Кўзлари маъюс мўлтираган бўрикалла ит чодир этагини у ёқ-бy ёққа суриб, қиров босган тумшуғини ичкари суқди.
– Эй, Сиваш! Йўқол-е, падарингга лаънат! – деб қичқирдилар норозилик билан чодирдагилар бараварига. Беттлз тунука лаганча билан итнинг тумшуғига туширди, итнинг боши бир зумда ғойиб бўлди. Луи Савой эшик ўрнини ўтайдиган чодирнинг брезент тўсиғини бостириб қўйди-да, оёғи билан қизиб турган товани ағдариб, унга қўлини тутиб исита бошлади.
Совуқ жуда қаттиқ эди. Икки кун илгари спиртли термометр олтмиш саккиз градус совуқни кўрсатди-ю, паққа ёрилиб кетди. Совуқ борган сари кучайиб борарди. Бундай совуқлар қачонгача давом этишини айтиб бўлмасди. Шундай вақтларда иссиқ печкадан узоқда бўлишни ва жон ачитувчи муздай ҳаводан нафас олишни душманингга ҳам раво кўрмайсан, киши! Мана шундай совуқда ҳам ташқарига чиқишга журъат қилган довюраклар ҳам топилиб қолади, лекин бунинг оқибати ўпкани совуқ олдиришга олиб боради; кишини қуруқ ва кучли йўтал бўға бошлайди, яқин орада ёғ қизитилса, йўтал айниқса кучаяди. Кейин баҳорга ёки ёзга бориб эса музлаган ерни портлатиб, гўр қазийдилар. Мурдани гўрга қўядилар ва устини чим билан ёпиб, шу ҳолича қолдирадилар. Бу мурда совуқда ётиб то қиёматгача бус-бутун сақланиб қолади деб чин юракдан ишонадилар. Қиёматда одамнинг тирилишига ишонмайдиган скептикларга ўлиш учун Клондайкдан тузукроқ жойни тавсия қилиш қийин, албатта. Лекин бундан Клондайкда яшаш ҳам яхши экан деган хулосани чиқариб бўлмайди.
Палатканинг ичи ташқаридагидек совуқ бўлмаса ҳам, жуда иссиқ ҳам эмасди. Чодир ичида уй жиҳози деса бўладиган бирдан-бир нарса печка бўлганидан, ҳамма унинг атрофига тўпланган эди. Чодир ичидаги жойнинг бир қисмига қарағай шохлари солинган, ости қор шохларнинг устига яна юнг одеяллар тўшалган. Чодирнинг бошқа бир томонида, мокасинлар билан босилган қор устида декча, това ва қутб манзилида зарур бўлган бошқа нарсалар сочилиб ётарди. Қип-қизил чўғ бўлиб кетган печкада ўтин чарс-чурс қилиб ёниб ётар, лекин ундан ниҳояти уч қадам нарида муз парчалари ётарди; улар шундай қаттиқ эдики, худди ҳозиргина дарё юзидан ўйиб келтирилгандек. Ташқаридан ғириллаб совуқ кириб турганидан палаткадаги ҳамма иссиқ юқорига кўтариларди. Печканинг қоқ юқорисида, шипнинг мўри чиқадиган жойида бир парча қуруқ брезент оқариб кўринади. Ундан нарида брезент нам бўлиб, ундан буғ чиқиб турибди. Ундан ҳам юқорироқда жиққа ҳўл брезентдан сув томчилаб турарди. Палатка шипининг қолган қисмини ва деворларини бир энлик oппoқ қypyқ қиров қоплаган.
– А-а-ах! О-о-ох. Вой-вой-воой! – деб инграб юборди уйқусида жун одеялга ўралиб ётган йигитча. Унинг ориқ ва сўлғин юзини соқол босган. У уйқудан уйғонмай туриб оғриқдан борган сари баттар инграрди. Одеялдан чиқиб турган гавдасининг ярми худди тиканак устида ётгандек безовталик билан тўлғанаётгани кўриниб турарди.
– Қани, уни ёнбошига ағдариб қўйинг-чи! – деб буюрди Беттлз. – Яна тутқаноғи тутиб қолди.
Шунда олтита ўртоғи бир бўлиб касалнинг то тутқаноғи ўтгунча шафқатсиз равишда у ёқдан-бу ёққа ағдардилар, эздилар ва калтакладилар.
– Падарига лаънат шу қорли йўлларнинг! – деб минғирлади йигит ва устидан одеялини олиб ташлаб, туриб ўтирди. – Уч қишгача сурункасига улканинг бошдан оёғини кезиб чиқдим — жисмоний жиҳатдан кўниккан бўлишим керак эди ахир! Энди мана шу лаънати ўлкага келиб кўрсам, совуққа дош беролмайдиган аллақандай хотинчалишларга ўхшаган нозик эканман.
У печкага яқинлашиб мохорка ўрай бошлади.
– Мени ҳадеб ғингшийверадиган одам экан деб ўйламанглар! Йўқ, мен ҳар қандай шароитга ҳам бардош бера оламан. Лекин ҳозир уятга қолиб ўтирибман, кўрмайсизми. Кўп бўлса ўттиз мил йўл босгандирман. Мана энди худди шаҳар атрофига сайрга чиқиб беш мил йўл босиб келган беморга ўхшаб ҳаммаёғим қақшаб кетяпти, касал бўлиб ўтирибман! Шундай ҳам бемазагарчилик бўлади- ми!.. Кимда гугурт бор?
– Қизишма, йигитча! – деб Беттлз гугурт ўрнига касалга чўғ тутди ва насиҳатомуз давом этди. – Сени кечирса бўлади, ҳамма ҳам шундай синовлардан ўтади. Чарчагансан, қийналгансан! Биринчи қилган саёҳатим ҳали эсимдан чиққани йўқ. Сўлоғим ўйнаб кетган! Музни ёриб ичасан-да, ўрнингдан тургунча анча уринасан. Бўғин-бўғинларинг бўшашиб кетади, суякларинг шундай сирқираб оғрийдики, баъзан ақлдан озай дейсан. Томир тортишини айтмайсанми? Баъзан шундай тортиб қоладики, қаддимни ростлагунча бутун манзил ярим кунгача устимда ўлиб бўлади! Ҳали ёшсан, аммо, баракалла, тиришқоқ, ўт йигит экансан! Жуссанг ҳам жойида, асосий масала шунда: сенда ортиқча ёғ йўқ, ўшани деб кўпгина соғлом йигитлар вақтидан олдинроқ нариги дунёга сафар қиладилар.
– Ёғнинг ортиқлигиданми?
– Ҳа, ҳа. Кимнинг суяклари кўпроқ ёғ ва гўшт билан қопланган бўлса, йўл азобига бардош беролмайди.
– Буни билмас эканман!
– Билмас эдингми? Бу рост гап, шубҳа қилмасанг ҳам бўлади. Шундай девқомат одамлар бўладики, улар бир зумда ўз зўравонликларини кўрсатишлари мумкии, лекин чидамга келганда, қайда дейсан. Бундай одамлардан умид қилма! Серпай, озғин одамларгина пишиқ бўлади. Итнинг оғзидан суякни тортиб олсанг оласанки, улар ёпишган нарсани тортиб ололмайсан. Йўқ, семиз одамлар бу ишга ярамайди.
– Ҳақ сўзни гапирдинг, – деб сўзга аралашди Луи Савой. – Мен қўтосдек бақувват бир кишини билардим.
Шимолий чашма томонда ерлар бўлиниб, қозиқ қоқилаётганда, ҳалиги йигит Люн Мак-Фейн билан бирга ўша томонга жўнади. Лон эсингдами? Кичкина сариқ ирландиялик, ҳамма вақт илжайиб юрарди. Улар йўлга тушибдилар, бир кеча-кундуз йўл босибдилар. Ҳалиги семиз одам ҳолдан тойиб, қорга ётиб олаверган. Нозиккина ирландиялик уни турғазса, судраса, у худди чақалоқдек йиғлар эмиш. Шу тарзда бутун йўл бўйи Лон уни судраб, қистаб борган ва мен турган манзилга олиб келган. Менинг уйимда у уч кунгача кўрпа-ёстиқ қилиб ётди. Эркак киши шу қадар хотинчалиш бўлади деб сира ўйламаган эдим. Ортиқча ёғ мана шундай ёмон оқибатларга олиб келади.
– Аксель Гундерсон-чи? – деб сўради Принс. Ўша скандинавиялик девқомат йигит ва унинг фожиали ўлими ёш муҳандисга жуда таъсир қилган эди. – У анави тарафда, аллақаерларда ётибди… – деб Принс қўлини ноаниқ силкиб, сирли шарқ томонни кўрсатди.
– Йирик одам эди, Шўр Сув соҳилларидан бу ерларга келиб, буғу ов қилган одамлар ичида энг йириги эди, – деб қўшиб қўйди Беттлз. – Лекин у бояги гапимизни тасдиқловчи истисно эди. Унинг хотини Унга эсингдами? Унинг баданида бир мисқол ҳам ортиқча ёғ йўқ, турган-битгани пай эди. У эридан ҳам мардона эди. Ана ўша хотин бошига тушган барча оғирчиликка чидади, фақат эрини ўйлар эди. Эри учун десанг, у ҳеч нарсадан ҳам бош тортмас эди.
– Нима бўлибди шу билан, Унга эрини яхши кўрар эди-да, – деб қўйди муҳандис.
– Гап унда эмас, ахир! У хотин…
– Менга қаранглар, биродарлар, – деб озиқ-овқат солинган яшик устида ўтирган Ситка Чарли гапга аралашди. – Сиз бу ерда бақувват, соғлом одамларни заиф қилиб қўядиган ортиқча ёғ ҳақида, хотинларнинг мардлиги ва севги ҳақида гапирдинглар; яхши суҳбат қурдинглар. Мен ҳозир бир эркак билан бир аёлни эсладим. Уларни ҳали бу ерлар кам ўзлаштирилган, одамлар ёққан гулханлар осмондаги юлдузлар каби сийрак бўлган замонларда учратган эдим. Эркак гавдали, соғлом эди, лекин унга ҳали сиз ортиқча ёғ деган нарса халақит берарди, шекилли. Хотин эса нозиккина, лекин унинг юраги катта эди, буқанинг юрагидек келадиган эркакнинг юрагидан ҳам каттароқ эди. Ўшанинг учун ҳам у аёл жуда мардона эди. Биз Шўр Сув томонга бормоқда эдик, йўл оғир, аччиқ coвуқ, қалин қop ва очлик бизнинг йўлдошимиз эди. Лекин бу хотин эрини буюк муҳаббат билан севарди — бу севгини фақат шундай деб аташ мумкин.
Ситка жим қолди. У болта билан олдида ётган муздан бир неча бўлагини чопиб олди-да, печка устида турган тунука новга ташлади — шу йўл билан улар ичиш учун сув тайёрлар эдилар. Эркаклар яқинроқ сурилдилар, касал йигит эса тутқаноқдан кейин бадани қаттиқ оғримасин учун зўр бериб ўнғайроқ ўтириб олишга тиришар эди.
– Биродарлар, – деб давом этди Ситка, – менинг томирларимда сивашларнинг қизил қони оқиб ётибди, лекин юрагим oқ танли одамларникидан. Биринчиси — оталаримнинг айби, иккинчиси дўстларимнинг яхшилигидан. Ҳали ёш бола эканимдаёқ кўзларим аччиқ ҳақиқатни кўрди. Мен ҳамма ер сизларники эканлигини, сивашлар оқларга қарши курашмоққа қуввати келмаслигини, қopлар орасида худди айиқ ва буғулар сингари ўлиб кетишини англадим. Ана шундан кейин иссиқ жойга келиб, сизларнинг ўртангиздан, сизнинг ўчоғингиз олдидан жой олдим-да, сиз билан аралашиб кетдим. Мен ўз умримда кўп нарсани кўрдим. Мен ғалати нарсаларни кўрдим, турли қабила одамлари билан кўп йўлларни босиб ўтдим. Одамлар ва қилинган ишлар ҳақида сиз каби ҳукм юритиб, сиз каби ўйлай бошладим. Шунинг учун ҳам, агар мен бирор оқ одам ҳақида ёмон гaп гапирсам, мендан хафа бўлмаслигингизни биламан. Борди-ю, оталарим қабиласидан бирор кишини мақтайдиган бўлсам, сиз: «Ситка Чарли — сиваш, унинг кўзлари ҳақиқатни кўрмайди, унинг тили ёлғон сўзларни айтяпти», деб айтмайсиз. Шундоқ эмасми?
Тингловчилар ғўнғиллаб, унинг сўзини тасдиқ қилдилар.
– У аёлнинг оти Пассук эди. Мен уни ўз қабиласидан яхшигина пулга ҳалол сотиб олдим. Бу қабила суви шўр бир кўрфазга яқин жойда, соҳилда яшар эди. Хотин кўнглимга ёқмасди, кўзларим унга қарашни истамасди, унинг кўзи доим ерга тикилган, ёт кишининг қўлига тушиб қолган ва илгари бу одамни ҳеч кўрмаган ҳамма қизлар сингари тортинчоқ ва қўрқоқдай кўринар эди. Мен айтганимдек, бу хотин юрагимдан жой ололмади. Лекин мен узоқ сафарга ҳозирланаётган эдим, менга итларимни боқадиган, дарёда сузганимда эшкак тортишадиган бир ёрдамчи керак эди. Бир кўрпага икки киши ҳам сиғаверади, шунинг учун мен Пассукни танладим. У вақтларда ҳукумат хизматида эдим деб айтдим шекилли? Шунинг учун ҳам мени чаналар, итлар ва озиқ-овқат захиралари билан бирга ҳарбий кемага олдилар; Пассук ҳам мен билан бирга эди. Биз шимол томонга, Беринг денгизи музликлари томон йўлга чиқдик. Ўша ерда бизни — мени, Пассукни ва итларни кемадан туширдилар. Ҳукумат хизматчиси бўлганимдан менга пул, ўша ернинг ҳали одам қадам босмаган жойларнинг хариталарини ва хатларни бердилар. Хатлар яхшилаб муҳрланган ва қор-ёмғирдан сақлаш учун яхшилаб ўралган эди. Мен бу хатларни буюк Маккензи дарёсига яқин жойда музлар орасида қолган кит овловчи кемаларга етказишим керак эди. Дарёларнинг онаси бўлган бизнинг Юконни ҳисобга олмаганда, дунёда Маккензидан каттароқ дарё йўқ.
Лекин гап бунда эмас, чунки кит овловчи кемаларнинг ҳам, Маккензи дарёси соҳилларида мен ўтказган қаҳратон қишнинг ҳам ҳозир сўзлаб берадиган ҳикоямга ҳеч қандай алоқаси йўқ. Баҳор келиб, кунлар узайиб қолгандан кейин Пассук икковимиз жанубга, Юкон соҳилларига жўнаб кетдик. Бу жуда оғир саёҳат бўлди, лекин қуёш бизга йўлни кўрсатиб турди. Ҳали айтганимдек, бу томонлар у вақтда бўм-бўш, кимсасиз жойлар эди. Биз дарёнинг оқимига тушиб олиб гоҳ таёқ, гоҳ эшкак ёрдами билан сузиб кетавердик ва ахири Қирқинчи Милга етиб бордик. Яна қайтиб оқ танлиларнинг оқ юзларини кўриш биз учун қувончли эди. Биз соҳилга тушдик.
Ўша қиш жуда совуқ бўлди. Совуқ билан бирга очлик ҳам келиб етди. Компаниянинг агенти одам бошига қирқ қадоқдан ун ва йигирма қадоқдан гўшт берди, холос. Ловия мутлақо йўқ эди. Итлар доим зорланиб увиллашар, одамларнинг қорни қапишиб, юзларини ажин босиб кетди. Бақувват одамлар заифлашар, заифлар ўларди. Қишлоқда цинга авж олди.
Бир куни кечқурун биз дўконга бордик ва бўш пештахталарни кўриб, қоринларимиз баттар очди; биз шам ёқмай ўчоққа ёқилган ўт ёруғида аста суҳбатлашиб ўтирдик, чунки шам баҳорга қадар тирик қоладиган одамлар учун сақлаб қўйилган эди. Биз ўзимизнинг қандай оғир аҳволда қолганимизни билдириш учун Шўр Сувга бирор кишини юбориш керак деган қapopгa келдик. Шунда одамларнинг ҳаммаси менга қарашди, улар менинг тажрибали саёҳатчи эканимни билишганидан менга умид билан қарадилар.
– Дарё соҳилидаги Хейс миссияси бу ердан етти юз мил жойда, – дедим мен, – бутун йўлни чанғи билан босиш керак. Менга энг яхши итларингизни ва энг яхши овқатларингизни берсангиз, майли бораман. Пассукни бирга олиб кетаман.
Одамлар рози бўлишди. Лекин шу вақт гавдали, бақувват америкалик йигит — Новча Жефф ўрнидаи тypди. У мақтаниб гапирди. У: «Мен ҳам жуда яхши юра оламан, мен худди чанғида юриш учун яратилганман, она қўтоснинг сутини ичиб катта бўлганман, – деб арз қилди. – Мен ҳам бирга бораман, агар йўлда ҳалок бўлсанг, мен миссияга бориб, топшириқни бажараман», деди у. Мен у вақтда анча ёш эдим, янкиларни яхши билмасдим. Мақтанчоқлик билан айтилган гаплар заифликнинг биринчи белгиси эканини, катта ишлар қўлидан келадиган одам тилини тийиб юришини у вақтларда қаёқдан ҳам билай! Шундай қилиб, биз энг яхши итларни ва яхши овқатларни олиб, Пассук, Новча Жефф ва мен учовимиз йўлга тушдик.
Ҳаммамиз ҳам чанғида қop орасидан йўл очишимиз керак бўлди, музлаб қолган чаналарни ўрнидан силжитишимиз ва муз тўсиқларини ёриб ўтишимиз керак эди. Шунинг учун мен йўл қийинчиликлари ҳақида кўп гапириб ўтирмайман. Лекин шуни айтайки, баъзан биз ўн мил йўл босдик, баъзи кунлари эса ўттиз мил йўл босдик. Ўн мил йўл босган кунларимиз кўпроқ бўлди. Энг яхши деб берган овқатлари унча ҳaм яхши эмас эди, бундан ташқари йўлга тушган кундан бошлаб овқатни тежаб сарфлаш лозим бўлди. Энг яхши итлар зўрға юришар, биз эса уларни куч билан чана тортишга мажбур қилар эдик. Биз Оқ дарёга бориб етганимизда, учта чанамиздан иккитаси қолди, биз эса бор-йўғи энди икки юз мил йўл босгандик. Тўғри, биз ҳеч нарса йўқотмадик: ўлган итлар тирик қолганларига овқат бўлди.
Пеллига етиб келгунимизча на инсон товуши- ни эшитдик, нa бирор ўчоқдан кўтарилаётган тутунни кўрдик. Ўша ерда мен овқат захирамизни кўпайтириб оламиз, йўлда заифлашиб қолган ва тинмай зорланиб, минғиллаб келаётган Новча Жеффни ўша ерда қолдириб кетамиз деб ўйлаган эдим. Лекин Пелли факториясининг омборлари деярли бўш эди; компаниянинг агенти қаттиқ-қаттиқ йўталар, нафаси сиқар, безгакдан кўзлари ёнарди. У бизга миссионернинг бўшаб қолган уйини ва қабрини кўрсатди. Ўликни итлар қазиб еб кетмасин деб, қабр устига тош қўйиб қўйибдилар. Биз у ерда бир тўда ҳиндуларни кўрдик, лекин улар ўртасида болалар ва чоллар йўқ эди; уларнинг кўпчилиги баҳоргача тирик қолмаслиги аён эди.
Шундай қилиб, қорнимиз оч, маъюс ҳолда йўлга тушдик. Хейнс миссиясига қадар қop саҳроси ва сокинлик денгизидан яна беш юз мил йўл босишимиз керак. Йилнинг энг қоронғу пайтлари, ҳатто туш пайтида ҳам қуёш жанубий уфқни ёритмайди. Лекин йўлимизда муз тўсиқлари энди кам учрарди, шунинг учун йўл юриш анча осонлашди. Мен итларни тўхтовсиз олға ҳайдар эдим. Биз деярли дам олмасдан йўл босардик. Айтганим тўғри чиқди — биз ҳамма вақт чанғида йўл босдик. Чанғида юришдан эса оёқларимиз зирқираб оғрир эди. Оёқларимиз ёрилиб ва яра бўлиб кетди. Кун сайин бу яралар бизга баттар азоб берарди. Бир куни эрталаб чанғиларни оёққа боғлаётган эдик, Новча Жефф худди ёш болага ўхшаб йиғлаб юборди. Мен уни кичик чаналарга йўл очиш учун олдинга юбордим, лекин у енгил бўлсин деб чанғиларини олиб қўйди. Шунинг учун йўлнинг қори босилмай, у мокасинлари билан йўлни ўйдим-чуқур қилиб бораверди, итлар эса чуқурларга тиқилиб қолардилар. Итлар шу қадар ориқлаб кетган эдиларки, жуни остидан суяклари туртиб чиқиб турарди. Улар ғоят қийинчилик билан қадам босардилар. Мен Жеффни роса сўкиб бердим. У чанғиларни энди ечмасликка ваъда берди, лекин сўзида турмади. Шунда мен уни қамчи билан тортиб юбордим, шундан кейин итлар қорга ботмайдиган бўлди. У худди чақалоққа ўхшар эди — йўл азоби, ундан кейин ҳали сен айтган ортиқча ёғ уни кичкина болага айлантириб қўйганди.
Пассук-чи! Эркак киши гулхан олдида йиғлаб ётган пайтларда, Пассук овқат пиширар, эрталаб итларни қўшишга, кечқурунлари эса чанадан чиқаришга менга ёрдамлашарди. Итларимизни Пассук омон сақлаб қолди. У ҳамма вақт олдинда борар ва итларга йўл очиб берарди. Пассук… нима десам бўлади! Мен у вақтда ҳамма нарсага одатдаги бир иш деб қараб, ҳеч нарса устида ўйламасдим. Фикрим бошқа нарсалар билан банд эди, бунинг устига, мен у вақтда ҳали ёш эдим, хотинларни билмасдим. Фақат сўнгроқ, ўша вақтларни эсга олиб, хотиним қандай ажойиб одам эканини англаб етдим.
Жефф энди бизга фақат ортиқча юк бўлиб қолди. Итлар ҳолдан тойганлигини била туриб, орқада қолган пайтларда яширинча чанага ётиб оларди. Пассук итларни ўзи бошлаб борди, Жеффга ортиқ ҳеч қандай иш қолмаган эди. Мен ҳар кун эрталаб унинг овқатини ҳалол бўлиб берар эдим. Унинг бир ўзи олдинга кетиб қолар, биз эса нарсаларни йиғиштириб чаналарга ортар ва итларни чанага қўшар эдик. Туш пайтларида қуёш хира нур сочаркан, биз унинг орқасидан етиб олар эдик: у йиғлаб-сиқтаб судралиб борар, кўз ёшлари эса юзида муз бўлиб қотиб қоларди. Биз эса ундан ўтиб кетаверар эдик. Кечалари биз тунаш учун тўхтаганимизда, Жеффнинг ҳақини олиб қўяр ва жойини солиб берар эдик. Бизни осонлик билан топсин деб, катта гулхан ёқардик. Бир неча соатдан кейин у оқсоқланиб етиб келар, минг воҳлар билан овқатини ер, кейин уйқуга кетарди. Ҳар куни аҳвол шу. У касал эмас, чарчаган, қийналган ва очликдан заифлашган эди-ку! Шунга қарамай, ҳамма ишни биз қилардик, у эса ҳеч иш қилмасди. Ҳамма гап Беттлз амаки айтган ортиқча ёғда бўлса керак; ахир биз ҳамма вақт унинг овқатини ҳалоллик билан бериб бордик.
Бир куни биз йўлда, Оппоқ Сокинликда дайдиб юрган икки кўланкага дуч келдик — булар бир эркак билан бир бола эди. Улар оқ танлилар эди. Ле-Барж кўлида муз очилиб, уларнинг ҳамма нарсаси сувга чўкиб кетибди, иккисининг елкасида биттадан одеял қолибди, холос. Кечаси улар ўт ёқиб, эрталабгача ўт олдида ётишаркан. Уларнинг ихтиёрида бир оз ун бўлиб, унни иссиқ сувга қориб ичишар экан. Эркак менга саккиз чашка ун кўрсатди. Бор овқатлари шу экан, очарчилик бошланган, Пеллигача эса ҳали икки юз мил йўл босишлари керак. Йўловчилар, биз билан бир ҳинду келаётган эди, биз қўлимиздаги овқатни ҳалол бўлиб бердик, лекин у орқада қолиб кетди, дейишди. Мен бунга ишонмадим, агар улар овқатни инсоф билан тақсимлаган бўлсалар, нима учун у орқада қолиб кетади?
Мен уларга ҳеч нарса беролмадим. Улар бизнинг энг семиз итимизни ўғирламоқчи бўлишди (энг семиз итимизнинг ўзи ҳам жуда ориқ эди), лекин мен револьвер ўқталиб қўрқитдим ва жўнаб қолишларини маслаҳат бердим. Кейин улар худди маст кишилардек сандироқлаб йўлга тушдилар ва Пелли томонга қараб, Оппоқ Сокинлик ичига кириб кўздан ғойиб бўлдилар.
Энди менинг ихтиёримда учта ит билан битта чана қолди; итларнинг ҳам эти бориб устихонига ёпишган эди. Ўтин оз бўлса, ўт ёмон ёнади, уйнинг ичи ҳам совуқ бўлади, биз ана шундай шароитда яшардик. Биз жуда оз овқат ердик, шунинг учун ҳам coвуқ бизни жон азобига соларди; юзларимизни совуқ уриб, шундай қорайиб кетган эдики, меҳрибон онамиз ҳам бизни таниб ололмаган бўларди. Оёқларимиз қаттиқ оғрирди. Эрталаб йўлга тушганимизда, қичқириб юборишимизга оз қоларди — чанғилар оёғимизни шу қадар оғритарди. Пассук лабларини қисиб, тишини тишига қўйиб, олдинда борар ва бизга йўл очиб берарди. Янки эса ҳали ҳам зорланиб, судралиб борарди.
Ўттиз миллик дарё тез оқади, баъзи жойларда сув музни ювиб кетган, йўлимизда муз устига сув тошган, муз ёрилган, баъзан муз устини ёппасига сув қоплаган жойлар ҳам учрарди. Бир куни биз анча илгари йўлга тушган Жеффни одатдагидек қувиб етдик. У дам олиб ўтирар экан. Икки оралиқда сув ёйилиб ётибди, у муз парчалари устидан айланиб ўтган, лекин чаналар муз парчаси устидан юролмайди. Биз катта бир муз парчасини топдик. Пассук йиқилиб тушсам керак бўлиб қолар деб, қўлига узун таёқ ушлаб олди-да, муз устига биринчи бўлиб қадам қўйди. Пассук енгил, чанғилари энли эди — у эсон-омон ўтиб олди-да, итларни чақирди. Лекин итларда таёқ ҳам, чанғи ҳам бўлмаганидан сувга ағдарилдилар, оқим уларни олиб кетди. Мен чананинг орқасидан маҳкам ушлаб тортдим, лекин қайишлар узилиб кетиб, итлар муз остида ғойиб бўлди. Итлар жуда ориқлаб кетганди, лекин мен улар бизга бир ҳафталик овқат бўлар деб ўйлаган эдим — мана энди улар ҳам асфаласофилинга кетди!
Эртаси куни эрталаб мен қолган бутун озиқларни баб-баравар қилиб учга бўлдим-да, Новча Жеффга: «Биз билан кетасанми, орқада қоласанми — ўзинг биласан, бизнинг юкимиз энди енгиллашди, шунинг учун энди биз тез юрамиз», дедим. У оҳ-воҳ қила бошлади, яра оёғи ва бошқа қийинчиликларни рўкач қилиб зорланди, ёмон дўст экансан деб, мендан гинахонлик қилди. Пассукнинг оёқлари ҳам, менинг оёқларим ҳам уникидан қаттиқроқ оғрирди, чунки биз итларга йўл очиб борардик, бизга ҳам қийин эди. Новча Жефф ўлсам ҳам шу ердан қимирламайман деб қасам ичди. Пассук индамай жун одеялни олди, мен эса болта билан декчани кўтардим-да, йўлга тушмоқчи бўлдик. Лекин хотиним Жеффга ажратиб қўйилган овқатга қаради-да: «Мана бу чақалоққа шунча овқатни қолдириб кетиш аҳмоқлик бўлади. Яхшиси, у ўлсин», деди. Мен бош чайқадим: «Дўст ҳамма вақт дўст бўлиб қолади», дедим. Шундан кейин Пассук Қирқинчи Милдаги одамларни эсимга солди — улар ҳақиқий эркаклар, улар кўпчилик, улар сендан ёрдам кутиб ётибдилар, деди. Мен яна «йўқ», деган эдим, Пассук белимга қистирилган револьверни олди, шундан кейин Новча Жефф, боя Беттлз амаки айтгандек, ажалидан беш кун олдин боболарининг олдига равона бўлди. Мен Пассукни уришдим, лекин у қилган ишига пўшаймон ҳам бўлмади, қайғу ҳам чекмади. Ичимда Пассук ҳақ эканлигини эътироф қилдим.
Ситка Чарли жим қолди ва печка устидаги тунука новга яна бир неча парча муз ташлади. Эркаклар индамай ўтирар эдилар. Итлар худди даҳшатли совуқдан зорланаётгандек мунгли-мунгли увиллашарди. Уларнинг увиллашидан одамларнинг бадани жимирлаб кетарди.
– Ҳар куни йўл устида ҳалиги икки кўланканинг тунаган жойларини учратиб бордик. Улар тўғридан-тўғри қор устида ётиб қолаверганлар. Шўр Сувга етиб олгунимизча ҳали бундай тунашни орзу ҳам қилиб қолармиз деб хаёлимдан ўтказардим. Кейин биз учинчи кўланка — ҳиндуни ҳам учратдик, у ҳам Пеллига борарди. Унинг айтишига қараганда, эркак билан бола унга овқатни кам бериб, инсофсизлик қилганлар, мана унинг тамом бўлганига уч кун бўлибди. Кечалари у мокасинидан тилиб олиб, қайнатиб ер экан. Энди мокасинидан ҳам деярли ҳеч нарса қолмабди. Бу ҳинду денгиз соҳилидан экан, мен у билан Пассук орқали гаплашдим. Пассук унинг тилига тушунарди. У ҳеч қачон Юконда бўлмаган, йўлни ҳам билмас экан, шунга қарамай ўша томонга қараб борарди. Йўл узоқми? Икки кунликми? Ўн кунликми? Юз кунликми? У билмас экан, лекин Пеллига қараб кетмоқда экан. Орқага қайтиш жуда ҳам узоқ, шунинг учун у фақат олға қараб бораётган экан.
У биздан овқат сўрамади, чунки ўзимизнинг аҳволимиз ҳам қийин эканлигини у очиқ кўрди. Пассук нима қилишини билмай, худди болалари-нинг бошига кулфат тушган қирғовул онадек, гоҳ ҳиндуга, гоҳ менга қарарди. Мен Пассукка қайрилиб қарадим.
– Бу одамга нисбатан инсофсизлик қилганлар. Овқатимиздан бир қисмини берсак, қандоқ бўлар экан? – деб сўрадим мен.
Мен унинг кўзларида шодлик белгиларини кўрдим, лекин у ҳиндуга, кейин менга узоқ қараб турди, унинг лаблари қатъий жипслашди. Кейин узил-кесил жавоб қилди:
– Йўқ. Шўр Сувга ҳали йўл узоқ, йўлда бизни ўлим пойлаб ётибди. Ўлим мана шу нотаниш одамни ола қолсин, менинг эрим Чарлини тирик қолдирсин.
Ҳинду Оппоқ Сокинлик ичига кириб йўқолди, у Пелли томонга қараб кетди.
Кечаси Пассук йиғлаб чиқди. Мен илгари унинг кўз ёшларини ҳеч қачон кўрмаган эдим. Унинг йиғлаши аччиқ тутундан эмасди, чунки ўтин қуппа-қypyқ эди. Унинг қайғуси мени ҳайрон қолдирди, зулмат ва оғриқ унинг тинкасини қуритибди шекилли, деб ўйладим.
Ҳаёт — ғалати нарса. Мен ҳаёт ҳақида кўп ўйладим, кўпдан бери шу тўғрида бош қотираман, лекин назаримда у кун сайин мураккаблашаётир. Нима учун яшашни шунчалик яхши кўрамиз? Ахир ҳаёт бир ўйин-ку. Бу ўйинда инсон ҳеч қачон ғолиб чиқмайди. Яшаш то қарилик етиб келмагунча, оғир меҳнат қилиш вa азоб-уқубат чекиш демакдир. Қарилик етиб келганда, биз ўчиб қолган гулханнинг совуқ кулини чангаллаймиз. Яшаш оғир. Чақалоқ азоб ичида туғилади, қари одам азоб ичида сўнгги нафасини чиқаради, бизнинг бутун умримиз қайғу ва ташвиш билан ўтади. Шунга қарамасдан, инсон қоқилиб-суқилиб, теварак-атрофга олазарак бўлиб қарайди ва ўлимнинг қучоғига ўзини истамайгина ташлайди. Ўлим эзгу нарса-ку! Фақат ҳаёт алам чектиради. Аммо биз ҳаётни яхши кўрамизу, ўлимдан нафратланамиз! Бу қизиқ нарса!
Биз, яъни Пассук билан мен кам гаплашардик. Кечалари қop устида ўликдек қотиб ухлардик, эрталаб ўрнимиздан туриб, яна мурдалардек индамай йўлга тушардик. Теварак-атрофимиз ҳаммаси жонсиз, ўлик, на қирғовул, на олмахон, на қуёш — ҳеч нарса кўринмайди. Дарё ҳам ўзининг оппоқ пардаси остида сукутга ботган. Ўрмонда ҳамма наpca ўлган. Совуқ ҳам худди ҳозиргидек. Кечалари юлдузлар катта ва яқин бўлиб кўринар, сакрашар, рақсга тушар эдилар; кундузлари эса назаримизда қуёш жуда кўпайиб кетгандек бўлиб туюлганча бизнинг жиғимизга тегарди. Ҳаво ярқирар, қор эса худди олмос зарраларига ўхшарди. На бирор гулхан кўринади, на бирор товуш эшитилади — ҳаммаёқни совуқ ва Оппоқ Сокинлик қоплаган. Биз вақтнинг ҳисобидан адашдик, ўзимиз худди мурдалардек қадам ташлаб борардик. Бизнинг кўзларимиз фақат Шўр Сув томонга тикилган, фикр-хаёлимиз Шўр Сув билан банд. Оёқларимизнинг ўзи Шўр Сув томонга олиб кетаётир. Биз Тахкинага бориб тўхтадик, уни танимадик. Бизнинг кўзларимиз Оқ Отга тикилар, лекин уни таниёлмас эди. Оёқларимиз Каньон тупроғига қадам босди, лекин биз буни сезмадик. Биз ҳеч нарсани ҳис қилмасдик. Биз тез-тез йиқилар, лекин йиқилаётиб ҳам Шўр Сув томондан кўзимизни олмасдик.
Биз баб-баравар баҳам кўриб келган овқатимиз тугади, лекин Пассук тез-тез йиқиларди. Буғу довонига яқин келганда Пассук ҳолдан тойди. Эрталаб иккимиз ҳам битта одеялга ўралиб ётар ва йўлга тушишни ўйламас ҳам эдик. Шу ерда қолиб, Пассук билан бирга қўл ушлашган ҳолда ўлимни қарши олишни истадим, чунки мен улғайиб қолган, хотиннинг севгиси нима эканлигини тушуна бошлаган эдим. Хейнс миссиясига яна саксон мил йўл бор эди. Лекин узоқда, ўрмоннинг орқасида, чўққисини бўронлар сидириб кетган Чакут тоғи қад кўтариб турибди.
Шунда Пассук эшитишим осон бўлсин учун оғзини қулоғимга тутиб сўзлай бошлади. Энди y менинг ғазабимдан қўрқмасди, Пассук менга юрагини очиб, ўзининг муҳаббати ва илгари мен тушунмай юрган кўп нарсалар ҳақида гапирди.
– Сен менинг эримсан, Чарли, – деди у, – сенга яхши хотин бўлдим. Ҳамма вақт сенга ўт ёқиб бердим, овқатингни пиширдим, итларингни боқдим, қop кураб йўл очдим, лекин ҳеч қачон зорланмадим. Отамнинг вигвами иссиқроқ эди ёки бизнинг Чилкатда овқат кўпроқ эди деб ҳеч таъна қилмадим. Сўзлаганингда қулоқ солдим. Буйруқ берганингда ижро этдим. Шундай эмасми, Чарли?
– Ҳа, шундай, – деб жавоб бердим мен.
У давом этди:
– Биринчи маротаба Чилкатга келиб, мени сотиб олганингда, ҳеч бўлмаганда ит сотиб олувчи одамдек бирор марта юзимга боқмадинг. Мени ўзинг билан олиб кетдинг. Ўшанда юрагимда сенга қарши норозилик қўзғалди, бутун вужудимни алам ва қўрқув босди. Лекин бунга кўп замонлар бўлди. Кўнгли юмшоқ одам ўз итини авайлаганидек, сен ҳам менга раҳм-шафқат қилдинг, Чарли. Аммо юрагингдан менга ўрин бермадинг, лекин ҳамма вақт менга нисбатан одил эдинг, менга лозим бўлганича яхши муомала қилдинг. Сен мардонавор ишлар қилганингда ва катта хавф-хатарга қарши кўкрак кериб борганингда, мен ҳамма вақт ёнингда бирга бўлдим. Мен сени бошқа эркаклар билан солиштириб кўрдим — сен уларнинг кўпидан яхши эдинг, ўз номусингни яхши сақлар эдинг, сўзларинг доно, тилинг эса ростгўй эди. Шунда сен билан фахрлана бошладим. Шундай вақт етиб келдики, менинг бутун юрагимни, фикр-хаёлимни эгаллаб олдинг. Менинг назаримда, сен олтин сўқмоқ бўйлаб юрадиган ва бир зумга ҳам ўз осмонини тарк этмайдиган ёзги қуёш эдинг. Кўзларим қайси томонга қарамасин, ўз қуёшимни кўрар эдим. Аммо сенинг юрагинг, Чарли, совуқ эди. Унда менга жой йўқ эди.
– Ҳa, шундай бўлган эди, – деб жавоб бердим. – Менинг юрагим совуқ эди, унда сенга жой йўқ эди. Аммо илгари шундай эди. Ҳозир юрагим қуёш қайтиб келган баҳор пайтидаги қopгa ўхшайди. Юрагимда ҳамма нарса эриётир, унда чашмалар шилдираб оқаётир, ҳамма нарса қулф уриб гуллаётир. Қирғовулларнинг овозлари, қушчаларнинг сайраши эшитиляпти, мусиқа янграяпти, чунки қиш мағлубиятга учради, Пассук, мен бўлсам хотин кишининг севгисини тушундим.
Пассук табассум қилди ва яна ҳам пинжимга тиқилиб олди.
– Хурсандман, – деди у.
Шундан кейин анчагача жим ётди, бошини кўксимга қўйиб оҳиста нафас оларди. Кейин у шивирлади:
– Менинг йўлим шу ерда тамом бўлди, чарчадим. Сенга икки оғиз гaп айтмоқчиман. Бундан кўп вақтлар илгари, мен ҳали кичкина қиз эканимда кўпинча отамнинг Чилкатдаги вигвамида ёлғиз қолардим, чунки эркаклар овга кетишар, хотин-қизлар ва болалар ўрмонда ов-ўлжаларини ташир эдилар. Кунлардан бир кун, баҳор чоғлари эди, тери устида ўтирган эдим. Бирдан қишки уйқусидан эндигина уйғонган оч ва ориқлаган тарғил айиқ вигвамга бошини тиқиб: «у-уҳ» деб бўкириб юборди. Худди шу вақт акам ов ўлжаларини чанага ортиб келиб қолди. У ўчоқда ёниб турган тўнкани ушлаб, сира тап тортмай айиқ билан олишиб кетди. Итлар эса чаналарни судраган ҳолда айиққа ёпишиб олдилар. Катта жанг бўлди, шовқин-сурон кўтарилди. Улар ўтга юмалаб тушдилар, териларни ҳар томонга ирғитиб ташладилар, вигвамни ағдардилар. Пировардида, айиқ жон берди, лекин акамнинг бир бармоғи айиқнинг оғзида қолди, юзида эса айиқ панжаларининг излари қолди. Сен Пеллига кетаётган ҳиндунинг қўлига эътибор бердингми, ўтга тутиб турган қўлининг катта бармоғи йўқ экан… У менинг акам эди. Мен унга овқат бермадим, у овқатсиз Оппоқ Сокинлик ичига кириб кетди.
Мана, биродарлар, Пассукнинг муҳаббати шу қадар кучли эди. Пассук Буғу довонида қop устида узилди. Унинг севгиси буюк севги эди. Ахир хотин киши уни оғир йўллар билан бошлаб ҳалокатга олиб бораётган эркак учун ўз акасини қурбон қилди-я. Унинг севгиси шу қадар кучли эдики, ҳатто ўзини ҳам аямади. Кўзлари сўнгги марта юмилишдан олдин Пассук менинг қўлларимни олиб, олмахон терисидан қилинган нимчасининг ичига суқди. Қўлим белида бир нарса тиқилган халтага тегди, шунда ҳамма гапга тушундим. Кун сайин биз овқатни баб-баравар бўлар эдик, лекин Пассук ўзига теккан овқатнинг ярмисини ер экан. Ярмисини эса мана шу халтачага солиб, менга сақлаб юрар экан.
– Мана, Пассукнинг ҳаёт йўли тугади, – деди Пассук. – Сенинг йўлинг эса, Чарли, ҳали тамом бўлгани йўқ, бу йўл сени буюк Чилкут орқали денгиз соҳилларига, Хейнс миссиясига олиб боради. Бу йўл сени борган сари узоққа олиб кетаверади, қуёш мўл-кўл шуъла сочадиган ёт ўлкалар ва улкан денгизларга олиб боради; мана шу йўлда сени узоқ умр, иззат-икром ва буюк шон-шараф кутади. Бу йўл сени кўпгина хотинларнинг уйига, яхши хотинларнинг олдига олиб боради, лекин сен ҳеч қачон Пассукнинг севгиси каби улуғ севгини учратмайсан.
Пассукнинг сўзлари ҳақ эканлигини сезиб турардим. Ҳаяжонга тушдим. Мен озуқа билан тўлдирилган халтачани улоқтириб ташладим ва менинг йўлим ҳам тугади, мен ҳам сен билан қоламан деб қасам ичдим. Лекин Пассукнинг ҳорғин кўзлари ёшга тўлди ва:
– Одамлар Ситка Чарлини ҳамма вақт виждонли одам деб ҳисоблар эдилар, – деди Пассук. – Унинг ҳар бир сўзи ҳақиқат эди. Наҳотки y ўз номусини унутиб, энди Буғу довонига келганда, бўлмағур гапларни гапириб ўтирса! Наҳотки у ўзларининг энг яхши овқатлари, энг яхши итларини берган Қирқинчи Милдаги одамларни унутган бўлса! Пассук ҳамма вақт ўз эри билан фахрланар эди. Пассук илгаригидек сен билан фахрлансин десанг, ўрнингдан тур, чанғиларингни боғла-да, йўлга туш.
У қучоғимда жон бериб бадани совуганда, ўрнимдан туриб, озиқ-овқат солинган халтачани топиб олдим-да, чанғиларни оёғимга боғлаб, гандираклай-гандираклай йўлга тушдим. Оёқларимнинг мадори кетган, бошим айланар, қулоқларим шанғиллар, кўз олдиларим қоронғулашиб кетар эди. Ёшликнинг унутилган манзаралари кўз олдимдан ўтаверди. Зиёфатда қайнаётган қозонлар олдида ўтирар эдим, қўшиқ айтар ва йигитларнинг қўшиғи, денгиз мушуги терисидан қилинган барабан товушлари оҳангига ўйин тушардим; Пассук бўлса менинг қўлимдан ушлаб, ҳамма вақт мен билан бирга борарди. Уйқуга кетганимда, мени уйғотарди. Қоқилиб йиқилганимда, суяб кўтарарди. Қалин қорларда адашиб қолганимда, тўғри йўлга олиб чиқарди. Мана, маст одамдек кўзимга ғалати нарсалар кўрина бошлади, ана шу тахлитда денгиз соҳилидаги Хейнс миссиясига етиб келдим.
Ситка Чарли ўрнидан туриб, чодирнинг бир томонини кўтариб ташқари чиқди. Туш пайти эди. Жануб томонда, Гендерсон тоғ қирралари устида қуёшнинг ҳароратсиз гардиши муаллақ турарди. Ҳаво йилтироқ қировдан ясалган ўргимчак уясига ўхшарди. Олдинда, йўл устида бўрига ўхшаган бир ит ўтирарди. Юнглари тарашадек қотган бу ит тумшуғини осмонга кўтариб зорланиб увилларди.
Рус тилидан Ф. Абдуллаев таржимаси