Ғарбий Оврўпо халқлари адабиётларида Амир Темур ҳаёти ва фаолиятига бағишланган асарлар ниҳоятда кўп, бироқ Соҳибқирон ҳақидаги илк асарлар эсдаликлар тарзида ёзилган бўлиб, улар Амир Темур замондошлари қаламига мансубдир. Шулардан бири Эрондаги Султония шаҳрининг архиепископи Жан(Иоанн)нинг «Амир Темур ва унинг саройи ҳақида хотиралар»(Memoires sur Tamerlan et sa cour) асаридир.
1403 йил май ойининг бошида Парижда бир руҳоний пайдо бўлиб, ўзини Амир Темурнинг элчиси деб таништиради. Чиндан ҳам у зарҳал ҳарфлар билан битилиб, Амир Темурнинг мўъжазгина муҳри босилган мактубини Франция қироли Карл VIга топширади. Мактубни топширган Султония архиепископи қирол саройида Карл VI ва Франциянинг Берри, Бургундия, Орлеан, Бурбон ва Британия герцоглари ҳамда бошқа аъёнлар ҳузурида нутқ сўзлаб, ташрифининг икки сабабини айтади: биринчиси, Амир Темурнинг Боязид устидан қозонган ғалабасини маълум қилиш; иккинчиси — Амир Темур билан Карл VI ўртасида доимий дипломатик алоқалар ўрнатиш.
Жан Рим папаси Бонифаций IX томонидан 1398 йил 23 августда Султония шаҳрининг архиепископи этиб тайинланган (Jean Richard, La papaute et les missions d’Orient au Moyen Age (XIIIe — XVe siecles). Ecole francaise de Rome, 1977, pp. 181 — 182; La route de Samarkand au temps de Tamerlan par Ruy Gonzalez de Clavijo. Imprimerie Nationale, Paris, 1990, p. 51).
Жаннинг айнан ўша йиллари Султонияда хизмат қилганлигини таниқли француз шарқшунос олимлари Силвестр де Саси (Mеmoire sur une correspondance inеdite de Tamerlan avec Charles VI. Mеmoires de l’Acadеmie des inscriptions et belles-lettres. Paris, 1822) ва Х.Моранвиле (Mеmoire sur Tamerlan et sa cour par un dominicain, en 1403. Extrait de la Bibliothеque de l’Ecole des chartes. Paris, 1894) ҳам тасдиқлайдилар.
Архиепископ Жан Франция қироли Карл VI топшириғига биноан ўзининг «Амир Темур ва унинг саройи ҳақида хотиралар»ини ёзади. Асар 23 қисм(боб)дан иборат. Унда Соҳибқирон Мовароуннаҳр тахтига чиққан пайтдан 1402 йил август ойигача бўлиб ўтган асосий воқеа ва ҳодисалар тилга олинади.
«Хотиралар» билан илк бора танишган кишида у афсоналар ва ҳақиқат омухтасидан иборат асар, деган таассурот туғилиши табиий. Ҳақиқатан ҳам муаллиф Амир Темур ҳаёти ва фаолияти билан боғлиқ бизга маълум ва номаълум афсона-ривоятлардан кенг фойдаланган. Масалан, Амир Темурнинг амир Ҳусайн элчилари олдида ишлатган ҳийласи (I боб) ва Соҳибқирон билан Эдигни(Идику) ўртасидаги муносабат (XVII боб) ҳақидаги ҳикоятлар шулар жумласидандир. Бироқ, «Хотиралар»да бошқа манбаларда мавжуд аниқ тарихий маълумотлар ҳам кўп.
Архиепископ Жаннинг «Хотиралар»и Соҳибқирон билан Самарқандда учрашган овруполик бошқа бир элчи — Руи Гонсалес де Клавихонинг «Кундаликлар»и каби Амир Темур шахси, унинг ҳаёти ва фаолиятига доир бебаҳо ҳужжат ҳисобланади. «Амир Темур ва унинг саройи ҳақида хотиралар» таржимасида муаллиф услубини сақлашга интилдик. Қавс ичидаги изоҳлар таржимонники.
Асар ўзбек тилида илк бора айрим қисқартиришлар билан эълон қилинмоқда.
I. Темурбейнинг тахтга чиқиши
Бу ҳукмдорнинг қўли дастлаб унчалик узун бўлмаган ва уни кўпчилик танимаган, унинг қўл остида ўзининг оиласига ўхшаш оилалардан чиққан атиги ўн чоғли маслакдоши бўлган. Бироқ у ёшлигиданоқ ўз ақл-заковати, уддабуронлиги ила бойлик орттира борди, истеҳком ва амлокларни эгаллаб, маслакдошлари сонини ниҳоятда кўпайтирди ва кундан-кунга кучайиб борди.
Ўзининг ишларидан Буюк Мўғулистон императори(амир Қазоғон)нинг ғазаби қайнаб турганини сезган Темурбей тўппа-тўғри Хитой императорининг ҳузурига борди. У камарли насронийлар (мароний) мазҳабидан бўлиб, мўғул императорининг рақиби ва душмани эди. Темурбей шу насроний император ҳузурида кўп ҳаракат қилиб, ундан қудратли бир қўшинни ёрдамга олди; шу қўшин билан у зикр этилган Мўғулистон императорининг катта ерларини қўлга киритди, хусусан, у Семеркант(Самарқанд) шаҳрини эгаллади. Шаҳар Шарқда жойлашган бўлиб, Мўғулистон императорига қарарди. Шундан сўнг у (Амир Темур) насроний императорнинг лашкарига кетиш учун рухсат берди.
Темурбей томонидан таҳқирланган ва ҳақоратланган мўғуллар императори (юқорида архиепископ амир Қазоғон ҳақида сўз юритса, бу ўринда ва ундан кейин амир Ҳусайн ҳақида сўз юритади) ўз рақибига қарши курашиш учун жуда катта қўшин тўплади ва унинг ҳузурига элчилар йўллади. Элчилар унга (Амир Темурга) ё жанг майдонига чиқиш ёхуд Мўғулистон императорига сўзсиз итоат этишни айтишлари лозим эди; агар у (Амир Темур) унга итоат этса, катта ҳоким қилиб тайинланиши ваъда этилганди.
Ҳузурига келган элчиларни кўрган Темурбей зўр ҳийла ишлатиб, кўрпа-тўшак қилиб ётиб олди. Зеро, у зикр этилган императорнинг қудратини яхши биларди. Шу боис рақиби ва унинг элчиларини ғафлатда қолдиришни ўйлай бошлади. Яхшилаб фикрини жамлаб олгач, янги сўйилган молнинг қонини келтиришларини буюрди ва уни ютиб олди. Сўнгра элчиларнинг не мақсадда келганини билиш учун уларни тезгина ўз ҳузурига чорлади. Элчилар ҳузурига кирган чоғ унга (Амир Темурга) шошилинч равишда тоғора келтирдилар ва у элчилар олдида ютган қонини қайт қила бошлади; улар (элчилар) бу қонни унинг (Амир Темурнинг) қони деб ўйладилар. Бу билан у элчиларга ўз тақдиридан қочиб қутула олмаслиги ва дардига ҳеч қандай даво йўқлигини, яъни тез орада ўлажаклигини билдирди. Шундан сўнг элчилар бемалол қайтиб кетдилар. Чунки улар Темурбейнинг «ўлаётгани»ни ўз кўзлари билан кўрган эдилар.
Бундан хабар топган император кўп шодланди ва лашкарларига ижозат бериб, кичик бир аскарлар гуруҳи ва хотинлари ҳамда фарзандлари билан хурсандчиликка берилди. Элчилар қайтиб кетганига ишонч ҳосил қилган Темурбей сакраб тўшагидан турди ва бутун қўшини билан зикр этилган императорнинг кетига тушди; Темурбей уни хотинлари ва фарзандлари ҳамда кичик бир аъёнлар гуруҳи билан айш-ишрат қилиб турган чоғида учратди. Темурбей қиличини кўтарди ва императорни маҳв этди, унга қариндош бўлган хотинини ўзига хотин қилиб олди, ўз ўғилларига императорнинг қизларини олиб берди ва унинг эркак зотидан бўлган яқинларининг ҳаммасини ўлдирди; фақат биттасидан ташқари, уни ўз ёнида олиб қолди, исми Солтамакуш (Суюрғатмиш) эди. Темурбей унинг номидан ҳукмронлик қилди ва шу йўл билан у бутун Трансоксания империясини қўлга киритди. Бу воқеалар рўй берганида у қирқ ёшда ёхуд сал каттароқ эди. Шундан сўнг у Шарқдаги кўп вилоятларни қўлга киритдики, жумладан, уларнинг бири Сименана (Симнон) деб аталарди, бу хусусда кейинроқ сўз юритилади.
II. Темурбей исмининг талқини хусусида
Бу императорнинг исми Темурбей эди; бу исм қуйидагича талқин қилинади ва изоҳланади: Темурбей атоқли отдир ва «темир» сўзидан келиб чиққан бўлиб, «fer» (французча «темир») маъносини билдиради ва «бей» сўзи «ҳукмдор» маъносига тенг бўлиб, «темир ҳукмдор» деган маънони англатади. Бошқалар уни «Тамурлан» деб аташади, бу сўз ҳам «темир»дан келиб чиққан бўлиб, французчасига «Темур оқсоқ» деган маънони билдиради. «Оқсоқ» унинг лақаби эди.
Бу татарча ва форсча талқинлардир. Эронда уни «миритабам», яъни «ҳукмдор» деб ҳам, «калон», яъни «буюк ҳукмдор» деб ҳам аташади.
III. Темурбейнинг унвони хусусида
«Темур Геракан сосмус» («Темур Кўрагон сўзимиз») ибораси Темур «императорнинг ўғли» ёки «куёви» деган маънони билдиради ва «сосмус» — «бизнинг қатъий сўзимиз» деганидир. У ўзини на қирол, на император ва на бошқа ном билан атайди; қачон сўзласа ва амр этса, император номидан сўзлайди ва амр этади, унга ҳурмат кўрсатиб, йилига бир марта уни бориб кўради; бу ҳурматдан сўнг у ўша император ҳақида гапириб, унга ўз саройида иззат кўрсатаётганини айтади. Бироқ, Темурбей барча ишни императорнинг муҳрисиз амалга оширади.
IV. Унинг ирқи хусусида
У келиб чиқиши бўйича шарқлик барлослардан бўлиб, уларнинг миллати йокате (чиғатой) деб аталади. Баъзилар фикрича, шу томонларда бизнинг Иисус Христосга тенг келадиган уч қирол ўтган экан. Бу ўлкага Ҳиндистон томонидаги Персиядан кейин келадиган Корасан (Хуросон) вилояти, Медиа (Озарбойжон) вилояти ва бошқа вилоятлар киради. Бу ўлка таркибига кирувчи яна бир шаҳар, бу — Темурбейнинг шаҳри Семеркантдан жуда йироқда, юз кунлик масофада, Жийон дарёсидан нарида – Персияда жойлашган Сузис (Суза) шаҳридир.
V. Ўғилларининг насл-насаби ва исмлари хусусида
Темурбейнинг кўп ўғиллари бўлган ва ҳозир улардан атиги иккитаси ҳаёт, уларнинг каттасини Миранза(Мироншоҳ) деб аташади ва унинг ёши қирқ ёки ундан бир оз катта; энг кичиги Сонхарни(Шоҳрух) деб аталади ва унинг ёши йигирма икки атрофида. Биринчисининг исми қуйидагича талқин қилинади: мир – жаноб ва за — қирол, яъни «жаноби қирол». Иккинчисининг исми француз тилида «қиролнинг юзи» маъносида. Тўнғич ўғил барваста, хушмуомала, ҳурфикр ва отасининг саройида ҳамма уни ҳурмат қилади. У насронийлар ва франкларни, яъни барча лотинларни (овруполикларни) жуда яхши кўради; у бамисоли иккинчи Александр(Македонялик Александр). Унинг тўрт хотини ва тўрт ўғли бор: хотинларининг энг суюклиси император авлодидан ва Конзада (Хонзода) деб аталади. Ўғилларининг лашкарлари катта, яъни 20-30 минг кишидан иборат ва саройлари ҳам катта. Айниқса, Абасимеза (Мирзо Абубакр) исмли тўнғич ўғлининг лашкари жуда катта; бу исм «Худонинг марҳамати ила туғилган», деб талқин қилинади. Бу ўғил қурол ишлатишга жуда моҳир. Тўрт ўғилнинг яна бирининг исми Омариза (Умар Мирзо) бўлиб, у Темурбейнинг лейтенанти: унинг саройида мулозимлар кўп, қўл остида катта ўлка бор.
VI. Жиянлари ва набираларининг сони хусусида
Темурбейнинг олтмиш-етмиш чоғли ёхуд ундан зиёд жияну набиралари бор. Уларнинг энг биринчиси катта акасининг ўғли бўлиб, она томонидан император авлодидан ва катта амлокка эга; иккинчисининг кўп ўлкаларда ўзига маслакдош ва содиқ вассаллари бор; унинг исми Мамузатаин(Мирзо Султон Ҳусайн)дир.
VII. Темурбейнинг хотинлари хусусида
Темурбейнинг тўрт қонуний хотини ва кўплаб канизаклари бор. Катта хотини император оиласидан бўлиб, Карон (Сароймулкхоним) деб аталади ва доим аёллар доирасида фароғат топади; эркакларни асло ёқтирмайди. У соғлиги ёмонлиги туфайли ҳар куни даволаниш учун минг дукат (тилла) сарфлайди, доимо хотинлар қуршовида юради.
VIII. Темурбей ҳукмронлигининг бошланиши
Ёшлигида у ҳам ўз тенгқурларига ўхшаш йигит эди, аммо ақл-заковати, зукколиги билан ажралиб турарди ва доимо мард йигитлар қуршовида юрарди. У доимо худони олқишлаб юради ва нима қилса барисини худо учун, унинг хоҳиши билан қилади; ўзининг айтишича, у бир бечора аёлнинг ўғли, кучсиз ва камбағал йигит бўлган, у нимага эришган бўлса, худонинг марҳамати ила эришган, вақти келиб буларнинг ҳаммасини худога қайтаради. Яна унинг айтишича, барча рўй берадиган нарсани худо унга олдиндан башорат қилади.
Ҳозир у жуда катта ва қудратли ҳукмдор. Зеро шу пайтгача Шарқда ҳеч ким унга тенг келадиган бирорта инсонни кўрган ҳам, учратган ҳам эмас. Айниқса, у Семеркант шаҳрини ва Трансоксания империясини қўлга киритганидан кейин шундай қудратга эга бўлди. Зотан, у (империя) Шарққа томон шунча катта маконни эгаллаганки, унинг бир сарҳадидан иккинчисига етиш учун тинмай ярим йил йўл босиш керак. У кўплаб вилоятлар, шаҳарлар, қўрғонлар, амлокларни қўлга киритди ва тобе этди. Жумладан, у Ҳиндистондаги Дилли (Деҳли) деган шаҳарни ишғол қилди ва қиролини бўйсундириб, шундан сўнг Ғарбга томон юрди ҳамда Константинополгача бўлган барча ўлкаларни эгаллади.
IX. Темурбей ҳукмронлигидаги вилоятлар ва ўлкалар хусусида
Темурбей қўл остидаги Ҳиндистондан Туркиягача бўлган ҳудудни бир одам пиёда нақ бир йилда, отда эса тўққиз ойда босиб ўтади. Унинг салтанати таркибига, жумладан, қуйидаги ўлкалар киради: Дилли — йирик шаҳар; Сименана — вилоят; Маластан (Бадахшон) — вилоят; қимматбаҳо тошлар ўлкаси; Феринус (Кимехредган) ҳинд зираворлари шу ердан келади ва Сийон (Сайҳун) дарёси орқали бошқа ўлкаларга олиб ўтилади; Органун, бу вилоят Персияда Корасмо (Хоразм) деб аталади; Чин-Мочин (Хитой) — шифобахш ўсимликлар ўсадиган вилоятлар, у ерларда ясалган чиройли буюмларни Генуяга олиб кетишади, яхши сақланади, айтишларича, бир буюмни қирқ йилда ясашар экан; Бокара (Бухоро) — аъло сифатли олтини билан машҳур вилоят; Коросан (Хуросон) — ўттизта шаҳарли вилоят; Медиа (Озарбойжон) — жуда катта вилоят; Спахан (Исфаҳон) – вилоят; Сирас (Шероз) — вилоят; Шилан (Ғилон) — шаҳар ва вилоят, Каспий ёхуд Бачин денгизи яқинида; Аран — жуда катта вилоят; Порт Ферре — жуда катта вилоят ва Александр денгизни Кавкази деб аталган тоққача қазиб олиб борган шаҳар, бу тоғда турфа тилли халқлар яшайди; Жоржия (Грузия) — қироллик ва жуда катта вилоят; Буюк Армения, у ерда Нуҳ пайғамбарнинг ёйи жойлашган тоғ бор; Курдистон — жуда катта вилоят; Калдея (Ироқи Араб) — вилоят; Астрия (Ассирия) — вилоят; Рум — вилоят; Туркия — вилоят.
Бундан ташқари, кўплаб вилоятлар ва шаҳарлар Темурбей салтанати таркибига киради, уларнинг сони юз мингта, сўзимизни қисқароқ қилиш мақсадида номларини келтирмаймиз.
Х. Темурбейнинг маҳорати ва қудрати хусусида
Қисқача айтганда, Темурбей жанггоҳларда барчани, жумладан, кўплаб қироллар ва шаҳзодаларни енгди, на бирор шаҳар ва на бирор истеҳком унга дош бера олган; у сон-саноқсиз шаҳарлару қўрғонларни забт этди, ҳисобсиз халқларни ўзига тобе қилди; саноқсиз муҳорабаларда зафар қозонди ва мана ҳозир ҳам у Буюк Туркни (Боязид Йилдиримни) маҳв этди — Туркия уники бўлди, кўплаб қироллар ва шаҳзодалар, катта ҳокимлар унинг тарафида.
XI. Темурбейнинг буюклиги ва лашкарларининг сони хусусида
Бу хусусда ҳар хил гаплар юради, бироқ унинг лашкарлари сони қанчалигини ҳеч ким аниқ билмайди: айримларнинг айтишича, унинг қўшини ўн юз минг (миллион) аскардан ва камида саккиз юз минг отдан иборат; туялар ва бошқа жониворларнинг эса асло ҳисоби йўқ. Унинг яна қирқ жанговар фили бор, аскарлар уларнинг устида ўтириб жанг қиладилар; қуролланган суворий шаҳзодалар ва мард навкарлар у билан бирга юрадилар; улар енгил қуролланган ва ортиқча аслаҳалари йўқ, шамширлари ва камонларига ишонадилар ва, хусусан, унга ўттиз олти йилдан бери ҳамроҳлик қилиб келаётган одамлари шаҳарларга кирмайдилар, очиқ далада тунайдилар.
XII. Темурбейнинг бойликлари хусусида
Унинг бойликларининг сон-саноғи ва миқдорини ҳеч ким билмайди… Қимматбаҳо нарсаларга келганда эса, айтишадики,— мен бунга ишонаман,— бирорта ҳам ҳукмдор, у қанчалар буюк ва қудратли бўлмасин, у қадар кўп бойлик тўплай олмаган. Яна у ўз қўл остидаги барча вилоятлардаги ерости бойликларини ҳам қидириб топдириб, уларга эга бўлди; айтишларича, ўтган йили (1401 йил) у оғирлиги юз ўн етти сэ ( сэ — тахминан бир мисқол) келадиган бир жавоҳир топганки, олти сэ бир унцияга тенгдир.
Сўнгра, Бағдод шаҳри олингач, у Евфрат (Фрот) дарёсига ғарқ бўлган бир кемани топди, кемага Персия қиролларининг барча бойликлари ортилган эди. Хазинадан соф ва нафис олтин дарахт чиқди, унда турфа рангли ва турфа хил қимматбаҳо тошлар, сон-саноқсиз марваридлар бўлиб, бунчалик катта аҳамиятга ва қимматга эга бўлган ёхуд улардан яхшироқ марваридларни ҳеч ким кўрган эмасди. Темурбей бу нарсаларнинг ҳаммасини Семеркантга жўнатди, у ерда унинг ўн саккизта улкан саройи бўлиб, уларнинг барчаси бойликларга шу қадар тўлаки, ҳеч бир инсон уларнинг таърифини қилиб адо эта олмайди.
XIII. Темурбейнинг очиқкўнгиллилиги ва шафқатсизлиги хусусида
У шароб ичганида меҳрибон ва очиқкўнгил бўлиб қолади; бироқ бундай ҳолат жуда кам бўлади, яъни у жуда кам шароб ичади. Алқисса, у ғазаб отига минмаган пайтларида адолат юритади: адолатининг шиори учун ўз тамғасига форс тилида «адолат» сўзини икки марта («Рости — русти») ёздирган. У ўз дўстлари ва элчиларга, айниқса, узоқ ўлкалардан келган элчиларга етарлича очиқкўнгиллилик қилади; бошқаларга нисбатан, яъни ўзига қарши бирор иш қилган ёки амрига қарши борганларга нисбатан у ўта шафқатсиз; уни айбдорларнинг на туриш-турмуши, на насл-насаби ва на дини-иймони қизиқтиради.
XIV. Темурбейнинг ҳаёти ва унинг халқи хусусида
Темурбейнинг турмуш тарзи ва халқи ҳақида шундай дейиш мумкин: у ҳар доим очиқ далада ҳарир шоҳи чодир остида умр ўтказади; зеро. унинг халқи шунчалик кўпки, уларнинг барчаси шаҳарда яшай олмайди. Бироқ уларга зарур барча нарсалар худди шаҳарлардагидек бу ерга олиб келинади, сотилади ва харид қилинади; бу ерга узоқ ўлкалардан озиқ-овқат маҳсулотларини олиб келувчи савдогарлар жуда кўп, бу ерда паррандалар, бошқа турфа хил маҳсулотлар ва ҳатто қуллар ҳам сотилади. Темурбейнинг одамлари жуда қимматбаҳо нафис шоҳи матолар ва ҳарир жун матолардан кийим киядилар. Улуғлари эса, Константинопол императори каби бош кийим киядилар, мартабалари қанчалар баланд бўлса-да, бош кийимларига қимматбаҳо тошлар қадамайдилар ва айримлари туркларга ўхшаб думалоқ кокилез киядилар.
Темурбейнинг фуқаролари саранжом-саришта одамлар, улар ерда – стол ва курсисиз овқатланишади. Бу ерларда гўшт ва гуруч сероб, улар мутлақо нон ейишмайди, улар нонни ёқтиришмайди, бироқ ажнабийлар тўйгунларича нон ейишлари мумкин, зеро, ҳар қадамда нон мўл.
Унинг саройида шароб ичиш таъқиқланган, насронийлар эса, ичишлари мумкин, у ҳам бўлса, фақат кечки овқат олдидан, овқатдан сўнг сув ва қимиз ичилади, бир қимизки, шаробдан кам кайф бермайди. Уларнинг донли экинлардан тайёрланадиган яна бошқа бир ичимлиги бўлиб, унинг (бўзанинг) ранги сутдек оппоқ ва шаробдек кайф беради.
Унинг саройида номуссиз аёлларнинг яшаши таъқиқланган, ҳар кимнинг ўз хотини ва мол-мулки бор. Аёллар эркаклар каби моҳир чавандоздирлар, улар яхши кийиниб оладилар, отда юрганларида фақат бурунлари ва кўзлари очиқ бўлади. Одамларнинг юзлари кенг ва осиёликларга хос, ҳамма қатори яшашади ва улар сарацинлар (мусулмон сунналар) мазҳабидандирлар.
Темурбей зиёфатларда тилла, кумуш идишларда овқат ейди ва ўз олдидаги гўштни вассаллари, шаҳзодалар, зодагонлар, элчилар билан баҳам кўради; ҳамма ерда ўтириб овқатланади. Агар ўзи чақирмаса, унинг ёнига боришга ҳеч ким журъат эта олмайди. Унинг ўғиллари ва беклари ҳам русхсатсиз унинг ёнига бориб ўтирмайдилар.
XV. Темурбейнинг ўз асирларига муносабати хусусида
Агар у бирор ўлкани забт этишни ихтиёр этса, қора рангли туғини кўтаради ва унинг аскарлари ўша ўлкани забт этишга отланадилар, эгалланган ўлкалардан турли хирож ва бойликлар йиғилади. Шуни унутмаслик керакки, улар насронийларга ҳам, мусулмонларга ҳам бирдек муносабатда бўладилар.
XVI. Темурбейнинг муҳораба ҳақидаги фармонлари хусусида
У фармон бериши у ёқда турсин, имо қилиши биланоқ ҳар ким нима қилиш зарурлигини яхши билади. У ўз қўшинини мингликларга, юзликларга ва ўнликларга бўлган; унинг амрига итоат этмаганларнинг боши кетади.
У қўшинда қатъий тартиб ўрнатган: кимда-ким жангда олд томонидан жароҳатланса, унга катта эҳтиром кўрсатилади; жангда орқасидан жароҳатланган кимса эса жазоланади. У жасур ва мардларни кўп иззатлайди, уларга катта туҳфалар қилади.
У ўзидан кучли ғанимларга қарши жангга кириш олдидан лашкарларини шу қадар пухта жойлаштирадики, ҳеч нарса назаридан четда қолмайди; сўнг у ғаними ўз ҳушёрлигини бой беришини пойлайди ва шу заҳотиёқ унинг устига кутилмаганда зарба бериб, истеҳкомларини вайрон қилади. У қисқа муддатда узоқ йўлни босиб ўта олади, пухта изланишлар ва доно фармонлар ила ўз лашкарларини катта талофатлардан сақлайди. Мухтасар қилиб айтганда, у шу пайтгача барча муҳорабаларда зафар қучган, ҳеч ким унга қаршилик кўрсата олмаган.
Темурбей Туркия ва Арманистон ўртасида жойлашган Туркка (Йилдирим Боязид) қарашли катта шаҳар Сабастр(Сивос)га борганида ҳам худди шундай бўлган. У мазкур шаҳар қаршисида ўн бир кун турди, шундан беш куни ичида қалъа деворлари ёнида шундай бир минора қурдирдики, ундан бутун шаҳар яққол кўриниб турарди. У қон тўкмасликка сўз берганидан кейин шаҳарликлар таслим бўлдилар…
Ундан сўнг Темурбей жуда катта дарё бўлган Евфрат (Фрот) дарёси бўйига борди; у ерда беш кун ичида зарур кема ва қайиқлар ясаттириб, икки ярим кун ичида бир ярим миллион кишидан ортиқроқ лашкарини дарёнинг нариги қирғоғига ўтказди. Дарёдан ўтиб, у баланд тоғ устида жойлашган Ҳалаб шаҳри деворлари ёнига етиб борди ва шаҳар ичкарисида султоннинг кучли қўшини жойлашганидан хабар топгач, қалъани қаттиқ курашсиз қўлга кирита олмаслигига кўзи етди. Шу алфозда Темурбей уч кун шаҳар қаршисида туриб қолди ва тўртинчи куни лашкарининг катта бир қисмини олиб Ҳалабдан икки лйе (чақирим) узоқликдаги баланд тоғ ортига ўтди ва ўғлини 30 минг аскар билан шаҳар қаршисида қолдириб, агар султон кучлари унга хужум қилса, бир оз жанг қилиб, сўнгра чекинишни буюрди. Ўғли ҳам уч кун давомида отаси айтганича иш тутди: султон қўшинлари унга қарши жанг бошласа, у бир оз курашган бўлар ва сўнгра чекинарди; тўртинчи куни ўртада катта жанг бўлди ва ўғил одатдагидан узоқроққа чекинди, султон лашкарлари уни шунчалик узоққа қувлаб бордиларки, тоғнинг ортида бекиниб турган Темурбей фурсатдан фойдаланиб ғаним қўшини билан шаҳар деворлари ўртасидаги жойни эгаллади ва султоннинг ўн тўрт минг аскарини ўлдирди, сўнг шаҳарни эгаллади.
Темурбей бу ердан Дамашққа йўл солиб, шаҳарни қамалга олди ва у ерда ўн бир кун турди; шаҳар деворларининг остига кўп миқдорда портловчи моддалар қўйдиртирди, буни кўриб узоқ қаршилик кўрсата олмасликларига кўзлари етган шаҳарликлар таслим бўлдилар. Темурбей билан бирга бўлган савдогарларнинг айтишича, у ўз юртига саккиз юзта туяда тилла ва кумуш, қимматбаҳо тошлар ва бошқа нафис безак буюмлари жўнатди.
Дамашқдан у Эрондаги буюк халифа(Аҳмад Жалойир)нинг Бодаш (Бағдод) деган ўлкасига йўл олди ва Бодаш шаҳри қаршисида тўхтаб, у ерда қирқ кун қолиб кетди: зеро, шаҳар деворларини айланиб чиқиш учунгина икки кечаю икки кундуз керак бўлади. Шаҳарликлар қайсарлик қилдилар, лекин уларнинг қайсарликларини синдирдилар: Темурбей шаҳарни куч ишлатиб қўлга киритди ва бу ерда беадад бойликларни қўлга киритиб, ватанига жўнатди.
XVII. Эдигни исмли императорнинг Темурбейга қилган хиёнати хусусида
Темурбей, чамаси, бундан икки йил бурун Мўғулистоннинг Эдигни (Идику барлос) исмли императорига ўз элчиларини йўллаганди. Оқ мўғулларнинг мазкур ҳукмдорининг бош шаҳри Соркате (Судак) Кафа(Одесса)дан 18 чақирим нарида жойлашган бўлиб, унинг лашкари юз эллик минг суворийдан иборат эди. Элчилар ўша ҳукмдорнинг қизини Темурбейнинг ўғли учун сўрашди, ҳукмдор рози бўлди; бироқ у узр сўраб, қизини Темурбейдек қудратли ҳукмдорнинг ўғлига узатиш учун зарур тақинчоқлар ва сармояси камлигини баҳона қилди ҳамда элчилардан ўз ҳукмдорларидан келинни ясатиш учун керакли зеб-зийнат буюмлари юборишини ва унинг (келиннинг) истиқболига саройидаги энг нуфузли кишиларни жўнатишини илтимос қилишларини сўради. Элчилар унинг илтимосини Темурбейга етказдилар. Элчиларнинг ҳисоботини эшитиб Темурбей бағоят шод бўлди, шу заҳотиёқ тилла, кумуш, жавоҳир ва қимматбаҳо шоҳи матолар ортилган йигирма беш туя, саройидаги энг юқори лавозимдаги саккиз баронни (аъённи) Қипчоққа жўнатди.
Карвон Эдигнининг ҳузурига етиб боргач, у тилла, кумуш, жавоҳирлар ва бошқа молларни қабул қилди, аъёнларни эса банди қилиб, пулларини тортиб олди, аммо Темурбейга қизини жўнатмади. Темурбей дунёда ҳеч ким мени бу қадар алдамаган, деб шунчалар изтироб чекдики, ҳеч ким бу ҳолга тушган эмас; у умрида бунчалик куюнмаганини айтиб, бунинг учун ўч олмагунча тинчимаслигини билдирди.
Темурбей ҳозиргача амалга оширган ишларидан кўпроқ иш қилиши мумкин эди, бироқ у ўзидан ҳам катта ҳукмдор бошқараётган Форс(Эрон)дан йироқлашиб кетишга журъат эта олмаяпти. Бу ҳукмдорнинг қудрати унинг қудратидан бир ярим-икки баравар кўп бўлиб, исми Тамирасак (бу ерда архиепископ кимни назарда тутаётганини била олмадик), Маласан ҳукмдоридир. Бу ерда аҳвол шу даражага бориб етганки, Темурбей расман у ўлканинг ҳам ҳукмдори ҳисобланса-да, асл хўжайини Тамирасакдир. Баъзиларнинг айтишига қараганда, агар ул иккиси бир бўлсалар, бутун ер юзини забт этишга кучлари етар эмиш.
XVIII. Темурбей Буюк Туркни қандай маҳв этгани ва банди қилгани хусусида
Лашкарларининг сони ва мардлиги жиҳатидан қудратли бўлган Темурбей баталйонларини (фавжларини) тепаликлар ва дараларга яқин жойда тартибга солди; уларнинг ортига ўзининг энг катта баталйонини ва яқинларини қўйди. Рақибига етарлича қаршилик кўрсата олишига ишонган Турк (Йилдирим Боязид) лашкарларини тўрт баталйонга бўлди; ғанимга яқинлашиб унинг лашкарларидан қўрқиб кетган туркларнинг биринчи баталйони сардори ўз қўл остидаги барча аскарларини олиб қочишга тушди; Турк буни кўриб уларни ортига қайтармоқчи бўлди, бироқ баталйон сардори унинг амрига қулоқ солмади ва кўздан ғойиб бўлди.
Шундан сўнг Турк иккинчи баталйонини жангга ташлади, бу қисм жон-жаҳди билан жанг қилди, бироқ Темурбейнинг лашкарлари кўрсатган жасорат туфайли туркларнинг жуда кўп аскарлари, ҳисоб-китобларга қараганда, ўн беш мингдан зиёди ҳалок бўлди. Навбат Туркнинг учинчи баталйонига келди. Бу қисмда унинг ўғиллари ҳам жанг қилдилар ва аксарияти ҳалок бўлди, қолганлари қочмоққа тушди. Буни кузатиб турган Турк тўртинчи баталйонини жангга ташлаб, унга шахсан ўзи қўмондонлик қилди. Бироқ ҳалокатга учраганини сезгач, қочмоқчи бўлди, лекин қоча олмади. Зеро, уни Темурбей аскарлари тўла қуршовга олган эди. Шу алфозда у июлнинг йигирма саккизи, жума куни соат йигирма тўртда қўлга олинди. Аниқ ҳисоб-китобларга кўра, бу муҳорабада иккала томондан қирқ минг киши ҳалок бўлди; Темурбейга нисбатан Турк кўпроқ қурбон берди.
Жуда кўп турклар қочиб қутулдилар, хусусан, Туркнинг икки ўғли ярим тунда қурол-яроғсиз ва кийим-бошсиз қип-яланғоч қочдилар. Темурбей лашкарларининг катта бир қисмини Туркнинг бош шаҳри Бурсага жўнатди; қалъа олингач, тоби қочган Туркнинг хазинасини қўлга киритди; бу хазинани ҳамда кўпсонли хизматкорлар ва қулларни Семеркантга жўнатди. Шундан сўнг у бутун Туркияни ишғол этишга киришди, Темурбейга иттифоқдош бўлган айрим ҳокимларга қарашли ўлкалар бундан истисно эди. Туркнинг тўнғич ўғли Юнонистонга ўтиб кетди, у ҳозир ҳам ўша ерда иззат-ҳурматда; кенжа ўғли Туркияда ва Темурбей унинг изидан қувиб юрибди. Бу нима билан тугашини Худо билади. Тангрининг иродаси Темурбейдан бошқа бирор тирик жонга аён эмас.
XIX. Темурбейнинг салтанати ва шаҳарларидаги тартиб-қоидалар хусусида
У ўз фуқароларига бир қанча солиқ ва тўловлар жорий этган бўлса-да, ажнабий тужжорларга катта эътибор кўрсатади ва уларни, айниқса, фаранглар ва насораларни рағбатлантиради, салтанати ҳудудида уларнинг хавфсизликларини таъминлайди. У кўп масканларда олинадиган жон ва туз солиқларини бекор қилди ва бу солиқлар фақат йирик шаҳарларда олинсин, деб фармон берди. У салтанатининг барча ҳудудларида тужжорлар ҳаётига хавф соладиганларга шафқатсиз жазо тайинлади: тужжорларни талаган ўлка аҳли унга (тужжорга) таланган мол қимматини икки баробар қилиб қайтаради ёхуд салтанат хазинасига тужжор йўқотган мол-мулк қимматининг беш баробари миқдорида жарима тўлайди.
Барча аҳоли масканларида унинг масъул кишилари бор ва у адолатга қатъий риоя этади ҳамда жиноят қилган ҳар қандай кимсага, кимлигидан қатъи назар, шафқат қилмайди: кичик бир жинояти учун каттаю кичик амалдорларга шу заҳотиёқ жазо тайинлайди; жазо асосан жарима шаклида бўлади: айбдорлар катта миқдорда жарима тўлайдилар. Унинг амалдорлари жуда бой ва тўқ яшайдилар, шу боисдан улардан катта пул ундирилади. Бу пуллар нақ юз хачирга юк бўлади ва улар ҳар йили катта байрам учун сарфланади. Барча шаҳарлар ва ўлкалар ҳар йили даромадларининг ўндан бири ёки чорагини салтанат хазинасига топширадилар. Бу иш билан унинг ғазначилари ва нозирлари шуғулланади.
Темурбейнинг ўзи шахсан ҳеч кимга озор бермайди ва у шундай қилган одамларни қаттиқ жазолайди. Зеро, у сафарда юрган пайтида кўплаб адолатсизликлар бўлиб туради. Шаҳарлар ва ўлкаларни унинг ўғиллари, жиянлари ва аъёнлари бошқаради. Унинг нақд пулда маош бериш одати йўқ, бироқ у ўз аъёнларига ер-мулк беради ва бошқа туҳфалар қилади. У ўз фармонларига барча ерда сўзсиз итоат этилишини истайди ва ажнабийлардан кўра кўпроқ ўз фуқароларидан ҳадиксирайди.
XX. Темурбейнинг душманлари бўлмиш айрим қудратли императорлар хусусида
Темурбейнинг асосий рақиблари Шарқдадир. Бу энг аввало Катай(Хитой)нинг буюк императоридир. У камарли насронийлар мазҳабидан бўлиб, куч-қудратда Темурбейга тенг ёхуд ундан зиёдроқ. Унинг иккинчи рақиби Форс императори (Султон Аҳмад Жалоирий) бўлиб, у бундан ўн беш йил илгари Темурбейдан зўрға қочиб қутулган. Ҳозир Бадаш ва Калдея(Ироқи Араб)нинг қолган қисмларига ҳукмронлик қилади. Унинг яна бир рақиби Миср султони. Мўғулистонлик Эдигни эса, унинг асосий душманидир. Зикр этилганлардан кейинги учтаси сарацинлар мазҳабидан. Темурбейнинг яна бошқа душманлари ҳам бор. Улар ундан қўрқадилар ва унинг ўлимини кутадилар. Улар ўзларича башорат қилишиб, Темурбей Қоҳирада мағлубиятга учрайди ва ҳалок бўлади, деб ўйлашмоқда. Темурбей, аксинча, бунга ишонмайди ва ҳали яна узоқ умр кўраман, дейди.
XXI. Темурбейнинг ҳузуридаги шоҳ ва шаҳзодалар хусусида
Энг аввало, Мўғулистон императори у билан бирга. У кўнгли нимани хоҳласа, шуни қилади. Маластан қироли, Коросан қироли, кўп мамлакатлар ва ўлкаларнинг ҳукмдорлари, шаҳзодалари ҳамда бир қанча кичик ҳукмдорлар унинг ҳузуридалар. Шоҳ Алдин ҳам унинг ёнида, бироқ ундан қочиб юради. Форс императорининг икки ўғли ҳам унинг ёнида(шоҳ Шужоънинг Шибли ва Зайн ал-Обидин исмли ўғиллари). Гургония императорининг укаси шоҳ Бокаран (Баҳром) ҳам унинг ҳузурида. Темурбей забт этган барча вилоятлару ўлкалар ҳокимларининг тўнғич ўғиллари ва ўлка ноиблари ҳам у билан бирга; илм-фан, хусусан, астрология, медицина ва нигромания (қорамагия)нинг энг кучли олимлари ҳам унинг ҳузурида: у илмли ва яхши оиладан чиққан инсонларни кўп эъзозлайди. Темурбей улар билан савол-жавоб қилишни хуш кўради. У зикр этилган инсонларнинг барчаси билан яхши муносабатда бўлади ва ҳурмат-эҳтиром кўрсатади. Узоқ ўлкалардан келган элчиларга ҳам худди шундай муносабатда бўлади. Шунга қарамай, улар ўзларини эмин-эркин ҳис эта олишмайди: зеро, унинг ёнида бой-бадавлат юришдан кўра, ундан узоқроқ туриб, қашшоқликда яшашни ихтиёр этувчи шоҳлар ва шаҳзодалар ҳам учраб туради. Буюк Турк ҳам унинг ёнида, унга катта ҳурмат-иззат кўрсатилмоқда.
XXII. Темурбейнинг имон-эътиқоди ва унга қилинган башоратлар хусусида
Темурбей ўз эътиқоди бўйича сарацин бўлиб, ўз динига амал қилмайдиганларни жазолайди, ҳам қийнайди. У илгари насронийларни яхши тушунмас ва хуш кўрмасди. Мана энди, Султония архиепископи биродар Жанни ва доминикан мазҳаблик биродар Франсуани кўрганидан — бизнинг эътиқодимизга ишонч ҳосил қилганидан кейин у ўзининг хатосини англаб, қаттиқ таъсирланди. У насронийларга хайрихоҳлик қилади ва эҳтиром кўрсатади, хусусан, лотинларга, яъни французларга бирор ёмонлик қилмайди; уларга ўз салтанатида эмин-эркин юришлари учун йўл берган. Айниқса, савдогарларга ўз эътиқодларига риоя қилишлари, черковларга бориб ҳамма насронийлар бажарадиган амалларни бажаришлари учун барча шароитларни яратган.
У ўз дини талабларидан келиб чиқиб, кунига беш маротаба худога муножат қилади ва қаерда бўлишидан қатъи назар, сарацинлар учун лозим бўлган барча амалларни бажаради. У тушида тез-тез фаришталарни кўришини ва уларнинг ўзига қилган башоратларини айтиб юради; бу дунёда нимаики иш юз берса, бариси худонинг иродаси билан содир бўлишини айтади. У кунлардан бир куни тушида фариштани кўрганини сўзлаб берди: эмишки, унинг қаршисида ердан осмонгача етган нарвон турганмиш, тепада фаришта пайдо бўлиб, уни ўзи томон чорлармиш: «Ўрнингдан туриб, нарвонга чиқ», – дебди унга фаришта. Темурбей фаришта айтганини қилиб, қирқинчи зинага кўтарилибди. Шунда фаришта унга: «Энди пастга туш», — дебди. Темурбей пастга тушибди. Шундан сўнг у бу тушнинг таъбирини сўрабди. Тушнинг таъбири қуйидагича экан: у бутун ер юзини эгаллаб, қирқ йил давомида соғ-омон ҳукмронлик қилар эмиш.
Ўзининг айтишича, у одамларнинг фикрлари ва режаларини олдиндан билиб олар эмиш, буларни унга фаришталар маълум қилар эмиш. У кекса эркак ва кекса аёлларга чуқур иззат-эҳтиром кўрсатади, уларга катта ҳадялар беради, унинг саройида ҳеч ким аёлларга, хусусан, энагаларга қарши бирор сўз айта олмайди. У жуда яхши тарбия кўрган, зеро, ажнабийларнинг ҳар бирига уларнинг мавқеи ва мансабига мос равишда иззат-эҳтиром кўрсатади.
XXIII. Темурбейнинг ёши ва соғлиги хусусида
Унинг ёши олтмиш-олтмиш беш атрофида ва у ўттиз йилдан бери ҳукмдорлик қилиб келмоқда. Ўтган давр мобайнида у шунчалик ғаройиб ишларни рўёбга чиқарганки, уларни ёзиб адо этиб бўлмайди. У ўрта бўйли, чеҳраси мўғулона, испанча соқолига оқ оралаган ва қомати тик инсон. Бироқ унинг ўнг қўли ва ўнг оёғи мажруҳ бўлиб, уларни даволаш мумкин эмас, зотан, томирлари кесилган. У ёшлигида лашкарларини ўзи жангга бошлаб кирарди: моҳир чавандоз эди, аммо энди, баъзан, икки отга ўрнатилган ўриндиқда сафар қилади ва шундай қўриқланадики, ўзи чақиртирган одамдан бўлак ҳеч ким унга яқинлашишга журъат эта олмайди. Темурбейнинг амри шу эрур.
Темурбей ёқтирадиган нарсалар хусусида
Энг аввало, унга қуйидаги нарсалар ёқади: буғдойранг, қирмизи ва алвон, оқ ва оч-яшил, худди Ренс(Франциядаги шаҳар)да тайёрланадигандек нафис тўқима матолар, маржон шодалари, биллур тошлар, тилла ва кумуш идишлар, худди Франциядаги каби ишлов берилиб, зумрад тошлар билан безатилган идишлар, тоза Кипр камлоти(пишиқ жун газламаси), ғаройиб балиқ тишлари, Франциядаги каби курсилар, Франциядагидек қимматбаҳо гиламлар, хушбўй ва мазали зираворлар, дунёнинг турли бурчакларидан келтирилган зотли бақувват отлар, катта итлар ва Испаниядаги каби катта хачирлар. Бироқ ундаги бу нарсаларнинг санаб саноғига етиб бўлмайди.
Француз тилидан Баҳодир Эрматов таржимаси.
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2005 йил 20-сонидан олинди.