Бу воқианинг тафсилоти анча узун. Аввал Пашка онаси билан ёмғирда ивиб, гоҳ экини ўриб олинган даладан, гоҳ этигига сариқ барглар ёпишадиган ўрмондаги сўқмоқ йўлдан тонг ёришгунча юрди. Кейин эшикнинг очилишини кутиб, қоронғи даҳлизда икки соатга яқин турди. Даҳлиз ҳовлидан кўра иссиқроқ ва зах эмас эди-ю, лекин шамол турганда ёмғир томчилари бу ерга ҳам урарди. Даҳлиз аста-секин одам билан тўлганда, сиқилиб қолган Пашка аллакимнинг балиқ иси анқиб турган пўстинига юзини қўйиб, мудраб олди. Лекин лўкидон шарақлади-да, эшик очилиб, Пашка онаси билан қабулхонага кирди. Бу ерда яна узоқ кутишга тўғри келди. Ҳамма беморлар скамейкаларда қимир этмай, жим ўтирарди. Пашка уларни кўздан кечирар, жуда кўп ғалати ва қизиқ нарсани кўраётган бўлса ҳам индамас эди. Фақат бир гал қабулхонага аллақандай ўспирин бола бир оёқлаб, ҳаккалаб кирганда, Пашканинг ўзи ҳам худди шундай ҳаккалагиси келди. У онасининг тирсагига туртди, оғзини енгига қилиб, пиқиллаб кулди-да:
— Ойи, қаранг: чумчуқ! — деди.
— Жим тур, ўғлим, жим тур! — деди онаси. Кичик дарчада, ухлайвериб шишиб кетган, фельдшер кўринди.
— Қани, ёзилинглар! —деди у йўғон овоз билан. Ҳамма, шу жумладан, ҳаккалаб юрувчи қизиқ бола ҳам дарчага яқин келди. Фельдшер ҳар бир кишидан исмини, отасининг исмини, ёшини, турар жойини, қачондан бери бетоблигини ва ҳоказоларни сўради. Пашка онасининг берган жавобидан ўзининг исми Пашка эмас, Павел Галактионов эканини, ёши еттидалигини, саводсиз ва пасхадан буён бетоблигини билиб олди.
Ёзилиб бўлгандан кейин бироз тиқка туришга тўғри келди; қабулхонадан оқ фартук кийган, белини сочиқ билан бойлаган доктор ўтди, ҳаккалаб юрувчи бола ёнидан ўтиб кетатуриб, елкасини қисди ва оҳангдор овоз билан:
— Тентак экансан-ку! Тентак бўлмасанг шунақа қилармидинг? Душанба куни келгин десам, жума куни келиб ўтирибсан. Менга деса сира келма, лекин оёқдан айрилиб қоласан-а, тентак! — деди.
Боланинг башараси худди садақа сўрайдигандек қайғули тус олди, кўзларини пириллатиб:
— Бир яхшилик қилинг, Иван Миколаич! — деб ялинди.
— Иван Миколаичмиш! — деди доктор, уни мазах қилиб. — Душанба куни келгин деган эдим, айтганимни қилишинг керак эди. Аҳмоқнинг ўзгинаси экансан-ку!..
Қабул бошланди. Доктор хонасида ўтириб беморларни навбатма-навбат чақиради. Хонадан чинқириқ, боланинг йиғлагани ёки докторнинг аччиғланиб:
— Ҳа, нега бўкирасан? Мен сени сўйяпманми? Жим ўтир! — дегани эшитилади.
Пашкага навбат етди.
— Павел Галактионов! — деб чақирди доктор. Онаси гўё бу чақирувни кутмагандек ҳуши оғиб қолди ва Пашанинг қўлидан ушлаб, хонага олиб кирди. Доктор стол ёнида, қалин китобни болғача билан беихтиёр уриб ўтирарди.
— Қаеринг оғрийди? — деб сўради у кирганларга ҳам қарамай.
— Боланинг тирсагига яра чиққан, отахон, — деб жавоб берди онаси, унинг юзи шундай ўзгардики, Пашканинг яраси уни ҳақиқатан жуда хафа қилгандай эди.
— Ечинтир!
Пашка пишиллай-пишиллай бўйнидаги рўмолни ечди, кейин енги билан бурнини артди-да, пўстинини еча бошлади.
— Эй хотин, меҳмонга келганмисан! — деб тўнғиллади доктор. — Мунча имилламасанг? Сендан бошқа қараб турганлар ҳам кўп!
Пашка шоша-пиша пўстинини ечиб ерга ташлади-да, онасининг ёрдами билан кўйлагини ечди. Доктор эринчоқлик билан унга қаради ва яланғоч қорнига шапиллатиб уриб қўйди.
— Пашка оғайни, тоза қорин солибсан-ку, — деди у, чуқур нафас олиб.
— Қани, тирсагингни кўрсат-чи.
Пашка қонли жомга кўз қирини ташлади, докторнинг фартугига қаради-да, йиғлаб юборди.
— Ии-и! — деб мазах қилди доктор. — Уйлантирадиган бўлиб қолипти-ю, бўкиришини қара-я! Уялмайдиям.
Пашка йиғламасликка уриниб, онасига қаради, унинг бу боқишида: «Уйга борганда касалхонада йиғлаганимни айтиб юрма, тағин!» деган ўтинч бор эди.
Доктор унинг тирсагини қаради, эзиб кўрди, чуқур нафас олди, лабларини чўпиллатиб қўйди-да, яна эзиб кўрди.
— Қанақа хотинсан ўзинг, — деди у. — Нега илгарироқ олиб келмадинг? Қўлдан айрилиб қолай депти-ю! Кўзинг борми, ўзи, тентак, бунинг бўғини касал!
— Буни сиз яхши биласиз, отахон… — деб уҳ тортди хотин.
— Отахон эмиш… Боланинг қўлини йиринглатиб юборибсан-у, яна отахон дейсан. Қўлсиз нимага ярайди? Ўла-ўлгунча сенга дардисар бўлади. Бурнингга иссиғлиқ тошса-ку, ўзинг касалхонага югурасан. Болани бўлса ярим йилдан буён азобга қўйибсан. Ҳаммангиз ҳам шунақа!
Доктор папирос тутатди. Папиросни чекиб бўлгунча хотинни койиди, хаёлида куйлаётган қўшиқ оҳанггига мослаб бошини чайқаб, алланарсалар ҳақида ўйлаб ўтирди. Докторнинг олдида яланғоч турган Пашка унинг гапига қулоқ солар, папирос тутунига қарарди. Папирос ўчгандан кейин доктор уйғонгандек бошини кутарди-да, аввалгидан кўра секинроқ гапира бошлади:
— Менга қара, аёл. Буни мой ёки дори билан даволаб бўлмайди. Уни касалхонада қолдириш керак.
— Қолдириш керак бўлса, отахон, қолдирмай нима қилардик?
— Биз уни операция қиламиз. Сен-чи, Пашка, шу ерда қол, — деди доктор Пашканинг елкасига қоқиб. — Ойинг кетаверсин, сен билан икковимиз шу ерда қоламиз, оғайни. Менинг малиналарим пишган, оғайни! Икковимиз-чи, Пашка, ишимизни битирганимиздан кейин саъва тутгани борамиз, мен сенга тулкини кўрсатаман! Меҳмондорчиликка борамиз! Хўпми? Ойинг эртага келиб олиб кетади! Хўпми?
Пашка онасига савол назари билан қаради.
— Қола қол, ўғлим! — деди у.
— Қолади, қолади! — деди доктор хушчақчақлик билан. — Гапириб ўтириш ҳам ортиқча! Мен унга тирик тулкини кўрсатаман! Ярмаркага бирга бориб обаки оламиз! Марья Денисовна, юқорига олиб чиқинг!
Доктор хушчақчақ, кўнгилчан кишига ўхшайди, шерик топилганига хурсанд кўринади; Пашка унинг сўзини ерда қолдирмоқчи эмас, бунинг устига умрида ярмаркага бормаган, тирик тулкини кўриш иштиёқи ҳам зўр, лекин онасиз қандай қилади? Бироз ўйлаб кўргач, у доктордан онасини ҳам касалхонада қолдиришни сўрамоқчи бўлган эди, лекин оғзини очишга ҳам улгурмай қолди, фельдшер хотин уни етаклаб зинадан чиқиб кетди. Пашка оғзини очиб, атрофга аланглаб борарди. Зина, пол ва кесакилар баҳайбат, ёруғ, сариқ рангга бўялган бўлиб, ҳаммасидан ўсимлик мойининг ёқимли ҳиди келиб турарди. Ҳамма жойга лампа осилган, поёндоз тўшалган, деворлардан мис жўмраклар чиқиб турарди. Пашкага ҳаммасидан ҳам ўзини ўтқазиб қўйишган кровать билан кулранг ғадир-будир адёл ёқди. У ёстиқни, адёлни ушлаб кўрди, палатани кўздан кечириб чиқди-да, доктор яхши яшаркан, деган фикрга келди.
Палата у қадар катта эмас, учта кровать қўйилган эди. Кроватнинг биттаси бўш, иккинчисини Пашка эгаллади, учинчисида эса тўхтовсиз йўталиб, кружкага туфлаётган қовоғи солиқ чол ўтирарди. Пашканинг кровати турган жойдан — эшикдан қарасанг бошқа палатанинг икки кровать турган бир қисми кўринарди: кроватнинг биттасида бошига каучук пуфак қўйилган аллақандай рангсиз, ориқ киши ётарди; иккинчисида хотинга ўхшаган, боши боғланган мужик қўлларини ёйиб ўтирарди.
Фельдшер хотин Пашкани ўтқазиб чиқиб кетди ва бироздан кейин бир қучоқ кийим кўтариб кирди.
— Бу сенга, — деди у. — Кийиб ол.
Пашка ечинди ва суюниб янги кийимларни кия бошлади. Кўйлак-иштонни ва кулранг чопонни кийиб олгач, ўзини мамнуният билан кўздан кечирди ва шу кийимда қишлоқни бир айланиб чиқсам ёмон бўлмас эди, деб ўйлади. Унинг тасаввурида онаси уни дарё бўйидаги полизга чўчқа боласи учун карам барги юлиб келишга юборади; у югуриб кетади, ўғил ва қиз болалар уни қуршаб олишади, унинг чопонини кўриб ҳаваслари келади.
Палатага иккита ёғоч товоқ, қошиқ ва икки бурда нон кўтарган энага кирди. У товоқнинг биттасини чолнинг, иккинчисини Пашканинг олдига қўйди.
— Е! — деди у.
Пашка товоққа қараса, ёғлиқ карам шўрва ва бир бўлак гўшт бор экан. У, яна, доктор яхши яшар экан, ўзи ҳам биринчи кўринишдагидек сержаҳл эмас экан, деб ўйлади. У ҳар хўплашда қошиқни ялаб, карам шўрвани узоқ ичди; кейин товоқда гўштдан бошқа ҳеч нарса қолмагач, чолга кўз қирини ташлади ва унинг ҳамон шўрва ичаётганини кўриб ҳаваси келди. У чуқур нафас олди-да, гўштни секин-секин ея бошлади, лекин унинг бутун ҳаракатлари бекор кетди: бир пасда гўштни ҳам еб қўйди. Фақат озгина нон қолди холос. Ноннинг қуруқ ўзини ейиш мазали эмас, лекин бошқа илож йўқ. Пашка ўйлаб кўрди-да, нонни ҳам еб қўйди. Шу вақт энага яна товоқ кўтариб кирди. Бу гал товоқда картошка солинган қовурдоқ бор эди.
— Нонинг қани? — деб сўради энага.
Пашка жавоб бериш ўрнига лунжини шиширди ва нафасини пуфлаб чиқарди.
— Нега еб қўйдинг? — деди энага койиб. — Қовирдоқни нима билан ейсан?
У чиқиб кетди ва яна бир бурда нон олиб келди. Пашка умри бино бўлиб қовирилган гўшт емаган эди. Ҳозир уни еб кўриб, жуда мазали экан деган хулосага келди. Қовирдоқ дарров тамом бўлди. Қовирдоқни еб бўлганда, карам шўрвадан кейин ортган нондан сал каттароқ нон қолди. Чол овқатланиб бўлиб, қолган нонини стол тортмасига яшириб қўйди; Пашка ҳам худди шундай қилмоқчи бўлди-ю, бироз ўйлаб кўргач, еб қўя қолди.
Қорни тўйгандан кейин сайр қилишга чиқди. Қўшни палатада боя кўрганидан бошқа яна тўрт киши бор эди. Улардан фақат биттаси унинг диққатини ўзига тортди. Бу новча, маъюс, сержун юзли ўтакетган ориқ бир киши эди; у кроватда ўтирар, бошини соат капкири сингари қимирлатар ва ўнг қўлини тинмай силкитарди. Пашка анчагача ундан кўзини узмади. Мужикнинг соат капкири сингари бир меъёрда бош силкиши унга аввал жуда қизиқ бўлиб, ҳамманинг вақти хушлиги учун қилинаётгандек туйилди. Лекин мужикнинг юзига синчиклаб қараб, оғир касалга мубтало эканини англагач, уни ваҳима босди. Учинчи палатага кирган эди, лой суртиб қўйилганга ўхшаган тўқ қизил юзли икки мужикни кўрди.
Улар кроватларда қимир этмай ўтирарди, оғиз-бурунни ажратиш қийин бўлган ғалати юзли бу мужиклар мажусийларнинг худосига ўхшарди. Пашка энагадан:
— Хола, нега улар бунақа?—деб сўради.
— Чечак чиққан уларга, йигитча, — деди энага. Пашка палатасига қайтиб, кроватга ўтирди ва бирга саъва тутгани ёки ярмаркага боргани докторни кута бошлади. Лекин доктор келавермади. Қўшни палата эшигида фельдшер кўринди. У бошига халтага муз солиб қўйилган бемор тепасига келиб энгашди-да:
— Михайло! — деб қичқирди.
Ухлаб ётган Михайло қимир этмади. Фельдшер қўлини силтади-ю чиқиб кетди. Пашка докторни кутиб ўтирар экан, қўшни чолни кўздан кечира бошлади. Чол тинмай йўталар ва кружкага тупурарди; у чўзиб-чўзиб, хириллаб йўталарди. Пашкага чолнинг бир қилиғи ёқди: йўталаётиб нафас олганида, кўкрагида алланарса ҳуштак чалар ва турли овозлар чиқариб қўярди.
— Бува, ичингда ҳуштак чалаётган нима? — деб сўради. Пашка.
Чол жавоб бермади. Пашка бироз кутиб:
— Бува, тулки қаерда? — деб сўради.
— Қанақа тулки?
— Тирик тулки.
— Қаерда бўларди? Ўрмонда бўлади-да.
Анча вақт ўтди, лекин доктор ҳамон келмади. Энага чой олиб кирди, чой билан ичишга нон қолдирмагани учун Пашкани койиди; фельдшер яна бир бор келди ва Михайлони уйғотишга уриниб кўрди; деразадан қоронғилик кўрина бошлади, палаталарда чироқ ёқилди, доктордан эса ҳамон дарак йўқ эди. Энди кун кеч, ярмаркага ҳам, саъва тутишга ҳам бориб бўлмайди Пашка кроватига чўзилиб ётди-да, ўйлай бошлади. У доктор ваъда қилган обакини, онасини, унинг овозини, кулбаларининг қоронғилигини, печкани, эзма кампир Егоровнани эслади… Эслади-ю, бирдан кўнгли бузилиб, юраги ғаш бўлди. Эртага онасининг олиб кетгани келишини эслаб, жилмайди-да, кўзини юмди.
Шитирлаган товуш уни уйғотиб юборди. Қўшни палатада кимдир юрар, шивирлаб гапирарди. Шамларнинг шуъласида Михайлонинг кровати ёнида уч одамнинг уймалашиб юргани кўринарди.
— Кровати билан олиб чиқамизми ё шундайми? — деб сўради улардан бири.
— Шундай. Кровать билан олиб ўтиб бўлмайди. Жойинг жаннатда бўлгурнинг бемаҳал ўлганини қаранг!
Бири — Михайлонинг елкасидан, иккинчиси — оёғидан ушлаб кўтарди: Михайлонинг қўли ва чопонининг этаги осилиб қолди. Учинчиси — хотинга ўхшаш мужик — чўқинди, кейин уччаласи оёқларини тапиллатиб, Михайлонинг этагини босиб-босиб платадан чиқишди.
Ухлаб ётган чолнинг кўкрагидан ҳуштак чалган, куйлаган овоз эшитиларди. Пашка қулоқ солиб турди, кейин қоронғи деразага қараган эди, юрагини ваҳима босиб, кроватидан сакраб турди.
— О-о-ой-и-и! — деб бақирди.
Бақириб юборди-ю, жавоб кутмай қўшни палатага югурди. Шамнинг нури хонанинг қоронғи бурчакларини ғира-шира ёритиб турарди: Миколанинг ўлимидан безовта бўлган беморлар кроватларида ўтирарди; сочлари тўзғиган, ўз соялари билан чалкашиб кетган бу одамлар савлатли ва новча бўлиб кўринар, борган сайин катта бўлаётгандек туйиларди; энг қоронғи бурчакда турган чеккадаги кроватда мужик боши ва қўлини силкитиб ўтирарди.
Пашка қайси эшикни очишини ўйлаб ўтирмай, чечак касаллари ётган палатага ўзини урди, у ердан йўлакка чиқиб, йўлакдан кроватларда узун сочли, кампир қиёфадаги баҳайбат махлуқлар ўтирган ва ётган катта хонага отилиб кирди. Хотинлар бўлимидан ўтгач, у яна йўлакка чиқиб қолди, таниш зинани кўриб, чопқиллаб пастга тушди. Шу ерга келганда ўзи ўтирган қабулхонани кўрди, ташқари чиқиладиган эшикни қидира бошлади.
Лўкидон шарақлади, совуқ шамол юзига урилди, Пашка қоқила-суқила ҳовлига отилиб чиқди. У фақат бир нарсани — қочишни ўйларди, холос! Йўлни билмасди, лекин агар чопиб кетаверса, албатта уйга, ойисининг олдига етиб боришига ишонарди. Булутли тун эди, лекин булут орасидан ой нур сочиб турарди. Пашка пиллапоядан чиқиб тўғрига қараб югуриб кетди, омборни айланиб ўтди-да, қалин бутазорга дуч келди; бироз ўйлаб тургач, орқага, касалхона томонга қайтди, уни айланиб ўтди-да, юраги дов бермай яна тўхтаб қолди: касалхона биносининг нариги томонида гўристон крестлари оқариб кўринарди.
— Ойи-и-и!—деб қичқириб юборди у ва яна орқага ташланди.
Қоронғи, кўримсиз иморатлар ёнидан югуриб ўта туриб бир ёруғ деразага кўзи тушиб қолди. Ёруғ, қизил доғ қоронғида даҳшатли кўринса-да, қўрқувдан ўзини йўқотган, қаёққа боришини билмаган Пашка шу томонга бурилди. Дераза ёнида пиллапоя ва оқ тахтача қоқилган эшик бор эди; Пашка зинадан югуриб чиқди-да, деразага қаради, бирдан бутун вужудини чексиз қувонч қамраб олди. Деразадан стол ёнида китоб ўқиб ўтирган хушчақчақ, кўнгилчан докторни кўрди. Пашка суюнганидан кулиб, таниш одамига қўлини узатди ва чақирмоқчи бўлган эди ҳамки, бирдан аллақандай куч нафасини бўғиб, оёғига келиб урилди; у гандираклаб кетди ва зинага ҳушсиз йиқилди.
У ўзига келганда аллақачон кун ёришган эди. Кеча ярмаркага олиб боришни, саъва тутишни ва тулкини кўрсатишни ваъда қилган жуда таниш овоз ёнгинасида эшитиларди:
— Оббо, тентак, Пашка-ей! Тентак бўлмасанг шунақа қиласанми? Савалайдиган одам йўқ-да, сени.
Ҳ. Аҳророва таржимаси