Ушбу китобнинг чиқишигача яшай олмаган бувим ва отам хотирасига бағишлайман.
ГЕНЕРАЛНИНГ ЖОРИЯСИ
(1909-1933)
Бувим ўн беш ёшида генералнинг жорияси бўлди. Генерал ўша пайтда Хитойнинг лиқиллаб турган ҳукуматида полиция вазири эди. 1924 йил бошланган, мамлакатда бошбошдоқлик ҳукм сурарди. Мамлакатнинг бувим яшаган қарийб барча ҳудудларида, Манжурияни ҳам қўшиб ҳисоблаганда, генераллар ҳокимияти ўрнатилганди. Бувимнинг унаштирилиши вилоятнинг Исян шаҳарчасида полиция амалдори бўлиб ишлаган отасининг саъй-ҳаракатлари туфайли амалга оширилди. Бу шаҳарча Манжуриянинг жанубий ғарбида, Буюк Хитой деворидан юз эллик километр шимолда ва Пекиндан тўрт юз километр шимоли-шарқда жойлашган эди.
Хитойнинг кўпгина шаҳарлари сингари Исян ҳам қалъа сифатида қурилган эди. Шаҳарчани Тан (618-907 йиллар) даврида тикланган қалинлиги ўн икки фут, баландлиги ўттиз фут бўлган кунгурадор девор ўраб турарди. Девор устида, оралиғи бир хил масофада ўн олти соқчи минораси тикланганди. Миноралар шунақа кенг эдики, унинг юқори қисмида бемалол от чоптирса ҳам бўларди. Шаҳарчага тўрт дарвоза орқали – шарқ, ғарб, жануб ва шимол томондан кириларди. Дарвозаларни яна биттадан ташқи дарвоза ҳимоя қиларди. Қўрғон девори атрофи бўйлаб чуқур чоҳ қазилганди.
Шаҳарнинг энг диққатга сазовор жойларидан бири—VI асрда жигарранг ғиштдан қурилиб, чиройли нақшлар билан безатилган баланд минора ҳисобланарди. У бу ўлкаларга буддизм кириб келган пайтларда тикланганди. Кечалари минорада қўнғироқ товушлари тараларди. Вақтни шу тариқа маълум қилишарди, баъзан ёнғин ва сув тошқинидан занг чалиб огоҳлантиришарди. Исян гуллаб-яшнаётган савдо-сотиқ шаҳри эди. Яқин атрофдаги текисликларда пахта, маккажўхори, қўноқ, соя, кунжут, нок, олма ва узум етиштириларди. Шаҳарнинг ғарб томонидаги яйлов ва қир-адирларда деҳқонлар қорамол, қўй, эчки боқишарди.
Бувимнинг отаси Ян Жушан Хитой императори ҳали Пекинда яшаётган пайтда, 1894 йилда туғилган. Ҳокимиятни 1644 йили Хитойни босиб олган манжурлар бошқарардилар. Бизнинг аждодларимиз ханлар, яъни хитойлардан бўлиб, улар бир вақтлар яхши ҳаёт илинжида Хитой деворининг шимолига кўчиб ўтишган экан.
Ян Жушан оилада ягона ўғил бўлган, шу боисдан ота-онаси уни алоҳида эътибор ва меҳр билан тарбиялашган. Зеро, фақат ўғилгина аждодлари номини сақлаб қолиши мумкин эди. Бувамни ўқиши учун яхши мактабга беришган. Натижада у амалдорлик лавозими учун имтиҳон топшириши керак эди. Ўша пайтларда бу – кўпчилик хитой эркакларининг энг катта орзуси бўлган. Лавозим ҳокимиятга йўл очар, ҳокимият эса пул топишга имкон берарди. Ҳокимиятсиз ва пулсиз амалдорлар зулмидан қутулиб бўлмасди. Мамлакатда қонунсизлик ҳукм сурарди: суд адолатсиз, шафқатсизлик одат тусига кирган, жабр-зулмнинг чеки-чегараси йўқ эди. Ҳокимиятга эга бўлган амалдор қонунни ўзича ифодаларди. Фақат мандарин* даражасига эришган оддий оиладан чиққан одамгина адолатсизлик ва қўрқув чангалидан халос бўлиши мумкин эди. Яннинг отаси ўғлининг ўзига ўхшаб кигиз босувчи бўлиб қолмаслиги учун меросхўрини жиддий тарбиялашга қарор қилди. Бутун оила уйга иш олиб, меҳнат қилди, ёлғиз ўғилни емай едирди, киймай кийдирди.
Одатга кўра, бувамнинг отасини ўн тўрт ёшида ўзидан олти ёш катта аёлга уйлантирдилар. Эрини тарбия қилиш аёлнинг мажбуриятига кирарди.
Унинг хотини — менинг катта бувимнинг қисмати одатий бир ҳол эди, чунки ўша пайтларда миллионлаб хитой аёллари шундай яшашарди. У номдор кўнчилар уруғидан эди. Уларнинг оиласи саводсиз, ижтимоий келиб чиқиши ҳам пастроқ табақадан эди, шундай шароитда туғилган қиз бечорага исм ҳам қўйишмаганди. Оилада иккинчи қиз фарзанд бўлгани учун уни оддийгина қилиб «иккинчи қиз» деб аташарди. Отаси ёшлигида ўлиб кетгани учун қизча амакисининг уйида катта бўлди. Бир куни, ўшанда у олти ёшда эди, амакиси улфати билан овқатланиб ўтирган эди; ўртоғининг хотини ҳомиладор экан. Икки ошна тушлик пайти агар ҳомиладор аёл ўғил туғса уни жиянига — шу суҳбат пайтида олти ёшга тўлган қизчага уйлантиришга аҳд қилишди. Тўйга қадар икки ёш бир-бирини умуман кўрмаганди. Севги уят саналар, оила учун шармандалик ҳисобланарди. Йўқ, йўқ, севги тақиқлангани учун эмас, ахир, Хитойда асрлар оша муқаддас романтик муҳаббат анъаналари давом этиб келарди, балки қиз билан йигит бир-бирини севиб қолиш имконига эга бўлмасди, никоҳгача учрашиш ахлоқсизлик ҳисобланар, турмуш қуришга бурч, икки оила иттифоқи сифатида қараларди. Ёшлар тўйдан кейин, агар омад кулиб боқса, севишишлари мумкин эди.
Тўрт девор ичида ўсган катта бувам ўн тўрт ёшида ҳали бола эди. Биринчи никоҳ кечаси у чимилдиққа киришни истамади, ёстиқдошининг тўшагида ётмади. Онасининг ёнида ухлаб қолди. Уни келиннинг ётоқхонасига уйқусида олиб келиб ётқизишди. Гарчи у эркалатиб юборилган, кийинишни ўзи эплолмаса ҳам, хотинининг гапига қараганда, «бола экиш»ни яхши биларди. Тўйдан бир йил ўтгач, бешинчи ойнинг бешинчи кунида, 1909 йил ёзининг бошланишида бувим туғилади. Онасига нисбатан унинг омади чопди, чунки унга Юйфан деган исм беришди. Юй, яъни «Яшма» — чипор тош — бувимлар авлодининг насл-насаб фамилияси эди, «фан» эса «хушбўй» маъносини англатарди.
Юйфан туғилиб, кўз очган дунё таҳликали ҳолатда эди, эртага нима бўлишини ҳеч ким билмасди. Хитойни 260 йилдан ортиқ вақт давомида бошқарган манжурлар сулоласи ўз таъсирини йўқота бошлаганди. XIX асрнинг 1894-1895 йилларида Япония Хитойга қақшатқич зарба берди ва Манжуриянинг бир қисмини босиб олди. 1900 йилда саккизта хорижий давлат боксчиларнинг миллий исёнини* бостириб, ўз қўшинларининг бир қисмини Манжурияда, бир қисмини Хитой девори ёнида қолдирганлар. 1904-1905 йилларда Манжурия кенгликларида Япония билан Россия ўртасида шафқатсиз уруш бўлиб ўтади. Шу урушда эришилган ғалаба Японияни минтақанинг асосий жанговор кучига айлантирди. 1911 йилда император Пу И тахтдан ағдарилди ва Хитой республика бўлди. Бу республикага қисқа вақт мобайнида Сун Ятсен бошчилик қилди.
Янги республика ҳукумати тез орада қулади ва мамлакат парчаланиб кетди. Манжурияда, сўнгги сулола ортида республикага қарши кайфият кучайди. Хорижий давлатлар, айниқса, Япония, очиқдан-очиқ Манжурия ерларига даъвогарлик қила бошлади. Натижада барча ижтимоий тизимлар пароканда бўлди, бошбошдоқлик бошланди, одамлар ахлоқий эътиқодларини йўқотдилар. Кўплар пора ёрдамида хизмат мартабасидан юқорилашга уриндилар — маҳаллий амалдорларга қимматбаҳо совғалар: олтин, кумуш, зебу зийнатларини бера бошладилар. Менинг катта бувам унчалик бой эмасди, катта шаҳарда ўзига иссиққина жой сотиб ололмади. Ўттиз ёшларида ўзи туғилиб ўсган овлоқ Исяндаги полиция маҳкамасида бир амалга илинган эди. Лекин унинг келажак учун катта режалари бор эди. Айниқса, чинакам хазина — қизидан умиди катта эди.
Бувим жуда чиройли эди, юзи чўзинчоқ, ёноқлари қирмизи, топ-тоза териси нур сочиб тургандек эди. Битта қилиб ўрилган сочлари белигача тушиб турарди. У ўзини жуда одми, хотиржам тутарди, лекин ўта шиддатли феъли бор эди. Бўйи унча баланд эмасди. Бўйни, елкалари, қомати уни жуда назокатли қилиб кўрсатарди.
Унинг энг катта бойлиги жимитдеккина оёқчалари эди. Бундай нозик оёқлар Хитойда жуда қадрланарди. Эрта баҳорда кўкара бошлаган тол куртакларини эслатувчи бундай оёқчалар соҳибаси юрганда шабадада тебранувчи навниҳолни эслатарди. Нозик оёқчаларда солланиб юрувчи аёл кўриниши эса эркакларда эҳтирос уйғотади, зеро, у аёлнинг нозиклиги эркакда уни ҳимоя қилиш истагини туғдирарди. Бувижонимнинг оёқчаларини икки ёшлигидаёқ ўраб-чирмаб ташлашди. Кичкина-кичкина оёқчаларда пилдираб юрадиган унинг онаси бувимнинг оёқларини олти метрлик бўз тасмаси билан танғиб боғлади. Бош бармоғидан ташқари ҳамма бармоқларини қайириб ташлаб, оёғи дўнгсасига тош қўшиб танғиди. Оёғи суягини синдириш учун атайлаб шундай қилди. Оғриқдан бувим бечора чинқириб йиғларди, қийнаманг, деб онасига ялинарди, шунда онаси унинг оғзига латта тиқарди. Бундай азобларга чидай олмай бир неча бор ҳушдан кетган экан.
Бу жараён бир неча йил давом этди. Оёқнинг синган дўнгсасини кечаю кундуз боғлаб туриш керак экан, акс ҳолда суяк ўсар экан. Бувим бечора йиллар давомида ана шундай оғриқлардан қийналиб яшаган экан. Бувим ёшлигида бу азоблардан қутулиш учун танғиб боғланган оёғидаги латталарни ечиб ташлашни сўраб ялиниб-ёлворганда, онаси йиғлаб: «Танғиб боғланмаган оёқ сени бахтсиз қилади, бу сенинг фойданг учун қилиняпти» дер экан.
Ўша пайтлар, қизлар турмушга чиқаётганда, куёвнинг оиласи томонидан келган совчилар, энг аввало, келиннинг оёғини текшириб кўришаркан. Оёғи катта қизлар оила шаънига доғ ҳисобланаркан. Қайнона келиннинг этагини кўтариб, оёғини кўздан кечираркан. Агар бўлажак келиннинг оёқ дўнгсаси тўрт бармоқ энлигидан узунроқ бўлса, нафрат билан қизнинг этагини йиртиб, бир чеккага чиқиб тураркан, келин шўрлик келган совчиларнинг таънаю дашномлари остида нима қиларини билмай қоларкан. Баъзан она, қизига раҳми келиб, унинг оёқларидан латтасини ечиб ташларкан, бунинг натижасида жамиятнинг қаҳрига учраб, кўнгилчанлиги учун ўзини айблар экан.
Ривоятларга қараганда, оёқларни танғиб боғлаш минг йил бурун император жорияларидан бири томонидан жорий этилган экан. Гап фақат аёлларнинг кичкинагина оёқчада оқсоқланиб юриши эркакларга ёқишидагина эмас, балки улар дока ўралган оёғига шойи матодан тикилган пойабзалда рақсга тушишини жуда хуш кўришаркан. Аёллар улғайганда ҳам оёғидан дока ўрамини ечиб ташлай олмас эканлар, чунки оёғининг товон суяги ўсаркан. Фақат кечаси дока ўрами сал бўшатилиб, юмшоқ пошнали туфли кийиб ётилар экан. Эркаклар аёллар оёғини камдан-кам кўришаркан, улар одатда латта ўраб юришаркан, агар оёғини ечса, ёмон ҳид келаркан. Мен болалигимдан яхши эслайман, бувим оғриқдан жуда азобланар эдилар. Одатда, биз бозор-ўчар қилиб қайтгач, бувим дарҳол оёқларини иссиққа солиб роҳатланардилар.
Тақдир тақозоси билан бувимнинг оёқларини танғиб боғлашганда бу одат унутила бошлаганди. 1917 йилда туғилган унинг синглиси бундай азобларни кўрмади.
Шунга қарамай, бувим ҳали ёш қизча экан, Исян сингари кичик шаҳарчада оёғи кичик бўлмаган қизнинг омади чопмайди деб ҳисоблашарди. Лекин бу ҳали бошланиши эди — отаси қизини олийҳиммат хоним қилиб тарбиялашни ўйларди. Ўша пайтда ҳукм сурган паст табақадан чиққан аёл саводли бўлиши шарт эмас, деган ақидага қарамай, бувимни 1905 йилда очилган шаҳар мактабига жойлашди. Бувим мактабда хитой шахмати, мацзян* ва шашка ўйинларини ўрганди, расм чизиш ва кашта тикишдан ҳам сабоқлар олди.
Бувим шаҳарда энг чиройли қизлардан саналарди. Маҳаллий аҳоли уни «товуқлар орасидаги турна» деб атарди. 1924 йили у ўн беш ёшга кирди, отаси унинг ёши ўтиб кетишидан хавфсирарди. Худди шу пайт шаҳримизда генерал Сюэ Чжихэн пайдо бўлди. У Пекин ҳарбий ҳукуматида пойтахт полициясининг бош назоратчиси эди.
Сюэ Чжихэн 1876 йили Лулун уездида туғилган эди. Пекиндан юз эллик километр шарқда бўлган бу уезд Буюк Хитой деворидан жануброқда эди. У қишлоқ ўқитувчисининг тўрт ўғлидан тўнғичи эди.
Сюэ Чжихэн қадди-қомати келишган, хушсурат киши бўлиб, у билан учрашган ҳар қандай кишида яхши таассурот қолдирарди. Бир неча сўқир башоратчи унинг юзини пайпаслаб кўриб, баланд мартабаларга эришувини айтишганди. У иқтидорли хаттот бўлиб, жуда қадр-ланарди. 1908 йили Лулунга ҳарбий диктатор Ван Хуайцин ташриф буюрди. У шаҳарнинг асосий қасрига кираверишда илиб қўйилган ажойиб лавҳани кўриб, уни ёзган одам билан учрашишни истаб қолди. Ўттиз икки ёшли Сюэ диктаторга ёқиб қолди ва генерал уни ўзига адъютантликка* олди.
Сюэ ажойиб қобилиятини намоён қилгач, тез орада интендант* қилиб тайинланди. Хизмат юзасидан тинимсиз юрар экан, у йўл-йўлакай Лулун теварагида ва Буюк деворнинг нариги томони — Манжурияда хусусий озиқ-овқат дўконлари очди. Ички Монголиядаги исённи бостиришда Ван кўрсатган ёрдамидан сўнг унинг обрў-этибори янада ошди. Катта бойлик тўплагач, Лулунда ўз режаси бўйича ҳашаматли қаср тиклади. Муҳташам бинода саксон битта хона бор эди.
Империя инқирозидан кейин ўтган ўн йиллар давомида ҳеч қайси ҳукумат ўз таъсирини мамлакатнинг бутун ҳудудларига ёя олмади. Ғарбий диктаторлар марказий Пекин ҳукумати устидан назорат ўрнатиш учун кураш бошладилар. 20-йилларнинг бошларида бу ҳукуматда асосий ролни генерал У Пейфу гуруҳи ўйнарди. Сюэ ҳам ана шу гуруҳда эди. 1922 йилда Сюэ Марказий полицияда бош назоратчи ва Пекиндаги жамоатчилик ишлари департаменти бошлиқларидан бирига айланди. Буюк деворнинг ҳар икки томонидаги йигирмата вилоят ҳамда ўн мингдан зиёд отлиқ ва пиёда полициячи унга бўйсунарди. Полициядаги лавозим унга ҳокимиятни, жамоатчилик ишлари департаментидаги вазифаси эса олий ҳомийликни таъминларди.
Бироқ ўша пайтларда тобелик садоқати ҳақида гапиришга ҳожат йўқ эди. 1923 йилнинг май ойида генерал Сюэнинг гуруҳи бир йил бурун ўзи ҳокимият тепасига олиб чиққан президент Ли Юанхунни ағдариб ташлади. Сюэ Фэн Юйсян деган насроний генерал билан бирлашиб, ўн минг кишилик армияни сафарбар этди ва ҳукуматнинг асосий биносини ўраб олиб, аскарларнинг берилмаган хизмат ҳақини тўлашни талаб қилди. Бу талабдан асосий мақсад президент Лини таҳқирлаб, уни истеъфога чиқишга мажбур этиш эди. Президент бу талабни рад этди. Шунда Сюэ ўз одамларига президент саройига сув ҳамда электр қуввати беришни тўхтатишни буюрди. Бир неча кундан сўнг у ерда яшашнинг иложи бўлмай қолди, натижада 13 июн кечаси президент Ли ўз қароргоҳидан 70 километр жануби-шарқда жойлашган порт шаҳри Тяньцзянга кўчиб ўтди.
Хитойда лавозимдаги шахснинг ваколати муҳрдан фойдаланиш ҳуқуқидан ажралмас эди. Президент имзо чеккан ҳар қандай ҳужжат тегишли муҳр билан тасдиқланмаган бўлмаса ҳақиқий ҳисобланмасди. Муҳрсиз ҳеч ким президент бўлолмаслигини яхши билган президент Ли муҳрларни ўша пайтда француз миссионерлари томонидан ташкил этилган Пекиндаги касалхонада ётган ўз жорияларидан бирида яшириб қолдирганди.
Президент Ли Тяньцзянга яқинлашганда қуролланган полициячилар унинг поездини тўхтатишди ва муҳрни беришни буюришди. Аввалига у муҳрлар қаерда яширилганини тан олмади, лекин орадан бир неча соат ўтгач, айтишга мажбур бўлди. Кечаси соат учда генерал Сюэ касалхонага бориб, муҳрларни олди.
Шундан сўнг тўрт ой давомида Сюэ ва унинг полициячилари қўлларидан келган барча ишни қилдилар. Натижада, ўтказилган сайловда унинг партияси вакили Цао Кун ғалаба қозонди. Энди парламентнинг саккиз юз тўрт депутатини сотиб олиш керак эди. Сюэ билан генерал Фэн парламент биносига ўз соқчиларини қўйишди ва «ким тўғри овоз берса» яхшигина мукофот олади деб ваъдалар қилишди. Бунинг оқибатида кўплаб депутатлар вилоятлардан қайтиб келишди. Сайлов учун ҳамма нарса тахт бўлган пайтга келиб, парламентнинг 555 аъзоси Пекинга қайтишди. Овоз беришга тўрт кун қолганда, узоқ тортишувдан сўнг уларнинг ҳар бири беш минг кумуш юандан олишга муваффақ бўлишди. Бу эса каттагина пул эди. 1923 йилнинг 5 октя-брида Цао Кун тўрт юз саксон овоз олиб, ғалаба қозонди ва Хитой президенти қилиб сайланди. Бунга жавобан Сюэ тўлиқ генерал унвони билан тақдирланди. Ўн еттита «алоҳида маслаҳатчи» – турли диктатор ва генералларнинг ўйнашлари ва жориялари ҳам мукофотга сазовор бўлдилар. Бу воқеа Хитой тарихида машъум саҳналаштирилган сайлов сифатида муҳрланиб қолди. Хитойга демократия зиддир, деб ҳисобловчилар ўша сайловни ҳамон эслаб юришади.
Кейинги йилнинг ёз фасли бошларида генерал Сюэ Исян шаҳрига ташриф буюрди. Чунки шаҳар кичик бўлса ҳам муҳим стратегик аҳамиятга эга эди. Айнан шу шаҳарда Пекин ҳукуматининг ҳокимияти тугади ва қудратли шимоли-шарқий диктатор Чжан Цзолин таъсир доираси кенгая бошлади. Бу одам Кекса Маршал номи билан машҳур эди. Шаҳарда генерал Сюэнинг дўконлари ва дон омборлари бор эди.
Генерал ўз тасарруфидаги масканларини текшириш учун айланиб юрган чоғларида катта бувам ҳамроҳлик қилди. Шунда унинг қизини генералга узатиш нияти туғилди. Бу борада у хотини билан маслаҳатлашмади ҳам, хабардор қилиб қўйди, холос. Ўша пайтда одат шунақа эди, лекин гап фақат одатнинг ўзидагина эмасди, катта бувам хотинини менсимасди. Шунинг учун бу гапни эшитган бувим йиғлади, лекин ҳеч нарса дея олмади. Эри:- Қизингга бу ҳақда «ғинг демайсан», деб буюрди. Қизнинг розилиги ҳақида сўраб кўриш ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмасди. Бундай ишлар «олди-сотди» асосида амалга ошириларди. Қиз бу борада тўй куни белгилангандан кейингина хабар топарди.
Катта бувам зимдан иш олиб бориш кераклигини яхши тушунарди. Қизининг қўлини тўғридан-тўғри таклиф этиш молнинг нархини тушириб юборарди, рад жавобини олиш ҳам мумкин эди. Шунинг учун генерал Сюэга қандай хазина таклиф этилаётганини намойиш қила билиш керак эди. Ўша пайтларда нуфузли аёл бегона эркак билан учрашиш имконига эга эмасди, шу боисдан Ян ўз қизини генералга кўрсатиш учун нима қилиши кераклигини ўйлаб кўриши лозим эди. Учрашув тасодифий юз бергандек тасаввур қолдириши шарт эди.
Исянда тўққиз юз йиллик ҳашамдор Будда ибодатхонаси бўларди. У қимматбаҳо ёғочдан жуда баланд қилиб қурилганди. Ибодатхона ажойиб жойда, икки квадрат километр майдонни эгалловчи арчазорда қад ростлаганди. Унинг ичида чиройли нақшлар билан безатилган тўққиз метрли Будда ҳайкали бор эди. Ибодатхона деворлари унинг ҳаёти ҳақида ҳикоя қилувчи расмлар билан безатилганди. Ян, албатта, олий мартабали меҳмонни бу ерга олиб келмаслиги мумкин эмасди. Ибодатхона эса одобли аёллар камдан-кам ёлғиз ўзи бора оладиган жой ҳисобланарди.
Белгиланган бир куни бувимга ўша ибодатхонага бориб, ибодат қилиб кел, дейишди. Бувим ҳам Будда олдида ўзининг олижаноблигини намойиш қилиш учун ясаниб-тусаниб, атир-упалардан сепиб, ибодатхонага борди. Қасрга кирар экан, у улкан Будда ҳайкали олдида тиз чўкди. Унга бир неча бор таъзим бажо келтириб, тиз чўкканича, қўлларини кўксига қўйиб, дуо ўқий бошлади.
Отаси Ян генерал Сюэ билан уни худди шу ҳолатда кўрдилар. Улар қизга ғира-шира йўлакдан қараб турардилар. Катта бувамнинг режаси амалга ошди. Генерал Сюэ қизни яхшилаб томоша қилди. У қизнинг каштали ипак чолворинигина эмас, атлас туфли кийган оёқчаларини ҳам кўрди.
Бувим дуо ўқиб бўлгач, ерга теккудай эгилиб, Буддага уч бора, таъзим қилди. Ўрнидан тураётиб сал қалқиб кетди. Бу жуда табиий кўринди – танғиб боғлаб ташланган оёқчаларда тик туришнинг ўзи бўлмайди, у оқсоч қизнинг қўлига суянди. Худди шу пайтда генерал Сюэ ва бувимнинг отаси унга қараб юришди. Бувим қип-қизариб кетди, бошини эгиб, орқага бурилди-да, қочиб қолишга уринди. Бироқ отаси олдинга бир қадам ташлади-да, қизининг йўлини тўсиб, уни генералга таништирди. У бошини кўтармасдан таъзим қилди.
Шундай мартабадаги одамга хос ҳолда генерал бу учрашувни Ян билан муҳокама қилиб ўтирмади, зеро уни ўзининг тенги эмас, балки оддий югурдак деб ҳисобларди. Лекин Ян генералнинг ўз қизига мафтун бўлиб қолганини ҳис этди. Энди гап бўш келмасликда қолганди. Орадан икки кун ўтиб, Ян катта чиқимларга қарамай, шаҳардаги энг яхши театрни ижарага олди, опера буюртма қилди ва фахрли меҳмон – генерал Сюэни у ерга таклиф этди. Ян театрда қизини шундай жойга ўтқаздики, у генералга яққол кўриниб турарди. Генерал томошага умуман қарагани йўқ.
Томошадан сўнг хитойча анъанавий ўйин – фонарлар ёрдамида топишмоқлар топиш бошланди. Залларнинг бирида эркаклар, иккинчисида аёллар ўйнарди. ҳар бир хонада моҳирона ясалган ўнлаб қоғоз фонарлар осиб қўйилган бўлиб, уларга шеърий топишмоқлар ёпиштирилганди, топишмоқларга ким кўпроқ тўғри жавоб берса, ўша соврин соҳиби бўларди. Эркаклар орасида, албатта, генерал Сюэ ютиб чиққан эди. Аёллар ўртасида эса бувим ғолиб бўлганди.
Ян генералга ўз қизининг гўзаллиги ва ақлу фаросатини баҳолаш имконини берганди. Энди иқтидорини намойиш қилиш керак эди. Икки кундан сўнг у генерални уйига таклиф қилди. Ажойиб ойдин ва илиқ кеча эди. Тўлин ой ёруғида бўлиб ўтган суҳбатлар генералнинг ҳисларини жунбушга келтирди.
Ўша оқшом у бувимнинг қўлини сўради, ўзидан эмас, албатта, отасидан. Генерал унга уйланиши ҳақида гапирмади, балки бувимни ўзига жазманликка сўради. Ян бундан бошқача таклифни кутмаганди ҳам. Генерал сингари одам ўйнаш тутишига у шубҳаланмасди. Зеро, хотин унга эрмак учун керакмасди. Бу мақсадга ўйнашлар хизмат қиларди. Жазманлар ҳам қандайдир ҳокимиятга эга бўлардилар, албатта. Лекин уларнинг ижтимоий мақоми хотин мавқеидан тубдан фарқ қиларди. Сурайё ўзига хос қонуний ўйнаш бўлиб, уни истаган пайтда олар ва ташлаб кетишарди.
Бувим бўлажак воқеа ҳақида илк бор унга бир неча кун қолганда онасидан эшитди. Бувим бошини хам қилганича йиғлашга тушди. Биргина «ўйнаш» деган сўзнинг ўзи унга даҳшатли эшитиларди. Лекин отаси шундай қарорга келган, ота-онасига қарши чиқиш ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмасди. Ота-она қарорига эътироз билдириш «ҳурматсизлик» ҳисобланар, ҳурматсизлик эса хиёнат саналарди. Рози бўлмаслик, «йўқ» дейишнинг ягона йўли – ўзини ўлдириш эди. Бувим лабини тишлаганича, нафасини ичига ютиб қолаверди.
Қизининг бунчалик куюнаётганини кўрган онаси: «Бизнинг аҳволимизда бу энг яхши йўл, бундан тузукроғини орзу қилиш ҳам қийин» деб юпата бошлади. Ян генералнинг жуда қудратли эканини тушунтира бошлади: «Пекинда айтишларига қараганда, генерал Сюэ ер тепинса, бутун шаҳар ларзага келармиш». Генералнинг ҳарбий қиёфаси қизда жиддий таассурот қолдирганди. Уни мақтайверишиб, шўрлик бувимнинг қўйнини пуч ёнғоққа тўлдиришди. Шаҳарда ҳеч ким генерал Сюэ билан тенглаша олмайди деб қулоғига қуйишди. Энди ўн беш ёшга кирган бувим ўйнаш ҳақида ҳеч қандай тасаввурга эга эмасди, шунинг учун ҳам унинг севгисини қозониб, бахтли бўларман деган умид илинжида эди.
— Қиз Исянда қолиши мумкин, деди генерал, – мен унинг учун махсус уй сотиб оламан…
Бу эса қизнинг оиласига яқин жойда яшашини билдирарди. Муҳими, у генералнинг данғиллама уйига кўчиб бормайди, демак, унинг хотини ва бошқа жазманларига қарам бўлмайди, чунки мақомига кўра, уларнинг ҳаммаси бувимдан юқори эди. Генерал Сюэ сингари арбобнинг уйида аёллар асиралардай яшашар, кунлари нуқул уруш-жанжал билан ўтарди. Жанжал эса эрни ўзига оғдириб олишга уринишдан келиб чиқарди. Шунинг учун алоҳида уй, бунинг устига генерал ваъда қилган тўй маросими бувим учун жуда муҳим эди. Бу, қиз ва унинг бутун оиласи каттагина нуфузга эришишини билдирарди. Ниҳоят, қиз отасининг кўнгли жойига тушиб, онасига нисбатан яхшироқ муносабатда бўлади, деб умид қиларди.
Гап шундаки, Ян хоним тутқаноқ касалидан азоб чекарди ва шу боисдан ўзини эрига нолойиқ деб ҳисобларди. Хоним ҳамиша эрига бўйсунарди, Ян эса хотинига нисбатан ёмон муносабатда бўлиб, унинг соғлиғи тўғрисида сира қайғурмасди. У кўп йиллар давомида менга ўғил туғиб бермадинг деб таъна қиларди. Бувим туғилгандан кейин, катта бувимнинг кетма-кет боласи тушган экан, 1917 йилда иккинчи фарзанди ҳам қиз туғилди.
Ниҳоят, тўй куни жуда дабдабали ўтибди. Жазман – келин ўзига атаб махсус қурилган кенг ва данғиллама уйга йўл олибди. Уйда уни маҳаллий амалдорлар қуршовида генерал Сюэ кутиб олибди.
Генерал уч кунгача уйдан чиқмабди. Бувим бахтли эканлар. Чунки генерални севаман деб ўйларканлар. У бўлса бувимга қўпол муносабатда экан. Бир ҳафтадан кейин у тўсатдан кетаман деб қолибди. Қаёққа боришини айтмабди. Бувим ҳам қаёққалигини сўрашни лозим топмабди. У жазманининг қайтиб келишини кутиши керак эди. Шундай қилиб, уни олти йил кутишга тўғри келибди.
1924 йилнинг сентябрида Шимолий Хитойнинг икки асосий ҳарбий гуруҳи ўртасида кураш бошланди. Генерал Сюэ Пекин гарнизони бош қўмондонининг ўринбосари бўлди. Лекин орадан бир неча ҳафта ўтиб, унинг аввалги иттифоқдоши генерал Фэн, диктатор-насроний, рақиб томонга ўтиб кетди. Бир йил олдин генераллар Сюэ билан Фэн президент тахтига ўтқазган Цао Кун 3 ноябрда истеъфо беришга мажбур бўлди. Ўша куниёқ Пекин гарнизони, икки кундан кейин эса, Пекин полицияси тарқатиб юборилди. Генерал Сюэ шошилинч равишда пойтахтни тарк этди. У Тяньцзинда дахлсизлик мақомига эга бўлган француз концессияси ҳудудидаги ўз уйига яшириниб олди. Генерал Сюэ президент саройидан ҳайдаб юборган президент Ли айнан шу ерга беркинган эди.
Исянда яшаётган бувим янгидан авж олган уруш гирдобида қолди. Мухолиф диктаторларнинг армиялари шимоли-шарқ устидан назорат ўрнатиш учун жанг олиб борардилар. Бу урушда Исян сингари темир йўл бўйида жойлашган, айниқса, транспорт узелига эга бўлган шаҳарлар алоҳида аҳамият касб этарди. Генерал Сюэ кетганидан сўнг уруш шаҳар дарвозаларигача етиб келди. Ҳамма жойда ур-йиқит, талон-тарож бошланди. Италиянинг қурол-яроғ ишлаб чиқарувчи фирмаларидан бири, боши берк кўчага кириб қолган генералларга қарзлар эвазига «ўлжа олинган қишлоқлар»ни қабул қилиш истагини билдирди. Аёлларни зўрлаш одат тусига кирди. Кўпгина бошқа аёллар сингари бувимнинг ҳам юзига қоракуя суришига тўғри келди. Ифлос ва бадбашара кўриниш учун у шундай қилди. Хайриятки, бу сафар Исян анча енгил қутулди. Жанглар аста-секин жанубга сурилди ва шаҳар одатий ҳаётга қайтди.
Ёш жазман бўлган бувим жуда катта ҳашаматли уйда яшарди. Шунга қарамай, у ўзини бахтсиз ва ёлғиз сезарди. Унинг хизматкорлари бор эди: эшик оғаси – дарбон, ошпаз ва иккита оқсоч. Уларнинг вазифаси фақат уй юмушларини бажаришдангина иборат бўлмай, уй бекасини кузатиб юриш ҳам эди. Дарбонга бекани уйдан ёлғиз чиқармаслик буюрилганди. Генерал жўнаб кетиш олдидан ўйнашига огоҳлантириш тариқасида ўз жазмани билан боғлиқ бир воқеани гапириб берганди. Ўша ўйнашининг хизматкори билан дон олишиб юрганини билиб қолган генерал, аёлини каравотга боғлашни ва оғзига латта тиқишни буюрибди, кейин ўша латтага сув қўшилмаган спиртдан томиза бошлашибди. Аёл аста-секин бўғилиб, ўлибди. «Албатта, мен унга дарҳол ўтмишни раво кўра олмасдим, қийналиб ўлишини маъқул кўрдим. Аёл учун эрига хиёнат қилишдан баттар пасткашлик йўқ,– деди генерал. – Эркакни эса отиб ташладим». Бувим бу воқеа чиндан содир бўлганмиди ёки йўқми, билолмади. Лекин бундай ҳикоя ўн беш ёшли аёлни ўлгудай қўрқитиб юборганди.
Ўша пайтдан бошлаб, бувим доимий қўрқувда яшаган, эшикка чиқишга имкони бўлмай, тўрт девор ичида кун кўрарди. У хизматкорларига сахийлик билан совғалар улашиб турарди. Бувим пулдан қийналмасди. Генерал унга мунтазам маблағ юбориб турарди. Тувакда гул ўстирар, олтин қафасда боқилаётган мушук билан овунарди. Баъзида ота-онасиникига бориб келишга рухсат тегарди. Отаси генерал Сюэ билан қариндош бўлгани учун полиция бошлиғининг ўринбосари лавозимини эгаллади, хусусий ерга эга бўлди. Қизи ўзининг бахтсизлиги ҳақида гап очса, отаси уни жеркиб ташларди. Ота қизига тез-тез: “Агар эринг хўроз бўлса, хўрозга қулоқ сол, агар кўппакка теккан бўлсанг, кўппакни тингла” деган хитой мақолини эслатиб турарди.
Орадан олти йил ўтди. Дастлаб бир неча хат келди, кейин хат-хабар бўлмади. Бувим эрини интизорлик билан кутарди. Гарчи у генералнинг кўплаб жорияларидан бири эканини тушунса-да, уни жуда соғинарди. Кунлар ҳафтага, ҳафталар ойга, ойлар йилга айланарди. Вақт ўтган сари унинг соғинчи ҳам хира тортиб борарди. Бувим аста-секин ўзининг генерал учун бир ўйинчоқ эканини тушуна бошлади. Шўрлик аламини кимдан олишни ҳам билмай, тишини тишига босиб яшарди. Лекин баъзи-баъзида ҳис-туйғуси жўш уриб кетар ва у нима қилишини билмай қоларди. Баъзан ҳушидан кетиб, ўзини ташлаб юборарди. Бундай ҳушдан кетишлар кейинчалик умрининг охиригача давом этди.
Кунларнинг бирида генерал қайтиб келди. Бувим уни ўзи ўйлаганидек чексиз соғинч, бағрига отилиб эмас, оддийгина кутиб олди. Эллик ёшдан ошган генерал унинг кўзига анчайин юмшоқ ва бўшашгандек кўринди. У хушторидан қаерда эдингиз, мунча узоқ қолиб кетдингиз деб сўрамади ҳам.
Аслида эса шунча вақт мобайнида генерал унча узоқ жойда эмасди. Истеъфога чиққан бой амалдор сифатида тинч ҳаёт кечирарди. Бўш вақтларини гоҳ Тяньцзиндаги уйида, гоҳ Лулундаги қасрида ўтказарди. У ҳаёт гаштини суриб, қандини урган кунлари ўтмишда қолди. Хитойнинг катта қисми ягона куч — Чан Кайши бошчилигидаги Гоминдан, яъни миллатчилар томонидан бошқариларди. Ўтмишдаги бошбошдоқликни тугатиб, янги, барқарор ҳаёт бошланганини исботлаш учун Гоминдан пойтахтни Пекиндан Нанкинга кўчирди. 1928 йилда минтақада анча фаоллашиб қолган японлар Манжурия ҳокими Чжан Цзолин – Кекса Маршални ўлдирдилар. Кекса Маршалнинг ўғли Чжан Сюэлян (у Ёш Маршал номи билан маълум эди) Гоминданга қўшилди ва Манжурияни Хитойнинг қолган қисми билан бирлаштирди. Аслида Гоминдан Манжурияда ҳокимиятни ўз қўлига ололмаганди.
Генерал Сюэ бувимнинг уйида унча узоқ қолгани йўқ. Худди аввалгидек, тўсатдан кетаман деб қолди. Кетиш олдидан кечаси у бувимдан ўзи билан Лулунга боришини сўради. Бувимнинг юраги уришдан тўхтаб қолгандай бўлди. Агар боришга мажбур қилганида, бу унинг хотини ва жазманлари билан бир уйда ҳамиша яшашга маҳкум этилишини англатарди. Бувим шошиб қолди. Унинг оёғини уқалар экан, генералдан ўзининг Исянда қолишга рухсат беришини сўради. Унга меҳрибонлиги учун миннатдорчилик билдириб, онасининг соғлиги ёмонлашганини айтди. Эртасига у ёлғиз кетди.
Тез орада бувим ўзининг ҳомиладор эканини англади. 1931 йилнинг баҳорида, учинчи ойнинг ўн еттинчи куни у қиз – менинг онамни туғди. Бу ҳақда у генерал Сюэга хат ёзди. Ундан қизнинг исмини Баоцин қўй ва уни Лулунга олиб кел, деган жавоб олди.
Бувимнинг қувончдан боши осмонга етди, ахир энди унинг боласи бор эди. У бутун меҳри ва куч-қувватини қизига бағишлади. Бир йил у жуда бахтли яшади. Генерал Сюэ бир неча бор Лулунга кел деб хат ёзди. У ҳар сафар ҳар хил баҳоналар қилиб бормасликка ҳаракат қиларди. Кейин 1932 йилнинг ёзи ўрталарида “генерал Сюэ қаттиқ бетоб, қизчани олиб тезда етиб кел” деган мазмунда телеграмма олди. Бувимнинг Лулунга боришдан бошқа иложи йўқ эди.
Лулунгача бўлган масофа икки юз милдан ошиқ эди, ҳеч қаерга бориб кўрмаган бувим учун бу жуда узоқ йўл эди. Оёқчалари танғиб боғлаб ташлангани қўшимча қийинчилик туғдирарди: бувим юк кўтара олмасди, бунинг устига қўлида чақалоғи бор эди. У синглисини ўзи билан олиб кетишга қарор қилди. Синглиси – ўн тўрт яшар Юйланни оддийгина қилиб Лан деб аташарди.
Сафар жуда хавфли эди. Хитой яна уруш исканжасида эди. 1931 йилнинг сентябрида Япония минтақада ўз таъсир доирасини кенгайтира бориб, Манжурияга ҳужум қилди ва 1932 йилнинг 6 январида япон қўшинлари Исянни эгаллади. Орадан икки ой ўтгач, японлар Манжоу-го (манжурлар мамлакати) деб аталган давлат тузилганини эълон қилдилар. Бу мамлакат Шимоли-шарқий Хитойнинг катта қисмини эгаллар эди: унинг ҳудуди Франция билан Германияга тенг эди. Японлар Манжоу-го мустақил мамлакат деб таъкидлашарди, лекин уни аслида Токиодан туриб бошқаришарди. Давлат тепасига Хитойнинг сўнгги императори Пу Ини ўтқазиб қўйишди, бу асли гўдаклигидан тахтдан маҳрум этилган подшо эди. Дастлаб у ҳукумат раҳбари деб аталди. 1934 йилда уни император деб эълон қилинди. Бу воқеаларнинг бувим учун ҳеч қандай аҳамияти йўқ эди, зеро, ташқи дунёдан унинг алоқаси бутунлай узилган эди. Аҳолининг кўпчилиги атроф-теваракда юз бераётган воқеаларга тақдир шундай деб ишонар, чунки ҳеч нарсани ўзгартиришга кучи етмасди. Кўпчиликнинг назарида Пу И қонуний ҳукмдор ва Осмон Фарзанди ҳисобланарди. Республика инқилобидан сўнг йигирма йил ўтса-да, мамлакатда жамият шаклланганича йўқ эди.
1937 йилнинг жазирама ёз кунларининг бирида бувим, унинг синг-лиси ва менинг онам Исянда поездга ўтириб, жанубга йўл олишди. Буюк Хитой деворини ортда қолдириб, Чанли шаҳрига етиб келишди. Генерал Сюэ ундан йигирма милчалик масофадаги Янхэин шаҳарчасида яшарди. Бувим арава ёллаб, йўлга тушди. Янхэин бир вақтлар йирик ҳарбийлар манзилгоҳи эди ва манжур императорлари ўз аъёнлари билан бу ерда тез-тез бўлиб туришарди. Шу боисдан унга элтувчи йўл Император йўли деган улуғвор ном билан аталарди. Йўлнинг икки четида тераклар бўй чўзган бўлиб, уларнинг оқ-яшил япроқлари қуёшда ялтирарди. Ундан кейин шафтолизор далалар бошланди. Бироқ ўта чарчаган бувим бундай ажойиб манзарадан завқлана олмасди.
Улар етиб борган данғиллама уй улуғворлиги билан бувимни лол қолдирди. Улкан дарвоза олдида қуролланган қўриқчилар турарди. Қотиб турган шер ҳайкаллари бинога алоҳида салобат бағишларди. От боғлаш учун мўлжалланган саккизта устун турарди: уларнинг тўрттаси фил, тўрттаси маймун шаклида эди. Бу жониворларнинг танланиши бежиз эмасди: хитой тилида «фил» ва «олий лавозим» (сян); «маймун» ва «оқсуяк» (хоу) сўзлари бир хил жаранглайди.
Бувим катта дарвозадан киргач, ҳовлида қуруқ деворни кўрди. Деворнинг нарироғида иккинчи дарвоза бор эди. Ҳовли мумтоз хитой усулида қурилганди: девор ниқоб ролини бажарарди. У бегоналарнинг бировлар ҳовлисига мўралашга, душманга эса олд дарвозадан туриб ўқ узишга имкон бермасди. Бувим ички дарвозадан кириши билан унинг ёнида оқсоч пайдо бўлди ва чақалоқни қўлидан олди. Иккинчи бир хизматкор аёл бувимни зина орқали юқорига олиб чиқиб, генерал Сюэ хотинининг меҳмонхонасига бошлаб борди. Хонага кирган бувим тиз чўкиб, бошини ерга текказди-да: «Ассалому алайкум, хоним» деди. Зеро, русум шуни тақозо этарди. Бувимнинг синглисини ичкари киритишмади, оқсоч сингари ташқарида кутиб туришини буюришди. Бунинг ҳайрон қоларли жойи йўқ эди, чунки жазманнинг қариндошлари оила аъзоси ҳисобланмасди. Бувим бир неча бор таъзим бажо келтиргач, генералнинг хотини унга ўрнидан туришга изн берди. Хоним унга оила ақидасига кўра, бувимнинг мақоми кичик сурайё эканини тушунтирди. Бу мақом генералнинг аёлидан кўра, имтиёзли хизматкорга яқинроқ эди.
Генералнинг хотини бувимга ўтиришни амр этди. Бувим тезда қарор қилиши лозим эди. Анъанавий хитой уйида ҳар кимнинг ўтирадиган жойи унинг мақомига қараб белгиланади. Генерал Сюэнинг завжаси хонанинг чап томонида ўтирарди. Унинг ёнида столча турарди, столчанинг нариги томонида яна стулча бор бўлиб, у ҳам жанубга қаратиб қўйилганди. У генералнинг жойи эди. Девор бўйлаб қатор стуллар қўйилган, улар турли мақомдаги кишиларга мўлжалланганди. Бувим орқага бурилди-да, эшикка яқинроқ стуллардан бирига ўтирди. Бу билан ўзининг бўйсунишини билдирмоқчи эди. Шунда хоним унга яқинроқ ўтиришни кўрсатди. Бу билан у ҳам ўзининг олижаноблигини намойиш қилмоқчи эди.
Бувим ўтиргач, хоним:
–Қизинг энди генералнинг қонуний хотини сифатида менинг шахсий болам каби тарбияланади, – деди. – Энди у ўз онасини эмас, мени она деб чақиради. Сен эса болага кичик сурайё сифатида муносабатда бўласан.
Хизматкор аёлни чақириб, болани олиб кетишни буюришди. Бувимнинг юраги тўхтаб қолгандай бўлди. У ўз хонасига киргачгина ҳўнграб йиғлаб юборди. Уни генерал Сюэнинг иккинчи сурайёсига олиб киришганида йиғидан кўзлари қизариб кетганди. Генералнинг севимлиси, хўжалик бошқарувчиси бўлган бу аёл жуда гўзал эди. Унинг ҳамдардлик билан муносабатда бўлиши бувимни ҳайратга солди. Унинг олдида тўйиб-тўйиб йиғлаб олгиси келди-ю, яна эҳтиёт бўлди. Эҳтиёткорликка не етсин…
Ўша куниёқ уни «эри» билан кўришишга олиб боришди. Боласини ҳам ўзи билан олиб боришга рухсат беришди. Генерал «кан»да ётарди. Кан-Шимолий Хитойда кенг тарқалган баландлиги икки ярим фут келадиган тўғри тўрт бурчакли ғиштли ётоқ-каравот бўлиб остидан иситиларди. Чалқанча чўзилган генералнинг атрофида иккита ўйнашми ёки хизматкорми, тиз чўкиб унинг оёқлари ва қорнини уқалашарди. Сюэнинг кўзлари юмуқ, бадани тупроқ рангда эди. Бувим кан узра энгашиб, уни мулойимгина чақирди. У кўзини очиб, зўрға жилмайди. Бувим қизчани унинг ёнига ўтқазиб:
— Бу Баоцин, – деди.
Генерал зўрма-зўраки қизчанинг бошини силаб:
– Баоцин сенга ўхшайди. У жуда аломат,–деди ва кўзларини юмди.
Бувим уни чақирди, лекин у кўзини очмади. Бувим унинг оғир касал эканини сезди, балки ўлаётгандир. У қизчасини қўлига олди-да, маҳкам бағрига босди, лекин бир сонияга, холос: сал нарида турган генералнинг аёли унинг енгидан тортди. Эшикдан чиққач, бувимни огоҳлантирди:
— Хўжайинни ҳадеб безовта қилаверма,- деди. – Умуман, ёнига келмасанг ҳам бўлаверади. То сени чақиришмагунча, ўз хонангда ўтирганинг маъқул…
Қўрқувдан бувимнинг юраги ҳаприқиб кетди. У ўйнаш эди, унинг ҳам, қизининг ҳам ҳаётига катта, эҳтимол, ўлим хавфи соя солиб турарди. У ҳеч қандай ҳақ-ҳуқуққа эга эмасди. Агар генерал ўлса, унинг тақдири бош хотиннинг иродасига боғлиқ бўлади. У яшаши керакми ёки ўлиши керакми, хоним ҳал қиларди. Ўша хоним уни истаган кўйга сола оларди. Хоҳласа уни бирор бой одамга сотиб юборарди, истаса фоҳишахонага. Ўша пайтда бу одат тусига кирганди. У ҳолда бувим ўз қизини умуман кўролмасди. Имкон бўлди дегунча болани олиб қочиб қолиши кераклигини жуда яхши тушунарди.
Хонасига қайтиб кирган бувим ўзини босиб олишга уринди-қочиб қолиш режасини тузиши керак эди. Фикрини сал бир жойга тўплай деса, бошига қон қуйилиб келарди. Оёғи қалтираганидан мебелларга суянибгина юра оларди. У чидай олмай яна йиғлашга тушди. Тақдир бунчалар бешафқат бўлмаса, дея нолирди у. Бундай вазиятдан қандай чиқиб кетишнинг йўлини тополмагани баттар алам қиларди. Энг ёмон томони шунда эдики, генерал бирдан ўлиб қолиши ва уни тузоқ ичида қолдириб кетиши мумкин эди.
У аста-секин ўзини қўлга олди, фикрлари тиниқлашди. Унга тузоқ бўлиб қолган бу ҳашаматли қасрни қадам-бақадам кўздан кечирди. Бино кўплаб ҳовличаларга бўлинган, каттагина майдонни эгаллаб турар, баланд девор билан ўраб олинган эди. Ҳатто боғ ҳам бўлиб-бўлиб ташланганди. Дид билан кўриниши учун эмас, балки хавфсизлик нуқтаи назаридан шундай қилинганди, албатта. Боғда бир нечта сарв, қайин ва олхўри дарахтлари ўсганди, лекин ҳаммаси девордан анча олис эди. Бирорта ўғри ёки қотил яшириниши мумкин бўлмасин деб буталар ҳам экилмаганди. Боғдан олиб чиқадиган иккита дарвозага осма қулф илинган, ташқи дарвозада туну кун қуролли қоровуллар турарди.
Бувимнинг тўсиб қўйилган майдондан чиқишга ҳаққи йўқ эди. Унга ҳар куни генерални бориб кўришга рухсат бериларди, лекин бошқа аёллар билан бирга. У навбати билан эрининг каравотига яқинлашар ва зўрға эшитилар-эшитилмас: «Ассалому алайкум, жаноб» дерди.
Вақт ўтиши билан у уйдаги вазиятни яхши тушунадиган бўлиб қолди. Аёллар орасида генералнинг хотинидан ташқари иккинчи сурайё ҳам анча нуфузга эга эди. Бувим тушунди: генералнинг ўша иккинчи ўйнаши мулозимларга ўзига нисбатан яхши муносабатда бўлишни тайинлади, натижада унинг ҳаёти жуда ҳам енгиллашди. Бундай уйларда мулозимларнинг муносабати улар кимга бириктириб қўйилган бўлса, ўшанинг мақомига қараб белгиланарди: улар ҳомийси борлар олдида ялтоқланишар, ғазабга учраганларга эса менсимай қарашарди. Бунинг устига иккинчи сурайёнинг қизи бўлиб, у онамдан сал каттароқ эди. Худди шу нарса икки аёлни бир-бирига боғлаб турарди. Бу эса ўз навбатида генерал Сюэнинг иккинчи сурайёсига эътиборни оширарди, чунки онамни ҳисобга олмаганда унинг бошқа фарзанди йўқ эди.
Бир ойдан сўнг, боласи бор икки аёл дугона бўлиб олишгач, бувим генералнинг хотини ҳузурига кириб, уйга бориши зарурлигини айтди. Баъзи кийимларини олиб келиши учун хоним розилик билдирди.
Шунда бувим:
— Қизимни олиб кетсам, буваси ва бувиси билан хайрлашиб келарди,–деди.
Хоним рад этди.
— Йўқ, томирида Сюэлар авлоди қони оқаётган ҳеч ким бу уйни тарк этмайди,- деди у.
Шундай қилиб, бувим бир ўзи Чанлига жўнаб кетди. У ерда извошчи уни станцияда қолдириб, ўзи орқага қайтиб кетди. Бувим сўраб-суриштириб иккита отлиқ йигитни топди. Улар бувимга ёрдам беришга рози бўлишди. Улар кеч киришини кутиб, қоронғуда йўлга тушишди ва қисқа йўлдан от қўйиб Лулунга қайтиб келишди. Отлиқлардан бири бувимни бедовга миндириб, ўзи жиловдан етаклаганча йўл босишди.
Данғиллама бинога етгач, бувим орқадаги дарвозага яқинлашди ва келишилган сигнални берди. Бир неча дақиқадан сўнг дарвоза очилиб, ундан бувимнинг синглиси югуриб чиқди. Унинг қўлида менинг бўлажак онам – бувимнинг қизи бор эди. Бувим билан келишиб олган иккинчи сурайё панжарани очиқ қолдирган экан. Эшикни бузиб киришди деб ўйлашсин дея дарвозага болта билан бир неча бор урган ҳам ўша аёл экан.
Бувим онамни эркалашга ҳам улгурмабди, уйғотгиси ҳам келмабди, агар қизча чинқириб юборса, қоровуллар эътиборини тортади деб ўйлабди. Бувим синглиси билан бирга отларга минибдилар-да, тун қоронғисида ғойиб бўлибдилар. Отлиқларга яхшигина пул тўлашибди, улар арғумоқларни тез ҳайдашибди. Қочоқлар тонг отар маҳали Чанлига етиб келишибди ва катта уйда ҳали тўполон бошланмай туриб, поездга ўтириб, шимолга йўл олишибди. Ниҳоят, эртаси кун кечқурун поезд Исянга етиб келибди, бувим ўзини ерга ташлаб узоқ ётибди, унинг қимирлашга ҳам мажоли йўқ экан.
Лулундан икки юз мил узоқда у ўзини анча хавфсиз деб ўйларди. Бироқ қизини ўзи билан олиб қололмади, чунки хизматкорлардан ҳайиқарди. Шу боисдан мактабдош дугонасидан уни яширишни илтимос қилди. Дугонаси қайнотнасиникида яшарди. У Ся фамилияли манжур дўхтири эди. Дўхтир дўстлардан жонини аямайдиган садоқатли инсон сифатида ном қозонган одам эди.
Шу нарса аниқ эдики, Сюэ оиласи оддий сурайёни таъқиб этиш ниятида эмасдилар, уларни менинг онам — Сюэнинг қизчаси қизиқтирарди. Бувим Лулунга телеграмма юбориб, поездда чақалоқ шамоллаб, ўлиб қолганини хабар қилди. Бунга ишонган генералнинг оиласи бувимни тинч қўйишди. Бувим қизи билан Исяндаги уйида яшай бошлади. Энди хизматкорларга ҳам эътибор бермай қўйди, чунки «эри» келолмаслигини яхши биларди. Бир йил давомида Лулундан ҳеч қандай хабар бўлмади. 1933 йилнинг куз кунларидан бирида бувим телеграмма олди: «Генерал Сюэ вафот этди, дафн маросимида қатнашиш учун Лулунга етиб кел».
Генерал Тянцзинда сентябр ойида вафот этди. Унинг жасадини лакланган тобутда Лулунга олиб келишди. Унинг ёнида яна иккита тобут бор эди. Улардан бирининг устига генералнинг тобути сингари қизил кимхоб ёпилган, ёғочи лакланганди. Унга генерал сурайёларидан бирининг жасади қўйилганди. Бу аёл «эри»ни у дунёга кузатиб бориш учун заҳар ичганди. Бу эрига садоқатнинг олий чўққиси ҳисобланарди. Кейинчалик генерал Сюэнинг қасрида ўша аёл шаънига номи ёзилган лавҳа ўрнатилди, ўта оддий ишланган учинчи тобутда генералнинг бошқа бир ўйнашининг хоки қўйилганди. Бу аёл икки йил бурун тиф касалидан ўлганди. Одатга кўра, унинг қолдиқларини генерал Сюэнинг ёнига қўйиш учун қабридан кавлаб олинганди. Бу аёл хокини оддий ёғоч тобутга солишганди, чунки даҳшатли касалликдан ўлиш мудҳиш тақдир ҳисобланарди. Ҳар бир тобутга жасадни чиришдан асраш учун — симоб ва писта кўмир қўйишди, марҳумлар оғзига марваридлар жойланганди.
Генерал Сюэ ва унинг сурайёлари битта қабрга дафн этилди. Унинг хотини ва бошқа сурайёлари вақти билан шу лаҳадга кўмилиши керак эди. Дафн маросимида марҳумнинг руҳига илтижолар русуми унинг ўғли томонидан бажарилиши лозим эди. Генералнинг ўғли бўлмагани учун унинг рафиқаси бу вазифани генералнинг ўн яшар жияни зиммасига юклади.
Бувим дафн маросимига бормади. Бу ҳақда хабар олмагандек тутди ўзини. Натижада уни пул билан таъминлаб турадиган ғазна вакили уникига қатнамай қўйди. Дафн маросимидан бир ҳафта ўтгач, бувимнинг ота-онаси генерал Сюэнинг хотинидан хат олишди. Хатда генерал бувимга эрк бергани айтилганди.
Йигирма тўрт ёшида бувим эркка эришди.
___________
* Мандарин — Хитойда инқилобдан олдин катта амалдор.
* Боксчиларнинг миллий исёни – Бу исёнга ажнабийлар шундай ном беришган. Икэтуан исёни деб аталган бу қўзғалонни бостиришда Германия, Япония, Буюк Британия, Россия, Италия, АҚШ, Франция ва Австро-Венгрия қўшинлари қатнашганлар.
* Мацзян — қиморнинг бир тури.
* Адъютант — ҳарбий раҳбар ёки муҳим топшириқларни бажарувчи зобит.
* Интендант — армияда моддий таъминот хизматини бажарувчи ҳарбий ходим.
«ШИРИН БУЛОҚ СУВИ»
(1933–1938)
… Генерал Сюэ хотинининг мактубида бувимнинг ота-онасига «қизингизни қайтариб олиб кетинг» деган илтимос ҳам бор эди. Гарчи илтимос анъанавий — мулойим оҳангда ёзилган бўлса ҳам, бувим «уйни бўшатиб қўйиш» ҳақида буйруқ эканини яхши тушунарди.
Отаси уни истамайгина, ноиложликдан уйга олиб кетди. У болажон оила соҳиби бўлиб кўринишдан аллақачон воз кечганди. Генерал Сюэ билан қариндош бўлиб олгач, бирданига мартабаси кўтарилди. Полиция бошлиғининг ўринбосари лавозимини эгаллаб, яхши алоқаларга эга бўлган кишилар доирасига киргач, каттагина бойлик орт-тирди, ер сотиб олди ва нашавандликка берилди.
У янги жойга тайинланиши биланоқ битта сурайё-жория орттирди. Мўғул аёли бўлган бу ўйнашни унга ўзининг бошлиғи тортиқ қилди. Бу хизмат мартабасида кўтарилиб бораётган ҳамкасбига одатдаги бир совға эди. Маҳаллий полиция бошлиғи генерал Сюэнинг ҳимоясидаги одамнинг кўнглини кўтармоқ учун қилди бу ишни. Бироқ орадан кўп ўтмай, катта бувам янги сурайё орттириш ҳақида ўйлай бошлади. Чунки унақанги мартабадаги одамлар кўпроқ ўйнаш тутишлари керак эди, зеро бу унинг олий мақомидан далолат берарди. Узоқ излашга ҳожат қолмади: унинг мўғул сурайёсининг синглиси бор эди.
Ота-онасининг уйидаги вазият ўн йил олдинги аҳволдан кескин фарқ қиларди. Сурайёлардан бири қиз туғди, у менинг онам билан тенгқур эди. Бувимнинг синглиси Лан ҳали эрга тегмаганди. Ҳолбуки ёши «анча» (ўн олти ёш )га бориб қолганди. Бу нарса катта бувамнинг ғазабини қўзғатарди.
Бувим шўрлик бир илон уясидан қутулиб бошқасига тутилди. Унинг ўзи ҳам, онаси ҳам катта бувамнинг жаҳлини чиқарарди. Хотинининг ўзи унинг ғашига тегарди, ёқимли сурайёлар соҳиби бўлгач, у баттар қўрслашди. Сурайёлари билан бир дастурхонда ёнма-ён ўтириб овқатланар, хотинини ҳайдаб, алоҳида тамадди қилишга мажбур этарди. Соҳибининг уйидан қайтиб келгани учун қизини ҳам кўргани кўзи йўқ эди.
Бунинг устига у ўзига қизининг касри тегишидан қўрқарди. Чунки қизининг «эри» ўлганди. Ўша кунларда бева аёл ирими уни даҳшатга соларди: қизини эрининг ўлимига жавобгар ҳисоблашарди. Катта бувам қизининг унга кўзи тегишидан, омадини қочиришидан хавфсирарди, бева қизининг бу уйдан тезроқ гумдон бўлишини хоҳларди.
Тағин сурайёлари ҳам уни қизига қарши қайрашарди. Унгача уйда сурайёлар хоҳлаган ишини қилишарди. Катта бувим юмшоқ табиатли, ҳатто ожиз аёл эди. Гарчи сурайёларга нисбатан унинг мақоми расман юқори бўлса-да, амалда ҳамма нарса уларнинг инжиқликларига боғлиқ эди. 1930 йилда катта бувим ўғил фарзанд кўрди. Юйлиннинг дунёга келиши сурайёларнинг ҳафсаласини пир қилди, улар эртанги кундан умидини уздилар, Чунки оила бошлиғининг ўлимидан сўнг, унинг бутун мол-мулки ўғлига ўтарди. Ян ўз ўғилчасига сал-пал мурувват билан қараса ҳам сурайёларнинг жаҳли чиқарди. Юйлин туғилганидан бошлаб, катта бувимни уйдан чиқариб юбориш учун зўр бериб хуруж бошладилар. Эри эса ўғли туғилганидан кейин ҳам уни қўллаб-қувватламади.
Бувим феъл-атворига кўра, онасига нисбатан анча кучли эди. Ўн йил ичида кўрган азоб-уқубатлари уни тоблади. Ундан отаси ҳам ҳа-йиқарди. У энди отасига бўйсунмасликка ва ўзи ҳамда онасини ҳимоя қилишга онт ичди. Бувим бор экан сурайёлар ўзларини тийишга мажбур эдилар.
Менинг онам ана шундай бир вазиятда икки ёшидан тўрт ёшигача яшади. Бу инсон шахси шаклланадиган йиллар эди. Айни ўша дамлар бувим йигирма ёшдан ошган, навқирон ва гўзал аёл эди. У кўпгина фазилатларга эга эди. Шу боис бир неча одам совчи қўйди. Лекин у генералга сурайё бўлганлиги туфайли бувимга уйланишни хоҳлаганлар камбағаллар эдилар. Бу эса жаноб Янни асло қониқтирмасди. Сурайёлар дунёси билан яхши таниш бўлган бувим бундай ҳаётни асло хоҳламасди. Унинг бирдан-бир истаги — тинчгина яшаб, қизини тарбиялаш эди.
Отаси, ҳадеб бўйнимда ўтираверасанми, эрга тег, деб қистарди. Бувим қаерга бош уришни билмасди. Яшайдиган жойи ҳам, ишлайдиган ери ҳам йўқ эди. Бу ҳол уни руҳий тушкунликка олиб келди, асаблари таранглашиб, мазаси қочиб қолди. Дўхтирни чақиришди. Уни кўргани дўхтир Ся келди. У бувимнинг дугонасининг қайнотаси эди, генерал Сюэ уйидан қочгач, менинг онамни ўшаларнинг уйида яширишган эди. Бувим унинг келини билан яқин дугона бўлса-да, дўхтир Ся уни сира кўрмаганди. Уйга кириб, бувимни кўргач, дўхтир ўзини йўқотиб қўйди, унинг гўзаллигидан ақли шошганди. У уйдан қайтиб чиқди ва мазам қочди деб қўя қолди. Ниҳоят, у ўзига келди ва ўтириб, бувим билан бамайлихотир гаплашди. Дўхтир бувим дард-ҳасратларини тўкиб солган биринчи одам эди. У ҳам бувимга илиқ ва самимий муносабатда бўлди: бувим уни тушунишаётганини илк бора ҳис этди. Тез орада улар бир-бирини севиб қолишди ва дўхтир бувимнинг қўлини сўради. У яна қўшимча қилиб, бувимга расмий уйланмоқчи ва онамни ўз қизидай ўстирмоқчи эканини ҳам айтди. Бувим рози бўлиб, қувончидан йиғлаб юборди. Отаси ҳам бу никоҳни маъ-қуллади, фақат қизига қўшиб сеп беролмаслигини таъкидлади.
— Бунинг аҳамияти йўқ, — деди дўхтир Ся.
Сянинг Исянда яхшигина обрў-эътибори бор эди. У Ян оиласи сингари Хитойнинг аксарият аҳолиси бўлган хан миллатига мансуб эмасди. Шу атрофда қадимдан яшаб келаётган халқ орасидан чиққан манжур эди. Унинг аждодлари манжур императорлари саройларида табиб бўлиб хизмат қилишганди.
Дўхтир Ся ажойиб шифокор сифатидагина эмас, камбағалларни бепул даволовчи яхши одам сифатида ҳам шуҳрат қозонганди. У гавдали одам эди, бўйи олти фут келарди. Чаққон ва ҳаракатчан эди. Ся анъанавий узун кийим ва нимча кийиб юрарди. Мўйлов ва соқол қўйган, қўй кўзларидан меҳрибонлик ёғилиб турарди.
Дўхтир бувимнинг қўлини сўраганида анча ёшга бориб қолганди. У олтмиш беш ёшга тўлган, уйланган уч ўғли ва турмуш қурган бир қизи бор тул эркак эди. Ўғиллари у билан бирга яшарди. Тўнғич ўғли уйни ва оилавий фермани бошқарарди. Ўртанчаси дўхтир бўлиб отаси билан ишларди, кенжаси — бувимнинг дугонасининг эри эса муаллимлик қиларди. Уч ўғилнинг саккизта фарзандлари бўлиб, улардан бири уйланган ва боласи бор эди.
Дўхтир Ся ўғилларини хонасига чақириб, режасини маълум қилди. Ўғиллар ишонқирамай, бир-бирлари билан кўз уриштириб олишди. Орага оғир жимлик чўкди.
Кейин тўнғич ўғли:
— Ота, сиз уни сурайё қилиб олсангиз керак деб ўйлайман,— дея сўради.
— Йўқ, — эътироз билдирди дўхтир, — унга уйланмоқчиман.
Бу катта аҳамиятга эга эди, чунки бувим унинг ўғилларига ўгай она бўлиб қоларди ва Сянинг рафиқаси сингари эътиборга лойиқ бўларди.
Оиланинг барча аъзолари йиғилиб, юз берган воқеани муҳокама қиларканлар, қаттиқ ҳаяжонландилар. Ҳатто келин, бувимнинг дугонаси ҳам жуда хафа бўлди, чунки қайнотасининг уйланиши унинг синфдоши билан муносабатларини тубдан ўзгартирарди. Келин бундан буёғига дугонаси билан бир дастурхонда овқатланиш у ёқда турсин, бирга ўтиришга ҳам ҳаққи бўлмай қоларди, у бувимнинг ҳар бир истагини сўзсиз бажаришга, унга ергача эгилиб таъзим қилишига тўғри келарди.
Барча қариндошлар — ўғиллар, келинлар, неваралар, ҳатто эвараси ҳам навбат билан дўхтир ҳузурига кирдилар ва «яқинларингиз туйғуларини қақшатманг» деб ялиндилар. Ҳаммаси унинг олдида тиз чўкиб, таъзим бажо келтиришиб, йиғладилар. Улар дўхтир Сяга ялиниб, ўзининг манжур эканини, қадимий манжур урф-одатига кўра, унинг мавқеидаги одам хитой аёлига уйлана олмаслигини таъкидлардилар.
— Бу қоида бекор қилинганига анча бўлди, —деди дўхтир Ся.
— Агар сиз ҳақиқатан манжур бўлсангиз, унга амал қилишингиз керак, — дейишди болалари.
— Ахир сиз ундан қарийб уч баробар каттасиз, — дейишди унга.
— Қари эркакнинг ёш хотини бошқа эркакнинг ҳасми бўлди,- деб кесатди қариндошларидан бири.
Фарзандлари ҳар қанча уринишмасин дўхтирни аҳдидан қайтара олишмади.
Дўхтир Ся бадавлат одам эди. Исян атрофида унинг икки минг акр ери бор эди, Буюк Хитой девори жанубидаги анча-мунча майдоннинг соҳиби эди. Шаҳарда у бўз ғиштдан каттагина иморат солдирганди. Дори-дармон дўкони бор эди.
Дўхтирнинг гапга кирмаётганини кўрган оила аъзолари бувимга тазйиқ қилишга ўтишди. Бир сафар унинг ҳузурига чолнинг келини — бувимнинг дугонаси ташриф буюрди. Чой-пой ичиб, нари-беридан гаплашиб ўтирганларидан сўнг, мактабдош дугонаси нима мақсадда келганини айтди-қўйди. Бувим кўзига ёш олиб, дугонасининг қўлларидан тутди:
— Менинг ўрнимда сен бўлганингда нима қилардинг? — дея сўради ундан.
Дугонаси индамаганини кўриб, давом этди:
— Сен жория нима эканлигини яхши биласан. Ўзингга шундай тақдирни раво кўрармидинг? Биласанми, Конфуцийда шундай бир ҳикматли ибора бор: «Цзян синь би син!»* Баъзан суҳбатдошингни юксак ҳиссиётга даъват этиб, устоз ўгитини эслатиш тўғридан-тўғри рад этишдан яхшидир.
Дугонаси ўзини айбдордай ҳис қилиб уйига қайтди ва ташрифи муваффақиятсиз чиққанини айтди. Шунингдек, дўхтир Сянинг иккинчи ўғли Дэгуй сиймосида ўз маслакдошини топган аёлга босим қилишга уриниб кўрганини ҳам таъкидлади. Дэгуй отаси билан бирга дўхтир бўлиб ишларди ва ака-укаларига нисбатан отасига яқин эди. У бу никоҳга халақит берманглар, деб айтди. Кенжа ўғил ҳам унга ён босди. Ҳаммадан кўра, тўнғич ўғил билан унинг рафиқаси норози эдилар. Бошқалар ўзларини орқага ташлаганларини кўриб, у эрига шундай деди:
— Албатта, уларга барибир. Уларнинг ҳунарлари бор. Бу аёл улар қўлидан ҳунарини тортиб ололмайди. Лекин сизда нима бор? Сиз бор-йўғи чолнинг мол-мулкини бошқарасиз — буларнинг ҳаммаси ўша аёл ва унинг қизига ўтиб кетади. Мен бечора нима қиламан, шўрлик болаларимнинг аҳволи нима кечади? Бошимизни қаёққа урамиз? Балки ҳаммамиз ўлишимиз керакдир?! Балки отанг шуни хоҳлаётгандир?! Нима, улар иккаласи тинч яшаши учун мен ўзимни ўлдиришим керакми?
У шундай деркан, йиғлаб, дод-вой солди. Ҳаяжонланиб кетган эри:
— Менга эртагача муҳлат бер, — деди.
Эртаси куни уйқудан уйғонган дўхтир Ся эшиги олдида бутун оиласи — ўн беш кишини кўрди. Улар орасида Дэгуй йўқ эди. Чол ташқари чиқиши билан тўнғич ўғли ҳайқирди:
— Таъзим!
Ҳамма бараварига тиз чўкиб таъзим қилди.
Ўғли титроқ овозда эълон қилди:
— Ота, ўғилларингиз ва бутун оилангиз шу ерда қолиб, то ўлмагунларича таъзимда бўладилар, токи сиз биз ҳақимизда, яқинларингиз ҳақида, ҳаммадан кўра, ўзингиз ҳақингизда ўйлаб кўрмагунингизча шундай тураверадилар.
Дўхтир Ся ғазабдан титраб кетди.
— Туринглар ўрнингиздан! —деб бақирди.
— Йўқ, ота,— деди тўнғич ўғил хитоб қилиб.— Биз ўрнимиздан турмаймиз, агар тўйни тўхтатмасангиз!
Дўхтир Ся унга тушунтиришга уриниб кўрди, бироқ у эътироз билдиравериб чолнинг ғазабини жунбушга келтирди.
— Сизлар нима ҳақда ўйлаётганларингни мен жуда яхши биламан, — деди у ниҳоят, — умрим кўп қолгани йўқ. Сизлар бўлажак ўгай онангиздан қўрқаяпсизлар. Лекин у сизларга жуда яхши муносабатда бўлишига шубҳа қилмайман. Мен унинг поклигини жуда яхши биламан. У ўта фазилатли аёл…
«Фазилатли» сўзини эшитиб тўнғич ўғил пишқирди:
— Жорияда “фазилат” нима қилади! Аввалам бор яхши аёл жорияликка борармиди?!
У шундай деб бувимни ҳақорат қилакетди.
Дўхтир Ся ўзини тутиб туролмади. Ҳассасини кўтариб, ўғлини савалай кетди. У умр бўйи хотиржамлик ва ўзини тутишнинг намунаси бўлиб келганди. Бу аҳволни кўрган ва ҳамон тиз чўкиб турган оила аъзолари ҳангу манг бўлиб қолдилар. Чевара чинқираб йиғлаб юборди. Тўнғич ўғил бир зумга жим бўлиб қолди, сўнг яна бақиришга тушди. Энди у фақат оғриқдангина эмас, ғурури таҳ-қирланганидан ҳам дағдаға қила бошлади. Ахир, оиласи кўз ўнгида уни калтаклашди-я! Дўхтир Ся ғазабдан нафаси қисилиб, тўхтаб қолди. Ўғли яна бувимни ҳақоратлай бошлади. Отаси ўзини йўқотиб, «овозингни ўчир» деб таёғи билан шундай туширдики, ҳассаси синиб қолди.
Ўғил таҳқир ва оғриқдан бир зумга қотиб қолди. Кейин тўппончасмни чиқарди-да, отасининг юзига қаради:
– Садоқатли фуқаро императорга садоқатини ўз ўлими билан исботлайди. Эҳтиромли фарзанд ҳам отасига нисбатан шундай қилади. Мен жон берибгина сизни ишонтиришим мумкин.
Ўқ гумбурлади. Ўғил бир чайқалди-ю ерга қулади. У қорнига қараб ўқ узганди. Уни дарҳол яқин атрофдаги шифохонага жўнатишди. Ке-йинги куни у ўша ерда жон берди. Эҳтимол у ўзини ўлдирмоқчи бўлмагандир, отасининг қаршилигини енгиш учун томоша кўрсатмоқчи бўлгандир.
Ўғлининг ўлими дўхтир Сяни қаттиқ қайғуга солди. Лекин у хотиржамдек кўринарди. Атрофдагилар унинг ғамдан ич-ичидан зил кетаётганини сезиб туришарди. У маъюс бўлиб қолганди.
Исян қайнарди: одамлар ғазабга тўлиб-тошди, бемаъни миш-мишлар тарқалди. Бўлиб ўтган воқеа учун бутун айбни дўхтир Ся ва бувимга қўйишарди. Аммо дўхтир уни ҳеч нарса тўхтата олмаслигини кўрсатиб, уйланишга қарор қилди. Дафн маросими ўтгач, у тўй кунини белгилади. У болаларини бўлажак оналарига етарли даражада эҳтиром кўрсатишлари керак деб огоҳлантирди ва шаҳарнинг эътиборли кишиларига таклифнома жўнатди. Дўхтир бувимга тўй маросимига яхшилаб тайёрланишни тайинлади. Бувим эса айбловлар дўхтир иккаласининг муносабатларига таъсир кўрсатишидан хавотирда эди. Лекин унинг асосий фазилати журъатлилиги эди. У ўзини айбдор эмаслигига ишонтиришга уринарди. Шу боисдан тантанали маросимга розилик берди. Тўй куни бувим ота уйини тарк этиб, тахтиравонда, муғаннийлар кузатувида йўлга чиқди. Манжурлар одатига кўра, унинг оиласи тахтиравон ёллади ва келинни куёвнинг уйигача бўлган йўлнинг ярмига олиб бориб қўйди. Куёв бўлса бошқа тахтиравон юборди ва келин йўлининг қолган қисмини унда босиб ўтиши керак эди. Келин иккинчи тахтиравонга ўтирадиган жойда унинг беш яшар укаси Юйлин энгашиб турди. Бу билан у онасини дўхтир Сянинг тахтиравонига елкасида олиб ўтаётганини ифодалади. Улар дўхтирнинг уйига етиб келишганда ҳам Юйлин шу вазиятни такрорлади.
Шундан сўнг келиннинг иккита дугонаси уни маросим ўтадиган уйга бошлаб кирдилар. Дўхтир Ся қизил кимхоб ёпилган стол ёнида турарди, стол устига Осмон, Ер, Император, Аждодлар ва Устознинг рамзий белгилари қўйилган эди. Куёв манжурларнинг анъанавий кийимида эди. У тиз чўкиб, рамзий белгиларга беш марта таъзим қилди-да, никоҳ хонасига кирди.
Кейин бувим икки дугонаси кузатувида, беш марта тавозе билан тиз чўкиб таъзим бажо келтирди. Сўнг дўхтирнинг ортидан никоҳ хонасига кирди. Дўхтир унинг устидан оғир ёпинғичини ечиб олди. Келиннинг дугоналари уларга кади шаклидаги кўралар тақдим этишди. Келин-куёв бу гулдон идишларни ўзаро алмашишди, дугоналар чиқиб кетишди. Дўхтир Ся билан бувим сукут сақлаганча бироз ёнма-ён ўтиришди ва куёв қариндошлари ҳамда меҳмонлар ҳузурига чиқди. Бувим ўриндиқ устида ёлғиз бир неча соат қимир этмай ўтирди. У қизил қоғоз билан ёзилиб, деразага ёпиштирилган йирик иероглифда битилган «Қўшалоқ бахт» сўзидан кўз узмасди. Меҳмонлар кетгач, дўхтир Сянинг ёш бир қариндоши кириб, бувимнинг енгидан уч марта тортди. У ўрнидан энди туриши мумкин эди. Бувим икки оқсоч кўмагида каштали кийимини ечиб, оддий қизил кўйлак ва қирмизи лозим кийиб олди. Қимматбаҳо тошлар қадалган каттакон бош кийимини ечиб қўйди ва сочини ҳалқалар билан қулоқлари орқа-сига турмаклаб қўйди.
Шундай қилиб, 1935 йилда менинг тўрт ёшли онам ва йигирма олти ёшга кирган бувим дўхтир Сянинг кенг ва ҳашаматли уйига кўчиб ўтдилар. Бу уй улкан меъморий мажмуа эди: унинг ички қисмида яшайдиган уйлар жойлашганди, ташқи томонда кўчага қараб амбулатория ва дорихона эгаллаганди. Одатда, иши юришган шифокорларнинг хусусий дори-дармон дўконлари бўларди. Уйнинг пештоқи чиройли қилиб безатилганди. Пештоқ марказига тилларанг иероглифлар билан ёзилган «Ся хонадони» деган лавҳа осилганди.
Ўғли ўлганидан сўнг, дўхтир Ся қариндошларининг кўзларида таъна-дашномларини ҳис қилиб турарди. Лекин бувим билан гаплашганда, у асло ўз дардини айтмасди: хитой эркагининг шикоят қилишга ҳаққи йўқ эди. Албатта, бувим унинг азоб чекаётганини биларди, у билан бирга қайғурарди. Унга мулойим муносабатда бўлар, унинг барча истагини бажо келтиришга ҳаракат қиларди.
Бувим оила аъзолари билан тўқнаш келиб қолганда ҳамиша жилмаярди, улар эса нафратини намойиш қилиш-ла жавоб қайтаришарди. Ҳатто собиқ мактабдоши бўлган дугонаси ҳам ундан ўзини олиб қочарди. Бувим эса, тўнғич ўғилнинг ўлимида уни айбдор ҳисоблашаётганидан азобланарди. Унинг бутун турмуш тарзи манжурчасига тус олди. У бир хонада қизи билан, дўхтир Ся эса алоҳида ётарди. Уйдагилардан фақат биргина «хайрли тонг» деган иборани эшитарди.
Байрам ёки бошқа тантанали маросимлар муносабати билан бутун оила аъзолари унга таъзим қилиб, илтифот кўрсатишлари керак эди. Бунга жавобан бувим ўрнидан туриб, стол ёнида қад ростлаши лозим бўларди. Бу билан уларнинг марҳум оналари ўрнини бўшатиб бераётганини исботларди. Манжур урф-одатлари гўё бувим билан дўхтир Сяни бир-биридан узоқроқда тутиб туриш учун атайлаб яратилгандек эди. Улар ҳатто бирга овқатланишлари ҳам мумкин эмасди. Бувим тамадди қилаётганда унга хизмат қилувчи келинлардан биттаси, албатта, орқасида пойлаб турарди.
Дўхтир менинг онамга яхши муносабатда бўлди ва ўз қизидай ўстирди. Онам уни «ота» деб чақирарди, дўхтир эса унга ўз фамилиясини берди. Онам ҳанузгача Ся фамилияси билан аталади. Исмини эса Дэхун қўйишди. Бу сўз икки рамздан иборат бўлиб, хун – ёввойи ғоз*, дэ – саховатли маъносини билдирарди.
Дўхтир Сянинг оиласи бувимни ошкора ҳақорат қилишга ботинолмасди. Бу ўз «оналари»га хоинликдай бўларди. Лекин бувимнинг қизи – бошқа гап. У онасининг эркалашларини яхши эслайди, айни пайтда Ся оиласида болаларнинг унга ўтказган зуғумларини ҳам унутгани йўқ. У йиғламасликка ҳаракат қилар, қизарган ва кўкарган жойларини кўрсатмасликка уринарди. Лекин бувим нималар бўлаётганини яхши биларди. Онам жанжал чиқмасин ва кайфияти бузилмасин деб дўхтирга айтмасди. Дардини ичига ютиб юрарди.
Онамнинг энг яхши дўстлари — уй ҳайвонлари: бойўғли, бир неча қисқа жумланигина айта оладиган чуғурчиқ, лочин, мушук, оқ сичқонлар эди. Одамлардан эса ўз онаси, яъни бувимдан ташқари, дўхтир Сянинг аравакаши — Катта Ли онамнинг энг яқин одами эди. Бақувват бу одам Хинган тоғлари томонларидан эди.
Катта Ли онамга жониворларнинг қилиқлари тўғрисида гапириб берарди. Ўша пайтлар Шимолий Манжурия тоғларида кўп учрайдиган йўлбарслар ювош, агар хавфни сезмасалар, улар одамга тегмайди. У йўлбарсларни яхши кўрарди. Айиқлар бошқа гап: улар ваҳший бўлади. Айиқлардан узоқроқ юриш керак. Агар айиққа дуч келсанг, у бошини туширмагунча қимир этмай турганинг маъқул. Унинг пешонасида ёли бўлади. Бошини эгса ёли кўзига тушиб, қарашга халақит беради. Бўрини кўриб қолсанг, бурилиб қоча кўрма, чунки ундан қочиб қутулишнинг иложи йўқ. Тўхтаб, гўё қўрқмаётгандай унинг кўзига тик қарашинг лозим. Кейин аста-секин чекинишинг мумкин. Йиллар ўтиб, Катта Лининг маслаҳати онамнинг ҳаётини сақлаб қолганди.
Бир сафар онам беш ёшдалигида ўз жониворлари билан боғда ўйнаб юрган эди. Дўхтир Сянинг набиралари онамни ўраб олишди, уни туртиб, ҳақорат қилиб, кейин у ёқдан-бу ёққа судраб ура бошлашди. Улар онамни боғнинг бир бурчагига қисиб боришди, у ерда суви қуриган бир қудуқ бор эди, уни итариб юборишди. Қудуқ чуқур эди, онам унинг тубидаги тошга қаттиқ урилди. Ниҳоят, кимдир онамнинг чинқириғини эшитиб, Катта Лини чақирди. У нарвон кўтариб югуриб келди. Ўша пайтда ўзини йўқотганча бувим ҳам келиб қолди. Бир неча дақиқалардан сўнг Катта Ли онамни қудуқдан ҳушсиз ҳолда олиб чиқди. Бувим уни уйга олиб кирди, дўхтир Ся онамни кўздан кечириб, сон суягидан бири синганини аниқлади. Онам шўрлик умр бўйи оқсоқ бўлиб қолди.
Дўхтир Ся «нима бўлди?» деб онамдан сўраганда, у набираси Олтинчи итариб юборганини айтди. Дўхтирнинг кайфиятига жуда сезгир бўлган бувим онамнинг гапини бўлди, чунки Олтинчи унинг севимли набираси эди. Дўхтир хонадан чиққач, бувим онамга шикоят қилмасликни тайинлади, акс ҳолда у киши хафа бўлади, деди. Кейин оёғи сингани туфайли бувим анча вақтгача кўчага чиқолмади. Қолган болалар ундан бутунлай юз ўгиришди.
Ана шу воқеадан сўнг дўхтир Ся уйда кўринмай қолди. У бир неча кунлар келмай қоларди. Дўхтир йигирма мил жанубда бўлган Цзиньчжоу шаҳрига қатнаб иш қидирарди. Уйдаги вазият чидаб бўлмас даражада эди, сал бўлмаса онамнинг ўлиб кетишига сабаб бўлай деган воқеа эса уни кўчиб кетиш зарурлигига ишонтирди.
Бу жуда жиддий қарор эди. Хитойда катта оила соҳиби бўлиш буюк шараф ҳисобланарди. Бир неча авлоднинг бирга яшаши жуда эъзозланарди. Бундай катта оиланинг парчаланиши эса фожиа саналарди. Шунга қарамай, дўхтир Ся бунга жазм этди. Бу бувимга ҳам маъқул эди. Таънаю дашномлар, таҳқирлашлар унинг жонига тегиб кетди. Бувим енгил нафас олгандай бўлди.
Дўхтир Ся ўз мулкини қариндошларига бўлиб берди. Манжур императорлари томонидан аждодларига берилган буюмларнигина ўзига олиб қолди. Тўнғич ўғлининг бевасига ернинг ҳаммасини берди. Ўртанча ўғил дорихонага эга бўлди. Кенжасига уй тегди. Дўхтир Катта Ли ва бошқа хизматкорларига ҳам ғамхўрлик қилди. У бувимдан: «Қашшоқликдан қўрқмайсанми?» деб сўраганида:
— Менинг бахтим учун қизим ва сиз бўлсангиз бас, — дебди бувим. — Муҳаббат билан ҳатто оддий булоқ суви ҳам ширин бўлади…
1936 йилнинг совуқ декабр кунида бутун оила уларни кузатиш учун марказий дарвоза олдида тўпланди. Отасининг уйланишига қарши чиқмаган ўғли Дегуйдан бошқа ҳеч кимнинг кўзида ёш кўринмасди. Катта Ли уларни станцияга олиб чиқди, онам у билан йиғлаб хайрлашди. Бироқ поездни кўрганда жудаям қувониб кетди. Илк бор у поездга бир ёшида чиққанди, ҳозир эса вагон ойнасидан атрофни завқланиб кузатиб борарди.
Цзиньчжоу, қарийб ўн минг аҳолиси бўлган йирик шаҳар эди. У мамлакатдаги тўққиз вилоятдан бири — Маньчжоу-чонинг бош кенти эди. Шаҳар денгиздан ўн мил масофада, Манжурия Буюк Хитой деворига туташган ерда жойлашган. Исян сингари қалъа девори билан ўраб олинган бу шаҳар жуда тез ўсди ва девор ташқарисида ҳам анча кенгайди. Шаҳарда бир неча фабрика, иккита нефтни қайта ишлаш заводи бор эди. У катта темир йўл чорраҳасида жойлашган, ҳатто ўз аэропортига ҳам эга эди.
Японлар бу шаҳарни 1932 йилнинг январида оғир жанглардан сўнг эгалладилар. Стратегия жиҳатдан муҳим бўлган бу аҳоли манзилини босиб олиш Манжуриянинг енгилишида ҳал қилувчи роль ўйнади ва Япония билан Қўшма Штатлар ўртасида жиддий дипломатик низолар туғдирди. Айнан шу низолар қатор воқеаларга сабаб бўлди ҳамда ўн йилдан кейин Пёрл-Харбор ҳодисасига олиб келди.
1931 йилда японлар Манжурияга ҳужум бошлаганда, Ёш Маршал Чжан Сюэлян ўз пойтахти Мукденни* уларга топширишга мажбур бўлди. У икки юз минг кишилик қўшин билан Цзиньчжоу шаҳрига кириб, ўзининг янги қароргоҳини ташкил этди. Шаҳарни осмондан бомбардимон қилган японлар, бу, тарихда илк бомбалар ҳужумидан бири эди, Цзиньчжоуни эгалладилар ва ваҳшийлик қила бошладилар.
Олтмиш олти ёшга кирган дўхтир Сяга айнан шу Цзиньчжоу шаҳрида ҳамма нарсани янгидан бошлашга тўғри келди. Дўхтирнинг маблағи энг камбағал маҳаллалардан бирида лойдан ясалган хароб кулбани сотиб олишга зўрға етди. Дарё сувини тўсиш учун тикланган тўғон ёнида қурилган бу кулба атрофи қишда музлар, ёзда чивинлар кўзни очирмасди. Тез-тез бўлиб турадиган тошқинлар ҳаётни баттар оғирлаштирарди. Совуқ одамнинг эт-этидан ўтиб кетарди, на электр қуввати, на сув қувури ўтказилмаганди.
Шу кулбанинг шундоққина рўпарасида Қуёш Тангрисига атаб қурилган нақшинкор ибодатхона бор эди. Ибодат қилгани келганлар отларини Ся кулбаси олдига боғлаб қўярдилар. Ҳаво исиган кунлари дўхтир Ся кечқурунлари онамни етаклаб дарё соҳилида сайр қилар ва мумтоз шеърлардан ўқиб берарди. Бувим улар билан сайрга чиқмасди: эр-хотиннинг бирга юришини ғайритабиий қабул қилишар, бунинг устига танғиб боғланган оёқлар бувимни сайр қилиб юриш завқидан маҳрум этганди.
Улар оч-наҳор яшашга мажбур эдилар. Исянда оилани озиқ-овқат билан дўхтир Ся ери таъминларди. Гарчи японлар улар донининг анчасини тортиб олган бўлсалар-да, уйда ҳамиша гуруч топиларди. Энди даромад анча камайди, японлар эса бож-хирож улушини тағин оширдилар. Бу ерда етиштирилган кўп нарсаларни Японияга олиб кетиларди. Улкан япон армияси Манжурияда гуруч ва буғдойни бутунлай олиб қўяр, маҳаллий аҳоли маккажўхори ва бошқа озуқа экинлари билан кун кўрарди. Кўпинча улар ҳам етишмасди.
Бувим бунақа камбағалликни сира кўрмаганди. Лекин, барибир, бу унинг ҳаётидаги энг бахтли дамлари эди. Дўхтир Ся уни жондан яхши кўрарди, қизи ҳамиша ёнида эди. Оғир манжур урф-одатларини бажариш азобидан қутулганди. Лойсувоқ кулбада тез-тез кулги жаранглайдиган бўлиб қолди. Баъзан бувим билан дўхтир карта ўйнашарди. Агар дўхтир ютқазса, бувим унинг пешонасига уч марта чертарди. Борди-ю, бувим ютқазса, дўхтир уни учта ўпиш билан мукофотларди.
Бувимнинг қўшнилари орасида дугоналари пайдо бўлди. Бу ҳам янгилик эди. Уни камбағал бўлса ҳам дўхтирнинг хотини сифатида ҳурмат қилишарди. Кўп йиллик таҳқирлашлардан сўнг бувим, ниҳоят, ўзини эркин ҳис эта бошлади.
Улар дугоналари билан тез-тез томоша кўрсатишарди: эски манжур халқ қўшиқларини куйлашар, рақсга тушишарди. Бувим бундай кечаларни ёқтирарди ва уларга олдиндан тайёргарлик кўрарди. Доира чалиб, қўшиқ айтарди, унинг сўзларини кўпинча ўзи тўқирди. Лекин атрофдаги ҳаёт оғир эди. Ҳар бир кун яшаш учун курашга айланиб борарди. Гуруч ва буғдойни чайқов бозоридагина топиш мумкин эди. Бувим генерал Сюэ совға қилган қимматли буюмларини сота бошлади. Буни сезиб қолган дўхтир эътироз билдирди.
— Мен қариб қолдим, — деди у, — ўлиб-нетиб қолсам, сени ана шу қимматбаҳо буюмлар боқади. Очликдан ўлиб кетишингга йўл қўймайди…
Дўхтир бошқа бир шифокорнинг дори-дармон дўконида хизмат қиларди. Ўз истеъдодини намоён қилишга имкони йўқ эди. Лекин тинимсиз ишларди, шу туфайли аста-секин донг таратди. Тез орада уни биринчи мижозга чақириб қолишди. Ўша оқшом у қуруқ қайтмади:
— Қани топинглар-чи, ушбу тугилган матода нима бор? — деди бувим билан онамга.
Онам тугунчадан кўзини узолмасди, у «бўғирсоқ» деб қичқиришга улгурмай тугунчани ечишга киришди. Қувончдан ёноқлари ёниб, бошини кўтариб дўхтирга қаради. Сянинг кўзлари порлаб турарди. Ўшандан бери эллик йилдан ошиқ вақт ўтди, лекин онам ўша бахтли нигоҳни ҳали-ҳали эслайди ва ҳануз: «Умримда бунақанги ширин бўғирсоқ емагандим. Буғдой унидан пиширилган бўғирсоқлар бирам ширин эдики!” – дейишдан чарчамайди.
Дўхтирни уйга чақириш Ся учун жуда муҳим эди, чунки мижозлар пулни унинг хўжайинига эмас, ўзига тўлардилар. Агар мижознинг кўнгли тўлса ёки бадавлат бўлса, дўхтир хизмат ҳақига яхшигина бўнак оларди. Миннатдор мижозлар унга Янги йил ёхуд байрам кунлари совға-саломлар ҳам ҳадя этишарди. Ана шундай бир неча чақириқлардан сўнг дўхтирнинг иши анча юришиб кетди.
Унинг довруғи ортиб борарди. Бир сафар вилоят губернаторининг хотини ҳушидан кетиб қолганда дўхтир уни ҳушига келтирди. Буни худди ўликни тирилтиришдек қабул қилишди. Губернатор ёрлиқ буюртириб, унга ўз қўли билан: «Одамларга ҳаёт бағишловчи дўхтир Ся» деб ёзиб қўйди. Кейин ўша ёрлиқ лавҳани махсус вакиллар кузатувида бутун шаҳар бўйлаб олиб ўтишни амр этди.
Кўп ўтмай губернатор унга бошқа бир хусусда ёрдам сўраб мурожаат қилди. Унинг хотини ва ўн икки нафар жорияси бор эди, лекин уларнинг ҳеч бири туғмаганди. Губернатор дўхтир Ся пуштсизликни даволашга уста эканини эшитиб қолиб, уни чақиртирди. Дўхтир губернаторга ва унинг ўн уч аёлига дамлама ёзиб берди. Уни ичган хонимлардан бир нечтаси ҳомиладор бўлди. Аслида ҳамма гап губернаторнинг ўзида эди. Бироқ дўхтир Ся устомонлик билан иш тутиб, губернаторни, хотинини ва аёлларини биргаликда даволаган эди. Хурсандлигидан эсанкираб қолган губернатор дўхтир Ся ҳақида: «Гуаньинь тимсоли»* деган янада каттароқ ёрлиқ ёзиб берди. Янги ёрлиқни дўхтирнинг уйига катта дабдаба билан олиб боришди. Шундан кейин дўхтир ҳузурига одамлар тўрт юз мил шимолда жойлашган Харбиндан ҳам кела бошлашди. Дўхтир Сянинг номи Маньчжоу-годаги тўрт «тиббий даҳо»лардан бири сифатида машҳур бўлиб кетди.
1937 йилнинг охирида Цзиньчжоуга келганидан бир йил ўтгач, дўхтир Ся кенгроқ уйга кўчиб ўтди. Бу уй шаҳарнинг эски дарвозасидан ташқарида эди. У дарё бўйидаги кулбадан анча яхши эди: пахсадан эмас, балки қизил ғиштдан тикланган, бир эмас, учта ётоқхонаси бор эди. Дўхтир Сяда яна амалиёт билан шуғулланиш имкони туғилди. Мижозларни у ўз меҳмонхонасида қабул қиларди. Турмушлари изига тушиб кетди. Лекин улар фарзанд кўришмади. Бувим ёш бўлсалар-да, дўхтир Ся олтмиш бешдан ошган эди…
___________
* Фут — 30,48 сантиметр.
* Акр — 0, 4047 м2 га тенг.
* «Цзян синь би син!» – «Тасаввур қил, менинг юрагим –сеники!».
* Хитой фольклорида «ёввойи «ғоз» атамаси олис юртдан келувчи хабарнинг анъанавий рамзидир. Муаллиф европалик ўқувчи онгига яқин бўлсин деган маънода ғоз эмас, балки оққуш образидан фойдаланган.
* Мукден— ҳозирги Шиньян.
* Гуаньинь— хитойликлар эътиқодича, фарзанд ато этувчи Будда шафқат маъбудаси.
«МАНЬЧЖОУ-ГОДА ЯШАШ ҚАНДАЙ ЯХШИ»
(1938–1945)
1938 йил кирди, онам етти ёшда эди. У ақлли қиз бўлиб, ўқишни жуда-жуда истарди. Ота-онаси янги ўқув йили бошланиши билан у мактабга боради, деб ҳисоблашарди. Ўқиш хитой Янги йилидан ке-йиноқ бошланарди.
Японлар таълим соҳасини, айниқса, мактабда ўтиладиган тарих ва ахлоқ-одоб дарсларини қаттиқ назорат қилардилар. Давлат тили хитой тили эмас, япон тили эди. Бошланғич мактабнинг тўртинчи синфидан кейин ҳамма дарслар япон тилида олиб бориларди. Ўқитувчиларнинг аксарияти японлар эди.
1939 йилнинг ўн биринчи сентябрида Цзиньчжоу шаҳрига Маньчжоу-го императори Пу И рафиқаси билан келди. Иператор аёлига гуллар тутишни бошланғич мактабнинг иккинчи синф ўқувчиси бўлган онамга ишониб топширишди. Минбарга Маньчжоу-гонинг сариқ байроғини кўтарган кўплаб одамлар тўпланганди. Онамга катта гулдаста бердилар. У оркестр ва олий мартабали шахслар ёнида мағрур турарди. Унинг ёнида худди ўшандай ёшдаги бола Пу Ига бериладиган гулдастани кўтариб олганди. Император ва унинг рафиқаси кўриниши билан оркестр Маньчжоу-го мадҳиясини чала кетди. Ҳамма тик қотиб турарди. Онам олдинга чиқди ва таъзим бажо келтирди. Император хоними оппоқ кўйлакда, тирсагигача оқ қўлқоп кийганди. Жуда гўзал экан, деб ўйлади онам. У кўз қири билан ҳарбий кийимдаги император Пу Ига қараб қўйди. Кўзойнакнинг қалин ойнаси ортида онам «чўчқа» кўзларини ҳис этди.
Онам аъло баҳоларга ўқирди, лекин фақат аъло ўқигани учунгина ҳазрати олияларига гул тутгани йўқ. У манжур қизи бўлгани учун ҳам гул тутди. Чунки у барча ҳужжатларда ўзини дўхтир Сянинг қизи деб кўрсатарди. Ўша пайтда Маньчжоу-го манжурларнинг мустақил давлати деб ўйлашарди. Император Пу И японлар учун жуда қўл келарди, чунки одамларнинг кўпчилиги уларни манжур императори бошқараяпти деб ўйлашарди. Дўхтир Ся ўзини унинг содиқ фуқароси деб ҳисобларди, бувим ҳам шу фикрга қўшиларди.
Мактабда онамни у Маньчжоу-го мамлакатида яшаяпти деб ўқитишарди. Унга қўшни бўлган икки мамлакатдан бири— душман, уни Чан Кайши бошқарарди, иккинчиси— дўст, унда Ван Цзинвей* ҳукмдор. У таркибида Манжурия ҳам бўлган Хитойни сира тасаввур қилолмасди.
Мактаб ўқувчиларини Маньчжоу-го давлатининг фуқаролари сифатида тарбиялардилар. Онам ёдлаган дастлабки қўшиқлардан бири шундай эди:
Қип-қизил болалар, ям-яшил қизлар
Шодон боришмоқда кўчалар бўйлаб.
Маньчжоу-года яшаш қандай яхши,
Дея юришибди ҳаммаси сўйлаб.
Кишилар яшайди осойишта, шод,
Ишлашар қайғудан ва ғамдан озод…
Ўқитувчилар Маньчжоу-го — бу ер юзидаги жаннат деб таъкид-лардилар. Лекин ҳатто онам ҳам ёш бўлишига қарамай, агар бу жаннат бўлса, фақат японлар учун эканлигини яхши тушунарди. Япон болалари иссиқ ва яхши жиҳозланган алоҳида мактабларга боришарди. Маҳаллий болалар тўкилай деб турган мактабларда ўқишарди. Синфхоналари иситилмасди. Қиш пайтлари ўқувчилар исиниб олиш учун, мактаб биносини айланиб чопардилар.
Япон муаллимлари маҳаллий ўқувчиларни таҳқирлар, урардилар, қор устида узоқ вақт тиз чўктириб жазолардилар. Маҳаллий болалар японни кўрса бош эгиб таъзим қилиши, у ҳатто ўзидан кичкина бўлса ҳам йўл бериши керак эди. Ҳатто катталар ҳам японларга эгилиб таъзим қилардилар. 1940 йилда Цзиньчжоуда ўн беш мингга яқин япон яшарди. Японлар қўшни уйда яшашарди, бувим уларга дўстона муносабатда бўларди. Оила бошлиғи амалдор эди. Ҳар куни эрталаб ўз идорасига рикшада* кетар экан, хотини ва учта боласи уни таъзим билан кузатиб қоларди.
Япон аёли эрини қарийб кўрмасди ва ўзини ёлғиз ҳис этарди. У тез-тез бувимникига кириб турар ва ўзи билан саке* олиб келарди. Бувим газак учун у-бу тайёрларди. Бувим бир оз японча гапирар, япон хоним эса сал-пал хитойча. Улар гаплашиб ўтиришар, қўшиқ айтишар, биргаликда йиғлашарди. Баъзи-баъзида боғда бир-бирига кўмаклашишарди. Онам ҳам уларнинг боғига чиқиб, ўйнаб турарди.
Лекин японларнинг қилаётган ишлари бувимнинг оиласига ҳам етиб келарди. Шимолий Манжуриянинг бепоён кенгликларида японлар қишлоқларга ўт қўяр, тирик қолган одамларни «стратегик жойларга» ҳайдашарди. Аҳолининг олтидан бир қисми, беш миллиондан зиёд киши бошпанасиз қолди, ўн минглаб одамлар ҳалок бўлдилар. Ишчилар шахталарда ўлардилар. Улар Японияга жўнатиш учун кўмир қазирдилар. Манжурия ер ости қазилмаларига жуда бой эди. Уларда ишловчилар оч-наҳор яшашар, касалга чалиниб, қочиб кетишга ҳам мажоллари етмасди.
Дўхтир Ся кўпдан бери: «Император японларнинг шафқатсизлиги ҳақида билмайди», деб таъкидларди. Чунки унинг ўзини уларнинг қўлида тутқин деб ҳисобларди. Лекин Пу И Японияни аввалгидай «дўстона қўшни давлат» деб эмас, балки «катта оға – давлат», кейин эса «қардош давлат» атай бошлагач, дўхтир Ся мушти билан столга уриб, уни «калтафаҳм қўрқоқ» дея сўкина бошлади. Сўнгра унинг оиласида иккита қайғули воқеа содир бўлди.
1941 йилнинг охирларида дўхтир Сянинг хонасига нотаниш бир киши кириб келди. Жулдур кийимдаги бу одам озиб-тўзиб кетган, қаддини кўтаролмасди. У темир йўлда ҳаммол бўлиб ишлашини, қорнида қаттиқ оғриқ азоб бераётганини айтди. Ишда у йилига уч юз олтмиш беш кун оғир юк таширкан. Ҳаммол:
— Агар ишламасам хотиним билан янги туғилган боламни қандай боқаман, — деб нолиди.
— Бу одамнинг меъдаси дағал озуқани ҳазм қилолмайди, — деб тушунтирди дўхтир.
1939 йилнинг 1 июнидан ҳукуматнинг қарори билан гуруч заҳиралари японларга топшириладиган бўлди. Аҳолининг кўпчилиги эман дарахтининг меваси — чўчқаёнғоқ ва гаолян* билан озиқланарди. Уларни ҳазм қилиб бўлмасди. Дўхтир Ся ўша одамга бепул дори берди ва бувимдан унга бир тўрвада гуруч бериб юборишини тайинлади. Бу гуруч маъмурлардан яширинча, чайқов бозоридан сотиб олинган эди.
Кўп ўтмай дўхтирга ҳалиги одамнинг концлагерда ўлганини хабар қилишди. Шифохонадан қайтиб келган ҳаммол гуруч овқатини еб, ишга чиқибди. Ишда у қайт қилибди. Назоратчи унинг қусуғида гуруч борлигини кўриб, ҳаммолни ҳибсга олиб, уни «иқтисодий жиноятчи» сифатида лагерга жўнатибди. Лагерда у бир неча кунгина яшабди. Эрининг ўлганини эшитган аёли боласи билан ўзини сувга ташлаб ҳалок бўлибди.
Бу воқеа дўхтир билан бувимни қаттиқ қайғуга солди. Улар ҳаммолнинг ўлими учун ўзларини айблашарди. «Ҳа, – деди дўхтир, — гуруч қутқариши билан бирга ўлдиради ҳам! Кичкина тўрва уч умрга зомин бўлди!» Пу Ини энди у «Мустабид» деб атай бошлади.
Кўп ўтмай яна бир кулфат юз берди. Дўхтир Сянинг кенжа ўғли Исянда ўқитувчи бўлиб ишларди. Маньчжоу-гонинг барча мактабларида бўлгани сингари директор – японнинг хонасида Пу Ининг каттакон расми осиғлиқ турарди. Хонага кирувчилар расмга таъзим бажо келтиришлари шарт эди. Бир сафар Сянинг ўғли таъзим қилишни эсидан чиқарди. Директор: «Дарҳол таъзим қил!» дея бақирди ва унинг юзига шундай урдики, ўқитувчи йиқилишига сал қолди. У ғазаб билан:
— Нега мен ҳар куни икки букилишим керак? Қаддимни бир зумга бўлса-да, тик тутишга ҳаққим йўқми? Эрталабки мажлисда унга эгилиб таъзим қилдим-ку?!» – деб жавоб берди.
Директор унга яна шапалоқ туширди ва тўнғиллади:
— Бу сизнинг императорингиз! Сиз, манжурларни оддий одоб-ахлоққа ҳам ўргатиш керак!
— Буни қаранг-а! Бу оддий қоғоз-ку, ахир?
Маҳаллий ўқитувчилардан иккитаси уни бошқа хатти-ҳаракатидан зўрға тутиб қолишди. У сал сергак тортиб, таъзим бажо келтирди-да чиқиб кетди.
Кечқурун унинг уйига дўсти келиб, уни «мафкуравий жиноятчи» деб эълон қилишганини айтди. Демак, унга қамоқ ёки ўлим жазоси хавф солаётганди. У қочиб кетди, ўшандан бери оиласи ўқитувчи ҳақида ҳеч қандай хабар эшитмади. Эҳтимол, уни ушлаб қамаб қўйишгандир ёки лагерга ташлашгандир ва у ўша ерда ўлиб кетгандир. Бу воқеа дўхтир Сяга жуда оғир таъсир қилди ва у ўша вақтдан эътиборан Маньжоу-го ҳамда Пу Ининг ашаддий душманига айланди.
Кўргиликлар шу билан тугамади. Маҳаллий гангстерлар* дўхтирнинг тирик қолган ягона ўғли Дегуйни таъқиб қила бошладилар. Сени «ҳимоя» қилаяпмиз дея пул талаб қила бошладилар. У пул бериб турди, лекин таъмагирлар яна кўпроқ талаб қила бошлашди. Ниҳоят, у дўконини сотиб, Исяндан кетишга мажбур бўлди. У Мукденга бориб, янги дўкон очди.
Дўхтир Сянинг ишлари юришиб борарди. У маҳаллий аҳоли билан бирга японларни ҳам даволарди. У олий мартабали япон офицерларига нафрат билан қараса-да, ҳамма мижозларга бирдек муносабатда бўларди. Ўша пайтларда бувим ўз онаси—катта бувимни Цзиньчжоуга олиб келди. Бувим дўхтир Сяга турмушга чиқиб, уйни тарк этганда, онаси унга нафрат-ла қаровчи эри ва икки мўғул-жория билан қолганди, улар катта бувимни ёмон кўришарди. Унда жориялар катта бувимни ва кичкина Юйлинни заҳарлашмоқчи деган шубҳа туғилди. У ҳамиша кумуш таёқчалардан фойдаланарди, чунки хитойлар кумуш заҳардан қорайишига ишонардилар. Шу боисдан у таомни кучукка едириб кўрмасдан олдин на ўзи татиб кўрарди, на ўғлига йўл қўярди. Бир куни бувим кетганидан кейин кучук ўлиб қолди. Катта бувим биринчи бор эри билан жанжаллашди. Қайнонаси — кекса Ян хоним ёрдамида Юйлинни ҳам олиб, ижарага олинган уйга кўчиб ўтди. Кекса Ян хоним ўғлидан шундай ғазабландики, келини билан кетиб қолди.
Дастлабки уч йил Ян уларга истар-истамас ёрдам бериб турди. 1939 йилнинг бошларидан ёрдам бермай қўйди. Энди дўхтир Ся билан бувим уларнинг учаласига қарашиб туриши керак эди. 1942 йилда кекса Ян хоним вафот этгач, катта бувим Юйлин билан бирга Цзиньчжоуга, дўхтир Сянинг уйига кўчиб келишди. Бувим ҳам севимли синглиси Ланни чақириб олди. Исянда Лан турмушга чиққан эди. Эри бесоқолбоз экан. У хотинини бой амакисига таклиф этди. Ўзи шу амакисининг ёғ тозалаш заводида ишларди. Тўнғиз қўпкур амаки уйи-да бир неча аёлни, шу жумладан, набирасини ҳам зўрлаган эди. У оиланинг бошлиғи бўлгани учун чекланмаган ҳокимиятга эга эди. Лан қаршилик кўрсатишга ботина олмади. Лекин эри уни амакисининг корчалон шеригига тавсия этганида, Лан чидаб туролмади. Бош кўтарди. Бувим синглисини эридан қайтариб олиш учун пул тўлади, чунки аёл киши ажралиш ҳақида ариза беришга ҳаққи йўқ эди. Бувим Ланни Цзиньчжоуга олиб келди ва Пэй-о деган одамга эрга берди.
Пэй-о қамоқхонада назоратчи бўлиб хизмат қиларди. Эр-хотин бувимникига келиб туришарди. Пэй-онинг гапларини эшитган онамнинг сочлари тикка бўлиб кетарди. Қамоқхона сиёсий маҳбуслар билан тўлиб кетганди. Пэй-о тез-тез уларнинг жасорати ҳақида гапириб берарди. Маҳбусларни қийноқларга солишаётганда ҳам улар мардона туриб японларни ланъатлардилар. Қийноқлар мунтазам ўтказилиб туриларди, маҳбусларни ҳеч ким даволамасди. Йиринг боғлаётган яраларга ҳеч ким эътибор бермасди.
Дўхтир Ся маҳбусларни даволашга рози бўлди. Қамоқхонага касал ва ярадорларни даволаш учун илк бор борганида Пэй-о дўхтирни дўсти Дун деган кишига таништирди. Дун қамоқхонада бўғувчи жаллод бўлиб ишларкан. У жазоланаётган маҳбусни стулга боғларканда, бўйнига арқон солиб аста-секин торта бошларкан. Жазолановчи жуда секин, қийналиб жон таслим қиларкан.
Дўхтир божасидан Дун виждонан азоб чекаётганини билиб олибди. У одамни бўғишдан олдин ичиб оларкан. Ся уни уйига таклиф этди ва у-бу нарсалар ҳадя қилди. Гап асносида дўхтир Ся жаллод Дунга «балки арқонини охиргача тортиш шарт эмасдир» деб шипшиб қўйди.
— Ўйлаб кўраман, — деди Дун.
Одатда қатл этиш пайтида япон соқчиси ёки ишонч қозонган коллаборационист* ҳозир бўларди. Лекин, баъзан жазоланаётган маҳбус унчалик муҳим шахс бўлмаса, японлар иштирок этмасди. Баъзан эса қатл этилувчи ўлиб бўлмасдан кетиб қолишарди. Шундай пайтда, деб ўйлади Дун, бўғишни тўхтатса ҳам бўлади.
Қатлдан сўнг маҳбуснинг жасадини ёғоч қутига солиб, аравада олис харобазорга олиб боришарди. Жанубий тепалик деб аталувчи бу жойдаги жарликда мурдалар билан озиқланувчи ёввойи кўппаклар изғиб юрарди. Мазкур жарликка янги туғилган ва қариндошлари томонидан ўлдирилган қиз-чақалоқлар ҳам ташланарди.
Дўхтир Ся кекса аравакаш билан алоқа боғлаб, унга пул берди. Баъзида аравакаш дўхтирнинг хонасига кириб, ўзича нималардир деб минғирларди: кейин қабристон ҳақида гапириб қоларди: «Мен ўлганлар руҳига айтдим, бу дунёни тарк этганларингда менинг айбим йўқ, деб. Сизларга яхшилик қилишни истадим, дедим». Руҳлар, кейинги йили яна учиб келинглар, бир йилликларингни нишонлашга. Борди-ю, ўзларингга яхшироқ жасадни танлаб олмоқчи бўлсаларинг, бошларинг қаратилган томонга учиб боринглар. Тўғри йўл шу». Дун билан аравакаш нима қилганлари ҳақида ўзаро сира гаплашмасдилар. Дўхтир Ся улар қанча одамни қутқаргани ҳақида билолмади ҳам. Урушдан кейин қутқарилган «мурдалар» пул йиғиб, Дун учун томорқаси бор уй сотиб олиб бердилар. Бу пайтда аравакаш ҳаётдан кўз юмганди.
Ҳаёти қутқариб қолинганлар орасида бувимнинг узоқ қариндоши, қаршилик кўрсатиш ҳаракатида муҳим роль ўйнаган Хань-чэн деган киши ҳам бор эди. Цзинь-чжоу шаҳри Буюк Хитой деворидан шимолдаги асосий темирйўл тармоғи бўлгани учун японлар Хитойга ҳужум қилиш ниятида қўшинларини шу жойга тўплай бошлаганди. Бу 1937 йилнинг июлида рўй берди. Хавфсизлик чоралари жуда шафқатсиз эди, Хань-чэннинг ташкилотига айғоқчи киритиб, бутун гуруҳни ҳибсга олишди. Ҳаммани қийноққа солишди. Аввало, уларнинг бурунларига қалампир аралаштирилган сув қуйишди, кейин тагига мих қадалган этик билан юзларига тепишди. Кўпчилигини қатл этишди. Ся узоқ вақт Хань-чэн тирик бўлмаса керак деб ўйлаб юрди. Бир куни Пэй-о унинг тириклигини ва тез орада қатл этажакларини айтди. Дўхтир Ся дарҳол Дун билан боғланди.
Қатл кечаси дўхтир Ся билан бувим аравада Жанубий тепаликка боришди. Улар дарахтлар ортида тўхтаб, кута бошлашди. Жарлик атрофида ёввойи кўппаклар изғиб юришганини кўришди. Сасиган мурдалар ҳидидан кўнгил айнирди. Ана, арава кўринди. Улар аравакашнинг ёғоч қутилардан жасадларни ағдараётганини кўришди. Аравакаш жўнаб кетгач, улар жарлик ёнига келишди. Мурдалар орасидан қидириб Хань-чэннинг жасадини топишди, лекин у тирикми, ўликми билишолмади. Ниҳоят, унинг нафас олаётганини сезишди, лекин у юролмасди. Жуда қаттиқ қийнашган экан. Бир амаллаб аравага ортиб, уйга олиб келишди.
Ўша пайтда онам ўн уч ёшда эди. Ота-онаси уни огоҳлантирмаса ҳам, Хань-чэннинг уйларида яшаётганини ҳеч кимга айтмаслик кераклигини онам яхши биларди. У ёшликдан эҳтиёткорликка ўрганганди. Бувим Хань-чэнни даволаб оёққа турғизди. Уч ойдан сўнг у қувватга кириб, йўлга чиқадиган ҳолга келди. Хайрлашув жуда ҳаяжонли ўтди.
– Катта опа, катта оға, — деди у, — ҳаётимни сақлаб қолдинглар, сизларни ҳеч қачон унутмайман…
Орадан уч йил ўтиб, у сўзининг устидан чиқди.
Онам ва унинг дугонаси Япониянинг ҳарбий муваффақиятларидан хабардор бўлиб туришлари шарт эди, бу мактаб дастурига кирарди. Японлар ўз шафқатсизликларидан ор қилмасдилар, аксинча, кишиларга даҳшат солишлари билан фахрланардилар. Фильмларда япон аскарлари одамларни иккига бўлиб ташлашларини, қозиққа боғланган маҳбусларни итлар қандай бурдалашларини намойиш қилишарди.
1942 йилда жабҳалари Хитой, жануби-шарқий Осиё ва Тинч океан соҳили бўйлаб чўзилган японлар ишчи қўллари етишмаслигини ҳис қила бошладилар. Онамларнинг бутун синфини япон болалари билан биргаликда тўқимачилик фабрикасида ишлашга жўнатишди. Маҳаллий аҳоли қизлари ҳар куни тўрт милга яқин йўлни икки марта пиёда босиб ўтишлари керак эди, япон болаларини юк машинасида олиб боришарди…
Японларнинг кундан-кунга қаҳри қаттиқлашиб борарди. Бир куни онамнинг дугонаси тақиқланган хитой ёзувчисининг китобини топиб олди. Тинчроқ жой излаб, кимсасиз сайхонликка бориб қолди, у ерда қандайдир ғорга кўзи тушди. Бомбадан қочиб яшириниладиган бошпана деб ўйлади. Деворни пайпаслаётганда қўли нимагадир тегиб кетди. Қаттиқ увуллаш эшитилди. У сиренани улаб юборган экан. Бу қурол-яроғ омбори эди. Қизнинг оёқлари қочишга уринди, бироқ уч юз метр-лар чамаси боришга улгурмай уни япон аскарлари ушлаб олишди.
Орадан икки кун ўтгач, мактабнинг барча ўқувчиларини қор билан қопланган далага ҳайдаб чиқишди. У шаҳарнинг ғарбий дарвозасидан ташқарида, Сяолин дарёси соҳилида эди. Маҳаллий аҳолини ҳам ўша ерга ҳайдаб боришди.
— Ҳозир сизларга Буюк Японияга қўл кўтарган ёвузни қандай жазолашни кўрсатамиз, — дейишди болаларга.
Онамнинг кўзи бирдан дугонасига тушди. Япон қамоқхоначилари уни шундоққина онамнинг рўпарасига турғазиб қўйишди. Қизнинг қўл-оёғини кишанлаб, судрай бошладилар. Қийноқлардан сўнг қизнинг юзи шундай шишиб кетдики, уни таниб бўлмасди. Кейин аскарлар милтиқларини кўтариб, қизни нишонга олдилар. У эса нимадир демоқчи бўлди, лекин овоз чиқара олмади. Ўқ овозлари эшитилди, қиз ерга қулади, қор усти қизил қонга бўялди. Эшак лақабли япон директори ғазаб билан қон тўлган кўзларини ўқувчилар сафига қадади.
Онамнинг қулоғига кимнингдир ҳўнграб йиғлагани чалинди. Йиғлаётган ёш япон муаллимаси — Танака хоним эди. Онам уни жуда яхши кўрарди. Кўз очиб-юмгунча Эшак Танака хонимга ташланди. Кетма-кет туширилган муштдан кейин Танака хоним йиқилди. Хоним Эшакнинг этигига чап беришга уринар, у бўлса, қутуриб тепкилашда давом этар ва:
— Сен япон миллатини сотдинг,– деб бақирарди Эшак. Ниҳоят, у чарчаб, тепишдан тўхтади. Кейин ўқувчиларга қаради-да:
— Тарқалинглар, — деб бўкирди.
Онам ерда букчайиб ётган муаллимага ва жонсиз дугонасига сўнгги бор қаради-да, қалбида нафрат аланга ола бошлаганини ҳис этди.
___________
* Ван Цзинвей — Хитойнинг шимоли-шарқий вилоятининг қўғирчоқ ҳукмдори.
* Рикша — одам тортади (ҳайдайди)ган извош.
* Саке — японлар ароғи.
* Гаолян— манжур қўноғи.
* Гангстерлар — босқинчи, қароқчилар.
* Коллаборационист — хоин, душман томонга ўтиб ишлаётган сотқин.
ВАТАНИ ЙЎҚ ҚУЛЛАР
(1945–1947)
Ўн беш ёшга чиққан онам бўйи етиб қолган қиз эди. Ташқи кўриниши ёқимли, истараси иссиқ, мактабда энг яхши ўқувчилардан бири эди. Ҳатто бир неча зобит унинг қўлини сўрашганди. Лекин ота-онасига улардан ҳеч қайси бири ўзига ёқмаслигини айтди. Унга совчи қўйган йигитлардан бири – штаб бошлиғи:
— Агар фахрли таклифимни рад этсангизлар, жория сингари унга тахтиравон юбораман, — деб дўқ қилди. Эшик орқасида бундай таҳдидни эшитиб турган онам, хонага отилиб кирди-да:
— Агар шундай қилсангиз, ўша тахтиравонда ўзимни ўлдираман, — деди.
Яхшиямки, ўша зобит кўп ўтмай шаҳарни тарк этиш ҳақида буйруқ олди.
Онам эрни ўзи танлашга қарор қилди. У жориячилик удумидан нафратланарди. Ота-онаси ҳам унинг бу фикрини маъқулларди, лекин зобитлардан хавфсираб, куёвларни ғазаблантирмаслик учун қизнинг қўлини сўраганларга устомонлик билан баҳона қилиб «йўқ» демасликка ҳаракат қилишарди.
Лю фамилияли муаллима онамни жуда самимий севарди. Хитойда сизни ёқтирган киши, албатта, қариндош бўлишга ҳаракат қилади. Ўша кунларда йигитлар билан қизлар орасида баланд девор бўлмаса-да, ўзаро мулоқот учун имконият жуда кам учрарди. Шунинг учун ўзини ота-онаси унаштиришни истамаган ёшлар дугонаси ёки дўстининг акаси ёхуд синглиси билан танишишга ҳаракат қиларди. Бу — ўзига жуфт топишнинг бир усули эди. Муаллима Лю онамни ўзининг укаси билан таништирди. Аммо уларнинг танишувини биринчи галда жаноб ва хоним Люлар маъқуллаши керак эди.
1946 йилда хитойча Янги йилни кутиб олиш учун онамни Люлар хонадонининг муҳташам уйига таклиф қилишди. Жаноб Лю Цзинь-чжоудаги дўконларнинг энг йирик соҳибларидан бири эди. Унинг ўн тўққиз яшар ўғли кишиларда оқсуякларга хос таассурот қолдирарди. У қора яшил костюм кийиб, кўкрак чўнтагига дастрўмол солиб юрарди. Ёш Лю Пекин университетларидан бирида рус тили ва адабиётидан таҳсил оларди. У онамда катта таассурот қолдирди, онам ҳам унинг оиласига маъқул тушди. Тез орада улар дўхтир Сяга совчи юборишди, қиз ҳақида ҳеч нима дейишмади.
Кўпчилик эркаклар нисбатан анча либерал бўлган дўхтир Ся, онамнинг фикрини сўради. Онам ёш жаноб Люнинг «дўсти» бўлишга розилик берди. Ўша йилларда йигит ва қиз одамлар орасида бир-бири билан гаплашишлари учун ҳеч бўлмаганда никоҳланган бўлишлари шарт эди. Онам бўлса хурсандчилик ва эркка ташна эди, эркаклар билан ўзига никоҳ мажбуриятини олмасдан мулоқотда бўлишни хоҳларди. Онамнинг бу феълини билган дўхтир Ся ва бувим Люларга эҳтиёткорона муомала қилдилар, улар юборган совғаларни рад этдилар. Хитой анъаналарига биноан, келиннинг оиласи никоҳ таклифига дарҳол рози бўлмасди. Қизларини беришдан манфаатдор эканлар деб ўйлашмасликлари учун шундай қилишарди. Совғани қабул қилиш розиликни билдирарди. Дўхтир Ся ва бувим англашилмовчилик юз беришидан хавфсирардилар.
Онам маълум муддат ёш Лю билан учрашиб юрди. Унга йигитнинг яхши хулқи ёқарди. Барча қариндошлар, таниш-билишлар, қўшнилар йигит қизга муносиб дер эдилар. Дўхтир Ся билан бувим иккови жуда муносиб жуфтлик деб ўйлашар, ўзларича йигитни ўз куёвлари ҳисоблашарди. Лекин онам йигитнинг юзаки тийнат соҳиби эканини ҳис қиларди. Онам унинг Пекинга сира бормаслигини, шаҳарда санқиб юришини, ишининг тайини йўқ одамдек тарала-бедод, ҳою ҳавасга берилганлигини сезди. Бир сафар у йигитнинг XVIII асрнинг машҳур мумтоз хитой романи «Қизил кўшкдаги туш»ни ҳам ўқимаганини билиб қолди. Ахир, бу роман ҳар қандай саводли одамга маълум эди-ку! Онам ундан ҳафсаласи пир бўлганини айтди, йигит бўлса парво қилмай, хитой мумтоз адабиётини хуш кўрмаслигини, унга кўпроқ хорижий адабиёт ёқишини айтди. У ўзининг устунлигини намойиш қилиш учун қўшиб қўйди:
— Сен «Бовари хоним»ни ўқиганмисан? Бу — мен севган энг яхши китоб. Менимча, Мопассан ёзган асарлар ичида энг зўри шу.
Онам «Бовари хоним»ни ўқиган эди. Уни Мопассан эмас, Флобер ёзганини биларди. Унинг ўзбилармонлиги онамнинг ғашига тегди. Лекин индамай қўяқолди.
Лю кўнгилочар, қимор ўйинларини яхши кўрарди. Бундай ўйинлар онамни зериктирарди. Бир оқшом, юқоридаги суҳбатдан кейин, ўйин чоғи бир оқсоч кирди-да:
— Жанобларга каравотда қайси қиз хизмат қилади? —деб сўради.
У бепарвогина:
— Фалончи…— деб қўяқолди.
Онам уятдан титраб кетди, лекин Лю қошини чимириб, унга ҳайрат билан қаради. Кейин калондимоғлик билан:
— Бу кенг тарқалган японча одат,— деди.— Ҳамма шундай қилади. Бу си-цинь, яъни «хизматли каравот» дейилади.
У онамни ўзини рашкчи қишлоқидек ҳис этишга мажбур қилишга уринди. Рашк эса Хитойда аёлнинг энг ёмон айби саналарди — эр бундай хотиндан воз кечишга ҳақли эди. Онам яна индамади. Ҳолбуки, қалби ғазабдан аланга олганди.
У ёстиқдоши билан бахтли бўлмаслигини яхши тушунди. Чунки бўлажак эр кайф-сафо ва никоҳсиз шаҳватни «ҳақиқий эркак» ҳаётининг табиий эҳтиёжи деб ҳисобларди. Онам ўзини севадиган, бемаъни қилиқлар билан озор бермайдиган одамни учратишни орзу қиларди. У куёв билан алоқани узди.
Бир неча кундан кейин жаноб Лю-катта тўсатдан ўлиб қолди. Ўша кунларда дабдабали дафн маросимига, айниқса, марҳум оила бошлиғи бўлса, катта эътибор бериларди. Агар дафн маросими қариндош-уруғлар ҳамда жамият кутганидек ўтказилмаса, марҳумнинг яқинларига доғ тушарди. Лю хонадони дафн маросимини барча тартиб-қоидалари билан, жуда дабдабали қилиб ўтказишни хоҳларди. Шундай ўтказилди ҳам.
Лю вафотининг қирқ иккинчи куни нозик ўйма нақш туширилган сандал тобут ҳовлида тикланган чодирга қўйилди. Дафн этишгача, давом этадиган етти кечанинг ҳар бирида марҳум у дунёда баланд тоққа кўтарилиб, ўз оиласига назар ташлайди; агар унинг ҳамма яқинлари жойида бўлса қувонади. Акс ҳолда у ҳеч қаерда ором тополмас экан. Унинг оиласи онамнинг келин сифатида дафн маросимида қатнашишини истади.
Лекин у рад этди. Кекса жаноб Люга онам ҳар қанча ачинмасин, маросимда иштирок этолмасди. Агар қатнашса марҳумнинг ўғлига тегиши керак бўларди. Сянинг уйига Лю оиласидан элчилар кела бошлади.
– Шундай дақиқаларда никоҳни бузиш жаноб Лю-катта руҳига ҳурматсизликдир, — деди дўхтир Ся онамга. — Бу эса ахлоқсизликдир…
Бувим қизининг фикрига қўшиларди. Бироқ гоминдан зобитлари совчи юборавериб уни тинч қўймасликларидан чўчирди.
— Бу совчи юборганларнинг биттасига, иккитасига рад жавоби беришимиз мумкин, — деди бувим онамга, — лекин ҳаммасига эмас. Люга чиқмасанг, барибир, Чжанга тегишингга тўғри келади. Яхшилаб ўйлаб кўр, ахир Лю бошқаларга нисбатан анча яхши эмасми? Агар сен унинг хотини бўлсанг, ҳеч бир зобит сени безовта қилолмайди. Эртаю кеч сен ҳақингда ўйлайман. Бирор нарса бўлмасайди деб қўрқаман. Бирортасига тегиб, уйни тарк этмагунингча хотиржам яшолмайман…
— Менга бахт ва муҳаббат беролмайдиган кишига эрга текканимдан кўра ўлганим афзал, — деди онам.
— Ся номига доғ туширдинг, — деди дўхтир, — шарманда қилдинг… Бундай қизнинг менга кераги йўқ!
— Жуда соз! — деди онам унга тик қараб. — Демак, сизнинг ундай қизингиз бўлмайди. Мен кетаман…
У шундай деди-да, ўрнидан туриб хонадан отилиб чиқди. Буюмларини йиғиштирди-да, уйни тарк этди.
Онам ўқиган мактабда педагогика бўлими ҳам бор эди. Бўлим ушбу мактабда камида уч синфни битирган қизларни қабул қилар, бепул бошпана билан таъминлар, ўқитарди. Унга қабул қилинувчиларга кириш имтиҳонидан ташқари битта шарт қўйиларди: битирувчилар ўқитувчи бўлишлари керак эди. Онам шу бўлимга ўқишга кирди. У аълочи ўқувчи бўлгани учун жон-жон деб қабул қилишди. Буни эшитиб бувим югуриб келди, уйга қайт, деб ялинди. Онам ярашишганидан хурсанд эди.
— Уйга тез-тез бориб тураман, ётишга ҳам қоламан, — деди.
Шу мактабда Кан деган ёш ўқитувчи бор эди. У хитой адабиётидан дарс берарди. Ўқитувчи ақллилиги, билим доирасининг кенглиги билан ажралиб турарди. Онам унга катта ҳурмат билан қарарди. У онамга ва яна иккита қизга Хитойнинг жанубий ғарбидаги Куньмин шаҳрида гоминданларга қарши ҳаракатда қатнашганини сўзлаб берди. Намойиш пайтида граната портлашидан унинг дўсти ҳалок бўлган экан. Унинг комунистик руҳдаги маърузалари онамда катта таассурот қолдирарди.
1947 йил бошларида бир куни эрталаб мактаб дарвозаси олдида онамни кекса назоратчи тўхтатди. У онамга бир нима тутқазиб, Кан кетганлигини айтди. Гоминдан разведкасининг айрим айғоқчилари коммунистларга ишлардилар — улар Канни хавфдан огоҳ этгандилар. Буни онам билмасди. Ўша пайтда онам коммунистлар ҳақида тасаввурга эга эмасди. Кан ўшалардан бири эканлиги унинг хаёлига ҳам келмасди. Унинг севимли устози ҳибсга олинмаслиги учун яширинганини тушунди, холос. У қолдирган номада биргина сўз ёзилганди: «Сукут сақлаш». Бу пайтда онам ўқувчилар орасида анча обрў қозонганди. Номани олган куни мактабга янги директор хонимни юборишгани маълум бўлди. У Гоминдан миллий съездининг делегати эди. Айтишларича, у махфий хизмат билан боғлиқ экан. Директор хоним ўзи билан разведка хизмати ходимлари гуруҳини ҳам олиб келди. Улар орасида Яохан ҳам бор эди. Мактабнинг сиёсий раҳбари бўлган бу шахс талабалар ортидан пойлоқчилик қилиш билан ҳам шуғулланарди.
Онамнинг энг яқин дўстларидан бири узоқ қариндоши эди. Онам уни Ака Ху деб чақирарди. Унинг отаси Цзиньчжоу, Мукден ва Харбиндаги бир қанча дўконларнинг соҳиби эди. Унинг хотини, иккита жорияси бор эди. Хотини унга ўғил туғиб берди. Жорияларининг эса фарзанди йўқ эди. Шу боисдан улар соҳибнинг хотинини кўролмасдилар. Бир куни эрларининг йўқлигида жориялар беканинг овқатига аллақандай ўсимлик дамламаси аралаштирдилар. Ёш қаролнинг емагига ҳам ўша дамламадан қўшдилар. Улар ҳушларидан кетгач, икковини бир каравотга ётқизиб қўйдилар. Жаноб Ху ишдан қайтгач, хотини билан қаролини бирга ётганини кўрди. Ғазабидан эс-ҳушини йўқотган Ху хотинини уйнинг бир бурчагидаги хилват хонага қамаб қўйди. Ўғлига онаси билан кўришишни тақиқлади. Унда бу ишни жориялар уюштирган деган шубҳа бор эди. Шу боис хотинидан воз кечмади ва кўчага ҳайдаб юбормади. У жориялар ўғлига ҳам зарар етказишларидан қўрқиб, уни Цзиньчжоудаги пансионга жўнатди. Онам Ака Ху билан ўша ерда танишди. Ўшанда онам еттида, у ўн икки ёшда эди. Ака Хунинг онаси тез орада ақлдан озди.
Ака Ху улғайди ва камгап, ҳиссиётли ўсмир бўлиб етишди. У юз берган воқеадан сира ўзига келолмасди ва бу ҳақда онамга гапириб берарди. Бу воқеа онамга унинг ўз оиласидаги барбод қилинган аёллар тақдирини, оналар, қизлар, хотинлар ва жорияларнинг фожиаларини эслатди. Аёлларнинг ҳуқуқсизлиги, асрий одатларнинг ваҳшийлиги унинг ғазабини қўзғарди. Яхшилик томон сал-пал ўзгаришлар ҳам ҳаддан ташқари кучайиб кетган хурофотлар соясида қолиб кетарди. Онам янада қатъийроқ ўзгаришлар бўлишини кутарди.
У ҳаётини тубдан ўзгартириш ҳақида фақат битта сиёсий куч — коммунистлар ваъда беришаётганини мактабда эшитди. Буни онамнинг яқин дугонаси, ўн саккиз яшар Шу айтди. Шу оиласидан воз кечиб, мактабда яшарди. Чунки отаси уни ўн икки яшар болага турмушга чиқишга мажбурлади. Бир куни Шу онам билан хайрлашибди. Севган йигити билан коммунистларча қочиб кетибди. Қизнинг хайрлашув сўзи: «Улар — бизнинг умидимиз» деган нидо бўлибди.
Тахминан ўша пайтларда онам Ака Ху билан жуда яқинлашган экан. Ху қизни ёш Люга рашк қилиб, уни севишини тушунибди. Онамнинг куёв бола билан орани очиқ қилганидан севинибди. Уни кўргани тез-тез келадиган бўлибди.
1947 йилнинг мартида биргаликда кинога боришибди. Кинотеатрда икки хил чипта бўларди: бири ўтириб кўришга, иккинчиси тик туриб кўришга. Ака Ху онамга ўринли чипта олибди, ўзига эса тик туриб кўришга. Буни у пулим етмай қолди деб тушунтирибди. Бу нарса онамга ғалати туюлибди, вақт-вақти билан у томонга қараб қўя бошлабди. Тахминан фильмнинг ўрталарига етганда, онам яхшигина кийинган ёш аёлнинг Ху томонга бораётганини сезиб қолибди. Аёл унинг ёнидан ўтаётганда иккаласининг қўли бир зумга туташибди. Онам шу заҳоти ўрнидан туриб:
— Бу ерда бир дақиқа ҳам қололмайман, —дебди.
Улар кўчага чиққач, онам нега бундай бўлганини тушунтириб беришни сўрабди. Аввалига Ака Ху ҳаммасини рад этишга уринибди.
— Бу гапларингизга ишонмайман, — дебди онам.
— Кейин ҳаммасини тушунтириб бераман, — дебди Ху. — Баъзи нарсаларни тушунишга ҳали ёшсиз…
Улар онамнинг уйига яқинлашганда у йигитни киритмади. У бир неча кун келишда давом этди, лекин онам учрашувга чиқмади.
Орадан бир оз вақт ўтгач, онам унинг кечиримини қабул қилишга, юз берган воқеани унутишга тайёр эди. У дарвоза олдида кўринмаятимикин, деб қараб қўярди. Қаттиқ қор ёққан кунларнинг бирида онам унинг аллаким билан ҳовлига кирганини кўрибди. Лекин йигит унга томон эмас, шу ҳовлида яшовчи Юй-унинг эшигига қараб юрибди. Ўша заҳоти қайтиб чиқиб, тез одимлаб унинг йўлагига кирибди. Хонага кирибди-да, шошганча:
— Мен Цзиньчжоудан дарҳол чиқиб кетишим керак, — дебди. — Чунки изимдан полиция қувиб келаяпти.
— Нега?
— Мен коммунистман, — деди у ва тунги бўронда кўздан ғойиб бўлди.
Шунда унинг миясида бирдан: «Ака Ху, балки махфий топшириқни бажаргандир» деган фикр ялт этди. Юраги ҳаприқиб кетди, лекин вақт ўтганди. Уларнинг уйида яшовчи Юй-у ҳам коммунист эканини шунда тушунди. Шу оқшомгача бу икки эркакнинг учрашганини сира кўрмаганди. Улар учрашишгач, Хунинг бу ерда қолиши мумкин эмаслигини тушунишди. Чунки онам билан Хунинг муносабатларини ҳамма биларди. Уни бу ерда қидираётиб, Юй-уни ҳам қўлга олишлари мумкин эди. Ўша кечаси Ака Ху коммунистлар назорат қилиб турган туманга ўтиб олишга уринди. У ер шаҳардан йигирма милча нарида эди. Орадан бир оз вақт ўтиб, дарахтлар куртак ёзганда, Юй-у: «Йўлда Хуни ушлаб олишди, кузатиб борувчини эса отиб ташлашди» деган хабар олди. Кейинчалик уни «қатл этишди» деган гап тарқалди.
Онамда Гоминданга нисбатан чексиз нафрат уйғонди. У коммунист бўлишга қарор қилди.
«СЕВГИ ҲАҚИДА СУҲБАТ» – ИНҚИЛОБИЙ НИКОҲ
(1948–1949)
(Кўп ўтмай Ся Дэхун — ёзувчининг онаси —талабаларнинг норозилик намойишини уюштирди ва қамоққа тушди. У қўрқитишлар, дўқ-пўписалардан ҳайиқмади, ўзининг яширин алоқаларини ошкор қилмади ва кўп ўтмай коммунистлар ва дўхтир Сянинг саъй-ҳаракатлари билан озодликка чиқди. Сўнгра уни севиб қолган ёш гоминдан зобити Хуэйганинг беихтиёр ёрдами туфайли қурол-яроғ омборини портлатишга муваффақ бўлди. 1948 йилнинг октябрида коммунистлар Цзиньчжоу шаҳрини эгалладилар. Партия Ся Дэхунни ўртоқ Ван Ю билан учрашишга йўллади. Ван Ю Цзиньчжоуда ёшлар билан ишлаш бўйича масъул эди).
Озғин, орзуманд бу одамни онам ўша октябр тонгида тиш тозалаётганида учратди. Партизанлар орасида у «тозавой» лақаби билан маш-ҳур эди. У ҳар куни тишини тозаларди. Тозаликка ҳаддан ташқари эътибор берарди. Билимдонлиги билан танилган бу одам мумтоз шеъриятнинг бир неча томини ҳамиша ёнида олиб юрарди.
Онам «қидирилмоқда» деган эълонни биринчи бор ўқиганида ва қариндошларидан бу хавфли «каллакесар» ҳақида эшитганида ундан фахрланишларини ҳам, айни пайтда қўрқишларини ҳам тушунган эди. Мана, ҳозир ўша афсонавий партизан унчалик жангари эмаслигини кўриб, ажабланмади ҳам.
У онамнинг жасурлиги ҳақида эшитганди, ўн етти яшар бу қизнинг эркакларга буйруқ қилаётганидан хабардор эди. У онамнинг таҳсинга лойиқ, ҳур фикрли аёл ва албатта, қўпол кимса сифатида тасаввур қиларди. Буни қарангки, у яхшигина, назокатли, ҳатто ноз-карашмали бўлиб чиқди. У хотиржам, ишонч билан ва хитойлар учун жуда кам учрайдиган ҳол — аниқ гапирарди. Онамнинг бу фазилатини отам жуда қадрларди.
Ся Дэхун шуни сездики, партизанликда суяги қотган бу одам кўп куларкан, тишлари оппоқ, ялтираб турибди. Кўпчилик партизанларникига ўхшаб сарғайиб, чириб кетган эмас. У кишида маълумотли одам сифатида таассурот қолдирарди. Флобер билан Мопассанни чалкаштирадиган одамга сира ўхшамайди.
Онам талабалар уюшмасининг иши ҳақида ахборот бергани келганини айтганда у ёшлар қанақа китобларни ўқиётганини суриштирди. Онам каттагина рўйхатни ўқиб берди, сўнгра марксча фалсафа ва тарихдан маърузалар қила оласизми, деб сўради. У рози бўлди, кейин унинг мактабида қанча одам ўқиши ҳамда ўқувчиларнинг қанчаси уни қўллаб-қувватлаши билан қизиқди.
Бир неча кундан кейин у биринчи маъруза ўқигани келди. У Маонинг ишлари ҳақида қисқагина гапириб берди. Тингловчиларга унинг таълимотининг асосий йўналишларини тушунтирди. Отам ажо-йиб нотиқ эди, дарҳол қизларнинг, шу жумладан, онамнинг ҳам юрагидан урди.
Бир куни у тингловчиларга партия Манжурия шимолидаги коммунистларнинг муваққат пойтахти Харбинга саёҳат ташкил қилаётганини маълум қилди. Харбин асосан руслар томонидан қурилган бўлиб, кенг хиёбонлари, шинам уйлари, ҳашаматли дўконлари ва Европа таъбидаги қаҳвахоналари туфайли уни «Шарқ Парижи» деб аташарди. Саёҳат учун сараланган юз етмиш киши орасида онам ва унинг бир неча танишлари ҳам бор эди.
Ноябрнинг охирларида онам поездга ўтириб шимолга йўл олди. Унинг қалби ёрқин умидларга тўла эди. Ота-онам Харбинда бир-бирини севиб қолишибди. Отам ойижонимга атаб ажойиб шеърлар ёзарди. У онам ва дугонасини Янги йилни кутиш учун ўзи турган меҳмонхонага таклиф қилди. Бунгача онамнинг синфдошлари унинг ишқий саргузаштларидан хабардор эдилар. Талабалар ташкилотини бошқараётган онам узундан-узоқ ахборотлар бергани отамнинг олдига тез-тез бориб турар ва жуда кеч қайтарди. Ниҳоят, отам юқори партия ташкилотидан уйланишга розилик сўради. Онам ҳам уйдагиларга хат ёзиб турмуш қуришдан хабардор қилди. Партия отамга онам билан «севги ҳақида суҳбат» қуришга ҳаққи борлигини билдирди…
Улар Цзиньчжоуга қайтдилар. Отамни Цзиньчжоу тарғибот бўлимининг бошлиғи этиб тайинлашди. Бир неча кундан кейин онам оиладагилар билан таништиргани отамни уйга бошлаб келди. У уйга кирганида бувим саломига алик олмай тескари ўгирилди. Отам буғдойранг, жуда озғин эди, қирқ ёшдан ошгандек кўринди. Бувим унинг аллақачон уйланган бўлиши кераклигига сира шубҳаланмасди. Дўхтир Ся ўзини мулойим, лекин сипо тутиб турарди.
Отам тезда кетди. Шунда бувим кўз ёшларига эрк берди.
— Амалдордан нима яхшилик кутиш мумкин, — деб йиғларди бувим.
Бироқ дўхтир Ся отамнинг хатти-ҳаракати ва онамнинг сўзларига қараб, коммунистлар ўз одамларини жуда қаттиқ назорат қилишларини ва шундай лавозимдаги киши алдай олмаслигини яхши тушунди. Бувимни бу нарса унчалик ишонтира олмади:
— Ахир, у Сичуандан экан, — дерди бувим. — Шундай олис жойдан келган бу одамни коммунистлар қаёқдан билади!
Бувим сира хотиржам бўлолмади ва ҳадеб шубҳа билдираверди, лекин оиланинг бошқа аъзолари отамга яхши муносабатда бўлдилар. Дўхтир Ся у билан тил топишиб кетди, соатлаб гаплашиб ўтиришарди. Юйлин билан хотини ҳам уни ёқтириб қолишди. Юйлиннинг рафиқаси жуда камбағал ва бахтсиз оиладан эди. Унинг онасини буваси картада ютқазган одамга зўрлаб беришганди. Акаси японлар қўлига тушиб, уч йил қийнаб ишлатилди ва соғлигини йўқотди. Юйлинга турмушга чиққач, келин ҳар куни эрталаб соат учда туриб, егулик тайёрларди. Уйдаги ҳамма ишни бувим бошқарарди. Юйлиннинг хотини у билан бир авлод вакили бўлса-да, ўзини бувимдан паст тутарди. Чунки у эри билан ўзини Ся оиласига қарам деб ҳисобларди. Отам унга ўзи билан тенгдай мурожаат қилган биринчи одам бўлди. Бу эса хитой анъаналарига бутунлай зид эди. У бир неча бор эр-хотинга кинога чипта ҳадя қилди, бу уларга ҳаётида камдан-кам учрайдиган хурсандчилик бағишларди. Улар умрларида ўзини калондимоғ тутмаган амалдорни биринчи марта кўрдилар. Юйлиннинг хотини эса коммунистлар аввалги барча амалдорлардан минг чандон яхши деб ҳисобларди.
Харбиндан қайтганларидан сўнг орадан икки ой ўтгач, ота-онам никоҳдан ўтишга ариза бердилар. Анъана нуқтаи назаридан, никоҳ икки оила ўртасидаги шартномадан иборат эди— на фуқаролик рўйхатидан ўтиш, на никоҳ ҳақида гувоҳнома мавжуд эмасди. Лекин эндиликда «инқилобда иштирок этганлар» учун партия оила бошлиғи ролини бажарарди. Партия томонидан ўрнатилган қоида: «28-7 полк-1» кўринишда эди. Бу эркак 28 ёшдан кам бўлмаслиги керак, партия сафида камида 7 йил хизмат қилган, камида полковник унвонига эга бўлиши лозим; бир рақами эса аёлга бўлган ягона талабни билдирарди. Демак аёл партия фойдасига камида бир йил ишлаган бўлиши керак эди. Отам йигирма саккиз ёшда эди. Партия сафига кирганига ўн йилдан ошяпти. Лавозими эса командир ўринбосарига мос келарди. Онам партия аъзоси бўлмаса ҳам унинг яширин ишларидаги фаолиятини ҳисобга олишди. Харбиндан қайтгач эса, Хотин-қизлар федерациясида ишлади. Бу ташкилотда онам жорияларни озод қилиш, фоҳишахоналарни ёпиш билан шуғулланди; аёлларни армия учун кийим-кечак тикишга, ўқишга ва ишга жойлашишга даъват этди.
Энди Хотин-қизлар федерацияси онамнинг иш жойи ҳисобланарди. Партия ана шу ташкилот орқали аҳоли устидан тўла назорат ўрнатганди. Шаҳарликларни шундай ташкилотларга бириктирардилар. Улар худди армиядаги сингари ҳар бир хизматчининг ҳаётини йўналтириб турарди. Онам федерация ҳудудида яшарди ва никоҳ учун ундан рухсат олиши керак эди. Федерация бу масалани отамнинг раҳбариятига қолдирди. Чунки отам анча юқори лавозимда эди. Цзиньчжоу шаҳар қўмитаси дарҳол ёзма равишда ижозат берди. Лекин отамнинг лавозими туфайли Ғарбий Ляонин вилоятининг партия қўмитасидан ижозат тасдиқланиши шарт эди. Ота-онам бошқа тўсиқлар бўлмаса керак деб ҳисоблаб, тўйни 4 майга, онамнинг ўн саккиз ёшга тўлиш кунига белгилашди.
Онам бўлажак эрининг, яъни отамнинг уйига кўчиб ўтиш учун кийим-кечагини чойшабга тугди. Яхши кўрган оқиш-зангори кўйлагини кийиб, оқ ипак шарфини ўради. Буни кўриб, бувимнинг тепа сочи тикка бўлиб кетди.
— Бу нима деган гап, келин куёвнинг уйига ўз оёғи билан борадими?!
Аслида куёв уни олиб келиш учун тахтиравон юбориши керак эди. Агар келин ўз оёғи билан борадиган бўлса, бу куёв уни қадрламаслигини билдирарди, демак, келинга эҳтёжи йўқ.
— Бу бемаъни нарсани ҳозир ким ўйлаб ўтирибди, — деди онам бўғчасини тугаркан.
Лекин «наҳотки қизим анъанавий тантанали тўйсиз узатилса», деган ўй бувимга тинчлик бермасди. Қиз бола туғилганидан бошлаб ҳар бир она унга сеп йиға бошлайди. Бироқ анъанавий урф-одатлар ёшларга эскилик сарқити бўлиб туюларди. Икки инқилобчи учун энг муҳими муҳаббат эди.
Онам бўғчасини елкасига ташлаб, отамнинг уйига йўл олди. Барча партия хизматчилари сингари отам иш жойида, яъни шаҳар партия қўмитаси ҳудудида яшарди. Қоронғи тушиб, келин-куёв энди кўрпага кирганларида эшик тақиллаб қолди. Ташқарида турган одам вилоят партия қўмитасидан хат олиб келганди. Хатда улар ҳозирча никоҳдан ўтишлари мумкин эмаслиги айтилганди. Онамнинг қимтиниб турган лабларидан унинг нақадар бахтсиз эканини тушуниш мумкин эди. У бош ирғади, нарсаларни йиғиштирди-да, «Хайр» деб, жўнаб қолди. На кўз ёши, на эътирозлар. Бу манзара отамнинг хотирасига бир умрга муҳрланиб қолди. Мен болалигимда отамдан: «Замон қанчалар ўзгариб кетди? Сен онангга сира ўхшамайсан! Сен ҳеч бунақа қилмасдинг, тиз чўкиб эркакнинг пойабзалини ечмасдинг!» — деган гапларни кўп эшитардим.
Май ойининг охирларида никоҳга рухсат келди. Онам ўша куни Хотин-қизлар федерацияси мажлисида ўтирганди. Бирдан кимдир унинг қўлига шаҳар қўмитаси раиси Лин Сяосянинг хатини тутқазди. У олий бош қўмондон Лин Бяонинг жияни эди. Айнан шу олий бош қўмондон Манжурияни қўлга киритганди. Номада: «Вилоят бошлиғи розилик берди. Мажлисда унчалик ўтиргингиз келмаётгандир. Тезроқ бориб никоҳдан ўтинглар!» деб ёзилганди. Онам шошилмасдан мажлисга раислик қилувчининг олдига борди ва хатни кўрсатди. У бош ирғиб қўйди ва унга жавоб берди. Онам отамнинг уйигача югуриб борди. Эшикни очса унинг хонасида Лин Сяося ва бошқа партия раҳбарлари, шахсий соқчилари билан тўпланиб туришибди.
— Дўхтир Сяга улов юбордим,— деди отам.
— Қайнонанг-чи? — сўради Лин.
—Отам индамади.
— Бунақаси кетмайди, — деди Лин ва бувимга ҳам улов юборишни буюрди. Шу тариқа отам билан онамнинг тўйи оддийгина ўтди. Унда бир неча кишигина қатнашди. Кейин дўхтир Ся ҳам келди. Шаҳар қўмитаси янги овлаб келинган краб тортиқ этди — ўшани тановул қилишди. Коммунистлар тўйни арзонроқ ўтказишга интилишарди, чунки анъана бўйича унга кўп пул сарфланарди. Катта тўй берган оилалар тез-тез хонавайрон бўлиб туришарди.
На бувим, на дўхтир Ся уларни тўйга чақиришганини билишмасди. Буни кейин сезиб қолишди. Улар келиши билан Хотин-қизлар федерациясидан келган аёллар орқа эшикдан чиқиб кетишди. Отам — куёв ҳам жўнаб қолди. Бувимнинг қаҳри келди, йиғлаб юборишига сал қолди.
Онам коммунистларнинг тўйга муносабатини яшириб, «куёв ишга кетди», деб қўя қолди.
— Коммунистларда никоҳдан янги ўтганлар ишдан озод қилинмайдилар, — деди онам. — Мен ҳам ҳадемай федерацияга кетаман…
Коммунистларнинг тўй сингари муҳим маросимга бунақанги муносабати бувимни ҳайрон қолдирди. “Улар жуда кўп анъаналарни буздилар, балки ҳайрон қолишнинг ҳожати ҳам йўқдир», ўйлади у.
Ўша пайтларда онамнинг мажбуриятига тўқимачилик фабрикасидаги ишчиларни ўқитиш ва ёзишни ўргатиш кирарди. У аёллар ва эркаклар тенг ҳуқуқли экани ҳақида ташвиқот олиб бориши керак эди. Фабрика ҳали хусусий эди ва усталардан бири аёлларни калтакларди, онам уни ишдан бўшатишга эришди ва ишчиларга ўзларига аёллардан бирини уста қилиб сайлашларига эришди. Лекин бу иши учун у Федерациядан ҳеч қандай мақтов эшитмади.
Гап шундаки, хотин-қизлар федерациясининг энг муҳим вазифаси шиппаклар тикишдан иборат эди. Онам шиппак тикишни билмасди ва бу ишни онаси ва холаларига топширарди. Чунки уларни бу ишга ёшликдан ўргатишганди. Онам Федерацияга олиб келган шиппаклар мўлжалдагидан анча кўп эди, шунга қарамай, уни мақташ ўрнига, ёш қизчадай танбеҳ беришди. Федерациядагилар деҳқон аёллар орасида шиппак тиколмайдиган аёл борлигини тасаввур қилолмасдилар. Улар учун бу «мен овқат ейишни билмайман» дегандай гап эди. Мажлисда уни «буржуача инқироз» учун танқид қилишди.
Онамнинг айрим бошлиқ аёллар билан муносабатлари ҳам унча яхши эмасди. Бу деҳқон аёлларнинг ёшлари каттароқ, анча консерватив эдилар, йиллаб партизан отрядларида курашгандилар, шу боис хушрўй, саводли шаҳар қизларини хуш кўрмасдилар, коммунист эркакларни бир зумда ўзларига оғдириб оладиган бундай соҳибжамоллар уларнинг ғашини келтирарди. Онам партия сафига кириш учун ариза берди, лекин лойиқ эмас, деб рад этишди.
Онам уйга кетаётганда, ҳар сафар уни танқид қилишарди. Уни «оиласига ҳаддан ташқари боғланиб қолган», бу «буржуазияга хос одат» деб айблашар ва танбеҳ беришарди, натижада у онасини борган сари камроқ кўрадиган бўлиб борарди.
Ўша пайтларда ёзилмаган бир қоида бор эди. Ана шу тартибга биноан, инқилобчининг иш жойини ташлаб кетишга ҳаққи йўқ эди. Фақат шанба кунигина рухсатнома беришарди. Онамнинг каравоти Хотин-қизлар федерацияси биносида эди, уни отам яшайдиган уйдан пастаккина пахса девор ажратиб турарди. Онам кечаси ўша девордан ошиб тушарди-да, кичик боғдан ўтиб, отамнинг хонасига кириб борарди. Саҳар пайти ўз хонасига қайтиб келарди. Тез орада буни сезиб қолишди-да, отам икковини фирқа мажлисида роса танқид қилишди. Коммунистлар фақат ижтимоий тартибни эмас, кишиларнинг шахсий хаётини, айниқса, «инқилоб иштирокчилари» ҳаётини ўзгартиришга уринардилар. «Шахсий иш — сиёсий иш» ҳисобланарди, аслида эса шахсий ҳаёт йўққа чиқариларди. Ҳар қандай майда-чуйда гапни «сиёсий онглилик» билан боғлаб, мажлисларда коммунистларни «дўппослашарди».
Отам ўзини оғзаки, онам эса ёзма танқид қилишларига тўғри келди. Онамни «севгини биринчи ўринга қўйганликда» айблашди. Ҳолбуки, устуворликни инқилобга бериш керак эди. Онам ўзини адолатсиз хафа қилишди деб ҳис этди. У кечани ўз эри билан ўтказган бўлса, бундан инқилобга қандай зарар етади? Атрофда партизанлар уруши кетаётган бўлса ҳам майли эди, ҳозир бунинг нима зарурати бор эди? Онам ўзини танқид қилиб ёзишни истамади ва бу ҳақда эрига айтди. Лекин эри уришиб берди.
— Инқилоб ҳали ғалаба қилгани йўқ, — деди у. — Уруш давом этаяпти. Биз қоидани буздик ва ўз хатоимизни тан олишимиз лозим. Инқилоб темир интизомни талаб қилади. Сен партияга бўйсунишинг керак. Унинг қарорини тушунмасанг ёки унга рози бўлмасанг ҳам шундай қилишинг шарт.
Тез орада бахтсизлик юз берди. Бян деган шоир ўз жонига қасд қилишга уринди. У Харбинга борган эди ва онам билан яхши таниш бўлиб қолганди. Бян «Янги чиққан ой» шеърий мактабининг издоши эди. Мактабни Гоминдан ҳукмронлиги пайтида АҚШда элчи бўлган Ху Ши бошқарарди. Мазкур адабий оқимда шакл нафосатига алоҳида эътибор берилади. Унда Китснинг таъсири сезилиб турарди. Уруш пайтида Бян коммунистлар фирқасига кирди, лекин унинг шеъриятини ўринсиз деб ҳисоблашаётганини сезиб қолди: инқилоб шоирнинг ўз ғоясини ифодалашини эмас, ташвиқотни талаб қиларди. Бундан чексиз изтиробга тушган шоир ўзини ўлдиришга уринганди.
Унинг ўз жонига суиқасд қилишга уриниши фирқани ларзага солди. Мактаб партия ташкилоти тергов ишлари олиб борди-да, кутилмаган хулоса чиқарди, гўё шоир Бян онамга бўлган бахтсиз муҳаббати туфайли ўз жонига қасд қилган эмиш. Мажлисда федерациянинг хотин-қизлари онамни айблашди. Недирки, онам шоирни умидвор қилиб, отамга теккан эмиш… Онам исбот талаб қилди. Афсуски, далиллар келтирилмади.
Бу воқеада отам онамнинг ёнини олди. Харбинга борганларида у онамнинг шоир билан учрашиб, шеърларни тинглаганидан хабари бор эди. Учрашувга ўзи билан чиққанини ҳам биларди. Лекин на отам, на онам ғийбатларни тўхтата олмасдилар. Айниқса, Федерациядаги аёллар тилга эрк берардилар.
Онам эндигина ўн саккизга тўлган, эндигина турмуш қурган, янги ҳаётдан умидвор бўлиб яшар эди. Лекин негадир ўзини йўқотиб қўйгандек, ёлғиздек ҳис қиларди. У партияни ҳам, инқилобни ҳам айблай олмасди. Федерациядаги аёлларни ҳам айблай олмасди. Чунки улар онамнинг дугоналари эдилар, партия сиёсатини тўғри олиб бордилар. Онамнинг бутун нафрати эрига қаратилди. Чунки онам кундалик турмушида шахсий ҳаёт учун ҳам ўрин қолдирганди, отам эса — йўқ. Цзиньчжоудаги муҳит онам учун чидаб бўлмас даражага етди. У эрига бу ердан тезда кетиш керак деб айтди. У рози бўлди, ҳолбуки, мартабасининг ошишини кутаётганди. Шунга қарамай, шаҳар қўмитасига мурожаат қилди. Она шаҳри Ибинга кетгиси келаётганини баҳона қилди. Қўмитадагилар ҳайрон бўлишди, чунки у яқиндагина айнан ўша ерда ишлашни хоҳламайман деганди.
1949 йилнинг ёзида коммунистлар Жанубга шиддатли юриш бошладилар. Улар Чан Кайшининг пойтахти Нанкинни эгалладилар, эрта-индин Сичуанга кирадигандай бўлиб қолдилар. Партия отамнинг янги жойга ўтказилишини тасдиқлади. Тўйдан сўнг икки ой ўтгач, ота-онам Цзиньчжоуни тарк этдилар.
ОНАМНИНГ БУЮК ЮРИШИ
(1949–1950)
Цзиньчжоудан жўнаб кетиш олдидан онамни вақтинча синов муддати билан партияга қабул қилдилар. Шаҳар қўмитасидагилар янги иш жойида бу унга асқотади деган қарорга келдилар.
Ота-онам бошқа коммунистлар билан бирга — юздан ошиқроқ одам — Сичуанга қараб юрдилар. Бу гуруҳнинг эркакларини асосан жанубий ғарбда туғилган коммунист- раҳбарлар ташкил қиларди. Аёллар озчилик – асосан сичуанликларга эрга теккан манжурия аҳолиси эди. Йўлда уларни отрядларга бўлдилар ва яшил армия кийими бердилар. Бу гуруҳлар фуқаролар уруши қизиб турган ҳудудни кесиб ўтишлари керак эди. Сичуан ҳамон Гоминдан қўлида эди. Онам ўзини қафасдан қутулган қушдек озод сезса-да, азиз юртидан, онасидан узоқлашиб кетаётганидан юраги ғаш эди. Унга эри далда бериб турди. Бардам бўлиш, ҳар қандай қийинчиликларга, синовларга бардош бериш кераклигини уқтирарди отам.
Тяньцзинда, тахминан икки юз эллик километр жануби ғарбда поезд тўхтади — темир йўл шу ерда тугарди… Бу ёғига пиёда юришга тўғри келарди.
Бир сафар тоғ довонидан ошиб ўтишгач, улар бир неча чуқур ва тез оқар сойларга рўпара келиб қолдилар. Сув онамнинг белидан келарди, у оёғида зўрға турарди. Дарёчанинг ўртасига борганида оёғи сирғаниб кетди, агар ёнидаги эркак уни ушлаб қолмаганида онамни сув оқизиб кетиши ҳеч гап эмасди. Онам йиғлаб юборишига сал қолди. Айниқса, бошқа бир аёлнинг эри уни сувдан қутқариб ўтаётганини кўрганда, унга алам қилди. Ҳалиги эркак, гарчи юқори лавозимда, машинада юришга ҳаққи бўлса-да, хотини билан бирга юриш учун бу имтиёзлардан воз кечганди.
Отам эса онамни кўтариб олмаганди. Уни жипда шахсий соқчиси билан бирга олиб юришарди. Отамнинг лавозими унинг жип-машинада ёки отда юришига имкон берарди. Онам эри уни ёнига олар, ҳеч бўлмаса юкини машинага ортар деб умид қиларди. Лекин умидлари пучга чиқди. Онам дарёга чўкиб кетишига сал қолган ўша куни кечқурун отам билан муносабатларини аниқлик киритишга жазм этди. Бу жуда расво кун эди. Шунча қийинчиликлардан ташқари, онамнинг ҳадеб қусгиси келаверарди. Наҳотки, баъзида у хотинини машинага чиқармаса?
— Йўқ, — деди у қатъий. — Ахир машинага ҳаққинг йўқ.
Отам қариндошларга ҳомийлик қилишдек асрий хитой анъанасига қарши курашишга қарор қилганди. Бунинг устига онам бу қийинчиликларни енгиб ўтиши керак эди. Онам, унинг дугонасини сувдан эри қўлда кўтариб ўтганини айтиб эътироз билдирганди.
— Бу бутунлай бошқа нарса, — деди отам.
— Ахир, дугонанг эски коммунистлардан. 30-йилларда у кейинчалик Шимолий Кореяга бошчилик қилган ва шимоли шарқда японларга қарши курашган Ким Ир Сен билан партизанлар отрядига командир эди. Бу курашда у жуда кўп нарса йўқотган. Биринчи эридан жудо бўлган. Уни Сталиннинг амри билан қатл этишган. Сен ёш талаба бўлсанг, нега ўзингни бу аёл билан тенглаштирасан? Агар атрофдагилар сенга ёрдам бераётганимни кўришса, балога қоласан. Бу сенга фойда эмас, зарар келтиради. Партияга ҳали доимий аъзо қилиб олинганинг йўқ. Танлаб ол: ё машинага ўтирасан, ёки партияга кирасан…
Бир куни онам бошчилик қилаётган гуруҳ елкасида бутун ашқол-дашқоли билан бир неча мил — республика асосчиси Сун Ятсен қабригача чопиб бориши керак эди. Югуриб бориб қайтиб келгач, онам қорнининг пастида оғриқ сеза бошлади. Ўша куни кечқурун шаҳарнинг қарама-қарши томонида Пекин операси қўйилаётган эди, бош ролда хитой юлдузларидан бири ўйнарди. Пекин операсига эҳтиросни бувимдан мерос қилиб олган онам спектаклни сабрсизлик билан кутарди.
Кечқурун онам ўртоқлари билан опера қўйиладиган ерга беш мил масофани босиб ўтди. Отам автомобилда борди. Йўлда онамнинг оғриғи зўрайди ва у орқасига қайтмоқчи ҳам бўлди. Лекин йўлнинг охиригача чидади. Спектаклнинг ўрталарида онамнинг аҳволи оғирлашди. У отамдан машинада уйга олиб бориб қўйишни илтимос қилди. Тўғри, у ўзининг аҳволи тўғрисида унга ҳеч нима демади. Отам оғзи очилганича опера томоша қилаётган ҳайдовчисини кўрсатиб, деди:
— Кўраяпсанми, шундай завқ билан спектакл томоша қилаётган одамга нега халақит беришим керак? Хотиним кетгиси келиб қолгани учунми?!
Онам унга дардини тушунтириб ўтирмади, шартта орқасига бурилди-да, жўнаб қолди.
У тунайдиган жойларига зўрға, бир амаллаб етиб олди. Йўл жудаям чўзилиб кетди, сира тугамайдиганга ўхшарди. Гоҳ юриб, гоҳ судралиб келди. Зўр-базўр уйга кириб борди. Соқчилардан бошқа ҳеч ким йўқ, ҳамма опера томоша қилгани кетганди. Бир амаллаб каравотига етиб олди. Чироқ ёруғида ўзига қарарди, не кўз билан қарасинки, иштони қон… У ҳушидан кетди… У биринчи боласини шундай йўқотди.
Бир оз кейинроқ эри пайдо бўлди. Машинада казармага у биринчилардан бўлиб етиб келди. Хотинининг каравотда чўзилиб ётганини кўриб, толиққан бўлса керак деб ўйлади. Қонга кўзи тушгач эса, хотини ҳушсиз ётганини тушунди. Шошилиб дўхтирга югурди.
Онамнинг ўлишига бир баҳя қолганди. Унга қон қуйишди, тиббий ёрдам кўрсатишди. Амалиётдан сўнг, кўзини очган онам ёнида эрини кўрди. Онамнинг биринчи гапи: «Мен ажралишни истайман» деган сўзи бўлди. Отам роса ялинди, кечирим сўради. У хотини ҳомиладор эканини хаёлига ҳам келтирмаганди, буни онамнинг ўзи ҳам билмасди. Отам ўзи тан олганидек, бола тушиши нималигини билмасди. У хотинига муносабатини ўзгартириш ҳақида ваъда берди, севаман деб қайта-қайта онт ичди.
Онам ҳали ўрнидан туролмас экан, отам унинг қон теккан ки-йимларини ювди. Хитой эркаги учун бу жуда ғайриоддий иш эди. Вақт ўтиши билан онам ажрим талаб қилмай қўйди, лекин Манжурияга қайтаман, деб туриб олди.
— Бориб табобат билан шуғулланаман, — деди онам. — Ахир, ҳар қанча уриниб кўрмайин, инқилоб талабига мос тушолмайман. Шунинг учун бўлса керак, ҳар бир қадамим танқидга учрамоқда. Яхшиси, четга чиқиб турганим маъқул.
— Асло бундай қила кўрма, — эътироз билдирди отам.— Бу қийинчиликлар олдида эсанкираш, даҳшатга тушиш деб талқин қилиниши мумкин. Сени қочоқ деб аташади, келажагинг барбод бўлади. Борди-ю, сени университетга қабул қилишса ҳам яхши иш беришмайди…
1 октябрда радио орқали жуда муҳим хабар эшиттирилади, деб ҳаммани огоҳлантиришганда онам касалхонада ётарди. У радиодан эшитди. Мао Самовий Хотиржамлик дарвозаси (Тяньаньмэнь) майдонида Хитой Халқ Республикасига айланганлигини эълон қилди. Онам болаларга ўхшаб йиғлаб юборди. Ниҳоят, у орзу қилган ва курашган Хитой ташкил топди. Бу мамлакат учун у жонини фидо қилишга тайёр эди.
3 октябр куни отряд шаҳарни тарк этди. Коммунистларнинг кучлари Сичуанга яқинлашиб келарди. Онамни яна бир ойга касалхонада қолдиришди. Кейин бир оз тузалгач, уни Гоминданнинг собиқ бош ғазначиси Х.Х. Кун (Кун Сянси)га тегишли бўлган ҳашамдор бинога жойлаштиришди. Х.Х. Кун Чан Кайшининг божаси эди. Январнинг охирида онамга касаллиги туфайли шаҳарда қолганлар учун пароходда жой борлигини маълум қилишди.
Пароходда Янцзининг уч дараси деган, дарё анча торайган ва Сичуан бошланган ергача сузиб боргач, иккита кичик кемачага ўтиришди. Кемаларнинг бирига ҳарбий юкларни ортиб, соқчилар қўйишди, иккинчисига йўловчиларни ўтқазишди.
Янцзи дарасини «Жаҳаннам дарвозаси» деб аташарди. Дарёнинг икки соҳилидаги қоялар даҳшатли кўринарди. Худди ҳозир кемани босиб тушадиганга ўхшарди. Лекин манзараси шунақа чиройли эдики, онамнинг кўзлари яйраб, юраги ҳаприқиб кетди. Ўша куни хитой янги йили арафасида улар Ибин шаҳрига етиб келишди. Кема тўхташ жойига яқинлашганда онам кўзлари билан отамни қидира бошлади. Ниҳоят кўрди, ана у, ёқаси очиқ ҳарбий пальтода, орқасида қўриқчиси.
Кема соҳилга ёндашиб тўхтади. Ҳарбий хизматчи кўприкни улади. Шунда отамнинг шахсий соқчиси келиб онамнинг қўлидан юкларини олди. Онам кўприкчадан ўтаётганда отам унга қўлини чўзди. Онам ўзини бахтиёр ҳис этди.
УЙГА ҚАЙТИШ
(1949–1952)
Янанда бошқа кўплар қатори отам ҳам ўзига ҳарбий тахаллус олди. Уни Ван Юй деб чақиришарди. Бу — «ҳаддан ташқари беғараз» дегани. Она шаҳрига келгач, ҳақиқий фамилияси Чжанни қўллай бошлади. Лекин ўз исмига тахаллусини ҳам қўшиб Чжан Шоуюй деб атала бошлади. У ўн йил муқаддам уйини камбағал, қашшоқ ишчи ҳолда ташлаб кетганди. Энди бўлса, ҳали ўттиз ёшга ҳам тўлмасдан, қудратли бир киши бўлиб қайтиб келди. Оиладагилари у билан фахрланардилар.
Отамнинг онаси шаҳарнинг бир чеккасида марҳум эридан қолган эски уйда яшарди. Бу уй онамга жуда ёқиб қолди. Бу жуда муҳим воқеа эди. Хитой анъанасига кўра, эрга теккан аёл бутунлай қайнонасига бўйсунарди. У қайнона бўлгач, ўзи ҳам келинига шундай зуғум ўтказарди. Аёлларга эрк бериш – коммунистлар сиёсатининг муҳим йўналиши ҳисобларнарди. Коммунист келинлар — қайноналарга азоб берувчи «ёвуз фурия»дир* деган гап юрарди. Отамнинг оиласидагилари ёш келин ўзини қандай тутишини сабрсизлик билан кутардилар.
Ўша куни катта оила аъзоларининг ҳаммаси уйга тўпланишди. Онам ҳовли панжарасига яқинлашиши билан: «Келаяпти, келаяпти» деган шивир-шивир бошланди. Катталар болаларни тинчитишга уринар, шумтакалар бўлса олис шимолдан келган бу ғалати коммунист келинни бир кўриб қолайлик, деб сакрашар эди.
Онам отам билан меҳмонлар кутиладиган хонага кирганида, қайнонаси энг тўрда ўтирарди. Эр-хотин унинг ҳузурига яқинлашдилар. Қайнонанинг юзи жуда хотиржам эди. У ўтирган стул олдида улар тўхтаб қолишди. Шунда онам тиз чўкди ва бошини уч марта ерга текказди. Удумга кўра, келин айнан шундай қилиши керак эди.
Тўпланганларнинг ҳаммаси енгил тортди. Қариндошлар хурсанд бўлиб кетган бекасига шивирлаб қолишди:
— Қандай ажойиб келин! Шундай олижаноб, гўзал, эҳтиромли! Ойижон, роса омадингиз бор экан!
Онам ўзининг кичкинагина ғалабасидан фахрланиб кетди. Улар отам билан нима қилиш кераклиги тўғрисида узоқ гаплашдилар. Коммунистлар таъзим қилиб ерга бош уриш одатини йўқотишга даъват этардилар, чунки буни инсон қадрини ерга уриш деб ҳисоблардилар. Онам бу сафар истисно тариқасида шундай қилгиси келди. Отам рози бўлди. У онасини ҳам, хотинини ҳам хафа қилгиси келмади. Лекин ўзи шундай қилишини кутишларига қарамай таъзим этмади…
Тез орада онамга иш беришди. У Ибин уезди ҳукумати маъмуриятининг ташвиқот бўлимида хизмат қила бошлади. У иш жойида кам ўтирарди. Асосий вазифаси аҳолини тўйдириши керак эди. Бу эса борган сари мушкуллашиб борарди. Коммунистлар қишлоқларга қуролланган озиқ-овқат отрядлари жўнатишди. Отрядлар хизматчилар ва ҳарбийлардан ташкил топганди. Қарийб ҳаммани сафарбар қилишди. Маъмурият биносида иккитагина аёл қолганди, биттаси қабулхонада ўтирар, иккинчиси эндигина фарзанд кўрганди.
Учинчи экспедиция пайтида онам ўзини ёмон ҳис қила бошлади. Қусгиси келар, боши айланарди. У ҳомиладор бўлиб қолганди, Ибинга ҳолдан тойган тарзда қайтди. Лекин дам олишга имкони йўқ, дарҳол янги юришга бориши керак эди. у билан бирга яна бир ҳомиладор аёл экспедицияга отланди. Экпедиция пайтида улар бир ташландиқ ҳовлида тушлик қилмоқчи бўлишди. Ошпаз гуруч қайнатаётган пайтда остонада ўрта яшар эркак пайдо бўлди. Кўринишидан у деҳқонга ўхшарди.
— Эҳтиёт бўлинглар, — деди у. — Изингиздан каллакесарлар тўдаси қувиб келаяпти. Улар орангиздаги икки аёлни қўлга олишмоқчи. Улар юқори мартабали коммунист бошлиқларнинг аёллари…
Келган одам оддий деҳқон эмасди. Гоминдан ҳукмронлиги пайтида у бир неча қишлоқни бирлаштириб вилоятнинг оқсоқоли бўлиб хизмат қиларди. Ҳозир отряд ана шу қишлоқларнинг бирида жойлашганди. Тўда собиқ оқсоқолнинг кўмагидан фойдаланмоқчи бўлди. Оқсоқол бўлса тўда аъзоларига ёрдам бериш ниқоби остида ўзини ҳимоя қилишни ҳам унутмади. Шунинг учун у бўлажак ҳужумдан коммунистларни огоҳлантириб, қочиб яширинишни маслаҳат берди.
Отряддаги коммунистлар дарҳол қочиб қолишди. Лекин онам билан иккинчи ҳомиладор аёл қочиша олмади. Шунинг учун оқсоқол уларни девордаги туйнук орқали олиб чиқиб, яқинроқдаги пичан ғарамида яширинишларига ёрдамлашди. Ошпаз ўчоқбошида нарсаларини йиғиштираман деб ушланиб қолди. Иккита аскар унга ёрдамлашгани ошхонада қолди. Лекин улар қочишга улгуришмади. Эшикдан бостириб кирган каллакесарлар тўдаси уларни қувиб етиб, пичоқлар билан чавақлаб ташлашди. Пичан ғарамига яширинганларни эса сезмай қолишди.
Тез орада тўдани қўлга олишди. Оқсоқолни ҳам ушлашди. Унинг тўда етакчиларидан бири экани маълум бўлди. Ўша давр қонунига кўра, унга ўлим жазоси берилиши керак эди. Лекин айнан ўша одам озиқ-овқат отрядини хавфдан огоҳ қилди ва икки аёлни ўлимдан сақлаб қолди. Ўша пайтлар ўлим жазоси учликнинг қарори билан тасдиқланарди. Буни қарангки, ўша учликнинг бошлиғи отам, аъзоларидан бири ҳалиги қутқарилган ҳомиладор аёлнинг эри, учинчиси маҳаллий полиция бошлиғи эди.
Трибунал: иккитага қарши битта бўлиб қолди. Онамнинг танишининг эри оқсоқолнинг ҳаётини сақлаб қолишга овоз берди. Отам билан полиция бошлиғи уни ўлимга ҳукм этишни ёқлаб чиқишди. Онам уларга роса ялинди, лекин отам сўзида қаттиқ туриб олди. Оқсоқолни қатл этишди. Бу қилмиши учун онам отамни сира кечира олмасди. Шунча одам ҳаётини қутқариб қолган кишини қандай қилиб қатл этиш мумкин? Отам уни аввал ҳам қаттиқ ранжитган эди. Демак, у онамни сира қадрламас экан-да!
Бу пайтда бувим Цзиньчжоуда қизи учун ташвишда эди. Қизидан Ибинга етиб боришгани ҳақида хат олиши билан, бувим ўша ёққа йўл олишга ва қизининг аҳволи қандай эканлигини кўришга қарор қилди. 1950 йил март ойида у ўзининг шахсий «буюк юриши»га ёлғиз отланди.
У улкан мамлакатнинг олис ерлари ҳақида ҳеч нарса билмасди. Бувим, Сичуанни Хитойнинг қолган қисми билан тоғлар ажратиб турадигина эмас, балки у ерда ҳаёт учун зарур нарсанинг ўзи йўқ деб тасаввур қиларди. У ўзи билан энг зарур нарсалардан кўпроқ олмоқчи бўлди. Лекин ҳамма жойда уруш кетарди. Бувим бу нарсаларни ўзи кўтариши ва узоқ пиёда юришга тўғри келишини яхши тушунарди. Оёғи дока билан ўраб тортилган аёл учун бу жуда оғир эди. Ниҳоят, кичик бир тугунча олиб кетишга мажбур бўлди.
У дўхтир Сяга турмушга чиққандан бери оёқлари анча ўсди. Анъанага кўра, манжур аёллари оёғини ўраб юришмасди. Шунинг учун бувим докаларни ечиб ташлади. Лекин юрганда барибир оёқлари оғрирди. Синган суяклари, албатта, битиб кетмасди. Оёқлари тўғри кўриниши учун у туфлисига пахта тиқиб олганди.
Бувим йўлга чиқишдан олдин уни отам билан онамнинг тўйига олиб келган Лин Сяося деган киши қоғоз ёзиб берди. Бу қоғозда бувим инқилобчининг онаси эканлиги айтилганди. Ана шу қоғоз туфайли партия ташкилотлари уни сафари давомида озиқ-овқат, бошпана ва пул билан таъминлашлари шарт эди. Бувим ҳам ота-онам юрган йўл билан борди. Унга поездда, машинада, пиёда юришга тўғри келди. Бир сафар у очиқ юк машинасида борарди, ёнида коммунистлар оиласидан бўлган аёллар ва болалар бор эди. Кичкинтойларнинг ёзилгиси келиб қолди, машина тўхтар-тўхтамас, уни ўққа тутиб қолишди. Бувим дарахтлар орасига ичкарироқ кириб, ўтириб олди. Унинг тепасидан ўқлар чийиллаб ўтди. Машинадагиларни қўриқлаб бораётган ҳарбийлар пулемётдан жавоб ўти очишди. Ҳужум қилувчиларнинг овози ўчди. Булар гоминданчилар қўшинларининг қолдиқлари эди. Бувимга ҳеч нарса қилмади, лекин бир неча бола ва қўриқчилар ҳалок бўлди.
Бувим йўлнинг учдан икки қисмини босиб ўтиб, Марказий Хитойдаги катта шаҳар Уханга етганида, унга йўлнинг қолган қисми — Янцзи бўйлаб юқорига сузиш ҳам анча хавфли эканини айтишди. Вазият сал осойишта бўлишини пойлаб бир ой кутишди. Шунга қарамай, кемани бир неча бор қирғоқдан туриб ўққа тутишди.
Ичандан у кичикроқ кемага ўтирди. Уч дарани босиб ўтгач, хурмо барглари билан ёпилган қайиққа миниб, Ибинга қараб сузди. Манзилга майнинг ўрталарида етиб келди. Саёҳат икки ойдан кўпроқ вақтни олди. Ўзини ёмон ҳис этаётган онам бувимни кўриб жудаям суюнди. Отам унчалик хурсанд эмасди. Ибинда у илк бор хотини билан нисбатан тинч вазиятда яшади. У ўзи билан рафиқаси ўртасидаги ришта она билан қиз ўртасидаги риштадан анча маҳкам эканини яхши тушунарди. Бувим онамнинг кўзи ёришигача қолиш ниятида эди. Онам ҳам шуни умид қиларди. Лекин отам бунга эътироз билдирди. Онам қаттиқ хафа бўлди:
— У мен ҳақимда ўйламайди, мени севмайди, — деди ниҳоят. Бувим жўнаб кетди. Онам эса бунинг учун эрини кечиролмади.
Ҳамиша ишда банд бўлган отам сафардалигида 8 ноябрда хотини унга биринчи фарзанд — қиз туғиб берди. Дўхтир Ся онамга Дэхун деб исм қўйганди. У икки иероглиф — ёввойи оққуш (хун) ва авлодлар номи ахлоқ (дэ) дан ташкил топганди. Отам қизининг исмини Сяохун қўйди. Бу онасига ўхшади (сяо) деган маънони англатарди. Сяохун туғилганидан етти кун ўтгач, аммаси Цзюньин иккита ҳаммолни ёллаб, уни ва чақалоғини бамбук замбилда касалхонадан Чжанлар уйига олиб келтирди. Бир неча ҳафтадан сўнг уйга келган отам:
— Коммунист сифатида буни ўзингга эп кўрмаслигинг керак эди, — деди онамга.
Ички туйғулари ларзага келган онам партияда қолишни ҳам, чиқиб кетишни ҳам билолмай қолди. Ўз ғазабини на партияга, на отамга сочиш имконияти бўлмаган онам, ўз бахтсизлиги учун янги туғилган қизчасини айблай бошлади. Касалхонадан чиққанларидан сўнг сингилчам тўрт кечаю тўрт кундуз тинимсиз йиғлади. Онамнинг сабр-бардоши тугади, чақалоққа бақирди ва урди. Қўшни хонада ётган Цзюньин аммам югуриб чиқди.
— Сен жудаям чарчадинг, — деди, — энди унга мен қараб тураман.
Шундан сўнг онамга аммам қарайдиган бўлди. Бир неча ҳафтадан сўнг онам ишга чиққач, опам Дэхун Цзюньин аммамларнинг уйида қолди.
Ҳали ҳанузгача онам ўша кунларни алам билан эслайди. Кейинчалик онам уни кўргани борганда, қизалоқ яширинадиган бўлди. Шундан сўнг у қизи Сяохунга ўзини она деб аташга рухсат бермади.
Аммам қизча учун эмизувчи энага топди. Ҳар бир хизматчи учун ёлланган энагага давлат пул тўларди. У мунтазам тиббий кўрик билан таъминланарди. Энага ҳам давлат хизматчиси ҳисобланарди. Улар хизматкор эмас, ҳатто чақалоқнинг тагликларини ҳам ювмасди. Давлат бундай катта харажатларга рози эди, чунки партиянинг «инқилобчилар»га доир қоидасига биноан, никоҳдан ўтишга юқори лавозимдагиларгагина изн берарди, бундай оилаларда фарзанд кам туғиларди.
Энага эндигина йигирма ёшга кирганди, ўзининг боласи ўлик туғилган эди. У ер эгасининг ўғлига эрга текканди. Улар эса ердан олинадиган даромаддан айрилишди. Аёл далада ишлашни хоҳламади, у шаҳарда яшашни истарди, чунки эри шу ерда ўқитувчилик қиларди. У таниш-билишлар орқали аммамни топди ва эри иккаласи Чжанлар уйига жойлашишди.
Онам аста-секин ўзига кела бошлади. Туққанидан сўнг ўттиз кунлик таътил олди ва вақтини қайнонасиникида ва Цзюньин аммамникида ўтказди. Хизматга қайтгач эса, район қайта тузилгани учун комсомол ишига ўтди. Етти ярим минг квадрат мил майдонга эга бўлган Ибин районида икки миллиондан зиёда аҳоли яшарди, унинг таркибида шаҳардан ташқари тўққизта қишлоқ уезди ҳам бор эди. Отам бутун районни бошқарувчи, тўрт кишидан иборат қўмита аъзоси ҳамда район ташвиқот бўлимининг бошлиғи бўлди.
Онамнинг бошлиғи Чжан Ситин деган аёл эди. Улар эри билан 1950 йилда Тибетни олиш учун юборилган ҳарбий қисмларда хизмат қилишарди. Сичуан Тибетга бориш йўлидаги асосий қўналға эди. Эр-хотин армиядан бўшатишларини сўрашганда уларни Ибинга юборишди. Эрининг исми Лю Цзетин. У эски исмини Цзетин (“Тин билан боғлиқ”) деб ўзгартирди. Бу билан у рафиқасини қанчалик қадрлашини кўрсатмоқчи эди. Шундан сўнг эр-хотинни «икки тин» деб атай бошлашди.
Баҳорда онам комсомол қўмитасининг бошлиғи бўлди. Бу ҳали йигирма ёшга тўлмаган аёл учун жуда катта лавозим эди. У яна аввалги куч-қудрат билан ишлай бошлади. 1951 йилнинг июнида менга ҳаёт ато этилганди.
___________
* Фурия — Рим мифологиясида қасос олувчи маъбудалардан бири.
ҲОКИМНИНГ ОШИҒИ ОЛЧИ БЎЛДИ
(1951–1953)
Онамнинг асосий вазифаларидан бири фабрика ишчилари орасида янги ҳукуматни қўллаб-қувватлашни таъминлаш эди. 1951 йилнинг бошларида у фабрикаларга қатнар, нутқ сўзлар, ишчиларнинг шикоятларини тинглар, турли-туман масалаларни ҳал қиларди. Ёш ишчиларга коммунизм нималигини тушунтириб бериш, уларни комсомол ва партияга даъват этиш ҳам унинг вазифасига кирарди. У гоҳ бир фабрикада, гоҳ иккинчисида узоқ яшаб қоларди: онам коммунистлар «ишчи ва деҳқонлар орасида яшаши керак» деган қоидага қаттиқ амал қиларди. Ана шу жараёнда у оғир сил касаллигини бошидан кечирди…
Мен 1952 йилнинг 25 мартида туғилдим. Бу хабарни эшитган дўхтир Ся:
— Мана, яна битта ёввойи оққуш туғилди! — деди қувониб.
Менинг исмимни Эрхун деб аташди. Бу «иккинчи ёввойи оққуш» дегани. Менга шу исмни берган дўхтир Ся ўз ҳаётидаги сўнгги ишни бажо келтирди. У саксон тўрт ёшида вафот этди. Каравотда ўтириб сут ичаётган жойида финжони қўлидан тушиб кетди. Унинг кўзлари абадий юмилган эди.
Дўхтир Сяни Ибиннинг бир чеккасида, Янцзи дарёси соҳилидаги қабристонга дафн этишди. Унинг мозори узра сершох қарағай, сарв дарахтлари ўсарди. У Ибинда унча узоқ яшамаган бўлса-да, катта обрў-эътибор қозонганди.
ОТА АЗИЗ, ОНА АЗИЗ, РАИС МАО АЗИЗРОҚ
(1964–1965)
1964 йилнинг кузидан ўрта босқич мактабига қатнай бошладим. Шундан эътиборан сиёсат менинг ҳаётимга сингий бошлади. Мактабга борганимизнинг биринчи куниёқ, Раис Мао туфайли бизни ўқишга олишганини айтишди. Чунки бизни танлашда «синфий ёндашишибди». Мао мактаблар ва университетларни кўплаб буржуа болаларини ўқишга қабул қилишда айблади. Энди, — деб таълим берди у,— келиб чиқиши яхши бўлган болаларга имтиёз берилиши керак. Бу — отаси ишчи, деҳқон, аскар ёки партия ходими бўлган болалар ўқишга олиниши керак деган маънони билдирарди. Зиёлилар «ишонч-сиз унсур» бўлгани учун уларнинг болаларини олишдан кўра, партия ходимларининг фарзандларини қабул қилишарди. Менинг синфимдаги болаларнинг ярми ана шундай болалар эди.
Мен борган Марказий 4-ўрта мактаб бутун Сичуандан кириш имтиҳонларида энг яхши натижаларга эришган ўқувчиларни қабул қилганди. Авваллари фақат баҳолар ҳисобга олинарди. Лекин мен кирган йилдан бошлаб имтиҳон натижалари ва қандай оиладан эканлиги ҳам бирдек муҳим эди. Мактаб эрамиздан олдинги 141 йилдан буён мавжуд эди. У Хитойда биринчи ўқув юрти ҳисобланарди. Мактабнинг қадимий ва улуғвор биноси ҳам, ўқитувчиларию ундаги муҳит ҳам жуда ажойиб эди. Мен унга мафтун бўлиб қолгандим.
Аммо мактабимизда борган сари сиёсий ташвиқот кучайиб борарди. Эрталаблари саф торттириб, ўқувчиларга Мао таълимотидан сабоқ беришарди. Махсус йиғилишлар ўтказилиб, партия ҳужжатлари ўргатиларди. Энди бизнинг хитой тили дарсликларимизда мумтоз адабиётдан кўра, тарғибот матнлар кўпроқ бўларди. Сиёсий матнлар, асосан Маонинг ёзганлари ўқув дастурининг таркибий қисмига айланди.
Амалда ҳар қандай фаолият сиёсий аҳамият касб этди. Бир куни эрталаб сафланганимизда, директор кўз учун машқлар ўтказишимизни айтди. Унинг гапига қараганда, Раис Мао кўплаб ўқувчилар кўзойнак тақиб юрганини пайқаб қолибди. Болалар кўзларини чарчатиб қўяётган эмиш. Раис Мао дарҳол бу аҳволни тузатишга амр қилибдилар. Биз унинг ғамхўрлигидан жудаям таъсирланиб кетдик. Баъзи болалар бундай меҳрибонликдан миннатдор бўлиб кўз ёши қилдилар. Биз ҳар куни эрталаб кўзнинг чарчамаслиги учун ўн беш дақиқалик машқ ўтказа бошладик. Тиббиёт ходимлари томонидан ишлаб чиқилган ҳаракатлар мусиқа садолари остида ўтказиларди. Аввало кўзларимиз атрофини уқалаб чиқардик, кейин синф деразаси ортидаги теракларга тикилиб ўтирардик — яшил ранг ором беради, деб ҳисобланарди. Машқлар қилиш ва яшил япроқлардан завқланиб ўтирарканман, Мао ҳақида ўйлардим ва ўзимча унга қасамёд қилардим.
Ҳамма нарсадан кўра, биз Хитойга рангини ўзгартиришга йўл қўяолмаслигимиз, яъни коммунизмдан капитализмга ўтаолмаслигимиз ҳақида гапириларди. Хитой билан Совет Иттифоқи ўртасидаги ажралиш ҳақида аввалига индалмай келинди. Лекин 1963 йилда бу сир ошкор бўлиб қолди. Бизларга 1953 йили Сталин ўлганидан сўнг ҳокимият тепасига Хрушчёв келгач, Совет Иттифоқи халқаро капитализм исканжасига тушиб қолди, энди рус болалари ҳам Гоминдан пайтидаги хитой болалари каби қашшоқликда азоб чекмоқдалар, деб тушунтиришарди. Бир куни мафкура бўйича ўқитувчимиз совет йўлининг хавфли эканидан бизни йигирма бешинчи марта огоҳлантириб:
— Агар эҳтиёт бўлмасанглар, мамлакатимиз аста-секин рангини ўзгартиради, — деб айтди. — Аввалига тўқ-қизилдан оч-қизилга, сўнг кул рангга, кейин эса қорага айланади.
Тасодифни қарангки, Сичуанча оч-қизил ифодаси (эр-хун) да худди менинг исмимдек жаранглайди. Бу сўздан синфдошларим пиқирлаб кулиб юборишди ва менга қарашди. Мен дарҳол бу исмдан воз кечишга қарор қилдим. Бир куни кечқурун отамдан менга бошқа исм қўйишни сўрадим. У Чжан исмини таклиф қилди. Бу сўз «наср» ва «эрта пишар» маъноларини англатади. Шу билан у ёшлигимданоқ яхши умид билдирди. Лекин бу ном менга ёқмади.
— Йўқ, ҳарбийча жаранглашини хоҳлайман,— дедим.
Шундай қилиб, менинг исмим унча маълум бўлмаган қадимий, «ҳарбий» маъносини англатувчи «Жун» бўлди. Мактабга бориб янги исмимни айтганимда, айрим ўқитувчилар бу сўзга тегишли иероглифни билмасликларини айтиб, мени ҳайрон қолдиришди. Бу ерда отамнинг мумтоз адабиётини яхши билишлиги қўл келди.
МЕН ҚАЛБИМНИ СОТМАЙМАН
(1967–1968)
(1966 йилда «маданий инқилоб» бошланди. Муаллифнинг отаси Чжан Шоуюй қалтис ишга қўл ураётганини билса ҳам, Маога хат ёзиб, «маданий инқилоб»ни танқид қилди.)
Отам Маога хат жўнатганининг учинчи куни уйимиз эшигини тақиллатишди. Эшикни онам очди. Кўк кийимдаги учта эркак кириб келди. Хитойда ҳамма шу рангдаги кийимда юрарди. Отам улардан бирини танирди: у отамнинг бўлимида фаррош бўлиб ишларди. У ашаддий жангари — цзаофанлардан* бири эди. Келган баланд бўйли одам озғин юзида ғазаб билан:
— Биз полициядаги цзаофанлармиз,— деди. — Раис Мао жонига ва «маданий инқилоб»га суиқасд қилган аксилинқилобчини ҳибсга олишга келдик…
— Қани, юр-чи! — деди улардан бири отамнинг қўлидан ушлаб.
Улар на гувоҳнома кўрсатишди, на ҳибсга олиш учун буйруқнома. Уларнинг ваколатини отамнинг бўлимидаги унга таниш цзаофан тасдиқлар эди.
Гарчи улар хат тўғрисида эслатмасалар ҳам, отам уни йўлдаёқ қўлга туширганларини яхши тушунди. У ўзини ҳибсга олишларини кутарди, йўқ, фақат Жаноби Олийларини хат орқали ҳаракат қилгани учунгина эмас, балки ҳокимият тепасида эр-хотин Тинлар туришарди. Ҳибсга олишга улар рухсат беришган. Чунки Тин хоним отамни йўлдан урмоқчи бўлганда, оиламиз Чэнду шаҳрига кўчиб ўтганди. Отамни ҳибсга олишаётганда ҳеч нарса демади. Лекин асаби таранглашгани сезилиб турарди. Эшикдан чиқаётиб онамга тайинлади:
— Партиямизга кек сақлама. Ишон, улар ўз хатоларини тузатадилар. Мендан ажраш. Болаларимга айт, мен уларни яхши кўраман. Уларни қўрқитма…
Ўша куни мактабдан қайтганимда ота-онам уйда йўқ эди.
— Онанг Пекинга кетди, — деди бувим. — Отангнинг бўлимидаги цзаофанлар келиб уни олиб кетишганди. Онанг нега олиб кетишганини суриштириш учун кетди.
Бувим «полиция» сўзини ишлатмади, зеро бу сўз умидни бутунлай сўндирарди.
Онам Пекинга иккинчи даъфа бориши эди. Биринчи бор ҳеч қандай натижа чиқмагач, Чжоу Эньлайга мурожаат қилиш хаёлига борди. Бошқа ҳеч ким ёрдам беролмайди. Бошқа раҳбарлар билан учрашиш отам ҳалокатини тезлаштирарди, унинг ўзига, яқинларига хавф туғдирарди, холос. Лекин унинг қабулида бўлиш Оқ уйга бориш ёки Рим папаси ҳузурига кириш билан баробар эди. Нима қилишни билмай, боши қотиб турган онамнинг кўзи бирдан катта лавҳага тушиб қолди. Унда: «Қизил Чэнду ҳайъати талабнома билан Пекинга бораяпти», деган сўзлар ёзилганди. Унинг атрофида икки юздан зиёд одам тўпланганди. Ҳаммаси йигирма ёш атрофидаги ёшлар эди. Поезд жўнашга шай турарди. Онам бир амаллаб чипта олди-да, вагонга ёпишди. Лекин ичкари кираётганда уни тўхтатишди.
— Сиз кимсиз? — деб бақирди талабалардан бири.— Ўттиз бешдан ошган онам талабага унча ўхшамасди. — Сиз бизнинг гуруҳдан эмассиз. Тушинг пастга!
Онам бор кучи билан эшик дастасига ёпишди:
— Мен ҳам эр-хотин Тинлар устидан шикоят қилиб Пекинга кетаяпман,— бақирди онам.— Мен уларни кўпдан бери биламан.
Талаба онамга ишонқирамай қаради. Орқада турган йигит билан қиз талабага ўшқиришди:
— Қўйиб юбор уни! Эшитайлик-чи, нима деркин!
Онам одам тиқилиб кетган купега суқилиб кириб олди-да, эркак билан аёлнинг ўртасига ўтирди. Улар «Қизил Чэнду» қароргоҳи зобитлари эканликларини айтишди. Эркакнинг исми — Юн, аёлники — Ян экан.
Уларнинг гапларидан онам шуни тушундики, талабалар эр-хотин Тинлар ҳақида унча яхши билишмас экан. У Ибинда «маданий инқилоб»гача ҳам одамларни қандай таъқиб қилишгани ҳақида гапириб берди. Эр-хотин Тинлар отамни ҳибсга олишга буйруқ беришганини тан олди.
— Чунки, — деди у, — отам Раис Маога хат ёзиб, Сичуанда бунақаларнинг раҳбарлик қилишига ишониб бўлмаслигини айтганди.
Ян билан Юн онамга уни Чжоу Эньлай билан учрашувга олиб боришга ваъда беришди. Вокзалда уларни бош вазир кутиб олди. Ҳаммани ҳукумат меҳмонхонасига олиб боришди ва Чжоу уларни эртага кечқурун қабул қилади деб огоҳлантиришди. Эртаси куни талабаларнинг йўқлигидан фойдаланган онам Чжоуга мурожаатнома ёзди. У билан гаплаша оладими, йўқми, ҳеч бўлмаса хатни тутқазиб юбориши мумкин-ку. Кечқурун соат тўққизда онам талабалар билан бирга Тяньанмэн майдонининг Халқ мажлиси уйига келди. Учрашув Сичуан залида ўтди. Бу зални безашда 1959 йилда отам ҳам қатнашган эди. Талабалар бошқа вазир олдида ярим давра қуриб ўтирардилар. Жой етишмасди, айримлар ерда, гилам устида чордона қурдилар. Онам орқа қаторда ўтирарди.
Бош вазир гапирмай, талабаларнинг гапларини тинглаб ўтирарди. Уларнинг фикрига қўшилмасди ҳам, рад этмасди ҳам. Ҳар замон, ҳар замонда:
— Раис Маонинг изидан бориш керак, жипслашиш зарур,— деб қўярди. Ниҳоят, у, — Яна қандай гаплар бор?— деди сўзини якунлаётгандай.
Онам шошилиб қолди. Бошқа имкон бўлмайди, деб сапчиб ўрнидан турди:
— Бош вазир, менинг гапим бор…
Референт гапларни ёзиб борарди.
Чжоу онамга қаради. Унинг талаба эмаслиги кўриниб турарди.
— Сиз кимсиз? — сўради бош вазир.
Онам ўз исмини ва лавозимини айтди ва дарҳол сўзини улаб кетди:
— Эримни аксилинқилобчи деб ҳибсга олишди. Мен бу ерга адолат излаб келдим…
Шундан сўнг отамнинг исми ва лавозимини айтди.
Чжоу онамга диққат билан қаради. Отам муҳим лавозимда эди.
— Талабалар кетиши мумкин, — деди у, — Сиз билан эса алоҳида гаплашаман.
— Бош вазир, талабаларга шу ерда қолиб, менинг гувоҳларим бўлишига ижозат берасизми? — Шуни сўраркан онам мурожаатномани олдинда турган талабага чўзди, у Чжоуга узатди.
Бош вазир бош ирғади:
— Майли, давом этинг.
— Эрим, Раис Маога хат ёзгани учун уни қамоққа олишди,— дея тез-тез гапира бошлади онам. – Ўша хатда Чжан Шоуюй эр-хотин Тинларнинг Сичуанга янги раҳбар бўлиб тайинланганларига рози эмаслигини ёзган эди. Чунки Ибинда улар қилган суиистеъмоллардан хабардор эди. Хатда «маданий инқилоб»га нотўғри баҳо ҳам ўз ифодасини топганди. Менинг эрим айрим масалаларда адашса-да, ўз нуқтаи назарини сира ошкора айтмасди. Компартия низомига қатъий амал қилиб, ўз фикрларини Раис Мао билан ўртоқлашгани ёзган эди. Низомга биноан, бу фирқа аъзосининг дахлсиз ҳуқуқидир. Хат уни ҳибсга олиш учун сабаб бўлолмайди. Мен бу ерга адолат излаб келдим…
Онам Чжоу Эньлайнинг кўзларидан «тушундим» деган маънони англади. У шикоятномани кўрди-да, орқада ўтирган референтга энгашиб ниманидир шивирлади. Зал жимжит эди. Ҳамманинг кўзи бош вазирга қадалганди.
Референт Чжоуга Давлат кенгаши тамғали бир неча варақ қоғоз узатди. Чжоу зўрға ёза бошлади — кўп йиллар бурун Яньанда отдан йиқилиб, қўлини синдирганди. Ёзувни тугатиб, қоғозни референтга қайтарди. У овоз чиқариб ўқий бошлади:
«Биринчи: коммунистлар фирқасининг аъзоси сифатида Чжан Шоуюйнинг партия раҳбариятига ёзишга ҳаққи бор. Унинг хатида ҳар қандай жиддий хато мавжуд бўлмасин, бу уни аксилинқилобий фаолиятда айбланишига асос бўлмайди. Иккинчи: тергов ўтказилиши шарт ва Сичуан вилояти пропаганда бўлими мудирининг ўринбосари сифатида Чжан Шоуюйни халқ оммаси танқид қилиши керак. Учинчи: Чжан Шоуюй хусусида якунловчи қарор «маданий инқилоб» тугагандан кейингина қабул қилиниши мумкин. Чжоу Эньлай».
Қувончидан онамнинг тили калимага келмай қолди. Тилхат Сичуаннинг янги хўжайинлари номига битилмаганди, шу боисдан, уни кимгадир бериши шарт эмасди. Демак, Чжоу онам хатни сақлаб юриши ва лозим кўрган одамгагина кўрсатишини хоҳлаганди.
Вақт ўтиб борарди. Апрелда отам уйга қайтди. Қалбим енгил тортди, қувониб кетдим. Лекин кўп ўтмай бу қувонч қўрқувга айланди. Отамнинг кўзлари ғалати чақнаб турарди. У қаерда бўлгани ҳақида ҳеч нима демасди, агар бирор нарса гапирса ҳам сўзига сира тушунмасдим. У кечаси билан ухламас, туни билан хонада юриб чиқар, ўзи билан гаплашарди. Бир куни у ҳаммамизни уйдан ташқарига — қаттиқ жала остига ҳайдади, «инқилобий бўрондан ўтиш керак» деб таъкидларди. Бошқа сафар маоши жойланган хат жилдини олиб оловга ташлади.
— Хусусий мулкдан бош тортаман,— деди у гезариб.
Аччиқ ҳақиқат: у ақлдан озган эди. Бу телбаликнинг тиғи онам шўрликка қаратилганди: у онамга ташланар, «уятсиз», «қўрқоқ» деб хўрларди, уни хоинликда айбларди.
Қайтиб келган биринчи куниёқ, онамга шубҳа билан қараб:
—Шунча вақтдан бери нима иш қилдинг, — деб сўради.
—Онам Пекинга бориб, уни озод қилишлари учун елиб-югурганини айтди. Отам ишонқирамай, бошини сарак-сарак қилди-да, «далили қани, кўрсат» деб талаб этди. Онам Чжоу Эньлайнинг хатини кўрсатмасликка қарор қилди. Унинг ўзида эмаслигини кўриб турар, хатни берсам, тинларнинг қўлига тутқазиб қўйиши мумкин деб ўйларди.
Отам қайта-қайта шу мавзуга қайтаверарди. Онамни ҳар куни сўроқ қиларди. Баъзан қўл кўтаришгача бориб етарди.
Кейинчалик маълум бўлдики, қамоқхонада терговчилар «агар айбингга иқрор бўлиб, имзо чекмасанг хотининг ва болаларинг сендан воз кечадилар» деб таҳдид қилаверишибди. Лекин отам мен иқрор бўладиган нарсам йўқ ва ҳеч нарсага қўл қўймайман деб рад этибди. Шундан сўнг терговчилар хотининг сендан воз кечди дейишибди. У билан кўришишга ҳам имкон беришмабди. Қамоқдан озод қилинганда, терговчилардан бири: «Уйда сени хотининг назорат қилади”. Партия сени кузатиб юришни унга топширди. Энди уйинг иккинчи қамоқхона бўлди», дебди. У ўзининг бирданига озод қилинишининг сабабини билмасди. Онам ҳам қамоқхонада уни нима қилишганини билмасди.
Отам: «Мени нега қўйиб юборишди?» — деб сўраганида онам нима дейишни билмасди. Онам унга Чжоу Эньлайнинг хати тўғрисида бир нарса дейишга ботинолмасди. Эр-хотин Тинларнинг ўнг қўли бўлган Чэн Мо ҳузурига борганини ҳам айтолмасди. Тинлардан бирор илинж кутганини эшитса, отам чидай олмасди.
Онам уни даволашга уринди. Вилоятнинг собиқ бошқармаси қошидаги клиникага, кейин руҳий касалликлар шифохонасига мурожаат қилди. Отамнинг номини эшитишлари билан рад этишди. Маъмурларнинг рухсатисиз қабул қилолмаймиз дейишди.
Бир куни онам ётоқхонасида дам оларди, отам ўз хонасида севимли бамбук оромкурсисида ўтирарди. Бирдан у ўрнидан сакраб турди-да, югуриб онамнинг хонасига кирди. Шовқинни эшитиб, биз ҳам унинг орқасидан югуриб кирдик. Қарасак, онамнинг томоғига ёпишиб бўғаяпти. Зўрға ажратиб олдик. У онамни силтаб ташлаб, чиқиб кетди. Ағдарилиб тушган онам зўрға ўрнига ўтирди. Ранги бўзариб кетган эди. Чап қўли билан қулоғини ушлаб турарди. Отам унинг чаккасига мушт тушириб уйғотган экан. У ҳўнграб йиғлаётган бувимга ўгирилиб, хотиржамгина:
— Ваҳима қилманглар, ҳеч нарса бўлгани йўқ…— деди.
Кейин бизларга мурожаат қилди:
— Отанглардан хабар олинглар, сўнгра хоналарингга киринглар…
Бувим эрталабгача уларнинг эшиклари олдида ўтириб чиқди. Мен ҳам эрталабгача ухлай олмадим.
Онамнинг чап қулоғи эшитмайдиган бўлиб қолди. У уйда қолиш хавфли эканини ҳис қилиб, эртасигаёқ бўлимига бориб, ётишга бошпана сўради. Цзаофанлар уни яхши кутиб олишди. Кичкинагина жой ажратиб беришди. Бу боғнинг ичкарисидаги мўъжазгина хона эди. Унга стол билан каравот зўрға сиғди. Ўша кечаси биз ҳалиги каталакда, онам, бувим, Сяофан — ҳаммамиз битта каравотда ётиб чиқдик.
Кейинги бир неча кунлар давомида укам Цзиньмин отам билан қолди. Мен онам ёнида яшаб, уни парваришлашда бувимга кўмаклашдим. Қўшни хонада онам ишлайдиган жойдаги цзаофанларнинг ёш сардори яшарди. Мен унга салом бермасдим — балки «капитализм ҳамроҳи» оиласининг аъзоси унга мурожаат қилишни хоҳламас деб ўйлардим. Лекин у бизлар билан одатдагидай саломлашганидан ҳайрон бўлдим. Онам билан жуда назокатли муомалада бўларди.
Бир куни эрталаб онам эшик олдида ювинаётганда — уйда жой етишмасди, қўшнимиз онамни чақириб, хоналаримизни алишмаймизми, деб сўради. Унинг хонаси бизникидан икки баравар катта эди. Биз ўша куниёқ унинг хонасига кўчиб ўтдик. У иккинчи каравот топишга ёрдамлашди. Энди биз анча қулайликларга эга бўлиб, бемалол ухладик. Унинг ғамхўрлигидан жуда миннатдор эдик.
Кўзи ғилай бўлган бу ёш йигитнинг чиройли ҳамроҳи бор эди. Бу қиз кечаси уникида ётиб қоларди (ўша пайтларда бунга ишониш қийин эди). Улар биздан тортинмасдилар. Эрталаблари қуюқ саломлашардилар. Бахтли эканликлари кўриниб турарди. Мен одамлар бахтли бўлса, меҳрибон бўлишларини шунда тушуниб етдим.
Онам ўзини яхши ҳис қила бошлади, мен отамнинг ёнига қайтдим. Унинг хонаси аянчли бир аҳволда эди: дераза ойналари синдирилган, ёнган мебелларнинг парчалари, кийим-кечакнинг қолдиқлари сочилиб ётибди. Отам менинг уйдалигимга парво қилмасди, айлангани-айланган эди. Кечаси хонамни беркитиб ётардим, чунки у ухламас, узундан-узоқ суҳбатлари билан бошимни қотирарди. Унинг ёнида яшаш азоб эди. Бир неча бор онамнинг ёнига қочиб бормоқчи ҳам бўлдим, лекин уни қолдириб кетишга виждоним қийналарди.
Бир неча бор менга ташланиб, урди ҳам; кейин қаёққадир ғойиб бўлди. Қўрқиб кетиб, уйдан югуриб чиқдим. Йўлда юқори қаватда яшовчи қўшнини учратиб қолдим:
— Отанг томнинг устига чиқишга уринаётганини кўрдим, — деди у.
Уй беш қаватли эди, зина билан тепага қараб югурдим. Зинапоя майдонининг устида, чап томонда кичик туйнук бор эди, у тўрт қаватли қўшни уйнинг томига олиб чиқарди. Томнинг устига пастаккина тўсиқ панжара ўрнатилганди. Туйнукдан қарасам, отам черепицали томнинг чеккасида турибди. Менга у чап оёғини тўсиқдан ошираётгандай бўлиб кўринди.
— Дада, — дедим титроқ овозда. У қўрқиб кетмасин деб хотиржам оҳангда гапиришга уриндим. Отам жойида қотиб қолди, кейин менга ўгирилди.
— Бу ерда нима қилаяпсиз?
— Дарвозадан ўтишимга ёрдам бериб юбор.
Бир амаллаб унинг қўлидан ушлаб олдим-да, зинапоя майдончасига ўтказдим. У мени пастга олиб тушди, ҳатто сочиқни олиб кўз ёшларимни артди. Лекин бирдан яна жини қўзиди, менга қўл кўтарди.
Цзаофанлар отамнинг даволанишига имкон бериш ўрнига, уни калака қилар, жиннилиги устидан кулардилар. Улар «Чжан жиннининг ҳақиқий тарихи» деган мавзуда давомли «дацзибао»* чиқарар эдилар. Унда ўзларининг собиқ ходимларини танқид қилардилар. Бу эса менда нафрат уйғотарди.
Одамларни махлуққа айлантирган нима? Бунчалик шафқатсизлик нимага керак эди? Худди ана шунда менинг Маога бўлган эътиқодим дарз кетди. Авваллари, бошқаларни таъқиб қилишаётганини кўрганимда уларнинг тўла айбсиз эканликларига унча ишонмасдим. Лекин мен ўз ота-онамни яхши билардим. Қалбимда қандайдир шуб-ҳа уйғона бошлади. Бунинг учун мен кўплаб бошқалар қатори унинг рафиқасини ва «маданий инқилоб» ишлари бўйича гуруҳни айблар эдим. Маонинг ўзи эса тенгсиз император сифатида шубҳа-гумонлардан устун бўлиб кўринарди.
Отам кундан-кунга руҳан ва жисмонан сўниб борарди. Онам яна Чэн Маога мурожаат қилди. У ёрдам қилишга ваъда берди. Лекин вақт ўтиб борар, ёрдамдан дарак йўқ эди. Демак, Тинлардан даволаш учун рухсат тегмаган. Нима қилишини билмай қолган онам жаҳл устида «Қизил Чэнду» қароргоҳи — Ян ва Юн ҳузурига борди.
Сичуан тиббиёт институтида етакчи мавқе «Қизил Чэнду» гуруҳи қўлида эди. Институт қошида руҳий касаллар шифохонаси бор эди. Агар «Қизил Чэнду» бир оғиз шипшитиб қўйса бўлди, отамни шифохонага ётқизишарди. Ян ва Юн онамнинг илтимосига ҳамдардлик билан қарашди, лекин бунинг учун ўртоқларининг мадади кераклигини айтишди.
Мао инсонпарварликни «буржуазия мунофиқлиги» деб эълон қилди. «Синфий душман»га нисбатан ҳамдардлик ҳақида эса гапирмаса ҳам бўлади. Буни кечириб бўлмас ожизлик ҳисоблашарди. Ян билан Юн отамни даволаш зарурлигини сиёсий жиҳатдан асослаб беришлари шарт эди. Бундай асос топилди: у эр-хотин Тинлар таъқибининг қурбони эди. «Қизил Чэнду» қўлида шундай қурол пайдо бўлдики, бу қурол ёрдамида уларни ағдариб ташлаш ҳам мумкин эди. бу эса ўз навбатида «йигирма олтинчи август»* устидан ғалабани таъминлаши мумкин эди.
Бошқа бир сабаб ҳам бор эди. Мао янги инқилобий қўмиталар цзаофанлар ва ҳарбийлар билан бирга «инқилобий кадрлар» таркибига киришга чақирарди. «Қизил Чэнду» ҳам, «Йигирма олтинчи август» ҳам Сичуан инқилобий қўмитасида уларнинг вакили бўла оладиган амалдорларни қидирардилар. Уларга тажрибали сиёсатчи-маслаҳатчилар керак эди. «Қизил Чэнду»да отамни энг муносиб номзод деб ҳисоблардилар ва даволанишга розилик бердилар.
«Қизил Чэнду»дагилар отамни Маони ва «маданий инқилоб»га туҳмат қилишда айблаётганларини ҳамда Мао хонимнинг ўзи қоралаганини яхши билишарди. Бироқ бу айбловларнинг бари дацзибаоларда олға суриларди ва бундай варақа шиорларида ҳақиқат кўпинча ёлғон билан аралаштирилган бўларди. Табиийки, уларни тан олмаслик ҳам мумкин эди.
Отамни Сичуан тиббиёт институти қошидаги руҳий касалликлар шифохонасига ётқизишди. У Чэнду шаҳрида жойлашганди. У ерга кириб боришнинг ўзи амри маҳол эди. Отамни олиб кетиш учун келган икки санитар (улар оқ халат кийишмаганди), уни навбатдаги «кураш митинги»га олиб борамиз, дейишди. Касалхонага етиб боришганда, отам уларнинг қўлидан қутулиб чиқишга уринди. Улар отамни бўш хонага судраб киришди ва ичидан беркитиб олишди. Унга зўрлаб тинчлантирувчи кўйлак кийдираётганларини онам билан мен кўрмаслигимиз учун шундай қилишди. Унга қандай қўпол муомалада бўлишаётганини кўриб юрагим ҳапқириб кетди, лекин нима қилай, бу унинг фойдаси учун қилинаётганини тушунардим.
Руҳшунос дўхтир Су, унга ташхис қўйиш учун бир ҳафта унинг хатти-ҳаракатини кузатишим керак, деди. Ҳафтанинг охирида шизофрения деган хулосага келди. Отамни электр тепкиси ва инсулин эмлаш билан даволардилар. Бунинг учун уни каравотга боғлаб қўярдилар. Бир неча кундан кейин унинг ҳуши ўзига кела бошлади. Отам кўзларида ёш билан онамга ялинар, дўхтирдан даволаш усулини ўзгартиришини сўрашини илтимос қиларди.
— Шунақа оғрийдики, — дерди титраб-қақшаб, — бундан кўра ўлганим яхши.
— Бу касални даволашнинг бошқа усули бўлмаса нима қилайлик?! — дерди дўхтир.
Мен кейинги сафар келганимда, отам каравотда онам билан гаплашиб ўтирарди. Ёнларида Ян ва Юн ҳам бор эди. Ҳаммаси жилмайишар, отам ҳатто кулиб қўярди. Кўриниши аввалгидан анча яхши эди. Буни кўриб йиғлаб юбордим.
«Қизил Чэнду» раҳбарларининг буйруғи билан отамга алоҳида овқат берардилар, ёнида кеча-кундуз ҳамшира навбатчилик қиларди. Ян ҳамда Юн отамнинг бўлимидаги бошқа ходимлар билан уни кўргани бориб туришарди. Улар отамга ҳамдардлик билдиргани учун ўртоқ Шао гуруҳининг таъқибига учрадилар. Отам Ян билан Юнга яхши муносабатда эди.
Даволаш қирқ кунга яқин давом этди. Июлнинг ўрталарида отам анча тузалди ва уни шифохонадан чиқаришди. Отам билан онамга Чэнду университети ҳовлисидан уй беришди. Уларнинг эшигида қўриқчи талабалар турарди. Отамга тахаллус беришди ва ўз хавфсизлигини таъминлаш учун ҳовлидан чиқмасликни тайинлашди. Кеч кириб, қорон-ғи тушиши билан отам иккимиз сайрга чиқишга муяссар бўлардик.
Бир куни, 1967 йилнинг сентябр ойи охирларида кечаси отам билан онамни уйга олиб келиб қўйишди. Ян билан Юн уни бошқа ҳимоя қила олишмасди, эшиккача кузатиб қўйишди-да, хайрлашишди.
Ота-онам дарҳол эр-хотин Тинлар ва Шао гуруҳининг чангалига тушдилар. Тинлар хатти-ҳаракатлари билан шуни маълум қилдиларки, ходимларнинг келажаги улар энди отамга нисбатан қандай муносабатда бўлишларига боғлиқ бўлади. Ўртоқ Шаога янги ташкил қилинган Сичуан инқилобий қўмитасида отамнинг лавозимига ўхшаш ўрин ваъда қилишди. Бунинг учун у отамнинг «боплаб адабини бериши» керак эди. Отамга ҳамдардлик билдирганларнинг ўзи энди ҳужумга дучор бўлар эдилар.
Бир куни Шао гуруҳидан иккита эркак келиб, отамни «митинг»га олиб кетишди. Анча вақт ўтганидан сўнг улар қайтиб келиб, бориб отамни уйга олиб келишни буюришди. Отам ўз бўлими ҳовлисида деворга суяниб ётарди, ўрнидан туришга урингани кўриниб турарди. Юзи калтакдан кўкариб кетганди, бошидан сочининг ярми қирқиб ташланганди.
Аслида ҳеч қандай митинг бўлмаганди. Отам бориши билан уни бир хонага қамаб, бештача барзанги роса калтаклабди. Отам ҳушини йўқотибди. У ўзига келганда дўппословчилар ғойиб бўлган экан. Уни ташналик қийнар экан, эмаклаб ҳовлига чиқибди. Ўрнидан туришга уриниб кўрибди, лекин оёққа туролмабди. Ҳовлида ўртоқ Шаонинг гуруҳи одамлари юришган экан, лекин унга ҳеч ким ёрдам бермабди.
«Зўравонлар» Чунциндаги «Йигирма олтинчи август» гуруҳидан экан. Бу шаҳар Чэндудан юз эллик мил олисда эди. У ерда шиддатли жанглар кетарди. Янцзи дарёси орқали замбарак ўқлари учиб ўтарди. «Йигирма олтинчи август»чиларни шаҳардан сиқиб чиқаришгандан сўнг, бу ташкилотнинг кўпчилик аъзолари Чэндуга қочиб келдилар, уларнинг айримлари бизнинг бинога жойлашдилар. Улар бекорчиликдан зерикиб, ўртоқ Шаога нолиб қолдилар:
— Қўлимиз қичишаяпти, — дейишди улар,— бекор ўтираверамизми? Ҳадеб сабзавот, кўкат еяверамизми? Қон ва гўштдан ҳам татиб кўришимиз керак. Уларга отамни бирёқли қилишни таклиф этишди.
Шу пайтгача ҳар қандай калтак ва қийноқларга ҳам инграмай, чидаб келган отам ўша кечаси ўкириб йиғлади. Эрталаб ўн тўрт ёшли укам Цзиньмин югуриб келди: «Отамни касалхонага олиб бориш учун замбил бериб туринглар», деди. Ўн уч ёшли Сяохэй бўлса, устара сотиб олиб, отамнинг қолган сочларини қириб ташлади. Кўзгудан ўзининг қиртишланган бошини кўриб отам тиржайди:
— Бу жуда яхши бўлди. Навбатдаги митингда сочимдан тортиб, судраб юришмайди…
Отамни замбилга ортиб, яқин атрофдаги травматология касалхонасига олиб бордик. Уни яхши қабул қилишди. Дабдаласи чиққан баданини кўриб, «дод» деб юборгим келди, томоғимга алланима тиқилиб, овозим ҳам чиқмади.
1967 йилнинг охиридан 1969 йилнинг октябригача онамни бир неча бор қамаб, бир неча бор қўйиб юборишди. Қамоқда онамга ҳар хил муносабатда бўлишарди. Айрим назоратчилар уни аяшар, қўлларидан келганча (уларни ҳеч ким кўрмаган пайтда, яширинча) ёрдам беришарди. Улардан бири — ҳарбий хизматчининг аёли дори-дармон топиб берарди. Эрининг хизмат ҳақидан ҳафтада бир марта тухум, сут ва товуқ гўшти келтириб берарди.
Саховатли назоратчининг илтифоти туфайли онамни бир неча бор уйга қўйиб юборишди. Эр-хотин Тинлар буни билиб қолиб, назоратчини бошқаси билан алмаштиришди. Янги келган назоратчи аёл одамларни қийнашдан завқланарди. У онамни ҳовлида соатлаб букилиб туришга мажбур қиларди. Қиш пайти онам муздек сувда тиз чўкиб турарди, баъзан ҳушидан кетиб қоларди. Қаҳри қаттиқ бу аёл онамни икки марта «йўлбарс курсиси»да қийноққа солди. Бунда жазоланувчи тор курсига ўтириб, оёқларини олдинга узатиши керак эди. Унинг танасини устунга, сонларини курсига шундай боғлашардики, маҳбус қимирлай олмасди. Товонлари тагига ғишт қўйишарди. Бу тизза косасини ёки сон суягини синдириш учун қўлланиларди. Йигирма йил бурун онамни Гоминдан қамоқхонасида ҳам шу усулда қийнагандилар. Бу сафар «йўлбарс курсиси» қийноғини охирига етказишолмади. Чунки онамнинг товонлари устига керакли миқдордаги ғиштни қўйишга назоратчи аёлнинг кучи етмади, эркаклар эса унга ёрдам беришдан бош тортдилар. Кейинчалик ўша назоратчига «ақлдан озган» деган ташҳис қўйишиб, руҳий касалликлар шифохонасига жўнатишди.
Онам кўп марталаб «капиталистик тараққиёт йўли»ни ёқлашини «тан олиб» иқрорномага қўл қўйиб берди, лекин отамни ҳеч қачон сотгани йўқ, «жосуслик»да айбловларнинг барчасини рад этди.
Онам қамоқдалигида биз болаларга у билан кўришишга рухсат беришмасди, ҳатто унинг қаердалигини ҳам айтишмасди. Мен у қамоқда бўлиши мумкин деб ўйлаган жойларни айланиб, онамни кўриб қолиш илинжида эдим.
Бир пайтлар онамни шаҳарнинг бош савдо кўчасидаги ташландиқ кинотеатр биносида сақлашарди. Баъзан назоратчи орқали унга у-бу нарса бериб юборишга муваффақ бўлардик, гоҳида онамни кўриб ҳам қолардик. 1968 йилнинг кузида мен онамга егулик олиб борганимни эслайман. Уни қабул қилишмади. Энди ҳеч нарса олиб келманглар, дейишди. Буни эшитиб бувим ҳушидан кетиб қолди, у қизим ўлибди, деб ўйлаган экан.
Нима қилишни билмай гаранг эдик. Чидай олмай, укамнинг қўлидан етакладим-да, кинотеатрга бордим. Укам Сяофан билан у ёқдан-бу ёққа юриб, иккинчи қават деразаларидан кўз узмасдик, «ойи, ойижон» деб чақирардик. Уни жудаям кўргим келарди. Укам йиғларди. Лекин онам жавоб бермасди.
Йиллар ўтиб, онам ўшанда бизни эшитганини айтди. «Томи кетган» ҳалиги назоратчи, «болаларининг овози қаттиқроқ эшитилсин, баттар қийналсин» деб деразани очиб қўйган экан.
Ўшанда:
— Агар эрингни сотсанг, ўзинг Гоминдан жосуси эканингни тан олсанг, болаларингни ичкари киритамиз, — деб шарт қўйган экан. — Акс ҳолда сен бу ердан ҳеч қачон чиқиб кетмайсан…
— Йўқ, — дебдилар онам ва йиғлаб юбормаслик учун муштумини шундай қисибдиларки, тирноқлари кафтига кириб кетибди.
* * *
Бувим олтмиш ёшга қараб борарди. Охир-оқибат оғриқлар унинг бардошидан устун келди. Бутун бадани зирқираб оғрирди, айниқса, қулоқлари азоб берарди. Мен уни Метеорит* кўчасидаги касалхонага олиб бордим.
Шахсий ҳайдовчиси бўлган автомобилларда юрган ҳаётнинг янги хўжайинлари оддий одамлар ташвиши билан қизиқмасдилар. Чэндуга автобуслар юрмасди, инқилоб учун бу муҳим эмасди; одамни одам эзмаслиги учун велорикшаларни тақиқлаб қўйдилар. Бувим юролмасди, уни велосипедга мингаштириб олиб боришга тўғри келарди. Ўша касалхонада «кураш митинглар»да майиб-мажруҳ қилинган кўплаб иштирокчиларни кўрган эдим.
Ниҳоят, бувим тузалди ва биз уни бир амаллаб уйга олиб кетдик.
* * *
Онам ҳамон қамоқда эди. Бувимнинг дарди оғирлашиб борарди. Бир куни у каравотдан туролмади. Дўхтирни уйга чақиришнинг имкони йўқ эди. Бувимни опамнинг йигити орқалаб касалхонага олиб борди. Бир неча бор шундай қилишга тўғри келди. Ниҳоят, унинг касалини топиша олмаётганини айтишди:
— Унга ёрдам беролмаймиз,— дейишди.
У каравотда ётганича ўлимини кутарди. Унинг ҳаёт шами аста-секин сўниб борарди. Опам, укаларим бир неча бор онамнинг қамоқхонасига боришди, уни уйга қўйишни сўраб ёлворишди, лекин ҳар сафар қуруқ қайтиб келишарди. Бувим қимир этмас, лекин кўзи очиқ ётарди.
Ниҳоят, онамни қўйиб юборишди. Онам икки кун бувим тўшаги ёнидан жилмади. Бувим унинг қулоғига алланималарни пичирларди. У онамга нега касал бўлиб қолганини айтиб бераётган экан.
Ўртоқ Шаонинг гуруҳига кирувчи қўшнилар ҳовлида бувимга қарши «кураш митинги» ўтказишибди. Қандайдир хунвейбинлар уйга тинтув ўтказишга келиб, Кореядаги уруш йилларида давлатга топширган қимматбаҳо буюмлари учун берилган гувоҳномани мусодара қилишибди. Бувимни «эксплуататор синфнинг сассиқ вакили» деб айтишибди, бўлмаса қимматбаҳо буюмларни қаердан олармиш. Кейин уни столчага ўтқазиб қўйишибди. Ер нотекис экан, столча лиқиллармиш, боши айланар, қўшнилар эса бақиришармиш. Укам Сяофаннинг қизини зўрлаганликда айблаётган аёл қўлидаги таёқ билан столнинг бир оёғига қаттиқ урибди. Мувозанатни йўқотган бувим ерга йиқилиб тушибди. Ўшанда ерга қаттиқ урилган белида пайдо бўлган кескин оғриқ ҳамон давом этарди.
Орадан уч кун ўтиб, бувим вафот этди. Онам яна қамоқхонага қайтди.
Ўшандан бери бувимни кўзимда ёш билан хотирлайман. Жуда ажо-йиб инсон эдилар бувим — ҳаракатчан, истеъдодли, ақлли. Афсуски, унинг қобилиятидан фойдаланилмади. Кичик бир шаҳарнинг манман деган полициячисининг қизи, генералнинг жорияси, катта оиланинг ўгай онаси, икки амалдор коммунистнинг она ва қайнонаси ҳеч қандай бахт кўрмай яшаб ўтди. Унинг дўхтир Ся билан турмушига ўтмиш соя ташлаб турарди. Эр-хотин жуда қашшоқ яшашди, японлар босқинини, фуқаролар урушини бошдан кечиришди. Бувим ҳаётининг асосий қисмини қўрқувда ўтказди, бир неча бор ўлим билан юзма-юз келди. У кучли аёл эди, лекин бошига тушган бахтсизликлар, иғво ва туҳмат тошлари унинг иродасини букди. Қизи чеккан азоблар, айниқса, уни адойи тамом қилди. Ғам-андуҳ, дард-аламдан ўлиб кетди бечора бувим.
Албатта, бошқа оддий сабаблар ҳам бор эди, тиббий ёрдамнинг йўқлиги, қизини бир кўришга зорлиги уни ҳолдан тойдирди. Бунинг барига сабаб «маданий инқилоб» эди. Одамларга шунчалик азоб-уқубат келтирган инқилобнинг нимаси яхши? — сўрардим ўзимдан. «Маданий инқилоб»ни кўргани кўзим йўқ, нафратланаман, дердим қайта-қайта. Лекин ҳеч нарса қилолмаганимдан, қўлимдан ҳеч нарса келмаганидан жиғибийрон бўлардим.
Мен бувимга яхши қарай олмадим деб ўзимни койирдим. Бувим касалхонада ётган айни пайтда мен Бин ва Вэн билан танишган эдим; улар билан дўстлигим, мени бувимдан узоқлаштирди, унга бепарво бўлиб қолдим, унинг изтиробларини тушунмадим. Бувим ўлим тўшагида ётса-ю, мен қувончларга ғарқ бўлиб юрсам… Ўзимга алам қилиб кетди. Севилмасликка қарор қилдим. Шу йўл билан гуноҳимни ювмоқчи бўлдим.
Кейинги икки ойни мен Чэндуда, дугонам Нана ҳамда синглим билан ўтказдим. Зўр бериб бизни коммунага олишга рози бўладиган бирор «қариндош»ни топишга уриндик. Даладан ҳосил йиғиштириб бўлинмасдан шундай одамни топиб улгуриш керак эди. Чунки пайлар шу пайтда тарқатилар эди, агар улгурмасак, келаси йилга ейдиган ҳеч нарсамиз бўлмасди. Чунки давлат берадиган ёрдам январдаёқ тугаган эди.
Бин мени кўргани келганда, уни совуқ кутиб олдим ва бошқа келмагин деб илтимос қилдим. У хат ёзиб турарди, мен уларни ўтга ташлардим. Ниннандан Вэн келиб қолди. Мен кўришишдан бош тортдим. У Ниннанга қайтиб кетди. 1970 йилнинг ёзида у яшаган қишлоқ ёнидаги ўрмонда ёнғин бошланди. У дўсти билан супурги олиб ўтни ўчиришга уринишибди. Қаттиқ шамол уларга олов пуркабди. Афт-башаралари таниб бўлмас даражада куйиб кетибди. Уларнинг иккаласи ҳам Ниннандан партизанлар уруши давом этаётган Лаосга қочиб кетишибди. Ўша пайтларда кўплаб йирик амалдорларнинг болалари яширинча Лаос ва Вьетнамга ўтиб кетардилар. Ҳукуматнинг тақиқлашларига қарамай, улар америкаликлар билан жанг қилгани борардилар. Бундай навқирон йигитлар «америка империализми» билан урушиб, ўзларига ёшлик ғурурини қайтариб олиш мумкин деб ўйлардилар.
Бир куни, Лаосдалигида, Вэн америка самолётларининг ҳужуми тўғрисидаги огоҳлантириш сиренасини эшитиб, қўлидаги автомат билан олдинга ташланади, бироқ тажрибасизлиги туфайли, ўзининг ўртоқлари қўйиб кетган минани босиб олади. Кучли портлаш уни тилка-пора қилиб ташлайди. Ундан менда хотира бўлиб, Чэнду кўчасидаги сўнгги учрашув — аламли боқиши қолди.
Дэянда* бир йил яшаганимдан сўнг, ўзгариш юз берди. Шифокорлар сафига кирдим. Мен яшаётган қишлоқ сафарбар қилинган қишлоқ хўжалик бригадаси ўз поликлиникасига эга эди. Унча мураккаб бўлмаган касалликлар шу ерда даволанарди. Поликлиникани қишлоқ билан бирга бригада таъминларди. Оддий даволашлар учун поликлиникага пул тўланмасди. Мазкур поликлиникада иккита шифокор ишларди. Улардан бири эллигинчи йиллари Дэян уездидаги тиббиёт институтини битириб, ўз қишлоғига қайтиб келган йигит эди. Иккинчиси ўрта яшар соқолли киши бўлиб, анъанавий хитой табобатидан яхши хабардор киши эди. 1964 йили коммуна уни малака ошириш учун шу поликлиникага юборганди.
1971 йил бошларида коммуна раҳбарияти поликлиникага ишга «ялангоёқ шифокор»ни олишга қарор қилди. Бу сўз шифокор деҳқон-лар яшайдиган ерда истиқомат қилиши керак деган маънони билдирарди. Чунки қишлоқдаги деҳқонлар пойабзални аяб, далада ишлаётганда кийишмасди. Ўша пайтларда «Ялангоёқ шифокор» шиори «маданий инқилоб»нинг кашфиёти сифатида кенг ташвиқот қилинарди. Қишлоғимдагилар мендан қутулиш учун ана шу шиорга ёпишиб олдилар: агар мен поликлиникада ишласам ейиш, ичиш, кийинишим учун қишлоқ эмас, балки бригада пул тўлайдиган бўларди.
Мен эса шифокор бўлишни орзу қилардим. Яқинларимнинг касалга чалиниши, айниқса, бувимнинг ўлими бу касбнинг муҳимлигига мени ишонтирди. Дэянга келишдан олдин дугонамдан нина билан даволашни ўрганиб олдим. Бундан ташқари «ялангоёқ шифокорга қўлланма» китобини ёдлаб олдим.
«Ялангоёқ шифокор»ни тарғиб қилиш Маонинг сиёсий ўйинларидан бири эди. У «маданий инқилоб»гача бўлган Соғлиқни сақлаш вазирлигини деҳқонлар саломатлиги ҳақида қайғурмай, фақат шаҳарликлар, айниқса, партия ходимларига ғамхўрлик қилаётгани учун қаттиқ қоралади. Мао қишлоққа бориб ишлашни хоҳламаётган, айниқса, чекка жойларга эътибор бермаётган дўхтирларнинг пўстагини қоқди. Лекин вазиятни яхшилаш учун у ҳеч қандай кўрсатма бермади. Шу тариқа «маданий инқилоб» йилларида тиббиёт ишлари ёмон аҳволга тушиб қолди. Деҳқонлар орасидан дўхтирларни кўплаб етиштириш керак, деб таклиф қилди у, уларни институтларда ўқитиш шарт эмас. Амалий иш вақтида малакасини оширса бўлгани… 1965 йилнинг 26 июнида у «қанча кўп ўқисанг, шунча кўп аҳмоқ бўласан» деган фикрни ўртага ташлади ва бу шиор Маони ҳамда соғлиқни сақлаш учун ҳаракат тамойилига айланди.
Мен ҳеч қандай тайёргарликсиз мажбуриятимни бажаришга киришдим. Поликлиника бир тепаликда жойлашган катта зал бўлиб, мен яшайдиган жойдан бир соатлик масофада эди. Унинг ёнида дўкон ҳам бор эди. Дўкон гугурт, туз ва соя қайласи билан савдо қиларди, буларнинг ҳаммаси махсус қоғоз билан бериларди. Мен эса поликлиникада ишлаётган дўхтирларга ёрдамлашар, катта китобга қараб деҳқонларга дори-дармон олиш учун қоғоз ёзиб берардим.
___________
* Цзаофан (исёнкор), ишчи аёллар ва хунвэйбинлар отрядларининг қатнашчиси.
* Дацзибао — шиор ёзилган лавҳалар.
* «Йигирма олтинчи август» — Чэнду музофотидаги цзаофанларнинг асосий гуруҳларидан бири.
* Метеорит кўчаси – “Маданий инқилоб” йилларида муаллиф сургун қилинган Чэндуда бу кўчага метеорит тушгани учун шундай аталарди.
* Дэян – Чэндудан унча узоқ бўлмаган коммуна. Асар муаллифи ана шу коммунага кўчиб ўтишга муваффақ бўлганди.
САРСОН-САРГАРДОН
(1969–1972)
Чэндудан уч кунлик масофада – Шимолий Сичанда йўл иккига айрилади, бири Минга, отамнинг лагерига, иккинчиси Ниннанга онамнинг лагерига олиб борарди. 1969 йилнинг ноябрида онамнинг Ниннандаги лагерга жўнатишди. Улар беш юзтача киши бўлиб, ораларида собиқ амалдорлар, цзаофанлар ва «капитализм ҳамроҳлари» бор эди. Чэндудан уларни шошилинч жўнатишгани учун яшашга жой тайёрланмаганди. Бу ерда Чэндудан Юньан вилояти маркази Куньминга темир йўл ўтказилган ҳарбий муҳандислардан қолган бараклар бор эди. Ҳайдаб келинганлар ана шу баракларга, сиғмаганлар маҳаллий деҳқонлар уйларига жойлаштирилди.
Бошқалар сингари онам ҳам чўчқахона олдида навбатчилик қилар, жониворларни бўрилардан қўриқларди. Похол ва пахса билан тикланган барак – кулбалар нарёғидан тоғ тизмалари бошланарди. У ерни Бўри уяси деб аташарди. Маҳаллий аҳоли янги келганларга таъкидлаганидек бўрилар жуда ақлли бўлишаркан. Чўчқахонага кириб олган бўри чўчқанинг қулоғи тагини қашиб, ялай бошларкан. Шунда у эриб кетиб, тўполон қилмас, чийилламас экан. Кейин жониворнинг қулоғидан тишлаб, ташқарига етаклаб чиқаркан, думи билан силаб-сийпаб узоқроққа олиб кетаркан. Чўчқа эса ўзини севгилисининг оғушида гумон қилиб, эргашиб кетавераркан. Анча жойга боргач, бўри унга ташланиб, ғажиб ташларкан.
Деҳқонлар бўрилар, шунингдек, баъзан учраб турадиган қоплонлар ҳам оловдан қўрқади, деб шаҳарликларни огоҳлантиришганди. Шунинг учун чўчқахона ёнида ҳамиша гулхан ёқишарди. Онам гулхан ёнида ўтириб, кўплаб уйқусиз тунларни бўрилар увиллашини тинглаб, кўкда юлдузлар учишини кузатиб ўтказарди.
Бир куни кечқурун унча катта бўлмаган кўл бўйида кир юваётган онам, сувнинг нариги томонида кўзлари ёниб турган бўрини кўриб қолди. У онамдан кўз узмай турарди. Ойимнинг юраги орқасига тортиб кетди. Лекин у болаликдаги дўсти — Катта Ли айтганларини эслади. У бўрига дуч келиб қолганда нима қилиш кераклигини ўргатганди: ваҳимага тушмасдан, орқага ўгирилиб қочмасдан, бўридан кўз узмаган ҳолда, тисланиб, аста-секин кейинга чекинган маъқул… онам у билан изма-из келаётган бўридан кўз узмай, орқасига тисарилиб, қишлоқ томон силжий бошлади. Қишлоқ чегарасига етганда бўри тўхтади, ёниб турган олов кўриниб, одам товушлари эшитила бошлаганди. Онам чаққонлик билан ортга бурилди-ю, ўзини қия очиқ турган эшикка урди.
Онам ерга тўшалган похол устида ётаркан болаларининг ёшлик пайт-ларини эсларди. Лекин хотиралари унча кўп эмасди. Чунки, биз ўсар эканмиз, онам уйда жуда кам бўларди. У иши деб оиласини қурбон қилганди. Энди бўлса бундай бемаъни фидойиликдан қаттиқ афсусланарди. Болаларига бўлган соғинч, ҳасрат унга чексиз азоб берарди.
1970 йилнинг февралида, Хитой янги йилига ўн кун қолганда, онамнинг отряди коммунада уч ой яшагач, уларни лагер олдида саф торттиришди. Улар бу ерга қандайдир ташриф билан келаётган олий мартабали ҳарбийни кутиб олишлари керак эди. Узоқ кутишлардан сўнг, ҳув олисда, катта йўлдан айрилган сўқмоқда бир қиёфа кўринди. Албатта, бу бошлиқ эмасди, каттакон бўлганда, машинада, тағин бош-қалар кузатувида келган бўларди. Лекин маҳаллий деҳқонга ўхшамасди — бўйнига чиройли шарф ўраб олганди. Келаётган кимса — елкасига катта сават кўтариб олган қиз бола экан. Онам ҳалиги кимсанинг яқинлашиб келишини юрак ютиб кутарди. Бир у келаётган мен бўлсам керак, деб ўйлар, бир «менга шундай туюлаяпти» деркан. «Қани энди бу Эрхун бўлса эди!» — деб ичида худога ялинаркан. Бирдан атрофдагилар онамни турта бошлашибди:
— Ҳой, қарасанг-чи, бу сенинг қизинг-ку! Эрхун келаяпти! Бу Эрхун!
Худди бутун умрга чўзилган айрилиқдан сўнг, онам мени илк бор ана шундай кўрганди. Лагерга келган биринчи меҳмон мен бўлибман. Шундан бўлса керак мени ҳам қувонч, ҳам ҳасад билан кутиб олишди. Мен елкамда кўтариб келган катта сават колбаса, тухум, ширинликлар, пишириқлар, шакар ва гўшт консервалари билан тўла эди. Биз — онамнинг беш боласи ва Кўзойнак — опамнинг эри бу озиқ-овқатларни анча вақт давомида ўз улушларимиздан йиққан эдик.
Онамнинг лагерида ўн кунча бўлганимдан сўнг, янги йил тугаши билан отамнинг лагерига йўл олдим. Отам лагери баланд тоғда жойлашган экан. Каттакон лагерда минглаб маҳбуслар — собиқ амалдорлар жазо муддатларини ўтаётган эканлар. Бир йилдан зиёд вақтдан бери кўрмаган отамга кўзим тушиши билан юрагим ғалати бўлиб кетди. Иккита халтани тўлдириб, инқиллаб ғишт ташиётган экан. Эгнидаги эски кўк пиджаги шалвираб турарди. Почаси қайрилган шимдан чиқиб турган қилтириқ оёқлари одамнинг раҳмини келтирарди. Қуёшда қорайган юзини ажин босган, сочлари оқариб кетганди. Кўзи менга тушиб, шошиб қолди. Қўлидаги юкини ерга қўйди. Ёнига югуриб бордим. Хитой анъанасига кўра, ота қизига қўл теккиза олмайди, бағрига босолмайди. Мени кўрганидан нақадар бахтли эканини кўзлари айтиб турарди. Меҳр ва соғинч тўла кўзларини кўриб, кўнглим эриб кетди. Унинг дард-алам ва ҳасрат тўла кўзларида бошидан кечирган азоблари акс этиб турарди. Ундаги ёшлик ғайрати кексалик довдираши билан алмашганди. Ҳолбуки, у куч-қувватга тўлган ёшда эди, у эндигина қирқ саккизга кирганди. Томоғимга алланарса тиқилиб қолгандай бўлди. Кўзларига тикилиб, эси оғганлик аломатларини қидирардим. Йўқ, у телбага ўхшамасди. Елкамдан тоғ ағдарилгандай бўлди.
Бир хонада у билан бирга яна етти киши яшарди. Ҳаммаси унинг бўлимидан эди. Хонанинг биттагина кичик дарчаси бор эди, шунинг учун кундузи ёруғ тушсин деб эшик очиб қўйиларди. Ҳамхоналар бир-бири билан қарийб гаплашишмасди. Мен билан ҳеч ким саломлашмади ҳам. Бу ердаги муҳит онам отрядидаги аҳволдан анча оғир эканини ҳис этдим. Гап шундаки, бу лагер тўғридан-тўғри Сичуан инқилобий қўмитасига, яъни эр-хотин Тинларга бўйсунарди. Бу ерда отамни таҳқирлашлар, азоб беришлар, «кураш митинглари»га судрашлар ҳамон давом этарди.
Отамни ошхонага киритишмасди, «Маога тил теккизган» бу одам овқатни заҳарлаши мумкин, деб ҳисоблашарди. Бунга ҳеч ким ишонмаслиги муҳим эмасди. Мақсад уни таҳқирлаш эди.
Отам барча хўрлашларга мардона чидаб келди. Фақат бир марта ғазабига эрк берди. У лагерга келган пайтида устига «Амалдаги аксилинқилобчи» деб ёзилган оқ боғични бериб, енгига боғлашини буюрдилар. Отам боғични ғазаб билан улоқтириб ташлаб, бақириб берди. «Мени ўлгунимча калтаклашларинг мумкин. Лекин мен буни енгимга боғламайман», деди. Цзаофанлар чекиндилар. Отам ҳазиллаш-маётганини улар яхши тушунишди. Уларга отамни ўлдириш ҳақида буйруқ берилмаганди…
1971 йилнинг охирида лагерга укам Цзиньмин келди. У отамнинг соғлигидан шундай ташвишга тушдики, баҳоргача шу ерда қолиб кетди. Кейин у ўзининг қишлоқ хўжалик бригадасидан дарҳол қайтиб бориши ҳақида буйруқ олди. Акс ҳолда, ҳосил йиғиб олингач, уни овқатланиш рўйхатига киритмасликлари мумкин эди. Отам уни поездгача кузатиб қўйди. Йўлда улар индамасдан узоқ юрдилар. Отам бирдан нафас олмай қолди. Цзиньмин уни йўл четига ўтқазди. Отам анчагача нафасини ростлашга уринди. Цзиньмин унинг гапларини зўрға эшитди:
— Афтидан, кўп яшамасам керак,— деди отам. – Ҳаёт — туш экан.
Цзиньмин отасининг ўлим ҳақида гапирганини ҳеч эшитмаганди. Уни тинчитишга тушди. Лекин отаси секин гапирди:
— Мен ўлимдан қўрқаманми? – деб ўз-ўзимдан сўрайман. Йўқ, қўрқмайман деб ўйлайман. Менинг ҳаётим ўлимдан баттар. Бу азоблар сира тугамайдиганга ўхшайди. Баъзан кучсизлигим устун келади. Осойишта дарёси соҳилига бориб, ўйлайман: «Битта сакрасам ҳаммаси тамом бўлади». Кейин ўз-ўзимга «йўқ» дейман. Агар мен оқланмасдан ўлиб кетсам, сизлар бутун умр қийналасизлар… Кейинги пайт-ларда мен кўп ўйладим. Болалигим жуда оғир ўтган. Ижтимоий тузум ўта адолатсиз эди. Мен уни тузатиш учун коммунист бўлдим. Бунинг учун кўп йил давомида анча ишлар қилдим. Лекин бу халқ учун нима берди? Менинг ўзимга-чи? Нега энди охир-оқибат мен ўз оилам учун жазога айландим? Ажру қасосга ишонувчи кишиларнинг айтишича, гуноҳи бор кишининг ҳоли, барибир, вой бўларкан. Мен ҳаётимда шундай гуноҳ қилганим ҳақида жуда кўп ўйладим. Ҳа, мен тушундим — қатл тўғрисида буйруқлар берганман…
Отам Цзиньминга Чаоянда ер ислоҳоти пайтида ўлим ҳукмига имзо чекканини гапирди. Ибиндаги каллакесарлар тўдаларининг бошлиқлари номини санади.
— Лекин улар одамларга шу қадар ёвузлик қилдиларки,—деди отам, — худоларнинг ўзлари ҳам уларни ўлдиришга амр этган бўларди. Унда мен нима қилдим, нега менга бунча зулм қилишяпти?
Отам узоқ жим қолди, сўнг қўшиб қўйди:
— Агар мен мана шу яшаганимдай ўлиб кетсам, коммунистлар партиясига бошқа ишонма…
УЧИШ УЧУН ҚАНОТ КЕРАК
(1972–1978)
… Ҳамма қатори Сяохэй ҳам партия сафига киришни истарди. Бу унинг учун ҳаёт-мамот масаласи эмасди. Одатда ҳарбий хизматни битирган деҳқон қишлоққа қайтишга мажбур эди. Аскар қаердан чақирилган бўлса ўша ерга қайтарди. Армияга Чэндудан кетган Сяохэй ҳар қандай вазиятда ҳам у ердан иш билан таъминланиши керак эди. лекин партияга аъзо бўлиш унинг истиқболига йўл очар, кенг имкониятлар берарди. Партия сафига кирмаслик эса шубҳа уйғотарди. «Уни нега партияга олишмаган, нимасидир борга ўхшайди», деб ўйлашарди. Сяохэй марксизм классиклари ҳамда Мао Цзэдун таълимотини пухта ўрганиб, турли чиғириқлардан яхши ўтиб, зобит бўлди ва партия сафига ўтди.
* * *
Қишлоқ сафаридан қайтиб келсам, менинг факультетимга ғарбда таҳсил олиш учун битта стипендия берилибди. Бу стипендия ғарбнинг билим юртларида малака ошириш имконини берарди. Лекин у менга тегмади.
Бу хабарни мен профессор Ло хонимдан эшитдим. У етмишдан ошган бўлиб, ҳасса таяниб юрарди. Лекин жуда ҳаракатчан, фаол аёл эди. Инглизчани жуда тез гапирарди. У Қўшма Штатларда ўттиз йилча яшаган эди. Унинг отаси Гоминдан пайтида Олий суднинг аъзоси бўлганди. Қизига ғарбча маълумот беришни истаган отаси уни Америкага ўқишга юборганди. Ло хоним Америкада Люси номини олди ва америкалик Люк деган талабани севиб қолди. Улар турмуш қурмоқчи бўлишди ва режаларини йигитнинг онасига айтишди. У бўлса:
— Люси, сен менга жуда ёқасан. Лекин болаларингиз кимга ўхшаб туғилади, —деди. — Ахир, бу оддий иш эмас…
Люси Люк билан алоқани узди. Ёқтирмаган оилага келин бўлишга унинг ғурури йўл қўймасди. Эллигинчи йилларнинг бошларида коммунистларнинг ғалабасидан сўнг, Люси ватанига қайтиб келди. У барибир Люкни унутмади ва турмушга жуда кеч чиқди. Эри хитойлик инглиз тили профессори эди. Уни севмасди ва доимо жанжаллашиб юрарди. «Маданий инқилоб» йилларида уларнинг уйини тортиб олишди. Профессорлар каталакдек уйда яшашга мажбур бўлишди.
Профессор Ло мени жуда яхши кўрарди. «Сенда ўзимни, ёшлигимни кўраман» дерди у. Эллигинчи йилларда ҳаётда бахтини топиш учун у ҳам исён кўтарганди. Бироқ, бунга муваффақ бўлолмади. Шунинг учун менинг омадли бўлишимни истарди. Стипендия ҳақидаги хабарни ва чет элга сафарни эшитиб, қаттиқ ҳаяжонланди. Чунки мен узоқ қамоқда эдим ва ўз манфаатимни ҳимоя қила олмасдим. Ўринни ўртоқ Ига беришибди. У мендан бир ёш катта эди ва партияга кириб улгурганди. «Маданий инқилоб» йилларида университетни битирган И ва бошқа ёш ўқитувчилар инглиз тили курсига қатнардилар. Профессор Ло ана шу тингловчиларга инглиз тилидан сабоқ берарди.
Фақат профессор Ло эмас, бошқа айрим профессорлар ҳам ғарбга ўртоқ И ўрнига менинг боришимни маъқул кўрардилар. Лекин ҳеч қандай таъсир кучига эга эмасдилар. Бу борада менга фақат онамгина ёрдам бериши мумкин эди. Онамнинг маслаҳати билан отамнинг собиқ ҳамкасбларига учрашдим. Улар ҳозир университетларга мутасадди эди
— Мен шикоят ёзмоқчиман, — дедим уларга. — Ўртоқ Дэн Сяопиннинг айтишича, университетларга бўлажак талабаларни қобилиятига қараб олиш керак. Чет элга малака ошириш учун борадиганларни ҳам шу тамойил бўйича танлаш ўринли бўларди. Бунинг учун ҳалол мусобақа ўтказиш, яъни имтиҳон ўтказиш лозим…
Шунда кутилмаганда Пекиндан буйруқ келиб қолди. 1949 йилдан бери илк бор ғарб мамлакатларида таҳсил олиш стипендияси ягона умумдавлат имтиҳони асосида тайинланадиган бўлди. Бундай имтиҳонлар Пекин, Шанхай ва қадимги пойтахт — Сиан шаҳрида айни бир пайтда ўтказилиши режалаштирилганди.
Менинг факультетим Сианга учта номзодни юборадиган бўлди. Ўртоқ Ининг бориши ҳақидаги қарор бекор қилинди. Иккита номзод сайланди. Учинчи номзод эса ёзма ва оғзаки имтиҳон топширадиган бўлди.
Имтиҳон топширган йигирмадан зиёд талабгор орасида мен ҳар икки фандан ҳам олий балл тўпладим ва учинчи номзод бўлиб, имтиҳон топшириш учун Сианга борадиган бўлдим.
Иккита ўқитувчи ва партия котибининг ўринбосари билан биргаликда Сиангача поездда бир кеча кундуз йўл босдик. Йўл-йўлакай имтиҳонларга тайёрланиб бордим. Ёзмани ҳам, оғзаки имтиҳонни ҳам аълога топширдим. Бу хабарни эшитган онам янада катта ғайрат билан отамни оқлашга эришишга киришди. Чунки ота-онамнинг қоралангани уларнинг ўлимидан кейин ҳам болаларнинг келажагига таъсир қиларди. Отамнинг оқланганига доир дастлабки тавсифда ҳам «жиддий сиёсий хатолар» тўғрисида ёзилганди. Хитой эркин мамлакат бўлиб қолган тақдирда ҳам менга чет элга кетишга рухсат берилмаслигини яхши биларди.
Отамнинг ҳозирги пайтда оқланиб, вилоят маъмуриятларида ишлаётган собиқ ҳамкасбларига мурожаат қилган онам ўз аризасида Чжоу Эньлайнинг отамнинг Мао Цзэдунга хат ёзишга ҳаққи борлиги ҳақида номасини далил сифатида кўрсатди. Шу номага асосан отамнинг ишини қайта кўриб чиқишлари мумкин эди. Онам бу ҳужжатни авайлаб асраб юрарди. У Чжоу Эньлайнинг хатини ўн бир йилдан сўнг Чжоу Цзиян бошлиқ вилоят ҳокимларига топширишга қарор қилди.
Жуда қулай пайт эди: Маонинг таъсир кучи йўқола бошлаганди. Бу ўринда таъқибга учраганларни оқлаш билан шуғулланаётган Ху Яобон катта роль ўйнади. Бир куни Метеорит кўчасида масъул ходим пайдо бўлди. У отамнинг партиявий тавсифномасини олиб келганди. У онамга топширган бир варақ папирус қоғозидан отамнинг «яхши ходим ва партиянинг муносиб аъзоси» бўлганлиги ёзилганди. Бу отамнинг расмий равишда оқланганини билдирарди. Шундан кейин Пекин Маориф вазирлиги менинг стипендиямни тасдиқлади. Қувончимнинг чеки йўқ эди. Мени қизғин табриклашди. Кўпчилик учун, айниқса, мен учун бу жуда катта воқеа эди.
Мени Пекинга, чет элга борувчилар учун махсус очилган курсга юборишди. Аввалига бир ой давомида миямизни «ювишди», кейин яна бир ойга бутун Хитой бўйлаб саёҳатга жўнатишди. Нима мақсадда? Ватанимизни гўзаллиги билан лол қолдириш, токи бизда Хитойни тарк этиш иддаоси бўлмасин. Кийим сотиб олиш учун пул ҳам беришди. Ажнабийлар ҳузурида тузукроқ кийинишимиз керак эди-да!
Пекиндан учиб кетарканман, самолёт ойнасидан қараб, кумуш қанотлар остидаги Ерни кўрдим. Она-Ер, туғилиб ўсган жойларим, Хитой мендан узоқлашиб борарди. Мен яна бир бор ўтмиш ҳаётимни кўз ўнгимга келтирдим-да, нигоҳимни келажакка қаратдим. Шу онда бутун дунёни бағримга босгим келди.
ХОТИМА
Мен ўз уйим сифатида Лондонни танладим. Қарийб ўн йил давомида ортда қолдирганим Хитой ҳақида ўйламасликка ҳаракат қилдим. Кейин, 1988 йилда онам Англияга келди. Шунда у менга оиламиз тарихини, ўзининг ва бувимнинг ҳаётини гапириб берди. У Чэндуга қайтиб кетди. Мен ўйларим ва хотираларим оғушида қолдим, ўтмишимизни йиғлаб-йиғлаб эсладим. Шундан кейин «Ёввойи оққушлар»ни ёзишга қарор қилдим. Ўтмиш ҳақидаги эсдаликларим мени қийнамай қўйди, оғриқларим ортда қолди. Чунки мен муҳаббатга эришдим, оёғим остида мустаҳкам заминни ҳис қилдим, осо-йишта яшай бошладим.
Хитой мен чиқиб кетганимдан бери таниб бўлмас даражада ўзгариб кетди. 1978 йили коммунистик партия Маонинг «синфий кураш»ини ахлатхонага ағдарди. Синфий душманлар оқланди. Улар орасида 1955 йилда «аксилинқилобчилар» деб тамға босилган онамнинг манжуриялик дўстлари ҳам эркин нафас олдилар. Уларнинг оилаларини таъқиб этиш расмий тўхтатилди. Жисмоний оғир меҳнатни ташлаб, яхши, енгилроқ ишларда хизмат қила бошладилар. Кўпларни партияга қайта тиклаб, давлат ишларига жалб этдилар. 1980 йилда амакиваччам Юйлин, рафиқаси ва болалари қишлоқдан Цзиньчжоуга кўчиб ўтишга рухсат олдилар.
Хитой эшиклари борган сари кенгроқ очилаверди. Укаларимдан учтаси ҳозир ғарбда яшаяпти. Цзиньмин қаттиқ жисмлар физикаси бўйича таниқли мутахассис, Англияда, Саутгемптон университетида илмий тадқиқотлар олиб бораяпти. Сяофан Страсбург университетида халқаро савдо магистри даражасини олиб, француз компанияларидан бирида ишламоқда. Фақат синглим Сяохунгина Хитойда қолди. У Чэндудаги Хитой табобати институти бошқармасида ишлаяпти. Унинг эри Кўзойнак банк раҳбарларидан бири. 1983–1989 йиллар мобайнида ҳар йили онамни кўргани Хитойга бориб турдим. Энди Мао давридаги қўрқувдан асар ҳам йўқ…
1991 йил, май.
«Иностранная литература» журналининг 2005 йил 9-сонидан жузъий қисқартиришлар билан олинди.
Русчадан Файзи Шоҳисмоил таржимаси
“Жаҳон адабиёти” журнали, 2008 йил, 3-сон