— Григорьевларникидан қандайдир китоб сўраб келишган экан, уйда йўқсиз деб юбордим. Почтачи газета билан икки хат ташлаб кетди. Айтмоқчи, Евгений Петрович, Серёжкага икки оғиз гапириб қўйинг демоқчи эдим. Ўтган куни ҳам, бугун ҳам папирос чекканини кўрдим. Мен унга насиҳат қилсам, қулоқларини беркитиб, товушини барала қўйиб ашула айтади.
Округ судининг прокурори Евгений Петрович Биковский суд мажлисидан энди уйга келиб, ўз кабинетида қўлқопларини ечиб турарди. У ахборот берувчи тарбиячи хотинга бир қараб қўйди-да, кулиб юборди.
— Серёжа папирос чекади дейсизми?.. — деди, кифтини қоқиб. — Бўйи бир қарич бола папирос чекса-я… Нечага кирди ўзи, биласизми?
— Еттига. Сизга ҳазил кўринади, бу сира ҳазил эмас. Ёшликдан папирос чекиш зарарли ва ярамас одат, бундай ярамас одатларга тубдан барҳам бериш керак.
— Тўғри айтасиз. Папиросни қаердан оларкан?
— Столингиздан.
— Шунақами? Ундоғ бўлса, бу ёққа чақиринг.
Тарбиячи чиқиб кетгач, Биковский ёзув столи олдида турган креслога ўтириб ва кўзларини юмиб, чекиб турган, тамаки тутунлари ичига кўмилиб кетган Серёжани кўз олдига келтирган эди, кулиб юборди. Шунинг билан бирга, тарбиячининг жиддий ва хавотирланган юзи аллақачонлар ўтиб кетган ва унунтилган замонларни эслатди, у вақтларда мактабда ва уйда тамаки чекилса педагог ва ота-оналарни қандайдир қўрқув босарди. Болаларни роса савалашарди, гимназиялардан ҳайдашарди, тамаки чекишнинг зарарини ва қанақа жиноятлигини на педагог ва на ота-оналар билмасалар ҳам, шундай чораларни қўллаб, болаларнинг умрини зойи ўтказишарди. Ҳатто унча-мунча эсли-ҳушли одамлар ҳам ўзлари билмаган ва тушунмаган жиноятга қарши ўйламай-нетмай курашар эдилар. Евгений Петрович ўзи ўқиган гимназия директорини эслади. У кенг маълумотли ва хуш феъл мўйсафид бўлиб, агар папирос чекиб турган гимназистни кўриб қолса шу қадар қўрқар эдики, ранглари оппоқ оқариб кетарди. Тезда педагоглар кенгашини чақириб, гуноҳкорни гимназиядан ҳайдаш тўғрисида қарор чиқартирарди. Жамиятнинг қонуни ўзи шунақа бўлса керак: ёвузлик қанча номаълум бўлса, унга қарши шунча кескин ва қўпол курашадилар.
Прокурор, гимназиядан чиқарилган икки-уч болани, уларнинг ундан кейинги кўрган умрларини эслади-да, берилган жазо жиноятга қараганда кўпроқ зарар келтиради деган хулосага келди. Тирик жон ҳар қандай шароитга ўзини мослай олиш, тезда кўникиш ва уйғунлашиш қобилиятига эга, йўқса одам ўзининг ўйлаб қилган ҳар бир ишининг тагида ақлсизлик борлигини ва ҳатто педагоглик, ҳуқуқшунослик, адиблик фаолиятларидек оқибати масъулиятли ва даҳшатли фаолиятларда асл ҳақиқатнинг нақадар оз эканлигини ҳар қадамда сезиб туришга мажбур бўлар эди…
Чарчаган ва энди роҳатланаётган мияга келувчи енгил ва ҳавойи фикрлар Евгений Петровичнинг миясида ҳам ўрмалай бошлади, улар қаердан ва нима учун келишини билиб бўлмасди; бу фикрлар мияда бир пас айланишади-да, унинг чуқур бурчакларига кирмай, яна ўрмалашиб чиқиб кетади. Соат сайин, ҳатто кун бўйи ўз амали ва иш атрофидаги фикрлар билан банд бўлган кишилар учун уйга қайтганда келадиган бундай эркин фикрлар бир роҳат…
Оқшом, соат саккиздан ошган. Тепада, иккинчи қаватда кимдир уйнинг у бошидан бу бошига кезиб юрар, учинчи қаватда эса қўшнилар икки кишилашиб рояль чалишар эди. Тепадаги кишининг уй кезиб юриши (унинг тез ва асабийлашиб юриши бирон нарса устида қаттиқ бош қотирганидан ёки тиши оғриганидан дарак берар эди) ва роялнинг бир оҳангда чалиниши сукунатга қандайдир кишини мудратадиган кайфият берар эди. Икки хона нарида жойлашган болалар бўлмасидан тарбиячи билан Серёжанинг овози келар эди.
— Дадам келди! — деб ашула айта бошлади Серёжа. — Да-дам кел-ди! Да! дам! да!
— Votre pere vous oppele, alles vite! — деб қичқирди тарбиячи, худди ҳурккан қушдай чийиллаб. — Сизга айтаман!
«Нима десам экан унга!» деб ўйланиб қолди Евгений Петрович.
Бироқ у бирон нарса ўйлаб топгунча етти ёшларга кирган ўғли Серёжа кабинетга кирди. У шундай эдики, унинг қайси жинсга мансублигини кийимидангина аниқлаш мумкин эди: нимжон, ўзи оппоқ, ориқ… У худди парникда ўсган ўсимликдай нозик бўлиб, ҳаракатлари, жингалак сочлари, кўз боқишлари, бахмал камзиллари ғоятда мулойим ва юмшоқ кўринарди.
У отасининг тиззасига чиқиб, майин товуш билан:
— Салом, дада! — деди-да, бўйнидан ўпди. — Сен мени чақиртирувдингми?
— Кечирасиз, кечирасиз, Сергей Евгеньич, — деб жавоб берди отаси, уни ўзидан нари итариб. — Ўпишдан олдин биз яхшилаб гапиришиб олишимиз керак… Мен сендан хафаман, сени энди яхши кўрмайман. Шуни билиб қўй, ошна, мен сени ёмон кўраман, менга ўғил ҳам эмассан… Хў-ўш…
Серёжа отасига тикилиб қаради, кейин столга ўгирилди-да, елкасини қисди. У таажжубланганидан киприкларини пириллатиб, деди:
— Мен сенга нима ёмонлик қилдим? Мен бугун сенинг кабинетингга бир марта ҳам кирганим йўқ, ҳеч нарсангга ҳам тегмадим.
Наталья Семёновна ҳозир сенинг устингдан менга арз қилди. Папирос чекар эмишсан… Шу гап ростми? Папирос чекадиган бўлдингми?
— Ҳа, рост… Бир марта чекдим-да…
— Ана, кўрдингми, — деди прокурор, илжайишини яшириш учун қовоғини солиб. — Бунинг устига ёлғон ҳам қўшасан! Сенинг папирос чекканингни Наталья Семёновна икки марта кўрипти. Демак, учта ёмон қилиқ билан қўлга тушдинг: папирос чекасан, бировнинг столидан папирос оласан ва ёлғон гапирасан, учта гуноҳ-а!
— Ҳа, ҳа, рост! — деди Серёжа, қилган иши эсига тушиб ва жилмайди, — Рост, буниси рост! Икки марта чекдим: биттасини бугун, биттасини илгари.
— Мана, кўрдингми, демак бир марта эмас, икки марта чекибсан… Мен сендан жуда хафаман! Илгари яхши бола эдинг, энди бузилибсан, ёмон бола бўлибсан.
Евгений Петрович Серёжанинг букилиб қолган ёқасини тўғрилаб қўйди-да, «тағин нима десам экан?» деб ўйлади.
— Яхши эмас, — деб давом этди у. — Мен сендан бунақанги ишларни кутмаган эдим. Биринчидан, бировнинг тамакисини олишга ҳақинг йўқ. Ҳар бир киши фақат ўз молига эга, агар бировнинг нарсасини олса, у… ёмон одам! («Бошқача гапларни айтиш керак эди» деб ўйлади Евгений Петрович). Масалан, дейлик, Наталья Семёновнанинг сандиқ тўла кўйлаклари бор. Сандиқ уники, шунинг учун биз, яъни сен ҳам, мен ҳам, унга тегишга ҳақимиз йўқ, чунки у бизники эмас. Тўғрими? Сенинг тойчаларинг, расмларинг бор… Мен уларга ҳеч ҳам тегмайман-ку! Эҳтимол, менинг ҳавасим келар, бироқ… улар меники эмас, сеники!
— Хоҳласанг ола қол! — деди Серёжа, қошларини чимириб. — Дадажон, уялмасдан олавер. Сенинг столинг устида турган сариқ итча ҳам меники, аммо мен сира индамайман-ку… Тураверсин!
— Гапимга тушунмаётибсан, — деди Биковский. — У итчани сен менга тақдим этгансан, у энди меники, нима қилсам шуни қиламан. Аммо мен сенга тамаки тақдим қилганим йўқ эди-ку! Тамаки меники! («Бутунлай бошқа гапларни гапираяпман!» деб ўйларди прокурор. — «Айтадиган гаплар бу эмас!»). Агар бировнинг тамакисини чеккинг келса энг олдин эгасидан сўрашинг керак…
Биковский, худди болаларга ўхшатиб сўзлашмоқчи бўлиб, гапларини зўрға-зўрға бир-бирига улаб, хусусий мулкнинг нималигини ўғлига тушунтира бошлади. Серёжа дадасининг кўзларидан кўзларини узмай, диққат билан тингларди (у кечқурунлари отаси билан суҳбатлашишни яхши кўрарди), кейин столга ёнбошлаб, узоқни кўра олмайдиган кўзларини қисиб, қоғоз билан сиёҳдонга тикилди. Унинг кўзлари бутун столни кезиб чиққач, елим шишасида тўхтади. Шишани олиб, кўзига яқин келтириб, бирдан:
— Дада, дада, елим нимадан қилинади? — деб сўради.
Биковский шишани ўғлининг қўлидан олиб, столга қўйди.
— Иккинчидан, папирос чекар экансан… Бу жуда ёмон нарса! Мен ҳам папирос чекаман, аммо мен бошқа, сен бошқа. Мен ҳам папирос чекаман-у, бироқ чекканимга пушаймон қиламан, ўзимни ўзим койийман, чунки папирос ёмон нарса… («Жуда уста педагог эканманми!» деб ўйлаб қўйди прокурор). Тамаки кишининг сиҳатини бузади, тамаки чеккан одам олдин ўлади. Сенга ўхшаган ёш болаларга тамаки чекиш айниқса зарарли. Сенинг кўкрагинг ожиз, ҳали етилгани йўқ, ожиз одамлар папирос чекса сил бўлади, бошқа хил касалларга йўлиқади. Ана, Игнатий амакинг ҳам сил бўлиб ўлди. Агар у тамаки чекмаганида балки ҳозир ҳам тирик юрарди.
Серёжа хаёлга ботиб, лампага қаради, бармоғини унинг қалпоғига текизиб, уҳ тортди.
— Игнатий амаким скрипкани яхши чалар эди, — деди у. — Унинг скрипкаси энди Григорьевларникида.
Серёжа яна стол четига ёнбошлаб, хаёлга чўмди. Унинг оппоқ юзида шундай аломат пайдо бўлдики, гўё у бир нарсага диққат билан қулоқ солаётгандай ёки ўз фикрларининг оқишини кузатаётгандай эди. Унинг катта ва бақрайган кўзларида қайғу ва қандайдир қўрқинч акс этарди. Балки у, ўзининг ойиси ва Игнатий амакисини олиб кетган ўлим тўғрисида ўйлаётгандир. Ўлим — оналарни ва амакиларни у дунёга олиб кетаркан-у, уларнинг болалари ва скрипкалари бу дунёда қоларкан. Ўлган одамлар осмонда юлдузларга яқин бир жойда яшаркан, улар у ёқдан ерни томоша қиларканлар. Жудоликка чидай олармикин улар?
«Тағин нима десам экан? — деб ўйларди Евгений Петрович. — Гапимни тингламаяпти, хаёли бошқа ерда. Ўзининг жиноятлари, менинг насиҳатларкмни аҳамиятсиз нарса деб, парво қилмаса керак. Қандай қилиб мен унга тушунтирай?»
Прокурор ўрнидан туриб, кабинетда юра бошлади.
«Илгарилар, ёш бола чоғимда, бундай масалалар жуда осон ҳал қилинарди, — деб ўйлади у. — Папирос чеккан болани савалар эдилар. Журъатсиз ва қўрқоқлари чекишни ташларди, дадилроқ ва ақллироқ болалар калтак егандан кейин тамакини этик қўнжида олиб юриб, боетирмага кириб чекадиган бўларди. Агар бостирмада ҳам қўлга тушиб қолса, яна калтаклашарди, у эса сой бўйига бориб чекарди… то ўсиб улғайгунча шундай қилардилар. Ойим менга папирос чекмасин деб нуқул пул ва конфетлар бериб юрарди. Энди бу воситаларнинг кучи қолмади, ахлоққа ҳам тўғри келмайди. Ҳозирги замон педагоглари эса мантиқ йўлига кириб, гўдак боланинг қўрққанидан, бошқаларга ибратли бўлиш еки мукофот олиш йўли билан эмас, онгли равишда одобли бўлишига тиришадилар».
Евгений Петрович уйни кезиб хаёл сураркан, Серёжа столнинг ёнидан чиқиб, оёқларини стулга қўйди-да, энгашиб сурат солишга киришди. Керакли қоғозларга ва сиёҳга тегмасин деб, столда унга атаб қирқилган қоғоз ва кўк қалам ҳамма вақт турарди. Серёжа уй суратини соларкан, тилини осилтириб:
— Бугун ошпаз хотин карам тўғраб туриб қўлини кесиб олди, деди. Бир бақирдики, ҳаммамиз қўрқиб кетдик, ошхонага югурдик. Вой, тентаг-ей! Наталья Семёновна унга бармоғингни совуқ сувга тиқ деса, у қонини сўради… Кир бармоқни қандай қилиб оғзига тиқар экан-а! Дада, бу беодоблик-ку!
Кеиин, обед маҳалида қўрага шарманкачи билан бир қиз киргани, у қизнинг қўшиқ айтиб музикага ўйинга тушганини сўзлаб берди.
«Бунинг миясида фикрлар бор! — деб ўйлади прокурор, — Бунинг ўз дунёси бор, қайси нарса муҳим, қайсиси муҳим эмас, буни ўзича ҳал қилади. Бунинг диққатини ва онгини жалб этиш учун болаларга ўхшатиб гапириш кифоя қилмайди, у каби ўйлашни ҳам билиш керак. Агар мен ҳақиқатан ҳам тамакини қизғонсам, бундан хафа бўлиб, кў,з ёши қилсам, яхши тушуниб оларди. Болаларни оналардан яхшироқ тарбиялайдиган одам йўқ, чунки улар болалар ҳис қилган нарсани ҳис этадилар, улар билан бирга кулишади, йиғлашади. Мантиқ ва одоб таълими билан ҳеч нарсага эришолмайсан. Хўш, яна нима десам экан бунга? Нима?»
Умрининг ярмини одамларга жазо бериш, жиноятнинг олдини олиш ва ҳоказоларга сарф қилган тажрибали ҳуқуқшунос Евгений Петрович, болага нима дейишини билмай, ўзини йўқотиб қўйганидан таажжубланар ва куларди.
— Менга қара, — деди у, — Бундан буён сира папирос чекмасликка сўз бер.
Серёжа столга яна пастроқ энгашди-да, қалам учини қаттиқ босиб:
— Сўз бе-ра-ман. Сўз бе-ра-ман! Ман! ман!! — деди.
«Сўз беришнинг нималигини ўзи билармикин? — деб сўради ўзидан Биковский — Йўқ, педагоглик қўлимдан келмас экан. Агар биронта педагог ёки ҳамкасбларимдан биронтаси шу топда миямга кириб бир қараб чиқа олса, мени латта дерди ва ҳаддан ортиқ лақиллабди деб гумон қиларди… Чалкаш масалаларни уйда ечиш қийин, мактабда ёки судда жуда осон: бу ерда жонингдек севган одамларга дуч келасан, меҳр эса жуда инжиқ нарса бўлади, масалани чалкаштиради. Агар мана бу бола менинг ўғлим бўлмай, гимназия шогирди ёки айбдор бўлса, мен бунчалик қўрқмасдим, фикрларим ҳам паришон бўлмасди!..»
Евгений Петрович стол ёнига келиб ўтирди-да, Серёжа чизган суратлардан бирини олдига суриб қарай бошлади. Суратда томи қийшайиб кетган уй, мўридан яшиндай қинғир-қийшиқ бўлиб чиқиб, қоғознинг бир бурчагига чўзилган тутун кўринади, уй ёнида солдат турипти, солдатнинг кўзлари ўрнига биттадан нуқта қўйилган, милтиғининг найзаси 4 рақамига ўхшайди.
— Одам уйдан баланд бўлмайди, — деди прокурор. — Мана, бунга қара: солдатнинг елкаси том билан баравар бўлиб қопти.
Серёжа отасининг тиззасига чиқиб, яхши жойлашиб олгунча анча қийналди.
— Ҳеч бир-да! — деди у, суратга қараб. — Солдатни кичкина қилиб солсанг — кўзлари кўринмай кетади.
Бола билан баҳслашиб бўладими? Ўз ўғлига ҳар куни назар солиб юрган прокурор шундай фикрга келдики, ёввойи одамлар сингари, болаларнинг бадиий қарашлари ҳам ўзгача, уларнинг талаблари ҳам ўзларига хос, бунга катта одамлар сира тушунмайди. Диққат билан синчиклаб қараган кишига Серёжа тентак бўлиб кўриниши мумкин эди. У, одамларни уйдан баланд қилиб солишни, буюмлардан ташқари ўз ҳисларини ҳам қалам билан тасвирлашни мумкин деб билади. Масалан, музика овозини у тутунга ўхшатиб солади, ҳуштак товушини бурзлиб-буралиб кетган ипга ўхшатиб чизади… Унинг хаёлида овоз шаклли ва рангли бўлиб кўринади, шунинг учун «Л» ҳарфини ҳамма вақт сариқ, «М» ҳарфнни қизил, «А» ҳарфини қора қилиб бўяйди.
Серёжа сурат солишдан зерикиб, яна ўнғайроқ жойлашиб олди-да, дадасининг соқолига тутинди. Олдин соқолни тиришиб таради, кейин иккига ажратди, икки ёққа қаратиб тарай бошлади.
— Ҳозир Иван Степановичга ўхшаб қолдинг, — деб шивирлади Серёжа. — Мана энди… бизнинг швейцаримизга ўхшадинг. Дада, швейцарлар нимага эшик олдида ўтиришади? Ўғри кирмасин дебми?
Ўғлининг нафаси унинг юзига урарди, юзи билан унинг сочларини силарди, қалби шу қадар илиб, эриб кетган эдики, унга гўё Серёжанинг бахмал камзилини қўли билан эмас, жони билан қучоқлаб олгандай туйилар эди. У, ўғлининг катта-катта қора кўзларига тикилиб қаради, бу кўзларнинг қорачўғида ўзининг онаси, хотини ва бутун севган нарсалари унга қараб тургандай бўларди.
«Буни савалашга қўл борармиди? — деб ўйлади у. — Қандай қилиб жазолайсан болани? Йўқ, бўлмади, бизлар тарбиячи бўлолмас эканмиз. Илгари замонларда одамлар содда, кўп ўйлаб бошларини қотириб юрмас эдилар, масалаларни шартта ҳал қилар эдилар. Биз бўлсак ўйлаганимиз ўйлаган, мантиққа ғарқ бўлиб кетганмиз… Одам қанча ўқимишли ва билимдон бўлса, қанча кўп ўйласа ва таг-тугини суриштираверса, шунча жасоратсиз бўлади, ишга ҳам қўрқа-пуса киришади. Дарҳақиқат, таълим бериш, кишиларни суд қилиш, қалин-қалин китоблар ёзиш учун кишида қанча куч, ирода ва ўзига ишонч бўлиши керак… »
Соат ўнга жом урди.
— Ўғлим, энди бориб ёт, — деди прокурор. — Хайрлашгин-да, бориб ёт.
— Йўқ дадажон, — деди Серёжа, эркалик қилиб. — Тағин бирпас ўтирай. Бир эртак айтиб бер!
— Бўпти, эртак айтиб берганимдан кейин дарров кириб ётасан-а?
Қўли бўш кечалари Евгений Петрович Серёжага эртаклар айтиб берарди. Умри нуқул иш билан ўтадиган кишилар сингари, битта ҳам шеърни ёддан билмас, ҳамма эртаклар ёдидан чиқиб кетган, шунинг учун эртакларни ҳам ҳар сафар ўзи ичидан тўқиб чиқарар эди. Одатда у, «бир бор экан, бир йўқ экан»дан бошлаб, кетини ўзи тўқир эди, бошини айтиб, ўртаси нима бўлади, охирида нима келади, билмас эди. Манзаралар, шахслар тўсатдан тўқиларди, эртакнинг фабуласи ва ундан чиқадиган маъно ҳикоячининг ихтиёрисиз ўз ўзидан келиб чиқарди. Серёжага бунлай тўқималар жуда ёқарди, эртак қанча оддий булиб чиқса, болага шунча таъсир қилиши прокурорга ҳам еқар эди. У кабинетнинг шипига қараб, бошлади:
— Булмаса, эшит. Бир бор экан, бир йўқ экан, бир мамлакатда оппоқ соқоли киндигигача тушган бир кекса подшоҳ бор экан. У подшоҳ ойнадан ясалган саройда яшаркан, сарой каттакон, топ-тоза, офтобда худди яхдай ялтираб тураркан. Саройнинг ўзи ҳатто боғнинг ичида бўлиб, атрофи апельсинлар, олча-пилослар, анорлар билан тўла экан, атир гуллар, лолалар очилиб ётаркан, булбуллар сайраркан… Хў-ўш… Дарахтларнинг шохларига шиша қўнғироқчалар осилган экан, шамол турганда қўнғироқлар шунақанги сайрарканки, уларнинг овози қушларникидан ҳам ўтиб кетаркан. Темирдан кўра шишадан чиққан овоз анча нозикроқ бўлади… Хўш деганимизда… Боғда фонтанлар бор экан… Соня холангнинг боғида кўрган фонтан эсингдами? Подшоҳнинг боғидаги фонтанлар ҳам худди ўшанақа экан-у, аммо каттароқ экан, улардан отилиб чиққан сув терак бўйича келаркан…
Евгений Петрович эртакнинг давомини ичида ўйлаб олди-да, давом этди:
— Қари подшоҳнинг худди сенга ўхшаган кичкина якка, ягона ўғли ва меросхўри бор экан. У жуда яхши бола экан. Сира хархаша қилмас экан, эрта ётиб ухларкан, стол устидаги нарсаларга тегмас экан ва… хуллас, жуда ақлли бола экан-да. Унинг биргина ёмон одати бор экан; папирос чекаркан…
Серёжа кўзларини дадасининг кўзларига тикиб, диққат билан тинглар эди. Прокурор эртакни давом эттириб «Буёғи нима бўлади?» деб ўйларди. У анчагача эзмаланиб ва чўзиб, ахир эртакни тамом қилди:
— Шаҳзода папирос чекавериб, ахир сил бўпти, йигирма ёшга кирганда ўлипти. Қариганидан букчайиб қолган чол мададсиз қолипти. Душманлар келиб, чол подшоҳни ўлдиришипти, саройини бузиб юборишипти. Боғда энди ҳеч нарса қолмапти, гилослар ҳам, булбуллар ҳам, қўнғироқлар ҳам қолмапти. Мана шунақа ишлар, оғайни…
Эртакнинг бу хилда тугаши Евгений Петровичнинг ўзига кулгили ва ғайритабиий кўринди, бироқ Серёжага қаттиқ таъсир қилди. Унинг кўзларида яна қандайдир қайғу билан қўрқинч пайдо бўлди: у, қоп-қоронғи деразага бир пас қараб турди-да, бир сесканиб тушиб, бўғиқ бир овоз билан:
— Энди сира ҳам папирос чекмайман… — деди.
У ҳайратланиб ўз бўлмасига чиқиб кетгандан кейин, Евгений Петрович кабинетнинг у бошидан бу бошига юриб, ўзидан ўзи жилмайиб:
«Буни эшитган одам болага гўзал эртак, бадиий сўзлар таъсир қилди деб ўйлайди. Балки шундайдир, аммо бу йўл нотўғри йўл. Бу нотўғри восита. Одоб ва ҳақиқатни яланғоч ҳолида эмас, алламабалоларга ўхшатиб, устига шакар сепиб, либос кийдириб кўрсатишнинг нима кераги бор? Бу нотўғри… Сохтачилик… Ҳийлагарлик бу…» деб ўйлади ўзича.
У албатта, «нутқ» сўзлаши керак бўлган суд амалдорларини, тарихни фақат эртак ва тарихий романлардан билиб олган кишиларни, ҳаёт маъноларини ваъз ва қонунлардан эмас, масаллардан, романлардан, байтлардан ўзлаштириб олган ўзини ҳам тилга олди.
«Дори ширин бўлиши, ҳақиқат эса гўзал бўлиши керак… Бу аҳмоқона фикрни инсон ҳазрати одам замонидан бери ўзига сингдириб келади… Балки… бу табиийдир, балки шундай бўлмоғи керакдир… Фойдали пуч хаёллар, ёлғонлар табиатда озми…»
У ишламоқ учун стол ёнига келиб ўтирди, бироқ хонаки ялқов фикрлар анчагача унинг миясида кезиб юрди. Учинчи қаватда рояль товушлари тинган, бироқ иккинчи қават эгаси ҳамон уйнинг у бошидан бу бошига кезиб юрарди…
О. Раҳимий таржимаси