– Судланувчи, сизга қонунга биноан охирги сўз берилади, – деди суд раиси толиққан кўзларини аранг очиб, лоқайд бир оҳангда, – ўз қилмишингизга ойдинлик киритиш ёки ўзингизни оқлаш учун яна нималарни қўшимча қила оласиз?
Айбланувчи бу мурожаатдан сўнг бехос ўрнидан сапчиб турди ва асабий бир ҳолатда ингичка, узун бармоқлари билан судланувчи курсисини тўсиб турган панжарани маҳкам ушлаб олди. У кўримсизгина, озғин киши эди, ҳадиксирар, кўзларида акс этаётган қўрқувни яширишга ҳаракат қиларди. Оқ оралаб қолган сийрак соч-соқоли ва оппоқ киприги бўздек оқарган рангини худди камқонлик касалига чалинган бемор каби янада хастаҳол қилиб қўйган эди…
У узоқ қариндоши граф Венцепольскийнинг уйида яшаб, 23 январдан 24 январга ўтар кечаси олдиндан ўйланган режа асосида унинг хонадонига қасддан ўт қўйганликда айбланмоқда эди. Тиббий экспертиза айбланувчининг ақлий ва руҳий ҳолатини ўрганиб, нормал деб хулоса чиқарди. Шунинг
дек, унинг асаб тизимидаги баъзи ўзгаришлар, яъни ички ҳиссиётларини тутиб туриш ҳолатининг заифлиги, кутилмаганда кўз ёш қилишга мойиллиги борлиги каби жиҳатлар қайд этилган эди.
Айбланувчи шу пайтгача давом этаётган айблов ишининг муҳокамасига аралашолмай, бепарво, худди бу жараёнда иштирок ҳам этмаётгандек жим ўтирган эди. Ўта расмий тарзда олиб борилаётган суд йиғилишидаги дабдабали вазият, судяларнинг ўзига хос либослари, судя столининг тилла попукли қизил мовути, икки хил рангда тантанавор безатилган кенг, иссиқ зал ва унинг деворларига осиб қўйилган маҳобатли портретлар, суд залига йиғилганларнинг махсус тўсиқ орқасини тўлдириб ўтиришлари, ҳовлиқма нозирлар, киборли суд маслаҳатчилари, совуққон прокурорнинг салобати, ҳимоя чининг бемазмун қилиқлари – буларнинг барча-барчаси айбланувчини янада эсанкиратиб қўйган эди. У гўё баҳайбат, қўрқинчли машинанинг тишлари орасида қолиб кетган-у, бу махлуқни бир нафас бўлса-да тўхтатишга бирор-бир инсон ва бирор-бир куч қодир эмасдек эди.
У ҳимоячиси нутқ сўзлаётган пайтда бир неча бор шарт ўрнидан туриб: “Жаноби адвокат, сиз умуман бошқа нарса ҳақида гапиряпсиз. Воқеа аслида ундай бўлган эмас. Менга имкон беринг, қилган айбим ҳақида ўзим гапириб берай”, дейишга чоғланди, аммо айтолмади. Унга сўз бериб қолишларини ҳам кутди. Мабодо сўз берилса, шу заҳоти барча воқеани, ўзининг ўша пайтдаги руҳий изтироблари, ўй-хаёллари, бошқа биров тасаввур қилиши қийин бўлган барча ички кечинмаларини аниқ ва тушунарли қилиб сўзлаб бермоқчи бўлди. Лекин ҳаракатга тушиб кетган бу беаёв машинанинг тинимсиз, бефарқ айланаётган ғилдиракларини тўхтатишга унинг журъати етмади.
Суд раисининг кутилмаганда айтган охирги гапи умидсизлик ҳолатидан уйғотиб, унга ғайриоддий дадиллик бахш этди. Шу пайт ўзини тутиши худди ўлимга маҳкум этилган кимсанинг ўлими олдидан жаллод кундасига бош қўйиш ёки ўлим сиртмоғини бўйнига солишга қаршилик кўрсатиб, жазавага тушаётган ҳолатини эслатиб юборди.
У бирдан, ялинганга ўхшаш баланд овозда:
– Ҳа, жаноби раис!.. Худо ҳаққи, мени эшитинг… Ҳамма нарсани ўзим гапириб, тушунтириб беришимга рухсат этинг!.. – деди.
Уни эшитган суд маслаҳатчиларининг қиёфаси худди диққат-эътиборини унга қаратгандек ўзгарди, судялар бирин-кетин олдидаги варақларга энгашдилар, йиғилганлар эса унинг нима дейишини кутиб, диққат билан жимиб қолишди. Айбланувчи сўзлай бошлади:
– Мен ўтган йилнинг бошида бу шаҳарга келганимда келажак ҳаётим борасида бирор-бир режам йўқ эди. Чунки мен бу дунёга фақат омадсизлик учун келган бўлсам керак, деган фикрда эдим. Аслида ҳам шундай, ҳаётим давомида менга ҳеч қачон ҳеч нарсада омад кулиб боқмаган. Ҳаттоки ҳозир ҳам қирқ ёшга кирганимга қарамай, худди ёшлигимдаги каби нотавон ва тажрибасизлигимча қолиб кетганимга асло шубҳам йўқ.
Ўшанда Граф Венцепольскийдан жой топишимда ёрдам беришини сўрадим. Чунки у киши марҳума онамнинг узоқ қариндоши эди. Сахий, очиққўл, ўзгалардан ёрдамини аямайдиган граф эса негадир ўша пайтда мени ҳеч қаерга жойлаштира олмади, аммо бирор қулай шароит туғилиб қолгунича ўзининг уйида яшаб туришимни таклиф қилди. Мен унинг уйига кўчиб келдим. Дастлаб у менга қандайдир эътибор кўрсатгандек бўлди. Аммо тезда унинг кўнглига урдим, шекилли, борманми-йўқманми-парво ҳам қилмай қўйди. Ҳатто баъзан мендан умуман хижолат ҳам бўлмасди. Уйида юрганимга шунчалар тез кўникдики, назаримда, мени буюм қаторида санай бошлади. Айнан ўша пайт дан бошлаб менинг ночор, аччиқ ва қайғули, сиғиндиликда топталган ҳаётим бошланди. Итоатгўйларча сўзлаш ва илжайиб туришдан бошқа иложим йўқ эди.
Ўша пайтдаги азобли кечмишимни ўз танидан ўтказмаган инсон тушуна олмайди. Ўзига тўқ, мағрур инсонлар тоифаси ночорлар, уларнинг тили билан айтганда “текинхўр, сиғиндилар” ҳақоратлардан йиғлаганини, таҳқирлардан титраганидаги заифлигини кўриб, буларни истаганча хўрлаш, топташ мумкин, улар кўникиб кетаверади, деб ўйлайдилар. Аммо, ишонинг, текинхўр ёки сиғинди эканимни киноя қилишганида мен мутлақо кўниколмадим, аксинча, бундай сўзлардан жуда ёмон таъсирланганман, уларни ўта оғир олганман. Ўша кезлар бундай муносабатлардан менинг қалбим қанчалар топталганини билсангиз эди. Ҳар бир айтилаётган сўз, муомала қалбимни баттар эзар, яралар, худди қиздирилган темир каби жизиллатиб куйдирарди, таърифлашга бундан ортиқ сўз тополмайман. Аммо вақт ўтгани сайин бундай хўрликлардан қутулишимга ишонмай қўйдим, чунки кучим етмаслигини сезардим, ўта ночор ва қўрқоқ эканимни билиб турардим. Графнинг уйидаги тўқ ҳаёт ва ундаги мен тушиб қолган муҳит мени буткул бўшанг қилиб қўйганди, у иродамнинг қолганини ҳам худди занг каби кемириб, еб битирди. Баъзи пайтлар уйқуга кетишдан олдин кундузи хўрланганим алам қилиб, ғазабим қайнар, шундан сўнг ўз-ўзимга: “Йўқ, бўлди етар, эртага буларнинг барчасига чек қўяман! Кетаман, Графнинг сурбетлигию қўполлигини юзига айтиб, кетаман. Бундай пасткашларча кун кўргандан кўра юпун кийимда бўлса-да, совуқда, очликда қолиб бўлса-да, эркин яшаган афзал”, дердим.
Аммо мен айтган ўша “эртага” ҳам келар, қарорим ўз-ўзидан сўнарди. Лабимни мажбуран қийшайтириб, илжайиб кўринишга ҳаракат қилардим. Ҳар кунгидек ҳижолатдан ўзимни ўнглай олмасдим, режалаштирганим каби тушлик пайтида столга қўлимни шарт қўйиб, ичимдагини тўкиб-сололмасдим. Унинг ўрнига аҳволим ўта ночор ва аянчли эканидан яна озор чекардим, холос.
Бир куни гарфга унинг мени қаергадир жойлаштириб қўйишни ваъда қилганини эслатмоқчи бўлганимда, доимгидай қаттиқ нигоҳ қадаб эътироз билдирди:
– Қаерга шошиляпсиз, азизим?.. Менинг уйимда ёмон кун кечиряпсизми?.. Ҳозирча тура туринг-чи, кейин бир ўйлаб кўрармиз…
Унинг бу жавобидан кейин мен яна жим бўлиб қолдим. Иродамни букиб, итоаткорлик қилишга шунчалар мажбур эдимки, граф бирорта эски кийимини совға қилганида, кийимлари менга катта ва кенг келса-да, ҳеч қандай эътироз билдира олмай кияр эдим. Бир куни графнинг уйига келган меҳмонлардан бири эгнимдаги кўйлагим тоғаваччамники билан бир хил эканини айтиб қолди. Буни эшитган бир исқирт ва сурбет жаноб, уни муттаҳам дейишар эди, мендан безбетларча сўради:
– Федоров, янглишмасак, сиз либосларингизни граф билан битта тикувчига буюртма қилсангиз керак?
Уларнинг бирортаси мени Фалончи Пистончаевич деб чақирмасдилар. Граф эса мени таништиришни ҳар доим ёдидан чиқариб қўярди. Аслини олганда, йиғилганларнинг кўпчлиги текинхўр ва сиғиндилардан бошқа ҳеч ҳеч ким эмас эди. Аммо улар сурбетларча графнинг атрофида гирдикапалак бўлишар, унга ўзларини тенг қилиб кўрсатишга, ўзларини унга яқин ва муносиб санашга ҳаракат қилишар эди. Мен эса улардан фарқли ўлароқ, ўзимни четга олардим, журъатсиз ва итоатгўй эдим. Улар менга шундай ўткир нафрат билан қарардики, бундай ёмон кўриш хўжайиннинг меҳри учун курашадиган одамлар орасидагина бўлади, холос.
Графнинг хизматкори ҳам шу касб эгалари сингари калондимоғлик билан сурбетларча муомала қиларди. Менга атаб ҳам дастурхонга ош-овқат, ичимлик келтиришга одатланишган бўлса-да, уларнинг малайларга хос сўзлари ва қарашларидан менга нисбатан текинхўр хизматчига қараган каби ижирғанишларини сезар эдим. Мен тураржойим, кўрпа-тўшакларимни ўзим йиғиштирар ва кийимларимни ҳам ўзим тозалар эдим.
Кечалари баъзан гарфнинг уйида “винт” деган карта ўйини ташкил қилинар эди. Ўйинга шерик етишмай қолган пайтлар, граф менга ҳам карта узатар эди. Мен эса ҳар доим пулсиз, аммо ҳар гал ютиш тўғрисидаги катта истак билан ўйинга киришар эдим. Ҳар доим, баъзан эса ич-ичимдан Худога илтижо қилар, ютишимни сўраб, иштиёқ билан ўйинар эдим. Аммо мен ҳар доимгидек ютқазиб қўярдим.
Ўйин тугаб, шериклар ўзаро бир-бирлари билан ҳисоблашаётган пайтда уятдан бошимни кўтаролмай, ўлгудай қизариб, титраб, бармоғимни қайириб ўтирардим. Бу ҳолат узоқ давом этаверса, чидолмай, ўзимнинг хижолатимни билдириш учун ғўлдираб:
– Илтимос… Граф… Ҳозирча пул масаласида қийналиб турганимдан хабарингиз бор. Менинг ютқазганимни ўзингиз тўлаб туринг… Мен сизга эртага қайтараман… – дердим.
Албатта, бу ваъдани ёлғон эмас, чиндан берардим. Аммо бу қарзимни эртага ҳам, индинга ҳам қайтара олмаслигим ҳаммага аён эди.
Бир куни кечаси гарф ва унинг уйига йиғилган меҳмонлар аввал ресторанга, кейин эса аёллар билан учрашувга бормоқчи бўлишди. Мени ҳам шунчаки тил учида таклиф қилишди. Мен албатта рад жавобини бермоқчи бўлдим. Чунки “йўқ” деган жавобим уларнинг ҳаммасига жуда маъқул тушишини билар эдим. Аммо, Худо ҳаққи, ҳанузгача тушунолмайман, ўшанда қандайдир бир куч мени пальтомни шоша-пиша кийиб олишга ва уларга қўшилиб жўнашга мажбур қилган эди.
Ресторанда овқат пайти ҳамма яйраб, ўзаро ҳазил-ҳузул қилиб ўтирди. Мен эса худди ўргатилган кучук каби тинмай қийқириб кулар эдимки, бу менга беҳисоб ҳузур бахш этарди. Аммо хаёлимга бирор-бир қизиқ ёки кулгили фикр келиб қолса, мен уни айтиб берай десам, ҳеч ким менга эътибор қилмасди. Мен қанчалик оғиз жуфтлашга уринмай, шу заҳотиёқ сўзимни бўлишар эди. Бир сўзни ўнинчи бор айтишга ҳаракат қилиб, ҳамсуҳбатларимнинг кўзларига бирин-кетин қарар эканман, бирортасининг ҳам нигоҳи нигоҳимга қадалмасди…
Айниқса, менга кечаси даҳшатлироқ эди. Худди коридорга ўхшаш, ҳамма кириб-чиқадиган тор хонада ухлар эдим. Тўшагим пружиналари чўкиб, ўртаси қийшайиб қолган, толаси титилиб, ташқарига чиқиб ётган эски узун курси – кушетка эди. Олдиндаги икки оёғининг йўқлиги учун ўрнига чамадонимни қўйиб олгандим. Бу ўриндиқни қанчалик ёмон кўришимни тасаввур ҳам қилолмайсиз! Уни ҳатто душманимга ҳам раво кўрмайман. Эски нарсаларга ўта ўч бўлган ашаддий эскифуруш ҳам бундай расво, эски нарсанинг баҳридан аллақачон кечган бўлар эди. Навбатдаги узун кечалар ҳар куни такрорланар, чидаб бўлмас азобли, уйқусиз тун ўз бағрига чорлар эди. Ниҳоят мен ўша кеч ҳам жойимга ётдим. Ётоқ курсининг букчайган қийшиқ жойи елкамга ботиб, қаддимни тобора бука бошлади. Чиқиб турган пружиналар икки ёнимдан танимга ботар, ёстиғим жуда кичкина бўлгани учун бошимда турмай, сурилиб кетаверар эди. Беш дақиқа вақт ўтгач, ҳар доимгидек белим ва елкамда оғриқ сездим. Бошим қизиб, бечора миямда турли ўй-хаёллар айланиб, гўёки талваса ўпқонида чарх ура бошладим… Шунда ақл бовар қилмайдиган, ҳеч қачон рўёбга чиқмайдиган, ушалмайдиган режалар бирма-бир миямга кела бошлади. Негадир тунда бу каби хаёлий режаларга ишонардим, аммо тонг ёришиши билан улар мени худди иситма аралаш алаҳсираш каби даҳшатга соларди.
Кундузги ҳодисаларнинг таассуротлари, ўзим ва бошқаларнинг айтган сўзлари, кечган ҳар бир дилсиёҳлик, камситиш ва ҳақоратлар қайта-қайта хотирамда жонланарди. Мени қийноққа солиб, бирин-кетин ёдимга тушаётган бу каби даҳшатли кечинмалар, изтироблар ичида борлиғимни жизиллатиб куйдиргувчи азоблардан ёниб, кул бўлардим. Бу ҳолатимни фақатгина ёлғизликка маҳкум ва хўрланган инсонгина тасаввур қилиши мумкин, холос. Бундай ярамас ўйларни хаёлга келтирар эканман, гўё қалбимнинг туб-тубидан жирканч балчиқ кавлаб олаётгандай ҳис этардим ўзимни… Йўқ… бундай нарсалар ҳақида суд залида, ҳатто ўзинг ни ҳимоя қилиш учун ҳам гапириб бўлмайди…
Гарфнинг дўстлари мен ётган қийшиқ курсининг ёнидан ўтаверишда масхара қилишни ёқтирарди. Улар кушеткамни “қийноқ курсиси” деб атардилар.
Ўша мен жиноят содир этган куним графнинг танишларидан бири жаноб Лбов барча улфатларни ресторанга таклиф қилган эди. Чунки у меросга эга бўлганди. Мен ҳам кийина бошладим. Зинага чиқаётган пайтда жаноб Лбовга нохос туртиниб кетдим ва дарҳол узр сўрадим. У эса:
– Ҳечқиси йўқ, аҳамият берманг… – деди. Сўнг тўсатдан қўшиб қўйди: – Ҳа, айтганча, Федоров, бекорга овора бўляпсиз, сизни ҳеч ким таклиф қилгани йўқ.
Бу аёвсиз сўзлардан довдираб, нима қилишимни билмай, пиллапояда тўхтаб қолдим. Меҳмонлар шовқин солиб, бирин-кетин эшикка чиқаётган эдилар. Улардан кимдир менга қараб:
– Бора қолинг, ўзингизнинг ўша қийноқ курсингизга, – дея қичқирди.
Унинг гапини бошқаси илиб кетди:
– Роҳатижон курсингизга, десангиз-чи!
Улар яйраб кулишганча, ресторанга жўнаб кетишди. Мен қайтиб келиб, ўрнимга чўзилдим. Ич-ичимда эса нимагадир дамба-дам “Улар айтган гапларидан афсусланишади, мени олиб кетиш учун кимнидир юборишади”, деган хаёл ўтарди. Аммо ҳеч ким келмади. Шундан сўнг ноилож, аламимдан икки-уч соатча аччиқ кўзёш тўкдим. “Роҳатижон курси”нинг азблари устига устак бўлди. Секин ўрнимдан турдим. Юрагим ана шу курсига нисбатан нафрат билан тўлганди. Шляпамдан бир неча бўлак картон суғуриб олдим, уни эски газетага ўраб, керосинга ботирдим ва курсининг тагига қўйиб, ўт ёқдим. Ўша пайтда менинг ҳушим, ихтиёрим умуман ўзимда эмас эди.
Ўзимга келганимда бутун хона олов ичида эди. Қилган ишимдан қаттиқ даҳшатга тушдим ва одамларни ёрдамга чақирдим. Қолган гап сизга маълум, жаноб суд маслаҳатчилари…
Рус тилидан Дилором Муродова таржимаси
“Ёшлик” журнали, 2016 йил, 6-сон