Тошкент куранти неча йиллик тарихларга гувоҳ бўлиб келмоқда. Бу минора ортиқча безак талаб этмайди, қиёфаси эса ҳеч бир замонда эскирмаган. Ҳар чорак, ярим ва бир соатда занг уриб турадиган маҳобатли иншоотни пойтахтимизнинг рамзи, уриб турган юрагига қиёслаш мумкин.
Курант меъморий иншооти дунёнинг саноқли давлатларидагина мавжуд. Хусусан, Буюк Британиядаги Биг-Бен ва бундан бир неча йил муқаддам Эронда барпо этилган курант соатлари мамлакатларнинг ўзига хос рамзи саналади. Улар орасида 1947 йил 30 апрелда қурилиб, фойдаланишга топширилган Тошкент куранти келиб чиқиш тарихи, мустаҳкамлиги ва миллий услублари билан алоҳида ажралиб туради.
Шаҳар меъморий ансамблининг Марказий хиёбонидаги таркибий қисми бўлган Тошкент курантининг тарихи жуда қизиқ. 1947 йилда Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалаба шарафига шаҳарнинг қоқ марказида ғалаба монументи қурилиши режалаштирилади. Ёдгорлик икки ой ичида қурилиб битказилиб, ҳозирги курант жойлашган минора қад ростлайди. Ёдгорлик ўша йили Тошкентда қурилган Алишер Навоий номидаги театр биносининг меъморчилик усули таъсирида ишланади. Аммо, ёдгорлик очилишига саноқли кунлар қолганда, қурилиш мутлақо бошқача кўриниш касб этади. Кутилмаганда ёдгорлик ўрнига 1947 йилнинг апрелида Курант қад ростлайди. Унинг меъмори А.Муҳамедшин, безагида Уста Ширин қатнашган.
Маълум бўлишича, Курант соати Германиядан олиб келинган экан. А.Айзенштейн, В.Солиҳов, Л.Маликов, А.Хитсан, Г.Стрелтсовлардан иборат соатсозлар бригадаси 4 тсиферблатли қилиб Тошкент курантини ўрнатишган. Улар орасида, айниқса, Айзенштейннинг ташаббусини алоҳида таъкидлаш жоиз. Айнан у томонидан Курант соати 1946 йилда совға қилинган. Айтишларича, лейтенант Тошкент шаҳрида туғилиб ўсганлиги учун бу ноёб туҳфани она шаҳрига тақдим этган.
Тошкент шаҳар ҳокимлиги бинолардан фойдаланиш департаменти биринчи ўринбосари Темур Рахметовнинг айтишича, Курант архитектура жиҳатидан жуда пишиқ ва мустаҳкам қурилган. Уни қуришда миллий меъморлик ва амалий безак санъати анъаналари қўлланилган.
– Ғозғон мармари билан қопланган ва жездан ишланган металл қисмлари ўзаро уйғунлашган меъморий иншоот 1948 ҳамда 1966 йилги ер силкинишларига бардош берди, – дейди Темур Рахметов. – Ҳар иккала зилзилада ҳам Курант мустаҳкамлигини исботлаб, чиройини йўқотмади. Тўғри, 1966 йилги табиий офатдан минорадаги соат бузилган, аммо зудлик билан таъмирланиб, ишга туширилган.
Курантнинг баландлиги 28,7 метр. Ўлчови 4,1х4,1 метр бўлган миноранинг ичида махсус хона мавжуд бўлиб, унда соатни юргизадиган механизм бор. Механизм хонасига минора ичида ўрнатилган зинапоя орқали чиқиб борилади.
Ҳеч кузатганмисиз, одамлар хоҳ транспортда ёки пиёда бўлсин, ушбу минора олдига келганда бошларини кўтариб, соатга қарашади, кейин эса кимнингдир ҳаракати тезлашса, биров хотиржам тин олади. Унинг ҳар бир занги кишини ҳамон сергаклик ва ҳушёрликка чақиради, ҳаёт давом этаётганлигини эслатиб туради.
Беҳбуд Ботиров