Бундан 20 йил аввал кўчада бировнинг ўзи билан ўзи гаплашиб кетаётганини кўрсак, шубҳасиз уни ақлдан озган деб ўйлардик. Бугун эса бу манзарани мутлақо оддий қабул қиламиз, “қўл телефони қулоқчинли экан” деб қўя қоламиз. Ҳа, ривожланиш, фан-техника тараққиёти бугун бизнинг дунёқарашимизни шу каби ҳодисалар билан бойитди.
Авваллари китоб керак бўлса ёки айтайлик, ўзимиз ёқтирган ҳофизнинг қўшиқларини тинглаш истаги туғилса, албатта, харид учун дўконга боришимиз шарт эди. Ҳозир эса буларнинг барига уйдан чиқмай ҳам эга бўлишимиз мумкин. Шундай қилиб, бугун янги мобил алоқа, симсиз технологиялар туфайли ахборот ва маълумотлар бизнинг доимий ҳамроҳимизга айланди. Айни чоғда инсониятнинг турмуш тарзини бутунлай ўзгартириб юборган ихтиролардан таъсирланган бир гуруҳ мутахассислар яқинда қизиқ бир рўйхатни эълон қилишди. Бу — сўнгги 25 йил ичидаги энг йирик ва муҳим кашфиётлар рўйхатидир.
Мутахассислар соҳалар ичида ҳақиқий бурилиш ясаган инноватсион технологияларга муносабат билдиришар экан, компютер аталмиш мўъжизага 5-ўринни беришди. Шахсий компютерларнинг одамлар уйида қўлланилиши янги технологиялар ривожининг асосий исботидир, — дейишмоқда улар. Бироқ энди уйдаги компютернинг ўзи етарли бўлмай қолди. Биз истаган жойимизда, хоҳ у аэропорт бўлсин ёки қаҳвахона ва ёхуд университет бўлсин, ундан фойдаланишни истаймиз. Шунга мувофиқ ўлароқ компютернинг “мия”си бўлмиш протсессорлар ҳажм жиҳатидан кичрайиб бормоқда. Компютер чиплари инноватсион технологиялар рўйхатининг 9-поғонасидан жой олди. Атиги бармоқ учимиздек келадиган бу чипларга масалан, бутун бошли «Париж кутубхонаси»ни сиғдириб юбориш ҳеч гап эмас.
Ўзида жуда кўп ахборотларни жамлаган телефон ва рақамли фотоаппаратларга 10-ўрин берилди. Интернет тармоғининг ҳаётимизга кириб келганидан нечоғли қувонган бўлсак, у орқали маълумотларимизнинг ўғирланиши, компютеримизни издан чиқаришга мўлжалланган вирус ва спамлар ташвишлантирганди. Хайриятки, “комптер қаллоблари”дан ҳимояловчи бутунбошли саноат юзага келди. Бу халоскорлик мутахассислар томонидан 20-ўрин билан баҳоланди.
Инновацион технологиялар кўнгилочар соҳалар — ТВ ва радио тизимига ҳам янгиликлар олиб келди. Йўлдошли телевидениэ ва радио (13-ўрин) одамларнинг танлаш имкониятига янада кенгроқ йўл очди. Масофадан туриб бошқариш, яъни пултларнинг пайдо бўлиши эса томошабин ва тингловчига янада қулайлик туғдирди.
Видеоўйинлар технологияси бугун йилига $10 млрд. сармояга эга. Видеоўйинлар анча реаллашди — фантастика оламидан ташқари энди ишқибозлар спорт ва уруш борасида ҳам ўзларини “синаб” кўришлари мумкин (24-ўрин). Мутахассислар истеъмолчига яна бир ўнғайлик туғдирган маҳсулот — плазмали телеэкранларни ҳам шу ўринга киритишди.
Ҳаётимизга янгилик олиб келган инновациялардан яна бири илмий лабораторияларда юзага келди. Олимлар кўплаб организмларнинг генетик тузилишини тушунтириб беришди (7-ўрин). ДНК таҳлили (14-ўрин) эса Жануби-Шарқий Осиё тсунамисида йўқолган болалар ва уларнинг ота-оналарини бирлаштиришга ёрдам берди.
Биометрика — шахсиятни аниқлашнинг автоматлашган усуллари (хатти-ҳаракат ёки тузилишга асосланиб шахсиятни аниқлайди. Бугунги кунда бармоқ излари ва юз қиёфасини аниқлаш ҳақидаги маълумотлар компютер базасига жойлаштирилиб, рақамли шаклга ўтказилмоқда) рейтингда 16-ўринни эгаллади. Ҳайвонларни клонлаш эса 22-ўринга лойиқ топилди.
Нефт нархининг ошиб кетиши эса муқобил ёнилғи (масалан, водород, ядро, қуёш нури ва бошқ.) билан ишловчи двигателлар (3-ўрин) турларига эҳтиёжни кучайтирди. Улар орасида камида иккита энергия манбаи (одатда, электр токи ва бензин) ишлатиладиган гибрид автомобиллари жуда оммалашиб кетган.
Тан олишимиз керак, бир қанча ихтиролар янги технологияларга алоқадор бўлмаса-да, турмуш тарзимиздаги ўзгаришларга катта ҳисса қўшган. Масалан, ёруғлик лампаси, унитаз ҳамда душ каби сув ва ҳаводек зарур қулайликлар борки, мутахассислар бугун ҳам уларни бемалол рўйхатнинг 17-поғонасига қўша олишди.
Хўжалик, ишлаб чиқариш саноатида “темир одам”ларнинг яратилиши иш суръатининг тезлашуви ва ишчи кучининг арзонлашувига олиб келди. Робот ясаш технологияси 23-ўриндан жой олди.
12-ўринга оптик толали кабеллар эгалик қилмоқда. Улар оддий кабел ва симдан кўра яхшироқ сифатда тасвир ва информацияни етказиб бера олади. Оптик толали кабел телефон алоқасини ҳам яхшилади ва бу тармоқнинг қувватини оширди.
Технологиялар ва интернет ривожи молиявий операциялар, банк хизматларини ҳам такомиллаштирди (8-ўрин). Қулайлик шундаки, энди бизда интернет ёрдами билан банкдаги ҳисоб рақамимиз, кредит карточкамизни текшириш, шунингдек турли ҳисоб-китоблар ва тўловларни истаган пайтда амалга ошириш имконияти бор.
Ҳарбий техника тараққиёти (12-ўрин). Ҳарбий роботлар ҳозирда Ироқни миналардан тозалаш ва Афғонистондаги ғорларни тафтиш қилишда қўл келмоқда.
Лазер технологиялари дастлаб 1960 йили патент олган бўлса-да, амалиётда яқин ўтмишдан бошлаб қўлланила бошланди (6-ўрин). Бу усулдан тиббиётда, шу билан бирга СД ва ДВД дисклар тайёрлашда кенг фойдаланилмоқда.
Коинотдаги тадқиқотлар (11-ўрин) ва ўта кучли телескоплар бутун галактикамизни кўришимизга имкон берди. Биламизки, галактика ердан 12 млрд. ёруғлик йилидан зиёдроқ масофада жойлашган. Соҳадаги тараққиёт натижасида автоматик коинот кемалари Марс сайёрасига қўнди.
Рўйхатга киритилган инноватсиялар ичида аккумулятор (19-ўрин), об-ҳаво маълумотларини олдин айтиш (25-ўрин) ва сканерли микроскоп (у ушоқдек нарса, масалан, чивиннинг бош қисмини уч баробар катталаштириб кўрсатади) кабилар ҳам бор.
Қуйида рейтингни тўлиқ эътиборингизга ҳавола этамиз:
1. Симсиз технологиялар
2. Мудофаа технологияси
3. Муқобил энергия билан ишловчи двигателлар
4. Биотехнологиялар
5. Компютер
6. Лазер
7. Генлар устида олиб борилган тадқиқотлар
8. Глобал молия тизимлари
9. Протсессорлар ва компютер чиплари
10. Рақамли қурилмалар
11. Коинот тадқиқотлари
12. Оптик тола
13. Йўлдошли телевидениэ ва радио
14. ДНК таҳлили
15. Видеоўйинлар
16. Биометрика
17. Электр ва сувўтказгич технологиялар
18. Сканерли микроскоп
19. Батарейкалар
20. Спамлар ва компютер вирусига қарши курашувчи технологиялар
21. Масофадан туриб бошқарувчи пултлар
22. Ҳайвонларни клонлаш
23. Компютер ясаш технологияси
24. Катта диагоналли экранлар
25. Об-ҳаво маълумотларини аниқловчи технологиялар
Бу рўйхатни кўздан кечира туриб, бир фикр хаёлга келди. Биз кўпинча ўзимизни ожиз сезамиз, дунё ташвишларини енгиш қўлимиздан келмайдигандек туюлади. Лекин бир ўйлаб кўрсак, мана шу мўъжизаларнинг бари инсон қўли билан яратилган. Худди сиз ва биз каби инсонлар қўли билан! Шуни ҳисобга олганда, тушкунликка асло ўрин йўқ. Ахир, бугунгача дунё юзини кўрган ихтироларнинг муаллифлари “олма пиш, оғзимга туш”, деб ўтирмаганлар-ку?!
Ҳар қандай қийинчилик ва тўсиқларни енгиш, туну кун машаққатли меҳнат қилиш эвазига шундай даражадаги тараққиётга эришишга улуш қўшганлар. Бугун шу меҳнат, изланишлар натижаси ўлароқ ҳаётимиз тўкис ва фаровон. Демак, бу изланишларни тўхтатмай, янада юксакликларга қараб ҳаракатланиш ва янги ютуқларга эришиш мумкин, деган ишонч учун тўла асос бор.
Муборак Охунова