Ҳусайн Жовид. Шайх Санъон (4 пардали фожиа)

ИШТИРОК ЭТУВЧИЛАР

I

Ш а й х К а б и р – фозил ва орифлиги, пири комиллиги, мужтаҳидлиги билан машҳур, оқ соқолли нуроний бир шахс.
Ш а й х А б у з а р – Шайх Кабир оиласининг маҳрами, унинг уй ишларини назорат этиб борувчи бир чол.
З а ҳ р о – Шайх Кабирнинг қизи.
А з р о – Заҳронинг ўртоғи, Шайх Абузарнинг қизи.
Ш а й х С а н ъ о н – ўттиз ёшлардаги хушқомат талаба.
Ш а й х Ҳ о д и, Ш а й х С а д р о, А б у л у л о – Шайх Санъоннинг яқин дўстлари.
Ш а й х М а р в о н – бир кўзи ожиз, ўрта ёшли киши.
Ш а й х Н а и м – Шайх Марвоннинг маслаҳатдоши.
Ш а й х А б у л л а ҳ ё, Ш а й х Ж аъ ф а р – ўрта ёшли зоҳид маслагидаги икки дўст. Фақат Абуллаҳёнинг соқоли ҳаддан ташқари узун.
Ў ғ у з, Ў з д а м и р – икки бақувват йигит.
Д а р в и ш – нуроний бир чол.
Икки кўр араб, туякаш, малаклар, бошқа шайх ва муридлар.

II

Х у м о р, Т а м а р а – ниҳоятда гўзал, назокатли, маъсума гуржи қизи.
Н и н а – Хуморнинг ўртоғи.
А н т о н, С и м о н – икки олифта йигит.
П л а т о н – Хуморнинг отаси.
С е р г о – Платоннинг хизматчиси.
П о п – бақувват, нуроний бир руҳоний.
Бошқа йигитлар, қизлар ва болалар.
Шайхлар ва муридлар араб қиёфасида, гуржилар эса қадимий гуржи қиёфасида.

БИРИНЧИ ПАРДА

Биринчи саҳна

Мадинайи мунавварада, Шайх Кабирнинг ҳовлисида уламога хос бир қабул хонаси. Хонанинг икки эшиги, уч-тўрт деразаси бор. Эшиклардан бири Шайхнинг ичкари ҳовлисига очилади. Деразалардан иккитаси орқали хурмозор ва бир гўзал боғ кўриниб турибди.
Парда очилади; Шайх Абузар хонанинг бир бурчагида аср намозини тугатиб, қўллари ва юзини кўкка қаратганича дуо билан машғул.

З а ҳ р о (Азро билан бирга ичкари ҳовлидан чиқиб келади)
– Шайх, ё Шайх!
А з р о – Шайх!
Ш а й х А б у з а р (муножот қилиб) – Ё Оллоҳ!
З а ҳ р о – Менга боқ…
Ш а й х А б у з а р (муножот қилиб) – Ло илоҳа иллаллоҳ!
З а ҳ р о (яқинлашиб) – Шайх Абузар!
Ш а й х А б у з а р (ўгирилиб) – Не гап, қизим?
З а ҳ р о – Ҳамон дом-дараксиздирму Шайх Санъон?
Ш а й х А б у з а р – Мен уйига бордим икки-уч бора…
З а ҳ р о – Хаста эмасмикан Санъон бечора?
Ш а й х А б у з а р – Қўшнилар дейдики, узун кечалар
Ухламай чиқармиш то тонгга қадар.
Ҳар саҳар кетармиш биёбонларга,
Қўшилмай қўйганмиш ҳеч инсонларга.
Аҳволи пажмурда, мисоли мажнун,
Билмаслар, бу ҳолга тушмиш у нечун?!
Мадина аҳли ҳам кўп азобдадир,
Унинг бу ҳолидан изтиробдадир.
З а ҳ р о – Ёлвориб мен сенга илтижо этгум,
Бир хабар олиб кел…
Ш а й х А б у з а р – Маъқул. Мен кетдим.

(Ўрнидан туриб чиқа бошлайди. Чиқаётганида Заҳрога маъноли бир қараб)

– Бунда бир сир борким, этиб бўлмас фош,
Не учун, билмайман, ажаб бу талош?!
А з р о – Ортиқча эмасми бу ишинг, Заҳро?
З а ҳ р о – Сен сўрма, мен айтмай, азизим Азро!…
А з р о – Сенда шундай гўзал бир жозиба бор,
Кимки кўрса, қолмагай сабру қарор.
Сени Санъоннинг ўзи излаб келур,
Ишқ ҳуснга доимо мойил бўлур.
З а ҳ р о – Қолмади менда сира сабру қарор,
Мен учун Санъонсиз ушбу олам тор.
Олти йилдирки, зору дарбадарман,
У боис гоҳ шод, гоҳ хунжигарман.
Олти йилким, унга ипсиз боғлиқман,
Унинг ишқида масту мустағриқман.
Менда бўлса бир қадар ҳусну камол,
Унда ҳам ҳусн бор, ҳам илму камол.
А з р о – Кимсасиз бир шўрликдир Шайх Санъон,
Сенда бор нажиблик, сенда – шуҳрат-шон.
Жаҳонга машҳур бир отанг бор, ахир,
Фозилу беназир инсон Шайх Кабир.
З а ҳ р о – Тўғри, жуда тўғри сўзларинг, аммо,
Насабга дахли йўқ бунинг мутлақо.
Қора қулдан пастроқ бўлса-да, ишон,
Мен учун шарафли эрур Шайх Санъон.
А з р о (деразадан қараб) – Ана, у келмоқда, кўзларинг ойдин…
З а ҳ р о (шошиб) – Ким у? Ким келмоқда?
А з р о (қўли билан кўрсатиб) – Шўрлик кўп ғамгин…
З а ҳ р о (ўша ёққа қараб) – Оҳ, Санъон! Аҳволи бунча ғарибдир.
Бизни ёлғиз қолдир…
(хонадан чиқаётган Азрога)
Сўнг ўзим бир-бир
Сенга сўзлайдирман ҳамма-ҳаммасин.

Жуда безовталик билан эшикка яқин бориб кутиб туради. Шайх Санъон кириб келади. Заҳрони кўрган заҳоти авзойи ўзгаради.

Санъон, нечун тушдинг бундай ҳолга сен?
(Шайх Санъон сукутда)
Бошингга тушган бу бало, айт, нима?
(Шайх Санъон жавоб бермайди)
Айт, ахир, айта қол…
Ш а й х С а н ъ о н – Йўқ-йўқ, қийнама.
З а ҳ р о – Кўнглингда бир дунё ғусса бор, сир бор,
Айт, ахир, бевафо, айт менга бир бор.
Кўзингда нечун ёш, бунча рангпарсан?
Ш а й х С а н ъ о н – Ҳозир кет, кейинроқ, кейин англарсан.
З а ҳ р о – Билмадим, бу қандай толе экан – шум,
Наҳот менинг ҳолим сенга номаълум.
Олти йил асиринг бўлдим ягона,
Энди мен сен учун наҳот бегона?
Не ҳолга тушдинг сен? Шаҳд-шиддатинг йўқ,
Инсофинг йўқ сенинг, марҳаматинг йўқ.
Қани ваъдалару вафолар, айтгин,
Ниятинг менгами жафолар, айтгин?
Ўшал муҳаббатдан порлаган кўзлар
Энди ўзгача бир можаро сўзлар.
Оҳ, майли, гул каби сўлдиргин мени,
Тарк этма, яхшиси, ўлдиргин мени.

Ш а й х С а н ъ о н – Сени тарк этмоқ? Йўқ, мумкинмас асло,
Ёдингга келтирма буни ҳеч, Заҳро.
Сен бир малакдирсан, жон офатисан…
З а ҳ р о (Шайх Санъоннинг кўксига бош қўйиб)
– Сен-да бир Холиқнинг фазилатисан…

Шу орада саҳна қоронғулашади, орқадан иккинчи парда кўтарилади. Бир оз юқорида ниҳоятда афсонавий, жозибадор, жаннатга ўхшаш бир манзара намоён бўлади. Зар қанотли фаришталар қўл ушлашиб, қўлтиқлашиб, енгил табассумлар, ширин кулгилар оғушида кезиб юришади. Табиий малак қиёфасида бўлган Х у м о р ҳам улар орасида.

Х у м о р – Шайх, кел! Севимли, суюк Санъон, кел!
Сенга лойиқ эмас у ерлар, юксал!
Ш а й х С а н ъ о н (шошиб қолган, ҳаяжонда)
– Оҳ, у… нозли малак, жаннатий пари!
Мени чорлаётир самолар сари.
З а ҳ р о – Сенга нима бўлди, Санъон, ажабо?
Кўзингга кўринди қандайин рўё?
Ш а й х С а н ъ о н – Қара, жаннат, ахир, жаннатда малак!
З а ҳ р о – Қайда?
Ш а й х С а н ъ о н – Боқ, тингла, ҳозир сўзлаяжак.
(Заҳро қаттиқ ҳайратда)
Х у м о р (Шайх Санъонга)
– Қани, юксал! Аниси руҳим, кел!
Хаёлларга толма. Юксакка интил!
Кўзларингда порлар бир нури даҳо,
Юксал, юксал, эй шайх! Келгин, марҳабо!…
Ш а й х С а н ъ о н – Мендан не истайсан? Кет, кет, кет, ахир,
Ҳолу жон қолмади, инсоф эт ахир.

Хумор ғурур ва истиғно билан кетмоқчи бўлади. Шайх Санъон чексиз бир изтироб ва надомат билан

Кетмоқда… оҳ… кетма, зор этма мени!
Марҳамат айлагил, унутма мени!
Кетди, э-воҳ, кетди…
З а ҳ р о – Айтгил, Санъон, ким?
Ш а й х С а н ъ о н (Хуморга)
– Кетма, кел, оҳ менинг нозли малагим!…
Х у м о р (чекина туриб) – Хайр энди, яхши қол, эй улуғ Санъон!
(Ортдаги саҳна бекилади, саҳна ёришади)
Ш а й х С а н ъ о н – Кетди, э-воҳ, ранжиб кетди… Алъамон!

Мажнунона бир фарёд чекиб, ҳушидан кета бошлайди.

З а ҳ р о (дарҳол уни тутиб, бошини тизлари устига олади)
– Бу қандай фалокат, не ҳол, эй Худо?
А з р о (кириб келиб) – Бу не даҳшат! Нима бўлди, ажабо?

Шу пайт эшик олдида Шайх Марвон билан Шайх Абузар пайдо бўлади.

Ш а й х М а р в о н (истеҳзоли бир оҳангда)
– Абузар! Бу ҳолни тамоша айла,
Неки кўрган бўлсанг, ҳаммага сўйла.
Заҳро оғушида турар Шайх Санъон,
Иккиси бўлибдир бир тану бир жон.
А з р о (уларни кўргач, Заҳрога) – Келишди, ё Тангрим, тургил, кетайлик.
Юр, Заҳро!..
З а ҳ р о – Бу шўрлик!..
А з р о – Юргил, кетайлик!

Ҳар иккиси чиқиб кетади. Шайх Абузар билан Шайх Марвон келиб Санъоннинг бошига эгиладилар.

Ш а й х А б у з а р – Бу не пажмурда ҳол… Омон, Шайх Санъон!
Ш а й х М а р в о н – Булар бари ҳийла, инон…
Ш а й х А б у з а р – Шайх Санъон!
Ш а й х М а р в о н – Овдаги тулкидай туришига боқ,
Дамини чиқармас, хоин, қув, олчоқ!
Ш а й х А б у з а р – Бас қил!
Ш а й х М а р в о н – Ишонма, бу тулкидир, тулки.
(истеҳзоли кулади)
Ш а й х А б у з а р – Бу нима деганинг! Хўп яхши билки!..
Ш а й х М а р в о н (истеҳозли кулади)
– Аҳли ҳол ишқ учун ҳушдан айрилар,
Заҳрони чақирсанг, ўзига келар.
Ш а й х А б у з а р – Бас қилгин, келмоқда, ана, Шайх Кабир.
Ш а й х М а р в о н – Келсин, бунга қилсин бирон-бир тадбир…

Шайх Кабир бошқа шайхлар ва муридлар билан кириб келади. Қаттиқ ҳайрат билан атрофдагиларга боқади. Шайх Ҳоди Санъоннинг бошини қўллари орасига олади.

Ш а й х К а б и р – Ўғлим Санъон! Сўйла! Бу не ҳол, ахир?
(Шайх Абузарга)
Дарҳол сув келтиргин!
Ш а й х Ҳ о д и – Кечикма, югур! (Шайх Абузар кетади)
Ш а й х К а б и р – Сабабсиз рўй бермас бу мудҳиш аҳвол!
Ш а й х Ҳ о д и – Ҳуши йўқ… Кўз очгали йўқдир мажол.
Ш а й х К а б и р – Шубҳасиз, бу ҳолда бир фалокат бор.
Ҳ а м м а – Шубҳасиз, шубҳасиз бунда иллат бор.
Ш а й х М а р в о н – Тўғри, ҳар амалнинг бордир боиси,
Ўзи тортсин жазосин, тортсин ўзи.
Ш а й х К а б и р – Сўйла, Марвон, не жазо, қандай амал!?
Ш а й х М а р в о н – Муҳтарам шайх! Бундан олти кун аввал
Шайх Санъон ила биз баҳс айладик.
Бақириб бизларга у сўйлади тик:
“Меърожга чиқса – руҳ чиқади, аён,
Жисмонан меърожга чиқмоқлик – ёлғон.
Пайғамбар ҳам одам, дея урди дам,
Қандоқ чиқсин, – дейди, – аршларга одам?”
Ҳ а м м а (ҳайрат билан) – Ё Оллоҳ!
Ш а й х Ҳ о д и – Йўқ, ёлғон, бу гапга ишонманг, уммат!
Шайх Санъон сўйлаган бу гаплар фақат
Шубҳадир… Сиз уни тушунинг аммо,
Шубҳадан ўзга ҳеч айби йўқ асло!

Сув келтиришади, Санъонга сув ичириб, бошини уқалайдилар.
Ш а й х К а б и р – Шубҳадир ҳар ҳақиқатнинг онаси,
Шубҳадир аҳли ҳикматнинг отаси.
Шубҳа айламакка ҳақлидир инсон,
Чунки ҳар кимсага эрурким аён:
Бутун борлиқларга нур сочар Холиқ,
Замоннинг, маконнинг унга фарқи йўқ…
Йўқ эрса Холиққа хос бўлак маъво,
Аршларга чиқмоқда бормикин маъно?
Ш а й х Н а и м – Санъон бир меърожни этмайди инкор,
Ҳатто тавҳидга ҳам унда шубҳа бор.
“Холиқнинг ўзини кўрмасдан, ахир,
Унга сиғинмоқдан тортинаман”, – дер.
Ш а й х М а р в о н – Бу – айни залолат…
Ш а й х Ҳ о д и – Сен жим тур бирпас!
Ш а й х М а р в о н – Дейлик, мен жим турдим.
Лекин бу гап – рост!
Ш а й х К а б и р (Оғир бир ўйга ботганча)
– Агар шубҳа ортса, ишонч ҳам ортар,
Маърифат нури шу шубҳадан порлар.
Янглишмаган, маним фикримча, Саънон,
Чунки Халлоқ учун шарафли макон
Эзгу, пок кўнгиллар бўлмоғи керак…
Кимки истар бўлса Оллоҳдан кўмак,
Изласин қалб шуълайи афлокидан,
Изласин ул ўз руҳи покидан.
Бўлса кимнинг руҳида, кўнглида нур,
Доим ҳақни ҳис этур, ҳақни кўрур.
Кимда файласуфона руҳ бўлса, бас,
Ҳаргиз Оллоҳдан у айри яшамас.

Шайх Санъон кўзларини очиб, атрофга сўлғин назар ташлайди.

Ш а й х К а б и р – “Ва минал мои кулли шайъун ҳей”.
Ш а й х Ҳ о д и – Ҳар нарсага сувдан ҳаёт тайин, ҳей!
Ш а й х С а н ъ о н – Оҳ…
Ш а й х Ҳ о д и – Санъон!
Ш а й х К а б и р – Аҳволинг нечук, ўғлим, айт?
Ҳ а м м а – Минг шукр!..
Ш а й х М а р в о н – Йўлингдан пушмон этгил, қайт,
Энди ҳеч шубҳа қилма!…
Ш а й х С а д р о (Марвонга) – Бас, ёҳу!
Ш а й х С а н ъ о н (беҳол ўтирганича)
“Ваҳдаҳу ло илоҳа иллаҳу”.
Ш а й х К а б и р (Шайх Марвонга ) – Уятинг борми ҳеч?
Ш а й х Ҳ о д и – Гунг бўлдинг нега?
Ш а й х Н а и м – Ҳали “Шаққулқамар” ҳикоятига
Минг хил бошқа маъно беражакдир, бас.
Ш а й х К а б и р (Наимга) – Бас, сен ҳам жим бўлгин!..
Ш а й х Ҳ о д и (аччиқланиб) – Эҳ разил, пасткаш!..
Ш а й х М а р в о н (Наимга, алоҳида) – Ҳали Заҳро билан!…
Ш а й х Н а и м – Хўш-хўш?
Ш а й х М а р в о н – Ажойиб бир сир.
У ҳам ўзига хос бир разолатдир.
Ш а й х К а б и р (пичирлашаётган Шайх Марвон билан Шайх Наимга)
– Бундайин маҳдуд руҳ, хўп яхши билинг,
Сизга жоиз эмас… Энди бас қилинг!
(тирсакланиб ўтирган Санъонга)
Санъон, айт, не бўлди? Бу не ҳолдир, ҳай?
Ш а й х С а н ъ о н – Шайхим, сен сўрмагил, мен эса айтмай!
Ш а й х К а б и р – Уч кун биз мунтазир. Сен қайда эдинг?
Қайлардасан, айт…
Ш а й х С а н ъ о н (уялган ҳолда) – Оҳ-ҳ, мени афв этинг.
Ш а й х К а б и р – Тортиниб яшамоқ жуда ҳам оғир,
Уялсанг, ўзингга қийиндир, ахир.
Бундай қийналмоқдан фойда йўқ сенга,
Не бўлса, тортинма, айтавер менга.
Ш а й х С а н ъ о н – Жуда даҳшатлидир мен кўрган рўё…
Ш а й х К а б и р – Сўйла…
Ш а й х С а н ъ о н – Айтмоққа тил бормайди асло.

Шу орада Заҳро билан Азро ярим очиқ эшик ортида пайдо бўлиб, уларни катта қизиқиш билан эшитиб турадилар.

Ш а й х Ҳ о д и (Санъонга) – Бу тараддуд, ишонким, кўп бежодур.
Ш а й х К а б и р – Ҳақиқат эмас бу, балким рўёдир.

Шайх Санъон ўрнидан туриб кўрган рўёсини айта бошлайди. Шайх Кабир унинг сўзларини тинглар экан, боши билан тасдиқлаб, давом эт, деган каби ишоралар қилиб туради.

Ш а й х С а н ъ о н – Эй Шайхим! Атрофга ёқимли, инжа
Нурлар ёғилганин кўрдим тушимда.
Коинотга шуъла сочган бир кеча –
Ким кўрса айрилур шу он ҳушидан.
Руҳни забт айлаган гўзал моҳтоб
Дам-бадам оламга сочарди мавж-нур.
Бир шайх келди шу пайт, юзида ниқоб,
Мени кўрган заҳот бўлди кўп масрур.
Гўё бола эдим… Очдию қучоқ,
Эркалади, отиб-тутиб ўйнатди.
Сўнгра елкасига ўтқазиб, узоқ
Мен билан яйради, қувнаб сайр этди.
Мен ўшал муҳтарам шайхнинг, оқибат,
Тарсаки ёғдирдим юзи-кўзига.
Ундан халос бўлсам дер эдим фақат,
Ёлворди, боқмадим ҳеч бир сўзига.
Хийла фурсат ўтди, ул шайхи пинҳон
Секин сўз бошлади: “Қара, эй Санъон!
Мана бу тубсиз жар, даҳшатли ўпқон –
Сенинг сўнг манзилинг. Бил, бу – Гуржистон!”
Боқсам, елкасидан отиб, итқитиб,
Шайх мени беомон этажак ҳалок.
Ёлворардим Ҳаққа тавалло этиб,
Имдодимга етди бир нурли малак…
Ш а й х К а б и р – Сўнгра?
Ш а й х С а н ъ о н – Сўнгра шайхга тикилганим пайт,
Чуқур титроқларга солди бир ҳайрат.
Ш а й х К а б и р – Ким у шайх?
Ш а й х С а н ъ о н Сўрма!…
Ш а й х К а б и р Айт. Деганинг – дединг.
Ш а й х С а н ъ о н – Сен эдинг ўша шайх, ҳа-ҳа, сен эдинг!

Ҳамма чуқур ҳайратда. Шайх Кабир эса бошини маъноли тарзда оғир тебратиб, бир оз сукутга кетади.

– Шайхим, мени кечир, бунда маъзурман,
Нечунким, мазлумман, ожиз, манфурман.
Ш а й х М а р в о н (паст товушда, Наимга)
– Хўш, мана, кўрдингми? Бу қандоқ хоин!..
Ш а й х Н а и м (Шайх Кабирни кўрсатиб, айни оҳангдаги истеҳзо билан) – Кўрайлик, нима дер экан бош коҳин!
Ш а й х Ҳ о д и (Санъонга тасалли бериб)
–Бу даҳшатлар, ишон, бари бежодир.
Ш а й х С а д р о – Безовта бўлмагин, бу бир рўёдир.
Ш а й х К а б и р (Санъонга) – Ўғлим, бир кун тутар жаҳонни отинг,
Афсона бўлгай ҳақ йўлинг – иршодинг.
Жоҳил-ориф, катта-кичик, камбағал-бойлар
Сени излар, севар, тавофлар айлар.
Бир куни халқ мени мутлақ унутгай,
Сени-чи, ишқ аҳли бошида тутгай.
Ҳамманинг юзида шубҳали бир ҳайрат.
Ш а й х Ҳ о д и (дўстларига) – Бу не қисмат, ахир не разолатдир?!
Ш а й х С а д р о – Шубҳасиз, бу буюк бир саодатдир.
А б у л у л о – Ўзгалар гадоси бу шон-шуҳратнинг…
Ш а й х К а б и р – Фақат умри қисқа бу саодатнинг.
(Санъонга)
Чунки сен рўёда кўрганинг ўпқон –
Сени маҳрум этар бу файздан аён.
Бошингга шундай кун кўрилмиш лойиқ,
Бил, нафрат айлагай сендан халойиқ.
Руҳинг тубан кетар, тубан кетар, рост,
Сени тубан айлар бир кун эҳтирос.
Ш а й х М а р в о н (Наимга) – Бу фазилат эмас, разолат, ахир…
Ш а й х Н а и м (Марвонга) – Бу саодат эмас, сафоҳат, ахир.

Шайх Санъон ҳайрат билан бир оз хаёлга чўмади. Сўнг йиғлагудек бир ҳаяжон билан Шайх Кабирнинг оёқларини қучади. Шайх Кабир унинг қўлтиғидан тутиб кўтаради ва елкасига қўлини қўяди.

Ш а й х К а б и р – Сен онадан туғилгандинг Туронда,
Кейин бир оз яшаб турдинг Эронда.
Илму урфон излаб, фазилат излаб,
Охир Эрондан ҳам кетдинг олислаб.
Арабистон азмин этдинг ихтиёр,
Ҳали ёш экансан – ном топдинг донгдор.
Лекин сўнгги еринг, эй доно Санъон,
Охирги манзилинг бўлгай Гуржистон.
Гумроҳ бўлма зинҳор, бўл доим огоҳ,
Бир кун қабринг бўлгуси зиёратгоҳ.
Ш а й х С а н ъ о н – Шайхим, афу этгил, битта арзим бор.
Ш а й х К а б и р – Сўйлагин, жигарим, қийналма зинҳор.
Ш а й х С а н ъ о н – Яширма, не боис фалокатимга,
Нима сабаб бўлур ҳалокатимга?
З а ҳ р о – О-ҳ-ҳ!
Ш а й х К а б и р – У фақат аёлдир, ҳа, фақат аёл!
Ш а й х М а р в о н (истеҳозли бир қиёфада Шайх Абузарга)
Заҳрони табрик эт, бор, суюнчи ол!
Ш а й х С а н ъ о н (кўкка илтижо қилиб)
– Эй буюк Тангри, эй Раҳим, эй Раҳмон!
Ҳар қулинг фикри, ҳоли сенга аён.
Мени сендан яхши билган, таниган
Бирон зот борми, айт, айтгил, меҳрибон!
(Шайх Кабирга)
Ўттиз йил жаҳонда зоҳид бўлдим, зор,
Қиз, аёл нелигин билмадим зинҳор.
Ҳиссу ҳаёт мағлуб этолмас мани,
Эҳтироснинг душманиман, душмани!
Менга бегонадир завқи нафсоний,
Кўнглимда жўш урар ишқи руҳоний…
Бошқа бир ишқ учун қалбимда, ишон,
Заррача жой йўқдир, йўқ, ёлғон… ёлғон…

Шу орада яна саҳнанинг шуъласи пасаяди, иккинчи парда кўтарилиб, аввалги жаннат манзаралари намоён бўла бошлайди.

Х у м о р (гинали бир оҳангда) – Санъон!
Бунча тез унутдинг?
Ш а й х С а н ъ о н – Омон!…
Мен шошдим. Сен бунга ишонма!
Х у м о р – Ёлғон!…
(Ҳамма қаттиқ ҳайратда.)
Ш а й х С а н ъ о н – Кел, гулим, кела қол, ишонма асло!..

Ш а й х К а б и р – Нима у?
Айт, ўғлим?
Ш а й х С а н ъ о н – Бу – ўша!… Қарагин, бу ўшадир, о!
(Хуморга)
Мени кечир!…
Х у м о р – Эй севимли Санъон, кел!
Кел, кел!.. Гарчи бўлсанг-да пушаймон, кел!
(кетмоқчи бўлади)
Ш а й х С а н ъ о н (Хумор томон шошиб, мажнунона)
Кетмоқда… О-ҳ-ҳ, кетма!
Ш а й х К а б и р – Ким ахир у, ким?

Иккинчи парда аста-секин бекила бошлайди.

Ш а й х С а н ъ о н (изтироб ва ҳаяжонда)
Кетмай тур!.. Кетмагил, нозли малагим!

Бориб Хуморни қучмоқчи бўлади, лекин ета олмай ҳушидан кетиб йиқилади.

Ш а й х К а б и р – Ё Оллоҳ, ахир бу нечук афсона!?
Ш а й х М а р в о н – Худди девонадир, худди девона!…

Шайх Санъоннинг бу даҳшатли аҳволини кўриб турган Заҳро жуда дардли ва чуқур оҳ тортиб, заиф бир ҳолда Азронинг қўлларига йиқилиб тушади; парда аста-секин бекила бошлайди.

Парда

Иккинчи саҳна

Маккайи мукаррамадаги каттакон бир йўл… Йўл четида бир қатор уйлар, узоқларда улкан жомелар, хусусан, қора мато ўралган Каъба кўзга ташланади. Воқеа ўн йил кейин рўй бераётганлиги учун биринчи саҳнадаги шахслар сезиларли даражада ўзгарганлар.
Парда очилганда қўлида офтоба кўтарган кичкина араб қизининг йўлдан ўтиб бораётгани кўзга ташланади. Шайх Садро билан Абулуло иккинчи томондан чиқиб келадилар.

Ш а й х С а д р о – Бу не мудҳиш ҳаво!.. Ташналик, чанқоқ
Ёқиб-ёндирмоқда этгудек ҳалок.
А б у л у л о (Каъбани кўрсатиб) – Байтуллоҳ бўлмаса бу жойда, балким
Яшамагай эди ҳеч қачон ҳеч ким.
Бунда истиқомат бир машаққатдир,
Энди билсам, Мадина бир жаннатдир.
Ш а й х С а д р о (йўлдан ўтаётган қизга)
– Кел, қизим, бир қултум сув бергин менга.
(Қиз мамнун бир қиёфада жилмайганича кўзани беради)
А б у л у л о – Бу ҳаво ўт-оташ солар жонингга.
Ш а й х С а д р о (бир оз сув ичиб, кўзани қайтарар экан)
Оллоҳ ажр берсин, қизгинам, сенга.
А б у л у л о – Сув қандай? Муздекми?
Ш а й х С а д р о – Сўрама!
А б у л у л о – Нега?
Ш а й х С а д р о – Истасанг, ичиб кўр, рост эрур сўзим –
Сув эмас, бу худди елимнинг ўзи.
Чиқармоқчи эдик бир нафас ҳордиқ,
Ё Оллоҳ! Руҳ бунда қийналди ортиқ.
Ҳолим ёмон, эвоҳ, юрагим ғашдир,
Ютганим оловдир, ўтдир, оташдир.

Ҳар иккиси оғир бир вазиятда чиқиб кетади. Шу орада Шайх Марвон билан Шайх Наим пайдо бўлади.

Ш а й х Н а и м (Шайх Марвонга) – Хаёллар сурасан, инграйсан гоҳо,
Марвон, бу қандай дард, бу қандай бало?
Мадинадан чиққач ўзгарди ҳолинг…
Ш а й х М а р в о н – О-ҳ-ҳ, кўнглим яримта, юрак ярали.
Яхшийди кўр бўлса кўзларим маним,
Кошки кўрмасайдим Заҳрони, Наим!..
Ш а й х Н а и м – Гап-сўзинг шу қадар чиройли, расо,
Наҳот ром этмадинг уни!?
Ш а й х М а р в о н – Йўқ, асло!
Ташаббусим эди мукаммал, тўкис,
Хароб бўлажакдир ким бўлса ожиз.
Шунчалар ифлослик, шунча разолат,
Дам-бадам кўнглимда уйғотур нафрат.
Ш а й х Н а и м – Ботинда не бўлса, зоҳирда аён.
Ш а й х М а р в о н – Бир ёлғон келтирар баъзан шуҳрат-шон.
Ш а й х Н а и м – Бунча гумонларинг беҳуда… Зеро,
Шайх Ҳоди, Абулуло ҳамда Шайх Садро
Бир-биридан закий, гўзалдир, инон,
Заҳродай муҳтарам эрур Шайх Санъон!
Ш а й х М а р в о н (ғазабли) – Буни ҳеч ким билмас Халлоқдан бўлак.
Ш а й х Н а и м – Йўқ, йўқ, манглайга бахт битмоғи керак.
Ш а й х М а р в о н (йўлга термулиб, тоқатсизланганича)
– Улар қайда қолиб кетди, ажабо!
Ш а й х Н а и м – Юр-чи, бир кори ҳол рўй бердими ё!

Ҳар иккиси ортга қайтади. Шу пайт кўзлари ожиз икки араб пайдо бўлади, биринчиси ҳазин ва эзгин оҳангда уд чалади, иккинчиси эса қайғули оҳангда ҳижоз мақомида қуйидаги ғазални ўқийди:

На ишқ ўлгайди, на ошиқ, на нозли офат ўлгайди,
На халқ ўлгайди, на Холиқ, на ашки ҳасрат ўлгайди.
На дард ўлгайди, на дармон, на бахт ўлгайди, на мотам,
На ошиёнаи вуслат, на бори фирқат ўлгайди.
Кўнгилда нури муҳаббат, кўзимда пардайи зулмат…
На нур ўлгайди, на зулмат, на бўйла хилқат ўлгайди.
Надир бу хилқати бемарҳамат, бу пардали ҳикмат,
Бу зулма қарши нетгай бирда-бир адолат ўлгайди.
Туганди тоқату сабрим, адолат! Оҳ, адолат!
На аввал онча саодат, на сўнг бу зиллат ўлгайди.

Ғазал тугар экан, туякаш қиёфасидаги бир араб тез ўтиб кета бошлайди.

Б и р и н ч и к ў р – Ҳой азиз биродар!…
Т у я к а ш – Муродинг не, айт?
Б и р и н ч и к ў р – Худо ҳақи, бизга Санъонни кўрсат.
Т у я к а ш – Маккадан келмоқда ҳозир шу томон.
Б и р и н ч и к ў р – Бизни қийнаётир бир дард беомон,
Унга Санъон топур эҳтимол даво…
Т у я к а ш – Дардингиз қандай дард экан, ажабо?
Б и р и н ч и к ў р – Эшитдикки, қанча-қанча кўру кар,
Соқов, чўлоқ, майиб-мажруҳ баробар
Шайх Санъонга илтижо этар эмиш,
Ундан шифо топибон кетар эмиш.
Биз ҳам кўрмиз, қилиб унга илтижо,
Сўрайликким, бизга берсин у шифо.
Т у я к а ш (аччиқ-аччиқ кулиб)
Шундоқ кароматли бўлса гар Саънон,
Нечун Шайх Марвонга айламас дармон?!
Қани очиб кўрсин унинг кўзини,
Томоша қилсин халқ бу мўъжизани.
Б и р и н ч и к ў р – Шайхни кўрсат, балки топар бир тадбир…
Т у я к а ш – Шунда кутиб туринг, у келгай ҳозир.

Туякаш кетади. Кўрлар маъюс бир ҳолда хаёлга чўмишади. Шу пайт Заҳро билан Азро эркак қиёфасида намоён бўладилар. Заҳро эндиликда жуда ўзгариб кетган, озиб-тўзиб қолган. Сариқ гул япроғи каби сўлғин, ҳамиша хаёлчан ва маҳзун.

А з р о – Хастасан, хаста… Нозанин Заҳро,
Сени бир кун хароб этар бу ҳаво.
Бу қандай рангу рўй? Бу қандай азоб,
Нега Мадинадан чиқдик, во ажаб?
З а ҳ р о – Қолмади менда бир ихтиёр асло,
Найлайин, бошқа ҳеч чора йўқ, Азро!
Умрим битди. Топгин ўзинг бир тадбир…
А з р о – Қўлимдан не келур, э-воҳ, Шайх Кабир
Моне бўлди сенинг саодатингга,
Ўз отанг сабабчи фалокатингга.
Санъонга дедики: “Ўзни қўлга ол,
Душманинг аёлдир, ҳа, фақат аёл!…”
Шайхнинг бу гапини эшитгани он,
Санъон бўлиб қолди бошқа бир инсон…
З а ҳ р о – Энди ҳеч чора йўқ, кечгани кечди,
Чунки Санъон сидқидилдан онт ичди.
Барча аёллардан қилур у нафрат,
Ўзга хаёллар-ла яшайди фақат.
(ҳазин бир оҳ тортиб)
Сўнгги дамда уни бир бор кўрсайдим,
Юракда қолмасди ҳасратим, дардим.

Т у я к а ш (кетган йўлидан қайтиб ўтаркан, кўрларга)
– Муридлари билан келмоқда Санъон,
Сўранг, балки сизга топар бир дармон…
К ў р л а р – Тангри берсин сенга баракаю қут.
(Биринчи кўр удни тўрва ичига солиб қўяди.)
З а ҳ р о (Азрога) – Недир бўлди менга, оҳ, қўлимдан тут.
А з р о – Сал четга чиқайлик, жоним, юрақол.
З а ҳ р о – О-ҳ-ҳ, ҳолим қолмади, тугади мажол.
А з р о – Адо бўласан-ку бу ҳолда, Заҳро!
З а ҳ р о (Арзонинг мадади билан бир чеккага чиқиб)
– Мен тирик жасадман, ишонгин, Азро!
Шайх Санъондан токим ажраган замон,
Кўзларимга зиндон кўринур жаҳон.

Шу орада шайхлар ва муридлар кўрина бошлайдилар.

Ш а й х М а р в о н – Ҳеч англай олмадим, бу қандай сафар?!
Ш а й х Н а и м – Ҳа, шундоқ юрибмиз кезиб дарбадар.
А б у л у л о – Бизларнинг бурчимиз итоат эрур.
Ш а й х С а д р о – Ҳар хил сўз сўйламак жаҳолат эрур.
Ш а й х А б у л л а ҳ ё – Не маъно беҳуда бу саёҳатдан,
Маҳрум этар халқни у ибодатдан.
Ш а й х Ж а ъ ф а р – Менимча, ҳеч шубҳа йўқдир, инсу жин
Яратилмиш фақат ибодат учун.
Ш а й х С а д р о – Идрокингиз шунга етмайди наҳот,
Шайхингиз қадрига етмайсиз, ҳайҳот.
Агар кимнинг қалби кўр бўлса, аё,
Шайх Санъон ҳолини англамас асло!
А б у л у л о – Шайхимиз соҳиби каромат эрур,
Неки айтса, айни шу ҳикмат эрур.
Т у я к а ш (шошиб қайтиб келади)
– Ажабо, шайх қайда?.. Бор тоқат битди,
Юк оғир, туялар эзилиб кетди.
Ш а й х М а р в о н – Табиий, юк босган жон эзилади.
Ш а й х С а д р о – Бетоқат бўлма, Шайх ҳозир келади.
Туякаш шошганича келган томонига кетади.
Б и р и н ч и к ў р – Бизга мадад беринг!
И к к и н ч и к ў р – Жим тургин ҳали!
А б у л у л о (йўлга тикилиб, биродарларига)
– Ана, келаётир Шайхнинг ўзлари!

Ҳамма бир чеккага чиқиб, Шайхнинг йўлига мунтазир туради, Шайх Санъон, Шайх Ҳоди ва Шайх Абузар жадал кириб келишади.

Ш а й х Ҳ о д и (ҳаммага қараб) – Азиз биродарлар, ўн йил илгари
Шайх Кабир кетмишлар бақолик сари.
Шайх Санъон ушбу кун баҳри ҳикматдир,
Шайх Кабир қолдирган бир омонатдир.
Ўн йилким, Шайх Санъон бизнинг пиримиз,
Уни устод деб билдик ҳар биримиз.
Азм этмишлар энди бул зот Туронга,
Сўнгра ўтмоқчилар мулки Эронга.
Бул тадорик мақсадин англанг, ахир,
Кўп улуғдир бу сафар ҳам кўп оғир!
Мен эса, ёнимда бир тўп дўстларим,
Йўл тадоригин кўрурмиз Ҳинд сари.
Кўп улуғ бу йўлдаги ниятимиз,
Шу қадар бўлсин улуғ ҳимматимиз.
Битта мақсадким, Муҳаммаднинг дини
Қамраб олсин тез бутун ер юзини.
Куфру каффорат ниҳоят топгуси,
Йўлдан озганлар ҳидоят топгуси.
Дини ислом йўлининг ҳеч ҳадди йўқ,
Қоплагай оламниким, сарҳади йўқ.
Ушбу йўлда кимки қилса жон фидо,
Унга имдод бергай Расули Худо…
Ш а й х л а р – Ҳа-ҳа, худди шундоқ….
М у р и д л а р – Тўғри, ҳаққи рост.
К ў р л а р – Шайхим, аё, шайхим!
Ш а й х А б у з а р – Сабр этинг бир оз.
Ш а й х С а н ъ о н (порлаб турган қуёшни кўрсатиб)
– Дўстларим! Ташланг бу қуёшга назар,
Унинг файзи ҳамма учун баробар.
У турк, ҳинд, арабу ажамни билмас,
Шуъла сочиб ётар, нури кам бўлмас.
Маънавий яна бир қуёш бор бироқ,
У – ислом динидир, шуълавор, порлоқ.
Жаҳонни нурларга ғарқ этади у,
Ҳақни, ҳақиқатни шарҳ этади у.
Бизнинг мақсадимиз улуғ, муқаддас,
Лекин шуни зинҳор унутмангки, бас,
Баъзи олимнамо хоинлар чиқиб,
Қўймишлар исломга рахналар сўқиб.
Бир тўда айлаб жиҳоди бемаъно,
Бош кўтаргай ҳақлигин айлаб даъво.

Шайх Санъон сўзлар экан, кўкни, Каъбани, ҳамойилидаги Қуръонни ишорат билан бир-бир кўрсатиб туради.

– Биттадир Холиқи коинот, ахир,
Бу Қуръон, бу Каъба, ахир, биттадир.
Ушбу бирлик дея ўзни чоғладик,
Исботу ғайратга белни боғладик.

Шу орада Абулуло, Шайх Абуллаҳё ва Шайх Жаъфар ўзаро гаплашиб турадилар. Шайх Санъон сўзида давом этади.

Биродарлар! Бу йўлнинг заҳмати бор,
Истироҳатлари йўқ, меҳнати бор.
Зўрлик йўқ, зорлик йўқ, истаган қолсин,
Кимдаки рағбат йўқ, ортга йўл олсин.
А б у л у л о – Шайх Абуллаҳё ҳамда Шайх Жаъфар
Қолмоқчи. Маъқулмас уларга сафар.
Ш а й х Ж а ъ ф а р (Шайх Санъонга)
– Ихтиёр бизда, шайх! Маъзур тутгайсиз,
Сафардан қўрқамиз. Бизсиз кетгайсиз.
Ш а й х А б у л л а ҳ ё – Изн этгил, орқага қайтиб биз буткул,
Фақат ибодатга бўлайлик машғул.
Ш а й х Ҳ о д и (маъноли ва истеҳзоли қаҳқаҳа билан Шайх Абуллаҳёга)
– Эгилиб-турмоқчи, емоқ-ичмоқчи,
Сўнгра қилкўприкдан осон кечмоқчи!
(ҳар иккисига)
Ихтиёрингиз! Тул хотин ҳам бу кун
Жон фидо этгуси шу мақсад учун!
Воҳ ажабким, ҳазрати Расулуллоҳ
Барча асҳоб – гоҳ Али, Умарни гоҳ
Ҳарбу зарбга муттасил йўлладилар,
Ҳақ йўлини доимо қўлладилар.
Не сабабдан? Айлангиз мени огоҳ.
Балки хатодир бу?
Ш а й х Ж а ъ ф а р в а Ш а й х А б у л л а ҳ ё – Астағфуруллоҳ!..
Ш а й х С а н ъ о н (ҳар иккисига)
– Ҳечқиси йўқ, қайтинг Мадинага сиз,
Шуни унутмангки ва лекин ҳаргиз,
Қуруқ, бўш сажданинг йўқ оқибати,
Ҳақ севар фақат аҳли маърифатни.
К ў р л а р – Эй буюк шайх, мадад бер, мадад!…
Ш а й х С а н ъ о н – Сиз нима истайсиз?
Б и р и н ч и к ў р – Шайхим, сен фақат
Додимизга етгил, ўзинг бер шифо!
Кўрмиз, бу дунёни кўрмаймиз асло.
Ш а й х С а н ъ о н – Бундай мўъжизакор инсонни зинҳор
Яратгани йўқдир Ҳақ Парвардигор.
Мен ҳам бир бандаман ҳақир ва ожиз,
Ҳар хил ёлғонларга ишонмангиз сиз.
Дунёни кўришда йўқ ҳеч фазилат,
Қайғу бор, кулфат бор, азоб-азият.
Гарчи кўрмоқ ўзга бир неъмат эрур,
Кўрмаслик – энг буюк саодат эрур.
Б и р и н ч и к ў р – Бизни рад этма, оҳ, иноят қилгил!
И к к и н ч и к ў р – Нетар, ахир, шайх, бир каромат қилгил!..
Ш а й х С а н ъ о н – Қачон кўр бўлдингиз, хўш, азизларим?
Б и р и н ч и к ў р – Онадан туғма кўр менинг кўзларим.
Ш а й х С а н ъ о н – Аёл жинояти!.. Ҳирс савдосидир!
Бу гуноҳ инсоннинг эҳтиросидир!
Шум хаёллар нега туғиб-туғилур,
Оҳ, аёллар нега туғиб-туғилур!
(иккинчи кўрга)
Хўш, туғма кўрмисан сен ҳам бу каби?
Б и р и н ч и к ў р – Йўқ, йўқ, кўрлигимнинг бошқа сабаби…
Бир аёлни севдим, қисмат шўр бўлди,
Ишқда йиғлай-йиғлай кўзим кўр бўлди.
Ш а й х С а н ъ о н – Аёл жинояти!.. Ҳирс савдосидир!
Бу гуноҳ – инсоннинг эҳтиросидир!
(шайхлар ва муридларга)
Ҳар сафолатга аёллардир сабаб,
Ҳар фалокатга аёллардир сабаб.
Момо Ҳаво – ул эҳтиросли онамиз
Қилди бир зўр жиноят, изма-из
Бизни қувдирди боғи жаннатдан,
Айлади маҳрум қурби раҳматдан.
Ҳақдан инсонни жудо айлар аёл,
Бошга минг-минглаб бало шайлар аёл.
(кўрларни кўрсатиб)
Нега дод-фарёд чекар бу икки кўр,
Ҳаммасига шу аёл боис эрур!..
Б и р и н ч и к ў р – Шайхим, аё, шайхим, кўзимизни оч!
И к к и н ч и к ў р – Ноумид этмагил, топгил бир илож.
Ш а й х С а н ъ о н – Нени кўрмоқчисиз, ҳайронман мен ҳам?
Ахир, зулм ичра ёнмоқда олам!
Кўрмайсиз бу ифлос ишларни асло,
Шу боис шукр этинг, Ҳаққа минг сано…
Т у я к а ш (кириб келиб) – Шайхим, буюрингиз!…
Ш а й х С а н ъ о н – Ҳа, баракалло,
Кетайлик, йўлчига йўл босмоқ авло…
(Кетадилар)
З а ҳ р о (Азро билан бирга кириб келиб) – Кетдилар, оҳ, кетдилар…
А з р о – Заҳро!
Қўй, ўзинг қийнама!
З а ҳ р о (ёлвориб) – Не қилай, Азро!…
А з р о (қўли билан кўрсатиб) – Ана, қайтди Санъон, биз томон келур,
Келмоқда, қарагин, нақадар масрур…
З а ҳ р о – Оҳ, сенга минг шукур, минг шукур, ё Раб,
Аммо қайтмоғига не бўлмиш сабаб?..

Шошганларича беш-олти қадам чекиниб кутиб турадилар. Шайх Санъон, Шайх Абузар, Шайх Абуллаҳё ва Шайх Жаъфар биргаликда қайтиб келадилар.

Ш а й х С а н ъ о н – Шайх Абузар! Ёшинг ҳаммадан улуғ,
Бироқ юрагингда иқтидоринг йўқ.
Сен ҳам булар билан бўлиб дўсту ёр,
Равзайи Пайғамбар паноҳига бор.
Унда эт Ҳаққа мудом ҳамду сано,
Қолмиш эрди хаста ҳолинда Заҳро.
(ҳар учаласига)
Ундан хабар олинг тун-кун муттасил,
Унутиб қўймангиз, бўлмангиз ғофил.
Ҳам назокатдир бу, ҳам савоб ишдир.
А з р о (Шайх Санъонга яқинлашиб)
– Заҳро сенга видо учун келмишдир.
(Шай Санъонда чуқур чуқур бир ҳайрат… Азро Заҳрони кўрсатиб)
Мана, титраб турган шўрлик қиздир ул,
Қаршингда турибди сўлаётган гул!…
Ш а й х С а н ъ о н – Оҳ, Заҳро, мушфиқа, сўнаётган нур,
Санъон ҳузурингда доим тиз чўкур.
Сенга таъзим даркор, эҳтиром даркор,
Сенда бир илоҳий покизалик бор.
Мени афу эт, эй шикаста ҳаёт!
Сен малаксан… Фақат… Афу эт… Ҳайҳот!..
З а ҳ р о – Оҳ, Санъон!.. Шафқат қил! Раҳм айла, Санъон!..
(Азронинг қўлларига ҳушидан кетиб йиқилади)
Ш а й х С а н ъ о н (оғир изтироб ва даҳшатли бир сукутдан сўнг)
– Шайх Абузар! Ундан ҳушёр бўл, биллоҳ,
Таскин бер, кўнглини кўтаргин, илло
Кўп оғир хастадир…
(Азрога)Ҳушёр бўл, Азро!
Сен ҳам ундан кўзинг узмагил асло.
(тўрт-беш қадам узоқлашиб)
Алвидо!.. Алвидо!.. Алвидо!.. Заҳро!..

Парда

ИККИНЧИ ПАРДА

Биринчи саҳна

Қофқозда, ҳозирги Тифлис атрофидаги кичик бир тоғ этагидаги хушманзара жой… Бир томонда Кур дарёси, иккинчи томонда тоққа ўрлаб кетган эгри-бугри сўқмоқ кўзга ташланади. Қаршида икки-уч чодир тикилган. Муридлардан бир неча киши чодирлардан чиқиб, қўлларида офтоба кўтарганларича Курдан сув келтиришади.
Баҳор фасли… Гуржи диний байрами. Аср маҳали… Қуёш ботиш арафасида… Шайх Санъон Шайх Садро билан бирга сайраётган булбулларни тинглаб, ҳайратга тушганча атрофни томоша қилиб юришибди…

Ш а й х С а н ъ о н (жозибадан ҳайратга тушиб) – Мана Қофқоз!..
Жозибали бир маъво!
Ё Оллоҳим, қандай гўзал бу ҳаво!?
Тенги йўқ бир маскан, тенги йўқ хилқат,
Гўё ерга энмиш фалакдан жаннат.
Ҳаммаси туш каби, худди бир хаёл,
Инсонни бу диёр лол этади, лол.
Бу яшил адирлар таҳсинга шоён,
Кўзга завқ, руҳларга солур ғалаён.
Ҳар ёнда оқ, қизил гуллар исёни,
Юракни ўртайди булбул фиғони.
Сувларнинг алласи дилларга таскин,
Ўрмонлар бағрига чорлайди сокин.
Бургут парвозида не-не виқорлар,
Тоғларнинг бошида мангулик қорлар.
Булутлар нақадар ранг-баранг, сирли,
Оҳанглар бунча ҳам жозиб, сеҳрли?!
Офтобнинг меҳрига шубҳа-гумон йўқ,
Тунларнинг васфига шарҳу баён йўқ.
Ойнинг ёғдулари ёғиб ётган дам,
Кур наҳрининг ўзи бошқа бир олам.
Гоҳ теран сукутга толиб қолади,
Гоҳ йиғлаб дунёга фарёд солади.
Кўкларда кабутар парвози тинмас,
Бу ерда гўзаллик овози тинмас.
Кўнгилга нурафшон ҳайратлар солар
Долғалар ортидан келган долғалар…
Карвондек бу дарё жазм этиб борар,
Йўқлик оламига азм этиб борар.
Бу шундоқ сафарким, мутлақо мавҳум,
Ғоя мавҳум эрур, ибтидо мавҳум.
Инсонлар дунёдан шундоқ ўтурлар,
Билмасалар – не учун келиб-кетурлар?!

Шу пайт қуйидаги қўшиқ эшитила бошлайди, барча ниҳоятда берилиб тинглайди.
Баланд тоғлар ошдим, ўрмонлар кечдим,
Гўзаллар ичинда бир гўзал сечдим,
Мен у кундан Яратганга онт ичдим,
Дунё бир гўзалким, қайтмам ёримдан.
Маним ёрим ол ёноқли малакдир,
Эндигина очилган бир чечакдир,
Қайтган номард, мен етмоғим керакдир,
Дунё бир гўзалким, қайтмам ёримдан.

Бу қўшиқни айтаётган Ўздамир билан Ўғуз намоён бўлишади.

Ш а й х С а н ъ о н – Тўхтанг, биродарларим!
Ў з д а м и р – Амр этингиз!
Ш а й х С а д р о – Қайси уруғдансиз? Надир динингиз?
Ў з д а м и р – Уруғимиз туркдир, динимиз – ислом…
Ш а й х С а н ъ о н – Жуда соз!…
Ш а й х С а д р о – Кўргайсиз биздан эҳтиром.
Ш а й х С а н ъ о н – Бу атрофда сизлар озми ё бисёр?
Ў з д а м и р – Тўққиз-ўнга яқин қишлоғимиз бор.
Ў ғ у з – Шайхим! Ташрифингиз қайси ўлкадан?
Ш а й х С а н ъ о н – Каъбадан, мукаррама шаҳри Маккадан…

Ҳар иккаласи чуқур эҳтиром ва сидқу самимият билан Шайх Санъон ва Шайх Садронинг қўлини ўпадилар.

Ш а й х С а н ъ о н – Биродар, исмингиз надир?
Ў з д а м и р – Қулингиз – Ўздамир…
Ш а й х С а н ъ о н – Жуда соз, уники?
Ў з д а м и р – Ўғуз…
Ш а й х С а н ъ о н – Қайга бормоқдасиз энди бу чоқда?
Ў з д а м и р – Бир оз юмуш бордир қўшни қишлоқда.
Ў ғ у з (йўлга тикилиб, ҳайратга тушган ҳолда)
Ўздамир, Ўздамир, қара бу ёққа,
Ана, далли дарвиш бу ён келмоқда.
Шу пайт оқ либосли нуроний бир дарвиш йўл қирғоғида намоён бўлади. Ҳайратомуз ва кескин бир нигоҳ билан тикилиб қолади.

Ш а й х С а н ъ о н – Ажабо!?
Ў з д а м и р – Ундан бир сўз олиш оғир.
Ў ғ у з – Даллидир, шайхим, бу жуда даллидир.
Ш а й х С а д р о – Ким билсин, балки бир ҳийладир.
Ў ғ у з – Асло!
Бу дарвиш балодир, шафқатсиз бало…
Ў з д а м и р – Тингламайди зинҳор бирор кимсани,
Ўзининг гапида йўқдир бир маъни.
Емак-ичмагида йўқ сира тайин,
Одамзотга яқин келмас атайин.
Ш а й х С а н ъ о н (дарвишга яқинлашиб)
– Кимдирсиз? Маслагу тариқатингиз
Нимадир, илтимос, бизга айтингиз.
Дарвиш жавоб бермайди.
Ш а й х С а д р о (ҳайратланиб)
– Ажаб!.. Бу ё гунг, ё тилсиз дарбадар.
Ш а й х М а р в о н (яқин келиб)
– Йўқ, йўқ, алданманглар, бу ҳам сеҳргар,
Ҳамда ашаддий бир риёкор, қаллоб…
Ш а й х С а н ъ о н – Назари бузуқлар шундай дер, аммо
Менга жуда таниш, яқин бу сиймо,
Кўзидан ёғилиб турибди зако.
(дарвишга)
Бунчалар сукутга чўмдинг сен оғир,
Қайси динга мансуб эрурсан, ахир,
Қайси мазҳабдансан, қаердан, кимсан,
Баён эт, дарвишим, не учун жимсан?

Дарвиш дашт-саҳро кезувчи дарбадар мақомида, беғам, бепарво, мажнунона бир оҳангда, фақат зангуласиз қўшиқ айта бошлайди. Шайх Санъон ҳайрат билан тинглайди. Бошқа шайх ва муридлар ҳам бир-бир келиб унинг атрофига тўпланадилар.

Д а р в и ш – Сўрма зинҳор! Бир далли-девонаман мен,
Чирпираб учгувчи ул парвонаман мен.
Отам – ҳайрат, онам – шубҳадир… Аммо
Кимса билмас – мен ким? Шайхми, авлиё!
Бу дунёни кезиб юрган сайёҳман,
Шариатдан, тариқатдан йироқман.
Ҳақиқат истагим, ёлғиз ҳақиқат,
Етар энди шариат ё тариқат.
Қулоқ солмасман энди ҳеч хитобга,
Эътиқод қилмасман ҳеч бир китобга.
Бали, Қуръон, Забур, Инжилу Таврот
Рўёким, изоҳи кўп мушкул, ҳайҳот!
Ахир рўёга ўхшар алвоҳи олам,
Бари афсона – жаннату жаҳаннам.
Ш а й х С а н ъ о н – Бор экан дилингда анча сир-асрор,
Нечун яширарсан, қилмассан ошкор.
Инсондан қочмоқда бор қандай маъно,
Яхшиси, бизларга бўла қол ҳамроҳ.
Д а р в и ш – Гўё афсонадир ҳар бир саволинг,
Кўзингдан аёндир фикринг, хаёлинг.
Руҳингда кулмоқда бир жозиб хулё,
Бошингга тушгуси ажаб бир савдо.
Ёлғизлик нелигин бир кун билурсан,
Бу рамзни бориб сўр, Оллоҳдан ўрган!
Агар фавқулбашар бўлмоқ тиларсан,
Йироқ бўл доимо бани башардан!…
(Аччиқ ва бепарво бир қаҳқаҳадан сўнг муридларни кўрсатиб)
Бу жоҳил элга парво қилма зинҳор!
Парво қилма жоҳил бу элга зинҳор!
Фақат ҳикмат қидир, ўзгаси бекор!
(Кескин ва маъноли бир қарашдан сўнг кетмоқчи бўлади)
Ш а й х С а н ъ о н (унга яқинлашиб)
– Омон, эй пири муршид, марҳамат қил!
Д а р в и ш (Узоқлашар экан, буюк бир ғурур билан)
– Чекил мендан, чекил, эй мардуми ғофил!
Тараддуд дарди бордир кўзларингда,
Чекил, кет! Йўқ садоқат сўзларингда.
Сени домига тортгай ўзга бир хулё,
Бошингга тушгуси бир оғир савдо.
Ш а й х С а н ъ о н (унга талпиниб)
– Омон! Эй покдомон пирим, афу эт!
Омон! Тўхта, сўзим бор…
Д а р в и ш (бепарво) – Истамам, кет!

Дарвиш “кет!” маъносини англатадиган бир ҳаракат билан қўл силтайди. Файласуфона қарашлар билан, мажнунона қадамлар билан узоқлашиб кетади. Шайх Санъон улкан бир тарддуд ва хаёллар оғушида қолади. Маъюс тортганича бир чеккага чекинади.

Ш а й х С а д р о (унга таскин бериб)
– Шайхим, бир нарсани тушун бир қадар,
Сенга лойиқ эмас бу ғам, бу кадар.
Асло фойдаси йўқ, чекма ҳеч ташвиш,
Сен – буюк бир шайхсан, у эса – дарвиш.
Уч-тўрт мубҳам сўзга қилма ҳеч парво,
Бундай ақиданинг нафъи йўқ асло.
Ш а й х С а н ъ о н – Остин-устун бўлиб кетди жаҳоним,
Бирпас мени ёлғиз қолдиргин, жоним.

Шайх Садро итоат ва таъзим ила чекинади. Шу орада узоқлардан нафис ва дардли оҳангда чолғу асбоби янграй бошлайди. Шайх ва муридлар сув бўлиб тинглайдилар. Шайх Марвон ва Шайх Наим ҳамда муридлардан баъзилари қулоқларига бармоқларини тиқиб, бу оҳангни тўсмоқ истайдилар.

Ш а й х С а д р о (ҳайрат ва танбеҳ оҳангида)
Кўп ғаройиб ушбу аҳвол!.. Инчунун,
Беркитиб олмиш қулоғингиз нечун?
Ҳеч гуноҳ йўқ бу оҳангларда, яъни
Тингламай бўлгайми ҳеч бу нағмани!
Мусиқа, санъат, гўзаллик ўлмагай,
Ҳикмат асло унга моне бўлмагай.
Навбаҳор еллари чопгайдир бу кун,
Бир-бирин япроқлар ўпгайдир бу кун.
Ҳар бутоқда булбул афғон айлагай,
Дилни нозли кулгулар қон айлагай.
Қолган ҳазрати Довуддан хуш садо
Ва ёхуд бир шеър, бир гўзал наво –
Мусиқа эрмасми дилга солган нур?
Ш а й х М а р в о н (киноя ва истеҳзо билан) – Шундоқ!
Бу пурҳикмат бир жиҳод эрур.
Ш а й х С а д р о Эътибор берсангиз гар жиҳод надир,
У ҳам ўзига хос бир мусиқадир!..

Ён тарафдаги сўқмоқдан олдинда чолғучилар бўлгани ҳолда безаниб олган гуржи қизлари, алвон кийимли болалар ва йигитлар чиқиб кела бошлайди. Шайхлар ва муридлар бир чеккага чиқиб, уларни томоша қилиб туришади.

Қ и з л а р в а б о л а л а р (қуйидаги қўшиқни чолғу билан биргаликда айтадилар) – Эсар насими дилкушо,
Баҳор берар дилга шифо,
Чаман, чечак, қуёш, ҳаво –
Ки – жаннатий диёр этар.
Й и г и т л а р – Сафолидир чаман, чечак,
Фақат на чора айламак –
Ки, ҳар боқишда бир малак
Кўнгилларни шикор этар.
Қ и з л а р в а б о л а л а р
– Муҳаббат аҳли доимо
Бўлур балога ошино,
Жафога этмас эътино,
Нигорга жон нисор этар.
Й и г и т л а р – Кўзларининг вафоси йўқ,
Жафоси бор, сафоси йўқ,
Бу сўзларнинг асоси йўқ,
На этса ёрга ёр этар.

Йигитлардан тўрт-бештаси шайхлар билан саломлашади, бири чолғучиларга “чал” дея бир қиз билан рақсга тушиб кетади. Ўғуз ва Ўздамир ҳам уларга яқинлашиб, қарсак чалиб туришади. Сўнг йигитлардан бир-иккиси Ўғузни қўл ва кўз ишоратлари билан ўйинга даъват этишади. У ҳам бир қиз билан лазгича ўйинга тушиб кетади. Рақс тугагандан сўнг ҳаммалари биргаликда аввалги лапарни куйлай-куйлай олислаб кетишади. Ўздамир ва Ўғуз шайхлар билан енгилгина хайрлашиб, уларни ортидан кетишади.
Ш а й х М а р в о н (Ўздамир билан Ўғузни кўрсатиб, истеҳзоли қаҳқаҳа билан)
– Келгил, Шайх Санъонга англатгил бу дам,
Мусулмон бўлдими шу иккиси ҳам?
Ш а й х С а д р о – Улар зоҳирига боқмагин асло,
Юраклари қандоқ тоза, бериё.
Баъзи бир шайхлар бор бу дунё аро,
Зоҳири туп-тузук, юраги – қаро.
Шайтанат, васваса улар коридир,
Ёлғону риёлар ҳамдам, ёридир…
Ш а й х С а н ъ о н (паришон бир ҳолда дарвиш кетган томонга қараб)
– О, дарвиш, оламда сен ўзга олам!..
Ш а й х С а д р о
(Санъонга яқинлашиб)
Шайхим, кўзингизда нечун бунча ғам?!
Ш а й х С а н ъ о н – Қани дарвиш? Қайга кетди, айтингиз?
Ш а й х М а р в о н – У бир телба экан, шаккок ва динсиз.
Ш а й х С а н ъ о н – Телбалик ҳам бир фазилатдир ажиб,
Динсиз ўлмоқ ҳам тариқатдир ажиб.
Телбадир, лек сўзларида маъно бор,
Дарбадар, лек бошида зўр савдо бор.
Зоҳиран Мансур эмас, девонадир,
Кўзларинда лек “Аналҳақ” ёнадир.
Ш а й х С а д р о (кетиб бораётган Санъоннинг ортидан бориб)
– Шайхим, кетди дарвиш, олис кетди у,
Билмам, қаерларга бориб етди у.
Ш а й х С а н ъ о н
Бас, бошқа сўзламанг, туганди ҳолим,
Бир лаҳза сиз мени қолдиринг холи.
Курнинг соҳилида ўзим тоқ-танҳо
Кезинмак истайман…
Ш а й х М а р в о н – Нечун, ажабо?!
Наҳот истамайсиз биздек маҳрамни?
Ш а й х С а н ъ о н – Янгидан тирнаманг менинг ярамни.
Ш а й х Н а и м (келиб) – Шайхим!..
Ш а й х С а н ъ о н Нари тургин, жоҳил, бенаво!
Ш а й х С а д р о – Хўш, мен-чи?
Ш а й х С а н ъ о н (қўл ишорати билан уни ҳам рад этиб)
Керакмас… мен ўзим… танҳо!…

Жадал одимлар билан узоқлашиб кетади. Ҳамма даҳшатли бир ҳайратда қотиб қолади ва шайх кетиб борар экан, парда туша бошлайди.

Парда

Иккинчи саҳна

Йўл четидаги кичик бир кўшк. Унинг қаршисида гуллар очилиб ётган боғча. Кундузи.

С е р г о (қуйидаги қўшиқни айтганича боғчани суғориш билан машғул)
– Узоқ кетдим гулимдан, севгилимдан,
Айро тушдим ватанимдан, элимдан,
Ўртанурман, ҳеч иш келмас қўлимдан,
Ёр, ёр дея кеча-кундуз йиғларман.
Кунлар ўтди, нозли ёрни кўрмадим,
Ўпмадим, гул юзидан гул термадим,
Гулюз билан давру даврон сурмадим,
Ёр, ёр дея кеча-кундуз йиғларман.
А н т о н (қўлида бир даста гул кўтарган ҳолда боғча томондан чиқиб келаркан) – Сергожон, Серго!..
С е р г о – Э, келинг, афандим!
А н т о н (бир оз чойчақа билан гулдастани Сергога беради)
– Лутфан буни элтиб Хуморга бергин…
С е р г о – Тушундим!
Мен унга нима дей тағин?
А н т о н – Бу гулларни
Антон берди деб айтгин.
(Чекиниб, кўринмас бир жойда пойлаб туради)
С е р г о (айвонга чиқиб, эшикка яқинлашади ва пастроқ овозда)
– Чиқ, Хумор, қайдасан, Хумор, менга боқ!
Х у м о р (оқ либос кийган ҳолда чиқади, Сергонинг қўлидаги гулдастани кўриб) – Бу гулни ким берди?
С е р г о – Антон…
Х у м о р (ғазабли) – Вой аҳмоқ!
Олиб кет гулларни, қолсин ордона.

Эътиборсиз бир қиёфада ичкари кириб кетади. Серго қайтиб, тағин гулдастани Антонга беради.

А н т о н – Не деди?
С е р г о – Рад этиб қайтарди яна…
Наҳотки билмайсиз табиатини?
Худо олсин унинг бу хислатини.
А н т о н (гулдастани ерга отиб топтар экан, заҳархандалик билан)
– Сен ҳам менинг ҳолимга тушгин,
Эзил! Тупроқларга қоришгин.
(маъюс бир ҳолда чиқиб кетади)
С е р г о (ҳам Антонга, ҳам айвонга боқар экан, ҳайрат билан)
– Қиз эмас, бошга битган бир балодир,
Оташким, оламга ўтлар солодир.
(бир томонга чекиниб кетади)
С и м о н (маъюс ва хаёлчан одим ташлаганича йўлдан ўтиб борар экан, кўзи айвонга тушиб)
– Оҳ, бу кошонада яшар бир малак,
Мен унинг дардида ҳамон жонҳалак.
Олис осмонларга отилиб кетсам,
Минглаб юлдузларни кезсам, сайр этсам,
Ҳеч бири кўнглимни очмагай асло,
Ёлғиз шу гўзалдир менга тасалло!
Қалбимнинг ягона сарвари ўша,
Пажмурда руҳимнинг гавҳари ўша.

Шу пайт Хумор қўлида ипак кашта кўтаргани ҳолда айвонга чиқади.
С и м о н (уни кўрар-кўрмас)
– Қолмади менда сира сабру қарор,
Раҳму шафқат айлагил, жоним Хумор!
Х у м о р – Ортиқча кўпирма, лоф урма бекор,
Кетавер, бу ерда сен турма бекор.
Биламан, сиз ёниб-куймоқдадирсиз,
Менда йўқ бу туйғу, менда йўқ бу ҳис!
Ш а й х С а н ъ о н (толғин ҳолда йўлдан ўтиб борар экан, бошини кўтариб, Хуморга кўзи тушган заҳоти ҳайрат билан)
– Бу нима! Бу ўша тушимми, э-воҳ!
Ўшами? Ло илоҳа иллаллоҳ!..
(Яна тараддудланган ва маъюс одимлар ташлаганича йўлида давом этади)
С и м о н (бир оз ўйланиб тургач, Хуморга)
– Не бўлур, келақол, бу фикрингдан қайт!..
Х у м о р – Бас энди, тушингни сувга бориб айт!
П л а т о н (ширакайф ҳолда ичкаридан чиқиб)
– Кимдир у бу ерда қийлу қол айлар?
(қаттиқ таъсирланиб, паришон ҳолда узоқлашиб кетаётган Симонни кўриб) – Яна бир ошиқми арзи ҳол айлар?

Хумор бошини қуйи солади, шу орада Платоннинг дўстларидан бўлмиш йўғон ва дўрилдоқ овозли бир поп йўлдан ўтиб борар экан, Платонни кўради.

П о п – Э, Салом, афандим, қандоқ ҳолингиз?
П л а т о н – Келинг, бирпас нафас ростлаб олингиз.

Бир-бири билан қўл сиқишиб кўришишади. Хумор ҳам попнинг қўлини ўпади.

П о п (Хуморнинг сочларини силаб)
– Яна бир ўзга ҳол кўрурман санда,
Шодлик йўқ севимли, гўзал чеҳрангда.
Майли, бориб менга жиндай сув келтир,
Сиқилма, ҳар иш ўз пайтида битур.
П л а т о н – Сувни қўйинг, унда лаззат йўқ зинҳор,
Ичкари кирайлик, зўр шаробим бор.
Эски, роса олти йиллик майи ноб,
Подшоҳлар ичгулик ажойиб шароб.
П о п (Хуморга диққат ила разм соларкан, маъноли оҳангда)
– Майни яхши ният-ўйларга асранг,
Бир куни бўлажак тўйларга асранг.
П л а т о н (қаҳқаҳа уриб)
– Бу яхши ният-ку, беҳуда аммо,
Бу сўзлар Хуморга мавҳум муаммо.
Унинг фикру зикри фақат узлат денг,
Эр қилмоқ Хуморга ўлим билан тенг!..
П о п – Бу узлат беҳуда бир орзудир, бас,
Йўқ, йўқ, Хумор буни қилмагай ҳавас.(Хуморга)
Не-не зўр йигитлар сенгадир асир,
Сенинг бу ниятинг кулгилик, ахир.
П л а т о н (попнинг қўлидан ушлаб)
– Қўйингиз, бу гаплар тўғри-ку, аммо
Унга таъсир этмас, тингламас асло.
(попнинг кўксидаги хочга ишора қилиб)
Мен Биби Марямга, руҳи Исога,
Бу улуғвор хочга ҳам калисога
Аҳд этиб, юракдан қасамёд қилдим:
Хуморни илк бора сўраб келса ким –
Ким бўлса ҳам майли, қилмагайман рад,
Бас, пичоқ суякка етди ниҳоят!
П о п – Сени мажбур этмиш қайси бир гумроҳ,
Нечун онт ичдинг сен? Ахир бу – гуноҳ!…
П л а т о н Савобми ё гуноҳ… бўлгани бўлди,
Айтганим айтгандир, бас, сабрим тўлди.

Поп билан Платон ичкари кириб кетишади. Хумор қўлини манглайига тираб айвондаги ўриндиққа ўтирганича хаёлга толади.

Н и н а (боғча томондан чиқиб келиб)
– Бу не паришонлик, бу қандайин ҳол?
Ҳамиша ҳамдаминг маъюс бир хаёл…
Қанча қиз ўстирса она Гуржистон,
Сен каби малакни кўрмагай, ишон.
Сенга катта-кичик – ҳар инсон мафтун,
Сен нечун доимо паришон, маҳзун?..
Х у м о р – Нина, ҳамма гаплар ўзингга аён,
Ўзга ҳеч чорам йўқ менинг, ўртоқжон!..
Онам васиятин этмасам бажо,
Қарғиши тутгайдир мени… Э Худо…
Деганди: “Қизгинам, тинглагил мани,
Эр қилмоқ – ўпқонга учмоқ дегани…
Эркакларда йўқдир сидқу садоқат,
Узлатдан топурсан фақат фароғат!”
Н и н а – Отангнинг жабридан, не қилсин шўрлик,
Кўзига кенг дунё қиларди торлик.
Отанг бош кўтармай ичавергач, ул
Ғамдан ўлиб кетди мисли сўлган гул.
Ш а й х С а н ъ о н (такрор қайтиб ўтаркан, Хуморни кўриб)
– О-ҳ! Бу худди ўша! Кўрганим рўё…
(яқинлашиб)
Бу – ўша нозанин, тушдаги савдо!..
Х у м о р – Сен кимсан?..
Ш а й х С а н ъ о н – Бечора мафтун…
Н и н а – Ким билур… Эҳтимол…
Х у м о р – Эҳтимол, мажнун…
Ш а й х С а н ъ о н – Балки мажнундирман, этмайин инкор,
Фақат боиси бу ҳусни мафтункор…
С е р г о (келиб) – Бу ким?.. Ва нима деб дам урмоқда, бас?
(Шайх Санъоннинг ёқасидан тутиб бақирганича)
– Кимсан?.. Мақсадинг не?!
П л а т о н (қўлида шароб тўлдирилган қадаҳ тутганича поп билан ичкаридан чиқиб келаркан, ғазаб билан Сергога)
– Шошмагин бирпас!
Бир мусофир келса, иззат-икром эт,
Нега ўшқирасан? Қани, даф бўл, кет!
(Серго бир томонга чекинади, Платон Санъонга)
Шайх! Бирон амрингиз борми, ажабо?
Ш а й х С а н ъ о н – Англай олмай қолдим ўзим ҳам асло…
П л а т о н – Сўйланг, тараддудга ҳожат йўқ, зеро…
Ш а й х С а н ъ о н – О-оҳ, бу – туш, бу ўша кўрганим рўё!
П л а т о н – Недир демоқчисиз шекилли, албат…
Ш а й х С а н ъ о н (Хуморга ишора қилиб)
– Истаганим фақат – тараҳҳум, шафқат.
Бир табассум бул гўзал дилбардан,
Бир навозиш бул мовий кўзлардан…
П о п (баланд бир қаҳқаҳа билан) – Афтидан, Хуморга ошиқ бечора.
Ш а й х С а н ъ о н (Хуморга)
– Мен нечун бунчалар зору овора,
Айт ўзинг барчасин! Сўйла, паризод!
Ҳаммасин бунча тез унутдинг, наҳот?
Сен ўшал юлдуз эмасми порлаган,
Мени “кел-кел!” деб ўзига чорлаган!..
П л а т о н (ҳайрат билан Шайх Санъонга)
– Бу воқе бўлганди қайси маъвода?
Ш а й х С а н ъ о н – Туннинг рўёсида, арши аълода.
П о п (заҳархандалик билан)
– Шубҳа йўқ, шубҳа йўқ, бу бир мажнундир.
П л а т о н – Афтидан, Хуморга бу ҳам мафтундир.

Шу орада шайхлар ва муридлар етиб келишади.

Ш а й х М а р в о н – Шайх бунда…
Ш а й х Н а и м – Хайрият, топдик ниҳоят.
Ш а й х С а д р о – Ё Оллоҳ, аҳволи оғир-ку ғоят.
П л а т о н (попга, паст овозда)
– Манимча, шайх жуда муҳтарам бир зот.
П о п – Фозил бир инсонга ўхшайди…
Ш а й х С а н ъ о н (шайхларга маъноли бир оҳангда)
– Ҳайҳот!..
Ш а й х С а д р о – Муҳтарам шайх! Сизни бир тўп оломон
Унда кутаётир интизор, гирён.
Бутун ислом аҳли тўпланиб минг-минг,
Сизни кутаётир…
Ш а й х С а н ъ о н – Бўлди, бас, кетинг!
Энди фойда йўқдир мендан барибир,
Ўзингизга топинг бошқа битта пир.
Ҳаммаси тугади, ишондим энди,
Эски ўзлигимдан мен тондим энди.
Бошқа бир йўл сари равонаман мен,
(Хуморни кўрсатиб)
– Унинг ишқи билан девонаман мен.
Ш а й х М а р в о н – Аввал аёллардан қўрқардинг ёмон,
Не учун ўзгардинг энди беомон?
Ш а й х С а н ъ о н (Шайх Марвонга)
– Сен англай олмассан бу фарқни, бешак,
Аёл эмасдир у, малакдир, малак!..
(жўшган ҳолда ҳаммага)
Қаранг, унинг ҳусни кимни этмас лол,
Нигоҳлари бунча жозиб, безавол.
Кўзлари гўзаллик тимсоли эрур,
Ўзи илоҳийлик мисоли эрур.
Ш а й х Н а и м – Шайхим, мақсадингни унутма зинҳор,
Зиммангда буюк бир маъсулият бор.
Каъба қаршисида ичган эдинг онт,
Бир қиз деб баридан кечасан, наҳот?
Ш а й х С а н ъ о н – Ватаним, жамийки ниятим, Каъбам –
Энди шу, ундан воз кечмайман ҳеч ҳам.
П л а т о н (попга) – Кошки онт ичмаган бўлсайдим… Йўқ-йўқ,
Сен бирон чора топ.
П о п – Кўнглинг бўлсин тўқ, Ҳозир воз кечади…
(Шайх Санъонга) – Майли-ку, бироқ
Бу қизга нисбатан ёшинг улуғроқ.
Ш а й х С а н ъ о н – Маънавий бир ишқнинг олдида бари –
Инсонлар тенг эрур, йўқ ёшу қари.
П о п – Анов бағрингдаги нимадир?
Ш а й х С а н ъ о н – Қуръон.
П о п – Хўш, қани, исботлаб бер-чи сен бу он!
Насроний бир гўзал, исовий бир қиз
Мусулмонга тегса, эрурми жоиз?..
Ш а й х С а н ъ о н – Токи Ҳақ бир экан, биттадир дин ҳам,
Халқларни ажратган жоҳил, муттаҳам.
Инсон туйғулари бирдир баайни…

Поп шароб тўла қадаҳни Платондан олиб Шайхга беради.

П о п – Унда ичиб бер-чи мана бу майни.
Ш а й х С а н ъ о н – Зотан, шу майсиз ҳам сархушман ёмон…
П о п – Йўқ, йўқ, ич, ичмасанг гапларинг ёлғон!

Шайх Санъон илтижоли нигоҳлар билан Хуморга тикилади ва қадаҳни олиб ичмоқчи бўлади, бироқ аввал бунга жасорат қила олмай, тараддудланиб қолади. Ниҳоят қатъий бир қарорга келиб, шаробни сўнгги томчисигача ичади. Шайх Садро афсусли бир ифода билан тикилиб туради.

Ҳ а м м а (Шайх Санъон шаробни ичиб тугатаётганда) – Шайх, тўхта!
Ш а й х М а р в о н (истеҳозли оҳангда Шайх Наимга)
– Мана бу – ривожи ислом!..
Ш а й х Н а и м (Санъонга) – Ажабо, ичганинг эмасми ҳаром?
Ш а й х С а н ъ о н – Шариатда бордир ичмакда миқёс.
П о п (чўнтагидан кичик бир хоч чиқариб Шайхга беради)
– Энди ол бу хочни ва бўйнингга ос.
Ш а й х С а н ъ о н(олиб бўйнига осар экан, қаҳқаҳа билан)
– Марям ўғли Исо осилди дорга,
Ҳожат борми эди яна такрорга.
Шу наҳот Исонинг арши меърожи,
Мен кимман…
Жонли бир дорнинг оғочи…
Ш а й х М а р в о н – Сенга лойиқмиди ушбу иш, ёҳу!
Ш а й х С а н ъ о н – Атиги бир парча кумуш эрур бу;
Буни осмоқ билан узукни тақмоқ,
Менимча, бир нарса, уқдингми, аҳмоқ!
П о п (Шайх Санъонга) – Жим бўл! Гуноҳ эрур бундоқ истеҳзо…
Ш а й х С а н ъ о н – Йўқ-йўқ, шундайин ҳам ҳазрати Исо
Биз учун муҳтарам, буюк бир сиймо…
П о п – Бизлар мақсадингни англадик, аммо
Энди Қуръонни ол, оловда ёндир.
Ш а й х С а н ъ о н – Уни куйдирмакда не маъно, ахир?

Ҳамма ҳаяжон ва ҳайратда.

П о п – Ортиқча ҳар қандай баҳона, узр,
Қуръонни ёқасан…
Ш а й х С а н ъ о н (Қуръонни чиқариб беради) – Ол, ўзинг ёндир!
Ҳ а м м а – Шайх, Қуръон ёқилмас!..
Ш а й х С а н ъ о н – Аммо мақсад бор.
Ш а й х С а д р о – Жим туринг, балки бир бошқа ҳикмат бор.
Ш а й х С а н ъ о н – Қуръон ҳукми мангу юксак, сарафроз,
Ёнса – сиёҳ ёнур, ёнади қоғоз.

Шу орада ҳавони булут қоплайди ва шиддатли момақалдироқ бошланади. Бу қалдироқ парданинг охиригача ўқтин-ўқтин даҳшатли бир ҳолда такрорланиб туради.

П о п (Қуръонни олмай, ўжарлик билан)
– Уни сен оловда ёқмагунча то –
Бизнинг бу имтиҳон тугамас асло!
Ш а й х С а н ъ о н – Ким Қуръон ҳукмини менсимаса гар,
Уни ўтда ёққан билан баробар.
Беҳуда сен ўрлик қилмагин зинҳор,
Бунда Марям билан Исо номи бор.
Х у м о р в а Н и н а – О-ҳ!
П л а т о н – Шайх, майли, қўяқол, ёқмоқ керакмас.
Ҳ а м м а – Тавба, шайх, минг тавба!..
Ш а й х С а д р о – Жим бўлингиз, бас!..
Ш а й х С а н ъ о н – Ишқдан бошқасига йўқ менда тоқат,
Минг тавба!.. Барига айладим нафрат.
Ш а й х Н а и м – Шайхим, унутмагин Каъбани.
Ш а й х С а д р о – Жим тур!
Ш а й х С а н ъ о н – (Хуморга ишора қилиб)
Энди Каъбам будур, жаннатим будур.
П о п (Платонга) – Ҳеч чора қолмади. Не десанг, фақат
Энди бу йўқ демас. Қилгай итоат.
П л а т о н – Ҳой шайх, энди битта шарт қолди ёлғиз,
Сен роса икки йил боқасан тўнғиз.
Ҳаммада норозилик, ғалаён.
Ш а й х С а д р о (Шайх Санъонга)
– Йўқ, энди буниси энг ёмон таҳқир,
Сен учун энг жирканч ҳақорат, ахир…
Ш а й х С а н ъ о н (Платонга)
– Унинг ишқи билан зор, дарбадарман,
Нима буюрсангиз қабул этарман.

Шайх ва муридлар “оҳ!” дея қаттиқ таъсирланган ҳолда ортга чекинадилар.

– Кетингиз, дўстларим, энди кетингиз!
Бошқа бирор шайхнинг қўлин тутингиз.
Менки ноилдирман бугун висолга,
Топдим Ҳақ нурини, етдим жамолга.
Майли, коинотни кезинг, сурининг,
Ҳақ нурин топмоққа сиз ҳам урининг.
Сиз шўрлик Санъонни ёддан чиқаринг,
Бу телба инсонни ёддан чиқаринг.
Ш а й х С а д р о – Муҳтарам шайх, ахир, тасаввур этинг…
Ш а й х С а н ъ о н – Бас, етар, мен кетинг дедимми – кетинг!
Ш а й х М а р в о н – Қани у аввалги ғояйи аъмол?
Ш а й х С а н ъ о н – (қаҳрланган, ғазабланган ҳолда бақириб)
Кўзимга кўринманг, даф бўлинг дарҳол!

Шайх Садро чуқур бир ҳайрат ва паришонлик билан хаёлга толади.

М у р и д л а р д а н б и р и н ч и қ и с м и (кучли таъсирланган ҳолда, афсуслар билан) – Кетайлик, тўғри Каъбага борайлик,
Холиқи коинотга ёлборайлик.
Балки Оллоҳ марҳамат айлар,
Шайхимизни мағфират айлар.
И к к и н ч и қ и с м (Марвон ва Наим билан биргаликда)
– Шайхимиз отди ҳукми Қуръонни,
Шайхимиз сотди дину иймонни.
Аввал эрди у пирликка муносиб,
Чиқди энди дин мазҳабдан хоч осиб.
Б и р и н ч и қ и с м – Кетамиз, Ҳаққа муножот этамиз,
Кетамиз, шайх дея фарёд этамиз…
И к к и н ч и қ и с м – Кетамиз, биз-да бу йўлдан озмайлик,
Кетамиз, бўйнимиза хоч осмайлик…
Ш а й х С а н ъ о н – Кетингиз, ҳийла, фириб сизларга хос,
Менга ишқдан юксак олам йўқ, холос!..

Барча шайхлар ва муридлар чекиниб кета бошлайдилар. Ёлғиз Шайх Садро энг охирида қолиб, маъюс ва ғамгин одимлар билан оғир, иккиланган ҳолда узоқлашиб кетади.

Парда

УЧИНЧИ ПАРДА

Биринчи саҳна

Бир ярим йилдан сўнг… Кузнинг ойдин кечаси. Саҳнанинг олдида чўчқахонага хос бир бино. Бино олдида 2-3 та тўнғиз ётибди, ён томонда бир сув кўзаси (офтобаси) бор. Ичкарини заиф бир шуъла ёритиб турибди. Анча нарида Хуморнинг кўшки кўзга ташланади. Унинг деразасидан таралаётган нафис бир ойдинлик диққатни жалб этади, атроф дарахтзор.
Серго қўлида шароб идиши, ёғоч бир қадаҳ ва 2-3 дона нон кўтариб, қўшиқ айта-айта ширакайф, бепарво-беғам ҳолда чўчқахонадан чиқади.

С е р г о (осмонга боқиб) – Кўк юзини безар порлоқ юлдузлар,
Ер юзини безар гул юзли қизлар,
Ёр ишқинда бу кўнгул ёнар, бўзлар,
Инсоф, марҳамат йўқ номард фалакда…
(Қўлидагиларни ерга қўйиб, эшик олдида ўтиради, шаробдан бир қадаҳ тўлдириб ичади) – Уф… Гўё ёнгандек ичимда чироқ.
(Шайх Санъонни чақиради)
Ҳой, чўпон шайх! Қайдасан?
Менга бир боқ!
Ш а й х С а н ъ о н – Бундаман, Серго!..
(гуржи чўпонларига хос бир қиёфада, соч-соқоллари ўсиб кетган ҳолда боғ томондан чиқиб келади) – Кел, ейлик-ичайлик.
Ш а й х С а н ъ о н – Сен е-ич, биродар, менинг қорним тўқ.
С е р г о – Кел, жоним, бошқача бир шаробдир бу…
Ш а й х С а н ъ о н – Одатим ўзингга яхши аён-ку!
С е р г о – Ажойиб бир кеча, кела қол…
Ш а й х С а н ъ о н – Йўқ-йўқ!
С е р г о (қадаҳни тўлдириб) – Хумор ишқи учун, кел, бир қадаҳ ич!
Ш а й х С а н ъ о н – Ё худойим, бу ахир бир заҳримор,
Ичгулик жойи йўқ!
С е р г о – Сўйлама бекор,
Яхшиси, най чал ё эртак сўйлагин,
Ё гўзал бир ҳикоят нақл айлагин.
Ш а й х С а н ъ о н – Афу эт… Ҳолим ёмон, йўқдир мажол!
(бир томонга кетади)
С е р г о (шаробдан бир қадаҳ ичиб, қаҳқаҳа билан)
– Англадим дардингни, боргин, бора қол!
(яна бир қадаҳ тўлдириб ичаркан, қўшиқ айта бошлайди)
Жўшқин шароб ишқ ўтини сўндирмас,
Ёр кўнглима ором бермас, тиндирмас,
Тақдир менга кўз бергану, нур бермас,
Инсоф, марҳамат йўқ номард фалакда…

Шу орада боғнинг бир чеккасидан итнинг вовуллаши эшитилади.

Биров келдимакан, ажабо?
(бақириб)Кимсан?
Ў з д а м и р (қўлида хуржун, Ўғуз билан чиқиб келади)
– Бу биз, Серго, йўқдир бегона кимса.
С е р г о – Қандоқсиз, афандим?
Ў з д а м и р – Тузукман, раҳмат.
С е р г о – Келинглар…
Ў з д а м и р – Шайх қайда? Кетмоғимиз шарт.
С е р г о – Ёлғиз Худо билур унинг жойини.
Ў з д а м и р (хуржунни Сергога беради)
– Буни шайхга бергин; бор ашёйини
Тез бўшатинглар… биз қайтиб кетамиз.
(Жадал одимлар билан чиқиб кетадилар)
С е р г о – Қўрқма, ҳаммасини бажо этамиз.

Хумор Нина билан бирга қўлида бир товоқ таом кўтаргани ҳолда хонасидан чиқиб келади.

Х у м о р – Менга қара, Серго!..
С е р г о – Гапир, султоним!
Х у м о р – Шайх ётдими?
С е р г о – У асло ётурми, жоним!
Унинг кеча-кундуз табиати шу…
Хаёлига келмас еб-ичмак, уйқу.
Тунда ой, юлдуз билан суҳбат этар,
Хаёл суриб чиқар то тонгга қадар.
Х у м о р (таомни Сергога берар экан)
– Иложи борича уни ҳурмат қил,
Неки амр айласа, кел, менга айтгил.
Н и н а –Жуда назокатли зот экан Санъон.
Х у м о р (Нина билан бирга уйи томон кетар экан, уни тасдиқлаб)
– Шундоқ, кўп муҳтарам, ажойиб инсон…
Нафақат зўр камоли, маърифати,
Унда бор бир авлиёлик хислати.

Серго дарҳол хуружунни олиб, бўшатмоқ учун чўчқахонага киради.

Ш а й х С а н ъ о н (бир томондан чиқиб келар экан, кетаётган Хуморни кўриб) – Кетадир анда нозли жононим,
– Кетадир ошинойи виждоним,
Кетадир, ваҳки, дину имоним,
Кетадир сабру тоқатим, жоним…
(Маҳзун ва таъсирланган ҳолда чўчқахонага яқинлашади)
С е р г о – Биродар! Кел, овқат келтирди Хумор.
Ш а й х С а н ъ о н – Иштаҳам йўқ…
С е р г о – Кел!
Ш а й х С а н ъ о н – Истамам зинҳор,
Чарчадим, жонимда иссиқ бор бир оз.
(ичкари киради)
С е р г о – Жиндай ором олсанг бўлур эди соз.
(чеккага)
Афтидан, дарди тозаланди яна,
Чунки жонон кўриниб кўзларина.
С и м о н (икки йигит билан биргаликда келиб)
– Сергожон, Серго!
С е р г о – Э, Симон, кел…
С и м о н – Т-с-с! Хўш, Санъон қаерда?
С е р г о – Шўрлик, минг афсус,
Доимо ғамзада, доимо тушкун…
Ётибди, аҳволи кўп ёмон бу кун.
С и м о н – Сен не деб ўйлайсан, саёқ Платон
Қизини Санъонга бергайми?..
С е р г о – Симон!
У бир насли бузуқ, тайини йўқ зот,
Исонинг номига ичган қасамёд.
Инжилга қўл босган… Беради, ишон…
С и м о н – Жуда иримчидир чиндан бу нодон.
Қизи бу бадбахтни қилади адо.
С е р г о (бошини ликиллатиб)
– Менимча, шу ерда қилурсан хато.
Чунки қиз мутлақо бошқа бир хилқат,
Уни кўрганларнинг кўзида ҳайрат.
Шайхга бошқача бир муҳаббати бор,
Доим карам айлар, зўр ҳурмати бор.
Б и р и н ч и й и г и т – Ҳамиша узлат деб ёнарди Хумор,
Бунча тез ўзгарди?
С е р г о (чўчқахонани кўрсатиб)
– Бир монелик бор.
Хуморга мана бу кулбайи вайрон
Ҳар қандай узлатдан азиз, қадрдон.
Бу унинг саждагоҳи, қибласидир,
Шайх унинг ҳайкали муқаддасидир.
Б и р и н ч и й и г и т (Симонга)
– Хўш, энди не дейсан? Шубҳа йўқдир ҳеч,
Демак, қиз – Шайхники, сен ундан воз кеч!
С е р г о –Тугаб бормоқдадир муддат ҳам… Зинҳор
Шайхни рад этмагай албатта Хумор.
С и м о н (қаҳр билан) – Симон ўлгани йўқ, тирикдир ҳамон,
Бунга йўл қўйгайми? (ғоят ҳаяжонли)
Асло! Ҳеч қачон!..
(Чўнтагидан ақча тўла бир ҳамён чиқариб, юқорига бир отиб-тутиб оларкан, Сергога бериб)
Бунинг ичи тўла кумуш, олтин, ол!
Бу шайхнинг хун баҳоси бўлсин, ол!

Аввал Симон, сўнг унинг шериклари ханжарларини чиқариб, Шайхнинг ётоғига ҳужум қилмоқчи бўладилар.

С е р г о (Симонга) – Сенинг ниятингни англадим, бироқ
(ҳар учаласига)
Ҳозир пайти эмас, келинг сал кечроқ.

Шу пайт Ўздамир келиб, бир чеккада яшириниб турганича уларнинг суҳбатини тинглайди. Нина ҳам Хуморнинг хонасидан чиқиб, катта ҳайрат билан бу ҳолатни кузатиб туради.

Б и р и н ч и й и г и т (Симонга)
– Бунинг гапи тўғри… Тайёр ҳар анжом,
Яхшидир кейинроқ қилсак саранжом.
С и м о н – Фурсат – қанотли қуш. Бир учса дайдиб,
Қўлингга ҳеч қачон келмайди қайтиб.

Яна ҳужум қилмоқчи бўлади, Нина қаттиқ изтиробда кузатиб туради. Ўздамир чиқиб, Симоннинг билагидан ушлаб қолади, унинг қўлидаги ханжар тушиб кетади. Йигитларнинг ҳар иккиси икки томондан келиб, Ўздамирни маҳкам ушлаб оладилар ва унинг қимирлашига имкон бермайдилар.

Б и р и н ч и й и г и т (Ўздамирга)
– Жонингдан умидинг бўлса гар тек тур!

Шу пайт Ўғуз чиқиб келиб, оғир ва мағрур бир боқишдан сўнг орқадан ҳар бир қўли билан биттадан йигитнинг бўғзидан тутиб қаттиқ сиқади. Ҳар иккиси ҳам бўғилиб ўлаёзган бир ҳолга тушади, ҳамма даҳшатда.

Ў ғ у з – Мана, хоинларнинг жазоси шудир!
Ў з д а м и р (Симонга) – Ўйла, эр кишига номус, уят бу,
Қабоҳат ичра энг зўр қабоҳат бу.
Шайх шўрлик муҳтарам, беозор бир зот,
Мусофир, ғариб ва ожиздир, ҳайҳот…
Наҳотки, йўқ сенда заррача виждон,
Шу қадар ҳам номард бўлурми инсон!?
Ў ғ у з – Бу ишга қўл ургай хоин, қўрқоқлар,
Виждонин йўқотган аблаҳ, олчоқлар.
Сизми ё Шайх Санъон ўлимга лойиқ –
Шу ханжар ҳал этар. Бошқа чора йўқ!
(дарҳол ханжарини чиқариб Симонга
ҳужум қилади)
Ў з д а м и р (Ўғузни тутиб қолиб, оғир бир оҳангда)
– Йўқ, тўхта!.. Мард ўчин бундай олмагай,
Йўқса, бу қотилдан фарқинг қолмагай.
Ў ғ у з – Қўй мени!
Ў з д а м и р – Йўқ, шартмас энди тўкмоқ қон,
Кучли ожизлардан олмас интиқом.
(Симон билан биродарларига)
Энди тез йўқолинг, даф бўлинг!.. Аммо
Шуни ёдингиздан чиқарманг асло.
Ким Шайхнинг қонини тўкмоқ бўлса гар,
Менинг қўлларимдан ажалин топар.

Ҳар учаласи қуролларини олиб чиқиб кетади.

Ш а й х С а н ъ о н (чўчқахонадан чиқаркан)
– Нима гап? Айтинглар, бу қандай ваҳм?
Ў з д а м и р –Айтарли ҳеч гап йўқ, муҳтарам шайхим!..
Ў ғ у з (Сергонинг қўлидаги ҳамённи олиб)
– Бу нима? Қани, айт, кўзинг қилма лўқ!
С е р г о (дудуқланиб) – Билмайман… и-е, бу ҳамён-ку… Йўқ-йўқ…
Ў ғ у з – Қотилларнинг сенга сахосидир бу,
Шайх учун балки хун баҳосидир бу?
(унга кескин ва қаттиқ бир шапалоқ тортади)
Ш а й х С а н ъ о н – Ё Оллоҳ, Ўғуз, бу не қилиқ, ахир?..
Ў ғу з – Қасдингга шерик бу паст хоинни бир
Адабга чақириб қўйдим… Шу, ахир.
Ш а й х С а н ъ о н – Бечора!.. бу ожиз банда-ку, фақир…
(фалакка қараб)
Бу фалокатларнинг бутун сабаби
Фақат мен… фақат мен… Кечиргил, Раббим!..
Ў ғ у з (Сергога) – Тош қотиб турма, қани, ҳамённи ол!
Сенда бир юмуш бор, юр энди, баттол!
(Серго ердан ҳамённи олиб, Ўғузнинг ортидан эргашади)
Ў з д а м и р – Шайхим, ўз фикрингни энди эт аён,
Менимча, охири тугар кўп ёмон.
Сени очиқ-ойдин ранжитар булар,
Шубҳасиз, бир куни рад этар булар.
Вазият, рости, бир оз қўрққулидур,
Ким билур, балки жиноят ҳам бўлур.
Истасанг, ул қизни олиб кетамиз,
Қарши чиқса ким агар – маҳв этамиз.
Ш а й х С а н ъ о н – Қўй Серго, ўлдирса ҳам мени минг бор,
Бундоқ ноҳақ ишни қилмайман зинҳор.
Ў з д а м и р – Раъйингга қарши ҳеч сўзим йўқ, ҳайҳот,
Фақат эҳтиёт шарт, жуда эҳтиёт…
Ш а й х С а н ъ о н – Кетингиз, чунки кўп узоқ йўлингиз,
Мени тангрим асрар, амин бўлингиз.
Ў з д а м и р (хуржунини ердан олиб, Шайхнинг қўлини ўпар экан)
Бир қазо содир ўлса, Шайхим, ишон,
Биз бормиз, сен учун фидодир бу жон.
Доимо бурчимиз итоат эрур,
Бизга сенинг амринг саодат эрур.
(чиқиб кетади)
Ш а й х С а н ъ о н – Иззат-икромингдан тоғ бўлди кўнглим,
Ташаккур, ҳеч қачон кам бўлма, ўғлим.
(Ўздамирнинг олислаб бораётганини кўриб)
Ўпқондир, оҳ, ҳамма томоним ўпқон,
Бу шум толе қайга бошлар, ноаён?!
Бу не фалокатдир, жавоб бер, ё Раб!?
Н и н а (Сассиз қадамлар билан чекинади. Хуморнинг хонасига кирар экан) – Бунинг ҳаммасига Сергодир сабаб.
Ш а й х С а н ъ о н (фалакка боқиб)
– Шикоят эмасдир асло бу нидо,
Чунки Хумор учун бари, ё Худо!
Ҳар бало гўё бир саодат эрур,
Ҳар жафо мен учун муҳаббат эрур.

Эшик олдидаги офтобани олиб, сув келтириш учун боғнинг бир четига қараб кетади. Бир оздан сўнг оқ либосли Антон бошқа томондан чиқиб келади. Бадқовоқ бир гуржи кириб, қўлида ёндирувчи ашё ва бир даста гул тутгани ҳолда унга эргашади.

А н т о н (паст товушда) – Сергожон! Ҳой Серго…
Б и р о д а р и – Бақирма, жим тур.
(Чўчқахонага қараб)
Шайх Санъон ётоқда… Донг қотиб ётур.
А н т о н – Серго!..
Б и р о д а р и – Керакмас… Мен ўзим боплаб ташлайман,
Шайхни майда-майда тўғраб ташлайман.
(лип этиб ўзини ичкарига уради)
А н т о н (эшикдан қараб) – Ур яна! Яна бир… (ўз-ўзига)
Ҳа, энди Хумор
Англайди, мен кимман, қанақа шунқор!
Б и р о д а р и – Бу баттол, билмадим, не сеҳр этмиш,
Ғалати бир ҳолким, жуда ҳам мудҳиш!..
Шунча ханжар урдим – қилмайди таъсир.
Ҳар ҳолда… Энди бу охирги тадбир.
(Эшикни бекитади, шу орада ичкарида олов ёна бошлайди)
А н т о н – Уйга ўт қўйдингми?
Б и р о д а р и – Йўқ ўзга чора,
Ёниб кул бўлгайдир Санъон…
А н т о н – Бечора!..
Энди бермоқ керак Хуморга хабар,
Бу ҳолни кўрсину йиғласин дилбар.

Хумор Нина билан хонасидан чиқади, уларни кўриши биланоқ қаттиқ ҳайрат ва саросима ичида қолади.

Б и р о д а р и (Антонга истеҳзоли кулганича)
– Энди Санъон ётиб мангу рўёда,
Завқ сурар жаннатда, арши аълода.
(саросимага тушиб)
Кўп турмоқ яхшимас…
Бу жой хатарлик,
Кетамиз, қани бўл…
А н т о н – Майли, кетайлик.

Тез-тез юриб чиқиб кетадилар.

Х у м о р – Оҳ!.. бундан келмоқда жиноят ҳиди.
Н и н а – Оғир бир мусибат, фалокат ҳиди.

Шу пайт шиддатли шамол эсади, момақалдироқ гумбурлайди, ёнғиннинг чарсиллаб ёниши эшитилади. Бу товушлар парданинг охирига қадар давом этади.

Х у м о р (Нина билан бирга саросимага тушган ҳолда чўчқахонага яқин келиб) – Энди ҳаммасини билдим… вой жоним!
(ғазаб ва саросимада)
Серго, кел! Қайдасан!?
С е р г о (пайдо бўлиб) – Шундаман, хоним.
Х у м о р – Қани, кел!.. бўл тезроқ!.. Оч эшикни, оч!
Н и н а – Хоин, сотқин, олчоқ! Оч эшикни, оч!

Серго эшикни очгани ҳамоно ёнғиндан ҳосил бўлган аланга саҳнани ёритиб юборади.

– Кир, Шайхни олиб чиқ. Қани бўл, олчоқ!
Х у м о р – Оҳ!.. Тезроқ қутқазинг!.. Куймасин!..
Тезроқ!..

Серго ичкари кирмоқчи бўлади, бироқ юраги бетламайди.

Қ ў ш н и л а р (уч-тўрт киши кириб)
– Нима гап? Не бўлди?
Х у м о р – Омон! Алъомон!..
Ёнди, куйиб кетди бечора Санъон.
Қ ў ш н и л а р – Кўрайлик-чи, балки тирикдир…
Н и н а (Сергога ғазаб билан) – Жаллод!..
Х у м о р – О-ҳ, бечора Шайх! Имдод!.. Оҳ, имдод!..

Ҳушидан кетиб йиқила бошлайди. Нина дарҳол уни суяб қолади. Шу пайт қўлида офтоба тутганича бир томондан Шайх Санъон чиқиб келади, ҳамма ҳайратдан донг қотиб қолади.

Ш а й х С а н ъ о н (таъзимкорона бир қиёфада)
– Шайхни сиз ўлдига чиқарманг зинҳор!
Мана, қаршингдаман, азизим Хумор!
Дилда ёнса ишқ деган оташ агар,
Унга таъсир этмас ушбу оташлар.
Мен ўлимдан энди қўрқиб нетаман,
Халқни тарк айлаб Холиққа етаман.
Абадият мангу мозорим бўлур,
Чунки ишқнинг султони ёрим бўлур.
Ишқ учун ким айласа жонин нисор,
Мангу гулшан ичра топгайдир қарор.
Балки қисмат бул вужудни маҳв этур,
Руҳим ўлмас, самовий ишққа етур.
Учар ул, чексиз фазолардан ошар,
Яна жаннатда сенинг бирла яшар.

Охирги байт тугаётганида парда бекилади.

Парда

Иккинчи саҳна

Мадинада бўйра ташланган бир хона. Атрофда суяниб ўтириш учун ёстиқ-тўшаклар… Икки эшик… Боққа қараб очиладиган икки-уч дераза. Қуёш эндигина чиқиб келаётган бир пайт.
Парда очилганда хизматчи қора араб ёстиқ-тўшакларни тузатиб чиқиб кетади. Шу пайт Шайх Ҳоди ва Абулуло кириб келишади.

Ш а й х Ҳ о д и – Минг шукур, минг шукур Раббаномизга,
Яна қайтиб келдик Мадинамизга.
(Деразалардан бирини очиб)
Муқаддас ҳавоси танларга дармон,
Инсонга янгидан бахш этади жон.
Руҳларга ажойиб сафолар берур,
Қалбларга туганмас шифолар берур.
А б у л у л о – Шайх Ҳоди! Не дейсиз, мен чиқиб агар –
Нима гап, нима сўз – бир олсам хабар?
Ш а й х Ҳ о д и – Майли, билиб келгин бориб бирма-бир,
Қандай воқеалар бўлмишдир содир.
(деразани бекитиб)
Мен эса толиқдим, бунда қолайин,
Бир лаҳза чўзилиб ором олайин.
(Абулуло чиқар экан)
Фақат энг аввало сен Шайх Санъондан
Хабар сўр!..
А б у л у л о – Албатта!
Ш а й х Ҳ о д и – Сўнг чиқиб ондан
Заҳронинг ҳолин сўр, аҳволини бил,
Хаста ётган бўлса, бор, зиёрат қил.

Абулуло чиқиб кетади. Шайх Ҳоди ридосини устига ёпиб чўзилади. Шу пайт саҳнанинг шуъласи сўниб, ортидаги иккинчи парда очилади.

Ш а й х С а н ъ о н (оловлар, ёнғинлар ичида намоён бўлар экан, ярим маҳзун, ярим мамнун ҳолда бир фарёд билан)
– Ёндим, Оллоҳ!.. Ушбу кулфатлар надур?
Не бу даҳшат?.. Оҳ, бу лаззатлар надур!?
Оташи ишқ ҳам мукаммал бахт эмиш,
Англадим, бул ўзи ҳам жаннат эмиш.
Гарчи йўқ сенга шикоят, ё Раб!..
Сенда йўқми бир иноят, ё Раб?!.
Оҳ, мени қандоқ балога отдинг,
Сен мени, оҳ, невчун яратдинг?!
Баъзи мавҳум, номаълум қўлларда ханжарлар, қиличлар порлаб, Шайх Санъонга ҳужумлар қилиниши кўриниб туради.

Б и р м а л а к (кўкдан тушиб келган каби)
– Ҳеч ташвиш тортмагин, муҳтарам Санъон,
Тангрим унутмагай сени ҳеч қачон.
Раббим сенга паноҳ!.. Қаноат тилар,
Расулуллоҳ ўзи шафоат тилар.
Малаклар учун сен мўътабар, суюк,
Ғам чекма, Шайх Санъон, буюксан, буюк!

Шайх Санъонни қўлидан тутиб чеккага тортиб кетиши билан ортдаги парда тушади. Саҳна ёришади.

Ш а й х Ҳ о д и (довдираб қолгани ҳолда сапчиб уйғониб)
– Ажабо!? Ло илоҳа иллаллоҳ!
Бу қандай даҳшатли ҳолдир?!
Ш а й х А б у з а р – Ё Оллоҳ!
(У Шайх Абуллаҳё ва Шайх Жаъфарлар билан кириб келади. Қучоқлашиб кўришадилар)
Ш а й х Ҳ о д и – Марҳамат!
Ш а й х А б у з а р – Аҳволлар нечук?
Ш а й х Ҳ о д и – Минг шукур.
Ш а й х А б у з а р – Жиҳодингиз бўлсин мунаввар, пурнур,
Ажр ато айласин, шайх, сизга Холиқ.
Ш а й х Ҳ о д и – Абулуло қайда?..
Ш а й х А б у з а р – Кўрмадим… Йўқ, йўқ.
Ш а й х Ҳ о д и – Заҳронинг соғлиғи яхшими, ахир,
Тузалиб кетдими?
Ш а й х А б у з а р – Аҳволи оғир.
Юрибди жони йўқ жасад каби жим.
Ш а й х Ҳ о д и – Ўзинг мададкорсан, шифо бер, Раббим!
Ш а й х А б у з а р – Емайди-ичмайди. Кўзларида ғам…
Йиғламас… Ҳолига йиғлайди олам.
Аҳволи паришон, кўп пажмурдадир,
Судралиб юрган бир тирик мурдадир.
Ҳамиша Расулнинг қабрига борар,
Оллоҳга илтижо айлаб ёлборар.
Ш а й х Ҳо д и – Бу ғамли қиссани сўйлама… Етар!..
Айт-чи, Шайх Санъондан борми бир хабар?
Ш а й х А б у з а р – Биз сўраб турибмиз уни ҳаммадан…
Йўлчи бор Маккайи мукаррамадан.
Сўзлаган сўзлари рост бўлса агар,
Шайх Санъон эртага шу ерда бўлар.
Ш а й х Ҳ о д и – Минг шукур. Худойим, сенга минг шукур!
Ш а й х А б у з а р – Хўш, ўзинг қандоқсан, ўзингдан гапир.
Чўзилиб кетди-ку бу галги сафар.
Биродар, дунёда не гап, не хабар?
Ш а й х Ҳ о д и – Оҳ, сўрманг асло!.. Бир қиёмат бўлди,
Бу сафар – сафармас, фалокат бўлди.
Ўн киши ичиндан оқибат, илло,
Бир мен омон қолдим, бир – Абулуло.
Ҳ а р у ч а л а с и (қаттиқ бир мотам ва ҳайрат билан ўзига хос қироат ила) – “Инна-лиллаҳи ва инна-илайҳи рожиун…”
Ш а й х А б у л л а ҳ ё (чуқур бир сукутдан сўнг)
– Нақадар даҳшатли фалокат, ё Раб!
Ш а й х Ж а ъ ф а р – Не эмиш, во ажаб, бу ҳолга сабаб?
Ш а й х А б у з а р – Эвоҳ!.. бу хабардан кўнглимиз вайрон…
(Шайх Ҳодига)
– Қани, барин бир-бир айлагин баён!
Ш а й х Ҳ о д и – Каъбадан биз ҳув ўша чиққан куни
Бошладик ваъз бирла таблиғ ишини.
Кездик озми-кўпми Яман диёрин,
Шундан сўнг отландик бизлар Ҳинд сори.
Дуч келган ҳар жойда нутқ этдик ирод,
Халқни тўғри йўлга бошламоқ – мурод.
Аҳли ислом шод бўлиб хушлар эди,
Қайга борсак бизни олқишлар эди.
Бошқа динда қолган инсонлар залил,
Сўргай эрди биздан исботу далил.
Баҳслашиб кўрдилар, мулзам бўлдилар,
Сўнг дини исломни қабул қилдилар.
Ш а й х А б у л л а ҳ ё – Ҳа, ислом юксалиб боради, энмас.
Ш а й х Ж а ъ ф а р – Нури Ҳақ доимо порлагай, сўнмас.
Ш а й х Ҳ о д и – Ўшал диёрларда шундоқ бир муддат
Ҳимматлар кўрсатдик, айладик даъват.
Ногаҳон бошланиб ўлату вабо,
Кўп инсон қирилди топмайин даво.
Чорасиз қайтдик малолатлар билан,
Ҳиндни тарк этдик надоматлар билан.
Баҳри Уммон ичра қўпди бир тўфон,
Остин-устин бўлди гўё бу жаҳон.
Ярмидан ўтганда тун ҳам, ниҳоят,
Бостириб келди-ку қизил-қиёмат.
Бу даҳшат олдида бизлар нимамиз!?
Писта пўчоғидек ўйнар кемамиз.
Долғалар ёприлар бир бало каби,
Пишқириб ўт сочган аждаҳо каби,
Бўронлар қутуриб, гувлаб келганда,
Дош бера олмайин кема, елкан-да
Бир онда бўлиниб, сочилиб кетди,
Фарёд, оҳ-фиғонлар фалакка етди.
Ожиз бечоралар йиғлар, бақирар,
Илтижолар қилар, инграр, чақирар.
Неча халқ Ҳаққа муножот айлашиб,
Бир нажот, имдод тилар дод айлашиб.
Чирпираб бораркан сувда ҳар инсон,
Янада баттарроқ қутурди уммон.
Қалдироқ гумбурлар дам-бадам, такрор,
Силлалар қуриди, қолмади мадор.
Бир ёнда муттасил ялтираб яшин,
Сувларга санчарди қилич оташин.
Бир сарҳад қолмади еру кўк аро,
Ер – бало, кўк – бало, муҳит – бир бало…
Йўлчини ҳар лаҳза бир даҳшат кутар,
Денгиз ўз қурбонин қаърига ютар.
Тақдир бир нажотсиз чоҳга ташлади,
Бизнинг кемамиз ҳам чўка бошлади.
Ш а й х А б у л л а ҳ ё – Кўп ёмон тасодиф, фалокат бўлмиш.
Ш а й х Ж а ъ ф а р – Кутилмаган даҳшат, халокат бўлмиш!..
Ш а й х Ҳ о д и (давом эттириб)
– Йўлчилар чорасиз қолибон, ногоҳ,
Икки – бир, учи – бир бўлдилар ҳамроҳ.
Сувларга отилди ҳамма ғамдийда,
Ҳамма ўз жонининг эди ғамида.
Сувда анча суздик уриб қўл-қанот,
Ҳеч мажол қолмади, йўқ эди нажот.
Сўзлаб бўлмас музтар бу ҳолатимни,
Айтдим калимайи шаҳодатимни.
Умидим гоҳ ёниб, сўниб гоҳида,
Борардим… Бир товуш келди соҳилдан.
Сас келган томонга сузиб кетдим, рост,
Оллоҳ мадад берди, мен бўлдим халос.
Билмадим, бу кеча қандай суринди,
Ниҳоят, тонг отди… Қуёш кўринди.
Афсус, орамизда кўп эди қурбон,
Мен ва Абулуло қолгандик омон…
Ш а й х А б у з а р – Ўлганларга бўлсин Тангри раҳмати,
Мағфират айласин, Расул ҳурмати.
Сизга этсин сабру қаноат эҳсон,
Умрингизни узоқ айласин Субҳон.
А б у л у л о (кириб келиб)
– Шайх Садро муридлар билан шу замон
Келмоқда…
Ш а й х Ҳ о д и – Жуда соз… Бироқ Шайх Санъон?!
А б у л у л о – Уни мен кўрмадим, у йўқдир…
Ш а й х Ҳ о д и (безовта ва ҳайратомуз бир ҳолда)
Ҳайҳот!
Тушда кўрганларим рост бўлса наҳот?!
(деразани очиб осмонга боққанича)
Оҳ, менинг кўзимга тор келди фазо,
Ул шайхнинг бошида бор экан қазо.

Маъюс бир ҳолда хаёлга чўмади. Шайх Садро бошчилигида барча шайх ва муридлар ҳорғин одимлар билан кириб келадилар. Шайх Ҳоди бошини кўтаради. Келганларга оғир ва кескин нигоҳ билан разм солиб чиққандан сўнг Шайх Садрога.
– Сўйла, Шайхингизга не бўлди, Садро?
Сизларга айтдими абадий видо?

Шайх Садро тараддудланган ҳолда ўйланиб қолади.

– Бундоқ ҳайрат билан сурмагин хаёл,
Не бўлди? Ҳаммасин сўйла. Тўкиб сол!..
Ш а й х Са д р о – Шайхни жудо қилди биздан Гуржистон,
Аввалги Санъонмас, у бошқа Санъон…
Ш а й х Ҳ о д и – Ўзи соғми?
Ш а й х С а д р о – Соғдир!
Ш а й х Ҳ о д и (осмонга қараб)
– Минг шукур, ё Раб! (Шайх Садрога)
Нечун айрилдингиз, не бўлди сабаб?

Шайх Садро сукут сақлайди.

Хўш, гапир, яширма!
Ш а й х М а р в о н (Шайх Садрога)
– Қани, айт, айтгин!
Ш а й х Ҳ о д и (Шайх Марвонга)
Қани, йўқса сен айт, сен давом этгин!
Ш а й х М а р в о н – Шайхимиз сотди динни, иймонни,
Шайхимиз отди ҳукми Қуръонни.
Битта қизни дея баридан кечди,
Бўйнига хоч осди, шароб ҳам ичди.
Бир пайт аёллардан қочарди Санъон,
Энди тўнғизбоқар – бечора чўпон.
Ш а й х Ҳ о д и (маъноли бир оҳангда)
– Бу ҳолда кўрганда, шубҳасиз, уни,
Туйгансиз нафратли, жирканч туйғуни!
(истеҳзоли қаҳқаҳалар билан)
Ва ортга қайтгансиз?.. Сиз Шайх Санъонсиз!..
Ҳаммангиз бир қуруқ жасадсиз – жонсиз.
Ажабо, наҳотки шундоқ бир устод
Қилингай таънаю лаънат билан ёд!?
Ш а й х М а р в о н – Уни кофир дея атаган инсон
Наҳотки гуноҳга ботади?
Ш а й х Ҳ о д и (жуда ғазабланган ҳолда)
– Марвон!
Кўрмадим мен худди сен каби нонкўр,
Бир кўзинг кўр эмас, виждонинг ҳам кўр.
Ҳамма сукутга чўмади. (барчага)
– Сизда инсоф йўқдир, ҳамият йўқдир,
Пири беназирга ҳеч ҳурмат йўқдир.
Чунки руҳингизда йўқдир юксаклик,
Қалбингиз тубандир, йўқ зарра поклик…
Тутса ҳам дунёни шуълайи ҳикмат,
Ожизлар бу нурни кўролмас фақат.
Шайх Санъон, ул бир чароғон офтоб
Кофир ўлди, хоч осди, ичди шароб.
Неки қилган бўлса у, илдам шуни –
Қилмоғингиз шарт эди сиз ҳам шуни.
Нега бўлмадингиз сизлар ҳам тарсо,
Гуноҳга ботмоқдан қўрққандирсиз, о!..
Ҳолбуки, бу куфри Шайх Санъоннинг,
У фозил инсоннинг, пири урфоннинг
Сиздаги иймондан юксак, авлодир,
Ҳақ билгай, у сиздан минг бор аълодир.
Б а р ч а – Биз роса ёлвордик, аммо рад этди.
Ш а й х М а р в о н – Бизни нафрат билан тарк этиб кетди.
Ш а й х Ҳ о д и – Чунки сиз – эгридил, хоинсиз, холос,
Зоҳиран – туп-тузук, ботинан – ифлос…
Сизда бўлса эди заррача виждон,
Шайхингизни билиб Каъбайи иймон,
Унга ҳеч таъналар сўйламасдингиз,
Йўлидан озган деб ўйламасдингиз.
(Шайх Садрога)
Йўқса бу гапларим ёлғонми, Садро!?
Ш а й х С а д р о – Тўғри, жуда тўғри. Биз қилдик хато!
(бошқача бир оҳангда)
Шубҳа йўқ, сизнингча, бизлар манфурмиз,
Аммо бунда озми-кўпми маъзурмиз.
Ш а й х Ҳ о д и – Масалан?… фикрингни очиқ сўйлагил!
Ш а й х С а д р о – Шайхни тарк айлагач, биз расо бир йил
Гуржистон халқига келиб юзма-юз,
Динни таблиғ этдик… Афсус, минг афсус!..
Бир куни Санъондан биз олсак хабар,
У чўпон бўлибди, ҳа, тўнғизбоқар.
Икки кун ёлвориб тавалло этдик,
Унга кеча-кундуз илтижо этдик.
Яна у рад этди… Бўлмишдир асир,
Ҳеч қандай илтижо қилмади таъсир.
Ш а й х Ҳ о д и – Жуда соз, Шайх шунга айлабди жазм,
Сиз ҳам қолмоғингиз эди-ку лозим!
Ш а й х С а д р о – Мана, биродарлар барчаси гувоҳ,
Қолайлик, дедим мен, булар-чи, эвоҳ,
Сўзимга қулоқ ҳам солмадилар, рост,
Нуқул билдирдилар қаттиқ эътироз.
Шайх билан қолмоқчи бўлдим мен танҳо,
Санъон истамади буни мутлақо.
Ҳаммамиз юракдан қайғуриб, маъюс,
Унга видо айтдик. Афсус, минг афсус.
Ш а й х Ҳ о д и – Шайх Санъон – шундайин буюк бир уммон,
Унда йўқдир қаъру ибтидо, поён.
Улки идрок учун бир камол истар,
Аҳли завқ истар ул, аҳли ҳол истар.
Оҳ, ҳозир кўрганим бир туш, бир рўё
Қандай оғир лавҳа… Э-воҳ!..
Ш а й х М а р в о н (Шайх Наимга истеҳзоли)
– Ажабо?!
Ш а й х С а д р о (Шайх Ҳодига)
– Бу не туш, айтингиз, шайхи падарим.
Ш а й х Ҳ о д и – Ҳали кўрдимки, ул Шайх – дарбадарим
Ўт олиб ёнмоқда… Кўнгли ғаш эрур,
Ҳар томони ўт эрур, оташ эрур.
Унга кимлардир қилич санчмоқ бўлар,
Ханжарин санчиб қонин ичмоқ бўлар.
(Ҳамма чуқур бир ҳайратда.)
Бир малик шунда қанотин зар қилиб,
Тушди-ку кўкдан табассумлар қилиб.
Шайх-ла учди ўзга дунёлар сори,
Қурби мавло, арши аълолар сори.
Б а р ч а – Шайхимиз раҳнамойи урфон эрур!..
Ш а й х А б у з а р – Шубҳасиз, Ҳақ лутфига шоён эрур.
Б и р и н ч и Ш а й х – Э-воҳ, шундоқ Шайхни нега тарк этдик?
И к к и н ч и Ш а й х – Хатолар қилдик биз, кўп тубан кетдик!
Ш а й х Ҳ о д и – Чунки сиз кўрдирсиз… у – манбаи нур…
А б у л у л о – Тавба этсак, бул гуноҳ авф этилур.
Б и р и н ч и Ш а й х – Шайхни қайта излабон кетмоқ керак.
И к к и н ч и Ш а й х – Шубҳасиз, даргоҳига етмоқ керак.
Ш а й х С а д р о (бошини сарак-сарак қилиб, истеҳзоли ва маъноли бир оҳангда) – Сохта туюлмасин сизга, ажабо,
Жиндай хира тортса ҳаво мабодо,
Севиниб кетади кўршапалаклар,
Алданиб рақс этар жони ҳалаклар.
Ўйлашар: шуълалар олиб кетди бош,
Гўёки чиқмагай энди ҳеч қуёш…
Бир оз муддат ўтгач, порлабон такрор,
Оламни тўлдирса бир ажиб анвор,
Қочгани жой топмай қоладилар лол,
Нақадар ботилдир бу ўй, бу хаёл!..
Ш а й х Ҳ о д и – Бу бир даҳшат эрур, бу бир қабоҳат,
Бўлгани бўлди… ҳеч чора йўқ, фақат,
Тангрим, ўзинг энди бизга йўл кўрсат…
Энди ғаниматдир ҳар он, ҳар фурсат.
Ҳозир Расулуллоҳ қабрига бориб,
Зиёратлар қилиб, Ҳаққа ёлбориб
Ўлтирайлик биз қаноатлар тилаб,
Раҳму шафқат ҳам шафоатлар тилаб.
Йўл олайлик сўнгра Шайх Санъон сари,
Йўл олайлик раҳбари урфон сари.
Б а р ч а – Қани кетдик, Шайхимизга интизор,
Қани кетдик, Шайхимизга жон нисор.

Шайх Ҳоди билан Шайх Садро чиқишади. Барча Шайх ва муридлар уларга эргашади.

Ш а й х М а р в о н (чиқиб кетар экан, Шайх Наимга)
Барчаси ёлғон хаёлга алданур,
Куфри зулматни нури Ҳақ деб танур!..
(энг кейин Абулуло чиқар экан, маъноли оҳангда ҳар иккисига)
А б у л у л о – Бир ҳақиқат борки, ҳеч эскирмагай,
Кўрлар асло нури Ҳақни кўрмагай…

Парда

ТЎРТИНЧИ ПАРДА

Биринчи саҳна

Иккинчи парданинг саҳнасидаги каби йўл чеккасидаги кичик бир айвон. Қаршисида гулзор боғча, май ойлари. Якшанба куни. Парда очилади; тўрт-беш гуржи йигити сархуш ҳолда йўлдан ўтиб бормоқда. Улардан бири илгарида чолғу чалиб боради, бири эса гандираклаб, кулги қистатадиган ҳолда ўйнайди, бошқалари чапак чалиб уни олқишлаб борадилар. Нина айвонга чиқиб уларни томоша қилиб туради. Йигитлар соз чалиб-ўйнаганларича узоқлашиб кетадилар. Шу пайт Хумор ҳам чиқиб келади.
Н и н а (Хуморга) – Биз гўё хонага қамалган маҳбус,
Мундоқ сайилга ҳам чиқмаймиз, афсус…
Бугун ҳар кўнгилда бир дунё ҳавас,
Одамлар сайр этар, ўйнаб-кулар, бас,
Қара, табассумлар қилмоқда жаҳон,
Сен фақат бу файздан бегона, пинҳон…
Х у м о р – Мени сен маломат қилмагин, гулим!
На илож, ёришмас бу хаста кўнглим.
Дунё яшнар, гуллари хандон қилур,
Бул маним дардимни минг чандон қилур.

Шу пайт аввал қизил либос кийинган қизлар ва болалар, сўнгра йигитлар нашъали, мунис бир оҳангда қўшиқ айта-айта кириб келадилар.

Қ и з л а р
в а б о л а л а р – Очди бинафша, сунбул,
Хандон этар қизил гул;
Сайраб мисоли булбул –
Ўйнатади хаёлни…
Й и г и т л а р – Қуёш сочар тиллолар,
Минг жилваю жилолар.
Лол этади саросар
Манзари аҳли ҳолни…
Қ и з л а р
в а б о л а л а р – Дунё сурурга тўлмиш,
Бамисли жаннат ўлмиш,
Руҳлар мусаффо бўлмиш,
Ҳар дил очиқ, сафоли…
Й и г и т л а р – Ҳар кўзда бир муҳаббат,
Ҳар юзда бир саодат;
Завқ аҳли айлар ишрат
Сармасту лоуболи…

Шу пайт калисода жуда тез суръатлар билан чалинаётган жом садоси эштила бошлайди.

Х у м о р – Нина, тингла бу жозиб жом сасини,
Тингла ғамгин бу ҳаёт ноласини.
Аҳли эл бир ёнда қўшиқ айтади,
Ўз-ўзин ўйнаб-кулиб шод этади.
Бир томонда бир бечора дард билан,
Завқли дунёга боқар ҳасрат билан.
Боргали хеш-ақрабо, диёри йўқ,
Ғам-аламдан ўзга дўсту ёри йўқ…
Н и н а – Парво қилма, ҳар кўнгилдан дод чиқар,
Битта фарддан неча бир фарёд чиқар.
Х у м о р – Руҳимни эзмоқда бу куй, бу оҳанг!
Аммо нима илож?!
Н и н а (йўлга қараб) – Бас, келди отанг!
Х у м ор (поп билан отасини кўргач, нафрат билан)
Бу – ўша руҳоний, оҳ, хиёнаткор,
Афтидан, яна бир хиёнати бор.

Ҳар иккаласи етиб келади, тағин жом садоси эштилади.

П о п – Эшитмоқдамисан, тингла, Платон?
П л а т о н – Биров ўлдимикан?
П оп – Ҳа, шўрлик Симон.
П л а т о н – Вой эссиз… Хўш, унга не бўлди, айтгил?
П о п – Хуморни севарди… Роса икки йил
Йиғлади, бўзлади… ўртанди оғир,
Ўзин сувга отиб ғарқ бўлди охир.
П л а т о н – Эҳ аттанг!.. Зўр йигит эди-я Симон.
П о п – Ҳали Антонни айт. Бечора Антон!..
Кўзида ҳаётдан асар йўқ асло,
У ҳам Хумор учун бўлади фидо.
П л а т о н – Илож йўқ… Санъонга мен бердим ваъда,
Ваъдани бузмаслар икки дунёда.
П о п – У – муслим. Қайтиб ол ахир сўзингни,
Ўрлик этиб бадбахт қилма қизингни.
П л а т о н (парвосиз қаҳқаҳа уриб)
– Қўявер!.. Хумордан чекма сен ташвиш,
Унга фарқи йўқдир – ёзми ёки қиш.
Ажиб бир бепарво қиз эрурким ул,
Мангулик боғида бир ғурурким ул,
Шодлик ва қайғуни тенг кўрар сўлим,
Унга барибирдир ҳаёт ва ўлим.
П о п – Билмадим, бу қандай ёлғон, бу не лоф,
Платон, сенда ўзи борми ҳеч инсоф?
П л а т о н (Попнинг қўлидан тутиб)
– Мақсадинг англадим… Басдир бу масал,
Кўрамиз – не ёзган бу ҳукми азал.

Ҳар иккиси ичкари киради. Шу пайт Шайх Санъон бардам ва нуроний бир қиёфада, фақат соч-соқоли бутунлай оқарган, қўлига бир чўпон таёғини тутган ҳолда боғ томонда пайдо бўлиб, оғир ва хаёлчан одимлар билан айвон томон юради. Шу пайт Хумор ҳам айвонга чиқади. Шайх Санъон Хуморнинг қаршисида тўхтаб, ўйчан ва сўз айтмоқчи бўлган бир қиёфада тикилиб туради.

Х у м о р – Бирон-бир истагинг борми, айт, Санъон?
Қалбингда не бўлса, айлагин баён…
Ш а й х С а н ъ о н – Сўйла, эй ошинойи виждоним!
Сўйла, сен сўйла, нозли султоним.
Сўйла, сен сўйла, менда тоқат йўқ,
Арзи ҳолга, эҳтимол, ҳожат йўқ.
Яхши маълумдир сенга аҳволим,
Сенсан ахир парийи омолим…
Х у м о р (назокат билан) – Фикринг туманлидир, жудаям мубҳам,
Англамадим нима деганингни ҳам…
Бир оз сукут.

С е р г о (келиб, Шайх Санъонга) – Келибон бир тўда ридоли одам,
Шайхим, сўрашмоқда сени дамодам.
Эски дўстлар бари, танишдир бети,
Ҳадемай бу ерга келишар етиб.
Ш а й х С а н ъ о н (ғазабли ва безинган бир қиёфада)
– Улар паст кимсалар, асло шарҳи йўқ,
Санъон боққан тўнғизлардан фарқи йўқ.
Кўргали кўзим йўқ уларни зинҳор,
Даф бўлсин, барчасин қайтариб юбор!
Серго дарҳол узоқлашиб кетади.
(таъзимкор бир вазиятда)
– Англагил ҳолимни, нозанин Хумор,
Ўзингга маълумдир ҳамма сир-асрор.
Кетди-ку йўлингда диним, иймоним,
Бекор бўлди улуғ шуҳратим, шоним.
Унутиб жумла ҳукми Қуръонни,
Оқибат бўлдим-ку тўнғиз чўпони.
(бошини очиб)
Сочим, соқолимга ёғиб ўтди қор,
Икки йил бир бора кулмадим зинҳор.
Мен яшадим ўзга бир рўёлар билан,
Ўзга дунё, тотли хулёлар билан.
Доимо ҳасрату дардларда ёниб,
Яшадим битта хаёлга алданиб.
Сўйлагин, амринг недур, айлай бажо,
Ё бекорми шунча мен чеккан жафо?
Х у м о р (самимий ва таъсирланган ҳолда)
– Муҳтарам шайх!.. Эй буюк Санъон!..
(сўзини ортиқ давом эттира олмайди)
Ш а й х С а н ъ о н – Сўйлагин, эй руҳим! Сўйлагин, омон!
Сўйлайвер тортинмай, чекинмай, Хумор,
Сен неки амр этсанг, мана мен тайёр.
Ҳар хитобинг менга бир эҳсон каби,
Ҳар итобинг жисмим ичра жон каби.
Сўйла, шод эт бу руҳи нолонимни,
Кул, севинтир бу қалби гирёнимни.
Менга қилсанг қанчалар ранжу ғазаб,
Қайта-қайта соғинар кўнглим, ажаб.
Йўлингда жон бермоқ ҳидоятимдир,
Балки шу энг буюк саодатимдир…

Шу пайт Поп, Платон ва Нина айвонга чиқиб келадилар.

П л а т о н (Хуморга) – Санъон тағин нима истар, ажабо?
Ш а й х С а н ъ о н – Мен вафо истайман, бирдан-бир вафо.
П о п – Муддаонг нимадир? Қани, изҳор эт!
Ш а й х С а н ъ о н – Сўзимнинг дахли йўқ сенга, нари кет!
П о п (Платонга) – Бу кимса соғ эмас, ҳар қалай, мажнун.
Ш а й х С а н ъ о н (заҳархандалик билан)
– Мажнуннинг дардини англагай мажнун.
П л а т о н – Хумордан сўрайлик…
П о п – Йўқ, бўлмас, ишон,
Ундан сўрамоққа асло йўқ имкон.
Бу ғаним қайтди-ку берган сўзидан,
Тағин юриб кетди эски изидан.
П л а т о н – Нелар демоқдасан, тушунтир, жоним!?
П о п – Амин бўлаверинг, менга ишонинг.
Бу бир бетайиндир, йўқ эътимоди,
Худоси йўқ унинг, йўқ эътиқоди.
Тағин Қуръон ўқир, қилади намоз,
Исломга эътиқод қўймишдир у боз.
Ш а й х С а н ъ о н (Платонга)
– Йўқ, ёлғон! Бўҳтон бу! Сиз ундан қочинг!
П о п (ҳужум қилиб, Шайхнинг кўксини очаркан)
Хўш, қани кўрсат-чи, қаерда хочинг?
(хочни топмагач, ғоят ғазабланган ҳолда)
Қани, жавоб бергин, эй бебурд хоин!
Сенда борми тайин бирор мазҳаб, дин!?
Ш а й х С а н ъ о н (заҳархандалик билан)
– Ориф бўл, ориф бўл!.. Ютма виждонни,
Кўнгилдан излагин динни, иймонни.
(Попнинг кўксидаги каттакон хочга ишорат билан)
Зоҳиринг кўп гўзал, яшнаб турибди,
Ичингда шайтонлар ўйнаб юрибди.
П о п (саросимага ва ғазаб билан)
– Бас!.. Инсон суратли эй иблис. Басдир!
Ш а й х С а н ъ о н – Мен-ку бас қилурман, аммо бу – ростдир.
П о п – Бўлди, кет! Даф бўлгин, кет шитоб энди!
Ўзингга бошқа бир паноҳ топ энди!
Х у м о р – О-ҳ!
П л а т о н (Попга) – Йўқ! У шўрликни ҳайдама йироқ!
П о п (Шайх Санъонга) – Кет, йўқол кўзимдан!.. Дарбадар олчоқ!
Ш а й х С а н ъ о н – Мен олчоқ? Дарбадар?!
П о п – Даф бўлгин, фосиқ,
Сен шундай жазога лойиқсан, лойиқ…

Дарҳол Хумор билан Платонни ушлаб, ичкарига тортиб киради. Фақат Нина ташқарида қолганича саросимали бир ҳолда довдираб туради.
Ш а й х С а н ъ о н (Хумор кетганини кўргач, ожиз ва мажнунона)
– Кетма, кел! Эй нозанин Хуморим, кел!
Қолмади ҳеч сабру ихтиёрим, кел!
Мен ўлурман сенсиз, эй, қутқаз мени,
Келгин, эй жоним, ҳаётим мазмуни!..
Ҳаммаси бўлди бекор… Кел, қани кел,
Йўқса энг сўнгги видо айтгани кел.
Шуни лойиқ кўрдими азал, малагим!
(ортга чекиниб, йўл устида қаттиқ
таъсирланган ҳолда тикилганича)
– Алвидо!.. Алвидо!.. Гўзал малагим!..
(тараддудланган ва мажнунона қадамлар билан ўнг томондан чиқиб кетади)
Х у м о р (чиқиб, Нинага) – Қани Санъон, қайдадир?
Н и н а – Кетди йироқ!
Кетди мажнун ишқини айлаб чироқ.
Х у м о р – Шу буюк кўнгилни синдирдиларми,
Таҳқирлаб, ул шамни сўндирдиларми?
(йўлга тикилиб, Шайх кетган томонга қараганича)
Эй буюк Шайх! Эй буюк Санъон,
Бир лаҳза кутиб тур, кетма, алъомон!..

Дарҳол айвондан тушиб, шайхнинг ортидан кетади. Нина ҳам Хуморга эргашади. Шу пайт Ўздамир ва Ўғуз бошчилигида Шайх Ҳоди, барча шайхлар ва муридлар биргаликда йўлнинг сўл томонидан чиқиб келадилар.
Б а р ч а (ҳаяжонли бир оҳангда)
– Қайдадир, қайдадир раҳбари виждон?
Айтингиз, қаерда қиблайи иймон?
Шайхимиз қаерда, қайдадир Санъон?
Айтингиз, қаерда Каъбаи урфон?..
П о п (Платон билан бирга айвонга чиқар экан)
– Кимни излаяпсиз? Нима гап, ахир!?
Б а р ч а – Яхшиси, бизга айт, Санъон қайдадир?
П о п – Бу ерда қолмоқнинг топмай чорасин,
Даф бўлиб кетди у, ўчди қораси!
Б а р ч а (ҳаяжонли ва довдираб қолган бир ҳолда попга)
– Сенга лойиқ эмас бундоқ бир таъбир,
Ҳаддинг йўқ этгали сен Шайхни таҳқир.
Бундоқ алжирашлар жоизми шу он,
Ўйлаб кўр, эй разил, эй тубан инсон.

Қизлар, болалар ва йигитлар биргаликда қоришиқ овозларда мусиқасиз кириб келадилар. Ҳамма уларга илтифот кўрсатиб туради.

– Очди бинафша, сунбул,
Хандон ўлур қизил гул;
Сайраб мисоли булбул –
Ўйнатади хаёлни…

Шу пайт Нина жуда безовта бир ҳолда ўнг томондан отилиб кириб, ҳамманинг эътиборини тортади.
Н и н а – Кетди, эвоҳ, кетди!.. Кетди-ку Хумор!
Санъонга эргашиб кетди ўт-шарор.
П л а т о н (қаттиқ ғазабланганича попга)
– Кўрдингми, эй жоҳил, бешарм банда!
Оламга қилдинг-ку мени шарманда…
П о п (йўлдан ўтаётган гуржиларга)
– Нинанинг сўзларин англанг, халойиқ,
Бу катта исноддир бизга нолойиқ!

Г у р ж и л а р – Фурсати ўтмасин, дарров кетайлик!
(дарҳол югуриб кетадилар)
Ш а й х Ҳ о д и (ёнидагиларга) – Кетайлик, бизлар ҳам Шайхга етайлик.
Б а р ч а – Қани кетдик, Шайхимизга интизор,
Қани кетдик, Шайхимизга жон нисор!..

Улар ҳам ҳаяжонли ва жадал одимлар билан гуржиларга эргашадилар. Охирги байт тугаб борар экан, парда бекилади.

Парда

Иккинчи саҳна

Оқшом пайти, бир томонда Кур дарёси, унинг ёқасида, берироқда яланғоч бир қоя… Чеккада, қоянинг ортида бир ўрмонча… қоянинг ортидан, кўринмас томонидан қояга чиқадиган йўл бўлса-да, саҳна томони фақат ўпқондан иборатдир.
Парда очилганда узоқлардан чўпон найининг саҳройи ва маҳзун оҳанги руҳларни ўртаб туради.
Шайх Санъон, қўлида таёқ, боши очиқ, сочлари патила-патила, қайғули ва ҳорғин бир қиёфада қоя тепасида пайдо бўлади. Оғир-оғир нафас олиб, бир неча қадам чекиниб, ортга боқади. Бир-икки марта чуқур оҳ чекиб, енги билан пешонасининг терини артади. Шу пайт кекса, нуроний Дарвиш дарахтзордан чиқиб келади. Шайх Санъонни бу ҳолда кўриб, истеҳзоли қараб туради ва бепарво, оғир қаҳқаҳалар уриб кулади. Шайх эса чўчинқираган, ҳуркак бир қиёфада Дарвишга ўгирилиб қарай бошлайди.
Д а р в и ш – Бу не қиёфат! Бу не ҳолдир, во дариғ!?
Соч-соқол оппоқ! Рангу рўйлар сариғ!
Сўйла, эй Шайх, бошинга тушмиш налар?
Қани у аввалги шайхлар, хожалар?
Айтгил, эй Шайх – дарбадар, сўйла, не ҳол?
Қани ул аввалги ҳашмат, зулжалол?!
Ш а й х С а н ъ о н (ён томонга боқиб, қўли билан Дарвишга кўрсатиб)
– Фақат шайхлар эмас ушбу кун якто –
Мени изламоқда поплар ҳам ҳатто.
Менга таъзимдадир бутун бу олам,
Энди ўзгачадир улуғлигим ҳам.
Фақат бир исломга эмасман раҳбар,
Менга эргашмоқда насронийлар-да.
Д а р в и ш (Шайх кўрсатган томонга боқиб, ҳайрат билан)
– Бу келишда бир фалокат ҳиди бор,
Яхшироқ боққил, жиноят ҳиди бор!
Оломон қон учун жўшиб келмоқда,
Интиқом олгали шошиб келмоқда.
Ш а й х С а н ъ о н (диққат билан тикилиб)
– Оҳ!.. Улар ҳаммаси бевафо, ғаддор,
Ҳаммадан олдинда келмоқда Хумор!
Д а р в и ш – Сабабсиз эмасдир бу ғазаб, бу кин?
Ш а й х С а н ъ о н – Ихтилоф боиси – мазҳаб ила дин…
Д а р в и ш (қаҳқаҳа уриб) – Ана, кўрдингми, дин налар туғдирар,
Не балолар, не фитналар туғдирар.
Бир бўлсайди дин ер юзинда агар,
Бахтиёр бўларди бу бани башар.
Ш а й х С а н ъ о н (олис уфқларга боқаркан, даҳшатли ва азобли бир оҳангда) – Аё, шайх, ҳолимни, кел, тамошо қил,
Ўз раъйим ўтида ёндим мен ғофил.
Сенинг ўгитингга боқмадим асло,
Аёлдан келади келса ҳар бало!
Д а р в и ш (жилмайганича) – Хаёлий бу хитоб, ажаб, кимгадир?
Ш а й х С а н ъ о н – Оҳ, тирик бўлсайди ҳозир Шайх Кабир,
Кўрарди ажойиб башоратини,
Ўзин мўъжизавий кароматини.
Д а р в и ш – Боқма, Шайхим, бу ҳоли пурғамингга,
Киражаксан ҳақиқат оламига.
Фазли ҳақ зуҳр этади камолингда,
Порлагай Ҳақ нурлари жамолингда,
Сенда бир аҳли ҳол аломати бор,
Сенда энди Худо қиёфати бор.
Ш а й х С а н ъ о н (безинган бир қиёфада)
– Бас, етар, кет энди сен ҳам. Кет шитоб!..
Кет ёнимдан, ўзга бир дардсизни топ!
Бас, етар, жонимга тегди мавҳумот,
Менлигим туганди, туганди ҳаёт!
Мени сен айладинг бу дардга дучор,
Кет энди, даф бўлгин!..
(Хуморнинг келганини кўриб)
Оҳ, Хумор, Хумор!
Не учун келдинг сен менга изма-из,
Мени ўлдирмоқми ё ниятингиз?
Х у м о р (яқинлашиб) – Ё Шайх! Ҳаяллама, тез бўл, илтимос,
Қочайлик, улардан бўлайлик халос.
Ш а й х С а н ъ о н (довдираб қолиб)
– Оҳ, мендан тағин не истайдирсан? Кет!..
Х у м о р (янада бир оз яқинлашиб)
– Шайхим, ўжарликни энди сен тарк эт.
Д а р в и ш – Шайхим, ортиқчадир таънаю таҳқир,
Ўз ишидан пушмон бўлганни кечир.
Х у м о р – Мени авф эт, гуноҳим кўпдир, омон!
Сендадир кўнглим, фақат сенда… Ишон!
Мен учун ҳам кўп муқаддасдир сенинг
Ҳар амалинг, ҳар тариқатинг, дининг.
Ш а й х С а н ъ о н (Хуморнинг сочларини силаб)
– Демакким, сен мени излаб келгансан,
Демакким, бевафо эмас экансан.
Д а р в и ш (бошини сарак-сарак қилиб, ярим қаҳқаҳа билан)
– Баъзи малакларнинг ҳоли, Шайх Санъон,
Бир-икки сўзида бўлмас намоён.
Уни таъқиб этсанг, сендан қочади,
Юз бурсанг, олдингга тушиб учади.

Яна маъноли тарзда бошини сарак-сарак қилганича бепарво одимлар ташлаб ғойиб бўлади. Шайх хаёл, Хумор эса ҳайрат оғушида қолади. Шу пайт ён томондан Ўздамир билан Ўғуз, барча шайх ва муридлар шошиб келишади. Қоя тепасида турган Шайх Санъонни кўриб.

Б а р ч а – Ана шайх! Қояда турибди қойим!
Ўзингга минг қатла шукур, Худойим!..
Ш а й х С а н ъ о н (ҳайратомуз ва истеҳзоли бир табассум билан)
– Дарбадарлар, шўрлик кўрлар, ғофиллар!
Кетинг, йўлдан озган нокас, жоҳиллар!
Ш а й х Ҳ о д и (Шайх Санъоннинг оқариб кетган соч-соқолига разм солиб) – Ўзгариб кетибди у сиймойи пок.
Ш а й х С а д р о (Санъонга) – Шайхим, пастга тушгин, у жой хатарнок.
Ш а й х С а н ъ о н – Юксалган ўлса ҳам пастга энмагай,
Ҳақ нури доимо ёнгай, сўнмагай!
Ш а й х Ҳ о д и – Бу совуқ лоқайдлик боиси надир?
Шайх, наҳот унутдинг бизларни, ахир?
Пастга туш, қўлингни кўзга сурайлик,
Барча можарони сўйлаб берайлик.
Ш а й х С а н ъ о н – Йўқ, тубан тушмайман, истаган келсин,
Кимки мени севса, чиқсин, юксалсин.
А б у л у л о – Шайхим, афу этгил, таъна қилмасмиз,
Бегона элдир бу, йўлни билмасмиз.
Ш а й х С а н ъ о н – Ким йўлни билмаса, ҳолига войдир,
Менга энг маъқули – мана шу жойдир.
Ў ғ у з (Шайх Ҳодига) – Бошқа бир йўл ҳам бор, юринг, кетайлик.
Б а р ч а (Ўғузга эргашиб) – Кетайлик, кетайлик, Шайхга етайлик.
Шошилиб кетадилар.

Х у м о р (атрофга боқар экан, безовталик билан)
– Қочайлик, бизни таъқиб этмоқдалар,
Бизникилар келибон етмоқдалар.
Ш а й х С а н ъ о н – Боқ, Хумор! Ҳар томон ўпқондир, ўпқон…
Х у м о р – Истасанг, сен билан бўлурман қурбон.

Поп ва Платон бошчилигида гуржилар қояда пайдо бўла бошлайдилар. Хумор “оҳ!” деганича Шайх Санъоннинг оғушига киради, гуржилардан бир-иккитаси ҳужум қилмоқчи бўлади.
П о п (гуржиларга) – Бир оз сабр қилинг…
(Хуморга)
– Хумор, эй Хумор!
Сенга лойиқмиди ушбу иш зинҳор?
Нима қилиб қўйдинг, тушун, бегойим?
Юзин ўгирдими сендан Худойим?
(Шайх Санъонга ишора қилиб)
Оҳ! У инсон шаклида шайтон эрур,
Айрил ундан, у хоин инсон эрур!
Х у м о р – Сен бу гапни айтмаким, гуноҳ бўлур,
Жон жасаддан, айт-чи, қандоқ айрилур.
П л а т о н – Хумор, сен ғазабга учрайсан тамом,
Ва мени оламга қилурсан бадном.
Ш а й х С а н ъ о н (Хуморга раҳми келиб)
– Бор, отангдир ул, Хумор, итоат қил,
Ҳар не амр этса эшит, ижобат қил!
Х у м о р – Шайхим, энди мени қийнама зинҳор,
Сенсиз – ҳаёт бекор, яшамоқ – бекор!
П о п (ботиб бораётган қуёшни Хуморга кўрсатиб)
– Қарагин, не учун алвондир қуёш,
Номусдан қизармиш кўтаролмай бош.
У ҳам хафа бўлмиш залолатингдан,
У ҳам ранжимишдир бу ҳолатингдан.
Х у м о р (аччиқ табассумлар билан)
– Э-воҳ, мен ҳам ҳозир ботиб борурман,
Бошқа бир оламга етиб борурман.
Ш а й х С а н ъ о н (Хуморни оғушига олиб)
– Йўқ, пастга энмаймиз, пастда нима бор?
Арши аълоларга учамиз, Хумор!
Ҳақ сари учгаймиз юксалиб расо,
Худди шундай учган ҳазрати Исо.
П о п (ғазаб билан, гуржиларга) – Не учун турибсиз кўзни қилиб лўқ,
Ортиқча кутмоқдан энди фойда йўқ.

Гуржилардан бир қисми ҳужум қилмоқчи бўлади, шу пайт Шайх Ҳоди ёнидагилар билан жадал етиб келади.

Ў з д а м и р (хужумга ҳозирланган гуржиларга)
– Шошманглар!..
Ў ғ у з – Тўхтангиз!
Ш а й х Ҳ о д и – Нима гап?
П о п – Санъон
Қизни бермаётир…
Ш а й х Ҳ о д и (ҳайрат билан) – Бу қандоқ виждон!..
Шайх Санъон Хуморнинг толиби эрур,
Қиз шайхнинг душмани, рақиби эрур.
(Шайх Санъонга яқинлашиб)
Шайх!..
Ш а й х С а н ъ о н – Яқин келмагин!.. Тур унда қойим!
(бармоғи билан хаёлий бир доира чизиб)
– Байтулҳарам эрур мана шу жойим.
Бегона кириши ман этилган, ман,
Сен ҳам сир-асрорга бегонадирсан!
Ш а й х М а р в о н (бир қадам илгари юриб) – Шайх!
Ш а й х С а н ъ о н – Даф бўл, нари кет… Жоҳил, бенаво!
П о п – Бу қандай даҳшатли ҳолдир, ё Худо?!
Ш а й х С а н ъ о н (Хуморга) – Сўйла, амринг недур?
Х у м о р – Бўлсайдим халос!
Ш а й х С а н ъ о н (ортдаги дарёни кўрсатиб)
– Бир нажот йўли шу – ўпқондир, холос.
П л а т о н (саросимага ва ҳаяжон билан)
– Худойим!… Қўйманглар…
Х у м о р (Шайх Санъонга)– Бўлди, қочамиз…
Ш а й х С а н ъ о н (дарё томон боқиб)
– Учамиз, юр, Ҳаққа пешвоз учамиз!
П л а т о н – Оҳ, Хумор!
Х у м о р – Алвидо!..
Ш а й х С а н ъ о н – Ё Оллоҳ!

Ҳар иккаласи қўл ушлашиб дарёга отиладилар.

Г у р ж и л а р – Кетдилар…
Ш а й х в а м у р и д л а р – Учдилар…
П л а т о н – Худойим, э-воҳ!…
(дея беихтиёр дарёга отилмоқчи бўлади, Ўғуз монелик қилади)
П о п (ғазаб билан) – Платон!
П л а т о н – Оҳ!.. Кетди…
П о п (совуққонлик билан) – Қўявер, бўтам!
П л а т о н (девонавор бир ҳолда) – Барига сен сабаб… Разил, муттаҳам!
(ханжар билан попга ҳужум қилади, гуржилар уни тутиб қолишади)
Ш а й х Ҳ о д и (дарё томонга қараб)
– Борайлик, топилгай балки бир нажот!
Ш а й х л а р
в а м у р и д л а р – Юринглар…
Г у р ж и л а р – Бизлар ҳам борайлик!..
П л а т о н – Ҳайҳот!..

Парда

ИЛОВА

Ойдин бир май кечаси. Курдан бир оз чеккадаги ям-яшил гулларга кўмилган тоғ камари.
Шайх Санъон Хуморни қўлларида кўтариб олган бир ҳолда оғир нафаслар олиб, ҳорғин қадамлар билан тоғ тепасига чиқмоқчи бўлади, бироқ юришга мажоли йўқлигидан Хуморнинг жонсиз, ҳаракатсиз жасадини ерга қўяди ва бошини тиззасига олиб, тўзғиган сочларини силай бошлайди.

Ш а й х С а н ъ о н – Руҳим!.. Эй ғунчайи баҳорим, Хумор!
Нозанин дилбарим, Хуморим, Хумор!
Сен нечун бунчалар жим бўлиб қолдинг?
Не мушкул бир ерда уйқуга толдинг?
(чуқур бир ҳайрат ва жозиба билан)
Бунча жозиб, бунча нозик, инжа нур,
Ё Худо! Бунча ширин ухлаб ётур!
(қўлларини ўпиб)
Хумор, бу сукутни илоҳий билиб,
Малаклар келгайдир таъзимлар қилиб.
Ҳусни ишқ худоси, Халлоқи олам
Сени муқаддас деб билгай, маликам.
(сочларини силаб)
Ухла, эй сен муқаддас гулниҳолим!
Ухла, эй нозанда иффат мисолим!
Ухла, эй сен ёри жоним, ухлагин,
Ухла, эй сен меҳрибоним, ухлагин!..
Ш а й х Ҳ о д и (жадал кириб келар экан)
– Кетайлик, тур энди, кетайлик, Шайхим.
Ш а й х С а н ъ о н (мажнунона)
– Нелар демоқдасан?.. Сен ким ўзи, ким?..
Ш а й х Ҳ о д и – Сени ўлдиргали келур жоҳиллар,
Кетайлик, ўзга бир чора йўқ магар.
Ш а й х С а н ъ о н – Телбамисан? Қайга кетамиз, жоним,
Бунда ухлаб ётса жону жаҳоним!

Шайх Ҳоди янада яқин келиб, Хуморнинг набзини ушлаб кўрмоқчи бўлади. Шайх Санъон унга бир қаттиқ шапалоқ тортар экан, ғазаб билан.
– Сен унга қўлингни теккизма зинҳор,
Хоинсан, сотқинсан, олчоқ, нобакор!
Ш а й х Ҳ о д и – Шайхим, ўжарлигинг беҳуда, бекор,
Олис-олисларга кетмишдир Хумор.
Сенга бегонадир энди бу гўзал,
Сизларни ажратди бешафқат ажал.
Ш а й х С а н ъ о н (девонавор) – Нелар демоқдасан? Ўлгайми малак?
Ш а й х Ҳ о д и – Шайхим, оғир бўлгин…
Ш а й х С а н ъ о н (жуда ғазабли) – Хўш, бу не демак!?
Мақсадинг нимадир, сўйла, эй инсон!

Шу пайт Шайх Марвон келиб яқинлашмоқчи бўлади.

Ш а й х Ҳ о д и (Шайх Марвонга) – Шошма!..
Ш а й х С а н ъ о н – Яқинлашма, эй сен, кўр шайтон!
(ҳар иккисига)
Бизни ўлдирмоқми сизларнинг матлаб?
Кетингиз… Кетингиз… Даф бўлинглар, даф!

Ҳар иккаласи бир чеккага чиқиб туради. Шайх Марвон хафа ва ғазабланган, Шайх Ҳоди афсусланган ва марҳаматли нигоҳлар билан Шайх Санъоннинг аҳволини томоша қилиб турадилар.

– Уйғон энди, Хумор, уйғон, кетамиз,
Биз бу ифлос дунёсин тарк этамиз.
Ҳар томондан бостириб ағёр келур,
Уйғон энди, эй Хумор, тур энди, тур!

(Хуморнинг қўлларини олиб ўпади, лекин бу қўлларни қўйиб юборганида уларда ҳаётдан асар йўқлигини пайқаб аҳволи ўзгаради, такрор юз-кўзини, сочларини ўпиб, силар экан, ўзини йўқотиб, саросимага тушган бир ҳолда.)
– Бизга-ку душман эрур жумла олам,
Шафқат айла, эй Хумор, қилма ситам.
(Бир оз мажнунона ва телбавор боқиб туради, сўнг шиддатли, бироқ қўрқинчли бир қаҳқаҳа билан)
Очилиб келганда, оҳ, бахтим менинг,
Қайдадир, эй бевафо, аҳдинг сенинг?
Мени ташлаб кетма, моҳимдир ўзинг,
Дунёда ёлғиз паноҳимдир ўзинг.
(яна заҳархандалик билан)
Оҳ, бу сукутингда қандоқ маъно бор,
Мендан ранжидингми, азизим Хумор?!
Гуноҳдир, кўзларни ёшлаб кетмаслар,
Йўлда йўлдошларни ташлаб кетмаслар.
(ўзгарган бир оҳангда)
Йўқ-йўқ, қочолмассан, йиғлаб-бўзларман,
Мен сени дарбадар бўлиб изларман.
(бир оз мажнунона боқишлар билан Хуморга қараб туради, сўнгра довдираб қолиб, қайғули бир оҳангда)
Тургил, уйғон, дилбарим, тургил, уйғон, кетамиз,
Шафқат айла, эй Хуморим, тур энди, жонон, кетамиз!
(Хуморни турғазмоқчи бўлади, бироқ руҳсиз ва жонсиз бир жасад эканлигини англагач, маъюс ва телбавор бир ҳолда осмонларга қараб)
Марҳаматинг йўқми? Айтгил, Субҳоним,
Адолатинг қани!?
(Хуморга)
Хуморим, жоним!..
(Изтиробли ва чуқур оҳлар чекиб гоҳ кўкка, гоҳ Хуморга боқади. Сўнг мажнунона бир қиёфада, изтироб ичида ҳам кулмоқчи, ҳам йиғламоқчи бўлади, лекин ҳеч бири қўлидан келмайди. Кўзлари ўт сочган ҳолда Шайх Ҳоди ва Шайх Марвонга ҳужум қилмоқчи бўлади. Қўққисдан қайрилиб Хуморга боқади, илоҳий бир сархушлик билан ярим овозда “оҳ!” дея йиқилиб тушади)
Ш а й х Ҳ о д и – Кетди… Кетди… Шайх Санъон йўқ энди,
Сўнди… Э-воҳ… Ҳикмат шуъласи сўнди.
Ш а й х М а р в о н (сохта бир саросимада)
– Эҳтимол, бордир бирор чора-нажот…
Ш а й х Ҳ о д и – Ҳеч безовта бўлма, чора йўқ, ҳайҳот!
Сўнг дам Хумор уни қўймади ёлғиз,
У қандоқ яшасин ахир Хуморсиз?
Ой қуёшдан ҳеч қачон бўлмас жудо,
Гар қуёш бўлмаса, ой сочмас зиё.
Ш а й х л а р
в а м у р и д л а р (кириб келадилар, алоҳида бир оҳангда)
– На мудҳиш саодат! На дилбар фалокат!
Уйғон, тур! Уйғон, эй асири муҳаббат!
Уйғон, Шайх! Уйғон, эй соҳиби каромат!
Бекордир бу роҳат, бу истироҳат!
Уйғон, Шайх, уйғон, Шайх, уйғон, Шайх
Санъон,
Уйғон бу ғафлатдан, эй пири урфон!
Г у р ж и л а р (кириб келишар экан, алоҳида оҳанг билан шайхларга)
– Не бўлди, айтгин, эй башар,
Недур бу ҳоли пурфиғон?
Бу лавҳа нури ғам сочар,
Недур бу хоби ноз, омон?
(Хуморга)
Уйғон, э гули навбаҳор!
Уйғонгил, эй офотижон!
Уйғон, Хумор, уйғон, Хумор,
Уйғон, уйғон, Хумор, уйғон!
Ш а й х л а р
в а м у р и д л а р – Қовушдинг, улуғ Шайх, дилбар Хумора!
Фалак раҳм этмади… Аммо на чора.
Баҳор уммидингга фасли хазон келди,
Ёру ағёрга видо бир замон келди.
Уйғон, Шайх, уйғон, Шайх, уйғон, Шайх
Санъон,
Уйғон бу ғафлатдан, эй пири урфон!..
Г у р ж и л а р – Хумор, кўз оч, гўзал малак!
Бу на бўлакча ҳолатинг!
Сўлди гўёки бир чечак –
Тароватинг, латофатинг.
Висолга етмадинг, демак,
Кўнгилда қолди ҳасратинг…
Уйғон, Хумор, уйғон, Хумор,
Уйғон, уйғон, Хумор, уйғон!
Д а р в и ш (тоғнинг тепасидан тушиб келар экан, истеҳзоли қаҳқаҳалар билан) – Шайх қайда, ё Хумор қайдадир, ҳайҳот!
Худойим, бунча ҳам жоҳил одамзот!?
Билмайман, не учун бу фарёд, бу зор?
(жасадларни кўрсатиб)
Буларнинг тупроқдан нима фарқи бор?
М у р и д л а р (Дарвишга) – Дардинг бор, шекилли, айлагин аён!
Г у р ж и л а р – Не демак истарсан? Бизга эт баён!

Барча жуда катта қизиқсиниш билан жасадларнинг атрофини ўраб олади.

Д а р в и ш (барчага) – Ажаб, мен нима дей? Ҳаамангиз фақат
Дунёда кезинган жонли бир жасад.
Шайх Санъон Хуморни излаб жонҳалак,
Кўкда кезиб юрар мисли бир малак.
Сизда йўқ ваҳми Худо, даҳшат йўқ,
Фикру идрок йўқдир, басират йўқ.
Кимки кўр тутмас эса виждонни,
Кўргай ул Хумор ила Санъонни.

Бу гаплардан сўнг ҳамма саросимага тушиб қолади. Дарвиш ўнг қўли билан уфқларни кўрсатиб.
– Қаранг, арш-аълога кетур беғубор
Буюк Шайх Санъону нозанин Хумор!

Ҳамма диққат-эътибор билан уфқларга тикилади. Шайх Ҳоди билан Шайх Садро ғамгин, Дарвиш эса мағрур ва лоуболи бир вазиятга киради.

Ш а й х М а р в о н – Бари ёлғон… Барчаси бир мавҳумот…
Ш а й х Н а и м – Барчаси бемаъни ёлғондир…
Д а р в и ш – Ҳайҳот!
Кимнингки кўр бўлса агар виждони,
Идрок этолмас ул нури Яздонни.

Шу пайт саҳнанинг шуъласи сўнади, орқадаги иккинчи парда очилади. Хумор билан Шайх Санъоннинг қўл ушлашиб булутлар ичида учиб юрганлари намоён бўлади.

Д а р в и ш (қайта кўрсатиб) – Қаранглар!..
Г у р ж и л а р (тасдиқ билан) – Ўшалар, ё Парвардигор!..
М у р и д л а р – Шайх учиб юрибди!..
Г у р ж и л а р – Учмоқда Хумор!
Д а р в и ш – Малакдек учмоқда иккиси маъсум.
Б а р ч а – Учар!.. Юзларида гўзал табассум.
Д а р в и ш – Ё Худойим, бунчалар жозиб улар,
Кўкдаги юлдуз изин ёзиб улар.
Ғайбга кетмоқ истаюрлар, ғайбга…
Б а р ч а – Оҳ!..

Шу пайт поп кириб келади ва саросимага тушган ҳолда қараб туради.

М у р и д л а р – Ғайбга кетди икки гавҳар, ғайбга…
Г у р ж и л а р – Э-воҳ!..
Д а р в и ш – Иккисин олди оғушга малакут,
Эй олам, сақла сукут!.. Сақла сукут!..

Юқоридаги парда бекилиб, саҳна тағин ёришади.

П о п (илгари чиқиб, йўғон ва кескин овоз билан, ўзига хос оҳангда барчага) – Эй сиз ожиз, бечоралар!
Алданмангиз ҳар коҳинга.
Эй юраксиз оворалар,
Алданмангиз ҳар хоинга!
Алданмангиз, алданмангиз!
Афсунчидир, девонадир.
Алданмангиз, алданмангиз!
Айтганлари афсонадир!
Б а р ч а (Попга) – Сен бехабарсан, шубҳасиз,
Қалбингда юз минг шубҳа бор.
Кўрдик фақат биз барчамиз,
Ғайб бўлдилар, ғайб бўлдилар.
Муқаддасдир чиндан, инон,
Ҳам Шайх Санъон ҳамда Хумор.
Йўл олдилар жаннат томон,
Ғайб бўлдилар, ғайб бўлдилар!
П о п (ғазаб билан) – Гумроҳ инсонларга магар
Жаннатда йўқ асло макон.
Алданмангиз, алданмангиз,
Учмоқ ёлғон, кўчмоқ ёлғон!..
Алданмангиз, девоналар!
Учолмайди аҳли башар.
Улар ахир беболу пар
Осмонларга қандоқ учар?..
Б а р ч а (олис уфқларга ишорат қилиб)
– Юксалдилар Исо каби,
Қайғулардан қутулдилар.
Руҳошино рўё каби
Ғайб бўлдилар, ғайб бўлдилар!
Юксалдилар, юксалдилар,
Жаннатда роҳат қилдилар.
Юксалдилар, юксалдилар,
Ғайб бўлдилар, ғайб бўлдилар.

Озарбайжон тилидан Усмон Қўчқор таржимаси
“Жаҳон адабиёти”, 2012 йил, 10-11-сонлар