1863 йил, 11 май. Бизнинг олтмиш ёшга кирган бухгалтеримиз Глоткин йўталдан қутилиш учун сутга коньяк қўшиб ичиб, энди иситмалаб ўласи бўлиб ётганмиш. Докторларнинг мўътабар фикрларига кўра, эртага ўлармиш. Ҳа, ахир менинг ҳам бухгалтер бўлар куним бор экан-а! Унинг жойини менга берамиз деб ваъда қилганларига анча бўлган.
Бир аризачи, котиб Клешчёвни бюрократ деганида Клешчёв уни тутиб олиб урган эди. Энди уни судга беришса керак. Бу масала ҳал бўлганга ўхшайди.
Меъда оғриғидан гиёҳ дори ичдим.
1865 йил, 3 август. Бухгалтер Глоткиннинг яна кўкрак оғриғи бошланипти. Йўтали тутиб, сутга коньяк қўшиб ичаяпти. Ўлса, унинг жойи, албатта, меники бўлади. Умидворимизу, аммо умид рўёбга чиқадими, йўқми, негаки, иситмадан ҳамма ҳам ўлавермаса керак, деб ўйлайман.
Клешчёв бир арманининг қўлидан векселини олиб, йиртиб ташлади. Иши судга тушса керак.
Бир кампир (Гурьевна) кеча менга сенинг касалинг меъда касали эмас, бовосил деб айтди. Шундай бўлса ҳам ажаб эмас!
1867 йил, 30 июнь. Газеталарда ёзишларига қараганда, Арабистонда вабо эмиш, Россияга ҳам келиб қолса, жуда кўп мансаб бўшаб қолар эди. Чол Глоткин ўлгур ўлсайди, унинг жойини мен олардим. Жуда жони қаттиқ экан, бу лаънатининг! Бунча узоқ яшаш, менимча ҳатто айб бўлса керак!
Меъдам оғрийди, нима ичсам экан? Исириқни қайнатиб ичнб кўрайми?
1870 йил, 2 январь. Глоткиннинг қўрасида кечаси билан ит улиб чиқди. Менинг кухаркам Пелагея ит улиса эгаси, албатта, ўлади дейди, кечаси соат иккигача мен бухгалтер бўлганимдан кейин, албатта, почапўстин ва шлафрок олишимдан гапиришиб ўтирдик. Уйлансам ҳам эҳтимол. Албатта, қизга уйланмайман, негаки, ёшим ўтиб қолган, уйлансам — бевага уйланаман.
Кеча Клешчёв клубда одамларга беодоб латифалар айтиб бергани ва савдо депутацияси аъзоси Понюховнинг ватанпарварлигидан кулгани учун, клубдан ҳайдаб чиқарилипти. Одамларнинг айтишича, Понюхов Клешчёвни судга тортармиш.
Меъдамни Боткинга кўрсатмоқчиман. Яхши боқади дейишади…
1878 йил, 4 июнь. Ветлянкада вабо бошланипти. Газетада ёзишларича, одамлар тутдек тўкилаётган эмиш. Шу муносабат билан Глоткин перцовка[1] ичаётган эмиш. Бундай чолга перцовка кор қилармиди! Агар вабо бу ерга бостириб келса менинг бухгалтер бўлишим муқаррар.
1883 йил, 4 июнь. Глоткин ўсал ётипти. Унга доим ўлим тилаганим учун олдига бориб, кўз ёши тўкиб, афв сўрадим. У ҳам кўз ёши қилиб, олижаноблик билан гуноҳимни кечди; меъда касалига чўчқа ёнғоқни эзиб, қайнатиб ичишни маслаҳат берди.
Клешчёвнинг яна судга тушишига оз қолди: ижарага олган фортепьянони бир яҳудийга гаровга қўйган экан. Шуларга қарамасдан унга Станислав ордени ҳам тегди, коллегия асессори мартабасига ҳам кўтарилди. Бу дунёнинг ишларига ақлинг ҳайрон қолади-да! Тавба!
2 мисқол исириқ, 1,5 мисқол сассиқалаф уруғи, 1 мисқол ўткир арақ, 5 мисқол узоқ қариндошнинг қони; ҳаммасини аралаштириб бир шиша араққа қўшиш ва меъда касалига ҳар куни наҳорга бир рюмкадан ичиш керак экан.
Ўша йилнинг 7 июни. Кеча Глоткинни кўмдик. Эвоҳ! Бу бечора чолнинг ўлимидан менга заррача фойда бўлмади. Кечалари тушимга кириб чиқади: оқ кафан кийиб, нуқул мени имлайди. Оҳ шўрпешонам! Бухгалтерликка мени эмас, Чаликовни қўйишди. Бу жой менга эмас, мендан анча ёш бир йигитга тегди, унинг холаси генералнинг хотини экан-да. Бутун орзу-ҳавасларим пучга чиқди!
1886 йил, 10 июнь. Чаликовнинг хотини ташлаб кетипти. Бечорани ғам босиб юрипти. Қайғу-аламдан ўзини ўзи ўлдирса ҳам ажаб эмас. Агар ўзини-ўзи ўлдирса — менинг бухгалтер бўлишим аниқ. Ҳамма ҳам шундай дейди. Демак, умид ҳали пучга чиқмаган, бу дунёда яшаса бўлади, почапўстин ҳам қўлимга кирди ҳисоб, албатта. Уйланиш масаласига келганда, бунга қаршилигим йўқ. Пайти келганда нега уйланиш мумкин эмас? Мумкин, аммо олдин бирон кимса билан маслаҳатлашиб кўриш керак, чунки уйланиш жиддий иш.
Клешчёв махфий советник Лирманснинг калошини алиштириб кийиб кетипти. Ана можаро!
Швейцар Пайсий меъда касалига симоб ичишни маслаҳат берди. Ичиб кўрайчи.
О. Раҳимий таржимаси
[1] Перцовка — арақнинг қалампир қўшилган бир хили.