, жонгинам, йиғлама, – дея рўмолчасини узатди. У бошқа ҳеч нима дея олмади. Озғин елкасидан қучиб бағрига босди. Қиз уялиб ўтирмади. Иккаласи аёл эканлигидан ташқари ҳамма нарсани унутди ва хўрсиниб:
– Энди бундай яшай олмайман, чидай олмайман. Бу туришда ўзимни бир нарса қилиб қўяман, – дея ҳаётидан нолий бошлади.
– Ундай қилма, ёрдам бераман. Қарагин-а учрашганимизни. Ҳозир чой ичамиз, ҳаммасини айтиб берасан. Бирон нарса ўйлаб топармиз. Йиғлама.
Улар чой келганда анча-мунча тинчиб қолишганди.
Хизматчи қизнинг олдини ҳар хил ширинликлар билан тўлдириб ташлади. Роземари сигарета чекиб уни кузатиб ўтирди. Дастурхон олингач беозор, нимжон қиз чарчаб ўзини стулга ташлади.
Роземари сигаретни чекиб бўлди, гапни бошлаш вақти келганди.
– Қачон овқатлангандинг? – сўради мулойимгина.
Шу пайт эшиқ очилди.
– Роземари, кириш мумкинми?
Бу Филипп эди.
– Марҳамат.
У кирди. Кирди-ю, тўхтаб қолди. Роземари жилмайиб:
– Бу дугонам мисс…
– Смит, хоним, – деди қиз қўрқмасдан тик қараб.
– Смит, – давом эттирди Роземари. – Бироз гаплашмоқчи эдик.
– Ҳа, албатта, – деди Филипп. Унинг кўзи полда ётган пальто ва шляпага тушди. Филипп оловга яқинлашиб: – Жудаям ёмон кун бўлди, – деди бефарқ ўтирган қизга қараб.
– Ҳа, ҳақиқатдан ҳам ёмон, – гапини тасдиқлади хотини.
Филипп кулиб қўйди.
– Кутубхонага, олдимга киргин. Мисс Смит бизни маъзур тутар.
– Албатта.
Улар хонадан чиқишди.
– Менга қара, тушунтирсанг-чи бундоқ. Ким у ўзи?
Роземари кулди, эшикка суяниб жавоб берди:
– Кэсон кўчасидан топиб олдим. Ҳақиқий топилма. Чой-чақа сўради. Мен эса уйга олиб келдим.
– Энди у билан нима қилмоқчисан? – жаҳли чиқди Филиппнинг.
– Унга яхши муомалада бўл, – деди бирдан Роземари, – аҳволи қийин ҳозир.
– Азизим, – деди Филипп, – биласанми, сен ақлдан озибсан. Бу умуман мумкин эмас.
– Билардим шундай дейишингни, – эътироз билдирди Роземари. – У бугун қолади.
– Лекин биласанми… – деди Филипп секингина ва сигаретасини тишлаб: – Истараси иссиққина экан, чиройли, менга ёқди.
– Чиройли? – Роземари кутилмаган гапдан лол қолди. – Сен шундай деб ўйлайсанми? Эътибор бермапман.
– Наҳотки, – деди эр гугуртни чақиб, – У жудаям ёқимли, бир қарагин, азизим. Хонага кирганда ўзимни йўқотиб қўйдим… Нима бўлгандаям хато қилаяпсан. Қўполлик қилган бўлсам кечирасан.
– Аҳмоқ қиз, – деди Роземари жаҳли чиқиб. У кутубхонадан чиқиб кетди, лекин қизнинг олдига бормади. Хонасига кириб столга яқинлашди: «Чиройли, ёқимли. Наҳотки шундай бўлса». Чек дафтарчасини олди. Йўқ, чек ёрдам бермайди. Тортмани очиб 5 паунд олди. Иккитасини ташлади, учтасини қўлида сиқиб турди ва қизнинг олдига кетди. Қайтиб келганда Филипп хонада ўтирарди.
– Айтганча, Филипп, ҳалиги мисс Смит биз билан овқатланмайди, – деди у тутилиб.
Филипп газетадан бошини кўтарди.
– Нима бўлди?
Роземари унинг тиззасига ўтирди.
– Кетаман деб туриб олди. Озроқ пул бердим, – деди жилмайиб ва ўрнидан қўзғалди.
Сочини қайтадан таради, кўзларини бўяди, тақинчоқларини тақиб яна Филиппга яқинлашди-да,
– Мен-чи, мен ёқаманми? – деб сўради секингина.
– Жудаям, азизим, – деб уни ўзига янада яқинроқ тортди эри. Бироз жим туришди. Роземари ялинди:
– Бугун чиройли қутича кўрдим. 28 гиней экан. Майлими олсам?
– Ола қол, азизим.
Лекин эри Роземари кутган сўзни айтмади.
– Филипп, – пичирлади у ва эрининг бағрига баттар суқилди:
– Мен-чи, мен чиройлиманми?

Инглиз тилидан Нилуфар Муҳаммедова таржимаси
«Ёшлик» журнали, 1999 йил, 4-сон

* * *

САДАҚА (А CUP OF TEA)

Турмушга чиққанига эндигина икки йил бўлган кўҳликкина, ёш, ақлли, замонавий ва ўқимишли жувон Розмари Феллни эри жуда яхши кўрар, ундан ҳеч нарсани аямасди. Розмари тушган оила, мабодо келин у ёки бу нарса харид қилмоқчи бўлса, Лондонни назарига илмай, тўппа-тўғри Парижга йўл оларди.
Қиш оқшомларидан бирида Розмари тилла магазинга кириб келди. Мудир атайлаб яшириб қўйилган қутичани пештахта остидан чиқарди.
— Вой, бунча чиройли!—деди ҳайратланиб Розмари.— Қанча тураркан?
Мудир унинг сўзини эшитмаганликка олди, аммо бироздан кейин:
— Арзимаган пул, хоним,— деди.
— Мёнга сақлаб қўйсангиз, илтимос.
Магазин мудири таъзим қилди.
Ташқарида ёмғир қуяр, эндигина ёнган электр чироқлари қандайдир ғамгин милтираб турарди. Ана шу вақтда кичик жуссали, қорачадан келган ёш бир қиз Розмарининг ёнида пайдо бўлди ва мунгли овозда:
— Хоним, хайр қилинг…— деди.
— Менга айтяпсизми? — овоз келган томонга ўгирилди Розмари ва худди сувдан чиққандай қалтираб турган бегона қизни кўрди.
— Хоним,— деди қиз янада мунглироқ оҳангда,— садақа қилинг…
«Садақа»? Бу товуш қандайдир содда, самимий эди, сира гадойникига ўхшамасди.
— Нима, ҳечам пулингиз йўқми?— сўради Розмари шу заҳоти ноўрин савол бериб қўйганини пайқаб, хижолат чекди.
— Ҳа, хоним,— жавоб қилди қиз.
— Наҳотки? — Розмари қизга диққат билан разм солгач, раҳми келиб, саховат кўрсатмоқчи бўлди.
Фараз қилингки, қизни уйга олиб борсин, хўш, унда нима бўлади? Шов-шув кўтарилиши табиий. Розмари бу бечорага ҳайратланиб қараётган дўстларига нималар дейишини тасаввур қилди: «Шунчаки уйга олиб келдим…» Ниҳоят, қизга яқинлашиб, деди:
— Юринг бизникига.
Қиз эргашди.
— Сиз мени полицияга топшириб юбормайсизми? — шубҳаланиб сўради у, бироз юришгач.
— Полицияга дейсизми? — кулиб қўйди Розмари. —Нега энди? Савоб иш қилмоқчиман, холос.
Улар чиққан енгил машина тун қўйнига шўнғиб кетди.
— Мана уйга ҳам етиб келдик… Ўтиринг, марҳамат,— деди у қизни камин ёнида турган катта оромкурсига таклиф қилиб.
— Яхши, хоним,— пичирлади қиз ва шляпасини ечди.
— Келинг, пальтонгизни ҳам ечинг,— деди Розмари.
Қиз ўрнидан турди, ўнг қўли билан оромкурсига суянди. Розмари унга кўмаклашди.
— Авф этасиз, хоним,— деди қиз ранги ўчиб.— Ҳушдан кетяпман. Ҳозир йиқилиб тушсам керак. Хоним, ейишга бирон нарса топилмайдими?
— Ё худо! Қандай бераҳмман-а!
Розмари хизматкорга буюрди:
— Чой опкелинглар! Дарров чой опкелинглар! Озгина конъяк ҳам!
Қизнинг кўзларига ёш қалқди, у энди тортинчоқликни унутганди.
— Мен бу ҳолатда узоққа боролмайман! — деди у бақириб.— Чидаб туролмайман. Бу кунимдан ўлганим яхши…
— Бироз сабр қилинг,— деди Розмари.— Ўзингизни босинг. Илтимос, йиғламанг.
Чой келтирилди. Қиз йиғини тўхтатиб, лаззатли таомлардан тўйиб тановул қилди.
Дастурхон йиғиштирилганда лаблари қирмиз, кўзлари шаҳло бир соҳибжамол оромкурсида ястаниб ўтирарди.
Шу пайт эшик тутқичи буралди: «Розмари, кирсам майлими?» Бу унинг эри Филипп эди.
— Ҳа,— деди Розмари жилмайиб.— Бу менинг турмуш ўртоғим…
— Смит хоним,— деди оромкурсидаги гўзал.
— Смит хоним,— деди Розмари.— Биз гурунглашаётгандик.
— Агар малол келмаса,— деди Филипп хотинига қараб,— кутубхонага чиқсангиз. Смит хоним бизни авф этсинлар.
Кўзлар тўқнашди. Розмари қиз учун жавоб берди:
— Албатта.
Эру хотин хонадан чиқиб кетишди.
— Хўш,— деди Филипп кутубхонада,— ким у? Меҳмонми?
Розмари эшикка суяниб кулди.
— Кўчадан топиб келдим. Ростдан. У мендан садақа сўровди, уйга таклиф қилдим.
— Табриклайман!—деди Филипп ҳазиллашиб.— Хўш, уни нима қилмоқчисиз?
— Билмасам,— деди Розмари елкасини қисиб.— Ўйлаб кўрамиз-да.
— Аммо-лекин,— деди Филипп сигаретининг кулини тушираркан.— У ҳаддан ташқари гўзал экан, ёши ҳам йигирмадан ошмаган, менимча.
«Гўзал?» Розмари эрининг гапидан ажабланди, ҳатто уятдан қизариб кетди.
— Оҳ! — гапни илиб кеди Филипп.— У ниҳоятда гўзал экан! Наҳотки сезмаган бўлсангиз? Хўш, энди Смит хонимни бугунги зиёфатга таклиф этишга ижозат берсангиз, жоним.
— Қўйсангиз-чи! —деди Розмари ва кутубхонадан чиқиб кетди, бироқ меҳмонхонага бормади. У ёзув-чизув қиладиган хонасига кириб, курсига чўкди: «Гўзал! Ҳаддан ташқари гўзал…» Розмарининг юраги гупиллаб ура бошлади. У сейфни очиб беШ фунт стерлинг олди, сўнг иккитасини қайтиб жойига қўйди-да, уч фунт стерлингни чангаллаганича меҳмонхонага йўналди…
Бир ярим соатлардан кейин Розмари кутубхонага қайтиб келди.
— Сизга айтиб қўймоқчи эдим,— деди Розмари.— Смит хоним тунги зиёфатда қатнаша олмас экан.
Филиппнинг қўлидаги қоғоз тушиб кетди.
— А? Нега? Нима бўлди?
Розмари кулиб, эрининг тиззасига ўтирди.
— Негадир ўз-ўзидан кетаманга тушиб қолди,— деди у бироздан сўнг.— Бечорага хайр қилдим. Кетди. Раъйини қайтара олмадим.
Орага жимлик чўкди.
Бироздан сўнг Розмари мақсадга ўтди:
— Бугун магазинда ажойиб қутича кўрдим. Ўшани олсам майлими?
— Ихтиёрингиз,— деди Филипп.— Биласиз-ку, мен ҳеч қачон сизнинг раъйингизни қайтармаганман.
Лекин Розмари сўрамоқчи бўлган нарса, аслида, бу эмасди.
— Филипп,— шивирлади у.— Мен гўзалманми-а?

Ўроқ Равшанов таржимаси

БИР ПИЁЛА ЧОЙ

Розмари Фелл у қадар хушрўй жувон эмас эди. Лекин у ёш, юлдузи иссиққина, ўта замонавий, дурустгина дид соҳибаси, ўқимишли эди. Турмуш қурганига ҳам икки йил бўлиб қолганди. Умр йўлдоши уни жуда ҳам севиб ардоқларди. Улар ўзига тўқ оила эди. Шунчаки бой эмас, ҳақиқатдан ҳам тузуккина бадавлат оила. Агар Розмари харид қилишни хоҳласа, биз ва сиз шаҳарнинг бирор бир савдо марказига борсак, у эса Парижга бориб келар эди.
Қиш кунларининг бирида тушдан сўнг Розмари чоғроққина дўкончага бир қутичани кўришга кирди. Дўкондор бу қутичани айнан шу хонимга сақлаб ўтирганди. Уни ҳали ҳеч кимга кўрсатмаган эди. Розмари эса уни кўрган биринчи одам.
-Нақадар гўзал, -Розмари бу мўъжазгина ажойиботга маҳлиё бўлиб қолди. Қутичани нархи қанча экан-а? Шубҳасиз жуда юқори бўлса керак.
-Йигирма саккиз гинеа*, хоним, -деди дўкон эгаси.
-Йигирма саккиз гинеа,-такрорлади Розмари бепарвогина. Ахир бадавлат инсон учун йигирма саккиз гинеа ҳеч қанча эмас. У ўйчан деди:
-Яхши, уни мен учун сақлаб тура оласизми? Мен тезда…
Дўкон эгаси таъзим қилди:
-Албатта, хоним.
У бу хоним учун ҳаттоки бир умр сақлаб туришга ҳам рози.
Ташқарида ёмғир қуярди, яхшигина изғирин. Ҳозиргина ёқилган лампалар хирагина нур сочарди. Шу пайт Розмарининг рўпарасидан ёшгина, озғин қиз чиқиб қолди.
-Хоним, сиздан бир нарса сўрасам майлими?-деди у хўрсиниб.
-Менданми?
Розмари қайрилиб қаради. Унинг кўзи ўзидан унча катта бўлмаган, ёшғирда ивиб кетган нимжонгина қизга тушди.
-Хоним,- деди у,- менга бир пиёлагина чой олиб бера олмайсизми?
Бир пиёла чой? Қизнинг товушида қандайдир оддийлик, самимият бор эди. Бу овоз тиланчининг овозидан тамом фарқ қиларди.
-Сизда умуман пул йўқми?- сўради Розмари ҳайрон бўлиб.
-Ҳеч вақо йўқю хоним,-деди қиз.
-Наҳотки?!
Розмари қизга яқинроқдан боқди. Тўсатдан у таваккал қилмоқчи бўлди. Уни ўзи билан уйига олиб кетса-чи?Китобларда ўқиганидек ёки кинофильмарда кўрганидек иш тутса-чи? Нима бўпти? Тўғри. Бу “дув-дув” гап бўлиб кетиши мумкин. Лекин барибир Розмари бу қизга яхшилик қилгиси келди. У ҳайратдан оғзи очилган дўстларига айтадиган гапини ҳозирдан ўйлаб қўйди. “Мен шунчаки унга ёрдам бермоқчи бўлдим”. У олдинга қараб юрди ва ёнидаги қизга : “Юринг, бизникида чой ичамиз”, деди. Қиз бир сапчиб тушди.
-Сиз…сиз мени полиция маҳкамасига олиб бормоқчимисиз? –унинг овозида чуқур изтироб бор эди.
-Полиция маҳкамасига?- Розмари кулиб юборди.-Наҳотки шу қадар шафқатсиз бўлиб кўринган бўлсам. Мен фақатгина исиниб олишингизни, менга айтадиган гапларингиз бўлса, тинглашни хоҳлайман, холос. Қани кетдик.
Оч одамни кўндириш жуда осон иш. Хизматкор машина эшигини очганча кутиб турар эди. Бир неча дақиқадан сўнг улар қоронғулик оғушига сингиб кетдилар.
-Бу ёққа,- етаклади Розмари уни ўзининг муҳташам ётоқхонасига етиб келишганида.
-Кириб ўтираверинг,- деди у камин олдига креслони тортаётиб, -келинг, исиниб олинг, анчагина совуқ қотган кўринасиз.
-Қандай бўларкин, -иккиланди қиз.
-Бемалол, -деди Розмари. –Хавотирланишнинг кераги йўқ . Рост айтяпман.
Кейин секин уни креслога ўтирғизиб қўйди.
-Раҳмат, хоним, -деди у шляпасини ечиб қўяётиб.
-Келинг, пальтонгизни ечишга ёрдамлашиб юборай, -деди Розмари.
Қиз ўрнидан турди. Бироқ дарҳол креслога бир қўли билан таяниб қолди. Шунда у тез, бироқ равон қилиб “Мени кечиринг, хоним, лекин ҳушдан кетиб қолай деяпман. Агар бирор нарса еб олмасам йиқилиб тушишим аниқ” , -деди. Унинг ранги янада оқариб кетган эди.
-Вой, худойим-е, қанчалик эътиборсизман-а. Розмари қўнғироққа елдек учиб борди.
-Чой, дарҳол чой келтиринг. Бренди ҳам.
Қиз йиғлаб юборай деб турар, у уялишни ҳам эсдан чиқариб қўйганди. Иккаласи ҳам аёл эканлигидан бошқа ҳамма нарсани унутганди. Кейин бирдан ҳўнграб йиғлаб юборди.
-Бошқа чидай олмайман. Ўлай деяпман. Рости, бошка чидай олмайман.
-Кераги йўқ . Ўзим сизга ғамхўрлик қиламан. Бирон нима ўйлаб топармиз. Илтимос, йиғламанг.
У йиғидан тўхтаган пайти чой ҳам келтириб қолишди. Енгилгина тамадди ўзининг таъсирини кўрсатди. Стол йиғиштирилганда қиз ғунча лаб, кўзлари теран, хушрўйгина қизга айланиб қолган эди. Шу пайт эшик дастаги буралди.
-Розмари, кирсам майлими?
Бу унинг умр йўлдоши Филипп эди.
-Киравер.
Филипп хонага кирар экан, уларни кўриб тўхтаб қолди.
-Э, кечирасизлар.
-Ҳечқиси йўқ, -жилмайди Розмари. –Бу менинг дугонам мисс…
-Смит, хоним, -деди қиз.
-Ҳа, мисс Смит, -деди Розмари, -биз суҳбатлашиб ўтирган эдик.
Филипп ширин табассум билан жилмайиб қўйди.
-Ҳа, дарвоқе, бир дақиқага кутубхонага келоласанми? Бизни авф этасиз, деб ўйлайман мисс Смит.
Қизнинг чиройли кўзлари унга қадалди.
-Албатта, авф этадилар, -Розмари унинг ўрнига жавоб берди.
Улар хонадон чиқдилар.
-Менга қара, -деди Филипп ёлғиз қолишганида. –Бу нимаси? У қиз ким?
Розмари кулимсираб эшикка суянди:
-Кўчадан олиб келдим. Нега ишонмаяпсан? У мендан бир пиёла чой учун пул сўради. Мен эса уни уйга олиб келишни хоҳладим.
-Тасанно, -деди Филипп ҳазилона. –Лекин уни энди нима қилмоқчисан?
-Яхшилик қилмоқчиман, -дарҳол жавоб қилди Розмари. –Билмайман қандай. Бу ҳақда ҳали гаплашмадик. Хозирча билмайман.
-Ёқимтой қиз экан, -секингина деди Филипп сигаретасини эзғилаб, — йигирмадан ошмаган бўлса керак-а?
-Ёқимтой? – Розмари таажубланганидан қизариб кетди. –Сен шундай деб ўйлайсанми? Бу ҳақда ўйлаб кўрмабман.
-Наҳотки?! –Филипп гугуртни қўлига олди. –У ҳақиқатдан ҳам жуда мафтункор. Яхшилаб қарагин, менинг жажжигинам. Мисс Смит биз билан тушлик қилар эканми?
-Қанчалар беъманисан.
Розмари кутубхонадан чиқиб кетди. Лекин ётоқхонасига кирмади. У ўзининг дарсхонасига кириб секин столига ўтирди. Ёқимтой! Жуда мафтункор! Унинг юраги ҳаяжондан дукиллаб урарди. У ғаладонини очиб беш фунт стерлинг банкнот олди. Ўйланиб туриб иккитасини қайтариб жойига қўйди. Сал ўтмай қолган учтасини қўлига ушлаганча ётоқхонага кириб кетди.
Ярим соатлар вақт ўтиб Розмари кутубхонага кирганида Филипп ҳануз ўша ерда ўтирарди.
-Сенга шуни айтишим керакки, -деди Розмари эшикка суяниб, -мисс Смит бугун биз билан тушлик қилмайди.
Филипп газетасини қўйди:
-Ие, нима бўлди? Келиша олмадингларми?
Розмари унинг ёнига келиб секин тиззасига ўтирди:
-Кетаман, деб туриб олди. Мен унга арзимас пул ҳадя қилдим.
-…
-Унинг хоҳишига қарши бора олмайман-ку, тўғрими? –юмшоққина қўшиб қўйди Розмари.
Иккови ҳам жим бўлиб қолишди. Розмари ўйчан деди:
-Бугун …мўъжазгина қутича кўриб қолдим…. йигирма саккиз гинеа экан. Олсам майлими?
-Майли, жажжи “исрофгарим”, -деди Филипп. – Қачон сенга бирон нимани таъқиқлаб қўйганман?!
Лекин Розмари сўрамоқчи бўлган нарса бу эмас эди.
-Филипп , -шивирлади у , -мен мафтункорманми?
_________________
* Гинеа – пул бирлиги (21 шиллингга тўғри келади)

Инглиз тилидан Мунира Норова таржимаси
“Ёшлик” журнали, 2013 йил, 6-сон.