Ёш олим Болта Тешаев кўп йиллар мобайнида “Бир номаълум шоир ҳақида” жиддий тадқиқот олиб борган эди. Яқинда у ана шу мавзудаги диссертациясини якунлади. Қуйида биз мазкур диссертациядан парча келтирамиз.
“Диссертациянинг асосий қисмига ўтишдан аввал унинг ёзилиш жараёнида қомусий билимга эга машҳур ва мўътабар, дарёқалб, назокатли, меҳрибон олимларимиз (кейин уларнинг исм-шарифлари-ю, унвонлари бирма-бир келтирилган)га ўзимнинг самимий, чуқур ва чексиз миннатдорчилигимни изҳор этаман.
Шунингдек, мен мазкур диссертациянинг ёзилишида бевосита иштирок этган, яъни мавзуни топган – Талъат Талатовга, манбаларни ўрганиб чиққан –Мидҳад Мидҳадовга, иқтибосларни тўплаган – Аҳмад Аҳмадовга, уларни асл нусхага солиштириб чиққан – Асад Асадовга, тарихий қўлёзмаларни ўқиб, замонавий алфавитга кўчирган – Қудрат Қудратовга, уларни она тилимизга таржима қилган – Ҳидоят Ҳидоятовга, сўзлар, исм ва атамалар этимологиясини аниқлаган – Фикрат Фикратовга, тўпланган маълумотларни тартибга солган – Мамат Маматовга, уларни умумлаштирган – Нодир Нодировга, материалларни жамлаб, сўнгги хулоса чиқарган – Неъмат Неъматовга, диссертациянинг қораламасини ёзган – Шавкатой Шавкатовага, уни оққа кўчирган – Иззатхон Иззатовага, компьютерда кўчирган – Исматхон Исматовага ва, ниҳоят, уни муқовалаган – Карапет Карапетянга ўзимнинг самимий миннатдорчилигимни изҳор этаман.
Мазкур тадқиқот номаълум асрда, номаълум шаҳарда яшаб ижод этган номаълум шоирга бағишланади. Баъзи тахминларга кўра, номаълум шоирнинг исми Чинор бўлган. Биз уни, шартли равишда, “Чинор-Гардамоний-Байлақоний” деб атадик. Зеро, у Гардамонда таваллуд топган бўлса, ҳеч шубҳасиз, “Гардамоний” тахаллусини танлаган бўларди. Магарким, Байлақонда туғилса, табиийки, тахаллус “Байлақоний” бўлмоғи аниқдир. Чинор-Байлақоний-Гардамоний таржимаи ҳолини ўрганиш борасида олиб борилган кўп йиллик изланиш ва тадқиқотлар, афсуски, бирор бир натижа бермади. Бундан қатъи назар, Чинор ўз замонасининг қомусий билимга эга, асарларида мазлум халқнинг ҳуррият ва адолат ҳақидаги орзу-армонларини тараннум этган улкан шоири бўлган, дея оламиз. Шеърларида мазлум халқнинг орзу-умидлари, армонларини куйлаган улуғ шоирнинг, бахтимизга қарши, ҳозирда қўлимиздаги ғазалларнинг айнан унинг қаламига мансублигини исботловчи бирорта манбага эга эмасмиз. Бундан қатъи назар, биз бу соҳир сатрлар Чинор-Байлақоний-Гардамонийдай буюк инсонпарвар шоир қаламига мансублигига ишонгимиз келади.
Баъзи олимларимиз “Булбул гулга зор, мен сенга хумор” деган ҳикматли сатр Чинор-Байлақоний-Гардамоний қаламига мансуб, деган фикрдалар. Шунингдек, бир гуруҳ тадқиқотчилар “Митти булбул хониши – кўнглимнинг оройиши” деган соҳир сатр ҳам унга тегишли деб тахмин қилишмоқда. Биз ҳам, кўплаб манбаларни кўздан кечириб, шу пайтгача муаллифи номаълум бўлган “Саратонда яшнаган бўстон – қаҳратонда бўлади хазон” деган ҳикматли сатр ҳам Байлақонийга тегишли деган хулосага келдик.
Хўш, биз нималарга асосланган ҳолда шундай хулосага келдик?
а) сатрнинг муаллифи номаълум, демак, мазкур ҳикмат Байлақонийга тегишли эмас, дейишга асос йўқ;
б) буюк шоирнинг асарларида “булбул”, “гул”, “қушгинам”, “ассалом”, “баҳор” каби сўзларни кўп учратамиз. Демак, ушбу образли сўзлар унинг ижодида характерли ўринни эгаллайди;
в) Чинор-Байлақоний-Гардамоний шеъриятига хос бўлган даҳоларча соддалик, теранлик, кузатувчанлик ва чуқур фалсафий мушоҳадалардан биз ниҳоятда етук ва улкан ижодкорнинг сиймосини кўриб турибмиз.
Чинор-Гардамоний-Байлақонийнинг қанча умр кўрганлиги бизга номаълум. Шунга асосланган ҳолда, тахмин қилишимизча, шоир жуда кўп ташвиш ва драматик воқеаларга бой бўлган катта ҳаёт йўлини босиб ўтган, дея оламиз. Ҳаётнинг аччиқ-чучукларини кўп тотган ижодкор кексалик чоғида доно фикрларни айтиши табиий.
Биз қуйида шоирнинг топилмаган девонидан бир ғазал келтирамиз:
Нега куймай, нега ёнмай, ёр кетди,
Дардимнинг давоси, танимдан мадор кетди,
Қомати сарв, кўзлари хумор кетди,
Дўзах азобига ташлабон дилдор кетди,
Фақирни алдаб, саллона-саллона – озор кетди.
Лоларанг дудоғингга фидоман-фидо,
Юракда ёнар ўт – ўтли нидоман-нидо!
Бевафо санамим бахт торим узиб кетди,
Жоду кўзлари оромим бузиб кетди,
Юзи ой, марвариддир тишлари,
Чинорни зор этиб, бераҳм нигор кетди.
Илова: афсуски, ҳозирча ушбу ғазалнинг Чинор-Гардамоний-Байлақоний қаламига мансуб эканлигини тасдиқлайдиган ҳеч қандай далилимиз йўқ. Шунингдек, ғазалнинг унинг девонидан олингани-ю, умуман девон бўлганми-бўлмаганми, у ҳам ҳозирча бизга номаълум. Баъзи тахминларга кўра, Чинор-Гардамоний-Байлақоний “қўшма” жанрда ғазаллар битган. Замонавий шеъриятимизда “Сочма” услуб кашф этилган бўлса, шоир Чинор шеъриятда янгича “қўшма” жанрни кашф этган. (Қуйида келтириладиган қўшма, шубҳасиз, унинг қаламига мансуб деб ўйлаймиз.)
Қўшма
Сен турганда гул сарғайса майлига,
Ёноғингда лола унса майлига,
Оқ манглайда қуёш кулса майлига.
Муров тоғи кутмоқда – отни елдир тезроқ,
Ёшлигимиз ўтмоқда – шароб келтир тезроқ,
Гўзал дилбар мени тўйга чорлабди,
Эгнидаги гул либоси порлабди.
ўанимлар ўқталсин найза бизга эрта-кеч,
Қарға-қузғун дўқидан лочин қўрққанми ҳеч,
Кулбамга ёр келса хоҳ эрта, хоҳ кеч,
Дастурхонга тўкилсин нозу неъмат майлига.
Кунинг битса, бир кун ҳам қолмайсан омон,
Яхшига яхшиман ўзим, ёмонга – ёмон.
Чинорнинг қўшмасин ўқинг бўлса гар имкон,
Уни эшитганлар қойил бўлсин майлига.
Илова: кўриб турганингиздек, халқ ижодиётини чуқур билган шоир қўшмани янгича бўёқ, янгича истиора, янгича қофиялар билан бойитиб, шеъриятимиз марварид шодасига янги дурдоналар, назм гулшанимизга янги, хушбўй гул навларини тортиқ этишга муяссар бўлган ижодкордир.
Чинор-Гардамоний-Байлақонийнинг бизга ҳали номаълум бўлган “З ҳарфи” шеъри мавжуд. У сочма вазнда битилган бўлиб, шу пайтгача бу вазндаги шеър замонавий адабиётимиздаги новаторлик, деган фикрнинг нотўғрилигини ва бу жанр адабиётимизда қадимдан мавжуд эканлигидан далолат беради. Шоир Чинор бундан юз йиллар, эҳтимолки, минг йиллар муқаддам сочма вазнда шеърлар битиб, ҳозирги давр адабиётимиз ривожига ҳам ўзининг салмоқли улушини қўшишга улгурган. Бунга мисол тарзида унинг қуйидаги шеърида “Телефон” атамасига эътибор бериш кифоядир.
Қулоқ тагида
Телефон гўшаги ғувиллайди.
Ундаги овоззз
Аридай зувиллайди.
Ззорланиб
Зувиллаб
Тинглайди қулоқ.
Қулоқ зувиллайди
Уни қунт билан тинглайди
Ўша овоззни
Ёлғизз
Ззорланган
Оззорлардан сўзлаган
Зззаррадек,
Зиғирдек
Овозз!
Ззувиллама!
Қўшни уйда ҳам
Ззувиллайди
Бир нима!
Илова: ушбу сочмадан шоирнинг улкан истеъдод, келажакда телефоннинг кашф этилишини каромат қилганлиги ҳайрат ва таҳсинга сазовор. Баъзи олимларимиз бундай шахс умуман тарихда бўлмаган, деган фикрни илгари суришмоқда. Мазкур мақолада биз бу масалага умуман тўхталмасликка жазм қилдик, зеро, бу номзодлик диссертациямиз мавзусига кирмайди. Номзодлик диссертациясини ҳимоя қилгач, муаллиф докторлик диссертациясида тадқиқотларни давом эттириб, шоир Чинор тарихда бўлганми-бўлмаганми деган саволга яқиндан ёндашишни ўз олдига мақсад қилиб қўйди.
ХУЛОСА:
Муаллиф Чинор-Гардамоний-Байлақоний ғазалларини ёзишда бевосита иштирок этган ғазалнавис Жамшид Жамшидовга, қўшмани битган бахши Муршид Муршидовга ва “З ҳарфи” шеърини тўқиган “33-77” рақамли кибернетик машинага ўзининг чуқур миннатдорчилигини изҳор этади.”
Русчадан Меҳмон Исломқул таржимаси
«Китоб дунёси» газетасидан олинди.