Дим ва нафасни қайтарувчи туш маҳали. Кўм-кўк осмонда булутдан асар йўқ… Қуёшнинг тиғидан сўлиб қолган ўт маъюс ва умидсиз боқади, ёмғир ёғса ҳам биз энди кўкармаймиз деяётганга ўхшайди… Сокин ўрмон қилт этмайди, унинг баланд учи аллақаёққа боқаётгандай ёки ниманидир кутаётгандай туйилади.
Ўрмоннинг дарахтлари қирқиб олинган чекасида тор елкали, баланд бўй, ёши қирқларга борган бир эркак лапанглаб келади. Эгнида қизил кўйлак, хўжайин берган ямоқ шим, оёғига эса каттакон этик кийиб олган. У лапанглаб келади. Ўнг томонда кўм-кўк дарахтзор, чап томонда уфққа туташиб кетган олтиндай сап-сариқ жавдари… Одам қизариб ва терлаб кетган. Унинг малла сочли хушбичим бошида чавандозларникига ўхшаган текис соябонли оқ шапка олифтанамо қўниб турибди. Афтидан, сахийлиги тутиб кетган биронта бойвачча берган бўлса керак. Елкасига осиб олган халтага ёввойи товуқлар тиқиб олинган. Қўлидаги қўшоғиз милтиғининг тепкиси кўтариб қўйилган, олдинда буталарни искаб, чопиб кетаётган озғин, қари итига кўзларини сузиб қараб боради. Атроф шундай сокинки, тиқ этган овоз эшитилмайди… Исмийки тирик жон иссиқдан ўзини панага олган.
— Егор Власич! — деган майин товуш эшитди овчи тўсатдан. У чўчиб тушиб, атрофига қараб, қовоқларини солиб олди. Унинг олдида худди ер тагидан ёриб чиққандай рангги оппоқ, ўттиз ёшларга борган, ўроқ ушлаган хотин пайдо бўлди. Хотин эркакнинг юзига қарашга уринди ва уялиброқ жилмайди.
— Пелагея, сенмидинг! — дейди йўлдан тўхтаб овчи, милтиқ тепкисини секин тушириб қўяркан — Ҳм!.. Сен бу ерга қаёқдан келиб қолдинг?
— Бизнинг қишлоғимиздан шу ерга хотинлар келиб ишлаяпти. Мен ҳам шуларга қўшилиб келдим… Ишлагани келдим, Егор Власич!
— Шундай дегин… — деб ғўлдираб қўяди ва оҳиста қадам босиб кетади.
Пелагея ҳам унинг орқасидан юради. Иккови ҳам индамай йигирма қадамча йўл босишади.
— Егор Власич, сизни кўрмаганимга ҳам анча вақт бўлди… — дейди Пелагея овчининг қимирлаб бораётган елкалари ва куракларига меҳри товлаб қараркан. — Святой куни сув ичгани уйга биррав кирган эдингиз, ана ўшандан бери кўрганим йўқ сизни… Ўша куни бир пас турдингиз-у, шунда ҳам худо билади қай аҳволда… Маст эдингиз… Урдингиз, сўкдингиз, кейин чиқиб кетдингиз… Мен кута-кута кўзларим тўрт бўлди… Эҳ, Егор Власич, Егор Власич! Ҳеч бўлмаса бир келсангиз нима қилади!
— Сеникида нима қиламан?
— Ростдан ҳам шундай-ку… Ҳар қалай уй-жойингиз дегандек… Мундоқ бир кўз ташлаб ўтсангиз… Ахир хўжайинсиз… Ие, ёввойи товуқ отиб олибсиз-ку, Егор Власич! Айтгандай бир пас ўтириб, дам олсангиз бўларди…
Пелагея шу сўзларни айтаркан, худди телба хотиндек кулар ва Егорнинг юзига қарарди. Унинг юз-кўзидан бахтиёрлиги барқ уриб турарди…
— Ўтиришми? Ўтирсак бўлади… — дейди лоқайдлик билан Егор ва икки арча дарахти ўртасидан ўтиришга қулайроқ жой қидиради. — Ўзинг нега турибсан? Сен ҳам ўтир!
Пелагея ундан сал нарига, қуёш тушиб турган ерга ўтиради, ўзининг бениҳоя қувониб кетганидан уялиб, қўллари билан кулги кезган лабларини беркитади. Икки минут жимликда ўтади.
— Ҳеч бўлмаса бирон марта келинг, — дейди оҳиста Пелагея.
— Нима қиламан? — дейди Егор ва бошидан шапкасини олиб, қизариб кетган пешонасини енгги билан артади. — Ҳеч эҳтиёж йўқ. Бир ё икки соатга бориш қуруқ даҳмазадан, сени безовта қилишдан бошқа нарса эмас. Қишлоқда бутунлай қолай десам — юрагим бетламайди. Ўзинг ҳам биласанки, жуда эрка одамман… Менга албатта кроват бўлиши керак, чойни ҳам яхшисини ичаман, кейин қўпол гапларга тобим йўқ… Ишқилиб мен учун ҳамма нарса жойида бўлиши шарт, у ерда, сенинг қишлоғингда бўлса қашшоқлик, ис-қурум холос. У ерда бир кун ҳам туролмайман. Борди-ю, айтайлик шундай бир фармон чиқса, мени сеникида яшашим мажбур дейилса, мен уйингга ўт қўйиб юборардим ёхуд ўзимни-ўзим ўлдирардим. Бу шўхлик ёшлигимдан менга ёпишиб олган, нима қиласан, илож йўқ-да.
— Ҳозир қаерда яшаяпсиз?
— Барин уйида, Дмитрий Иванич ҳовлисида, овчиман. Овқатга паррандалар етказиб бераман, кўпроқ… барин ўз хурсандчиликлари учун мени сақлайди.
— Егор Власич, бу иш сизга муносиб эмас… Бошқа одамларга юпанч, сизга эса ҳунарга ўхшайди… чинакам иш деб биласиз…
— Лақма, сен нимани билардинг, — дейди Егор ва хаёл суриб осмонга кўз ташларкан. — Менинг қандай одамлигимни сен тушунмасдинг, бундан кейин ҳам тушунмаганингча қоласан… Сенинг-ча, мен бемаза, адашган одамман, лекин, билган кишига, мен бутун уездда ягона, энг моҳир мерганман. Буни хўжайинлар яхши билишади, ҳатто менинг тўғримда журналда мақола босилиб чиққан. Овчиликда бирон одам менга тенг келолмайди… Сизнинг қишлоқ ишидан хазар қилишим, эркалигимдан ё мағрурлигимдан эмас. Шуни билки, мен ёш болалик чоғимдан бошлаб милтиқ билан тозидан бўлак нарсани кўрмаганман. Биласанми, қўлимдан милтиқни тортиб олишганда, қармоққа ёпишганман, қармоқни тортиб олишганда қўлим билан ов қилганман. Кейин баъзан пул бўлиб қолган пайтларда ярмаркама-ярмарка юриб, яхши от қидирдим, олдим ва сотдим. Яна ўзинг биласанки, эркак киши овчи бўлса ё отга ишқивоз бўлса омочга яқин йўламайди. Одам деганда эркинлик истаги бўлса, уни ҳеч нима билан кетказиб бўлмайди. Шунга ўхшаб бирон барин актёр бўлиб кетса, ё бирор санъат билан айланиб қолса, у амалдор ҳам, помешчик ҳам бўла олмайди. Сен аёл кишисан, бунга тушунмайсан, аслида тушуниш керак.
— Тушунаман Егор Власич!
— Йиғлаворай деб турибсан-ку, демак тушунмайсан-да…
— Мен… мен йиғлаётганим йўқ… — деди Пелагея юзини тескари ўгириб — Егор Власич, гуноҳ бўлади! Мен бахти қора билан ҳеч бўлмаса бирон кун яшанг. Сизга текканимга мана ўн икки йил бўлиб қолди, аммо, орамизда муҳаббатдан дарак бўлмади!… Мен… Мен йиғлаётганим йўқ…
— Муҳаббат дейсанми… — деб қўлини ишқаб ғулдирайди Егор. — Ҳеч қандай муҳаббат бўлиши мумкин эмас. Сен билан мен номигагина эр-хотинмиз, холос, шундай эмасми? Сен мени ёввойи одам деб биласан, мен сени ҳеч балога тушунмайдиган содда хотин деб биламан. Шундай экан, биз бир-биримизга муносибми? Мен озод, эрка, ўйинқароқман, сен бўлсанг қора ишчи, оёғингда чипта ковуш, исқирт-ифлоссан, ишдан қаддингни кўтармайсан. Ўзимни мен яхши биламан, овчиликда мендан ўтадиган одам йўқ, сен бўлсанг менга раҳминг келиб қараб ўтирибсан. Шуми муносиблигимиз?
— Егор Власич, ахир никоҳдан ўтганмиз! — дейди йиғламсираб Пелагея.
— Зўрлаб ўтказишган… Нима, эсингдан чиқдими? Буни граф Сергей Павличдан… ва ўзингдан кўр. Граф мени ўзидан кўра яхши мерган бўлганим учун хасад қилиб, бир ой вино ичириб, мен мастлигимда шу ишни қилди, киши маст бўлганда, никоҳдан ўтишгина эмас, бошқа динга ҳам кириши мумкин. Ўч олиш мақсадида, мени маст қилиб, сенга уйлантириб қўйди… Овчини мол боқарга тенг қилди! Ахир ўзинг ҳам менинг ғирт мастлигимни кўрган эдинг-ку, нега тегдинг? Крепостной эмассан, қарши турсанг бўларди! Очиғини айтганда, мол боқарнинг овчига тегиши бир бахт, лекин шунга қарамай мияни сал ишлатиш керак эди. Мана энди қийналиб, азоб чекавер, қон йиғла. Граф мазах қилган эди, сен эса кўз ёши тўк… Бошингни деворга ур…
Орага жимлик чўкди. Ўрмоннинг кесилган ери устидан учта ёввойи ўрдак учиб ўтади. Егор ўрдакларни қора нуқтага айланиб, ўрмон орқасида ғойиб бўлгунича кузатиб туради.
— Нима билан тирикчилик қиласан? — деб сўрайди Егор Пелагеяга қараркан.
— Ёзда ишга чиқаман, қишда бўлса гўдаклар тарбиялаш уйидан бола олиб эмизги билан боқаман. Бир ойга бир ярим сўм беришади.
— Шундай де…
Яна жим қолишади. Жавдари ўрилаётган томондан майин қўшиқ садоси қулоққа эшитилади. Қўшиқ дарров тугайди. Иссиқдан ашула айтишга ҳам ҳафсала келмайди…
— Одамлар Акулинага янги уй солиб берганмишсиз, — дейди.
Егор индамади.
— Демак, кўнглингизга у ёқаркан-да.
— Пешонангга битилгани шу экан, тақдир-да! — дейди овчи, керишиб туриб. — Чида энди, етимча, ха, айтмоқчи, хайр. Гап билан бўлиб ўтириб қолдим. Кечқурунгача Болтовога етиб боришим керак…
Егор ўрнидан туриб керишади ва милтиғини елкасига ташлайди. Пелагея ҳам ўрнидан туради.
— Энди қишлоққа қачон келасиз? — деб оҳиста сўрайди.
— Борадиган ишим йўқ. Ичмаган вақтимда сира бормайман, агар ичиб борсам, бундан нима фойда? Маст вақтимда қутуриб кетаман… Хайр!
— Яхши боринг, Егор Власич.
Егор шапкасини қийшайтириб кийиб, итини чақиради ва йўлга тушади. Пелагея турган жойидан қимирламай, унинг орқасидан қараб қолади… У, эрининг ҳаракатга кирган куракларини, келишган гардани, ҳафсаласизлик билан бепарво қадам ташлашини кузатиб туради кўзларида ғамгинлик ва эркалик акс этади… Унинг назари эрининг озғин, новча гавдасини қучади ва эркалайди… Егор гўё бу назарни сезгандай тўхтайди ва орқасига қарайди… У индамайди, лекин унинг юз-кўзидан, елкасини учирганидан Пелагея Егорнинг нимадир демоқчи бўлганини сезиб туради. Пелагея чўчиброқ қадам ташлаб унинг ёнига келади ва илтижо қилгандай эрига тикилади.
— Ма сенга! — дейди Егор тескари қараб.
Егор эскириб кетган бир сўмликни узатиб тез юриб кетади.
— Яхши боринг, Егор Власич! — дейди Пелагея бир сўмликни беихтиёр оларкан.
Егор таранг тортилган камардай узун, тўппа-тўғри йўлдан кетади… Юзлари оқариб кетган Пелагея худди ҳайкалдай бир жойдан жилмайди ва нигоҳи билан Егорнинг ҳар бир қадамини кузатади. Ниҳоят қизил кўйлак билан қора шим қўшилишиб бир рангга киради, унинг қадам босаётгани билинмайди, итини эса этигидан ажратиб бўлмайди. Фақат шапкаси кўриниб туради. Бироқ Егор тўсатдан ўнг қўлга, ўрмоннинг кесилган томонига бурилиб кетади, шапка ҳам кўздан ғойиб бўлади.
— Яхши боринг, Егор Власич! — деб пичирлайди Пелагея ва оппоқ шапкани яна бир кўриш умидида, қаддини ростлаб, оёғи учида туради…
С. Абдуқаҳҳоров таржимаси