Эрталаб қуёшнинг равшан нурлари дераза ойналарини қоплаган уқадай музлар орасидан болалар бўлмасига кирмоқда. Сочлари олинган, бурни тугмачадай Ваня ва унинг тўрт яшар, жингалак соч, миққидай семиз, ёшига қараганда бўйи қисқа кўринадиган Нина уйқудан уйғонди-ю, кроватнинг панжаралари орасидан бир-бирларига хўмрайиб қаради.
— Ҳу-у, уятсизлар! — деб жоврай кетди энага — Оталик олти тўйди, оналик етти тўйди, сизлар ҳалиям кўзларингни очмайсизлар…
Қуёш шуъласи худди болаларни ўйнамоққа имлаб чақиргандай, гилам ва девор юзида ҳамда энаганинг этагида жилваланар, болалар эса, буни пайқамас эди. Улар уйқудан таъбилари ғаш бўлиб уйғонди. Нина лабларини чўччайтирди, афтини буриштирди ва чўзиб:
— Чо-й! Энага, чо-й! — деди.
Ваня эса, пешонасини тириштириб, ҳўнграб йиғлаш учун баҳона қидиради. У кўзларини чирт-чирт юмиб, оғзини энди очган эдики, меҳмонхонадан онасининг товушини эшитиб қолди:
— Мушукка сут бериш эсингиздан чиқмасин. Энди унинг болалари бор!
Ваня билан Нина лаб-лунжларини йиғиштириб, бир-бирига ҳайрон бўлиб қарашди, иккалалари ҳам бирдан кроватдан ўзларини ташлашди ва чинқириб, ялангоёқ, кўйлакчан ҳолда ошхонага югуришди ва:
— Мушук туғипти! Мушук туғипти! — деб қичқиришди.
Ошхонадаги скамейка остида кичкина яшчик турибди. Бу яшчикда Степан печкага кўмир келтирар эди. Яшчик ичидан мушук қараб турар эди. Унинг кулранг юзидан қаттиқ ҳорғинлик сезилади, гавҳарлари ҳора кўк кўзлари эса, толиққан, эркаланиб боқади… Аммо шундай шодлик пайтида у меҳр қўйган «ёри» — болаларининг отаси кераклиги мушукнинг башарасидан билиниб туради! Унинг миёвлагиси келади, оғзини катта очади, аммо бўғзидан хириллаган овозгина чиқади… Мушук болаларининг чийиллаган товуши эшитилади.
Болалар яшчикнинг ёнига чўнқайишади ва қимир этмай, нафасларини ичларига олиб, мушукка қараб қолишади… улар ҳайронликдан, қувиб келган энаганинг жоврашини ҳам эшитмайди. Икковларининг ҳам кўзларида шодлик порлайди.
Болаларнинг тарбиясида ва ҳаётида уй ҳайвонларининг аҳамияти кам сезилса ҳам, шубҳасиз яхши таъсир қолдиради. Бир хил бақувват, аммо одамга вафодор кўппакларни, текин томоқ лайчаларни, қафасда эрксизликдан ўлиб қоладиган қушчаларни, кеккайиб юрадиган, бефаҳм куркаларни, ўйнашиб думини босганимизга чидайдиган ювош қари мушукларни қайси биримиз билмаймиз? Менга баъзан шундай туйиладики, уй ҳайвонларига хос чидам, вафодорликлар, кечиришлар ва самимият Карл Карловичнинг узундан-узун қуруқ ва юзаки насиҳатларидан ёки болаларга сув кислород ва водороддан иборатлигини тушунтиришга уринган гувернантканинг бетайин сафсаталаридан кўра, болаларнинг миясига кучлироқ, яхшироқ таъсир этади.
— Қандай кичкина-я булар! — дейди Нина, кўзларини катта очиб ва шўх-шўх кулиб. — Худди сичқонларга ўхшайди!
— Битта, иккита, учта… — деб санайди Ваня. — Учта мушукча экан. Демак, биттаси менга, биттаси сенга, бу биттасини бирор кишига берамиз.
— Хурр… хурр… хурр… — қилиб турибди она мушук, — болаларнинг эътибор берганидан мамнун бўлиб. — Хурр.
Болалар мушукчаларни томоша қилиб бўлгач, онасининг тагидан қўлларига олиб кўрдилар ва бу билан ҳам қаноатланмай, кўйлакларининг этакларига солиб, чопқиллаганча уйга кириб:
— Ойи, мушук туғипти! — деб қичқиришди.
Оналари меҳмонхонада нотаниш бир жаноб билан гаплашиб ўтирган эди. У болаларни ювинмаган, кийинмаган, этаклари кўтарилган ҳолатда кўриб хижолат чекди ва кўзлари чақчайиб кетди.
— Этакларингни туширинглар, уятсизлар! — деди у, — Кетинглар бу ердан, бўлмаса мен одобларингни бераман.
Аммо болаларнинг она дўқи билан ҳам, бегона киши борлиги билан ҳам ишлари йўқ. Улар мушукчаларни гиламга қўйдилар-да, қулоқни кар қиладиган даражада қичқирдилар. Уларнинг ёнида мушукчаларнинг онаси юради ва ёлвориб миёвлайди. Бироз вақт ўтгач болаларни ўз хоналарига олиб кириб кийинтиришади, чўқинтиришади ва чой ичқазишади Улар эса, бундай машмашалардан тезроқ қутулишга шошиладилар ва яна ошхона томон чопадилар.
Болалар ўзларининг илгариги машғулот ва ўйинларини нарёққа йиғиштириб қўйдилар.
Мушукчаларнинг дунёга келиши ҳамма нарсани босиб кетиб, ажойиб бир янги эрмакка айланди. Агар шу топда Ваня билан Нинага ҳар бир мушукчани бир пуд конфет ёки минг танга пулга берасизларми дейилса, улар ҳеч иккиланмасдан рад этарди. Улар, энага ва ошпаз аёлнинг дод-войига қарамай, тушлик овқатгача ошхонадаги яшчикнинг ёнида ўтириб, мушукчалар билан овора бўлишди. Уларнинг юзлари жиддий, ўйчан, мушукчаларга маҳлиё бўлиб қолган эди. Болаларни мушукчаларнинг ҳозирги аҳволигина эмас, келажаги ҳам безовта қилар эди. Улар мушукчалардан бирини она мушукни юпатиш учун уйда қолдиришмоқчи, иккинчисини боққа оборишмоқчи, учинчисини каламуши кўп ертўлада сақлашмоқчи бўлишди.
— Нимага улар қарамайди-я? — дейди ҳайрон бўлиб Нина. — Кўзлари гадойларникига ўхшаш кўр экан.
Бу масала Ваняни ҳам безовта қилади. У мушукчалардан бирининг кўзини очмоқчи бўлиб, анча пишиллаб, чираниб кўради, аммо унинг уриниши натижа бермайди. Улар берилган гўшт ва сутни мушукчалар ҳидлаб ҳам кўрмасликларидан безовта бўладилар. Улар мушукчаларнинг тумшуғи тагига овқат обориб қўядилар, бу овқатларни онаси — кулранг мушук еб қўя беради.
— Мушукчаларга уй қилиб берайлик! — дейди Ваня. — Уларнинг ҳар қайсиси бошқа-бошқа уйда туради, мушук уларга меҳмонга келади…
Ошхонанинг бурчакларига шляпа қутилари қўйдиларда, ичига мушукчаларни солдилар. Аммо бундай ажратишга ҳали эрта эди: мушук ёлворган ва эркаланган қиёфада қутиларга бориб, болаларини олиб, эски жойига келтириб қўяр эди.
— Мушук буларнинг онаси бўлади, — деб уқдирди Ваня, — отаси ким?
— Ҳа, отаси ким? — деб такрорлайди Нина.
— Уларга ота керак.
Ваня билан Нина мушукчаларга нимани ота қилсак экан, деб узоқ ўйлашади ва ниҳоят, омбордаги зинагюя остида, ўйинчоқлар орасида, кўп вақтдан бери ётган думи юлинган катта жигарранг отни ота қилмоқчи бўлишади-да, уни омбордан олиб чиқиб, яшчикнинг ёнига қўйишади.
— Қараб тургин! — деб дўқ уришади унга. — Шу ерда қараб тургин, тағин улар тартибсизлик қилмасин.
Уларнинг бу гаплари ва ҳаракатлари ғоят жиддий равишда ва ғамхўрлик билан қилинар эди. Ваня билан Нинанинг кўзига яшчик билан ундаги мушукчалардан бошқа нарса кўринмайди. Ҳозир улар қувончининг чегараси йўқ, лекин оғир, азобли дамларни ҳам ўтказадилар.
Тушлик овқатга яқин Ваня отасининг кабинетида ўтириб, столга хаёл суриб қарарди. Чироқнинг ёнида гербли қоғознинг устида мушукча юмалаб ётарди. Ваня унинг ҳаракатларини кўздан кечирар ва тумшуғига гоҳ қалам, гоҳ гугурт донаси нуқар эди… Шу пайт ердан чиққандай, столнинг ёнида, тўсатдан унинг отаси пайдо бўлиб:
— Бу нимаси!? — деди ғазаб билан.
— Бу… бу мушукча, дада…
— Ҳу, мушукчанг қурсин! Уни қара, нималар қилибсан, сен ярамас бола! Қоғозларимнинг ҳаммасини булғотиб юборибсан.
Ваня, отаси мушукчани ёқтирмаганини ва қувониш ўрнига қулоғидан чўзиб:
— Степан, анов фалокатни йўқот, — деб қичқирганини эшитиб ҳайрон бўлиб қолди.
Тушлик овқат чоғида ҳам жанжал бўлди… Иккинчи овқат ёйилаётганда, ўтирганлар, бирдан, чийиллаган товуш эшитди. Чийиллаган нима экан деб излашиб, Нинанинг фартуги тагидан мушук болани топиб олишди.
— Нина, столдан кет нари! — деб жаҳл қилди отаси. — Мушукчаларни тездан обориб кир ўрага ташланглар! Бундай иркит жониворлар уйимизда турмасин!..
Ваня билан Нина жуда ҳам қўрқиб кетдилар. Мушукчалар кир ўрада шафқатсизлик орқасида ўлишлари билан бирга она мушук ва ёғоч от болаларидан жудо бўлади, яшчик бўш қолиб, болаларнинг режалари барбод бўлади-ку, улар мушукчалардан бирини она мушукни юпатиш учун уйда қолдиришмоқчи, иккинчисини боққа юборишмоқчи, учинчисини каламуш кўп ертўлада сақлашмоқчи эди… Болалар йиғлайди ва отасига ялиниб, мушукчаларга раҳм қилишини сўрайди. Отаси эса, уларга ошхонага кирмаслик ва мушукчаларга тегмаслик шарти билан рози бўлади.
Овқатдан кейин Ваня билан Нина ҳамма хоналарни айланиб, зерикади ва азобланади. Ошхонага кириш ман этилганидан улар жуда маъюс, ширинлик берса емайди, оналарига инжиқлик ва қўполлик қилади. Кечқурун тоғалари Петруша келганда уни бир чекага олиб чиқиб, отасининг мушукчаларни кир ўрага ташламоқчи бўлганидан унга зорланишади.
— Петруша тоға! — деб сўрайди улар. — Ойимга айтинг, мушукчаларни болалар хонасига қўйсин. Ай-ти-нг!
— Хўп, хўп… яхши! — деб, тоғаси уларга қўл силтайди. — Майли.
Тоғалари Петруша одатда битта ўзи келмас эди. У билан Дания зотидан Неро деган катта ит бирга келар эди. Итнинг қулоқлари шалпайган, думи эса таёқдай қаттиқ эди. Бу кўппак индамас, қовоғи солиқ, ўзига бино қўйган, гердайган эди. У болаларга сира ҳам парво қилмайди ва уларнинг ёнидан ўтар экан, думи билан уриб кетади. Болалар уни бутун вужудлари билач ёмон кўрадилар, лекин бу сафар бир мулоҳаза уларнинг сезгиларидан устун келди.
— Биласанми, Нина? — дейди Ваня, кўзларини катта очиб, — отнинг ўрнига Неро ота бўла қолсин! Отнинг жони йўқ, бу тирик!
Улар оталарининг карта ўйнашга ўтиришини ва Нерони бировга сездирмай ошхонага олиб ўтиш пайтини кутдилар… Мана, пировардида отаси карта ўйнашга киришди, онаси эса, самовар қайнатиш билан овора бўлиб, болаларини кўрмайди… Қулай фурсат келди.
— Юр, борамиз! — деб шивирлайди Ваня синглисига.
Аммо шу он Степан кириб келади ва кулиб туриб:
— Бека! Неро мушук болаларини еб қўйди! — дейди.
Нина билан Ваня рангги ўчиб кетади, ваҳимага тушиб, Степанга қарайди.
— Аз-баро-йи ху-до, еб қў-йди, — деб кулади малай. — Яшчикнинг олдига борди-да, еб қўйди.
Болалар бу хабардан, уйда бор ҳамма одамлар ҳаяжонга келиб, ёвуз Нерога баравар ёпирилади, деб ўйлашган эди. Аммо одамлар ўз жойларида тинч ўтиришади, фақат бу катта итнинг иштаҳасига ҳайрон қолишади. Отаси билан онаси эса кулишади… Неро столнинг ёнида у ёқ бу ёққа юради, думини ликиллатади ва лаб-лунжини ялайди… Фақат мушук безовта эди. У думини судраб, хонадан-хонага киради, одамларга шубҳаланиб қарайди ва уларга ёлвориб миёвлайди.
— Болалар, соат тўққиздан ошди! Ухланглар энди! — деб қичқиради онаси.
Ваня билан Нина ётишади. Ўринда йиғлашади ва хафа бўлган мушук ҳамда жазоланмаган раҳмсиз, сурбет Неро ҳақида узоқ ўйлашади.
С. Иброҳимов таржимаси