Иван Алексеевич Огнев август кечаларининг бирида ойнабанд эшикни жаранглатиб очиб айвонга чиққанини унутгани йўқ. У вақт Иван Алексеевичнинг эгнида шалвираган пальто, бошида қирраси сербар шляпа бор эди. Мана энди у шляпа каттакон этиги билан бирга кровать тагида чанг босиб ётибди. Ушанда Иван Алексеевичнинг бир қўлида боғлаб олинган бирталай китоб билан дафтар, иккинчи қўлида эса — бутоқли йўғон таёқ бор эди.
Эгнида қорга ўхшаш оппоқ пиджак, соқоли ҳам оппоқ. тақир бош уй эгаси Кузнецов эшик орқасидан туриб унинг йўлига чироқ тутиб берди. Чол дилкашлик билан кулимсираб, бош чайқар эди.
— Яхши қолинг, оқсоқол! — деб қичқирди Огнев.
Кузнецов чироқни столга қўйиб, айвонга чиқди. Иккита узун, камбар соя зинадан гулшанга сакраб тушди-да, боши билан липа дарахтининг ўзагига тиралиб қолди.
— Яхши қолинг, яна бир карра раҳмат, азизим! — деди Иван Алексеевич, — меҳмондўстлигингиз учун, меҳрибонлигингиз учун, муҳаббатингиз учун раҳмат… Меҳмондўстлигингизни ҳеч қачон, умрим охиригача эсдан чиқармайман. Ўзингиз ҳам яхши, қизингиз ҳам яхши, ҳаммаларингиз яхши, меҳрибон, меҳмондўст одамларсизлар… Шунақаям ажойиб одамлар экансизларки, таърифга сўз тополмайман!
Ширин ҳис ва туйғуларнинт тўлиб-тошганидан, ҳозиргина ичиб чиққан шаробининг таъсири билан Огнев худди қироат қилаётгандай чўзиб гапирар, шу қадар кўнгли бузилган эдики, ҳис ва туйғуларини сўздан кўра кўпроқ кўзларини пирпиратиш, елкаларини учириш билан билдирар эди. Кузнецов ҳам анчагина ичиб, кўнгли бузилиб турган эди, калласини чўзиб бориб, йигит билан ўпишди.
— Сизга худди тозидай ўрганиб қолувдим! — деб Огнев сўзини давом қилди. — Қарийб ҳар кун уйингизга келардим, ўн мартача ётиб ҳам қолдим; шаробингизни шунча кўп ичдимки, энди эсласам юрагим орқамга тортиб кетади. Ҳаммасидан ҳам, Гавриил Петрович, менга кўрсатган ёрдамингиз учун раҳмат. Сиз бўлмасангиз, статистикам билан бошим қотиб, октябргача ҳам шу ерда қолиб кетардим. Китобимнинг сўз бошига: «N уезди земство идорасининг раиси Кузнецовга ажойиб ёрдами учун раҳмат» деб ёзаман. Статистиканинг келажаги ниҳоятда порлоқ! Вера Гавриловнага бошимни қуйи эгиб салом айтаман. Докторларга, иккала терговчига, иннай кейин котибингизга айтиб қўясиз: уларнинг ёрдамини ўлгунча эсдан чиқармайман! Энди, оқсоқол, бир-биримизни қучоқлайлигу, охирги марта ўпишайлик.
Ийиб кетган Огнев, чол бмлан яна бир қур ўпишиб пастга туша бошлади. Сўнгги поғонада орқасига ўгирилиб:
— Яна кўришармиканмиз? — деб сўраган эди, чол:
— Худо билади! Балки кўришмасмиз! — деб жавоб қилди.
— Тўғри айтасиз! Сизни бошингиздан зар сочиб ҳам Питерга келтириб бўлмайди, уездингизга келиш менга ҳам бундан кейин насиб бўлмас. Хайр, яхши қолинг!
— Китобларни ташлаб кетсангизчи! — деб Кузнецов орқасидан қичқирди. — Шунча оғир нарсани кўтариб юриш зарурми? Эртага бирон одам билан юборардим-да.
Лекин Огнев овозни эшитмас, жадал одимлар билан уйдан узоқлашиб борарди. Ичкилик илитган қалби ҳам шод, ҳам эриган, ҳам маъюс эди… У, ҳаётда яхши одамлар билан кўп учрашасан-у, лекин бу учрашишлардан, афсуски, хотирадан бошқа ҳеч нима қолмайди, деб ўйлаб борарди. Гоҳо уфқда турналар лип-лип этиб кўринади, уларнинг безовталаниб чиқарган садоларини заиф шабада қулоққа уради; бир ондан кейин мовий узоқларга қанчалик тикилиб қарамагин, на бир нуқтани кўрасан ва на заиф товушни эшитасан. Одамлар ҳам ўз туслари ва сўзлари билан ҳаётда ана шундай лип-лип этиб кетадилар-у, хотирамизда арзимас издан бўлак ҳеч нима қолдирмай, ўтмишимиз чоҳида ғарқ бўладилар. Иван Алексеевич N уездига баҳорда келган бўлса, ана шундан буён меҳмондўст Кузнецовларнинг уйига қарийб ҳар кун келиб-кетиб турди; Иван Алексеевич уларга: чолга, чолнинг қизига, хизматкорига худди ўз қариндошларидай ўрганиб қолди; бутун уйни, шинам айвонни, хиёбонларнинг муйилишларини, ошхона ва ҳаммом устига соя ташлаб турган дарахтларни икир-чикиригача билиб олди; лекин шу топда дарчадан ташқарига чиқади-ю, буларнинг ҳаммаси хотирага айланади, унинг учун ҳақиқий аҳамиятини бутунлай йўқотади. Бир-икки йил утгандан кейин эса бу дилбар сиймолар ҳам хаёл самаралари сингари миясида тусларини йўқотади.
Кўнгли эриб кетган Огнев хиёбон эшиги томон кетаётиб: «Дунёда одамдан қимматлироқ нарса йўқ! Ҳеч йўқ!» деб ўйларди.
Боғ ичи жимжит ҳам иссиқ эди. Резеда, тамаки, кунгабоқар гулларининг ҳиди анқиб турар — булар гулларини ҳали тўкмаган эдилар. Дарахт ўзаклари билан буталар орасини ой ёғдуси сизиб турган юпқа, суюқ туман тўлдирган. Арвоҳларга ўхшаган туман парчалари бирин-кетин юриб хиёбонни секин-секин кесиб ўтади, уларни кўз зўрға илғайди. Огневнинг хотирасида бу манзара узоқ вақтларгача сақланиб қолди. Боғнинг тепасида, баландда — ой, ундан пастроқда шарқ томон сузиб бораётган тиниқ туман доғлари. Бутун олам ҳайбатли қоралардан ва санқиб юрган оқ кўланкалардан иборат каби кўринади; августнинг ойдин кечаларидан бирида ҳаётида балки биринчи марта туманни томоша қилаётган Огнев эса: табиатни эмас, декорацияни кўраяпман; лаванг мушакчилар боғни оқ бинғол чироғи билан ёритиш мақсадида дарахт тагларига ўтириб олишиб, ёруғ билан бирга ҳавога оқ тутун ҳам тарқатиб юборишибди, деб ўйлар эди.
Огнев боғ эшигига етай деганда, пастак дарахтлар орасидан қора соя ажралиб чиқиб, унга қараб келаверди.
— Вера Гавриловна! — деб юборди суюнганидан у. — Сиз шу ердамидингиз? Мен бўлсам, сизни излаб юрибман, хайрлашиб кетай деб… Хайр энди, мен кетяпман!
— Мунча барвақт? Соат энди ўн бир бўлди-ку!
— Йўқ, кетмасам бўлмайди! Беш чақирим юришим керак, иннайкейин нарсаларни йиғиштириш керак… Эртага барвақт тураман.
Огневнинг олдида Кузнецовнинг йигирма бир яшар кўҳлик қизи, — одати бўйича маъюс юрадиган, кийимларини ҳам наридан-бери киядиган Вера турарди. Кўп ширин хаёллар сурадиган ва қўлига тушгач китобни кун бўйи ётиб олиб хушёқмаслик билан ўқийдиган, ҳамиша зерикиб, қайғириб юрадиган қизлар умуман наридан-бери кийинадилар. Табиат дид ва гўзаллик сезгиси берган қизлар ўзларига ана шундай зеб бермай кийинганларида, уларнинг малоҳатлари яна ҳам ортади. Ҳар ҳолда, Огнев кейинча хушрўй Верочкани эслаганда, уни белидан минг қат бўлиб букланса ҳам баданига тегмайдиган кенг кофтасиз, баланд қилиб уйиб қўйилган сочлари орасидан пешонасига тушиб турган гажаксиз, ҳошияси бароқ попукли қизил тўр рўмолсиз тасаввур қилолмас эди. Рўмол, шамолсиз пайтларда жимгина осилиб турган байроқ сингари, Верочканинг орқасига тушиб ётар, кундузлари эса даҳлизда, эркакларнинг шапкалари ёнида ёки қари мушук ҳеч андиша қилмай чиқиб оладиган сандиқ устида ётади. Ана шу рўмолдан, кофточка ғижимларидан хушёқмаслик, хонашинлик, бепарволик ҳиди келиб туради. Эҳтимол, Вера Огневга ёқар-у, шунинг учун у Веранинг ҳар бир тугмасидан, кийимининг ҳар бир ғижимидан илиқлик, дилбарлик, соддадиллик нишоналарини топар, гўзаллик ҳисларидан маҳрум, табиати совуқ, субути йўқ хотинларда асти бўлмайдиган шеърият, малоҳаттопар эди.
Верочканинг қадди-қомати келишган, ён томондан қараганда юзи силлиқ, сочлари чиройли, қўнғироқ. Умрида хотин кишини кам кўрган Огневга у гўзал кўринади.
Огнев Верочка билан боғ дарчаси олдида хайрлашаётиб:
— Кетяпман! Иш қилиб, ёмон ном билан эсламанг-да! Қилган ҳамма яхшиликларингиз учун раҳмат! — деди.
Боя чол билан қандай гаплашган бўлса, кўрсатган меҳмондўстлиги, меҳрибонлиги, дилкашлиги учун Верага ҳам ана ўшандай кўзларини пирпиратиб, елкаларини учириб туриб, қироат билан миннатдорлик билдирди.
— Онамга ёзган ҳар хатимда сизни тилга олардим — деди у. Ҳамма ҳам сизга, иннайкейин дадангизга ўхшаса борми, — дунё жаннат бўларди-қоларди. Ҳаммаларингиз ҳам топилмайдиган одамларсизлар! Бирам содда, очиқ кўнгил, самимий.
— Бу ердан қаерга жўнамоқчисиз? — деб сўради Вера.
— Орёлга, онамнинг олдига бораман; у ерда икки ҳафтача тураман-да, кейин Питерга — ишимга қайтаман.
— Кейинчи?
— Кейинми? Қиш ичи ишлайман, кейин баҳорда яна бирон уездга бориб, материал ахтараман. Хайр энди, саломат бўлинг, юз йил умр кўринг… Иш қилиб ёмон ном билан эсламанг-да. Энди кўришмаймиз.
Огнев, энгашиб, Верочканинг қўлини ўпди. Кейин ҳаяжон ичида пальтосини тузатди-да, китобларни ўнғайроқ қилиб қўлига олди.
— Туманни қаранг-а — деди у, бироз жим тургандан сўнг.
— Ҳа. Бизникида ҳеч нима эсингиздан чиқиб қолгани йўқми?
— Лаббай? Чиқмаган бўлса керак…
Огнев бир неча секунд жим турди. Кейин дарча томонга қўпол бурилиб, боғдан чиқиб кетди.
— Шошманг, сизни ўрмонгача узатиб қўяман, — деди Вера, кетма-кет чиқиб.
Иккиси бирга кетди. Энди дарахтлар теварак-атрофни тўсмас, осмон, узоқ-узоқлар бемалол кўриниб турарди. Бутун табиат худди юзига дока рўмол тутиб олгандай тиниқ, харир тутун ичига яширинган; шунда ҳам табиатнинг гўзал ҳусни кўзга чалиниб туради. Туманнинг қуюқроқ ва оқроғи ғарамлар билан буталар яқинида ўраланлиб юради ёки парча-парча бўлиб йўлни кесиб ўтади-да, атрофни тўсмасликка тиришаётгандай ерга ёстаниб олади. Икки юзида қоронғи зовур чўзилиб кетган йўл оқ тутун пардаси орқасида то ўрмонгача кўриниб туради; зовурлардан бачкана буталар ўсиб чиққан, улар туман парчаларининг санқишларига халақит бериб ётади. Дарчадан ярим чақиримча нарида Кузнецовларнинг ўрмони қорайиб кўринади.
Огнев: «Нега мен билан боряпти бу? Ҳали уйига келтириб қўйиш ҳам керак бўлар!» деб ўйлайди-ю, Верага ёндан бир қараб олиб, меҳрибонлик билан кулимсирайди ва дейди:
— Шундай яхши оби ҳавоки, одамнинг кетгуси келмайди! Ошиқ-маъшуқлар гашт қиладиган, ойдин, жимжит, ҳамма ўнғайликлар мавжуд кеча! Қизиқ-а, Вера Гавриловна? Дунёда йигирма тўққиз йилдан бери яшасам-у, умримда бирон ишқ савдооига грифтор бўлмасам! Ҳа, одам бўлиб ишқ савдоси бошимга тушмади, шунинг учун васл, оҳ-воҳ, бўсаларни эшитган гапларимдангина биламан. Яхшимас! Шаҳарда, ўз номерингда ўтириб, дунёнинг лаззатидан бехабар ўтиб кетасан: бу ерда, бу тоза ҳавода эса кўнглинг ўша нарсаларни тусаб қолади… Ўйласанг, одамнинг жуда хўрлиги келиб кетади!
— Бўлмаса, нега ўзингиз бундай қиласиз?
— Қайдам. Ким билади, балки бундай нарсаларга қўлим тегмагандир, балки-да, кўнгил хушлайдиган… дуч келмагандир. Умуман, таниш-билишларим жуда кам шунинг учун у ер бу ерларга бормайман.
Ёшлар уч юз қадамча ерга индашмай боришди. Огнев Верочканинг очиқ боши билан рўмолига қараб-қараб қўяди, бу қараш унинг қалбида кўклам ва ёз кунларини бирин-кетин гавдалантиради. У кунлар шундай кунлар эдики, Огнев ўзининг кулранг Петроградидаги номеридан узоқда яхши одамлар, табиат ва севикли меҳнат завқига берилиб кетиб, саҳар шафағининг ўрнини оқшом шафақлари олганини, аввал булбул, кейин бедана, охирда майна ёзнинг тугалаётганидан дарак бериб, бирин-кетин сайрашдан тўхтаганларини сезмай қолди… У ёқ бу еққа боришга, одамлар билан борди-келди қилишга одатланмаган у бечораҳол киши апрель охирида мана шу уездига жўнаганини ғурурланиб эслай бошлади. У, ўзининг фикрича, ҳозир фанлар ичида энг кўркам ерни эгаллаб олган статистикага бу ерда парвосиз қарашади, ўзим булса ёлғизликдан ўламан, деб ўйлаган эди. Апрель саҳарларидан бирида N уезд шаҳарига етиб келиб, православ динининг қадимий йўлида тақводорлик қилувчи Рябухиннинг карвон саройига қўнди; уни ташқарига чиқиб чекиш шарти билан ижара ҳақи бир танга турадиган ёруғ, тоза ҳужрага қўйдилар. У, дам-памини олгандан ва земство идорасининг раиси, кимлигини суриштириб билгандан сўнг, дарҳол Гавриил Петровичникига пиёда жўнаб қолди. Чиройли майсазор ва чакалакзор бўйлаб тўрт чақирим юрди. Тўрғайлар, ҳавони кумуш жаранги сингари товуш билан тўлдириб, булутлар тагида сайрар яшил экинзорлар усттида эса, қанотларини салобат ва ҳайбат билан силкиб, зоғлар учар эди.
Вой худо, наҳотки одамлар ҳамма вақт шунақа ҳавода яшаса? Ё бугун мен келганим учун шундай хушбуймикан, а? деб ҳайрон бўлган эди ўша вақтда Огнев. Кузнецовлар қуруққина кутиб олишиб, иш тўғрисидагина гаплашар, деб ўйлагани учун, чўчиб, ер тагидан қараб тортинганидан кичкина соқолини силаб кириб борди. Чол пешонасини тириштириб, бу йигитга унинг статистикасига земство идорасининг нима алоқаои бор экан, деб аввал ҳайрон бўлди; Огнев статистика материалининг қимматини, бундай материаллар қаерлардан тўпланишини батафсил айтиб бергандан кейин эса Гавриил Петровичга жон кирди, кулимсиради, болаларга хос бир қизиқиш билан унинг дафтарларига кўз ташлади… Ўша куни кечқурун Иван Алексеевич Кузнецовларникида меҳмон бўлди, кучли шаробдан тез орада кайф ҳам қилиб қолди; янги танишларининг хотиржам қиёфалари ва оҳиста ҳаракатларини кўриб, бутун вужуди эриди мудроқ бостирадиган ширин бир хушёқмаслик пайдо булганини сезди; ана шундай пайтларда одамнинг уйқуси, чўзилгиси, ширин-ширин кулгиси келади. Янги танишлари эса унга меҳр билан қарадилар, ота-онасининг барҳаётми-йўқлигини, ойда қанча пул ишлашини, театрларга бориб туришини суриштирдилар…
Огнев волостларга борганини, зиёфатларда, балиқ овларида бўлганини, ҳаммалари йиғилишиб қизлар монастирида роҳиба Марфани бориб кўрганларини, роҳиба меҳмонларнинг ҳар бирига биттадан мунчоқ халтача ҳадя қилганини эслади; иннайкейин чинакам русчасига, қизғин, узундан-узун гап талашганларини, гап талашувчилар ҳеч тушунмай, оғизларидан кўпик сочиб, муштларини столга пақ-пуқ уриб қичқиришганларини, бир-бирларининг гапларини бўлишганларини, ҳар гапда ўз фикрларига қарши гапириб қўяётганларини ўзлари ҳам сезмаганларини, бир гапни талашиб туриб, бир оздан кейин яна бошқа гапга ўтиб кетганларини, икки-уч соат гап талашиб бўлганларидан кейин:
— Э қуриб кетсин, нимага гап талашяпмиз-а! — Гапимиз омонликдан бошланиб, ёмонликдан чиқиб ўтирса-я! деб кулишганларини ҳам эслаб ўтди.
Иван Алексеевич Вера билан ўрмонга яқинлашганда:
— Сиз, мен, доктор учовимиз Шестовога от миниб борганимиз эсингиздами? — деб сўради. — Ўшанда бизга битта жинни учровди. Қўлига беш тийин берсам, уч марта чўқиниб, чақани жавдаризорга ирғитиб ташлаган эди. Вой худо, ўзим билан шунча кўп таассурот олиб кетяпманки, ҳаммасини бир ерга жамғаришнинг иложи бўлса — битта тилла ёмбиси чиқар эди. Ўша ақлли-ҳушли одамлар нима учун пойтахтларда тиқилишиб етар экан? Нимага бу ерларга келишмас экан? Ҳайронман. Тавба, Нева кўчаси, каттакон зах уйлар бу ерлардан кенгроқ ва сеҳақиқатмикин? Ростини айтсам, менинг тепасидан то пастигача рассомлар, олимлар ва журналистлар билан тўлган мебелли хоналарим менга ҳамма вақт хаёлий бир дунё бўлиб кўринар эди.
Ўрмондан йигирма одимча нарида, бурчакларига катта-катта қозиқлар қоқилган тор, кичик бир кўприк йўлни кесиб турар, кечки сайри-сафоларда Кузнецовларга ва уларнинг меҳмонларига кичкина манзиллик хизматини адо этар эди. Хоҳлаганлар бўлса, шу ердан туриб ўрмонда акс садо уйғота билар, йўл эса мана шу ердан бошлаб қоронғи ўрмон йўлига туташиб кетарди.
— Мана, кўприкчага ҳам келдик! — деди Огнев. — Шу ердан кайтишингиз керак энди…
Вера тўхтаб, чуқур нафас олди. Кейин қозиқлардан бирига ўтира туриб:
— Келинг, шу ерда пича ўтирайлик, — деди. Хайр-маъзур пайти одамлар шу ерда пича ўтириб кетади.
Огнев унинг ёнига китобларини қўйиб ўтирди-ю, тағин гапираверди. Вера, йўл юриб келгани учун, ҳансирар, Иван Алексеевичга эмас, аллақаёқларга қараб ўтирар эди; шунинг учун юзи Огневга кўринмасиди.
— Йигирма йилдан кейин бирдан кўришиб қолсак, — деди Иван Алексеевич. — Қанақа бўлиб қолар эканмиз ўшанда? Сиз бўлсангиз бир тўда боланинг ҳурматли онаси бўласиз, мен бўлсам қирқ минг тўпламдай қалин, ҳеч кимга керак бўлмаган бирон статистика тўпламининг автори бўлиб қоламан. Учрашсак, эски вақтларни хўп эслашамиз-да… Биз ҳозир шу кунлар билан яшаб турибмиз, бизни бу кунлар ҳаяжонга солади, ҳис ва туйғулар билан тўлдиради, йигирма йилдан кейин учрашганимизда-чи? Эҳҳа, мана шу кўприкча устида охирги марта қайси куни, қайси ой, ҳатто қайси йилда учрашганимизни ҳам эслаб ололмаймиз. Сиз ўзгариб кетарсиз… Менга қаранг, ўзгариб кетармикинсиз?
Вера, бир сесканиб тушиб, юзини унга ўгирди-да:
— Нима дедингиз? — деб сўради.
— Мен сиздан…
— Кечирасиз, нима деганингизни эшитмай қолдим.
Огнев Верадаги ўзгаришни мана шундагина сезди. У оппоқ оқариб кетган, нафаси бўғар, нафасидаги қалтироқ қўлларига, лабларига, бошига ҳам акс этар, тараб олган сочидан пешонасига одатдагича битта эмас, иккита гажак тушиб турарди… Афтидан, Огневнинг кўзига қарашдан ўзини олиб қочар, ҳаяжонини яшириш учун гоҳ ёқасини тузатар, гўё у бўйнини кесиб юбораётгандай, гоҳ қизил рўмолини бир елкасидан иккинчи елкасига ўтказар…
— Назаримда, совуқ еб қолдингиз шекилли, — деди Огнев. — Шабнамда ҳадеб ўтиравериш ҳам ярамайди. Келинг, сизни нах гаузга узатиб қўяй.
Вера индамай ўтираверди.
— Нима бўлди сизга? — деб Иван Алексеевич кулимсиради. — Индамайсиз, саволга жавоб ҳам бермайсиз. Оғриб-нетиб қолдингизми ё жаҳлингиз чиқяптими? А?
Вера Огнев томонидаги бетига кафтини маҳкам босди, босди-ю, яна дарров тортиб олди. Кейин бир ери қаттиқ оғриётганини билдирувчи қиёфа билан:
— Жуда ёмон бўляпти… — деб пичирлади. — Жудаям!
— Нимага ёмон бўлади? — деб сўради Огнев; у, ҳайрон бўлганини яширмай, елкаларини қисди. — Нима гап?
Вера, ҳамон оғир-оғир нафас олиб ва елкаларини дилдиратиб туриб, унга орқасини ўгирди-да, ярим минутча осмонга тикилгандан сўнг:
— Сизга битта сўзим бор эди, Иван Алексеевич… — деди.
— Қулоғим сизда.
— Эҳтимол, сизга ғалати туйилар… ҳайрон қоларсиз, лекин менга бари бир…
Огнев елкаларини яна бир марта қисиб олди, кейин Веранинг сўзини эшитишга чоғланди.
Верочка бошини бир ёнга эгди-да, рўмолининг учидаги тугунни ўйнаб туриб:
— Сўзим… — дея гапира бошлади. — Биласизми… мен сизга айтмоқчи эдим… Сизга ғалати… ҳатто бемаъни туйилиши мумкин… лекин мен… мен ортиқ тоқат қилолмайман.
Веранинг сўзлари одам тушунолмайдиган ғўлдирашга айланди, кейин бирдан йиғи билан узилиб қолди. Қиз юзини рўмоли билан тўсиб олди, боягидан ҳам баттарроқ эгилиб, аччиқ-аччиқ йиғлади. Иван Алексеевич хижолат бўлганидан хириллади, кейин, нима деяри, нима қиларини билмаганига ўзи ҳам ҳайрон қолиб, теварагига аланглаб қаради. Бирда-иккида йиғини, кўз ёшларини кўриб пишмагани учун, ўзининг кўзидан ҳам ёш чиқиб кетди.
— Ана холос! — деб ғўлдиради у, ўзини йўқотиб, — Вера Гавриловна, бу нима қилганингиз ахир? Жонгинам, сиз… оғриб-нетиб қолдингизми? Ё биров хафа қилдими? Айтаверинг, ҳалиги… ҳа, қўлимдан келса ёрдам қиларман…
Иван Алексеевич уни юпатаман деб, Веранинг қўлини бетидан авайлаб тортиб олганда, қиз унга кўз ёшлари орасидан кулимсираб туриб:
— Мен… мен сизни яхши кўраман! — деди.
Бу оддий, табиий сўзлар оддий одам тили билан айтилган бўлса ҳам, Огнев жуда қаттиқ уялиб кетиб, юзини Верадан ўгириб олди, ўрнидан ҳам туриб кетди, ана шунда уялиш ўрнини қўрқув олаётганини сезди.
Ичган шароби ва яқин одамлар билан хайр-маъзур пайти уйғотган ғамгинлик, илиқлик ва ошиқона кайфият ўз ўринларини дағаллик, ёқимсиз ўнғайсизлик ҳиссига бўшатиб бериб, бирдан ғойиб бўлди. У, бирдан кўнгли бошқача бўлиб қолгандай, Верага олайиб қарай бошлади. Вера хотин-қизларга ҳусн берувчи ҳаё пардасини йиртиб ташлаб, унга муҳаббатини изҳор қилгандан сўнг, энди у Иван Алекееевичга бўйи пасайган, юзи қорайган, одмидай бўлиб кўринди.
«Бу қанақа гап бўлди-я? — деб Иван Алексеевич ваҳимага тушиб қолди. — Ия, мен ўзим уни… яхши кўраманми, йўқми? Ана холос!»
Вера энг катта, энг қийин сўзни айтиб бўлган эди, шунинг учун у енгил ва эркин нафс оларди. Вера ҳам ўрнидан турди; кейин, Иван Алексеевичнинг юзига рўйирост тикилиб туриб, сира тўхтамасдан, ҳароратидан тушмасдан, бидирлаб гапира кетди.
Бехосдан қўрқиб кетган киши юрагини чиқарган ҳалокат шовқинларининг қайси тартибда кўтарилганини кейин ҳеч эслай олмагани сингари, Огнев Вера айтган сўз ва гапларни ҳеч эслай олмайди. Фақат Веранинг ўзи, Вера айтган сўзларнинг мазмуни, бу сўзларнинг унда уйғотган ҳисларигина эсида. У худди бўғилиб чиқаётгандай туйилган, ҳаяжон зўридан хиёл хириллаган товушни ва унинг оҳангидаги ажойиб музика билан эҳтиросни эслайди. Вера гоҳ йиғлаб, гоҳ кулиб, гоҳ киприкларида кўз ёшларини йилтиратиб туриб: биринчи танишган пайтидан бошлаб Иван Алексеевич ўзининг ажойиблиги, ақли, меҳр ва маъно тула кўзлари, ҳаётининг мақсад ва мароми билан уни мафтун қилганини; у Иван Алексеевични чин қалбидан, эҳтирос билан, девоналарча яхши кўриб қолганини; ёз кунлари боғдан уйга кириб, даҳлизда унинг пальтосини кўрганда ё узоқдан овозини эшитганда қалби бахт ҳадиги ва ҳисси билан тўлиб-тошганини; унинг юзаки ҳазиллари ҳам ўзини хохолатиб кулдирганини; дафтаридаги ҳар бир рақамда поёнсиз донолик ва буюклик кўрганини; сербутоқ таёғи эса дарахтлардан ҳам чиройлироқ туйилганини айтиб берди.
Ўрмон ҳам, паға-паға бўлиб сузиб юрган туман ҳам йўл бўйларидаги қора зовурлар ҳам Веранинг сўзларини эшитиб дамлари ичига тушиб кетгандай туйилар, Огневнинг қалбида эса ёмон, бемаъни нарсалар қайнаб тошарди… Вера муҳаббатини изҳор қилиб турганда шунчалик очилиб кетдики, кўрган одам ром бўлмай қолмас эди; гаплари бирам чиройли, бирам эҳтиросли эди. Шундай бўлса ҳам Иван Алексеевич завқланмади, ўзи орзу қилиб юрган ҳаёт гаштини сурмади, фақат Верага ачинди, ўзи туфайли яхши бир одамнинг азоб чекаётганига афсус еб, юраги ачишди. Худо билади, унда китобий ақл тилга кирдими ёки одамларнинг яшашларига жуда кўп халал берадиган бедиллик таъсир қилдими, ҳайтовур, Веранинг севинч ва ўкинчлари унга ясамадек, жиддий эмасдек туйилди; шундай бўлса ҳам ундаги андиша ҳисси бош кўтариб, у кўриб ва эшитиб турган нарсалари, табиат ва шахсий бахт нуқтаи назаридан қаралганда, ҳар қандай статистикадан, китоблардан, ҳақиқатлардан ҳам жиддийроқ нарсалар эканини шивирлар эди.
Шунча ўнғайсиз аҳволга тушиб қолгани етмагандек, энди қизга нима дейишини билмас, дейишдан эса асло қочиб бўлмас эди. Тўғридан-тўғри: «Мен сизни яхши кўрмайман» дейишга қудрати етмайди, «яхши кўраман», дейишга эса тили келмайди, чунки қалбини ҳар қанча остин-устин қилиб ахтарса ҳам севгининг ўзини эмас, ақалли учқунини ҳам тополмади…
Огнев жим тураверди, Вера эса ўзи учун уни кўришдан, ҳозирнинг ўзидаёқ у хоҳлаган ерга бирга кетишдан, хотини ва ёрдамчиси бўлишдан ҳам ортиқроқ бахт йўқлигини, агар у ташлаб кетса, соғиниб-сарғайиб ўлишини айтди.
— Мен бу ерда қололмайман! — деди Вера, бармоқларини қисирлатиб туриб. — Уйимиз ҳам, бу ўрмон ҳам, ҳаво ҳам меъдамга тегди. Доимий сукунат ва мақсадсиз ҳаётдан тўйдим; сув томчилари сингари бир-бирларига ўхшаган туссиз, қонсиз одамларимизни кўришга тоқатим қолмади! Буларнинг ҳаммаси ҳам меҳрибон, дилкаш, чунки қоринлари тўқ, азоб чекишмайди, яшаш учун курашмайди… Мен бўлсам одамлари азоб чекадиган, меҳнат ва муҳтожлик заҳрини ютадиган каттакон захкаш уйларда яшашни истайман…
Шу сўзлар ҳам Огневга чучмал, маъносиз бўлиб туйилди. Вера гапини тамом қилганда ҳам у нима дейишини билмас эди. Аммо индамай туравериш тўғри келмайди, шунинг учун:
— Аввало, мен сиздан жуда миннатдорман, Вера Гавриловна, — деб ғўлдиради, — гарчи сизда мана шундай… ҳисни уйғотишга арзигудек бирон нарса қилганимни билмасам ҳам. Иккиламчидан, лабзи ҳалол киши бўлганимдан, сизга шуни айтишим керакки… бахт деган нарса ҳам посангисиз бўлмайди, яъни ҳар иккала томон ҳам… бир хил яхши кўрганда бахт бўлади…
Огнев, ғўлдираётган нарсаларидан уялиб кетиб, бирдан тўхтаб қолди. Шу дам башарасининг аҳмоқона тус олганини, қизариб-бўзарганини, таранглашиб, ишшайиб кетганини сезди… Вера унинг юзида акс этган ростгўйликни яхши уқди шекилли, бирдан жиддий тус олиб, юзи оқарди, бошини яна ҳам қуйи солди.
— Мени кечирасиз-да, — деб ғўлдиради Огнев, ўртадаги сукунатга тоқат қилолмай. — Мен сизни шунчалик ҳурмат қиламанки… юрагим ачишади!
Вера чўрт бурилди-ю, уй томонга шошиб юриб кетди. Огнев орқасидан борди.
— Йўқ, керак эмас! — деди Вера, унга панжасини силтаб. — Қўйинг, ўзим кетавераман…
— Йўға, ҳар ҳолда… узатиб қўймай бўладими…
Огнев нимаики деган бўлса, ҳаммаси ҳам ўзига жирканч, аянч туйилди. Айбдорлик ҳисси қадам сайин ортиб борди. Жаҳли чиқар, муштини қисар, табиатининг совуқлигига ва хотин-қизлар билан муомала қилишни билмаганига нафрат ўқир эди. Ўзида шавқ уйғотиш учун Верочканинг чиройли қоматига, гажакларига, муъжазгина оёқчалари чанг йўлда қолдириб бораётган изларга тикилар, сўзлари ва кўз ёшларини эслар, лекин бу нарсалар кўнглини увиштирарди-ю, ҳиссини қитиқламасиди.
«Бе, ўзингни зўрлаб яхши кўриб бўлармиди! — деб Иван Алексеевич ўзига далда берса ҳам, яна: — Бўлмаса, ўзимни зўрламай қачон муҳаббат қўяман? — деб ўйлар эди. — Ёшим ҳам ўттизга бориб қолди. Верадан афзалроғини кўрганим йўқ, минбаъд кўрмайман ҳам… О, ит кексалик! Ўттизимда қариб ўтирсам-а!»
Вера унинг олдида қадамини тобора тезлатиб борди, қайрилиб ҳам қарамади, бошини қуйи солиб кетаверди. Унга Вера қайғисининг зўридан икки букилгандек, елкалари торайиб қолгандек туйилар эди…
«Ҳозир юраги эзилиб, қон бўлиб оқаётгандир! — деб ўйларди у, Веранинг орқасидан қараб, — Уялганидан, жони оғриганидан ўлимига рози бўлиб тургандир! Ё худо, унинг кетишида қанчалар ҳаёт, шеърият, маъно бор, буни кўрса тош ҳам эриб кетади. Мен бўлсам… мен аҳмоқ, нўноқман!»
Боғ эшиги олдида Вера унга бир қия боқди-ю, букилиб, рўмолига бурканиб, хиёбондан тез-тез юриб кетди.
Иван Алексеевич ёлғиз қолди. Ўрмонга қайтишда эса секин-секин юриб борди; гоҳо тўхтаб, ўзига ишонмаётган бир алфозда эшикка қараб-қараб қўяр эди. У йўлда Верочканинг оёқлари қолдириб кетган изларни кўзи билан ахтарар, ўзига ёққан бир қизнинг ҳозиргина унга муҳаббат изҳор қилганига, ўзи эса унинг севгисини бесўнақайлик, қўполлик билан рад қилганига сира-сира ишонмас эди. Одам боласи ўзининг яхши ниятига қараб иш кўришга қанчалик ожизлигини умрида биринчи марта тажрибада кўриб ишонди; лабзи ҳалол, инсофли кишининг қанақа бўлишини ҳам бошидан кечирдики, бундай одам, аслда хоҳламаса ҳам, яқин кишиларининг бошига улар сазовор бўлмаган оғир мусибатларни солади.
Унинг виждони азоб бераётган эди; Вера кириб кетгандан кейин эса, назарида, жуда ҳам қимматли, қадрдон бир нарсасини йўқотиб қўйгандай, уни ортиқ тополмайдигандай бўлди. У ёшлигининг бир қисми Вера билан бирга ғойиб бўлганини, шунчалар самарасиз ўтказган дамларининг ортиқ ҳеч вақт қайтиб келмаслигини ҳис этди.
У кўприкчага етганда тўхтаб, ўйга ботиб қолди. Табиатидаги бемаъни совуққонликнинг сабабини билишни истади. Веранинг ташқарида эмас, унинг қалбида экани аниқ эди. У табиатидаги совуққонликнинг доно одамлар мақтайдиган бемаъни совуққонлик эмас, худбин тентак совуққонлиги ҳам эмас, балки юракнинг шунчаки заифлиги, гўзалликни чуқур англаш қобилиятсизлиги, бир бурда нон учун олиб борилган тартибсиз кураш, тарбия ва оиласиз яшаш орқасида бунёдга келган барвақт қарилик эканини асойдил бўйнига олди.
У кўприкчадан қўзғолди. Кейин, оёғи тортмаётгандай, секин-секин ўрмон томон йўл олди. Ўрмонда, ой ёғдуси у ер бу ерига ёп-ёруғ бўлиб тушиб турган қора, қалин дарахтлар орасида, ўз фикри-ўйидан бошқа ҳеч нимани сезмаган қоронғи гўшада, йўқотган нарсасини бирам топгиси келиб кетди!
Иван Алексеевич яна қайтди, қайтгани ҳали-ҳали эсида. Таассуротлари билан ўзини гиж-гижлаб, хаёлида Вера суратини чизиб, боққа шошиб борди. йўлда ҳам, боғда ҳам туман қолмаган, тўлин ой ювиб қўйилганга ўхшаш кўкда чарақлаб туради, фақат шарқ томон туманли, ҳайбатли холос… Авайлаб босган қадамлари, қоронғи деразалар, кунгабоқар ва резеда гулларининг ўткир ҳидлари Огневнинг эсида. Каро номли таниш ит думини қилпанглатди, яқинига келиб қўлини ҳидлади… Уйни икки марта айланиб чиқиб, Веранинг қоронғи деразаси олдида анчагина тургач, қўлини силтаб, боғдан оҳ уриб чиқиб кетганини кўрган бирдан-бир жонли махлуқ шу ит эди.
Бир соатдан кейин у шаҳарга етиб келди, ҳориб-толди, мадори қуриди, бутун гавдаси ва қизиб кетган юзи билан карвон сарой дарвозасига суяниб туриб, нағали билан тақиллатди. Шаҳарчанинг аллақаерида бир ит уйқусираб ҳурар, унинг тақиллатишига жавоб қилаётгандай, черков ёнида аллаким чўян тахтани данғиллатар эди.
Аёллар ич кўйлагига ўхшаган узун кўйлак билан дарвоза очгани чиққан старовер-хўжайин:
— Кечалари изғиб юрасан-да шунақа! Санқиб юргандан кўра, худога тоат қилсанг бўлмайдими!.. — деб дўнғиллаб берди.
Иван Алексеевич ҳужрасига кирди-ю, ўзини ўринга ташлади; шу куйи чироққа узоқ қараб турди, кейин бошини силтаб, нарсаларини йиғиштира бошлади…
Мирзакалон Исмоилий таржимаси