Антон Чехов. Иванов (драма)

ИВАНОВ

Тўрт пардали драма

ҚАТНАШУВЧИЛАР:
Иванов Николай Алексеевич. Маҳкамада деҳҳонлар ишини қарайдиган доимий аъзо.
Анна Петровна. Унинг хотини. Қиз вақтидаги фамилияси Сарра Абрамсон.
Шабельски й Матвей Семёнович. Граф, унинг тоғаси.
Лебедев Павел Кириллович. Земский управа раиси.
Зинаида Савишна. Унинг хотини.
Саша. Лебедевларнинг қизи, 20 ёшда.
Львов Евгений Константинович. Ёш земский врач.
Бабакина Марфа Егоровна. Ёш тул помешчик хотин, бой савдогарнинг қизи.
Косих Дмитрмй Никитич. Акциз идорасида хизмат қилувчи.
Боркин Михаил Михайлович. Ивановнинг узоқ қариндошларидан, унинг имениясини бошқарувчи.
Авдотья Назаровна. Касби номаълум кампир.
Егорушка. Лебедевнинг ҳамхўраги.
1-меҳмон.
2-меҳмон.
3-меҳмон.
4-меҳмон.
Петер. Ивановнинг хизматкори.
Гаврила. Лебедевларнинг хизматкори.
Эркак ва хотин меҳмонлар, хизматкорлар.

Воқеа Россиянинг ўрта еридаги уездлардан бирида бўлади.

БИРИНЧИ ПАРДА

Ивановнинг имениясидаги боғ. Чап томонда уй фасади ва айвони. Бир деразаси очиқ. Айвоннинг олдида кенг ярим давра айвонча бор, бундан бошқа тўғрига ва ўнг томонга қараб кетган хиёбон бор. Ўнг томонда боғ диванлари ва столчалари бор. Столчалардан бирида лампа ёниб турибди. Қош қорайиб келяпти. Парда очилганда, виолончель билан роялда дуэт машқи эшитилиб туради.

I

Иванов билан Боркин.
Иванов стол ёнида китоб ўқиб ўтирибди. Боғнинг ичкарисида катта этик кийган, қўлига милтиқ ушлаб олган Боркин кўринади; сал кайфи бор; Ивановни кўриб, оёқ учи билан юриб унинг ёнига келиб юзига милтиқ ўқталади.

Иванов (Боркинни кўриб чўчиб ўрнидан сакраб туради). Миша, шу ҳам ҳазил бўлди-ю… қўрқитиб юбордингиз-ку… Ўзим хафа бўлиб зўрға юрибман-у, бу аҳмоқона ҳазилингиз яна ортиқча бўлди… (Ўтиради.) Қўрқитдим деб яна хурсанд бўлганини айтмайсизми…
Боркин (хохолаб кулади). Хўп, хўп… биз гуноҳкор, биз гуноҳкор. (Ёнига ўтиради.) Бас қилдим, бас… (Фуражкасини ечади.) Иссиғлаб кетдим. Сизга айтсам, азизим, уч соатда ўн етти чақирим йўл босибман… бўлганимча бўлдим… Ушаб кўринг, юрагимнинг уришини қаранг…
Иванов (ўқиб туриб). Яхши бўпти, кейин…
Боркин. Йўқ, сиз ҳозир ушаб кўринг. (Унинг қўлини олиб кўкрагига босади.) Эшитяпсизми? Ту-ту-ту-ту-туту. Демак, юрагим касал. Ҳар бир дақиқада пақ этиб жон беришим мумкин. Менга қаранг, мен ўлиб қолсам, юрагингиз ачийдими?
Иванов. Китоб ўқияпман… кейин…
Боркин. Йўқ, рост айтаман, агар ўлиб қолсам, менга юрагингиз ачийдими? Николай Алексеевич, ўлсам, менга ачинасизми?
Иванов. Тинч қўйсангиз-чи!
Боркин. Азизим, қани айтинг-чи: юрагингиз ачийдими?
Иванов. Сиздан ароқ ҳиди келнб турганига юрагим ачияпти Миша, қуским келяпти!
Боркин (кулади). Ҳиди келяптими! Жуда ажойиб иш бўпти-ку… айтмоқчи, бунинг ҳеч қанақа қизиқ ери йўқ. Плесникида терговчи билан учрашиб қолувдим, ростини айтсам, иккаламиз саккиз рюмкадан отишиб олдик. Аслини айтсам, ичкилик кони зарар. Ҳой, дейман, зарар-ку? А? Зарари бор-а?
Иванов. Э, кишининг жонига ҳам тегиб кетди. Миша, нима, мени мазах қиляпсанми…
Боркин. Хўп, хўп… биз гуноҳкор, гуноҳкормиз?! Худо ҳайрингизни берсин, тинч қўйганим бўлсин… (Ўрнидан туриб кетади.) Одамлар ҳам жуда қизиқ, гаплашгани ҳам қўйишмайди. (Қайтиб келади.) Ҳа, айтмоқчи! Сал бўлмаса, эсимдан чиқар экан… Марҳамат қилиб, саксон икки сўм берсангиз!..
Иванов. Қанақа саксон икки сўм?
Боркин. Эртага ишчиларга тўлашга.
Иванов. Пулим йўқ.
Боркин. Ҳимматларига балли! (Тегажоғлик қилади.) Пулим йўқ эмиш… Ахир ишчиларга тўлаш керакми? Керакми — йўқми?
Иванов. Билмайман. Бугун ёнимда ҳеч нима йўқ. Мояна олгунимча кутиб туринг, биринчиларга оламан.
Боркин. Бундақа субъектлар билан гаплашиб бўлармиди!.. Ишчилар пулга биринчида эмас, эртага эрталаб келишади!..
Иванов. Хўш, бўлмаса мен нима қилай? Бўлмаса, мени нимталаб ташланг, арра солиб юборинг… Жуда ёмон одатингиз бор-да, доим ўқиб турганимда, ёки ёзиб турганимда келиб тиқилинч қиласиз, ёки…
Боркин. Сиздан сўраяпман: ишчиларга тўлаш керакми ё йўқми? Э, сиз билан гапиришиб нима савоб топардим. .. (Қўлини силтайди.) Помешчиклар ҳам, айтмоқчи, ер эгалари-ку… Рационал хўжалик… Минг десятиналаб ерлари бор-у, чўнтакларида бир мири ҳам йўқ… Вино қўядиган ертўлалари бор-у, лекин штопорлари йўқ… Жаҳлим чиқса, эртага тройкани чиқариб сотаман юбораман. Мана кўрасиз!.. Сулини ўсиб турган жойида сотиб юбордим, эртага жавдарни ҳам сотиб юбораман. (Саҳнада у ёқдан-бу ёққа юради.) Мени андишага боради деб ўйлайсизми? Лаббай? Йўғ-э, мени билмабсиз, ундақалардан эмасман…

II

Ҳалигилар, Шабельский (саҳна орқасида) ва Анна Петровна. Ойна тагидан Шабельскийнинг: «Сиз билан ҳеч ҳам музика чалиб бўлмайди. Оҳангни ажрата билишда чўртон балиқчалик ҳам қобилиятингиз йўқ, бармоқ босишингиз ундан беш бадтар», деган овози эшитилади.

Анна Петровна (очиқ деразадан кўриниб). Ҳозир кимнинг овози келди? Миша, сизмисиз? Нега бундай қадам ташлаб қолдингиз?
Боркин. Сизнинг «Nicolas-Viola»нгиз кишини йўрға ҳам қилиб юбориши ҳеч гап эмас.
Анна Петровна. Миша, айтинг, крокетга похол олиб келишсин.
Боркин (қўлини силтаб). Худо хайр берсин, мени тинч қўйинг…
Анна Петровна. Ў-ҳў, тилини қаранг-у… Сизга бундай тил ҳеч ҳам ярашмайди. Агар хотинлар мени яхши кўришсин десангиз, уларнинг олдида ҳеч жаҳл қилманг, ўзингизни ҳам катта тутманг… (Эрига қараб.) Николай, юринг похолда думбалоқ отиб ўйнаймиз!..
Иванов. Анюта, очиқ дераза олдида турмасанг-чи, касал бўлиб қоласан. Турма дераза ёнида… (Бақиради.) Тоға, деразани ёпиб қўй! (Дераза ёпилади.)
Боркин. Эсингиздан чиқмасин, икки кундан кейин Лебедевга процент тўлаш керак.
Иванов. Эсимда бор. Бугун Лебедевникига бораман, бир оз сабр қил, деб илтимос қиламан. (Соатига қарайди.)
Боркин. Сиз уларникига қачон кетасиз?
Иванов. Ҳозир.
Боркин (жон кириб). Тўхтанг, тўхтанг!.. Бугун Шурочканинг туғилган куни-ку, те-те-те-те… Эсимдан ҳам чнқиб кетибди… Шу ҳам эс бўлди-ю, а? (Сакрайди.) Мен ҳам бораман, бораман… (Ашула айтади.) Бораман… Бориб бир чўмилиб оламан-да, қоғоз чайнайман, уч томчи нашатир спирт ичиб оламан, шу билан қарабсизки, яна яллони бошидан бошлаймиз-да… Азизим, Николай Алексеевич, отахоним, малагим, жоним, сиз диққинафас бўлганингиз бўлган, нолиганингиз нолиган, доим қовоғингиз солиқ, ҳолбуки иккаламиз бир бўлиб олсак, не-не ишлар қўлимиздан келмайди! Сиз учун мен ҳеч нарсадан қайтмайман… Хоҳлайсизми, сиз учун Марфуша Бабакинага уйланаман? Қалинининг ярми сизники… Яъни ярми эмас, ҳаммасини ола қолинг!..
Иванов. Жиннилигингизни бас қилсангизчи…
Боркин. Йўқ, рост айтяпман! Хоҳлайсизми, Марфушага уйланайми? Қалинини арра қиламиз… Э, нима деб буни сизга гапириб ўтирибман? Бунга ақлингиз етардими?! (Тегажоғлик қилади.) «Жиннилигингизни бас қилинг». Ўзингиз яхши одам, ақллисиз-у, лекин сизда ана шу уқув, билсангиз, ана шу ўктамлик деган нарсадан йўқ-да. Шундай қулоч отиш керакки, шайтоннинг ҳам капалаги учиб кетсин… Сиз девона, йиғлоқи одамсиз, расмана одам бўлганингизда, бир йилда миллионлик бўлиб олардингиз. Масалан, ҳозир икки минг сўм пулим бўлса, икки ҳафтадан кейин йигирма минглик бўлиб олардим. Ишонмайсизми? Сизча, бу бекорчи гапми? Йўқ, бекор гап эмас… Қани менга икки минг сўм беринг-чи, мен сизга, бир ҳафтадан кейин йигирма минг қилиб олиб келай. Сувнинг нарёғида, худди бизнинг рўпарамизда Овсянов еридан бир бўлагини икки минг сўмга сотяпти, агар шу ерни сотиб олсак, сувнинг икки томони ҳам бизники бўлади. Агар икки томони ҳам бизники бўлса, биласизми, сувни бўғиб олишга ҳаққимиз бўлади. Шундай эмасми? Тегирмон қурмоқчи бўламиз, сувга тўғон соламиз деб эълон қилган замонимиз сувнинг этак томонида турувчиларнинг ҳаммаси жанжал кўтаришади, унда биз дарров: коммензиир, тўғон қурилмасин десанглар, қани тўлаб қўйинглар, деймиз. Тушундингизми? Заревский фабрикаси беш минг беради. Корольков уч минг, монастирь беш минг беради…
Иванов. Буларнинг ҳаммаси, Миша, найрангбозлик… Агар мен билан аччиғлашиб қолмайлик десангиз, найрангларингиз ўзингизга буюрсин…
Боркин (столга утириб). Бўлмасачи! Шундай бўлишини ўзим ҳам билардим!.. Ўзингиз ҳам ҳеч нима қилмайсиз, менинг қўлимни ҳам бойлаб қўйгансиз…

Тўлиқ ўқиш