Абай. Юрак амри билан (“Қора сўз” асаридан)

Тирик одам учун энг муҳими — юрак. “Ботирлик” ва “қўрқоқлик” хислатлари “юрак”дан туғилади. Халқ ботирни “юракли”, қўрқоқни эса, “юраксиз” дейди.
Раҳмдиллик, бировнинг қайғусига ҳамдардлик каби олижаноб инсоний фазилатлар юрак туйғусидир. Шошқалоқлик ҳам юракнинг иши. Агарда, тил юракнинг айтганига кўнса, ёлғон сўзламайди. Бордию тил алдаётган бўлса, ўз-ўзидан, юрак ҳам алданмоқда.
Довюрак инсон юрак амрига амал қилади ва бир сўзли бўлади: у карвоннинг ортидан ит каби эргашавермайди, балки йўлдан адашганлар отининг бошини тўғри йўлга буриб юборишга ярайди.
У ҳақиқат олдида бўйсунишга ҳамиша тайёр. Ноҳақлик олдида, қанчалик қийин бўлса ҳам, бош эгмай тура олади. Ботир, мард ва жасур, кўкрагида бўрининг юраги эмас, инсоннинг титраб, ҳаяжонланиб турувчи юраги бор одам шундай бўлади.
Қозоқ ҳам хом сут эмган одам болаларидан бири. У ҳам бошқаларга ўхшаб ҳаётда адашиши мумкин. Нодонлиги учун эмас, балки ақл-идрокка қулоқ солмаганидан, ақллининг сўзини ўқиб олишда юрагида ғайрат-шижоат етишмаслигидан адашади.
Бехосдан ёмонлик қилиб қўйганимни билмай қолдим, деган кишиларга ишонмайман. Кўпинча бундай ҳолат иродасизлик ва ор-номуссизлик туфайли содир бўлади.
Ёмонликка бир марта қўл ургандан кейин, ундан қутулиш мушкул. Ёмонликдан қайтиш жасорати ҳар кимга ҳам насиб этавермайди.
Зўр йигит, полвон йигит, абжир йигит… деган олқишлар билан “Олға, ботирим!” дея ғўр йигитларни балога йўлиқтириб, жувонмарг қилганларнинг ҳам гувоҳи бўлдим.
Ўзини бошқара олмай, қабиҳликка қўл урган, ор-номусини йўқотган, уятсиз йигитни йигит деб бўладими, одам деб бўладими, ахир?!

* * *

Куч, Ақл ва Юрак қай биримиз инсонга кўпроқ керакмиз, дея баҳслашиб қолишибди. Улар бир фикрга келиша олмасликларига амин бўлиб, бу масалани ечиш учун ёрдам сўраб Билимга мурожаат этишибди.
— Сўзимни тингла, Билим, — дебди Куч, — заҳматли меҳнатсиз маҳоратга ҳам, бойликка ҳам эришиб бўлмайди. Фақатгина мен одамни енгилтакликлардан, инсон шаънига мос келмайдиган бемаъни ишлардан, беғам яшашга ружу қўйишдан асраб қола оламан. Фақатгина мен уни руҳан тушкун бўлишига йўл қўймайман ва ҳаттоки куппа-кундуз куни ҳам йўлдан адашган одамларни тўғри йўлга қайтараман. Эшитяпсанми, Билим! Одамлар менинг ғайрат-шижоатим шарофати билан бедор ва заҳматли меҳнатлари эвазига сени эгаллайдилар. Демак, бундан келиб чиқадики, ўз тараққиётинг учун сен ҳам мендан қарздорсан. Тунлари уйқу, кундузи чарчоқ нималигини билмай меҳнат қилганлари туфайли одамлар худони танишади, ўзлигини англашади. Бунинг учун улар мендан қарздор. Қани, айтчи, Билим, анави иккаласи нима учун мен -билан баҳслашмоқда?..
Шундан сўнг Ақл сўз бошлабди:
— Инсон учун бу дунёда ҳам, у дунёда ҳам нима фойдали ва нима зарарли эканини биладиган менман. Ахир, абадий ҳаётнинг асоси шунда эмасми? Одамлар менинг измимда ҳаракат қиладилар. Мен инсон кучининг нимага қодирлигини биламан ва илмнинг тилини тушунаман. Ахир, қандай қилиб мен билан баҳслашиш мумкин, модомики, одамлар менсиз фойда ва зиённи фарқлай билмасалар, балою офатдан халос бўлишга чора топмасалар, қандай қилиб илм олишни тушунмасалар?..
Шунда Юрак чидай олмабди:
— Мен — инсон ҳаётининг подшосиман! — хитоб қилибди у.— Мен томирларга қон югуртираман, жон менинг ичимга ватан қуради. Айнан шунинг учун менсиз тириклик йўқ! Мен иссиқ уйда, юмшоқ ўринда ётган, томоғи тўқ одамларнинг уйқусини бузаман, уларни қашшоқ, оч-юпун ва бошпанасиз одамлар тақдири учун изтироб чекишга мажбур қиламан. Мен туфайли катталарга ҳурмат, кичикларга иззат барқарор. Бироқ одамлар мени тоза сақлай олмайдилар ва оқибатда хор бўладилар. Мен тоза бўлсам адаштирмайман: яхшиликдан қувониб, эриб кетадиган мен, ёмонликдан жирканиб, юз буриб, аразлаб кетадиган мен. Адолат, инсоф, ор-номус, раҳм-шафқат, меҳр-оқибат деган фазилатларнинг барчаси мендан чиқади. Менсиз одамзотнинг кўрган куни қурсин! Бас, шундай экан, анави иккаласи мен билан нечун талашади?
Уччаласининг ҳам сўзини эшитиб бўлгач Билим шундай дебди:
— Эй куч, сенинг барча айтганларинг ҳақиқат. Сен айни дамда ўзингнинг яна кўп хислатларингни эсламадинг. Сенсиз бу ҳаётни тасаввур этиб бўлмайди. Бироқ баъзан сенинг имкониятларинг одамлар учун зулму шафқатсизликка эврилади. Сенинг чангалинг қаттиқ, ушлаган жойингни узиб оласан. Ноҳақлик тарафида бўлсанг — балою кулфат келтирасан. Сенинг яхши хислатларинг кўп, бироқ ёвуз қилиқларинг ҳам оз эмас. Шуниси ёмон-да.
Эй, Ақл, сен ҳам тўғри сўзладинг. Сенсиз одамнинг ҳеч нарсага эриша олмаслиги рост. Табиат, ҳаёт ва руҳият сирларини кашф этиш неъмати сенга ато этилган. Ҳатто Яратганни ҳам бандаларга сен танитасан. Сен икки оламдаги ҳаёт сирларини ҳам эгаллагансан. Бироқ бу ҳам сени қониқтирмади. Шумлик ва макру ҳийлани урчитдинг. Икки оламдаги хазиналар эшигини очиш калити сенда, айнан шунинг учун ҳам яхши одамлар ҳам, ёмон одамлар ҳам сенга суяна бошладилар. Фожеа шундаки, сен буларнинг ҳам, уларнинг ҳам истакларини бажо келтиришга ҳамиша тайёрсан. Шу ишинг ёмон.
Инсон учун қайси бирингиз муҳим аҳамиятга эга эканингизни аниқлаб беришимни сўраб менга мурожаат қилган экансиз, тўғрисини айтаман. Бироқ мен сизларни бир-бирингизга қарама-қарши қўймоқчи эмасман.
Ҳар доим раҳнамонгиз Юрак бўлсин.
Сен, Ақл, кўпқиррали ва турли қиёфалисан. Юрак сенинг ҳар бир қароринг ортидан эргаша олмайди. У яхши фикрингни маъқуллайди ва жон деб уни бажаришга ҳаракат қилади. Ёмон ниятингни эса, умуман қабул қилмайди ва бунинг учун нафратланиб сени уйидан қувиб чиқаради.
Сен эса, Куч, қудратли ва чўрткесарсан. Юрак сени ўз эркингга қўймайди. Яхшилик учун сени аямай ишлатади. Ёмонлик учун ишламоқчи бўлсанг, йўлингни тўсади.
Барчангиз бошингизни бир ерга қўшиб, бирлашингиз ва юрак амрига бўйсунингиз. Барчангиз битта одамда мужассам бўлсангиз, юрак йўлбошчи бўлади. Унинг қадамидан чиққан чанг кўрларнинг кўзини очади.
Агарда сиз келиша олмасангиз, унда мен Юракни, инсон вужуди ва руҳининг подшосини ёқлайман. Хайру барака шунда, юрагингни тоза сақла, Аллоҳ таоло ҳамиша юрагингга боқади. Илоҳий китобда шундай ёзилган!

* * *

1. Одамнинг одамгарчилиги ишни қандай бошлаганидан билинади, қандай битирганидан эмас.
2. Кўнгилдаги кўркам ўй оғиздан чиққанда сири қочади.
3. Ҳикматли сўзларни ўзбошимча нодонга айтганингда кўнглинг ёнади ҳам, ўчади ҳам.
4. Яхшиликни билганга қайиш, ношукурга қайишмоқ қадрни ерга урмоқдир.
5. Отасининг боласи — одамнинг душмани, одамнинг боласи — жигаринг.
6. Мард кўп сўраса ҳам озга рози бўлади, номард оз сўрайди, ортиқча берсанг ҳам рози бўлмайди.
7. Фақат ўзинг учун меҳнат қилсанг, ўз қорни ғамида ўтлаган ҳайвонлардан бири бўласан, инсоният равнақи учун меҳнат қилсанг, Аллоҳнинг севимли бандаларидан бири бўласан.
8. Суқротга заҳар ичтирган, Жанна д` Аркни ўтда ёндирган, Исони хочпарчин қилган ким? Оломон. Демак, оломоннинг ақли йўқ. Эвини топда уни ҳақ йўлга сол.
9. Одам боласини замон вояга етказади, кимда-ким ёмон бўлса, бунинг учун унинг замондошларининг барчаси айбдор.
10. Агар қонун қудрати менинг қўлимда бўлса эди, одамнинг феълини тузатиб бўлмайди деган кишининг тилини кесар эдим.
11. Дунёда ёлғиз қолган одам — одамнинг ўлгани. Ғам-қайғунинг бари шунинг бошига тушади. Дунёда ғам-ташвиш ҳам кўп, бироқ қизиқарли эрмак ҳам кўп. Биринчисига ким чидайди? Иккинчисидан ким ўлмайди?
12. Кимнинг бошига ғам-ташвиш тушмайди? Умидни узмоқ — матонатсизлик. Дунёда ҳар нарсанинг интиҳоси бор, ёмонликнинг ҳам охири йўқ, деб ким айтади? Қалин қорли қаҳратон қишнинг ортидан кўм-кўк майсалари мўл, ёмғири кўл кўклам келмайдими, ахир!
13. Аччиқланиб бақирганнинг зиёни йўқ. Ғазабланиб индамагандан қўрқ.
14. Бахт ва шодликдан кўпчилик бошини йўқотиб қўяди, мингдан бир кишигина халқ олдида ожиз бўлиб кўринмаслик учун хотиржамлик билан эс-ҳушини сақлаб қолади.
15. Агар меҳнатим унсин десанг — ишнинг кўзини топ.
16. Шон-шуҳрат — баланд чўққи. Сабр-тоқат билан ўрмалаган илон ҳам унга тирмашиб чиқади. Тарқоқ эл чўққига чиқмаганни мақтайди, йўловчилар буни чин деб ўйлайди.
17. Дунё — улкан уммон. Вақт — тўхтамай елаётган шамол. Олдиндаги тўлқинлар — аждодлар, орқадаги тўлқинлар — авлодлар. Уларнинг давомийлигида абадий ҳаёт яшайди.
18.Бахти ортиқ подшодан ақли ортиқ фақир яхши: Соқолини сотган қариядан меҳнатини сотган бола афзал.
19. Тўқ тиланчи — одамнинг шайтони.
Илмсиз сўфи — мўлтони.
20. Ёмон дўст сояга ўхшайди. Пешонангга кун туғса, қочиб қутула олмайсан, -бошингда булут тўпланса, излаб топа олмайсан.
21. Дўсти йўқ билан сирлаш, дўсти кўп билан сийлаш. Қайғусиздан узоқ қоч, қайғулига қучоқ оч.
22. Боғинг униб ўсгунча бутун эл сенга тилакдош бўлади. Боғинг униб ўсгандан сўнг мевасини ўзинг ейсан.
 
Қозоқчадан Рустам Мусурмон таржимаси.