Александр Куприн. Зумрад от (ҳикоя)

Беқиёс йўрға Холстомер хотирасига бағишлайман.

1

Тўрт яшар пойгачи айғирни Зумрад от деб аташарди. У бўйчан, кулранг, қадди тик, танаси кумуш­ранг. Одатдагидай ярим тунда сайисхонасида уй­ғонди. Унга ёнма-ён, чап ва ўнг, даҳлиз орқали ўти­ладиган қарама-қарши томондаги отлар бир текис, ёқимли товушда пичан чайнашар, ширин ғир­чиллатиб, аҳён-аҳёнда пишқириб қўйишарди. Нав­батчи отбоқар бурчакдаги похол уюми устида хуррак отарди. Зумрад Василийни хуррагидан таниди, беихтиёр кунларни санади. У ҳали ёш бола, отлар уни отхонада бадбўй тамаки чеккани учун ёқтиришмасди, тез-тез ширакайф кириб келар, тиззалари билан отларнинг қоринларига тепар, кўзларига мушт кўтарар, нўхталарини қўполлик билан силтаб ташлар, отларга нотабиий, таҳдидли, бўғиқ йўғон овозда бақирарди.
Зумрад эшик олдидаги панжара ёнига борди. Рў­парасидаги эшикда ёшгина, қорачадан келган бия Шеголиха турарди. Йўрға қоронғуда уни аниқ кў­рол­маса-да, ҳар гал пичан чайнашдан олдин бош кўтариб, орқага қайрилиб қараб қўяр, катта-катта кўзларидан қизғиш бинафшаранг олов сачраб кетарди. От бурун тешикларини оҳиста кенгайтириб, узоқ вақт ҳаво симирди, биянинг терисидан билинар-билинмас келаётган тўлқинлантирувчи ҳидни ҳис этди ва астагина кишнаб қўйди. Бия ҳам шитоб билан орқага қараб, майин, тит­рагандай, меҳр билан ўйноқлаб кишнади. Шу пайт Зумрад ёнгинасида, ўнг тарафда рашкчил, қаҳрли нафасни эшитди. Орага Онегин аралашди – қари, қайсар, қўнғир пойгачи от, кўпдан буён аҳён-аҳёнда фақатгина шаҳар биринчиликларида қатнашиб юради. Иккала от ҳам юпқа нотекис тахталар билан ажратиб қўйилган, бир-бирига кўзи тушмасди, бироқ панжаранинг ўнг бурчига ёнбошлаётиб, Зумрад тўсқичлардан чайналаётган иссиқ пичан ҳидини тиниқ туйди, бу тез-тез нафас олаётган Онегиннинг нўхталаридан сизаётган эди… Отлар шу йўсин бироз вақт бир-би­рини қоронғуда ҳидлашди, қулоқларини кўтаришган кўйи бўйинларини эгиб, асабийлашишди. Кутилмаганда иккаласи бирдан қаҳрланиб, бор овозда кишнаб юборишди, ер тепинишди.
– Жим бўл, жин урсин! – Отбоқар уйқусираб, таҳ­дидли қичқирди.
Отлар панжарадан тисланишди ва ҳушёр тортишди. Улар аввалдан бир-бирини ёқтиришмасди. Уч кун олдин отхонага қомати келишган қора бияни олиб келишди, одатда бундай қилинмасди. Бу пойгачи отларга жой етишмаслигидан келиб чиқди. Шундан буён кунлари жанжалсиз ўтмай қолди. Отхонада ҳам, айланада ҳам, суғорилаётганда ҳам бир-бирини олишувга чақиришарди. Бироқ Зумрад ич-ичидан узун бўйли, нияти ёвуз, юмалоқ туя туёқли, кўзлари қайғули, танаси тошдай мустаҳкам, йиллар бўйи югуришлар, пойгалар, олишувларда тобланган суякдор от олдида қўрқувни ҳис этарди.
Йўрға ўзини ҳеч нима бўлмагандай, қўрқмаёт­гандай кўрсатишга уриниб, қайрилди, охурга бошини тиқиб, пичанни майдалаб, тез-тез кавшай бошлади. Аввалига тантиқланиб, ўт-ўланларни саралаб, териб еди, чайнагани сари пичан ширинлашиб кетди, охурдан бош кўтаролмай қолди. Шунда хаёлига аста-секин турфа ўйлар ёпирила бошлади, хотирасидаги олис қиёфалар, ҳидлар, товушлар бир-бирига уланиб, ай­ни чоғда қоп-қора гирдоб ичида буткул йўқ бўлиб кетишарди.
“Пичан”, – деб ўйлади ва кечқурун пичан солган катта отбоқар Назарни эслади.
Назар – яхши қария, ундан ҳамиша хушбўй қо­ра нон ва сал-пал шароб ҳиди келади, шошмас­дан юмшоқ қадам ташлайди, пичан ва сулиси ҳам­маникидан мазали туюлади, отларни тозалаётганда ярим овозда меҳр билан сўзлашаётиб, ёқимли тарзда томоқ қириб қўяди. Унда катта, бошқаларга ўх­шамайдиган алоҳида хислатлар йўқдай, фақат пи­чан солаётганда, жилов тортганда бе­ўхшов қўллари тит­раб кетади.
Василий ҳар қанча бақириб-чақирмасин, олишмасин, қўрқоқлиги бор, буни барча отлар билишади, ундан қўрқишмайди. У отда юролмайди, тортади, нуқул айланади. Кўзлари қийиқ учинчи отбоқар иккаласидан ҳам яхши, лекин отларни хуш кўрмайди, бешафқат ва бесабр, қўллари ёғочдай қаттиқ. Тўр­тинчиси – Андряшка, жуда ёш, тойчоққа ўхшаб отлар билан ўйнайди, нўхталар орасидаги юқори лабларини яшириб-яшириб ўпиб қўяди, бу – ёқимли ҳам, кулгили ҳам эмас.
Баланд бўйли, ориқ, букчайган, юзлари текис қиртишланган ва тилла кўзойнакли чавандоз эса – бутунлай бошқа гап. У ўхшаши йўқ отга ўхшайди – ақл­ли, кучли ва қўрқмас. Ҳеч қачон жаҳли чиқмайди, хипчин билан урмайди, бироқ устига минганда тулпор унинг ҳар бир ишораси, бармоқларининг ҳаракатига сўзсиз, аллақандай қувонч, ғурур ва қўрқув ҳисси билан бўйсунарди. Бу Зумрадга чексиз хурсандчилик ато этар, югураётиб, бутун вужуди қайнаб-тошар, нақадар ажиб, бахтиёр дамлар эди.
Отнинг хаёлидан отчопарга олиб борадиган қисқа йўл, ҳар бир уй, устунчалар, тўшалган қум, чопаётган отлар, яшил майсалар, боғичлардаги сарғиш доғлар ўтди. Уч яшар қора тўриқни эслади, у шу кунларда оёқ чигилини ёзаётгандай оқсоқланарди. Зумрад ҳам бир зум оқсоқланиб юришни тасаввурига келтирди.
Бир даста пичан оғзига жуда ёқди, бошқаларидан ўзгача, ажойиб таъми билан ажралиб турарди. Ай­ғир уни узоқ вақт чайнади, ютганида бир муддат қовжираган гуллар ва майсаларнинг нафис хуш бўйларини илғади. От онгида ноаниқ, аллақандай айқаш-чуйқаш, узоқ хотиралар сирғалди. Бу кашанда одамларда бўлиб турадиган ҳолатга ўхшаб кетарди, яъни – кўчада папиросни беихтиёр чуқур тортганда ушлаб бўлмас сония, эски гулқоғозлар ёпиштирилган ғира-шира даҳлиз ва буфетдаги ягона шам, ёки олис тун йўли, қўнғироқларнинг текис товушлари, оғир мудроқ, ёки яқин ўртадаги зангори ўрмон, қор, очилиб-очилмаётган кўзлар, кўчкилар гулдуроси, эҳ­тиросли бетоқатлик, тиззалар қалтираши – бариси бир дақиқада елиб ўтишади-да, юракни унутилган, ҳаяжонли, елвизак ҳислар оҳиста, ғамгин ва тушуниксиз қалқитиб кетади.
Қоронғуликда боғча узра ҳанузгача кўзга кў­рин­мас нарсалар бўзариб, зўрға кўзга ташланарди. Отлар эринчоқлик билан кавшанишар, бирин-кетин оғир ва секин хўрсиниб қўйишарди. Ҳовлида таниш хўрознинг жарангдор, тетик, карнайдай кескин қичқириғи янгради. Олис-яқинлардан хўрозларнинг бирин-кетин хонишлари узоқ вақт тинимсиз эшитилиб турди. Зумрад бошини охурга эгиб, унда боягидай зариф, жонли, узун хотиранинг акс-садоси, ғаройиб таъмини ушлаб қолмоққа ва кучайтирмоққа уринди. Лекин уни тирилтиролмади, ўзи ҳам сезмаган ҳолда мудрай бошлади.

2

Унинг танаси ва оёқлари бенуқсон, мукаммал кўринишга эга эди, тик туриб ухлар, олдга ва ортга сал-пал чайқалиб қўярди. Баъзан титраб кетар, шунда ширин уйқуси бир неча онга енгил мудраш билан алмашар, бироқ узоқ давом этмаган ором шу қадар ажойиб эдики, бундан отнинг мускуллари, асаблари ва териси тиниқлашарди. У саҳарлаб уйғонди, тушини эслади. Тушида эрта баҳор тонги, кўтарилаётган қизғиш шафақ, қуюқ ўтлоқни кўрди. Майсалар қалин ва ширали, тиниқ, эртакдагидай сеҳрли, ям-яшил, борлиқ ма­йин бинафшарангда жилоланарди. Бундай манзарани кўриш одамлар ва жонзотларга фақат болалигида насиб этади, холос. Шудринглар милтираб шуълаланар, тиниқ ҳавода барча-барча ислар ингичка жилваланиб, ёйиларди. Салқин ҳаво оралаб тутун иси урилади, у қишлоқдаги қувурдан эсади. Ўтлоқ гуллари турфа-турфа ҳид таратади, шаҳар чеккасидаги намхуш бурама йўлдан бир-бирига аралашиб кетган турли-туман ислар келади: одамлар, қорамой, от юклари, чанг, ўтиб кетаётган подадан сигир сутларининг буғи, девор ортидаги арча новдаларидан оқаётган ёқимли қатрон ҳидлари.
Етти ойлик Зумрад тойчоқ полда беҳол ётади, бошини пастга тираб, орқа оёқлари билан тепиниб-тепиниб қўяди. У ҳаводан тушгандай танасининг оғир­лигини сезмасди. Оппоқ қуруқ мойчечак гуллари оёқлари остида учиб юришарди. У қуёш томон парвозга интиларди. Аёллар тиззага урадиган нам майсалар оралаб ўтишар, майсалардан совуқлик сачрар, бора-бора қорайиб кўринарди. Мовий осмон, яшил майса, олтин қуёш, тоза ҳаво, болалик, ёшлик ҳайратлари, куч ва пойга тезлиги!
Бироқ у қисқа, нотинч, жуда таниш кавшанишни эшитди, буни минглаб товушлар ичидан олисдан бўлса ҳам билиб оларди. У югураётганда бир тўхтаб олар, бир сония қулоқ тутар, бошини баланд кўтариб, бежирим қулоқларини қимирлатиб, калта мулойим супурги думини бўш қўйиб, узун қуйма овоз билан жавоб берар, шунда тик, ориқроқ, узун оёқли танаси титраб кетар ва онаси томон чопарди. Онаси – кексайган, вазмин бия майсадан ҳўлланган бошини кўтариб, тойчоғини суйиб, ҳидлаб оларди-да, қилмаса бўлмайдиган ишни бажариб қўйиши керакдай яна ўт-ўланларни ейишга тушиб кетарди. Тойчоқ кичик бўйнини эгиб, онасининг қорнига тиқилиб, юзини баландга қайириб, ширин, салгина нордон сут билан тўлиб турган иссиқ елинни топиб олар, сут унинг оғзига ингичка илиқ жилғачалардай шариллаб тушар, ундан ажралгиси келмасди. Онаси уни итариб, ўзини боласининг чотидан тишлаб олмоқчидай кўрсатарди.
Отхона бутунлай ёришди. Серсоқол, қари, бад­бўй эчки отлар орасида яшарди, ичкаридан қир­рали нарса тиқиб қўйилган эшик олдига бориб, ор­қага, отбоқар томонга қараб, маърай бошлади. Василий оёқяланг, патак сочли бошини қашиди-да, эшикни очиш учун турди. Салобатли куз тонги совуқ эди. Тўртбурчак эшик очилиши билан отхонадан чиққан иссиқ ҳаво буғланиб кетди-да, бир зумда қотиб қолди. Толлар ва уларнинг тўкилган япроқларидан келаётган ёқимли ислар нафис, оҳиста сайисхона бўй­лаб сирғаларди. Отлар ҳозир ем беришларини яхши би­лишарди, сабрсизлик билан панжаралар ёнида пишқириб қўйишарди. Очкўз ва инжиқ Онегин туёқлари билан қоқиб қўйилган ёғочни юқори тишлари билан тишлаб-тишлаб, охурнинг темир билан парчинланган, чайнаб ташланган борт қирраларига бўйнини чўзиб, ҳаво ютинди ва кекирди. Зумрад юзини панжара ёнбошларига ишқалади.
Бошқа отбоқарлар ҳам келишди. Улар тўрт киши эди – қатъий ўлчанган миқдорда охурларга ем ташлай бошлашди. Назар оғир шовдираб турган емни Зумраднинг охурига соларкан, тулпор емга ҳов­ли­қиб, қариянинг елкалари, қўллари оралаб, иссиқ нўх­таларини силкитиб, бош суқарди. Зумраднинг эрка қилиқлари, бесабрлиги отбоқарга жуда ёқар, у ҳам атайлабдан шошилмас, тирсаклари билан охурни тў­сиб олар, самимий дағаллик билан ғудранарди:
– Оббо, очофат-ей… Шошилма, улгурасан… Ҳа, сени-я… қани башарамга яна башарангни тиқиб кўр-чи. Мен ҳам ёмон қиламан…
Охур узра пастга қараб тўртбурчак устунга қуёш­нинг заррин нурлари қиялаб тушиб турар, унда миллионлаб тилла ўргимчак иплари айланишар, бў­ли­ниб-бўлиниб, дераза гулқоғозларига узундан-узун соялар солишарди.

3

Уни ташқарига олиб чиқиш учун келишганида Зумрад эндигина емни еб бўлган эди. Ҳаво илиқ­лашди, тупроқ юмшади, бироқ отхонанинг деворлари ҳали қировдан оқариб турарди. Отхонадан олиб чиқилган, қуюқ буғлар чиқараётган уюм-уюм гўнглар устида гужғон ўйнаётган қарғалар бор овозда қичқиришар, бир-бирлари билан жанжаллашаётганга ўхшарди. Бўйнини эгиброқ, эҳтиёткорлик билан бў­сағадан ўтаётиб, Зумрадни қувонч ҳисси қамраб олди, тоза ҳаводан тўйиб симирди, бўйнини силкитиб, бутун вужуди билан жаранглатиб аксирди. “Соғ бўл,” – деди Назар жиддий оҳангда. Зумрад бир жойда туролмасди. У шитоб билан елиш, қитиқловчи ҳаво, кўз ўнгида силкинаётган нўхталар, юракларнинг оловли қалқиб кетишлари, чуқур-чуқур нафас олишни истарди. От қозиққа боғлаб қўйилган эди, орқа оёқлари билан ўйноқлаб, кишнади, бўйнини авайлаб қайирди-да, ортига, қоратўриқ бияга қаради, унинг катта қора кўзларидаги қизил қон томирлари чизиқларигача кўрди.
Назар қаттиқ-қаттиқ нафас олиб, бор кучи билан боши узра сув тўла челакни кўтарди ва сувни тулпорнинг елкасидан ошириб, яғринидан то думигача қуйди. Бу Зумрад учун жуда таниш, ёқимли ва баъзан кутилмаган ҳолатларни туғдиргувчи даҳшатли туйғу эди. Назар яна сув келтирди, йўрғанинг ёнбошлари, кўкраги, оёқлари, думғазаси остига сепалаб чиқди. У қадоқ қўллари билан от танасини юнглари бўйлаб қаттиқ, бос­­тириб ишқалаб чиқар, сувларни чаплаштирарди. Зумрад ортига қараб, ўзининг баланд, қуёшда ялтираб, қорайган ва чўғланиб турган сағринига кўзи тушди.
Пойга куни эди. Зумрад буни ўзига хос асабий, шошқин ҳаракатлардан билар, отбоқарлар отлар ат­­рофида айланиб, шапатилашларидан сезарди, ай­рим отлар танасига назокат нуқтаи назаридан одатий белгиларни қўйишар, бияларга гулдор териларни илдиришар, баъзиларнинг оёқларини қаттиқ боғичлар билан бўғинларидан тиззаларигача ўраб ташлашар ёки кўкрак остидан олд оёқларгача юнг билан қопланган кенг қўлтиқчаларини ҳам боғлаб қўйишарди. Саройдан хушбичим икки ғилдиракли, баланд ўриндиқли ажнабий русумдаги араваларни олиб чиқишди, уларнинг металлдан ясалган ниналари, қизил чамбарак­лари, кенг тортилган қизғиш шотидаги янги бўёқлар кўзларни қамаштирарди.
Отхонанинг бош отлиғи етиб келгунча Зумрад буткул қуриб бўлган, чўткалар билан тозаланган, жун матодан тикилган қўлқоплар билан артилган эди. Узун бўйли, ориқдан келган, бироз букчайган, узун қўлли бу одамни ҳамма бирдай ҳурмат қилишар, айни пайтда ундан одамлар ҳам, отлар ҳам қўрқишарди. Унинг юзи куйган, қиртишланган, чизиб қуйилгандай кулгили лаб­лари қаттиқ, юпқа, эгик кўринарди. У тилла кўзойнак тақарди, кўзойнак ортидан мовий, ёруғ кўзлари дадил ва хотиржам тикилиб турарди. Бош отлиқ тозалаш ишларини кузатар, узун оёқларида баланд этиклар, қўлларини пантолонининг чўнтакларига чуқурроқ киргизиб олган, сигарасини оғзининг гоҳ бу бурчига, гоҳ у бурчига олиб-бориб келтирарди. Эгнида – ёқаси юнгли кулранг куртка, бошида – энсиз ҳошияли ва тўғри чизиқли тўртбурчак соябонли қора шапка. Баъзан кескин, пала-партиш оҳангда қисқа-қисқа танбеҳлар берар, шунда барча отбоқарлар ва ишчилар унга қайрилиб қарашар, отлар ҳам қулоқларини диккайтириб, ҳушёр тортишарди.
У Зумраднинг ирғишлашларига алоҳида эътибор берар, отнинг бутун танаси, пешонасидан тортиб туёқларигача қараб чиқар, тулпор ҳам унинг меҳрли нигоҳини сезиб, бошини баланд кўтарар, чи­ройли бўй­нини аста эгиб қарар, ялтираб турган қу­лоқ­ла­ри­ни тиккайтирарди. У от айилининг мус­таҳ­камлигини кўрди, қўллари билан қорнини силади. Отга кулранг матоли, қизил уқали, кўз олдларига қизил айлана қилиб, орқа оёқларига қизил каштали жул кийдиришди. Икки отбоқар – Назар ва қийиқ кўз икки томондан Зумраднинг юганидан ушлаб, таниш кўприк усти бўйлаб, икки қаторли камёб улкан тошли бинолар оралиғидаги отчопарга олиб чиқишди. Югуриш айланасигача бўлган масофа тўрт чақиримга ҳам етмасди.
Отчопар ҳовлисида отлар кўп эди, уларни доира бўйлаб бир йўналишда, югуриш айланасида, соат милларининг тескари ҳаракатида олиб юришарди. Ҳовлида метин оёқли, думлари калта қилиб кесилган, дўғага боғланган отларни айлантиришарди. Зумрад оқ тулпорни дарров таниди, улар доим бирга, ёнма-ён югуришарди, иккаласи бир-бири билан сўзсиз, кўзлари кулиб саломлашишди.

4

Отчопарда қўнғироқ чалинди. Отбоқарлар Зумрад устидаги жулни олиб ташлашди. Чавандоз қуёш нурларидан қамашган кўзойнак остидаги кўзларини қисиб, узун сўйлоқ тишларини иржайтириб, унга яқинлашди, юрган кўйи қўлқопларини кийиб оларкан, хипчинни қўлтиқлаб олди. Отбоқарлардан бири Зумраддаги башанг нимарсалар, думидаги капалак­ларигача йиғиб олди, уларни эҳтиёткорлик билан ўриндиққа қўйди, бу билан гўё гўзал хотима ясади. От гавдасининг оғир­лигидан нозик арава шотиси таранг тортилди. Зумрад ортга кўз қирини ташлади ва отлиқни кўрди. У от сағ­ринига қулай ўрнашиб олиб, оёқларини олдга тираб, арава шотисига осилтириб турарди. Отлиқ шошилмасдан жиловни олди, отбоқарларга овозини жиддий тарзда баландлатиб гапирди, ҳаммаси бирдай қўлларини ишдан тортишди. Пойга суруридан қувончга тўлаётган Зумрад шитоб билан олдга уринди, лекин уни кучли қўллар ушлаб қолди, орқа оёқларини кўтаролди, холос. Бўйнини силкитди ва секин-секин йўртиб, кенг дарвозадан югуриб чиқди-да, отчопарга кирди.
Ҳовлида ҳар бир чақиримда эллипс шаклидаги ёғоч устунлар ўрнатилган, сариқ қум сепилган нам ва зич югуриш йўлаклари оёқ остида ғирчиллаб, ёқимли оҳангда қайишиб кетар, босим гоҳ кўтарилиб, гоҳ пасайиб борарди. Туёқларнинг текис ва ўткир излари, темир чамбараклардаги тўғри чизиқлар из солиб борарди.
Минбар чўзилгандай кўринди. Икки юзта от си­ғадиган бу ёғочли бинога баланд ингичка устунлар тираб қўйилган, қора-қура оломон олдга интилади, гувиллайди. Зумрад жиловнинг енгил, эшитилар-эшитилмас силкинишидан тушундики, қадамини тезлатса бўлади, хурсанд пишқириб қўйди. У бир текисда йўртиб борарди, белини уринтирмасдан, йўлга дадил тикилди, чиройли бўйнини чап томонга қайириб, арава шотисига қараб қўяркан, юзини тўғрига қаратди. Отнинг бетакрор узун-узун қадамлари узоқдан кузатилганда югуриш тезлиги катта эмасдек таассурот қолдирарди, у шошилмасдан йўлни аниқ ўлчаб борарди, циркулга ўхшаб, олд туёқлари учини ерга сал-пал теккизиб қўярди. Бу ҳақиқий пойгачи отнинг чиқиши эди. Йўрға нафасини юмшатиб олар, ҳар бир қаршиликни охирги нуқтасигача камайтириб, қайтадан ҳаракатланиш учун барча нокерак уринишларни олиб ташлар, кучи, гўзаллиги кўзни қамаштирар, у тирик, бенуқсон ишлайдиган машинага айлангандай туюларди.
Икки югуриш оралиғидаги антрактда отларни совутиш бошланди, бунда айғирлар нафасини ростлаб олишади. Отларнинг кўпчилиги айланада Зумрад билан бир йўналишда, ички айланада эса унга қарама-қарши томонда югуришарди. Танаси кулранг, қора танга-тангали, бўйи узун, юзи оқиш, бўйни юмалоқ, думи қувурдай, кўргазма отларига ўхшаш, насли соф орловча бедов Зумрадни қувиб ўтди. У йўл бўйи сергўшт, кенг, тердан қорайган кўкраги ва ҳўлланган чотларини силкитиб чопар, олд оёқларини тиззасидан ён томонга улоқтирар, ҳар бир қадамида жигарининг лўқиллагани эшитилиб турарди. Орқа томондан тик қоматли, танаси узун, дурагай наслли, қора ёлли бия келиб тўхтади. У ҳам Зумраддай ажойиб, пойгага пухта тайёрланган эди. Калта, озода қалин мато унга шундай ярашиб турардики, ҳатто тери ости мускулларининг ҳаракатлари билиниб турарди. Отлиқлар бир-бирлари билан суҳ­батлашиб боришарди, икки от бирозгина ёнма-ён юриш­ди. Зумрад бияни ҳидлаб кўрди, йўл-йўлакай у билан ўйнамоқчи бўлди-ю, бунга отлиғи йўл қўймади, от бўйсунди.
Рўпарадан докалар, тиззабоғлар ва қўлтиқости боғичлари билан танғиб ташланган катта қора арғумоқ бор кучи билан йўртиб, елиб келар, ўнг томонида ярим газ келадиган узунроқ шоти дўппайиб чиқиб турарди, боши доира шаклида қаттиқ боғлаб қўйилган, темир тасмаси қайириб ўралган, бешафқатларча сиқиб ташланган, оғриқданми отнинг асабий хириллаши эшитиларди. Зумрад ва бия бир вақтнинг ўзида унга қарашди, иккаласи ҳам шу лаҳзада кучли, чопқир ва чидамли йўрғани кўришди, айни пайтда қўрқинчли, қайсар, жаҳлдор, кекчи ва иззатталаблигини ҳис этишди. Қора отнинг ортидан кулгили даражада кичкина, оч кулранг ҳашамдор тулпор чопиб ўтди. Ташқаридан қаралганда, уни жуда катта тезликда югуриб кетаяпти, деб ўйлаш мумкин эди, оёқлари билан ерни тез-тез уриб қўяр, туёқларини тиззасидан юқорига кўтарар, афти-ангоридан тириш­қоқлик, ишбилармонлик нуқси уфуриб турар, чиройли, кичкина бошига силлиқ бўйни ярашган эди. Зумрад унга кўзларини олайтириб, киноя билан қаради, бир қулоғини у томонга қимирлатиб қўйди.
Бошқа отлиқ суҳбатини тугаллади, баланд овозда қисқа-қисқа хохолади, гўё кишнаб юборди ва бияни эркин югуришига қўйиб берди. У ҳеч қандай зўриқишсиз, хотиржам чопарди, Зумрад билан йўллари айрилди, олдинга қараб югурди, ялтираб турган бошини орқа елкасидан билинар-билинмас ошириб, қора тасмасини таранг ва текис тортиб қўярди. Кутилмаганда тилларанг-малла йўрға шитоб билан сакради, чопди, уни Зумрад ва оқ бия оқ тўсқичлар оралиғидан кўриб туришарди, йўрға уларни ортга ирғитиб юборди. У узун-узун қадам ташлаб югурар, баъзан чўзилар, баъзан ерга эгилиб, ё ҳавога кўтарилиб, олдинги оёқларини орқа оёқлари билан бирлаштириб оларди.
Унинг отлиғи бор гавдасини орқага ташлаб, ўтир­масди, тортилган тизгинга осилиб, ётиб олган эди. Зумрад ҳаяжонланди, чап бермоқчи бўлди, ам­мо от­лиқ унинг қизишиб кетганини сезиб, тизгинни сездирмай тортиб қўйди, отнинг ҳар бир ҳаракатини олдиндан билгувчи эпчил ва сезгир қўллар бирдан темирдай қотиб қолди. Малла от минбар атрофини яна бир бор айланиб чиқди-да, Зумрадни қувиб ўтди. У чопиб борар, терга ботиб кетган, кўзлари қонталаш, хириллаб нафас оларди. Олдинга эгилиб олган отлиқ зўр бериб белига яқин жойларига хипчин билан саваларди. Ниҳоят, отбоқарлар дарвозага яқин ерда унинг йўлини кесиб чиқиб, тизгин ва юганни ушлаб қолишди. Терга ботган, титраётган, зўрға нафас олаётган от­ни бир муддатга отчопардан олиб чиқишди.
Зумрад бор кучи билан йўртиб, ярим айланани босиб ўтди, кейин йўлга қайрилди, югуриш майдонини кесиб ўтувчи йўлдан дарвоза орқали ҳовлига чиқди.

5

Отчопарда бир неча бор қўнғироқ чалинди. Ҳар замонда очиқ дарвоза ёнидан югураётган отлар елиб ўтишар, минбардаги одамлар қичқира бошлашар, қарсак чалишарди. Зумрад бошқа отлар чизиғида кў­пинча Назар билан бирга қадам ташларди, бошини осилтириб, у ёқ-бу ёққа силкитганича ғилоф ичидаги қулоқларини қимирлатиб қўярди. Совутишдан сўнг томирларидаги қонлар осойишта ва қайноқ оқди, нафаси чуқурлашди, эркин тин олди, вужуди шу қадар тиниқлашиб, салқинладики, бутун мускулларида яна югуриш истаги ёнаётганини туйди.
Ярим соат ўтди. Отчопарда яна қўнғироқ чалишди. Энди отлиқ отга қўлқопсиз ўтирди. Бу қўллар оппоқ, сеҳрли, кенг, айни пайтда Зумраднинг қалбига ҳам ҳайиқиш, ҳам меҳр туйғусини соларди. Отлиқ шошилмасдан отчопарга чиқди, бу ерда отлар совутилгандан сўнг бирин-кетин ҳовлига чиқишарди. Айланада фақат Зумрад ва у билан ўтиш жойида учрашган улкан қора йўрға қолди. Минбардан оломон бошдан-оёқ қуюқлашиб, қорайганча кўринар, бу қоп-қора тўдада сон-саноқсиз, қувноқ, пала-партиш чеҳралар, қўллар товланар, ранг-баранг ёмғирпўшлар, бош кийимлар кўзга ташланар, оқ варақдаги дастурлар ҳаволанарди. Зумрад қадамларини аста-секин тезлатиб, минбар ёнидан югуриб ўтаётиб, минглаб кўзлар киприк қоқмай уни кузатаётганини сезди, бу кўзлар очиқ-ойдин ундан елдан учқур югуришни, бутун куч-қувватини ишга солишни, юраги зарб билан уришини исташарди. Бу идрок унга бахтиёр ва тантиқ лаҳзаларни бахш этди. Таниш оқ йўрғада ёш бола ўтирар, оти Зумрад билан ёнма-ён, ўнг томонда қаттиқ кишнаганча сакраб чопарди.
Зумрад танаси чап томонга сал эгик ҳолда текис ва қадамларни ўлчаб олгандай югураётиб, қай­рилишни чамалаб кўрди, қизил айланадаги устунга яқинлашди. Отчопарда қисқа қўнғироқ чалинди. Отлиқ билдириб-билдирмай ўзини ўриндиқда базўр ўнглаб олди, қўллари қўққисдан қаттиқлашди. “Энди юр. Кучларингни авайла. Ҳали эрта”. Белгини тушунди Зумрад, бир лаҳза орқага қайрилиб, зийрак қулоқларини диккайтирди. Оқ йўрға ёнбошда текис чопиб борар, фақат озроқ орқада эди. Зумрад унинг яғринидан келаётган янги ва текис нафасни яқиндан эшитди.
Қизил устун ортда қолди, яна битта кескин бурилиш, йўлакча бўйлаб ростланиб, яқинлашгани сари иккинчи минбар қорайиб кўринар, олисдан гуриллаётган оломон янада қалинлашар, ҳар бир қадамда ўсарди. “Яна! – қўйиб берарди отлиқ, – яна ва яна!” Зумрад бироз шиддатланди, бор кучини йиғиб, зўр бериб, югуришга сарфлашни хоҳларди. “Мумкинми? – ўйлади у. “Йўқ, ҳали бор, ҳаяжонланма, – дея уни сеҳргар қўллар тинчлантирарди. – Кейин”.
Икки йўрға ҳам устунларни бирдай айланиб ўтишди, фақат бу устунлар диаметрнинг қарама-қарши томонида, икки минбарни бирлаштирадиган жойда жойлашган. Қаттиқ тортилган иплар озгина қаршиликдан ҳам узилиб кетиши мумкин, шиддат зарбидан Зумрад бир лаҳзага қулоқларини беркитиб олишга мажбур бўлди. Бироқ буни шу заҳотиёқ унутди, бор диққатини ажойиб қўлларга қаратди: “Яна бироз! Қизишма! Тўғрига қараб юриш керак!” – буйруқ берди отлиқ. От чайқалаётган қоп-қора минбар ёнидан учиб ўтди. Яна бир неча саржин ва тўрталаси – Зумрад ва унинг отлиғи, оқ йўрға ва дўғага боғланган, кавшарланган, қисқа узангидаги бола от ёлидан кўз узолмай, бахтиёр юзлари яшнаб, бутун борлиғи билан отни югуртирарди, уларга эркинлик жарангдор мусиқадай илҳом бахш этар, ҳар бири ўз вазифаларини аъло даражада уддалашмоқда эди. Та-та-та-та! – ерни равон қоқиб боради Зумрад. Та-та-тра-та! – ғўла бола қисқа ва кескин равишда қайтаради. Яна битта бурилиш ва иккинчи минбар томонга югуради. “Мен ҳам тезлатайми?” – сўрайди Зумрад. “Ҳа, – дейди қўллар, – фақат шошилма”.
Иккинчи минбар ғизиллаб ўтганини илғаб ҳам қололмайсан. Одамлар нималардир деб қич­қи­ри­шади. Бу Зумраднинг эътиборини тортади, у қи­зи­шади, тизгиннинг ҳароратини-да сезмай қолади, бир муддат ичида йўлларни тўғри чамалаб, ўнг томондан тўрт марта қайсарлик билан сакрайди. Бироқ тизгин ўша заҳотиёқ қаттиқ тортилади ва отнинг оғзини ачитиб ўтади, бўйнини пастга ўраб олади, бошини ўнг томонга айлантириб ташлайди. Энди ўнг оёқ билан сакраш ноқулай. Зумраднинг жаҳли чиқди, оёқларини алмаштиришни истамади, отлиқ эса унинг кайфиятини пайқаб, секин йўртишига қўйиб берди. Зумрад ўз мақомига кириб олди, дўстона қўллар майинлашди. Зумрад хатосини тушунди, тезлигини икки баробар оширишга уринди. “Йўқ, ҳали эрта, – очиқ кўнгиллик билан юпатди от­­лиқ. – биз буни тўғрилашга улгурамиз. Ҳечқиси йўқ”.
Улар ҳавас қилгудек дўстлардай бир-бирини анг­лаб, ҳеч қандай савалашларсиз яна бир айлана ва ярим айланани босиб ўтишди. Бироқ қора от бугун аъло кўринишда эди. Зумрад ишни бузиб қўйганда от­лиқ йўрға устига қалин матони ташлашга муваффақ бўлди, Зумрад кўздан йўқолган, охиридан олдинги ус­тунни изларди, устунгача уч чорак мил қолган эди. “Энди – олға. Қани, юр!” – буйруқ берди отлиқ. Зумрад қулоқларини диккайтирди ва бир марта ортга илкис назар ташлади. Отлиқнинг юзлари қизариб кетган, кескин, қатъий, бесабр, сарғиш, катта-катта, буришган, қаттиқ қисилган лаблари ялтираб кетди. “Энди ўзингни кўрсат! – юқорига кўтарилган қўллардаги тизгинлар буйруқ берарди. – Яна! Яна!” Отлиқ бирдан кескин дириллаган, сиреналардай чинқироқ товушда қичқирди:
– О – э-э-э-эй!
– Мана, мана, мана, мана! – ғўла бола ўткир ва жарангдор овозда от чоптириб борарди.
Шиддат туйғуси энг баланд чўққига кўтарилди, ҳозир узилиб кетгудек энг нозик толада илиниб турарди. Та-та-та-та! – ерга оёқларини бир маромда уриб борарди Зумрад. Трра-трра-трра! – олдда Зумрадни ортидан эргаштириб келаётган оқ йўрғанинг сакрашлари эшитиларди. Арава шотилари чайқалар, сакраш мақомлари кўтарилар, бола эгарга ўтириб, от бўйнига батамом ётиб олган эди.
Шамол қаршидан келар, қулоқлар ёнидан ҳуш­так чалиб ўтар, отнинг бурун тешикларини қи­тиқлар, бўлак-бўлак, катта-катта буғлар кўтарилар, нафас олиш қийин эди, териси қизиб кетган эди. Зумрад сўнгги бурилишни ҳам босиб ўтди, бутун вужуди ичига тортиб кетгандай эди. Минбар тирикдай ўсиб борар, минг­лаб товушдаги қий-чувлар Зумрадни ҳам қўрқувга солар, ҳам ҳаяжонлантирарди. Унда йўртиш учун бошқа куч қолмади, сакрагиси келди, бироқ бу азамат қўллар ҳам буйруқ берар, ҳам тинчлантирарди: «Азизим, сак­рама! Фақат сакрама!… Мана шундай, мана шундай, мана шундай». Зумрад устун ёнидан шитоб билан ўтиб бораркан, назорат ипини узиб юборди, буни ҳатто ўзи ҳам сезмай қолди. Минбардан қичқириқлар, кулги, қарсаклар шаршарадай оқиб тушарди. Афишаларнинг оқ варақлари, соябонлар, таёқчалар, бош кийимлар чир айланишар, ҳаракатланаётган юзлар, қўллар оралаб лип-лип ўтарди. Отлиқ тизгинни оҳиста ташлади. “Албатта, раҳмат, азизим!” – деди Зумрад ва бор кучини қи­йинчилик билан бўлса-да, ушлаб турди ва аста-секин қадам ташлади. Бу пайтда қора от қарама-қарши томондаги ўз устунига етти дақиқа кечикиб, етиб келган эди.
Отлиқ машаққат билан увишиб қолган оёқларини кўтариб, Зумрад отнинг устидан оғир сакраб тушди ва бахмал ўриндиқни олди, у билан биргаликда тарози томон йўналди. Отбоқарлар югуриб келишди. Унинг иссиқ белини жул билан ёпишди ва ҳовлига олиб чиқишди. Оломоннинг шовқин-суронлари, ҳайъат аъзолари даврасида узоқ чалинган қўнғироқ овози жаранг­лаб турарди. Енгил, сарғиш тер томчилари отнинг юзидан ерга ва отбоқарлар қўлига тушарди.
Бир неча дақиқадан сўнг ўзини тутиб олган Зумрадни минбар ёнига келтиришди. Эгнига узун пальто ва бошига янги ярқираб турган шляпа кийган баланд бўйли бу одамни Зумрад отхонада кўп кўрган, у тез-тез кириб турар, бўйинларини шапатилаб қўяр, кафтига бир бўлак қанд солиб, отнинг оғзига тутарди. Отлиқ ҳам шу ерда, одамлар ичида жилмайиб турар, афтини буриштириб, узун тишларини такиллатарди. Зумраднинг устидан жулни олиб ташлаб, уни қути олдида уч оёқлатиб қўйишди, қоп-қора матога ўралган қути остида кулранг кийимдаги жаноб яшириниб олганча нимадир қиларди.
Одамлар минбардан қоп-қора бўтқа сингари ёйи­либ тушиб келишар, бир-бирини сиқиб, отни ҳар томондан ўраб олиб, қўлларини силкиб, бақиришар, бир-бирига энгашиб, юзлари қизарган, қизишиб кетган, кўзлари ёниб турарди. Оломон нимадандир норози эди, ҳар бири бармоқларини Зумрадга бигиз қилиб, оёқларини кўрсатар, бош, қўлларини ёнбошига тиқиб оларди. Чап томондан от сағринидаги матони ҳурпайтириб кўришди, у ерда тамға кўринди, барча бир овоздан қичқиришга тушди: “ Қалбаки, сохта йўрға, алдов, фирибгарлик, пулни қайтаринглар!” – Зумрад бу сўзларни эшитар, аммо маъносини тушунмасди, қулоқларини безовталаниб қимирлатарди. “Улар нима ҳақда гапиришаяпти? – ҳайрон бўлиб ўй­ларди у. – Ахир, мен жуда яхши югурдим!” Шу пайт унинг кўзи отлиққа тушди. Унинг ҳамиша хотиржам, енгил киноя билан кулимсираб турадиган жиддий кўзларида ғазаб ёнарди. У кутилмаганда баланд бўғиқ овозда қичқириб юборди, қўлларини силкиди, баногоҳ учган тарсаки товуши оломоннинг ғовур-ғувурини бўлиб ташлади.

6

Зумрадни сайисхонага олиб бориб қўйишди, уч соат ўтгач, унга сули беришди, қечқурун қудуқдан суғоришди. Катта сариқ ой девор ортида турган отнинг қалбига қўрқув ҳиссини солди.
Шундан сўнг зерикарли кунлар бошланди.
Уни бошқа ағанатиб ўйнатишларга, совутиш, югуришга олиб чиқишмади. Аммо ҳар куни нотаниш одамлар келишар, ҳовлига олиб чиқишар, обдон кўздан кечиришар, ҳамма жойларини ушлаб кўришар, оғзини очишар, чилвир тошга маҳкам бойлаб, бир-бирига бақиришарди.
Кунлардан бир куни уни кечқурун отхонадан олиб чиқишгани, узун, тошли, бўм-бўш кўчадан, чироқлари ёниқ уйларнинг ёнидан олиб ўтишганини эслади. Ке­йин – вокзал, дириллаб турган қоп-қора вагон, ҳор­ғин­лик ва титроқ узоқ йўлда оёқларини тарк этмади, паровозлар қичқириғи, рельслар гулдираши, тутундан тарқалаётган димиқтирувчи ҳид, фонуснинг жилвагар чайқалишлари. Бир станцияда уни вагондан олиб чиқишди, нотаниш йўлдан узоқ олиб юришди, кенг, бўм-бўш кузги далалар, қишлоқлар оралаб ўтди, ниҳоят, нотаниш отхонага олиб келишди ва бошқа отлардан олисроқ жойга қўйишди, лекин қамашмади.
Аввалига пойгалар, югуришлар, қадрдон отлиғи, Васька, Назар ва Онегинни эслади, уларни тез-тез тушларида кўрди, бироқ вақт ўтиши билан ҳаммасини унутди. Уни кимдандир беркитишарди, отнинг ёш, қай­ноқ ва бемисл кучга тўла вужуди соғинч, ноиложлик, ҳаракатсизликдан бўшашиб, сўлиб борарди. Баъзан янги нотаниш одамлар келар, Зумрад атрофида тўпланишар, пайпаслаб кўришар, тортиб ташлашар, аса­бийлашиб, бир-бирлари билан жанжаллашишарди.
Баъзан Зумрад тасодифан очиқ эшикдан бошқа отларни кўриб қолар, улар эркинликда юришар, чопишар, шунда у отларга қараб, аччиқ ва мунгли овозда кишнаб юборарди. Бироқ одамлар ўша заҳотиёқ эшикни ёпиб қўйишар, яна туссиз кунлар, ёлғизлик тунлари бошланарди.
Отхона бошлиғи – боши катта, кўзлари кичик, юзи салқи, юпқа қора мўйлабли одам Зумрадга ло­қайд кўринарди, лекин от ундан тушуниб бўлмас қўр­қув ҳиссини туярди. Бир куни эрталаб, ҳали бошқа отбоқарлар уйғонишмаган пайт у сассиз, шовқинсиз, оёқ учида Зумраднинг ёнига келди, охурга сули ташлади ва кетди. Зумрад бироз ҳайрон бўлиб турди-да, бўйнини эгиб, ея бошлади. Сули ширин эди, салгина ачқимтир, бироқ тансиқ таом эди. “Ғалати, – ўйлади Зумрад, – мен ҳеч қачон бундай сулини еб кўрмаган эканман”.
Кутилмаганда қорнида енгил оғриқ сезди. Оғриқ яна турди, кейин тўхтади, яна кучайди, дақиқа сайин зўрайди. Ниҳоят, оғриқ чидаб бўлмас даражага бориб етди. Зумрад бўғилиб зорланди. Унинг кўз олдидан оловли ғилдирак айланиб ўтди, ҳолсизликдан бутун танаси терлаб кетди, заифлашди, оёқлари қалтираб, букилди ва полга гурсиллаб йиқилди. У туришга ҳаракат қилди, фақат олдинги оёқларини кўтаролди ва ёнбошга йиқилди. Отнинг бошида шовқин ғу­вилларди, кўз ўнгидан тишларини ғижирлатиб от­лиқлар, баланд овозда кишнаб-кишнаб Онегин сузиб ўтди. Номаълум куч Зумрадни шафқатсизлик билан пастга, қоп-қора ва совуқ гирдобга тортиб кетарди. У энди қимирлай олмасди.
Қалтироқлар аввал оёғи, кейин бўйнини қотириб, белини синдиришди. От танасини бир нафасда ўт­кир ҳидли тер қоплади. Фонуснинг сирғалаётган сар­ғиш нури бир лаҳза унинг кўзларини кесиб ўтди ва сўнаётган нигоҳларида ўчди. Аммо қулоқлари ҳали одамларнинг қўпол қичқириқларини эшитар, афсус­ки, пошналари билан итариб, тепиб кўришаётганини сезмасди. Шундан сўнг ҳаммаси бирдан абадий ўчди.

Рус тилидан Ойгул Суюндиқова таржимаси

“Ёшлик” журнали, 2015 йил, 3-сон.