Қадим замонларда ўтиб бўлмас даралар, улкан қоялар ва қалин ўрмонлар қуршовида бутун дунёдан ажралиб қолган ясси тоғ тепаликларидан бирида чорвачилик билан кун кечирувчи тинчгина халқ осойишта яшаркан. Темир совутларга бурканган, бегона, бақувват ва дароз одамлар жанубдан бу ерларга қачон ва қандай қилиб келиб қолганликлари номаълум.
Кашф қилинган мамлакатнинг иқлими – мўътадил, тупроқлари унумдор, суви лаззатли, одамлари эса беозор эканлиги келгинди жоҳил сипоҳийларга жуда ёқиб қолди ва шу ерларда умрбод қолишга қарор қилдилар. Бу ерларни босиб олишга эҳтиёж йўқ эди, чунки одамлари уруш, қурол-яроғ нималигини билмас, қалбларида ёвузликдан асар ҳам йўқ эди. Маҳаллий аҳолини забт этиш шундан иборат бўлдики, келгиндилар бор-йўғи оғир темир совутларини ечиб, шу ерли чиройли қизларга уйландилар ва ўзлари барпо қилган янги давлатнинг бошлиғи этиб йўлбошчилари бўлмиш олижаноб ва дов-юрак Эрнни қўйдилар. Унга қиролларга хос чексиз ҳукмронлик қилиш ва тахтни ворисига қолдириш ҳуқуқини бердилар. Ўша замонларда бу нарсалар мумкин эди.
Шундан буён минг йилларча вақт ўтди. Ўша сипоҳийларнинг авлодлари маҳаллий аҳоли билан шу даражада қўшилиб кетдики, бора-бора улар орасида тилларида ҳам, ташқи қиёфаларида ҳам фарқ йўқолиб кетди. Сипоҳий-рицарлар сиймоларидан асар ҳам қолмади. Ҳатто қироллар томонидан ҳам унутилган қадимий тилдан эса фақат тантанали маросимлару сарой удумларида аҳён-аҳёнда мўътабар ҳиссиётларини билдирмоқчи бўлганларидагина фойдаланардилар. Эрн Биринчи, Буюк Эрн, Муқаддас Эрн ҳақидаги хотиралар эса халқ томонидан яратилган гўзал афсоналар орқали, худди ҳиндуларнинг Гайаватаси, Финнларнинг Вейнемейнени, русларнинг Владимир Биринчи, яҳудийларнинг Мусо, французларнинг Шарлеман ҳақидаги ривоятлари каби абадий хотира бўлиб қолди.
Айнан мана шу доно Эрн Эрнотерра аҳолисини буғдой ва сабзавот етиштиришга, темирни қайта ишлашга ўргатди. Ёзувни, санъатни жорий қилди. Дин асосларини, қонунни киритди; дин – Худога ибодат қилиш – тушунарсиз тилда дуо ўқишдан иборат бўлиб, қонун эса биргина асосга – Эрнотеррада ҳеч ким ёлғон гапирмаслигига таянди. Тахтга ўтирган кунидан бошлаб ҳуқуқ ва бурч бобида эркаклар ва аёлларга тенглик жорий этилиб, ҳар қандай унвон ва имтиёзни бекор қилинди. Қирол ўзи эса “Халқнинг биринчи хизматкори” деган унвонни олди.
Буюк Эрн тахт ворислиги ҳақида қонун киритди: унга кўра қизми, ўғилми, тўнғич фарзанд ворислик ҳуқуқига эга бўлиб, севган одами билангина турмуш қурарди. Ва ниҳоят, Эрн Биринчи ўзлари туғилиб ўсган маданий мамлакатларда кенг тарқалган бузуқлик, ёвузлик каби иллатлар бу юртга ҳам кириб келмаслиги чораларини кўриб, ўзлари келган ёлғизоёқ йўлни ҳам йўқ қилиб ташлади.
Мана шу Эрн авлоди қиролларининг ўз халқига оталарча ғамхўрлиги, донолик ва эзгулик асосида юртни бошқариши туфайли Эрнотерра гуллаб-яшнаб кетди, халқ эса осойишта ва фаровон ҳаётга эришди. Бу мамлакат халқи на жиноят, на уруш нималигини билмай, муҳтожлик кўрмасдан минг йил давомида тинч ҳаёт кечириб келди.
Бу қадимий қироллик саройида Эрн Биринчига тегишли қандайдир буюмлар: унинг совутлари, дубулғаси, қиличи, найзаси ва ов қуроллари хонасида деворга ўйиб ёзилган бир неча тушунарсиз сўзлар эсдалик сифатида қолганди. Эрнотерраликларнинг ҳозирги авлодларидан биронтаси ҳам бу буюмларни кўтара олмас ва ёзувларни ўқий олмас эди. Шунингдек, унинг уч хил расми: майда мозаика билан ишланган ён томондан кўриниши, бўёқда ишланган олд томондан кўриниши, учинчиси – мармардан ишланган хайкалчаси ёдгорлик бўлиб қолганди.
Ҳар уччала портрет меҳр билан юксак санъат даражасида ишланган бўлса-да ўз халқини ранжитувчи бир томони бор эди. У ҳам бўлса қиролнинг ўта хунук, ҳатто бадбашара кўриниши эди. Аммо шундай бўлса-да, юз ифодаларида на ёвузлик, на ёқимсизлик кўринмасди. Эрнотерраликлар ўзларига хос бўлган гўзалликлари билан фахрланишар, биринчи қиролларини эса афсонавий қалб гўзаллиги учун қадрлар, ташқи қиёфасидаги хунукликни эса айб деб ҳисобламасдилар.
Ирсият қонунларининг ўзига яраша инжиқликлари бор. Айрим ҳолларда бола на ўз ота-онасига, на бобо ва бувиларига ўхшамайди-да, узоқ ўтмишдаги аждодларидан бирига ўхшаб кетиши мумкин. Эрнлар сулоласи солномачилари қайд қилишларича, улар авлодида вақти-вақти билан ўта хунук болалар туғилган бўлиб, кейинчалик бундай ҳолатлар камдан-кам учрайдиган воқеага айланган. Тўғрисини айтиш керакки, хунук туғилган шаҳзодалар ажойиб қалб соҳиблари: яхши хулқли, ақлли, раҳмдил ва хушчақчақ бўлганлар. Тақдир тақозоси билан шаҳзодаларнинг бундай хунук кўринишлари гўзаллик ва нафосатнинг фарқига борувчи эрнотерраликлар орасига нифоқ сола олмаган.
Саховатли қирол Эрн XXIII ўзининг ажойиб гўзаллиги билан ажралиб турар, мамлакатдаги энг гўзал қизни эҳтирос билан севиб қолиб уйланганди. Узоқ вақт улар фарзанд кўрмади – деярли ўн йил. Севимли қиролича яқинда она бўлишини билган халқ бу янгиликни қанчалик шодиёна кутиб олганлигини тасаввур қилиш қийин эмас. Қирол тахтни бевосита ўз зурриётига қолдираётгани оиласини ҳам, халқини ҳам шодлигига шодлик қўшди. Олти ойдан сўнг қиролича эсон-омон қутулиб, дунёга малика Эрн XIII келганлигини эшитган қирол бу хабарни хушнуд кутиб олди. Ўша куни малика соғлиги учун қадаҳ кўтармаган одам қолмади.
Фақат сарой аҳли хурсанд эмасди. Эндигина туғилган чақалоқни қўлига олган доя алам билан бош чайқаб қўйди. Қироличага олиб келганларида чақалоқни кўриб, қўлларини ёйганча хитоб қилди:
–Эй, Худойим-э, бунчалар хунук бўлмаса! – дея йиғлаб юборди. Бир оз ўзига келгач, қўлларини чақалоқ томон узатиб:
–Болагинамни менга беринглар, бечоранинг хунуклиги меҳримни камайтирмайди, аксинча, ўн чандон оширади, – деди.
Қирол ҳам жуда хафа бўлиб:
– Бунчаям пешонаси шўр бўлмаса! Сулоламизда бадбашара шаҳзодалар бўлганлигини эшитгандик, лекин бундай хунук маликанинг Эрнлар авлодида туғилиши биринчи марта юз бериши! Худодан илтижо қиламиз, зора бунинг эвазига қалби гўзал, ақл-ҳушли бўлиб улғайса.
Маликанинг хунуклигини эшитган халқ ҳам худди шундай илтижо қилди.
Шу аснода малика кун сайин улғайиб, соат сайин хунуклашиб борарди. Ўзининг хунуклигини тушунмаган гўдак тўйиб-тўйиб ухлар, овқат ер, қувноқ ва беташвиш ҳаёт кечирарди. Уч ёшга тўлай деганда у ўз бобокалони Буюк Эрнга жудаям ўхшашлиги равшан бўлиб қолди. Шу ёшда у ўзининг энг яхши сифатларини: беозор, сабр-тоқатли, атрофидагиларга меҳрибон, ғамхўр, зийрак ва хушмуомала эканлигини намойиш этди.
Ўша пайтларда бир кун қиролича қирол ҳузурига кириб:
–Подшоҳим ва рафиқим! Малол келмаса, қизимиз учун бир илтифот кўрсатишингизни сўрамоқчи эдим, – деди.
–Севикли рафиқам, биласиз-ку, сиздан ҳеч нарсани дариғ тутмайман.
–Қизимиз ўсиб-улғайиб келаяпти. Кўринишидан Худо унга ёшига номуносиб ажойиб ақл-идрок ато қилган. Бир кунмас бир кун ўзининг юз қиёфаси хунук эканлигини билиб қолиши муқаррар. Бу унга умрбод ғам-алам келтиришидан хавотирдаман.
–Сиз ҳақсиз, рафиқам. Қизимиз муқаррар тарзда дуч келиши мумкин бўлган бу тақдир зарбасини қандай йўл билан олдини олиш мумкин?
–Фикрим сизга аҳмоқона туюлса ҳам, ғазабингиз келмасин, подшоҳим. Қизимиз ҳеч қачон кўзгуга қарамаслиги чорасини кўришимиз керак. Мабодо бирорта одам ёвузлик қилибми ёки ихтиёрсизми, унинг хунуклиги ҳақида ўзига айтадиган бўлса-да, кўзгуда ўзини кўрмагунча буни билмасдан юриши мумкин.
–Шунинг учун нимани хоҳлардингиз?
–Ҳа… Эрнотеррада бирорта ҳам кўзгу қолдирмаслик керак!
Қирол ўйланиб қолди. Кейин:
–Бу нарса халқимиз учун катта йўқотиш бўлади. Буюк аждодим чиқарган қонунга кўра юртимизда эркак ҳам, аёл ҳам башанг кийинишни яхши кўради. Халқимизнинг қирол ва оиласига бўлган садоқатини ҳам яхши биламиз ва бу йўқотишни чидам билан қарши олишига аминман. Қиролликда бирорта ҳам кўзгу қолдирмасдан йўқ қилиб юбориш ҳақида шу бугуноқ Фармон бераман.
Қирол ўз халқига ишониб адашмаганди, чунки халқ яхши кунларда ҳам, ёмон кунларда ҳам қирол оиласи билан ҳамжиҳат эди. Халқ фармонни ҳамдардлик билан кутиб олди ва барча кўзгуларни, ҳатто синиғини ҳам, қолдирмай давлат соқчиларига тўплаб берди. Тўғри, айрим ҳазилкашлар сочларини ҳурпайтириб, юзларига лой суртиб қизиқчилик қилишди. Лекин халқ кулар экан, гарчи ҳажв қилиб кулса ҳам, қирол хавотир олмаса ҳам бўлади. Масаланинг муҳим томони яна шундаки, мамлакатнинг барча сувлари тез оқувчи тоғ дарёлари ва жилғаларидан иборат бўлиб, бирор нарса сувда акс этмасди.
Малика Эрна ўн беш ёшга яқинлашиб қолди. У чидамли ва бақувват бўлиб ўсди. Бўйи узун, энг дароз эркак ҳам унинг елкасидан келарди. У каштачиликда ҳам, арфа чалишда ҳам жуда маҳоратли эди. Тўп отишда унга тенг келадигани йўқ эди. Тошдан-тошга худди кийикдек чаққон сакрарди. Унинг юзидан эзгулик, ҳамдардлик, адолат, илиқлик ва қувонч нурлари доим таралиб турарди. Беморларга, кексаларга, бева-бечораларга ёрдам бериб чарчамасди. Жароҳатларни қандай боғлашни, қандай ўт-ўланлар малҳам бўлишини яхши биларди. Йиқилган, майиб бўлганлар унинг меҳрибон қўлларидан шифо топарди. Халқ уни ҳаддан ташқари севар, доим изидан дуо қиларди. Лекин зийрак Эрна кўпинча унга ачиниб қараётганликларини, билинтирмасдан ҳамдардлик қилаётганликларини сезиб қоларди.
“Балки мен бошқаларга ўхшамасман?” дея хаёл қиларди ва ҳузуридаги хизматчи аёллардан сўраб қоларди:
–Айтинглар-чи, ҳурматли дугоналарим, чиройлиманми ёки йўқми?
Эрнотеррада ҳеч ким ёлғон гапирмаслиги сабабли сарой хонимлари самимият билан жавоб қайтаришарди:
–Сизни гўзал деб бўлмаса ҳам, сўзсиз дунёдаги барча қиз ва аёллардан кўра ёқимлироқ, ақллироқ, хушфеълроқсиз. Ҳатто сизга уйланадиган одам ҳам худди шундай дейиши мумкин, бунга ишонинг. Аёл латофати ҳақида биз аёллар унчалик фарқига бормаймиз.
Эрнанинг ташқи қиёфаси ҳақида мулоҳаза юритиш улар учун мушкул эканлиги аён. На бўй-басти, на гавда ва юз тузилиши эрнотерралик аёлларга мутлақо ўхшамасди.
Эрна ўн беш ёшга тўлган кунни саройда зўр зиёфат ва базм билан нишонлашди – мамлакат қонунига кўра қиз бола шу ёшда балоғатга етган ҳисобланарди. Эртасига эрталаб раҳмдил малика саватчасига зиёфатдан ортган тансиқ ширинликлардан солиб билагига осганча тўрт чақирим нарида турадиган севикли энагасини кўргани жўнади. Эрта тонгдаги сайр ва ёқимли тоза тоғ ҳавоси унга одатдагидек қувонч келтирмади. Унинг фикру ҳаёли кечаги базмда кузатганлари ҳақида эди. Унинг қалби тоғ чўққиларидаги абадий қорликлардек оппоқ ва тоза эди, лекин ўткир нигоҳлари, аёлларга хос сезгирлиги ва навқирон ёши унга кўп нарсаларни билдириб қўйди. Рақс тушаётган йигит ва қизларнинг бир-бирларига сирли қараб қўйишлари унинг назаридан четда қолмади. Бу нигоҳлар бевосита унга қаратилмаган бўлса-да, ҳурмат ифодаси бўлган табассум ва таъзимларда итоат, садоқат ва назокат кўринарди. Аммо уларнинг ҳар бирига ачиниш ҳисси соя ташлаб турарди. Наҳотки жирканч, бадбашара бўлсам ва бу ҳақда менга айтишга ҳеч ким журъат эта олмаса?
Шундай ғамгин хаёлларга ботганча Эрна энагасининг уйига етиб келди ва эшикни тақиллатди. Жавоб бўлмагач, эшикни очиб (бу мамлакатда қулф нима эканлигини билишмасди) ичкарига кирди. Илгари ҳам ҳеч ким йўқлигида ичкарига кириб энагани кутиб ўтирарди.
Дераза ёнида ғамгин хаёлларга берилганча дам олиб ўтираркан, беихтиёр атрофдаги таниш жиҳозларга кўз ташлади ва бирдан унинг эътибори энагаси доим яшириб юрадиган қутичасига тушди. Энагаси бу қутичада ўзининг болалиги, ёшлиги, биринчи муҳаббати, эрга текканлиги, саройдаги ҳаёти билан боғлиқ турли майда-чуйдаларни: рангли тошлар, арзон тақинчоқлар, кашталар, тангачалар ва узукчаларни сақлаб юрарди. Малика ҳали болалик чоғиданоқ қутичани титкилашни яхши кўрар ва улар билан боғлиқ хотираларини энагасидан қайта-қайта эшитарди. Нима сабабдан бу қутича кўз тушадиган жойда турганига ажабланди. Малика доим кўргиси келганда қутичани энагаси берар ва кўриб бўлгач, чиройли матога авайлаб ўрар ва яшириб қўярди.
“Балки энага шошиб ташқарига чиққан-у, қутичани яшириш эсидан чиққан бўлса керак”, деб ўйлади малика ва столга яқинроқ ўтириб қутичани тиззасига қўйди. Ичидаги таниш нарсаларни бепарволик билан битта-битта олиб этагига сола бошлади. Қутичанинг тагига етганда қийшиқ бурчакли катта ясси бир синиқ парча кўринди. Уни қўлига олиб кўздан кечирди. Бир томони қизил бўлиб, бошқа томони кумушранг, ялтироқ ва гўё чуқурроқ эди. Тикилиб қараганди, хонанинг супурги тираб қўйилган бурчаги кўринди… Бироз бурганида хонадаги эски жавон, яна бироз бурганида… жудаям хунук бир башара кўриндики, бундай башарани у тасаввур ҳам қилолмасди.
Қошини тепага кўтарганди, бадбашара ҳам уни такрорлади. Бошини қийшайтирганди – у ҳам шундай қилди. Қўлини лабларига теккизди – синиқ парчада ҳам шу ҳаракат такрорланди. Эрна энди тушуниб етди: қўлидаги парчадан унинг ўзи унга қараб турарди. Қўлидаги кўзгу тушиб кетди, қўллари билан кўзларини яширганча алам билан столга бошини урди.
Шу дақиқада энага қайтиб келди. Маликани, очиқ қутичани ва синиқ кўзгу парчаларини кўрди-ю, гап нимада эканлигини тушунди. Эрна қаршисига тиз чўкканча мулойим сўзларни гапира бошлади. Малика кескин ўрнидан туриб, қаддини ростлади ва кўз ёшисиз, лекин қаҳрли тарзда бармоғи билан кўзгуни кўрсатиб:
–Ҳаммасини сўзлаб бер,– дея буйруқ берди.
Унинг овози қатъиятли янгради. Буни кутмаган содда аёл йўқ дейишга ботина олмади: бадбашара, лекин олийжаноб шаҳзодалар ҳақида, бадбашара қиз туққан қироличанинг ғам-андуҳларию меҳр-шафқати ҳақида, қандай қилибтақдир зарбасидан қизини қутқармоқчи бўлгани ва кўзгуларни йўқотиш тўғрисидаги қиролнинг фармони ҳақида батафсил сўзлаб берди. У ўзининг аҳмоқона ожизлигини айтиб сочини юлар, севикли Эрнани мусибатга қўйган шу бир парча тақиқланган кўзгуни қутичасига яшириб қўйган кунига лаънатлар ўқирди.
Уни эшитиб бўлгач, малика ғамгин табассум билан:
–Эрнотаррада ҳеч ким ёлғон гапирмайди!– деб қўйди.
У ташқарига чиқди. Ташвишга тушган энага ортидан чиқмоқчи бўлганди, Эрна уни кескин тўхтатди:
– Қол, шу ерда!
Энага бўйсунди. Қандай йўқ дея оларди? Уни эмиб катта бўлган кичкина Эрнанинг овози эмасди бу, балки аждодлари минг йилдан бери ҳукмдор бўлиб келаётган мағрур маликанинг буйруғи эди.
Эгри-бугри тоғ йўлларидан, тик жар ёқасидан ўтиб бораркан, бахти қаро Эрнанинг ҳарир кўк кўйлаги этакларини шамол ҳилпиратар, жар остида оқаётган дарёнинг гувиллаши қулоғига кирмас, атрофидаги ёввойи табиат қўшиғини эшитмасди. Болалигидан таниш бўлган бу ёлғизоёқ йўлда бораркан, қалби ҳам ёлғизликдан, ҳам бошига тушган мусибатдан азият чекарди. Қалбида нималар кечаётгани ҳақида ким ҳам айтиб бера оларди? Балки, ўзига ўхшаш, тақдир зарбасига учраган бирорта бошқа бир малика бўлганда тушунган бўлармиди?..
Йўлда кетаркан, кескин бурилишга дуч келди. Улкан қоялар кўчкиси йўлни тўсиб қўйган, бу ваҳший тўсиқларни олиб ташлашнинг иложи йўқ эди. Пастдан эса қандайдир тушуниб бўлмас товуш эшитилди. Малика жарга энгашиб, қулоқ сола бошлади. Шундоққина оёғи остидаги жар тубидан кимдир инграб ёрдам сўрарди. Шунда у ўз қайғусини ҳам унутиб, юрак амрига бўйсунганча пастга отилди. Худди кийикдек қоядан-қояга, тошдан-тошга сакраб тегирмон тоши катталигидек майдончага тушди. Бу ердан энди на тепага, на пастга тушишнинг иложи йўқ эди, лекин Эрна бу ҳақда ўйлаб ҳам ўтирмади.
Инграётган одамнинг овози қўл етгудек жойдан келаётганди. Ярми сувга тегиб турган тош устига ётиб пастга қараганди, ўткир қоя учига осилиб қолган одамни кўрди. У бир қўли билан қояни, бир қўли билан омонатгина ўсган дарахт шохини ушлаб олган, чап оёғи учини тош ёриғига тираган, ўнг оёғи эса муаллақ турарди. Кийимига қараганда у Эрнотерралик эмасди, чунки малика унинг ипакдан тикилган кийимларию чарм этик пошнасидаги шпорларни ва зарҳал камарни умрида кўрмаганди.
–Ҳой! Мусофир! Бардам бўлинг, ҳозир ёрдам бераман, – деб қичқирди Эрна.
Нотаниш инграганча бошини кўтариб, силкитиб қўйди. Малика унга қандай ёрдам бериши мумкин? Пастроққа тушишнинг иложи йўқ, ҳам фойдасиз. Эҳ, арқон бўлганда эди!.. Улар орасидаги масофа икки одам бўйича келарди. Нима қилиш керак?
Бирдан маликага ажойиб бир фикр келди. Бундай фикр хавфли вазиятларда жасур ва мард инсонлардагина пайдо бўлади. Малика ўйлаб-нетиб ўтирмай эгнидаги ажойиб кўйлагини шартта ечди-ю, қўллари ва тишлари ёрдамида узун-узун бўлакларга бўлиб, арқон эша бошлади. Кўйлак бўлакларини бир-бирига қаттиқ боғлаб, пишиқлигини текшириб кўрди-да, бесўнақай тош устига ётиб, оёқ-қўллари шилинганига қарамай, бир учини осилиб турган нотаниш одамга ташлади. Хайрият, арқон узунгина бўлиб,,, йигит уни камарига боғлади. Малика уни аста-секин тепага торта бошлади. Йигит эса, маликага енгил бўлиши учун қоянинг бўртиб турган жойларига оёқ-қўлларини тираб тепага интиларди. Боши ва кўкраги Эрна турган майдончага етай деганда йигит куч-қуввати тугади, малика зўр бериб, машаққат билан уни баландга тортиб чиқарди.
Майдонча жудаям тор эди, малика ўтирган жойида йигитнинг бошини кўкрагига босиб, ҳолсизланган танасини қўллари билан ўраб олди.
–Кимсан эй, сеҳрли мавжудот? – оқариб кетган лабларини зўрға қимирлатиб сўради йигит. – Тангри юборган фариштамисан? Ёки шу тоғларнинг меҳрибон парисимисан? Балки маъжусий илоҳалардан биримисан?
Малика унинг тилини тушунмади, аммо мулойимлик билан, миннатдорчилик изҳор қилиб турган қора кўзлари ҳамма гапни билдириб турарди. Лекин шу ондаёқ йигитнинг киприклари юмилиб, юзи ўликдек оқариб кетди ва маликанинг кўкрагига бош қўйганча хушини йўқотди. Малика эса қимирлай олмас, кўкрагида беҳуш ётган йигитнинг юзидан мовий кўзларини узолмасди.
Малика ўзича фикрлай бошлади.
“Бу бахти қаро йўловчи худди менга ва аждодим Буюк Эрнга ўхшаш хунук экан. Менимча ҳар уччаламизнинг тупроғимиз бир жойдан олинган бўлса керак. Гўзал Эрнотерраликларга қиёслаганда биз уччаламиз шундай бадбашарамизки, бу нарса бизни яхшиликка олиб бормаса керак. Лекин нима сабабдан йигитнинг менга боққан нигоҳлари шунчалик ёқимли? Кечаги базмда рақс тушаётган йигит ва қизларнинг раҳми келгандек қараганлари жудаям аянчли эмасми? Бу нигоҳларнинг липиллаб турган шамчироқ билан қуёшдек фарқи бор-ку. Нима сабабдан томирларимдаги қон гупиллаб уриб кетди, нима сабабдан ёноқларим ловуллаб, юрагим гурсилламоқда, нега ҳаяжондан борлиғим қувончга тўлди? Эй, Парвардигор! Сен мени шунчалик хунук қилиб яратганлигинг учун нолиганим йўқ. Шу йигит учун мен дунёдаги барча қизлардан ҳам гўзалроқ бўлиб кўринишни истардим!”
Шу пайт тепадан овозлар эшитила бошлади. Тўғри, маликанинг қатъий буйруғидан кейин энага анчагача ўзига келолмади, лекин ўзини ўнглаб олгач, дарҳол унинг изидан югурди. Унинг тошдан-тошга сакраб жарлик тубига ошиққанлигини, нотаниш кимсанинг инграб ёрдамга чақирганлигини эшитди-ю, гап нимадалигини тушуниб етди. Дарҳол қишлоққа югуриб ҳаммани оёққа турғазди: кимдир арқон, кимдир нарвон ва таёқ олиб жар ёқасига югуришди. Ҳушдан кетиб ётган йўловчини соғ-омон тепага тортиб олишди. Энага эса маликага ўз кийимларини чилвирга боғлаб туширди. Шундан сўнг маликанинг буйруғи билан мусофирни саройга олиб боришди ва энг яхши хонага жойлаштиришди. Унинг бир қанча жойи қаттиқ лат еган ва қўли чиққанди. Уни маликанинг ўзи даволай бошлади. Бунга ҳеч ким ажабланмади, чунки маликанинг раҳмдиллиги, табибликдан ҳам яхшигина хабардорлигини ҳамма биларди. Гарчи йигит хунук бўлса-да, аслзода оиладан эканлиги сезилиб турарди.
Шу воқеадан сўнг нима бўлганлигини батафсил гапириб ўтиришга ҳожат бўлмаса керак? Эрнанинг узлуксиз парвариши натижасида у тезда оёққа туриб кетди, хотираси тикланди ва ўз халоскорини кўриб завқ-шавққа тўлди. Малика кириб келишини у интизорлик билан кутар, Эрна ҳам ундан ҳеч ажралгиси келмасди. Қандай қилиб бир-бирининг тилини ўрганганлигини айтмайсизми? Кунлардан бир кун Эрна мусофир йигит тилидан “амо!” деган ёқимли сўзни эшитгач, қувонч ва уятдан қизариб, тортинчоқлик билан шивирлаб ўша сўзни такрорлади. “Амо”, яъни “севаман” деган сўз, айниқса, биринчи бўса билан ҳадя этилса, буни тушунмайдиган қиз дунёда бормикан?
Энг яхши тил ўқитувчиси – севгидир. Йигит тузалгач, малика билан бирга сарой боғида сайр қила бошлашди. Шу аснода улар бир-бирларини яхши билиб олишди. Эрна қутқарган йигит бой ва қудратли Франция давлатини бошқараётган қиролнинг ягона ўғли бўлиб, исми Шарль экан. Саёҳат ва саргузаштларга ўчлиги уни ўтиб бўлмас Эрнатерра тоғларига келиб қолишига сабаб бўлган. Қўрқоқ кузатувчилари уни ташлаб кетишгач, қоядан йиқилитб, ўлишига бир баҳя қолган. У чақалоқлигида буюк француз башоратчиси Нострадамус тузиб берган мунажжимлар жадвали ҳақида айтиб беришни ҳам унутмади. Башоратда шундай сўзлар бор экан:
“… шимоли-шарқ томондаги ёввойи тоғларда катта фалокатга йўлиқасан, кейин эса мовий юлдуз умрбод ҳаётингни ёритиб туради”
Эрна ҳам Шарлга ўз мамлакати ва қирол оиласи тарихини сўзлаб берди. Ҳатто, бир куни Буюк Эрннинг қурол-яроғларини ҳам фахрланиб кўрсатди. Шарль уларни эҳтиром билан кўриб чиқди. Қиролнинг қиличини олиб бир неча зарб усулларини енгилгина намойиш қилди. Эрнанинг Буюк аждоди суратини кўриб, гўзаллик, донолик ва улуғлик унга хос эканлигини айтиб ўтди. Эрн Биринчи томонидан деворга ўйиб ёзилган хатни ўқиб қувонч билан айёрона жилмайиб қўйди.
–Нега кулаяпсиз, шаҳзода?– дея хавотирланиб сўради малика.
–Азизам Эрна,– дея унинг қўлини ўпиб жавоб берди Шарль,– бунинг сабабини албатта айтаман, лекин бироз кейинроқ.
Тез орада Шарль қирол ва қироличадан қизларига уйланишга изн сўради, чунки малика уни аллақачон дилдан севиб қолганини биларди. Улар никоҳга рози бўлишди. Балоғатга етган Эрнотерра қизлари ўзлари ёқтирган йигитга турмушга чиқиш эркинлигидан тўла фойдаланар, шаҳзода эса ўз одоби, олийжаноблиги ва обрў-эътибори билан маликага қаллиқ бўлишга лойиқ эди.
Унаштириш муносабати билан саройда ҳам, ахлоқ орасида ҳам тантанали байрам ўтказилиб, кексаю ёш хурсандчилик қилди. Фақат она қироличагина маъюс ҳолда ўз хонасида ўтирар ва “Шўрликлар! Уларнинг болалари ҳам бадбашара бўлиб туғилсалар керак…”– дея ғамгин ўйларга борарди.
Ўша байрам кунлари Эрна қаллиғи билан рақс тушаётганларни кузатар экан, унга қараб:
–Севгилим! Сени деб Эрнетерралик аёлларнинг энг хунугига ўхшашни истардим,– деди.
–Бундай балодан Худонинг ўзи асрасин,– дея чўчиб жавоб берди Шарль.– Сен жуда чиройлисан.
–Йўқ,– дея маъюсгина эътироз билдирди Эрна.– Менга тасалли бермай қўяқол, азизим. Нуқсонларимни ўзим яхши биламан: оёқларим жудаям узун, товонларим ва қўлларим жудаям кичкина, белим юқорироқда, ҳаддан ташқари катта кўзларим ажойиб сариқ рангда эмас, балки ёқимсиз мовий рангда, лабларим эса ясси эмас, дўрдоқ, худди камонга ўхшаш қийшиқ.
Лекин Шарль маликанинг кўкимтир томирлари кўриниб турган узун бармоқли оппоқ қўлларини тинмасдан ўпар, нафис сўзлар билан эркалар ва рақсга тушаётганларга қараб телбаларча қаҳқаҳа уриб куларди.
Ниҳоят байрамлар тугади. Қирол билан қиролича бахтли жуфтликка оқ фотиҳа беришди, қимматбаҳо совға-саломлар ҳадя қилиб йўлга кузатиб қўйишди. (Унга қадар оқ кўнгил Эрнотерраликлар бир ой давомида йўлларни текислаб, дарё ва жарликларга вақтинча кўприклар ўрнатиб қўйишганди). Бир ой ўтгач Шарль келин билан бирга аждодлари барпо қилган пойтахтга кириб келишди.
Маълумки, овоза ҳар қандай учқур отидан ҳам тез тарқалади. Ўзининг софдиллиги, соддалиги ва саҳовати билан халқ орасида шуҳрат қозонган валиаҳдни кутиб олишга буюк Парижнинг барча аҳолиси чиқди. Нафақат эркаклар, ҳатто аёллар ҳам бир оғиздан Эрнани мамлакатнинг, бинобарин, бутун дунёнинг энг гўзал аёли, деб тан олди. Сарой дарвозаси олдида қиролнинг ўзи бўлажак келинини кутиб олди ва пешонасидан ўпиб деди:
–Болагинам, гўзаллигингни мақтайми ёки саховатингними – билолмай қолдим, менимча, ҳар соҳада камолга етгансан…
Унга кўрсатилган ҳурмат ва илтифотни камтарлик билан кутиб олган Эрна эса ўзича:
“Бадбашаралар юртига келишим насиб этгани жуда яхши бўлди, ҳар ҳолда рашк балосидан қутуламан”,– деб ўйларди.
Бу ишонч уни узоқ вақтлар тарк этмади. Сайёр ашулачилару маддоҳлар маликанинг чиройи ва хулқ-атворини кўкларга кўтариб, жаҳонга жар солиб юришди, рицарлар эса кўзлари рангига тақлид қилиб мовий ранг либосларни афзал кўришди.
Орадан бир йил ўтиб Шарль ва Эрнанинг осойишталик билан кечираётган бахтли ҳаётига яна бир қувонч қўшилди: улар жуда соғлом ва антиқа ўғил кўришди. Эрна ўғлини биринчи марта эрига кўрсатар экан, тортинибгина деди:
–Севгилим! Сизга айтишга уялиб турибман, лекин: ўғлимиз жудаям чиройли, у сизгаям, менгаям ўхшаб кетади лекин ҳамюртларимизнинг бирортасига ҳам ўхшамайди. Ёки меҳрдан кўзим қамашдимикан?
Бунга жавобан Шарль қувонч билан кулиб қўйди:
–Маликам, доно Эрннинг ов қуроллари сақланадиган хона деворидаги ёзув маъносини кейин айтиб бераман деганим эсингдами?
–Энди эшит. У қадимий лотин тилида бўлиб, қуйидаги маънони билдиради: “Мамлакатимдаги барча эркаклар – ақлли, вафодор ва меҳнаткаш; аёллари – пок, самимий ва зийрак. Аммо –уларни Худонинг ўзи ёрлақасин – аёллар ҳам, эркаклар ҳам – бадбашара”.
Русчадан Абдунаби Абдулқодир таржимаси
“Жаҳон адабиёти” журнали, 2011 йил, 4-сон.