Антон Чехов. Болохонали уй (ҳикоя)

(Рассом ҳикояси)

I

Бу воқеа бундан олти-етти йил аввал, мен Т. губернасининг уезддаридан бирида, помешчик Белокуровнинг мулкида яшаб турганимда рўй берган эди. Белокуров ёш йигит бўлиб, саҳарлаб ўрнидан туриб, бели бурма камзул кийиб юрарди ва кечқурунлари пивохўрлик қиларди. У менга ҳеч қаерда биронта ҳамдард топилмаслигидан ҳамма вақт шикоят қилиб юрар эди.
У боғчадаги уйда яшарди, мен эса, ўзим ётиб ухландиган кенг диван ва ўзим карта ёядиган столдан бўлак жиҳози бўлмаган бойнинг эски уйидаги йўғон-йўғон устунлик катта бир залда турардим. Бу залдаги эски амос печлари ичида, ҳатто ҳаво очиқ вақтларида ҳам, нимадир гувиллаб турар, момақалдироқ турганда бутун уй зириллар, майда бўлакларга ажралиб кетаётгандек туюларди. Айниқса кечалари, чақмоқдан ўнта катта дераза тўсатдан ярақлаб кетганда эса, бир оз ваҳимали бўлар эди.
Тақдир тақозоси билан мен бирор иш билан шуғулланмай, уйнинг ойналаридан соатлаб осмонга, қушларга, хиёбонларга қараб ўтирардим, почтадан нима келтирсалар шуни ўқирдим ва ухлар эдим. Гоҳо мен уйдан чиқиб кетар эдим-да, қоронғи тушгунча бирор ерда санқиб юрардим.
Бир кун уйга қайтишда аллақандай бир қўрғонга адашиб кириб қолдим. Қуёш бота бошлаган, яшнаб турган жавдарлар устига кечки соя тушган эди. Зич ўтказилган икки қатор баланд-баланд қари арча дарахтлари, қопқора кўркам бир хиёбон ташкил қилиб, икки девордек туради. Мен тўсиқдан осонгина ошиб ўтдим-да, шу хиёбон бўйлаб ерни тўрт энликча қоплаб ётган арча барглари устидан тойғана-тойғана юриб кетдим. Жимжит ва қоронғи бўлиб, дарахтларнинг тепасида онда-сонда равшан нур товланиб кетиб, ўргимчак уяларида жилваланар эди; игнабаргли дарахтлар ҳиди нафасни қайтариш даражасида анқиб туради. Кейин мен арғувон дарахтли узун хиёбонга бурилдим. Бу ерда ҳам қаровсизлик ва кексалик; ўтган йилги хазонлар оёқлар тагида ёқимсиз шитирлайди, шом қоронғилигида дарахтлар орасида соялар беркинмачоқ ўйнайди. Ўнг тарафда, қариб қолган мева боғида заиф бир овоз билан истар-истамас, зарғалдоқ сайрайди. Эҳтимол у ҳам кексайиб қолгандир. Мана, арғувон дарахтлари ҳам тамом бўлди; мен айвонлик ва болохонали оқ уйнинг ёнидан ўтдим, кўз ўнгимда барин ҳовлиси, атрофида тўда-тўда кўм-кўк толлар ўсган, чўмиладиган жойлари ажратилган катта ҳовуз пайдо бўлди. Ҳовузнинг нариги бетида, қишлоқ черковининг баланд, ингичка қўнғироқхонаси тепасидаги крест ботаётган қуёшни акс этдириб турар эди. Мен шу манзарани қачондир болалик чоғимда кўргандек бўлдим, аллақандай жуда қимматли, таниш нарса бир лаҳза хаёлимни банд этди.
Қўрғондан далага чиқаверишдаги оқ тошдан ишланган қадимий мустаҳкам шердор дарвоза олдида иккита қиз турар эди. Улардан бири — каттароғи баланд бўйли, рангпар, ниҳоятда гўзал, қалин қўнғир соч, оғзи бежирим, жиддий қиёфали бўлиб, менга бир назар ташлаб қўйди. Иккинчиси эса, ёшгина ўн етти-ўн саккиздан ошмаган эди. У ҳам каттасига ўхшаш баланд бўйли, рангпар, аммо оғзи катта, шаҳло кўз бўлиб, мен уларнинг олдидан ўтар эканман, менга таажжуб назари билан қаради-да, инглизчалаб бир нима деди ва ўзи хижолат тортиб қизариб кетди. Бу икки ёқимли юз ҳам менга аллақачюндан бери танишдек бўлиб туюлди. Мен уйга яхши туш кўрган одамдек бир туйғу билан қайтиб келдим.
Шундан кўп ўтмай, бир куни мен Белокуров билан туш пайтида уйнинг олдида сайр қилиб юрган эдим, тўсатдан ўтларни шитирлатиб ўша қизлардан бири ўтирган рессорлик извош қўрғонга кириб келди. Бу ўша қизларнинг каттаси бўлиб, ёнғиндан зарарланганларга ёрдам варақасига имзо чекишга даъват қилиб келган эди. Қиз ердан кўзини узмай Сиянов қишлоғида қанча уй-жой куйиб кетганини, қанча эркак, хотин ва болалар бошпанасиз қолганини ва унинг ўзи ҳозирда аъзо бўлган ёнғиндан зарарланганлар комитети дастлаб қандай тадбирлар кўриш ниятида эканини жиддий ва батафсил сўзлаб берди. У бизларни варақага имзо чектириб, варақани жойлаб қўйди-да, шу ондаёқ хайрлашди.
— Бизни жуда унутиб юбордингиз, Петр Петровнч, — деди у Белокуровга, — боринг, агар monsieur N. (у фамилиямни атади) ҳам у кишининг истеъдодларини қадрловчилар қандай яшаётганлигига бир назар солишни истасалар ва бизникига борсалар, ойим иккаламиз жуда хурсаад бўламиз.
Мен таъзим қилдим.
У кетгандан кейин Петр Петрович сўзлай бошлади. Унинг сўзича, бу қиз яхши оиладан бўлиб, исми Лидия Волчанинова экан, у ўз онаси ва синглиси билан яшайдиган мулкнинг ва ҳовузнинг нариги бетидаги қишлоқнинг номи Шелковка экан. Қизнинг отаси бир вақтлар Москвада бообрў одам бўлиб, тайний советник даражасига етганда вафот этган экан. Волчаниновалар, етарли маблағга эга бўлса ҳам, ёзин-қишин ҳеч қаерга бормасдан қишлоқда яшар экан. Лидия ўзининг Шелковка қишлоғидаги земство мактабида муаллималик қилар, ойига йигирма беш сўм маош олиб, ўз шахсий харажатлари учун шу пулнигина ишлатиб, ўз меҳнати билан яшаётганига фахрланар экан.
— Ажойиб оила, — деди Белокуров. — Балки бир бориб келармиз. Сиз борсангиз улар жуда хурсанд бўлади.
Байрам кунларидан бирида, тушки овқатдан кейин, нима бўлди-ю, Волчаниноваларни эслаб қолдик ва уларникига — Шелковкага жўнадик. Волчаниновалар, икки қиз ва онаси уйда экан. Онаси, Екатерина Павловна, кўринишидан бир вақтлар гўзал бўлган, ҳозир эса ёшига номуносиб хомсемиз, нафас сиқиш касалига учраган, маъюс, паришонхотир хотин рассомлик санъати ҳақида гап бошлаб менинг кўнглимни очишга ҳаракат қилди. Менинг Шелковкага келишим эҳтимоли борлигини қизидан эшитиб, у Москвадаги виставкада кўрган менинг пейзажларимдан икки-учтасини шошилинч равишда хотирига келтириб, энди мендан ўша пейзажларда нималарни ифодаламоқчи бўлганимни сўради. Лидия ёки, уни уйда аташларича, Лида мендан кўра Белокуров билан кўпроқ гаплашар, ундан нега земствода хизмат қилмаслиги, нега шу вақтгача биронта ҳам земство мажлисида иштирок этмаганини жиддий қиёфада сўрар эди.
— Яхши эмас, Петр Петрович, — дерди у, таъна билан. — Яхши эмас. Уят.
— Тўғри, Лида, тўғри, — деб маъқулларди онаси. — Яхши эмас.
— Бизнинг уездимиз тамоман Балагиннинг қўлида, — давом этди Лида менга мурожаат қилиб. — У маҳкаманинг раиси, уезддаги қолган барча лавозимларни эса жиянлари ва куёвларига бўлиб берган. Нимани истаса, шуни қилади. Курашиш керак. Ёшлар ўзларидан кучли бир партия ташкил қилишлари лозим, аммо, мана, бизнинг ёшларимиз қандай эканлигини кўриб турибсиз. Уят, Петр Петрович!
Кенжа қиз, Женя, земство ҳақида гап бораётганда жим ўтирди. У жиддий суҳбатларга қўшилмас, оилада уни ҳали балоғатга етмаган деб билишар ва болалик чоғида мураббияси миссни мисюсь дегани учун, кичик қизчадай уни Мисюсь деб аташаркан. Суҳбат давомида Женя менга қизиқиб қараб турди. Мен альбомдаги суратларни кўздан кечираётган вақтда эса; «Бу амаким… Бу тутинган дадам» деб бармоқчасини суратлар устидан юргизиб, менга тушундирди. Шу вақтда у болалардек елкасини менга текизар, мен унинг заиф, яхши етилмаган кўкрагини, нозик елкаларини, кокилларини ва белбоғ билан таранг тортилган ориққина танасини яқиндан кўрар эдим.
Биз крокет ва lown tennis ўйнадик, боғда сайр қилдик, чой ичдик, кейин баҳазур овқатланиб ўтирдик. Устунлари баҳайбат каттакон бўш залда яшаб юрганимдан, деворларида ранг-баранг расмлар бўлмаган бу мўъжазгина уйда, хизматкорларга ҳам сизлаб муомала қилинадиган бу оилада мен ўзимни жуда яхши сездим. Лида ва Мисюснинг борлиги туфайли менинг кўзимга ҳамма нарса ёш, покиза, ҳамма нарсада тартиб-интизом бордек кўринар эди. Кечки овқатдан кейин Лида яна Белокуров билан земство ҳақида, Балагин ҳақида, мактаб кутубхоналари ҳақида гаплашди. Бу ғайратли, софдил, эътиқодли бир қиз эди. Мактабда гапириб ўрганиб қолганидан бўлса керак, у баланд овоз билан гапирар, шундай бўлса ҳам уни тинглаш мароқли эди. Аммо бизнинг Петр Петрович эса студентлик давридан қолган одати бўйича, ҳар бир гапни тортишувга олиб боришга тиришар ва ўзини ақлли, илғор киши қилиб кўрсатишга уриниб, зерикарли, суст ва узоқ вақт гапирар эди. У қўлини пахса қилиб гапираётиб, енги билан соус идишини ағдариб юборди, дастурхон булғанди, аммо буни мендан бошқа ҳамма кўрмагандек бўлиб ўтираверди.
Биз уйга қайтаётганимизда қоронғи тушган ва ҳамма ёқ жимжит эди.
— Кишининг яхши тарбия олганлиги, унинг дастурхон устига соусни ағдариб юбормаслигида эмас, бошқа бирор киши бехосдан шундай қилган тақдирда, уни пайқамагандек бўлиб кўринишда, — деди Белокуров ва чуқур нафас олиб қўйди. — Ҳақиқатан жуда ажойиб, маданиятли оилада. Мен яхши одамлардан узоқлашиб кетдим, вой-бў, қанчалик орқада қолдим. Ҳаммасига ҳам иш сабаб. Иш!
У ўрнак бўларли деҳқон хўжалиги бўлиш учун жуда кўп меҳнат қилиш кераклигини гапирар, мен эса, бу қандай тепса тебранмас, иш ёқмас одам! — деб ўйлардим. У бирор масала устида жиддий сўзлаган вақтида «э-э-э» деб чўзар, иш билан машғул бўлган вақтда ҳам худди гапирганидек имиллаб, ҳамма вақт кечикиб, фурсатни ўтказиб ишлар эди. Почтага элтиб ташлашни илтимос қилиб берган хатларимни ҳафталар давомида чўнтагида олиб юришининг ўзиданоқ мен унинг ишчанлигига яхши ишонмас эдим.
— Ҳаммадан ҳам кишига алам қиладигани, — деб ғўлдирарди у, менинг ёнимда кета туриб, — ҳаммадан ҳам кишига алам қиладигани шуки, эртаю кеч ишлайсан-у, биронта одамнинг хайрихоҳлигини сезмайсан. Биронта ҳамдард топилмайди!

II

Мен Волчаниноваларникига бориб-келиб турадиган бўлиб қолдим. Одатда, айвоннинг пастки зинасига ўтириб, ўйга чўмар эдим; ўз-ўзимдан норозилик мени азоблар эди. Шу қадар тез ва мароқсиз ўтаётган умрига ачинардим, бундай вазминлашиб кетган юрагимни юлиб ташлагим келар эди. Шу вақтда айвонда гаплашишар, китоб варақлашар, кўйлакларнинг шитирлагани менга эшитилиб турар эди. Лиданинг кундузлари касалларни қабул қилишига, китоблар тарқатишига, бошяланг ҳолда соябон тутиб тез-тез қишлоққа бориб-келиб туришига, кечқурунлари эса баланд овоз билан земство ва мактаблар ҳақида гапиришларига мен тезда ўрганиб қолдим. Бу новдадай, гўзал, ҳамиша жиддий қиёфали ва нафис жажжи оғизли қиз, ҳар гал бирор ишга доир суҳбат бошланаётганда менга қараб, совуққина қилиб:
— Сиз учун бунинг ҳеч қизиғи йўқ, — деб қўяр эди.
У мени ёқтирмас эди. Менинг пейзажист бўлганим, ўз расмларимда халқнинг эҳтиёжларини акс эттирмаганим учун, у қаттиқ ишонган нарсага, унинг назарида, мен бепарво қараганим учун у мени ёмон кўрарди. Мен бир вақт Байкал қирғоғида кетаётганимда менга кўк дабадан тикилган кенг кўйлак ва лозим кийган отлиқ бир бурят қизи дуч келгани, мен ундан трубкангни сотмайсанми деб сўраганим ва биз гаплашиб турар эканмиз, у менинг европолик юзимга, шляпамга нафрат билан қараб тургани ва бир пасдаёқ мен билан гаплашишдан зерикиб, ҳайт деботига қамчи бериб, мендан узоқлашиб кетгани эсимда. Шунга ўхшаш, Лида ҳам мени ётсираб нафратланар эди. Мени ёқтирмаслигини у ташқи кўринишидан ҳеч сездирмас, аммо мен буни ҳис қилиб турар эдим. Айвоннинг пастки зинасида ўтириб, асабийлашиб: врач бўлмай туриб мужикларни даволаш — уларни алдашдир, икки минг десятина ерга эга бўлгач, олий ҳиммат бўлиш ҳеч гап эмас, деб ўйлар эдим.
Унинг синглиси, Мисюсь эса ҳеч бир ташвишсиз бўлиб, ўз умрини менга ўхшаб бутунлай бекорчилик билан ўтказар эди. У эрталаб тура солиб китобга ёпишар, айвондаги чуқур креслода оёқлари ерга тегар-тегмас бир ҳолда ўтириб олиб, ўқишга берилар ёки китобни олиб арғувон дарахтлари хиёбонига кириб кетар, ёки бўлмаса, дарвозадан чиқиб, далага томон йўл олар эди. У зўр иштиёқ билан китобга тикилиб олиб, куни бўйи ўқир, унинг қарашлари чарчоқ, эсанкираганидан, юзи қаттиқ бўзариб кетганидан, ўқиш унинг миясини чарчатиб қўйганини билиш мумкин эди. Мен келган вақтларда у мени кўриб бир оз қизарар, китобни қўяр ва шаҳло кўзларини менга тикиб, мен йўғимда нима воқеалар бўлганини, масалан, хизматкорлар хонасида қурум ёниб кетганини ёки хизматкор ҳовуздан катта балиқ тутиб олганини сўзлаб берар эди. Оддий кунларда у рангдор кўйлакча ва тўқ кўк юбка кийиб юрарди. Биз бирга сайр қилар, мураббо қилиш учун олча терар, қайиққа тушардик. У олчани узиб олиш учун сакраган ёки эшкак тортган вақтларида кенг енг орасидан унинг нафис, нозик билаклари кўриниб кетар эди. Гоҳо мен этюд чизиш билан шуғулланардим. Мисюсь бўлса менинг ёнимда завқ билан қараб турар эди.
Якшанба кунларидан бирида, июль ойининг охирларида мен Волчаниноваларникига эрталаб соат тўққизларда келдим. Узимни уйдан узоқроқ олиб, бу йил жуда кўп битган оқ замбуруғларни топиб, кейинроқ Женя билан бирга териб олиш мақсадида, уларни белгилаб қўйиб, боғчада айланиб юрдим. Гармсел шамоли эсиб турарди. Женя онаси билан черковдан қайтиб, уйга ўтганини кўрдим. Иккиси ҳам рангдор байрам кийимида эди. Женя шамол учириб кетмасин деб шляпасини ушлаб борар эди. Бир оз кейинроқ мен уларнинг айвонда чой ичаётганларини сездим.
Мендек беташвиш, ўзининг доимий бекорчилигини оқлашга бирор важ ахтарувчи киши учун бизнинг қўрғонлардаги бу ёзги байрам тонглари ҳамма вақт фавқулодда кўркам бир тусда кўринади. Ҳали кўтарилмаган шудрингдан нам кўм-кўк боғ офтоб нурида ярқираб қувончли кўринади; уйнинг атрофида қалампир гул ва тол гуллар анқиб туради; ёшлар ҳозиргина черковдан қайтиб келиб, боғда чой ичиб ўтирибди; улар жуда чиройли кийинишган, хушчақчақ; ниҳоят, бу соғлом, тўқ, кўркам йигитлар бутун узоқ кун бўйи ҳеч иш қилмасликларини билгач, бутун умр шундай бўлишини киши хоҳлаб қолади. Мен ҳозир ҳам шу ҳақда ўйлаб боғда айланиб юрардим ва ҳеч қандай мақсадсиз, ишсиз бутун кун бўйи, бутун ёз бўйи шундай юришга тайёр эдим.
Саватча кўтариб Женя келиб қолди; мен билан боғда учрашишини олдиндан билганлиги ёки сезганлиги унинг қиёфасидан кўриниб турарди. Биз гаплашиб юриб замбуруғларни йиғиб юрдик. У мендан бирор нарсани сўраганда, юзимни кўриб туриш учун олдинга ўтиб олар эди.
— Кеча бизнинг қишлоқда бир мўъжиза юз берди, — деди у. — Оқсоқ Пелагея бир йилдан бери касал бўлиб ётар, ҳеч қандай табиб ва дори-дармонлар унга ёрдам бермас эди. Куни кеча дуохон кампир бир дам солган эди, ўрнидан туриб кетди.
— Бунинг аҳамияти йўқ, — дедим. — Мўъжизаларни фақат касаллар ва кампирларнинг олдидан қидириш керак эмас. Ахир соғломлик ҳам мўъжиза эмасми? Ҳаётнинг ўзи-чи? Нима нарсага тушуниб бўлмаса — ўша мўъжиза.
— Сиз тушунарли бўлмаган нарсадан қўрқмайсизми?
— Йўқ. Мен ўзим тушуна олмаган ҳодисага дадил қарайман, бўйсунмайман. Мен улардан юқори тураман. Киши ўзини шер, йўлбарслардан, юлдузлардан табиатдаги барча нарсалардан, ҳаггоки тушуниб бўлмайдиган, мўъжиза бўлиб кўринадиган нарсалардан ҳам устун билиши лозим. Акс ҳолда у одам эмас, ҳар бир нарсадан қўрқа берадиган сичқондир.
Женя мен рассом бўлганим учун, кўп нарсани биладиган, билмаганларини эса тўғри пайқайдиган одам деб ўйлар эди. Женя мен уни абадият ва гўзаллик оламига, унинг фикрича, мен ўз кишиси бўлган киборлар жамиятига йўллашимни истар, шунинг учун ҳам у мен билан мангу ҳаёт ва ажойиботлар ҳақида сўзлашар эди. Мен эса вафот этганимдан кейин ўз тасаввурларим билан абадий ҳок бўлажагимга ишонмаганим туфайли: «Ҳа, кишилар мангу яшайдилар», «Ҳа, бизни мангу ҳаёт кутади», деб жавоб берар эдим. У менинг сўзларимни тинглар, ишонар ва ҳеч қандай далил келтиришимни талаб қилмас эди.
Биз уйга қайтиб кетар эканмиз, у йўлда тўсатдан тўхтади-да, гап бошлади:
— Бизнинг Лида жуда ажойиб одам. Тўғри эмасми? Мен уни ғоят севаман; керак бўлса унинг учун жонимни бераман. Аммо, айтингчи, — Женя менинг енгимга бармоғини теккизди, — айтингчи, нега сиз у билан ҳар доим тортишасиз? Нега мунча асабийсиз?
— Чунки у ноҳақ.
Женя норозилик билан бошини тебратди ва кўзига ёш олди.
— Мен ҳеч нарсага тушунолмайман! — деб қўйди у.
Шу вақт қўлида навда ушлаган Лида қаердандир ҳозиргина келиб, хушқомат, гўзал бир суратдай офтоб нурида, зинапоя ёнида хизматкорга ниманидир буюриб турар эди. У баланд овоз билан гапириб, шошилинч равишда икки-учта беморни қабул қилди, кейин жиддий, ташвишли қиёфада гоҳ у шкафни, гоҳ бу шкафни очиб-ёпиб хоналарда айланиб юрди, болохонага чиқиб кетди; уни анча қидиришди, овқатга чақиришди, у эса биз шўрвани ичиб бўлгач келди. Бу майда-чуйда тафсилотларнинг ҳаммасини мен негадир ёдимда сақлаб қолганман ва уларни севаман; гарчи айтарли ҳеч қандай ҳодиса юз бермаган бўлса ҳам, ўша кунгаи жуда равшан хотирлайман. Тушки овқатдан кейин Женя чуқур креслога чўмиб, китоб ўқишга киришди, мен эса айвоннинг пастки зинасида ўтирдим. Биз сукутга чўмдик. Бутун осмонни қора булут қоплаб олди, сийрак, майда ёмғир севалай бошлади. Гармсел шамол аллақачон босилган, ҳаво дим, бу кун ҳеч тугамайдигандек туюлар эди. Биз ўтирган айвонга уйқудан қовоқлари салқиган Екатирина Павловна қўлида елпиғич ушлаб чиқиб келди.
— Оҳ, ойижон, — деди Женя, унинг қўлларини ўпа туриб, — кундузи ухлаш сенга зарар қилади.
Улар бир-бирини қаттиқ севардилар. Биттаси боғга чиқиб кетаётган бўлса, иккинчиси дарров айвонга чиқиб олар ва баҳайбат дарахтларга қараб, «Ау, Женя!» ёки бўлмаса «Ойижон, қаердасан?» деб турар эди. Улар иккиси ҳамма вақт бирга ибодат қилар, эътиқодлари ҳам бир хил ва ҳатто жим турганларида ҳам, бир-бирларининт фикрларига яхши тушунар эдилар. Уларнинг кишиларга бўлган муносабатлари ҳам бир хил эди. Екатерина Павловна, қизи Женядек менга тезда одатланиб ва меҳр қўйиб қолди. Агар мен уларникига икки-уч кун бормай қолсам, у одам юбориб, мендан хабар олдирар эди. Менинг этюдларимни у ҳам завқ билан томоша қилар ва Мисюсь каби очиқ-ёриғ, оқкўнгиллик билан, содир бўлган воқиаларни менга сўзлаб берар, кўпинча ўзининг оила сирларини ҳам менга ишониб айтар эди.
Екатерина Павловна катта қизини жуда ҳурматлар эди. Лида ҳеч қачон эркалик қилмас, фақат жиддий масалалар ҳақида сўзлар эди; у ўзгача бир ҳаёт кечирар, доимо ўз каютасида ўтирувчи адмирал, матрослар учун қандай муқаддас ва қандай сирли бўлса, у ҳам ўз онаси ва синглиси назарида шундай муқаддас ва сирли эди.
— Бизнинг Лида жуда ажойиб одам, — дерди, кўпинча онаси. — Тўғри эмасми?
Ҳозир ҳам, ташқарида ёмгир севалаб турар экан, биз Лида ҳақида гаплашар эдик.
— У ажойиб одам, — деди онаси ва чўчиб атрофига аланглаб фитначидек шивирлаб қўйди: — Гарчи мен бир оз ташвишга туша бошлаган бўлсам ҳам, барибир, бунақа одамларни кундузи ҳам қидириб топиб бўлмайди. Мактаб, дорихоналар, китоблар — бу ҳаммаси жуда яхши, аммо ҳаддан ошишнинг нима кераги бор? Ахир у, мана, йигирма тўртга қадам қўйди, ўз турмуши ҳақида жиддий ўйлаш вақти келди. Шу аҳволда китоблар, дорихоналар кетидан югуриб юриб, ҳаёт қандай ўтиб кетганини билмай қолади… Эрга тегиш ҳам керак.
Уқий бериб ранги оқариб кетган, сочлари гижимланган Женя бошини китобдан бир оз кўтарди-да, ўз-ўзи билан гаплашаётгандек, онасига қараб:
— Ойижон, ҳамма нарса худонинг иродасига боғлиқ! — деб қўйди. Яна китобга шўнғиди.
Бели бурма камзул ва кашта гулли кўйлак кийган Белокуров кириб келди. Биз крокет ва lown tennis ўйнадик, қоронғи тушгач, баҳузур овқатландик. Лида яна мактаблар ҳақида, бутун уездни ўз қўлига қамраб олган Балагин ҳақида гапирди. Бу кеча, Волчаниноваларникидан қайтар эканман, мен бекорчилик билан ўтказилган узун куннинг таассуроти билан, шу билан бирга дунёда қанчалик узоқ бўлмасин, барибир, тамом бўлмайдиган ҳеч бир воқиа йўқ деган қайғули фикрга чўмган ҳолда борар эдим. Дарвозагача бизни Женя кузатиб қўйди; у эрталабдан кечгача бутун кунни мен билан бирга ўтказгани учунми, усиз мен зерикиб қоладиганга ўхшаганим учунми, бу ёқимли оила менга жуда яқин, қадрдон эканини ҳис қилдим; шундан кейин, бутун ёз бўйи биринчи марта расм ишлашга иштиёқ туғилди.
— Айтингчи, нега сиз бундай зерикарли, нашъасиз ҳаёт кечирасиз? — деб сўрадим Белокуровдан, у билан уйга қайтаётиб, — менинг ҳаётим зерикарли, машақақатли, бир хил, чунки мен рассомман, ажиб бир кишиман; мен ёшлик кунларимданоқ ҳасад билан, ўз-ўзимдан норозилик, ўз касбимга ишончсизлик билан азобланиб, асабийлашиб қолганман; мен ҳамма вақт қашшоқ, дарбадарман, аммо сизчи, сиз соғлом, эс-ҳуши жойида одамсиз, помешчиксиз, хўжайинсиз, — нима сабабдан сиз бундай мароқсиз яшайсиз, ҳаётдан жуда оз баҳра оласиз? Нима сабабдан сиз, шу вақтгача, масалан, Лиданими ёки Женяними севиб қолмагансиз?
— Сиз менинг бошқа хотинни севишимни унутяпсиз, — деб жавоб берди Белокуров.
У ўзи билан бирга боғчадаги уйда яшовчи Любовь Ивановнани айтаётган эди. Мен бу тўладан келган, лўппигина, бўрдоқига боқилган ғозга ўхшаш, димоғдор хонимни маржонлар тақиб рус кийимида, зонтик тутиб боғда сайр қилиб юрганини ҳар куни кўрардим. Хизматкор хотин уни гоҳ овқатланишга, гоҳ чойга чақириб турарди. Бу хотин бундан уч йил илгари боғлардаги уйнинг бирини ижарага олиб келган-у, шу бўйича Белокуровникида, яшаб қола берган экан. У Белокуровдан ўн ёшча катта бўлиб, уни ўз ҳукмига жуда бўйсундириб олган. Белокуров уйдан бирор ёққа бормоқчи бўлса, ундан рухсат сўраши лозим эди. Бу хотин кўпинча йўғон, эркакларникига ўхшаш овоз билан йиғлашга тушар, шундай вақтларда мен унинг олдига одам юбориб, агар у йиғлашдан тўхтамаса уйни ташлаб кетишимни билдирар эдим. Шундан кейин у йиғидан тўхтар эди.
Биз уйга қайтгач, Белокуров диванга ўтириб, қовоғини солиб чуқур ўйга толди, мен эса севиб қолган кишидек, бир оз ҳаяжонланиб залнинг у бошидан бу бошига бориб-келиб турдим. Волчаниновалар ҳақида гапиргим келарди.
— Лида фақат ўзига ўхшаган, дарди-фикри шифохона ва мактаблар бўлган земство ходимига кўнгил бериши мумкин, — деб гап бошладим. — Оҳ, бундай қиз учун земство ходими бўлишгина эмас, эртакларда айтилганидек, темир кавушни кийиб тўздириш ҳам мумкин. Мисюсь-чи? Қандай латофатли бу Мисюсь!
Белокуров гап орасида «э-э-э» деб чўзиб, асримизнинг касали — пессимизм ҳақида гапга тушиб кетди. У ишонч билан, мен билан баҳс талашаётгандек бир оҳангда гапирар эди. Юз чақиримлаб бошдан-оёқ бир хил кўринишдаги бўм-бўш қовжираган, гиёҳсиз дашт-биёбонда йўл юриш ҳам кишини рўпарада ўтириб гап сотаётган, қачон туриб кетиши номаълум битта одамдек хафа қилмайди.
— Гап пессимизмда ҳам, оптимизмда ҳам эмас, — дедим қизишиб, — кишиларнинг юзидан тўқсон тўққизтасининг фаҳм-фаросати йўқлигида.
Белокуровга бу гап тегиб, хафа бўлди-да, чиқиб кетди.

III

— Князь Малозёмово қишлоғида меҳмондорчиликда юрибди, сенга салом айтиб юборди, — деди Лида онасига қаердандир қайтиб келгач, қўлқопини еча туриб. — Кўп қизиқ гапларни сўзлаб берди… Малозёмовода медицина пункти очиш масадасини губерна мажлисида қайтадан кўтаришни ваъда қилди, аммо, умид кам, дейди. — Сўнг менга қараб гап ташлади: — Кечирасиз, бу нарса сизни қизиқтирмаслигини мен ҳамма вақт эсимдан чиқараман.
Менинг ғашим келиб:
— Нега энди қизиқтирмас экан? — деб сўрадим елкамни қисиб. — Менинг фикримни билишга сизнинг майлингиз йўқ, аммо, ишонтириб айтаманки, бу масала мени ғоят қизиқтиради.
— Шунақами?
— Ҳа. Менимча, Малозёмовода медицина пункти очишнинг ҳеч ҳожати йўқ.
Унинг ҳам ғаши келиб, менга қаради-да, кўзларини қисиб сўради:
— Бўлмаса нима керак? Пейзажларми?
— Пейзажлар ҳам керак эмас. У ерга умуман ҳеч нарса керак эмас.
У қўлқопини ечиб бўлди-да, почтадан ҳозиргина келтирилган газетани очди; бир оз вақт ўтгач, афтидан, ўзини тутиб, паст овоз билан гапира бошлади:
— Ўтган ҳафта Анна деган хотин туғолмай ўлди, агар бирор яқинроқ жойда медицина пункти бўлганда эди, у тирик қоларди. Жаноб пейзажистлар ҳам бу ҳақда қандайдир бир фикрга эга бўлсалар, менимча, ёмон бўлмас эди.
— Бу ҳақда мен жуда аниқ бир фикрга эгаман, бунга амин бўлинг, — деб жавоб бердим, у бўлса менинг гапимни эшитгиси келмагандек, газета билан юзини беркитиб олди. — Менимча, мавжуд шароитда медицина пунктлари, мактаблар, кутубхоналар, аптекалар халқни асоратга солиш учунгина хизмат қилади. Халқ улуғ бир занжир билан чулғаб ташланган, сиз эса бу занжирни узиш ўрнига унга яна янги ҳалқалар қўшасиз, холос — мана сизга менинг фикрим.
У менга назар ташлади-да, истеҳзо билан илжайди, мен эса, асосий фикримни топиб олишга уриниб, гапда давом этдим:
— Битта Аннанинг туғолмай ўлганининг аҳамияти йўқ. Муҳими шундаки, барча Анналар, Мавралар, Пелагеялар тонг отгандан қоронғи тушгунча белларини букиб ишлайдилар, оғир меҳнат натижасида касалга чалннадилар, умр бўйи оч-яланғоч, касал болалари учун куядилар, бутун умр бўйи ўлимдан, касалликлардан қўрқадилар, умр бўйи даволанадилар, жуда эрта сўлийдилар, барвақт кексайиб қоладилар, охири ифлос бадбўй жойларда жон берадилар; уларнццг болалари катта бўлгач, шу нағмани чаладилар, шу аҳволда юзлаб йиллар ўтади, миллиардлаб кишилар ҳайвонлардан ҳам баттар, фақат бир бурда нон учун, доимий қўрқинч остида яшайдилар. Уларнинг бундай фожиали аҳволда эканликларининг сабаби шундаки, улар маънавий фаолият ҳақида ўйлашга вақт тополмайдилар, ўз қиёфалари ва сиёҳларини хотирга олишга ҳам вақт тополмайдилар. Очлик, совуқ, доимий қўрқинч ва оғир меҳнатлар қор кўчкинларидек уларнинг маънавий фаолиятга интилиш йўлларини тўсиб ташлаганлар ва шу билан кишини ҳаётга рағбатлантирувчи одамни ҳайвондан ажратувчи бирдан-бир ғоядан уларни маҳрум этганлар. Сиз шифохона ва мактаблар билан уларга ёрдамлашмоқчи бўласиз. Аммо, бу билан уларни асоратдан озод қилолмайсиз, аксинча, уларни яна ҳам баттарроқ асоратга соласиз, чунки сиз уларнинг турмушига янги таассублар киргизар экансиз, — улар талабларининг сонини ҳам кўпайтирасиз; малҳамлар, китобчалар учун улар земствога пул тўлашлари, демак, яна ҳам кўпроқ бел букиб ишлашлари лозим эканлигини гапириб ўтирмасак ҳам бўлади.
— Мен сиз билан тортишмайман, — деди Лида газетани юзидан тушира туриб. — Мен бу гапни аллақачон эшитганман. Сизга фақат битта нарсани айтиб қўймоқчиман: қўл қовуштириб ўтириш керак эмас. Тўғри, биз инсониятни қутқариб қолаётганимиз йўқ, кўп масалаларда хато ҳам қилаётгандирмиз, аммо биз қўлимиздан нимаики келса, шуни қиляпмиз ва биз — ҳақлимиз. Маданий кишининг энг улуғ ва муқаддас бурчи — ўз яқинларига хизмат қилишдир, биз ҳам қўлимиздан келганча хизмат қилишга тиришяпмиз. Бу сизга ёқмайди, албатта, аммо ҳамманинг ҳам кўнглини олиб бўлмайди.
— Тўғри, Лида, тўғри, — деди онаси.
Лиданинг олдида у ҳамма вақт ҳайиқиб турар, бирор ортиқча ёки ноўрин сўз айтиб қўйишдан қўрқиб, унинг бетига ташвишли назар ташлар ва ҳеч қачон унга эътироз билдирмас, доимо унинг фикрини маъқуллаб: тўғри Лида, тўғри, дерди.
— Сизнинг деразаларингиздан тушаётган нур мана шу каттакон боғни ёрита олмаганидек, мужикчасига саводлилик ҳам, ожиз насиҳат ҳам, қочириқлар билан тўлган китобчалар ва медицина пунктлари ҳам на нодонликни ва на халқнинг кўп ўлишини камайтира олмайди, — дедим. — Сиз ҳеч енгиллик келтира олмайсиз, аксинча, бу бечораларнинг ҳаётига аралашиш билан фақат янги эҳтиёжлар ва оғир меҳнагга ундовчи янги сабаблар келтирасиз, холос.
— Эй, худойим-эй, бирор нарса қилиш керак-ку, ахир! — деди Лида алам билан, унинг сўз оҳангидан, у менинг мулоҳазаларимни аҳамиятсиз бир нарса деб ҳисоблаб, назар-писанд қилмаётганлиги сезилиб турар эди.
— Кишиларни оғир жисмоний меҳнатдан озод қилиш лозим, — дедим. Улар бутун умрларини далада, печлар ва жомашовлар ёнида ўтказмай, балки ўзларининг маънавий фаолиятлари ҳақида, худо ҳақида ўйлашга ҳам вақт топа олишлари, ўзларининг маънавий қобилиятларини ҳар тарафлама кўргаза олишлари учун улар тортаётган жабр-зулмларни бир оз енгиллаштириш, уларга бир оз тиним бериш лозим. Ҳар бир кишининг маънавий фаолиятдаги бурчи — ҳақиқатни ва ҳаёт маъносини узлуксиз ахтаришдадир. Дағал, машаққатли меҳнатни улар учун нозарур ҳолга келтиринг, уларга, ўзларини озод ҳис қилишлари учун шароит туғдиринг, ана шунда сиз бу китобчалар ва аптечкаларнинг, ҳақиқатда, қандай масхарабозлик эканлигини англайсиз. Киши ўзининг ҳаётдаги ҳақиқий бурчини англар экан, уни бу бўлмағур нарсалар эмас, дин, илм ва санъатларгина қониқтира олади.
— Меҳнатдан озод қилиш? — деб истеҳзо билан гап ташлади Лида. — Бу мумкинми, ахир?
— Мумкин. Улар қилаётган меҳнатнинг бир қисмини ўз зиммангизга олинг. Биз ҳаммамиз, шаҳар ва қишлоқ аҳолилари, ҳеч кимни истисно қилмасдан, умуман инсоният томонидан жисмоний эҳтиёжларини қондириш учун сарфланаётган меҳнатни ўзаро тенг бўлиб олишга рози бўлганимизда эди, бизларнинг ҳар биримиз бир кунда икки-уч соатдан ортиқ ишламаган бўлардик. Ахир ўйлаб кўринг-а, биз ҳаммамиз, бойлар ҳам, камбағаллар ҳам бир кунда фақат уч соатгина ишлаймиз, қолган вақтимиз бўш. Яна ўйлаб кўринг, биз ўз гавдамизга камроқ тоби бўлиш, меҳнат машаққатларини камроқ тортиш учун қўл меҳнатининг ўрнини босадиган машиналар ихтиро қиламиз, ўз эҳтиёжларимиз сонини имкон борича камайтиришга тиришамиз. Анна, Мавра, Пелагеялар каби болаларнинг соғлиқлари устида доимий жон куйдирмаслигимиз учун биз ўзимизни ва совуқдан, очлик даҳшатидан қўрқмасликлари учун болаларимизни чиниқтириб борамиз. Тасаввур этинг, биз шифоланиб юрмаймиз, аптекалар, тамаки фабрикалари ва ароқ заводлари қурмаймиз, — натижада бизда қанча вақт бўш қолади! Бу вақтни эса биз ҳаммамиз биргалашиб илмга, санъатга бағишлаган бўлур эдик. Мужиклар гоҳо жамоат жам бўлиб йўлларни тозалаганларидек, биз ҳам ҳаммамиз биргалашиб, жамоат жам бўлиб, ҳақиқатни, ҳаётнииг маъносини ахтарган бўлар эдик, ҳамда, — мен бунга аминманки, — ҳақиқат тезда очилган, кишилар бу изтиробли ўлим ваҳимасидан, ҳаттоки ўлимнинг ўзидан ҳам қутулган бўлур эди.
— Бироқ сиз ўз фикрингизга ўзингиз қарши чиқяпсиз, — деди Лида. — Сиз илм, илм дейсизу, ўзивгиз саводхонликни инкор этасиз.
— Киши фақат қовоқхоналар эшигига осилган вивескаларни ва аҳён-аҳёнда ўзи тушунмайдиган китобларни ўқийдиган саводхонлик бизга керак эмас, — бундай саводхонлик бизда Рюрик замонларидан бери давом этиб келмоқда, Гоголнинг Петрушкаси аллақачонлардан бери ўқишни билади, ҳолбуки қишлоқ аҳолиси Рюрик замонида қандай бўлса, ҳозир ҳам шундай. Саводхонлик эмас, маънавий фаолиятни кенг миқёсда юзага келтириш учун озодлик керак. Мактаблар эмас, университетлар керак.
— Сиз медицинани ҳам инкор қиляпсиз-ку.
— Ҳа. У касалликларни даволаш учун эмас, уларни фақат табиат ҳодисалари сифатида ўрганишгагина керак бўлур эди. Даволаганда ҳам, касалликларни эмас, уларнинг сабабларини йўқотиш керак бўларди. Асосий сабаб бўлмиш жисмоний меҳнатни йўқотинг, ана унда касалликлар ҳам бўлмайди. Мен даволаш билан шуғулланувчи илмни ҳеч инобатга олмайман, — дедим ҳаяжонланиб. — Илм ва санъатлар, агар улар ҳақиқий бўлса, муваққат, айрим мақсадларга эмас, абадий ва умумий мақсадларга интиладилар ва улар ҳақиқатни, ҳаётнинг маънисини қидирадилар, худони қидирадилар, уларни кундалик эҳтиёж ҳам воқеаларга, аптечка ва кутубхоналарга боғлаб қўйилганда эса, улар ҳаётни мураккаблаштириб, мушкуллаштириб юборадилар, холос. Бизда кўп медиклар, фармацевтлар, юристлар бор, саводли кишилар кўпайди, аммо биологлар, математиклар, файласуфлар, шоирлар эса, бутунлай йўқ. Бутун ақл, бутун ғайрат муваққат, ўткинчи эҳтиёжларни қондиришга қаратилган… Олимларнинг, ёзувчиларнинг, рассомларнинг ишлари юришган, уларнинг шарофати билан ҳаёт қулайликлари кундан-кунга ортиб бормоқда, кишиларнинг жисмоний талаблари кўпаймоқда, аммо шунга қарамай ҳақиқат ҳали жуда йироқ, инсон илгаригидек энг ваҳший, энг нопок жониворлигича қолиб келмоқда ва бу ҳаммаси аксар инсониятнинг бузилишга, ҳаёт қобилиятини абадий йўқотишга яқинлашиб бораётганидан дарак беради. Бундай шароитда рассбмнинг ҳаёти ҳеч қандай маънога эга эмас, у қанчалик истеъдодли бўлса, унинг роли ҳам шунчалик ажиб ва мавҳум. Негаки, ўйлаб кўрилганда, у мавжуд тузумни ёқлар экан, мазкур нопок ваҳший жониворга эрмак тайёрлаш учун ишлайди, холос. Мана шунинг учун ҳам мен ишлашни истамайман ва ишламайман ҳам… Ҳеч нарсанинг кераги йўқ, майли бутун борлиқ, жаҳаннамга қуласин!
— Мисюска, — чиқиб тур, — деди Лида синглисига афтидан, менинг сўзларимни ёш қиз учун зарарли ҳисоблаб.
Женя опасига ва онасига маъюс боқди-да, чиқиб кетди.
— Бундай ёқимли гапларни, одатда, кишилар ўз бепарволикларини оқламоқчи бўлган вақтларида айтадилар, — деди Лида. — Шифохона ва мактабларни инкор қилиш, даволаш ва ўқитишдан кўра енгилроқ, албатта.
— Тўғри, Лида, тўғри, — деди онаси.
— Сиз ишламайман деб пўписа қиляпсиз, — деб давом этди Лида. — Чамаси, сиз ўз асарларингизни жуда қадрласангиз керак. Баҳслашишни тўхтатиб қўя қолайлик, биз сиз билан ҳеч қачон келиша олмаймиз, чунки сиз ҳозир шундай нафрат билан баҳо берган шифохоналар ва мактабларнииг энг мукаммал бўлмаганини ҳам мен дунёдаги барча пейзажлардан афзалроқ кўраман. — Шу заҳотиёқ, онасига қараб, бутунлай бошқа оҳангда гапира бошлади: — Князь бизникига келиб-кетгандан бери жуда ориқлаб, ўзгариб кетибди. Уни Вишига юборяптилар.
Лида мен билан гаплашмаслик учун онасига князь ҳақида гапираётган эди. Унинг юзлари ёнар ва ўзининг ҳаяжонланганини яшириш учун, яқиндан кўрадиган кишига ўхшаб столга энгашиб олиб, ўзини газета ўқиётган қилиб кўрсатмоқчи бўлар эди. Менинг бу ерда туришим ўнғайсиз эди. Мен хайрлашдим-да, уйга қараб жўнадим.

IV

Ташқарида жимжитлик; ҳовузнинг нариги бетидаги қишлоқ аллақачон уйқуга толган, биронта ҳам шуъла кўринмайди, фақат ҳовуздагина юлдузларнинг сўниқ акси милтиллаб кўринарди. Шердор дарвозанинг олдида кўзатиб қўйиш учун, Женя мени кутиб тик турар эди.
— Қишлоқдагилар ҳаммаси уйқуда, — дедим унга, қоронғида унинг юзига назар ташлаб, унинг менга тикилган қоп-қора маъюс кўзларини кўрдим. — Қовоқхоначи ҳам, от ўғрилари ҳам баҳазур ухламоқда, биздай туппа-тузук кишилар, бир-биримизнинг ғашимизга тегамиз, тортишамиз.
Маъюс август кечаси, — чунки куз ҳиди келиб қолган; тўқ қизил булут билан ўралиб чиқиб келаётган ой йўлни ва унинг атрофидаги қоп-қора ерларни аранг ёритарди. Тез-тез юлдузлар учиб-туради. Женя йўлда ёнгинамда борар ҳамда дегадир уни қўрқинчга солаётган учиб тушаётган юлдузларни кўрмаслик учун осмонга қарамасликка тиришар эди.
— Менимча, сиз ҳақлисиз, — деди у шабнамдан титраб. — Агарда кишилар ҳаммалари биргалашиб маънавий фаолиятга берилганларида эди, улар тезда ҳамма нарсани билиб олган бўлар эди.
— Албатта. Бизлар — табиатнинг энг олий маҳсулимиз, агарда, ҳақиқатан ҳам биз кишилик улуғ истеъдодининг бутун куч-қувватини англаб, фақат олий мақсадлар учун яшасак, биз худога яқинлашиб қолган бўлардик. Аммо, ҳеч қачон бундай бўлмайди, инсоният бузилади, улуғ истеъдодлардан асар ҳам қолмайди.
Дарвоза кўзга кўринмай қолгач, Женя тўхтади-да, шошиб-пишиб менинг қўлимни сиқди.
— Хайрли кеч, — деди титраб, у фақат битта кўйлакда бўлиб, совуқдан жунжиб турар эди. — Эртага келинг.
Ўзимдан ҳам, кишилардан ҳам норози, асабий бир ҳолда ёлғиз қолишни ўйлаб, ваҳимага тушдим, энди мен ҳам учиб тушаётган юлдузларга қарамасликка тиришар эдим.
— Яна бирпасгина мен билан бўлинг, — дедим. — Илтимос қиламан.
Мен Женяни севар эдим. Эҳтимолки у мени кутиб олиш ва кузатиб қўйишлари учун, менга меҳр ва завқ билан боқишлари учун севган бўлсам. Унинг рангпар чеҳраси, ингичка бўйни, нафис қўллари, унинг. нозиклиги, бекор юриши — ҳаммаси мен учун нақадар таъсирли эди. Унинг ақли-чи? Менинг гумонимча у ниҳоятда ақлли бўлиб, жиддий, гўзал, мени ёмон кўрувчи Лидадан бошқачароқ фикр юрйтгани туфайли, унинг масалага қарашларининг расолиги мени ғоят завқлантирар эди. Женя мени рассом сифатида яхши кўрарди. Мен унинг қалбидан ўз истеъдодим билан жой олган эдим. Мен фақат Женя учун ишлашни истар ва у ҳақда ширин хаёлларга чўмар эканман, уни шу дарахтлар, шу туман далалар, шу гўзал тонг устидан, мен ўзимни унинг бағрида умрбод ёлғиз, кераксиз деб ҳис қилган мана шу ажойиб, жозибадор табиат устидан мен билан бирга ҳукмронлик қилувчи ўзимнинг жажжи маликам деб ўйлар эдим.
— Яна бир оз тўхтанг, — деб ёлбордим. — Ўтинаман сиздан.
Мен пальтомни ечиб, унинг совқотган елкасига ёпдим. У эркак пальтосида ғалати кўринишдан хавфсираб кулдида, пальтони елкасидан тушириб юборди. Шу топда мен уни қучоқлаб олдим, унинг юзи, елкалари, қўлларидан эҳтирос билан ўпа бошладим.
— Эртагача хайр! — деб шивирлади у ва кеча сукунатини бузишдан қўрққандек, астагина мени қучоқлади. — Биз уйда бир-биримиздан ҳеч нарсани яширмаймиз, мен ҳозироқ ҳаммасини ойимга ва опамга айтиб беришим керак… Бу жуда қўрқинчли. Ойим-ку майли-я, ойим сизни яхши кўради, аммо Лида!
У дарвоза томон чопиб кетди.
— Хайр! — деб қичқирди у.
Кейин мен бирпас унинг чопиб кетаётганини эшитиб турдим. Менинг уйга кетгим келмасди, борганда ҳам нима қилардим. Бир оз ўйлаб турдим-да, Женя яшайдиган ёқимли, содда, ўз болохонасининг ойналари билан менга қараб, бутун аҳволимни тушунаётгандек бўлиб кўринган эски уйга яна бир қараш учун аста-секин орқага қайтдим. Мен айвон олдидан ўтиб, lown tennis ўйнайдиган майдонча четида, эски қайрағоч тагида, қоронғи жойда турган скамейкага ўтириб, шу ердан уйга қараб ўтирдим. Мисюсь турадиган болохонанинг ойналарида аввал ёрқин нур ярқиради-да, сўнг осойишта яшил рангга айланди, — лампага қалпоқ қўйилди, соялар тебраниб кетди… Бутун қалбимни меҳр, сукунат ва ўзимдан мамнунлик — бировга кўнгил қўёлганлигим ва сева олганлигимдан мамнунлик қоплаган эди, аммо, айни вақтда, мендан бир неча қадам нарида, шу уйнинг хоналаридан бирида мени ёқтирмовчи, балки менга нафрат билан қаровчи Лида яшаётганини ўйлаб ўнғайсизланар эдим. Мен Женя чиқиб қолмасмикин, деб кутиб ўтирардим, диққат билан қулоқ солардим, менга худди болохонадагилар гапиришаётгандек бўлиб туюлар эди.
Бир соатча вақт ўтди. Яшил нур сўнди, соялар ҳам кўринмай қолди.
Энди ой баландда, уйнинг тепасида порлаб, жимликка ботган боғчани, йўлчаларни ёритиб турар, уй олдидаги гулзорга ўтқазилган картошка гуллар, атир гуллар бир ранглидек бўлиб кўринар эди. Совуқ тобора зўрайиб борарди. Мен боғчадан чиқдим-да, йўлдан пальтомни топиб олиб, шошмасдан уйга қараб жўнадим.
Мен эртаси куни тушдан кейин Волчаниноваларникига келганимда, боғчага қараган ойнавонли эшик ланг очилиб ётарди. Мен шу топда гулзор орқасидаги майдончами ёки хиёбонлардан биридами Женя кўриниб қолишини ёки хоналардан биридан унинг овози эшитилиб қолишини кутиб, айвонда бир оз ўтирдим; кейин меҳмонхонага ўтдим. Биронта ҳам одам кўринмас эди. Меҳмонхонадан ўтиб узун йўлакдан олдинги хонага чиқдим, кейин яна орқага қайтдим. Бу йўлакда бир нечта эшик бўлиб, уларнинг биридан Лиданинг овози келиб турарди.
— Бир жойда олақарғага… худо… — дерди у баланд овоз билан чўзиб, афтидан диктовка қилаётган бўлса керак. — Худо бир парча пишлоқ берибди… Бир жойда олақарғага… Ким у? — қичқириб сўради у бирдан, менинг оёқ товушимни эшитиб.
— Бу мен.
— Э! Кечирасиз, ҳозир сизиинг олдингизга чиқолмайман, мен Даша билан машғулот ўтказяпман.
— Екатерина Павловна боғчадамилар?
— Йўқ, улар синглим билан Пенза губернасига, холамларникига кетдилар. — Бир оз жим тургач: — Қишда эса, улар чет элларга саёҳатга боришса керак… — деб қўшиб қўйди у, — бир жойда олақарғага ху-удо бир парча пишлоқ берибди… Ёзиб бўлдингми?
Мен олдинги хонага чиқдим ва ҳеч нарсани ўйламай у ердан ҳовузга ва қишлоққа тикилйб турдим, менинг қулоғимга эса:
— Бир парча пишлоқ… Бир жойда олақарғага худо бир парча пишлоқ берибди… — деган овоз эшитиларди.
Шу билан мен қўрғонни ташлаб бу ерга биринчи бор келган йўлим билан қайтиб кетдим. Фақат илгаригининг аксича, аввал уйнинг ёнидан ўтиб ҳовлидан боғчага, сўнг арғувон дарахтлари хиёбонидан… Бу ерда орқамдан бир бола қувлаб етиб, қўлимга бир хат тутқазди. «Мен ҳаммасини опамга сўзлаб бердим, у сиз билан ажралишимни талаб қиляпти, — деган сўзни ўқидим. — Мен опамнинг измидан чиқиб, уни ранжитишга қодир бўла олмас эдим. Тангри сизга бахт йўлласин, Мени афв этинг. Онам ва мен хун-хун йиғлаётганимизни билсангиз эди!»
Сўнг қоронғи арча хиёбони, қулаган девор… Илгари жавдар яшнаб турган, беданалар сайраган далада ҳозир сигирлар, тўшовига чалкашган отлар дайдиб юради. Унда-бунда баландликларда кузги экинлар кўкариб кўринади.
Менинг вужудимни кундалик ҳушёр кайфият чулғаб олди, Волчаниноваларникида айтган ҳамма гапларимни ўйлаб ўз-ўзимдан уялиб кетдим, шундан кейин ҳаёт илгаригидек зерикарли бўлиб қолди. Уйга қайтиб келиб, нарсаларимни жойлаб, кечқурун Петербургга қараб жўнадим.
Бундан кейин мен Волчаниноваларни ҳеч кўрмадим. Яқинда, Қримга кетаётганимда мен вагонда Белокуровни кўриб қолдим. У илгаригидек бели бурма камзул ва кашта гулли кўйлак кийган бўлиб, мен ундан ҳол-аҳвол сўраганимда у: «сизнинг дуоларингиз билан» деб жавоб қилди. Биз суҳбатлашишга бошладик. У ўз ер-мулкини сотиб, бошқа кичикроғини олибди ва Любовь Ивановна номига ёздирибди. Волчаниновалар ҳақида у жуда оз маълумот берди. Унинг айтишича, Лида қадимгидек Шелковкада яшар, мактабда болаларга дарс берар экан; у аста-секин, ўзига ёққан кишилардан тўгарак ташкил қилибди. Улар ўзларидан кучли бир партия тузиб, охирги земство сайловларида шу вақтгача бутун уездни ўз қўлида ушлаб турган Балагинни «қулатиб» юборишибди. Женяга келганда, Белокуров унинг ўз уйида яшамаётганини, қаердалиги номаълум эканини гапирди.
Мен энди болохонали уйни унута бошладим. Фақат гоҳ-гоҳ ёзиб ёки ўқиб ўтирган пайтларимда, тўсатдан, деразадан кўринган яшил нурми ёки севги хаёлларига берилиб совқотган қўлларимни бир-бирига ишқалаб уйга қайтаётган вақтларимдаги тинч далада, кеча сукунатини бузиб, янграган ўзимнинг оёқ товушимми беихтиёр ёдимга тушиб кетади. Бундан ташқари, ёлғизлик тинкамни қуритган, қайғу гирдобига чўмган чоғларимда болохонали уй хотиримга ғира-шира келади, шундан кейин негадир, секин-аста, мени кимдир эслаётгандек, мени кутаётгандек ва мен у билан учрашадигандек бўлиб туюлади…
Қаердасан, Мисюсь?

А. Ўринбоев таржимаси