Антон Чехов. Чайка (комедия)

ЧАЙКА
(Оқ чорлоқ)

4 пардали комедия

ҚАТНАШУВЧИЛАР:
Ирина Николаевна Аркадина. Эрининг фамилияси бўйича Треплева, актриса.
Константин Гаврилович Треплев. Унинг ўғли, ёш йигит
Петр Николаевич Сорин. Унинг акаси.
Нина Михайловна Заречная. Ёш қиз, бой помешчикнинг қизи.
Илья Афанасьевич Шамраев. Хизматдан бўшаган поручик Сориннинг иш бошқарувчиси.
Полина Андреевна. Унинг хотини.
Маша. Унинг қизи.
Борис Алексеевич Тригорин. Ёзувчи.
Евгений Сергеевич Дорн. Врач.
Семен Семенович Медведенко. Муаллим.
Яков. Хизматчи.
Ошпаз.
Хизматчи хотин.

Воқеа Сориннинг қишлоқдаги ҳовлисида бўлиб ўтади. Учинчи ва тўртинчи пардалар орасида икки йил вақт ўтади.

БИРИНЧИ ПАРДА

Соринлар боғининг бир чеккаси. Томоша зали томонидан боғнинг ичкарисига қараб, кўл томонга кенг хиёбон чўзилиб кетган, уни хонаки спектакль учун наридан бери қурилган эстрада тўсиб турибди. Шу туфайли кўл бутунлай кўринмайди. Эстраданинг чап ва ўнг томонларида буталар ўсиб ётибди. Бир неча стул ва кичкина стол. Қуёш эндигина ботган. Пардаси ёпиқ эстраданинг ичида Яков ва бошқа хизматчилар бор; саҳна ичидан йўтал ва тақиллаган овозлар эшитилади. Маша билан Медведенко чап томондан, сайр-томошадан қайтиб келадилар.

Медведенко. Нега энди доим қора кийиб юрасиз?
Маша. Бу ҳаётимнинг азаси Мен бахтсизман.
Медведенко. Нега энди? (Ўйланади.) Тушунолмайман… Ўзингиз соғ-саломатсиз, отангиз эса, гарчи бадавлат бўлмаса ҳам, ўзига тўқ. Мен сизга қараганда хийла оғир ҳаёт кечираман. Ойига бор-йўғи 23 сўм оламан, шундан ҳам эмеритурага ушлаб қолишади, шундай бўлса ҳам мен қора кийиб юрмайман. (Ўтирадилар.)
Маша. Гап пулда эмас. Камбағалнинг ҳам бахтиёр бўлиши мумкин.
Медведенко. Назарияда-ку шундақа-я, аммо амалда эса бошқача бўлиб чиқади: мана, мен, онам, бунинг устига икки синглим билан укам бор, маош бўлса жами йигирма уч сўм. Ахир ейиш, ичиш керакми? Чой билан қанд керакми? Тамаки керакми? Шундай бўлгач эплаштириб кўринг-чи!
Маша (эстрадага қараб). Ҳадемай спектакль ҳам бошланади.
Медведенко. Шундай, Заречная ўйнайди. Пьесани бўлса Константин Гаврилович ёзган. Улар бир-бирларини севиб қолишган, бугун уларнинг қалби ягона бир бадиий образни яратиб бериш майли билан бирлашади. Менинг қалбим билан сизнинг қалбингиз бошқа-бошқа, қалбларимиз ўртасида умумийлик йўқ. Мен сизни севаман, соғинганимдан уйда ўтиролмайман, ҳар куни бу ёққа олти чақирим, яна у ёққа олти чақирим пиёда йўл босаман, аммо сизнинг тарафингиздан фақат бепарволик кўраман, холос. Бу маълум нарса. Мен камбағал, оилам эса катта… Ейишга овқати йўқ одамга ким ҳам эрга чиқишни хоҳлайди дейсиз.
Маша. Бўлмаган гап. (Тамаки ҳидлайди.) Сизнинг муҳаббатингиз менга таъсир қиляпти, лекин мен унга муносиб жавоб қилолмайман, бор гап шу. (Тамаки қутисини унга узатади.) Марҳамат.
Медведенко. Хоҳишим йўқ.

Пауза.

Маша. Ҳаво дим бўляпти. Кечаси момақалдироқ бўладиганга ўхшайди. Сиз бўлсангиз доим фалсафа сотасиз ё бўлмаса пул ҳақида гапирасиз. Сизнингча дунёда камбағалликдан бошқа бахтсизлик йўқ, менимча жулдур кийимда юриш, тиланчилик қилиш, менинг ҳозирги аҳволимдан минг ҳисса яхшироқ, чунки… ҳе, келинг қўйинг, сиз бунга барибир тушунмайсиз…

Ўнг томондан Сорин ва Треплев киради.

Сорин (ҳассасига суяниб). Менинг мижозимга, ука, қишлоқ унча тўғри келмайди, бу маълум нарса, мен барибир бу ерга кўника олмайман. Кеча кечқурун соат ўнларда ётдим, бугун эрталаб соат тўққизда шундай бир ҳис билан уйғондимки, гўё кўп ухлаганимдан миям бош суягимга ёпишиб қолганга ўхшаб кўринди ва ҳоказо гап (кулади). Тушлик овқатдан кейин бўлса бехосдан яна ухлаб қолибман, мана энди тамом ланжман, ўзимни ғоят кайфсиз ҳис қиляпман ва ниҳоят шуни айтиш керакки…
Треплев. Тўғри, сен шаҳарда яшашинг керак. (Маша билан Медведенкони кўриб.) Афандилар, томоша бошланганда сизни чақирадилар, ҳозирча бу ерда ўтириш мумкин эмас. Худо хайр берсин, боринглар.
Сорин (Машага). Мария Ильинична, барака топинг, дадангизга айтсангиз, итни ечиб қўйиш тўғрисида буйруқ берсалар, ғиншийвериб жуда жонга тегди. Синглим бугун ҳам кечаси билан ухлай олмади.
Маша. Отам билан ўзингиз гаплашинг, мен гаплашмайман. Худо хайрингизни берсин, бу ишдан мени ҳоли этинг. (Медведенкога.) Юринг, кетдик!
Медведенко (Треплевга). Демак сиз томоша олдидан бизга одам юборасиз…

Ҳар иккаласи чиқиб кетади.

Сорин. Демак, бугун ҳам туни билан ит ғиншиб чиқади десангиз-чи. Қизиқ гап, ҳеч қачон мен қишлоқда ўзим истагандек яшай олмайман. Илгарилари йигирма саккиз кунга отпуска олиб, ҳордиқ чиқаргани бу ерга келардим, шу билан тамом эди. Аммо бу ерда бўлса турли хил бўлмағур нарсалар билан шундай жонга тегар эдиларки, келган кунингоқ жўнаб қолгинг келарди (кулади). Мен ҳар сафар ҳам бу ердан жон-жон деб, жўнаб кетардим… Энди бўлса хизматдан истеъфо берган кишиман, борадиган жойим ҳам йўқ. Истайсанми, истамайсанми барибир шу ерда яшайвер…
Яков (Треплевга). Қонстантин Гаврилович, биз чўмилгани борамиз.
Треплев. Яхши, фақат ўн минутдан сўнг жойингизда бўлинг. (Соатига қарайди.) Тез орада бошланади.
Яков. Хўп бўлади (кетади.)
Треплев (саҳнага кўз ташлаб). Мана шу ҳам театр! Парда, ундан кейин биринчи’ кулис, кейин иккинчиси, ундан нарёғи бўшлиқ. Ҳеч қандай декорация йўқ. Парда очилганда кўзга кўл билан уфқ кўринади. Пардани роса соат саккиз яримда, ой чиққанда очамиз.
Сорин. Жуда соз.
Треплев. Агар Заречная кечикиб қолса, шубҳасиз, томошанинг бутун қизиғи кетади. Аллақачоноқ келиши керак эди. Отаси билан ўгай онаси унинг ҳар бир қадамини пойлайдилар, унга уйдан чиқиб келиш худди тюрмадан чиқиб келишдай қийин. (Тоғасининг галстугини тузатиб қўяди.) Соч-соқолинг пахмайиб, тўзғиб кетибди, бир оз олдирсанг тузук бўлармиди…
Сорин (соқолини қашлаб). Ҳаётимнинг фожиаси бу. Ёшлигимда ҳам башарам шундақа эди, баайни сурункасига ичиб юрган кишига ўхшардим. Мени ҳеч қачон хотинлар яхши кўрган эмас. (Ўтиради.) Нима учун синглимнинг кайфи бузуқ кўринади?
Треплев. Нима учун? Зерикади. (Ёнига ўтиради.) Рашк қилади. У, ҳалитданоқ менга ҳам, спектаклга ҳам, менинг пьесамга ҳам қарши, чунки у эмас, Заречная ўйнайди. У менинг пьесамни билмайди, аммо ҳалитданоқ уни ёмон кўради.
Сорин (кулиб). Э, қаёқдаги гапни гапираётибсан…

Асарнинг тўлиқ вариантини сақлаб олинг.