Почтмейстердан бир (1) сўм солинган пакетни олатуриб:
— Айтингчи, Семён Алекееич, нима учун пул пакетларига бирданига бешта муҳр босилади? — деб сўрадим.
— Бусиз мумкин эмас… — деб жавоб берди Семён Алексеич, қошларини маънодор чимириб.
— Ҳа нега энди?
— Шунинг учунки… Мумкин эмас-да!
— Тушунишимча, бу муҳирлар аҳолига ҳам, пошшоликка ҳам малол келса керак. Муҳр пакетларни вазминлаштиради, аҳолининг ҳамёнига оғирлик келтиради; амалдорлар муҳр босаман деб кўп вақтларини сарф қилишиб, пошшоликка зарар келтиришади. Бундан фақат сурғуч ишлаб чиқарадиган фабрика эгалари фойда кўради.
— Фабрика эгалари ҳам кун кўриши керакми, ахир… — деди чуқур маъноли қилиб, Семён Алексеич.
— Бу гапингиз тўғри-ку, аммо фабрика эгалари ватанга бошқа соҳаларда фойда келтиришлари мумкин эмасми?.. Йўқ, менга тўғрисини айтинг, Семён Алексеич, бешта муҳр босишнинг маъниси нима? Бекорга босилмаса керак, ахир? Бирон символик моҳияти, бирон каромати бордир, ё бўлмаса яна бирон бошқа маъниси бордир? Давлат сири бўлмаса, менга шуни тушунтиринг, дўстим!
Семён Алексеич бироз ўйлаб ўтирди, кейин оғир уф тортди-да:
— Ҳимм… — деди. — Керак бўлгани учун босилгандир-да!
— Ҳа нимага босишади, ахир? Илгарилар конвертлар елимсиз бўлган вақтларда, шунча муҳир босиш зарур бўлгандир, чунки конвертларни ёвуз кишилар очиши мумкин эди, эндиликда-чи…
— Ҳа балли! — деди почта мудири, суюниб. — Ҳозир ҳам ёвуз одамлар йўқ дейсизми?
— Эндиликда, — деб давом этдим, — эндиликда конвертларни ёпиштириш учун уларга елим суртилади, бу елим — сурғучдан ҳам яхши. Унинг устига пакетларни қоғоз билан шунча қалин ўрайсизларки, унинг ичига ўғри у ёқда турсин, ҳатто микроб ҳам кира олмайди. Кимдан ҳам беркитасизлар конвертларни, ҳайронман! Бегона одамлар-ку ўғирламайдия, агарда ўзингизга қарашли кичик амалдорлардан бцри ёвузлик қилмоқчи бўлса муҳирга ҳам қарамайди. Ўзингизга ҳам маълум, муҳрни кўчириб олиш ва яна ўрнига ёпиштириб қўйиш бирпаслик иш!
— Бу тўғри… — деб уҳ тортди Семён Алексеич. — Ўз ичингдаги ўғридан қочиб қутула олмайсан…
— Ҳа баракалла! Ундоқ бўлса, муҳрнинг нима кераклиги бор?
— Ҳамма икир-чикирларини суриштирадиган бўлсанг, буниси нимага-ю, униси нимага дейман десанг, миянг айниб кетади, яхшиси қоидада кўрсатилганини қилавериш керак… Тўғриси шу!
— Тўғри айтасиз… — дедим, — лекин яна бир саволим бор сизга… Сиз почта ишларида мутахассиссиз. Киши туғилган вақтда ёки уйланганида нега бунчалик борди-келди бўлмайдию, аммо пул юбориш ёки пул олиш вақтида киши шунча сарсон бўлади? Менга шуни тушунтириб бсринг? Масалан, мана шу бир сўмни юборган муштипар онамни мисол қилиб олайлик. Бу иш унга осон бўлганмикин? Йўқ, кечирасиз. Бир сўм пул юборишдан кўра яна бешта бола туғиш осонроқ… Ўзингиз ўйлаб кўринг… Энг олдин у, уч чақирим йўл юриб почтахонага келиши керак… Почтахонада узоқ вақт тикка туриб навбат кутиши керак. Маданият почтахоналарга скамейка ёки курси қўйиш даражасига ҳали етгани йўқ! Типпа-тик турган кампирга ҳарёқдан «Шошилманг! Тиқилинч қилмасангизчи! Буёққа суянманг!» деган танбеҳ ёғилади.
— Бусиз мумкин эмас-да!
— Мумкин эмас, энди буёғини эшитинг: навбат келиб етди, қабулчи пакетни олди, қовоғини солиб, «Пакетнинг устига «пуллик» деб ёзмабсиз» дейди-да, кампирнинг олдига ташлайди… Муштипар онам, «пуллик» деган сўзни ёздириш учун почтахонадан биронта дўконга боради, у ердан яна почтага келиб, яна навбат кутади… Хў-ўш, ниҳоят, пакет яна қабулчининг қўлига тегади. Қабулчи, пакет ичидаги пулни санайди-да, кейин: «Сурғучингиз қани?» дейди. Онам бечоранинг эсига сурғуч келармиди? Уйда сурғуч ишлатилмайди, бир дона сурғуч боққолда ярим танга туради. Қабулчининг жаҳли чиқади, аммо пошшолик сурғучни эритиб, сурта бошлайди. Босган сургучи шу қадар кичкинаки, уни дурбиндан ҳам ўқийолмайсан. «Муҳрингизни беринг!» дейди яна почтачи. Кампирда муҳр нима қилсин? Ангишвона билан темир кўзойнакдан бошқа унинг ҳеч қандай бисоти йўқ…
— Муҳрсиз ҳам бўлаверади…
— Буёғини эшитинг… Кейин тарози ҳақи, сурғуч ҳақи, суғурта ҳақи тўлаш керак, имзо чекканига ҳам ҳақ тўлаш керак, яна бир балоларга тўлаш керак… бир сўм юбормоқчи бўлсанг, ёнингга икки сўм солиб келишинг керак… Хўш, кейин бир сўм пулни 20 та дафтардан ўтказишади, шундан кейингина пулни юборадилар… Энди у пулни сиз бу ердан, ўз почтахонангиздан олишингиз керак. Энг олдин уни сиз 20 та дафтардан ўтказасиз, беш ерига номер қўйиб чиқасиз, худди ўғрини қамагандек сандиққа солиб устидан ўнта қулф соласиз. Кейин почтачи менга бир сўм пул келгани тўғрисида сиздан қоғоз келтиради, бу қоғозни фалон числода олдим, деб қўл қўйишим керак. Почтачи чиқиб кетгач, мен уйнинг у бошидан бу бошига юриб, онамдан ўпкаланаман: «Эҳ, она, мен сизни қачон хафа қилувдим? Нима гуноҳим бор эдики, менга шу бир сўмни юбордингиз? Энди сарсонликдан бошим қутулмайди!»
— Ота-онадан нолиш гуноҳ бўлади! — деб уҳ тортди Семён Алексеич.
— Ҳа баракалла, отангизга раҳмат! Гуноҳ бўлсаям нолимасдан илож йўқ-да! Ишинг бошингдан ошиб ётган бир чоғда полицияга югуришинг, ўз шахсингни, имзонгни тасдиқлатиб келишинг керак… Яна шунга шукурки, тасдиқлатиш 10—!5 тийин туради, агар беш сўмдан олгандачи? Тасдиқлатишнинг ҳам нима кераги бор? Сиз-ку, Семён Алексеич, мени отнинг қашқасидай танийсиз. Ҳаммомга ҳам бирга тушиб юрганмиз, биргалашиб чой ҳам ичишганмиз, узун-узун суҳбат ҳам қуриб юрганмиз… Шахсимни тасдиқлатишнинг нима кераги бор?
— Бусиз мумкин эмас, қоидаси шундай!.. Қоида шундай нарсаки, яхшиси у билан ҳазиллашманг… Қоидабозлик, вассалом!
— Ахир, мени яхши биласиз-ку!
— Билсам ҳам-да. Мен сизни биламан, аммо борди-ю бирдан сиз бўлмасдан, бошқа одам чиқиб қолсангиз нима бўлади? Балки, номаълум одамдирсиз?
— Ўзингиз ўйлаб кўринг: бир сўм пулни ўғирлаш учун бошқа кишининг имзосини қўйишдан менга қандай фойда? Бу қаллоблик бўлади! Тўппа-тўғри сизнинг олдингизга келиб, сандиқдаги ҳамма пакетларин чангаллаб олсам қайтангга гуноҳим озроқ бўлмайдими? Мен сизга айтсам, Семён Алексеич, чет-элларда бу ишлар бошқача йўлга қўйилган. У ерларда почтачи уйингизга келади-да: «Сиз фалончимисиз? Мана, пулингизни олинг!» дейди.
— Йўқ, ундоқ бўлмаса керак… — дейди почта мудири, бошини чайқаб.
— Худди шундай-да! У ерларда ҳамма иш кишиларнинг бир-бирига ишончи асосига қурилган… Мен сизга, сиз менга ишонасиз. Қайси куни уйимга маҳалла миршаби мендан суд харажатларини ундиргани кепти… Мен ундан шахсини тасдиқловчи ҳеч қанақа ҳужжат сўрамадим, пулни санаб беравердим… Биз фуқаролар сизлардан ҳеч қанақа ҳужжат талаб қилмаймизку, сизлар…
Семён Алексеич ғамгин суратда илжайди-да, гапимни оғзимдан олди:
— Ҳамма икир-чикирини суриштириб, буниси нимагаю, униси нимага дегандан кўра, яхшиси…
Почта мудири гапини тугатмади, қўлини силтади-да, бироз ўйлаб кейин:
— Булар бизнинг ақлимиз билан битадиган ишлар эмас! — деди.
О. Раҳимий таржимаси