ОЛЧАЗОР
Тўрт пардали комедия
ҚАТНАШУВЧИЛАР:
Р а н е в с к а я Любовь Андреевна — помешчик аёл.
А н я — унинг қизи, 17 яшар.
В а р я — асранди қизи, 24 яшар.
Г а е в Леонид Андреевич — Раневскаянинг акаси.
Л о п а х и н Ермолай Алексеевич — савдогар.
Т р о ф и м о в Петр Сергеевич — студент.
С и м е о н о в – П и ш ч и к Борис Борисович — помешчик
Ш а р л о т т а Ивановна — мураббия.
Е п и х о д о в Семён Пантелеевич — конторчи.
Д у н я ш а — оқсоч қиз.
Ф и р с — малай 87 ёшда.
Я ш а — ёш малай.
Ў т к и н ч и.
С т а н ц и я н а ч а л ь н и г и.
П о ч т а а м а л д о р и.
М е ҳ м о н л а р, х и з м а т к о р л а р.
Воқиа Л. А. Раневскаянинг қўрғонида ўтади.
БИРИНЧИ ПАРДА
Ҳанузгача болаларники деб аталадиган бўлма. Эшикларнинг биридан Анянинг бўлмасига кирилади. Тонг отар пайти; ҳадемай қуёш чиқиб қолади. Май ойи, олчалар гуллаган, лекин боғ жуда совуқ.
Тонг совуғи эсиб туради. Деразалар берк. Шам кўтарган Дуняша ва қўлида китоб билан Лопахин кирадилар.
Л о п а х и н. Худога шукур, поезд ҳам келди. Соат неча бўлдийкин?
Д у н я ш а. Икки бўлиб қолди. (Шамни ўчиради.) Тонг ҳам ёришиб кетди.
Л о п а х и н. Шундай қилиб, поезд неча соат кечикиб келди? Кам деганда икки соатча кечиккандир. (Хомиза тортиб, керишади.) Мени қара-я, шунақа ҳам бетамизлик бўладими? Уларни станцияда кутиб олиш учун атайи келиб, бирдан ухлаб қолибман-а… Ўтирган жойимда-я. Э, аттанг… Лоақал сен ҳам уйғотиб қўймабсан-а…
Д у н я ш а. Мен сизни кетиб қолдингиз деб ўйлабман. (Қулоқ солади.) Ана, келишаётганга ўхшайди.
Л о п а х и н (қулоқ бериб). Йўқ… Ҳали багаж олишади, у-бу дегандек…
Пауза.
Любовь Андреевна беш йилдан буён чет элда яшайди, билмадим ҳозир қанақа бўлиб кетган экан… Ўзи хўп асл одам-да. Хушфеъл, соддагина. Эсимда бор, ўн беш яшар бола эдим, раҳматлик отам шу қишлоқда боққоллик қиларди. Бир куни нима ҳам бўлди-ю, бир иш билан қўрғонга келиб қолдик, отам маст эди. Бир вақт юзимга бир мушт солиб қолса бўладими. Бурним қонаб кетди… Ҳозир ҳам кўз олдимдан кетмайди: ёшгина, ориққина Любовь Андреевна мени ана шу болалар бўлмасидаги умивальник олдига етаклаб келиб: «Йиғлама, мужичок, тўйинггача тузалиб кетади» деган эдилар.
Пауза.
Мужичок-а… Тўғри, отам мужик, қишлоқи одам эди, ҳа мен-чи, мана устимда оппоқ жилетка, оёғимда сариқ ботинка. Қарқуноқдан булбул чиққандай .. Фақат бадавлатман холос, пулим кўп, лекин мундай ўйлаб қарасам, қишлоқидан фарқим йўқ… (Китобни варақлайди.) Мана бу китобни ўқидим-у, лекин бирон нарса тушунган бўлсам ўлай. Ўқиб ўтириб, ухлаб қолибман.
Пауза.
Д у н я ш а. Эгаларининг келишини билиб, итлар ҳам туни бўйи ухламай ғиншиб чиқди.
Л о п а х и н. Сенга нима бўлди Дуняша, нега бунақа…
Д у н я ш а. Қўл-оёқларим титраб кетяпти. Ҳозир ҳушимдан кетиб йиқиламан.
Л о п а х и н. Жудаям нозиксан-да ўзинг, Дуняша. Кийимларинг худди ойимқизларникидай, соч тарашларинг ҳам шунақа. Бундай қилишинг ярамайди. Ўзингнинг ким эканингни унутма.
Қўлида гулдаста кўтарган Епиходов киради, эгнида пиджак, ялтироқ этиги ғарчиллайди; уйга кира туриб, қўлидан гулдаста тушиб кетади.
Е п и х о д о в (гулни ердан олиб). Мана бу гулни боғбон бериб юборди. Емакхонага қўйишсин деб тайинлади. (Гулдастани Дуняшага беради.)
Л о п а х и н. Менга квас ола кел.
Д у н я ш а. Хўп. (Чиқиб кетади.)
Е п и х о д о в. Боққа қиров тушибди, совуқ десангиз уч даража. Шундай бўлса ҳам олчалар барқ уриб гуллаб ётибди. Сизларнинг иқлимингиз менга ёқмади. (Хўрсинади.) Асло ёқмади. Бизнинг иқлимга сира ўхшамас экан. Мана, Ермолай Алексеич, мен сизга айтсам, ўтган куни мана бу этикни сотиб олган эдим, мен сизга айтсам, шундай ғарчиллайдики, асти қўяверинг. Нима билан буни мойласам экан?
Л о п а х и н. Нари тур. Жонга тегдинг.
Е п и х о д о в. Ҳар куни бирон фалокатга учрайман. Бундан сира нолимайман, негаки, ўрганиб қолганман, ҳатто илжайиб юравераман.
Дуняша кириб, Лопахинга квас беради.
Мен энди кетай. (Стулга қоқилади, стул ағнаб кетади) Мана… (Худди мақтангандек.) Мана, мен сизга айтсам, кечирасиз, кўрдингизми қандай ҳодиса юз берди… Бир ҳисобда, бу ажойиб нарса бўлди ўзи. (Чиқиб кетади.)
Д у н я ш а. Ермолай Алексеич, мен сизга тўғрисини айтсам, Епиходов менга уйланмоқчи.
Л о п а х и н. Ростми?
Д у н я ш а. Нима қилишни билмай қолдим… Ўзи мўмин-қобилгина одам, лекин бир гап бошласа ҳеч балони тушуниб бўлмайди, гаплари яхши, таъсирли, фақат тушуниб олиш қийин. Унинг ўзи менга ёққандай кўринади. Мени бўлса жонидан ҳам яхши кўради. Ўзи бахтсиз одам, кунда бошига бирон фалокат тушиб туради. Бу ерда уни фалокат босган деб масхара қилишади.
Л о п а х и н (қулоқ солиб). Ана, келишаётганга ўхшайди…
Д у н я ш а. Келишяпти! Келишяпти! Ие, менга нима бўлди ўзи… Титраб кетяпман.
Л о п а х и н. Ростдан, келишяпти. Қани, юр, кутиб олайлик. Любовь Андреевна танирмикан мени? Беш йил кўришмадик.
Д у н я ш а (ҳаяжонланиб). Мен ҳозир йиқилиб тушаман… Вой, йиқиламан!
Икки экипажнинг уй олдига келиб тўхтагани эшитилади. Лопахин билан Дуняша тез чиқиб кетадилар. Саҳна бўшаб қолади. Ендаги уйлардан товушлар эшитила бошлайди. Саҳнадан Любовь Андреевнани кутиб олишга борган Фирс ҳасса таяниб тез-тез ўтади Устида қадимгича ливрея, бошида баланд шляпа; ўзича алланималар деб гапиради, лекин бир сўзини ҳам англаб бўлмайди. Саҳна орқасида шовқин зўраяди. «Мана бу ёққа…» деган товуш эшитилади. Сафар кийимлари кийган Любовь Андреевна, Аня, занжирбанд итни етаклаган Шарлотта Ивановна, пальто кийган ва бошига рўмол ўраган Варя, Гаев, Симеонов-Пишчик, Лопахин, тугун ва зонтик кўтарган Дуняша, юк кўтарган хизматкорлар — ҳаммалари бўлмадан ичкари уйга ўтадилар.
А н я. Бу ёқдан юринглар. Ойи, бу уйнинг қайси бўлма эканлиги эсингдами?
Л ю б о в ь А н д р е е в н а (севина-севина йиғи аралаш). Болалар хонаси.
В а р я. Кун жуда совуғ-а. Қўлларим қотиб кетди. (Любовь Андреевнага қараб.) Ойижон, сизнинг яхши кўрган оқ ва гунафша ранг бўлмаларингиз қандай бўлса, шу ҳолича турибди.
Л ю б о в ь А н д р е е в н а. Болалар бўлмаси, жонгинам, жуда яхши бўлма. Мен ҳам болалигимда шу уйда ётар эдим… (Йиғлайди.) Ҳозир ҳам худди ёш боладайман… (Акасини, Варяни, кейин яна акасини ўпади.) Варя бўлса сира ўзгармабди, ҳали ҳам монашкага ўхшайди. Дуняшани ҳам танидим… (Дуняшани ўпади.)
Г а е в. Поезд икки соат кечикиб келди. Бу қандай гап? Қандай тартиб?
Ш а р л о т т а (Пишчикка қараб). Менинг итим ёнғоқ ҳам ейди.
П и ш ч и к (ҳайратланиб). Уни қаранг-а!
Аня билан Дуняшадан бўлак ҳамма чиқиб кетадн.
Д у н я ш а. Кута-кута кўзим тўрт бўлди. (Анянинг пальто ва шляпасини ечиб олади).
А н я. Мен йўлда тўрт кеча ухламадим… Жуда совқотиб кетдим…
Д у н я ш а. Сиз рўза кезда кетган эдингиз, қор ёққан эди, қаҳратон совуқ эди. Энди-чи! Жонгинам-ей! (Кулади, Аняни ўпади.) Кута-кута ўлиб бўлдим. Жонгинам, ширингинам!.. Сизга айтадиган бир гапим бор, ҳозир айтмасам юрагим қинидан чиқиб кетади.
А н я (хомуш). Яна бирон нимадир-да.
Д у н я ш а. Конторчи Епиходов ҳайитдан кейин менга уйланиш тўғрисида таклиф қилди.
А н я. Кампирнинг дарди ғўзада… (Сочларини тузатади.) Ҳамма шпилькаларимни йўқотиб келдим. (Аня жуда чарчаган, ҳатто гандираклайди.)
Д у н я ш а. Нима қилишимни ҳам билмай қолдим. Мени бирам яхши кўрадики!
А н я (ўз бўлмасининг эшигига караб, эркаланиб). Менинг уйим, ўзимнинг деразаларим… Худди ҳеч қаерга кетмаганга ўхшайман! Яна уйимдаман! Эртага эрталаб ўрнимдан тураман-у, югурганча боғчага чиқаман… Оҳ, қани энди уйқум келса. Йўлда мижжа қоқмадим… Ташвиш эзиб юборди.
Д у н я ш а. Ўтган куни Пётр Сергеевич келган эдилар.
А н я (севиниб). Петя!
Д у н я ш а. Ҳаммомда турадилар, сизларга малол келадими, деб қўрқаман дейдилар. (Ўзининг ён соатига қараб.) Бориб уйғотсам бўларди-ю, Варвара Михайловна рухсат этмадилар. Уни уйғотма дедилар.
Варя киради, белида бир шода калит.
В а р я. Дуняша, қани тезроқ кофе келтир… Ойим кофе сўраяптилар.
Д у н я ш а. Ҳозир олиб келаман. (Чиқиб кетади.)
В а р я. Худога шукур-ей; омон-эсон етиб келдинглар. Сен яна ўз уйингдасан. (Эркаланиб.) Жонгинам келди! Гўзалим келди!
А н я. Кўп қийналдим.
В а р я. Биламан, биламан!
А н я. Мен ҳайит ҳафтасида кетган эдим, унда совуқ эди. Бора-боргунча Шарлотта вайсаб борди, ҳар хил найранглар кўрсатиб безор қилди. Нимага Шарлоттани менга қўшиб юбординг-а…
В а р я. Ёлғиз кетишинг бўлмас эди-да, жогинам. Ўн етти яшар қизсан, ахир.
А н я. Парижга кириб борсак — совуқ, қор ёққан экан. Ўзим французча гапиришга ўлардай нўноқман. Ойим бешинчи қаватда турар экан, кирсам — уй тўла қандайдир французлар, хонимлар, қўлида китоб ушлаган қари руҳонийлар, ҳамма ёқни тамаки тутуни босиб кетибди. Уйлари ҳам кўримсиз экан. Ойимга жуда раҳмим келди, шундай раҳмим келиб кетдики, бошидан қаттиқ қучоқлаб олдим, анча маҳалгача қўйиб юборгим келмади. Кейин ойим эркаланди, йиғлади…
В а р я (йиғи аралаш). Қўй, гапирма, бўлди…
А н я. Ментона ёнидаги чорбоғини ҳам сотиб юборди. Бисотида ҳеч нима қолмади, ҳамма ёқ қуп-қуруқ. Менда ҳам бир тийин қолмади, аранг етиб келдик. Шундай бўлса ҳам, ойимнинг сира тушунгиси келмайди! Вокзалда овқат егани ўтирсак, энг қиммат таомларни буюради, малайларга эса бир сўмдан чой пули беради. Шарлотта ҳам шунақа. Яша ҳам ўзига алоҳида овқат олинишини талаб қилади, жуда ҳам қийин бўлди. Бу Яша деганимиз — ойимнинг малайи, уни ҳам бирга олиб келдик…
В а р я. Кўрдим ўша муттаҳамни.
А н я. Хўш, бу ерда ишлар қалай? Процентларни тўладингларми?
В а р я. Қаёқдан тўлаймиз.
А н я. Эҳ тангрим, аҳ тангрим! ..
В а р я. Августда қўрғон ва мулклар сотилармиш.
А н я. Вой, ўлай!..
Л о п а х и н (эшикдан мўралаб, мағрайди). Ма-а-а! (Кетади.)
В а р я (йиғи аралаш). Башарасига бир тушираман-да… (Мушт ўқталади.)
А н я (Варяни қучоқлаб, секин). Варя, у сенга ростдан уйланмоқчими?
Варя «йўқ» деб бошини чайқайди.
Ахир у, сени яхши кўради-ку… Нега бир-бирларинг билан кўнгил очиб гаплашмайсизлар, нимани кутасизлар, ахир?
В а р я. Мен бу ишдан ҳеч нарса чиқмас деб ўйлайман, у иши кўп одам бўлса, мен билан сўзлашишга, учрашишга фурсати йўқ… у ёғини сўрасанг, менга қайрилиб ҳам қарамайди. Худо олсин уни, кўрарга тоқатим борми. Ҳамма бизнинг тўйимиз ҳақида гапиради, ҳамма қутлайди, тегини суриштирсанг — ҳеч нарсадан дарак йўқ, ҳаммаси тушга ўхшайди… (Бошқача оҳангда.) Брошканг худди асаларига ўхшаркан.
А н я (ғамгин бир оҳангда.) Буни ойим олиб берган эди. (Ўз бўлмасига қараб юради. Худди болаларга ўхшаб, шўхлик билан гапиради.) Мен Парижда ҳаво шарига тушиб учдим!
В а р я. Ўзимнинг жонгинам келди! Гўзалим келди!
Дуняша кофе идиши билан кириб, кофе тайёрлай бошлайди.
(эшик олдида туриб). Эртадан кечгача рўзғор билан овора бўлиб, хаёлларга кетаман, жонгинам. Сени бирон бадавлат кишига узатсак мен ҳам тинчиб қолардим, тарки дунё қилиб кетардим, кейин Киевга… Москвага борар эдим, азиз жойларни зиёрат қилиб юрар эдим. Хўп юрар эдим-да. Хайрли иш қилган бўлардим.
А н я. Боғда қушлар сайраяпти. Соат неча бўлдийкин?
В а р я. Иккидан ошгандир. Сен энди ётиб ухла, жонгинам. (Анянинг уйига кириб.) Жуда соз!
Яша чамадон билан пальто кўтариб киради.
Я ш а (саҳнадан ўтиб боради, одобли одамга ўхшаб гапиради). Бу ердан ўтсам мумкинми?
Д у н я ш а. Жуда одам таниёлмайдиган бўлиб кетибсиз, Яша. Чет элда юриб мутлақо бошқача бўлиб кетибсиз.
Я ш а. Шундай. Ўзлари ким бўладилар?
Д у н я ш а. Сиз кетганингизда мен мана бундай эдим. (Қўли билан кўрсатади.) Дуняша, Федор Козоедовнинг қизи бўламан. Унутдингизми?
Я ш а. Э-ҳа-а… Дўндиқча экансиз-ку! (У ёқ-бу ёққа олазарак қараб, Дуняшани қучоқлайди; Дуняша қичқириб юборади ва қўлидаги идиши тушиб кетади, Яша дарров чиқиб кетади.)
В а р я (эшикдан қараб, ранжиган товуш билан). Яна нима бало бўлди?
Д у н я ш а (йиғлаб). Идишни синдириб қўйдим…
В а р я. Ҳамма бало-қазо шунга урсин.
А н я (ўз уйидан чиқиб). Петянинг шу ерда эканлигини ойимга айтиш керак эди.
В а р я. Ухлайверсин. Уни уйғотманглар деганман.
А н я (хаёл суриб кетади). Бундан олти йил аввал отам вафот қилди, ундан бир ой кейин укам Гриша дарёга чўкиб ўлди, етти яшар яхшигина бола эди. Бу ғамни кўтара олмасдан ойим бошини олиб чиқиб кетди… (Сесканиб тушади.) Унинг дарди-аламини мен яхши биламан, қани энди буни ўзи билса.
Пауза.
Петя Трофимов Гришанинг муаллими эди, у кўп нарсаларни эслатиши мумкин…
Фирс киради; эгнида пиджак ва оқ жилетка.
Ф и р с (кофе идишига яқинлашади; ташвишланиб). Бекам кофени шу ерда ичмоқчилар… (Қўлига оқ қўлқоп кияди.) Кофе тайёрми? (Дуняшага, дўқ билан.) Сенга айтаман? Қаймоқ қани?
Д у н я ш а. Вой, ўлмасам!.. (Югуриб чиқиб кетади.)
Ф и р с (кофе идиши олдида ивирсиб). Вой, меров қиз-ей… (Ўзича минғиллайди.) Париждан келдилар… Хўжайин ҳам бир вақтлари Парижга борган эдилар… Файтунда… (Кулади.)
В а р я. Фирс, сен нимага куляпсан?
Ф и р с. Нима дейсиз? (Севиниб.) Менинг бекам келдилар! Ахир кўришишга муяссар бўлдик! Энди ўлсам армоним йўқ… (Севинганидан йиғлайди.)
Любовь Андреевна, Гаев ва Симеонов-Пишчик кирадилар. Симеонов-Пишчик нозик сукнодан камзул ва кенг почали шим кийган. Гаев кириши биланоқ қўл ва гавдаси билан худди биллиард ўйнаётгандай ҳаракат килади.
Л ю б о в ь А н д р е е в н а. Қандай эди! Ҳа, эсимга кела қолса-чи… Сариғини бурчакка! Ўртага дуплет!
Г а е в. Бурчакка қиялаб! Синглим, бир вақтлари иккимиз ҳам худди шу уйда ётар эдик, мана энди эллик бирга кирибман, қизиқ…
Л о п а х и н. Ҳа, умр ўтиб кетмоқда.
Г а е в. Ким дейсан?
Л о п а х и н. Умр ўтиб кетмоқда дейман.
Г а е в. Бу ердан райҳон ҳиди келадими.
А н я. Мен кириб ухлайман. Хайрли кеч, ойижон. (Ойисини ўпади )
Л ю б о в ь А н д р е е в н а. Ўзимнинг ақлли қизгинам! (Қизининг қўлини ўпади.) Мана энди уйдасан, хурсанддирсан? Мен бўлсам ҳали-ҳали ўзимга келолмайман.
А н я. Хайр, тоға.
Г а е в (Анянинг юзидан, қўлларидан ўпади.) Худога топширдим сени. Худди онангга ўхшайсан-а! (Синглисига қараб.) Люба, сен ҳам ёшлигингда худди шунақа эдинг.
Аня Лопахин в аПишчик билан қўл бериб хайрлашади ва чиқиб кетиб, эшикни ёпади.
Л ю б о в ь А н д р е е в н а. Қизгинам жуда чарчаган.
П и ш ч и к. Йўл олис-да, ахир.
В а р я (Лопахин билан Пишчикка қараб). Хўш, жаноблар? Соат иккидан ошди, иззатни ҳам билинглар-да.
Л ю б о в ь А н д р е е в н а (кулиб). Сен сираям ўзгармабсан, Варя. (Варяни қучоқлаб ўпади.) Мана, мен кофени ичиб бўлай, сўнг ҳаммамиз тарқалишамиз.
Фирс унинг оёқлари тагига ёстиқ келтириб қўяди.
Барака топ, азизим. Кофе ичишга ўрганиб қолибман. Эртаю-кеч ичганим ичган. Раҳмат, отахон. (Фирсни ўпади.)
В а р я. Ҳамма юкни олиб келишдимикан, чиқиб қарай-чи… (Чиқиб кетади.)
Л ю б о в ь А н д р е е в н а. Мен ростдан ҳам шу ерда ўтирибманми? (Кулади.) Қўлларимни ёзиб, сакраб ўйнагим келади! (Юзини қўллари билан беркитади.) Бирдан тушим бўлиб қолса-я! Худо кўриб турибди, ўз ватанимни жуда севаман, бутун вужудим билан севаман, вагон деразаларидан сира қарайолмадим, қарасам —йиғлаб юборавердим. (Ииғлайди.) Айтмоқчи, кофени ичиш керак. Раҳмат сенга, Фирс, раҳмат, отахон. Сенинг соғ-саломатлигингни кўриб, беҳад севиндим.
Ф и р с. Ўтган куни.
Г а е в. Қулоғи оғирроқ бўлиб қолган.
Л о п а х и н. Бир оздан кейин, соат бешларда, мен Харьковга жўнаб кетишим керак. Э, афсус! Сизни кўриш, суҳбатлашиш орзусида эдим… Сиз ҳали ҳам бояги-боягидек гўзалсиз…
П и ш ч и к (оғир нафас олиб). Қайтангга, чиройингиз очилиб кетибди… Кийимларингиз бўлса парижча… Оҳ, энди юрак-бағрим ўртанадиган бўлди-ку…
Л о п а х и н. Акангиз Леонид Андреевич мени нодон, зиқна дейдилар, аммо бу гаплар менга қаттиқ тегмайди. Майли гапираверсинлар. Мен фақат, сиз илгарилари қанчалик менга ишониб келган бўлсангиз бундан кейин ҳам шундай ишонишингизни, ажойиб меҳрибон кўзларингиз билан менга қандай қараб келган бўлсангиз, бундан сўнг ҳам шундай қарашингизни умид қиламан. Худо ғамхўр! Менинг отам сизнинг бобонгиз ва отангиз қўлида крепо-стной эди, аммо мен учун сиз, шахсан сизнинг ўзингиз кўп яхшилик қилгансиз, шу туфайли мен бутун нарсани унутиб, сизни ўзимнинг туғишган опамдан ҳам ортиқ ҳурмат қиламан.
Л ю б о в ь А н д р е е в н а. Бир жойда тинч ўтиролмайман, сира сабрим чидамайди… (Ўрнидан туриб, у ёқдан-бу ёққа ҳаяжонланиб юра бошлайди.) Бу қувончни асти ичимга сиғдиролмайман… Мени масхара қилиб кулинглар, мен тентак бўлиб қолдим… Шкаф жоним! (Шкафни ўпади.) Ўзимнинг столчам…
Г а е в. Сен йўғингда бу ерда энага ўлди.
Л ю б о в ь А н д р е е в н а (ўтириб кофе ичади). Жойи жаннатда бўлсин. Хатда ёзишган эди.
Г а е в. Анастасий ҳам ўлди. Петрушка галай мендан бўшаб кетиб, шаҳарда приставникида хизмат қиляпти. (Чўнтагидан бир қутича обаки чиқариб, оғзига солиб шима бошлайди.)
П и ш ч и к. Қизчам… Дашёнькам… сизга салом айтиб юборди…
Л о п а х и н. Сизга жуда кўнгилли, хурсанд қиладиган бирон гап айтгим келяпти. (Соатига қарайди.) Ҳозир жўнаб кетаман, гаплашиб ўтирай десам — вақт йўқ… Ҳа, бўлмаса, бир-икки оғиз гап бйлан айтиб қўя қолай. Узингизга ҳам маълумки, қарзингизни қоплаш учун олчазорингиз сотиладиган бўлиб турибди. Савдо йигирма иккинчи августга тайинланган. Аммо, сиз ташвиш тортманг, азизим, бемалол ётиб ухлайверинг, бундан қутулишнинг иложи бор… Менинг режам бундай, эътибор беришингизни сўрайман. Сизггинг мулкингиз билан шаҳар ўртаси ниҳояти йигирма чақирим келади, ёнингиздан темир йўл ўтган, агар олчазорни ва дарё ёқасидаги ерларни боғчаларга бўлиб чиқиб, кейин уларни барбоғчиларга ижарага берилса, йилига камида 25 минг сўмдан даромад оласиз.
Г а е в. Кечирасив, шу ҳам гап бўптими!
Л ю б о в ь А н д р е е в н а. Гапингизга яхши тушунолмадим, Ермолай Алексеич.
Л о п а х и н. Барбоғчилардан йилига ҳар бир десятина ер учун камида йигирма беш сўмдан ижара ҳақи оласиз, агар буни ҳозирданоқ эълон қилсангиз, мен аминман, кузгача бир парча ҳам бўш ерингиз қолмайди, ҳаммасини талаб кетишади. Хулласкалом, табриклайман, шундай қилнб катта бир фалокатдан қутулиб қолдингиз. Атроф-теварак ниҳояти серзавқ ва нашъали ерлар, дарё чуқур. Албатта, баъзи жойларни бузиб ташлаш, тозалаш керак бўлади… Чунончи, ҳамма эски-туски иморатларни, мана шу ўтирган уйингизни ҳам бузиб ташлаш керак, барибир ҳеч нимага ярамайди, эски олчазорни ҳам кесиб ташлаш керак бўлади…
Л ю б о в ь А н д р е е в н а. Олчазорни кесиб ташлаш керак дедингизми? Азизнм, кечиринг, сиз ҳеч нарсага тушунмас экансиз. Агар бутун губернада биттаю-битта ажойиб нарса топилса — у ҳам бизнинг мана шу олчазоримиз бўлади.
Л о п а х и н. Бу боғнинг ажойиблиги шундаки, у жуда катта, холос. Олчангиз икки йилда бир марта ҳосил қилади, у ҳосилни ҳам ҳеч ерга сиғдиролмайсиз, ҳеч ким олмайди.
Г а е в. Бу боғ ҳатто «Энциклопедия луғати»га ҳам кирган.
Л о п а х и н (соатига қараб). Агар бирон фикр ва қарорга келмасак йигирма иккинчи августда олчазор ҳам, бутун ер-мулк ҳам кимошди савдоси билан сотилиб кетади. Гапимга кириб, хўп деяверинг! Бошқа илож йўқ, рост айтаман.
Ф и р с. Қадим вақтларда, бундан 40—50 йиллар аввал, олчани қуритардилар, юмшатардилар, сиркалардилар, ундан қиём пиширардилар, шундай бўлар эдики…
Г а е в. Жим тур, Фирс.
Ф и р с. Шундай бўлар эдики, қуритилган олчани арава-арава қилиб Москвага, Харьковга жўнатиларди. Роса пул бўларди-да! Яна қуриган олчалар у вақтларда юмшоққина, ширали, хушбўй ва ширин бўларди… У вақтларда бунинг усулини билар эдилар-да…
Л ю б о в ь А н д р е е в н а. Ҳозир-чи?
Ф и р с. Эсдан чиқиб кетган. Ҳеч ким билмайди.
П и ш ч и к (Любовь Андреевнага). Парижлар қалай? Яхши эканми? Қурбақа едингизми?
Л ю б о в ь А н д р е е в н а. Тимсоҳ едим.
П и ш ч и к. Тавба!..
Л о п а х и н. Ҳозирга қадар қишлоқда бойлар билан мужиклар бўлар эди, энди секин-секин барбоғчилар ҳам пайдо бўла бошлади. Ҳозир ҳамма шаҳарларнинг, ҳатто энг кичкина шаҳарнинг ҳам атрофига дачалар қурилмоқда. Қатъий айтиш мумкинки, яна йигирма йиллардан кейин барбоғчиларнинг сон-саноғига етиб бўлмайди. Барбоғчи ҳозир балконда чой ичиб ўтиради, аммо бориб-бориб у ўзининг ана шу бир десятина ерини полиз қилиб юбориши аниқ, у вақтда сизнинг олчазорингиз янада кўркам, янада муҳташам ва тенги йўқ бир жойга айланиб кетади.
Г а е в (энсаси қотиб, жаҳл билан). Бўлмаган гап!
Варя билан Яша киради.
В а р я. Ойижон сизга иккита телеграмма келган эди. (Калитлардан бирини танлаб, қадимги шкафни жаранглатиб очади.) Мана.
Л ю б о в ь А н д р е е в н а. Булар Париждан. (Телеграммаларни ўқимасдан йиртиб ташлайди.) Париж билан ҳисоб-китоб битди…
Г а е в. Биласанми, Люба, мана шу шкафимиз неча ёшда? Ўтган ҳафта пастки яшигини очган эдим, куйдириб босилган рақамга кўзим тушиб қолди. Шкаф бундан роппа-расо юз йил илгари ясалган экан. Қалай, юбилейини ўтказсак ҳам бўлар дейман? Ўзи-ку жонсиз бир нарса-я, лекин шундай бўлса ҳам, ҳар ҳолда китоб шкафи-ку!
П и ш ч и к (ҳайрон қолиб). Юз йил-а! .. Тавба!
Г а е в. Мана бу арзийдиган мулк… (Шкафни силайди.) Қимматли муҳтарам шкаф! Юз йилдан бери эзгу ва адолат ғояларига хизмат қилиб келган умрингни табриклайман, сен юз йилдан бери тилсиз, аммо самарали хизмат қилиб, чарчамадинг (йиғи аралаш), авлод-аждодимизга ғайрат, куч, гўзал истиқболга ишонч бағишлаб келдинг, бизни эзгулик руҳида, жамоатга хизмат қилиш руҳида тарбиялаб келдинг…
Пауза.
Л о п а х и н. Шундай…
Л ю б о в ь А н д р е е в н а. Леня, сен ҳали ҳам ўша-ўшасан-а.
Г а е в (бир оз хижолат тортиб). Шарни ўнг тарафдаги бурчакка! Қиялаб ўртага мўлжаллайман!
Л о п а х и н (соатига қараб). Хўп, мен кетдим бўлмаса.
Я ш а (Любовь Андреевнага дори беради). Мана бу дорини ичиб юборсангиз бўларди…
П и ш ч и к. Дори ичиш ярамайди, азизим… Доридан на наф бор, на зарар… Қани бу ёққа беринг-чи, қадрдоним. (Дорини олиб, кафтига солади, бир пуфлаб, квас билан ичиб юборади.) Мана, васссалом!
Л ю б о в ь А н д р е е в н а (қўрқиб кетади). Ийе, жинни бўлдингми?
П и ш ч и к. Ҳамма дорини ичиб юбордим.
Л о п а х и н. Ичингда ўпқонинг борми дейман!
Ҳамма кулади.
Ф и р с. Бу киши ҳайитда келиб, бир ўзлари ярим челак бодринг еб кетганлар… (Пичирлайди.)
Л ю б о в ь А н д р е е в н а. У нима деяпти?
В а р я. Уч йилдан бери шунақа пичирлайдиган бўлиб қолган. Биз ўрганиб кетганмиз.
Я ш а. Кексайиб қолган-да.
Оқ кўйлак кийган, лорнетини белбоғига боғлаб олган, озғингина Шарлотта Ивановна саҳнадан ўтади.
Л о п а х и н. Кечирасиз, Шарлотта Ивановна, ҳали сиз билан кўришганим йўқ. (Шарлоттанинг қўлини ўпмоқчи бўлади.)
Ш а р л о т т а (қўлини тортиб олади). Қўлимдан ўпишингизга рухсат этсам, кейин билагимдан ўпишни хоҳлаб қоласиз, кейин елкамни ўпгингиз келади…
Л о п а х и н. Бугун омадимиз юришмаган кун экан-да.
Ҳамма кулади.
Шарлотта Ивановна, бир фокус кўрсатсангиз-чи!
Л ю б о в ь А н д р е е в н а. Ҳа, Шарлотта, бир фокус кўрсатинг!
Ш а р л о т т а. Кераги йўқ, уйқум келиб турибди. (Чиқиб кетади.)
Л о п а х и н. Уч ҳафтадан кейин кўришамиз (Любовь Андреевнанинг қўлидан ўпиб, хайрлашади.) Ҳозирча хайр. Мен кетдим. (Гаевга қараб.) Хайр. (Пишчик билан ўпишиб хайрлашади.) Хайр! (Варяга, кейин Фирс билан Яшага қўл бериб.) Сира кетгим келмаяпти-да. (Любовь Андреевнага қараб.) Башарти чорбоғ ҳақида бирон қарорга келсангиз, дарҳол менга дарагини беринг, эллик минг сўмча пул қарз топаман. Пишиқроқ ўйланг, лекин.
В а р я (жахл билан). Хаҳ, кета қолсангизчи энди!
Л о п а х и н. Кетдим, кетдим… (Чиқиб кетади.)
Г а е в. Сурбет! Ийе, пардон… Айтмоқчи, Варя унга тегмоқчи-я, Варянинг қайлиғи-ку.
В а р я. Йўқ ердаги гапларни гапирмасангиз-чи, тоға.
Л ю б о в ь А н д р е е в н а. Ҳа, нима қипти, Варя, мен кўп хурсанд бўлардим. У яхши одам.
П и ш ч и к. Тўғрисини айтиш керак, у жуда… тузук одам… Менинг қизим Дашенька ҳам, дейдики, ҳар хил гапларни дейди-да. (Хуррак отади ва шу ондаёқ уйғониб кетади.) Ҳар ҳолда, ҳурматлигим, менга икки юз қирқ сўм… пул қарз бериб турмасангиз бўлмайди. Эртага қарз процентларини тўлашим керак.
В а р я (қўрқиб кетиб). Пул йўқ, сира йўқ!
Л ю б о в ь А н д р е е в н а. Ростдан ҳам ҳеч пулим йўқ.
П и ш ч и к. Топилиб қолар. (Кулади.) Мен сира ноумид бўлмайман. Мана энди ишимнинг бутун пачаваси чиқди, хонавайрон бўлдим деб турсам, бирдан еримдан темир йўл ўтиб қолди, менга эса… ҳақ тўлашди. Бугун эмас, эртага, ажаб эмас яна бирон нарса чиқиб қолса… Дашенька икки юз минг сўм ютиши мумкин… Унинг билетя бор.
Л ю б о в ь А н д р е е в н а. Кофе ҳам ичилди. Энди ётсак бўлади.
Ф и р с (Гаевнинг устивошини шчётка билан тозалаб, койинган оҳангда гапиради). Яна бошқа шимни кийибсизда. Сизни энди нима қилсам бўлади-да!
В а р я (секин). Аня ухлаяпти. (Секин деразани очади.) Офтоб ҳам чиқди, ҳаво унча совуқ эмас. Бир қаранг, ойижон! Дарахтлар нақадар гўзал! Оҳ тангрим, ҳавони айтмайсизми! Майналар сайрайди!
Г а е в (бошқа деразани очади). Боғ оппоғ-а. Эсинг-да борми, Люба! Ҳув, анави узун хиёбон худди таранг тортилган тасмага ўхшайди, ойдин кечаларда ялт-ялт қилади. Ёдингдами? Унутмадингми?
Л ю б о в ь А н д р е е в н а (деразадан боққа қараб). Оҳ, ёшлигим, пок болалигим! Мен худди шу уйда ухлардим, деразадан боққа қараб ётар эдим, ҳар куни тонгда мен билан бирга бахтим уйғонар эди. Ўша вақтларда ҳам боғ худди шунақа, ҳозиргидек эди, ҳеч ўзгармабди. (Суюнганидан кулади.) Ҳамма ёғи оппоғ-а! Оҳ, менинг боғим! Ёмғирли куз кечаларидан, қаҳратон қишлардан кейин сен яна ёшсан, бахтлисан, қўйнингда фаришталар учиб юрибди… Оҳ, қани энди қалбим ва елкамдаги оғир юкимдан халос бўлсам — ўтмишимни унута олсам!..
Г а е в. Аттанг, қарз учун энди боғни .сртйб юборадилар, бу қандай бўлди, асти.
Л ю б о в ь А н д р е е в н а. Қаранглар, раҳматлик ойим боғдан юриб келяптилар. Устларида оқ кўйлак! (Суюна-суюна кулади.) Ойим, худди ойимнинг ўзлари!
Г а е в. Қани, қани?
В а р я. Вой, худо-ей, ўзингизни тутинг, ойижон.
Л ю б о в ь А н д р е е в н а. Ҳеч кимса йўқ. Кўзимга шундай кўринди шекилли. Шийпонга бурилаверишда ўнг томондаги бир оппоқ дарахт худди хотин кишига ўхшаб букилиб турган экан…
Анча эскирган студентча мундир кийган, кўзойнак таққан Трофимов киради.
Қандай гўзал, ажойиб боғ! Оппоқ гуллар, кўм-кўк мусаффо осмон…
Т р о ф и м о в. Любовь Андреевна!
Любовь Андреевна унга ўгирилиб қарайди.
Мен сизга таъзим қиламан-у, чиқиб кетаман. (Ҳаяжонланиб Любовь Андреевнанинг қўлидан ўпади.) Эрталабгача кут дейишган эди, чидаб туролмадим…
Любовь Андреевна уни танимасдан, ҳайрон бўлиб қараб қолади.
В а р я (йиғи аралаш). Бу — Петя Трофимов-ку…
Т р о ф и м о в. Петя Трофимовман, ўғлингиз Гришанинг муаллими… Наҳотки, мен шундай ўзгариб кетганман?
Любовь Андреевна уни қучоқлайди ва оҳиста йиғлайди.
Г а е в (ўпкаси тўлиб). Қўй, Люба, йиғлама.
В а р я (йиғлайди). Петя, эртагача кутиб туринг демабмидим?
Л ю б о в ь А н д р е е в н а. Менинг Гришам… Ўғилгинам… Гришам… Фарзандим…
В а р я. Начора, ойижон, худонинг хоҳиши-да.
Т р о ф и м о в (секингина, йиғи аралаш). Бўлди, бўлди…
Л ю б о в ь А н д р е е в н а (секин-секин йиғлайди). Болам ҳалок бўлди, чўкиб ўлди… Нима учун? Нима учун, дўстим? (Паст овозда.) Ичкарида Аня ухлаб ётибди, мен бўлсам барала гапириб ўтирибман. Шовқин солаяпман… Хўш, Петя? Нима сабабдан бу қадар хунуклашиб кетдингиз? Нега қариб қолдингиз?
Т р о ф и м о в. Вагонда келаётганимда бир хотин мени пати тўкилган барин деб атади.
Л ю б о в ь А н д р е е в н а. У вақтларда сиз ёш бола эдингиз, ёқимлигина студент эдингиз. Энди сочларингиз ҳам тўкилибди, кўзойнак тақиб олибсиз. Наҳотки, ҳамон студент бўлсангиз-а? (Эшик томонга юради).
Т р о ф и м о в. Ўла-ўлгунча студент бўлиб қолсам керак.
Л ю б о в ь А н д р е е в н а (акасини, кейин Варяни ўпиб). Хўш, энди кириб ётинглар. Сен ҳам қариб қолибсан, Леонид.
П и ш ч и к (унинг кетидан боради). Демак, энди ухлаш керак денг… Оҳ, қўл-оёқларим бирам зирқиллаб оғрийдики!.. Мен сизникида ётиб қоламан… Любовь Андреевна, азизим, эртага эрталаб бўлса ҳам майли… Икки юз қирқ сўм…
Г а е в. Бу бўлса ўзининг дардида…
П и ш ч и к. Икки юз қирқ сўм… Қарз процентларини тўлашим керак.
Л ю б о в ь А н д р е е в н а. Пулим йўқ дедим-ку, чироғим.
П и ш ч и к. Қайтиб бераман, меҳрибонгинам… Ўзи арзимайдиган пул-ку…
Л ю б о в ь А н д р е е в н а. Хўп, яхши, Леонид беради. Сен бера қол, Леонид.
Г а е в. Бериб бўпман, анойи одам борми…
Л ю б о в ь А н д р е е в н а. На чора, бера қол… Зарур экан-да. Қайтиб берар…
Любовь Андреевна, Трофимов, Пишчик ва Фирслар чиқиб кетадилар. Уйда Гаев, Варя ва Яша қолади.
Г а е в. Синглимнинг пул совуриш одати ҳали ҳам қолмабди. (Яшага қараб.) Нари тур, фалокат, сендан товуқ ҳиди келяпти.
Я ш а (тиржайиб). Илгари қандай бўлсангиз, Леонид Андреевич, ҳазир ҳам худди шундайсиз-а.
Г а е в. Кимни? (Варяга қараб.) Нима дейди бу?
В а р я (Яшага қараб). Қишлоқдан онанг кепти, кечадан бери ошхонада кутиб ўтирибди, сени кўрмоқчи…
Я ш а. Майли ўтираверсин.
В а р я. Вой, беҳаё-ей!
Я ш а. Бошимга ураманми уни! Эртага келса ҳам бўларди. (Чиқиб кетади.)
В а р я. Ойимлар ҳали ҳам ўшандайлар, сира ўзгармабдилар. У кишига қолса, бутун мол-бисотларини одамларга бўлиб берар эдилар.
Г а е в. Ҳа, ҳа…
Пауза.
Бирон беморга кўп хил дори-дармон тавсия этилса, демак у сира тузалмайдиган касал бўлади. Мен кўп ўйлайман, бош қотираман, менда маблағ кўп, жуда кўп; демак аслида ҳеч нима йўқ, деган сўз. Қани энди бирон кимсадан мерос тегиб қолса, Аняни бирон бадавлат кишига узатсак, Ярославлга бориб, Графиня холамиздан бирон нажот топсак… Ахир, холамиз жуда бой одам-ку.
В а р я (йиғлайди). Кошки эди, худо мадад берса.
Г а е в. Бўкирма. Холамиз жуда бадавлат бўлгани билан бизларни хуш кўрмайди. Биринчидан, гап шуки, синглим дворянга тегмай, суд маслаҳатчисига теккан…
Эшикдан Аня кўринади.
Дворянин бўлмаган кишига теккани устига, яна, уни ўзини яхши тутабилган деб ҳам бўлмайди. Синглим ўзи меҳрибон, сахий, оқ кўнгил хотин, мен уни жуда севаман, бироқ мингта оқлайдиган гап топсанг ҳам, унинг нуқсонли одам экани аниқ. Бу нарса унинг ҳатто энг майда-чуйда ҳаракатларидан ҳам кўриниб туради.
В а р я (шивирлаб). Эшик олдида Аня турибди.
Г а е в. Кимни?
Пауза.
Ажабо, ўнг кўзимга бир нарса тушганга ўхшайди… Кўзим ёмон кўрадиган бўлиб қолибди. Пайшанба куни округ судида бўлганимда…
Аня киради.
В а р я. Нега ухламайсан, Аня?
А н я. Уйқум келмаяпти. Сира ухлайолмадим.
Г а е в. Жажжигинам, оппоғим. (Анянинг юзидан, қўлларидан ўпади). Ўзимнинг қизгинам… (Йиғи аралаш.) Сен менинг жияним эмас, фариштамсан. Сен менинг борлиғимсан. Инон менга, инон…
А н я. Мен сенга ишонаман, тоғажон. Сени ҳамма яхши кўради, ҳамма ҳурмат қилади… Аммо жон тоға, сен тилингни тийишинг керак. Ҳозирнинг ўзида ўз синглинг, менинг онам тўғрисида нималар дединг? Нега бундай гапларни айтасан?
Г а е в. Ҳа, ҳа… (Анянинг қўллари билан ўзининг юзини беркитади.) Ҳақиқатан ҳам чакки бўлди! О тангрим, ўз паноҳингда сақла! Боя шкаф олдида туриб ҳам бемаза гаплар гапириб юборган эдим. Гапириб бўлганимдан кейингина бемаънилигини билиб қолдим.
В а р я. Рост, тоғажон, жим юрганингиз яхшироқ. Жим юраверинг, вассалом.
А н я. Жим юрсанг қайтангга ўзинг ҳам тинчиб қоласан.
Г а е в. Ана, жим бўлдим. (Аня ва Варянинг қўлларидан ўпади.) Жим бўлдим! Лекин иш тўғрисида гапиришим керак. Пайшанба куни округ судида бўлган эдим, бир неча улфатлар йиғилишдик, у ёқ-бу ёқдан гап кетди ва билдимки, векселга қарз олиш ҳамда процентларни тўлаш мумкинга ўхшаб қолди.
В а р я. Кошки эди, худо мадад берса!
Г а е в. Сешанба куни бориб, яна бир гаплашиб келаман. (Варяга.) Бўкирма! (Аняга.) Онанг ҳам Лопахин билан гаплашиб кўради, Лопахин, албатта, йўқ демайди… Сен ҳам бир оз дамингни олиб, Ярославлдаги графиня бувингникига бориб келасан. Шундай қилиб, уч томондан ҳаракат қилсак, ишимиз ўнглашиб кетади. Процентни тўлаймиз, мен бунга аминман… (Оғзига обаки солади.) Виждоним билан қасам ичаманки, ер-мулк сотилмайди! (Ҳаяжонланиб.) Ўз бахтим билан онт ичаман! Мана қўлимни бераман, агар ишни кимошди савдосигача обориб тақасам — мени ҳар нима де! Беномус, бемаъни одам де! Бутун вужудим билан онт ичаман.
А н я (хотиржам, бахтиёр кайфиятда.) Қандай ақлли тоғамсан! (Тоғасини қучоқлайди.) Мен энди хотиржамман! Кўнглим тўқ! Бахтиёрман!
Фирс киради.
Ф и р с (койиниб гапиради). Леонид Андреевич, худодан қўрқсангиз-чи, ахир! Қачон кириб ётасиз?
Г а е в. Ҳозир. Сен кетавер, Фирс, бугун ўзим бир амаллаб ечинарман. Ҳа, қизлар, кириб ухланглар… Қолган гапни эртага эшитарсизлар, энди бориб ётинглар. (Аня билан Варяни ўпади.) Менинг ўзим саксонинчи йилларга мансуб бўлган одамман… У замонларни кўпам мақтамайдилар-у, лекин ҳар ҳолда, мен ўз эътиқодларим учун ҳаётимда кўп азоб чекканман. Мужикларнинг мени яхши кўриши ҳам бежиз эмас-да. Мужикни билиш керак! Улар билан қандай муомала қилишни билиш…
А н я. Яна бошладинг-а, тоға!
В а р я. Тоғажон, бўлди энди.
Ф и р с (жаҳл билан). Леонид Андреич!
Г а е в. Кетдим, кетдим… Ётинглар энди. Иккала четидан ўртага! Тўппа-тўғри уриб тушираман… (Чиқиб кетади, кетидан Фирс чиқади.)
А н я. Энди мен хотиржамман. Ярославлга сира боргим келмайди, бувимни ёмон кўраман, шундай бўлса ҳам, хотиржамман. Иш қилиб, тоғам барака топсин. (Ўтиради.)
В а р я. Ётиб ухлаш керак. Мен кетдим. Сен йўғингда бу ерда хунук бир иш бўлиб ўтди. Эски малайхонада, ўзинг биласан фақат қари қороллар туради. Ефимьюшка, Поля, Евстигней, Карп ҳам ўша ерда. Худонинг бергаи куни кечаси аллақандай ўткинчиларни ётгани қўйишадиган бўлишибди. Мен индамадим. Бир куни эшитсам, улар менинг тўғримда гап тарқатишибди, гўё мен уларни фақат нўхат билан боқилсин деб айтганмишман. Зиқналигимдан эмиш. Ҳамма гап Евстигнейдан чиққан… Хўп майли, агар гап шунақа бўлса, шошмай тур дедим. Евстигнейни олдимга чақириб олдим. (Эснайди.) Бир вақт у кириб келди. Бу нима қилганинг, аҳмоқ дедим. (Аняга қарайди.) Анечка!
Пауза.
Ухлаб қопти. (Анянинг қўлтиғидан кўтариб.) Юр, жойингга кириб ёт… юр!.. (Етаклаб боради.) Жонгинам ухлаб қопти-ку! Юра қол… (Кетадилар.)
Боғнинг нариги томонидан, йироқдан подачининғ найи эшитилади. Трофимов саҳнадан ўтиб кета туриб, Аня билан Варяни кўриб тўхтайди.
В а р я. Тссс. Ухлади, ухлаб қолди… Юра қол, жоним.
А н я (секин, уйқу аралаш). Шу қадар чарчабманки… Қўнғироқлар жаранглайди… Тоғажон… меҳрибоним… ойим ҳам, тоғам ҳам…
В а р я. Юр, жонгинам, юра қол… (Анянинг уйига кириб кетадилар.)
Т р о ф и м о в (меҳри тобланиб). Қуёшим менинг! Баҳорим менинг!
Парда.
ИККИНЧИ ПАРДА
Дала. Деворлари қийшайиб кетган, ташландиқ кичкина кўҳна бутхона, ёнида — қудуқ; бир вақтлар мозор тоши бўлган лавҳали катта-катта ҳарсанг тошлар ётади; эски скамейка. Гаевнинг қўрғонига борадиган йўл кўриниб туради. Бир томондан баланд тераклар қорайиб кўринади. Теракларнинг орқасидан олчазор бошланади. Инроқдан қатор тизилиб кетган телеграф устунлари кўзга ташланади, узоқ уфқда катта шаҳар ғира-шира кўзга чалинади, фақат ҳаво очиқ ва мусаффо кунларда шаҳар аниқ кўринади Қуёш ботай деб турган пайт. Шарлотта, Яша, Дуняшалар скамейкада ўтиришибди, улардан сал нарироқда турган Епиходов гитара чалмоқда; ҳамма хаёлга чўмган. Шарлотта бошига эски фуражка кийиб олган; у, елкасидан милтиқни олади ва тасмасидаги тўқасини тузатиб ўтиради.
Ш а р л о т т а (хаёлга чўмиб). Менинг ҳақиқий паспортим йўқ, неча ёшга кирганимни ўзим ҳам билмайман, ҳалигача ўзимни ёшгина қизча деб юраман. Ёшлик вақтимда отам билан онам ярманкама-ярманка юриб, қизиқ-қизиқ томошалар кўрсатар эдилар, жуда яхши томошалар бўлар эди. Мен бўлсам умбалоқ ошиб сакрардим, ҳар хил ўйинлар кўрсатардим. Отам билан онам ўлгандан кейин мени бир немис хотин асраб олди, ўқитди. Яхши, мана ўсдим, улғайдим, кейин мураббияликка кириб кетдим. Аммо, аслим қаерлик, ўзим кимман — билмайман… Отам ким, онам ким эди, эҳтимол, улар никоҳдан ҳам ўтмагандирлар… билмайман. (Чўнтагидан бодринг олиб ейди.) Ҳеч нарсани билмайман.
Пауза.
Биров билан шундай кўнгил ёзиб ҳасратлашгим келади-ю, лекин гаплашадиганим йўқ… Ҳеч кимим йўқ.
Е п и х о д о в (гитара чалиб, қўшиқ айтади.) «Парвойим йўқ бу дунё билан, дўст-душманлар менга бари-бир… Ёруғ жаҳонда мандолина чалгинда!»
Д у н я ш а. Бу мандолина эмас, гитара. (Ойнага қараб юзига упа суради.)
Е п и х о д о в. Муҳаббат ўтида ўртанган телба учун гитара ҳам мандолина бўлаверади… (Қўшиқ айтади.) «Кошки эди, қалбимни иситса жонона ишқи…
Яша ҳам ашулага қўшилади.
Ш а р л о т т а. Вой бў-ў. Шу ҳам қўшиқ айтиш бўлдими! Худди қашқирга ўхшаб увиллайсизлар-а.
Д у н я ш а (Яшага). Ҳар қалай чет элга бориш жуда катта бахт-да.
Я ш а. Ҳа, албатта. Фикрингизга қўшилмай иложим йўқ. (Хомиза тортади, кейин сигара чекади.)
Е п и х о д о в. Бу тушунарли, чет элларда ҳамма нарса беками-кўст.
Я ш а. Ўз-ўзидан маълум.
Е п и х о д о в. Мен маълумотли одамман, ҳар хил ажойиб-ғаройиб китобларни ўқийман-у, аммо яшашдан мақсадим нима эканини, ростини айтсам, ўзимга нима кераклигини билмайман, яшашимни ҳам, ўзимни ўзим отиб ўлдиришимни ҳам билмайман, яна устига-устак ёнимда ҳамиша тўппонча олиб юраман. Мана… (Тўппончасини чиқариб кўрсатади.)
Ш а р л о т т а. Еб бўлдим, энди кетсам ҳам бўлади. (Милтиқни елкасига осади.) Епиходов, сен жуда ақлли ва жуда даҳшатли одамсан-да. Хотинлар тоза ёпишса керак сенга.. Бррр! (Кетади.) Бу донишмандларнинг ҳаммаси шунақа аҳмоқки, биронтаси билан тузукроқ гаплашиб бўлмайди… Ҳамиша ёлғизман, ҳеч кимим йўқ, кимман ўзим, нима учун яшайман дунёда — билмайман… (Секин-аста чиқиб кетади.)
Е п и х о д о в. Ростини айтсам, бошқа нарсаларни йиғиштириб қўйиб, ўз тўғримда айтишим керакки, бўрон кичкина қайиқни қандай ўйинга солса, тақдир ҳам мени шундай ўйнатяпти. Агар дейлик, хато гап айтган бўлсам нега у вақтда бугун эрталаб уйғониб қарасам, кўкрагимда мана бундай даҳшатли катта ўргимчак ўрмалаб юриб-ди? Мана шундай-а. (Икки қўли билан кўрсатади). Ё бўлмаса чанқовни бостириш учун квас ичмоқчи бўлсам, ичида суваракка ўхшаган хунук бир маҳлуқ сузиб юрибди.
Пауза.
Сиз Бокльни ўқиганмисиз?
Пауза.
Сизга айтадиган икки оғизгина сўзим бор эди, Авдотья Федоровна.
Д у н я ш а. Гапиринг.
Е п и х о д о в. Холис гапиришсак деган эдим… (Хўрсинади.)
Д у н я ш а (уялиб кетади). Майли… аммо, олдин бориб тальмамни олиб келиб беринг. Шкафнинг ёнида турибди… Бу ер анча зах экан…
Е п и х о д о в. Хўп бўлади… Олиб келиб бераман… Тўппончани нима қилишни энди биламан… (Гитарани олиб, чалганича чиқиб кетади.)
Я ш а. Турган-битгани фалокат! Гап орамизда қолсин-у, кўп аҳмоқ одам-да. (Хомиза тортади.)
Д у н я ш а. Худо уриб, яна ўзини отиб қўймасайди.
Пауза.
Мен жуда чўчийдиган бўлиб қолибман, доим хавотирдаман. Ёшлигимдан бери хўжайинлар уйида турганим учун оддий турмуш менга ёт кўринадиган бўлибди, қўлларим ҳам ойимқизларнинг қўлларига ўхшаган оппоқ. Жудаям нозик, олижаноб, танноз бўлиб кетганманки, сал нарсадан ҳам чўчийвераман. Шундай қўрқаман. Яша, агар сиз мени алдаб кетсангиз борми, нақ жинни бўлиб қоламан-а.
Я ш а (Дуняшани ўпади). Дўндиқчам! Албатта, ҳар бир қиз эсли-ҳушли бўлиши керак, ҳаммадан аҳлоқи бузуқ қизларни ёмон кўраман.
Д у н я ш а. Мен сизни беҳад севиб қолдим… Сиз маълумотли кишисиз, ҳар бир нарса ҳақида мулоҳаза қила оласиз.
Пауза.
Я ш а (эснаб). Ҳа шундай… Менимча, бировни яхши кўрадиган қиз аҳлоқсиз бўлади.
Пауза.
Соф ҳавода сигара чеқиш хўп роҳат нарса-да… (Қулоқ солади.) Бу ёққа келишяпти… Хўжайинлар…
Дуняша Яшани бирдан қучоқлаб олади.
Энди уйга боринг. Дарёга чўмилгани борган киши бўлиб мана бу йўлдан кетинг, кўриб қолишса, мени сиз билан шу ерда учрашибди деб ўйлашади, бундан ёмон кўрган нарсам йўқ.
Д у н я ш а (секин йўталиб). Сигарангиздан бошим айланиб кетди… (Чиқиб кетади.)
Яша бутхона ёнида ёлғиз ўтиради. Любовь Андреевна, Гаев ва Лопахинлар келадилар.
Л о п а х и н. Масалани узил-кесил ҳал қилиш керак, вақт оз қолди. Жуда оддий масала-ку! Ерни барбоғчиларга беришга розимисиз ё йўқми, шуни айтинг? Биргина сўз айтсангиз бўлади; ё ҳа, ё йўқ.
Л ю б о в ь А н д р е е в н а. Бу ерда ким ярамас сигара чекди экан… (Ўтиради.)
Г а е в. Мана, темир йўл ҳам ўтиб анча қулайлик туғилди. (Ўтиради.) Бирпасда шаҳарга бориб, нонушта қилиб келинди… Сариғини ўртага! Менга қолса ҳозир уйга кириб, бир биллиард ўйнаб чиқиш маъқул бўларди.
Л ю б о в ь А н д р е е в н а. Жониқма.
Л о п а х и н. Фақат биргина сўз денг! (Ёлворади.) Жавобини берсангиз-чи, ахир!
Г а е в (эснаб). Кимни?
Л ю б о в ь А н д р е е в н а (ҳамёнини очиб қарайди). Кеча бир талай пул бор эди, бугун жуда оз қопти. Боёқиш Варя пулни тежайман деб, ҳаммани ширхўрди билан боқса, ошхонадаги чолларга қуруқ нўхатни пишириб берса-ю, мен бу ёқда пулни совуриб юрсам… (Ҳамён қўлидан тушиб, олтин пуллар сочилиб кетади.) Вой, пул сочилиб кетди-я… (Ранжийди.)
Я ш а. Рухсат этинг, мен териб бераман. (Тангаларни теради.)
Л ю б о в ь А н д р е е в н а. Барака топинг, Яша. Нимага мен шаҳарга нонушта қилгани бордим-а… Музикаси бўлгани билан бўлмағур ресторан экан, дастурхонларидан совун ҳиди келади… Бунча кўп ичишнинг нима кераги бор, Лёня? Мунча кўп овқат ейишнинг нима ҳожати бор? Нимага сен тинмай гапираверасан? Боя ресторанда ўтириб тоза жоврадинг, аммо ҳамма гапларинг ножўя… Етмишинчи йилларми-ей, декадентларми-ей… Тағин, кимга гапирганингни ўзинг биласанми? Декадентлар ҳақида малайларга гапириб ўтирибсан-а!
Л о п а х и н. Рост.
Г а е в (қўлини силтаб). Мен ҳамиша шундай қоламан шекилли, тузалишимга кўзим етмайди… (Яшага қараб, зарда билан.) Нега сен кўз олдимдан нари кетмайсан?
Я ш а (кулиб). Товушингизни эшитсам кулгим қистайди.
Г а е в (синглисига қараб). Ё бу қолсин, ё мен…
Л ю б о в ь А н д р е е в н а. Боринг, Яша, сиз кетаверинг.
Я ш а (Любовь Андреевнага ҳамённи бериб). Ҳозир кетаман. (Ўзини кулгидан зўрға тийиб). Ҳозирнинг ўзида… (Кетади.)
Л о п а х и н. Сизнинг мулкингизни Дериганов деган бир бой олмоқчи. Савдога ҳам унинг ўзи шахсан иштирок этади деган гаплар бор.
Л ю б о в ь А н д р е е в н а. Сиз қаердан билдингиз?
Л о п а х и н. Шаҳарда шунақа овоза тарқалган.
Г а е в. Ярославлдаги холамиз пул юбораман депти-ю, аммо қачон ва қанча юбориши номаълум…
Л о п а х и н. Юборганда ҳам қанча юборар эди! Юз минг юборадими? Ё икки юз мингми?
Л ю б о в ь А н д р е е в н а. Эҳ-ҳа, гўрдами… Ўн-ўн беш минг юборса ҳам шукур қилардик.
Л о п а х и н. Мени кечиринг, аммо жаноблар, сизларга ўхшаган енгилтак, ҳеч нарсадан хабари йўқ, ношуд, иш ёқмас одамларни сира-сира кўрмаган эдим. Сизга ер-мулкингиз сотилади деб лўнда қилиб айтиб турилган бўлса ҳам тушунай демайсизлар-а.
Л ю б о в ь А н д р е е в н а. Нима қилгин дейсиз, ахир? Ўргатинг.
Л о п а х и н. Мен сизга ҳар куни гапираман. Ҳар куни шу тўғрида жоврайман. Олчазорни ҳам, ерни ҳам барбоғчиларга ижарага бериш керак, берганда ҳам тезроқ, ҳозирнинг ўзидаёқ бериш керак, савдо куни яқинлашиб қолди! Тушунсангиз-чи, ахир! Агар сиз майли, барбоғ бў-ла қолсин десангиз, истаганингизча пул ҳам тушади, ана шунда қутуласиз қўясиз.
Л ю б о в ь А н д р е е в н а. Барбоғ, барбоғчилар… Кечиринг; бу тубанлик-ку…
Г а е в. Гапингга тамомила қўшиламан.
Л о п а х и н. Мен ё йиғлаб юбораман, ё бақириб бе-раман, ёки хушимдан кетиб йиқиламан. Тоқатим тоқ бўлди! Сиз мени жуда қийнаб юбордингиз! (Гаевга қараб.) Сиз эркак эмассиз!
Г а е в. Кимни?
Л о п а х и н. Эркак эмассиз, дейман! (Кетмоқчи бўлади.)
Л ю б о в ь А н д р е е в н а (қўрқиб кетади). Йўқ, йўқ, кетманг, азизим, қолинг, илтимос қиламан. Балки бирон нарса ўйлаб топармиз.
Л о п а х и н. Нимасини ўйлайсиз! Любовь Андреевна. Кетманг, илтимос қиламан. Сиз ёнимда бўлсангиз кўнглим тўқ…
Пауза.
Худди устимизга уй қулаб тушадигандай, мен ҳамон бир нимани кутиб келаман.
Г а е в (чуқур хаёлда). Бурчакка дуплет… Ўртага круазе…
Л ю б о в ь А н д р е е в н а. Гуноҳимиз кўп-да…
Г а е в (оғзига обаки солади). Бутун бисотимни обаки еб битирган эмишман… (Кулади.)
Л ю б о в ь А н д р е е в н а. Оҳ, нақадар гуноҳкорман… Жиннилардек пулни аямай кўкка совурдим, исроф қилдим… Бунинг устига қарзга ботишдан бошқа нарсани билмайдиган кишига тегдим. Эрим шампанское ичавериб охири ўлиб кетди. Пешонамнинг шўри экан, бошқани яхши кўриб қолдим, топишдик; худди шу вақтда биринчи фалокатса учрадим, бошим тошга тегди: мана шу дарёнинг ҳув анови ерида… ўғлим чўкиб ўлди, шундан кейин қайтиб келмайин ҳам, шу дарёни кўрмайин ҳам, деб чет элга кетдим… Кўзимни чирт юмдим-у, орқа-ўнгимга қарамай жўнадим, кетимдан у елиб-югуриб борди… Шафқатсизлик, беадаблик. Ментона яқинидан чорбоғ олдим, чунки у бетоб бўлиб ётиб қолди, уч йил давомида на кеча, на кундуз халоват кўрмадим. Касал мени ниҳоятда қийнаб юборди. Жонимда жон қолмади. Бултур, чорбоғни қарзга босиб олганларидан кейин Парижга келдим, у бор-йўғимни сотиб битирди, кейин мени ташлаб бошқа билан топишди… Заҳар ичмоқчи ҳам бўлдим. Уят, шармандалик… Кейин бирдан Россияни, ватанимни соғиндим, қизгинамнинг олдига келишни қўмсадим… (Кўз ёшларини артади.) Эй тангрим, гуноҳимни ўзинг кечир! Мени ортиқ азоблама! (Чўнтагидан телеграмма олади.) Бугун Париждан келди… Афв сўрабди, қайт деб ялинибди… (Телеграммани йиртиб ташлайди). Қаердандир музика эшитиладими? (Қулоқ солади.)
Г а е в. Бу бизнинг машҳур яҳудийлар оркестримиз. Эсингдами, тўртта скрипка, най ва контрабас бор эди.
Л ю б о в ь А н д р е е в н а. У ҳалиям борми? Бизникига ҳам чақириб, бир кўнгил очсак бўларди.
Л о п а х и н (қулоқ солиб). Эшитилмайди-ку. (Аста-секин ашула айтади,) «Пул десанг немислар русдан французлар ясаркан…» (Кулади.) Кеча театрда бир пьеса кўрдим, жуда қизиқ экан.
Л ю б о в ь А н д р е е в н а. Ҳеч қандай қизиқ жойи бўлмаса керак. Сиз пьеса кўришдан кўра кўпроқ ўзингизга қарасангиз бўларди. Турмушингиз ниҳоятда кўнгилсиз, зерикарли, бекорчи гапларни кўп гапирасизлар.
Л о п а х и н. Бу гапингиз тўғри. Турмушимиз аҳмоқона турмуш, ростини айтиш керак.
Пауза.
Менинг отам мужик, нодон бир одам эди, ҳеч нарсани тушунмасди, мени ўқитмади, қўлидан келадиган иши — нуқул маст бўлиб олиб, мени савалаш эди, савалаганда ҳам қандай денг, таёқ билан савалар эди. Сирасини айтганда, мен ҳам худди ўшанга ўхшаш аҳмоқ ва бефаросат одам бўлиб қолавердим. Биронта ҳунар ўрганмадим, хатим хунук, бировга кўрсатишга ор қиламан.
Л ю б о в ь А н д р е е в н а. Уйланишингиз керак, дўстим.
Л о п а х и н. Ҳа… Бу гапингиз тўғри.
Л ю б о в ь А н д р е е в н а. Мана, бизнинг Варямизга уйлана қолинг. У жуда яхши қиз.
Л о п а х и н. Бўлади.
Л ю б о в ь А н д р е е в н а. Ўзи соддагина қизлардан, эртаю кеч тинмай ишлайди, энг муҳими шуки, сизни яхши кўради. Сизга ҳам анчадан буён ёқади шекилли.
Л о п а х и н. Майли. Мен йўқ демайман… Яхши қиз.
Пауза.
Г а е в. Менга банкда хизмат қилишни таклиф этишди. Йилига олти минг сўм… Эшитдингми?
Л ю б о в ь А н д р е е в н а. Сенга ишлашни ким қўйибди. Қўйсанг-чи!
Фирс пальто олиб киради.
Ф и р с (Гаевга). Қани, жаноб, мана буни кийиб олинг, кун совуқроқ.
Г а е в (пальтони кия туриб). Жонга тегдинг-да, оғайни.
Ф и р с. Кўп нолиманг… Эрталаб ҳеч кимга айтмасдан кетиб қолибсиз. (Хўжайинининг ҳамма ёғини кўздан кечириб чиқади.)
Л ю б о в ь А н д р е е в н а. Жуда қариб қолибсан, Фирс.
Ф и р с. Лаббай?
Л о п а х и н. Жуда қариб қолибсан деяптилар.
Ф и р с. Дунёга келганимга анча бўлган-да, Мени уйлантирмоқчи бўлишганда сизнинг отангиз ҳали туғилмаган эдилар… (Кулади.) Эркинлик бўлганда мен старший камердинер эдим. Ўшанда озод бўлишни истамадим, хўжайинларим қўлида қолдим.
Пауза.
Ҳали ҳам эсимда, ўшанда ҳамма хурсанд бўлганди, нимага хурсанд бўлганликларини ўзлари ҳам билишмасди.
Л о п а х и н. Илгарилари яхши эди. Жуда бўлмаганда калтак билан саваб туриларди.
Ф и р с (эиштмай). Қани энди ҳам шундай бўлса. Мужиклар хўжайинлари билан, хўжайинлар мужиклари билан ҳамжиҳат эди. Энди бўлса ҳеч ким қовушмайди, ҳеч нарсага тушуниб бўлмайди.
Г а е в. Жим тур, Фирс! Эртага шаҳарга бориб келмоқчиман. Векселга пул берадиган бир генерал билан таништиришни ваъда қилишди.
Л о п а х и н. Бундан ҳеч нарса чиқмайди. Процентни тўлолмайсиз, хотирингиз жам бўлсин.
Л ю б о в ь А н д р е е в н а. У тушини айтяпти. Ҳеч қанақа генерал йўқ.
Трофимов, Аня ва Варя кирадилар.
Г а е в. Ана, болаларимиз ҳам келишди.
А н я. Ойим шу ерда эканлар.
Л ю б о в ь А н д р е е в н а (болаларини эркалаб). Келинглар, кела қолинглар… Қизалоқларим… (Аня билан Варяни қучоқлайди.) Сизларни жонимдан ҳам ортиқ кўраман. Қани, ёнимга ўтиринглар, ҳа баракалла.
Ҳаммалари ўтирадилар.
Л о п а х и н. Абадий студентимиз қачон қараманг қизлар билан бирга.
Т р о ф и м о в. Ишингиз бўлмасин.
Л о п а х и н. Яқинда эллик ёшга киради-ю, ҳали ҳам студент.
Т р о ф и м о в. Аҳмоқона ҳазилингизни йиғиштириб қўйинг.
Л о п а х и н. Нимага аччиғинг чиқади, тентак?
Т р о ф и м о в. Нега ўзинг ўчакишасан?
Л о п а х и н (кулади). Сиздан сўрашга ижозат этсангиз: менинг тўғримда қандай фикрдасиз?
Т р о ф и м о в. Мен, Ермолай Алексеич, шундай фикрдаман: сиз бадавлат одамсиз, яқинда миллионер бўлиб кетасиз. Ўз йўлида учратган ҳар нимани ямлаб ютиб юборадиган йиртқич қанчалик керак бўлса, сен ҳам шунчалик кераксан.
Ҳамма кулади.
В а р я. Яхшиси, Петя, сайёралардан сўзлаб беринг.
Л ю б о в ь А н д р е е в н а. Йўқ, келинглар кечаги суҳбатни давом этдирамиз.
Т р о ф и м о в. Нима ҳақида эди?
Г а е в. Мағрур одам ҳақида эди.
Т р о ф и м о в. Биз кеча жуда кўп гапирдигу, аммо ҳеч қандай фикрга келмадик. Сизнинг тушунишингизча, мағрур одамда қандайдир мистик руҳ бор, шундайми? Балки сиз ҳақлидирсиз, аммо агар шундай деб ўйлаб кўрилса — унда қандай мағрурлик бўлсин? Модомики физиология жиҳатдан инсон нуқсонлар билан яратилган экан, модомики одамзоднинг кўпчилиги қўпол, бефаҳм, бахтсиз экан, у вақтда мағрурликда маъно борми? Одам кибрланмаслиги керак. Фақат ишлаши, меҳнат қилиши керак.
Г а е в. Барибир, ўлиб кетасан.
Тр о ф и м о в. Ким билади? Ўлимнинг ўзи нима? Балки инсонда юзта ҳиссиёт бордир, инсон ўлганда фақат бизга маълум бешта ҳиссиёти ўлиб кетар-у, қолган тўқсон бештаси тирик қолар.
Л ю б о в ь А н д р е е в н а. Хўп ақллисиз-да, Петя!,.
Л о п а х и н (киноя билан). Жудаям-да!..
Т р о ф и м о в. Инсоният ўз кучларини такомиллаштириб, борган сайин илгарилаб кетмоқда. Ҳозирги пайтда инсоният ақли етмаган ҳамма нарсалар вақти билан унга жуда таниш ва тушунарли бўлиб қолади, бунинг учун фақат меҳнат қилмоқ, ҳақиқатни изловчиларга қўлдан келгунча кўмаклашмоқ керак. Бизда, Россияда ҳозирча жуда камдан-кам одам ишлайди. Мен билган зиёлиларнинг катта бир қисми ҳеч нарсага интилмайди, ҳеч нарса қилишни истамайди ва қўлидан бирон нарса келмайди ҳам. Ўзларини зиёлимиз деб атайдилар-у, хизматкорларини сансираб гапирадилар, мужиклар билан худди ҳайвон билан муомила қилгандай гаплашадилар, тузуккина ўқимайдилар, жиддий мутолаа қилмайдилар, билганлари — бекорчилик; илм-маърифат ҳақида гап сотишдан бошқа нарсани билмайдилар, санъатнинг эса нималигини тушунмайдилар. Яна ҳаммалари ўзларини басавлат қилиб кўрсатишга уринадилар, қиёфалари жиддий, муҳим-муҳим масалалардан гап очадилар; файласуфлик қиладилар. Ҳолбуки ҳаммаларининг кўз олдида ишчилар атала ичишади, бошларини ёстиққа эмас, ерга қўйиб ётишади, бир уйда ўттиз-қирқтадан туришади, ҳамма ёқ қандала, сассиқ, зах, ахлоқий бузуқлик… Яхши гапларнинг ҳаммаси фақат ўзимизнинг ва бошқаларнинг кўзини бўяш учунгина гапирилса керак. Минг марталаб мақталган, сира оғиздан тушмайдигаа яслилар қани, қироатхоналар қани? Буларни фақат романлардагина тасвирлайдилар, амалда эса улардан асар ҳам йўқ. Фақат ифлослик, пасткашлик, нодонлик бор, холос. Мен ўша жиддий башаралардан қўрқаман, ўша жиддий гаплар мени чўчитади, уларни ёмон кўраман. Яхшиси индамай ўтираверайлик.
Л о п а х и н. Биласизми, мен ҳар куни эрталаб соат тўрт-бешларда тураман, эртадан кечгача ишлайман. Менда ҳамма вақт ўзимнинг ва бировларнинг пули бўлади, атрофдаги одамларнинг миридан сиригача биламан. Виждонли ва ҳалол одамларнинг қанчалик оз эканлигини билиш учун бирон ишни бошлаб юборишнинг ўзи кифоя экан. Баъзан уйқусиз ўтган кечаларда: «Оҳ тангрим, сен бизларга поёноиз ўрмонлар, далалар, чексиз фазоларни бериб қўйибсан, шундай экан, биз — мана шу дунёда яшовчи кишилар, чинакам улкан баҳодирлар бўлишимиз керак-да…» деб ўйлаб чиқаман.
Л ю б о в ь А н д р е е в н а. Улкан баҳодирлар бўлишимиз керак дейсиз… Улар фақат афсоналарда, эртаклардагина ажойиб кўринади, ҳаётда эса улардан одам қўрқади.
Саҳна ичкарисидан Епиходов гитара чалиб ўтади.
(хаёлга чўмиб). Епиходов келаётир…
А н я (ўйланиб). Епиходов келаётир.
Г а е в. Қуёш ҳам ботди, жаноблар.
Т р о ф и м о в. Ҳа.
Г а е в (секин, худди декламация ўқиётгандай). Оҳ, гўзал табиат, сўнмас-туганмас абадий нур билан товланасан, порлайсан, сен ажойиб ва бефарқсан, биз сени ўз онамиз деб билган табиат, ҳаёт ҳам, ўлим ҳам сенинг қўлингда, сен ҳаёт бағишлайсан ва барбод этасан…
В а р я (ёлвориб). Тоғажон!
А н я. Тоға, яна бошладинг-а!
Т р о ф и м о в. Ундан кўра сариғини ўртага дуплет қилинг.
Г а е в. Жим бўлдим, жим бўлдим.
Ҳамма хаёлга чўмади. Сукунат. Фақат Фирснинг пичирлаши эшитилади. Бирдан йироқдан худди кўкда узилган торнинг товушидек, мунгли овоз эшитилади. Овоз ғамгинлик билан оҳиста сўнади.
Л ю б о в ь А н д р е е в н а. У нима, а?
Л о п а х и н. Билмадим. Узоқдаги шахталарнинг бирида кажава узилиб кетган бўлса керак. Лекин, жуда йироқда.
Г а е в. Балки қарқарага ўхшаш бирон қушдир…
Т р о ф и м о в. Е бойқушдир…
Л ю б о в ь А н д р е е в н а (сесканиб кетади). Жуда ғалати бўлиб кетдим-а…
Пауза.
Ф и р с. Бахтсизлик олдидан ҳам худди шундай бўлган эди; бойқуш сайраганди, бунинг устига самовар тинмай виғилловди.
Г а е в. Қайси бахтсизлик олдидан?
Ф и р с. Озодлик тегиш олдидан.
Пауза.
Л ю б о в ь А н д р е е в н а. Биласизми, дўстларим, энди кетайлик, кеч бўлиб қолди. (Аняга қараб.) Кўзларингда ёш… Нима бўлди сенга, қизим? (Аняни қучоқлайди.)
А н я. Йўқ, ойижон, ўзим шундай…
Т р о ф и м о в. Аллаким келяпти.
Эскириб кетган оқ фуражка ва пальто кийган бир ўткинчи кўринади; сал ширакайф.
Ў т к и н ч и. Афв этгайлар, шу ердан тўғри станцияга ўтиб бўладими?
Г а е в. Бўлади. Мана шу йўлдан кетаверинг.
Ў т к и н ч и. Ташаккур бўлсин. (Бир йўталиб.) Ҳавонинг сернашъалигини айтинг-а… (Декламация ўқийди.) «Биродарим, жафокаш оғам, чиқиб боргин Волга бўйига, кўкка чиққан мунгли оҳу зор…» (Варяга қараб.) Мадмуазель Россиянинг оч-яланғоч юрган бир фуқаросига ўттиз тийин садақа қилинг.
Варя қўрқиб қичқириб юборади.
Л о п а х и н (жаҳли чиқиб). Ҳар қанақа аҳмоқликнинг ҳам чеки бўлади!
Л ю б о в ь А н д р е е в н а (тараддудланиб.) Мана, мана, олинг… Мана… (ҳамёнини кавлайди). Кумуш танга йўқ экан… Барибир, мана, олтин танга…
Ў т к и н ч и. Ташаккур бўлсин, сизга! (Кетади.)
В а р я (ҳамон қўрқиб). Мен кетаман… Мен кетаман… Оҳ ойижон, уйда ейдиган ҳеч вақо йўғ-у, сиз унга тилла танга бериб ўтирибсиз-а.
Л ю б о в ь А н д р е е в н а. Мен тентак нима қилай энди! Уйга қайтганда ёнимдаги ҳамма пулни сенга бераман. Ермолай Алексеич, сиз менга яна қарз бериб турасиз-да!..
Л о п а х и н. Бош устига.
Л ю б о в ь А н д р е е в н а. Қани, кетдик, жаноблар, вақт ҳам кетди. Бу ерда ўтириб, сени унаштириб қўйдик, Варя, қутлуғ бўлсин.
В а р я (йиғи аралаш). Ойижон, бу иш билан ҳазил қилиб бўлмайди.
Л о п а х и н. Охмелия , монастирга бор…
Г а е в. Анчадан бери биллиард ўйнамаганим учунми, қўлларим титрайди.
Л о п а х и н. Охмелия, о фариштам, ибодат қилган чоғларингда мени ҳам ёд эт!
Л ю б о в ь А н д р е е в н а. Кетдик, жаноблар. Овқат вақти ҳам бўлиб қолди.
В а р я. Жуда қўрқитиб юборди мени. Юрагим гуп-гуп уради.
Л о п а х и н. Эсингизга солиб қўяй, жаноблар: йигирма иккинчи августда олчазор сотилади. Бу ҳақда ўйлаб кўринглар!.. Ўйланглар!..
Ҳамма кетади. Трофимов билан Аня қолади.
А н я (кулиб). Ўткинчи барака топсин. Варяни қўрқитиб юборди. Мана энди иккимиз бирга қолдик.
Т р о ф и м о в. Варя бизнинг бир-биримизни яхши кўриб қолишимиздан қўрқиб, эртаю кеч ёнимиздан нари кетмайди. У, калтафаҳмлигидан ўйламайдики, биз муҳаббатдан юксак турамиз. Эрк ва бахт йўлини тўсиб турган майда-чуйда ярамас нарсаларни четлаб ўтиш — ҳаётймизнинг мақсади ва маъноси мана шу-да! Олға! Биз йироқда чарақлаб ёниб турган ёрқин юлдуз сари тўхтамай борамиз! Олға! Орқада қолманг, дўстлар!
А н я (суюнганидан чапак чалади). Бирам яхши гапирасизки!
Пауза.
Бугун бу ер жуда завқли бўпти.
Т р о ф и м о в. Ҳа, ҳаво жуда ажойиб.
А н я. Мени сеҳрлаб қўйдингизми, а, Петя? Нима учун мен олчазоримизни аввалгидек яхши кўрмайдиган бўлиб қолдим? Мен уни шу қадар севар эдимки, бутун оламда бизнинг ана шу боғдан бўлак яхши жой йўқдек кўринарди.
Т р о ф и м о в. Бутун Россия бизнинг боғимиз. Олам улкан ва гўзалдир, унда жуда кўп ажойиб жойлар бор.
Пауза.
Ўзингиз ўйлаб кўринг, Аня: бобонгиз, бобонгизнинг бобоси ва бутун авлодингиз одамларни қул қилиб келган крепостниклар эди, наҳотки боғдаги ҳар бир олча донасидан, ҳар бир япроқдан, ҳар бир дарахтдан одамларнинг сизга термулиб турганини кўрмайсиз, наҳотки уларнинг нидоларини эшитмайсиз… Қулдор бўлиш , қул тутиш — бу илгари яшаб келган ва ҳозир ҳам яшаб келаётган сизларнинг аҳлоқингизни бузиб юборади, шунинг учун ойингиз ҳам, ўзингиз ҳам, тоғангиз ҳам қарзга, бировлар ҳисобига, даҳлизингиз остонасидан нари юбормайдиган одамларингиз ҳисобига яшаётганингизни билмайсизлар… Биз камида икки юз йил орқада қолиб кетдик, бизнинг ҳеч нимамиз йўқ, қашшоқмиз, ўтмишга қандай қараш кераклигини билмаймиз, биз файласуфлик қилишдан, зерикишдан, нолиш ё бўлмаса ароқ ичишдан бошқа нарсани билмаймиз. Ахир, ҳозир яшаш учун олдин ўтмишда қилган хатоларни ювиш, ўзимизни оқлашимиз кераклиги равшан-ку! Хатоларни эса фақат катта машаққат, ниҳоятда кучли, узлуксиз зўр меҳнат билан ювиш мумкин. Буни билиб олинг, Аня.
А н я. Биз яшаётган уй аллақачонлар бировники бўлиб қолган. Мен бу ердан чиқиб кетаман, сўз бераман сизга, бу ердан кетаман.
Т р о ф и м о в. Агар рўзғор калитлари қўлингизда бўлса, ҳаммасини қудуққа ташланг-у, кетаверинг. Шамол каби эркин бўлинг.
А н я (завқланиб). Хўп яхши гапни айтдингиз-да!
Т р о ф и м о в. Сўзимга ишонинг, Аня, ишонинг! Мен ҳали ўттиз ёшга кирганим йўқ, мен ёшман ҳали, студентман, аммо бошимдан кўп машаққатлар кечирдим! Қиш келди дегунча мен очман, касалдан чиқмайман, гадойдан ҳам бадтар қашшоқман. Эҳ-ҳа, тақдир мени қаерларга ирғитмади, қаерларни кўрмадим мен! Шундай бўлса ҳамки, руҳим ҳар доим, кечаси ҳам, кундузи ҳам қандайдир сирли умидлар билан тўла. Аня, бахт келишини сезиб турибман, мен уни кўриб турибман…
А н я (хаёлга чўмиб). Ой чиқяпти… Епиходовнинг ҳали ҳам бояги ғамгин куйни гитарада чалаётгани эшитилади. Ой чиқади. Теракзор томондан Аняни қидириб юрган Варянинг: «Аня-ю, қаердасан?» дегани эшитилади.
Т р о ф и м о в. Ҳа, ой ҳам чиқди.
Пауза.
Ана бахт келаётир, биз томонга яқинлашиб келмоқда, унинг қадам товушини мен эшитиб турибман. Башарти биз уни кўролмай қолсак, қанақалигини билолмай кетсак, нима қипти? Бошқалар кўради?
В а р я н и н г т о в у ш и: «Аня-ю! Қаердасан?»
Т р о ф и м о в. Яна ўша Варя чақиряпти! (Дарғазаб бўлиб.) Жонга тегди-ку!
А н я. Юринг, дарё бўйига борамиз, у ер ҳам яхши.
Т р о ф и м о в. Юринг.
Кетадилар.
В а р я н и н г т о в у ш и: «Аня! Аня-ю!»
П а р д а
УЧИНЧИ ПАРДА
Залдан арка билан ажратилган меҳмонхона. Қандиллар ёқилган. Даҳлизда, 11 пардада айтиб ўтилган яҳудийлар оркестри машқ чалмоқда. Кеч кириб қолган. Залда танца қилишмоқда. Меҳмонхонага Пишчик билан Шарлотта Ивановна, Любовь Андреевна билан Трофимов, Аня билан почта амалдори, Варя билан станция начальниги ва ҳоказолар жуфт-жуфт бўлиб танца қилиб кирадилар. Варя секин-секия йиғлайди, танца қиларкан, кўз ёшларини артади. Охирги жуфтда Дуняша. Ҳаммалари меҳмонхонадан ўтиб борадилар.
Фрак кийган Фирс патнусда сельтер суви олиб келади. Меҳмонхонага Пишчик билан Трофимов кирадилар.
П и ш ч и к. Мен семиз одамман-да, икки марта юрак тутқаноғим тутган, танца қилиш оғир, аммо тўқайга ўт тушса ҳўлу қуруқ баравар ёнади дегандек, ўртага тушиб қолганимдан кейин ҳаммасига аралашавераман. Ўзим отдайман. Раҳматлик отам, ҳазилкаш одам эдилар, айтардиларки, бизнинг Симеонов-Пишчик авлоди Калигуланинг сенатга киритиб қўйган отидан келиб чиққан эмиш… (Ўтиради.) Аммо, бутун бало шундаки: пул йўқ! Кампирнинг дарди ғўзада деган эканлар. (Хуррак отади ва ўзининг хуррагидан дарров уйғониб кетади.) Мен ҳам шундай… Дардим пулда…
Т р о ф и м о в. Рост, гавдангиз от гавдасига ўхшаб кетади.
П и ш ч и к. Нима бўпти… От яхши жонвор… Отни сотиб пул қилса бўлади…
Қўшни уйдан биллиард тошларининг шарақлаши эшитилади. Залда арка тагида Варя кўринади.
Т р о ф и м о в (унга тегажоғлик килиб). Лопахина хоним! Лопахина хоним!..
В а р я (жаҳли чиқиб). Пати тўкилган барин!
Т р о ф и м о в. Ҳа, мен пати тўкилган баринман, бу билан фахрланаман!
В а р я (чукур хаёлга чўмиб). Музикачиларни чақиришга чақйриб қўйдиг-у, аммо пулини қаердан олиб тўларкинмиз? (Кетади.)
Т р о ф и м о в (Пишчикка қараб). Умр бўйи процент тўлаш учун пул қидиришга сарф қилган бутун куч-қувватингизни бошқа бирон нарсага сарф қилганингизда, эҳтимол, бир кун келиб бутун ер шарини ағдариб юборган бўлар эдингиз.
П и ш ч и к. Буюк ва машҳур философ… улуғ ақл эгаси… Ницше ҳам ўз асарларида қалбаки пул ясаш мумкин деган экан.
Т р о ф и м о в. Ницшени ўқиганмисиз ўзингиз?
П и ш ч и к. Қаёқда, менга буни Дашенька айтган эди. Ҳозир ўзим шундай мушкул аҳволдаманки, қалбаки пул ясашдан ҳам. тоймасдим… Индинга уч юз ўн сўм тўлашим кераи… Юз ўттиз сўмни топдим… (Чўнтакларини титкилайди, бирдан қўрқиб, қути учиб кетади.) Пулим йўқ-ку? Пулни йўқотиб қўйибман! (Йиғлагундай бўлиб.) Пулим қани? (Севиниб кетади.) Мана экан-е! Астар орасига тушиб кетган экан… Совуқ тер чиқиб кетди-я…
Любовь Андреевна билан Шарлотта Ивановна кирадилар.
Л ю б о в ь А н д р е е в н а (лазгин куйини куйлаб). Нимага Леонид бунчалик кечикди экан, а? Шу маҳалгача шаҳарда нима қилади? (Дуняшага.) Дуняша, музикачиларни чойга таклиф қилинг…
Т р о ф и м о в. Эҳтимол, кимошди савдоси бўлмай қолгандир.
Л ю б о в ь А н д р е е в н а. Музикачиларни бемаҳал чақирдик, бал ҳам бевақт бўлди… Ҳа, майли… (Ўтиради ва секин-аста қўшиқ айтади.)
Ш а р л о т т а (Пишчикка бир колода қарта узатиб). Мана бу қарта, а? Биттасини танлаб олиб, эсингизда тутинг.
П и ш ч и к. Танладим.
Ш а р л о т т а. Энди қартани чийланг. Жуда яхши. Қани, азизим Пишчик афанди, қарталарни менга беринг. Энди қидиринг уни, ён чўнтагингиздан топасиз…
П и ш ч и к (ён чўнтагидан қарта чиқариб). Қарға саккиз эди, худди ўзи-я! (Ҳайратланиб.) Тавба!
Ш а р л о т т а (қарта колодасини кафтига қўйиб, Трофимовга). Тез айтинг, устидаги қанақа қарта?
Т р о ф и м о в. Нима бўпти? Ҳа, қарғанинг моткаси.
Ш а р л о т т а. Жуда яхши. (Пишчикка қараб) Устидаги қанақа қарта?
П и ш ч и к. Чиллиннинг тузи.
Ш а р л о т т а. Жуда яхши! (Кафтига бир уради, колода ғойиб бўлади.) Бугун ҳаво жудаям завқли-а!
Унинг гапига жавобан, худди полнинг тагидан «Ҳаво жуда нашъали, хоним!» деган аёл кишининг товуши эшитилади.
Сиз менинг энг яхши кўрганимсиз…
Я н а т о в у ш: «Сиз ҳам хоним, менга жуда ёқиб қолдингиз».
С т а н ц и я б о ш л и ғ и (чапак чалиб). Офарин, сеҳргар хоним!
П и ш ч и к (ҳайратда қрлиб). Тавба!.. Гўзаллар гўзали Шарлотта Ивановна… Сизга ошиғу беқарор бўлиб қолдим…
Ш а р л о т т а. Сиз-а! (Елкасини қисиб.) Сиз ҳам бирон кимсани сева оласизми?
Т р о ф и м о в (Пишчикнинг елкасига қоқиб). Хўп от экансиз-да!
Ш а р л о т т а. Диққат! Яна бир фокус кўрсатаман. (Стулдан рўмолни олади.) Мана, жуда яхши рўмол, сотмоқчиман… (Рўмолни силкитиб кўрсатади.) Ким олади?
П и ш ч и к (ҳайратланиб). Тавба!
Ш а р л о т т а. (Рўмолини дарров баланд кўтаради, рўмолнинг орқасида Аня турган бўлади; у таъзим қилиб, онасининг олдига югуриб боради-да, унй қучоқлаб, залга қайтиб югуриб кириб кетади. Ҳамма хурсанд.)
Л ю б о в ь А н д р е е в н а (чапак чалиб). Офарин, рфарин!
Ш а р л о т т а. Яна бир марта кўрсатай. (Рўмолини кўтаради, рўмол орқасида Варя салом бериб туради.)
П и ш ч и к (ҳайратланиб). Тавба!
Ш а р л о т т а. Тамом! (Рўмолни Пишчикнинг устига ташлайди, ўзи ҳам таъзим қилиб, залга қочиб чиқиб кетади.)
П и ш ч и к (унинг орқасидан чопиб). Оббо сеҳргар-ей!.. А? Қалай? (Чиқиб кетади.)
Л ю б о в ь А н д р е е в н а. Леониддан ҳали ҳам дарак йўқ. Шу маҳалгача шаҳарда нима қилар экан, сира ақлим етмайди! Ахир ҳамма иш тугагандир, ер-мулк сотилиб бўлгандир, ё бўлмаса кимошди савдоси қолдирилгандир, нега энди бунча кутдириб ўтиради?
В а р я (юпатмоқчи бўлиб). Тоғажоним сотиб олгандир, бунга мен аминман.
Т р о ф и м о в (кесатиб). Ҳа, албатта!
В а р я. Бувим қарзни ўз бўйниларига олиб, боғни ўзларининг номларига ўтказиш шарти билан пул юборибдилар. Буни бувим Аня учун қилган-да. Мен ачинаманки, худо хоҳласа, боғни албатта тоғам оладилар.
Л ю б о в ь А н д р е е в н а. Ярославлдаги бувинг қўрғонни ўз номига кўчириш шарти билан ўн беш минг сўм юборибди. Бизга инонмайди ҳам. Бу пули процентларни тўлашга ҳам етмайди. (Икки қўли билан юзини бекитади.) Бугун менинг тақдирим ҳал бўлади, тақдирим…
Т р о ф и м о в (Варяга тегишиб). Лопахина хоним!
В а р я (жаҳли чиқиб). Қари студент! Ўзингиз университетдан икки марта ҳайдалгансиз-ку!
Л ю б о в ь А н д р е е в н а. Варя, нимага жаҳлинг чиқади? У сенга Лопахина деб тегишади, тегишса нима қипти? Кўнглингда бўлса тег. Ўзи бинойидек, чиройли одам. Хоҳламасанг — тегма, сени ҳеч ким зўрламайди.
В а р я. Ойижон, мен бу ишга жиддий қарайман, тўғриси шу-да. У яхши одам, менга ёқади.
Л ю б о в ь А н д р е е в н а. Тега қол бўлмаса. Тағин нимани кутасан, ҳайронман!
В а р я. Ойижон, қандай қилиб мен унга сизга тегаман деб айтай? Икки йилдан бери ҳамманинг оғзида шу гап, ҳамма шунақа дейди, у бўлса ё бирон нарса демайди, ё ҳазил деб юрибди. Билиб турибман, у бойиб кетмоқда, иш билан банд, менинг тўғримда ўйлашга вақти йўқ. Агар пулим бўлса, жилла бўлмаганда юз сўмим бўлганда ҳам, ҳамма нарсани ташлаб узоқроқ бир ерга кетардим. Монастирга бўлса ҳам майли эди.
Т р о ф и м о в. Кўп хайрли иш бўларди-да.
В а р я (Трофимовга қараб). Студент деган бир оз ақлли бўлиши керак! (Мулойим товуш билан, йиғлаб). Жуда хунуклашиб кетибсиз, Петя, қариб қолибсиз! (Любовь Андреевнага қараб йиғидан тўхтаб.) Мен ишсиз туролмайман ойижон. Доим бирон иш қилиб туришим керак.
Яша киради.
Я ш а (кулгиси қистаб). Епиходов биллиард кийини синдириб қўйди!.. (Кетади.)
В а р я. Епиходов бу ерда нима қилиб юрибди? Биллиард ўйнашга ким рухсат берди унга? Бу одамларга ҳеч тушунолмадим-ку!.. (Чиқиб кетади.)
Л ю б о в ь А н д р е е в н а. Петя, ҳадеб унга тегажоғлик қилаверманг, бусиз ҳам ўзининг ғами бошидан ошиб ётибди.
Т р о ф и м о в. Жуда маҳмадана бўлиб кетган, ҳар ишга аралашаверади. Бутун ёз бўйи на менга, на Аняга тинчлик берди, бизнинг ўртамизда муҳаббат туғилиб қолишидан қўрқиб юрибди. Унинг нима иши бор? Бунинг устига, бундай деб ўйлашига унда асос ҳам йўқ, мен бундай пасткашликни ўзимга эп кўрмайман. Биз муҳаббатдан юқори турамиз!
Л ю б о в ь А н д р е е в н а. Мана мен муҳаббатдан паст турсам керак. (Қаттиқ хавотирланиб.) Нега шу маҳалгача Леониддан дарак йўқ-а? Мулк сотилдими ё йўқми, фақат шуни билсам бўлгани эди. Бу бошга тушган бахтсизлик шу қадар ақлга сиғмайдики, ҳатто нима деб ўйлашимни ҳам билмай қолдим. Ҳозир дод деб юбораман… ё бирон аҳмоқлик қилиб қўяман… Нажот беринг, Петя. Гапиринг, бир нима денг, ахир…
Т р о ф и м о в. Ер-мулк бугун сотилдими ёки сотилмадими, барибир эмасми? Мулк аллақачон қўлдан кетган, орқага қайтиш йўқ, энди бу ҳақда ўйлашнинг ҳожати борми. Хотиржам бўлинг, азизим. Ўзингизни-ўзингиз алдаб нима қиласиз? Умрингизда лоақал бир марта бўлсаям ҳақиқатга дадил кўз билан қаранг, ахир.
Л ю б о в ь А н д р е е в н а. Қандай ҳақиқатга? Ҳақиқатнинг ўзи қаерда бор-у, қаерда йўқлигини сиз кўра оласиз, мен худди сўқир одамга ўхшаб ҳеч нарсани кўролмайман. Ҳар хил муҳим масалаларни сиз дадил-дадил ечасиз, лекин айтинг-чи, шоввоз, бунинг ҳаммаси сизнинг ёшлигингиздан, бошингизга ҳали бирон машаққат тушмаганлигидан эмасми? Сиз истиқболингизга дадил қарайсиз, лекин бу — кўзингизга ҳеч қандай даҳшатли нарсанинг кўринмаётганлиги ва уни кутмаётганингиз туфайли эмасми? Ахир, сиз ҳали ҳақиқий турмушни кўрмагансиз, билмайсиз! Бизга қараганда сиз дадилроқ, виждонлироқсиз, тушунчангиз бизникидан чуқурроқ, лекин бир оз ўйлаб кўринг, зиғирча бўлса ҳам олижаноблик қилинг, менга шафқат этинг. Ахир, мен шу ерда туғилиб ўсганман, отам ҳам, онам ҳам, боболаримнинг умри ҳам шу ерда ўтган, мен бу уйни жонимдан ҳам азиз кўраман, олчазорсиз менинг ҳаётим ҳаёт эмас, агар боғни албатта сотиш зарур бўлса, мени ҳам қўшиб сотинглар… (Трофимовни қучоқлайди, унинг пешонасидан ўпади.) Ахир, ўғлим шу ерда чўкиб ўлди… (Йиғлайди.) Менга раҳм қилинг, барака топгур.
Т р о ф и м о в. Биласиз-ку, мен сизга бутун қалбимдан ачинаман.
Л ю б о в ь А н д р е е в н а. Бу гапни бошқачароқ қилиб айтиш керак, бошқачароқ қилиб… (Дастрўмолини олади, ерга телеграмма тушади.) Бугун кўнглим шунақа ғашки, сиз буни ҳатто тасаввур ҳам этолмайсиз. Буер шовқин-сурон, ҳар товушдан юрагим зирқирайди, ҳамма ёғим дир-дир титрайди, лекин ўз уйимга кириб ўтиролмайман, ёлғиз ўзим қолсам — ваҳима босади. Мени мунча койиманг, Петя… Мен сизни ўз ўғлимдек севаман. Аняни сизга жон деб берар эдим-у, жонгинам, бироқ ўқиш керак, ўқишингизни тугатишингиз керак, ахир. Бирон иш билан шуғулланмайсиз, тақдир сизни у ёқдан-бу ёққа ташлагани ташлаган, ҳеч тушуниб бўлмайди… Тўғрими гапим? Шундайми? Иннайкейин соқолни ҳам еал эпақага келтириш керак, эви билан-да. (Кулади.) Жуда ғалати одамсиз-а!
Т р о ф и м о в (телеграммани ердан олиб). Мен чиройли бўлишни истамайман.
Л ю б о в ь А н д р е е в н а. Бу телеграмма Париждан келди, ҳар куни келади, кечаям келган эди, бугун ҳам… Бу ваҳший одам яна бетоб ётган эмиш, яна аҳволи ёмон эмиш!.. Кечирим сўрайди, кел деб ялинади. Ростини айтганда, Парижга боришим, унинг ёнида бўлишим керак. Сиз менга хўмрайиб қарайсиз, Петя, аммо нима қилай энди, чироғим, нима қилай, у бетоб ётган бўлса, ёлғиз ўзи, ёнида ҳеч кими йўқ, бахтсиз бўлса… Унга ким қарайди, ким хатодан қайтаради, ким ўз вақтида дори-дармон бериб туради? Яширишнинг нима ҳожати бор, мен уни севаман, бу равшан. Севаман, севаман… У бўйнимга осилган тош, бу тош мени сув тагига судраб кетмоқда, аммо шу тошни севаман, усиз яшай олмайман. (Трофимовнинг қўлини қисиб.) Менинг тўғримда ёмон гап кўнглингизга келмасин, Петя, менга ҳеч нарса деманг, қўйинг, гапирманг…
Т р о ф и м о в (йиғи аралаш). Худо ҳақи, кўнглимда бор гапни очиқ айтаман, кечиринг ахир, у сизнинг бор-йўғингизни шилиб олди-ку.
Л ю б о в ь А н д р е е в н а. Йўқ, йўқ, ундай деманг… (Қулоғини беркитади.)
Т р о ф и м о в. Ахир у аблаҳ одам, буни фақат сиз кўрмайсиз! Пасткаш, муттаҳам, уч пулга қиммат одам…
Л ю б о в ь А н д р е е в н а (жаҳли чиқади, лекин ўзини тутиб). Йигирма олти ёки йигирма етти ёшга кирдингиз-у, ҳали ҳам гимназиянинг иккинчи синф ўқувчисига ўхшайсиз!
Т р о ф и м о в. Майли!
Л ю б о в ь А н д р е е в н а. Чинакам эркакларга ўхшанг, сизнинг ёшингизда севган ва муҳаббат қўйган кишиларнинг руҳини тушуна билиш керак. Ўзингиз ҳам севишингиз керак… Севиш керак! (Жаҳли чиқиб кетади.) Ҳа, ҳа, шундай! Ўзингиз ҳам пок эмассиз! Фақат ўзингизни покман деб юрасиз, тентак, бемаънисиз.
Т р о ф и м о в (ҳайратланиб). Нималар деяпти бу хотин.
Л ю б о в ь А н д р е е в н а. «Мен муҳаббатдан юксак тураман» эмиш! Сиз муҳаббатдан баланд эмассиз, балки Фирс айтгандек, меров одамсиз. Шунча ёшга етиб жазман ортдирмагансиз!..
Т р о ф и м о в (қўрқиб кетиб). Бу даҳшат-ку, даҳшат! Нималар деяпти асти у? (Бошини икки қўллаб уиллаб, югуриб залга чиқиб кетади.) Даҳшат, даҳшат! Мен бунга чидаб туролмайман, кетаман… (Кетади, аммо тез қайтади). Бўлди, таниш-билишлик ҳам битди! (Даҳлизга чиқиб кетади.)
Л ю б о в ь А н д р е е в н а (орқасидан чақириб қолади). Петя, шошманг! Телба-тентак! Мен ҳазиллашдим! Петя!
Даҳлизда бировнинг зинадан югуриб тушиб кетаётгани ва бирдан гумбурлаб йиқилгани, Аня билан Варянинг қичқириб юборгани ва шу ондаёқ уларнинг кулгиси эшитилади.
А н я (кула-кула). Петя зинадан йиқилиб тушди! (Югуриб чиқиб кетади.)
Л ю б о в ь А н д р е е в н а. Жуда ғалати одам-да, бу Петя!
Станция начальниги залнинг ўртасида туриб, А. Толстойнинг «Гуноҳкор аёл» деган асарини ўқийди, ҳамма қулоқ солади, бироқ бир неча сатр ўқимасданоқ, даҳлиздан вальс садолари эшитилади, ўқиш бўлиниб қолади. Ҳамма ўйинга тушиб кетади. Даҳлиздан Трофимов, Аня, Варя ва Любовь Андреевналар ўтадилар.
Л ю б о в ь А н д р е е в н а. Хўш, Петя… Ҳа, софдил киши… Афв сўрайман… Юринг, ўйинга тушайлик… (Петя билан ўйинга тушади.)
Аня билан Варя ҳам ўйинга тушиб кетадилар. Фирс кириб ҳассасини ёндаги эшик олдига тираб қўяди. Яша ҳам меҳмонхонадан кириб, ўйинга тушаётганларни томоша қилиб туради.
Я ш а. Хўш, бобой?
Ф и р с. Тобим йўқроқ. Илгарилари биз бал берганда генераллар, баронлар, адмираллар танца қилар эдилар, энди бўлса почта амалдорига, станция начальнигига одам юбортирамиз, шунда ҳам улар ноз қилишади. Жуда мадорим қочди. Раҳматлик барин ким касал бўлса сўрғич ичирарди. Мен ҳам йигирма йилдан бери ҳар куни сўрғич ичаман, балки йигирма йилдан ҳам ошгандир, эҳтимол шу туфайли тирик юргандирман.
Я ш а. Жонга тегдинг-да бобой. (Хомиза тортади.) Тезроқ ўла қолсанг ҳам бўларди.
Ф и р с. Вой тентак-ей… (Минғиллайди.)
Трофимов ва Любовь Андреевна, олдин залда, кейин меҳмонхонада танца қиладилар.
Л ю б о в ь А н д р е е в н а. Мега. Мен пича ўтирай… (Ўтиради.) Чарчадим.
Аня киради.
А н я (ҳаяжонланиб). Ҳозиргина кимдир ошхонада олчазорнинг шу бугун сотилганини айтди.
Л ю б о в ь А н д р е е в н а. Кимга сотилибди?
А н я. Унисини айтмади. Кетиб қолди. (Трофимов билан ўйинга тушиб, залга чиқиб кетади.)
Я ш а. Қандайдир бир чол вайсаб ўтирган эди, ўзи бегона одам.
Ф и р с. Леонид Андреевич ҳали ҳам қайтгани йўқ. Енгил демисезон пальтода эди, шамоллаб қолмасайди. Ёш-да, боласи тушкур, ёш…
Л ю б о в ь А н д р е е в н а. Юрагим тарс ёрилиб кетай деяпти. Боринг, Яша, кимга сотилганини билиб келинг.
Я ш а. Чолнинг кетиб қолганига анча бўлди. (Кулади.)
Л ю б о в ь А н д р е е в н а (сал ранжиб). Нега ҳиринглайсиз-а! Нимага суюнасиз?
Я ш а. Епиходов жуда тавия одам экан! Пуч одам. Фалокат босган.
Л ю б о в ь А н д р е е в н а. Фирс, агар ер-мулк сотилса, сен қаерга борасан?
Ф и р с. Қаерга десангиз, шу ерга кетавераман.
Л ю б о в ь А н д р е е в н а. Нимага бунча рангинг ўчган? Тобинг йўқми? Бориб ухласанг бўларди.
Ф и р с. Ухла дейсиз… (Ранжийди.) Мен кириб ухласам, бу ерда ким қолади? Ким қарайди? Бутун уйда бир ўзимман.
Я ш а (Любовь Андреевнага). Любовь Андреевна, сизга илтимосим бор: бир яхшилик қилинг, агар яна Парижга кетадиган бўлсангиз мени ҳам олиб кетинг, худо хайрингизни берсин. Мен бу жойда сира қололмайман. (Атрофга қараб, овозини пасайтириб). Сиздан яширадиган жойим йўқ, ўзингиз кўриб турибсизки, бу юрт бутунлай нодон, халқи одобсиз, бунинг устига одам жуда зерикиб кетди, овқатлари ёмон, Фирс бўлса у ёқдан-бу ёққа юриб, ҳар хил келишмаган сўзларни пўнғирлайди. Мени албатта ўзингиз билан олиб кетинг, худо хайрингизни берсин!
Пишчик киради.
П и ш ч и к. Рухсат этинг… вальсга тушайлик, гўзалим… (Любовь Андреевнани бошлаб кетади.) Гўзалим, барибир сиздан бир юз саксон сўмни оламан… Оламан дедим оламан. (Уйинга тушадилар.) Бир юз саксон сўм… (Залга ўтадилар.)
Я ш а (оҳиста ашула бошлайди). «Қалбим толпинишин англайсанми сен…»
Залда кул ранг цилиндр ва катак шим кийган бир кимса қўлларини силкитиб сакрайди. «Офарин, Шарлотта Ивановна!» деган овозлар эшитилади.
Д у н я ш а (юзига упа суртиш учун тўхтайди). Ойимқиз ўйинга тушгин деб қистайдилар, йигитлар кўп-у, қизлар кам дейдилар. Танцадан бошим айланади, юракларим гупиллаб уради. Фирс Николаевич, ҳозирги почта амалдори менга шундай бир гап айтдики, нафасим ичимга тушиб кетди.
Музика тўхтайди.
Ф и р с. Нима деди у сенга?
Д у н я ш а. Сиз бамисоли бир гулсиз деб айтди.
Я ш а (эснаб). Нодонлик бу… (Кетади.)
Д у н я ш а. Бамисоли гул-а… Мен шундай одоби қизманки, шунақанги ширин сўзларни ўлгудай яхпл кўраман-да.
Ф и р с. Бошингни айлантириб кетади.
Епиходов киради.
Е п и х о д о в. Авдотья Фёдоровна, менга сира қарамайсиз ҳам… Мени бир ҳашорат деб биласиз шекилли… (Уҳ тортади.) Эҳ, ҳаёт!
Д у н я ш а. Нима демоқчи бўласиз?
Е п и х о д о в. Шубҳасиз, балки сиз ҳақлидирсиз. (Уҳ тортади.) Лекин, албатта, агар нуқтаи назардан қаралса, сиз мени кечиринг, очиғини айтганда, менинг руҳимни тушириб юбордингиз. Мен ўз тақдиримни биламан, ҳар куни бир балога учрайман, бунга мен аллақачонлар кўникиб кетганман, ўз тақдиримга кулиб қарайман. Сиз менга сўз берган эдингиз ва гарчи мен…
Д у н я ш а. Келинг, кейин гаплашамиз, ҳозир мени тинч қўйинг. Мен ҳозир хаёл сурмоқчиман. (Елпуғични ўйнаб ўтиради.)
Е п и х о д о в. Мен ҳар куни бирон фалокатга учрайман, шундай бўлса ҳамки, мен сизга айтсам, илжайиб юравераман, ҳатто куламан ҳам.
Залдан Варя киради.
В а р я. Семён, сен ҳали ҳам кетмадингми! Қанақа беодоб одамсан ўзинг! (Дуняшага қараб.) Кет бу ердан, Дуняша. (Епиходовга) У ёққа бориб биллиард ўйнаб кийни синдирасан, бу ёққа келиб меҳмонхонада худди меҳмондай саланглаб юрасан.
Е п и х о д о в. Мени тийишга, мен сизга айтсам, ҳақингиз йўқ.
В а р я. Мен сени тияётганим йўқ, фақат айтиб қўяяпман. У ёқдан бу ёққа юришни биласан, иш деса қочасан. Канторчимиз бор-у, аммо унинг нимага кераклиги номаълум.
Е п и х о д о в (хафаланиб). Ишлайманми, юраманми, овқат ейманми, биллиард ўйнайманми, бу ҳақда фақат гапга тушунадиганлар ёхуд катталар муҳокама қила олади.
В а р я. Сен ҳали менга гап қайтарадиган бўлиб қолдингми! (Ғазаби қўзғаб.) Гап қайтарасанми? Демак, мен ҳеч гапга тушунмас эканман-да, а? Йўқол ҳозир бу ердан! Кўзимга кўринма!
Е п и х о д о в (қўрқиб кетади). Оғзингизга қараб гапиришингизни сўрайман.
В а р я (бадтар ғазаби келиб). Ҳозирнинг ўзида бу ердан чиқиб кет! Йўқол дейман!
Епиходов эшикка томон юради, Варя унинг кетидан боради. Э, фалокат босган. Қорангни ҳам кўрсатма! Кўринма кўзимга дейман!
Епиходов чиқади. Эшик орқасидан унинг: «Устингиздан арз қиламан» деган овози эшитилади.
Яна қайтиб келдингми? (Эшик ёнига Фирс тираб қўйган ҳассани қўлига олиб). Қани кел-чи, кел… Бир сенга кўрсатиб қўяй… Келдингми, а? Мана бўлмаса… (Қулочкашлаб турган пайтда Лопахин кириб қолади).
Л о п а х и н. Бисёр ташаккур.
В а р я (жаҳл аралаш, киноя билан). Кечирасиз!
Л о п а х и н. Ҳечқиси йўқ. Аммо, бундай яхши кутиб олганингиз учун ташаккур.
В а р я. Арзимайди. (Турган жойидан нари кетиб, кейин қайрилиб қарайди ва мулойим овозда сўрайди.) Қаттиқ тегдими?
Л о п а х и н. Йўқ, унча эмас. Ҳар ҳолда муштдай бўлиб шишиб чиқса керак.
Залдан товушлар: «Лопахин келди! Ермолай Алексеич!»
П и ш ч и к. Кўзимиз билан кўрдик, қулоғимиз билан эшитдик… (Лопахин билан ўпишиб кўришади.) Дўстим, оғзингдан коньяк ҳиди келадими… Биз ҳам ўйин-кулги қиляпмиз.
Любовь Андреевна киради.
Л ю б о в ь А н д р е е в н а. Сизмисиз, Ермолай Алексеич! Нега бунча кечикдингиз? Леонид қани?
Л о п а х и н. Леонид Андреич ҳам мен билан бирга келди. Ҳозир киради.
Л ю б о в ь А н д р е е в н а (ҳаяжонланиб). Хўш, нима бўлди? Савдо бўлдими? Ҳа, гапирсангизчи тезроқ!
Л о п а х и н (хижолатда, севинчини ошкор этишдан қўрқиб). Савдо соат тўртларда тугади. Поездга кечикдик, соат тўққиз яримгача кутишга тўғри келди. (Оғир хўрсиниб.) Уф! Бир оз бошим айланяпти…
Гаев киради, ўнг қўлида харид килган нарсалари, чап қўли билан кўз ёшини артади.
Л ю б о в ь А н д р е е в н а. Лёня, хўш нима гап? Лёня, ҳа тезроқ айта қол! (Тоқатсизланиб, йиғлаб юборади.) Худо ҳақи, тезроқ гапирсангчи!
Г а е в (унга жавоб бермайди, фақат қўлини силтайди; Фирсга қараб йиғламсираб). Мана буни олиб қўй… Мана бу анчоус, Керчь балиғи… Куни бўйи туз тотганим йўқ… Қанчадан-қанча машаққат чекдим!
Биллиардхонанинг эшиги очиқ, шарларнинг шарақлаши ва Яшанинг: «Етти-ю, ўн саккиз» деган овози эшитилади. Гаевнинг чсҳраси ўзгариб йиғидан тўхтайди.
Роса чарчадим. Менга бошқа устивош бер, Фирс. (Зал орқали ўз бўлмасига кириб кетади, унинг орқасидан Фирс чиқади.)
П и ш ч и к. Савдо нима бўлди? Гапирсангиз-чи, ахир!
Л ю б о в ь А н д р е е в н а. Олчазор сотилдими?
Л о п а х и н. Сотилди.
Л ю б о в ь А н д р е е в н а. Ким олди?
Л о п а х и н. Мен олдим.
Пауза.
Любовь Андреевна эзилган, паришон, агар ёнида кресло билан стол бўлмаганда, йиқилиб тушарди. Варя белидаги калитларни ечиб, меҳмонхона ўртасига ташлайди ва чиқиб кетади.
Олчазорни мен олдим. Бир оз сабр қилинглар, жаноблар, эсимни йўқотаёздим, гапиролмайман… (Кулади). Биз савдога етиб борсак, Дериганов ўша ерда экан… Леонид Андреичнинг атиги ўн беш минг сўм пули бор эди. Дериганов бўлса қарзнинг устига бирдан ўттиз минг бериб юборди. Қарасам, иш шунақа, олишиб қолдим, қирқ минг бериб юбордим. У қирқ беш мингга чиқди. Мен эллик беш минг бердим. Хуллас у беш мингдан ошса, мен ўн мингдан ошавердим. Ахир, тамом бўлди. Қарзнинг устига тўқсон минг бердим, боғ менга қолди. Олчазор энди меники! Меники! (Хохолаб кулади.) О, парвардигор, мана олчазор меники! Айтинглар, сен мастсан, жинни бўлиб қолибсан, туш кўраётибсан денглар… (Ер тепиниб.) Масхара қилинглар мени! Агар менинг отам ва бобом гўридан туриб, бу ҳодисани кўрсалар, урилган, сурилган, чаласавод, қиш кунлари оёқ яланг юрувчи ўғли Ермолайнинг дунёда тенги йўқ ер-мулкни сотиб олганини бир кўрсалар эди! Мен ота-боболарим қул бўлиб ишлаган, ҳатто ошхона остонасига ҳам қадам бостиришмаган мулкни сотиб олдим! йўқ, мен уйқудаман, бу нарсани тушимда кўряпман, менга шундай кўринаётгандир… Бу туман қоплаган хом хаёлларингизнинг меваси эмасми-а? (Ердан калитларни олиб, майин илжайиб.) Калитларни ҳам ташлаб кетди, бу ерда энди уй хўжаси эмаслигини билдирмоқчи… (Калитларни шилдиратиб.) Э, барибир.
Чолғувчиларнинг асбобларни созлаётгани эшитилади.
Ҳой, чолғувчилар, чалинглар, мен эшитаман! Ермолай Лопахиннинг олчазорга болта солиб юборишини, дарахтларнинг қарсиллаб қулашини ҳамманглар келиб кўринглар! Чорбоғлар қурамиз, невара-чевараларимиз бу ерда янги ҳаётни кўражаклар!.. Музикачилар, чалинглар!
Музика чала бошлайди. Любовь Андреевна стулда ўтириб аччиқ кўз ёшлари тўкади.
(Таъна билан). Нега, нега менинг гапимга кирмадингиз? Шўрликкинам, гўзалим, энди ҳеч нарса қилиб бўлмайди. (Кўзидан ёш чиқиб.) Оҳ, тезроқ бита қолсайди бу гаплар, бизнинг бемаза, бахтсиз ҳаётимиз тезроқ ўзгара қолсайди!..
П и ш ч и к (Лопахиннинг қўлтиғидан ушлаб, паст овозда). Йиғлаяпти. Юр, залга чиқайлик, ёлғиз ўзи қолсин… Юр… (Лопахиннинг қўлтиғидан ушлаб, залга олиб чиқиб кетади).
Л о п а х и н. Ҳой, нима бўлди? Музика, дурустроқ чал. Ҳамма нарса менинг айтганимдек бўлсин! (Киноя билан.) Янги помешчик, олчазор эгаси келаётир! (Билмасдан столни туртиб юборади, қандилнинг тушиб синишига сал қолади.) Ҳаммасига тўлашга кучим етади! (Пишчик билан бирга чиқиб кетади)
Залда ва меҳмонхонада Любовь Андреевнадан бошқа ҳеч ким қолмайди, у жуда эзилиб, аччиқ-аччиқ йиғлайди. Музика аста-секин чалиб туради. Аня билан Трофимов югуриб кирадилар. Аня онасининг олдига келиб тиз чўкади. Трофимов эшик олдида қолади.
А н я. Ойи! Ойижон, йиғлаяпсанми? Жонгинам, меҳрибоним, гўзалим, ойижоним, мен сени жуда, жуда яхши кўраман… Мен сени дуо қиламан. Олчазор сотилиб кетди, бу рост, аммо йиғлама, ойи, сенинг порлоқ истиқболинг, яхши ва пок дилинг қолди… Юр мен билан ойижон, кетамиз бу ердан, юр! Биз янги боғ яратамиз, бундан ҳам гўзал, бундан ҳам муҳташам боғ бўлади, сен уни албатта кўрасан, шунда биласан… Ана шунда, худди оқшом қуёши ботгандай, қалбингга чуқур ва самимий шодлик қуйилади… Ушанда севинасан, куласан, ойи! Юр, ойижон! Юр, кетамиз!..
Парда
ТЎРТИНЧИ ПАРДА
Биринчи парда декорацияси. Деразалардаги пардалар, деворлардаги расмлар йўқ: бир бурчакка худди сотувга қўйилгандек озроқ мебель йиғиштириб қўйилган. Уйнинг ҳувиллаб қолгани кўриниб турибди. Саҳнанинг ичкари томонидаги ҳовлига чиқадиган эшик олдида бир талай чамадон, тугун ва бошқалар турибди. Чап томондаги эшик очиқ. У ерда Варя билан Анянинг товуши эшитилади. Лопахин ҳаммани кутиб тик турибди. Яша шампанское қуйилган стаканлар терилган патнусни кўтариб туради. Даҳлизда Епиходов яшик бойламоқда. Саҳнанинг орқа томонида олағовур; мужиклар хўжайинлари билан хайрлашгани келганлар. Гаевнинг: «Раҳмат, оғайнилар, раҳмат сизларга» деган овози келади.
Я ш а. Авом халқ хайрлашгани келибди. Мен, Ермолай Алексеич, шундай фикрдаманки, булар яхши одамлар, аммо тушунчалари кам.
Ташқаридаги шовқин босилади. Даҳлиздан Любовь Андреевна билан Гаев киради Любовь Андреевна йиғисини тийган-у, лекин ранг-рўйи оқарган, юзи титрайди, гапиролмайди.
Г а е в. Сен уларга ҳамёнингни бериб юбординг-а, Люба! Бундай қилиш ярамайди, ахир!
Л ю б о в ь А н д р е е в н а. Кўнглим бўлмади! Чидаб туролмадим!
Иккови чиқиб кетади.
Л о п а х и н (уларнинг кетидан). Марҳамат, жаноблар, илтимос қиламан! Кетар жафосига бир стакандан ичайлик. Шаҳардан олиб келиш эсимга келмабди, станциядан фақат бир бутилка топилди. Марҳамат, марҳамат!
Пауза.
Қани жаноблар, ичмайсизларми? (Эшик олдидан нари кетиб.) Билганимда олмаган бўлар эдим. Сизлар ичмасанглар мен ҳам ичмайман.
Яша патнусни оҳиста стол устига қўяди.
Ҳеч бўлмаса, Яша, сен ичсанг-чи.
Я ш а. Жўнаб кетувчилар шарафига! Сиз ҳам яхши қолинг! (Ичади.) Бу ҳақиқий шампанское эмас экан, хўп денг.
Л о п а х и н. Бутилкаси саккиз сўм туради.
Пауза.
Ўлгудек совуқ экан-у бу ер.
Я ш а. Бугун печкалар ёқилмади, барибир кетамиз-ку. (Қулади.)
Л о п а х и н. Нимага тиржаясан?
Я ш а. Суюнганимдан,
Л о п а х и н. Октябрь кирган бўлса ҳам, худди ёз сингари иссиқ ва жимжит. Иморатни шу маҳалда қурсанг-да. (Соатига қараб, эшикдан.) Жаноблар, поезднинг келишига атиги қирқ олти минут қолди! Демак яна йигирма минутдан кейин станцияга чиқиш лозим бўлади. Тезроқ бўлинглар.
Устида пальто Трофимов ҳовлидан киради.
Т р о ф и м о в. Менимча, жўнасак ҳам бўлар дейман. Экипажлар тайёр. Жин урсин, калошим қаерда қолди экан? Йўқолибди. (Эшикка қараб.) Аня, калошим йўқ-ку! Тополмадим.
Л о п а х и н. Мен Харьковга кетишим керак. Сизлар билан бир поездда жўнасам дейман. Харьковда бутун қиш турмоқчиман. Сизлар билан овора бўлиб, ҳамма ишларим қолиб кетди. Ишсиз қолсам икки қўлимни қаерга қўйишни билмайман, худди бировнинг қўлига ўхшаб қолади.
Т р о ф и м о в. Ҳозир жўнаб кетамиз, ана иннайкейин сиз ўз фойдали ишингизга яна киришаверасиз.
Л о п а х и н. Бир стакан ичсанг-чи.
Т р о ф и м о в. Ичмайман.
Л о п а х и н. Демак, шу кетишингда тўғри Москвагами?
Т р о ф и м о в. Ҳа, уларни шаҳаргача кузатиб қўяман-да, эртага Москвага жўнайман.
Л о п а х и н. Ҳа, ҳа… Профессорлар ҳам лекция ўқимай, ҳаммаси сенинг етиб боришингни кутиб ўтирган бўлса керак!
Т р о ф и м о в. Сенинг ишинг эмас.
Л о п а х и н. Университетга кирганингга неча йил бўлди?
Т р о ф и м о в. Янгироқ гап топиб гапирсанг-чи! Бу гапларнинг сийқаси чиқиб кетди-ку. (Калошини қидиради.) Биласанми, балки биз сен билан энди кўришмасмиз, шунинг учун сенга бир маслаҳат бериб кетмоқчиман: ҳар нарсага қўл югуртираверма! Шу одатингни ташла. Дача қуриш, барбоғчилардан келгусида айрим ер эгалари етишиб чиқади дейишингнинг ўзи ҳам ҳар балога қўл чўзиш… Ҳар қалай мен сени яхши кўраман-да. Бармоқларинг худди артистларнинг бармоғидай нозик ва ингичка, руҳинг ҳам нозик…
Л о п а х и н (уни қучоқлаб). Хайр, оғайни. Барча қилган яхшилигинг учун раҳмат. Агар йўлга керак бўлса, пул берай.
Т р о ф и м о в. Пулни нима қиламан? Кераги йўқ.
Л о п а х и н. Пулингиз йўқдир ахир!
Т р о ф и м о в. Пулим бор. Ташаккур. Қилган таржимам учун олгандим. Мана, чўнтагимда. (Ташвишланиб.) Калошим қаёқда қолдийкин-а?
В а р я (нариги уйдан туриб). Мана, олинг матоингизни. (Саҳнага бир жуфт калош ирғитади.)
Т р о ф и м о в. Нимага жаҳлингиз чиқяпти, Варя? .. Ҳм… Бу менинг калошим эмас-ку!
Л о п а х и н. Кўкламда минг десятина ерга кўкнори экдирган эдим, роппа-расо қирқ минг сўм фойда қилибман. Кўкноримнинг гуллаган пайтини бир кўрсанг эди! Ҳа, мен айтмоқчиманки, қирқ минг сўм ишлабман, демак сенга қарз бермоқчиман, негаки, қарз бериш қўлимдан келади. Димоғ кўтаришнинг нима кераги бор? Мен мужик одамман… дангал айтавераман.
Т р о ф и м о в. Сенинг отанг мужик, менинг отам табиб эди, лекин бунинг ҳеч бир аҳамияти йўқ. (Лопахин ҳамёнини чиқаради.) Қўй, қўй… Икки юз минг берсанг ҳам олмайман. Мен эркин одамман. Сиз бой ва қашшоқ одамлар сажда қилган нарсаларнинг бари менинг устимдан қилча ҳам ҳукмронлик қилолмайди. Осмонда учиб юрган нозик пар қандай бўлса, менга улар худди шундай. Мен сизсиз ҳам яшай оламан, сизларни назар-писанд қилмай, ёнингиздан ўтиб кетавераман, мен мағрурман. Инсоният ер юзида бўла оладиган энг юксак ҳақиқат сари, энг катта бахт сари интилиб бормоқда, мен эса унинг биринчи сафидаман!
Л о п а х и н. Ета олармикансан?
Т р о ф и м о в. Етаман.
Пауза.
Етаман, етолмаганимда қандай етиш йўлини бошқаларга кўрсатаман.
Узоқдан дарахтларга урилган болта овози эшитилади.
Л о п а х и н. Хўп, дўстим, яхши бор. Энди жўнаш керак. Сен билан биз бир-биримизга димоғ қилиб ўтйрибмиз, турмуш эса ўз йўлидан кетяпти. Агар мен кўп ва тинмай ишласам, фикрларим ҳам анча ойдинлашади, нима учун яшаётганимни ҳам ўзим билгандай бўламан. Нима учун яшаётганини билган одамлар Россияда оз дейсанми, ўҳ-ў! Ҳа майли, гап бунда эмас-ку. Леонид Андреич ҳам банкка ишга кирибди, йилига олти минг олармиш… Шуниси борки ишлай олмайди, ўта кетган дангаса…
А н я (эшик олдига келиб). Ойим биз кетгунча боғни кесишмай турсин деб сўраяптилар.
Т р о ф и м о в. Рост, наҳотки шунга ҳам ақлинг етма-са… (Даҳлиз орқали чиқиб кетади.)
Л о п а х и н. Ҳозир, ҳозир… Эҳ аҳмоқлар-ей! (Унинг кетидан чиқиб кетади).
А н я. Фирс касалхонага жўнатилдими?
Я ш а. Мен эрталаб айтган эдим. Жўнатишгандир.
А н я (залдан ўтиб бораётган Епиходовга). Семён Пантелеич, билингчи, Фирсни касалхонага жўнатишдимикин?
Я ш а (хафа бўлиб). Мен Егорга эрталаб айтган эдим. Ҳадеб сўрайверишнинг нима кераги бор!
Е п и х о д о в. Менинг узил-кесил фикримча, шалвираб қолган Фирсни энди тузатиб, одам қилиб бўлмайди, у ота-боболари ёнига сафар қилиши керак. Мен бўлсам фақат унга ҳавас қилишим мумкин. (Шляпа солиб қўйилган картон қути устига чамадон қўйиб, уни эзиб юборади.) Ана айтмадимми! Ўзим ҳам шундай бўлишини билган эдим-а. (Чиқиб кетади.)
Я ш а (мазаҳ қилиб). Вой фалокат босган-ей…
В а р я (эшик орқасида туриб). Фирсни касалхонага олиб кетишдими?
А н я. Олиб кетишди.
В а р я. Бўлмаса нега докторга ёзилган хат қолибди.
А н я. Орқасидан юбора қолиш керак… (Чиқиб кетади.)
В а р я (қўшни хонада туриб). Яша қани? Айтинглар, онаси хайрлашгани келибди.
Я ш а (қўлини силтаб). Жуда безор бўлдим-да.
Дуняша боядан бери буюмлар олдида ивирсиб турган эди; Яшанинг бир ўзи қолиши билан, дарров унинг олдига келади.
Д у н я ш а. Лоақал бир марта қарасангиз-чи, Яша. Сиз мени ташлаб кетяпсиз… (Йиғлаб Яшанинг бўйнига осилади.)
Я ш а. Йиғлашнинг нима кераги бор? (Шампанское ичади.) Олти кундан кейин яна Париждамиз-да! Эртага курьер поездига минамиз-у, жўнайверамиз! Ўзим ҳам ишонгим келмайди. Вива ла-Франс! Бу ер менга ёқмади, сира тургим келмайди… Нима ҳам қилиб бўлади. Нодонликдан тоза тўйдим, етади. (Шампанское ичади.) Йиғлаб нима қиласиз? Одобли қиз бўлсангиз йиғламайсиз.
Д у н я ш а (ойнага қараб, юзига упа суради.) Париждан хат ёзиб туринг. Ахир мен сизни қандай севардим, Яша, яхши кўрардим! Мен нозик қизман, Яша!
Я ш а. Бу ёққа одамлар келяпти. (Чамадонлар олдида ивирсийди, оҳиста ашула айтади.)
Любовь Андреевна, Аня, Гаев, Шарлотта Ивановналар кирадилар.
Г а е в. Йўлга тушсак ҳам бўларди. Вақт оз қолди. (Яшага қараб). Кимдан балиқ ҳиди келяпти-а?
Л ю б о в ь А н д р е е в н а. Ўн минутлардан кейин экипажга тушсак ҳам бўлади… (Уй ичига назар ташлайди.) Алвидо, қадрдон уйим, кекса бобо! Қиш ҳам ўтар, баҳор ҳам келар, аммо сен бўлмайсан. Сени бузиб ташлайдилар. Нималарни кўрмади бу деворлар! (Чуқур ҳаяжон ичида қизини ўпади.) Бахтим, саодатимсан, чеҳранг порлайди, кўзларинг худди икки олмосдай чақнайди. Хурсандмисан? Жуда ҳам хурсандман дегин?
А н я. Жуда, жуда! Янги ҳаёт бошланади, ойи!
Г а е в (суюниб). Дарҳақиқат энди ишимиз чакки эмас. Олчазор сотилгунча ҳаммамиз ташвиш тортдик, машаққат чекдик, энди масала узил-кесил ҳал бўлиши билан ҳаммамиз тинчидик, ҳатто вақтимиз ҳам чоғ бўлиб қолди… Мен энди банк хизматчисиман, молия ходимиман… Сариғини ўртага, сенинг ҳам, Люба, юзларинг анча ўзгариб, тузук бўлиб қолдинг, рост айтаман.
Л ю б о в ь А н д р е е в н а. Рост. Асабларим босилди.
Қўлига шляпа билан пальтосини берадилар.
Кечалари анча тинч ухлайдиган бўлиб қолдим. Менинг буюмларимни олиб чиқинг, Яша. Вақт бўлди. (Аняга қараб.) Қизим, сен билан тезда кўришамиз… Мен Парижга кетаман, Ярославлдаги бувинг юборган пулни харжлаб тураман, яшасин бувимиз! Бу пул бўлса кўпга етмайди.
А н я. Ойи, сен тез орада қайтиб келасан-а? Шундайми? Мен тайёрланиб гимназия ҳажмида имтиҳоч топши-раман, кейин ишга кираман, сени боқаман. Иккимиз, ойижон, бирга ҳар хил китоблар ўқиймиз… Тўғрими? (Ойисининг қўлларини ўпади.) Куз кечаларида ўтириб китоблар, жуда кўп китоблар ўқиймиз, ана шунда янги, ажойиб дунё кўз олдимизда намоён бўлади… (Хаёлга чўмиб.) Ойижон, қайтиб кел…
Л ю б о в ь А н д р е е в н а. Келаман, олтиним, қайтиб келаман. (Қизини бағрига босади.)
Лопахин киради. Шарлотта оҳиста ашула айтиб ўтиради.
Г а е в. Шарлоттанинг сира ғами йўқ, ашула айтгани айтган.
Ш а р л о т т а (худди йўргакланган болага ўхшаш бир тугунчани бағрига олиб). Чақалоғим, алла-ей…
Чақалоқнинг «инга-инга» деган йиғиси эшитилади.
Йиғлама қўзим, йиғлама.
«Ингга, ингга! ..»
Жуда раҳмим келади сенга! (Тугунни жойига ирғитади.) Менга бирон жой топиб беринглар, мен бундай юравер-май.
Л о п а х и н. Топамиз, Шарлотта Ивановна, хавотирланманг.
Г а е в. Бизни ҳамма ташлаб кетмоқда. Варя ҳам кетаман дейди… Бир-биримизга керак бўлмай қолдик…
Ш а р л о т т а. Шаҳарда турадиган жойим йўқ. Кетиш керак энди… (Қўшиқ айтиб.) Барибир…
Пишчик киради.
Л о п а х и н. Табиат муъжизаси! ..
П и ш ч и к (ҳарсиллаб). Уф, нафасимни ростлаб олай… Ўлиб бўлдим… Қимматли дўстларим… Сув беринг…
Г а е в. Яна пул деб келгандирсан-да? Йўғ-е, гуноҳдан четроқда турай… (Кетади.)
П и ш ч и к. Келмаганимга ҳам анча бўлди… гўзалим… (Лопахинга қараб.) Сен ҳам шу ердамисан? Кўп хурсандман… Миянг бутун одамсан… Мана буни ол-чи! (Лопахинга пул узатади.) Тўрт юз сўм… Менда энди саккиз юз қирқ сўми қолди…
Л о п а х и н (ҳайрон бўлиб, елкасини қисади). Худди тушимда кўраётганга ўхшайман… Қаердан олдинг?
П и ш ч и к. Шошмай тур… Жуда исиб кетдим… Ажойиб-ғаройиб ҳодиса юз берди. Меникига инглизлар келган эди, еримдан аллақандай оқ тупроқ топишибди… (Любовь Андреевнага.) Мана сизга ҳам тўрт юз сўм, гўзалим… (Пулни узатиб.) Қолганини кейин оласиз. (Сув ичади.) Ҳозир вагонда келаётганимизда бир ёш йигит аллақандай улуғ философ томдан сакрашга маслаҳат берганини айтди… «Сакра!» — бутун масала мана шунда, дебди. (Ҳайратланиб.) Тавба! Сув!..
Л о п а х и н. Қанақа инглизлар экан улар?
П и ш ч и к. Оқ тупроқли еримни ўшаларга йигирма тўрт йилга баҳолаб бердим… Энди, афв этасизлар, шошиб турибман… Яна югуришим керак… Знойковникига бормоқчиман… Кардамоновникига… Ҳаммадан қарзман. (Сув ичади.) Яхши қолинглар… Сешанба куни яна келарман…
Л ю б о в ь А н д р е е в н а. Биз ҳозир шаҳарга жўнамоқчимиз, эртага мен чет элга кетаман.
П и ш ч и к. Нима? (Хавотирланиб.) Шаҳарга кўчиб нима қиласиз? Мен ҳам айтдим-а, бу мебель, бу чамадонлар нега бунда ётибди деб… Ҳа, майли энди… (Йиғи аралаш.) Ҳа, майли энди… Бу инглизлар… жуда доно одамлар экан… Ҳа, майли энди… Бахтли бўлинглар… худо мадад берсин… майли. Бу дунёда ҳамма нарсанинг ҳам охири бўлади… (Любовь Андреевнанинг қўлини ўпиб.) Агар мени ўлибди деб эшитиб қолгундай бўлсангиз, ўшанда: «Отга ўхшаган бир одам бор эди, Симеонов-Пишчик деган банда эди… Худо раҳмат қилсин…» деб қўйсангиз бўлгани… Ажойиб ҳаво… Ҳа… (Қаттиқ хижолат ичида чиқиб кетади, бироқ шу заҳоти қайтиб киради, эшик ёнида туриб.) Дашенькам сизга салом айтиб эди! (Кетади.)
Л ю б о в ь А н д р е е в н а. Энди жўнасак ҳам бўлади. Аммо юрагимда иккита ғамим бор. Бири бетоб ётган Фирс. (Соатига қараб.) Яна беш минут ўтирсак бўлади…
А н я. Ойижон, Фирсни касалхонага жўнатишди… Яша эрта билан жўнатган экан.
Л ю б о в ь А н д р е е в н а. Яна бир ғамим — Варя. У боёқиш эрта тонгда туриб ишлашга ўрганган, энди ишсиз қолиб, сувсиз яшаган балиққа ўхшаб қолди. Юзлари сўлиб, ориқлаб кетибди. Тинмай йиғлайди, бечора…
Пауза.
Ўзингиздан ўтар гап йўқ, Ермолай Алексеич, мен уни сизга узатарман деб орзу қилиб юрардим… Сизнинг кўнглингизда ҳам унга уйланиш фикри бордек эди. (Аняга бир нима деб шивирлайди, Аня Шарлоттага имлайди, икковлари чиқиб кетадилар.) У сизни яхши кўради, сизга ҳам ўзи ёқса керак. Бир-бирингиздан нимага қочасизлар — сира билолмадим. Тушунолмайман!
Л о п а х и н. Тўғрисини айтсам, ўзим ҳам тушунмайман. Жуда ғалати иш бўлди-да. Агар кечикмаган бўлсам, ҳозир ҳам тайёрман… Ишни бира тўласи битириб қўя қолайлик, аммо сизсиз менинг ўзим айтолмайман, рост…
Л ю б о в ь А н д р е е в н а. Жуда яхши. Бунга ниҳояти бир минут кифоя. Мен ҳозир чақиртираман…
Л о п а х и н. Айтмоқчи, мана шампанское ҳам тайёр. (Стаканларга қарайди.) Ийя, бўшаб қолибди-ку! Биров ичиб қўйибди.
Яша йўталади.
Буyинг отини туя қилиб бериш дейдилар.
Л ю б о в ь А н д р е е в н а (тараддудланиб). Жуда ссз Биз чиқиб турамиз… Мен ҳозир уни чақириб бераман… (Эшикка қараб.) Варя, қўй ҳамма ишингни, бу ёққа кел, кела қол! (Яиш билан бирга чиқиб кетади.)
Л о п а х и н (соатига қараб). Ҳим…
Пауза.
Эшик орқасидан оҳиста кулги ва пичирлаш эшитилади. Варя киради.
В а р я (буюмларни титкилаб). Ажаб, қаёққа йўқолибди?..
Л о п а х и н. Нима қидиряпсиз?
В а р я. Ўзим солиб қўйган эдим, энди ўзим қидириб топа олмайман.
Пауза.
Л о п а х и н. Энди қаерга борасиз, Варвара Михайловна?
В а р я. Менми? Рагулинларникига… Уй-рўзғорларига қарайдиган бўлдим… иш қилиб, экономкаликка ўхшаган бир иш-да.
Л о п а х и н. Яшнево қишлоғидагими? У ер етмиш чақиримча келади.
Пауза.
Бу уйда энди ҳаёт битди…
В а р я (буюмларни титкилаб). Қаерда қолибди-я… Ёки сандиққа солиб қўйдиммикан… Ҳа, бу уйда энди ҳаёт битди… энди сира қайтиб келмайди.
Л о п а х и н. Мен ҳозир Харьковга жўнаб кетмоқчиман… Шу поезд билан. Жуда ишим кўп. Бу ерга Епиходовни қўйиб кетаман… Уни ишга олдим.
В а р я. Ажаб бўпти!
Л о п а х и н. Бултур шу маҳалда, эсингизда бўлса, қор ёққан эди, ҳозир бўлса сокин, офтоб. Фақат сал совуқроқ… Совуқ уч даражага боргандир?
В а р я. Қараганим йўқ.
Пауза.
Градуснигимиз ҳам синиб қолган…
Пауза.
Ҳовлидан товуш: «Ермолай Алексеич.. »
Л о п а х и н (худди шу товушни боятдан бери кутиб тургандай). Ҳозир чиқаман! (Тез чиқиб кетади.)
Варя ерга ўтириб, бошини тугунга қўйиб, секин-секин пиқиллаб йиғлайди. Эшик очилиб, секин-аста юриб Любовь Андреевна киради.
Л ю б о в ь А н д р е е в н а. Хўш?
Пауза.
Энди жўнаш керак.
В а р я (йиғидан тўхтаб, кўзларини артади) Ҳа, вақт бўлди, ойижон. Мен бугун Рагулинларникига етиб бораман, фақат поездга кечикмасам бўлгани…
Л ю б о в ь А н д р е е в н а (эшикдан қараб). Аня, кийина қол!
Аня, кейин Гаев ва Шарлотта Ивановналар кирадилар.
Гаевнинг устида бошликли пальто. Хизматкорлар, извошчилар тўпланади. Епиходов буюмлар олдида ивирсиб юради.
Л ю б о в ь А н д р е е в н а. Энди йўлга тушсак ҳам бўлади.
А н я (севиниб). Йўлга, йўлга!
Г а е в. Дўстларим, қимматли, азиз дўстларим! Шу уйни умрбод ташлаб кета туриб, видолашув олдидан бутун вужудимни тўлдирган қайноқ ҳисларимни айтмасдан туролмайман…
А н я (ёлвориб). Тоға!
В а р я. Тоғажон, қўйинг!
Га е в (руҳи тушиб). Сариғини ўртага дуплет… Мана жим бўлдим…
Трофимов, кейин Лопахин кирадилар.
Т р о ф и м о в. Хўп, жаноблар, вақт бўлди, кетдик!
Л о п а х и н. Епиходов, пальтомни келтир!
Л ю б о в ь А н д р е е в н а. Мен яна бир лаҳза ўтирай. Бу уйнинг деворлари, шифтлари қандайлигини илгари сира кўрмаганга ўхшайман, энди шунча суқланиб қарасам ҳам тўймайман…
Г а е в. Эсимда бор, олти яшар бола эдим, Троица ҳайити куни худди шу деразадан отамнинг черковга кетаётганини кўриб ўтирган эдим…
Л ю б о в ь А н д р е е в н а. Ҳеч нарса эсдан чиқиб қолмадими?
Л о п а х и н. Менимча, ҳамма нарса олинди. (Пальто кия туриб, Епиходовга.) Епиходов, менга қара, ҳамма нарсага кўз-қулоқ бўлиб тургин.
Е п и х о д о в (овози хириллаб). Хотиржам бўлинг, Ермолай Алексеич!
Л о п а х и н. Нега овозинг бунақа!
Е п и х о д о в. Боя сув ичувдим, бир нарса ютиб юборибман.
Я ш а (нафратланиб). Бу нодонлик…
Л ю б о в ь А н д р е е в н а. Биз кетгандан кейин уй жуда ҳувиллаб қолади.
Л о п а х и н. Кўкламга қадар.
В а р я (тугун ичидан зонтикни суғуриб олиб, худди бировга ўқталгандай бўлади, Лопахин чўчиб кетгандай ўзини четга олади.) Э, сизни қаранг… Қўрқманг.
Т р о ф и м о в. Жаноблар, юринглар экипажларга ўтирайлик… Вақт бўлди! Ҳадемай поезд келиб қолади!
В а р я. Петя, мана калошингиз, чамадон ёнида ётган экан. (Йиғлаб.) Бирам кир, бирам ифлоски…
Т р о ф и м о в (калошини кийиб). Қани, кетдик жаноблар!..
Г а е в (қаттиқ хаяжонда, йиғидан ўзини аранг тўхтатиб). Поезд… станция… Круазе ўртага, оқини бурчакка дуплет…
Л ю б о в ь А н д р е е в н а. Кетдик!
Л о п а х и н. Ҳамма шу ердами? Ичкарида ҳеч ким қолгани йўқми? (Чап томондаги эшикни қулфлайди.) Бу уйга нарсалар қўйилган, қулфлаб қўйиш керак. Юринглар энди!..
А н я. Хайр, уйимиз! Алвидо, эй эски ҳаёт!
Т р о ф и м о в. Яшасин янги ҳаёт! (Аня икковлари чиқиб кетадилар.)
Варя уйга бир кўз ташлаб, шошилмай чиқиб кетади. Яша билан итни етаклаган Шарлотта ҳам чиқиб кетишади.
Л о п а х и н. Демак, кўкламгача хайр. Чиқинглар, жаноблар… Хайр энди!.. (Кетади.)
Любовь Андреевна билан Гаев ёлғиз қоладилар. Икковлари худди шу фурсатни кутгандай, бир-бирларининг қучоқларига ташланиб, биров эшитиб қолишидан қўрқиб оҳиста йиғлайдилар.
Г а е в (умидсизланиб). Синглим, синглигинам…
Л ю б о в ь А н д р е е в н а. Оҳ, менинг гўзал боғим, муҳташам, шинам боғим!.. Ҳаётим, ёшлигим, бахтим… Алвидо!
А н я н и н г т о в у ш и. (хурсандлик билан чақиради): «Ойи-ю-у»
Т р о ф и м о в н и н г т о в у ш и. (севинч, хаяжон ичида): «Ау-у».
Л ю б о в ь А н д р е е в н а. Дераза ва деворларга яна бир марта қараб олай… Радматлик ойим шу уйдан ўтишни яхши кўрар эдилар…
Г а е в. Синглим, синглигинам!..
А н я н и н г т о в у ш и. «Ойи-ю-у! ..»
Т р о ф и м о в н и н г т о в у ш и: «Ау-у!..»
Л ю б о в ь А н д р е е в н а. Бораётибмиз!.. (Чиқиб кетадилар.)
Саҳна бўш қолади. Эшикларнинг қулфланиши, кейин экипажларнинг жўнаб кетиши эшитилади. Жимлик чўкади. Жимлик ичида дарахтларга болта урилаётгани эшитилади, бу тавҳо товуш ғоят кўнгилсиз эшитилади. Оёқ товуши келади. Ўнг томондаги эшикдан Фирс киради. Ҳамма вақтдагидек устига пиджак ва оқ жилет кийган, оёғида туфли. Бетоб.
Ф и р с (эшик олдига келиб, тутқичини тортиб кўради). Берк-ку. Кетишибди. (Диванга ўтиради.) Мени унутиб, ташлаб кетишибди!.. Ҳа, майли… Мен шу ерда ўтира тураман… Леонид Андреич яна пўстин киймай ёлғиз пальтода кетгандир… (Ташвишланади, уф тортади.) Мен ҳам кўрмабман… Ёш-да, боласи тушкур! (Бир нималар деб минғирлайди, ҳеч нарса тушуниб бўлмайди.) Умр ҳам ўтди-кетди, ҳеч дунёга келмагандайман… (Ётади.) Бирпас ётай… Мадоринг ҳам қолмабди, ҳеч нарсанг қолмабди, ҳеч нарса… Вой сени қара-ю, лапашанг!.. (Қимирламай ётади.)
Узоқдан худди кўкда узилган торнинг товушидек овоз эшитилади. Овоз ғамгин, сўниб боради. Жимлик чўкади. Фақат боғнинг узоқ бир бурчагидан дарахтларга болта урилаётгани эшитилиб туради.
П а р д а
О. Раҳимий ва Қ. Баратов таржимаси