Аввалига бир йигит ва уч қария эдилар. Йигит ёзув столи олдида ҳаворанг қаламни ўйнаб ўтирар ва бир кўзини қисиб унга сўзлаётган кар тегирмончи Друктянисни тингларди. Тегирмончининг ёши ўтган, Худо уни ясаётганда лойни аямаган эди. Унинг бурни катта, узун мўйловлари диккайган, елкалари осилган, қўллари эса мисоли қорайиб кетган болтадек залворли.У билан гаплашиш қийин, чап қулоғи тагига келиб, бор овозинг билан бақиришингга тўғри келади.
– Сен – ҳукумат вакилисан, сен қайғуришинг керак, – ғулдираб, бочкадан чиқаётгандек овоз билан гапирарди Друктянис. – Тегирмонни олиб қўйдиларинг, аммо унга қарашни билмайсизлар. Ҳадемай ўғир қидириб қоласизлар.
Яқингинада қишлоқ кенгаши раислигига сайланган ёш йигит стол устига энгашиб бақирди:
– Эртага текширгани бораман! Хавотир олманг, тегирмон қулаб тушмайди!
– Ўзим ишлаганимда тегирмон яна юз йил турарди, ҳозир бўлса, бармоғингни қаерга теккизсанг, ўша ер тешик, – асабий сўзлади Друктянис.
Шунда суҳбатга ҳаммадан узоқда, эшикка яқин ўтирган бошқа бир қария қўшилди. Бу ёш раиснинг отаси Руткус эди. У бу ерга шунчаки, хизмат вазифасини бажаришга киришган ўғлини кўргани кирганди. Қариянинг ўғли округда жуда муҳим одамга айланганидан ғурурланиб юрган кунлари эди.
– Бекорларни айтибсан, қўшни! – деди қари Руткус, – сен тегирмонни қандай қолдирган бўлсанг ўшандай турибди. Наҳотки, у бир йил ичида чириб битган бўлса?
Друктянис ниманидир эшитди, шекилли, у томонга ўгирилди. Тегирмончи гапнинг маъносини тушунмади, аммо яхши гап айтилмаганини чолнинг нигоҳларидан уқди. Друктянис буткул хўмрайди.
– Яна ўзларини бечораю таҳқирланганларнинг ҳимоячиси деб аташади! – минғирлади у. – Ҳаммани камбағалга айлантириб қўйганларингдан кейин ҳақиқий камбағаллар ҳукумати бўлади. Иш шунга қараб кетаётгани кўриниб турибди.
– Ширин кулча еганнинг қора нонга ҳам тиши ўтади, – овоз берди мўйлови ўсиқ озғин учинчи қария, – бу бир уюм қоғозларни олиб келган ва одамларнинг суҳбатларини тинглаш учун қолган почтачи эди.
Алҳол эшик очилиб, хонага яшил катак кўйлак кийган, милтиқли бир йигит бостириб кирди. Хавотирга тўла мовий кўзлари билан қарияларга бир-бир боқиб, нигоҳини ёш Руткусга қадади. Энди хонада ҳамма жамулжам: икки ёш ва уч қария.
Яшил кўйлакли йигитнинг қўлидаги милтиқ ҳеч кимни ажаблантирмади, урушдан кейинги ўша даврда шаҳардан келадиган кўплаб вакиллар ўзлари билан қурол олиб юрарди. Ҳатто унинг хавотирли ўйнаётган кўзлари, оқарган юзи ҳам шубҳа уйғотмади. Ахир ҳар қандай одам ҳам ўрмон оралаб юрганда қўрқиши мумкин.
– Қишлоқ кенгаши раиси ким? – кўзини ёш Руткусдан узмасдан, салмоқлаб сўрагандек бўлди у.
– Сизга нима керак? – босиқлик билан сўради стол ортидаги одам.
Қариялар унга нима кераклигини ҳали ҳам тушунмасдан, яшил кўйлакли йигитга жим қараб туришарди.
– Менга янги раис керак.
– Менман раис, – жавоб берда ёш Руткус.
Эркак милтиқни кўтарди.
– Коммунистларга кўрсатган жиноий хизматинг учун ўлимга маҳкумсан.
Нима содир бўлганига ҳеч ким тушуниб улгурмасдан ўқ овози эшитилди ва хонани порох ҳиди тутди. Икки қариянинг қулоғи зириллаб кетди, учинчиси эса милтиқдан ўқ узилганини овозидан эмас, хонани тутиб кетган ҳиддан билди.
Қари Руткус ўзига келиб столга қаради ва ўғлининг осилиб қолган бошини кўрди. Қўллари остида ётган оппоқ қоғозлардан қонли сиёҳ оқа бошлади.
– Қотил! – ғайриоддий овоз билан ўкирди Руткус ва туйқус яшил кўйлакли йигитнинг қўлидаги милтиққа тармашди. Йигит бир қўли билан эшик тутқичини ушлаб, қочишга шайланди. Эшик очиқ қолдию йигит хонадан чиқа олмади, қария қўлидан тортиб олган милтиғини қайтариши керак эди. Тентак чол! Қаердан унда шунча куч! Омбурдек қўллари билан милтиққа ёпишиб, алам ичида тортқиладики, йигитни тезда тер босди. Тишини тишлаб, кимдир уларни бир-бирларига боғлаб қўйгандек, хона бўйлаб айланишарди. Қария курсига қоқилиб йиқилди, аммо дарҳол ўрнидан турди. Руткус нигоҳларини қотилга қадаб, ақлдан озган кишидек курашарди, иккинчисининг эса оппоқ тишлари милкигача кўриниб турарди. Қария ўзини унутган, ўғлининг маънисиз ва шафқатсиз ўлими учунгина қасос олишни истарди, холос. Тўғри, у яшил кўйлакли йигитдан анча улуғ, кучи қайтган эди, аммо матонатда унга тенг келадиганлар камдан-кам учрайди. Бутун умр эртадан кечгача омоч, паншаха ёки бошқа бирор дала анжомини қўлдан қўймасанг, қўлларинг ҳатто итлар ҳам кемира олмайдиган қайишга айланиб қолар экан.
Сониялар ичида йигит кучда устунлигини ҳис қилди, бир уринса бас, чол енгилади. Ана, чол қоқилди, унинг оёқлари чалишиб, танаси силкиниб кетди. Яна бир сония ва…
Аммо ўша ҳал қилувчи сўнгги уринишни яшил кўйлакли йигит уддалай олмади, унга хонанинг икки бурчагида тошдек қотган икки қариянинг тикилиб турганлари халақит берарди. Кимдир бошига бир туширса – тамом. Ёки шаҳардан яна бирон ким келиб қолса-чи. Ишончсизлик ёш эркакни ҳар бир товушдан чўчитиб, кучсизлантириб қўйди.
Почтачи аввалига жуфтакни ростламоқчи бўлди, аммо йигитни ташқарида дўстлари кутиб туришгандир деган ҳаёлга бориб, бурчакда ўтириб ҳаммаси нима билан тугашини кутишга қарор қилди. Унинг Руткусга раҳми келарди. У яхши одам ва яхши қўшни эди. Ёрдам бериши керакмиди?.. Агар улар икковлашиб милтиққа тармашса, яшил кўйлакли йигитни енгишармиди. Аммо кейин нима бўлади? Тунда ўрмончилар келиб ҳаммасини чумчуқдек отиб ташлашади-ю. Кўз олдига қонга беланган ҳолда ётган хотини ва болалари келди. Йўқ, бу ишга аралаша олмайди. Худо қўлласа, Руткуснинг ўзи эплайди.
Тегирмончи Друктянис курсиси билан бирга деворга яқинроқ сурилиб олди. У жангни, худди икки йигитча ҳазиллашиб курашаётгандек, бехавотирлик билан кузатарди. Қария Руткусга ёрдам беришни истамасди, Друктяниснинг қизиллар томонда бўлганларни кўрарга кўзи йўқ. Агар улар йўқ қилинса, тегирмонига яна эга бўлармиди? Яшил кўйлаклига ҳам ёрдам бериб бўлмайди. Нариги бурчакда қўрқувдан титраб почтачи ўтирибди… Яна кимдир кириб қолиб ҳукуматга хабар берса-чи. “Шошиб нима қилдим, ҳаммаси нима билан тугашини кутаман!”
Кўча эшик очиқ эди. Ёз қуёши ёритган майсалар ва йиқилган деворнинг бурчаги кўриниб турарди. Яшил кўйлакли йигитга ташқарида жанг қилиш осондек туюлди, милтиқни чолдан тортиб олади-ю ўрмонга қочади. Отряд олдига қуролсиз қайтиш уят. Қандайдир қария қаршилик қилади, деб ким ўйлабди дейсиз? Отрядга янги келиб қўшилганни жиддий ишга юборган Перкунас ҳам буни олдиндан билмаган. Ўзича, бу шунчаки енгилгина чигал ёзиш бўлади деган-да.
Ёш йигит милтиққа маҳкам тармашиб, Руткусни ташқарига судрай бошлади. Қария аввалига қаршилик қилди, бироқ кейин таслим бўлди. Унга ҳам қуролни ташқарида тортиб олиш осонроқдек туюлди. Қаттиқ ерни ҳис қилганда инсоннинг ўзига бўлган ишончи ортади.
Олишиб ерга қулашди ва курашга яна ҳам кучлироқ киришдилар. Ажал сиртмоғи билан боғланган қуролга ёпишиб тирсаклари ва тиззаларини ишга солишди. Яшил кўйлакли йигитга бир оз қийин, у қария кўксини тўлдираётган нафрат ва аламни ҳис қилмаяпти. Унга сира дуч келмаган. Соч-соқоли ўсган бу одамни илгари кўрмаган. Йигит отряд олдига ёлғиз келиб, қишлоқ кенгаши раисини тинчита оламан, дея мақтанганига пушаймон бўлди. Тўғри, бир оз кайфи бор эди, Перкунас ҳам унинг гапларига эътибор бермаслиги керак эди. Кайфда нималар демайди киши! Аммо Перкунас уни атайин тилидан ушлади. “Бу сенинг биринчи синовинг бўлади”, – деди у.
Қария билан олишув – мана сенга синов!.. Қаердадир ит ҳура бошлади. Уни қўрқув босди. Ниҳоят, яшил кўйлакли тоқат қилолмади, милтиқни қўйиб қочишга тушди. Йигитнинг оёқлари чалкашиб, тиззалари букилиб, ҳар қадамда қоқилиб борарди. Боши айланар ва юраги хаприқарди. Ўрмонга тезроқ етиб олса эди! Қария Руткус эса ғолиб чиққанини ҳали ҳам англаб етмаганди. У базўр ўрнидан турди. Боши айланарди, юраги қинига сиғмасди. Яшил кўйлакли йигитнинг қоқила-суқила қочиб бораётганини кўрди. Қария милтиқни кўтариб, йигитни мўлжалга олди ва тепкини босди. Йигит қўлларини ҳавода ўйнатиб яна бир неча қадам олдинга ташланди ва юзи билан майса устига қулади. Руткус бир неча сония гуллаб ётган картошка даласида чўзилиб қолган йигитга қараб турди. У кутарди, балки йигит ўрнидан турар, аммо милтиқни улоқтириб, ўкраб йиғлаганча девор ёнига йиқилди.
Қишлоқ кенгаши ҳовлисига хавотир билан почтачи ва тегирмончи ўрмалаб чиқишди. Иккиси ҳам йиғлаб ётган қўшнилари ёнида тўхташиб, унинг оппоқ боши ва тер босган елкаси силкинишини кузатишарди. Энди ёшлар йўқ эди, энди улар учовлон қолишди – уч қария.
Рус тилидан Гулчеҳра Ботирбекова таржимаси