Жиноий иш бўйича жалб этилган жаноб Мейхерн ўрта бўйли, қотма, дид билан кийинадиган олифтанамо киши эди. У адвокатлар ичида ўзига яраша обру-эътиборга эга эди. Унинг кулранг ва ҳар бир нарсага диққат билан боқадиган ўткир кўзлари суҳбатдошига унинг қанчалик идрокли киши эканини кўрсатиб турарди. Адвокат ўз мижозлари билан қуруққина гаплашса-да, гап оҳангида бадхоҳлик аломати сезилмасди. Унинг бу галги мижози қастдан одам ўлдиришда айбланаётган эди.
— Сиз тушган вазият ўта жиддий экани, сиз ҳамма нарсани очиқчасига тан олсангизгина бу вазиятдан чикиб кетишингиз мумкинлигини яна бир карра эслатиб ўтишни бурчим деб биламан.
Бу хитоб унинг қаршисида атрофида рўй бераётган ишларга бефарқ ва ланж бир кайфиятда ўтирган, ўттиз ёшлар атрофидаги йигитга қаратилган эди. Бироз фурсат ўтиб, у маъносиз нигоҳларини жаноб Мейхернга қаратди.
— Биламан, — деди сўник ва умидсиз товушда. — Сиз илгариям огоҳлантириб эдингиз. Аммо… ғараз ниятда ва шафқатсизларча одам ўлдирганликда айбланаётганимга ишонолмаяпман.
Мейхерн фақат фактларга ишонишга кўникиб қолган, унга ҳиссиётчанлик бегона эди. У кўзойнагини олиб, шошилмасдан ҳар иккала кўзини артиб чиқди.
— Ишқилиб, жаноб Воул, бу кўнгилсизликдан қутилиб чиқишингиз учун анча тер тўкишингиз керак. Ҳали кўрмагандай бўлиб кетарсиз. Бироқ мен сизга қарши важларнинг салмоғи ва сизни қайси йўл билан ҳимоя қилиш қулайроқ бўлишини билиб олишим керак.
Иш у қадар чалкаш эмасди ва айбланувчига қўйилган айб ҳам аниқ-тиниқ бўлиб, ҳеч кимда шубҳа туғдирмасди. Ҳеч кимда. Бироқ айни дамда жаноб Мейхерннинг ўзида шубҳа туғилди.
— Сиз мени чиндан айбдор санайсизми? — сўради Леонард Воул. — Худо ҳаққи қасам ичаман, менинг айбим йўқ. Шунчаки қутулиб чиқиш мушкул бўлган тўр ичига тушиб қолганман. Лекин мен ўлдирганим йўқ. Ўлдирганим йўқ!
Бундай вазиятда ҳеч бир кимса ўз айбини бўйнига олмасдан қолмасди. Буни жаноб Мейхерн ҳаммадан яхши билади. Аммо бу нарсани ич-ичидан тан олса-да, бунга тўла амин эмасди. Пировардида, Воул чиндан ҳам бегуноҳ бўлиб чиқиши ҳеч гап эмасди-да.
— Барча далиллар сизга қарши, жаноб Воул. Шундай эса-да, ишонаман сизга. Хўш, фактларга қайтсак, Сиз Эмили Френч хоним билан қандай танишгансиз?
— Оксфорд стритда эдим. Бир кекса аёл кўчани кесиб ўтаётганди. У бир қанча тугунларни кўтариб кетаётганида, йулнинг ярмига бориб, уларни қўлидан тушириб юборди. Уларни йиғиб оламан, деганида, шитоб билан кетаётган автобуснинг тагида қолиб кетишига оз қолди ва бир амаллаб пиёдалар йўлагига етиб олди. Мен сочилиб ётган тугунчаларни йиғиб, чангни қоқиб аёлнинг қўлига тутқаздим.
— Сиз унинг ҳаётини қутқариб қолганман, деган даъвода эмассиз-а?
— Албатта йўқ. Шунчаки одамгарчилик юзасидан килдим бу ишни. Рост, у менга қўюқ миннатдорчилик билдирди, ҳатто елкамни қоқиб, бунақа олижаноблик ҳозирги ёшлар учун танқис бўлиб қолганини ҳам айтиб ўтди. Хуллас, кейин мен йўлимда давом этдим. Мен у билан бир куни келиб қайта кўришиб қолишимизни хаёлимга ҳам келтирмаганман. Бироқ ҳаёт кутилмаган тасодифларга тўла. Кунларнинг бирида уни бир ошнамнинг уйида кечки овқат маҳали учратиб қолдим. У мени дарров таниди ва яқиндан танишишни таклиф этди. Оти Эмили Френч экани ва Криклвудда яшашини ўшанда билганман. Пича гурунглашдик. У фикримча киришимли аёл экан Кейин у мени уйига таклиф қилди. Мен имкон топсам бирор куни уникига ўтишимни айтдим, у эса аниқ бир кунни тайинлашимни сўради. Мен унинг уйига боргим келмаётган бўлса-да… унинг таклифини рад этиш ноқулай ва беодоблик бўларди… Шанбани белгилаганимиздан кейин у кетди. Ошналарим унинг жуда бой аёл экани, каттакон бир уйда, биттагина оқсоч ва саккизта мушуги билан яшашини айтишди.
— Демак, сиз унинг ўзига тўқ аёл эканини чиндан ҳам у кетганидан кейин эшитдингиз? — сўради Мейхерн.
— Агар сиз буни атайлаб аёлнинг ўзидан сўраб олган деб ўйлаётган бўлсангиз… — Воул шу тариқа алам билан ўзини оқлашга тиришган пайтда Мейхерн унинг гапини охирига етказиш учун имкон бермади.
— Мен ҳеч нарсани ўйлаётганим йўқ. Мен фақат айблов жараёнида қандай саволлар пайдо бўлишини олдиндан тасаввур қиляпман. Мисс Френч кўздан панада, ўта ёпиқ муҳитда яшаган. Четдан қараган киши унинг бадавлат аёл эканини билмаган бўларди. Эслаб кўринг-чи, унинг пули кўп эканини сизга ким биринчи бўлиб айтганди?
— Оғайним Жорж Гарви.
— У буни тасдиқлай оладими?
— Билмадим. Орадан анча вақт ўтди.
— Кўряпсизми, жаноб Воул. Айбловнинг биринчи вазифаси сизнингг пулга муҳтож яшаганингиз, марҳуманинг пулдор эканини билганингиздан кейин у билан танишишга ошиққанингизни исболашдан иборат бўлади.
— Ахир, аслида…
— Жуда кўп нарса ўша оғайнингизнинг хотирасига боғлиқ. У ўша гурунгни эслармикин?
Леонарда анчагина жим қолди, кейин бош чайқаб сокин жавоб қайтарди:
— Билмадим, жаноб Мейхерн. Бизнинг гапимизни кўпчилик эшитиб ўтирганди. Ҳатто ким бирови ҳазиллашиб, ўша бой аёлнинг бошини айлантириб олишимни маслаҳат берганди.
— Афсус, минг афсус, — Адвокат ўз қизиқишлаприни яшириб ўтирмади. — Аммо сизнинг дангал гапларингиз менга ёқяпти. Хуллас, сиз мисс Френч билан танишиб олдингиз. Бу танишув биргина ташриф ила тугамади, албатта, тўғрими? Сиз Криклвудга катнашда давом этдингиз. Қизиқ, сиздек келишган, ёш ва бақувват йигитнинг ўша кекса хоним билан учрашиб туриш учун вақт топа олиши бироз шубҳали. Уни сизга яна нима боғлаб турган бўлиши мумкин?
Леонрада Воул гап тополмай бироз чайналиб қолди.
— Тўғриси, бунинг сабабини ўзим ҳам яхши тушунмайман. Мен уникига биринчи марта борганимдаёқ у ёлғизликдан безиб кетганини айтиб, унинг ҳолидан тез-тез хабар олиб туришимни илтимос қилди ва менга бўлган мойиллигини яшириб ўтирмади. Мен эса унинг таклифини қайтаришни ўзимга эп кўрмадим ва тез-тез келиб туришга сўз бердим. Ахир кимнингдир ўзингга ихлоси борлигини, кимгадир кераклигингни ҳис қилиш ёқимли эмасми?
Жаноб Мейхерн бу гал кўзойнагини бурнидан олиб чуқур тафаккурга чўмган ҳолда арта бошлади.
— Сизни тушундим, десам ҳам бўлади, — деди у узоқ жимлик сўнгида. — Фикримча бу ҳолат психологик жиҳатдан асосга эга. Ким билсин айбловчилар балки бошқача ўйлашар. Қани, давом этинг-чи? Қачон Мисс Френч иш бошқаришда ёрдам беришингизни сўраб илтимос қилди?
— Албатта, биринчи борган кунимда эмас. Бунгача у турли қоғозлар билан ишлаш унинг жонига теккани ҳақида гапириб, кўпгина капитал қўйилмалари билан боғлиқ ташвишлардан безовта эканини айтганди.
Жаноб Мейхерн Воулгина тезгина ўткир бир нигоҳ ташлаб қўйди.
— Мисс Френчнинг оқсочи Жанет Маккензи ўз бекасининг ўта зийрак аёл бўлгани, барча ишларни ўзи назорат остида тутиб турганини таъкидлаган. Унинг банкирлари ҳам бу фикрни тасдиқлашади.
— У менга бутунлай бошқача гапирганди.
Жаноб Мейхерн яна Воулга қадалди. Ҳозир унинг Воулга нисбатан ишончи ортаётган эди. У қалбида мана шу ёшгина йигитга меҳр уйғонган Мисс Френчнинг уни ўз уйида тутиб туришниг энг мақбул йўлини топганини тасаввурига сиғдира олди: Аёл молиявий ишларда ёрдам беришни йигитдан шахсан илтимос қилган бўлиши жуда-жуда табиий. У йигитнинг кўнглини овлаш мақсадида унга яна бир карра илтифот кўрсатмоқчи бўлгандир эҳтимол. Балки у қанчалик бадавлат аёл эканини йигитга кўрсатиб қўйгиси ҳам келгандир. Ўта сермулоҳаза ва идрокли бўлган Эмили Френч ҳар бир нарсани муносиб баҳолаб келган.
Жаноб Мейхерн Воулнинг ҳиссиз юзига термилиб туриб ана шуларни хаёл қилди.
— Демак, сиз мисс Френчнинг илтимосига кўра, унинг иш бошқарувчиси бўлишга рози бўлдингиз?
— Ҳа.
— Жаноб Воул. — Адвокат ҳар бир гапини чертиб-чертиб гапира бошлади. — Мен ҳозир сизга ўта жиддий бир савол бераман ва сиз менга фақат тўғрисини айтишингиз керак. Молиявий муносабатларда сизнинг ишингиз анча аҳамиятли бўлмаган. Марҳуманинг фикрича, сиз фақат унинг ишга алоқадор бўлмаган қоғозларни тартибга келтириш билан шуғуллангансиз. Аслида бу қоғозларнинг аксарияти жуда муҳим ва қимматли бўлган. Сиз улардан бирор марта шахсий манфаатингиз йўлида фойдаланганмисиз? Фақат аввал яхши ўйлаб кейин жавоб беринг.
Воул бир дақиқа ҳам ўйлаб ўтирмади.
— Ҳамма ишни ҳалол ва виждонан бажарганман. Мен нима иш қилган бўлсам, мисс Френчнинг фойдасини кўзлаб қилганман.
— Лекин назаримда бунақа жиддий ишларда қилвирлик қилиш учун сизнинг фаҳму фаросатингиз етади.
— Ким билсин, — елка қисди Воул.— Менда уни ўлдириш учун бирорта ҳам асос йўқ эди. Қолаверса, менинг фақат бойлик орттириш мақсадида у билан алоқани узмаган бўлсам, унинг ўлими ҳамма умидларимин чиппакка чиқарган бўларди.
Адвокат яна кўзойнагини артишга тушди
— Жаноб Воул, наҳотки, сиз мисс Френч бутун бойлигин сизга васият қилиб қолдирганидан бехабар бўлсангиз?
— Нима?
Воул стулдан сапчиб тураркан, жаноб Мейхернга ҳайрат ила тикилиб қолди. Мейхерн эса, бояги гапни қайтариш ўрнига шунчаки бош ирғаб қўя қолди.
— Сиз бу васиятнома ҳақида ҳеч нарса билмасдим, демоқчимисиз?
— Ишонинг, бу мен учун кутилмаган янгилик бўлди.
— Бироқ, хонимнинг оқсочи бунинг аксини айтяпти. Унинг гапларига караганда, хоним бу қарорга келишдан илгари гапнинг бир учини ўз жориясига ҳам чиқариб қўйган экан.
— Жанет алдаган! У ўта бадгумон ва ҳасадгўй кампир. Уни бекамнинг ўзи ҳам ёқтирмасди. Менга ундан бир неча марта нолиб гапирган.
— У сизга туҳмат қиляпти, деб ўйлаяпсизми?
— Йўғ-э, унга бунинг нима кераги бор? — у адвокатга ғалати қараб қўйди.
— Билмадим. Лекин у сиздан қаттиқ ғазабда.
— Даҳшат! Бундан чиқди, мен турли йўллар билан қўрқитиб, мисс Френчни менинг фойдамга васиятнома ёзишга мажбур қилганим ва уйда ҳеч ким йўқ пайтда уни… Эрталаб эса у ўлик ҳолда топилган. Ў, парвардигор, бу не кўргулик?
— Уйда ўша куни марҳумдан бўлак ҳеч ким йўқ деб ўйлаган бўлсангиз, адашасиз, жаноб Воул, — дея унинг гапини шарт бўлди адвокат. — Эсингизда бўлса, Жанет ўша куни ҳар кунгидан эртароқ уйига кетган — унинг дам олиш куни эди. Бироқ соат тўққиз яримларда орқага қайтишга тўғри келган. Жанет яширин йулакдан уйга кириб, тепага кўтарилган ва ичкаридан ғўнғир-ғўнғир овозни эшитиб қолган. Овозларнинг бири унинг бекасига тегишли бўлган, иккинчиси эса, қандайдир эркакники экан.
— Тўққиз яримда… мен… — Бирдан Воулнинг юзига қон югуриб, кўзлари чақнаб кетди. — Тўққиз яримда? Мен озодман энди!!!
— Озодсиз? Нимани назарда тутяпсиз? — ажабланди жаноб Мейхерн.
— Бу вақтда мен уйда ўтирувдим. Хотиним буни тасдиқлаши мумкин. Тахминан, ўнта кам тўққизларда мис Френч билан хайрлашиб чиққанман. Тўққизу йигирмаларда мен кечки овқатга ўтиргандим. Ё раб, ўзингга шукур!
— Унда мисс Френчни ким ўлдирган бўлиши мумкин?
— Эҳтимол, босқинчи ўғрилар бўлиши мумкин? Жанетнинг менга адоватига ишониб, полиция нотўғри йўлдан борди ва вақтни бекор ўтказиб юборди.
— Балки, шундайдир, — деди адвокат. — Ўзингиз ўйлаб кўринг, Жаноб Воул. Сиз соат тўққиз яримда уйда бўлганман, деяпсиз. Оқсоч эса, уйда эркак кишининг овозини эшитган. Наҳотки, мисс Френч босқинчи билан гаплашиб ўтирган бўлса?
— Ахир, мен… — Воул нима дейишини билолмай, сўзини йўқотиб қўйди. — Ҳар ҳолда менинг бу ерда ҳеч канақа айбим йўқ. Далилим бор. Сиз дарҳол хотиним Ромейн билан учрашишингиз керак. У менинг гапларимни тасдиқлайди.
— Албатта, — розилашди жаноб Мейхерн. — Мен аллақачонлар хотинингиз билан учрашмоқчи эдим. Лекин у Лондонга жўнаб кетган экан. Миссис Воулнинг бугун қайтишини эшитганимдан кейин сиз билан гаплашиб бўлгач, унинг ёнига боришга қарор қилган эдим.
Воул қониқиш билан бош ирғади. У энди тамомила хотиржам тортиб қолганди.
— Узр, жаноб Воул, сиз хотинингизни жудаям яхши кўрсангиз керак?
— Албатта.
— У-чи, уям сизни севадими?
— О, Ромейн менга жуда садоқатли. У мен учун ҳамма нарсага тайёр.
Воул хотини ҳақида жуда тўлқинланиб гапирар экан, жаноб Мейхерн бироз безовталана бошлади. Ахир ўз эрини жонидан ортиқ севадиган аёлнинг эрининг фойдасига бераётган кўрсатмасига ким ҳам ишонарди?
— Тўққизу йигирмада уйга қайтганингизни хотинингиздан бошқа яна кимдир кўрдими? Масалан, хизматкорингиз?
— Бизнинг оқсочимиз қатнаб ишлайди. У соат еттида уйига кетади.
— Кўчада ҳам биронтага кўзингиз тушмадими?
— Танишлардан ҳеч кимни кўрмадим. Тўғри, йўлнинг ярмини автобусда босиб ўтдим. Балки, кондуктор мени эслаб қолгандир?
Жаноб Мейхерн шубҳали бош чайқади:
— Хотинингизнинг кўрсатмасини яна ким тасдиқлаб бериши мумкин?
— Ҳеч ким. Ахир шусиз ҳам мени оқлаш мумкин эмасми?
— Мен ҳам шунга умид қиламан.
Жаноб Мейхерн ўрнидан тураётиб, Воулга қўл узатди.
— Ҳар ҳолда мен сизнинг айбсиз эканингизга ишонаман ва бу судда ўз исботини топишига умид қиламан.
Леонарднинг юзига табассум ёйилди.
— Мен ҳам умидворман. Ахир менда ҳаққоний алиби бор-ку?
Жаноб Мейхерн ҳеч нарса демасдан хонадан чиқди.
Воуллар оиласи Пэддингтон-Гриндаги кичкина, назарногир бир уйда туришарди. Жаноб Мейхерн ўша ёққа йўл олди.
Эшикни Воул “қатнаб ишлайди” деб айтган ўрта яшар, миқти хизматкор аёл очди.
— Мисси Воул қайтдиларми?
— Ҳа, бир соат бўлди. Лекин у киши сизни қабул қила олармикинлар?
— Манавини кўрсатсанигз қабул қилса керак, — адвокат шундай дея ташрифномасини унга узатди.
Аёл адвокатга ишонқирамай қараб турди-да, унинг қўлидаги қоғоз парчасини эҳтиёткорлик билан олди ва эшикни шундоқ унинг юзига ёпиб, ичкари кириб кетди. У бир неча дақикадан кейин ортига қайтди, бу пайтда унинг муомаласи ҳам бироз ўзгарган эди.
— Киринг, марҳамат.
Адвокат аёлнинг изидан ихчам ва шинам ошхонага ўтди. Унинг қаршисидан баланд бўйли, хушқомат ва қорасоч санам оҳиста одимлаб келарди.
— Мистер Мейхерн? Адашмасам, сиз эримнинг иши билан шуғулланяпсиз, ҳозир унинг ёнидан келяпсиз. шунақами? Марҳамат, ўтиринг.
Унинг енгил ва сал ғализ талаффузи ажнабий эканини кўрсатиб турарди. Жаноб Мейхерн зимдан разм солиб, аёлнинг оппоқ ва кенг елкалари, жозибали қароқлари ва қўлларининг нозик ҳаракатига эътибор берди. Унинг ташқи кўринишидаги ҳар бир белги унинг ғайриинглиз эканидан далолат берарди.
— Муҳтарама Воул хоним, ўзингизни қўлга олинг, тушкунликка тушманг, — дея гап бошлади адвокат ўтираётиб: аммо, аёлнинг юз ифодаларида ҳеч қандай тушкунлик аломати йўқ эди. Аксинча у ўзини жуда эркин ва хотиржам тутаётганди.
“Ғалати аёл экан. Шунақа бетаъсирки, ғашинг келади” – ўйлади Мейхерн. Бу аёл билан учрашган илк дақиқада у ўзини бироз ноқулай сезганди. Ҳозир унинг қаршисида жавобини топиш ўта мушкул бўлган бир жумбоқ турарди, гўё.
Жаноб Мейхерн Воул билан кечган суҳбатнинг қисқача мундарижасини баён этди. Аёл эса, унинг гапларини диққат билан, бошини ирғаб-ирғаб эшитди.
— Демак, — деди у, адвокат гапларини тугатгач, — у соат тўққизу йигирмада уйига қайтиб келганини тасдиқлашимни истайди, шунақами?
— Ахир, у ростдан ҳам шу пайти келмаганмиди?
— Гап бундамас. менинг гапларимга ишонадиларми, йўқми, шуни билмоқчиман. Кимдир гапимни тасдиқлайдими?
Жаноб Мейхерн ўзини йўқотиб қўйди. Аёлнинг мақсади нима ўзи? Нега у ўзини бунчалар лоқайд тутяптийкин?
— Ҳеч ким, — деди адвокат қуруқ оҳангда.
Бир-икки дақиқа Ромейн сокин ўтирди, кейин унинг лаблари орасидан кинояли табассум сизиб чиқди. Нега илжайяпти бу ўзи? Жаноб Мейхерннинг қалбидаги исён яна кучлана бошлади.
— Воул хоним, сизнинг эрингизга қанчалик содиқ эканингизни яхши биламан.
— Маъзур тутинг, нима дедингиз?
Бу савол бояқиш адвокатни тамоман шошириб қўйди ва журъатсизгина саволини қайтарди.
— Бу гапни сизга унинг ўзи айтдими? Эҳ, эркак зоти бунча аҳмоқ бўлмаса? — дея илкис стулдан туриб кетди аёл.
Мейхерннинг ичидаги гумон энди ҳақиқатга дўниб улгурган эди.
— Уни кўргани кўзим йўқ! Эшитяпсизми? Нафратланаман. Унинг кандай осишларини ўз кўзларим билан кўрсам эди!
Жаноб Мейхерн лол бўлиб қолди. У аёлга секин яқинлашди.Унинг нигоҳларида, овозида ҳатто нафасида ҳам ғазаб намоён эди.
— У ўша куни кечаси 9:20 да эмас, 10:20 да келди десам, нима бўпти? У васиятнома ҳақида олдиндан билгани, шунинг учун у аёлни ўлдиришга қарор қилгани ҳақида айтиб берсам-чи? Ахир ўзи менга ҳаммасини айтиб берганди. Буларнинг барини судда айтиб берсам, нима қипти?
Мейхерннинг назарида аёлнинг кўзлари ўт чақнатиб турарди. Адвокат бир амаллаб ўзини тутиб турди-да, қатъий жавоб қайтарди.
— Сиз эрингизга қарши кўрсатма беришга жалб этилишингиз мумкин эмас. Қонун шунақа.
— У менинг эрим эмас.
Шу дақиқада Мейхерн ҳозиргина эшитган гапини мулоҳаза қилишга тушди.
— Эрим эмас, — қайтарди у ва анчагача жим қолди. — Мен Венада актриса эдим. Эрим бор эди, ҳозир ҳам бор, фақат… жиннихонада. Кўряпсизми, Воул билан бизнинг никоҳимиз қонуний эмас. Ва мен бундан хурсандман.
— Сиздан фақат бир нарсани эшитишни истардим, — жаноб Мейхерн яна ҳис-туйғулардан мосуво адвокат Мейхернга айланди, — Сиз нима сабабдан ўз э… Жаноб Воулга нисбатан қарши оёққа турдингиз?
— Бу ҳақда гапиришин истамайман. Бу менинг сирим бўла қолсин.
Жаноб Мейхерн йўталиб қўйди:
— Суҳбатни бу тарзда давом эттиришдан фойда йўқ. Мижозим билан яна бир бор гаплашиб кўрганимдан кейин сиз билан ҳам гаплашиб олармиз.
Шу чоқ собиқ Воул хоним эркакнинг рўпарасига келиб тўхтади ва шу аснода адвокат унинг шаҳло ўзлари билан яна бир карра яқиндан тўқнашди.
— Очиғини айтинг. Сиз бу ёқққа келишингиздан илгари унинг айбсиз эканига ишониб эдингизми?
— Ҳа.
— Сизга жуда ачинаман, — у яна сирли табассум ҳадя қилди.
— Ҳозир ҳам ишонаман унга, — деди жаноб Мейхерн. — Хайр.
У кўчада кетиб бораркан, кўз ўнгидан Ромейннинг қиёфаси кетмасди. Ғалати аёл. Тушунарсиз ва хавфли аёл… Полиция маҳкамасида дастлабки тергов ишлари жадал борарди. Жиноий ишнинг асосий шоҳидлари мақтуланинг жорияси Жанет Маккензи ва келиб чиқиши австрис бўлган Леонард Воулнинг хотини саналмиш Ромейн Хейлгер эдилар.
Воул иши судга оширилди. Суд бошланишидан сал аввалроқ кечки почта орқали Мейхерн бир мактуб олди. Хат ифлос хатжилдда, арзон қоғозда ва ажи-бужи ҳарфларда ўта саводсизлик билан битилган эди. Мейхерн хатнинг мазмун-моҳиятидан тўла хабардор бўлиш учун уни икки қайта ўқишга мажбур бўлди. Хатни таъсирчан кўрсатишга уринган ғализ жумлалар олиб ташланса, қолган бирикмалар соф инглизча шаклга солинса, қўйидаги маъно келиб чиқарди: “Ҳурматли жаноб! Сиз анави бечоранинг иши билан шуғулланаётган бўлсангиз керак. Агар сиз унинг ажнабий хотини ҳақида бирор қизиқарли гап эшитишни истасангиз, бугун кечки пайт Степнига етиб келинг. У ердаги ўн олтинчи уйда мисс Могсннинг уйини сўранг. Ўзингиз билан икки юз фунт ола келишни ҳам унутманг”.
Жаноб Мейхерн бу ғаройиб жумлаларни қайта-қайта ўқиб чиқди. Аввал бу хат унга оддий бир жумбоқ бўлиб туюлган эса-да. Адвокат чуқурроқ фикр юритиб у билан ҳазиллашишмаётганини тушуниб етди. Жаноб Воулнинг қутулиб қолиши ҳам шу мактуб эгаси берадиган маълумотга бевосита боғлиқ.
Хуллас, жаноб Мейхерн қарор қилди…
У хатда кўрсатилган уч қаватли вайронани топиш учун чанг ва ифлос кўчалар, фақирлик ҳиди келиб турган хароба гузарларни узоқ кезишга мажбур бўлди. Жаноб Мейхерн кир латта қоплаган эшикни чертганида ҳеч ким жавоб қайтармади. Қайта чертилгач, аввал шалоплаган қадам товушлари эшитилди, кейин эши қия очилиб, ичкаридан бир жуфт кўз адвокатга бошдан-оёқ разм сола бошлади. Кейин эса эшик табақаси катта очилиб, бўсағада бир аёл пайдо бўлди.
— Бу сенмисан? — сўради хириллоқ овозда, — Бир ўзингмисан? Кир тезроқ.
Жаноб Мейхерн эгилиб, газ чироғи хирагина ёритиб турган кичкина ва жуда ифлос хонага кирди. Бурчакда йиғилмаган тўшак, ўртада ғичирлоқ стол ва путурдан кетган икки стул турарди. Адвокатнинг кўзлари ғира-ширага кўниккач, у бу харобат бекасига диққат билан разм сола бошлади.У ўрта ёшлардаги қадди дол, нари-бери кийинган аёл эди. Унинг мавхум тусдаги, анчадан бери тароқ тегмаган сочлари елкаларида тўзғиб ётарди. Юзлари то кўзлари қадар ола-була шарф билан ўраб олинган эди. Аёл жанобнинг ошкора таажжубли нигоҳларига аёл заҳарханда билан жавоб қайтарди.
— Нега анграйиб қолдинг? Юзимни яшириб олганимга ҳайрон бўляпсанми? истасанг, менинг мислсиз чиройимдан баҳра олишинг мумкин. Фақат, кўриб ўзингни йўқотиб қўймасанг, бас.
У шу гаплар билан шарфини ечганида, унинг чап ёноғидаги қип-қизил ва мудҳиш чандиқларни кўриб, адвокатнинг ҳуши бошидан учди.
— Хўш, мени ўпмоқчимисан? Йўқ? Ўзим ҳам шунақа деб ўйловдим. Бир пайтлар мен ҳам ҳурлиқо эдим. Юзимдаги бу нақши нигор қаердан келганини биласанми? Купоросдан. Анавилар…— у шундай дея оғиз олиб бўлмайдиган ҳақоратомуз гапларни ёғдира кетди. У гапириб тинчиганидан кейин ҳам қўлларининг тинимсиз қалтироғи босилмади.
— Бас, — деди Мейхерн узоқ давом этган жимликни бузиб. — Билишимча, сиз менга Лнонард Воул иши буйича қадайдир маълумот бермоқчи эдингиз?
Мисс Мгсон айёрона кўз қисди:
— Пули-чи, жонгинам? — деди хириллаб. — икки юзтани чўзиб қўйсанг, сенга керакли нарсани қўлингга тутқазаман.
— Масалан нимани?
— Хат. Ўша аёлнинг хати. Хўш, бунга нима дейсан? Фақат, у менинг қўлимга қандай тушиб қолганини сўрамасанг, бас. Икки юзни тўлайсан — хат сеники.
— Ўн фунт! Бошқа бир чақа ҳам бермайман. Агар, ўша менга асқотадиган бўлса, албатта.
— Нима? Бор-йўғи-я? — Аёл яна бақириб-чақиришга ўтди.
— Йигирма, — деди жаноб пинагини бузмай. — Бу менинг охирги гапим.— Адвокат ҳамёнини кавлаштиришга тушди. — Бор пулим шу.
Аёл нақд пулни кўриб, бироз ўзини йўқотиб қўйди. Алланарсаларни ғўлдираб-ғўлдираб каравотига яқинлашди ва матрасни кўтарди.
— Мана, ол, жин урсин, — дея бир даста хатни унинг олдига ирғитди. — Сенга кераклиси энг тепада турибди. Жаноб Мейхерн хатлар боғламини очиб, уларни бирма-бир кўздан кечира бошлади Ромейн Хейлгернинг Воулнинг номига битилмаган ишқий мактубини топиб олди. У бошқа хатларга ҳам бир қур кўз ташлаб чикди. Энг тепадаги хатни икки марта ўқиб чиқди: унда Воул хибсга олинган сана қайд этилган эди.
— Бу хат сизнинг қўлингизга қандай тушиб қолди?
— Бу хат хали ҳаммаси эмас. Ўша оқшом анави ж… қай гўрда эканини сўрамайсанми? Лайэн Роуд кинотеатридан бориб сўра. У ердагилар уни яхши эслашса керак.
— Хат кимга атаб ёзилган?
— Бу хатни менга ташлаб кетган одамга тегишли. — Мисс Могсон қўлларини абгор юзига томон олиб бораркан, унинг бармоқлари Мейхернга таниш ҳаракат ила машғул эди.
— Унинг қўлидан келгани шу бўлди. Неча йил ўтган бўлса-да, эсимдан чиқмайди. Ўша келгинди уни мендан тортиб олди. Бир куни мен уларни изма-из таъқиб қила бордим. Уларни қўлга туширган пайтимда эрим юзимга ана шу заққумни сепиб юборди. Анави манжалақи эса, бундан ҳузурланиб кулди. Шу пайтга қадар ундан ўч олиш учун ҳар кадамини пойлаб келаман. Энди у менинг қўлимда. Ҳали ҳаммаси учун жавоб беради. Тўғрими, жаноб?
— Эҳтимол, уни ёлғон гувоҳлик бергани учун қамашар.
— Ишқилиб, овозини ўчиришса, попугини пасайтириб қўйишса, бас. Эй! Жаноб, пул кани?
Жаноб Мейхерн стол устига иккита ўнталикни қўйиб, чиқиб кетди.
Адвокат вақтни ўтказмаслик учун ҳозироқ Лайэн Роудга боришга қарор қилди. У ерда эшик оғаси Ромейн Хейлдгернинг суратидан дарҳол таниди. Ўша куни соат ўнда аллақайси эркак билан кинотеатрга келган. Эшик оғаси халиги эркакка диққат билан разм солмагани учун унинг қиёфаси яхши эсида қолмаганини айтди. Улар иккалови сеанс тугагунча, соат ўн иккиларга қадар ўтиришибди.
Жаноб Мейхерн бундан тўла-тўкис қониқиш ҳосил қилди. Ромейн Хейлгернинг кўрсатмалари бошдан охиригача ёлғон бўлиб чиқди. Бунга сабаб — унинг Воулга бўлган нафрати. Бунинг боиси нима бўлса экан? Шўрлик Воул хотиним деб атаган аёлнинг ўзи ҳақида гапираган гапларини эшитиб, бир замбил лойдек бўшашиб кетди. Бунга сираям ишонгиси келмади.
Дарвоқе, дастлаб Воулнинг эътирозларидаги тушкунлик Мейхернга бироз сохтадек туюлди. Чамаси, у хотининг бу даражага боришини аввалданоқ билган. Лекин бошқалар бундан хабардор бўлишини истамаган. Иккаласининг орасидаги сир ҳамон сирлигича қоляпти.
Бундан качондир Мейхерн ҳам воқиф бўлармикин?
Эмили Френчни ўлдирганликда айбланаётган Леонард Воул устидан суд жараёни катта шов-шув билан бошланди. Биринчидан, айбланувчи ҳали ёш ва тарбияли йигит эди, иккинчидан уни ўта ваҳшийларча одам ўлдиришда айблашаётган эди. Бу жараённинг катта шов-шув бўлишининг яна бир сабаби айбловнинг асосий шоҳиди Ромейн Хейлгр эди. Кўплаб газеталарда унинг фотосурати ва ўтмиши билан боғлиқ турли миш-мишлар чоп этилди.
Аввалига хаммаси силлиқ кечди. Аввал экспертлар ўз хулосаларини ўқиб эшиттиришди. Кейин оқсоч аёл сўзга чиқди ва у терговда билдирган кўрсатмасини сўзма-сўз такрорлади. Ҳимоячи айрим саволлар билан уни чалғитмоқчи бўлгани ҳам ҳеч қандай наф бермади. Унинг гапларида айбланувчини асраб қолиш учун биргина тугун бор эди: Аёл эркак кишининг овозини эшитган бўлса-да, бу овоз айнан Воулга тегишли эканини у исботлаб беролмади. Адвокат шу билан бир қаторда ҳакамларга оқсочнинг гувоҳлиги аниқ далиллар эмас, унинг Воулга нисбатан бадхоҳлиги асосида қурилганига ишонтира олди.
Асосий шоҳидани чақирдилар.
— Сизнинг исм-шарифингиз Ромейн Хейлгер, шунақами?
— Ҳа.
— Келиб чиқишингиз австрисларга бориб тақалади?
— Худди шундай.
— Сўнгги уч йил ичида сиз айбланувчи билан эр-хотиндек яшагансиз, тўғрими?
Шу лаҳзада Ромейннинг кўзлари Воулники билан тўқнашиб кетди.
— Ҳа.
Сўров давом этарди. Ромейн суд аъзоларига даҳшатли ҳақиқатни ҳикоя қилиб беришга тушди: Қатл окшоми айбланувчи ўзи билан кичкина чўкич кўтариб уйидан чиқиб кетган. Ўндан йигирмата ўтганда, у қайтиб келган ва қотиллик содир этганини айтиб берган. Енглари қонга беланган кўйлагини ўтга ташлаган. Кейин эса, ҳеч кимга оғиз очма, дея хотинига таҳдид солган.
Қаршида ўтирган айбланувчининг асл қиёфаси ойдинлашиб боргани сари, ҳакамларнинг ҳам чеҳрасида ўзгариш зуҳур эта бошлади. Ромейн эса ўз ҳикоясини катта ҳаяжон билан давом эттирар, у сўздан-ўзга ўтгани сари қаҳр ва ғазаб ортиб борарди.
Ҳимочи ҳам ғазабдан тишини-тишига босиб ўрнидан турди. У шоҳиданинг барча гаплари уйдирма эканини билдирди. У айтдики, ўша оқшом аёл уйида бўлмаган, шу боис Воулнинг качон қайтганини ҳам билмаслиги керак. Адвокат ҳакамларга Ромейн хонимнинг бошқа бир эркак билан ўйнаш тутингани, шу боис у ўз эрини қилмаган жинояти учун ўлимга маҳкум этилишини истаб унга туҳмат тошларини отаётганини билдирди.
Ромейн эса, ўта совуққонлик билан айбланувчи билдирган эътирозларни қатъиян рад этди.
Шунда адвокат залда пашша учса билинадиган сукунат қунишини кутди ва Ромейн Хейлгернинг мактубини ўқий бошлади:
“Азизим Макс. Тақдирнинг ўзи бизнинг бирга бўлишимиз учун йўл очаётганга ўхшайди. У ҳозир қамоқда! Уни, ҳатто чумолига ҳам озор беролмайдиган бир лапашангни қотилликда аблашаяпти. Эҳ, ана қасос фурсати етиб келди. Мени сўроқ қилишса, у кечаси қонга беланиб кайтди ва барча қилган ишларига иқрорини билдирди, деб айтаман. Уни дорга олиб боришаётганида уни ўлимга маҳкум этган мен эканимни англаб, қанчалик тўлғонишини тасаввур қиляпман. Вул энди йўқ. Фақат сен билан мен бормиз. Бу бизнинг бахтимиз Макс!”
Экспертлар ҳозироқ хат кимга тегишли экани аниқлашга ҳозир эдилар. Бироқ кутилмаганда, Ромейн Хейлгер ҳаммасини тан олди: Адвокатнинг гаплари тўғри чиқди. Жиноят ишининг энг асосий айбдори ёлғончи бўлиб чиқди.
Воулни иккинчи бор сўроқ қилишди. У ҳаммасини худди аввалгидек тутилмасдан гапириб берди, ҳатто чалғитувчи саволларга ҳам осонликча чап берди. Гарчи баъзи далиллар ҳамон унга қарши бўлса-да, ҳакамлар якдил ҳукмни қабул қилишди: Воул айбсиз деб топилди.
Жаноб Мейхерн Воулни ғалаба билан табриклашга ошиқди. Унинг яқинига ҳозирча йўлаб бўлсалигини билган адвокат халқ анжоблашишини кутди. Адвокат яна кўзойнагини артиш учун қўлига олганида, бу ҳаракат унинг учун одатга айланиб қолганини пайқаб кунглига бехос хавотир оралади. Хотини хам бир неча марта шу ҳақида гапирганди. Тарки одат — амри маҳол.
Ғалати нарса шу одат дегани. Манави Ромейн Хейлгар деганлари ҳам… У ўзини қанча беховотир ва вазмин тутишга интилмасин, барибир қанчалик хаяжонда эканини сездириб ўйди.
Шу лаҳзада Мейхерн кўзларини юмиб, сарвқомат, сиймтан ва алланарсадан хадик олиб турган эҳтиросчли аёлнинг сиймосини кўз олдига келтирди. Унинг мухаббати… Унинг нафрати… Қўлларини галати алфозда ўйнатиши…
Эҳ, у худди шундай харакатни яқин орада яна кимдадир кўрганди. Яқиндагина…
Мистер Мейхерн эслади—ю, нафаси бўғзига тиқилаёзди: Степнилик мис Могсон!
Бўлиши мумкин эмас! Наҳотки?
У ҳозир фақат биргина нарсани истарди — Ромейн хейлгер билан кўришишни.
Бироқ, улар анча кеч кўришдилар, қаерда бир—бирини учратиб қолишгани ҳозир унчалик мухим эмас.
— Сиз адашмадингиз, — деди аёл. — Юзимни қандай қилиб
ўзгартирганимни сурамоқчисиз. Бу унча қийин эмас. Газчироқ ёругида гриммни пайқаш жуда мушкул. Қолаверса… Мен бир пайтлар актриса бўлганимин унутманг.
— Лекин нима учун…
— Нима учун бундай қилдим? — унинг саволини тўлдирди у ярим табассум билан. — Мен Уни қутқаришим лозим эди. Ахир ўз эрини чин дилдан севадиган ва унга ўлгуднк содиқ бўлган аёлнинг курсатмасига ҳеч ким ишонмаслигини мен ҳам билардим. Сиз ўзингиз билмаган ҳолда менга буни яна бир карра эслатиб қўйгандингиз. Мен эса одамлар орасида яхшигина ажралиб тураман. Мени шармандаларча фош қилсангиз, ўзим қилмаган ишга иқрор эттирсангиз, мен эримга карши гувоҳлик бераётганларга нисбатан тубан ва олчоқ бўлиб кўринсамгина, у
оқланиши мумкинлигини билардим.
— Ҳалиги хат-чи?
— У хат шунчаки уйдирма, сизнинг тилигизда айтганда қалбаки эди. Ҳамма нарса ўша хат туфайли изига тушди.
— Унда Макс дегани ким бўлди?
— Унақа одам йўқ, ҳеч качон бўлмаган.
— Менимча, биз ўта моҳирона ўйналган мана шу спектаклсиз ҳам ишда ютиб чиқишимиз мумкин эди—ку?
— Мен таваккал қила олмасдим. Ахир сиз уни айбсиз деб ўйлагансиз, тушуняпсизми?
— Тушунаман, Воул хоним. Мен уни айбсиз деб ЎЙЛАГАНМАН. Сиз са, унинг айбсизлигини БИЛГАН эдингиз—ку?
— Ҳеч нарсани тушунмабсиз, мухтарам жаноб Мейхерн. Ҳа, мен билгандим. Билгандим эримнинг… АЙБДОР эканини!..
Рус тилидан Рустам Жабборов таржимаси