Бугунги газеталарни ўқирканман, «Сабр» деган мақолага кўзим тушди. Олдинига «Э, шундан бошқа гап қуриб қоптими!» дедим-да, эътибор бермадим, бошқа саҳифаларни қараб чиқдим. Кейин ичимда бир қизиқиш пайдо бўлиб, ҳалиги мақолани ўқишга тутиндим.
Муаллиф «Сабр»да шуларни қаламга олганди:
«Бамбук дарахти жуда қийинчилик билан ўстирилар экан.
Хитойликларнинг салкам фалсафалашган бамбук экиш жараёни ёмғир мавсумида бошланаркан.
Уруғ чуқур қазилган ерга кўмилгач, уни роса суғоришаркан.
Бу иш бир йил бўйича давом этаркан. Қазилган чуқурга гўнг ташлаб, тинимсиз сув бериларкан.
Биринчи йилда ерга экилган бамбук уруғининг униб чиқишини умид қилиш беҳуда эмиш. Иккинчи, учинчи, тўртинчи йилда ҳам уруғ ниш урмасмиш. Ниҳоят, бешинчи йил деганда уруғ униб чиқармиш.
Кўкарган бамбук илк икки йилда фақат беш сантиметр бўй чўзармиш.
Иккинчи йилнинг охирида ўсиши тезлашармиш.
Ва икки йил ичида бамбукнинг бўйи 27 метрга борармиш.
Яъни, бамбук оғочи экканлар роса тўққиз йил кутганларидан ¬кейин унинг бир дарахтга айланганини кўра олишармиш.
Шунинг учун Хитойда бамбук ўстириш қутлуғ иш саналармиш.
Жуда катта меҳнат, қунт билан ўстирилган бамбук дарахтини ва унинг ёғочидан тайёрланадиган фавқулодда гўзал, безакли ўймакорлик ишларини кўрмоқ учун сабр билан кутиш керак экан.
Хитойда бамбук сабр тимсоли, сабр сўзининг маънодоши эмиш».
«Э, ўл-э!» дедим ичимда. Шуям гапми? Қибрисда, қибрислик бир ёзувчи ўз халқига сабр тимсоли сифатида бамбукни ибрат кўрсатиши шарт¬ми?
* * *
Кичкинагина бола эдим. Бошланғич мактабда ўқий бошлаган чоғим, адашмасам, биринчи синфни тугатганимдан кейинги ёзги таътилга чиққан пайтлар эди.
Бувамнинг бир эшаги бўларди. У ҳамма биладиган йирик, Қибриснинг филдай эшакларидан эмас, қилтиллаган эшакча эди.
Бир куни бувам менга:
— Юр, сени бир ўйнатиб келай, — деди.
Қанақа қувонганимни билсангиз эди.
Тўртта идишга сув тўлатиб, иккитасини эшакнинг ўнг ва чап ёнига осилган хуржунларга солди. Қолган иккитасини арқонга боғлаб, эшакка ортди. Кейин мени ҳам эшакнинг устига миндириб қўйди.
Бувам бошвоқни қўлига олиб, йўлга тушди. Эшак, устида юклар, мен, эринибгина унинг ортидан юрди.
Йўл баланд-пастли, ўйдим-чуқурли, тоғли-тепали эди. Аммо эшак устида бораётганим учун кайфим чоғ, ичимга сиғмасдим. Тўғри, сал-пал солланиб борардим, бироқ бу парвойимга келмасди, роса мириқаётгандим!
Бечора бувам эса ўлгудай чарчаган, ҳарсиллаб нафас оларди. Шунга қарамасдан, тўхтамай юриб борарди. У пайтдаги бола ҳолимда англамаган бўлсам ҳам, бувам ўшанда олтмиш бешлардан ўтганди.
Кета-кета бир ям-яшил водийга етдик. Унинг ўртасини экинзорлар, атрофини зайтун дарахтлари ва турли бутазорлар қоплаганди.
— Бу водийни Вўлигари дейишади, — деди бувам менга ўгирилиб. — Энг кўп қуш овланадиган жой шу ер бўлади! Катта бўлганингда, сен ҳам келасан бу ерларга.
Водий ичида анчагина йўл босдик. Бир қиялик қаршисида тўхтадик.
— Мана шу ер бизники, — деди бувам.
Мени эшакдан туширди. Арқонларни ечиб, сув идишларини ерга қўйди. Кейин хуржундаги иккита сув идишини ҳам олиб, уларнинг ёнига жойлаштирди.
Сўнгра хуржунларни, эшакнинг тўқимини олиб, ерга ташлади.
Эшак шир яланғоч бўлди. Узоқ йўлдан юк билан келиб анча чарчаганди. Уни бир оғоч кўланкасига етаклаб бориб, бошбоғини ўтлай оладиган даражада бўшатиб, дарахтга боғлаб қўйди.
— Олдин ишимизни битирайлик, кейин ўтириб тин оламиз. Қани, мен билан юр-чи, — деди бувам.
Сал наридаги, қиялик этагидаги ерга бордик. Бу ерда қатор қилиб экилган зайтун кўчатлари бор эди.
— Булар зайтун кўчатлари, ҳали ёш, — деди бувам бирини силай туриб. — Яқинда экдим буларни. Ўсиб, ка-а-атта зайтун оғочи бўлажак. Мен балки кўрмасман. Буларнинг меваларини териб олаётганда, мени эслаб юрарсан, болам.
Сув идишларини бирма-бир кўчатлар тагига келтирди. Барча кўчатни менга суғортирди.
— Булар сенинг оғочларинг. Сен суғординг. Сен уларга жон бердинг, — дея бувам менга яхши гаплар айтиб, кўнглимни кўтарди.
Ўша ёз таътилида бир неча марта ўша тарзда, бир неча мил узоқдан эшакда сув ташиб келиб, кўчатларни суғорганимизни яхши эслайман.
Бу орада йиллар сувдай оқиб ўтиб кетди.
Бошланғич ва ўрта мактабни тугатгач, университетда ўқидим, уни битиргунча қишлоқдан, у ердаги турмушдан анча узоқлашдим.
Университетни тугатган йилим Қибрисда уруш бошланиб қолди. Бошқалар каби мен ҳам она қишлоғимни румларга ташлаб чиқиб кетишга мажбур бўлдим…
Бувамнинг «Бу сеники» деган зайтун кўчатларининг катта бўлиб-бўлмаганини эса кўролмадим. Чунки Вўлигари дейилган у гўзал водийга бошқа боролмадим.
Яхшиямки бувамнинг умри узун экан, биргаликда экканимиз ўша зайтун кўчатларининг униб-ўсганини, мева берганини ўз кўзи билан кўрди.
1968 йилдан Қибрис оролида яна тинчлик бошланди. Бир куни қишлоққа бувамни кўргани борганимда, у менга ўша кўчатлар ҳақида гапириб қолди:
— Сенинг зайтунларинг ҳам ўсиб, кап-катта оғоч бўлиб кетди. Мева ҳам бера бошлади. Қачон бориб кўрасан, уларни?
— Бирор кун биргаликда бориб кўрармиз, бува, — дедим.
Не ёзиқки, бувам билан водийга бориш бизга насиб этмади. У ўша кўришганимиздан кўп ўтмай вафот қилди.
Шундан кейин бир неча бор бувамни тушимда кўр¬дим… У ҳар доим «Бориб зайтунларингни кўр» дерди.
Ниҳоят бир куни водийга бориб, ўша зайтунларни кўрдим.
Ҳақиқатан ҳам кўчатлар улғайиб, катта-катта дарахтга айланганди. Бир пайтлар бувам билан бирга ўтқазган зайтунларимни бирма-бир кўздан кечирдим, таналарини суйиб силадим, кўланкаларида ўтирдим. Отамнинг, бувамнинг, бошқа қишлоқдошларимнинг зайтун дарахтлари ҳақидаги гап-сўзларини эсладим.
У инсонлар учун ҳар бир дарахтнинг тирик одам каби, уйларидаги ҳайвонларию паррандалари каби қадр-қиммати бор эди.
Зайтунга келсак, ҳар бир кўчатнинг униб-ўсиши учун йилларча қунт билан меҳнат қилиш, сабр билан парваришлаш, мева беришини эса саккиз-ўн йил кутиш керак бўларди.
Бундан ташқари, сув анқонинг уруғи бўлган бу оролда ҳар ким ҳам зайтун экишдай оғир ишга қўл уравермасди. Бувам ўша зайтун кўчатларини ўтқазаркан, уларнинг тутиши, илдиз отиши учун милларча узоқликдан эшак устида сув ташиб келтираркан, эндиликда тахмин қилишимча, уларнинг дарахт бўлиб, мева берганини кўролмаслигини ҳам билган, билгану бу оғир юмушдан воз кечмаган.
Қисқаси, Қибрисда зайтун бор экан, сабрнинг тимсоли дея бамбукни кўрсатиш ярашмаган иш. Э, зайтун қайдаю бамбук қайда!
Туркчадан Тоҳир Қаҳҳор таржимаси
САБР
Бугунги газеталарни ўқирканман, “Сабр” деган мақолага кўзим тушди. Олдинига “Э, шундан бошқа гап қуриб қоптими!” дедим-да, эътибор бермадим, бошқа саҳифаларни қараб чиқдим. Кейин ичимда бир қизиқиш пайдо бўлиб, ҳалиги мақолани ўқишга тутиндим.
Муаллиф “Сабр”да шуларни қаламга олганди:
“Бамбук дарахти жуда қийинчилик билан ўстирилар экан.
Хитойликларнинг салкам фалсафалашган бамбук экиш жараёни ёмғир мавсумида бошланаркан.
Уруғ чуқур қазилган ерга кўмилгач, роса суғориларкан.
Бу иш йил бўйи давом этаркан. Қазилган чуқурга гўнг ташлаб, тинимсиз сув бериларкан.
Биринчи йилда ерга экилган бамбук уруғининг униб чиқишини умид қилиш беҳуда эмиш. Иккинчи, учинчи, тўртинчи йилда ҳам уруғ ниш урмасмиш. Ниҳоят, бешинчи йил деганда уруғ униб чиқармиш.
Кўкарган бамбук дастлабки икки йилда фақат беш сантиметр бўй чўзармиш.
Иккинчи йилнинг охирида ўсиши тезлашармиш.
Ва икки йил ичида бамбукнинг бўйи 27 метрга борармиш.
Яъни, бамбук оғочи экканлар роса тўққиз йил кутганларидан кейин унинг дарахтга айланганини кўра олишармиш.
Шунинг учун Хитойда бамбук ўстириш қутлуғ иш саналармиш.
Жуда катта меҳнат, қунт билан ўстирилган бамбук дарахтини ва унинг ёғочидан тайёрланадиган фавқулодда гўзал, безакли ўймакорлик ишларини кўрмоқ учун сабр билан кутиш керак экан.
Хитойда бамбук сабр тимсоли, сабр сўзининг маънодоши эмиш”.
“Э, ўл-э!” дедим ичимда. Шуям гапми. Қибрисда, қибрислик бир ёзувчи ўз халқига сабр тимсоли сифатида бамбукни ибрат кўрсатиши шартми?
* * *
Кичкинагина бола эдим. Бошланғич мактабда ўқий бошлаган чоғим, адашмасам, биринчи синфни тугатганимдан кейинги ёзги таътилга чиққан пайтларим эди.
Бувамнинг бир эшаги бўларди. У ҳамма биладиган ҳанги, Қибриснинг филдай эшакларидан эмас, қилтиллаган хўтик эди.
Бир куни бувам менга:
– Юр, сени бир ўйнатиб келай, – деди.
Қанақа қувонганимни билсангиз эди.
Тўртта идишга сув тўлдирди. Иккитасини эшакнинг ўнг ва чап ёнига осилган хуржунларга солди. Қолган иккитасини арқонга боғлаб, эшакка ортди. Кейин мени ҳам эшакнинг устига миндириб қўйди.
Бувам бошвоқни қўлига олиб, йўлга тушди. Эшак эринибгина унинг ортидан юрди; устида юклар, мен.
Йўл баланд-пастли, ўйдим-чуқурли, тоғли-тепали эди. Аммо эшак устида бораётганим учун кайфим чоғ, ичимга сиғмасдим. Тўғри, сал-пал солланиб борардим, бироқ бу парвойимга келмасди, роса мириқаётгандим!
Бечора бувам эса ўлгудай чарчаган, ҳарсиллаб нафас оларди. Шунга қарамасдан, пилдираганча тўхтамай юриб борарди. У пайтдаги бола ҳолимда англамаган бўлсам ҳам, энди ўйлаб кўрсам, бувам ўшанда олтмиш бешлардан ўтганди.
Кета-кета бир ям-яшил водийга етдик. Унинг ўртасини экинзорлар, атрофини зайтун дарахтлари ва турли бутазорлар қоплаганди.
– Бу водийни Вўлигари дейишади, – деди бувам менга ўгирилиб. – Энг кўп қуш овланади шу ерда! Катта бўлганингда, сен ҳам келасан бу ерларга.
Водий ичида анчагина йўл босдик. Бир қиялик қаршисида тўхтадик.
– Мана шу ер бизники, – деди бувам.
Мени эшакдан туширди. Арқонларни ечиб, сув идишларини ерга қўйди. Кейин хуржундаги иккита сув идишини ҳам олиб, уларнинг ёнига жойлаштирди.
Сўнгра хуржунларни, эшакнинг тўқимини олиб, ерга ташлади.
Эшак шир ялонғоч бўлди. Узоқ йўлдан юк билан келиб анча чарчаганди. Уни бир оғоч кўланкасига етаклаб бориб, бошбоғини ўтлай оладиган даражада бўш қўйиб, дарахтга боғлади.
– Олдин ишимизни битирайлик, кейин ўтириб тин оламиз. Қани, мен билан юр-чи, – деди бувам.
Сал наридаги, қиялик этагидаги ерга бордик. Бу ерда қатор қилиб экилган зайтун кўчатлари бор эди.
– Булар зайтун кўчатлари, ҳали ёш, – деди бувам бирини силай туриб. – Яқинда экдим буларни. Ўсиб, катта зайтун оғочи бўлажак. Мен балки кўрмасман. Буларнинг меваларини териб олаётганда, мени эслаб юрарсан, болам.
Сув идишларини бирма-бир кўчатлар тагига келтирди. Барча кўчатни менга суғортирди.
– Булар сенинг оғочларинг. Сен суғординг. Сен уларга жон бердинг, – дея бувам менга яхши гаплар айтиб, кўнглимни кўтарди.
Ўша ёз таътилида бир неча марта ўша тарзда, бир неча мил узоқдан эшак сиртида сув ташиб келиб кўчатларни суғорганимизни яхши эслайман.
Бу орада йиллар сувдай оқиб ўтиб кетди.
Бошланғич ва ўрта мактабни тугатгач, университетда ўқидим, уни битиргунча қишлоқдан, у ердаги турмушдан анча узоқлашдим.
Университетни тугатган йилим Қибрисда уруш бошланиб қолди. Бошқалар каби мен ҳам она қишлоғимни ташлаб чиқиб кетишга мажбур бўлдим…
Бувамнинг “Бу сеники” деган зайтун кўчатларининг катта бўлган-бўлмаганини эса кўролмадим. Чунки Вўлигари дейилган у гўзал водийга бошқа боролмадим.
Яхшиямки, бувамнинг умри узун экан, биргаликда экканимиз ўша зайтун кўчатларининг униб-ўсганини, мева берганини ўз кўзи билан кўрди.
1968 йилдан Қибрис оролида яна тинчлик бошланди. Бир куни қишлоққа бувамни кўргани борганимда, у менга ўша кўчатлар ҳақида гапириб қолди:
– Сенинг зайтунларинг ҳам ўсиб, кап-катта оғоч бўлиб кетди. Мева ҳам бера бошлади. Қачон бориб кўрасан уларни?
– Бирор кун биргаликда бориб кўрармиз, бува, – дедим.
Не ёзиқки, бувам билан водийга бориш бизга насиб этмади. У ўша кўришганимиздан кейин кўп ўтмай вафот қилди.
Шундан кейин бувамни бир неча бор тушимда кўрдим… У ҳар доим “Бориб зайтунларингни кўр”, дерди.
Ниҳоят, бир куни водийга бориб, ўша зайтунларни кўрдим.
Ҳақиқатан ҳам, кўчатлар улғайиб, катта-катта дарахтга айланганди. Бир пайтлар бувам билан бирга ўтқазган зайтунларимни биттама-битта кўрдим, таналарини суйиб силадим, кўлкаларида ўтирдим. Отамнинг, бувамнинг, бошқа қишлоқдошларимнинг зайтун дарахтлари ҳақидаги гап-сўзларини эсладим.
У инсонлар учун ҳар бир дарахтнинг тирик одам каби, уйларидаги ҳайвонларию паррандалари каби қадр-қиммати бор эди.
Зайтунга келсак, ҳар бир кўчатнинг униб-ўсиши учун йилларча қунт билан меҳнат қилиш, сабр билан парваришлаш, мева беришини эса саккиз-ўн йил кутиш керак бўларди.
Бундан ташқари, сув анқонинг уруғи бўлган бу оролда ҳар ким ҳам зайтун экишдай оғир ишга қўл уравермасди. Бувам ўша зайтун кўчатларини ўтқазаркан, уларнинг тутиши, илдиз отиши учун милларча узоқликдан эшак устида сув ташиб келтираркан, эндиликда тахмин қилишимча, уларнинг дарахт бўлиб, мева берганини кўролмаслигини ҳам билган, билган-у, барибир бу оғир юмушдан воз кечмаган.
Демоқчиманки, Қибрисда зайтун бор экан, сабрнинг тимсоли дея бамбукни кўрсатиш ярашмаган иш. Э, зайтун қайдаю бамбук қайда!
Аслиятдан Гулруҳ таржимаси