Александр Куприн. Буюртмага биноан (ҳикоя)

Илья Платонович Арефьев, машҳур газета фельетончиси ўз хонаси бўйлаб асабийлашгандан-асабийлашиб, курси суянчиқларига суриниб, чарм диван олдидан Шопенгауэрнинг қовоғи солиқ бюсти турган жавон олдигача бориб-келмоқда эди. Унинг, қартабозлар таъбири билан айтганда, «қўли келмай қолганди». Бош қотириб ўтирганига бир неча соатдан ошди ҳамки, калласига тузукроқ бирон гап келмайди, ёзиш учун тайёрлаб қўйилган қоғозида эса олачипор тусдаги соқчихона олдида турган соқчи, кўзлари ҳайратдан одамникига ўхшаб катта-катта очилган от юзининг ён томондан кўриниши ва қўлда чизиб ташланган бир неча мушук тасвири кўзга ташланади.
Арефьев— тажрибали, кекса газетачи. Фақатгина ёш шоирлар ва муҳтарама қиссанавис хонимларгина эмас, балки «бизнинг ёш, умидли беллетристларимиз» ҳам Илья Платоновичнинг «граф Альмавива» тахаллуси остида ғўр қаламкашларни ҳар ҳафта уриб чиқадиган «Русская почта»нинг пайшанбалик сонларини ҳаяжон билан кузатадилар. Унинг ихтисослиги фақат ана шу қақшатқич зарбалардангина иборат эмас эди. У худди ана шундай осонлик билан тилла, валюта ҳақида ҳам, символистлар, Хитой билан савдо масаласи, маҳаллий амалдорлар ҳақида ҳам, янги драма, марксистлар, биржа, қамоқхоналару артезиан қудуқлари ҳақида ҳам,–қисқаси, ўзининг нозик, профессионал сезгиси билан ҳидини олган барча нарсалар ҳақида ёзаверарди. У бугун эътиборга тушиб улгурмаган, бироқ эртага куннинг энг муҳим масаласига айланиши мумкин бўлган мавзуни ҳаммадан олдин илғаб олар ва шу заҳотиёқ унинг аччиқ киноя ва ўта муболағада сайқалланган ўткир ақли билан одатий тарздаги ҳодисанинг кулгили, қоронғи ва хунук қирралари бўй кўрсатади.
Илья Платонович шу кунга қадар касб қилиб олган ишининг ҳеч бир қийин томонини кўрмаганди. Одатда бирор масалага шунчаки қизиқиши ва ўрганишининг ўзи унга кифоя қилар эди. У столга ўтираркан, сўзлар ўз-ўзидан қуйилиб келишига ишончи комил эди; чиндан ҳам жонли, қизиқарли, ўткир ҳамда оқилона жумлалар аниқ, гўзал сатрлар бўлиб қоғозга сочиларди. У ёзган фельетонларини ҳатто босмахона югурдагидан таҳририятга бериб юбориши олдидан ҳам қайта ўқимасди.
Бугун эса сира тушуниб бўлмайдиган иш содир бўлди. Бир номи чиққан адабий тўгарак болалар санаторийси фойдасига адабий альманах чоп этишга қарор қилибди. Улар Арефьевга алманахда ҳам иштирок этишни таклиф қилишди, яна кишига ёқадиган эҳтиром билан ундан “биласизми, илиққина, ўқувчини яхшигина таъсирлантира оладиган бирор нарса” кутаётганларини билдириб қўйишди… Арефьев уларга бажонидил розилик берди, кейин, одатдагидай, бу гапларни унутиб юборди ва ниҳоят, кеча унга одобу назокат билан унинг ҳикояси сабаб ушбу китобни чоп этишни икки кунга кечиктиришганини эслатиб қўйишди; у нима қилишни билмасдан, сўнгги чорани қўллади-ўта мулойим оҳангда ҳикояни бугун оқшомдан кечиктирмаслигини айтди.
У кеч соат еттида уйга қайтгач, одатдагидек, батартиб одам харакати билан силжимали металл рефлекторли чироқни ёқиб, чап томонига сурди, олдига бир даста чизиқли қоғозни қиялатиб қўйди, ҳатто патқаламни сиёҳдонга ботириб ҳам олди – бирдан таажжубга тушди, шунда нима ёзишни билмаётганини сезди. Кескин, заҳар тилли, ўқувчи юрагини куйдириб юборадиган фельетон бўлганда-ку, бош-қа гап эди. Бунақа пайтларда ўта бозори чаққон мавзулар ҳам оёқ остидан чиқарди-қоларди. Мана, масалан, ҳозир Арефьевнинг олдида “бизнинг ёш ва истеъдодли шоиримиз” оммага дарсликларданоқ маълуму машҳур бўлган Тютчев шеърларини мақтаниб, ўз асари сифатида тақдим этган “Литературное приложение”*нинг сўнгги сони ётибди. Ёки Севастополь ногиронлари учун уюштирилган хайрия спектакли ҳақидаги мавзу ҳам ёмон эмас, чунончи, йиғилган маблағ уч рубль етти тийинни ташкил этгани ҳолда, жаноб ҳаваскорлар извошлари ҳамда уларни “чой” билан сийлашга уч юз рублдан зиёд пул сарфланган эди. Лекин, афсуски, ҳар иккала мавзуда ҳам ўқувчига таъсир этиб, уни кўнгли ярим болажонлар фойдасига чўнтак кавлашга ундайдиган ҳеч нима йўқ эди.
 Шунда Илья Платонович кўнглида ижодкорлик иззат-нафси қурт-дек ғимирлаганини сезди. Қандай қилиб? Наҳотки, у, Арефьев, пасхага бағишланган шунчаки бир ҳикояни ёза олмаса; айни пайтда, одатда, қутурган ит ва баттол извошчилар ҳақидаги рукнни олиб борадиган ўта ночор мухбирча ҳам бундай байрам олди асарларга белгиланган одатий имтиёзлардан тамшанган ҳолда, таҳририятга алла- қандай савдогар ёки қўнғироқларнинг қувноқ жаранги остида аста мангу уйқуга кетаётган кампир ҳақида қоралаган бирор нарсасини кўтариб боришга улгургандир. Наҳотки у, шунча йиллардан буён ўқувчи қалбида истеҳзо ва ғазабнок кайфият уйғотишга кўникиб қолиб, энди одамлар кўнглида раҳм-шафқат, мурувват ва бахтиёрлик ҳисларини уйғота олиш иқтидорини буткул йўқотган бўлса? Наҳот унинг истеъдоди ихтисослашиб қолиб, ижодкорга хос энг бебаҳо хусусият – кўп қирралиликни йўқотган бўлса?
Арефьев ҳамон диван қирраси ва буюк файласуф бюсти орасида асабий юрмоқда эди, истеҳзога тўлиқ миясига эса, худди атай қилгандек, ўзи газетанинг пайшанба сонидаги фельетонларида иштиёқ билан аёвсиз «мазах» қилган “аёллар қиссалари”даги бир қолипдаги иборалар келарди. У дераза олдига бориб, қизиб кетган юзини кўзёшлар каби ёмғир томчилари юваётган муздек ойнага босди. “Князь ўзининг муҳташам кабинетида у ёқдан-бу ёққа бориб келар, бу унинг кайфияти нохушлигидан дарак берарди.”- “Сокин май оқшоми. Қуёш алвон нурларини ҳар томонга сочганча ботмоқда эди”…
Ҳикояни бошдан-оёқ ана шундай чучмал, сийқа иборалар билан ёзиб қўя қолса яхши бўлармиди. Ҳамма нарсага пичинг билан қарашдек эски одати Илья Платоновични йўлдан ура бошлади. Ҳа, мана бундай бошласа ҳам бўлади: “Авлиё Стефан минорасида ярим тунда бўғиқ бонг урилди. Кўримсиз кулба бурчагида баланд бўйли бир одам кўринди. Унинг юзи кенг ёмғирпўши билан тўсилган эди. Патли шляпаси ва белига қистириғлиқ узун шамшири унинг киборлар насабига мансуб эканидан далолат бериб турарди”.
Бироқ Арефьев ана шу аҳмоқона фикрни миясидан ҳайдади-да, яна шинам жиҳозланган хонаси бўйлаб бетоқат юра бошлади.
– Тўхта. Бу масалани бир чеккадан ҳал қиламиз, – деди у ўз-ўзига гапирганча.– Биринчидан, китобхонни тўлқинлантиришинг ва кўнглини юмшатишинг учун, аввало, ўзинг нимадандир тўлқинланишинг ва кўнглинг юмшаши керак. Аёллар қиссаларидаги йиғлоқи, таъсирчан ҳикоялар якунида кекса полковниклар бари айбни ҳаддан ортиқ ўткир тамакига ағдариб, тўкадиган кўзёшни сен ҳам тўкиб кўришинг керак. ”Хонага ўлик сукунат чўкди. Кекса полковник ўз ҳикоясини тугатди ва тингловчиларга тескари ўгирилганча, трубкасини камин панжарасига урди, негадир уни жуда узоқ қоқди. Ниҳоят, у қаддини ростлаб, кўзларини артганча, титроқ овозда деди: “Падарига қусур! Аммо тамакингиз жуда ўткир экан, ротмистр!”–“Бечора Зайрага нима бўлди?” – деб сўради узоқ жимликдан сўнг сочларига сарғиш атиргул қадалган хоним. “У ўлди!”– бўғиқ жавоб берди кекса полковник”.
– Жин урсин! Калламга келган нарсани қаранг, тавба! – койинди Арефьев ва йўлида дуч келган курсини жаҳл билан тепди. – Бундан чиқадики, бемаза сўзлардан бошқа нарса айтолмайдиган латифадаги тўти бўлибман-қолибман-да. Йўқ, мантиқан фикр қилиб, қандай сюжетлар байрамолди бозори чаққон бўлади, шуни хотиржам ўйлаб оламиз. Аввало, албатта, ўзи ташлаб кетган эри ҳузурига черков қўнғироғи тонгги бонг уриши билан қайтаётган енгилтабиат хотин. ”Револьвер унинг қўлидан тарақлаганча полга тушиб кетди. У қучоғини катта очди, аёл ўзини эри кўксига отди ва уларнинг лаблари узундан-узоқ бўсада жипслашди…” Қисқаси, даф бўлсин суюқоёқ хоним!..
Кейин пасха оқшоми соқчиликда турган аскар мавзусини ҳам ёзиш мумкин. “Қамоқхонанинг ой ёритиб турган оппоқ деворида қандайдир қора кўланка пайдо бўлди. Соқчи одатдагидек тепкини кўтарди ва кўланкани нишонга олди. Лекин шу он атрофга ибодатга чорловчи қўнғироқ овози таралди ва қурол аста пастга тушди… Ҳаяжонга лиммо-лим кўкракдан чуқур хўрсиниқ отилиб чиқди” ва ҳоказо, ва ҳоказо. Яхши воқеа, эски, ишончли, синалган…Бўлмайди!..
Яна нимани ёзиш мумкин?.. Боён уйининг чароғон деразаларига қараб турган қизалоқни кўчада музлатиш фикри ҳам ёмон эмас. «Ма-йин қор юзида бахтиёр табассум қотиб қолган гўдакнинг ҳаракатсиз вужудини аста қоплаганча, пағалаб ёғмоқда эди». Айтмоқчи, бу рождество мавзуларига киради-ку – буниям бир чеккага суришга тўғри келади.
Илья Платонович дераза олдига борди ва кўчага лоқайд қаради. Сокин, ойдин ва илиқ кеча; бу оқшомда бари оҳиста, бир маромда кечаётгандек туюлади – ўйчан осмон ҳам, тобора ингичкалашиб бораётган ой ўроғи ҳам, акацияларнинг нозик бутоқлари ҳам, ҳашаматли зим-зиё биноларнинг шакл-шамойиллари ҳам. Туйғун ва ланж ҳавода ўткинчилар овози ва аёл кулгиси ёқимли жаранглайди, ҳатто файтонлар ғилдираклари ҳам қандайдир ўзига хос, баҳорий тақ-туқ қилади.
Қаршида, кўчанинг нариги томонидаги катта қандолатхона деразалари олдида жулдур кийимли бир тўп бола уймалашиб турарди. Улар катта дераза ойналари ортида пештахтага териб қўйилган ғўла шаклидаги каттакон ширин нонлар, кулчалар, шакарли ширмойлару ипга осилган ранг-баранг тухумлардан кўз узмасди. Бу болалар негадир Илья Платоновичнинг ғашига тега бошлади.
“Дераза ойнасига бурунларини тақаб, ёпишиб олганларини қаранг. Анави, қўлтиғига қолип қистириб олганини-чи, ҳойнаҳой уни хўжайи-ни буюртмачи- офицернинг олдига жўнатган бўлса керак. У бўлса ҳар бир дераза олдида томошалаб, анқайиб юрибди. Кеч қолади-да – байрам деб калтак ейди, кейин газетада болаларга ҳайвонларча муносабатда бўлишаётгани, уларни хўрлашаётгани ҳақида хабар пайдо бўлади. Сен ана шунга муносибсан, шум бола!.. Ҳм… Дарвоқе, мана яхшигина мавзу. “Рангпар, бемажол бола ҳашаматли қандолатхонада териб қўйилган кулчаларга ҳавас билан қараб турибди. Кутилмаганда саҳнада тилла ҳалли кўзойнак таққан ва албатта, қимматбаҳо тулки терисидан пўстин кийган сирли жаноб пайдо бўлади (муқаддас байрам кунлари бу жаноб ҳайратланарли кучга эга бўлади!) Суҳбат бошланади. Маълум бўладики, боланинг “отажони” ўлган, қадди камондек букилган юз яшар “бобожони” печдан тушмай ётади, “онажони” ўсал ётибди, синглиси ва ҳоказо, ва ҳоказо”.
– Мени ўша ёққа олиб бор! – дейди қатъият билан тилла соатли жаноб ва ярим соатдан сўнг она қаршисида яхши вино ва энг зўр доктор ёзиб берган дорилар пайдо бўлади, бобони ёрмали бўтқага тўйдирадилар, унга иссиққина пахтали белдамча олиб берадилар, беҳол бола эса «кўзлари қувончдан чарақлаб», арзонга тушган пасха, камтаргина кулча ва ўнтача қип-қизил тухумлар билан безатилган дастурхон атрофида сакрар, тулки терисидан пўстин кийган жаноб эса, ҳатто исмини ҳам айтмай, стол устида олтин танга тўла ҳамён қолдирганча, сездирмай ғойиб бўлади.
Девор ортида соат бўғиқ, мусиқий, сокин баритонда* тўққизга бонг ура бошлади. Арефьевни бирдан ғалати, шу пайтгача унга нотаниш бўлган руҳий ҳорғинлик ва анави афтодаҳол болакайлар, ташлаб кетилган эрлар ҳамда сирли, номаълум кишиларга нисбатан кучли наф-рат ҳисси қамраб олди. У кенг чарм диванга эринибгина чўзилиб кўзларини юмди.
Борди-ю, ҳозир бирор киши Илья Платоновични кўрганда эди, бу тили аччиқ фельетончига, “бировнинг устидан кулишни яхши кўрадиган жаноб мазахчи”га ачиниши турган гап эди. Унинг юзидан қони қочди, бирданига нақ ўн йилга қариб кетгандек бўлди, пешонасидаги ташвишли ажинлари янада чуқурлашди, юмуқ кўзлари чаноқларига ботди, лаблари атрофидаги тиришлар эса пастга осилиб тушди ва бу унинг чеҳрасига аччиқ, жирканиш ифодасини берди.
 Аммо Илья Платонович ухламаётган эди. У тўсатдан беихтиёр бир-бирига боғлиқ ярим уйқу ва бедорлик ўртасидаги ланж ҳолатга тушиб қолган эди. Вақт ўз аҳамиятини йўқотди. Хона деворлари олис зулматга сингиб ғарқ бўлди ва Арефьев, худди ҳақиқат каби ранго-ранг, ўзгарувчан, хаёлий ҳаётда яшай бошлади.
У ўзини бу ҳаётда озғин, пахмоқсоч, шум болакай, хароба шаҳарчадаги черков дьякони, бутхона руҳонийсининг ўғли сифатида кўрди. Черковда нурли тонгги ибодат бўлмоқда. Бутхона хорининг ўнг томони ҳаваскорларга тўла, улардан протопопнинг ўғли, таътилга келган семинария талабаси шошилинч тарзда черков хорини тузган. Мана, улар худди тирик одамлар сингари Арефьевнинг рўпарасида туриб олдилар. Биринчи тенор*, почта идорасининг майда амалдори ёнида оқ қўлқоплар ташлаб қўйилган яп-янги мундирда, мойланган бошини ялтиратганча турибди, ундан гул исли одеколон бўйи анқимоқда. У жуда титроқ товушда бир оз димоғи билан куйлайди, соло* ижро этаётганда эса бепарво деворга суйкалади, оёқларини бетакаллуфлик билан чалиштиради, бошини орқага ташлайди-да, руҳсиз кўзларини юмади. Регент* — озғин, баланд бўйли ва салобатли одам,—жуда узун сюртукда, ҳаммани қойил қолдириб, равон ҳаракатлар билан дирижёрлик қилади. Камертон*ни икки бармоғи билан тутиб, бошқа бармоқларини назокат ила букканича, онда-сонда чап қўлини огоҳлантириш ва тўхтатиш ишораси билан олдинга чўзади; нафосат билан чиройли букилган ўнг қўлини нозик жойларда астагина, кўз илғар-илғамас тарзда қимирлатади; шунда қошлари тепага кўтарилади, юзида борган сари ҳайрат, қўрқув ва меҳр ифодалари акс этади. Лекин форте* талаб қилинадиган ўринларда у иккала қўлини кенг ёйиб, оҳиста силкитади, бошини силкиб, бутун гавдаси билан қимирлайди ва таҳдид билан бурнини жийириб, қошини чимиради. Кўпас-савдогар ўғли Ноздрунов, хўппасемиз, қип-қизил бўйинбоғи бўйнигача чиқиб кетган авзойда регентга шундай бақрайиб ва диққат билан қарайдики, азбаройи зўр бериб қараганидан бутунлай олдинга энкайиб олади. Кўпас ўғлининг мутлақо эшитиш қобилияти йўқ, лекин у, протопопнинг ўғли айтмоқчи, “ноёб овоз”га эга, шунинг учун ундан, «таран»* сингари энг қулоқни қоматга келтирадиган ўринларда фойдаланади. Шундай жой келганда дирижёр “ноёб бас”га ўгирилади, унга кўзларини олайтирганча, камертонли қўлини узуқ-узуқ, худди бировга қилич санчаётгандек ҳаракатлантириб, у томонга чўзади. Шунда Ноздрунов қип-қизариб кетади, пешонасидаги томирлари бўртиб, лаблари титраб, шундай ўкирадики, бутун хор овозидан бир зумга чўкиб кетади.
 Илюшка биринчи қаторда туради. У бахтиёрлик ва итоаткорлик ифодалари лиммо-лим кўзларини регентнинг юзидан олмайди, тобора черковни тўлдириб бораётган, назарида юқоридан сон-саноқсиз бошлар, ёниқ чироқлар, қувончдан шодумон бўлган, бир хилда кўринаётган юзларга қарашга деярли вақти ҳам бўлмайди.
Ибодат тугайди. Поп ва унинг ортидан йўл олган хор ҳам черков панжарасига қаторасига тизиб қўйилган кулчаларни поклаш учун чиқади. Ташқарига чиқаётган бари одамларни ёрқин, кўзни қамаштирувчи баҳор тонги қўққисдан қувонч билан қарши олади. Мовий осмон, сабза майсалар, дарахтларнинг хушбўй куртаклари, қабристондаги қарғаларнинг асабий қағиллашлари – буларнинг барчаси Илюшкада чарчоқдан сўниб бораётган байрам кайфиятини қайта қўзғайди. У қўнғироқларнинг қувноқ жаранги орасидан бегона овозларни аранг ажратар, баланд овозда хор билан бирга куйлар, айни пайтда оломон унга қараётганини сезгани учун юзида худди мушкул, жиддий ва муҳим вазифани бажараётган одамники каби ташвишли ифодани кўрсатмоқчи бўларди.
Эртаси куни албатта қўнғироқхонага бориб, қўнғироқ чалиш керак эди. Қадимий, эски таомилга кўра, дастлабки уч кунда ҳаммага қўнғироқ чалиш учун рухсат берилади, ахир бусиз пасха пасха бўлармиди. Қўнғироқхонага олиб чиқувчи зиналар қоронғи, чанг босган ва шундай тикки, ҳатто юқорига чиқиб олгач ҳам Илюшканинг оёғи қалтираб кетади. Музлаб қолган бармоқлари билан панжарани тутиб, унга ёпишганча пастга қарайди. Вуй, қўрқинчлилигини, яна гаштли ҳам! Уйлар қутидай жажжи-жажжи ва яп-янги ҳам жуда ғаройиб кўринади. Оёқлари остида жарқалдирғочлар баланд овозда чағиллайдилар, ҳавода айланиб учадилар, ҳурккан каптарлар қанотларини ялтиратганларича айланиб осмонга парвоз қилади. Бутун қўнғироқхона узлуксиз жаранг-журунг овозлардан шундай ларзага келадики, бақирсанг ҳам ўз овозингни ўзинг эшитолмайсан. Бу ҳиссиётлар шундай ғалати, ажойиб, шундай юрагингни чулғаб оладики, қўнғироқхонада ким қўнғироқ чаляпти, ким хурсандчиликдан гул-гул ёняпти, ким куляпти, бу мовий осмонми ёки завқ-шавқдан, кўкси тўла ҳайратдан сармаст бўлган гўдак қалбими, билиб бўлмайди.
Диванда ётган рангпар, қаримсиқ юзли одам заифона кулимсирайди. Энди у ёш қаламкашлар кушандаси, ўтакетган мазахчи, жамият манфаатлари ва бемор бўлган шаҳарнинг шаҳвоний ҳирс-эҳтирослари қозонида ўз ҳаётини нафрат ва жирканч туйғулари билан қовураётган Илья Платонович Арефьев эмас эди. У энди – ўзининг қудратли ҳайвонсимон турмушидаги бари ҳис-ҳаяжонларни очкўзлик билан ютиб юборувчи қувноқ, беғам, шум кўча боласи дьякон ўғли Илюшка эди. Шунда Арефьев бир неча дақиқага вужудида шундай софлик, покизалик ва тиниқликни ҳис қилдики, гўё кимдир кўринмас қўлларини сийпаб, кўнглида қурум босиб ётган нафрат, ҳасад, безовта ва қонмаган иззатталаблик, ҳаётдан безиш ва дилгирликни меҳр билан мулойимгина сидириб ташлагандек бўлди. Шунда унга, Илюшка билан бирга, назарида ҳар нафаси сайин бутун ранглар олами, турли товушлар ва ислар олами, ҳамиша янги, ҳамиша мафтункор ва ниҳоясиз ранг-баранг байрам олами бостириб киргандек бўлди.
 Ана шу ажойиб, серқуёш кунлар кўз олдидан бир-бир ўта бошлади. Хаёлида бошқа манзаралар бирин-сирин уланиб кетди, улар борган сайин ғамгинлашиб борди – кўксидан ғубори кетмаган доғлар, бирор муваффақаятга эришиш учун аста-секин маънавий қашшоқлашишга қарши кечган аёвсиз курашларнинг узоқ тарихи кўз ўнгида намоён бўлди. Ана шу бешафқат хотира Арефьев ҳамиша эслашдан безиб, юраги орқага тортадиган, чўчийдиган ўша олис пасха оқшомини ҳам ёдга солди.
 О, буларнинг барини у аниқ-тиниқ эслайди. Мана Илья Платонович ўзининг илк катта ҳикояси учун гонорар олаётган таҳририят идораси. Муҳаррир, кекса, тунд одам, газета ишларининг пири, янги ходим қиёфасида газетага катта, ўзига хос янги куч кириб келаётганини англаб етди. У ҳозиргина ўз кабинетида Арефьевга навозиш билан қўлини узоқ сиқиб турди ва ниҳоят,– таҳририят тарихида кўрилмаган илтифот! –бетакаллуф дўстона оҳангда шундай деди:
 – Ҳикоянгиз эртага кетади. Сизга пул керак бўлса, марҳамат уялманг. Агар истасангиз, биз сизга корректура тобоғи бўйича гонорар беришимиз ҳам мумкин.
Истаганда қандоқ! Ҳозиргина Арефьевнинг ўзи ҳам “уч рубль аванс бериб турасизми”, деб сўрамоқчи бўлиб турувди-да. У ёқда, ижара кулбада уни турли-туман фақирларга тўлган уй чордоғи десаям бўладиган хонасида юракларини ҳовучлаб, қўлида гўдаги билан бир аёл кутиб ўтирибди. Улар ўша хонада, қоронғида, керосин сотиб олишга ҳам пуллари йўқ ўтирибдилар, бугун эрталаб тушликка егулик учун яккаю ягона кулранг жун рўмолни сотдилар, у ёқда ижарадор уй эгалари, хизматкорлар бор, у ёқда қашшоқлик ва қаҳр-ғазаб ҳукмрон. Арефьев қалтираган қўллари билан талонга имзо қўяётганида калтабақай, семиз, ўзига бино қўйган ва доимо нимадандир норози қария-кассир ранжиган тўтидек, устига бир тўп кумуш танга қўйилган бир даста қоғоз пулни у томон суриб қўяди.
Ҳа, бу Илья Платоновичнинг ҳаётидаги омадсизликда, очликда ўтган, дарс беришлар, ёзиш ишлари, кечки машғулот ўтказишлар каби тасодифий ўлжаларни шиддат билан тутишдан иборат бўлган оғир давр эди. Лекин нима учун улар хотини иккаласи ана шу машаққатли қисматларини шундай тетиклик, ирода билан, норозиликларсиз, бир-бирларига аччиқ-тиззиқ гиналар қилмасдан, ҳатто тақдир устидан мағрурона кулиб, бу қийинчиликларни шундай истеҳзо билан қабул қила олишди? Нега кейин, тақдир ниҳоят уларга марҳамат кўрсатганида, Арефьев шуҳрат қозониб, тўкин, фаровон яшай бошлаганларида – нега уларнинг кўнгил дунёлари мисли кўпикдек парчаланиб кетди? Балки фарзанди нобуд бўлгач, уларни бирлаштириб турган ўша оғриқли, бироқ мустаҳкам ришта узилгандир.
Ўзи ана шу боласи ғалати ва маъюс эди. Гўдакка онаси қорнидалигидаёқ ғарибона қашшоқ ҳаётнинг нуқси урганга, болага ўз таъсирини ўтказганга ўхшарди. Бола бир ёшга тўлгач, ўсишдан тўхтади. Фақатгина унинг каттакон, худди қандайдир рангсиз, бадбўй сув тўлдирилганга ўхшаган пўкак калласи ўсмоқда эди; лекин бола танаси ҳамон ночор ва ожизлигича қолган, қуриган шох-бутоқчалардек ингичка қўл-оёқлари ривожланмай, шалвираб турарди. Боланинг фақатгина кўзлари бошқача эди, катта-катта, ювош ва маъюс бу кўзларнинг ранги шундай ажойиб эдики, бу ранг, Ҳейне айтмоқчи, на одамларда, на ҳайвонларда учрар, бу рангни баъзи-баъзида фақат гулларда учратиш мумкин эди, холос. Бир умр ҳаракатсизликка маҳкум этилган бу бола ўзига ҳамроҳ бу дардларга ғайритабиий бир сабр билан бардош берарди. Доимо жиддий, ўйчан бу гўдакнинг суйиб гапирадиган гаплари худо, фаришталар, ўликлар, дафн маросимлари ва қабристонлар ҳақида бўларди. У яқин-орада ўлишини аниқ билар ва ҳеч қачон кулмасди.
 Оҳ, Илья Платонович ўша пасха оқшомини шундай азоб, изтироб билан эсга оладики… ўшанда қўлида қоғоз халта ва халтачаларнинг кўплигидан эшикни тирсаги билан очишига тўғри келганди. Унинг орқасидан оғзи мойлангани учун марҳаматли, илтифотли, тиржайиб турган ҳовли фарроши Арефьев аравадан туширолмаган унларни кўтариб келмоқда эди.
Тўртинчи қаватдаги ҳужрада ана шу пасха оқшоми шундай шодон ўтдики… Учта шамни иккига бўлиб, олтита қилиб ёқдилар – уй ҳашаматли, чароғон бўлиб кетди. Бензинкада (илгари буни орзу ҳам қилмасдилар)тайёр тўқмоқланган гўштли котлетлар қовурилмоқда, унинг ёнида ҳақиқий “кофе макко” қайнамоқда эди. Дастурхонда катталар учун катта, болакай учун эса кичкина кулча ва ширинликлар турарди. Илья Платонович жойида ўтиролмади. У Гришанинг олдида айиққа ўхшаб тўрт оёқлаб юрди, қурбақа бўлиб сакради, қопағон итга ўхшаб ириллаб, боланинг иссиқ кўкрагини тишламоқчи бўлиб ўйнашди. У ҳали ҳис қилиб улгурмаган тўқлик, меҳр тафти ва фаровонлик туйғу-сидан, айниқса, дастлабки адабий ютуғидан сармаст эди, бу мувафаққиятнинг оғули аччиқ лаззатини ўз танасида ўтказмаган одам тасаввур ҳам қилолмайди.
 Ўша оқшом ҳатто Гриша ҳам ўзининг қисқа кечирган умрида илк бора жилмайди. У қоғоздан ясалган фариштага қўлини чўзганча, ёруғ табассумдан чеҳраси ногаҳоний гўзаллашиб пичирлади:
– Фаришта! Фаришта!
Э худо, улар қани, қаёқда? Арефьев хотинини бундан уч йил илгари Ниццада жуда кибор ва кексайиб қолган, бўғинлари оғриган қандайдир бир бемор қария билан бирга кўрганди. Гришани эса ўзи бахтиёрлик билан чорлаган фаришталар бирга олиб кетдилар.
Илья Платонович худди биров ирғитиб юборгандек дивандан сапчиб турди. Унинг юзи кўзёшлардан ҳўл бўлиб кетганди, бироқ бундан уялмади,чунки кўзёшлар унга бир неча дақиқагина анчадан буён ҳис қилинмаган, инсон юрагини поклайдиган ва юмшатадиган теран дард-алам ҳиссини бахш этган эди. Хонада у ёқдан-бу ёққа юраркан, деразадан қаради. Жулдур болалар қандолатхона деразалари олдида ҳамон тўпланиб, совқотган оёқлари билан ер тепиб турардилар. У боягина “озиб-тўзиб кетган болакайлар” ва “тилла кўзойнакли сирли жаноблар” устидан ғазаб билан заҳарханда қилганини эслади. Арефьев ҳозир уларга қараб туриб, юрагида жирканиш эмас, балки осойишта, оталарча меҳрга тўла шафқат-мурувватни ҳис қилди.
“Биз ҳаммамиз,– хаёлидан кечди унинг,– у ёки бу томонлама-қашшоқ, ориқ, ташландиқ болалармиз, агар биз сирли олижаноб кишиларнинг борлигига ишончимизни йўқотсак, ҳаёт қандай даҳшатли кечган бўларди!”
Шунда унинг тасаввурида чордоқларда музлаб қолган, зах ертўлаларда совуқдан қалтираётган, кўчаларда “Исо ҳаққи ҳурмати”ни айтиб, безор қилиб, йўловчилар ортидан югурган ялангоёқ болалар шарпалари гавдаланди, ҳаётдан безган катталар ана шу соф қалблар ортига ўз айбларини тўнкайдилар, қилган хатолари, бир умр алданиб яшаганликларини яширадилар, ана шулар оқибати ўлароқ, ҳали гапиришни эплар-эпламас қизалоқлар фаҳш, ифлослик, олди-сотди буюмига айланадилар, ҳали вояга етмай туриб болалар жиноятга қўл урадилар; охир-оқибат манглайи қора майиб-мажруҳлар ҳам, букрилар, рахитлар, жиннилар, тутқаноқлар, бешикданоқ ирсий касалликларга чалинган ҳам шу болалар бўлади. Шунда Илья Платоновичнинг қулоқлари остида барча замонлар ва халқларнинг ақли, донишмандлигини ўз салоҳиятида мужассам этган Сакья Муни*нинг улуғвор ҳикмати янгради: “Кимда-ким бир гўдак кўз ёшини артса ва унинг юзида табассум уйғота олса, марҳаматли, улуғ Будда наздида, ўша киши муҳташам ибодатхона бино этган зотдан ҳам аълороқдир”.
Илья Платонович, мана, икки соатдан буён столдан турмай ишламоқда, унинг қалами остидан одатдагидай аниқ, равон сатрлар тўкилмоқда эди. У “Гўдак табассуми” деб номланган бу мақолани қандай якунлашни ўзи ҳам билмайди, лекин бошидаги сочлари ости ёқимли жимирлаётганини, елкасига эса унутилаёзган илҳом титроғи югурганини ҳис қилади. Ҳамон унинг кўз олдида фавқулодда қувончли табассумдан ёришиб кетган бола чеҳраси намоён бўлиб турарди.
 
Рус тилидан Нилуфар Ҳайиталиева таржимаси
“Жаҳон адабиёти” журнали, 2010 йил, 12-сон.
____________________
* XIX-XX аср бошларида Россияда чоп этиладиган нашр.
* Пасха пишириқлари.
* Те н о р – энг баланд эркаклар овози.
* С о л о – якка овоз ёки соз учун ёзилган мусиқа асари.
* Черков хори дирижёри
* Дирижёр таёқчаси.
* Мусиқанинг кучли чалинадиган қисми.
* Қалъа дарвозаларини бузиш учун ишлатиладиган учли ёғоч қурол.
* С а к ь я – М у н и – Будда номларидан бири.