Ошқозон ва ўн икки бармоқ ичак касалликларига сабаб бўладиган хавфли бактериялар Европага бундан ўн минг йиллар аввалги инсонларнинг кўчиши пайтида ўтган. Ўз изланишлари натижасини энг йирик илмий нашрлардан бири Nature журналида чоп этган немис ва инглиз олимлари шундай хулосага келганлар.
Олимларнинг асосий тадқиқот мавзулари Helicobacter pylori – ошқозонимизда ҳар қандай шароитда яшаб кўпайишга мослашган бактериялар бўлди. Сўнгги натижаларга кўра, инсонларнинг бир қанча хавфли ички касалликлари келиб чиқишига сабабчи бўлувчи ушбу микроб тури 2005 йили австралиялик тиббиётшунослар Робин Уоррен ва Барри Маршалл томонидан аниқланиб, фанга киритилган эди. Кейинчалик уларнинг хизматлари Нобел мукофоти билан муносиб тақдирланди.
Изланишлардан маълум бўлишича, 90 фоиз ўн икки бармоқ ичак ва 80 фоиз ошқозон яллиғланиши айнан Ҳелиcобаcтер пйлори туфайли содир бўлар экан. Ваҳоланки, авваллари бу касалликларнинг келиб чиқишига руҳий тушкунлик ва тартибсиз ҳаёт тарзи сабаб бўлади, деб ҳисобланар эди.
Замонавий манбаларга таянадиган бўлсак, инсониятнинг илк ватани Шарқий Африка ҳисобланади. Худди шу ердан бундан қарийб 58 минг йил илгари дастлабки одамлар жамоалари янги манзил илинжида дунёнинг турли бурчакларига йўл олганлар. Берлиндаги Макс Планк институти олимлари ва Кембриж университети тадқиқотчилари ошқозон бактериясининг тарихи ҳам инсониятнинг келиб чиқиш геномига боғлиқ, деган фикрдалар. Популятсия жараёни ва табиий муҳитга мослашув даврида инсонларнинг ички касалликлари ҳам худди уларнинг ташқи кўринишлари сингари турли тарзда шаклланган. Ўз ирқларига нисбатан рағбати баланд европаликларнинг нозик нуқтаси уларнинг ошқозонида экан. Кишиларнинг компютерда тузилган генетик занжирлари моделларини ўрганиш давомида олимлар юқоридаги хулосаларига тобора собит бўла борганлар. Бошқа қитъага нисбатан келиб чиқиши европалик бўлганларнинг ошқозон – ўн икки бармоқ ичак яллиғланиши касали билан оғриши ҳолати чуқур тарихга эга ва бир неча марта кўп экан.
Бу, европаликларга шарқий африкалик аждодларини соғлом турмуш тарзига риоя қилмаганлиги учун койиш имкониятини беради, дегани эмас, албатта. Чунки «қора қитъа»нинг бу қисмидан Осиёга йўл олганлар ҳам кам бўлмаган. Бундан ташқари, дастлабки инсоннинг ошқозони оғриган-оғримаганлиги номаълум.
Ўн минг йиллар давомида Helicobacter pylori инсон ички организмига фаол сингиб, турли симптомларсиз ривожланган. Микробнинг хавфли тус олиши, шубҳасиз замонавий инсоннинг сўнгги асрларда шаклланган ҳаёт тарзи ва овқатланишидаги ўзгаришлар билан боғлиқ.
Европалик тиббиётчиларнинг фақат ўзларигагина хос касалликни топаётганликлари кишини ҳайратлантирмай қолмайди, албатта. Касалликни “сен Европага оид, сен Осиёга тегишли” деб ажратишнинг ўзи кулгили. Иссиқ ва совуқ иқлимларгагина хос бўлган айрим касалликларни айтмаганда (глобал исиш иқлим касалликларини ҳам глобаллаштираётганини истисно қилсак), ички тузилиши бир инсониятнинг ички касалликлари ҳам бир хил. Ошқозонида касаллик пайдо бўлган бемор биринчи навбатда айбни ўзидан қидирмоғи лозим. Тартибли ва меъёрий овқатланиш киши овқат ҳазм қилиш системасида носозликлар келиб чиқишининг олдини олади. Буни минг йил илгари яшаган “Шайх ур-раис” Ибн Сино ҳам “ички кулфатларнинг сабаби нафсдур” деб тасдиқлаган.
Гўзал Файзиева
“Маърифат” газетасидан олинди.