Ов қилишни жуда эрта бошлаганман. Ўн тўққиз ёшга тўлганимда отам менга милтиқ совға қилганди. Ўзи билан ўрмон, тўқайзорларга олиб кетарди.
Бир йили кузда овга отландик. Аравада ёнма-ён ўтирганча ўрмон оралаб борардик. Йўл бошдан-охиригача сариқ барглар билан қопланганди: хазонлар қалин ва қават-қават бўлиб ётар, оёқ остида шитирларди. Рўпарамдаги барглар тўлқинини қувлаб борарканман, бирдан хазонлар орасида нимадир қорайиб турганини кўриб қолдим. Энгашиб қарасам, қуёнча, шунақаям жажжики! Ҳайратим ортди: ахир, шу ергача келган арава қандай қилиб уни босиб кетмади экан?
– Қани, бери кел-чи, – дедим унга, – кўриниб турибди, омадли экансан!
Қўлимга олгандим, кафтимга ўрнашиб ўтириб олди, титраганидан қочишга ҳам чоғланмасди. Уйга олиб кетаман, бўлмаса нобуд бўлади, деб ўйладим. Жуда кеч туғилган экан-да. Ахир, яқинда қиш келса, бечора музлаб қолади ёки тулкиларга нонушта бўлади.
Ов халтамни барглар билан тўлдириб, қуёнчани солдим ва уйга олиб келдим. Онам қайнатилган сут қуйиб сийлади. Лекин у ичмади – кичкина-да, эплолмади. Шунда сутни шиша идишчага қуйиб, устига сўрғич кийгизиб, қуёнчага тутдик. Сўрғични ҳам сўрмади. Онам сут томизиб, қуёнчанинг бурнига теккизганди, ҳидни билиб оғзини очди. Кейин сўрғични оғзига тиқдик. Қуёнча гупиллатиб сўриб, идишчадаги сутнинг ҳаммасини ичиб қўйди. Шундай қилиб, янги меҳмон бизникида яшай бошлади. Хоналарда сакрайди, ҳеч кимдан қўрқмайди.
Ойлар ўтди… Қуёнимиз катта бўлиб қолганди. Унга Узунқулоқ деб от қўйдик. Печканинг тагида ётишга одатлангани учун, нимадандир қўрқса, тўғри ўша ерга кириб кетарди. Биз билан Узунқулоқдан ташқари яна қари мушук Иванич ва овчи ит Жек яшарди.
Улар жуда яқин дўст эди. Бир идишдан овқатланишар, ҳатто бирга ухлашарди. Қишда, уй совуқ бўлганида Иванич Жекнинг тўшакчасига келиб ўрнашарди-да, коптокка ўхшаб юмалоқланиб оларди. Мана, Жек ҳозир у билан: бурнини Иваничнинг қорнига тираб тумшуғини иситяпти, унинг иссиқ-иссиқ нафас чиқаришидан Иванич ҳам мамнун.
Уйда қуён пайдо бўлгач, Иванич унга эътибор қилмади, Жек эса бошида бироз безовталанди, лекин тез орада кўникиб қолди: кейин бўлса ҳаммалари иноқлашиб кетди.
Айниқса, кечқурун печка ёқилганда иноқ бўлиб кетишарди. Ҳозир ҳаммаси олов қаршисида – исинишяпти. Хона ичи қоронғи, деворларда печкадан таралаётган қизғиш шуълалар югуради, уларнинг кетидан қора соялар чопади. Хонадаги ҳамма нарса қимирлаётгандек туюлади: стол ҳам, стуллар ҳам жонлангандек. Печкада ўтин чарсиллаб ёнади, тилларанг учқунлар учиб чиқади. Печканинг турли томонида турган дўстлар чўчиб тушади ва бир-бирига ажабланиб қарайди: “Нима бўлди?” Кейин тинчланиб яна оловга тикилишади.
Ўйнашади. Доим шунақа: мана, улар учаласи ҳам бирга ётибди. Тўсатдан Иванич қўли билан Узунқулоқни оҳиста уради! Тегмадими, яна… Қуён ёта-ёта, бирдан ирғиб туриб қоча бошлайди. Иванич унинг ортидан қувади, Жек эса Иваничнинг орқасидан чопади. Шундай қилиб хонада қувди-қувди бошланади. Безор бўлгач, қуён печканинг тагига кириб кетади, шундай қилиб ўйин ҳам тугайди.
Ухлашга келганда эса Узунқулоқ изларини адаштиради. Қуёнларнинг одати бу: ҳар томонга, баъзан ўнгга, баъзан тўғрига қочади. Агар қуённинг қордаги изларига қарасангиз, қаёққа кетганини тополмайсиз. Бундай излар “қуён ҳалқалари” дейилади. Овчи ит у ёқдан-бу ёққа юриб изларни искаб аниқлагунча, қуён буни аллақачон пайқаб қочиб қолган бўлади.
Мана, бизнинг Узунқулоқ ҳам ҳар куни ҳаммадан илгари печка устига чиқиб изларини чалкаштиришга уринади. Хона ичида олдинга, орқага сакраб изларини ажратади, гиламда ётган овчи ит Жек эса искайди-да, унга бир кўзи билан қараб гўё аҳмоқ қуённинг устидан кулади.
Шу тариқа Узунқулоқ қиш бўйи бизникида яшади. Баҳор ҳам келди – қадрдон, илиққина. Яшил майсаларнинг чиққанини пайқамай ҳам қолибмиз. Биз Узунқулоқни ўрмонга, эркинликка қўйиб юборишга қарор қилдик. Уни саватчага солиб ўрмонга кетдим, дўстини кузатиб борар дея Жекни ҳам ўзим билан олволдим. Иванични ҳам саватчага жойламоқчи бўлдим-у, қарасам кўтариб кетишга оғирлик қиларкан: уни уйда қолдирдим.
Ўрмонга етиб боргач, Узунқулоқни саватчадан олиб, майсалар устига қўйдим. У бўлса нима қилишини билмай, қочмай, қулоқларини қимирлатарди. Жек қувлашмачоқ иштиёқида. Узунқулоқ эса ҳеч қаёққа қочмай, бута атрофида айланар, Жек ҳам ўзини уйдагидек тутарди.
Ахир, бутанинг атрофида қувлашмачоқ ўйнаш уйдагидан кўра яхшироқ-ку, деб ўйладим мен.
Қалпоғимни силкиб бақирдим:
– Ўрмонга югур, ғилай! Нега бу ерда ўралашяпсан!
Узунқулоқ қўрқиб ўрмонга қочди, Жек эса унинг ортидан кетди.
Мен кутиб турардим. Жек қайтмаётганди. Бирдан ўрмондан қуённинг ноласи эшитилди. Нолишлар тўхтамагач, ўша томонга югурдим. Қарасам, Жек Узунқулоқни тишлаб турибди.
Ёрдамга ошиқдим.
– Ташла! Нима қиляпсан? Ахир, бу ўзимизнинг Узунқулоқ-ку!
Жек бўлса “Сенга ўлжа тутиб келсам-у, менга бақирасан!” дегандек думини ликиллатарди. Узунқулоқни танимай, ёввойи қуён деб тутиб келгани кўриниб турарди.
Қуённи майсага қўйиб юбордим, сўнг Жекнинг бўйнидан ушлаб турдим.
Назаримда, қуён бу ерда ит билан ўйнаб бўлмаслигини тушунди. Қулоқларини диккайтириб буталар орасига кириб кетди.
Шаҳноза Райимова таржимаси
“Ёшлик” журнали, 2016 йил, 5-сон