Акутагава Рюноскэ. Ташландиқ бола (ҳикоя)

Асакусадаги Нагасуми-чё кўчасида Шингёжи ибодатхонаси бор. Йўқ-йўқ, бу катта ибодатхона эмас. Шундай бўлса-да, у ерда муқаддас Ничиронинг ёғочдан ясалган ҳайкали мавжуд, демак, бу ибодатхона ўз тарихига эга. Мэйжи даврининг йигирма иккинчи йили кузида шу ибодатхонанинг дарвозаси олдига бир болани ташлаб кетишди. Турган гапки, у бир ёшга ҳам тўлмаган эди, ёнидан унинг исми ёзилган қоғозча ҳам топилмади. Эски сариқ ипак матога ўралган чақалоқнинг боши остига иплари узилиб кетган аёллар зорисини* қўйиб кетишганди.
Шингёжи ибодатхонасининг ўша вақтдаги роҳиби Тамура Ниссо исмли чол эди; айнан тонгги ибодатни қилаётган вақтида унинг олдига кекса дарбон келди ва чақалоқ ташлаб кетишганини маълум қилди. Роҳиб Будда ҳайкалига қараб турган эди; у дарбонга ўгирилиб ҳам қўймади ва гўёки ҳеч нима бўлмагандай деди:
— Шунақа де! Уни бу ёққа олиб кел.
Бу ҳам етмагандай, дарбон гўдакни қисиниб-қимтиниб олиб келганида роҳиб шу заҳотиёқ болакайни қўлига олди ва уни бепарво эркалай бошлади:
— Ажойиб болакай экан! Йиғлама! Йиғлама! Бугундан бошлаб сени ўз тарбиямга оламан.
Роҳибга ҳурмати ўзгача бўлган дарбон бу воқеани ибодатхонанинг қавмларига иллиций* шохчаси ва хушбўй шамларни сотаётган маҳалида кўп марталаб айтиб берган. Роҳиб Ниссо аввал Фукугавада сувоқчи бўлиб ишлаганидан хабарингиз йўқдир, балки, бироқ у ўн тўққиз ёшида ҳавозадан йиқилиб, ҳушидан кетган ва қўққисдан роҳибликни бўйнига олишга қарор қилган. У жуда ғалати одам бўлиб, тиниб-тинчимасди.
Роҳиб ташландиқ болага Юноскэ деб ном қўйди ва уни ўз ўғлидай тарбиялай бошлади. Мен “тарбиялай бошлади”, дедим, лекин бу инқилобдан* буён аёл зотининг оёғи етмаган ибодатхона шароитида қийин масала эканлиги маълум бўлди. Болага қараш ва унга сут бериш каби ҳамма юмушлар билан роҳибнинг ўзи сутраларни ўқишдан бўш вақтларида шуғулланар эди. Бу ҳам майли-я, бир куни, Юноскэ касал бўлиб қолганида, шамоллаган эди, шекилли, аксига олиб, ибодатхонанинг доимий қавми асилзода Каши-но Нишитацу шарафига мотам ибодатини амалга ошираётганида роҳиб иситмаси баланд болакайни бир қўли билан кўксига босганча, иккинчи қўлида биллур тасбеҳ билан одатдагидай сутраларни ўқийверди.
Аммо роҳиб, болаларни қанчалик яхши кўрмасин, иложи бўлса болакайнинг ҳақиқий ота-онасини топиш фикрини дилида яширинча орзу қилиб юрарди. Роҳиб минбарга кўтарилганда — дарвоза олдидаги устунда “Ваъз ҳар ойнинг ўн олтинчи куни айтилади” деб ёзилган эски тахтача ҳозиргача ҳам турибди — у Япония ва Хитойнинг қадимий тарихидан мисоллар келтираркан, ота-она меҳрини ёддан чиқармаслик Буддага миннатдорчилик билдириш демакдир, деб куйиб-пишиб гапиришни канда қилмасди. Ваъз кунлари бирин-кетин ўтиб борарди, бироқ ташландиқ боланинг отасиман ёки онасиман, дея ўзи кириб келган бирор одам бўлмади. Аммо бир гал, унда Юноскэ уч ёш эди, юзларига оппоқ қилиб упа-элик суриб олган жувон келиб, унинг онаси эканлигини айтди. Лекин, афтидан, у ташландиқ боладан ғаразли мақсадда фойдаланиш ниятида эди. Астойдил сўраб-суриштиришлар натижасида бу аёл шубҳалардан холи эмаслиги маълум бўлгач, қизиққон роҳиб уни аямай сўкиб берди ва муштини тугганича ҳайдаб юборди.
Шундай қилиб, Мэйжи даври 27-йилининг қиши ҳам етиб келди, бу вақт¬да япон-хитой уруши тўғрисидаги миш-мишлар кучайди; ойнинг ўн олтинчи, яъни одатдагидай ваъз ўқиладиган куни, роҳиб ўзининг ҳужрасига қайтганида унинг ортидан ўттиз тўрт-ўттиз беш ёшлардаги келишган аёл кириб келди. Ҳужрадаги қозон-ўчоқ ёнида Юноскэ пўртаҳол тозалаб ўтирган эди. Уни кўргач, аёл ҳеч қандай кириш сўзи ҳам айтмай қўлларини ўтингандай жуфтлаб, роҳибга қаради ва овозидаги титроқни зўр-базўр босиб, журъат билан деди: “Мен бу боланинг онасиман”. Табиийки, ҳайратда қолган роҳиб бир муддат у билан сўрашишга ҳам ботина олмай турди. Лекин аёл унга эътибор ҳам қилмади, полдаги бўйрадан кўзини узмай, унинг руҳий ҳаяжонини ташқи кўриниши англатиб турган бўлса-да, худди ёд олгандай шу кунгача болани тарбиялагани учун роҳибга боадаблик билан ва муфассал миннатдорчилик билдира кетди.
Бу ҳолат роҳиб қизил кегайли елпиғичини кўтариб, аёлдан болани нима учун ташлаб кетганлигини гапириб беришга мажбур қилмагунча давом этди. Шунда аёл, ҳануз кўзини полдаги бўйрадан узмай, қуйидагиларни сўзлаб берди.
Беш йил аввал унинг эри Асакусадаги Тавара-мачи кўчасида гуруч дўконини очади. Аммо илк фойдани олишга ҳам улгурмай, бор мол-мулкини совуради ва шундан сўнг улар аста-секин Йокохамага кетишга қарор қилишади. Лекин эндигина туғилган бола уларнинг оёғига тушов эди. Бунинг устига, бахтга қарши, онанинг кўкрагига сут келмайди ва шу ҳам сабаб бўлиб, эр-хотин кўзларида ёш билан гўдакни Шингёжи ибодатхонаси дарвозаси олдига ташлаб кетишади.
Кейин чала-ярим таниш бир одамнинг ёрдами билан ҳатто поездга ҳам ўтирмай Йокохамага етиб келишади, у ерда эри киракашлик идорасига ишга ёлланади, аёл эса дўконга ишга киради ва улар икки йил давомида тиним билмай меҳнат қилишади. Бу вақтга келиб тақдир уларга кулиб боқдимикин, ишқилиб, хизматга кирганларининг учинчи йили эрининг ҳалол меҳнатига муносиб баҳо берган киракашлик идорасининг хўжайини унга Хоммокухэн туманидаги Омото-дори кўчасида янги очилган кичик бўлимнинг ишларини олиб боришни ишониб топширади. Табиийки, аёл ўша заҳотиёқ ишидан воз кечади ва эри билан яшай бошлайди.
Бўлимнинг ишлари анча жонланиб қолган эди. Бундан ташқари, келгуси йили улар ўғил кўришади. Табиийки, бу вақтга келиб бир пайтлар ташлаб кетилган ўша болакай тўғрисидаги аччиқ хотиралар қалбларининг тўрида жонланиб қолади. Айниқса, аёл чақалоғининг оғизчасига сут деярли келмайдиган кўкрагини тутганида ҳар гал хотирасида улар Токиодан жўнаб кетган кеча яққол гавдаланарди. Лекин идорада ишлар мўл, болакай эса кундан-кунга ўсиб-улғайиб борар эди. Орттирган пулларини банкка омонат қўядиган ҳам бўлишди. Ишларнинг бориши чакки эмас эди ва ҳар нима бўлганда ҳам, эр-хотин яна бахтли оилавий ҳаёт кечириш имконига эга бўлишди.
Бироқ уларнинг бахтли онлари узоқ чўзилмади. Улар хурсанд бўлишга ҳам улгурмай, йигирма еттинчи йилнинг баҳорида эри терлама касалига дучор бўлди ва бир ҳафта ҳам ётмай оламдан ўтди. Бунинг ўзи бўлганда эди, балки аёл тақдирга тан берган ҳам бўлармиди, аммо эрининг ўлганига юз кун ҳам бўлмай, узоқ кутилган болакай ичбуруғ билан касалланиб қўққисдан нобуд бўлганига чидай олмади. Ўшанда аёл ақлдан озгандай туну кун дод-фарёд қилди. Йўқ, ўшандагина эмас, деярли ярим йил у паришонхотир юрди.
Ёам-ғуссаси чекингач, кўнглига келган биринчи нарса — ташлаб кетган катта ўғли билан кўришиш фикри бўлди. “Агар болагинам ҳаёт ва соғ-саломат бўлса, мен уни олиб келаман ва қанчалик қийналмайин, ўзим тарбиялайман” деб, ўйларди у ва ўзини қўярга жой тополмасди. У дарҳол поездга ўтирди ва юрагининг тўридан жой олган Токиога келгач, шу заҳотиёқ Шингёжи ибодатхонаси дарвозаси томон ошиқди. Бу айнан ойнинг ўн олтинчи куни, ваъз айтиладиган кун эди.
Аёл аввалига роҳибнинг ҳужрасига бориб, кимдандир бола ҳақида сўрамоқчи бўлди. Лекин ваъз ҳали тугамаганлиги сабаб, у роҳиб билан учраша олмасди, албатта. Шу боис сабри чидамай бутун ибодатхонани тўлдирган художўй эркаклар ва аёллар оломони орасига сингиб кетди ва роҳиб Ниссонинг ваъзини эътиборсиз тинглашга тутинди, ёки аниқроқ айтадиган бўлсак, унинг тугашини пойлай бошлади.
Роҳиб эса бугун ҳам Нилуфар аёл ўзининг беш юз нафар фарзанди билан қандай учрашгани-ю, ота-она меҳрининг муқаддаслиги ҳақида самимият ила нутқ ирод қилди. Нилуфар аёл беш юзта тухум қўяди. Тухумлар оқим бўйлаб сузиб кетади ва қўшни мамлакат подшосининг қўлига тушади. Бу тухумлардан чиққан беш юз баҳодир Нилуфар аёл оналари эканлигидан бехабар, унинг қалъасига ҳужум қилади. Бундан хабар топган Нилуфар аёл қалъанинг минорасига кўтарилади ва дейди: “Мен беш юз нафарингизга ҳам онаман. Мана далил”. Шундай дея у иккала кўкрагини чиқаради ва уларни чиройли қўллари билан сиқади. Онаизорнинг сути беш юзта булоқдан чиққандай баланд минорадан тизиллаб тўппа-тўғри беш юз баҳодирнинг оғзига тушади. Бу ҳинд афсонаси ваъз-насиҳатни шунчаки эшитаётган бечора аёлга жуда кучли таъсир кўрсатди. Шу боис ваъз тугаши биланоқ у кўз ёшларини артиб ҳам ўтирмай ибодатхонадан чиқди ва айвон бўйлаб роҳибни қидира кетди.
Тафсилотларини суриштириб бўлгач, роҳиб Ниссо ўчоқ ёнида ўтирган Юноскэни ёнига чорлади ва уни беш йиллик айрилиқдан сўнг юзи нотаниш бўлган онаси билан учраштирди. Аёл алдамаётганини, афтидан, роҳиб тушуниб турарди. Юноскэни қўлига олгач, у кўз ёшини зўрға тийиб олди, мурувватли роҳибнинг киприкларида эса табассум аралаш кўз ёши йилтиллади.
Кейин нима бўлганидан хабарингиз бор, албатта. Юноскэ онаси билан Йокохамага кетди. Эри ва ўғли ўлгач, аёл киракашлик идорасининг кўнгилчан хўжайини ва унинг рафиқаси йўл-йўриғи билан одамларга тикишни ўргата бошлади ва камтарона, лекин қийналмай турмуш кечириш имкониятига эга бўлди.
Ўзининг узундан-узоқ ҳикоясини тугатаркан, меҳмон олдида турган пиёлани олди. Лекин унга лабини ҳам теккизмасдан менга қаради ва секингина қўшиб қўйди:
— Ўша ташландиқ бола менман.
Индамай бош ирғаб, чойнакка сув қуйдим. Ташландиқ бола ҳақидаги бу таъсирли ҳикоя меҳмоним Мацубара Юноскэнинг болалик хотиралари эканлигини уни биринчи бор кўриб турган бўлсам-да, бошидаёқ тушунган эдим.
Бироз сукутдан сўнг меҳмонга мурожаат қилдим:
— Онангиз ҳали ҳам ҳаётмилар?
Саволимга кутилмаган жавоб олдим:
— Йўқ, у бир йил аввал оламдан ўтди. Лекин… сизга ҳикоя қилиб берган аёл онам эмас эди.
Ҳайратимни кўриб, меҳмон кўзлари ила табассум қилди:
— Унинг эри Асакусадаги Тавара-мачида гуруч дўконига эга бўлгани, Йокохамага кўчиб кетиб у ерда ишлагани — буларнинг ҳаммаси ҳақиқат, албатта. Лекин кейинроқ уларнинг болани ташлаб кетишганлиги ҳақидаги ҳикоялари ёлғон эканлигини билиб олдим. Онамнинг ўлимидан бир йил аввал мен дўконимнинг ишлари бўйича — хабарингиз бор, мен йигирилган ип савдоси билан шуғулланаман – Ниигата тарафларда юрардим ва ногаҳон поездда бир пайтлар онамнинг Тавара-мачи кўчасидаги уйига қўшни турган қоп сотувчи билан учрашиб қолдим. У менинг сўраб-суриштиришимни ҳам кутмай, онам ўшанда қиз туққани ва қизалоқ дўкон ёпилишидан олдин ўлиб кетганини гапириб берди. Йокохамага қайтгач, мен шу заҳотиёқ онамга билдирмай оилавий рўйхатни кўздан кечирдим ва шуни аниқладимки, ҳақиқатан ҳам, қоп сотувчи айтгандай, онам Тавара-мачи кўчасида яшаган вақтлари қиз кўрган. Чақалоқ уч ойлигида оламдан ўтган. Онам қандайдир сабабларга кўра бегона болани, яъни мени ўғил қилиб олиш учун ташландиқ бола тўғрисидаги воқеани тўқиб чиқарган. Шундан сўнг ҳузур-ҳаловатдан воз кечиб, йигирма йилдан ортиқ вақт мобайнида мен ҳақимда куйиб-пишди.
Нима сабабдан у бундай қилганлигини, қанчалик ўйламайин, ҳозиргача ҳам тушуниб ета олганим йўқ. Чиндан ҳам шундай бўлганлигини билмайман, лекин онамнинг мени ўз тарбиясига олганлигига асосий сабаб, ҳойнаҳой, роҳиб Ниссонинг ваъз-насиҳати эридан ва боласидан ажраб қолган онам учун қаттиқ таъсир қилган бўлса керак. У ваъзни тингларкан, айнан мен танимаган она бўлишни кўнглига туккан. Афтидан, шундай. Мени ибодатхона олдидан топиб олишганлигини, чамаси, ибодатхонага ваъз эшитиш учун ташриф буюрган қавмлардан билиб олган. Ёки унга бу ҳақда оқсоқ дарбон гапириб берган.
Меҳмоним жим бўлиб қолди ва бир нарса эсига тушгандай ўйчан қиёфада чой ҳўплай бошлади.
— Демак, сиз онангизга унинг ўз ўғли эмаслигингизни ва бу ҳақда билишингизни айтдингиз, шундайми?
Бу саволни беришдан ўзимни тия олмадим.
— Йўқ, айтмадим. Бу онамга нисбатан ўта шафқатсизлик бўлган бўлур эди. Онам менга ўлимига қадар бир сўз ҳам демади. Бу хусусда оғиз очиш менга нисбатан шафқатсизлик, деб ўйлаган бўлса ажаб эмас. Ростини айтсам, унинг ҳақиқий ўғли эмаслигимдан хабар топгач, онамга нисбатан туйғуларим бироз ўзгарди.
— Қайси маънода? — Меҳмоннинг кўзига тик қарадим.
— Улар аввалгига қараганда ҳам тафтлироқ бўлиб қолди. Чунки буни билиб олганимдан буён у мен, ташландиқ бола учун онадан ҳам азизроқ бир хилқатга айланди, — юмшоққина деди меҳмон, гўёки ўзи ҳам онаси учун ўғилдан-да азизроқ эканлигини билмагандай.

Русчадан Абдувоҳид Умр таржимаси
“Жаҳон адабиёти” журнали, 2006 йил, 12-сон

ИЗОҲЛАР
* Зори – похол ёки бамбукдан тўқилган шиппак.
* Иллиций – муқаддас шохча, ибодатхоналарга ташриф буюрувчиларга шамлар билан бирга сотилган.
* 1867 йилдаги Мэйжи инқилоби назарда тутилмоқда.