— Хайр, азизим!
— Хайр, жонгинам!
Аликс Мартин кичкина, қўпол даричага суянганича қишлоққа элтувчи сўқмоқ бўйлаб кетаётган эрининг ортидан қараб қолди.
Мана, эри бурилишда кўздан ғойиб бўлди, Аликс эса, ўша алфозда турганича, анор ёноқларини ўпиб турган паришон қўнғир сочларини хаёлчан тузата бошлади.
Унинг қароқларида теран тахайюл ва алланечук орзумандлик акс этарди.
Аликс Мартинни ўта гўзал ва латофатли атамоқ тўғри бўлмас, унинг ҳусн-таровати тилни ожиз қолдирадиган даражада эмасди. Бироқ ёшликнинг илк босқичини аллақачон босиб ўтган чеҳрасида бахт ва хотиржамлик балқиб турардики, унинг собиқ ҳамкасабалари аввалги ишчан, тиниб-тинчимас, уддабурон, бироз жиззаки, хаёлпарастликдан узоқ шаддод Аликс Кингни таниёлмаган бўлишарди.
У ўрта мактабни аранг битирди. Ўн саккиз ёшидан то ўттиз учга киргунича тирикчилик важидан стеногрофия соҳасида ишлади. Ўтган ана шу ўн беш йилнинг сўнгги етти йили давомида онаси касалланиб қолди. Бемор боқишнинг эса ўзи бўлмайди. Яшаш учун шафқатсиз кураш ёшгина қизнинг юзларида сезилар-сезилмас излар қолдириб кетди.
Рост, бу орада унинг ҳаётига муҳаббат ҳам бир мўралаб ўтди. У бир пайтлар ўзи билан бирга ишлайдиган Дик Виндифордни севиб қолган эди. У нозик жинс вакили сифатида йигитга ёқишини ич-ичдан ҳис этар, буни сиртига чиқаргиси келмасди. Ўзи ҳам унга бефарқ эмасди. Сиртдан улар фақатгина дўст эдилар, холос.
Дик ишлаб топган пулини тежаб-тергаб унинг бир қисмини укасининг ўқиши учун сарфларди. У пайтда уйланиш ҳақида ўйлаб ҳам кўрмаганди.
Иттифоқо, қиз кундалик қора меҳнатдан халос топадиган бўлди. Узоқ бир қариндоши унга бир неча минг фунтга тенг бойлиги билан бирга ҳар йили тушиб турадиган икки юз фунтлик даромадни васият қилиб ёруғ дунёни тарк этди. Аликс учун бу нарса эркинлик, фаровон ва мустақил ҳаёт ваъда қиларди. Энди у Дик билан бемалол турмуш қурса бўларди.
Аммо Дик кутилганидек ҳаракат қилмади. У шу пайтгача ўз муҳаббатини Аликсга изҳор қилмаганди. Чамаси бу хақда энди ҳам оғиз очишга чоғи келмаётган эди. У энди қиздан ўзини олиб қочадиган алланечук одамовига айланган эди. Аликс бунинг боисини дарров тушунди. Йигитнинг ғурур ва истиғноси қизнинг қўлини сўрагани имкон бермаётган эди. Унинг бу сажъияси Аликсга ёқарди. У дастлабки қадамни ўзи ташлашга ҳам тайёр эди, аммо кутилмаганда рўй берган бир воқеа хамма нарсани остин устун қилиб юборди.
У дугонасининг уйида Жералд Мартин деган йигит билан танишиб қолди. Йигит уни жуда қаттиқ севиб қолди. Орадан бир ҳафта ўтмай уларни унаштириш маросими бўлди. Ўзини севилишга номуносиб қизлар тоифасидан деб билувчи Аликс кутилмаган бу янгиликдан ўзини йўқотиб қўйди. У бехос Дик Виндифорднинг ҳам ҳис-туйғуларини уйғотиб юборди. У қизнинг ёнига келиб, ғазабдан дудуқлана-дудуқлана қичқира кетди.
— У сенга етти ёт бегона-ку! Сен у ҳақида ҳеч нарса билмайсан.
— Мен шуни яхши биламанки, уни севаман.
— Қанақасига билишинг мумкин ахир. У билан танишганингга энди бир ҳафта бўлди-ку?
— Ҳаммаям муҳаббатини изҳор этиш учун ўн бир йилни ўтказиб юборавермайди, — деди Аликс асабийлашиб.
Йигит оқариб кетди.
— Мен сени биринчи учратган кунимдан бери яхши кўраман. Сен мени севсанг керак, деб ўйлардим.
— Мен ҳам шунақа деб ўйлаган эдим, иқрор бўлди Аликс. Энди ўйлаб қарасам, муҳаббат ҳақида кўп нарсани билмас эканман. Дик аввал ялинди, ёлворди, ҳатто дўқ-пўписа ҳам қилиб кўрди. Унинг ўрнини эгаллаб олган кимса билан ҳам талашиб-тортишди. Ўшанда Аликс яхши биламан деб ўйлаган одамнинг ташқи сиполиги остида яшириниб келаётган туйғулари туғёни уни ҳайратда қолдирди.
Аликс қуёшли тонгда дарчага суянганича ўша суҳбатни ёдга олди. Унинг турмуш қурганига бир ой тўлган, ўзини беҳад бахтиёр ҳис этарди бояқиш. Фақат, ҳозиргина жонидан ортиқ кўргани, эри уйдан чиқиб кетгач, у ўзини тушуниксиз безовталик комида ҳис этди. Бу ҳаловатсизлик боиси эса, Дик Виндифорд эди.
У эрга текканидан бери уч марта айнан бир хил туш кўрди: Эри ўлиб ётганмиш, унинг тепасида Дик тиржайиб турармиш. Жувон эрининг қотили у эканини аниқ билармиш. Энг даҳшатлиси у эрининг ўлимидан хурсанд эмиш. Миннатдорчилик юзасидан эрининг қотилини табриклармиш. Туш ҳамиша бир хил, Дик аёлни ўз оғушига олиши билан тугарди.
Телефоннинг қўққисдан жиринглаши билан аёлнинг хаёллари бўлинди. У уйга кириб гўшакни кўтарди.
— Нима дедингиз? Ким бу гапираётган?
— Аликс, овозингга нима қилди? Мен сени танимабман. Бу мен Дикман.
— Қ… қаэрдан телефон қиляпсан?
— “Сайёҳ туғроси” меҳмонхонасидан. Оти шунака эди шекилли. Сен шунақа меҳмонхона хақида эшитганмисан? Мен фақат дам олиш кунлари бу ерга балиқ овига келгандим. Бугун сизларникига борсам майлими?
— Йўқ, деди Аликс қатъият билан. — Келмасанг яхши бўларди.
Жимлик чўкди. Дик яна тилга кирганида овози бошқачароқ чиқди:
— Илтимос, кечир мени, — деди совуқ оҳангда, — Энди сени умуман безовта қилмайман.
Аликс шошқич унинг гапини бўлди. Унинг бу муомаласи йигитга эриш туюлди чоғи. Чиндан ҳам ғалати гапириб қўйди-да. Шу боис аёлнинг асаблари чақнаб кетгандек бўлди.
— Мен фақат.. айтмоқчийдимки… биз бугун банд бўламиз…— У ўз гапини янада табиийроқ кўрсатишга тиришди. — Яхшиси эртага кечки пайт кела қол.
Бироқ, Дик унинг овозидаги носамимийликни дарҳол илғаб олди.
— Раҳмат, — деди бояги оҳангда, — Эртага бирор ёққа кетиб қолишим мумкин. Бу яқин танишимнинг эртага келиш-келмаслигига боғлиқ. Хайр, Аликс,— у шоша-пиша бошқача товушда қўшиб қўйди, — бахтли бўл азизим.
Аликс гўшакни жойига қўяркан, енгил тин олди. “У бу ерга келмаслиги керак. Бу ерга келмаслиги керак, — дея ичида бир неча марта такрорлади. — Нақадар ахмоқман. Наҳот унинг келишини хоҳлаётган бўлсам? Йўқ, у келмаса мен хурсанд бўламан.
У стол устида турган оддийгина шляпасини бошига илиб, яна боққа чиқди-да уйга кираверишда илиб қўйилган лавҳага кўз ташлаб қўйди: “Булбул ошиёни”.
— Жуда ғалати ном эканми, — дея сўраган эди у тўйдан илгари Жералддан.
— Асалим, — дея эркалаган эди у ўшанда эри, — Аминманки, сен шу пайтгача булбул хонишини эшитмагансан, мен эса бундан хурсандман. Булбуллар фақат ошиқ қалблар учун куйлайдилар. Энди кечқурунлари биз булбул фиғонини сен билан бирга эшитамиз. У эшик олдида тўхтаб булбул лаҳнини эшитган ва бахтдан сархуш бўлган илк оқшомни ёдга олди.
“Булбул ошиёни”ни топган ҳам Жералднинг ўзи эди. Бир гал у ҳовлиқиб келган ва ўзлари учун зарур бошпанани топганини, бунақа имконият ҳаётда бир марта берилиши мумкинлигини айтган эди. Уйни кўриб Аликс ҳам бунга амин бўлди. Рост, қоқ ялангликдаги уй билан бу орадаги энг яқин қишлоқ орасидаги масофа камида икки мил чиқар, бироқ эскича услубда тикланган уйда ваннахона, иссиқ ва совуқ сув, элекр, телефон каби зарур қулайликлар бор эдики, Аликс буларга маҳлиё бўлиб бошқа турар-жой ҳақида ўйламай ҳам қолди. Бироқ орада битта муаммо чиқиб қолди — уйнинг эгаси уни ижарага бериш фикридан қайтиб қолди, фақат нақд пулга сотишини айтди.
Жералд Мартиннинг топиш-тутиши яхшигина бўлсада, ўзининг асосий сармоясига қўл теккизишни истамади. У нақд қўлга олиши мумкин бўлган сумма минг фунтни ташкил этарди. Уйни эса уч мингга баҳолашди. Аликс уйни жуда ёқтириб қолгани учун Жералдга кўмаклашмоқчи бўлди. У чек орқали ўзига тегишли пулни нисбатан осонроқ олиши мумкин эди. У ўз маблағининг тенг ярмини уйни сотиб олишга ажратди.
Хуллас, уй уларники бўлди, Аликс эса бундан сира ҳам афсусда эмасди. Тўғри, эрининг қайсарлиги, ўзбошимчалиги хизматкорларга ёқмади, уларнинг ҳаммаси бу уйдан кетиб қолишди. Уй ишларини анча соғиниб колган Аликс эса, жон-жон деб бу юмушларни ўз зиммасига олди. Боғдаги анвои гулларни парваришлаш учун яқин орадаги қишлоқда яшовчи кекса бир боғбон ҳафтада икки марта келиб турарди.
Уй тарафга қараб келаётган Аликс гулларга қараб юрган боғбон чолни кўриб ажабланди. У асосан, душанба ва жума кунлари келарди, бугун эса — чоршанба.
— Жорж, бу ерда нима қиляпсиз? — сўради унга яқинлашиб.
Чол қаддини ростларкан, пихиллаб кулди ва эски кепкасини тўғирлаб қўйди.
— Шуни сўрасангиз керак, деб ўтирувдим ўзим ҳам, бекам. Жума куни қудамиз зиёфат бергич эди. Ўзимча, жаноб Мартин ва унинг муҳтарама рафиқаси бир гал жума ўрнига чоршанба куни бориб ишлаб берсам, қарши бўлмаслар дедим.
— Албатта, — деди Аликс. — Ўзияи мириқиб кўнгил ёзсангиз керак?
— Бу аниқ, — деди чол соддалик билан. — Пулини тўламаслигингни била туриб, тўйгунча еб-ичиш кимга ёқмайди? Айтганча, бекам, сиз кетиб қолгунинггизча бошқа кўришмаслигимиз мумкин, менга бирор зарур топшириғингиз бўлса айтиб қўйинг, демоқчи эдим. Ҳали қачон кетишинигиз маълум эмасми?
— Мен ҳеч қаэрга кетмоқчи эмасман.
— Иэ, ҳали эртага Лондонга жўнаб кетмайсизларми? — ажабланди Жорж.
— Йўқ, бу гапни қаэрдан топдингиз?
Жорж елка қисди:
— Мен кеча қишлоқда хўжайинни учратиб қолдим. У эртага сиз билан Лондонга учиб кетаётганини айтди. Қачон кайтишимиз номаълум, деди.
— Шунга шунчами, — кулди Аликс. — Сиз унинг гапини бошқачароқ тушунган бўлсангиз керак.
У аслида Жералд ҳақиқатда чолга нима дегани билан астойдил қизиқаётганди. Лондонга бориш? У шу пайтга қадар бу ҳақда ўйлаб ҳам кўрмаганди.
— Лондонни кўргани кўзим йўқ, — унинг оғзидан бехос ана шу сўзлар учди.
— А-а, мен чиндан ҳам уни бошқачароқ тушунган бўлсам керак, — деди хотиржам товушда Жорж. — Лекин у аниқ шунақа девди-да… Барибир сиз шу ерда қолаётганингиз учун ҳам хурсандман. Очиғи, Лондон менга ҳам ёқмайди. У ерга бориб нима киламан. Ҳозир у ерда машиналар шунақа тиқилиб кетган дейишади. Ўзи одам машина олиши билан бир жойда тургиси келмай қоларкан. Ана, менинг аввалги хўжайиним мистер Эймс, машина олмасидан аввал ажойиб, оғир-босиқ одам эди. Бир ой ўтмай уйини сотар бўлди. У уйни таъмирлади, ҳар бир хонага электр, газ, телефон олиб кирди. Унга бунча харажат ўзини қопламайди, десам, у “биласанми, мен бу уйни нақ икки минг фунтга пуллаяпман”, деди. Мана, айтганича бўлди.
— У уйини уч мингга сотди, — дея чолнинг гапини тўғирлади Аликс.
— Икки минг, — кайтарди Жорж. — бу ҳақда неча марта эшитганман. Ҳамма биларди буни.
— Мен биламан-ку, уч мингни санаб берганмиз, — дея гапида туриб олди Аликс.
— Аёллар ҳисоб-китобда нўноқрок бўлишади, — деди Жорж ҳам қайсарлик билан. — Сиз мистер Эймз айнан уч минг фунт сўраганини исботлай оласизми?
— У мен билан эмас, эрим билан савдолашган.
Жорж яна гуллар устига эгилди.
— Уй икки мингга сотилган, — дея ўз гапида маҳкам туриб олди.
Аликс у билан бошқа баҳслашиб ўтирмади. У узоқроқдаги гуллар тупи олдига бориб гулдаста туза бошлади. У гулларни бағрига босиб, уйга қайтаркан, йўлда, барглар орасида аллақандай тўқ-зангори рангли нарса ётганини кўрди. Авайлаб қўлига олди. Эрининг қайд дафтарчаси экан. Қизиқиш билан очиб ўқишга тутинди.
Аликс тўйнинг илк кунлариданоқ эрининг ўта ҳиссиётчан, табиатан қатъиятли ва фавқулодда тартибсеварлиги билан бошқалардан ажралиб туришини пайқаб олганди. Улар биргаликда овқатни ҳам айнан бир вақтда ейишар, у ҳар бир кунда қилинадиган ишлари учун ўз вақтини аввалдан тартиб билан ажратиб қўярди.
У дафтарчани варақларкан, мана бу ёзувларни ўқиб кулгудан ўзини тутиб туролмади: “Аликс билан никоҳ. Авлиё Пётр черкови, соат 2.30”
“Жиннивой” — деди жилмайиб Аликс бошқа саҳифани очаркан. Мана бугунги сана. Жералд ҳуснихат билан ёзганди: “Кечқурун, соат 9.00”. Шундан бошқа ҳеч гап ёзилмаган. “Қизиқ, у бугун соат тўққизда нима қилмоқчи экан?” — ажабланди Аликс. “Агар Жералд бирорта аёлга илакишиб қолган дея гумон қилинса, бу махфий дафтарчада бирор белги-аломат топиларди”, ўйлади Аликс сирли кулимсираб. Бироқ, унда бирорта бегона аёлнинг исми битилмаган эди. Аликс эринчоқлик билан дафтарчанинг қолган бетларига ҳам қараб чиқди: аллақандай саналар, тушуниксиз белгилар ва биргина исм — Унинг исми битилган эди бу ерда. У дафтарчани киссасига солиб уйига кириб кетди. Бироқ, шу аснода унинг юрагига аллақандай хавотир оқиб кирганини ҳис этди. Қулоғи остида Дикнинг гаплари аниқ-тиниқ такрорлангандек бўлди:
— У сенга етти ёт бегона-ку? Ахир, сен у ҳақда ҳеч нарса билмайсан-ку?
Рост. У ҳақда илгари ҳеч нарса билмасди-ку? Жералднинг ёши қирқда. Шу пайтгача бирорта аёл билан бирга бўлмаганлигига ким кафолат беради?
У булар ҳақида ўйлашни истамасди. Ҳозир бундан ҳам зарур ишлари бор эди. Дик Виндифорднинг қўнғироғи ҳақида эрига айтсамикин? У қишлоқда Жералд билан учрашиб қолиши эҳтимолдан холи эмас. Шунда эри уйга қайтганида ўзи бу ҳақда гап очиб қолса, мушкулот ўз-ўзидан ҳал бўлади. Очиғи бу ҳақда Аликснинг ҳам эрига ҳеч нарса дегиси йўқ. айтгудек булса, эри Дикни меҳмонга чақиришдан ҳам тоймайди. Унақада Дикнинг ўзи келмоқчи бўлгани, Аликс эса бунга рўйхушлик бермаганини тан олиши керак бўлади. Жералд хотинидан бунинг боисини сўраб қолса нима бўлади? Анави алмойи-алжойи тушини айтиб берадими?
Хуллас, у хижолатдан қийналиб, охир-оқибат эрига бу ҳақда оғиз очмасликка қарор қилди. Бу унинг эридан яширмоқчи бўлган биринчи сири эди.
Кечки овқат маҳали яқинлашаётганда, у эрининг қайтаётганини эшитиб, ўзининг хавотир ва ҳадигини яшириш мақсадида емак таерлашга уннаб кетди.
Афтидан у қишлоқда Дик билан кўришмаган эди. Аликс хотиржамлик баробарида алланечук ноқулайликни ҳам ҳис этди. Ифорли оқшом ҳавоси оқиб кираётган дераза олдидаги эман стол атрофида икковлон кечки овқатни тановул қилиб бўлишгач, Аликс ҳалиги дафтарчани эслатди.
— Эрталаб гуллар орасидан топиб олдим, — деди у қўлидаги буюмни эрининг тиззасига ташларкан.
— Боғда тушириб қодирган бўлсам керак-да!
— Ҳа, энди сенинг анча-мунча сирларингни билиб олдим.
— Ҳеч қандай гуноҳим йўқ — дея бош чайқади Жералд.
— Бугун кечқурун соат тўққизда ким билан учрашмоқчи эдинг?
— Ҳа, гап буёқда дегин? — у аввал бироз довдираб қолди, бироқ шу заҳоти бирорта кулгули воқеани эслагандай илжайиб қўйди, — Жуда чиройли бир қиз билан учрашувимиз бор эди — Аликс билан. Унинг сочлари худди сеникидек қўнғирранг, кўзлари мовий.
— Тушунмадим, — деди Аликс ясама жиддият билан. — Нега гапни айлантиряпсан?
— Йўқ, биласанми, бугун бир-иккита негатив суратларимни оққа кўчиришим керак эди. Шуни эсимдан чиқармаслик учун ёзиб қўйгандим. Унда сенинг ҳам ёрдаминг керак. Жералд Мартин ҳаваскор суратгир ҳам эди. Унингг эскироқ услубдаги, аммо ўткир линзали фотоаппарати бор эди, суратларни фотолаборатория вазифасини ўтайдиган ертўлада оққа кўчирарди.
— Шу ишни айнан соат тўққизда қилиш шарт эканми, — сўради Аликс ишончсизлик билан.
— Жонгинам, — деди унинг овози бироз титраб, — биласан, мен ҳамма вақт пухта режа асосида ишлайман. Шунда ҳамма ишлар ўз ўрнида бўлади.
Аликс анчагача эрига қадалиб жимгина ўтирди. Эри стул суянчиғига суянганича сигарет тутатди. Унинг ҳафсала билан қиртишланган юзларидаги узун-узун чизиқлар ғира-шира ёруғда ҳам яққол кўриниб турарди.
Кутилмаганда аёлни мавҳум бир ваҳима ўз исканжасига олди ва ичидан бир савол ёриб чиқди:
— О Жералд, сен ҳақингда кўпроқ, кўпроқ нарса билишни истайман.
Эр ажабланиб хотинига ўгирилди:
— Азизим, Аликс. Ахир мен ҳақимда ҳамма нарсани биласан-ку? Сенга Нортумберлендда кечган болалигим, Жанубий Африкада яшаганим, кейин ўн йил Канада умгузаронлик қилганим ва ўша ерда ўзимга яраша бойлик орттирганим ҳақида сенга айтиб берганман.
— Бор йўғи шу холосми, — сўради Аликс илжайиб.
— Ҳа-а, сени нима қизиқтираётганини билдим, — дея кутилмаганда қаҳ-каҳ уриб юборди Жералд. — Сиз аёллар ҳаммангиз бирсиз. Сизни бировнинг шахсий ҳаётидан бўлак нарса қизиқтирмайди.
Аликс томоғи қуриётгани ҳис этди ва паст овозда ғудранди:
— Ахир, сен шу пайтгача барибир бегона аёллар билан бўлгансан-ку? Мен айтмоқчи эдимки… агар билганимда эди…
Жим қолди. Жералд қовоғини уйди:
— Аликс, сен ҳалиги… “Кўк соқол хосхонаси” ҳақида эшитганмисан? Тўғри, мен шу пайтгача, аёллар билан бўлганман. Буни тан оламан. Инкор этганимда ҳам барибир ишонмаган бўлар эдинг. Бироқ онт ичиб айтаманки, улар менинг қалбимда сенчалик чуқур ўрнашиб олмаганди.
Унинг овозидаги самимият оҳанги Аликсни бироз тинчлантирди.
— Кўнглинг жойига тушдими? — сўради жилмайиб Жералд.
Дафъатан унинг нигоҳида недир қизиқувчанлик аломати зуҳур этди.
— Нимага бугун ғалати нарсалар ҳақида гапириб қолдинг?
— Ўзим ҳам билмайман. Кун бўйи асабийлашиб юрдим.
— Қизиқ, — деди Жералд ўзига-ўзи гапиргандек ярим овозда. — Жуда қизиқ.
— Нимаси қизиқ?
— Асалим, нега менга бунақа қараяпсан. Шуниси қизиқки, сен илгари жуда беғам ва эркатой эдинг. Бугун бунақа…
Аликс зўрма-зўраки илжайди:
— Атайин қилгандай бугун ҳамма нарса менинг асабимга тегяпти. Анави қари Жорж ҳам эрталабдан Лондонга қачон кетасизлар, деб ғашимга тегди. У бу гапни сендан эшитганмиш.
— Сен уни қаэрда кўра қолдинг? — Жералднинг овози туйқус жаранглаб чиқди.
— У бизникига бугун жума кунининг ўрнига ишлагани келибди.
— Лаънати қари тўнка, — деди Жералд тишларини ғижирлатиб.
Аликс Жералднинг афти ғазабдан бужмайиб кетганини кўриб ҳайрон бўлди. У эрини ҳечам бу қиёфада кўрмаганди. Аёлнинг нигоҳидаги таажжубни кўрган Жералд дарров изоҳот беришга ўтди:
— Чиндан ҳам чолнинг эси оғиб қолганга ўхшайди.
— Ахир, сенам бирор нарса дегандирсанки, у…
— Менми? Ҳеч нарса деганим йўқ. Ҳа, дарвоқе.. Ҳалиги,.. Бўлди-бўлди, эсладим. Мен унга ҳазиллашиб Лондон боряпмиз, девдим, у овсар чин деб ўйлаган. Эҳтимол, нотўғри эшитгандир. Сен унга тушунтиргандирсан?
— Ҳ-ҳа.. Лекин у эшитганини қўймайдиган қайсар чоллар тоифасидан экан.
Аликс эрига Жоржнинг уй икки минг фунтга сотилган, деб туриб олганини ҳам айтиб берди. Жералд бир муддат жим қолди-да, пастак овозда шивирлади:
— Эймс икки мингни олдиндан санаб олди. Қолган минг фунтни кейинроқ тўғрилаб берадиган бўлдим. Чол мана шу ерида янглишган кўринади.
— Мана, ҳаммаси ойдинлашди, — деди Аликс енгил тортиб. — У шундай дея деворга илинган соатга имо қилди, — Энди ишга киришсак ҳам бўлади. Беш дақиқа кечикибмиз ҳам. Жералднинг юзида тушуниксиз табассум қалқиди:
— Мен ўйлаб кўрдим, — деди хотиржам товушда. — бугун сураткашлик билан шуғулланмасак ҳам бўлади.
Аёл табиатан ўта қизиқувчан. Аликс ухлагани кетаётганида хотиржам ва бехавотир эди. Унинг бахти узра соя солаётгандек кўринган булутлар тарқалиб кетгандек эди гўё. Бироқ, эртаси кечқурун у бахтига яна кимдир, нимадир кўланка ташлаётганини ҳис этди. Дик Виндифорд бошқа қўнғироқ қилмаган бўлса-да, назарида ундаги саросиманинг сабабчиси ҳам ўша эди. Унинг гапларини қайта-қайта эслади: “Бу одам сенга етти ёт бегона-ку! Сен у ҳақда ҳеч нарса билмайсан!” Шу чоқ унинг ёдига эрининг кечагина айтган гаплари тушди: “Кўк соқол хосхонаси ҳақида эшитганмисан?” У бир пайтлар ўта сирли, бешафқат ва айёр хотинбоз — Кўк соқол ҳақидаги эртакни болалигида ўқиганди. Ҳозир эри нега уни эсга олди? Бу билан менинг шахсий хаётимга аралашма, оқибати ёмон бўлади, демоқчими?
Жума куни эрталаб, Жералд зўр бериб яширишга тиришаётган бошқа аёли — “Кўк соқол хосхонаси” борлигига амин бўлди. Юрагида секин-секин уйғонаётган рашк уни тамомила маҳф эта борди. Ўша куни соат тўққизда у учрашув белгилаган! Сурат ишлаш эса, шунчаки ўйлаб топилган баҳона холос.
Бундан уч кунча илгари у эрини ипидан-игнасигача билишига онт ичиши мумкин эди. Бугун эса, эри унга мутлақо нотаниш одам бўлиб кўриняпти. Унинг кекса Жоржга нисбатан уйғонган ўринсиз қаҳрини эсга олди. У аввалги қувноқ ва самимий Жералдга ўхшамай қолганди. Чиндан ҳам Аликсни ғафлат босгандир? Эҳтимол хақиқатан у эрининг кимлигини умуман билмас?
Жума куни у ул-бул харид қилиш учун қишлоққа бориши керак эди. Бу хақда Жералдга айтганида, эри мутлақо рад жавобини берди ва унинг боғда қолишини, қишлоққа ўзи бориб келишини айтди. Бу ҳам аёлнинг таажжубини оширди. Қизиқ, нега эри унинг кишлоққа боришига тиш-тирноғи билан қаршилик кўрсатяпти?
Балки, Жералд унга бир оғиз гапирмасдан бориб Дик билан учрашиб келмоқчидир? Ахир Аликснинг шу пайтга қадар мудраб ётган рашки ҳам ҳозиргина уйғонди-ку? Жералдни ҳам шу туйғу қийнаётган бўлиши мумкин эмасми? Эри унинг Дик билан қайта учрашмаслиги учун қишлоққа юбормаётган бўлса-чи? Ана шу фикр аёлни бир мунча овунтирди, шубҳали ўй-хаёлларин нарироқ сурди.
Вақт ўтгани сари бесар гумонлар яна уни қисти-бастига ола бошлади. У ана шу бемаъни ҳислар қуршовидан чиқиш учун ўзини иш билан овунтирмоқчи бўлди. Қўлига латта олиб эрининг хонасини йиғиштиришга кириб кетди.
“Қанийди ишончим комил бўлганида, ҳамма азоблардан қутулар эдим”, дея шивирлади ўзига-ўзи.
У фақат иккита қутини қарай олмади: биттаси пастдаги ғаладон, иккинчиси ёзув столининг чап тарафида турган кичкина қутича. Аликс айни чоғда ҳеч нарсани мулоҳаза қилиб ўтирмади. У ана шу икки қутининг бирида эрини фош этиши мумкин бўлган ашёвий далил топилишига умид қиларди. Шу аснода эри ўзига тегишли калитларни буфетнинг пастки тортмасига қўйишини эслади. У калитларни келтириб сандиқчаларга солиб кўра бошлади. Учинчи калит ёзув столидаги сандиқчага тўғри келди. Аликс ҳаяжондан қўллари қалтирб уни очди. Унда пуллар солинган қопчиқ турар, сандиқнинг орқа бўлмасидан бир боғлам мактуб чиқди. Аликс нафаси тиқилгудек бўлиб, тасмани ечди. Унинг юзлари шу заҳоти уятдан ловуллаб кетди ва хатларни жойига қўйиб тезгина қутини беркитди. Бу хатларни Жерлдга тўйга қадар унинг ўзи ёзганди. У энди ғаладонга ёпишди — Жерлдга нисбатан шубҳалари тамомила барҳам топгунча ҳамма нарсага тайёр эди. У қидирмоқчи бўлган жойидан бирор нарса чиқишига кўзи етмаса-да, ҳамон асабий титроғи босилмаганди.
Аксига олиб, бирорта ҳам калит бу сандиққа тушмас экан, кўнгли ҳамон типирчилаб турган Аликс бир зум қайсидир хонадан яна бир шода калит топиб келди. Ниҳоят, комод очилди. Бироқ у ерда ҳам вақт ўтиб, сарғайиб кетган, чанг-ғубор босган газета парчаларидан бўлак ҳеч нарса йўқ эди.
Аликс енгил хўрсинди. Уни энди факат бир нарса – неча йиллардан бери сақланиб келаётган газет қийкимларигина қизиқтирарди. Уларнинг деярли бари анча йил илгари чоп этилган Америка газеталаридан қирқиб олинганди. Бу парчаларда ашаддий хотинбоз ва фирибгар Чарлз Леметрнинг кирдикорлари ҳақида ёзилганди. Уларда айтилишича, Леметр ўз тўрига илинган аёлларни ўлдиришда айбланаётганди.
У ижарага олган уйнинг поли остидан аёл кишининг гавда суяги топилган, у “уйланган” аёллар ҳақида кейинчалик ҳеч ким ҳеч нарса эшитмаган.
У ўзига билдирилган айбловдан устомонлик билан ҳимояланиш мақсадида АҚШнинг энг кучли адвокатларидан бирини ёллаб олганди. Шотландия ҳакамлик суди унинг ишини кўриб чиқиб, етарли асос бўлмагани боис, оқлашга мажбур бўлганди. Шу боис у асосий айбловдан эсон-омон қуталиб чиқди, бироқ, кичикрок бир жинояти учун бир неча йил қамоқда ўтириб чиқди.
Аликс бу ҳакда эшитган, Леметр ҳақидаги шов-шувлар бир патлар Англияни ҳам таҳликага солган эди. Аёл бундан уч йил илгари Леметрнинг қаёққадир қочиб кетгани ҳақида ҳам эшитган эди. Уни тута олишмади. бу мавҳум кимсанинг шахси ва унинг аёллар устидан ваҳшиэна ҳукмронлиги узок муддат инглиз газеталарининг ҳам диққат марказида турган эди.
Газет парчалариининг бирида Леметрнинг сурати босилганди. Аликс зиёлисифат соқол қўйган қонхўрнинг суратига анчагача диққат билан тикилиб турди. У кимгадир ўхшаб кетарди. Бирдан унинг эсига Жералд тушди-ю, аъзои баданига қалтироқ югурди. Суратдаги одамнинг қош-кўзлари худди Жералдники эди. У сурат остидаги матнни ўқишга тутинди. Унда келтирилан айрим саналар Аликс тасодифан топиб олган дафтарчадан кайд килинган рақамларга айнан мос тушардики, бу кунларни Леметр ўз қурбонларини тинчитиш учун белгилаб қўйган эди.
Судда гувоҳ сифатида сўроқ қилинган аёллардан бири ишонч билан қотилнинг чап билагида кичкина чандиқ борлигини айтган эди. Аликс қўлидаги қоғозларни ҳаяжонда тушириб юборганини сезмади. Ахир Жералднинг ҳам худди чап билагидаги ана шундай чок бор эди-ку?
Бутун хона унинг назарида чархпалакдек айлана бошлади. Эс-ҳуши сал жойига келганида миясига урилган нарса шу бўлди: Жералд Мартин — бу Чарлз Леметр. Бошқача бўлиши мумкин эмас. Худди жумбоқ суратнинг таркибий қисмлари сингари хотирасида айрим лавҳалар жонлана бошлади: уй учун тўланган пул… Бу пул уники, факат уники экан, эри ёнидан бир чақа ҳам қўшган эмас. Демак, кўрган туши ҳам бежиз эмас экан. Демак, у савқи табиий равишда Жералд Мартиндан хафсираб, ундан халос истаб келган. Ва ёрдамни ҳам савқи табиий суратда Дик Виндифорддан кутган экан. Демак у Леметрнинг навбатдаги қурбони бўлиши лозим эди. Эҳтимол тез орада…
У дафтарчадаги “Чоршанба кеч сат 9. 00” қайдини эслаб додлаб юбораёзди. Ёдига деворидан осонгина тош кўчириб олиш мумкин бўлган ертўла тушди. Демак, ҳаммаси кеча чоршанба кунига режалаштирилган. Лекин, тарки одат қилинмай, бу фурсатни олдиндан ёзиб қўйиш… мантиқсизлик эмасми? Йўқ, ҳаммаси мантиққа асосланган. Жералд хамма нарсани аввалдан режалаштириб, белгилаб юрган. Қатл унинг учун шунчаки кўнгилхушликка ўхшаш оддий бир ишга айланиб қолган.
Бироқ, унинг устидан ўқилган ҳукм ижроси нима сабабдан орқага сурилди? Уни ким ёки нима қутқариб колган бўлиши мумкин? Энг сўнгги дақиқаларда?… Бўлди, эслади: Кекса Жорж! Нима сабабдан эри унинг номини эшитиши билан кўкариб кетганини ҳам энди тушунди. Шаксиз, у режасини изсиз амалга ошириш учун пухта замин ҳозирлаган: кўзига кўринган одамга эртага Лондонга учамиз, деб юрган. Кутилмаганда Жорж боққа келиб қолган, бу ҳақда Аликсни воқиф этган, аёл бу гапни инкор қилган ва ҳоказо. Ўша куни ҳукмни ижро этиш жуда хатарли — чол аёлнинг гапини эслаб қолган бўлиши мумкин эди. Демак, уни худонинг ўзи асрабди. Агар Аликс арзимасдек туюлган ўша суҳбат ҳақида эрига оғиз очмаганида борми? Аликснинг эти музлаб кетди.
Ҳар дақиқка ғанимат эди. У эри келмай туриб бу ердан қочиб қолиши керак. Аликс шоша пиша газет парчаларини жойига қўйиб, ғаладонни беркитди.
Аммо, зум ўтмай у жойида қотиб қолди. У дарчанинг ғийқиллаганини, қадам товушларини эшитди: Э р и қ а й т и б д и. Бир муддат Аликс ҳаракатсиз қотди. Кейин у оёқ учида юриб борди-да, парда ортидан ташқарига қаради. Чиндан ҳам эри. Илжайганича аллақандай қўшиқни хиргойи қилиб келарди. Аликс унинг қўлидаги нарсани кўриб қўрқувдан юраги ёрилаёзди. Яп-янги белкурак!
Аликс бу оқшом қандай мудҳиш фожеа содир бўлишига ақли етди…
Бироқ, қутулиб кетиш учун ҳали имкон бор эди. Жералд хиргойини ванг қўйиб уй тарафга бурилди. Аликс ҳам фурсатни бой бермай пастга отилди. Бироқ, уйдан чиқмай туриб остонада эри билан тўқнаш келди.
— Ҳелло, қаёққа шошиляптилар? — ажабланиб сўради Жералд.
Аликс ўзини ҳар доимгидек вазмин ва хотиржам тутишга тиришди. Ҳозир қочиб кетиш учун ҳеч кандай имконият йўқ, аммо сир бой бермай турса, бу имконият сал кечроқ туғилиши мумкин эди. Ҳатто, ҳозироқ…
— Мен манави сўқмоқ бўйлаб сайр қилиб келмоқчийдим. Дарров қайтаман. — Аликс гаплари бироз сохта ва ишончсиз чиққанини сезди.
— Яхши, деди Жералд, — Мен ҳам сен билан бораман.
— Йўқ, илтимос… шарт эмас. Жералд, мен… Бошим қаттиқ оғрияпти. Асабларим қақшаяпти. Бир ўзим бориб кела қолай.
Эри унга диққат билан разм солди. Аёл унинг кўзларидаги шубҳани тезгина илғади.
— Нима бўлди сенга Аликс? Нега рангинг бунча оқариб кетган?
Бунча қалтираяпсан?
— Ҳеч қиси йўқ, — Аликс бор кучини тўплаб табиийроқ жилмайишга тиришди, — Шунчаки, бош оғриғи-да! Битта айланиб келсам, ҳамаси ўтиб кетади.
— Сен ўзингни мендан опқочишга беҳуда уриняпсан, — тўнғиллади Жералд тиржайиб, — Хоҳлайсанми-йўқми, сен билан бирга бораман.
У қаттиқ туриб олмади. Агар эри унинг ҳамма нарсадан хабардорлигини билиб қолса, борми? У минг машаққат билан ўзини қўлга олишга ва одатдагидек сокин тутишга ҳаракат қилди. У саросима ичида эрининг унга тез-тез шубҳали кўз ташлаб қўяётганини сезди.
Улар уйга қайтишганида, эри уни ётишга кўндирди ва одеколон келтириб, хотинининг чаккасини артиб қўйди. У ҳар доимгидек меҳрибон ва самимий эди. Аёл ўзини худди жаҳаннамга қулаб кетаётгандай ожиз ва бечора ҳис этди.
Эри уни бир дақиқа ҳам ёлғиз қолдирмасди. Ҳатто, ошхонадан Аликс сал илгари тайёрлаб қўйган оддийгина кечки овқатни олиб келишга кетганида ҳам эри унинг кетидан қолмади. Дастурхон атрофида Аликснинг томоғидан бирор луқма таом ўтмаса-да, ўзини мажбурлаб ул-бул нарса еган бўлди, ўзини имкон кадар қувноқ ва тетик тутишга тиришди. У айни чоғда ҳаёти учун курашаётганини биларди. У ҳозир ўз кушандаси билан юзма-юз турар, ҳеч қаэрдан нажот кутиб бўлмас, кишлоқ эса бу ердан бир неча мил олисда эди. Фақат биргина йўл бор эди, вақтинча бўлса-да, эрининг шубҳаларини ўлдириб, уни бир неча дақиқа ёлғиз қолдириш учун замин яратиш. Бу пайтда у залга тушиб телефон орқали нажот сўраши мумкин эди холос.
Иттифоқо, бошқа тарафдан халос топиш умиди туғилди. Шу онда у биринчи марта Жералднинг ўз фикридан қай тариқа қайтгани ёдига тушди. Бугун уларникига Дик Виндифорд келмоқчи эканини айтса, нима бўларкин? У эндигина шунга оғиз жуфтлаганида, ниманидир ўйлаб, фикридан қайтди. Бу кимсага икки карра халақит бериш қийин. Унинг зоҳирий осудалиги замирида қандай айёрона сергаклик яширингани маълум. Бу гапи билан аёл жиноят фурсатини янада яқинлаштириши мумкин. У шу заҳоти Аликсни ўлдириб, Дикка қўнғироқ қилади ва бамайлихотир шошилинч жўнаб кетяпмиз, деб айтиши ҳам мумкин. Эҳ! Ростдан ҳам Дик келиб қолсами эди?.. Шу топда унинг миясига ажойиб фикр келди. У фикримни кўзимдан ўқиб қолмасмикин, дея қўрқа-писа эрига караб қўйди. Унинг қалбида умид шуъла соча бошлагач, вужудига жасорат ва ғайрат оқиб кирганини пайқади. У шу қадар осуда тусга кирдики, ўзи ҳам ҳайрон қолди.
У қаҳва қайнатиб, эр-хотин ҳар доим кечки пайт очиқ ҳавода гаплашиб ўтирадиган айвончага олиб келди.
— Айтганча, — деди қўққисдан Жералд, — Бугун сен билан сал кейинроқ сурат ишлаймиз, бўптими?
Аёлнинг баданида чумоли ўрмалагандек бўлди, бироқ бефарқ овозда гап қотди:
— Бир ўзинг қилсанг бўлмайдими, шу ишни? Бугун анча чарчаган кўринаман.
— Ишимиз узоққа чўзилмайди, — дея совук тиржайди Жералд. — Айтганча, сени ишонтириб айтаманки, ишимиз битгач, чарчоқни мутлақо ҳис этмай қоласан.
Бу гапи унинг ўзига ҳам нашъа қилиб кетди. Аликс бир қалқиб тушди. У ўз режасини ё ҳозир амалга ошириши мумкин, ёки ҳеч қачон.
Шартта ўрнидан турди.
— Қассобга телефон қилишим керак, — деди беписандлик билан. — Унгача шу ерда ўтириб тур.
— Қассобга? Шу маҳалда-я?
— Жинни, ҳозир магазин аллақачон ёпилиб бўлди. Қассоб эса, уйида бўлади. Эртага шанба. Тўқмоқланган бузоқ гўштини бошқалар илиб кетмасдан буюртма бериб қўйишим керак. Бечора чол мени жудаям ёқтиради.
У шип этиб хонасига кириб кетди ва эшикни ёпиб олди. Орқадан эрининг “Эшикни очиқ қолдир”, деганини эшитди ва совуққонлик билан жавоб қайтарди:
— Очиқ эшикдан чивин учиб киради. Чивинни кўргани кўзим йўқ. Тентаккинам, сен ҳали мени ўша қассоб чол билан шакаргуфторлик қилади, деб ўйлаяпсанми?
У хонада ёлғиз қолиши билан “Сайёҳ туғроси” меҳмонхонасининг рақамини терди. дарров туша қолди:
— Бу мистер Виндифордми? Бошқа? Нима у кетиб қолдими? Уни чақириб бера олмайсизми?
Шу пайт унинг юраги қинидан чиқаёзди. Эшик очилиб эри кириб келди.
— Чиқиб тур, Жералд, — деди ранжиган товушда, — Телефонда гаплашаётганимни биров эшитмасин дейман.
Жералд кулимсираб стулга ўтирди:
— Ўзи ростдан ҳам кассоб билан гаплашаяпсанми?
Аликс қаттиқ ҳаяжонда эди. Унинг режаси барбод бўлганди.
Ҳозир Дик гўшакни олади. Балки таваккал килиб телефондан ёрдам сўраб қичқирсами? У асабийлашиб телефон ричагини бир қисиб, бир бўшата бошлади. Шу паллада унинг калласига янги фикр туғилди. Ричагни босиб турса, овоз нарига тарафга эшитилмайди.
“Бу ишни амалга ошириш жуда қийин бўлса керак, — ўйлади у.— Мен ўзимни фақат қассоб билан гапираётгандек тутишим, хаяжонга берилмаслигим керак. Бу иш менинг қўлимдан келади, ишонаман.”
Шу чоқ гўшакдан Дикнинг овози эшитилди. У чуқур нафас олиб ричагни бўшатганча гапира бошлади:
— “Булбул ошиёни”дан Миссис Мартин гапиряпти. И л т и м о с т е з р о қ е т и б к е л и н г. /ричагни махкам қисиб/ эртага эрталаб олти бўлак яхшилаб тўқмоқланган бузоқ гўшти опкелинг. /ричагни бўшатиб/ К е л и ш и н и г и з ш а р т. /яна ричагни қисиб/ Ташаккур сизга мистер Хексуорси. Ўйлайманки, бунча кеч қўнғироқ қилаётганимдан ранжимасангиз керак. Котлетни шунақа яхши кўраманки, у /ричагни бўшатиб/ б ў л м а с а, ў л и
б қ о л и ш и м ҳ е ч г а п э м а с. /яна ричагни босиб/ жуда яхши — эртага кутаман-а? /ричагни бўшатиб/ И л о ж и б ор и ч а т е з р о қ! — У гўшакни илиб, ух тортганича эрига юзланди:
— Қассоб билан ажойиб гаплашиб қўйдинг-да, а? — деди Жералд ундан кўз узмай.
— Одатдагидек, худди бошқа аёллар каби, — деди Аликс ўпкасини аранг босиб.
Жералд ҳеч нарсадан шубҳага тушмади. Дик эса, ҳеч нарсани тушунмаган бўлса-да, етиб келиши аниқ.
Аёл ётоқхонага кириб чироқни ёқди. Орқасидан эри кирди.
— Афтидан ҳозир кайфиятинг аъло бўлса керак? — сўради хотинига сирли тикилиб.
— Ҳа, деди хотини, — Бошимнинг ҳам оғриғи қолди. У эрига табассум узатганича доимий жойидан, эри ўтирадиган курсининг қаршисидан жой олди. У халос бўлди. Ҳозир саккиздан йигирма минут ўтди. Соат тўққизгача Дик етиб келади.
— Бугунги қаҳва менга унча ёқмади, жуда аччиқ дамлабсан, — шикоятланди Жералд.
— Бу қаҳванинг янги нави экан. Агар у сенга ёқмаган бўлса, бунақасидан энди олмаганим бўлсин, азизим.
Аликс қўлига игна олиб тўқишга ўтирди. Жералд мутолаага берилди. У бир неча саҳифани тугатиб, соатга қаради ва китобни бир четга ирғитди:
— Саккиз ярим. Юр, ертўлага тушиб сурат ишлайдиган вақт бўлди.
Тўқиётган нарсаси Аликснинг қўлидан тушиб кетди.
— Йўқ, йўқ. Кел тўққизгача кутайлик!
— Йўқ, асалим, соат саккиз ярим. бу ишни кечиктириб бўлмайди. Шу вақтда белгилаб қўйганман. Сенам вақтлироқ ухлайсан.
— Негадир тўққизгача кутгим келяпти.
— Ҳамма ишни ўз вақтидан кечиктирмасликка ўрганганимни биласан-ку. Кетдик, Аликс. Бир дақиқа ҳам кута олмайман. Аликс унга қаради-ю, ранги бўздек оқариб кетди. Эри аллақачон ниқобини ечиб ташлаганди. Унинг қўллари асабий қалтирар, кўзлари бежо, қуриган лабларини тинимсиз яларди. У энди ўз туғёнини тутиб туриш ҳолатида эмасди. “Рост-да, — ўйлади Аликс, — Ҳар қанча тоқатли бўлмасин, бундан ортиқ кутиб тура олмасди”. Жералд унинг ёнига келди ва елкаларидан тутиб ўрнидан турғизди.
— Қани азизим, ўзим сени у ёққа олиб бораман, — унинг қувноқ оҳангда айтилган бу гапларидан кишини даҳшатга солгувчи қабоҳат иси келарди. Аёл сўнгги кучини жамлаб эрининг қўлидан юлқиниб чиқди ва қурқувга ён бериб, беҳол деворга суянди. У алҳол ҳеч нарса қилолмас, ҳеч каэрга қочолмас, эркак эса, унинг устига бостириб борарди:
— Хўш, Аликс…
— Йўқ-йўқ!
У қичқирганча қўлларни ожизона олдинга чўзиб, ўзини ҳимоя қилишга чоғланди:
— Жералд, шошма. Сенга бир гапни айтишим,.. иқрор бўлишим керак.
Эри бирдан сергак тортди:
— Иқрор бўлмоқчисан? — сўради ажабланиб.
— Ҳа, иқрор бўлишим керак.
У бир муддат ўйга толди-да, тезда тўлқинланиб, эрини қизиқтиришга давом этди.
— Нима, ўйнашинг бормиди? — сўради масхарамуз илжайиб.
— Йўқ, унақамас… Эҳтимол сен буни… сен буни жиноят деб аташинг мумкиндир?
У ўқ бориб нишонга текканини, эрининг қизиқиши ортиб бораётганини кўриб бироз тинчланди ва ўзини вазият ҳокими санаб гапида давом этди:
— Жойингда ўтириб олсанг тузик бўларди, — деди Аликс сокинлик билан ва ўзи ҳам хонанинг нариги кунжидаги столга ўрнашди. Ҳатто эгилиб, боя қўлидан тушиб кетган тўқув ишини ҳам олди. У зоҳирий сокинликни сақлаган ҳолда ички таҳлика билан вақтни нажот кучлари етиб келгунча чўза оладиган гапларни ўйлаб олиш учун бир мунча тараддудланди.
— Сенга аввал хам айтганман, — деди секин оҳангда, — Мен ўн беш йил стеногрфист бўлиб ишлаганман. Аслида жа унақамасди. Икки марта ишимда танаффус бўлган. Биринчисида йигирма икки ёшда эдим. Ўшанда ўзига яраша сармояси бўган, кекса бир киши билан танишиб қолдим. У мени ёқтириб қолди ва турмуш қуришни таклиф қилди. Унинг гапини ерда қолдирмадим. Оила қурдик. — У бир муддат жимиб қолди, — Уни алдаб-сулдаб, ўз ҳаётини суғурта қилдиришга кўндирдим.
Шунда Аликс эрининг юзида қатъий қизиқиш ифодасини илғаб олди. У энди ўзига ишонч билан ҳикоясини давом эттирди. — Уруш пайтида оз муддат госпиталдаги аптекада ишлаганман. Ўшанда дори-дармон, ҳатто, заҳарли моддалар билан ҳам ишлашга тўғри келган.
У бир нарсани ўйлаётгандек жим қолди. У эрининг эътиборини тамоман жалб этганига шубҳа қилмасди. Қотилни қотиллик қизиқтиради-да! Аёл маҳорат билан ўз ролида давом этарди. Ўғринча соатга қаради: йигирмата кам тўққиз. — Шунақа бир заҳар бўлади. Оппоқ кукунга ўхшайди. Бир чимдими одамни ўлдиради. Сен шунақаси хақида эшитганмисан?
У жавобни ҳадик аралаш кутганди. Агар тасдиқ жавоби олинса, гапни бу ёғини сал ўйлаброқ гапиришга тўғри келарди.
— Йўқ, — деди Жералд. — Билсам ҳам оз нарса биламан. Аликс қониқиш билан бош ирғади:
— Унда гиостсиамин хақида эшитган бўлсанг керак. Бу заҳар хеч кандай из қолдирмайди. Ҳар қандай врач оддий юрак хуружи дея ташхис қўйишдан нарига ўтмайди. Мен ўшандан озгина ўғирлаб олгандим ва уни ҳар доим ўзим билан олиб юрардим.
У куч тўплаш чун озроқ тўхталди.
— Давом эт, — деди эри сабрсизлик билан.
— Йўқ, қўрқаман. Сенга айтиб беролмайман. Бошқа сафар.
— Йўқ, ҳозир айтасан!
Турмуш қурганимизга энди бир ой бўлганди. Мен эримга жуда мулойим муомала қилардим, у мени ҳар доим қўшниларга мақтарди. Ҳамма мени меҳрибон ва садоқатли аёл сифатида биларди. Кечқурунлари ўзим унга қаҳва дамлаб берардим. Бир куни кечки пайт унинг финжонига бир чимдим ўша заҳри қотилдан ташлаб юбордим…
Аликс эҳтиёткарлик билан игнага навбатдаги ипни ўтказа бошлади. У умрида саҳнага чиқмаган эса-да, айни чоғда ер юзидаги энг моҳир актриса билан беллаша оларди. У ҳозир совуққон қотил ролини маҳорат ила ўйнаётган эди.
— Ҳаммаси жуда силлиқ кечди. Мен унинг каршисида ўтириб кузата бошладим. У аввал нафас ололмай хириллай бошлади. Мен деразани очдим. Кейин у стулдан тура олмаётганини айтди. Бир неча сония ўтгач, у ўлиб қолди…
У жилмайиб қўйди. Чораккам тўққиз бўлганди. Энди Дик улгурса керак.
— Суғурта полиси бўйича қанча пул олдинг?
— Икки минг фунт атрофида. Биржа савдоларига аралашиб, бор-будимдан айрилдим. Яна аввалги ишимга қайтдим. Бироқ у ерда яна узоқ қололмадим. Бошқа бир одам билан танишиб қолдим. Меняна қизлик фамилиямга кайтганим учун у менинг турмушга чиққанимни биласди. У нисбатан ёш, келишган ва анча бадавлат одам эди. Биз Сассексда никоҳдан ўтдик. У менинг номимга ўз ҳаётини суғурта қилишга кўнмади, бироқ бор давлатини менга мерос қолдиришини айтди. У худди биринчи эрим сингари каҳвани унга ўз қўлим билан дамлаб беришимни ёқтирарди. — Аликс хаёлчанлик билан кулимсиради. — Қаҳвани жуда яхши дамлайман-да. Биз яшайдиган қишлоқда менинг танишларим кўп эди. Кунларнинг бирида эрим тушликдан сўнг юраги хуружи билан вафот этганини эшитиб, улар менга жуда ҳам ачинишди. Ҳатто аввалги ишимга қандай килиб қайтганимни ҳам билмайман. Икки эримдан менга тўрт минг фунтга яқин мерос колди. Бу гал биржа савдоларига аралашмадим. Сармоямни банкка жойлаштирдим. Мана, кўриб турибсанки… У гапини тўхтатишга мажбур бўлди. Жералд бўғриққанича бармоғини унга ниқтаб пишқира кетди:
— Қаҳва! Ў парвардигор! Қаҳва!
Аёл саросима ичида унга тикилди:
— Унинг бунчалик аччиқ бўлганини энди тушундим; Аҳ, сен иблис! Нималар қип қўйдинг? — У курсининг тутқичини маҳкам тутганча, хотинига ташланмоққа чоғланди. — Сен мени заҳарладингми, ҳали?
Аликс камин томонга қараб қочди. Қўрқувдан у ҳамма гапим ёлғон демоқчи ҳам бўлди, бироқ тилини тишлади. Бир лаҳзада эри унинг гирибонидан олиши мумкин. У бутун мадорини жамлаб эридан кўз узмай тураверди.
— Ҳа, сени заҳарладим. Заҳар ўз кучини кўрсатяпти. Сен ҳозир курсидан туролмай қоласан… Қимирлолмай қоласан.
У эрини яна бир неча дақика курсида ушлаб туролса эди. Нима бу? Қадам товушлари! Дарича ғичирладими? Демак, улар келишди. Мана, дарвоза ҳам очилди.
— Сен энди жойингдан қимирлай олмайсан, — бор қувватини тўплаб қайтарди Аликс. У шу гапларни айтганидан кейин хонани тарк этди ва эс-ҳушини йўқотган ҳолда Дикнинг қўлида йиқилиб тушди.
— Ў, тангрим, — қичқириб юборди Дик ва ўзи билан келган баланд бўйли полисменга ўгирилди. — Кетдик, қарайлик-чи, ичкарида нима гап экан.
Дик Аликсни эҳтиёткорлик билан кушеткага ётқизиб унинг устига энгашди.
— Менинг кичкинтойим, — деди эркалаб, — менинг шўрликкинам. Cени не куйга солишди?
Аликс заиф товушда аранг унинг номини тилга олди. Дик полисмен унинг билагидан туртганидан кейингина ўзига келди.
— У ерда ҳеч нарса йўқ, сер, — Фақат курсида аллаким ўтирибди. У афтидан жуда қўрқиб кетган кўринади…
— Кейин-чи?..
— У.. ўлиб ётибди, сер…
Уларнинг иккови ҳам Аликснинг овозини эшитиб, сергак тортишди. У юмуқ кўзлари билан худди алаҳсираётгандек ғўлдиради:
— Унинг ўлганига анча бўлди. — У гуёки кимнингдир гапини қайтараётгандек эди.
Рустам Жабборов таржимаси