Анн Филип. Бир лаҳза (қисса)

Ғам инсонни камолот чўққисидан қулатади.
Спиноза

I

Мен барвақт уйғонаман. Ҳали тонг отмаган. Кўзимни очмасдан, яна уйқунинг теран тубига ғарқ бўлгим келади, аммо уриниш беҳуда. Худди қандайдир қайғули ва ночор кўринишдаги қирғоққа келиб қолгандек бўламан, бамисли алағ-чалағ туш кўраётганга ўхшайман. Энг яхшиси, чироқни ёқиб, китоб ўқиш – боши-кети йўқ хаёлларимнинг ҳар тарафга адашиб-улоқиб кетишига йўл қўймайди. Лекин қаттиқ чарчаганим сабабли, ёрқин хотиралар уммони сари сузаман. Баъзан уларга шунчалик берилиб кетаманки, ҳатто хаёлни воқеликдан ажратолмай қоламан. Мудраб ётганим ёки идроким етмаётганидан эмас, йўқ, уйқу аралаш хотиралар гирдобига тушиб қолганим учун – бошқа сабаби йўқ. Беихтиёр илгаригидек ўнг томонга қўйилган ёстиғинг тарафга ўгириламан ва мен томонга қараб қолган жонсиз юзингга тикилиб қоламан, очиқ кўзларинг, сокин, лекин ҳар қандай ифода тарк этган маънисиз қиёфангга ва охирги нафасинг чиққунига қадар жонинг мутлақо азоб чекмагани, сўнгги лаҳзаларда ҳеч қандай қўрқув, ваҳима қийноққа солмаганидан огоҳ қилгандек ёзилган, очиқ ҳолича қолган кафтларингга кўзим тушади. Сенга узоқ тикилиб, муздек қўлларингни қўлларимга олиб, юзингни титраб-қақшаб силаб чиққандан кейин гўё соҳилда осуда дам олаётгандек ўрнимизда ётганингни сезиб қоламан, мени эса – ҳали тирик эканим учун – ўз ихтиёримсиз, розилигимсиз, аллақандай тезоб сув оқими оқизиб кетарди. Сен энди тоабад яшамайсан, мен эса бор-йўғи тирик бўлганим учун ҳали бирмунча вақт ҳаёт кечирсам керак. Ўлим бир-биримиздан умрбод жудо қилди.
Мен кўзимни очаман, чироқни ёқаман, ўзимни қўлга олиш учун амаллаб ўрнимдан тураман. Тонг ота бошлайди, у битмас-туганмас ғам-кулфатдан бошқа ҳеч нарса келтиролмайди. Ҳар куни бир-биримизга термилиб, кўзларимиздан гўё маънили ишора ва эҳтирослар чиғаноғини териб ётардик. Бугун мен кимнинг кўзларига тикиламан, ширин сўзларимни кимга айтаман? Ҳаётимнинг кимга қизиғи бор? Ҳеч кимга! Шундай бўлишидан қўрқардим, тўғриси. Ҳар бир кунинг интиҳога, томоғингдан ўтаётган таом – охират луқмасига айланиши мумкин бўлган кезлар, сенинг кўзларингга тикилиб менга атаган, доим ҳадя қилган севгинг дунёсини ахтарардим-у, унинг ўрнига ўлим рўёси кўринарди. “Сен ҳам кўзларимга яхшилаб боққин, кўряпсанми, менинг нигоҳимда лоақал хотиралар акси сақланиб қолган-у, сенинг кўзларингда эса шуям акс этмаяпти, – дея ўкинардим, – ҳаммаси ўтиб кетади, сен ҳатто эслолмайсан. Фанои муқаррар! Сен ҳам тез орада ўша дорулфанога равона бўласан…” Бир пайтлар сен борлигинг учун бағрим тўла эди, сенга ёр, хаёлларингга ошно, майл-ҳавасларинг, ўтли боқишларинг таъсирида жисмим яйраб-қувнаб, настарин гуллари янглиғ барқ урарди. Табассум қилишинг учун сенга жилмайиб қарар, мени бағрингга босиб, бўсаларга кўмиб ташлашингни билганим учун бармоқларингдан ўпар эдим. Мени қандй ўпишингни кўраман деб, аввал бармоқларингга лабимни босардим. Сенга тегишли ҳар битта бўса менинг ҳар бир мучамда абадий сақланиб қолишини, менинг ҳар бир эркалашим эса сенинг аъзойи баданингга етгувчи зарарни йўқ қилиб юборишини истардим. Мен ютиб чиқишимга кўзим етмаслигини кўра-била туриб шунга интилардим.
Мен бир лаҳза бўлсин тинмаслигим лозимлиги ҳақида ўйлардим. Чунки, назаримда, фақатгина шундай қилсам, яшай оламан. Мен ҳаётда сен билан ҳамқадам бўлишни яхши кўрардим. Бундан ҳам афзал, гўзал амал борми дунёда? Бугун қаерга борсам бўлади? Ҳолбуки, бормоқ – қадам ташлаб боришдангина иборат эмас-ку! Нима мақсадда? Мен бир қоидага қатъий амал қиламан: яшаш ва болалар учун шароит яратиш керак! Бу осон, қўлимдан келади бундай қилиш, мана шу тахлит ишончинг комил бўлса, муқаддар бурчингни адо эта оласан.
Жимжит қиш кунлари, замин ухлаётган, ҳар хил ҳидлар гуркирамаётган пайтни яхши кўраман. Мен ҳам шунақа уйқучи бўлиб қоламан. Баҳор келгач, оқим оқизиб кетса, деб хаёл қиламан. Мен ҳам борлиқ каби, офтоб, ёзила бошлаган куртаклар, ҳавони тутган хушбўй ҳидлар, қушлар сайроғига ғарқ бўламан.
Илк очилган гулга боқиб, наҳот унга маҳлиё бўлмаслик, худди унга ўхшаб оддийгина яшашга интилмаслик мумкин?
Сен бўлмаган келажак, истиқбол керакми менга?
Мен Люксембург боғида кетиб бораяпман. Эсимда, икки йил аввал худди шу йўлкалардан юрган эдик. Унда эндигина тонг отаётган палла эди. Ўриндиқлар бўм-бўш. Бир-иккита ўқувчи мактабга шошиларди. Гарчи бугунгига ўхшаб қиш яқинлашиб қолган бўлса ҳам, намгарчилик йўқ, фавворанинг шариллаб отилаётган суви тонгнинг зумрад ёғдусига қўшилиб кетарди. Япроқлар тинмай тўкилар, шамол уларни хиёбон бўйлаб учириб юборар, мен уларни битта-битта босиб борардим. Ўрнига бошқа япроқлар чиқади. Бироқ ўша кезлар, сен вафот этгач, ўрнингга кимдир туғилди-ю, деб ўзимга тасалли бера олармидим? Таниш ва биз севган йўлкалар бўйлаб бемақсад айланиб юрардим. Дарахтлар пояси панжаранинг темирларига ўхшаб қаққайиб тургандек кўринади. Мен энди ҳеч қачон бир-биримизга айтолмайдиган гапларимни айтиб юрардим. Кўксимни тўлдириб нафас олиб ҳузур қилардим. Ўтиришга ботинолмас, умуман, бирон ерда тўхташга юрагим бетламасди. Чуқур-чуқур нафас олганча бошим оққан томонга кетаверардим. Мен сени сақлаб қолиш йўллари ҳақида қайғурмас, чунки ҳукм ижро этилган. Мудҳиш ҳукм, машъум ижро. Бошқа нима ҳам бўларди?
Унгача мен ўлим ҳақида бирор марта ҳам ўйлаб кўрмагандим. У мен учун мавжуд эмасди. Мени фақат ҳаёт қизиқтирарди, ўзига жалб этарди. Ўлимми? Ўлим муқаррар, лекин шунга қарамай ҳеч қачон унинг қўлидан кўп нарса келмайди, ҳаёт шамини ўчиришгагина қодир, чунки у келганда биз кетган ёки йўқ бўламиз. Унинг ҳуқуқи жонимиз узилгандан кейин кучга киради. Ё у, ё биз. Бизнинг онгли равишда унга пешвоз чиқишга ҳаққимиз бор, лекин модомики ўзи чақмоқдек бир лаҳзада келган бўлса, қандай қилиб уни бир дақиқа қаршилаш мумкин! Дунёда ҳаддан зиёд севган кишимдан умрбод жудо бўлиш тақдир этилган эди. Бундан буён менинг севгимдан ўзга ҳеч нарса бизни бирлаштиролмаслигини билардим. Агар, ҳаттоки, жон, руҳ деб аталадиган аллақандай ўлмас ҳужайралар абадий тирик бўлган тақдирда ҳам, бизнинг хотираларимизга молик бўлолмайди ва айрилиқ мангуга чўзилади. Мен ўзимга ўзим ўлим, бу – ҳали чидаб бўлмайдиган даҳшат эмас, унинг яқинлашиб келиш жараёни даҳшатлироқ, деб таъкидлардим: жисмонан азоб чекиш ва яқинларингни, бошлаган ишингни умрбод ташлаб кетаётганинг алами ҳаммасидан оғир. Шуларнинг бари сенинг ихтиёрингсиз содир бўлади. Ўша лаҳзалар сен мавжуд бўлмайсан!
Қайғули, ғамгин хотиралар жисмимни тўла қамраб олади. Мен болалигим ҳақида ўйламасдим, шу хаёлларим охирида, албатта, яна зим-зиё зулмат ва аччиқ тутун босиб келади ва назаримда, худди минг-минг тонна қум мени сўриб-туртиб кетаётгандек бўлади. Кимдир мени бўғаётгандек туюлади. Тўрт ёки беш яшар қизчаман. Онам билан вокзалда турибмиз. Касса дарчаси олдида, навбатимиз келганда онам: “В.га бориб келишга битта билет, бола учун фақат боришга яна бир билет…” деб тушунтирди. Мен онам гапираётган одамни кўрмасам ҳам ҳаммасини эшитяпман ва онамнинг бағрига суқиламан. Эҳтимол, суқилмагандирман, балки, эслолмаётгандирман, бироқ вужудимда мавжуд бўлган ҳар бир ҳужайра билан дунёдаги битта-ю битта меҳрибонимга талпинганимни яхши эслайман. Биз поездда кетаяпмиз. Ҳар битта станция яхши таниш Бу йўллардан биринчи юришим эмас. Мени нима кутаётганини ҳам биламан. Хаёлан онам билан яна қанча вақт бирга бўлишимни ҳисоблаб чиқаман, айрилиқ узоқ давом этмаса-да, мен учун жуда узоқ, давомли туюлади. Мен энди йиғламасликка ўрганиб қолгандим. Бироқ ичимда аллақандай саккизоёқ юрагимни сиқиб бўғзимгача кўтараётгандек ва шунинг учун сўлакларим аччиқ бўлиб бораётгандек туюлади. Кўпгина болаларга ўхшаб, мен ҳам турмуши бузилган, кўнгли совигач, бир-биридан ўч олиш пайига тушган ота-онанинг фарзандиман; мен қасос қуролиман. Қисқаси, одатдаги можародан сўнг мен учун отам билан яшаш пайти келган, бироқ энди кунларим отам билан эмас, амаким ва келинойимнинг уйида ўтади. Поезд В.га бориб тўхтайди. Демак, чорак соат вақт қолибди, от қўшилган тўрт ғилдиракли аравага ўтиргач, яна онамни қучоқлаб оламан. Отлар аранг юради, чунки Франс кўчаси эгри-бугри йўллар орқали тоққа ўрлаб кетган. Мана охирги муюлиш. Бир қаватли оппоқ уй кўринади. Ким келди, ким кетди – хабардор бўлиб туриш учун биринчи қаватига тошойна ўрнатилган. Мен яна йигирмагача санаб борсам бўлади, чунки арава айланиб ўтиши керак – уй йўлнинг чап бетида. Ойим мени бор кучи билан бағрига босади, мен унинг қучоғидан чиқмай юзларидан чўлпиллатиб ўпаман. У ўша аравада қайтиб кетади, ҳатто тушмайди ҳам. Мен бўлсам келинойим ёнидан жилмай унга қўл силкиб хайрлашаман – риёкор хайрлашув! – юрагим зирқираб онамнинг изидан қараб қоламан, лекин бир нарсага ўргандим – бу ерда ғам-аламни ошкор қилиш мумкин эмас. Уйга кираман. Чап тарафдаги биринчи хона – меҳмонхона. У ерга ҳеч ким кирмайди. Жавонларнинг ғилофи, гиламлар, девор – ҳаммаси бир хил рангда. Ундан кейин емакхона келади. У ердан кичкина эшикча орқали чоғроқ ҳовлига чиқилади; бир неча пиллапоядан боққа тушилади. Емакхонада ортиқча нарса йўқ, ҳайҳотдай ойна бор, холос. Ана ўша ойна – мен учун бир жазо, овқатланаётганимизда доим ўшанинг рўпарасида ўтираман. Бошимни кўтариб қарасам – тамом: “Ойнага қарайверма ҳадеб!” – деб уришишади. Мен яна бошимни қуйи солганча, индамай кавшана бошлайман, бироқ нимадир томоғимга тиқилиб ўтмай қолади. “Тезроқ есанг-чи!” Жимжитлик, қошиқларнинг тақирлаб тақсимчаларга урилгани эшитилади, холос. Амаким билан келинойим ўзаро гаплашишмайди. Улар бир-бирини яхши кўрмайди, эр-хотин, холос, бунинг устига бефарзанд ҳам.
Нимасини айтай, мен у ерда ўзимни бахтсиз сезардим. Кейинчалик, улғайгач, бунга қарши исён кўтариб, ўз бахтимни ўзим барпо этишга қатъий аҳд қилдим.

II

– Неча кун давом этади бу? – деб сўрадим жарроҳлик хонасининг ёнгинасидаги чоғроқ хонага таклиф этган дўхтирдан.
– Бир ой, узоғи билан ярим йил.
– Ухлаётганида қайтиб уйғонмаслиги учун бирор нима қилсангиз бўлмайдими?
– Йўқ, хоним.
Беш дақиқа аввал, кутиш залида қадрдон дўстларимиз билан ўтирган эдим. Ҳамшира келиб: “Хоним, сизни сўрашяпти”, – деди. Унга эргашиб ортидан борар эканман: “Бунча тез. Боя бир ярим соатча давом этади, дейишганди, олиб кетишганига йигирма дақиқа ҳам бўлгани йўқ-ку”, деб ўйладим. Тўрт нафар оқ халатли дўхтирларни кўргач эса ҳаммасини тушундим. Уларнинг жиддий қиёфаларида акс этган шафқатсиз ифодаларни кўриб, барини англадим. Ораларида ёши улуғроғи индамасдан стулни мен томон суриб қўйди. Нима гаплиги равшан. Мени қатл этиш маросими бошланади ҳозир, ҳукм қилинган эса, мендан бир неча қадам нарида ухлаб ётарди.
– Қийналадими у?
– Йўқ, очиғи, юраги тўхтагунча ётади.
Мен яна пастки қаватга туша бошладим. Юрагимга қил ҳам сиғмасди. Фақат кимгадир: “Ҳеч қандай умид йўқ экан”, деганим эсимда. Қўнғироқ қилиб, сизни сўрашяпти, деб чақиришганди, бу сафар ёлғон гапиришга мажбур бўлдим. Сал кейинроқ палатага кирдим, сен ўша ерда ётар эдинг. Ҳамшира чап оёғингнинг томирига дори томизғични улаётган экан. Бурунга қўйиладиган найча туфайли ҳарсиллаб нафас олардинг, кошки ҳаммаси ўзгача бўлса: сен наркоздан сўнг ҳали ҳушига келмаган одамдек – рангинг бўздай оқарган кўйи, аянчли аҳволда ётсанг-у, ке­йинчалик, бирор ҳафта ёки узоғи билан ўн кунлардан кейин эса ҳаммаси илгаригидек жойига тушса. Умидвор бўлган пайтларимда айнан шундай деб ўйлагандим: уч кун сабр қилсам бўлди – ўтади-кетади ва биз учун яна бахтга тўла кунлар насиб этади. Изтиробли уч кун ҳам ўтди, кейин сен жон бердинг, ўртамизга ёлғон аралашгани қолди.
Ҳатто ухлаб ётганингда сенга ноумид бўлиб қарашга журъатим етмасди. Иложи борича ўзимни хотиржам ва тетик тутишга уринар, беҳуш ётганингдан фойдаланиб болалардек шу аҳдимдан бехос чалғиб кетмаслик машқини олардим – бирга кечирган ҳаётимизнинг сўнгги кунлари шу тахлит тугайди, деб сира ўйламагандим. Санитар сени махсус аравачага ётқизаётган маҳал бир-биримиздан муҳаббат тўла кўзларимизни узолмаган эдик.

III

Бу воқеа саккиз йил аввал, сешанба куни юз берганди. Ҳаво салқин эди. Парижда ҳали кўклам нафаси сезилмас, лекин шаҳар ташқарисида осмонни қора булутлар қоплаб, дарахтларнинг ҳали куртак очмаганига қарамай, баҳор бошланаётгани сезиларди.
Биз кўчмас мулк билан шуғулланувчи ваколатхона ходими айтган манзилни ахтариб юрар эдик. То ўша қишлоққа етиб бориб, катта темир дарвозали уйни топгунча озмунча адашдикми? Дарвоза ҳам, ўртадаги кичкина эшик ҳам қулфлоғлиқ экан. Хиёбон бўйлаб яна озгина юрган эдик, қаршимизда файзсизгина, сарғиш ва тўқ қизил рангга бўялган, ўртасига беўхшовгина соябонли айвонча қурилган уй кўринди. Унинг черепица қопланган эски томи чиройли эди. Чоғроқ ўтлоқда ўт ўраётган ўрта яшар бир киши бизни кўриб, ёнимизга келди. У зобитларга ўхшаган қадди ғоз киши эди. Чиройли боғланган бўйинбоғи, қаттиқ картон ёқаси, аъло навли кигиздан тикилган шляпаси, кулиб боқувчи кўзлари ҳамон ёдимда. Бизни бошдан-оёқ кўздан кечирар экан, у саволларимизга лўнда ва аниқ жавоб қайтарар эди.
Ҳа, уй-жой сотилади. Уни кўриб чиқсак бўладими? “Нега бўлмас экан, бўлади. Аммо уй менинг тасарруфимда эмас, – дея қўшимча қилди у. – Агар хўп десангиз, хонимни чақираман”. Хоним унинг рафиқаси экан. У хотинини чақириб келгани чиқиб кетди, бироздан сўнг пушти шол рўмолга ўранган, қўлида бир шода калит кўтарган ўрта бўйли, истарали аёл келди. Бизга алоҳида ҳурмат кўрсатиб саломлашгач, ичкарига так­лиф этди. Дераза дарчаларини очиб, кун ёруғида уйни кўздан кечириб чиқдик, ана шу пайтда тасаввурим жонланиб кетса бўладими! Деразалардан кўринаётган манзара ҳаддан зиёд жозибали ва сўлим эди. Уйдан йигирма қадамлар нарида дарё оқиб ўтар, ҳаммаёқда ям-яшил дарахтлар қад рослаган эди. Теварак-атроф жимжит. Уйни бугун бўлмаса эртага дидимизга мослаб исталганча ўзгартирса бўлади. Ишончим комилки, бир кун келиб у муҳаббат салтанатига айланади.
Боғбон кўча эшиги олдида кутиб турарди. У бизни боққа олиб борди. Ҳар битта дарахт ёнида тўхтаб, унинг танасини силаб қўяр ва хийла бўртиб қолган миттигина куртакларни кўрсатарди.
– Афсуски, фақат уй олдида ўсаётган каштанлар қолди, бошқаларини совуқ уриб кетди, – деди у. – Каштаннинг қип-қизил гуллари жудаям чиройли очилади. Шунақа пайтда уйни бир кўрсангиз эди. Яқин атрофда манавинақа эман йўқ, ўзиям жуда ноёб, танасининг тиклигини қаранг. Тепада эса, қайинзор ёнида, кедр хиёбони бор, уни барпо қилишган пайтларни яхши эслайман, янглишмасам, ўша дарахтларни ҳовли-жойнинг аввалги эгаларидан бири эккан эди, дарахтнинг тирик жон эканини ёлғиз ўша одам тушунар ва эъзозлаб, қадрига етарди, бошқалари эса Межев билан Мовий соҳилни афзал кўришарди. Қишлоқни ҳис қилиш ва севиш керак. Сизлар қишлоқни яхши кўрасизларми?
– Ҳа, қишлоқ жону дилимиз.
– Бутун умрим шу ерда ўтди, – деди боғбон. – Лекин мен бор-йўғи бир боғбонман, холос, хоҳлаган пайтда ҳайдаб юборишлари мумкин. – Бу гапни у ўз қадрини билишини сездирмайдиган инсонга ўхшаб, алланечук фахрланиб айтди.
Шу лаҳзадан эътиборан мен мосье Б.ни ёқтириб қолдим. Учта шийпон жойлашган боғда у бизга мевали дарахтларни кўрсатди, бир кесакни олиб бармоқлари билан майдалаганча тупроқ ҳақида гапириб берди. Биз гир айлана тошчўп билан ўраб олинган, сабзи, ертут ва қоҳу экилган жўяклар, қулф уриб ўсаётган пиёнгулларни кўрдик. Каштанлар қад ростлаган хиёбоннинг нариги тарафи эса чангалзор эди, йўсин ва печакгул ўз ҳолича ўсиб ётибди. У томондаги қаровсиз ерда катта-катта харсангтошлар кўп эди. Кейин биз Уаза дарёси ёқалаб чўзилган сўқмоқ бўйлаб кетдик.
Тикка кўтарилган қирғоқдан туриб баржадаги матросларга қўл силкиб саломлашиб қўйдик. Мосье Б.ни дарё қизиқтирмас экан.
– Ёзда чўмилса бўладими бу ерда?
Саволимиз унга бемаъни туюлган бўлса, ажаб эмас.
– Хоҳласангиз, бемалол. Чўмилиш ишқибозлари доим топилади, бироқ сувга мазут ва ўлган мушукларни оқизадилар.
Ўтлоқлардан бирининг четида мосье Б. ўз санъатининг юксак намуналарини ғурур билан намойиш этди: дарахт шохлари хўроз ва аллақандай паррандалар шаклида буталган эди.
– Иш дегани, сизга айтсам, мана шунақа қойилмақом бўлсин экан. Дарахтларни бунақа кесиш учун қунт ва маҳорат керак. Ҳозирги боғбонлар буни билишни ҳам, эшитишни ҳам хоҳлашмайди. Уларга тушунтирганинг билан барака топмайсан. Оворагарчиликка арзимасмиш!
Бизнинг назаримизда дарахтларни бундай кесиш учига чиққан бачканаликдан бошқа нарса эмасди, бунақа сунъий, ғайритабиий нарсаларни жинимиз суймасди, лекин шунга қарамай, боғбоннинг кўнглига қаттиқ тегмасин учун, одоб юзасидан қилган ишини мақтаб қўйдик.
Ўша куни бошқа ҳеч нарсани кўрмадик. Боғ-ҳовлидан чиқиб кетаётганимизда тепаликда тўхтаб теварак-атрофга бирқур назар солдик. Уаза сувлари чопиқдан чиққан қорамтир экин майдонлари оралаб булутлар аксини оқизиб борарди; олисларда, деярли уфққа туташ ерда, уйлар қуршовидаги черков кўзга ташланади. Бу манзара жуда чиройли бўлганидан, индамай кетишга кўнглимиз бўлмай, уни бироз томоша қилиб турдик. Бизни ўзига ром этган табиатнинг мана шу сеҳридан мутаассир бўлиб, ногаҳон юрагимда туғён ура бошлаган ҳис-туйғулар баҳонасида сенга бир гапни айтгим келди, бироқ лом-мим демадим. Чунки, биринчидан, гумонам борлигига ҳали ўзимнинг ҳам ишончим комил эмасди; иккинчидан, ҳали аниқ бўлмасдан туриб, сени қувонтиришдан нима фойда?!
Икки ҳафталардан сўнг бу ерга яна келдик. Авжи баҳор эди. Машинани ўша, олдинги жойимизда қолдирдик. Найза бўйи кўтарилган қуёш сукунат оғушидаги туман бағрини чок-чокидан сўка бошлаганида, биз сотиб олган ҳовли-жойдаги дарахтзор ичра қад ростлаган иморатнинг қизғиш томи чўғдек кўзга ташланарди.
Йиллар ўтди. Болали бўлдик. Фарзандларимизга қараб кўзимиз қувонарди. Бугунги оқшом ҳам одатдагидек тинч ва осуда. Сени интизорлик билан кутаяпман. Мен машина шовқинини эшитсам, қаерда тезликни оширгансан ёки, аксинча, қаерда секинлашгансан, ҳатто кайфиятинг қанақалигигача биламан. Кўзларимни юмиб ётган бўлсам-да, тиқ этган товушни эшитаман. Мана, ниҳоят келдинг. Сен тўхтаб, дарвозани очиш учун машинадан тушасан ва уни шундайлигича қолдирасан – чунки дарвоза бошқа тарақламади, қолаверса, чарчагансан, ёқмайди, ғилдираклар остида шағал шалдирайди, чироқлар шуъласи ёпиқ дераза дарчаларини сийпаб ўтади, сен итга бир-икки гап қотасан-да, зинадан кўтарилиб юқорига чиқасан, мени уйғотиб юбормаслик учун пойабзалингни аста ечасан. Хонага секин кирасан. Мана, ниҳоят сен уйдасан. Бу – ҳаёт.
Мен шовқин кўтармай секингина боққа чиққанимда уйда ҳамма маст уйқуда эди. Ниҳоятда ажиб, ўзимнинг иборам билан айтганда, ақл бовар қилмас палла. Дарё енгилгина буғланиб оқади, ўтлоқдан ҳали тунги шабнам кетмаган, боғ билан гулхонага ўрнатилган сув пуркагич ускуна чир айланяпти, боғбон сабзавот йиғади ва биз биргаликда мевали дарахтларни кўздан кечирамиз – шохлардаги ларзон мевалар пишай деб қолган. Ҳар куни барвақт қайинлар билан кедр дарахтидан, шафтоли ва анжирлардан хабар олгани ва барқ уриб очилган гуллар узгани келаман. Сен уйғонганингда боғимиздаги янгиликлар ҳақида айтиб бераман.
Сентябрь туни, биз олис саёҳатдан қайтардик. Ҳар қанча чақирсак ҳам ҳеч ким овоз бермади, аксига олиб ит ҳам акилламади, хурсандлигини билдириб, оёқларимизга суйканганча ғингшиди. Дарё соҳилига қурилган тош тўсиққа ўтирдик. Тўлин ой бизга ҳар битта ғишти қадрдон бўлиб қолган уй билан сўлим боғни кумуш нурларга чулғайди.
Узоқ йиллар муқаддам биз кун келиб, юрагимизда тўлиб-тошган севги-муҳаббат туфайли битмас-туганмас саодат эшиклари очилишини олдиндан сезардик, фарзанд кўрамиз, уларни мўътабар кишиларнинг болаларидек тарбия қиламиз, иш билан шуғулланамиз, дўстлар орттирамиз, ўз уйимизда, фароғатда яшаймиз, балки, ким билсин, ноумид шайтон, оламни бундан ҳам мунаввар қилишга ўз ҳиссамизни қўшармиз, деб ичимизда орзу қилардик. Шу эзгу ниятлар рўёбга чиқадиган вақт келганди. Биз таҳсинга сазовор бунёдкор эканмиз. Ўша кеч хорижга бориб келганимиз илҳом бердими ёки дилбар тун таъсиридами, бир пайтлар юрагимизда сақлаган орзуларимиз тўлиқ амалга ошганлигини бирданига чуқур ҳис қилдик.
Сенинг ўлимга маҳкумлигингни эшитганимда, мен бошқа ҳеч қачон бу уйга қадам босмаслигимни фаҳмлагандим. Шунга қарамай бир марта, ўшанда ҳам сенинг илтимосингга биноан боришимга тўғри келган эди. Мосье Б., илк бор кўрганимиздек, иш билан машғул эди: кекса каштаннинг ўтлоққа тўкилган япроқлари билан қирмизи гулларини бир жойга тўплаётганди. Қуюқ сўрашдик. У энг аввал сенинг саломатлигинг ҳақида билишга қизиқди. Ёмон эмас, деб жавоб бердим. Дўхтир юришга рухсат берган куни кўргани бораман, деди.
Болалар мириқиб ўйнашди. Биз доим сенинг машинанг кириб келадиган хиёбондан кўз узмай, мен дамлаб келган чойни ичиб ўтирдик. Қайтиб бу ерларга келмадим, шу охиргиси эди. Бу боғ-ҳовли, шу дов-дарахтлар мен учун бир пайтлардаги кўркини, ҳам файзини бутунлай йўқотган эди. Биз бу ерда бунёд қилган нарсалар бизсиз ҳам яшайверади. Мен жазава ичида дарахтлар, гуллар, ит, қушлар ва айниқса, мавжудлиги давом этаётган буюмлардан ёзғирар эдим – бу деворлар, жавонлар, майда-чуйда нарсалар, жавондаги тартиб билан илиб қўйилган ки­йим-кечакларни кўргим келмас эди. Жонсиз, “ким” эмас, “нима” деган саволга жавоб берувчи, лекин чиримай, нобуд бўлмай, узоқ турадиган буюмлар устунликка эришаётган эди. Ўша тушликдан кейин, назаримда, сенинг жонинг узилган маҳал ер ёрилиб, бу ердаги ҳамма нарсани ютиб юборса, адолатли, шу билан бирга, табиий бўларди, деб ўйлагандим.

IV

Ҳозир ёлғиз бир ўзим сайр қилиб юрган боғда сен билан ўтказган бир кеча сира ёдимдан чиқмайди. Бу ер, сенинг ўлимингдан кейин мен қадам босмасликка ҳаракат қилаётган манзилларадан бири эди.
Ярим кеча эди. Биз театрдан энг охирида чиқдик. Қор ёғарди. Биз бир-биримизнинг қўлларимизни ушлаб битта-битта қадам ташлаб борардик. Гапиргимиз келмас, бунинг ҳожати ҳам йўқ эди. Ҳеч қандай мақсадимиз йўқ эди-ю, лекин бу тўғрисида ўйлаб, иккиланиб ҳам ўтирмас эдик. Биз бирга, ошиқ-маъшуқлар сингари хушҳол ва ботиний севинчимизни ошкор қилишни истамасдик, ўша лаҳзаларда ҳар ким ўз хаёли билан банд эди. Ҳар замон-ҳар замонда секин, бешовқин машиналар ўтиб қоларди. Ҳувиллаган кўчалар кимсасиз, тирик жон яшамайдигандек туюларди, эҳтимол, севги туфайли дунё кўзимизга кўринмагани учун шундай деб хаёл қилгандирман. Сирдошимиз, балки ҳамроҳимиз иккита эди – тун билан осмон! Париж анча узоқда эди. Вавэн кўчаси орқали Люксембург боғининг дарвозаси олдидан чиқдик. “Кирамизми?” – дединг.
Биз тўсиқдан ошиб ўтдик ва афсонавий оламга тушиб қолгандек бўлдик: оёқларимиз остидан қор сачрарди. Ўзимизни беҳад шод ва масрур сезардик. Дунёда ҳамма нарса яхшиликдан иборат, олам гўзал, ҳаёт ширин эканига комил ишонч билан иқрор бўладиган нурли ва хуррам лаҳзалар! Сен эгнингдаги пальтони ечиб қор устига тўшадинг, биз шунга ўтирдик. Қоронғилик қўйнида бир-биримизга термилардик. Сенинг сокин кўзларинг билан бирозгина қор инган киприкларингга шайдо бўлардим. Панжара тўсиқдан икки қадам нарида бизни шаҳар қуршаб олганди. Соат учга занг урди. Негадир бирдан хаёлимга бахтсизлик ҳақида ўй келди. Бизнинг бошимизга тушиши мумкинми, деб эмас, албатта, чунки бу хусусда хаёл қилишнинг ўзи менга ақлга сиғмайдиган фавқулодда ҳолатдай туюлганди ўшанда, балки ўзгаларнинг бахтсизлиги ҳақида хаёл сурдим. Айнан шу дақиқаларда қаердадир одамлар жон бермоқда, кимлардир қотиллик қиляпти; оилалар бузиляпти; етим қолган болалар қон-қон йиғлаяпти; эркаклар билан аёллар тақдирга тан бериб ўтирибдилар. Жуда олисларда, айтайлик, Ҳиндистон ва Хитойда, одамлар жон талвасасида азоб чекмоқда ёки ўзгаларни қийнамоқда. Ҳаёт пайдо бўлибдики, ҳар лаҳзада кимдир туғилади, кимдир дард чекади, кимнингдир қувончи кимнингдир азоб чекишига сабаб бўлади; то дунё бор экан, шундай бўлган ва шундай бўлиб қолади. Биз гўё бахт қушини ушлаб олганмизу унга шикаст етказиб қўймаслик учун иссиқ бағримизга беозоргина босиб ўтирардик; шунингдек, биз бу неъматни тўла-тўкис қабул қилолмаётган ошуфта юракнинг зарбаларига чидаёлмаслигимиз ҳам мумкинлигини ҳис қилиб, далда бўлиш учун бир-биримизнинг пинжимизга суқилиб ўтирардик. Икковимиздан биримиз, менимча, сен шивирладинг: “Агар бир кун келиб бошимизга мусибат тушса, ўзимизни муносиб тутишга ҳаракат қиламиз”. Мен: “Сўз бераман, онт ичаман шундай қилишга”, – дедим жавобан.
Биз Люксембург боғидан шаҳар энди уйғонаётган маҳал чиқиб кетдик. Уйга етиб келгач, ухлаб, дам олиш хаёлимизга ҳам келмади. Мен ўша бедор этган гўзал ва ҳеч қандай дунёвий лаззат тенглашолмайдиган тун нашъасини шунчалик яхши кўрардимки, азбаройи унинг бир лаҳзаси учун жонимдан кечишга тайёр эдим.

V

Шундай дамлар бўлади: иродамга, собитлигимга ишонолмай қоламан, демак, кутилмаган ҳодисаларга доимо шай туришим зарур. Негаки қўққисдан дош беролмаслигим мумкин. Бунинг учун нима қилишим керак? Авваламбор, муттасил нима биландир банд бўлишим шарт! Чумолига ўхшаб тиним билмаслигим шундан. Ўйлаш, хаёл суришни тақиқлаб қўйсам, ўзим учун айни муддао бўларди. Бир нарсани мақсад қилиб олганман: бир ўзим қолсам, то ёнимга кимдир келмагунча нима билан бўлмасин шуғулланаман, ҳеч нарсани ўйламайман. Бироқ шундай дейман-у, баъзан юрагимда қаттиқ оғриқ қўзғалади, бу маккор алам қачон оралади кўксимга, сезмай қоламан. Эрталаблари ўзимни бардамроқ сезишим учун хаёлимга боларилардек бемаврид ёпирилган фикру ўйлардан қувонаман. Бошқа иложим йўқ. Мен мунофиқона яшаш йўлларини ўргандим. Вазиятга қараб гоҳ у томонга, гоҳ бу томонга оғиб кетаман, бу тахлит ҳаёт кечиришга ўзимни мажбур қиляпман, лекин, энг ачинарлиси, бу одат тусига киряпти ва менинг вужудимга сингиб бораяпти. Шунга қарамай, ётсам ҳам, турсам ҳам, фикру зикрим сенда. Ишга бораман, суҳбат қураман, талашиб-тортишаман, шу билан бирга кўнглим сенда бўлади, хаёлимда сен бўласан. Гоҳи-гоҳида кўз олдимда сенинг қиёфанг бамисли ҳаваскор сураткаш олган расмдек хира ҳолда қалқиб чиқади. Мана шундай дамларда ҳушёрликни унутиб қўяман. Тасаввур қилгинки, менинг дарду аламим ўзим жиловлаган ва итоатгўй қилиб қўйган йўрға бўлса, бу юганни ўзим ечиб юборганим билан баробар. Бир бора янглишсам, бас, қопқонга тушаман-қўяман. Сен баайни ёнимдасан. Сенинг овозинг келаяпти, елкамга қўйган қўлларингни сезаяпман ёхуд эшик олдида қадаминг товушларини эшитаяпман. Мен ўзимни идора қилолмаяпман. Кучим етмаяпти. Ич-ичимдан эзилганча, бу хўрлик қачон ўтиб кетади деб кутишдан ўзга илож тополмайман.
Мен бамисли ҳайкалдек қотиб турсам-да, хаёлларим гўё уриб туширилган самолёт. Ёлғон, сен бу ерда эмассан, ўша муз-кесак фанога равона бўлгансан. Нима гап? Қандай садо, ҳид, қанақа сирли, муштарак ҳис-туйғулар сени етаклаб келди ҳузуримга?
Гарчи ҳар қанча номардлик бўлса ҳам сендан халос бўлгим келаяпти, сендан қутулсам дейман, бироқ адолатсизликни қарангки, айнан шундай дақиқаларда жону жаҳонимни чулғаб олишингга тўла рухсат бериш учун куч-қувватим етмайди. Хонада ҳукм сурган сукунат олдида дунёдаги бенажот фарёд, нола ҳам ҳеч гап эмас. Мен ўзимизни ўтмишдаги ҳаётимиз оғушида кўраяпман, бироқ қаерда ва қайси пайтда эканини ажратолмайман. Менинг аксим вужудимдан ажралиб чиқади ва у ўша кезлар нимаики қилган бўлсам, шуни такрорлайди.
Мен, дафъатан қиёмат кунидан бохабар бўлган одам Париж ёки Нью-Йоркда қай кўйга тушса, худди шундай аҳволда бир хонадан иккинчи хонага ўтиб, сўнг яна қайтиб, довдираб юрардим. Қиёмат бу сенинг ўлиминг эканини ва дунёда ҳаёт сенсиз ҳам давом этиши муқаррарлигини энди англадим.
Шундай бўлса ҳам, менинг маҳримга тушган экан, нима қилиш лозим бўлса, шуни адо этдим. Ҳалигача қандай қилиб ҳеч нима юз бермагандек ўзимни тутиб юрганимга ҳайрон қоламан. Мен никоҳ тўйининг эртасига саодатли, ёш келин сингари ўзимни тошойнага солиб, диққат билан юз-кўзимга разм солдим. Йўқ, қиёфамдан ҳеч ким бирон нима сезмайди ҳозир, бунинг имкони ҳам йўқ. Мусибат унга ўз муҳрини кейинроқ босади, ҳозирча эса, яқингинада бошдан кечирган бахтли кунлар ифодаси ҳали акс этиб турарди. Шундай хотиржам қиёфада олдингда юра оламанки, сен ҳеч нарсани пайқамайсан: юз ифодам ва табассумим қандай бўлса, шундайлигича қолган. Одатларим ҳам ўша-ўша. Мен ваннада, сен эса битта хона нарида ётган бўлганингда суҳбатлашиб ўтирардим. Ора-сира овозингни яхшироқ эшитиш учун кўзларимни юмиб олардим. Ҳеч қачон гапларингни бунчалик диққат бериб тингламаган бўлсам ҳам, барибир комил ишонч билан айтаман, шундай кун келадики, сенинг овозинг хотирамдан ўчиб кетади ва мен: “Фикрингча, икки ҳафталардан сўнг ванна қабул қила оларканман-да?” – деганингни ҳатто унутиб юбораман. Мен телефонда ким биландир гаплашардим. Сенга атаб гулдаста юборишганига миннатдорчилик изҳор қилаётган эдим. Операция кўнгилдагидек ўтди, сен билан шошилинч хатларга жавоб ёздик, сўнг мен машинкада кўчириб бердим, дедим сўраганларга. Харажатлар учун мен чек ёзаверар, пул сарф бўлаверарди. “Март ойида ишга чиқаман, шекилли, – дединг сен. Сўнг қўшимча қилдинг: – Ўзимни тетик сезаяпман”. Гўё биров бошимга калтак билан ургандек бўлди. Мақсад нима бундай дейишдан, юрагимга наштар санчишми ёки лутфу карамингми бу? Мен кўзларингга қараб туриб индамадим, шунинг ўзи хоинликнинг илк аломати! Инсон ҳаётида шундай сониялар бўладики, индамаслик, сукут сақлаш фазилат саналмайди, у донолик белгиси деб эътироф этилмайди, билъакс, хиёнат билан баробар қўйилади. Мен ана шундай вазиятни бошдан кечирмоқда эдим. Зеро, сени жаҳаннам тепасига олиб бордим, эвазига қутловлар, таҳсинлар эшитяпман. Кези келганда номусдан бошимни кўтаролмасдим, бироқ ёлғон гапиришдан ўзга чора ҳам тополмас эдим, негаки, дафъатан киши ихтиёрини олиб қўядиган, илгарилари мен учун жамики нарсалардан устун бўлган виждон, ҳақгўйликдан бошқа кучлироқ бир нима бор экан, ана шу нарса мени шундай қилишга чорларди. Ҳа, ҳа, бир ойдан кейин дам олишга борамиз. Ёғочдан ишланган айвончали уй, пастда қор босган дала, орқа томони – ўрмон, офтоб нурида жилваланувчи тоғ. Йўқ, ҳеч қачон, ҳеч қачон бошқа такрорланмайди бу. Бир кунда ўн марта тўғрисини айтишга чоғланиб ёнингга борардим. Шивирлагудек бўлиб гап очар ва ўша заҳоти фаҳмлаб оласан, деб ўйлардим. “Сенга айтишим лозимки…” ёки: “Бизни жудолик кутяпти” ёки: “Сенга ёлғон айтишяпти”. Нима учун, ким ҳуқуқ бердики, биринчи навбатда сенга тааллуқли гапни сендан яширишяпти, нима учун сени бардошинг ета оладиган ҳақиқатдан ёлғон-яшиқ билан эҳтиёт қилишяпти? Ишончим комил, сен бу хабарни мардларча кутиб олардинг. Мен нима ҳақда ташвиш чекаяпман-у, сен бўлсанг мендан гина қилиб қўйишни унутмасдинг: “Нуқул менинг ташвишимни қиласан, аҳволим яхши, ҳеч қаерим оғримаяпти, ахир”. Оёқларингга суяниб жимгина ётарканман, мени силаб-сийпаб эркалаётганингда дафъатан кўнглимдан ўтган хаёлдан нафасим ичимга тушиб кетди; мабодо бор ҳақиқатни айтишга журъат этсам, аҳволинг не кечишини биламан: сен ажалинг етгунча ўлим ҳақидаги фикру хаёлдан қутулолмас, менга эса енгил бўларди, ўшандагина сени бағримга босиб, бахтли ҳаётимиз ҳақида эслаб қон-қон йиғлаган бўлардим.
Мен баданингнинг чоклаб тикилган жойини кўздан кечирардим. У сен учун эрмак бўлиб қолганди.
– Бир кун келиб қорнимни ёришади, деб ўйламагандим!
Сен менга ҳорғингина кулимсираб қарайсан, буни мен лабларингдан эмас, кўзларингдан сезаман. Бу хаста одамнинг кўзлари эди: қандайдир туссиз, сарғиш-яшил, бамисли қамиш рангида, гардиши сиёҳранг, оқи эса садафдек ялтирайди. Гоҳи-гоҳи бақрайиб туради. Бечора севикли ёрим! Кунлар Сена дарёси каби бир текис оқарди, бироқ умринг тугашига саноқли кунлар қолганидан бехабарсан. Иккимизнинг ҳаётимизга сўнгги нуқтани қўйиши мумкин бўлган қанчадан-қанча имкониятлар бўла туриб, бу дунёни ёлғиз бир ўзинг тарк этаяпсан. Ҳолбуки, зилзила, бирон йўл ҳалокати, том босиб қолишидек фалокатлар юз бериши бир вақтнинг ўзида истиқболдаги ҳаётимиздан маҳрум эта оларди.
Баъзан деразадан кўчани томоша қиламан, уйларга, йўловчиларга, йўлкаларга яқин келиб тўхтаган машиналарга тикилиб қоламан – ҳамма ерда: “У ўлишга маҳкум”, – деган ҳукм ёзиб қўйилгандек туюлади.
Мен тиззангга бош қўйиб ётаман ва сендан кўз узмай жилмаяман, астойдил, самимият билан боқаман, чунки шу сонияларда ўзимни пурғам ҳис қиламан – сабаби, айтиб қўя қолай, битта – сен ёнимда, бирга эканлигинг учун. Мен шу дамларни тўхтатиб қололсам, вақт оқимида шу сонияларни чоғроққина оролчага айлантиришнинг иложи бўлганда эди, афсуски, бунинг иложи йўқ, бунга чора тополмайман. Эртанги кунга элтувчи йўл ёпиқ, ўтиш учун заррача имкон йўқ! Ўзимни минг кўйга солганим билан якун-хулосам битта: бу йўл боши берк кўчадан бошқа ҳеч қаерга элтмайди. Билъакс, элтади – жаҳаннамга.
Ҳар сафар тансиқроқ таом келтирилганда ютоқиб ея бошлайсан, менинг эса томоғимдан ўтмасди.
– Гўшт чандир, пишмаган, – дединг бир куни кечки овқат маҳал, – сиёғидан ёш бузоқнинг гўштига ўхшайди.
Ёш, барра, янги деганлари – бундан чиқди, жонивор яқиндагина ўлдирилган дегани. Бошим айланиб кетди.

VI

Парижда камдан-кам ҳолларда осмонга қарашади. Ҳар сафар саёҳатга ёки дам олишга кетаётган маҳал, шаҳар чегарасида осмон шунчалик чирой касб этадики, азбаройи маҳлиё бўлиб қолардик. Тўлин ой билан сон-саноқсиз юлдузларни томоша қилар эканман, мен доимо мана шу бепоён оламнинг бир зарраси эканимдан ўзимни бахтиёр ҳис қилардим. Борди-ю, хайрлашадиган бўлиб қолсак, сен ўша юлдузларнинг бирида кўришамиз, деб учрашув жойини тайинлар эдинг, шунда севгимиз риштаси менга ёрқин чизиқлар – оловли излардек туюлар, уларнинг Орион буржида туташолганини кўргандек бўлардим.
Кўпинча тунги осмонни томоша қила туриб мен ўзимнинг шодумон ҳаётимда кечаётган ташвиш ва қувончлар қадрига етар, бунга ич-ичимдан шукроналар айтар ҳамда беихтиёр олам ҳақида, бу оламда бизнинг вазифамиз нимадан иборатлиги, ёлғизлик ва Троил Крессидага айтгандек: “Қуёшга – майсалар, ойга – тошқин сувлар, оҳанрабога – темир, нар кабутарга – модаси” содиқ қолишидек фидойи муҳаббат ҳақида хаёл сурардим.
Сен вафот этгандан сўнг, анча вақтгача осмонга боқиб хаёл суриш юрагимга сиғмай қолди. Ҳолбуки, руҳан эзилган, сиқилганларимда неча-неча марталаб осмон мени хаёл суришга ва шу тариқа инсоний бардошимни сақлаб қолишимга имкон яратишга чорлагандек бўлганди. Ёз кунларининг бирида, аниқроғи, 28 август куни кечаси, яна ўша одатим бўйича самога боқдим. Мен сон-саноқсиз юлдузлар ичра ардоқли ва қадрдон юлдузимни излайман, не бахтки, бир зумда топишга муяссар бўламан. У жилва қилганча осмон гумбазининг шарқий қисмига оҳиста силжиб борарди. Уни инсон тасаввури ва заковати бунёд этган ва “Акс садо-2” деб атаган. Ўша юлдуз тунги осмон билан ўртамизда узилган ришталарнинг яна боғланишига сабаб бўлди. Ўша юлдуз топиштирди. Шу кеча унинг бошим узра яна чарақлашини уйга ҳам бормай узоқ кутдим. Назаримда, менга зафар ёр бўлгандек. Мен Жазоирда тўкилаётган қон учун номус қилар, мамлакатдан бадарға қилиш ва иснод келтириши муқаррар номақбул сиёсий ўйинлардан юрагим ларзага келарди; шу билан бирга мен инсон қадами илк бор коинотга етган замонда туғилиб яшаётганимдан фахрланар эдим. Бироқ мен ҳозир сендан қолган ёдгорликдан бир неча юз қадам наридаги масканда ёлғиз, бир ўзим ўтирибман. Сен туғилаётган бу янги оламни ҳеч қачон билмайсан. Сенга ҳаётимизнинг энди мутлақо алоқаси йўқ. Мен одамзод тинчлик йўлида хизмат қилаётган дунёдаги энг мукаммал ракеталардан кўра сени ўлимдан сақлаб қолувчи дорилар ихтиро қилиши афзаллиги ҳақидаги хаёлларимдан ҳалигача фориғ бўлолмайман. Розмарин иси келарди, итлар акиллар, йўл тушган тарафдан машиналар шовқини ҳамда йўловчиларнинг кулгани эшитиларди. Ҳар сафар ўзгаларнинг бахтиёрлигини кўрсам ё сезсам ҳаётимнинг барбод бўлганини янада кучлироқ ҳис қила бошлайман.
Очиғини айтганда, бу илк бор хотиралар уммонига ғарқ бўлишим: ниманидир қўмсайман, нимадандир нажот кутаман, ўтган кунларни эслаб хаёлларга тутқун бўламан. Баъзан бу жудолик учун сендан ёзғираман. Мени ёлғиз қолдириб ташлаб кетди, дейман. Ё ёлғонми? Сен туфайли курраи осмон билан куз ёмғирини, тилларанг япроқлар ва бир вақтлар менга баҳор элчиларидек туюлгувчи қоп-қора, яланғоч дарахтларни томоша қилолмайман. Тонг палласи билан ғира-шира оқшом кўнглимга ғусса солади, қуёшнинг олтин нурлари ва ойнинг зафар ёғдусидан минг қараганим билан баҳра ололмайман. Мен чаққон ва ҳаракатчан эдим, энди шалвираган оёқларимни зўрға судраб босаман. Тез чарчаб қоламан.
Мен сени ортиқ ҳеч қачон ҳеч қаердан изламайман, кутмайман. Узоқ пайтгача ўзинг ногаҳон кўз ўнгимда пайдо бўлиб қолардинг. Сен билан бирга сайр қилмаган, сен ила юрмаган сўқмоқ, кўча, дарё бўйи борми ўзи? Ўша ерлардан ё нарироқ юриш ёки ўша ерга бориб қолишдан қўрқмаслик керак эди. Одамлар орасида ҳам, ўрмондаги ёлғизоёқ сўқмоқда ҳам кўзимга фақат сен кўринсанг нима қилай, ақлга қулоқ солсам, у бу саробларга қарши, юрагим эса қўмсайди, уларга талпинади. Сен бор эдинг, энди эса йўқсан. Мен хаёлан ўзимга-ўзим мурожаат қиламан, савол бераман: бу қанақаси – менинг юрагим урса-ю, сеники уришдан тўхтаса! Баъзан сени эслаганда дунёдан ўтган бўлса ҳам, қалбимизда, биз билан бирга яшаяпти, деганларини эшитиб қоламан. Бу фикрга қўшиламан. Мунозара қилишнинг нима кераги бор? Бироқ, ўйлашимча, ўзгаларнинг ўлимини шундай қабул қилиш айримлар учун осонроқ экан. Улар, дунёдан ўтиб кетсам, мени ҳам эслаб туришсин, деган умиддами, ишончдами, шу гапни ўйлаб топишган бўлишса керак.
Мен сени шунчалик яхши кўрганим учунмикан, жисминг йўқ бўлиб кетгани билан руҳинг қолишига ишонгим келмасди, тасаввуримга сиғмасди. Қанақа қилиб ажратишади кейин – мана бу унинг жасади, мана бу унинг руҳи дебми? Сенинг табассуминг, нигоҳинг, юришларинг, овозинг – нима бу, моддий нарсаларми ёки руҳийми? Менимча, униси ҳам, буниси ҳам. Уларни ажратиб бўлмайди. Баъзан кўнглимдан қалтис хаёллар ўтарди: мен севган олийжаноб инсон сифатида тирик қолишинг учун аъзойи баданингнинг қаерини кесиб ёки дабдала қилиб ташласа бўларди? Агар менга боғлиқ бўлса, қайси қисмини ажратиб кўрсатган бўлардим? Энг ёмони, бунақа тутуруқсиз хаёллар мендан сўрамасдан, менинг ихтиёримсиз бошимда чарх урарди. Қийнаб юборарди бундай фикрлар.
Айримлар менга, қачонки одамлар бир-бирининг ҳам зоҳирий, ҳам ботиний жиҳатларини ҳаддан зиёд яхши кўрса, билса, бу нарса уларнинг севгисига зомин бўлади, кунгабоқарга қуёш нури қанчалик зарур бўлса, икки кишининг севгисига махфийлик шунчалар даркор, дейишади ва буни далилламоқчи бўладилар ҳам. Ҳолбуки, сирни пинҳон тутишга уриниш, у ҳақда доим, биров кўриб ёки билиб қолмасин, дея ташвиш чекиб юриш – унинг мўртлиги, зифлигига иқрор бўлиш дегани эмасми? Йўқ, сир бўлмаслиги керак, икки кишига ҳаммаси аён бўлиши лозим. Аммо бу нарсани – сирни, қанчалик теран тушунишга ҳаракат қилсак, унинг мавжудлиги шунчалик аён бўлиб боради.
Мен сенинг қандай ухлашингни томоша қилиб ётаман; айни шу лаҳзада қайси оламда эканинг, мийиғингда кулиб қўйганинг сабаби, пирпираб қўяётган киприкларинг, яланғоч, нимжон баданинг – мана шулар мен учун сир.
Мен илиққина, тиниқ сувда чўмилаяпман. Сен шу атрофдасан, печакгулга ўралиб қачон келаркансан, деб эшик тирқишидан қараб қўяман. Мен билан саломлашасан, хайрли тонг тилайсан. Сенинг тушингга нималар кирди, қандай хаёллар билан уйғонганинггача биламан, лекин барибир мен учун сен тагига етиш амримаҳол мўъжиза – сир бўлиб қолаверасан.
Ўзаро гаплашяпмиз: овозинг, фикр-мулоҳазаларинг, менга айтиб бермоқчи бўлаётган хаёлларингни аниқ ифодалаш учун танлаган сўзларинг одатий. Биримиз бошлаган жумлани биримиз тугатиб қўйишга қурбимиз етади. Шунга қарамай сен мен учун сирлисан ва икковимиз ҳам бир-биримиз учун шундай бўлиб қоламиз. Сенинг арзимас ҳаракатларинг олдида Жоконданинг нимтабассумида сир-асрор камроқ.
Севги нима? Бу бир чашма, чашманинг бошланиши, дунёнинг тенгсиз бойлиги, бу ҳайрат, бу биринчи марта дуч келган ва айни чоқда сенга таниш бўлган мўъжиза, бу йўқолган жаннатга қайтиш, руҳнинг тана билан бирлашмоғи, бизнинг қудратимиз ва заифлигимизни илғаш, ҳаётга садоқат ва ўлимдан қўрқмаслик туйғуси, ҳар куни янгитдан қўлга киритиш лозим бўлган, мустаҳкам сабот ва айни чоғда беқарорлик.
Сен мени яшашга ўргатган беайб мураббий эдинг. Ўлимга тик боқишга ўргатган ҳам ўзингсан. Бир кун келиб, у мени олиб кетгани келганида, сен билан ўша боқий оламда учрашишга умид қилмасам-да, гўё таниш йўлдан ўтиб бораётгандек бўламан, чунки бу йўлдан бир пайтлар сен ўтгансан.

VII

Бугун қуёш бахтга ўхшаб, кўринмайди – қаергадир яширинган. Мен унинг қаерга яширинганини излаб ложувард осмонга тикиламан. Одамларга ўхшаб яшашим учун қувонч манбаларини қайтадан ахтариб топишим керак. Ҳаётга талпина бошлаганимда кўнглим талабини қондириш учун қора хаёллардан халос бўлишим шарт, фақат юрагимда сақланаётган сен ҳақингдаги хотираларга зиён етмаса, бас. Мен бир пайтлар ҳаётим асосини ташкил этган руҳий осойишталикка эришмоқни истайман, баъзан унга эришгандек бўламан ҳам, таассуф, бир неча кундан сўнг яна маҳрум бўлганимни сезмай қоламан. Бу ўжарликдан нима фойда, нега бунақа қиламан – ўзим ҳам билмайман. Дунёнинг азалий қонунияти шундан иборат эмасми: ё кўникишга мажбурсан ёки ҳалок бўласан!
Ҳеч бир манзара саҳронинг кўринишичалик тасаввурга беқиёс эркинлик бахш этолмайди. Ҳатто гулга кўмилган водий ҳам йўл ёқасидаги дарахт ёки осмонда парвоз қилаётган бир жуфт қушчалик ҳаётни тўла акс эттиришга қодир эмас. Эслолмаяпман, мен сен билан гаплашаётганмидим ёки иккимиз жимгина отда кетаётган эдикми? Менинг ширин хаёлларим тумандек тарқаб, сенинг қиёфанг ҳам хаёл кўзгусидан ўчган чоғда ғамга ботмадим. Сен ёнимдасан, биз бир-биримизни учратдик – бўлди, қолган нарсаларнинг нима қизиғи бор? Ҳали бирга эмасмиз, ҳаммаси олдинда.
VIII

Санитар уни олиб кетгани келди. Каравотдан кўтариб олиб аравага ётқизди. Биз бир-биримиздан кўз узолмай қотиб қолдик. Уни кузатиб юришимга рухсат беришмади. Остонага довур бордим. Санитар унинг юзини мендан тўсмоқчи бўларди. Менга санитарнинг қадам товушлари, арава ғилдираклари шалдирагани эшитилар ва назаримда, улар ҳеч қачон узун ҳамда топ-тоза йўлканинг адоғига етиб боришолмайдигандек туюларди.
Ким билсин, ўшанда сен билан бир умрга видолашиб қолгандирман. Сен чойшабга ўраниб ётган ўша лаҳзалар бахтли кунларимнинг сўнгги лаҳзалари эди. Салкам бир соатдан кейин сени яна кўрдим. Ухлаётган эдинг, сочларинг тўзғиган, юзинг – оппоқ. Вақтнинг ўтиши нима билан ўлчанади? Минорадаги соатнинг яна бир соат ўтганидан огоҳлантириб чалган занги биланми ёки шу пайт ичида юз берган воқеалар биланми? Дунё остин-устун бўлиб кетганди. Бир соат олдин қандай эдингу ҳозир, операциядан кейин кўз ўнгимда қандай ётибсан – орада минг йил ўтгандек. Сен ҳамон қотиб ухлаётган бўлсанг-да, барибир тикилиб қарашга ботинолмас, аҳён-аҳён кўз қиримни ташлаб қўярдим, холос. Мен ёнингда мурдадек қотиб ўтирар, ўз юмушлари билан банд ҳамширалар, дўхтирлар у ёқдан-бу ёққа югуришар, мен бўлсам сенга ўлим тилаб ўтирардим. Яримта бўлиб ётганингдан кўра ўлиб кетганинг афзал. Наҳотки шу ният ҳам севгининг аломати бўлса? Сен тирик қолишинг учун дунёдаги жамики бойликлардан, ҳатто жонидан ҳам кечишга тайёр одам, бир соатдан сўнг сенга ўлимни раво кўрса-я! Ваҳоланки, мен ҳозиргина уйқудан уйғонишингга йўл қўймасликларини ёлвориб сўраган эдим. Қай бири эзгулик, қай бири ёвузлик?
Тун узоқ давом этади. Шифтга термилиб каравотда ётибман. Миямдан кетмаётган бадхаёллардан халос бўлишга ҳолим йўқ.
У ўлади. У ўлимга маҳкум.
Мен жоним борича мана шу фикрни енгишга тиришардим, азбаройи аъзойи баданим қақшаб оғрир, ўша хаёлни бир амаллаб улоқтириб ташласам, яна кўнглимга канадек ёпишар, юрагимни сиқар, ноумид қилар эди. Охири унга бўйсундим, итоат этдим, ер қаърига ҳам тушишга рози бўлдим. Ҳа, у ўлимга маҳкум. У хазон баргидек чирийди. Мана шу ҳақиқат – тақдир, тақдирга тан бериш лозим. Балки сени унутиб юборсам, енгил тортарман? Қоғоз оппоқ, унга ҳали ҳеч нарса ёзилмаган бўлса. Топ-тоза саҳифа. Менга кечагидек ҳеч нарса ёзилмаган қоғоз керак. Қўлимдан келса, тарихни бир кун орқага қайтарган бўлардим. Мен ҳаммасини бир бошдан хаёлимда тиклайман. Сени операцияга тайёрлашяпти. Биз хонада ёлғиз ўзимиз қолдик. Дераза ортида басавлат бир одам сайр қилиб юрибди. Биз сенинг каравотингда ёнма-ён ётибмиз. Ўнг қўлинг билан чап қўлимни ушлаб олгансан. Фақатгина ўқиётган китобимизни варақлашимиз лозим бўлганда қўлингни ажратиб оласан. Хона жимжит. Баъзан бошингни елкамга қўйиб мудрайсан. Соат учга занг уради, яна икки соат кутиш керак.
– Уйқу доридан укол қилишгач, ухлаб қолсам, келиб юрмагин, хўпми, шунақа пайтда одам бедаво бўлиб ётади, ноқулай. Келмайсанми? Сўз бер!
– Йўқ, мен ёнингда бўламан, лекин сира унақа қиёфага тушмайсан. Ухлаётганингда сенга тикилиб ўтиришни яхши кўраман, биласан-ку.
– Бу бошқа нарса.
– Хўп, яхши, сўз бераман.
Санитар келиб, сени олиб кетди. Хонани йиғиштириб қўйдим. Деразани ланг очиб, шамоллатдим. Пастак осмон залворли эди. Кутиш залига бориб ўтирдим. Ҳаял ўтмай чақиришди, ҳамшира билан шартта юқори қаватга чиқдик. Ҳамшира эшикни очиб, мени кичкина хонага олиб кирди, у ерда бир неча стулдан бошқа нарса кўринмади. Шу пайт кетма-кет қадам товушлари эшитилди-ю, тўрт нафар шифокор кириб келди. Улардан бири менга стул бериб, ўтиришга таклиф этди. Улар чурқ этишмасди. Мен уларга талмовсираб қарадим. Қайси бири сўз қотади? Тўғри кўзимга тикилиб турганими? Шундай дамлар бўладики, тақдирнинг олдини олиш лозим бўлса, вақтни тўхтатиб қўйиш керак. Оппоқ девор йўқ. Ҳар бир пучмоқда, бўёғи кўчиб кетган деворда, электр чироғида, эшикнинг юқорисидаги тирқишдан ўтиб ерга тўшалган нур тасмасида – ҳамма ерда битта нарса ёзиб қўйилганди: “У ўлади!”
Сен менинг шундоққина ёнимда, лекин энди мен боролмайдиган оламда эдинг. Бундан буён сен маҳкумга, мен эса жаллоднинг шеригига айлангандим. Қушхонада ўлимга маҳкум ҳамжинслари билан қассобнинг олдига бирга борадиган серкалар ҳақида айтиб беришганди. Улар сўйилмас экан. Менинг қисматим ҳам шу тахлит кечади, шекилли.
Мен эрталабга қадар ич-этимни еб, жон аччиғида ўзим билан ўзим баҳслашиб, руҳан адойи-тамом бўлиб, ухлолмай чиқардим. Бироқ тонг яқинлашиб келаяпти. Сенга бу аҳволда, умидсиз, сўлғин қиёфада кўринишим мумкин эмас. Ҳаётда энг муҳим қарорлар бир-икки сонияда қабул қилиниши менга маълум. Мен икки йўлдан бирини танлашим керак: ё сен бахтли бўласан ёки бир зумда бахтдан жудо бўласан. Мен ўйлаб-ўйлаб, охири бир қарорга келдим, сенинг азоб чекишингга, ваҳимага ем бўлишингга иложи борича йўл қўймаслик керак. Қўлимдан бундан ортиқ ҳеч нарса келмайди. Биз кўрган ажойиб кунлар қувончи юрагингни тарк этмасин, дердим. Кейинчалик тўғри қилдимми, йўқми, дея қийналиб юрмасликка, ҳис-туйғу билан ақл-идрок ўртасида сарсон бўлмасликка уринардим. Ҳаётимга бахтсизлик чанг солди. Барча воқеа-ҳодисалар, кўргиликларга сабаб шу эди. Бу қора кунлар мени ўзгартириб юборди. Эҳтимол, бир кун келиб, мен илгаригидек ҳаётда бахт билан бахтсизлик доим ёнма-ён юради, улар билан юзма-юз бўлишга тайёр туриш керак, деб ўйлаб қоларман. Балки дунёнинг ҳикмати ҳам шундан иборатдир?
У кечаси билан, эртасига чошгоҳгача қотиб ухлади. Вақти-вақти билан ўзига келиб кўзларини очарди-да, менга тикилиб қоларди, мени кўрдими, йўқми, билолмасдим ва у яна ҳушини йўқотарди.
Сенинг илк нигоҳинг. У илгари бутунлай ўзгача эди, сира бундай эмасди, жилла қурса, мен ҳеч қачон бунақа нигоҳ ташлаганингни кўрмагандим, боқишларинг қандайдир бир бегона одамнинг меровларча қарашларига ўхшайди. У менинг кўзларимни излаяпти. Ўша онданоқ кўзим билан сени алдадим: “Ҳаммаси жойида”.
Сен жилмайдинг, кўзларинг юмилиб, қўлимни ушладинг. Шу дақиқалардан эътиборан, кутилмаган тарзда, фақат сенинг ёнингда ўзимни хушҳол сезадиган бўлдим. Бизни қуршаб олган зулмат қуюқлашиб борарди, бироқ зоҳиран заррача ўзгармаган қиёфада менинг ёнимдалигинг озгина хотиржамлик бахш этарди. Ўзинг сезмаган ҳолда оғиримни енгил қилардинг – ўзингни хушбахт сезишинг муғамбирлик қилишимга йўл очиб берарди. Мен бир марта бўлса ҳам янглишолмасдим, қолаверса, ҳаммасига қўл силтаб ҳам қўёлмасдим. Мунофиқона ҳаёт кечириш пешонамга ёзилган экан. Одамнинг бошига тушган оғир кулфат уни ҳиссиз ёки бағритош қилиб қўяди, дейишади. Бу нотўғри, мен атрофимдаги одамларни, юз берган воқеалар, нарсаларни, ҳозиргидек юрагимга яқин олмагандим.
Ўша оқшом мен уйга бордим. Болаларимнинг беғубор кулгисини эшитиб шунчалар таъсирландимки, асти қўяверасан, кўнглим бузилиб беихтиёр кўзларимга ёш қалқди, менга нима бўлди, сендан яширган кўз ёшларимни болаларингга ошкора қилмоқчиманми? Бу маъсум болаларни шундоқ ҳам тақдирнинг машъум зарбаси кутаётган бўлса! Нима қилиш керак? Бу масалада ҳам мен ожизман – жавоб беролмайман. Думалоқ стол атрофида сен ўтирадиган стул бўш. Мана бизнинг ётоғимиз. Тўшагимиз. Сен шу тўшакда ётганча жон берасанми? Дарвоқе, қаерда жон беришингнинг нима аҳамияти бор? Мен бир ўзим қоламан. Ҳали буни ўйлаб ҳам кўрмаганман. Ёлғизлик нимадан иборат? Сен ҳеч кимни кўрмайсан, сени ҳеч ким кутмайди. Касалхонага қайтиб бордим. Мени интизор бўлиб кутаётган экансан. Сен ҳали тириксан, эҳтимол, эртага ҳам тирик бўларсан, биз бир-биримизнинг юрагимизда мавж ураётган ҳис-туйғулар пўртанасини кўзларимиз орқали сезамиз. Хаёлимга дафъатан, “фойдаланмоқ” деган бир совуқ, ёқимсиз сўз келди. Қуёшнинг сўнгги нурларидан фойдаланамиз, ҳали имкон борида фойдалансак бўладиган нарсалар… Нақадар палид ва қурумсоқ сўз!
Мен ухлаб қоларсан, деб анча кутдим, сўнг – биринчи марта – ҳолдан тойиб, ўзимни “гуп” этиб ўринга ташладим-да, уйқуга кетдим.
Эртасига барвақт уйғондим. Биринчи қилган ишим, сенинг қандай нафас олаётганингни кузатиш бўлди. Биламан, шундай кун келадики, ҳеч нарса эшитилмайди. Мен ўзимни алдагим келмасди. У ўлади, ўлади, ўлади барибир, бугун бўлмаса эртага, бир ҳафтадан сўнг, деб ўзимга ўзим таъкидлардим. Ёлғондан фойда йўқ барибир. Билиш шарт. Кейин билишингни унутиб, ҳеч нарса бўлмагандек яшайвериш керак. Хаёл фаромуш бўлмаслиги лозим – ўриндан туриш, ювиниб, тишни тозалаб, одатдагидек болаларни мактабга отлантириш керак.
Сен уйқудан уйғонганингда ҳаммаси ўрнига тушади, уйда икковимиздан бошқа ҳеч ким йўқ. Бу ҳол қанча давом этаркан, дея ўйлаб ўтиргим келмади. Бир лаҳза менга бир соатдек туюлар, бир кун эса кўз очиб юмгунча ўтувчи вақтга ўхшарди. Қанча яшаган тақдиримизда ҳам бу вақт мангулик олдида нима деган гап. Бир сония! Ундан ортиқ эмас! Башарият тарихи ғорда яшаган аждодларимиздан тортиб, ҳозирга қадар яшаб келаётган жамики одамлар ҳаётидан иборат. Сен тез орада дунёдан ўтасан, мен эса хиёл кейинроқ орқангдан бораман барибир. Ўшанда занжирнинг битта ҳалқасига айланамиз.

IX

Операциядан кейин беш кун ўтгач, эрталаб палатага санитар кирди ва сенга хонада юриб кўрсатишни сўради. Сен қийналиб ўрнингдан турдинг, мен хонаки пойабзалингни кийдириб қўйдим. Бўйчан бўлганинг учун, шекилли, эгнингдаги халат осилиб турарди. Санитар бир томонга, мен бир томонга ўтиб, сени қўлтиқлаб олдик. У бирон нимани билармиди? Менинг ҳаммасидан хабарим борлигини-чи? Мен ҳеч кимга кўнглимдагини айтмасликка қарор қилдим.
Аввалига боғни томоша қилгани дераза олдига бордик.
– Қишлоқни бирам соғиндимки!.. – дединг сен.
Кўнглингга келган нарсани сезиб, яна тинчгина ётишингга кўндирмоқчи бўлдим, лекин, худди ўйлаганимдек, сен ваннахонага бординг-да, ўзингни тошойнага солдинг. Чироқ нури сени чалғитиши учун бор-будимни беришга тайёр эдим ўшанда! Сен ойнага тикилганча юз-кўзингни синчиклаб кўздан кечирдинг ва эски одатинг бўйича тўзғиган сочларингни бармоқларинг билан тараб қўйдинг. Сўнг олдинга энгашиб ойнадаги аксингга тикилиб қолдинг. Мен шошганимдан сендан олдинроқ гапириб юбордим:
– Ҳали ойнага қараб хурсанд бўлишингга эрта!
– Тўғри айтасан, ҳали эртароқ экан…
– Чунки боядан бери тик оёқдасан, чарчадинг. Ётиб дам олганингдан кейин ўзимнинг кўзгумни бераман. Ана ўшанда кўр, рангинг қизарганини.
Дарҳақиқат, сен ётганингда қон қуйилиб юзинг ўзгарарди, фақат нурсиз, сўник кўзларингни кўриб ташвишга тушардим.
Сен бориб ўрнингга ётдинг.
Бундан ўн беш йил муқаддам биз энди танишиб, бир-биримизга кўнгил қўйган пайтимизда сенга қандай қараган бўлсам ҳозир ҳам шундай – меҳр ва эҳтирос-ла тикилардим. Тавба, назаримда, сени биринчи марта кўраётгандек бўламан. Кўз олдимда қолган содда ва гўзал қилиқларимиз, шу билан бирга сенинг бетакрор кўнгил овлашларинг, илинж билан термилишларинг, дилимга ўт ёққан эркаликларинг яна эсимга тушар ва бир томондан юрагим орзиқиб кетса, иккинчи томондан “бу бошқа такрорланмайди” деган хаёлга йўғрилгани туфайли чўғ бўлиб куяётган юрагимни бир алам тирнар, қонга булғарди. Энди нималар ўтмишга айланди, нималар қайтиб келмайди, менга аён эди. Сен энди ҳеч қачон гулханга ўтин ташламайсан, болаларни азамат елкаларингга ўтқазмайсан. Тўғри, ҳали китоб саҳифаларини қандай варақлашинг, билагимни силаб-сийпалашларинг, мактуб ёзишларингни кўриш бахтига муяссарман. Аммо деярли барча ҳаракатларингда хасталигинг сезилар, вувжудингга оғир дард муҳри босилган эди: хиёл эгилиб, эҳтиёткорлик билан қадам ташлардинг, соқолингни бир эмас, икки-уч қайта қиртишлар, қўлларингга таяниб ўринга ўтирардинг.
О, жонгинам! Наҳотки ўлиминг шунчалар яқинлашиб қолганки, ҳар битта ҳаракатингга сездирмасдан ўзининг машъум тамғасини босишга улгурган бўлса! Йўқ, албатта, йўқ, менга шундай туюлаяпти, холос, ҳамма гапни билганим учун ваҳима қилаяпман чоғи. Кечқурун қандай ётишингга қараб ўтирдим: сен тинчгина ухлар, бироқ бўйнингдаги шоҳтомир қандай ураётгани сезиларди. У кейинчалик ҳам шундай урармикан? Хайрият, ҳали тириксан. Демак, бугунги кун фойдага қолди ҳисоб. Қай аҳволда жон бераркансан? Ўлимнинг шарпасини олдинроқ сезармиканман? Мен ўлим аломатларини илғашга уринаман, аммо билишим гумон, чунки ҳаётимда илк бор у билан юзма-юз келишим. Унинг яқинлашаётганидан огоҳ бўлармиканман? Мен учун сен Сфин­ксга айлангандинг, бироқ қандай жумбоқли саволга тутганингни ўзинг ҳам билмас эдинг. Сен бу ҳақда ўйлаб кўрмагансан, лекин мен жавобни ўзингдан кутгандим. Сенинг овқат ейишингни кўриб, тушунолмас эдим, нима бу, жасоратми, деб ҳайрон бўлардим, демоқчиманки, тезроқ қувватга кириш учун ўзингни бунга мажбур қилармидинг ёки ўлим арафасида ҳам ёшлик сени орқа-олдига қарамай овқатга ташланадиган оч бўрига айлантириб қўйдими?!
Касалхонадан эсон-омон чиқасанми-йўқми, билмайман. Кўпинча оппоқ деворга тикилган кўйи хаёл суриб ўтирганимда, наҳотки айнан шу ерда кунинг битиши тақдирга ёзилган бўлса, деб ўйлаб қоламан. Йўқ, қайтага сен соғая бошлагандек бўлдинг ва кунлардан бир кун эрталаб уйга кетишингиз мумкин, дея эълон қилиб қолишди.
Мен икковимизга тегишли нарсаларни йиғиштириб, жомадонга жойладим. Ҳаво очиқ бўлгани учун дераза ёнида бир қанча вақт томоша қилиб турдик. Мен йиғлоқи аёллардан эмасман. Хона биз бу ерга келган куни қандай бўлса, яна шундай – бефайз, кўнгилсиз бир аҳволга тушди, фақатгина дераза токчасидаги оғиз чайиш учун қўлланиладиган стаканда сўлиёзган гул ўзининг сўнгги дамларини яшамоқда эди. Янги бемор жойлашса бўлади. Нимасини айтай, бу машъум хона биз учун ҳалокат келтирди… Кетар олдидан бироз ётиб, дам олсанг бўларди, дедим сенга раҳм қилиб, бироқ сен бир дунё ишларни режалаштириб қўйгансан, шекилли, биз тез орада бориб жойлашадиган тоғдаги уй ҳақида яна гапириб беришимни илтимос қилдинг.
Уй ўрмон ёқасида, қуёшга қарата қурилган. Сен чанғида учолмаслигинг сабабли ижарага чана олиб, йўрғанинг ҳиди ўтириб қолган чойшабни устимизга ташлаб қўямиз. Қор босган дарахтлар остида сайр қилиб, кўкиш олмахонларни қўлга ўргатамиз. Тахтадан ишланган пешайвонда ўтириб нонушта қиламиз, тушлик ҳам, кечки овқат ҳам ўша ерда ўтади ва оқшомлари қорамтир осмон билан дарахтларнинг қоп-қора учлари заволга юз тутган қуёшнинг қонли бўёқларига чулғаниб товланишини томоша қилиб ўтирамиз. Сен дўхтирнинг кўрсатмасига биноан, оз-оздан кунига олти маҳал овқатланишинг ва офтобда тобланиб даволанишинг лозим эди.
Сен каравотда ўтириб олдинг ва мен кийинишингга кўмаклашдим. Бу ерга кийиб келган костюминг энди хийла катта, лоппа-лойиқ шиминг тушиб кетай дерди. Бўйнинг билан кўйлагинг ёқаси орасига бемалол кафтим сиғарди.
Йўлак бўйлаб кетаётганингда сендан кўз узмасликка ҳаракат қиламан. Сен остонадан ўтгач, бироз тўхтаб турасан, чуқур нафас олиб, кўзинг қисилганча қуёшга қарайсан. Кўз олдимга майдонга чиқаётган буқа келади. Тўрт киши машинага жойлашамиз. Сен олдинга ўтирасан, мен орқадан чиқаман. Сенинг юзинг менга ўнг томондан кўриниб туради. Париж нақадар чиройли – у жасорат ва меҳр маскани. Ҳорғин қувончингга шерик бўлиш ниятида мен йўл-йўлакай борлиққа сенинг кўзларинг билан тикилмоқчи бўламан, бироқ ўсиқ сочларинг тўсиб қўйган ёш қайин ниҳолининг танаси каби нозиккина бўйнинг кўпроқ эътиборимни жалб қилади. У йигирма яшар пайтингда шундай бўлган. Ўшанда, агар ўзингдан кўнглинг тўлмаса, югуриб бориб сўқмоқ чеккасига уйиб қўйилган ўт-ўланни калтак билан тапиллатиб урар эдинг. Кейин бирдан ёнимга келиб елкамдан қучиб олар ва биз бараварига кулиб юборардик. Худо кўрсатмасин, мабодо сендан бир дақиқа бўлсин, илгарироқ кулиб юборсам борми, ўша заҳоти тиришиб олардинг.
Сен ўриндиқ суянчиғига қўлингни ташлаб оласан ва силаб-сийпаб қўйишимни кутасан. Шунчалар озиб-тўзиганинг етмагандек, оппоқ оқариб кетганингни қара! Париж, Париж! Нималар бўляпти, а? Одамлар қаёққа кетишяпти? Нега улар бунчалик ҳовлиқади? Мен йўловчилар билан машиналарнинг жазавага тушгандек елиб-югуришлари, бир сония ҳам чалғимасдан олдинга интилишлари, светофорнинг қизил ва яшил чироқларига ҳамоҳанг тарзда пайдар-пай ҳаракат қилишларига қойил қолардим. Ҳеч нарсани ўйлаш, тасаввур қилиш деган нарса йўқ. Муҳими – тартибни сақлаш, бошқа ҳеч нарса керакмас. Манови йўловчи, эҳтимол, кечқурун ўлиб қолар ёки у хаёлига келтирмаган дардга мубтало бўлгандир?! Ҳечқиси йўқ, нима бўпти! Ўлим ҳақ, у сени ҳар дақиқада олиб кетиши мумкин. Муҳими – бу ҳақда ўйламаслик! Унутиш керак. Сокин оқаётган Сена дарёсининг сувини, қуёш нурларининг кўприкни қоплаганини томоша қилиш керак ундан кўра; ўша ерда туриб хаёл суриш керак, лекин бахт ва бахтсизлик, ўтмиш ва истиқбол ҳақида ўйлаб, бош қотиришнинг ҳожати йўқ. Шу дақиқа билан яшаш лозим.
Бу бизинг сўнгги сафаримиз ва сенинг юрагимизни забт этган, кўнглимиз яйраган маконга сўнгги видолашув ташрифинг эди гўё. Энди ҳеч қачон Париж бўйлаб бирга сайр қилолмаймиз, оқшомлари Бак кўчаси ёки Сен-Мишель майдонидан ўтаётганимизда илгари неча-неча бор туйган қадрдон ерларнинг тафти, тароватини қайтиб биргаликда ҳис қилолмаймиз. Ўша томонлардан қайтиб келаётганда субҳидам жозибаси хотирамда қалқиб, юрагим такрор-такрор изтиробга тўлади. Бонапарт кўчаси орқали Сенага чиқардик, соҳилда намоён бўлган гўзал манзараларни маҳлиё бўлиб, фахр билан томоша қилганларимиз-чи?!
Бу бетакрор лаҳзалар эди, биламан, энди буни ялиниб ҳам такроран уюштириб бўлмайди. Сени олдинда энг сўнгги – мен буни билардим – учрашув кутарди.
Биз бир-биримизни пойгадан кейин қидириб топардик. Ўша учрашувлар биз учун бир дафина эди, улар хуррамлик ва саодат, маънавий бойлик ва мусаффо хаёллар манбаи эди. Бироқ ўша маккор дард буларга зомин бўлди. Шундай дамлар бўлар эдики, охир-оқибат нима қилишимни билолмай, чеҳрангдаги ўзгараётган ва янги пайдо бўлаётган ўлим шарпасини излашга берилардим. Ёноқларинг салқиб ёки оғриқдан юзинг тиришиб кетганида, эсимни еб қўйгандек, ана у келди, унинг жонига човут солаяпти, деб дод солиб ёки уввос солиб юборишимга сал қоларди, агар ўзингни бардам сезиб, кайфиятинг кўтарилса, хурсанд бўлиш ўрнига саросимага тушардим, ўлимдан олдин одам ўзини бир енгил, ҳатто хушҳол сезади, буни бекорга айтишмаган, деб адойи-тамом бўлардим. Охири ҳеч қандай ёрдам беролмаслигимни фаҳмлагач, буни ўйламасликка ҳаракат қилардим. Фақат ёнингда сўнгги дамларгача турсам бўлди… Ўша машинада бирга кетаётган пайтимизни эсласам, сенинг қўлларингдан ўтаётган ҳарорат боларининг игнасидек таъсир қилганмиди ёки капалак қаноти сингарими, деб ўйлайвериб, нохуш хаёллардан қутулолмайман. Бир ойдан кейин эса, эҳтимол, ўзимни ўшанда дўзахнинг сақар қатламига тушиб қолгандек сезганим учунми, ўша лаҳзалардаги ҳаётим учун ҳозир етти иқлим бож-хирожини берган бўлардим, шекилли.
Сен зинадан ўзинг кўтарилмоқчи бўласан. Мен монелик қилмай ортингдан бораман. Охирги марта зинадан чиқаётганингни билганим учун қаршилик қилмай кўнглингга қарайман. Илгари эса иккита зинани битта қилиб, бесас ирғиб чиқардинг. Эшик тақиллагач, зинада ҳукм сурган жимжитлик сенинг қайтиб келганингдан огоҳ этарди. Бир сония ўтиб, эшикка ўрнатилган қулфларга суқилган калитнинг шиқиллагани эшитиларди.
Ўша куни эҳтиёт шарт ортингдан чиқиб бораяпман-у, қўшнилардан битта-яримтаси рўпара келиб қолмасин-да, деб ич-ичимдан Худога илтижо қилардим. Озиб-тўзиб бир аҳволга келиб қолган заҳил юзингни биров кўрмасин, дердим, сен суяниб аранг кўтарилаётган зинапоя панжараси қиёфангни дам очиб, дам тўсиб қўярди. Юқорига ҳарсиллаб чиқаётганингда ёноқларинг бўртиб-бўртиб кетарди. Биз гўё қиёмат минорасига кўтарилиб борардик. Зинапоянинг бунақа баландлигини ҳеч пайқамаган эканман, бамисли унинг охири йўқдек туюларди.
Уйга киргач, дуч келган стулга ўтирдинг. Бошинг қуйи солинган, кўзларинг тиззангда беҳол шалвираган қўлларингга қадалган. Бирдан икковимиз никоҳ узуги бармоғингга анчайин катта келиб қолганини сездик; уни ечиб шимингга ишқаб-ишқаб, сўнг чуқурроқ тақиб олдинг.
Ётоқхонамизнинг гулхонадан фарқи йўқ эди, лекин гуллар ҳозир кўзларимни қувонтиролмасди. Яқин кунлар ичида бунақа гуллар қучоқ-қучоқ, гулчамбар ёки гулдаста сифатида келади. Сен гулларга кўмилиб ёшгина ўлиб кетасан.

Х

Иккимиз болаларимизнинг биринчи қадамларини яширинча кузатиб турганларимиз ҳамон эсимда. Ҳозир сен ичингда ўлим куртагини олиб юрганингдек, ўша пайтда мен қорнимда ҳаёт чечагини кўтариб юрардим.
Қиш тонги. Мен сен билан боламиз ўртасида ухлаб ётардим. Нақадар фароғатли, ҳузурбахш дамлар! Мен бамисли шиша идишчага ўхшардим, зоҳиран мўрт туюлгани билан ботинда бебаҳо бойликни сақлаб келаяпман, шу лаҳзаларда ташқи кўринишга эмас, ички оламнинг қадрига етмоқ лозим, бу мукаммал оламнинг меҳварида, митти юрагим остида яна бир олам вужудга келаётган эди. Ҳаммаси бир-бирига боғлиқ, бу иккимизнинг шарофатимиз ва айни чоғда бахтимиздир. Бахтсизлик ва ўлим – жуда олис-олисдаги, хаёлий бир нарса, бир кун келиб улар бизни ғафлатда қолдиришига қарамай, барибир шу бугунги уйғунликка путур етказолмайди.
Бугунги кун мен учун ўта оғир, уни ҳаётда шундай аҳволга тушган одамгина ҳис қилиши мумкин. Биз ўлим ҳақида гаплашиб қолганларимизда, мен энг яқин кишингдан айрилиш оғир деб ўйлардим: ҳозир эса, бунга шубҳа қиламан, ҳақиқатни топишга минг уринганим билан, излашга чек қўёлмайман, чунки ўзга бир хулоса чиқармай иложим йўқ. Баҳор ҳавоси бўғзимга тиқилиб, болаларимни эсон-омон кўрсам, ҳар сафар ҳаёт нафасидан баҳраманд бўлиб, сени бир неча сония унутиб бўлса-да, лаззатлансам – чунки сен бунинг учун вақт қолдирмайсан – биламанки, икковимиздан биримиз, яъни, сен қурбон бўлгансан. Бироқ бошимга мусибат тушиб, ҳаётимни зулмат чулғаганда англадим, ўлим, бу – энг даҳшатлиси эмас, деб ҳисоблаганларимиз тўғри экан. Яқин кишингдан жудо бўлиш ҳақиқий фожиа. Мен девона бўлиб қолгандекман, дам сайин айтган фикримга қарши боравераман, тўғри деб билган нарсаларимнинг ҳаммаси омонат, нотўғри, мантиқсиз бўлиб чиқаверади. Сендан жудо бўлганимга ҳам чидашга розиман, ҳам тоқат қилолмайман, деб қўрқаман. Ғам ҳаддан зиёд кучайиб, инсон бардоши кўтаролмайдиган даражага етганда, ундан қутулишнинг иложини тополмай, қийналиб кетганларимда таскин-тасалли излаб қоламан. Бироқ нафасимни ростлаб олиш ва руҳий азоблардан бироз бўлсада халос бўлиш учун ўзимга имкон берсам, тамом, сени унутиб қўйишдан, омонатгина ҳаловат илинжида ва ҳаётга нисбатан юрагимда беихтиёр мавж урган муҳаббатни деб, сен билан кечган сўнгги кунлар хотирамдан ўчиб кетишидан қўрқардим.
Бу ҳол узоқ давом этса керак. Бунга бардошим етади. Аммо баъзан ҳаддан зиёд толиққанимни сезиб қоламан, ўзингни ўйласанг-чи, ўлган ўлди, сен тириксан, яшашинг керак, дея шайтон васваса қилади. Шундай лаҳзаларда замин бағрида ором олиб, суғурга ўхшаб уйқуга кетсам ёки ҳайкалдек яшасам ҳам чўчимайман.
Касалхонадан чиққанимизнинг эртасига сен жуда кеч уйғондинг. “Шунчалар ҳам чарчабманки!..” – дединг менга. Тушунарли, бежиз эмас, деб жавоб қилдим, зинадан чиқиш оғир келган юрагингга, энди кўпроқ ётиб дам олишингга тўғри келади. Биз қимир этмай, аҳён-аҳён сўз қотиб, каравотда ёнма-ён ётар эдик. Ҳар ким ўз хаёли билан банд эди. Назаримда, хаёлларимиз тутун каби бошимизда айланиб юрар, ўзаро қўшилиб кетмай, ўз ҳолича қанот қоқарди. Биз сен яхши кўрган анданте куйини тинглар эдик. Фақатгина мусиқа одам қалбига шунақа ҳаяжон солар, осуда кайфият бахш этиб, юракда соғинч туйғуларини уйғотар, безовта қилар ва сокин хаёллар суришга чорлар эди. Сенинг бир оғиз “Бирам чарчадимки!..” деганинг юрагимнинг бир маромда уришига путур етказган бўлса, бу мусиқа яна ўз ҳолига қайтарарди.
Фақат ваҳима қилмаслик лозим, зеро, бу нарса, боя дўхтир ҳам айтганидек, зинапоядан кўтарилганинг сабабли юзага келган толиқиш эди; тез орада юзингга қизиллик югуради, егулик сўрайсан, балки ўрнингдан туриб каравотда ўтирарсан. Шунда мангуликдан яна бир кунни тортиб олган бўлардинг. Бироқ бунақа узоқ режалар тузиб, умидвор кутиб юрмаслик лозим, билъакс, ҳозир, тушликдан кейин қилинажак ишлар ҳақида ўйлаган, имкониятга яраша мўлжал қилган маъқул ёки аксинча, дунёга юксакликдан назар солиш керак, худди мана шу, мен тинглаётган ва ҳаёт тинимсиз ҳаракатдан иборат оламда барча нарсалар ўзгаради, аммо меҳр-муҳаббат ўлимга эргашиб кетмаслиги керак, деб таъкидланаётган қўшиқ каби жуда баланд фикрлар билан яшамоғи даркор одамзод. Бироқ озгина енгил тортсам, бас, бутун вужудим шу хулосага қарши исён кўтарарди. Шундай қилиш осон бўлса керак. Мен шу заминдаман, соғлом, бақувватман, ёз фаслидан умидворман, фаразандларимизнинг ўсиб-улғайишининг шоҳиди бўламан. Ўлимни қай аҳволда кутиб оларканман? Тўғрисини айтсам, илк бор ҳаётим хавф остида қолган пайтда, менга ўлим қўрқинчли туюлмаганди, негаки ўт билан ўйнашганим учун ўлимнинг ўзи эмас, бор-йўғи унинг ваҳимаси тажовуз қилган эди. Аммо қай бири енгилроқ – ўзингнинг ўлишингми ёки қадрдон кишингдан айрилишми? Билмадим. Бу сафарги вазиятни ҳеч нимага қиёслаб бўлмасди. Агарда сенинг омон қолишинг учун якка-ю ягона имкониятинг бўлганда эди, сен билан, энг аввало, ўша ҳақида маслаҳатлашар, имконсиз ишни қилишга уриниб кўрар, пировардида, ким билади яна, туйқус бирон натижага эришиб қолармидик? “Мутлақо умид йўқ”, – дейишганди шифокорлар, ҳарқалай, мен шундай эканини англаб етгандим.
Башарти, агар сендан қандай ҳаётни танлаган бўлардинг, гўзал, лекин жуда қисқа давом этувчи ҳаётними ё узоқ, аммо нурсиз ўтадиган умрними, деб сўрашганда, ишончим комилки, иккиланиб ўтирмай биринчисини танлардинг. Нега бунақа, деган савол туғилиши табиий. Афтидан, ер юзидаги барча одамлар икки тоифага бўлинади, сен ҳаёти ёз оқшомида ёрқин нур сочиб, тез сўнадиган учар юлдуздек ўтишини истайдиганлар тоифасига мансуб эдинг.

ХI

Дераза ортида ҳаёт бир маромда давом этарди. Дарпардани суриб қўйиб кўча билан ҳовлидаги ҳаётни томоша қилиб турардим, у энди бутунлай ўзгача эди. Ҳаммаси ўзгарган, илгариги ҳаётдан мутлақо фарқ қиларди. Худди мен биринчи марта эшитаётгандек кўчадаги овозлар мени ажаблантирар, одамларнинг кулгиси бамисли бошқа оламдан келаётгандек бўлар, ҳар куни эрталаб судраб ўтишадиган чиқинди яшикларининг ғижирлаши қатлга тайёргарлик кўрилаётган пайтдаги товушларни эслатарди менга. Ўлимга маҳкум қилинган ҳар куни эрталаб мен учун гильотина қурилмаяптими деб хавотирга тушади, шекилли. Лекин, сен тонгга яқин қаттиқ ухлаб ётардинг, мен эса уйғониб кетар ва ожизлигимдан ич-этимни еб ўтирардим. Ҳозирги тақдиримга қараб эртанги кунимдан ноумид бўлардим. Ухлаб ухлаёлмасдим, ўрнимни тарк этиб туриб кетолмасдим. Мени қувонтирадиган ягона нарса – оппоқ ёстиқ узра тўкилиб ётган толалар орқали таниш бўлиб кетган сенинг сочларинг, яна қадрдон вужудинг. Сен оламдан ўтган кунинг эрталаб ҳам вужудинг ҳароратини туйган эдим. Дарвоқе, сен тинчгина ухлаётганингда, дард сўнгги ҳамлага тайёрланаётган экан. Мен эшикни ёпиб, чиқиб кетаётганда сени охирги марта кўраётганимга шубҳа ҳам қилмагандим. Тушга яқин сени ўтган замонда эслаша бошлайди. У яхши кўрар эди, у шуни хоҳларди, у меҳнат қиларди, у хавотир оларди ва ҳоказо. Ўтган замон –ажалга тегишли замон. Билмадим, ким биринчи бўлиб тилга олди уни – дўхтирларми, етиб келган дўстларми ёки ўзимми? Эҳтимол, ўзимдир.
Сен хушқомат, гўзал йигит эдинг; сўнгги бор нурафшон балқиб ётардинг, эртага эса бошқача қиёфа касб этган бўласан. Тўғри, бу ётган жасадда энди сен йўқлигингни билсам-да, қандайдир куч ўша тарафга чорлар эди. Мен ҳали сенга тўйиб боқишим, қўлларингдан узоқ ушлашим ва бетингни меҳр билан силашим мумкин эди. Эртага шундан ҳам маҳрум бўламан. Сен унда тобутда ётган бўласан. Тоабад яшириниб ётасан. Икки кун ўтгач, ортингдан бораман, учинчи кун эса умрбод ажраламиз. Бахтиёр яшаётганимиздан кейин йигирма кун ҳам ўтмабди, мана, оқибат ҳаммаси тугади.
Мен сенсиз яшашга кўника олармиканман? Ҳолбуки, оғирига – вафот этганингга кўникдимми, вақт ўтгач, сенсиз яшашга ҳам ўргансам керак, фақат бу жараён узоқроқ чўзилади, шекилли. Хуллас, энди ҳар куни эрта билан биров миямга буров солиб пармалаб уйғотмайди ёки сенинг ўлимингни такрор ва такрор ёдимга солиш учун сирена овози чинқириб уйқумни бузмайди. Мен яна об-ҳаво, ўқиган китобларим ҳақида ўйлай бошладим, бугун қиладиган ишларимни режалаштирадиган бўлдим. Мана, бир неча ойдан буён сендан бошқа нарсалар ҳақида қизиқиб ўйлай бошладимми, шу халос бўлганимни билдиради.
Шунга қарамай, ҳар куни, эрта-ю кеч танҳолик чангалида асира эканимни сезиб яшайман. Бу оғир. Одам эсдан оғиб қолиши мумкин. Бирон ерга чиқиб келмоқчи бўлсам, кечқурун чироқни ўчирмай кетаман. Қайтиб келаётганимда парда ортидан чироқнинг сарғиш шуъласини пайқаб, усталигимга қойил қолиб кулимсираб қўяман, бироқ соддаликни қарангки, уйга кирган заҳоти, бир лаҳза ўтар-ўтмай яна ўша ёлғизлик домига тушаман. Ўзимни чалғитиш учун жавон эшикларини очиб-ёпаман, ҳеч бир сабабсиз шиша идишларнинг ўрнини алмаштираман, жўмракни охирига қадар бураб, шариллатиб сув оқизиб қўяман, бироқ сенсиз, оғир сукунатнинг аёвсиз кишанларидан қутулолмайман. Бир вақтлар сукунат овозини тингласам дердим, йўқ, шарт эмас экан, гоҳида у риёкорга айланар ва занг темирни чиритганидек, одамнинг асабини емирар экан. Битта ожизона чораси – ухлаш, фақатгина уйқу, вақтинчалик бўлсин, унинг зулмидан халос қилади ва қолаверса, сенинг йўқлигингни озгина муҳлат унутишга ёрдам беради.
Мен сенинг қиёфангни хаёлимда тиклашга уринаман ва уни йўқотиб қўймаслик учун ўтган кунларни кўз олдимга келтираман. Кейин ётоғимиздаги икковимизга манзур ва қадрли бўлиб қолган буюмлардан кўз узолмайман, охири сенинг изларингни излаб, зулмат қаъридан чиқиб келишингни зориқиб кутаман ва сен секин-аста ёруғ оламга қайтасан. Афсус, минг афсус, бу нуқул хотирада содир бўлади. Ётоғимиз деворида биз учун табаррук бўлиб қолган бир жой бор: ўша ерга доим бир пайтда нур тушиб туради. Бир кун эрталаб, ўлишингдан уч кун аввал, қуёш чиқди, ўшангача уч-тўрт кун тинмай ёмғир ёғиб, безор қилиб юборганди. Мен дарпардани суриб қўйдим, шунда сен: “Одамнинг юзига қуёш нури тушиб турса, ҳузурли экан”, – дединг. Мен нур кўп ва узоқроқ тушиб турсин учун, каравотни ўша томонга озгина суриб қўйдим. Сен бир дақиқа кўзларингни юмиб олдинг ва: “Нақадар яхши”, дея шивирладинг.
Вақт секин ўтарди. Мен сенга топ-тоза кийимларингни келтириб бердим, сен унинг орасидан кўкиш пижамангни ажратиб олдинг. Қуёш нури энди сенинг юзингдан деворга ўтганди. Ундан охирги марта баҳраманд бўлишинг эди. Эртасига яна шаррос ёмғир ёғди, индинига ҳам тинмади, кейинги кун эрталаб сен вафот этдинг. Мен бу ноябрь қуёшининг рангини сира унутмайман. Унинг юз-кўзингни эркалагандек пайпаслаганлари, сўнг аста қочиб деворга тушгани хотирамдан ўчмайди. Ҳатто қуёш ҳам сенга хоинлик қилди. Сен жанг майдонида ёлғиз қолдинг.
Сўнгги ёзни сен билан бирга ўтказган эдик. Ҳаво нақадар ажойиб эди-я ўшанда. Қанчадан-қанча режалар тузиб қўйгандик. Орзуларимиз-чи, бир дунё эди.
Биз беғам-беташвиш яшар эдик. Доимий ҳамдамимиз – қуёш ва шамолга қараб кун тартибини белгилаб олардик. Кундан куннинг фарқи йўқ, ҳеч қандай кутилмаган воқеа юз бермас, ҳаётимизнинг бу қадар пурғам ва осуда эканидан бошимиз кўкка етарди. Ҳар жиҳатдан кўнглимиз тўқ, буни таърифлашга сўз тополмайман. Бизга бунчалар хуррамлик ато этилгани ҳақида ўйлаб ҳам ўтирмас эдик. Парвоз қилаётган қуш учиш бахтига муяссар бўлиш нимадан иборат эканини ҳис қиладими?
Биз қумлоқда кўз юмганча соатлаб ётардик, денгиз тўлқинларининг шовқини аранг қулоғимизга чалинар, ҳароратли вужудимизни шўртаккина сарин шамол ялаб-юлқигандек бўларди. Исиб кетган пайтимизда, денгизга қараб югурардик, осмон билан денгиз орасидаги уйғунликка путур етмаслиги учун долғали тўлқинлар ортга қайтишини кутиб, сўнг ҳузурбахш сувга тушардик.
Қоқ тушдан кейин қуёш уйимиздан ўтиб, тепалик ёнбағрини ёритаётган маҳал, сен шу бугун, уч-тўрт соат илгари кашф этган жойларда сайр қилиш учун борардик. Биз у ердан қайин ёнғоқларидан териб қайтардик, баъзан тошбақа тутиб олардик, уни кўрган болалар қанчалар қувонарди-я! Деярли ҳар куни қуёш нурларини қайин дарахтларининг шохларидан, кейин ишкомлар устидан йиғиштириб олиши ва охири тепалик ортига яширинишини томоша қилиб ўтирардик. Кўпинча болаларни ҳам бирга олиб борардик. Агар ёлғиз қолишни истасак, аста хуфиёна қочиб қолиш пайида бўлар, баъзан бунинг уддасидан чиқолмас, икки нафар жажжи болаларнинг тепалик ёнбағридан тушиб, биз томонга келаётганини кўриб хохолаб кулиб юборардик. Улар етиб келиб нафасларини ростлаб олгач, албатта, эртак айтиб беришимизни сўрашарди. Баъзан эса жавоб топиш қийин саволларга тутишарди: “Нега қуёш ҳар куни битта чизиқ бўйлаб ўтади?” Кейин теварак-атрофни эгаллаб олган гўзалликка шунчалик маҳлиё бўлиб қолишардики, оқибат, биз уларнинг бидирлашлари, эртак айтиб беринглар, деб хархаша қилишларидан қутулардик. Улар ҳам бизга ўхшаб бундай улуғвор манзара – қуёш заволга юз тутишига мафтун бўлиб жим қолишарди.
– Агар у бошқа қайтиб келмаса-чи? – деб сўраб қоларди улардан бири.
Биз уларга ётиғи билан, эртага барвақт, ухлаб ётганларингда қуёш яна қайта чиқади ва шу ўтирган жойимизни яна ёритади, деб тушунтиришга ҳаракат қилардик.
– У кечаси билан тинмас экан-да?
– Ҳа, у ҳеч қачон тўхтаб қолмайди, шунинг учун бизда қоронғи бўлса, бошқа ерда ёруғ бўлади.
Болалар билан гаплашишдан кўра қийинроқ иш йўқ, асли. Улар ҳамма нарсани билгилари келганидан, жуда ваҳимали саволлар бериб, нарсаларнинг моҳиятига етишга интиладилар. Биз улар билан ўлим ҳақида тез-тез суҳбатлашиб турардик. Ўшанда кўп ўтмай ўлим уларнинг турмушига чанг солишини хаёлимизга ҳам келтирмагандик. “У ўлган, буниси ухлаяпти”, – дейишарди улар, бемалол жонсиз чигиртка ёки калтакесак инининг ёнига бориб олиб. Нима бўпти – ҳеч нарса. Бироқ кўп ўтмай ҳамма нарса остин-устун бўлиб кетди.
Бир неча ойдан кейин, улар “ҳеч қачон қайтиб келмайди”, деган гапнинг маъносини тушуниб етишди, каттаси, кўпроқ қийналгани менга гапириб қолди:
– Демак, дадамиз ўлган бўлса, бошқа дада олиб келинг, лекин худди ўшанақа бўлсин.
Мен бир нималар деб тушунтиришга уриниб, меҳр-муҳаббатнинг барҳаётлиги ҳақида гапирдим.
– Аммо ўлган одамни яхши кўриб бўлмайди, чунки уни қайтиб кўрмайсиз, – деди тушуниксиз гапларимга жавобан ўша бола. – Дадам ҳозир қаерда? Бизни кўраяптими?
– Менимча, йўқ, кўрмаяпти. Лекин биз уни хотирамиз орқали кўришимиз мумкин.
– Унинг кўзи билан лаби менга ўтган-а, тўғрими? – деди у ғурур билан.
– Менга эса, унинг юриши ўтган.
– Тўғри, шунақа.
– Уни қаерга кўмдингиз?
Мен тепаликка, деб жавоб бердим, мозорга дейишга тилим бормади. Тепаликка… Иложи бўлса, мен сени чиндан ҳам тепаликка дафн этардим: тобутсиз, бир ўзингни биз айланиб юришни яхши кўрадиган ердаги бирон-бир дарахт остига кўмардим. Дафн маросимларимиз намунча ғамгин, сохта, ғайритабиий ўтади-а? Мен болаларимиз сени тирик пайтингда қандоқ бўлсанг, ўшандай эсласинлар, ҳеч қачон хазон япроғидек чириб кетишингни билмасинлар, деб қайғураман. Шу хаёл бир неча ой давомида мени қон қақшатиб келди. Сендек кўркам, ёқимли, хушқомат одам бедаво бўлиб қайтишингни тасаввур ҳам қилолмасдим. Ўзимни ҳар қанча овутганим, кимёвий моддаларнинг таъсирида одам жисми ўзгаради, деб ўйлаганим билан тинчиёлмайман. Ҳолбуки, энг асосийси бу эмас-ку, муҳими, шуларни билмай ўтганинг.
Мен улар сени қандай бўлсанг, шундайлигингча яхши кўриб эслашларини хоҳлардим, дедим. Улар сени қанақа бўлган, деб эслашаркан, ўзи? Аммо бир воқеани бот-бот ёдга олишади, ваҳоланки, уни болаларга қачон айтиб берганимни ҳам эслолмайман. Айтишлари бўйича, ўшанда сен бир қулоч келадиган илонни ўлдирган экансан. Аввалига унчалик аҳамият беришмаган экан, бироқ кейин, уйимиз олдида айланиб юрганимизда, баҳайбат бир махлуқни яксон қилган экансан, шу уларнинг хотирасида қолган! Улар учун сен мардлик ва абжирлик тимсолисан, мен сайр пайтида рўй берган янаям қизиқарли бошқа воқеаларни айтиб берсам дейман, аммо улар охирида яна ўша кўрганларини ҳикоя қила бошлашади.
Улар сени қўмсашади, сен ҳақингда ўйлашади, сен ҳақингда кўп гаплашадилар, ёдларида қолган манзараларга фотосуратлар, сен ҳақингдаги ҳикоялар орқали вужудга келган элас-элас хотираларни қўшиб, ўзлари учун яхлит сиймонгни яратиб олишган, мен баъзан шуларни хаёлан кузатаман, уларни бирдан ларзага солган арзимас нарсаларга маҳлиё бўлишаётганини кўриб, мурғак тасаввур эгаларини нима алғов-далғов қилиб юборганини билиш умидида суҳбатлар қураман. Шунда бир нарсани аниқ сездимки, улар сенсиз ўзлигини тополмайди.
Уларнинг сенга нақадар ўхшашлигини кўриб мутаассир бўламан ва кўнглим эзилади, баъзан алам, хўрлик, зориққан туйғулар томирларимда эврилиб, кўз ёшлари ҳосил бўлаётганини сезиб қоламан. Етимлик нималигини ҳозирча ҳис қилишмаяпти, лекин улғайгач ҳам билмай қолишлари учун нима қилишим лозимлиги ҳақида хаёлга толаман. Фақат менинг эмас, ўксик дунёнинг зор-зор фиғонлари ҳам бу шум, аянчли ва бадбахт тақдирдан қутулишга ёрдам беролмаслигидан юрагим юмшаб осмонга қарайман. Осмон узоқ. Илтижо амр-фармонга ўхшамас.
Сенинг ҳаётингни бошидан охиригача хаёлан тиклашга уринаман ва сени ҳали танимаган пайтимда қандай бўлганингни тасаввуримда яратаман. Болаларимизнинг феъл-атвори, хулқини ўсмир ёшингдаги қиёфангга менгзаб, шу орқали сени янада яхшироқ билиб оламан.

XII

Ўша куни тонг отар-отмас эшикни ланг очиб қўйишди. Ярим кун сенинг ортингдан қолмадим. Йўллар, дарахтлар, биз ёнидан елиб ўтган машиналардан кўз узмасдим, шунинг учунми, фақат шулар ёдимда қолди. Ортиқ ҳеч нарсани эслолмайман. Ҳатто Лиондан ўтганимиздан кейин Жанубий йўлда яккам-дуккам учрай бошлаган маҳзун сарв дарахтлари ва чинорлар қуршаган фаввораларни пайқамадим ҳам. Жанубда осмон бошқача тусда товланади ва ҳатто ёғаётган ёмғир ҳам ўзгача туюлади, шамол эса шиддатли эсади. Авваллари бундай ўзгаришга ажабланардик.
Бу аҳмоқона пойганинг майда-чуйда тафсилоти ҳалигача ёдимдан кетмайди. Тобут ортилган қора машина ёнилғи қуйиш шохобчаси ёнида тўхтади, унинг орқасидан эргашиб биз ҳам тўхтадик, бу бемаъниликдан бошқа нарса эмасди. Аммо сенинг бир ўзингни ташлаб кетолмаймиз, чунки руҳинг аллақачон биздан олисда бўлса ҳам, баданингда узоқ давом этадиган ириш бошланиши мумкин эди. Кечқурун биз тунагани меҳмонхонага жойлашдик. Сен гаражда қолдинг. Мен кириб ухлашга кўнглим бўлмай, ўша атрофда юрдим: дам гулчамбарни ушлаб кўраман, дам тобутинг устига ёпилган қора матони силайман, машина кузовини пайпаслайман. Мен анчагача унинг, аслида эса сенинг тегрангда гирдикапалак бўламан. Бу, ахир, куракда турмайдиган иш-ку: сен гаражда бўлсанг, мен тепада, иссиққина ўринда ётсам ёки сен машиналар тўхтаган ерда қолсанг-да, мен нонушта қилсам, шуям инсофданми?! Мен ердим, ичардим, аза тутиб йиғлашни эса истамасдим. На эрталабки ҳаёт, на икки кундан бери қорасини кўрмаган болаларим эсимга келарди, улар кейин айтиб беришади ўртоқлари билан мириқиб ўйнаб юришганларини.
Иккинчи куни қабристонга етиб бордик. Ана у ерда, ҳарқалай, бироз ўзимга келдим. Эсимда, тобут устига гуллар тўпирлаб тушди, бу товуш қулоғим остидан ҳалигача кетмайди, кейин – белкураклар билан ташланган нам тупроқ худди юмшоқ гиламга тўкилган шағалга ўхшарди, охири тобут тупроқ остида кўринмай қолаёзган чоғда ижро этилган пастгина мусиқа садоларини сира унутолмасам керак. Кейин ҳамма нари кетгач, дунёда ёлғиз иккимиз қолдик – сен дафн этилганча қабрда, мен эса – мозоринг тепасида. Нигоҳим ёғоч ва қўрғошин оралаб ўтишга ҳаракат қиларди. Мен шу дамларда дунёнинг бутун бойликларидан – ҳа, ҳа, жамики бойликлардан! – воз кечишга тайёр эдим, бирдан акса уриб, лаҳаддан тириклайин чиқиб келсанг-у, сен билан иккимиз ёқтирган тепалик бўйлаб сайр қилсак ёки жимгина денгиз сари юзланиб турсак, бас, кўп эмас, атиги ўн дақиқа, кейин, майли, ўлим абадулабад бағрига олса ҳам розиман, майли, азоб берсин – нима қилса қилсин, фақат сени бир бор кўриб қолсам бўлгани.
Ўшанда ҳаётда биринчи марта иложи йўқ нарсани тилашим эди. Кейинчалик болаларимиздан бири ўтиниб сўрайди мендан: “Ойи, ахир, қўлингиздан келмайдиган иш йўқ-ку дунёда, шундай қилингки, отам бир кун келиб биз билан бўлсин, фақат бир кунгина; байрам уюштирамиз, ақлли, одобли бола бўлиб ўтирамиз ёнида. Отам биздан рози бўлиб кетади”. Бу менинг ихтиёримда эмаслигини бир амаллаб тушунтиришга мажбур бўлдим, мурғаккина боланинг “энди ҳеч қачон” деган даҳшатли сўзларнинг маъносини ўзимга ўхшаб тушунишни истамаётганлиги сезилиб турарди.
Ҳаёт менга вафо қилмади, жафо қилди, вафо қилмаса қилмасин, жафо қилмаса бўларди-ку! Боз устига, икки ўт орасида қийнаб, ҳол-жонимга қўймасди: “Хоҳ ўл, хоҳ қол”, – дерди у, мен беихтиёр сурат бўлиб қотардим – емай-ичмай, тириклайин ўз ёғингда қовурилиб юрасан, ўз ғамингни кўз-кўз қилишни намунча яхши кўрмасанг! Ҳаёт мени айбламоқчи бўларди. Мен қўрқоқ ҳам, ботир ҳам эмасман. Болаларимизга суяниб юрардим, улар ёнимда бўлишса, ўзимни қўлга олишдан ўзга чора тополмасдим, уларнинг ёшлиги туфайли худди сенга ўхшаб кўп нарсалардан бехабарлиги жонимга оро кирарди, холос. Менинг қуруқ сохт-сумбатим қолганди. Тирик мурдага айланиш нима эканлигини ҳис қилдим. Жонимдан тўйиб кетганим, хаёлан, руҳсиз, ночор бир аҳволда, мени ёнингга олиб кет, дея астойдил нола қилганларимни маъсум болаларимизга қандай айтаман! Қотиб ухлаш, ҳушдан кетиш, тун оғушига ғарқ бўлиш… Мана, нажот йўлларидаги белгилар! Бироқ кўзларимни юмдим дегунча киприкларим тагида кўзни олувчи, ярқираган олов чирсиллаб отиларди-ю, сесканиб ўрнимдан туриб кетардим. Сени деб шу кўйга тушдим, сенинг қиёфанг кўз олдимдан кетмайди, нафас ололмайман, заррача яшашга имкон бермайди, ҳамма кўргиликларимнинг сабаби – сенинг ўлиминг. Мен сенинг хаёлларинг билан тирикман. Тирик мурдаман.
Ҳали мусиқа тинглашга ботинолмайман, чунки у ҳозирги ҳолатимдан халос қилгани билан, юрагимни жароҳатлайдиган дунёга элтади, мен эса ўша дунёда яшашга қўрқаман. Ҳамма нарсадан кўнглим қолиб кетганди, ўзим ҳам билмасдим эртага нима бўлишимни, гирдоб қаърига ғарқ бўламанми ёки ҳаловат топаманми? Қоронғи тунга лаънатлар ўқисам-да, ундан қочиб қутулолмасдим.

XIII

Биринчи марта ҳали умид бор, дея қачон ўйлагандим – сира эслолмайман. Ниманинг таъсирида шу фикр миямга келган? Кўнглимга ҳаёт завқини солган гўдакнинг беғубор кулгиси туфайлими ёки ўзим истамаган ерда кўзим тушиб қолган мунгли нигоҳ сабаблими? Ёки бу жавобгарлик ҳиссидан туғилдими? Ё бўлмаса оддийгина ҳаёт талаби кучлилик қилдими? Ҳақиқатнинг қирралари шунчалар кўпки, оёқларим остида яна заминни ҳис қилишимга айнан нима сабаб бўлганини айтиб беришга ожизлик қиламан. Иттифоқо, бир пайтлар алам ва умидсизлик билан оғзимдан чиққан: “Менинг ёлғиз сохт-сумбатим қолган”, деган даъводан уяла бошлаяпман. Чунки тирик одам сифатида бутун жисмим-вужудим ўз талабларини намоён этмоқда. Бугунга қадар ҳаётим фақат тушкунлик оғушида ўтаяпти. Бунга чидаш учун метин ирода, бардош керак. Мен, ахир, темир эмасман. Ана шу хаёллар ҳаётим яна изга туша бошлаганидан огоҳ этмоқда эди.
Эсимда, бир оқшом қандайдир китобни варақлаб ўтирардим, бирдан сен билан бир неча бор бирга томоша қилган ҳайкал расмига кўзим тушди. Ҳайкалтарош аёл жуссасини тасвирлаганди. Ҳам гўзал, ҳам фикр юритишга озуқа беради. Бамисли вужуднинг ўз устуворлигини намоён этиш учун талпиниши акс этганди. Аёл гавдаси гўё унинг руҳидан кам эмаслигини кўрсатишни истаган-у, шуни исботлаш илинжида фалакка талпинаяпти. Ўзим ҳам ҳайкалдек қотиб қолдим, аёл тасвири шундай таъсир қилганди менга, китобнинг ўша саҳифасини варақлашга қўлим бормади. Ўтмиш ҳаётим яна кўз олдимдан лип-лип ўта бошлади, мен ниҳояси йўқ, узундан-узоқ фильм томоша қилаётгандек, зафар сурурини тинглаётгандек бўлдим – бу туйғуларнинг бари бир пайтлар, ноябрь ойининг машъум бир кунида яксон қилиб ташланган эди. Мен ботқоқдан соғ-саломат чиқиб келаётганга ўхшардим. Хонада ёлғизман, лекин кўнглимда ҳаётга муҳаббат чечаклари гулламоқда эди. Яна ҳаётнинг жўшқин оқимида суза бошлаяпман, шекилли. Гўзаллик ва нафосатдан завқланиш туйғусидан баҳраманд бўла бошлаганимни фаҳмладим.
Сен хасталик пайтингда тез-тез боришга тўғри келадиган Сен-Сюльпис майдонини иложи борича айланиб ўтардим. Ўшанда бир куни эрталаб черков ёнидаги қулай ерда жойлашган дафн маросими учун зарур буюмлар дўкони эътиборимни жалб этди. Витринага тантанали дафн маросимида олинган суратлар, атрофи гир айлана улкан шамлар ўрнатилган баҳайбат тобутлар акс эттирилган расмлар илиб қўйилган экан. Лоп этиб миямга сенга зарур нарсалар учун ҳам шу ерга келишса керак деган фикр келди. Ўша ердан тезроқ кетишга шошилмасам-да, юрагим чунонам дукилладики, кафтларимни тер босди. Ўша пайтда ягона истагим – сени тирик кўриш эди. Уйга шошилдим, бора солиб ётоқхонамизга отилдим, қарасам, ухлаётган экансан. Бўшашиб оёқ учида чиқиб кетдим ва қўлимга китоб олиб, чалғирман, деган умидда ўқий бошладим. Очиғини айтсам, бир қатор ҳам ўқиёлганим йўқ, лекин бироз хотиржам тортдим. Уйғониб мени чақирганингда ёнингга одатдагидек хушҳол қиёфада бордим ва сени ўпиб қўяр эканман, ҳали-ҳануз менга тегишли бахтнинг лоақал урвоғидан баҳраманд бўлиш учун шундай қилаётганимни англадим. Устимга пўртаналар ёпирилар, уларга қарши туролмасликка ақлим етарди, бироқ, шунга қарамай, қадам-бақадам курашишда давом этардим. Сен-Сюльпис майдонидан келаётганимда битта-ю битта умидим сени тирик кўриш эди. Шукр қилиб, бахтнинг увоқлари билан бўлса-да, қаноатландим.

XIV

Дафн маросими куни қабристондан кетаётганимда, бу ерга ҳали тез-тез келиб тураман деб ният қилдим. Биринчи кеча хонамда дераза қопқаларини ёпаётганимда, дафъатан поёнсиз, ойсиз, залворли осмонга кўзим тушди. Мен бир ўзим ерда қолгандим. Ўша лаҳзаларда бошим узра сузиб ўтаётган қора булутлар мени ўзлари билан олиб кетсалар, деб хаёл қилгандим. Дарпардани силтаб ёпдим – митти йиртқич жонивор ўз уясини шундай кўмарди. Осмонга ортиқ қарашнинг ҳожати йўқ ва умуман, илгари ўзим яхши кўрган одамларни ўз ҳолига қўйиб турмасам бўлмайди. Болаларимизга қандай кўринаман бу аҳволда? Уч кундан бери улар сира эсимга келмабди.
Эртаси куни сени зиёрат қилишга бордим. Бемаъни, бефойда ташриф, яна бир жавобсиз монолог. Мен бошқа оламда эдим, ортга қайтиб боришга мажолим йўқ эди. Ҳар қанча ёзғирмай, фойдаси йўқ. Ана сенинг қабринг, мен унга тикилиб турдим, бемақсад, нега бундай қилаётганим ҳақида ўйлаб ҳам ўтирмасдан, бир ҳовуч тупроқ олдим қўлимга. Ҳозир келасан, одатдагидек озгина кечикаяпсан, деб ўйлардим, ҳозир етиб келасан, иккимиз биргаликда янги қабрдан кўз узмай турамиз.
Сенинг вафот этганингни жуда яхши биламан, аммо яна кўзимга ҳар хил нарсалар кўриниб, аллақандай телбанамо бир умид вужудимни қамраб олганди.
“Ҳа, у машинада”. У ерда йўқлигингни кўриб, яна ўзимни юпатдим: “У тепаликда айланиб юрибди”. Уйга қайтгач, дўстларинг билан гаплашиб турибман-у, кўзим йўлда, ишонмасам-да, ҳозир келиб қолади, деб ўйлайман.
Ўша куни Парижга қайтдим. Назаримда, сенга яна хоинлик қилдим.
Шу кетганча қабрингни зиёрат қилгани келгуси йили келдим. Сенсиз ўтаётган илк таътил. Париждан кетаётганда кун ҳаддан ташқари иссиқ эди. Тонгда тепаликлар, сарв дарахтлари, ишкомлар, кейин осмон сингари бепоён денгиз кўринди. Яна ўша, бир йил аввалги манзара. Мен яна сен билан учрашгани келдим. Ҳолбуки, бошқа қадам босмайман у ерга ёки жилла қурса бир-икки йил келмай тураман, деб мўлжаллагандим. Яна икки хил хаёл, яна сендан қочишга ва сенга талпинишга бўлган васваса, сен билан дардлашиш истагида қабринг тепасига бориб, бундан буён сен фарзандларинг хотирасида яшайсан, деб кўнгилдаги гапларни етказишга интилиш.
Ер юзида сен йўқлигинг учунгина ҳеч нимани ўзгартириш қўлимдан келмайди. Болаларни ўйнагани жўнатиб, ўзим қабринг ёнига кўтарилдим. Қуёш тиккага келиб, гуллар сўлий бошлаган палла эди. Дарахтлар юксалибди, ерлар чўкибди. Мен доим қабристонга бориб туриш керак, енгил тортади одам, дея ҳисоблардим. Биз Овер шаҳарчасидаги Ван Гог ва унинг укаси Теонинг қабрларини зиёрат қилардик. Айниқса, қабрларни қоплаган печакгул эътиборимизни жалб қилар, улар худди қабр ичидаги ҳаётдан дарак бераётгандек туюларди. Лекин кўп ўтмай, бу сокин жой одам қалбига минг таскин бермасин, барибир ўз уйингда тинчгина ўтирганинг афзал, деб ўйлаб қолардик-да, ўша заҳоти уйга қайтардик. Чой ичардик, ойнинг ҳаволаниб боришини кузатиб, бойқушнинг нохуш сайроғига қулоқ солардик. Аммо ўша куни сен билан хаёлан ёлғиз қолганимда қорамтир сарв дарахти, мовий осмон ва сарин шабада бизнинг бахтиёр онларимизни безаган декорация вазифасини ўтаганди, холос.

XV

Ойлар, йиллар ўтади, фасллар алмашади. Ёз ўрнини куз эгаллайди. Ҳаёт давом этаяпти. Мана яна кўклам келди. Қилт этмаётган ҳаво бағрида баҳорнинг гуркураган бўйлари жисмимга урилади, у дам менга куч-қувват, умид бахш этади, дам ўзи берган ҳис-туйғуларга зомин бўлади. Баъзан билдирмасдан, баъзан ситамкор – юрагимнинг тубига қадар кириб боради. Илиққина ҳаво, қушларнинг сайроғи, ҳовлимиздаги дов-дарахтларнинг шохидаги кўз уқалаган куртаклар, шаррос қуйган ёмғир шовқини, деразам ортида янграган кулгилар туфайли унинг борлиги татимай қолади. Мен қўлга киритган сокинлик, мен фахрланиб қўядиган зукколик, амалга оширмоқчи бўлаётган аҳду қарорлар, ҳаётбахш орзулар, адо бўлган ғам-алам – мен мустаҳкам деб ҳисоблаган қўрғон-қалъалар бир кунда қумга қурилган қасрдек тўкилиб кетади. Ёнгинамда гўё фурсат етди дегунча устимга бостириб келишга шай бўрон мудраб ётибди. Мовий осмон жилва қилиб, куртаклар барг ёза бошлаши биланоқ у ҳамлага ўтади.
“Баҳор келди, оқ пай­поғимни олиб беринг, ойи!” деб қичқиради қизим шодланиб.
Ҳа, нимасини айтай, бу савқи-табиий ҳис-туйғулар яшовчан бўлади. Мен эса яна ўзимни лоҳас сезаман. Ўша ҳолатдан чиқсам, гоҳ асабий бўлиб қоламан, гоҳ ғамга ботаман. Айбни сендан излайман, мени ташлаб кетганинг учун шундай бўлаяпти деб ўйлайман.
Мен кўпинча иккита кампирни кузатиб юрардим. Улар кўчани деярли бир соатда кесиб ўтишади. Деразадан кампирларни томоша қиламан. Бирининг қадди жуда букчайиб қолган, наригиси уни қўлтиқлаб олган; улар ҳеч кимга эътибор бермай, ҳеч ким билан саломлашмай кетишмоқда. Яна икки томчи сувдек бир-бирига ўхшашини қаранг, ажратолмай қоласиз – бошдан-оёқ қора кийинишган, кулранг юзларига қараб улар ёшлигида қанақа бўлишганини билолмайсиз ҳам. Кампирлар баҳор келганидан бехабармикан? Наҳотки ҳали тик оёқда юраётганлари, юра олишлари ва юраклари уриб тургани учунгина уларни тирик дейиш мумин бўлса? Ким билади яна, эҳтимол, куч-қувватга тўлган, севги-муҳаббат учун жонини фидо қилишга тайёр йигит ёки сенга ўхшаган келишган, басавлат кишига қараганда бу кампирлар кўпроқ ҳаётнинг қадрига етар.
Баҳор аламзада юрагимга оғриқ солади. Ундан раҳм-шафқат тилашга рози бўламан. Ҳар йили унинг гўзаллигини лаззатланиб томоша қилишдан умид қиламан ёки кўнглимдан чиқариб ташлагим келади. Демак, ҳамон ўша-ўша хаёлпарастлигимча қолибман, заррача ўзгармабман. Наҳотки, бир умр шундай бўлсам – тиним билмай, куюниб яшайман? Қачон бўлмасин, ўз ўрнимда хотиржам ётиш насиб қилармикан?
Баҳор ҳавоси ўтган кунларим ҳақида ширин хаёл суришга етаклайди. Мен эса, агар сен ёнимда бўлганингда ҳозир, шундай беғубор паллада нима қилган бўлардик, дея хаёл сураман. Биламан, бу хаёллар – бугунги ҳаётда яшашга қийналаётганим оқибати. Мен ҳаёт оқими бўйлаб сузиб бораяпман, ўзимни ортиқча қийнамасдан, ташвиш чекмай яшашга ҳаракат қилаяпман. Яна бир замонлардаги каби иродали, ўзига ишонган аёлга айланишимни кутиб яшаяпман. Биламан, ўша дамлар албатта келади, чунки ҳаёт шавқи ҳали юрагимни буткул тарк этмаган. Мен бу васвасалардан қутулишни истайман, бироқ сени унутиб юборишни ҳам хоҳламайман.

Рус тилидан Олим Отахон таржимаси
“Жаҳон адабиёти” журнали, 2016 йил, 4-сон