Иван Тургенев. Нодон (ҳикоя)

Дунёда бир нодон бўлган экан.
Шу нодон узоқ вақт давру даврон сурибди, бироқ у тез орада одамлар ҳамма ерда уни калтафаҳм, пайтавақулоқ деб аташларини билиб қолибди.
Бундан нодон қаттиқ изтиробга тушибди ва бу кўнгилсиз гапларга чек қўйишга бел боғлабди.
Хўп ўйлабди, ниҳоят, унинг қовоқ калласига бир фикр келибди… Нодон ўйламай-нетмай шу фикрини амалга оширмоқчи бўлибди…
Кўчада кетаётса, олдидан бир таниши чиқиб қолибди ва машҳур бир рассомни мақтаб гапирибди.
Шунда нодон шартта унинг гапини бўлибди:
— Э, қўйинг-э! У рассом аллақачон оёқдан қолган… Шуниям билмайсизми? Сиздан кутмаган эдим буни… Эссиз, ҳаётдан орқада қо¬либ кетибсиз.
Нодоннинг таниши бу гапни эшитиб, ваҳимага тушибди ва дарҳол унинг гапини маъқуллабди.
Бошқа таниши унга бир ёзувчини мақтабди:
— Биласизми, қойилмақом китоб ёзибди, ўқиб чиқдим, антиқа!
Бу гапдан нодоннинг фиғони фалакка чиқиб кетибди:
— Суф сизга-е! Уялмайсизми шундай дегани? Ўша сиз мақтаган китоб уч пулга қиммат, ундан аллақачон ҳамма юз ўгирган. Ҳали хабарингиз йўқми? Жуда орқада қолган одам экансиз.
Бу гапдан нодоннинг таниши қўрқиб кетиб, унинг гапига қўшилибди.
Нодон терисига сиғмай кетаётса, учинчи танишини кўриб қолибди. Таниши унга бир дўстини мақтабди:
— Фалончи баҳоси йўқ одам-да! Бунақа олийжаноб одам дунёга бир келади.
— Э, оғзингизга қараб гапиринг! — дебди нодон унинг оғзига уриб. — Ўша сиз кўкларга кўтариб мақтаётган одам учига чиққан муттаҳам! Бутун қариндош-уруғини кафангадо қилди. Ким билмайди буни? Сиз орқада қолиб кетибсиз!
Бу таниш ҳам қўрқиб кетибди-ю, нодоннинг гапига қўшилиб, дўстидан тонибди. Хуллас, шу-шу нодоннинг олдида кимни ва нимани мақташмасин, ҳаммасини қоралаб ёмонга чиқараверибди.
Баъзан денг у ўксиб:
— Сиз ҳали фозил одамлар борлигига ишонасизми? — деркан. Ниҳоят, танишлари нодон тўғрисида:
— Заҳар! Запти тез! Лекин калласи жойида! — деб гапира бошлашибди.
Баъзилар:
— Тили-чи, тили, тилини айтмайсизми?! Балои азимда ўзиям! — деб қўшимча қилибди.
Иш шу даражага бориб етибдики, бир газетанинг ношири нодонга танқид бўлимини бош¬қаришни таклиф этибди.
Энди унинг куни туғибди. Каттани катта, кичикни кичик демай — ҳаммани баробар танқид қила бошлабди.
Бир вақтлар фозилларга қарши айюҳаннос сол¬ган нодон эндиликда фозил бўлиб қолди, ёш-яланг ундан ҳайиқади, унинг олдида қўл қовуштириб туради.
Хўш, шўрлик ёшлар нима ҳам қилсин? Гапнинг пўст-калласини айтганда, бунчалик иззат-ҳурмат қилмасликлари керак эди… бироқ шундай қилмай кўришсин-чи, қолоққа чиқиб қолишади!
Нодоннинг жойи қўрқоқлар орасида.

Русчадан Мирзиёд Мирзоидов таржимаси