Тун. Ўн уч яшар дастёр қиз Варька бола ётган беланчакни тебратади ва эшитилар-эшитилмас минғирлайди.
Алла айтай сенга-ё,
Алла қўзим, алла-ё…
Санам олдига шамчироқ ёқилган, уйнинг у бурчагидан бу бурчагига тортилган арғамчига йўргак латта ва катта қора шимлар осилган. Чироқ шуъласидан шипга катта доира шаклидаги кўкимтир доғ тушиб турипти. Шим ва латталар печкага, беланчакка, Варькага узун-узун соя солган… Чироқ липиллаганда шипдаги доғ билан сояларга жон кириб, шамолдан силкинаётгандай қимирлайди. Уй дим. Ҳамма ёқни карам шўрва, чарм ва мум ҳиди тутиб кетган.
Бола йиғлаяпти. У аллақачонлар ҳолдан кетиб товуши бўғилиб қолган бўлса ҳам, биғилламоқда, ҳали бери овунадиганга ўхшамайди. Варькани уйқу босиб, кўзлари юмилмоқда. Бўйни толиб, боши ерга оғиб боради. На қовоғини қимирлата олади, на лабларини. Назарида юзи қовжираб, тарашадай қотган, боши тўғноғичнинг бошидай кичкина бўлиб қолганга ўхшайди.
Алла қўзим, алла-ё,
Сенга ош пишира-ё…
деб минғирлайди у.
Печкада чигиртка чириллайди, нариги уйда хўжайини ва унинг шогирди Афанасий ҳуррак тортади… Беланчак нолигандай ғижирлайди. Варька минғирлайди. Буларнинг ҳаммаси қўшилиб аллаловчи тун музикасига айланадики, бу музикани ўринга ётиб эшитганда ҳузур қилади киши. Бу музика Варьканинг ғашига тегади, чунки уйқусини келтиради, ухлаш эса мумкин эмас. Худо кўрсатмасин, агар ухлаб қолса борми, хўжайини уриб ўлдиради.
Чироқ липиллайди, шипдаги доғ, сояларга жон кириб, Варьканинг ярим очиқ ҳаракатсиз кўзига суқилгандай бўлади… Унинг мудраётган миясида алақ-чалақ тушга айланади. Варька осмонда бир-бирини қувлашиб, боладай йиғлаётган қора булутларни кўради. Бирдан ел эсиб, булутлар ғойиб бўлди ва суюқ лой билан қопланган кенг тош йўл пайдо бўлади, йўлдан аравалар ўтмоқда, унинг орқасидан тугун кўтарган одамлар бормоқда, нотайин кўланкалар елиб юрмоқда: йўлнинг икки томонида совуқ туман қоплаган ўрмон зўрға кўзга чалинади. Бирдан ҳалиги одамлар тугунлари ва соялар билан ўзларини ерга ташлаб суюқ лойга ётишади. — «Нега бундай қилдинглар?» — деб сўрайди Варька. — «Ухлаймиз, ухлаймиз», — дейишади улар. Маст ва ширин уйқуга кетишади. Қарғалар, зағизғонлар телеграф симларига қўниб, худди йиғлаётган боладай қичқиришиб, ҳалигиларни уйғотишга уринишади.
— Алла айтай сенга-ё, алла қўзим алла-ё… — деб минғирлайди Варька ва ўзини қоронғи, дим уйда кўради. Ерда унинг отаси раҳматлик Ефим Степанов тўлғанаётир, қиз уни кўрмайди-ю, лекин оғриққа чидолмай, ағнаётганини ва инграшини эшитади. Унда, унинг ўз таъбири билан айтганда «Грижа касали авж қиляпти». Оғриқ шу қадар кучлики, бир оғиз сўз айтишнинг иложини қила олмай энтикади, инграйди.
Онаси Пелагея югурганича хўжайиннинг ҳовлисига Ефим ўлай деяпти, деб айтгани кетган. Унинг кетганига хийла вақт бўлиб қолди, кела қолса ҳам бўлар эди. Варька печь устида уйғоқ ётиб, отасининг «оҳ-воҳига» қулоқ солади. Мана, аравада кимнингдир келиб тўхтагани эшитилди, хўжайин, уйига шаҳардан меҳмон бўлиб келган ёш докторни юборипти. Доктор уйга кирди, уни қоронғида кўриб бўлмаса ҳам йўталгани ва эшикни ёпгани эшитилди.
— Чироқ ёқинг, — деди у.
— Уҳ-уҳ-уҳ, —деб жавоб қилди Ефим.
Пелагея ирғиб печка ёнига келиб гугурт қутисини излайди. Бир дақиқа жим қолишди. Доктор чўнтагини кавлаб, ўз гугуртини ёқди.
— Ҳозир, тақсир, ҳозир, — деб Пелагея югурганича уйдан чиқиб кетди-да, бироздан сўнг шам қолдиғини ёндириб кирди.
Ефимнинг икки юзи яллиғлаб, кўзлари ярақлаб турибди. Айниқса кўз қараши шундай ўткирки, уйни ва докторни тешиб юбормоқчи бўлгандек тикилади.
— Хўш, нима бўлди? — деди доктор энгашиб — Эҳе! Қачондан бери шундай бўлиб қолди?
— Нима дедингиз? Ўлай деяпман, жаноби олийлари, куним битган… тузалмайман…
— Қўй, қўй бемаза гапингни… даволаймиз!
— Билганингизни қилинг, жаноби олийлари, қуллуқ, фақат биз шуни биламизки… ажал тикилиб келса, чора йўқ.
Доктор чорак соатча Ефимнинг у ёқ бу ёғини кўрди; сўнг ўрнидан туриб:
— Қўлимдан ҳеч нарса келмайди… Касалхонага боришинг керак, у ерда операция қилишади. Ҳозирнинг ўзида бор… Албатта, бор! Вақт бироз кеч, касалхонадагиларнинг ҳаммаси ухлаб қолишгандир. Лекин майли, мен тўрт эллик хат ёзиб бераман. Уқдингми?
— Тақсир, нимада боради? Бизда арава йўқ, — деди Пелагея.
— Ҳеч қиси йўқ, мен хўжайинларга айтиб кўраман, арава беришади.
Доктор кетди. Чироқ ўчиб яна ҳалиги «оҳ-воҳ…» эшитилади. Ярим соатдан кейин кўча эшиги олдига арава юборишипти, Ефим ўрнидан туриб, кийиниб, касалхонага жўнади…
Тонг отди, мусаффо эрталабки пайт. Пелагея уйида йўқ; у Ефимнинг ҳолини билгани касалхонага кетган. Қаердадир йиғлаётган боланинг овози келади. Варьканинг қулоғига кимнингдир унинг товуши билан болани аллалаётгани эшитилади.
— Алла қўзим алла-ё, алла айтай сенга-ё…
Пелагея қайтиб келди; чўқинди ва пичирлаб:
— Кечаси операция қилишган экан, эрталаб жон берипти… Жойи жаннатда бўлсин… Кечроқ ҳаракат қилибсизлар дейишди… Эртароқ олиб борганда бўлар экан.
Варька ўрмонга бориб ўша ерда йиғлаб ўтирди, бирдан биров унинг бўйнига шундай мушт урдики, қизнинг пешонаси бориб қайинга тегди: кўзини очиб, олдида хўжайини — этикдўзни кўрди.
— Бу нимаси, лаънати? — деди у, — бола йиғласин-у, сен ухлагин!
У яхшилаб қизнинг қулоғидан чўзди. Қиз бошини силкиганича бешик тебратиб, минғирлаб алласини айтади. Шипдаги доғ ва ёйиғлик шим, йўргак латталаридан тушиб турган соялар тебраниб, липиллаб яна унинг миясини банд қилди, у яна ҳалиги суюқ лой билан қопланган йўлни кўрди. Тугун кўтарган одамлар ва соялар ётиб, қаттиқ уйқуга кетган. Уларни кўриб Варьканинг ҳам жуда ухлагуси келади. Ўзига қолса-ку, жон деб ётарди-я, лекин онаси Пелагея ёнида кетмоқда, у тезроқ юр деб шоширмоқда. Иккови ҳам жадаллаб шаҳарга кетишяпти, ишга киришмоқчи:
— Худо йўлига бироз ҳайр қилинглар! — деб онаси йўловчилардан садақа сўрайди, — Худо хайрингизни берсин, яхшилар!
— Бер, болани бу ёққа! — деб қичқиради унга жаво-бан таниш бир овоз, — бер болани бу ёққа! — дейди яна ҳалиги овоз, қаттиқроқ ва жаҳл билан, — ухлаяпсанми, касофат?
Варька чўчиб кетади, у ёқ бу ёғига қарайди, на тош йўл бор, на Пелагея ва на йўловчилар; боласини эмизгани кирган бекаси уйнинг ўртасида турипти, бу барваста хотин болани овутиб, эмизиб бўлгунча Варька кутиб туради. Дераза ғира-шира ёришиб, шипдаги доғ ва соялар хиралашиб боради. Бир оздан кейин тонг отади.
— Ол! — деди бека, кўйлагининг тугмасини сола туриб, — йиғлаяпти, кўз текканга ўхшайди.
Варька болани олиб, беланчакка ётқизиб яна тебратади. Соялар, шипдаги доғ аста-аста йўқолади ва қизнинг кўзини тиндириб, миясини гангитадиган нарса қолмайди. Лекин ҳали ҳам аввалгича уйқу босиб келмоқда, ҳамон уйқуси келади! Варька бошини беланчакнинг бир четига қўйиб, уйқусини қочириш учун бутун гавдаси билан тебранади. Кўзи юмилиб, боши оғирлашади.
— Варька, печкага олов ёқ! — деди хўжайини нариги уйдан туриб.
Демак ўрнидан туриб, иш бошлайдиган вақт бўлипти. Варька беланчакни қўйиб ўтин келтириш учун саройга қараб югуради. У хурсанд, чунки югуриб иш қилиб юрганда бир жойда ўтиргандай уйқу келмайди. У ўтин келтириб, олов ёқаркан, қотиб қолган юзлари юмшаб, руҳи енгиллашгандай бўлади.
— Варька, самовар қўй! — деб қичқиради бекаси. Варька тутантириқ қилиб то уни ёндириб самоварга ташлагунча бекаси яна:
— Варька, хўжайиннинг калишини ювиб қўй, — деб буйруқ беради.
У ерга ўтириб, калишни ювар экан, шу катта ва чуқур калишга бошингни тиқиб, бир пастгина мизғиб олсанг қандай яхши бўларди, деб ўйлайди. Бирдан калиш шишиб кенгайиб уйдай катта бўлиб қолди. Варьканинг қўлидан чўткаси ерга тушиб кетди. Варька дарҳол бошини силкиб, кўз олдидаги нарсалар катталашиб, ҳаракатланмасин деб кўзларини каттароқ очишга тиришди.
— Варька, зинани ювиб қўй, мижозлар келса уят қилади.
Варька зинани ювади, уйларни йиғиштиради, сўнг инкинчи печкани ёқади ва боққоллик дўконига қараб югуради. Иш кўп, бирон дақиқа бўш вақт йўқ.
Лекин ҳаммасидан ҳам ошхонадаги катта стол ёнида туриб бир жойдан қимирламай картошка артишдан оғир иш йўқ. Боши столга оғиб боради, картошка жимирлашиб, пичоқ қўлдан тушади, енгларини шимарган, семиз, баджаҳл бека бўлса атрофда шанғиллаб юради. У шундай қаттиқ сўзлайдики, унинг овози қулоғингда жаранглаб туради. Яна кир ювиш, иш тикиш, овқат вақтида хизмат қилиб туриш ҳам ўлгудай машаққат, шундай вақтлар бўладики, ҳеч нарсага қарамай полга ётиб ухлагинг келади.
Кеч киради, Варька деразадан қоронғи тушаётганини кўриб, қотиб бораётган чаккаларини икки қўли билан қисади ва нимага хурсанд бўлаётганини ўзи ҳам билмай кулимсирайди. Қоронғи унинг мудроқ кўзларига хуш ёқиб, уйқудан дарак бераётгандай бўлади. Кечқурун уйга меҳмон келади.
— Варька, самовар қўй! — дейди бекаси
Самовар кичкина бўлганидан меҳмонлар чойга қонгунча уни беш марта қайнатишга тўғри келади. Чойдан кейин Варька соатлаб бир жойдан қўзғалмай, меҳмонларга қарайди ва хўжайиннинг амрини кутади.
— Варька, югур, уч шиша пиво олиб кел.
У жойидан сакраб туради ва уйқусини ўчириш учун илдамроқ югуради.
— Варька, бор, арақ олиб кел! Варька, парма қаерда? Варька, балиқни тозала!
Ниҳоят меҳмонлар кетишади, чироқларни ўчириб, хўжайинлар ётишади.
— Варька, болани тебрат! — деган сўнгги буйруқ эшитилади.
Печкада чигиртка чириллайди; шипдаги доғ, ёйиғлик шим ва йўргак латталардан тушиб турган соялар лип-лип қилиб яна Варьканинг очиқ кўзига суқилади, уни гангитади.
— Алла айтай сенга-ё, — деб минғиллайди у, — алла қўзим алла-ё…
Бола йиғлай-йиғлай қотиб қолади. Варька яна ҳалиги катта лой тош йўлни, тугун кўтарган одамларни, Пелагеяни, отаси Ефимни кўради. У ҳаммани танийди, ҳаммасини тушунади-ю, лекин карахт қилиб, унинг қўл-оёғини боғлаб қўйган, яшашга монелик қилаётган бу куч қанақа эканлигига чала уйқу ичида сира тушунолмайди. У ана шу кучдан қутулиш учун у ёқ бу ёғига қарайди. Лекин уни тополмайди. У ниҳоят чарчаган ҳолда ўзининг бутун кучини, сезгисини тўплаб шипдаги липиллаётган доғга тикилади ва йиғи овозига қулоқ солиб яшашга монелик қилаётган душманни топади.
У душман — бола экан.
Қиз кулиб юборади, нега шунча кундан буён шу арзимаган нарсани тушунолмай юрган экан? Шипдаги доғ, соялар ва чигиртка ҳам ҳайрон бўлиб унга қўшилиб, кулаётгандай туйилади.
Шу хаёл Варькани бутунлай чулғаб олади, у ўрнидан туриб, илжайганича кўзларини юммасдан, уйнинг у бошидан бу бошига юради. Қўл-оёғига кишан бўлиб турган боладан ҳозир қутуламан деган хаёл уни қитиқлайди, хурсанд қилади. Болани ўлдиради-ю, кейин ҳузур қилиб ухлайди.
У кулиб, кўзларини қисиб, шипдаги доғга қараб, бармоғи билан таҳдид қилади, аста беланчак ёнига боради ва энгашиб болани бўғади; кейин дарҳол полга ётиб ухлашнинг иложи топилганидан беҳад севинади ва бир дақиқадан сўнг ўликдай ухлаб қолади.
Зумрад таржимаси