Азиз Зиё. Ғурбатдаги ҳаётим (ҳикоя)

ИЛК ТОНГ

Ҳаётимдаги биринчи тонг… Ўз ҳаётидаги биринчи тонгни ким ҳам эслай оларди. Ахир, ўша куни у ҳаётга эндигина қадам қўйган бўлади-ку! У аввал ғайришуурий, сўнг эса шуурий тарзда Ер юзидаги барча одамлар каби ўзининг ҳар тонги ва ҳар оқшомини кутиб олишни, самога тикилиб юлдузларни ва айниқса, шу юлдузлар орасида ҳилол хира нур сочиб, тўлин ойга айлангунча унга термилишни бошлайди.
Лекин мен… ҳар ҳолда, ҳаётимдаги биринчи тонгни эслайман. Мен ҳозир умримнинг анча қисмини яшаб қўйган, болалигимда кўз ўнгимдан юзлаб тонглар ўтган бўлса ҳам, биринчи тонгни ҳали-ҳануз эслайман…
Ўша тонгда, мен ҳаёт йўлимни бошлаган ўша соатда ёшим нечада бўлганини билмайман. Эрта тонгда – қуёш дераза орқали хонага киришга талпинаётган пайтда мени уйғотишди. Улар бир нималар дейи­шар, дарҳол кўз очишим, иссиққина ўрнимдан туришим ва тез кийинишимни талаб қилишарди. Ёнимда жажжи болакай ҳам бор эди. У ҳам нуқул туришга интилар, қаёққадир бормоқчи бўларди. Лекин ҳар сафар йиқилиб тушар ва оёқлари чалишиб кетарди. У, барибир, туришга интилар, беўхшов ҳаракатлар қилиб, бирор нарсани ушлаб олмоқчидек, ҳадеб қўлини чўзарди. Кўпинча у ҳабаш қизнинг этагидан ушлаб олар, қиз уни турғизиб қўяр, қўлидан тутиб олар ва у билан у ёқ-бу ёққа юрарди. Бола йиғлаб қичқирса, рўмолчани сутга ботириб, оғзига тутар, шу рўмолчадан кўз узмас, тиқилиб қолиб қизарса, оғзидан тортиб оларди. Фақат ўша тонгда билдимки, бу тиниб-тинчимас зумраша туғишган укам экан.
Мен ўша тонгдаги овқат ҳидини ҳануз эслайман. Бу ҳид менинг димоғимга тоабад ўрнашиб қолди. Кейинчалик бу овқатнинг “ҳиса” деб аталиши, у эзилган хурмо ва ёғли юпқа нондан тайёрланишини билдим. Ўша тонгда ҳиса пишираётган аёл онам эканини, онамни “ая” демай, “фаффам” деганим учун елкамдан пастроққа шапатилаган қари чол – онамнинг отаси, бобом эканини англадим.
Бу – хотирамда муҳрланиб қолган биринчи тонг эди. Мен ўша тонгда атрофимда бўлган одамларни яхши эслайман: булар – онам, Хадича холам, укамни тиззасига ўтқазиб олган ҳабаш қиз ва яна бир ҳабаш аёл эди. Ҳабаш аёлнинг ёши каттароқ бўлиб, у қути ва сандиқларни беркитар, уларни ва бошқа лаш-лушларни хоналарга олиб кириб, эшикларни қулфлар эди. Унинг белида қора юнг тасмага боғланган калитлар осилиб турарди. Булар ҳам ўша тонгни яхши эслаб қолган бўлишса керак, чунки у нафақат мен, балки барча учун эсда қоларли тонг эди.
Мен уйимизни қандай тарк этганимизни эслайман. Елкамдан паст­роғимга шапатилаган бобом билан бирга “фаффам” деб билганим – онамни, ёш бола кўтариб олган кўҳликкина холамни, жимит оёқчаларини ҳабаш қизнинг бели атрофида силкитаётган укамни, сандиқлар ва хоналарни қулфлаб, қора юнг тасмага калитларни боғлаган ҳабаш аёлни, улар билан бирга ҳиди бурним ва димоғимга ўрнашиб қолган, токи рухсат беришмагунича бир луқма ҳам еёлмаганим “ҳиса”ни яхши эслайман.
Уйдан чиқар эканмиз, қўлимдан гоҳ онам, гоҳ холам тутиб оларди. Ҳиса солинган қозон хабаш қизнинг бошида, укам эса онамнинг елкасида эди. Бобом уйни маҳкамлаб қулфлади, ҳабаш аёл туркча нималардир деб ҳўнграб йиғлади. Сўнг қўлларини осмонга кўтарганча, бир лаҳза қотиб турди-да, бирдан ўзини остонага ташлади.
Биз бораётган ал-Қуфл қўчаси тор бўлгани учун бир-биримизнинг ортимиздан кета бошладик. Бу Мадинадаги ас-Саҳа маҳалласининг кўчаларидан бири эди. Мен туғилган уйда онам ҳам, холам ҳам, бир неча тоғам ҳам дунёга келган эди. Онам ўн ёшида вафот этган бир тоғамнинг номини сира тилидан қўймасди.
Ўша куни биз қандайдир бир жойга борганимизни аранг эслайман. Кекса бобом, онам ва унинг елкасида ўтирган укам, ҳабаш қиздан ҳисани олган холам – ҳаммамиз бир жойга тўпландик.
Барчанинг кўзидан ёш оқар эди. Фақатгина бобом йиғламас, у бир очиқ эшик олдида турарди. Мен бу – уйнинг эшиги бўлса керак, деб ўйладим, унга ёнма-ён бошқа қўшни уйлар ҳам бор эди. Шундай эшиги очиқ кўпгина уйлар қатор бўлиб турарди. Уларнинг шакл-шамойили ҳам, ранг-туси ҳам бир хил эди. Булар – темир ғилдираклар устидаги уйлар эди. Онам, холам ва укам билан бирга турган эдим, бирдан баланд овозда қўнғироқ чалиндики, бу – жуда қўрқинчли эди. Мен ортимга ўгирилиб, баҳайбат қора нарса келаётгани, у ортидаги бор дунёни беркитиб қўйганини кўрдим. У даҳшатли пишқирар, тепасидан бурқсиб чиқаётган қора тутун осмон ва қуёшни тўсиб қўйган эди. Бу баҳайбат нарсанинг шовқини бутун майдонни қоплаб олди.
Кейин бирдан чор атроф тинчиб қолди. Бобом қўлини ҳабаш қизга узатди, у бобомга укамни берди. Бобом укамни қўлига олиб, бир ёнига ўтқазди. Кейин онам мени кўтариб, бобомга берди – мен бобомнинг бошқа ёнига ўтирдим. Бобом яна қўлини узатиб, онам ва холамнинг тепага чиқишига ёрдамлашди, улар энди ёнимизда тикка турарди. Мен пастда қолганлар яна кўзёши тўкаётганини кўрдим. Ҳабаш қиз укамдан кўз узмас, кўзларидан эса дувва ёш оқарди. Унинг ёнида яна анча одамлар бор эди. Кейин билсам, улар бобомни кузатгани чиққан дўстлари экан.
Биз чиққан уй ҳар хил хоналарга бўлинган, уларнинг ҳаммасида одамлар бор эди. Бу хоналар чоллар, эркаклар, йигитлар, аёллар, қизлар ва болалар билан, яна ҳар хил қоп, сумка, тугун ва сандиқлар билан, ўтинлар боғлами, саватдаги кўмир, тағин печкалар билан тўлган эди. Энг муҳими, бу ерда ҳиса солинган қозон ҳам бор эди. Унга қараш Хадича холамга юклатилган шекилли қозон, холамнинг қўлида эди. Холамга четроқдан, ойна ёнидан жой кўрсатишди. Укамни кўтариб олган онам ҳам унинг ёнига жойлашди. Укамнинг оғзида сутда ҳўлланган латта бўлмаса ҳам, негадир жим эди. Бобом мени тиззасига ўтқазиб, ўзи сумкалар қалаштирилган ўриндиққа чўкди. Хонамиз ойнасидан ташқаридаги одамларни аниқ кўрдим, улар ҳадеб бир нималар деяр, кимларгадир насиҳат қилар, кимлардандир хавотир олар эди. Мен ўшанда биздек ғилдираклар устидаги уйларни тўлдириб, жўнаб кетаётганлар ҳам, уларни пастда кузатиб қолаётганлар ҳам кўнглидан нималарни ўтказишини англамас эдим. Ўшанда мубҳам келажак олдидаги қўрқув ҳиссию дарбадарликда юрганларнинг оғир қисмати менга мутлақо ноаён эди.
Мени қанча вақт уйқу элитганини билмайман, лекин даҳшатли зилзила уйғотиб юборгани ҳануз ёдимда. Мен кўзларимни очдим-у, ҳайратдан қотиб қолдим. Ер юрарди! Дераза ортидаги яккам-дуккам дарахтлар ҳам, тоғлар ҳам, одамлар ҳам юрарди. Улар юрмасалар ҳам, тезда ортда қолиб кетарди. Мен қўрқув ичида бобомга боқдим. У узоққа термулганча, маъюс ўтирганини ва кўзидан ёш думалаб, соқолига тушганини кўрдим. У пайғамбаримизга салавот айтиб, Қуръон оятларини такрорларди. Мен бу оятлардан баъзиларини эслаб қолдим, чунки уларни шайх бобом такрор ва такрор айтар эди. “Инналлази фарада алайка ал-Қуръана ларааддука ила маад” (“Сизга ушбу Қуръонни фарз қилган зот, шак-шубҳасиз, Сизни қайтиш жойига қайтарувчидир!”).
Ўша пайтда, табиийки, уйқумни бузган зилзила сабабини билмасдим. Шунингдек, нима учун уй жойида турибди-ю, лекин дераза ортидагилар – уйлар, дарахтлар, узоқдаги тоғлар елиб бораётганини тушунмасдим. Нима учун улар ортда қолаётганини ҳам тушуна олмасдим. Чунки савқи табиий билан ҳар қандай нарса фақат олдинга қараб ҳаракатланади, дея илғардим.
Лекин шайх бобомдан ҳеч нарса сўрамадим. Кўзидан оқиб, соқолига тушаётган ёшлар у ҳозир менга бирор нарсани тушунтириб берадиган ҳолатда эмаслигини айтиб турарди. Лаблари фақат пайғамбарга салавот айтишу Қуръон оятларини такрорлаш учун қимирларди.
Мен онам ва Хадича холам ўтирган ёққа қарадим, уларнинг ўртасида ҳиса солинган қозон турарди. Бобом уларнинг ёнига бормоқчилигимни тушуниб, мени оҳиста ерга қўйди. Уларнинг ёнига бориб, аввал укамга кўзим тушди, у онамнинг қучоғида пиш-пиш ухлар, онам укамни ҳижоби билан ўраб олган эди. Мен бу ёпинчиқда ҳам, холамнинг ҳижобида ҳам ҳўл доғларни кўрдим. Онамнинг ҳам, холамнинг ҳам қўлида дастрўмол бўлиб, улар дам-бадам ҳижоб остидан кўзёшларини артарди.
Жуда қаттиққўл одам бўлмиш бобомни нимага йиғлатаётганини тушунмасдим. Бобом шунақаям қаттиққўл эдики, эшик олдида унинг қадам товуши эшитилса, ҳамма жим бўлиб қоларди. Уйда аёлларнинг ғала-ғовури кўтарилса, бобом дарров таёғини ишга соларди. У аёллар овозини қўшнилар эшитиб қолади, деб чўчирди. Аммо бобом уришмаётган бўлса, унда нега онам билан холам йиғлаяпти. Мен ўз мурғак ақлим билан тушуниб етдимки, буларнинг бари шу вақтда юз бераётган воқеа – қоп, сумка, тугун ва сандиқлар устида ўтирган шу одамларга қўшилиб, биз қаёққадир кетаётганимиз билан боғлиқ. Мени ҳам қўрқув қамраб олди, энди йиғлаб юборай деб тургандим, димоғимга ҳисанинг ҳиди урилди-ю, йиғидан очлик устун келди. Эрталаб уйғотиб юборишганидан бери ҳеч нарса емаган эдим-да. Лекин ҳозир катталарнинг кўнглига мен сиғармидим, деб емак талаб қилмадим. Ноилож яна бир оз чидашга қарор қилдим-да, холамнинг пинжига суқилдим. Холам мени қучоғига олиб, юмшоқ қўллари билан бошимни силади, мен ухлаб қолдим.
Кўп ухладимми ёки озми, билмайман-у, лекин мени уйғотишганида, барча дастурхон ёзиғлиқ стол атрофида ўтирар эди. Стол устида ҳиса солинган қозон, пишлоқ ва буғдой нони бор эди. Бобомнинг олдида чойнак турарди, у чой қуйиб онам ва холамга узатди, сўнг уларга бир донадан оқ қанд берди. Шунда ҳам у тинмай пайғамбарга салавот айтиб, Қуръон оятларини такрорларди. Мен оч эдим, шу сабаб тонгдан бери иштаҳамни қитиқлаган ҳиса тўла қозонни олдимга тортмоқчи бўлдим-у, афсус, шайх бобом кичикларга ўзи овқат олишига рухсат бермайди-да. Хуллас, овқат солиб беришгунча, жим кутишим керак. Хайриятки, унча узоқ кутмадим. Бобом қошиқни олиб, аввал бир косага ҳиса солди, сўнг яна бир косага, ундан сўнг яна бир косага. Кейин пишлоқдан кесди, нон синдирди-да, пиёладаги чойга оқ қанд солди.
Ўй-хаёлим ҳисада бўлиб, биз ўтирган жой парда билан тўсилганига диққат қилмабман. Шунинг учун ҳам онам ва холам юзидаги ёпинчиғини олди. Яна бари худди уйимиздагидек эди. Лекин столнинг қимирлаб туриши, пол остида нимадир тарақлаши давом этарди.
Бобом дуо ўқишдан тўхтади-да, бир ҳўплам чой ичди.
– Мадинада яқинда ҳеч ким қолмайди. Буларнинг ҳаммаси пошонинг буйруғи билан. У султондан рухсат олгандан кейин шундай буйруқ берган экан, – деди бобом.
– Лекин Муҳаммад Саид амаки билан хотини Фотима хола, Абдулқаюм амаки билан рафиқаси Хатун хола кетишдан бош тортишди, – деди онам. – Улар ўз уйларида қолишди-ку!
Бобом жилмайди:
– Пошо уларни кетишга мажбур қила олмайди. Аммо улар ўзига қаердан егулик топади? Бир ой ўтмасданоқ шаҳарда озиқ-овқат қолмайди. Ҳамма озиқ-овқат ҳарбийларга берилади.
– Ҳай, майли, – деди онам. – Лекин биз қаерга кетяпмиз? Бу одамлар-чи?
– Дамашққа-да, албатта. Сизларга буни айтганимга бир ойдан ошди.
Хадича холам ҳадикланиб сўради:
– Дамашқда Абдулғанини топа олармиканмиз ишқилиб?
Бобом яна жилмайди:
– Абдулғанини, дейсанми? Қайдам… Унинг қаердалигини билмайман! Уни топиш Зоҳидни топишдан осон бўлмас-ов. Зоҳид уч ойда қайтиб келаман, деб дом-дараксиз кетди. Мана, ўғли тўрт ёшгаям тўлди. Зоҳиддан эса ҳеч бир хабар йўқ. Сени бўлса, Абдулғанига узатдик. У – сенга амакивачча, таниям, жониям ўзимиздан, деб ўйладик. Лекин уям уйдан кетди, унданам хат-хабар йўқ.
– Эҳтимол урушда ҳалок бўлгандир, – дея овоз чиқариб хаёлидан ўтказди онам. – Мадинага шу поездда келганлардан урушда кўп одам ҳалок бўлганини эшитдик.
– Ҳалок бўлганмиш? Қанийди, шу гапларинг рост бўлса! Кофирларга қарши урушда шаҳид бўлган мусулмон Аллоҳ Таоло даргоҳида энг севимли бандадир. Лекин Зоҳид Ислом университети очгани россиялик мусулмонлардан пул йиғишга ўша юртга кетган. У ҳалиям Россияда, деб ўйлайман, йўлни беркитиб қўйган бу уруш тугамагунча биз уни энди кўрмаймиз.
– Абдулғанига келсак, – бобом чойдан ҳўплаб, кўзларини пирпиратди, – унинг Хадичага уйланишига қанча эътироз билдирдим-а. Лекин, начора, тақдир экан. Худо раҳмат қилгур онангиз қаттиқ туриб олмаганида борми… Абдулғани, ахир, унга қариндош эди-да.
Бобом шу сўзларни айтгач, кўкрак чўнтагидан дастрўмол олди-да, оғзини артди:
– Худо хоҳласа, уни Дамашқда топамиз. Қаердалигини бирор кимса айтиб қолар.
Шайх бобом сукутга чўмди. Сўнг Хадича холамга қаради. Унинг нигоҳидан холамга ҳамдард экани билан бирга унинг эрига ишонмаслиги ҳам зуҳур этиб турарди. Онам коса, чойнак-пиёлаю қошиқларни йиғиштира бошлади. Холам яна укамни қўлига олди. Бобом ўрнидан туриб, мени жойимизга олиб борди-да, бўхчалар устига ўтириб, дуо ўқий кетди. Мен деразадан саҳрога боқдим, узоқларда тўқ яшил ёки оч қизил рангда тоғлар, улар бошида эса аҳён-аҳёнда булутлар кўринарди. Баъзи қояларнинг учини мутлақо кўриб бўлмасди. Баъзилари эса дилларни абадият сари чорларди.

ПОЕЗДДА МАДИНАДАН ДАМАШҚҚА КЕЛДИК

Дамашқда осмондан шаффоф тошчалар ёққан кун эсимда қолди. Бозорда кетаётган эдик, тўсатдан ёмғир қуйиб қолса бўладими! Бобом қўлимдан тутиб, усти ёпиқ бозорга бошлаб кетди. Оломон дегани худди шу ёққа қараб чопарди. Ёмғир дастлаб томчилаб ёғди, кейин жалага айланди, сўнгра ўша шаффоф ва муздек тошчалар ёғди. Мен уйга қайтиб келганимдан сўнг бу тошчалар “дўл” деб аталишини билдим. Бобом онам ва холамга бу – ёмон белги эканини, бу – Аллоҳ қаҳри эканини айтди. Бобом аввал кўкдан муз ёққанини ҳеч кўрмаган экан. Онам ва холам жуда қўрқиб кетишди-да, “Аллоҳнинг биз бандаларига раҳми келсин!” дея дуо қилишди. Сўнг бобом жойнамоз устида намоз ўқий бошлади. Онам ва холам уйда жимлик сақлаб турди. Бири укамни хонадан олиб чиқиб кетди, иккинчиси тушлик овқат тайёрлашга уннади.
Дастурхон атрофида тушлик овқатга тўпланганимизда, мен шайх бобомнинг икки кундан кейин Ҳамага жўнаб кетишимиз ҳақидаги гапини эшитдим. Бу сафар ҳам поездда йўлга чиқар эканмиз. Мен жуда хурсанд бўлдим, чунки Мадинадан поездда сафар қилганимизни ҳали унутмаган эдим, ҳеч қачон унутмасам ҳам керак. Энг унутилмас таассуротим поездда болалар кўп бўлгани ва менга улар билан ўйнашга рухсат беришгани эди. Айниқса, поезд бирор станцияга кириб келаётгани, бу станцияда узоқроқ тўхтаб туриши эълон қилинганда роса мазза бўларди. Катталар ўз ишлари билан кетишар, биз эса сандиқ, сумка ва саватлар орасида роса югурардик. Агар катталар рухсат беришса, тўғрироғи, тушиб-чиқишимизга ёрдамлашса, пастда – кўчада қум ва шағал устида ҳам ўйнардик. Мен учун болалар билан ўйнашдан ҳам кўра ёқимлироқ машғулот ҳиса эди. Поезддан тушганимиздан буён ҳисани сира кўрмадим, ҳатто ҳозир шу дас­турхонда ҳам ҳиса йўқ эди. Мен икки кундан кейин яна поездга чиқсак, ҳиса ҳам бўлади, деб қаттиқ ишонардим.
Бобом тушлик пайти холамга Дамашқда Абдулғанини топа олмаганини айтди. Лекин бир одам унинг бу ерда бўлганию икки ҳафта олдин Ҳалабга жўнаганини эслабди. Отам Зоҳид ҳақида эса ҳеч кимдан ҳеч гап эшитмабди. Бобом менга юзланди-да, бошимни силаб туриб, Одессадан Истамбулга йўл ҳалиям берклигинини айтди.
Сўнг у онамга деди:
– Фотима, анави қопни олиб кел. Сизларга уст-бош, пойафзал сотиб олувдим.
Онам ўрнидан туриб, хона бурчагига борди, у ердан қопни олиб, бобомнинг олдига қўйди. Қопдан бобом харид қилган молларни олишга ёрдамлашди.
– Хавотир олма, – деди бобом қоп ичидан мен билан укамга бошмоқ чиқмагач, – уларга эртага сотиб оламан. Биз Ҳамидия бозорига борувдик, эсимдан қандай чиқди, билмайман. Дўл дегани одамнинг хаёлини ўғирлаб қўйди-да! Тағин набирамни йўқотиб қўймай, деб роса қўрқдим, бўлмаса, у ҳам отасидек йўқолиб қолар эди!
Онам билан холам, барибир, хурсанд бўлишди. Кийимларни ўзлари ҳам кийиб кўришди, бизга ҳам кийгизишди. Сўнг онам янги кийимларни қайта тахлаб қўйди-да, бобомнинг қўлларидан ўпди. Хадича холам ҳам бобомнинг ёнига келди. Бобом иккаловини ҳам қучди-да, худди поезддагидек, кўзларида ёш пайдо бўлди. Лекин мен улар нега йиғлаётганини тушунмасдим.
Дамашқдаги бозор Ҳамидия деб аталарди. Бобом кийим-кечак ва по­йафзалларни шу ердан сотиб олган эди. Икки тараф қатор ҳар хил дўкон, одам кўплигидан орада юриб бўлмасди. Бобомга мени етаклаб юриш ноқулай эди. У бир қўли билан мени етаклаб, бошқа қўли билан оғир қопни кўтариб борарди. Қопни тўлдириш учун бобом нуқул кўчанинг у юзидан бу юзига ўтарди. Биз жала қуйгунча шу зайлда юрдик, кейин дўл ёғди. Момақалдироқ гулдираб, чақмоқ чақди. Ҳар сафар “момақалдироқ” деган сўзни эшитсам, шу манзара кўз олдимга келади.
Ёмғир ёғишдан тўхтамади, биз эса буни кутмай, кўлмаклар устидан ҳатлаганча, бозор адоғига югурдик. У ерда бобом от қўшилган арава ёллади, кейин билсам, у “файтун” деб аталар экан. Бобом ўриндиққа қопни ташлаб, мени аравага чиқарди. У ёнимга ўрнашиб ўтиргач, чўнтагидан дастрўмол чиқариб, бошим ва юзимни артди, сўнг бағрига босиб:
– Совқотмадингми? Жуда совуқ-а? – деб сўради.
Арава узун кўча бўйлаб кетар, ёмғир эса тинай демасди. Баъзи одамлар ким нима топса, шу билан бошини буркаб чопар, баъзилар уйлар девори ёки дўконлар айвончаси остида ёмғир тинишини кутарди. Мен бобомнинг пинжига суқилиб, жимгина борардим. Танамга иссиқ югурди, кўзим юмила бошлади. Саф тортиб кетаётган аскарларни кўрганимда, кўзларимни катта очдим. Елкалари ортидан темир таёқ чиқиб турар, ке­йин билсам, уни милтиқ дейишар экан. Милтиқдан ўқ отилар эмиш-да, шу ўқ бирор кишига тегса, у ўлар эмиш. Ўқ отилганда яна баланд товуш эшитилар эмиш. Одамлар уруш бўлаётганини шу овоздан билармиш. Уруш пайтида аскарлар ҳам ўлар экан, чунки уларга қарата бошқа аскарлар ўқ отар экан.
Аскарлар ўтиб бўлгач, арава ёнбош кўчага бурилди, кўприкдан ўтиб, дарё ёқалаб кетди. Дарёнинг нариги ёғида ҳам кўча бўлиб, у ерда ҳам одамлар шошиб борар, чунки ёмғир бир тиниб, бир яна қуярди.
Ўша ёқда қандайдир узун аравалар отларсиз ўзи юриб борарди. Бундай араваларнинг олд қисмида – сандиқ орқасида бир киши ўтирарди – ҳўкизлар ҳам, отлар ҳам йўқ эди! Қандай қилиб бундай бўлиши мумкин деб, бобомдан сўрамоқчи эдим, қўққис иккита от қўшилган катта аравага кўзим тушди. Уни бир солдат бошқариб борарди. Аравада одамлар жасади ётарди. Жасадлар шунақаям кўп эдики, бошлари арава четидан осилиб турарди. Мен ғалати қотиб қолган кўзларни кўрдим. Баъзиларининг оғзи ҳам очиқ бўлиб, улар атрофида пашшалар учиб юрарди. Бошлар ёнида кўкариб ёки қорайиб кетган яланғоч оёқлар ҳам осилиб турарди. Арава силкинганда, бош ва оёқлар унга қўшилиб силкинарди.
Мени нима кўпроқ қўрқитганини ўзим ҳам унча англамадим-у, лекин кўксимда шундай қўрқув пайдо бўлдики, ваҳимадан қичқириб юборай дедим. Бобом кўзларимни беркитиб, “Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун” деди. Арава ёнимиздан ўтиб кетгач, у қўлларини юқори кўтариб, “Алҳамду лиллаҳи роббил-оламийн,” деб нидо қилди.
Тунда тўсатдан уйғониб кетдим. Ташқари ҳали қоп-қоронғи эди, лекин хира лампа хонани ёритарди – мен онамнинг юзини кўрдим. У менинг устимда энгашиб турарди. У кўчага чиққанда киядиган ҳижобда, лекин ёпинчиғи кўтарилган эди. Онамнинг қўлида бобом менга атаб бозордан олган иссиқ кийим бор эди. Онамнинг ниятини дарров англаб, тез ўрнимдан турдим. Онам уйқусираган ҳолимда кийинтирди, оёғимга янги қора ялтироқ туфли кийгизди. Ярим тунда мени қаёққа олиб кетишяпти? Холам, бобом ва укам қани? Мен шу заҳоти холамнинг йўталгани ва укамнинг йиғлаётганини эшитдим. Улар бобом билан қўшни хонада эди. Демак, ҳаммалари ярим тунда уйғонибди.
Мен онам билан ўша қўшни хонага ўтдим, ҳамма чиқишга тайёр бўлиб турган экан. Бобом уйнинг четида, жойнамоз устида Қуръон ўқиб ўтирар эди. У ҳар сафар намоздан кейин шу Китобни ўқирди. Баъзан Қуръонни онам ва холам ҳам ўқир эдилар. Бу хонада катта лампа осилиб турарди, унинг ёруғида бир нечта сумка ва саватни кўрдим. Поездга чиққанимизда шу саватдан овқатлар ва ҳиса солинган қозонни олишган эди.
Демак, яна поездда кетамиз, деб хурсанд бўлдим. Яна поездда болаларни кўраман, у ҳар бекатда тўхтаганида, биз сумка, сават ва сандиқлар орасида ўйнаймиз. Бобом мени яна тиззасига ўтқазади, яна дераза ортидаги олис тоғларни, қўйлар подасини, туялар карвонини кўраман. Яна бекатларда ҳар хил мазали овқат, ширинлик, мева, хурмо, тухум ёки помидорлар сотаётган одамларни кўраман. Поездда кетаётганлар улардан бирор нима сотиб олади, олдинги гал бобом ҳам сотиб олганди. У ширинликни аввал менга тутган, кейин эса онам, холам ва укамга насиба берганди. Ёнимизда болалар ўйнаётган бўлса, уларни ҳам чақириб, уларга ҳам берарди. Кейин жилмайиб, боши ва юзини силаб қўярди. Дераза томонга қараб, ўзича “Ё Раб!” дер эди.
Мен поезддаги бу галги сафаримизни ҳам шундай хаёл қилардим. Бироқ унгача ҳали анча вақт бор эди.
Дамашқдаги биз яшаган уйда узун йўлак бўларди. У деворга ўрнатилган машъала билан ёритиларди. Ўша куни саҳарда, тўғрироғи, ярим кечаси бобом шу йўлак охирида туриб, нотаниш бир киши билан баланд овозда тортишди, у киши бобомни жеркиб берди. Бирдан машъала ўчди-да, ҳамма ёқ қоп-қоронғи бўлиб қолди. Энди қоронғилик қаъридан ҳалиги нотаниш кимса ва бобомнинг бақир-чақири эшитиларди. Вазият қўрқинчли, ваҳимали эди. Онамнинг қўлида укам чирқираб йиғлади. Унинг йиғиси анави одам билан бобомнинг бақир-чақирини босиб кетди. Фақат онам ва мени қўлимдан маҳкам ушлаб турган холам жим турарди. Кейин эшик қаттиқ тақиллагани эшитилди, ҳамма ёқ жим бўлиб қолди. Эшик очилиб, тонгги ёруғлиқда бир солдатни кўрдик. У бобомни сўради. Бобомни кўрсатишгач эса, у билан қўлини сиқиб сўрашди ва қандайдир пакет узатди. Солдат ҳали кетиб улгурмаган эдики, эшик олдида арава пайдо бўлди. Аравакаш ўриндиқдан сакраб тушди-ю, бобом билан сўзлаша кетди, сўнг жомадон ва саватларни аравага юклашга тутинди. Бобом ҳозиргина ўзи баҳслашиб турган кишига ўгирилди. У бўлса бобомни қаттиқ қучоқлади-да, даҳлизда қолган лаш-лушларимизни юклашга уннади.
Аравага ўтирган заҳотимиз бобомнинг кучоғига жойлашиб, шу ондёқ ухлаб қолдим. Кейин бобом мени вагонга олиб кираётганида уйғондим. Мен бошимни у ёқ-бу ёққа буриб, атрофга аланглай бошладим, бироқ Дамашққа келаётганимиздаги болалардан ҳеч бирини кўрмадим. Бунинг устига, жомадон ва саватларимиз орасида ҳиса солинган қозон йўқ эди! Аввалги сафар дераза ёнидаги ўриндиқда кетган бобом ҳам энди полдан жой эгаллаганди. У мени қучоғига ўтқазди. Бу вагонда тўсиқлар ҳам йўқ. Шунинг учун бобом ва мен онам билан холамни бошқалардан тўсиш учун олдинда ўтирдик. Аёллар юзини, одатдагидек, ҳижоб билан тўсиб олганди. Уларнинг қучоғи ёки тиззасида кичкина болалари ўтирар, бу болалар тинмай ҳиқилларди. Шу пайтгача холамнинг қўлида ухлаб келган укам ҳам энди ҳаммадан кўра баландроқ йиғларди. У нуқул онамнинг кўкраги томон қўлчаларини чўзар, онам эса ҳар гал уларни итариб ташлар, шунда укамнинг йиғиси янада авжига чиқарди.
Ниҳоят, паровознинг узоқ ҳуштаги чалинди. Мен ҳадемай поезд бир силкиниб юриб кетишини, шу тобда кимлардир станцияда кўзёш билан яқинларини кузатаётганию яна кимлардир мева ва ширинликлар сотаётганини билардим. Вагонда нафақат тўсиқ, балки дераза ҳам йўқ эди, шу боис мен кузатаётганларни кўролмадим. Шунда бу гал одамлар, гарчи ўз жойида турса ҳам, орқага қараб кетиши, дарахт ва тоғлар ҳам шу тахлит ҳаракатланишини кўра олмаслигимни англадим. Албатта, бу ҳол мени хурсанд қилмади, лекин ҳиса солинган қозон йўқлиги кўпроқ хафа этди.
Вагон эшиги ёпилгач, поезд юра бошлади. Пастда ҳамма нарса тарақлаши, тепада эса титраши билан болалар йиғиси ҳам тинди. Вагон шунақаям силкинар эдики, асти қўяверасиз. Бобом ҳар галгидек, дуо ўқиб, зикр айтарди. Мен эса ухлаб қолдим. Қанча ухлаганимни билмайман, лекин бобом тиззасидан олганда, бирдан уйғониб кетдим. Шундан сўнг бобом шошиб ўрнидан турди-ю, доим ёнида олиб юрадиган қутичасини очиб, ичидан кичкина шиша идиш олди-да, вагоннинг нариги четида одамлар тўпланиб турган жойга борди. Уларнинг баъзилари юзида савол ва хавотир аломати бўлса, баъзилари: “Аллоҳдан ўзга куч-қудрат йўқ!” деб пичирлар эди. Бошқалари: “У етиб бормасдан ўлиши мумкин” деса, яна бирлари “Агар у ўлиб қолса, борганимизда ҳаммамизни карантинга тиқишади”, дерди.
Мен бир аёл жон бераётганидан бўлак ҳеч нарсани тушунмадим. Агар бирор инсон ўлса, унинг узоқларга олиб кетишларини билардим. Лекин у жой қаердалигини билмасдим. Менга у жой “жаннат” деб аталиши, у ер жудаям яхшилиги, чиройли гул ва дарахтлар ўсиши, сувлар мўллиги ва жаннат қушлари борлигини айтишганди. Менга Ҳамида бувим вафот этганларида шундай дейишганди. Уни ҳам ўша ерга олиб кетишган эди.
Мен ўрнимдан туриб, бобом кетган ёққа қарадим. У ерда иккита эркак, бир бола ва бир аёл полда ётган хотин устида энгашиб турарди.
– Аллоҳ қудратлидир! – деди онам холамга. – Дамашқда кўп одамлар ўлди. Айтишларича, бу касаллик бирор уйга кирса, бошқаларни ҳам олиб кетармиш.
– Аллоҳ қудратлидир! – дея қайтарди холам.
Бобом тезда ёнимизга қайтди-ю, юзида табассум билан деди:
– Худога шукур, қўрқинчли ҳеч гап йўқ! У аёлнинг боши айланибди, холос. Ҳомиладор экан, сафар машаққатларидан чарчаган-да…
Бир неча дақиқадан сўнг онам холамнинг қулоғига шивирлади:
– Сен қалайсан, Хадича?
– Худога шукур!
Хадича холам хўрсинди. Сўнг укамга қараб, пешонасидан ўпди, бағрига босиб, яна қайтарди:
– Худога шукур!
Мен эса ўтирган жойимда жаннат ҳақида ўйлардим. Нега одамлар ўлган одамни ўша ерга олиб боришганда ўзлари ҳам шу жойда қолмаслиги менга тушунарсиз эди. Нега улар ўлганни ўша ерда қолдириб, ўзлари қайтиб келади? Ҳамида бувимни ҳам ўша ерга ташлаб келишган. Нега бувимнинг чилимини ҳам бирга олиб боришмаган? Бир куни чилимни ерга тушириб юборганимда, унинг чўғланиб турган ўти ерга сочилиб кетганини эсладим. Ўшанда мен ўзимни полда суюкли чилимини чекиб ўтирган бувим қучоғига отган эдим.

ДАМАШҚДАН – ҲАМАГА:
Отам Зоҳид ва холамнинг эри Абдулғанини излаб

Ҳозир мен Дамашқдан Ҳамага қилган сафаримизни деярли эслаёлмайман. Фақат бизни станциядан ас-Собунийнинг уйигача олиб борган “файтун” аравани эслайман. Аравакаш турк эди ё турк тилида гапирарди. Бобом у билан қандай танишгани ё у бобомни қаердан танишини билмасдим. Бу арава ас-Собунийлар оиласига тегишли арава эканидан хабарим бор эди. Мен ўша арава уларнинг дарвозаси олдида турганини кўп марта кўргандим. Биз иккита хонага жойлашдик. Бу хоналар деразаси катта ҳовлига қараган, ҳовлида эса боғ бор эди.
Уйда яна кўпгина бошқа хоналар ҳам бўлиб, уларда жуда кўп одамлар яшарди. Вақт ўтиши билан мен бу кишиларнинг бари ас-Собунийлар оиласидан эканини билдим. Улар орасида қари чол ва ёш йигитлар, бола-бақралар, қари кампир ва ёш жувонлар бор эди. Бобом онам ва холамни менинг шўхликларимдан огоҳлантириб, биз бу ерда меҳмонлигимиз, демак, ўзимизни одобли ва камтар тутишимиз, ҳеч кимни хафа қилмаслигимиз лозимлигини таъкидларди.
Ўша уйда қанча меҳмон бўлганимизни эслаёлмайман. Лекин хотирамда Башир ҳожи исмли муҳтарам бир қария сиймоси сақланиб қолди. Башир ҳожи уйга шомга яқин қайтар, у ҳовлига кирган заҳоти ҳамма ўсмир, қиз ва болалар унга пешвоз чопар ва қўлини ўпарди. Башир ҳожи уларнинг елкасига қоқиб қўяр, болаларни қучоқлар ва уларга қўшилиб кулар эди. Кейин катта қизига ўгирилиб:
– Шайх шу ердами? – деб сўрарди.
У бобомни “шайх” деб атарди. Бобом аср намозидан қайтганини эшитгач, у жойлашган хона сари шошарди. Улар узоқ суҳбатлашиб ўтирар, Аллоҳга ҳамду сано айтишар ва бир-бирига нималарнидир ҳикоя қилиб беришарди. Сўнг шом намозини жамоа бўлиб ўқишарди, Башир ҳожи имом бўлар, намозда оиладаги барча ўсмирлару ўғил болалар қатнашар эди. Шундан сўнг қоронғи тушар, уйда лампа ва машъалалар ёқилар, ўсмирлар ва ўғил болалар хонани тарк этар, оқсоқоллар яна икковлон хуфтонгача ёлғиз қоларди. Хуфтон намозидан сўнг ҳамма кечки овқатни тановул қилгани бошқа хонада йиғиларди.
Овқатлар орасида шундайлари бор эдики, уларни эсласам, ҳали ҳам сўлагим оқади. Уларнинг “кубба” деб аталадигани бўларди, биз унинг ҳар хил туридан татиб кўрдик, яна “мағмум” ва “Довуд пошо” дегани ҳам бор эди. Нонуштага тортилажак таомлардан “шанжалиш” деб аталадиган жигарранг “зўлдирча”ларни, қаймоқ ва зайтун ёғини кўпроқ эслаб қолганман.
Мен Ҳамадаги ас-Собунийлар оиласи билан Мадинадан келган бобом ўртасида қандай алоқа борлигини билолмасдим. Ўзим гувоҳи бўлаётган воқеалар, онам ва холам, улар ва бобом ўртасидаги суҳбатлардан қулоғимга чалинган гаплар маъносини чақишга ҳали кичкина эдим. Улар менга топишмоқ бўлиб туюлар, нуқул уларни топишга уринардим. Бобом Мадинадаги “пошо”ю Истамбулдаги “султон” ҳақида, Мадинада яшаётган ва Дамашққа кўчаётган одамларнинг озиқ-овқати “пошо” буйруғи билан солдатларга берилаётгани ҳақида кўп гапирарди. Мен одамлардан “уруш” деган сўзни ва шу уруш сабаб бу ерга кўчганимизни кўп эшитардим. Лекин у ҳақда кам ўйлардим. Мендан фақат бир нарса талаб қилинарди: бобом қаерга борса, мен у билан бирга боришим керак эди. Бундан ташқари, мен онам ва холамнинг, бу уйдаги катталарнинг, улар ким бўлса ҳам, қаерда бўлса ҳам – кўчадами ёки ас-Собунийлар оиласидами – айтганини қилишим зарур, чунки улар катталар эди. Катталар айтганига қулоқ солишим кераклигини онам менга қичқириб уқтирарди. Агар бирор катта одамнинг айтганини қилмасам, онам дарҳол бақириб берарди. Бу эса менга ғалати кўринар эди.
Мени яна кўпгина ғалати нарсалар қуршаб олганди. Масалан, “пошо” ва “султон” сўзлари хотирамга қаттиқ ўрнашиб қолган. Мен “султон” сиймосини кўз олдимга аниқ келтирардимми-йўқми эслолмайман-у, лекин “пошо” сиймосини аниқ кўз олдимга келтирардим. У менинг кўз олдимда Мадинадаги мурғаклик пайтларимда ҳам, бир жойдан бошқасига дарбадар кўчиб юрганимизда ҳам, кейинроқ ўзим катта одам бўлганимда ҳам аниқ гавдаланарди. Пошо дейилса, доим катта ҳокимият эгаси бўлган олиймақом ва қудратли шахс ёдга олинарди. Чунки одамлар қачон у ҳақда гапирмасин, доим овозида унга нисбатан ҳурмат ва тавозе, ҳадик ва қўрқинч сезилиб турарди. У одамларга Мадинадан кетинг, деб буйруқ берган эди. Қора тутуни осмонни қоплаганча, темир йўл узра чопадиган, қулоқни том битказганча, чўзиқ гудок чаладиган поезд ҳам ана шу пошога тегишли эди. Шу поездга мадиналиклар чиқиб ўтиришига, аввал Дамашқ, кейин Ҳама, ундан эса яна аллақайси юрт ва шаҳарларга жўнашига буйруқ берган шу пошо эди. Шубҳасиз, у буюк ва қудратли эди, бу борада у бошқа бирор киши ёхуд Аллоҳнинг бошқа бандасига қиёслаб бўлмас жаноб эди.
Аввал ҳам айтганимдек, биз Ҳамадаги ас-Собунийлар уйида неча кун меҳмон бўлиб турганимизни эслаёлмайман. Лекин бобом ўзимизга янги уй топгани ва унга яқин орада кўчиб ўтишимизни айтган кун хотирамда яхши сақланиб қолган. У яна туркчалаб бир нималар деди, лекин мен бу гапларни тушунмадим. Бироқ онамнинг роса хурсанд бўлганини кўрдим. У холамга хушхабарни айтишга шошилди: хайрият, ўз уйимизга кўчиб ўтяпмиз!
Хадича холам ҳомиладор, ой куни яқин эди, у бир оз бетоб бўлган, заиф ва ранги оқарган эди.
– Қачон кўчиб ўтарканмиз? – деб сўради у онамдан.
– Яқинда, эҳтимол уч кундан кейиндир. Ҳозир отам билан бозорга бориб, кўрпа-ёстиқ, чойшаб, қозон-товоқлар сотиб оламиз.
– Яхши. Ўзинг ўша уйни кўрдингми?
– Йўқ ҳали кўрмадим. Бугун кўргани бораман. Отам айтдиларки, у ал-Аса дарёси яқинида эмиш, уйнинг тўртта хонаси бор экан. Битта хона катта меҳмонлар учун, яна битта хона отамнинг ўзига, қолганлари – бизга. Биласанми, Хадича, янги уйда боғча ва суви чучук қудуқ бор экан. Биз ундан худди Мадинадаги боғимизникидек сув чиқарамиз.
– Менга Мадинани эслатма. Ҳар сафар тунда чархпалак овозини эшитганда, боғимиздаги сувғилдиракни эслайман. Ўша товушнинг худди ўзи. Эй Худо, биз қачон Мадинадаги уйимизга қайтамиз-а?
– Аллоҳнинг раҳмати буюк! Отам айтдики, олти ой, кўпи билан етти ойда уруш тугармиш.
– Эй Худо! Ўшанда Зоҳид билан Абдулғани ҳам қайтиб келади-а?
– Ҳа, эсим қурсин, ҳали сенга айтмабман-ку! Отам Абдулғани ҳақида эшитибди. У ҳозир Ҳалабда эмиш.
– Ҳалабда? Ҳалаб қаерда?
– Буни ўзим ҳам билмайман. Лекин отам айтдики, Абдулғанига хат ёзиб юборибди. У хатни олгач, албатта жавоб ёзади, ҳол-аҳволидан хабар беради.
– У нега Ҳалабда экан?
– Чунки у – эркак, Хадича. У – ёш йигит. Султон эса барча эркакларни ёнига чақиряпти – насронийлар ва кофирлар устидан ғалаба қозониш учун!
– Демак, Абдулғани султон учун жанг қиляпти экан-да?
– Йўқ, у жанг қилаётгани йўқ. Лекин ўзинг биласан-ку, у поездни яхши тушунади. Эҳтимол, темир йўлда ишлаётгандир.
– Мен ҳар куни Дамашқдан келадиган поезд гудогини эшитаман. Нима деб ўйлайсан, Абдулғани бизни кўргани келармикан? Биз ҳам унинг дийдорига тўярдик.
– Эҳтимол. Лекин у бизнинг бу ерда, Ҳамада эканимизни билмайди-ку!
– Ҳа, бу – тўғри! У Дамашқда бўлганимизни ҳам билмаса керак. Энди эса бу ерларга келиб қолдик.
– У қаерданам билсин? Лекин отам хат ёзиб юборибди. Яқинда ҳаммаси маълум бўлади.
– Нима деб ўйлайсан, отам унга ҳомиладорлигим ҳақида ҳам ёзганмикан?
– Билмадим, Хадича. Лекин отамдан албатта сўраб боқаман.
Шу пайт онам суҳбатини бўлди-да, менга ўгирилиб:
– Сен бу ерда нима қилиб ўтирибсан? Ёки гапимизга ўғринча қулоқ соляпсанми? Абдулғафур қани? – деб сўроққа тутиб қолди.
Абдулғафур – менинг укам. Бу пайтда у атак-чечак юриб қолган эди. Сира бир жойда турмасди. Фақат онам укамни эмизганда ёки холам оёқларини узатиб, устига ёстиқ қўйиб, уни шу ёстиққа ётқизиб, чапга-ўнгга тебратганида тинчир, холамнинг алласига қулоқ тутарди. Холам “Ухлаб ором олгин кичкинтойим, туяқушнинг патларида”, деб алла айтарди. У бўлса холамнинг оёқлари устидаги “каравот”да пиш-пиш ухлаб қоларди.
Онам менга Абдулғафур хоналарда югургани ёки ҳовлига чиққанида унга қараб туришимни тайинлаган эди. Биз унинг ташқаридаги бирор ҳовузчага тушиб кетишидан қўрқардик.
Ҳозир “уйимизга” кўчиб ўтишга неча кун кетганини эслаёлмайман. Онам ва холам ўша уйни “уйимиз” деб атарди. Укамга кўпроқ Хадича холам қарар, чунки бобом янги уйимизга мебель сотиб олгани мени ўзи билан бирга олиб кетарди. Онам ҳам биз билан бирга борарди.
Уй истаралигина эди. Аса дарёси қирғоғидаги бошқа бинолардан уни мевали боғ ажратиб турарди. Бу боққа ёнбошдаги эшикдан кириш мумкин эди. Бобом бу эшикдан бегоналар кирмаслиги учун уни михлаб ташламоқчи бўлди, аммо онам уни тамба ўрнатишга зўрға кўндирди. Онам менга у ерга ёлғиз қўйиб юбормаслигини, албатта, катталардан бирортасига қўшиб жўнатишини уқтирди.
Бундан ташқари, уйимиз олдида ўз боғчамиз ҳам бор эди. Бу боғчада атиргул ва мирт деб аталувчи меваси ширин дарахтлар ўсар эди. Яна бу ерни наргиз ва бошқа ҳар хил гуллар қоплаганди – улар чор-атрофни саҳар ва оқшомда хуш бўйга тўлдирарди.
Қудуқдан сув чиқарувчи жиҳоз бобом уни ишлатган заҳоти мени жуда қизиқтириб қўйди. Сув отилиб чиқиб, жажжи ҳовузчага тушарди. Бу – менга ёқиб қолган янги “ўйинчоқ” эди. Янги уйга кўчиб келганимизда, уни маза қилиб ўйнайман, деб орзу қила бошладим.
Ас-Собунийлар уйини тарк этган кунимизни ҳозиргача эслайман. Башир ҳожининг Асма исмла катта қизи кўзёши тўкиб, онам билан узоқ хайрлашди. У Хадича холамга “доя” ва туғуруқ ҳақида гапирди, тағин қўрқиб ўтирманг, бари яхши бўлади, дея тайинлаб, кўнглини хотиржам қилди.
Кетар чоғимиз Башир ҳожи, унинг қиз ва набиралари бизни дарвоза олдигача кузатиб қўйди. Ўша лаҳзада улар бизни қанчалик яхши кўришини ҳис қилдим. Улар бизнинг кетаётганимиздан афсусда эди. Ўшанда мен ўзимга ўзим савол бердим: нега унда бу ердан бошқа уйга кетяпмиз? Бу ерда яшаш билан янги уйимизга кўчиш ўртасида нима фарқ бор?

Араб тилидан Муртазо Сайдумаров таржимаси