Мен ўшанда, гарчи бунинг учун ёшим ўтинқираб қолган бўлса-да, рассомлик санъатидан сабоқ олишга жазм этдим — кўнглимда аввалдан ҳам шундай ҳавас бор эди — Тамбов вилоятида ер-мулким бўла туриб, бутун қишни Москвада ўтказдим. Мени шогирдликка олган рассом нўноқ, истеъдодсиз, аммо ўзига яраша донгдор ҳам эди; у санъат аҳлига хос барча зоҳирий кўринишга эга эди: сочини елкасигача жингалак қилиб ўстирганди, тишига трубка қисиб юрарди, калта, қизил барқут камзул, уринган, кулранг, узун этик-калиш киярди — мен улардан жудаям жирканардим — муомалада ҳечам истиҳола қилмасди, ўзганинг меҳнатига мутакаббирларча чап кўз билан қараб, ҳудди ўзича сўзланаётгандек: «Чизганингиз бағоят ажойиб, бағоят мароқли… Бир сўз билан айтсак, бу сиз учун улкан муваффақиятдир…» деб қўйишга одатланган бир кимса эди.
Мен Арбат хиёбонидаги «Прага» ресторанига ёндош «Пойтахт» мусофирхонасида яшардим. Кундузи рассомникида ёхуд ўз хонамда ишлардим, кечани кўпинча овқати арзон ресторанларда, турмуши ит ётиш мирза туришдан иборат дайди санъаткорлар орасида, ёшу қариси бир хилда пиво ва қисқичбақага муккасидан кетган янги-янги танишларим билан ўтказар эдим… Тўғриси, жуда зерикарли ва кўнгилсиз ҳаёт кечирардим! Ўша ўлардай бефарқ, тепса-тебранмас иркит рассомни, унинг вайронага айланган, чангга беланган, турли-туман сохта безаклар уюми тўла устахонасини; ўша қол-қоронғи «Пойтахт» мусофирхонасини ўйласам, фақат энсам қотади… Эсимда ушбу лавҳалар қаттиқ сақланиб қолган: деразага қор тўхтовсиз урилади. Арбат томондан қўнғироқларини жаранглатиб ўтаётган кўнкалар — от қўшилган трамвайларнинг тарақ-туруқ товуши келади, кечаси эса хира ёритилган ресторанда пиво ва яна аллақандай раддибалонинг ачимсиқ иси анқийди… Чўнтагимда бирмунча пулим бўлатуриб, нима сабабдан шундайин аянч бир тарзда яшаганимни ҳалигача тушуниб етолмайман.
Баҳорда, март кунларининг бирида, хонамда расм чизиш билан машғул эдим; тош йўлдан эшитилаётган нағал товушлари қйшдагидан бошқачароқ, кўнкалардан таралаётган мусиқавий садолар ҳам ўзгачароқ туюлар эди… Нохосдан кимдир даҳлиз эшигини тақиллатди. Баланд овозда: «Ким?» деб сўрадим. Аммо жавоб бўлмади. Бир оз кутдим, кейин тағин; «Ким у?» дея қичқирдим. Яна жимлик. Сўнг яна эшик тақиллади, бориб эшикни очдим; остонада кулранг этикли, узун ва тўғри бичиқли кулранг пальто кийган, қишки кулранг шляпали новчагина бир қиз турар, кўзлари шаддод боқар, юзида, узун-узун киприкларида, шляпа остидан чиқиб, сочилиб ётган соч толаларида қор ва ёмғир нуқралари ялтирар эди. У мендан кўз узмасдан:
— Мен мутаассиб бир қиз — Муза Граф бўламан, — деди. — Сизнинг жудаям ажойиб киши эканлигингизни эшитдим-у, танишгани келавердим. Қаршилигингиз йўқми?
Мен жуда ҳайрон бўлиб, аммо, албатта, расамади назокат билан жавоб бердим;
— Бошим осмонга етди, жуда мамнунман. Фақат олдиндан айтиб қўймоғим лозим, яъни, мен тўғримда эшитганларингиз аслида бошқачароқ; аслида, ҳен қанақа ажойиблик жойим йўқ, мен — оддий бир рассомман.
— Бунинг ҳеч бир аҳамияти йўқ, муҳими, мени эшик олдида тутиб турманг, ичкарига таклиф қилинг, — деди у менга тик қараб, — ташрифимдан бошингиз осмонга етгач, эшигингизни ҳам очиб қўйинг-да, жонгинам.
У хонага кириб, ўзини худди онасининг уйида юргандек тута бошлади, четлари зарҳалланган, баъзи жойлари қорайган кўзгу рўпарасига бориб, бошидан шляпасини олди, сарғиш сочларини тузатган бўлди; пальтосини ечиб стулга ташлади, енгил жун матодан тикилган катак-катак кўйлаги дарҳол эътиборимни тортди, у диванга бориб ўтираркан:
— Калишим билан этигимни ечиб қўйинг, — деб буюрди. — Йўқ, аввал пальтомдаги дастрўмолни олиб беринг.
Унга дастрўмолни узатдим, у артиниб бўлиб, оёқларини мен томонга чўзилтирди.
— Мен сизни кеча, Шоранинг концертида кўрган эдим, — беписанд деди у.
Мен мамнунлик ва эсанкирашдан аҳмоқона илжайганимча — бу қанақа меҳмон ўзи, ёпирай — итоаткорона қиёфада унинг қўнжли калишларини бирин-кетин ечиб қўйдим.
Қизнинг вужудидан ҳалиям ташқарининг беғубор ҳавоси уфуриб турар, бу ҳид хаёлимни пароканда қилар, унинг рухсоридаги карашма, бебок нигоҳларидаги нозу истиғно, узун ва чиройли қўлларидаги мафтункорлик хатти-ҳаракатларидаги мардона шаддодлик билан қўшилиб, дилимни бадтар ҳаяжонга солар, ўртантирар эди.
У диванга қулайроқ ўрнашиб, бемалол-беписанда ўтириб олди, назаримда, ҳали-бери кетадиганга ўхшамасди. Ўйланқираб, лузумли бир гап тополмасдан, у мен тўғримда кимдан нималарни эшитгани, ўзи ким, қаерда ва кимлар билан истиқомат қилишини сўрай бошладим. У шундай жавоб қилди:
— Сиз ҳақингизда кимлардан қандай гап эшитганимни айтиб ўтирмайман. Бу ерга келишимнинг бирдан-бир сабаби — сизни кеча концертда кўриб, ёқтириб қолдим, шу холос. Сиз ниҳоятда чиройли ва ёқимтойсиз. Ўзимга келсак, мен — докторнинг қизиман, уйимиз ҳам бу ердан унчалик узоқ эмас. Пречистенский хиёбонида.
Унинг сўзларида қандайдир қисқалик, кескирлик ва ногиҳонийлик бор эди. Мен уни жалб этиш учун бирор муносиб гап тополмаганимдан кейин:
— Чой-пой ичасизми? — деб сўрадим.
— Ичаман, албатта, — деди у. — Агар чўнтагингиз кўтарса, Беловнинг ранет олмасидан харид қилдиринг, унинг растаси шундоққина Арбатда жойлашган. Фақат меҳмонхона ходимини тезроқ юборинг, мен жуда бесабр қизман.
— Аксинча, сиз мутлақо сипо кўринасиз.
— Кўриниш ҳам гап бўлди-ю…
Меҳмонхона ходими бир қоғозхалта олма ҳамда биқирлаб қайнаб турган самоварни олиб келгач, у ўрнидан туриб чой дамлади, пиёла ва қошиқчаларни бошқатдан тозалаб артди… Бир пиёла чой ичиб, олма еб бўлгач, диванга чуқурроқ ўрнашиб олди, сўнг мени қўлларини ёзиб ишора қилган кўйи оғушига чорлади:
— Энди бери келинг.
Ёнига бориб ўтирдим. У мени қучоқлаб олди, шошилмасдан, оҳиста ўпди. Кейин бир муддат тикилиб қолди ва худди мен унинг лутфларига муносиб эканлигимга ишонч ҳосил қилгандек, кўзларини жимгина юмди ҳамда узоқ, сидқидиллик билан яна ўпишди.
Мана шундай, — деди у енгил тортган одамдай, — ҳозирча шу ҳам кифоя. Эртага бир гап бўлар.
Мусофирхона бўлмасига аллақачон қоронғилик оралаган, фақатгина кўчадаги чироқларнинг ғира-шира ёғдуси кўзга чалинар эди. Айни дақиқалардаги ҳола тимни, қувончимни баён этишга тил ожиз. Қаердан келди бу ногаҳоний бахт! Ўтиб бораётган кўнкалар қўнғироғининг ёд бўлиб кетган бир хилдаги жаранги ва отлар туёғининг тарақ-туруқ товуши тушимда эшитилаётгандек туюлди.
— Индинга мен сиз билан «Прага» ресторанида бирга овқатланишни истайман, — деди у, — мен у ерга ҳозиргача бир марта ҳам кирмаганман, шунингдек, тажрибасиз бир қизман. Шу тобда мен тўғримда нималарни ўйлаб ўтирганингизни тасаввур қиламан, аммо, аслида, сиз — менинг биринчи севганим, биринчи муҳаббатимсиз.
— Қанақа севги-муҳаббат?
— Бўлмаса, буларни қандай аташ лозим?
…Шундан кейин ўқишни ҳам ташлаб юбордим. Рассомликка ҳавасим ҳам барҳам топди.
Биз у билан ҳеч ажралмасдан яшар, ҳар хил кўргазмаларга, концертларга, тасвирий санъат томошахоналарига борар, ҳатто, баъзан-баъзан оммавий маърузаларни тинглашга ҳам қатнаб турар эдик. Май ойида, унинг хоҳиши билан, Москва яқинидаги қўрғонга, эски бир чорбоққа кўчиб бордим: у ҳар куни олдимга келар, тунги соат бирда яна уйига — Москвага қайтиб кетар эди. Умрим бино бўлиб чорбоғда яшамагандим, шундай чорбоғ эгаси бўлишни хаёлимгаям келтирмагандим. Москва яқинида, шундай ажойиб иқлимда, бизнинг чўлларимиздаги қўрғонларга мутлақо ўхшамаган, кўм-кўк дарахтзорлардан иборат қўрғонда ҳеч бир иш қилмасдан боёнлардек яшашимни эса, асло кутмаган эдим.
Атроф қарағайзор ўрмон, уззу-кун ёмғир ёғади. Аҳён-аҳёнда ёрқин зангорликлар узра оппоқ булутлар тўпланади, теваракни майин бир шовқин қоплайди, кейин қуёш нурлари орасидан шаффоф ёмғир томчилари дувиллаб тўкилади, ўрмонзор тепасида хушбўй қарағайларнинг ҳовуридан юксалган улкан буғ пайдо бўлади… Атроф рутубатли: шалаббо ўт-ўланлар, дарахтлар танаси ойдиндагидек ялтирайди… Қўрғон теварагидаги дарахтзорлар шундай ҳайбатлики, бу ердаги онда-сонда қаққайиб турган чорбоғлар жуда кичкина кўринар, худди иссиқ иқлимли мамлакатлардаги улкан дарахтлар остидаги мўъжаз уйчаларга ўхшаб кетар эди. Ярмигача дарахтлар сояси тушиб турган ҳовуз эса улкан кўзгуни эслатарди… Менинг истиқоматгоҳим ўрмонзор ёқасида, боғ этагида жойлашганди. Ёғочдан қурилаётган уй ҳали батамом битказилмаган, тахта девордаридаги ёриқ-тешиклар ҳам беркитилмаган, фаршининг тахтаси рандаланмаган эди: хонада ҳеч қанақа жиҳоз йўқ, фақат биргина қопқоқсиз печка шалтайиб кўзга ташланар эди. Каравотим остида пала-партиш ёййлйб етадиган пойабзалларим доимий намгарчиликдан пўпанак босиб кетганди.
Кечалари ярим тунгача зимистон бўлар эди; ўрмонзор узра ғарб осмонидан ҳар доим кўрингувчи нимёруғлик ойдин кечаларда ой ёғдулари билан ўшандай осуда, ҳаракатсиз, ажойиб ва афсунгар бир ҳолатда қўшилиб кетарди. Тўрт тарафда ҳоким бўлган ана шу хотиржамликни, ана шу сокинотни, мусаффо осмон ва ҳаводаги ана шу осойишталикни сеза туриб, энди ҳеч ҳам ёмғир ёғмаслиги мумкин, дея ишонар эдим. Аммо Музани бекатга кузатиб қўйиб, ўрнимга чўзилишим биланоқ, бирдан ёмғир бошланганини, томни тарақлатиб шовқин солаётганини эшитардим, ташқаридаги қоронғилик бағрида чақмоқнинг қийрихон шуълаларини кўрардим…
Эрталабки бинафшаранг заминда, рутубат оғушидаги хиёбонларда олачалпак кўланкалар ва қуёшнинг тиғдор нурлари жилваланар, пашшатутарларнинг чуғур-чуғури, сайроқи қораялоқларнинг бесаранжом нағмаси янграр эди. Чошгоҳга томон тағин ўрмонзордан буғ юксалар, тағин булутлар тўдаланар ва яна ёмғир шовиллаб қоларди…
Шом олдидан ҳаммаёқ равшан тортиб, ботаётган пастак қуёшнинг олтинранг, биллурий нури барглар орасидан ўтйб, титраб ўйнаркан, сўникаётган кундуздан хабар берди. Шу пайт мен Музани кутиб олгани бекатга йўл олдим. Поезд келиб тўхташи билан бир тўда чорбоғчилар йўлак сари ёпирилди: паровоздан тошкўмир ва ўрмонзорнинг ғуборсиз ҳиди анқиди, нигоҳим оломон ичида келаётган, қўлида турли-туман егулик, ичимлигу мевалардан қаппайган тўрхалта, қоғоз қопчиқлар кўтарган Музага тушди… Уйга келгач, юзма-юз ўтириб, бир-биримизга меҳрибонликлар кўрсатиб, яйраб овқатландик. Кечки пайт, унинг шаҳарга жўнаб кетиши олдидан, боғда сайр қилдик. У шундоққина ёнимда, бошини елкамга қўйиб олган кўйи, бу худди тушида рўй бераётгандек, беихтиёр юриб борарди. Атрофда қора кўзгули ҳовуз, юлдузлар сари қўл чўзган, асрий, илтижоли дарахтлар… Бир қарашда кўлни эслатадиган далаларда дарахтларнинг узун, поёнсиз кўлкалари ёйилган; жимжит, бепоён ва фусункор ойдин кеча…
Июнь ойида Муза мен билан Тамбов вилоятидаги қишлоғимга борди, гарчи никоҳсиз бўлса ҳам, бир уйда яшай бошладик, хўжалик ишларини у ўз гарданига олди. У узун куз кунларини асло зерикмасдан, келажак ташвишлари ва китоб мутолааси билан ўтказиб юборди. Қўни-қўшнилардан бизникига тез-тез келиб, меҳмон бўлиб турадиган одам Завистовский деган сўққабош кимса эди: у сариқбашара, нимжон ва қўрқоқ, созандаликдан ҳам хабари бор, бизникидан икки чақирим нарида турадиган, камбағаллашган заминдор эди. Қиш бошланди, у бизникига деярли ҳар куни келарди. Мен уни болаликдан бйлардим, энди эса, у нусхага шундай ўрганиб қолдимки, ҳатто, у келмаса, тун ғалати ўтаётгандек туюларди. У мен билан шашка ўйнарди, Муза билан эса тўрт қўллаб рояль чаларди.
Рождество ҳайити олдидан тасодифан зарурат туфайли шаҳарга жўнадим. Ой чиққан бир паллада шаҳардан қайтиб келдим. Уйга кириб, Музани тополмадим. Самовар қаршисида анчагача танҳо ўтиргач, ходимадан:
— Дуня, бека ойим қаерда? Сайрга чиқиб кетдими? — деб сўрадим.
— Билмадим. Улар эрталабдан буён уйда йўқлар, — деди.
— Кийиндилару жўнаб қолдилар, — жавоб қйлди емакхонадан бошини хам қилиб ўтиб бораётган энагам.
«Ҳа-ҳа, Завистовскийникига кетган, — деб ўйладим, — тўғри, улар тезда биргалашиб келиб қолишади, ҳозир соат етти бўлиб қолди…» Кейин хосхонамга кирдиму бир пасда тош қотиб ухлаб қолдим — кун бўйи йўл юриб, ўлардай совқотган эдим. Бир соатлардан сўнг калламга ногаҳонда келган таҳликали фикрдан кўзим ярқ этиб очилди: «Ахир у мени ташлаб кетган бўлса-чи! Мени бу ерда ухлатиб қўйиб, ўзи бекатга кетган — унинг қўлидан ҳар иш келади! Йўқ, эҳтимол, у ҳозир қайтиб келгандир». Уйни айланиб чиқдим — йўқ, келмабди. Уят-э, шалпайган хизматкорларни ҳам ғафлатда қолдирибди!..»
Соат ўнга яқинлашди, нима қиларимни билмасдим, ҳайрон-саргардон эдим: охири, мўйнадор, калта пўстинимни кийдим-да, негалигини ўзим ҳам билмаган ҳолда, қуролимни олдим, сўнг Завистовский қўрғони томон катта йўл бўйлаб борарканман, шундай ўйлардим: «Атайлаб қилаётгандек, ҳозиргача у сариқбашара ҳам келмади, олдинда эса менга азоб берадиган, шубҳалар билан қийнайдиган бутун бир қайғули тун бор! Наҳотки, Муза кетган, наҳотки, у мени ташлаб кетса! Йўқ, бундай бўлиши мумкин эмас!» Қорликлар орасидаги из тушган йўлдан ғирчиллатиб одим ташлаб борардим: чап тарафимда, пастаккина, ғариб ой ёғдусида далаларнинг қорли манзараси оқариб кўринарди… Катта йўлдан қайрилиб, Завистовскийнинг аянчли қўрғони сари шитоб юрдим: дала бўйлаб унинг ҳовлисига олиб борадиган хиёбоннинг икки четида яланғоч дарахтлар қаққайиб турар, эски ҳовлининг чап тарафида қилтиллаган уй кўринар эди. Уй қоп-қоронғи… Музлаб ётган зинапоядан кўтарилиб, қопламаси кўчиб, осилиб ётган оғир эшикни минг азоб билан очдим — даҳлизда қизариб ёнаётган печкага кўзим тушди, уй иссиқ, қоронғи… Зал ҳам шундай қоронғи эди.
— Викентий Викентич! — дедим.
Бўлма эшиги овозсиз очилди, фақат ой нури ва уч тавақали кўзгунинг акс шуъласи тушиб турган остонада пиймали Завистовский кўринди.
— Э-э-э… Бу сизмидингиз… Киринг, кираверинг, марҳамат… мен, кўриб турганингиздек, чироқ ҳам йўқ, тунни мана шундай қоронғиликда ўтказяпман… — дея ғўнғиллади у.
Ичкарига кириб, дўнгайиб турган диванга бориб ўтирдим.
— Тасаввур қила оласизми, азизим, Муза қаёққадир ғойиб бўлибди… — дедим.
У индамади. Сўнг эшитилар-эшитилмас бир овозда:
— Ҳа, ҳа, тўғри, мен сизнинг аҳволингизни тушунаман… — деди.
— Яъни, нимани тушунасиз? — дея кескин сўрадим.
Худди шу аснода, худди Завистовскийга ўхшаб овоз чиқармасдан, уникига ўхшаш пийма кийган, елкасига шол рўмол ташлаб олган Муза ётоқхона томондан биз ўтирган бўлмага кириб келди.
— Қуролингиз ёнингиздами, — сўради у, — агар отмоқчи бўлсангиз, уни эмас, мени отинг!
Шундай деди-ю, қаршимга, бошқа диванга ўтириб олди.
Мен унинг пиймали оёқларига, кулранг юбкаси остидаги тиззаларига кўз ташладим. Деразадан муттасил сепилаётган заррин шуълаларда ҳаммаси аён кўринарди. Бирдан: «Мен сенсиз яшай олмайман, мана шу биргина тиззаларинг учун, юбканг ва пийма-этикларинг учун жонимни ҳам беришга тайёрман!» дея хитоб қилгим келиб кетди.
— Ҳаммаси равшан, ҳаммаси тугади, — Музанинг совуқ, қатъий овозидан ҳушимга келдим. — Энди найрангбозлик қилиш беҳуда, — деди у.
— Одам ҳам шуқадар шафқатсиз бўладими, — дея инграгандай, оҳиста деДим.
У Завистовскийга ўгирилди-да:
— Қани, папиросдан узат, — деди.
Завистовский итоаткорона эгилганича Музага тамакидонини очди, чўнтагини тимирскилаб, гугурт ахтара бошлади.
— Сиз мен билан сизлашиб гапиришяпсиз, — дедим нафасим қисилиб, — менинг олдимда у билан сенлашиб сўзлашмаслигингиз ҳам мумкин-ку!
— Нега энди, буни қандай дахли бор, — у қошларини чимириб, папиросни лабидан узоқлаштираркан, кибор билан сўради.
Юрагим гупиллаб урар, бўғзимга тиқилгудек ҳаприқар эди. Шартта ўрнимдан турдим-у, гандираклаганимча уйдан чиқиб кетдим.
Тоҳир Қаҳҳор таржимаси
“Шарқ юлдузи” журнали, 1986 йил, 12-сон.