Қорабовур қашғалдоқ, қайт орқангга, қайта қол,
Ғамга ботган тўқайнинг ҳолин сўра, кўнглин ол.
ОҚҚУШ
Кўҳна Каспийнинг номи тарихда неча бор ўзгармади, дейсиз. Каспий, Гиркон, Хвалин, Хазар… Биз буларга қўшимча қилиб, уни Оққуш денгизи деб ҳам атаган бўлардик. Ўзингиз ўйлаб кўринг, сатҳи 510 миллион квадрат километрга тенг бўлган Ер куррасида ҳайвон ва жонзотларнинг бир миллиондан ортиқ тури яшар экан. Ана шу миллионлардан бири эса – Оққуш. Каспий соҳилида туриб, саркаш тўлқинларни тенг иккига ажратиб, эмин-эркин сузиб юрган оппоқ қушларни кўрганда, дунёда ягона денгиз бор, у ҳам бўлса Каспий, дунёда ягона қуш бор, у эса, Оққуш, деб куйлаган шоирнинг ҳақлилигига имон келтирасиз ва албатта, денгизга ана шу нафосат тимсоли бўлган қушнинг номи берилишини сиз ҳам истаб қоласиз. Чиндан ҳам Каспийдан ўзга денгизда Оққуш сузармиди?!
“Оққушлар олти турдан иборат бўлиб, шулардан беш тури Шимолий ярим шарда, бир тури эса, жуда олисда, экваторнинг нариги тарафида яшайди. Ўлкамизга икки тур – шивирлоқ ва қурқулдоқ оққушлар қишлагани келишади”– дейишади орнитолог олимларимиз. Кейинги пайтда Тундрада яшайдиган ғоздан каттароқ, оққушдан кичикроқ оқ парранда ҳам оққушлар қаторига киритиладиган бўлди.
Билишимизча, паррандалар ичида гўзалликда шивирлоқ Оққушга етадигани йўқ. Ғарбдаям, Шарқдаям шивирлоқ оққушнинг тасвирини чизмаган мусаввир топилмаса керак. Мўйқалам усталари, айниқса, унинг эгилган нафис бўйнини ўзгача илҳом билан тасвирлашади. Бўйин демоқчи, қадимда, лотин алифбосини яратган аллома навбат S ҳарфига келганда, уй олдидаги ҳовузда эркаланиб сузаётган бир жуфт оққушни кўради-ю, худди Архимеднинг “Эврика!” деган хитобидай, “Топдим, ҳарф қандай бўлишини топдим!”—деб хитоб қилади. Шундан сўнг, анча замонларгача, бу ҳарфни “оққуш бўйини” деб аташган бўлишлари мумкин. Замонлар ўтиши билан булар ҳам унут бўлиб кетди. Ўзи дунёда унутилмайдиган нарса борми?!
Бу қуш қордан ҳам оқроқ. Халқ қўшиғида куйлангандай:
Ақрабда ёғади қор қат–қат бўлиб,
Қадам боссанг қораяр ботқоқ бўлиб.
Ўтирганми, ётганми ой юзлигим,
Ойдиндаги оққушдай оппоқ бўлиб1.
Оққушнинг тумшуғи билан оёғи қизил, кўзларининг атрофи худди сурма тортилгандай қоп-қора бўлади. Унинг мана шу кўриниши шарқ шеъриятида, ғазалларда гўзаллик ва нафосат тимсоли сифатида жуда кўп куйланган. Аҳли шуаронинг айтганларига инонадиган бўлсак, бошда аёллар қошни сурмалаб, лабни қизилга бўяб, юзга упа суркашни оққушлардан ўрганганлар. Ким билади дейсиз, балки чиндан шундай бўлгандир. Инсон инсон бўлгандан бери яшашни табиатдан ўрганганлигини инкор этолмаймиз-ку.
Оқ, қора, қизил ранглар… Четдан қараганда, бир-бирлари билан уйғунлашмайдиган уч хил ранг бир вужудда жамланиб, тасвирга тил ожизлик қиладиган, қараб кўзинг тўймайдиган, гавҳарга бергусиз, нафисдан ҳам нафисроқ чирой кашф этган. Қайси бир йили хизмат сафари билан Туркманистонга бордик. Ашхобод яқинидаги Феруза тоғининг этагида асил туркман отлари етиштириладиган завод бор. Туркман заминига келиб, Ахалтака арғумоғини кўрмасдан кетиш мумкинми сира? Дунёга донғи кетган туркман айғирининг яқинига бориб, яғринини силасангиз, хавотирланиб, ўқрайиб қарайди. Жонивор узукнинг кўзидан ўтадигандай депсиниб турибди. Афсуски, мана шундай сулувликда тенгсиз бўлган отнинг овози қандайдир… ғалатироқ, кишнаганида ингичка эшитилади. Мана шундай гўзал жонзотга чиройли овоз муносиб эмасмиди? Шивирлоқ оққушнинг овози ҳам ана шу ахалтака арғумоғиникига ўхшаб кетади. У мана шу гўзаллигига яраша хушхониш ҳам бўлганда эди! Табиат унга булбул, лоақал майқут ёки тўрғайнинг хонишини ато қилса нима бўларди?! Қадимги чолларнинг “бир кам дунё” деганлари шу бўлса керак-да!
“Оққуш қўшиғи”, “Оққуш ноласи” каби асарлар мавжуд. Эсхилнинг “Агамемнон”, Платоннинг “Федон”, Шекспирнинг “Венециялик савдогар” пьесаларида “шивирлоқ” оққуш қўшиқ айтади. Байроннинг шеърларида ҳам оққуш хониши куйланади. Булардан ортда қолишни истамаган ўзимизнинг қозоқ шоирлари оққуш хонишини дўмбира садоси, қил қўбизнинг вужудингизни жимирлатувчи ғамгин ноласига қиёслашади. Яқинда саҳнага чиқиб, элнинг назарига туша бошлаган ёш хонанда қиз ҳақида ёзилган мақолада бундай дейилади:
“Оққуш қўшиғи… Чексиз дашт узра оққуш қўшиғи қанот ёзади. Нақадар ажойиб бу қўшиқ!” Хонанданинг қўшиғини оққуш парвозига қиёслаш, умуман, нотўғри. Негаки Оққуш – сайрамайди. Дашт узра парвоз этди, дейиш мумкиндир, лекин қўшиғи дашт узра қанот ёзиши мумкин эмас. Мана шундай, айрим ҳолларда шоир ва ёзувчиларнинг фантазияси ўқувчини чалғитиб қўяди.
Қурқулдоқ оққуш ҳам чиройли. Унинг овози, бизнингча, қурқуллагандан кўра, ғознинг «ғо-ғо»лашига ўхшаб кетади. Шоир Асқар Ўрозақин тўплаган “Қозоқ халқ ўланлари” да:
Қуёш қучган ойдин кўлда ёлғиз қув
Ғо-ғолар қаноти-ла сачратиб сув.
Таранар-у қаранар атрофига,
Гўзалликда ягона, якка сулув,–
деб куйланиши ана шундан бўлса керак.
У шивирлоқ оққушдан нимаси билан фарқ қилади?
Фарқ – бўйнида. Шивирлоқнинг бўйни эгилган, у эса бўйнини тик тутади. Эгмайди, эгилмайди. Овози дағалроқ. Сузганида шивирлоқдай эмас, танасини сувга ботириброқ, думини кўтариброқ сузади.
Қишда Иссиқкўлга йўлим тушиб қолди. Кўлга қурқулдоқ оққушлар қишлагани учиб келишар экан. Кўл юзи оққушлардан оппоқ бўлиб кетган. Йил сайин декабрь, январда кўлга мингга яқин оққуш келиб, шу ерда қишлаб, баҳор келиши билан учиб кетишади. Бу ерлик болалар оққушларнинг бир-бирлари билан уришганини томоша қилиб, куни бўйи соҳилдан кетишмайди. Оққушнинг “овули”га бегона қуш тасодифан келиб қолса, эркаги “жой бергандан жон берган афзал” деб, “оиласини” жон-жаҳди билан ҳимоя қилади. Баъзан, болалар томоша кўриш учун икки эркак оққуш ўртасига хўрак ташлаб, уларни уриштиришар экан. Балиқчи қирғиз чол ўша йили қурқулдоқ оққушнинг ўзига ҳамла қилган тулкини қаноти билан уриб, ҳушидан кетказганини ҳаяжонланиб ҳикоя қилган эди. Дарҳақиқат, бу қушнинг жанг пайтидаги важоҳатини кўрибоқ, унинг ўзини ҳимоя қила олишига ишонч ҳосил қиласиз.
Қурқулдоқ оққушларнинг сони йилдан-йилга камайиб бормоқда. Авваллари Иссиқкўл билан Каспийдан бошқа, Жамбул вилоятидаги Бийликўл, Ғарбий Қозоғистон вилоятидаги Шалқар ва Арқалиқ кўлларида, Балхаш билан Оролга, Зайсан билан Илига қўниб ўтадиган сулув қушлар эндиликда йилдан-йилга камайиб бормоқда. Албатта, оққушларнинг ҳар иккала тури ҳам қозоқ даштида бир фурсат “меҳмон” бўлиб, учиб кетишади. Уларнинг доимий қўнал-ғаси Ўрта денгиз, Яқин Шарқ ва Форс замини. Юқорида айтганимиздай, ўтган асрнинг иккинчи ярмидан бошлаб, Оқтов шаҳри ҳам оққушларнинг яна бир қўналғасига айланган.
Оққуш 30-40 йил яшайди. Баъзан жаҳон орнитологиясининг мана шу хулосасига тескари далиллар ҳам учраб туради. Масалан, 1887 йилда, Британия оролларининг бирида 1771 йилда халқаланган, яъни 116 йил умр кўрган қур-қулдоқ оққуш ушланган! Қуш шунча узоқ яшаши мумкинмикан? Бундан аввалроқ Германияда ҳам, биров айтса ишониб бўлмайдиган воқеа содир бўлган эди. 1492 йили немис балиқчилари тўғондан ушлаган чўртан балиқда “мазкур чўртан 1230 йилда халқаланди” деган халқа чиққан. Унга кўра, ўша чўртан 262 йил яшаган бўладими? Бунга ким ишонади? Мазкур ҳодисалар борасида зоологлар орасида ҳалигача мунозара давом этиб келмоқда. Қарғани минг йил, айримлар 300 йил яшайди дейишса, олимлар уни 50-75 йилча яшайди дейишади. Қарға шунча йил яшаганида, нега энди оққушлар 30-40 йил яшашмас экан?
Қорақушнинг ватани –Австралия. Бу нафис қушларни турк султонлари сарой ҳовузларида боқишган. Марҳум шоир Жусип Қидировнинг:
Боғчасарой боғининг ҳовузида
Бир қорақуш кўрган эдим бирам сулув,––
деган бамаъни сатрлари бор. Қрим татарларининг ота юрти бўлган машҳур Боғчасарой биз учун ҳам қадрдон. Буни ҳар биримиз, ҳеч иккиланмасдан, таъкидлашимиз мумкин. Руслар истилосидан аввал бу ерда усмонли турклар маданияти ҳукм сурган. Боғчасаройликлар Истамбул, Бурса, Онадўли зодагонларига тақлидан ҳовузларда қорақуш асрашган.
Шундай қилиб, оққуш ҳамда қорақуш мавжуд. Табиатда бу икковининг урчитилишидан кулранг-қўнғир қушлар пайдо бўлади, десак ишонармидингиз? Оқтов шаҳри яқинида қишловчи оққушлар билан бирга денгизда ўрдак-ғозлар, балиқчи чағалай қушлар ҳам сузиб юришади. Шаҳарликлар қушларга тегишмайди. Қушлар ҳам одамларга шунчалик ўрганиб кетишганки, ҳуркмасдан, чўчимасдан соҳилга яқинлашиб, қўлдан хўрак ейишади. Ана шундай пайтда, четдан кузатсангиз, ғозга ҳам, ўрдак ва оққушга ҳам ўхшамайдиган қўнғир қушларга кўзингиз тушади. Биринчи гал кўрганда, булар бизга номаълум қандай қушлар экан, деб ажабланишингиз табиий. Аслида ундай эмас. Булар оққушларнинг полапонлари, ёки кўкимтирлари. Нега кўкимтир? Сабаби бизга номаълум. Уларнинг пати кўк билан кўкимтирдан кўра, кулга ёки тупроққа белаб олингандай оч кулранг. Демак, оққуш тухумдан чиққанидан оппоқ бўлмасдан, оч кулранг бўлади. Халқ қўшиғида:
Айланайин, қароғим, кокиллим-ай,
Полапони нақ оққуш, шекиллим-ай,–
дейилишига сабаб шу бўлса керак?! Эътибор берган бўлсангиз, “ Полапони нақ оққуш, шекилли-май” дейилади, “ўрдакнинг, булбулнинг, лайлакнинг” ҳам дейилмасдан, фақат оққушнинг полапони айтилади. Сабаби, у онасидай оппоқ бўлмаса-да, кўкишлигининг кўркамлиги ўзгача, кўзга яқин, суюкли бўлади. Уларга қараб туриб, “улғайганда ҳам худди шу рангда қолгани яхши эди,” деб ўйлайсан.
Шундай қилиб, оққуш уч-тўрт ёшгача оқ эмас, кулранг (агар шундай де-йиш мумкин бўлса) бўлиб ўсади. “Бешикдаги беш турланар” деган мақолга мос, у ҳам уч-тўрт бора турлангандан кейингина, чинакам оққушга айланади.
Қушнинг ғаними илон. У тухум борки, бутунича ютади, танлаб, саралаб ўтирмайди, чумчуқ, тўрғайникидан тортиб, йирик қушларнинг ҳам тухумларини омон қўймайди. Ривоятларда айтишларича, илон фақат оққушнинг тухумигагина тегмас экан. Биологлар оққушнинг тухуми ўта катта бўлганликдан (114х 74 мм) илон уни ютолмайди, деб тахмин қилишади.
Турумтойдан тортиб, шунқору бургутгача бўлган йиртқич қушлар осмонда учадиган қушдан тортиб, ерда югуриб, судралиб юрадиган жонзот борки, барчасини хўрак ўрнида кўради. Қанотли йиртқичлар, айниқса, қушларнинг полапонларига ўч бўлишади. Яна ривоятга ишонадиган бўлсак, ана шу “қанотли қашқирлар”нинг бирортаси ҳам оққушнинг кўкиш полапонларига тегмас экан. Бунисига нима дейсиз, қандай изоҳлайсиз?!
Қушбозлар ҳеч қачон оққушга тузоқ қўйишмайди. Фалончи қушбознинг бургути, шунқори оққуш олибди, деган гапни шу пайтгача эшитмаганмиз.
Оққуш жуфти билан қўша қарийдиган қуш.
Тўрт ёшгача у кулранг полапон бўлиб, оталиқ, оналиғи билан яшайди. Ана шундан кейин у тўлишиб, бўйни эгилиб, оёқлари қизил, кўкраги кенг, писта бурун, сумбул қанот, чинакам қушга айланганида, оталиқ-оналиқ бўлиб, жуфтлашади. Жуфтлашганда ҳам ўзга қушлардай “Бирда бор-у, бирда йўқ-соядайсан” бўлиб эмас, ўла-ўлгунча бир-бирларидан ажралмасликка, то сўнгги нафасгача бирга бўлишга “аҳдлашиб”, қовушадилар. Оналиқ оққушни отаси “узатиб” келади, оталиқни эса, онаси бошлаб келади. Худди қуда бўлиб, қиз узатгандай тантанали маросим бўлиб ўтади. Ана шу кундан бошлаб жуфтлашганлар бир-бирларидан ажралишмайди. Кундузлари бирга сузиб, бирга сайр қилишади, кечаси бир-бирларига суяниб ухлашади. Бу пайтда оққушнинг вазни 15–20 килограмм, қанотининг узунлиги икки метргача етадиган бўлади. Иссиқ ўлкаларга қайтишда оққушлар ўзлари сайлаган йўлбошчига эргашиб 8500–9000 метр юқорига кўтарилиб, соатига 95–100 километр тезликда учишади. Юксак Ҳимолай оша, қанотлари толмай, бемалол учиб ўтадиган саноқлигина қушларнинг бири –мана шу оққуш.
Оққуш учтадан тўққиз донагача тухум қўяди. Полапонлар 38-40, айрим ҳолларда, 45 кунда тухумдан чиқишади. Уянинг кенглиги икки метрча бўлади. Тухумни оналиқ чайқалтиради. Бу пайтда оталиқнинг мўйнали қулоғи “ёстиқ кўрмай”, макиёнига тун-кун хўрак ташийди. Қизиғи шундаки, қурқулдоқ оққуш сувга шўнғий олмайди. Бунга қалин пати, йиғиш қийин бўлган улкан қанотлари йўл бермайди. Шунинг учун ҳам у хўракни соҳил атрофидаги қамишзору, ўт-ўланлар орасидан ахтаришга мажбур.
Оққушнинг оталиғи билан оналиғини бир-биридан ажратиш мушкул. Фақат кўкламда оталиқнинг тумшуғи устидаги қора доғ кенгайиб, узоқдан кўзга ташланиб туради, макиёнининг тумшуғидаги қора доғ кичик бўлади. Шунингдек, оналик қушнинг танаси кичикроқ, эркагиники йирик, суякдор, қанотлари бир қаричга узунроқ бўлади. Улар жуда иноқ яшашади. Бошқа қушлардай бижирлашиб, шақиллашиб, чўқишмайди. Бир-бирларини унсиз тушунишади. Уларга хос бўлган чирой одамларнигина эмас, ўзга қушу паррандаларни ҳам лол қолдиради, шекилли. Оққушлар сузиб ўтишаётганида ўрдак, ғозлар ортга чекиниб, уларга йўл беришади. Буни нафосатга шайдолик дейсизми ёки қудратли қушдан ҳайиқиш дейсизми— ўзингизнинг подшо кўнглингизга ҳавола! Бўйинни кўтариб, қанотларини йиғиб, сувда қалқиб турган оққушнинг кўриниши ғоят гўзал бўлади. Унга қараб завқланмаслик, бир-бирларини унсиз англашга қодир оққушларнинг жуфт бўлиб, сузиб юришларига қараб, уларнинг садоқати, вафосидан лол қолмаслик мумкин эмас!
Шеригидан жудо бўлган оққушнинг “Бундан кейин яшашдан мақсад не?”–дегандай, ўзини тошга уриб, ҳалок этганлиги ҳақидаги ривоятлар, қўшиқ ва куйлар кўп. П.И. Чайковскийнинг “Оққуш кўли”, М. Мақатаевнинг “Оққушлар ухлаганда”, Н.Тилендиевнинг “Оққуш” номли асарларида улардаги ана шу жонфидолик хусусиятлари мадҳ этилади.
Руслар, негадир, оққушни ғоз билан биргаликда тилга олсалар, яна негадир биринчи бўлиб ғозни айтишади. (”Гуси–лебеди”). ХIХ асрда Россияда оққуш пати билан мўйнаси юқори баҳоланган. Архив маълумотларига қараганда, 1893 йилда Оқмўла вилоятида бўлиб ўтган Константин ярмаркасида 450 та, 1894 йилда 1600 та оққуш мўйнаси савдога чиқарилиб, сотилган экан. Шундан кейин қушларга меҳрибонлик ҳақида гап бўлиши мумкинми?
Оққушнинг яна бир ғаними шомон фолбинлардир. Улар “оққуш гўшти минг бир дардга даво” деб ҳукм чиқариб, жуд кўп оми овчиларнинг оққушларни қиришларига сабабчи бўлганлар.
Хитойликлар оққушни фойдали деб, гўштидан турли хил лаззатли таомлар пиширишса, мўйнаси билан патларидан ноёб буюмлар тайёрлаш учун хомашё сифатида фойдаланишган. Хитой халқ табобатида оққуш ўтини қуритиб, ховончада туюб, талқон ҳолига келтириб, ёндириб, кулини куйган яраларни даволашда қўллашади. Улар оққушни қуёш қуши санаб, ўтмишда унга “Ян” (юксак, олий) деган ном беришган.
Рим-юнон тарихида Оққуш Зевс, Афродита, Орфей ҳақидаги ривоятларда ёдга олинади.
Қадим ҳинд афсоналарида Ҳом ва Сом номли эгизак оққушлар ҳақида машҳур эртак бор. Саён-Олтой турклари ўзларини оққушлар авлодимиз, дейишади. Шунинг учун ҳам ёқут, бурят аёллари бош кийимларига оққуш патини тақиб юришади. Баҳорда оққуш учиб келганида, кўкка сут сочиб, қўшиқ ҳам айтишади:
Туб онамиз оққув қуш,
Ота юртга етдингми?
Асқардан тик Асқар тоғ,
Ундан омон ўтдингми?!
Сибир татарлари афсона-эртаклари орасида шундай гаплар бор: “Осмон тангриси оққушга денгиз тагидан тупроқ келтиришни буюрди. Оққуш узун бўйнини чўзиб, сув тагидан бир сиқим тупроқ олди-да, Тангрига келтириб берди. Тангри тупроққа бир “куф” дейиш билан шайтонлар яратилди. Натижада, Ер юзига ажина-ю, парилар эгалик қилиб, қутуриб кетишади. Бундан Тангри дарғазаб бўлиб, Шайтонман деганнинг барини етти тоғнинг нарёғидаги ўрмонга қувлаб, оққушнинг иккинчи бор олиб келган тупроғидан “халқ” деган элни яратди. Тангрининг бу халқи бугунги туркларнинг илк аждодлари эди. Шунинг учун ҳам туркий элатлар оққушни муқаддас деб билишади…”
Манғистовга бормоқчи бўлсангиз, қишда боринг.
Биринчидан денгиз соҳилидаги кўркам шаҳар ҳавоси қишда илиқ, бу ерда изиллаган бўрон, оқ қор, кўк музни кўрмайсиз. Манғистовнинг қиши майин бўлади. Қариялар “Манғистовнинг қишида – қор ётмайди ичида!”деб бекорга айтишмаган. Ой туққан қиш оқшомларида денгиз соҳилида сайр қилишнинг завқи ўзгача. Яна бир ғанимат ҳолат худди шу кезда Каспийга оққушлар келади.
Манғистовга оққушлар илк бор 1974–1975 йилларда кела бошлаган эди.
Ўтмишга мурожаат қиладиган бўлсак, бундан кўп асрлар муқаддам Уч қиян этакларида оққуш қўнадиган кўллар бўлган, дейишади. Алқисса, ўшанда доно Жонибек Султон1 Улуғ салтанатининг шуҳрати оламни тутган, камолга етиб, қора тулпори маррага етган бир олтин давр бўлган экан. Хоннинг ҳусну жамолда ойни хижолатда қўядиган танҳо-ю тантиқ қизи “Бундай гўзал ва улуғвор дориссалтанатга оққушлар сузадиган ҳовуз етишмаётир”, дейди-да, эрка Ёйиқнинг йўлига тўғон қуриб, уни шаҳар ўртасидан ўтказтиради. Муҳандислар бошчилигидаги қуллар бир енгдан қўл, бир ёқадан бош чиқариб, тинимсиз ер қазиб, шаҳар марказида ҳовуз эмас, улкан кўл яратишади. “Хоннинг қаҳридан эмас, хонзода қизининг қилиғидан қўрқаман”, деган сўз ўша замонлардан қолгандир, балки. Хонзода шу билан чекланмасдан, “Оққуш ширинликка ўч қуш” деб, олис-яқиндан, карвон-карвон қанд-шакар ташитиб, кўлга тўктиради. “Шакаркўл” деган ном ана шундан қолган дейишади. Натижада, ростдан ҳам Шакаркўлга оққушлар қўнадиган бўпти. Уларга ҳеч ким тегмас, тегмоқ у ёқда турсин, ҳатто ҳуркитган одам ҳам хонзоданинг қаҳрига учрар экан. Орадан кўп ўтмай Шакаркўлнинг сатҳи оппоқ қушлардан кўринмай кетибди. Оқшом сайрга чиққан хон қизининг канизаклари олтин қайиқда кўлнинг ўртасигача сузиб бориб, оққушларни қўллари билан оҳиста бир чеккага суриб, сув олишар эканлар. Кўҳна қозоқ заминида мана шундай афсонавий шаҳарлар бўлган. Қани ўша шаҳарлар? Уларни ким заволга учратди? Ким эмас, нима завол топтирди? Манманликданми ёки беғамликданми? Нодонликми? Ёлқовликми, мақтанчоқлик билан исрофгарчиликми? Сабабини билмаймиз. Тарихий ҳақиқатни билмоқ мушкул. Чунки ҳар бир авлод ўз қаричи, ўз нафсу эҳтиёжидан келиб чиқққан ҳолда тарих яратади.
Ўтгандан улгу ол, келажакка улгу сол, деганларидай, ўша оққушлар бугун Каспийга қўнадиган бўлишди. Етмишинчи йилларнинг охири, саксонинчи йилларнинг бошида денгизнинг Манғистов яқинида ўн мингга яқин оққуш қишлади. Ўша давр матбуотида ёзишларича: “Денгизнинг Иттифоққа тегишли қисми экологик жиҳатдан тоза бўлганлиги сабабли оққушлар Эрондан Совет Қозоғистони ҳудудига оғиб кела бошлашди. Ноёб қушларга бу ерларда ғамхўрлик кўрсатилмоқда”,–деб ёзилган эди.
Аслида, бунинг сабаби бутунлай бошқа эди. Ўша йиллари, асосан, денгиз сувини чучуклаштириш мақсадида Манғистов энергокомбинати қурилиб, ишга туширилди. Ҳақиқатни айтганда, мазкур атом қурилмаси ўз вазифасини ёмон адо этмади. Станция ишлаб чиққан илиқ сувнинг маълум миқдори денгизга қуйиларди. Худди ана шу, денгизга қуйилаётган илиқ сув оққушларни ҳам бу ерларга келишига сабаб бўлган. Бир-икки ой мобайнида оққушлар илиқ сувда эмин-эркин сузиб, баъзан бола очиб, баъзан муддатдан аввал иссиқ ўлкаларга учиб кетишни одат тусига киритган.
“Бизнинг соҳилга ҳар йили фақат бир гала оққушлар келишади, бегоналар келмайди”,–деб ёзишди газеталарда.
“Йўқ, бизга ҳар хил галалар учиб келишади”,– деб эътироз билдиришди орнитолог олимлар.
Назаримда, биринчи тахмин тўғридай. Денгиз тўлқинларида ўйнаб, баъзан соҳилга яқин келиб, баъзан эса узоқдан кўзга бир ташланиб, ғойиб бўладиган оппоқ қушларнинг барчаси Манғистовга қадрдон бўлиб кетгандай туюлади. Манғистовни илгари кўрмаган, билмаган, илиқ сувида қанотларини кенг ёйиб, яйрамаган, сайр қилмаган қуш бу ерларнинг қадрини қайдан билсин?!
Йил сайин, баъзан йил ўтказиб, она юртга бораман. Боришда ҳам, қайтишда ҳам Оқтовга тушиб ўтаман. Олмаотага самолёт учадиган пайтда аэропортда тўс-тўполон бошланиб кетади.
– Оға, сиз ҳокимиятда ишлайсиз-а?
Орқамга ўгрилиб, кўзлари жовдираб, оққушга ўхшаб турган ёшгина қизга кўзим тушди. Бир қўлида бир-бир ярим метрча келадиган қоғоз қути, бир қўлида катта сафар сумка. Мени кимгадир ўхшатиб, русча гапириб турибди.
–Ҳокимиятда ишламасмидингиз?—деб жилмаяди. Жилмайиши ўзига бирам ярашар экан.
– Йў-йўқ,–дедим, ҳокимиятда ишламаганимдан ўзимни ноқулай ҳис қилиб,– ҳокимиятда ишламайман, синглим.
–Кечирасиз, у ердан кетиб қолган экансиз-да, мен сизни ҳалиям ўша ердамикан десам…
–…
–Юким жиндай ортиқча экан, қўшимча пул тўлашга тўғри келяпти. Малол келмаса, мана шу қутини самолётгача чиқариб беролмайсизми? Чиқариб берсангиз бўлгани, у ёғини ўзим эплардим. Сизни текширишармиди?
– Берақол, чироғим,– дедим қўлимда юким бўлмагандан кейин. Ўзи талабага ўхшайди, бундайларда ортиқча пул нима қилади, деган хаёлда. Лекин қути хийла оғир экан. Бунга эътибор бермадим. Ҳозирда узоқ-яқиндан майда-чуйда ташиб, савдо билан тирикчилик қилиб юрган қизлар озми?
Эсон-омон Олмаотага ҳам етдик.
– Соғ бўлинг, оға, раҳмат сизга!–деди у мамнунлик билан. Қиз ўзини қарши олган чўтир башара, барзанги, қора йигитнинг қора “жип”ига бориб ўтирди.
– Арзимайди,– деб қолавердим…
Шу билан гап тамом. Сафардошлар тезда унутилади, буниси ҳам шундай бўлди. Ҳозир ўша қизни кўчада кўрсам, танимайман. Шу унутилганича унутилиб кетгани яхши эди-я…
Ўша кунлари юқори лавозимни эгаллаган, Олмаотанинг энг кўркам ерига дабдабали уй қурдириб, дабадабали машина миниб юрадиган бир дўстим уйига меҳмондорчиликка таклиф этди. Бордик. Еб-ичдик. Мақтадик. Мақтандик. Шу билан зиёфат тугаб, мезбон билан хўшлашиб, кетишга чоғландик.
– Сен кетмай тур,– деди ошнам менга бошқалар билан хўшлашар экан,– сенга кўрсатадиган бир ажойиб нарсам бор. Мановилар унинг маънисига тушунишмайди, ҳаммаси оми йигитлар.
Албатта, ошнам ўзини уларнинг тоифасидан эмас, деб ўйларди.
Кўпчилик ўртасида айта олмагани, уй орқасидан ўтадиган сой бўйига кичик ҳайвонот боғи қурган экан. Иссиқ хонада бедана билан каклик бир қафасга қамалибди, иккинчи қафасда қирғовул, унинг нарёғида тўтилар, яна бир катакда ёлғизгина оппоқ ғоз бир бурчакка суқилиб, ухлаб ётибди.
– Ойман, тур, оғанг келди, саломлашмайсанми?—деди ошнам овозини баландлатиб.
Оқ ғоз аввал бўйнини олдинга чўзди, кейин истамайгина ўрнидан турди. Ё алҳазар, бу ғоз эмас, оққуш-ку! Оққуш бўлганида ҳам асили! Атрофимга аланг-лай бошладим. Ошнам тоғ сойига тўғон солиб, унинг бир ўзанини ҳовлисидан, катта бостирма тагига қурилган улкан ҳовуз орқали ўтказибди. Мана бу бечора оққуш кундуз ўша ҳовузда сузиб, кечаси иссиқ катакка кириб ухлар экан.
– Танидингми?—деди ошнам ғурурланиб.
– Танимай нима? Шивирлоқ оққуш-ку бу.
– Худди ўзи, менам Манғистовнинг қушини таниса керак, деб ўйловдим. Ҳа, бу Манғистовдан олиб келинган оққуш. Номини Ойман қўйдим. Маde in Mangistau. Қандай қилиб олиб келинган дейсанми? Олиб келиш умуман қийин эмас. Анча чиқим талаб қилди, албатта. Пулидан қочмасанг бўлди. Яшириб нима қилдим, оддий қутига солиниб, самолётда олиб келинади.
Катакнинг бир чеккасида ётган картон қутини кўрдим-у, ҳайратдан қотиб қолдим. Бу ўшанда, Оқтов аэропортида ўзим самолётга кўтариб чиққан картон қути эди. Уни менга кўтартирган чиройли қизнинг исмини ҳам сўрамаган эканман. Сўраганда нима ҳам қилардим? Пулнинг қудрати билан Оқтовни айириб, Қоратовни қайириб турган манов ошнамнинг айтишига қараганда, бугунги кунда шаҳар чеккасида қад кўтараётган “янги қозоқлар”нинг барча вилла, фазендаларида “кичик ҳайвонот боғлари” бор экан. Уники уларнинг олди ҳам, кейини ҳам эмасмиш. Қараб турсам, ошнам қай “зўр”нинг ҳайвонот боғи қанда-ю, унда неча хил ноёб жонзотлар сақланишини бир чеккадан санаб чиқадиган. Гапни чувалатмасдан, ошнам билан хўшлашдим. Юракларим оғриб кетди.
Биз, ота-боболари “Оққушни отиб бўлмайди”, “Оққуш сузган сув сулув”, “Оққушнинг ёнида япалоқ қуш ярашармиди”, “Оққушга ўқ узма–уволи тутади”, “Оққуш билан дўст бўлсанг, йўлинг оқ бўлар”, “Оқ деганда, ғоз ҳам оқ, лекин ғоз, оққуш эмас” каби мақоллар айтган қозоқнинг фарзандлари кейинги ўн-ўн беш йилда бутунлай ўзгариб кетганимизни биламизми?! “Элингга савдо киради, савдо билан ёв-да киради, дов-да киради,”, деган экан донишманд Матчон бий. Савдодан келгани мана шу экан деб, етти отамизу етмиш етти бобомиз қўл кўтариш у ёқда турсин, кўз олайтириб, озор беришдан ўзини сақлаган муқаддас нарсаларни оёқости қила бошладик. Савдо билан кирган ёв ким? Ким эмас, нима? Бу ўзимизнинг нафсимиз эмасми?!
Дўстимнинг уйидан, юрагим қандайдир ғаш бўлиб, ўксиб қайтдим. Қанотлари қирқилиб, балчиққа беланиб ётган ғамгин қуш кўз олдимдан кетмасди. Мен кўрган ўша, кўзлари қизариб кетган жонзот паррандалар султони эмас, қисматига, қоронғу қафасга кўниккан, тутқунликдан кўнгли озорланган, бир кунда қирқ бор тараниб-товланиш ўрнига тайёр хўракни еб, тўйганига шукр қилиб, нима берсанг шуни ейман, деб ётган бир гадо эди у…
ҚАЛДИРҒОЧ
У ҳам сенингдек бировнинг жигарпораси.
С.Жиянбоев, “Қалдирғоч”.
Замин қовурғаси!
Шарқдан ғарбга қараб, минг чақиримдан ортиқ масофада ястаниб ётган мана шу буюк тоғ силсиласи – яланғоч қоялар, юксак чўққилар, палахса-палахса тошлар уюми, саркаш дарёлар, ойдин кўллар, қалин ўрмонлар, бебош шамоллар, ададсиз яйловлар, сувсиз қақроқ кенгликлару, ўркач–ўркач қум барханларини ўз бағрига олган. Машҳур оқин Ўтежон Нурғалиевнинг “Чети қайда, чеки қайда бул элнинг, ҳар маконда бир акси бор минг сирнинг” деб танглайни тақиллатишлари ҳам бежиз эмас. Буларнинг барчаси қозоқ замини, буларнинг барчаси сиз билан бизнинг келажак авлодларга қолдирадиган омонатимиз.
“Замин қовурғаси” деган ном олган Тиёншоннинг ўзига хос бир қисми бўлган Чақмоқ довони Жамбул ва Жанубий Қозоғистон вилоятларининг қоқ ўртасида кўндаланг ётган кўркам тоғ. Талас Олотови йироқдан чўзилиб келиб, худди: “Мен энди чарчадим, у ёғига ўзинг юксалавер”, деб қора чакмонли Қоратовнинг ортидан кузатиб қолган нуроний бобога ўхшайди.
Ана шу Қоратовнинг қоқ белидаги Чақмоқ довонидан ўзгача бир тентак шамолнинг йўли ўтади. Ўша шамолнинг тезлиги баъзи кунларда секундига 30–40 метрга етар экан. Симоғочларни гугурт чўпидай қийратиб, уйларнинг томларни учириб, йўловчининг қалпоғини тескари кийдириб, йўлидан адаштирадиган тентак шамол энди Қозоғистон орнитологларига хизмат қиладиган бўлди. 1966 йилда, айни ана шу шамолнинг йўлига, қушларни ҳалқалайдиган бекат қурилди. Отлиқни эгардан ағдарадиган асов шамол бизи томонларга учиб келаётган ва учиб кетаётган қушларнинг йўлига ғов бўлиб, парвозни давом эттиришга изн бермайди. Чақмоқ довонининг бу хусусиятини кечаги Шўро олимларидан анча аввал, шу ҳудудда яшайдиган одамларнинг етти отаси-ю, етмиш етти бобоси яхши билишган. Шунинг учун ҳам бу ерда:
Овулим Машот ошар, Чақмоқ қўниб,
Тегади Чақмоқ ели тўқмоқ бўлиб,
Довондан қуш ошмаган, мен ошаман,
Суюклигим маконин топмоқ бўлиб,––
деб куйлашган.
Орнитологлар билан гидрометеорологлар шамоли “тўқмоқдай” шиддатли, тепасидан қуш учиб ўтолмайдиган довон ахтариб, қанча тоғу-тошларни кезишмади дейсиз. Боболаримиз эса, бундан минг йиллар муқаддам, Чақмоқ довони худди шундай маскан эканлигини ўланларда айтиб кетишган экан.Муқаддас китоблардан бири “Инжил”да ҳам дастлабки гап “Дунёда энг аввал сўз яратилди” деб бошланишини кўпам эслайвермаймиз. Ҳолбуки, аждодлар ўзлари яшаётган муҳит, табиатнинг сир-синоатларини қўшиқларда, эртак ва афсоналарда айтиб кетишган экан. Фақат биз ана шу ҳикмат булоқларидан ҳар доим ҳам баҳраманд бўлавермас эканмиз.
Чексиз осмонни ҳам ўтовнинг керагасидай кенг қанотлари билан тўсмоқчи бўлган мағрур бургутлар ҳам, ёш боланинг кафтидай миттигина тўрғайлар ҳам Чақмоқ довонидан ошиб ўтишда қайин юртига илк бор келган куёвдай бўшашиб, пастлаб учишади. Қарға, қузғунлар эса, худди хонаки ғозларга ўхшаб, довондан юриб ўтишади. Бу жойнинг шароитини ўрганган олимлар “Қушларнинг йўлини тўсиб, ҳалқалайдиган қулай ер мана шу” дейишди. Довонга кираверишда баландлиги 8–12 метр, эни 35–40 метр, ичининг узунлиги юз метрлик тўр тортилди. Узоқдан ҳориб, қанотлари толиб келаётган қушлар бу тўрга тўппа-тўғри ўзлари келиб тушади. Тўр ичкарига кичрая бориб, тор ўнгачга айланади. Тўрга кирган ҳар қандай қуш, қанча урингани билан ундан чиқолмайди.
1899 йилда даниялик олим Х.Мортенсон дунёда биринчи бўлиб яратган қуш ҳалқалайдиган станциянинг яна бир намунаси ўзимизнинг Чақмоққа ўрнатилди. Станция ишга тушгандан бери 200га яқин қуш тури қайта ўрганилди, ҳалқаланди. “Тўр қопқон”га айрим кунлари бирорта ҳам қуш тушмайди, айрим кунлари эса, юзлаб, минглаб қушлар тушади. 1974 йилнинг 6 майида, бу ерда бир кеча-кундузда 12832 та, 1977 йилнинг 3 майида 14428 та қуш ҳалқаланиб, жаҳон орнитологик станциялари орасида Чақмоқ бекати қушларни ўрганиш ва ҳалқалаш бўйича рекорд кўрсаткичга эришди. Айни ана шу станцияда ҳалқаланган митти қалдирғоч жаҳон орнитологларини ҳайратга солган эди. Ҳа, шу ўзимизнинг миттигина қалдирғоч. 1978 йилнинг кузида Қозоғистон Фанлар Академияси Зоология институтининг олимлари Чақмоқ бекатида тўрга тушган қушлар ичида бўлган ягона қалдирғочни ҳам ҳалқалаб, учириб юборишади. Қалдирғочни тўрт кундан кейин Чақмоқдан жуда олисда, хакасиялик орнитологлар ушлашади ва бу митти қушчанинг суткасига 800 чақиримдан масофани учиб ўтганлигидан ҳайратга тушишади. Бунгача эса олимлар қалдирғочга “тўлиқ ўрганилган объект” сифатида менсимасдан, “от устида туриб”, беписанд қарашарди. Демак, бу митти қушча соатига 32–33 чақирим тезликда учар экан. «Юный натуралист» журналининг ўша йилги август сонида ана шу қушчамиз ҳақида “Қозоғистон қалдирғочи” номли мақола чоп этилди. Кейинчалик эса мазкур мақола “Сельская жизнь” рўзномасида ҳам тўлиғича кўчириб босилди.
Қалдирғочга нисбатан халқимизнинг ихлоси ўзгача. Бир образни қирқ бор турлантириб, бирда хасис, бирда сахий, бирда меҳрли, бирда қаҳрли, бирда шакар, бирда заҳар ҳолатда тасвирлайдиган халқ оғзаки ижодида ҳам қалдирғочга бўлган иззату эътиқод ўзгача бўлган.
“Қалдирғоч” ҳақидаги эртаклардан бири мана бундай бошланади:
“Э, анови ордона қолгур Уч кенглик, отадан қолган ер экан. Отангиз ким деб сўрашса, Нўғайли Эр экан, этак-енги кенг экан, Манғистовнинг сойи экан, Тиниқоқар сувнинг бўйи экан, Тиниқоқар сув бўйида, Саккиз арис эл экан, Саккиз арис бўлса-да, Саксон юртга тенг экан. Алқисса, ана шу элнинг бир боласи даштда қўзи боқиб юрган экан. Айладир деган элнинг қароқчилари босқинчиликдан омади юришмай, совуқда жунжикиб келаётиб, қўй боқиб юрган ҳалиги болага кўзлари тушиб, умуртқа аралаш елкасига тўқмоқ билан бир уриб, ҳушидан кетказиб, отнинг орқасига ўнгариб, ўзлари билан олиб кетишибди. Юртига етиб боришгач, “Қул боғлаганга сўров йўқ, қултемирга буров йўқ” деб унга мол боқтириб, ўтин ёрдирибди, хуллас, бола бечорани оч-наҳор, тиндирмай ишлатадиган бўлишибди. Тутқун болакай очлик, хорлик, зўрликдан ўксиб, йиғлаб ўтирганида қаршисига бир тўп қарға келиб қўнибди. Бола уларга ҳасрат қилиб, шундай деб турган экан:
–Қарғалар-ов, қарғалар,
Қор устида йўрғалар,
Менинг ҳолим кўринглар,
Менга ёрдам беринглар,
Туморимни олинглар,,
Манғистовга боринглар,
Ҳасратда қолган отамга
Туморимни берсангиз,
Суюнчисин олсангиз.
Қарғалар боланинг ҳасратига қулоқ солмасдан, учиб кетишибди. Зағизғон келиб қўнибди, бола йиғлаб, унга илтижо қилибди:
–Ҳой, зағизғон, зағизғон,
Ўлакса еб семирган,
Туморимни олақол,
Бизнинг элга борақол.
Зағизғон ҳам боланинг илтижосига парво қилмасдан учиб кетиб, ўрнига турналар қўнибди:
–Узун бўйин турналар,
Олижаноб мирзалар,–
деб йиғлаган болага улар ҳам қайрилиб қарамасдан, “қуррей-қуррей”лаб, учиб кетишибди.
Яқиндаги кўлга бир жуфт оққуш келиб қўнибди:
–Кўкдан учган оққушлар,,
Қуш тўраси оқ тўшлар,.
Отамга учиб етиш-чун,
Бўлсам дердим оддий қуш,
Онамга учиб етиш-чун,
Бўлсам дердим мен оққуш,–
деб зорланган боланинг овозини эшитган оққушлар шундай дейишибди:
–Тонг сарғайиб отганда,
Кун қизариб ботганда,
Ол шафақни кўрарсан,
Уям сендай шум етим.
Қалдирғоч келар шунда,
Қалдирғоч келса бунда,
Арзинг айтиб қоларсан.
Кун ўтиб, худди оққушлар айтганда, қизил шафақ осмонни тутганда, бир қалдирғоч келиб, шафаққа тикилиб, куюниб сайрай бошлабди. Шунда бола қалдирғочга қараб, йиғлаб, шундай деган экан:
–Эй, қалдирғоч, қалдирғоч,
Юрак мунгли, қорин оч.
Касал туя ётағон,
Ёв сарбози қатағон.
Ёвда ёлғиз қолдим-ку,
Олтов туғиб отадан!
Эй, қалдирғоч, қалдирғоч,
Юрак мунгли, қорин оч,
Менга ўхшаб бўзлайсан,
Недан куйиб сўзлайсан?
Билсам, менга мунгдошсан,
Кулфатимда сирдошсан,
Туморимни олақол,
Манғистовга борақол,
Отам билан онамга,
Боланг тутқун, деяқол,–\
деб қўйнидан туморини чиқариб, қалдирғочнинг қанотига қистирибди. Қалдирғоч кўкка кўтарилиб, бола айтган йўллар оша, ой қалқиган кўллар оша, одам юрмас чўллар оша, қанотларин тинмай қамчилабди, манглайидан тер томчилабди, қарчиғай, қирғий йўлин тўсганда, қояларни паналабди, япалоққуш, укки қувганда, ер бағирлаб зувлабди, туман қучган чексиз тоғлардан ошибди, Уст-Юрт усти кенг тақирдан шошибди, Ўғлонди деган оппоқ тоғ – Отаси унга қўнарди, қалдирғоч унга қўнмабди, ундан кейини Чўпон Ота, қанотлари толса-да, ҳолдан тойиб, ҳорса-да, қалдирғоч унда-да тинмабди, тутқун бола ҳолин ўйлабди, раҳмдил-да, қалдирғоч, қалдирғоч эмас, у сингил, у –дилпора, сингил қилса гар нола, зимистонлар чекинар, сингилларнинг мардлиги мусибатда билинар.
Алқисса, қалдирғоч ўзини олдирмай, йиртқичларга қанотларин юлдирмай, омон-эсон, соғу саломат боланинг ота-онасига туморни етказибди. Боласининг туморини таниган чол билан кампир “Оғайин-қариндошлар, юракда ғурурларинг бўлса, қўзғолларинг!” деб элга мурожаат қилишибди. Буни эшитган Саккиз арис элнинг саксон йигити отга миниб, қалдирғочнинг изи билан юриб, болани тутқунликдан қутқазишган экан. Бола тутқунда бўлган олти ой учун Айладирнинг олтовини ўлдириб, олти норга олтмиш гиламни ортиб, овулга келиб, муроду мақсадларига етишган экан.
Қозоқларда (барча мусулмон халқларида) қалдирғочнинг уясини бузиш—энг улкан гуноҳ ҳисобланади. Истеъдодли адибимиз Тинимбой Нурмағамбетов ўзининг оила ҳақидаги бир асарини “Қалдирғоч уяси” деб атагани ҳам бежиз эмас.
Ўшандан бери кўп замонлар кетиб, уни кўрганларнинг ҳаммаси дунёдан ўтиб, қалдирғоч ҳақидаги мана шу эртаккина бизгача етиб келган экан, деб якунланади ривоят. Фақат бугина эмас, бошқа эртакларда ҳам қалдирғоч– одамнинг дўсти, унга меҳрибон, ғамхўр қилиб тасвирланади. “Қалдирғочдай оловимга қаноти билан сув сепган” деган ўхшатиш ҳам бекорга айтилмаган. Айтгандай, суюкли одамни, масалан, қиз болани, сингилни қозоқлар қадимдан “қалдирғоч” деб аташади.
Бегона юртга узатилиб кетаётган синглисини кузатаётган оғаси:
Сув кўпаяр тўхтовсиз оққан сойда,
Жамланмайди ҳаромдан топган фойда,
Билак бир бўлган билан бармоқ бошқа,
Бирга ўсдик, аммо, бирга турмоқ қайда.
Қалдирғочим-ай,
Қайда юрсанг ҳам,
Омон бўлсанг бас,
Мунис бошинг-ай, қариндошим-ай!,
Сингилжоним-эй!–
деб хўшлашади.
Шу билан бирга, қалдирғоч одамийлик, меҳр-оқибатнинг ҳам рамзи. Бир ўланда:
“Қошинг бор қанотидай қалдирғочнинг,
Бўлса экан-а бари сендай қариндошинг,” –
деб куйланган сатрлар бунинг далили.
Атоқли шоир Муқағали Мақатаевнинг:
Қалдирғочим, келдингми, қарчиғайдан соғмисан,
Омон-эсон етдингми, айри қуйруқ нав қушим.
Қайтиб келдинг яна шу униб– ўсган уяга,
Қайтиб келдинг, суюклим, жуфтинг билан бормисан?
Қалдирғочим, не бўлди, қайга кетган шеригинг?
Кўринишинг маъюсроқ, ўкситдими сени ким? –
деган сатрларни ўқиганда, жуфтидан жудо бўлган қушчага ачиниб кетасиз ва унинг тимсолида ёридан айрилган бева келинчакни тасаввур қилиш қийин эмас.
Академик Ахмет Жубановнинг “Қалдирғоч” номли куйи илк бор ижро этилганидаёқ қалдирғоч хонишидай қалбларни ўзига ром этган эди. Ҳозир ҳам тинглаб роҳатланасиз. Бастакорнинг “Абай” операси учун яратилган “Қалдирғоч” рақси ҳам миллатнинг маънавий бойлигига айланди.
Оқ томоқ, қийилган қош, порлоқ манглай,
Кумуш юзинг оқлиги ёққан қордай, қалдирғоч.
Қувнайсан, эркалайсан, бўлиб хушхон,
Қалбимни ёритгайсан ёнган шамдай, қалдирғоч!
Мазкур қўшиқда ҳам буюк бастакор қалдирғоч тимсолида гўзал қиз, суюкли ёр қиёфасини тасвирлайди.
Қозоқлар қизларига “Қалдирғоч” деб исм қўйишни ёқтиришади.Бу исм қизларимиз ичида энг кўп тарқалган. Иккитадан бир қизимизнинг исми—Қалдирғоч, десак, лоф бўлмас. Қозоқларда қизларга “Оққув” деб ҳам, “Лочин” деб ҳам, “Укки”, “Тўрғай” деб ҳам исм қўяверади, лекин бундай исмлар камдан-кам учрайди. “Қалдирғоч” эса кўп. Қалдирғоч қадим замонлардан одамлар билан бирга яшаб, унга яхши-ёмон кунларда нон-намакда шерик бўлиб келаётган саноқли қушлардан бири.
Осмондан нозил бўлган муқаддас китобларнинг барчасида ер юзини сув босгани ва Нуҳ пайғамбарнинг ана шу тўпондан кемада қутулиб қолганлиги ҳақида ривоят келтирилган. Қазиғуртга (яна бир бошқа ривоятларда Жиддага, Сулаймон тоғига, Араратга, Манғистовга ҳам дейилади) келиб тўхтаган кеманинг уст қопқоғини очган Нуҳ алайҳиссалом: “Қани, бориб билиб кел-чи, тўфон тиниб, ер қуриганмикан?” деб каптарни кўкка учиради. Яна бошқа бир ривоятда каптар эмас, қалдирғоч учирилади. Шунингдек, Рабғузийнинг “Қисас-ул Анбиё”сидаги “Нуҳ алайҳиссалом ҳикоялари”да тўфонда тешилган кемага сув кириб, ғарқ бўла бошлаганида, Илон: “Тешикни мен беркитиб, кемани ҳалокатдан асраб қоламан, лекин эвазига дунёда қони энг ширин жонзот мен учун емиш бўлсин”, деб шарт қўяди. Чорасиз қолган пайғамбар илоннинг шартига кўниб, Арига “Бориб дунёдаги қайси жонзотнинг қони ширинлигини билиб кел,– деди. Ари дунёдаги жонзотларга бир-бир ниш уриб, ҳаммадан одамнинг қони ширинлигини билиб қайтаётганида қалдирғочга дуч келади. Ари билганини унга айтади. Қалдирғоч: “Гапинг рост бўлса, тилингни кўрсат-чи”,– дейди. Ари тилини чиқариши билан қалдирғоч уни бир чўқишда узиб олади. Забонсиз арининг ғўнғиллашига кемадагилар тушунмагач, қалдирғоч: “У дунёда бақанинг қони ширин, деяпти,” дейди. Ана шундан бери илонга бақа емиш экан. Арининг визиллаб, соқовланиши ҳам шундан қолган экан. Инсонни илондан халос қилган қалдирғоч эса, одамзоднинг энг суюкли қушига айланибди.
Қозоқ халқининг азиз бийларидан бўлган Тўлабий Алибек ўғли (1663—1756) Тошкент шаҳридаги Шайхонтаҳур қабристонида, Юнусхон мақбарасига яқин ерда дафн этилган. Юнусхон буюк Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг она томондан бобоси. Ўтган асрнинг 70-йилларида иш юзасидан Тошкентга тез-тез келиб турардим. Ҳар келганимда Тўлабий бобомизнинг қабрини зиёрат қилгани мақбарага кирардим. Ана шундай зиёратларнинг бирида чироқчи қария мендан:“Нега бу ерга тез-тез келасиз?” – деб сўраб қолдилар. “Бу ерда бобомиз ётибди. Биз, қозоқлар, қайга борсак-да, аввало боболаримиз қабрларини зиёрат қиламиз”, – дедим. Ўшанда қария Тўлабий бобомизга нима учун “Қалдирғочбий” деб ном берилгани ҳақида ҳикояни айтиб берган эдилар.
…Айни баҳор. Халқ яйловларга кўчган паллада қалмоқлар бостириб келишибди. Бутун эл ўтовларини йиғиштириб, тоққа қараб қочибди. Фақат Тўлабий кўчмабди. Қалмоқ хони яйловдаги ягона ўтовда бир ўзи қолган бийни кўриб, ажабланиб: “Элинг биздан қўрқиб, тоққа қочибди, сен нега қочмадинг?” – деб сўраганида ўтов тўрида ўтирган бобомиз пинагини ҳам бузмасдан, қамчисининг дастаси билан ўтов шифтига ишора қилибди. Хон бошини кўтариб, шифтдаги уяда чирқиллашаётган сариқ тумшуқ полапонлар ва уларга тинмай хўрак ташиётган қалдирғочни кўрибди. “Шу полапонлар учирма бўлмагунича, бу ердан бир қадам ҳам жилмайман”, деган гапни унсиз уқтирган бийнинг хосиятли киши эканлигини англаган қалмоқ хони отдан тушиб, унга эҳтиром кўрсатиб, қўл қовуштириб салом берган экан. Ана шундан кейин Тўлабийни эл “Қалдирғочбий” деб атайдиган бўпти.
Санкт-Петербургдаги Эрмитажда қадимий кўзалар зали бор. Ана шу кўзаларнинг бирининг устида баҳорда қайтган илк қалдирғочни қувонч билан қаршилаётган болакай ва жажжи қизалоқ тасвирланган. Қалдирғочнинг қайтиб келиши қадимдан кўкламнинг, яхшилик, илиқлик, қут-барака ва тўю томоша мавсумининг бошланишини билдиради. Қадим Миср мифологиясида юртидан йироқда вафот этган ёрини ахтариб, сафарга отланган соҳибжамол Исида Худонинг қудрати билан қалдирғочга айланиб, кўкка парвоз этади.
Насронийлар қалдирғочни Исо алайҳиссаломнинг номи билан ҳам боғлашади. Исо пайғамбар Понтий-Пилат амри билан оёқ-қўли бутга парчинланаётганида, римлик жаллоднинг қонли қўлидаги михни олиб қочган, болғани қаноти билан уриб тушириб, Исо алайҳиссаломнинг ўлимини кечиктирган хосиятли қуш – Қалдирғоч эди, дейилади.
Латишларда қалдирғоч ҳақида яна бир ажойиб ривоят бор. Олам бунёд бўлиб, одамзод энди яратилганида, денгизлар мавж уриб, дарёлар тўлиб оққанида Худо қаҳрланиб, жамики жонли ва жонсиз нарсаларни жазолаш учун, осмондан тинимсиз қор ёғдириб, ер юзини кўм-кўк музга айлантирибди, аёзни кучайтириб, бўронни қутуртирибди. Ана шунда одамзодга жони ачиб, худонинг тандиридан чўғ ўғирлаб, илк бор олов ёққан қуш – қалдирғоч эди, дейилади латиш афсонасида.
Қалдирғоч юртимизга кеч келиб, эрта қайтади. Чунки у, асосан, чивин- пашша билан озиқланади. Қалдирғоч хўрагини учиб кетаётиб, тумшуғи билан илиб олади, сувни ҳам худди шундай ичади. Қор эриши билан, салқинда пашша-чивин учмайди, улар кунлар исиб, дарахтлар яшил либосга бурканганидан кейин кўпаяди. Қалдирғочнинг эрта кетишига ҳам хўрак сабабчи. Салқин туша бошлагач, қурт-қумурсқа, пашшалар камаяди. Қалдирғоч уйларнинг шифти, қўтонларнинг тўсинларига уя қўяди. У одамларга ўзини яқин оладиган, ғоят дилкаш қуш. Унинг ўзга қушларникига ўхшамайдиган ёқимли хониши бор.
Тўғри, сўнгги беш-олти йил мобайнида жанубий вилоятларимиз, айниқса, Олмаота ва унга яқин ҳудудларда қалдирғоч кам кўринадиган, айрим йиллари, умуман, кўринмайдиган бўлиб қолди. Бу—экологиянинг бузилиши, одамларнинг ўрмону тўқайларни, тоғ этаклари, дарё соҳилларидаги ўтлоғу яйловларни ўзлаштириб, табиатни ғорат қилаётганидан деб ўйлаймиз. Халқимизда “Қалдирғочлар нияти бузуқ, ёвуз одамнинг уйига уя қурмайди”, деган гап бор. “Янги қозоқлар”нинг Олмаота яқинида, тоғ ёнбағрида қад кўтарган муҳташам ва юксак кошоналари ям-яшил дарахт ва гулларга бурканган бўлса-да, бу яқин атрофда қушларнинг озлигидан ажабланасиз. Ваҳоланки, бу ердан тоққа қараб кўтарилганда, Горний Гигант посёлкасидаги пастқам уйларнинг ҳар бирининг бўғотида қалдирғоч, тўрғай, чумчуқлар уя қурганини кўриб ҳайратга тушасиз.
Қалдирғочларнинг камайиб кетишига сўнгги йигирма-ўттиз йил ичида “майна” деб аталадиган ола қанот, қўнғир қушларнинг шаҳарларимизда кўпайиб кетганлиги ҳам сабаб бўлмоқда. Бу қанотли йиртқичлар қалдирғочларимизни шаҳарлардан бездириб юборди. Бунга қандай чора кўриш мумкин?
А.Брэм қалдирғочларни илмий жиҳатдан тадқиқ қилган биринчи европалик олим эди. Унинг ёзишича, қалдирғочнинг кўзи жуда ўткир, ҳар қандай масофада учаётган хўракни кўради ва уни парвоз пайтида тумшуғи билан қоқиб олади, лекин бир жойда қўниб турганини ушлолмайди. Шунинг учун ҳам қалдирғочлар қуёш чиқишидан олдин ёки булутли кунларда, кўкда чарх уриб, чивин-пашша овлашади.
Қалдирғоч ўлкамизга каптар ва булбул билан бир пайтда, май ойида келади. Май ойининг бошида, сокин кечаларнинг бирида бехосдан каптар сайрай бошлайди. Бу билан у: “Мен билан қалдирғоч ҳам келди!”—деб хабар берар эмиш.
Қалдирғоч келиши биланоқ уя солишга киришади. Уя битиши билан унга 4 тадан 6 тагача чипорранг тухум қўяди.
Иккинчи бор у августнинг бошида тухумлайди. Полапонлар 14–16 кунда тухумдан чиқишади.
Асосан шаҳарда яшайдиган калта дум, оқтўш қалдирғочлар кўп қаватли уйларнинг деворларига уяларни қандай қилиб бунчалик мустаҳкам ўрнатишларининг сирини ҳалигача ҳеч ким билмайди. Айриқуйруқ қалдирғоч ҳам уяни юксак маҳорат билан қуради ва унга бегона қушларни яқинлаштирмайди. Тухумни макиён билан эркаги навбат билан босишади. Қалдирғочлар оиласини дунёда энг тотув оила дейиш мумкин. Улар бир-бирлари билан жуда иноқ бўлишади.
Қадимгилар “Вабо, чечак, безгак каби юқумли касалликлар тарқалган юртга қалдирғоч келмайди, келса, демак у ерлардан касаллик чекиниб, эл соғайган бўлади,” – дейишган.
Доғистонда Пудахар деган овул бор. Мазкур овулнинг пайдо бўлиши ҳақида мана бундай ривоят бор. Душманни таъқиб қилиб келаётган ялангтўш йигитлар ҳордиқ олгани тоғ этагида тўхташибди. Қўлларидаги туғнинг дастасини ерга қадаб, уйқуга кетган ботирлар тонгда уйғониб қарашса, туғ бошига қалдирғоч уя солишга улгурган экан. Ўлим билан юзма-юз келишдан чўчимаган эр йигитлар қалдирғочнинг уясини бузиб, унга озор беришдан чўчиб, шу ерга ўтов тикиб, экин экиб, мол боқиб, яшаб қолишибди.
Қалдирғоч эстонларнинг энг суюкли қуши ҳисобланади. 1962 йилдан қалдирғоч бу халқнинг миллий рамзига айланган. Нима учун қалдирғочнинг думи айри бўлиб қолганлиги ҳақида уларда мана бундай ривоят бор.
Қадим ўтган замонда, Таллин деган томонда ҳам ҳуснда, ҳам ақлда катта-ю, кичикнинг ҳурматига сазовор бўлган йигит яшар экан. Йигит ой деса оғзи бор, кун деса кўзи бор, ўзига муносиб соҳибжамол бир қизни севар экан. Икковлон қўл ушлашиб, дарё соҳилида сайр қилиб юришганида, ҳамма уларга маҳлиё бўлиб, қараб қолишар экан. Икки ёшнинг бахтиёрлигини кўролмаган Шайтон жодудан фойдаланиб, ўзининг сўзи кўп, кўзи кўк, кулганда йиғлаётгандай, юрганда думалаётгандай хунукдан хунук, ўзи аҳмоқ, сочи паҳмоқ алвасти қизини йигитга қўшибди, унинг севган қизини эса қалдирғочга айлантириб, учириб юборибди.
Дабдабали тўй бошланибди. Тўй бўлаётганида бир қалдирғоч дастурхон устига қўниб, куйиниб хониш қилиб, йигитга талпинибди. Дастурхон атрофида кайфу сафо қилиб ўтирганлар қушни ҳайдашибди. Қалдирғоч яна учиб келиб, сохта бахтдан сархуш йигитнинг елкасига қўниб, ёнида ўтирган бадбашара қайлиғининг қулоғидаги исирғани тумшуғи блан юлиб олибди. Қайлиғи қулоғини ушлаганича, ўкириб йиғлай бошлабди. Тўйнинг файзини бузган қушни ҳайдаш учун меҳмонлар у ёқдан-бу ёққа югуришиб, нозу неъмат қўйилган столларни ағдаришибди. Шайтоннинг қалдирғочга қарата отган болтаси думига тегиб, уни иккига айриб юборган экан. Ўшандан бери қалдирғочнинг думи айри экан, дейилади эртакда.
Энди ҳар бир миллатнинг қалдирғочга тааллуқли аломат ва иримларига тўхталсак:
Қалдирғоч қайтадиган пайтда қўрага қўнса, қўй эгиз туғиб, жонлиқ кўпаяди, агар уйга қўнса, бола кўпаяр эмиш.
Қалдирғочга ўқ тегмайди.
Қалдирғочнинг уясини бузган боланинг кўзини девлар тимдалайди.
Қалдирғоч ҳам одам каби тупроқдан яралган ва унга озор етказиш оғир гуноҳ ҳисобланади.
Тушингга қалдирғоч кирса—бахтга эришасан.
Қалдирғоч кўрсанг чўнтагингни силкит – унга даста-даста пул тушади.
Бўйдоқ йигит тушида қалдирғоч кўрса – севган қизига уйланади.
Кўкламда илк бор қалдирғочга кўзинг тушиши билан оёғингнинг тагига қара – унга оқ соч ёпишган бўлса, оқ сочли қизга, қора соч ёпишган бўлса, қора сочли қизга уйланасан.
Қалдирғоч уясини қирқ кун мобайнида ясайди, уни бузганлар қирқ балога гирифтор бўлади.
Кўкламда илк бор қалдирғочни кўришинг билан қора кўмирни синдириб, бир мисқолини чўнтагингга сол. Шунда ана шу йили бошингга бахт қуши қўнади.
Тушингда ўлган қалдирғочни кўрсанг – яқин кишинг вафот этади. Садақа беришни унутма.
Қалдирғоч уясига қайтмаса ҳушёр бўлинглар, ўша уйда ёнғин чиқиш эҳтимоли бор.
Қалдирғоч уйни тинмай айланиб учса шу уйнинг қизи тез кунда турмушга чиқади.
Севган қизинг сендан аразлаб, яқинига йўлатмай қўйса тилла узук сотиб олиб, уни тўққиз кунгача қалдирғоч уясига солиб қўй. Ўнинчи куни уни қизга берсанг–Худо тилагингни амалга ошириб, муродингга етказади.
Инсон боласи уй солишни қалдирғочдан, тўр тўқишни ўргимчакдан ўрганган деган Демокрит.
У гулга қўниб, унинг шарбатини ичади, бу билан, кўр бўлиб туғиладиган полапонларини бу дарддан даволайди.
“Суюкли боланинг оти кўп” деганларидай, қалдирғоч тўғрисида ривоят ҳам, эртак ҳам кўп. Қадим насронийларнинг “Қалдирғочлар қишда ботқоқ тагига кириб қишлайди”, деган ривоятидан тортиб, “Қалдирғоч иссиқ ўлкаларга қайтишда турнанинг қанотига ўтириб ёки лайлакнинг кўксига ёпишиб, учиб кетади”, деган чўпчаклардан тортиб, қанча достон ва қўшиқлар тўқилган. Ғарбий Украинада ҳам қалдирғоч “қишда дарё тагида ухлайди”, деган ривоят бор. Қишда қалдирғочни соғинсанг, музга қулоғингни тут – дарё тагидан унинг овозини эшитасан, дейишади ғарбдаги украиналиклар.
Жаҳонда қалдирғоч тўғрисида ривояти бўлмаган адабиёт бормикан?
Жаҳонда қалдирғочни ёмон кўрадиган эл бормикан?
Яна бир ривоятга кўра, ҳар кимнинг ўз қалдирғочи бўлар эмиш. У ётсак ҳам, турсак ҳам тепамизда айланиб, бизга соғлиқ тилаб, бало-қазо, хавф-хатар, ёмон сўз ва ёмон кўзлардан бизни асрайди, дейишади. Инсон боласи шунчалик гумроҳки, ҳатто у ўзининг қалдирғочини танимай, тополмай, бу ёлғон дунёдан ўтиб кетаркан. Агар ҳар биримиз ўз қалдирғочимизни топганимизда, бахтимиз янада тўкисроқ, омадимиз бундан-да тўлиқроқ бўлиб, армонсиз умр кечирган бўлармидик?
Буни ўз қалдирғочини топганлардан сўрашни истардим. Сиз-чи, сиз ўз қалдирғочингизни топдингизми?!
УЛАР
Улуғтовга чиқдингми,
Улар гўштин едингми?
Халқ қўшиғи.
Уларқуш ҳақида сўз кетганда, мен дарҳол 1986 йилнинг декабрь ойидаги қирғинда ўн гулидан бир гули очилмай хазонга айланган қизимиз Лаззат Асановани эслайман. У халқимизнинг мустамлака бўлиб яшашига қарши чиқиб, шу йўлда ўлимни афзал билган чинакам қаҳрамонлардан. Аллоҳ Таоло унга саккиз жаннатнинг барча эшикларини очгай! Ўзи ҳалок бўлса-да, халқимизнинг эрксевар, озод руҳи мангу барҳаётлигини яна бир бор исбот этиб кетди у!
Улар тузоққа тушиши биланоқ нобуд бўладиган эрксевар қуш. Шунинг учун жаҳондаги бирорта ҳам ҳайвонот боғида уларқушни учратмайсиз. Тоғда сайраган какликнинг, бутазордаги бедананинг, ҳатто қирғовулнинг ҳам тухумларини хонаки товуққа бостириб, полапонларини қўлга ўргатиш мумкин. Жўжалар, наслу насабим бошқа экан, демасдан, ғужуллашиб, товуқнинг орқасидан эргашиб юришади. Лекин уларқушнинг боласини қўлга ўргатиб бўлмайди. Тухумини товуққа бостирган билан жўжа чиқмайди, полапонига одам қўли тегиши биланоқ нобуд бўлади.
Қадимий боболаримизнинг эрксевар руҳи, озод руҳи—шу қушга жо бўлмадимикан? Мангу боқий ҳалолликнинг, нафосат ва гўзалликнинг, улуғворликнинг рамзи бўлиб қолган, тоғ чўққиларида яшайдиган покиза табиатли, пок тийнатли Уларқуш тубанликдаги рутубатли, гуноҳкор заминдаги, қафасдай ердаги қора тирикчиликнинг макру ҳийлаларига чидай олмас экан. Ҳа, бу замин биз каби гуноҳкор бандаларининг тирикчилиги кечадиган макон, осмон эса фаришта ва қушлар яшайдиган, озод руҳ ором топадиган покиза хилқат. Демак, олқиш уларга, ҳурмат-эҳтиром мана шундай покиза жониворларга, раҳмат шу қушларга!!!
Уларқуш фақат покизалик ва юксак улуғворлик тимсоли бўлган тоғ чўққиларида яшайди, дедик.
Олам-олам, дунё-дунё, эй дайри дун,
Осмонларга кўзим тикиб мен дейман-да:
Жон Аллоҳим, қуллуқ одиллигинг учун,
Фаришта-ю қушлар учар ҳув тепамда.
Мана, яна тонглар отар бир мунаввар,,
Сайрон-сайрон, нур тўкилар, олтин-олтин.,
Сермаб учар ҳур қанотни менга бермай,
Қушларга бахш этганингга қойил қолдим!.
Эдил бўлиб, Ёйиқ бўлиб, дарё бўлиб,
Ғайбдан бир кун менга қанот бахш этсанг ҳам,
Менга қанот битган билан,
Мен қанотни юборардим қушга бериб,
Дердим:
–Кўкка сен муносиб, уч, эй эркам!.
Ҳар ким ўз ўрнини билганига нима етсин. Уларқуш паст учади, деганнинг ўзида денгиз сатҳидан уч минг метр баландликда яшайди. Уни ҳатто денгиз сатҳидан беш минг метр баландликда кўрганлар ҳам бор. Муболағасиз айтадиган бўлсак, бу булутлардан ҳам баланд дегани. Бундай баландликда ўсимликлар деярлик учрамайди. Тоғу тошлар оппоқ қор, кўм-кўк музга бурканган, на бирорта дарахт бутоғи, на бирорта чечак бўлмаган, фақат изғирину шамоллар эсган бундай юксакликда, бу бечора қуш нима билан озиқланади? Тоғ чўққисида совуқ қанчалик қаҳрли бўлмасин, қуёш йилт этиб кўринса бас, тоғнинг кунгай-беткайларида қор дарров эриб кетади. Муз қоплаган тоғнинг тўқимдай ери очилса бас, уларқуш ўзига тоғ саримсоғи, арча куртаги каби хўракларни топади. (Айтмоқчи, тоғ саримсоғи қадимда “улар пиёзи” дейилган. Менимча, ана шу атама тўғри. Ҳозирги “тоғ саримсоғи” атамаси рус тилидаги илмий қўлланмалардан олинган “горный чеснок”нинг сўзма-сўз таржимаси). Улар қумақой ҳам эмас, хўра ҳам эмас, қаноат билан қорин тўйғазиб, хўрак топилмаганида очликка бардош берадиган қуш. Улар юрган ерга қарға, қузғун, зағизғон яқинлашмас экан. У мағрур тоғтака, бурама мугуз архарлар ўтлайдиган яйловда юради. Архар ўзи озиқланмасдан, бу қуш учун ҳам туёқлари билан қор тепиб-титиб, емиш топар экан. “Тенг тенги билан”, деганлари шу бўлса керак-да.
Энди бу қушнинг кўзга кам кўринишига келсак, биринчидан, у жуда сергак, уни тузоққа, тўрга тушириб бўлмайди. Агар уни тоғли жойда ов қилишга мослашган бургут олмаса, жиғалтой, бўктарги, ҳатто қирғий ҳам ололмайди. Ҳеч бир тажрибали овчи уларга қуш солмайди, унга қарата ўқ отмайди. Ўлган улар танасини кўрганлар тирноқлари билан патларини ажратиб олиб, боланинг бешиги ва уйнинг тўрига илиб қўяди. Иккинчидан, барча асл жонзотлар каби, уларқуш болани кам очади. Кўпаймайди. Шунинг учун ҳам у қадрли бўлса керак-да.
Уларни ушлаш орзусида бўлган орнитологлар нечта тоғу тошни сарсон-саргардонлик билан беҳуда кезиб, қайтишмади дейсиз. Бу қушга ишқивозлар унинг сайрашини эшитишни ҳам чинакам бахт деб билишади.
Бундан ўн йилларча муқаддам, Ҳиндистонда беморларни сайроқи қушлар овози билан даволайдиган шифохона очилганлиги ҳақида матбуотда кўп ёзишган эди.
Биринчи бўлиб куй яратган ва уни нотада ифода этишни ихтиро қилган шахс ҳам қушларнинг хонишини севган бўлса керак. Балки куйнинг қадимий номи ҳам “қуш тили” деб аталгандир. Ҳар бир созда қуш овозига ўхшайдиган садолар учрайди. Масалан қозоқ халқ куйларида “Угай-ай, уга-ай, у-г-а-й” деб келадиган қайиримлар бор. “Угай-ай” уккининг товушини эслатади.
Уларқуш субҳидам пайтида ўн йигирматача бўлиб сайрашади. Сайрашади дегандан кўра, сўзлашади дейиш тўғрироқ бўларди. Ана шунда “Уларқушдай чувлашди” деган ибора ёдга тушади. Шарқий қозоғистонлик табиатшунос ёзувчи Борис Шчербаков уларқушларнинг овозини сўфининг азон айтишига ўхшатади. Бизнингча, у сўфининг азонидан кўра, кўпроқ сибизғанинг ноласига ўхшаб кетади. Сибизғани ўйлаб топган шахс уларқушнинг хонишини севган бўлса керак.
Қирғиз халқ қўшиқларида “улар куйли, қўй кўзли”, “улардай сайроқи овози бор” деган сатрларини учратамиз. Машҳур қирғиз халқ қўшиқларидан бири “Ёшлик куйловчи уларқушга ўхшайсан” деб бошланади. Қирғиз Олатовни мадҳ этганида: “Чўққилардан қичқирган уларқушли, Олатов” деб куйлайди.
Европа давлатларида қушлар муҳофазаси, қушларнинг парвариши ва кўпайтириш яхши йўлга қўйилган Лекин ўша давлатларнинг бирортасида ҳам уларқуш йўқ. Италия, Швейцария ва Франция каби давлатларнинг қорли тоғлари, жўшиб оқувчи дарёлари, ям-яшил, шинам ўрмонлари бизга қандайдир сунъийдай туюлади. Чунки у ерларда уларқуш йўқ, ҳеч қачон бўлмаган ҳам. У баландликда яшайди, Альп тоғларида бўлса керак, деган тахминимиз ҳам тўғри чиқмади. Альфред Брэм ёзган тоғ булудуруғи (coccabis), тоғ куркаси (megalopealix) – уларқуш эмас. Ўз вақтида Европанинг айрим олимлари уларқушни бошқа қуш билан чалкаштириб, анча мақолалар ёзишган, ҳақиқатдан эса уларқуш Альпда ҳам, Пиринея тоғларидан ҳам йўқ, бўлмаган ҳам.
Тоғлар бунёд этилганида Тангрининг раҳмат назари бизнинг заминимизга ёғилган, шекилли. Марказий Осиё тоғлари, Буланой (Ҳимолай) тоғ тизмалари ҳайвонот олами ва ўсимликларга жуда бой. Шарқдан Ғарбга қараб юрилса, тоғ жонзотларининг тури камайиб, тоғлар ҳам яссилаша боради. Шунинг учун ҳам Европа қитъасида уларқуш яшамайди. Буни “Овулимизнинг ити ҳамманикидан зўр” деган маънодаги мақтанчоқлик деб ўйламанг, балки бу – ҳозирги замон фанида тасдиқлаган ва жаҳон тан олган хулоса.
Зоогеографларнинг жаҳон бўйлаб ўтказган тадқиқотига кўра, ер юзида уларнинг бешта тури мавжуд экан. Қоф тоғида –Кавказ улари, Кавказ орти билан Туркманистоннинг Кўпетоғида Каспий улари учрайди. Иккови ҳам Олатов билан Олтойдаги уларқушларга нисбатан танаси анча кичик. Каспий уларини Манғистов итолғиси овлар экан. Помирнинг жанубида Тибет улари бор дейишади. Тангритов (Тиёншон), Буланой (Ҳимолай) атрофларида учрайдиган қоратўш улар – бизнинг Олмаота яқинидаги тоғларда, аниқроқ айтганда, Или Олатовининг тепалари, Ўнг Талғар, Сўл Талғар, Ўрта Талғарда, Буланбел (Жунғор Олатови)да, Белжайлов, Сарибелгача бўлган оралиқда, Талас Олатовининг Такаёнғоқ, Пискент тоғлари этакларида кўзга чалинади. Ҳа, кўзга чалинади, дегани ҳақиқатга яқин, чунки у сон жиҳатдан бу ҳудудларда жуда кам. Бу қуш жиндай хавф сезиши биланоқ, кўздан ғойиб бўлади. Тез учади. Ерда курка товуққа ўхшаб юради. Шунинг учун ҳам у айрим илмий тўпламларда “тоғ куркаси” деб аталган. Аслида, у куркага умуман ўхшамайди. Оқтўш улар Олтой, Саян тоғларида учрайди. Қозоқча “Улуғтовга чиқдингми, улар гўштин едингми?” деган қўшиқда қоратўш ва оқтўш уларлар назарда тутилади. Қўшиқда айтилган Улуғтов Сариорқанинг жануби-ғарбидаги, аниғи, Жезқазған атрофидаги қадимий Улуғтов эмас. У ерда уларқуш йўқ, бўлиши ҳам мумкин эмас. Улуғтовнинг энг баланд қисми—1134 метр, ўртача баландлиги 400–600 метргина келади. Қиёслаш учун айтганда, Тангритов (Тиёоншон)нинг энг баланд ҳисобланган Ғалаба чўққиси—7439 метр бўлса, Хонтангрининг баландлиги 6995 метр. Олтойдаги Музтоғ, Оқбоштоғ, Оқтов, Болуха чўққиларининг баландлиги – 4506 метр экан. Қадимги қозоқ:
Чўққидан қичқирган қуш – улармикан,
Полапонин ушласам, йиғлармикан?—
деганда баландлиги 400–600 метрлик ясси тоғни айтмагандир.
Қосим Омонжўловнинг:
Буғули, Тоғлига кўтарилсак бориб,
Эшилиб Есил оқса минг буралиб,
Улари Улуғтовдан булут бўп учса,
Оролда тўлғонади тоғдай балиқ,–
деган сатрларида “булут” бўлиб учиб юрган Улуғтовнинг уларлари ардоқли шоиримизнинг хаёлот маҳсулигина деб тушунмоқ керак. Шунингдек, бугун теледийдорда, радиода тез-тез айтиладиган бир қўшиқда муаллиф ўзи ошиқ бўлган гўзал қизни “Улуғтовнинг уларқушига ўхшайди” дейди. Севган қизни уларқушга тенглаш қандай бўларкин? Ўзи кўриниши хунук бўлса, оёқлари калта, писта тумшуқ, калласи думалоқдан келган, бўйни ҳам калта, ўзга қушлардай соллониб эмас, судралиб юрувчи, думи ҳам бир тутамгина, танаси билан тўши номутаносиб, тўмпоқ биқин, оч кулранг қуш бўлса. Бу ерда гап унинг кўринишида эмас, гап Улуғтовда уларнинг йўқлигида. Лекин бу билан биз Улуғтовни ерга урмоқчи эмасмиз. У миллий руҳиятимизнинг олтин бешиги сифатида ҳар биримиз учун табаррук маскан. Кейин уларқуш йўқ дегани, бу тоғда бошқа жонзотлар ҳам йўқ дегани эмас. Улуғтов атрофидаги Бургут, Булдириқ, Шунқор, Қалдирғочтоғ каби номлар нимани билдиради? Демак, бу ерлар қадимда ана шу номдаги қанотли жонзотлар маскани бўлган, дегани.
Улуғтов деган атама туркий тилларнинг барчасида учрайди. Туркиянинг қадим пойтахтларидан бири Бурса шаҳри яқинидаги зангор тоғнинг номи—Улуғтов. “Улуғ”, “Улли” туркча сўз бўлиб, бошқа туркий тилларда бу сўз ҳам, форсийдан ўтган “буюк” сўзлари ҳам ишлатилади. Лекин қозоқчада фақат “ули” сўзигина қолган. Вақтида тилимиздаги пантрукизмга қарши курашамиз деб курмакка қўшиб анчагина гуручни ҳам тўкиб ташлаганга ўхшаймиз. Демак, боболаримиз “Улуғтовга чиққанмисан?” деганда хосиятли тоғни, муқаддас маскан, юксаклик ва покизаликни назарда тутган экан. Энди, “ Улар гўштини еганмисан?” – деган сўзни нимага айтди экан?
Шу ўринда одам ишонгиси келмайдиган бир ирим ҳақида тўхталсак. Денгизчилар билан балиқчилар орасида қадимда шундай ирим бўлган экан. Сувга чўкиб боряпган кемадагилар орасида уларқуш гўштини еган киши бўлса, айнан шу одам қурбонлик ўрнига сувга ғарқ қилинар экан. Шу билан қолганлар омон-эсон юртларига етиб боришган.
Яна бир ривоятда бундай дейилади: қадимда Хитойга борган савдогарлардан маҳаллий одамлар “Улуғтовга чиққанмисан, уларқуш гўштини еганмисан?” деб сўрашар экан. Шунда бирорта савдогар “ҳа, еганман” деса, уни хитойилар шу ернинг ўзида ўлдириб, гўштини нимталаб, дори тайёрлашган. Бу нима? Уларқушни улуғлашми, ёки “Айиққа намозни ўргатган таёқ” деганларидай, эси паст овчиларни раъйидан қайтариш учун ишлатиладиган бир тадбирми? Нима десангиз ихтиёрингиз-у, бироқ шундай ҳангомалар борлиги рост.
Энди ривоятдан ҳақиқатга қайтадиган бўлсак, Шарқда синиқчи-ўтарчилар, эмчи-табиблар, афсунгар-фолбинлар ўтмишда уларқуш гўштидан жуда кўп дардларга даво бўлувчи дорилар тайёрлашгани ҳақида маълумотлар бор. Тоғ мўмиёсининг шифобахшлигини одамлар “калмуруғ” (тожик-форсий тилида уларқуш шундай дейилади, бу тозтовуқ-калтовуқ” дегани)дан ўрганганлиги ҳақида ривоятлар бор. Қуйида келтирадиган эртакдаги қора мой айни мана шу мўмиё бўлса керак, деган фикрдамиз.
“Эртадан ҳам эрта экан, эчкининг жуни ҳали жуда калта экан, қирғовули қизил экан, қуйруғи ҳам узун экан, бўри баковул экан, тулки ясовул экан, тошбақа тарозибон экан, каклик карнайчи экан, суғур сурнайчи экан. Улуғтовнинг қияси экан, уларқушнинг уяси экан.
Ўша замонда Улуғтовда тўрт-бешта қўй-эчкисини ҳайдаб юрган, ёпинчиғи япроқ, кўрпачаси тупроқ, оёқ-қўли дириллаган, икки кўзи иринглаган Уланоқ деган чол бўлган, бир тирноққа зор бўлган. Унинг Улданой деган кампири бор экан. Тонг саҳарда уларқушлар сайраганда икковлари зор-зор йиғлаб:
–Улуғтовнинг бошинда
Узоқ ётган қормикан,
Қизариб отган тонгмикан,
Қизариб отган тонг сайин,
Полапонин қўрғашлаб1,
Оқ қор кечиб, йўл бошлаб,
Улар куй айтганмикан.
Улар куйин айтганда,
Ўғли йўғин икки эслаб,
Қизи йўғин бир эслаб,
Куни бўйи йиғлагай
Уланоқ ва Улданой
Биздан-да, ғариб бормикан?—
деб нола қила-қила, ниҳоят ёлғиз ўғил кўришибди, ўғилнинг исмини Уларбек қўйишибди.
Уларбек йил эмас, ой эмас, кун эмас, соат сайин тўлишиб, қуралайнинг кўзини нишонга оладиган мерганга айланибди. Унинг қилтузоғи бор экан, ундан булутлардан баландроқ учадиган бургутлар ҳам, елга етказмай чопадиган қулонлар ҳам қутулолмабди. Хуллас у “Қилтузоқли Уларбек овчи” деган ном чиқарибди. Уларбек тоғма-тоғ ошибди, учадиган-у, юрадиган жонлиқ борки, биронтасини омон қўймабди.
Куркаси панада писиб ётади экан,
Кўрган жонзот тоғдан-тоққа қочади экан.
Оқ кийик эмизган боласин тепиб ташлаб,
Оқ сутин ерга оққизиб, чопади экан.
Кексайган Уланоқ чол ўғлига ялиниб, шундай дебди:
–Вой, не дейин, не дейин,
Бўлмади-ю, ҳой, болам.
Ўлар чоғда ота-онанг
Шўрлади-ю, ҳой, болам!
Улуғтовда уларқуш
Бошингда эди, ой, болам,
Оқмаралнинг боласи,
Қошингда эди, ой, болам.
Уядаги полапон
Унда қасдинг бор, болам,
Қизил қанот, сариқ тумшуқ
Ошингмиди, ҳой болам?!
Жардан қулаб ёш кийик
Оғиб кетди-ю, ҳой, болам.
Югурган жон, учган қуш,
Безиб кетди-ю, ой, болам.
Онанг сени туғарда
Ерик1 бўлди уларга.
Уларқушнинг аввалдан
Эгаси бор, ҳой, болам.
Бу айтганим бўлмаса,
Кўкайингга қўнмаса,
Уволи бор, ҳой, болам.
Уларқушнинг уяси одам зоти боролмайдиган, бирор овчи ололмайдиган Улуғтовнинг қиясида экан. Қадимгилардан: “ Дунёда икки тоифа одамни ниятидан қайтариб бўлмайди, бу—эрсираган қиз ва ўлжа деб интилган овчи”,–деган гап қолган. Уланоқ вафот этган куниёқ Уларбек:
–Атан2 ўлса, сўйилар,
Отанг ўлса, кўмилар,
Бироқ меникидайин
Тузоқ қайдан топилар,–
деб қилтузоғини қўлига, милтиғини елкага осиб, Улуғтовнинг қиясини, улар қушнинг уясини мўлжалга олиб кетаверибди, ов завқидан қўшиқ айтаверибди:
–Улуғтовга чиқарман,
Қилтузоқни қўярман,
Улуғтовга чиқмасам,
Йўлим, сендан не фойда?!
Улар ушлаб олмасам,
Қўлим, сендан не фойда?!—
Шу пайт оёғи сирпаниб, йиқилиб, бир қўли синибди.
Ўнгдан келса, ўнг отган,
Сўлдан келса, сўл отган,
Отган ўқин теккизган,
Қўлим, сенга не бўлди?
Товони ялпоқ тарлоним,
Тиш, туёқли арланим,
Ўкчаси бийик югругим,
Ўрга битган суйригим,
Оёғим, сенга не бўлди?! –
деб турганида иккинчи бор йиқилиб, оёғини синдирибди.
Йиқилган жойида икки кун ётибди – ёнига биров келмабди, пастга тушолмай тўрт кун ётибди – ҳолидан биров хабар олмабди, ёрдам сўраб, қулундай нола қилибди, ноласини биров эшитмабди. Улкан тоғ, кимсасиз дала. Милтиғини бир қўлтиғига, таёғини иккинчи қўтиғига тираб, қилтузоғини тошга боғлаб, минг азоб билан тоғдан пастга тушиб, судралиб уйига аранг етиб келибди. Келса, ўлган отаси кўмилибди, туяси сўйилибди, жанозага йиғилган эл аллақачон тарқалибди. Ундан кўнгил сўрайдиган бирор кимса қолмабди. Тентак ўғилни ундан бўлак ким ҳам эсласин – онаси бечора зорланиб, атрофида парвонадай айланиб, йиғлаб йўқлабди:
Отанг ўлди – қўйилди, бўтам,
Атан ўлди-сўйилди, бўтам.
Икковин ҳам кўрмадинг, бўтам,
Ўнгдан келса, ўнг отдинг, бўтам,
Сўлдан келса, сўл отдинг, бўтам,
Отарга-ку, ўқ топдинг, бўтам,
Инсофни-чи, йўқотдинг, бўтам?
Кун кетидан кун ўтибди, ой кетидан ой ўтибди, Уларбек ана шу йиқилгандан қайтиб турмабди. Синган қўли тунлари ухлатмасмиш, синган оёқ жойидан қўзғатмасмиш. Бир куни онаси: “Энди бўлмади, болам, Улуғтовга чиқайин, уларқушни излайин, сени туғишда бошқоронғилигимни босиб, бир қувонтирган эди, энди қайғуда кўмак бериб, яна бир қувонтирмасмикан?”—дебди.
Улар деган уларқуш,
Қуёш билан чиқар қуш,
Бизни кўрса, қочар қуш,
Қочма, жоним, бери кел,
Қон йиғлаган онаман,
Зор йиғлайди болам ҳам,
Қирқ қовурғам сўкиб ол,
Умуртқамни бўлиб ол,
Ёлғизимга ёрдам бер!
Она беш кун юрди—бели толди, олти кун юрди—оёғи толди, еттинчи кун деганда якка қояга дуч келди, якка қоянинг тепасида якка уяни кўрди, якка уянинг ичида якка полапонни кўрди. Ушламоқчи эди, қўлидан тушиб кетиб, полапоннинг оёғи синди. Бечора кампир орқага чекиниб, бир тошнинг кўланкасига бориб ўтирди. Чарчаб, кўзи уйқуга кетган кампир бир пайт қушнинг шовқинидан чўчиб уйғонди. Қараса, она қуш оёғи синган полапоннинг оғзига қоп-қора мой қуяётган экан. Нари қараб, бери қараб, қандай мой эканлигини билмасдан, эртасига яна келибди. Келса, ҳалиги оёғи синган полапон анча тетиклашибди, синган оёғига онаси қора май суркаб, устидан япроқ ўраб қўйибди, уя тагида қора мой томган япроқлар уюлиб ётган экан.
Исмим менинг–Улданой,
Куним битар кезинда,
Ялангоёқ боғ ошдим,
Қизилоёқ тоғ ошдим.
Майиб болам инграйди,
Кўздан ёшим тинмайди,
Инграганин кўргунча,
Ожиз қараб тургунча,
Ўлса эди Улданой.
Улар, улар, уларим,
Этингдан бер, демайман,
Суягинг бер, демайман,
Қора мойинг берақол,
Ёлғизгинам тузалсин,
Жоним сенга қурбон-ай!! –
деб йиғлаган Улданой қора мой томган япроқларнинг ҳаммасини териб олиб, этагига солиб, уйига келибди-да, Уларбекнинг синган қўл-оёғига ўраб ташлабди. Боласи ўша тун тинч ухлабди. Эртасига эрталаб, қора мойнинг қолганини онаси чойга солиб, яна Уларбекка ичирибди. “Уч кун ич, учига етсин, етти кун ич-сингиб кетсин, саккиз кун ич-синиқлар силлиқлансин, тўққиз кун ич-да, тўйга тур”,–деб дам солиб, куф-суф қилиб, тўққиз кун ичирибди. Орадан кўп ўтмай Уларбекнинг қўл-оёғи жойига тушиб, ўрнидан туриб, ҳеч нарса кўрмагандай, майиб бўлмагандай бўлиб кетибди. Шунда у:
Улуғтовдир юксак тоғ,
Тоғ бошига чиқарман,
Юксак тоғда кўпдир зоғ,
Уларқушни топарман.
Гар берсам сенга озор,
Уларбек отим қурсин.
Ул қушни ким қилса хор,
Қушнинг қарғиши урсин.
Олиб қолдинг ажалдан,
Улар, сени ардоқлай,
Азиздурсан азалдан,
Онам, деб сени алқай!—
дебди.
Ўшандан бери Уларбек уларқуш билан дўст бўпти, қилтузоғин ечибди, қўбизга ичак эшибди, қилқўбизини уларқушнинг ноласидай йиғлатибди. Қўбизда чалинган бу нола ҳали–ҳануз “Уларқуш” деб аталар экан”.
ЛАЙЛАК
Дўстимнинг ҳикояси
Чиноз қалъа деганда Чиноз, мана,
Чинознинг ширин суви ҳам озгина.
Лайлакдай зувлаб борар учқур умр,
Ўйнаб-кулиб қолайлик бирозгина!
Халқ қўшиғи.
Ўшанда ажойиб кунлар эди.
Тошкентнинг кўклами февралнинг иккинчи ярмидаёқ оппоқ гулли ўрик бўлиб яшнаб келади-да, бир кунда мажнунтол бўлиб дув кўтарилади, бинафша бўлиб анқиб, мирзатерак бўлиб юксалади. Кўча-кўйлар, боғ-роғлардан куй-қўшиқлар эшитилади. Кўклам тўрғай бўлиб куйлаб, каптар бўлиб кўкда чарх уриб, сариқтўш чумчуқ бўлиб куни бўйи тинмай чирқиллайди.
Кўклам оқшомларининг ажойиблигини айтмайсизми.
Фёдор Достоевскийнинг “Оқ тунлар” номли қиссасининг бошланиши ёдингиздами? Мабодо зериктириб қўйсам афв этасиз, агар бир лаҳза тинглашга рози бўлсангиз, сизни Худо ёрлақасин, қулоқ солинг-а: “Соҳир бир тун эди, шунчалик ҳам соҳир ва латиф тун эдики, азиз китобхон, биз бундай тунни фақат бўз ёшлик чоғимиздагина учратишимиз мумкин. Осмон юлдуз–юлдуз бўлиб порлар, осмон шунчалик мунавварки, унга боқиб туриб, беихтиёр ўзингни ўзинг саволга тутасан: шунчалар гўзал, бокира фалак остида баджаҳл, разил одамлар яшаши ақлга сиғадими? Бу ҳам ғўр ёшликнинг саволи, азиз китобхон, болаларча гўл бир савол, аммо Яратган эгам шундай саволларни ҳеч бир қалбдан дариғ тутмаса экан!” Ана шундай соҳир бир тун эди у, азизим.
Боғда булбул сайрайди. Сиз булбулнинг сайрашини эшитганмисиз? “Оқ рўмол” деган куйнинг олтмиш турли нақорати бор дейишади. Уйғур қардошларнинг ўн икки мақоми бир-бирига ўхшамайди. Энди, булбулнинг куйи ҳам бир сайрашда неча ўзгариб, неча турланишини билиб бўлмайди-да. Жонга ором бағишловчи шабада эсади. Сершовқин, сернағма кўклам. Тангрим-ов, ўша кунлар чиндан ҳам қайтмас бўлиб кетдими? Ишонгим келмайди.
…Қайдан экани ёдимда йўқ, бир гал уйга кеч қайтдим, йўл-йўлакай боғни кесиб ўтиб, бош почтамтга кирдим.
Бош почтамт. Ҳовуз сувдан шўпиллайди,
Ҳув ёқдан палов ҳиди гупиллайди.
Алматидан бир хабар кутиб турган.
Қорача йигит қалби дукиллайди.
Ўлан бу учқур кийик, зувлаб келган,
Ҳар ким ҳоли келгунча овлаб кўрган.
Шеърият—кўкси булоқ моя бўлса,
Ўлан унинг бўтаси, четда юрган….
Чинор, қайрағоч, оқ тераклару самбит толлар аралаш ўсган ажойиб бир боғ. Ёшлик боғи, муҳаббат боғи. Кираверишдаги суянчиқли узун ўриндиқда бир қиз эгилиб ўтирган экан. Ўтиб кетаётиб унга диққат билан тикилдим, қошу кўзи ипакдай, қоратўридан келган, гўзал қиз эди. Тожик қизи бўлса керак юз тузилиши чўзинчоқ. Навниҳол. Қоп-қора жингалак сочлари тоғ малаги эканлигидан далолат бериб турибди. Ўзбек қизи бўлиши ҳам мумкин. Одатда бу юртга янги келган одам бу иккала халқни ташқи кўринишига қараб ажратолмайди. Улардаги фарқни кейинчалик пайқайсиз. Дастурхонлари, кийинишлари, муомала, урф-одатлари, қуда-андачилик, меҳмон кутишлари бир-бирларига жуда ўхшаб кетади. Ўзбек зиёлилари орасида асли тожиклар ҳам оз эмас. Аралаш никоҳли оилалар тез-тез учраб туради. “Олисдаги қариндошдан яқиндаги ёт яхши” деганларидай, табиийки, икки эл бир-бирлари билан туғишгандай қондош бўлиб кетишган. Қаймоғи бузилмаган қозоқ овулидан чиққан мендай одам учун буларнинг бари тансиқ. Тансиқ бўлгандан кейин қизиқ ҳам.
Қиз ерга тикилганича хаёл суриб ўтирарди. Қовоғи солиқ. Икки қошини қўшиб сурган сурмаси жуда қалин кўринди. Нимадандир ўксиниб йиғлаган ёки тоби қочган. Бунинг устига бунақа бемаҳал пайтда тожик, ўзбек қизлари кўчага чиқмайди. Ўтиб кетиб, изимга қайтдим.
–Девушка, вам помочь?…
Қиз сўзим тугамасдан тескари ўгирилиб олди.
– Ман ба забони руси намефаҳмам, илтимос, ба забони тожики ё ўзбаки гап занед (Ўрисча тушунмайман, тожикча ёки ўзбекча гапиринг),–деди.
Қаршисига ўтириб, юзига тик қараб сўрадим:
– Шумо забони қозоқиро мефаҳмед? (Қозоқчага тушунасизми?)
Қиз ҳазилимни англаб, шарақлаб кулиб юборди. Кулгиси ҳам чинни пиёланинг жарангидай тиниқ экан. Ўзим эса ичимда шоир Ўтажон Нурғалиевнинг сатрларини такрорлаб турибман:
–Эй, дариға-ай, қиз-ку бу ўн еттида,
Поклиги кўзидан ҳам кўринади!
– Бали, бали,–деди у менга қараб,–қозоқиро ба жони дил мекардам. (Қозоқчани ўрганишни жон-дилимдан хоҳлардим).
–Шунақами?–дедим кулиб,–раҳмат.
– Сизга ҳам раҳмат.
Қизнинг исми Моҳларойим экан. “Моҳ”—тожикчада ой дегани, “ойим”и бизнинг тилда ҳам ойим-да. “Отам—тожик, онам—ўзбек, туғилганимда икковлари исм тополмай, кўп ўйланиб, ниҳоят, бир-бирларини қиймасдан, ҳам ўзбекча, ҳам тожикча бўлсин, деб Моҳларойим деб исм танлашган эканлар” деганди қиз. Ўзи Чирчиқ томондан эди. ТошДУнинг тил-адабиёт факультетида ўқирди. Дўстлашиб кетдик. Бир сафар қишлоғига меҳмонга чақирди. Узун пахса девор ёнидан юриб, шундоққина Чирчиқ суви бўйида, жар ёқасига солинган оқ томли уйга келдик. Дастлаб кўзим тушгани – уй олдида қуриб қолган тут дарахтининг тепасидаги лайлак уяси бўлди. Олисдан қараганда озғин бўз боланинг бошига кийдирилган мексикаликларнинг сомбреро қалпоғига ўхшаб кўринар эди.
У жуда гўзал қиз эди.
Мен ҳам ёш эдим. Шеър ёзардим. Моҳларойим шеъриятни яхши кўрарди. Ана шу қиз учун, ўша қизга ёқиш учун ҳам шоир бўлгим келарди. “ Албатта,–дердим уни сўзлатгим келиб,–Мир Алишер Навоий шоири бузург аст”. “Сиз ҳам бузург оқинсиз”,– дерди қиз янги ўрганган сўзларини чала қозоқчалаб. Биринчи марта “бузург”деганида уни “бузуқ” деб тушуниб, хафа бўлиб қолувдим. Қиз кейин қозоқчани тоза гапирадиган бўлиб кетди. Афсуски, менинг тилим тожикчада оқсаганича қолди. Афсусланадиган ишимиз кўп, азизим, уларнинг қайси бирини айтайин.
Қизнинг ота-онаси замонавий, зиёли, маданиятли кишилар экан. Бизни қувонч билан қарши олишди. Икки-уч кун меҳмон бўлдим. Тошкентнинг мияни қайнатувчи иссиғидан кейин тоғ бағридаги манов ҳовли жаннатдай туюлди. Пастда шовуллаб нозанин Чирчиқ дарёси оқади.
Оташин иссиқда ҳимоя излаб,
Кўланка излайди тирик жон.
Чирчиқда юз-қўлин ювмоқни кўзлаб,
Ўтарди қизлар сув томон.
Чирчиқ оқади, сапчиб оқади,
Дарё куйлайди—ажойиб!
Чирчиқ оқади, урчиб оқади,
Хотираларга нур ёйиб.
Кейинчалик мен жаҳоннинг не-не элларини кездим, айримларининг номлари ёдимдан ҳам кўтарилиб кетди. Лекин ўша меҳмондорчиликнинг лаззатини ҳалигача унута олмайман. Қизнинг отаси билан дарров гапимиз қовушиб кетди. Ёшлигида Целиноград томонларда ҳайдовчи бўлиб ишлаган экан. Қозоқларни меҳр билан эслади. Икковимиз эшик ёнидаги айвонда ухлаймиз. Ҳар куни қўш лайлакнинг силкиниб, қанот қоқишидан уйғонаман.
Лайлак келганида қишлоқ болалари қарсак чалиб, “Лайлак келди, ёз бўлди, қаноти қоғоз бўлди” деб қичқириб югуришади. Бу байтни мен халқ бахшиларидан ҳам эшитганман. Лайлак чиндан ҳам ажойиб қуш. Жанубдаги қозоқлар уни бирда «лайлак», бирда «дегелек» дейишади. Айниқса, шарқдан оловланиб қуёш чиқиб келаётганида, уясининг устида туриб қўш қанотини икки томонга ёйиб юбориб, бўйнини орқага қайриб туриши жуда аломат-да. Ажойиб кўриниш. Дастлабки кунлари Моҳларойим иккаламиз навбат билан уяга емиш ташиб бериб турдик. У майда балиқ, бузоқбош, чигиртка, гўшт, қўнғиз, бақа ер экан.
– Ман лаклакҳоро нағиз мебинам, онҳо лаклакҳои ман, (”Мен лайлакларни жуда яхши кўраман, булар менинг лайлакларим”),–дейди қиз эркалаб.
–Лаклакхои шумо хушрўй будаанд,–дейман кулиб,–онҳо монанди шумо хушрўй кафтанд (”Чиндан лайлакларингиз чиройли экан, ўзингизга ўхшаб”).
–Ташаккур, хурсанд ҳафтам, (Раҳмат, хурсандман),–дейди қиз,–биласизми, мен йигит лайлакка Тоҳир, қиз лайлакка Зуҳра деб исм қўйдим. Улар бир-бирларига чинакамига садоқатли, севгига муносиб қушлар. Эрта баҳорда унинг туғилган ерига қайтиб келишини кўришнинг ўзи кишига завқ бағишлайди. Аввал Тоҳир келади. Қишлоқни айланиб учиб юради-да, бизнинг уйни адашмай топиб, бултур ташлаб кетган уясига келиб қўнади. Келиши биланоқ ишга киришади. ”Уйи” нинг кам-кўстини тўлдириб, ямаб-ясқашга киришади. Қуриган бутоқларни олиб ташлаб, янги кўкарган яшил япроқларни, пахта, жун қолдиқларини ташийди. Кечқурун ўзига қараб, таранади, танглайини тақиллатади. Бу – Зуҳрани соғинганидан. Кўп ўтмай Зуҳра келади. Икковлари биргаликда уяни яна янгилаб, кенгайтириб, катталаштиришади. Тоҳир жуда меҳнаткаш, лекин ғоят рашкчи. Онда-сонда бу жойга ўзга қушлар келиб қолса, у бирданига олишиб кетишга доим шай туради.
Рашк яхши эмас-да, тўғрими? – дейди қиз.
– Севади-да, севмаса қизғанармиди? – дейман покиза севги ҳақида эртак эшитаётгандай ҳаяжонланиб.
– Зуҳра – вафодор. Тоҳир йўқлигида уяга келган бегона лайлакларни қаноти билан уриб, қувлаганини кўп кўрганман. Тоҳирнинг яна бир ёмон хусусияти урушқоқлиги. Қўшни қишлоқдаги лайлаклар билан уришгани уришган. Яралангани, қонсираганига қарамасдан уришади, йиқилиб қолса, қайта туриб, рақибига ташланади. Отам неча марта уни ажратиб олди, бўлмаса, аллақачонлар ўлиб кетган бўларди.
–Зуҳра яхши бўлганидан кейин унга кўз олайтирувчилар кўпдир-да,–дейман гапни ҳазилга буриб,–бўлмаса Тоҳир бекордан-бекорга уришармиди?!
–Яхши бўлиб туғилгани учун Зуҳра айбдор эмас-ку,–дейди қиз мунғайиб,–бироқ Тоҳир ҳам Зуҳра деганда жонини беришга тайёр, ўта меҳрибон. Кўп эркалатади. Тумшуғини тумшуғига суркаб, бошидан кўксигача силаб-сийпаб чиқади. Зуҳрани кўрсангиз эди, ана шундай лаҳзада дунёда ундан бахт-лироқ қуш йўқ дейсиз. Бошини Тоҳирнинг кўксига қўйиб, ғужанак бўлиб олади… Моҳлоройим лайлак тўғрисида тонгни-тонгга улаб гапириши мумкин. Мен эса уни тинглашдан зерикмайман.
–Лайлаклар учун кўкламнинг ажойиб, сокин тунлари ана шундай бошланади. Икковлон уянинг ичига тушиб кетиб, анча вақтгача кўринишмайди. Бир пайт силкиниб Тоҳир кўтарилади, ундан кейин керилганича Зуҳра чиқади. Икковлари бир-бирларига эркаланиб, қайтадан ўзларига оро беришади. Ке-йинроқ уяда икки-учта, айрим ҳолларда беш-олтитагача тухум пайдо бўлади. Тухумлари худди туяқушнинг тухумларидай йирик. Ҳар бири юз граммча келади. Тухумни нар ва макиён иккалалари тенг босишади. Зуҳра каби Тоҳир ҳам кўп вақтини тухумни тебратишга сарфлайди. Ўтган йили йигирма етти кунда, бу йил, мана, ўттиз тўрт кун деганда полапонлар тухумдан чиқишди. Полапонларга қарасанг, уларга ҳавасинг келади. Тухумдан чиқишлари биланоқ кўзларини очиб-юмиб, қизил-сарғиш оёқчаларини типирчилатади. Ҳилпираган оқ тивитга ўралган кичкинагина лайлакчалар қоп-қора тумшуқлари билан онасини турткилай бошлашади. Лекин лайлакларнинг ўзга қушлардан фарқи шундаки полапонларига тухумдан чиқишлари билан тумшуқда ем келтириб беришмайди. Уясининг бир четига мўл қилиб қусуқ ташлайди. Полапонлар ўшандан ем ўрнида озиқланишади.
Болаларига лайлакчалик меҳрибон қуш бўлмаса керак. Кун совиганида полапонларини бағирларига босишади, иссиқ кунлари тумшуғи тўла сув келтириб, кичкинтойларининг бошидан қуйиб, “душ”да чўмилтиришади. Зуҳра йўқлигида Тоҳир уяда қолади. Тоҳир “овга” чиққанида Зуҳра уядан бир қадам кетмайди.Полапонлар, одатда бир ярим, икки ойдан кейин уча бошлашади.
Яна бир қизиғи, лайлак индамас қуш. Хавф туғилса ҳам, қувонса ҳам индамайди. Ҳатто уришаётган лайлаклар ҳам овоз чиқаришмай урушади. Унсиз юлқишади, унсиз ҳалок бўлишади. Фақат қанотларини қоқиб, танглайини тақиллатади холос. Лайлакнинг қўшиғи ҳам, куйи ҳам шу…
Моҳларойим лайлак тўғрисида тонгни тонгга улаб гапириши мумкин.Мен эса уни тинглашдан зерикмайман.
–Энди сизлар ўқишларингга қайтинглар,–деди қизнинг отаси лайлак бола очган куни. Унинг кўринишида қандайдир бир хавотир бор эди. Қизнинг онаси ўрнидан туриб, ошхонага кириб кетди. Тожик-ўзбекларда аёл киши турмуш ўртоғига қарши гапирмайди. Ҳатто қиз ҳам отаси билан тўғридан-тўғри гаплашолмайди. Айтадиган гапини онаси орқали айтади:
–Ҳар йили мана шундай, лайлак полапон очиши билан мени шаҳарга ҳайдаб юборасизлар-а, ойижон,–дейди қиз онасига шикоят қилиб.–Мен бўлса лайлакларнинг полапонларини эркалатгим келади. Қайтиб келганимда, улар қанотлари катталашиб, катта қушга айланиб, бошқа уяга кетиб қолган бўлади.
–Лайлакларнинг полапонлари бирданига учиб кетмайди. Унгача бир ярим, икки ой ўтишини биласан. Улар уча бошлаганида ўзим шаҳарга бориб сизларни олиб келаман, қизим,–деди отаси уни юпатиб.
– Хўп, ада.
Автостанцияга тўрталамиз бирга чиқдик. Қиз онаси билан чипта олгани кетишди, отаси икковимиз пивохона томонга ўтдик.
– Сиз хафа бўлманг, укам,––деди мезбон салқин пиводан бир ҳўплагач,–қизимиз туғилгандан буён юраги касал. Тунни тонггача ухламай ўтказадиган пайтлари бўлади.
Мен Моҳларойимни илк бор учратган кунни эсладим.
– Бундай пайтларда бизда ҳам уйқу бўлмайди, тунлари ёнида мижжа қоқмасдан ўтириб чиқамиз. Уни асло хафа қилакўрманг, жон ука, худо сизни ёрлақасин…
Мен гап қўшмоқчи бўлиб оғиз жуфтлагандим, оғамиз “ҳожати йўқ” дегандай ишора қилди.
– Уйга келган меҳмонга “тез қайтинглар” деган бу қандай мусулмон?– деб ўйлаяпгандирсиз,–деди у гапни давом эттириб.–Хафа бўлмайсиз, бунинг сабаби бошқа. Лайлакларнинг бола очганини кўрдингиз. Моҳларойим уларни ғоят яхши кўради, чунки болалигидан уларга бағир босиб қолган. Лекин, сиз билмайсиз, укам…
У индамай қолди
– Нимани билмайман?
– Э, ука,– деб у деразадан ташқарига қаради.—Бу бир нохуш нарса. Лайлак деганимиз бироздан кейин полапонларини бир-бирлаб ерга отиб, ўлдира бошлайди, тирик қолганини уясига қайта солсангиз, белидан битта тишлаб, иккига бўлиб ташлайди. Шундай ярамас қуш-да, падарингга лаънат… Моҳларойим буни билмайди. Бу дунёдаги энг гўзал, энг меҳрибон қуш лайлак, деб ўйлайди. Ўз полапонларини ўзи ўлдирганини кўрса, юраги хуруж қилиб, йиқилиб қоладими деб қўрқаман, укам. Ким билади, турмуш қурса, юраги тузалиб кетади, дейишади.
Кейин…
Кейин менинг бошимдан нималар ўтмади?
Мунг қоплади довонларни,
Мунгли куз ҳам яна келди.
Сирдош бўлдик тақдир ёзиб,
Мажнунтолим,
Хўшлашайлик, жоним, энди.
Мен ҳам сендай бир мажнунман, ўпкалама,
Ўтинаман, чорлама ҳам, кет ҳам дема.
Азизим, йўлга қараб юз йиллаб кут,
Бир қушинг қайтиб келмас энди, унут…
Тошкентга орадан ўн йил ўтгач қайтдим. Келган кунимнинг эртасигаёқ Моҳларойимни изладим, тополмадим. Чирчиққа ҳам бордим, ота-онаси кўчиб кетишибди. Ҳалиги лайлак уя қурган тут дарахти йўқ, ўрнида бир ғилдиракли эшакарава турибди. Ўроқбурун баҳайбат ўзбек киши дарвоза ичкарисидан бошини чиқариб, “Қасам урсин, ака, мен улардан бехабарман” деди-да, ичкарига кириб кетди.
Шундай қилиб мен Моҳларойимни бутунлай йўқотдим.
Шундан бери яна қанча сувлар оқиб ўтди. Қайда юрсам ҳам лайлакларни ахтараман. Тасодифан уясини кўриб қолсам, тўхтаб унга узоқ тикиламан. Шунда хаёлимга нималар келмайди дейсиз. Бизнинг Қозоғистоннинг Чимкент, Жамбул, Олмаота ҳудудларида бўлмаса, ўзга ерларда лайлакни кўрмаганман. У бизда жуда кам учрайдиган қуш.
Бундан ўн-ўн беш йил муқаддам Туркистон шаҳрининг атрофидаги Қарноқ, Саврон, Чўрноқ, Уранқай, Сотимсой овулларида, Сайрам, Келес туманлари, Бўген, Пахтаорол, Еттисой томонларда лайлакларнинг бир-икки уяларини кўрдик. Жанубдаги “Жувонтепа” деган овул – Сўзоқ туманининг дарвозаси. Афсуски, сўнгги лайлак бу овулдан ҳам 1978 йилда учиб кетган экан. Хонанда Такен Алимқулов қўшиқ қилиб айтган “Оқ лайлак, қора лайлак, кўрмадингми? Ваъда қилиб, вақтида келмадингми?” деб бошланадиган ўлан ҳам унутилиб кетганига кўп йил бўлди.
Хотиранинг олис бурчакларида ётадиган бир соғинчлар бўлар экан, кундалик ташвишлар билан югуриб-елиб юриб, бунга эътибор бермас эканмиз. Кенг далада, тоғлар орасида қақроқ ўзанларга кўзингиз тушгандир. Улар йил ўн икки ой мана шу ҳолатда ҳеч кимнинг назари тушмасдан, қуруқшиб ётади. Лекин кунларнинг куни келганида, у тошқинга тўлиб, айқириб, бўтана бўлиб оқади. Тошқин тингач, ўзан тагида ақиқ тошлар ялтираб, ернинг бетига чиқиб қолади. Лайлак менинг кўп изтироб чеккан кўнглимнинг ана шундай ўтмишини уйғотиб юборадиган хотиралар ўзани бўлиб қолди. Ўзини жуда кам кўраман, лекин кўрсам тамом, олисларда, жуда олисда, хаёл етмас йироқларда қолиб кетган, аллақачон унут бўлган эски дардимни, ўзга тугул ўзимга айтишга ҳам қизғанадиган тотли қайғуларимни қўзғатиб, сокин кўнглимни остин-устин қилиб юборади. Нимасини яширайин:
Бир қўшиқ бор, тинглашга уни қўрқаман,
Кетар деб тўғон бузиб тўлқин қайғу.
Шу ўланда айтилгандай, лайлакни кўрмасликка, у ҳақда ўйламасликка тиришган пайтларим ҳам бўлди. Минг афсус, одам ўзидан-ўзи қочиб қутула олмас экан.
Ҳув бир йили сайёҳлик сафари билан Бухорога бордим. Маҳаллий тарихчи йигит бу ердаги Минораи Калоннинг баландлигини 46,5 метр деди. Бу ўн икки қават уй билан тенг дегани. Лекин, мени ҳайратга солган минора эмас. Мени лол қолдиргани–ана шу миноранинг тепасига уя солган лайлаклар эди. Юрагим санчиб кетди. Йўл бўйи Моҳларойимни ўйлаб келдим.
Германиянинг Наббург деган шаҳри 1644 йилдан буён, оқ лайлаклар келиб уя соладиган шаҳар сифатида дунёга донг таратиб келаркан. Мен шу шаҳарда бўлдим. Йўл бошловчимиз Меҳмед исмли турк йигити: “ Бизнинг тилда бу қушни “лейлек” дейишади, баъзан “ҳожи бобо” ҳам дейишади”,–деганида уни украинлар “лелек, лелека” дейишларини эсладим. Татарлар бўлса “лэклэк” дейишади. Ёш пайтимизда “Белый аист летит, над белесым Полесьем летит…” деб бошланадиган қўшиқ бўларди. Бир гал ана шу қўшиқни тинглаб ўтирганда манғистовлик Владимир Шитов деган журналист Шетпа, Ўғлонди деган ерларда қора лайлак ҳам учрашини, уни маҳаллий қозоқлар “қорабой” дейишларини айтди. Мен ҳалиги “Ботирлар достони”даги, “Кўкқўтон билан қорабой кўтарилиб учганча белиданоқ босади” дейдиган Тайбурилнинг пойгасини эсладим. Кейин билсам, қорабойи– қора лайлак эмас, “қорабой” деган бошқа қуш экан.
Қора лайлак Шарқий Қозоғистон вилоятининг Марқакўл, Куршим, Зайсан туманларида бор эканлигини ўқигандим. Қозоғистоннинг ўзга ҳудудларида қора лайлакни кўрдим деган одамни учратмаганман. Кўрганларнинг гапларига ишонсак, у ёлғизликни афзал кўрувчи ҳуркак қуш… Шул сабаб бўлдими, қилиғи ўзимга ўхшаб кетадиган бу қушни излаб юрмадим, кўргим келмади. Кўрганда нима, у менга ўтмиш воқеаларни қайтадан тирилтириб берармиди, азоб изтироблардан бошқа нима бағишлайди у менга? Хуллас, ўзим ёлғиз бўлсам, бошқанинг ёлғизлигидан қандай завқланай дедим-да…
Баъзан ўзимча ҳайрон бўламан. Моҳларойимнинг отаси айтгандай, лайлак ўз боласини уясидан улоқтириб, ўлдирадиган ёвуз қуш… Менинг кўнглим эса Моҳларойим севган ўша нозик севишган Тоҳир-Зуҳра қушларни умр бўйи қўмсаб келади, қўмсайверади.
Одатда, шоирлар севган ёрига шеър бағишлашса, “қайда, қачон, қай ерларда юрсам-да, сени ўйлайман”, деб ёзишади. Чиндан ҳам шундайдир. Мен шоир эмасман. Ёш пайтларимда шеър ёзганлигимни айтган эдим. Кейин ўйласам, ёшинг ўттиздан ошгандан ўтгач шеър ёзиш қизиқ бўлмай қолар экан. Бугун ёшлар ёзган, айниқса қиз шоиралар қаламидан туғилган шеърларни мийиғда кулиб ўқийдиган бўлиб қолдик. Ҳеч нимага ишонмайман. Ишонгим ҳам келмайди. Бир одам одил бўлса, мен – одил эмасмидим, бир бола анқов бўлса, мен – анқов эмасмидим? Йўқ нарсани бор деб биладиган, ёлғон гапларга ҳам ишонаверадиган ана шундай кезларни эсласам, кўзларимга ёш қалқийди. Лекин бу ёшни ҳеч кимга кўрсатмайман, яна ўзимнинг ёшлигим ҳақида ҳеч кимга ҳеч қачон кўнглимни очиб гапирган эмасман, эндиги қолган умримда ҳам гапирмасман. Ортиқча сўз кимга ҳам керак? Мен ёлғизликни, ёлғизлик билан жимжитликни ёқтираман. Қайда, қачон, қай ерларда юрсам ҳам хотирамда Моҳларойим юради. Сафарларга чиқсам ҳам, ўзим билан бирга хаёлимда Моҳларойимни ола кетаман. Уйда ўтиришни ёқтирмаслигим шунданмикан?
Қайлардасан, Моҳларойим?
Мен жуда қариб қолдим. Бугун мени кўрсанг танимайсан. Лекин мен сени қирқ йилдан сўнг ҳам қирқ қизнинг ичидан адашмай танир эдим.
“Лайлаклар ҳақида достон ёзсангиз-чи”–дердинг.
Ёзолмадим, азизам.
Ёзиб, бу қайғули муҳаббат қиссасини ҳаммага ошкор этишнинг кераги борми? Сен менинг юрагимда, қалбимдасан, лайлагим.
Соғиндим сени.
Кечир…
БЕДАНА
Мозийдан қолган бир қўшиқда:
Асқар, асқар, асқар тоғ,
Сендан буюк тоғ қайда?
Бошинг ошар булутдан
Сендан ошар зоғ қайда,–
деб куйланади.
Ўтмишдан қолган яна бир эртак эса шундай бошланади.
Ўтган, ўтган замонда, эчки маъраган томонда, Қоратоғнинг белида, Қорасувнинг бўйида бир юксак чўққи бўлган экан. У шунчалик юксак бўлган эканки, тепасига чумчуқ у ёқда турсин, қушларнинг подшоси бўлган бургут ҳам учиб етолмас экан. Қирғийку, ярмигаям етмасдан ҳолдан кетиб, жарга қуларкан. Асқар чўққи эса, мағрурланиб, гердайгандан-гердаяверибди, учига етаман, деганларга қараб, масхаромуз илжайиб тураверибди.
Яхши қўшиқларнинг барчаси бизгача айтилиб бўлган, бизга фақат уларни тинглашгина қолди, холос. Ҳалиги қўшиқ ҳам ўша замонларда тўқилган экан.
–Шу чўққидан мен ошаман!—дебди Оққуш. Лекин ярмига етганда қанотлари толиб, ожизлигидан йиғлабди, пастга қараб қулабди. Шу қулагандан қулаб, қоя тагига етибди, сўнгги нола билан қуюқ қамишзорга сингиб, бадар кетибди.
Тоғда яшайдиган уларқуш чўққи томон учибди, лекин у ҳам йўлдан қайтиб, уялганидан уясига яширинибди.
“Қушнинг зўри қарчиғай, Асқар тоғдан ошолмай, қаноти қайрилибди, обрўсидан айрилибди” деган гап ҳам ўша замонда тўқилган экан.
“Яна зўринг борми?!” деганда, камтаргина, шу пайтгача чурқ этмай турган бедана ўртага чиқибди.
–Таваккал қилиб менам учиб кўрайин-чи,–дебди у.
–Сенга учишни ким қўйибди?!—дейишибди қушлар унга,–тошга қулаб, тўшинг эзилиб, суякларинг сочилиб қолмасин тағин! Нимангга ишониб, бунча чиранасан?!
–Қуласам, она еримга қуларман,–дебди бедана,–тўшим эзилса туққан ернинг тошига урилиб, эзилсин. Таваккал!
У шундай деб сопқондан отилган тошдай кўкка шувиллаб кўтарилибди. Шу кўтарилгандан кўтарилиб, кўкка етибди-да, бир айланиб, пастга қараб шувиллаб тушиб, қора тошга кўкси билан урилибди. Ана шунда, Худонинг қудрати билан жимит қушча бедана буюк чўққининг бошидан ошиб, нариги тарафига келиб тушибди. У келиб урилган тош майдаланиб бўталоқнинг момиқ жунига, қоя емирилиб қумлоққа, харсанглар ушалиб майсазорга айланибди. Ана ўша замонлардан бери бедана бошқа қушлардай думи билан эмас, кўкси билан ерга урилиб, қўнар экан. Яна бир гап. Тўшини яралаб, Асқар тоғни ошиб ўтган бедана экан-у, унинг шуҳратига ўзга қушлар эгалик қилишибди. Хуллас, ўзгаларнинг шуҳратига эгалик қилиш ўша замонлардан мерос қолган экан дейишади.
Бу эртакка марҳум мумтоз шоиримиз Тўлеген Айбергеновнинг:
Она юрт кўксини қўмсаб ўтган меҳрибон оғуш дунёсан,
Сен менга шундай покиза юрагинг ила қимматбаҳосан,–
каби сатрларини иқтибос қилиб олса, бўлади.
Албатта, эски сўзларнинг барини эсли сўзлар деб бўлмайди. Ўзингизга маълум, эскидан айтилиб келаётган “Қуш қаноти билан учади, қуйруғи билан қўнади”, деган мақолнинг беданага дахли йўқ.
Хўш, ана шундай хосиятли беданага биз нима ҳиммату, нима каромат кўрсатибмиз?!
Ҳар йили, августнинг охири, сентябрнинг бошида – қуш овлаш мавсуми бошланади. Она тупроғи қушларнинг қассобхонасига айланадиган мана шу пайтда, машъум мавсумда, овчи милтиғининг ўқига биринчи бўлиб дучор бўладиган қуш – бедана. Энг биринчи бўлиб, бедана овига рухсат берилади. Тутсанг – беданани тут, қирсанг – беданани қир! Сабаби, у қушларнинг ҳаммасидан тез урчийди, ҳамма қушлардан аввал иссиқ ўлкаларга қайтади. Бошқа айби-гуноҳи йўқ бу қушнинг.
“Уларни кузда иссиқ ўлкаларга қайтади, дегандан кўра, хатарли йўл, хавфли сафарга отланади, десак тўғри бўларди. Уларнинг душмани – одам. Бу мавсумда Ўрта Ер денгизи теграсидаги кўплаб оролларда яшовчи аҳолининг барчаси бедана овига отланди. Тўр тортади, тузоқ қўяди, елим суркайди, жуда бўлмаганда, таёқ билан уриб, ўлдиради. Минг бир имконият топиб, овчилардан эсон-омон қутулиб чиққанлариям денгизнинг ададсиз сувлари устидан учаётганда, қанотлари толиб, тўлқинлар қаърига қулашини ўйласанг, бугунги кунгача бу қушнинг зоти қуриб кетмаганидан ҳайратга тушасан”,–деб ёзади атоқли Альфред Брэм ўзининг “Жонзотлар ҳаёти” номли китобида.
Альфред Брэмнинг ёзишича, дунёда бедананинг йигирма тури мавжуд.
Беданалар кун совий бошлагач, бизнинг даштлардан қўшни Сибир ерларига кўчиб ўтишади. У ердан эса, Қрим ярим оролига қараб учишади. Қримга тўпланиб, ёмғирли кунларнинг тугашини кутишади-да, кун очилиши билан, кечаси Қримдан ошиб, Қоф тоғ тизмаси бўйлаб учиб, турк заминига қўнишади. Бу ерда бир неча кун дам олишгач, Африка қитъаси томон йўл олишади. Фақат тунлари учиб, кундузлари дам олишга тўхташади. А.Брэм айтган хавфли сафар мана шу.
Яна бир, “Бедананинг уйи йўқ, қайга борса “битбилдиқ” деган нотўғри мақол бор. Бедана уяси, учадиган, қўнадиган маскани тайин, палапонларига жуда меҳрибон қуш. Макиёни 20–30 та тухумни бир мартада, кетма-кет туғиб, бўлажак насли учун бошини хатарга тикиб, уясига неки хавф раҳна солаётган бўлса-да, уни тарк этмайди, тухумларини тинимсиз босиш, полапон очиш билан машғул бўлади.
Ана шундай ғамхўрлик, тинимсиз заҳмат натижасида, 15–16 кундаёқ жўжалар тухумни ёриб чиқишади. Қўлда боқилган макиёни бир йилда 300–320 дона тухум туғар экан. Бундай тез урчийдиган бошқа қандай қушни биламиз?!
“Бедананинг уйи йўқ” деган гап эса, уясини кўзга кўринмайдиган пана–пастқам жойлар, чуқур ковакларга қуришдаги топқирлиги ҳамда хўрак ахтарадиган майдонининг кенглигидан келиб чиқиб айтилган бўлса керак.
У ғоят меҳрибон қуш, дедик.
Сирдарёнинг қуйи ўзанидаги хўжаликларнинг шолипоя ерларида алмашлаб экиш йўлга қўйилган бўлиб, бунда ҳам ерга қувват, ҳам чорва молларига озуқа учун беда экилади. Туркистон тарафдаги қозоқлар йўнғичқани “беда” дейишади. Бу ерда “бедана” деган номни “бедада юрадиган қуш” деган гапга ҳам бойлайдилар. Балки, бу ҳақиқатдан ҳам шундайдир. “Беда” туркий сўз. “Йўнғичқа” эса форс тилидан кирган.
Ёз ўртасида ҳар бир бедазор пайкалда битта макиён бедана ўн-ўн бешта, ҳатто йигирматача жўжани эргаштириб юради. Бир гал она бедананинг пичан ўрувчи комбайннинг тиғига ўзини ташлаб, нобуд бўлганини кўрганман. Ўроқнинг тиғи иккига бўлиб юборган бечора макиён тумтарақай бўлиб қочаётган жўжалари томон жонҳолатда талпингани кўз олдимда… Қанотлари лоақал қорайиб улгурмасдан етим қолган сариқ тумшуқ полапонларнинг ҳоли нима кечади? Улар энди ит-қушларга ем бўлишини ўйласанг, юрак ачишади.
Икки уч кундан сўнг ана шу жўжаларни биз яна учратдик. Қўшни отиздаги бедазорда полапонларини учирма қилган бегона бир она бедана бечора етимларни қаноти остига олибди. Палапонлар унинг назорати остида бемалол югуриб юришибди. Жимитдай қушнинг мана шундай улкан бир дунё меҳридан ҳайратга тушмай бўладими?
Бедананинг “битбилдиқ” деган хонишини тинглаш Шарқ халқлари учун роҳат ҳисобланади. Ҳам ғанимат, ҳам лаззат. Одатда, бир уйда иккита ва ундан ортиқ бедана асралади. Бунинг учун қафас ўрнига ичи ковак ошқовоқдан фойдаланилади. Ошқовоқнинг тепа, очиқ қисми шойи матоҳ билан ёпилади.
Қўлга тушган дастлабки кунларда, бедана ўзини дуч келган нарсага ураверади. Айрим тажрибасиз овчилар беданани яйраб, тин олсин деб юзи очиқ яшик ёки саватга солиб қўйишади. Тутқундан қутулмоқчи бўлган бедана ўзини ҳар томонга уриб, қанотини синдириши, ўзини ўзи яралаб, нобуд бўлиши ҳам мумкин. Шунинг учун бедана устига матоҳ қопланган ошқовоқда, қоронғиликда асралади. Қовоқнинг ёнидан кичкина тешикча очилиб, унга сув, дон солинган жажжи кўзачалар боғлаб қўйилади. Шойи матоҳ ўралган тўрқовоқнинг бирига хўроз, иккинчисига макиён қўйилади. Тўрқовоқларнинг оралиғи бир-биридан узоқроқ бўлиши керак. Тонг билан хўроз бедана сайрай бошлаганида макиёни эркаланиб, унга томон бўйнини чўзади. Шу зайлда ошиқларнинг тонгги “романси” бошланади. Уни тинглашнинг ўзи ишқибоз одамлар қалбига роҳат-фароғат бағишлайди. Ана шунда, бу икки қушнинг нима учун “Фарҳод ва Ширин”лар дейилишини англаб етасиз. Бир-бирининг васлига етолмаган икки ошиқнинг ноласи шунчалик бўлади-да!
Жанубий Қозоғистон вилояти, Сайрам туманида бедана овловчи бир қария бор. Исми Назирқул. У кишининг ҳовлисига кирсангиз қаторлаштириб илиб қўйилган турли ранг, турли ҳажмдаги тўрқовоқларни кўриб, саноғига етмай қоласиз. Ҳар бир тўрқовоқда биттадан бедана. Қариянинг беданаларини Андижон, Наманган, Ўш, Душанбе тарафлардан бедана ишқибозлари келиб, худди от-туяни савдолашгандай, савдолашиб, сотиб олишади. Баъзан, ёзнинг сокин тонгларида, у яқин дўстлари, қариндошларини “Фарҳод ва Ширин”ларнинг дил розини тинглашга таклиф этади. Бу худди бизнинг қозоқнинг қиссагўйлик маросимларига одам чорловидай гап. Эгасининг ишораси билан бедана сайрай бошлайди. Дастлаб бўғиқроқ чиққан овоз, бора-бора тиниқлашиб, кўкларга кўтарилиб, тингловчиларни оғушига торта бошлайди. Хониш пардалари юксала бориб, бировлар завқланиб кулади, бошқа биров илҳоми жўшиб, тиззаларини шапатилайди, беихтиёр тебранади, кимдир унсиз хаёлларга чўмади. Бир чеккада ўтирган ёш келинчак эса, бошини эгиб, кўз ёшларини рўмолчасига артади…
Қушлар хонишини тинглай билиш – ўзига хос бир маданият. Шунинг ўзи– ўзгача бир олам. Сайроқи қушларнинг хонишидан ишқибозлар оладиган завқ мусиқий созлар садосидан кам таъсир қилмаслигига имоним комил. Қушлар сизни алдамайди.
Беданавозлар…– булар энди алоҳида бир қавм. Четдан қараганда уларнинг одатлари ғалати туюлади. Улар қушлар билан одамга ўхшаб сўзлашади, эркалайди, дакки беради, урушади, ўзидан ўзи завқланиб, кулади. Ҳатто йиғлайди ҳам .
…Ов билан машғул бўлиб, қуёш ботганини сезмай қолибмиз. Улкан дарё соҳили бўйлаб юриб, катта бир қишлоққа кириб келдик. Йўл бошловчимиз бир ҳовлига кириб чиқди-да. “Шу ерда тунаймиз” деди. Қаттиқ чарчаганимиздан, эшик олдидаги катта сўрига ўзимизни тап-тап ташлаб, донг қотиб ухлаб қолибмиз. Қай пайтлигини билмайман:
–Вой-дод, Тоҳирдан айрилиб қолде-е-ек!–деган фарёдидан чўчиб уйғондик. Тонг отиб қолган экан. Уй эгаси бўлса керак, ёши олтмишдан ошиб қолган, ола дўппили отахон:
– Эй, бу Худойимнинг хоҳиши, Худойимнинг хоҳиши!–деб ҳовлини гир айланиб, зорланиб йиғламоқда эди.
Ўринларимиздан сакраб турдик. Шумқадам меҳмон бўлибмиз-да, деган нохуш ўйдан кўнгиллар хижил, денг. Ким вафот этибди экан? Оқсоқол биқинига қўлларини тираганича, ҳовлини бошига кўтариб, нола қилиб юрибди.
–Эсизгина, Тоҳирим-а, эсизгина, Тоҳирим! Бизни ташлаб, қайларга кетдинг, Тоҳирим?!
Бир пайт у илиғлик турган тўрқовоқнинг бирини қўшқўллаб ушлаб:
– Гўзал Лайли, энди бахти қора бўлдинг, Лайли!– деб йиғлашга тушиб кетди.
Сафардошимиз, шу ерлик муаллим, кўпни кўрган, босиқ йигит экан. У, негадир, хафа эмасдай, ўнғайсизланган одамдай, илжайиб қўяди.
– Қўйинг-е,–деди у бир пайт оқсоқолга,–меҳмонлар олдида уят эмасми?!
Кейин бизга ўгрилди:
– Узр, меҳмонлар, биров ўлиб, биров куйгани йўқ. Қушчи оғамизнинг энг яхши кўрган беданаси тунда тўрқовоқдан чиқиб, учиб кетибди. Тоҳир дегани ўша, Лайли дегани—макиёни. Шунга куйиняпти… Хавотирланманглар.
“Уҳ” деб енгил тин олдик.
Уй эгаси сал ўзига келиб:
–Лайлини олиб чиқ, падарингга лаънат!– деди у зарда билан бошини хам қилиб ўтирган ўғлига қараб.
– Хўп, дада.
Чол ҳалиги тўрқовоқни кўтарганича, ўғлини эргаштириб, бедазор томонга қараб кетди.
Биз йўлга отландик.
– Ноқулай бўлди,–деди йўл бошловчимиз,–Худо ҳаққи, ранжиманглар.
Ранжимаганлигимизни билдириш учун Қулагар саманидан ажралаган Ақан сери1нинг йўқловини бошлаб юбордик. Йўл бошловчимиз Қулагар билан эркак бедана шаънига айтилган марсиямиздан роҳатланиб кулди.
Кейинроқ эшитишимизча, “Лайли”нинг тўрқовоғи олдига қўйилган тузоққа “Тоҳир” ўзи келиб тушибди. Беданавоз оқсоқол кўнгли жойига тушиб, бизни излатганида, биз у ердан йироқлаб кетган эдик.
Яқинда қирғизтонлик қардошларимиз Ўш шаҳрининг 2500 йиллигини нишонлашди. Мамлакат президенти номидан берилган кечки зиёфатга тўпланган меҳмонларга энг тансиқ таом сифатида бедана гўшти тортилди. Туркия, Грецияда ҳам бедана шўрваси ноёб таом ҳисобланаркан.
Россия билан Хитойдагина эмас, олмаоталик тадбиркорларимиз ҳам беданани қўлда парвариш қилишга қизиқиб қолишди. Буниси албатта ижобий ҳол, фақат фойда ортидан қувиб, шундоқ ҳам йил сайин камайиб бораётган ажойиб қушларни қириб юбормасак бўлгани эди.
Сиз билан бизнинг олдимизда бедананинг хуш хонишидан ўзга гуноҳи йўқ, шунинг учун уларни кўз қорачиғидай асрайлик, дўстим!
Қозоқчадан Меҳмонқул ИСЛОМҚУЛОВ таржималари
Шеърларни шоир Музаффар Аҳмад таржима қилган.
“Жаҳон адабиёти” журнали, 2010 йил, 2-сон.