Чор Россияси истилочилари 1877—1878 йиллари рус-турк уруши билан банд бўлишига қарамай, 70-йилларда Хивани забт этгач, асосий кучни Туркманистонни, Аклтака водийсида жойлашган Динглитепа ва Кўктепа қалъаларини босиб олишга қаратдилар.
Босқинчи рус генераллари Скобелев, Ломакин, Головачев, Лазерев, Гродеков, Куропаткин, Фон Кауфмандан иборат ҳарбий қўшин аввал катта куч билан Динглитепа қалъасига ҳужум қилади. Туркман ҳимоячиларининг қаттиқ қаршилигига учраган рус босқинчилари Кавказ томон чекинишга мажбур бўладилар. Лекин истилочилик режаларидан воз кечмаган оқ империянинг каллакесар генераллари бир йил ўтгач, 1879 йилнинг 28 августида катта ҳарбий куч билан яна Динглитепа ва Кўктепага ҳужумга ўтадилар.
Қалъа ҳимоячилари — туркман халқининг ботир ўғлонлари Тиқма Сардор, Кочар Сардор, Муродхон Сардор, Маҳтумқулихон, Нурбердихон сардорлар бошлиқ ёвмутлар, такатуркманлар рус босқинчиларига қақшатқич зарба берадилар. Империя босқинчилари иккинчи марта мағлубият аламини тотадилар. Ватанпарвар, ботир туркман халқининг қақшатқич зарбасига учраган, катта талафотлар кўриб мағлуб бўлган босқинчи генераллар, зобитлар рус подшосидан қўшимча ҳарбий ёрдам: аскар, қурол-аслаҳа, ҳарбий мутахассислар сўрашади. Шу алпозда чор Россияси босқинчилари яна икки йил зўр тайёргарлик кўрадилар. Туркистон эли эса душманга қарши курашда ўзаро бирлаша олмайди. Босқинчилик урушларида бағритошлиги, ваҳшийлиги билан донг таратган генерал Скобелев бошчилигида Ломакин, Головачев, Куропаткин каби генераллар қўл остидаги минг-минглаб рус, казак зобитлари ва аскарлари ҳар томонлама қуролланиб, туркманлар юртига, энг аввало Динглитепа, Кўктепа қалъаларига яна ҳужум қиладилар. Душман Қўқон, Хива хонликларини яккалаб енгади. Уларнинг бирлашишларига, ўзаро ёрдамлашишларига йўл қўймайди. Чор генерали Ломакин 16 ярим батарея, 20 та юзлик эскадрон. 20 тўп-замбарак қурилмаси билан, иккинчи бир рус генерали Куропаткин эса 540 пиёда рус, 318 казак аскарлари, 2 тоғ тўпи, 2 ракета қурилмаси билан бирлашади. Ҳар иккала генерал қўл остидаги аскарлар, қуролли кучлар генерал Скобелевнинг умумий қўмондонлигида 45 та рота, 11 эскадрон, 74 тўп, 11 та ракета қурилмаси, 8000 рус ва казак аскарлари билан 40 мингдан зиёд туркман ҳимоячиларига қарши даҳшатди уруш бошлайдилар. Босқинчи душман ҳужумига қарши етти яшардан етмиш ёшгача бўлган жамики туркман ботирлари Ватан ҳимоясида турадилар. Аслида империя шунчалик катта ҳарбий кучи билан ярим Европани забт этиши мумкин эди. Лекин Кўктепа қалъасини 6 ойгача ололмагач, чор босқинчилари ҳийла ишлатишга ўтадилар. Улар ҳимоячилар кузини шамғалат қилиб, қалъа девори остига лаҳм қазиб боришади ва жуда кўп миқдорда портловчи модда жойлаб, ярим тунда портлатадилар. Душман билан қўрғон ҳимоячилари ўртасида мисли кўрилмаган жанг бўлади. Рус босқинчиларига қарши турган 40 мингдан зиёд ботир ҳимоячининг 20 мингдан ортиғи жангда ҳалок бўлади, кўплари яраланади.
Шу тариқа 1881 йил 12 январда Динглитепа ва Кўктепа қалъалари чор Россияси истилочилари томонидан забт этилади. Генерал Скобелевнинг фармони билан рус казак-аскарлари ғалабани уч кун шодиёналик билан нишонлайдилар. Рус ҳарбий тарихчилари ва маҳаллий тарихчилар, жумладан, Муҳаммад Юсуф Баёнийнинг ёзишича, оқ подшо босқинчилари қалъа ичида тирик қолган ҳимоячиларни ҳам битта қуймай қилич дамидак ўтказганлар. Чор босқинчилари бутун туркман элини вайрон этиб, мулкини талон-торож қилганлар. Халқнинг барча бойликлари, чорва моллари, отлари, туялари, ўликларнинг тақинчоқлари ва ҳатто итларигача Санкт-Петербургга олиб кетилади. 5 мингга яқин маҳаллий хотин-қизни зўрлаб босқинчилик урушидан маст-аласт кайфу сафода бўлган рус, казак зобитлари ва аскарларига тортиқ қиладилар. Кўктепа босқини мисли кўрилмаган ваҳшийлик бўлганлиги тўғрисида рус ҳалқининг илғор вакиллари, жумладан, Лев Толстой ҳам чексиз ғазаб ва нафрат билан ёзган. Ҳатто Совет ҳокимиятининг дастлабки даврларида бу ошкора эътироф этиб келинди. Масалан, 1931 йилда Москвада чоп этилган «Кичик совет энциклопедияси»нинг 897—915-бетларида қонхўр жаллод Скобелевнинг қилмишлари шундай таърифланганди: «Туркистон истилоси ақлга ва ҳаёлга сиғмас даражадаги бир зулмлар шаклида содир бўлди. Масалан, Кўктепа ишғолидан кейин халқ мудофаачиларидан мингларчаси генерал Скобелев амри билан қиличдан ўтказилди. Шаҳидлар сони бир неча ўн минглаб бўлган». Бу хил бадбахтлик, қотилликдан сўнг, 28 январда Ашгабад жангсиз олинади. Мана сизга «оқ империя»нинг Шарқ халқларига, жумладан, Марказий Осиё—Туркистон ўлкасини зўрлик билан эгаллаш бобида кўрсатган ҳарбий сиёсатидан бир шингил қонли тафсилот. Шуниси таажжублики, чор Россиясининг манфур босқинчилари Куктепа қалъаси олинган 1881 йил 12 январь кунини ғалаба байрами сифатида нишонлаб келганлар.
СССР номли қизил империя парчаланиб, қардош туркман халқи 1991 йилда мустақилликни қўлга киритганидан буён ўша аянчли 12 январь ҳар йили миллий хотира куни сифатида нишонланиб, шаҳидлар хотираси ёд этиб келинмоқда. Кўктепа қалъаси ўрнида Она-Ватан фидойиларига бағишлаб ёдгорлик ўрнатилди, гўзаллиги, сиғими жиҳатидан ақлни лол қолдирадиган жомеъ масжиди бунёд этилди.
Бутун Туркистон, жумладан ҳозирги Ўзбекистон ҳудудидаги қатор шаҳар ва қишлоқларда ҳам бундай қурбонлар жуда кўп бўлди. Умуман олганда, жуда юзаки, тўлиқ бўлмаган маълумотларга қараганда, бутун Ўрта Осиёда халқимизнинг 500 мингдан ортйқ асл фарзандлари чор Россияси жаллодлари қўлида жон берган. Бироқ биз фидойи фарзандларимиз хотираларини абадийлаштиришни ўйлаётганимиз йўқ.
Академик Бўрибой Аҳмедов «Ўзбеклар» мақоласида ёзганидек, оқ подшонинг Туркистондаги маъмурияти ва рус саноатчилари миллатфуруш маҳаллий феодалларнинг кўмагига таяниб, ўлканинг заҳматкаш, мўмин халқинн беармон талаган. Муаллифнинг таъкидлашича, Туркистоннинг келажаги 1886 йили қабул қилинган «Туркистон ўлкасини бошқариш тўғрисида низом» билан белгилаб берилган. Чор Россияси маъмурияти тез орада Туркистонда қуйидаги тадбирларни амалга оширди:
1. Ўша пайтларда Россия қишлоқларида вужудга челган қийинчиликларни бартараф қилиш ва деҳқонларнинг ғалаёнларини бостириш мақсадида ўта «тиниб-тинчимас» рус деҳқонларининг бир қисмини Россиянинг ички туманларидан Туркистон ўлкасига кўчирдилар. Улар асосан ўлканинг Еттисув, Сирдарё ва Фарғона вилоятларига олиб келиб жойлаштирилди. Маҳаллий деҳқонлар азалдан фойдаланиб келган ерлар мажбурий тортиб олинди, яъни экспроприация қилинди ва кўчиб келганларга тақсимлаб берилди. 1891 йилга келиб Сирдарё вилоятида, Авлиёота ва Тошкент уездларида 19 та рус қишлоғи (аҳолиси 1238 киши) ташкил этилди, 1896 йили Хўжанд уездидаги 6 та рус қишлоғида 1000 га яқин рус яшарди. Шаҳарлар ҳам руслаштирила бошланди. Масалан, инқилобдан аввалги Тошкентнинг бир қисмига рус аҳолиси жойлаштирилди, улар учун Марғилоннинг ёнгинасида Скобелев (ҳозирги Фарғона) шаҳри бунёд этилди.
2. Туркистон ўлкасининг шаҳарларида Россия саноат корхоналарининг, асосан тўқимачилик фирмаларининг махсус ваколатхоналари, агентликлари, омборхоналари ташкил этилди. Улар олдига Туркистонда Россия саноати учун зарур хом ашё (пахта, пилла, жун, тери ва ҳоказо.) йиғиш, Россия корхоналари ишлаб чиқарган газлама ва бошқа молларни пуллаш вазифаси қўйилган эди.
3. Россия саноатининг эҳтиёжларини қондириш ва бошқа ҳарбий-сиёсий мақсадларни кўзлаб Туркистонда шитоб билан темир йўл ва саноат қорхоналарини қуриш бошланди.
1906 йили Оренбург Тошкент билан боғланди, фақат 1900—1910 йиллар орасида ўлкамизда 233 корхона қурилиб, ишга туширилди. Булар асосан пахта тозалаш, пиллакашлик, кўнчилик, ёғ-мой ишлаб чиқарўвчи заводлар эди. 1914 йилга келиб бундай завод ва фабрикалар сони қарийб икки баравар ортди, яъни 425 тага етди. Бу корхоналарнинг кўпчилиги рус за чет эл капиталистларига қарар эди.
4. Чор ҳукумати Россия тўқимачилик корхоналари тараққиётининг муҳим хом ашё манбаи ҳисобланган пахтачиликни ривожлантиришга алоҳида эътибор берди. Бунинг учун энг аввало қадимдан экиб келинаётган жайдари ғўза ўрнига пахтанинг серҳосил Америка навлари жорий этилди. Бундан ташқарн, пахта майдони тез суръатлар билан кенгайтирилди. Масалан, бу экин экиладиган ерлар 1900—1915 йиллар орасида Фарғона вилоятида 188 минг 400 десятинадан (бир десятина 1,09 гектарга тенг) 250 минг десятинага, Самарқанд вилоятида 17 минг десятинадан 29 минг 300 десятинага, Сирдарё вилоятида 15,5 мингдан 67 минг десятинага, Туркистон ўлкасида ҳаммаси бўлиб 346 минг 100 десятинадан 496 минг 100 десятинага кўпайди. Пахта аста-секин бошқа экинларни суриб чиқара бошлади. Масалан, 1885 йили Фарғона вилоятида пахта экин майдонларининг фақат 14 фоизини ташкил этган бўлса, 1913 йнлга келиб 44 фоизга етди. Шу давр ичида маккажўхори экиладиган майдонлар 22 фоиздан 11 фоизгача, беда 15 фоиздан 8 фоизга, шоли 16 фоиздан 7 фоизга тушиб қолди (қаранг: «Мулоқот» журнали, 1991, 1-сон, 59—60-бетлар). Тарихчи олимларимиздан Б. Аҳмедов, А. Асқаров, Ҳ. Зиёев, Р. Шамсутдинов, Ҳ. Содиқов, И. Ҳабибуллаев, Ш. Каримов, Ф. Жумабоев, Ҳ. Бобобеков кабиларнинг қатор ишлари қишлоқ хўжалигида «пахта яккахонлиги» тарихига бағишланган. Заҳматкаш олим Ҳайдар Бобобеков Қўқон хонлиги давридаги халқ ҳаракати ва унинг ижтимоий-иқтисодий оқибатларига бағишланган ажойиб китобида («Народнне движения в Кокандском ханстве и их социально-экономические предпосылки», Т., 1990).
Россия империясининг Ўрта Осиёга юриши фақат халқ бойликларинигина эмас, балки маънавий бойликлар, ўтмиш осори-атиқалари ва қадимий Улуғ ипак йўлини ҳам вайронага айлантирганлигинн ишончли мисоллар асосида кўрсатиб берган. Масаланинг бу томонларини миллатпарвар адибларимиз М. Беҳбудий, М. Абдурашидов, Фитрат ва Чўлпон ҳам ўз асарларида кенг ёритганлар. Инқилобдан кейинги даврларда ва ҳатто 20—40-йнлларда нашр этилган тарих китобларида, дарсликлар ва барча адабиётларда Ўрта Осиё чор Россияси томонидан босиб олннганлиги ва унинг мустамлакасига айлантирилганлиги тўғрисида кўп айтилган ва ёзилган эди. Бироқ 50-йилларнинг иккинчи ярмига келиб «пардали» дипломатия, қорани оқ, оқни қора деб айтиш йўлига ўтиб олинди. Натижада узоқ йиллар давомида Ўрта Осиё Россияга ихтиёрий равишда қўшилган деган бемаъни, ёлғон гапларни айтиб ва ёзиб келдик. Совет тарихчи олимлари замонасозлик билан бор ҳақиқатни очнқ-ойдин айта олмай, инсоф-диёнатга хилоф равишда бор тарихий ҳақиқатни яширдилар ёки бузиб кўрсатдилар.
Мажид Ҳасанийнинг “Юрт бўйнидаги қилич ёки истило” (Тошкент. «Адолат». 1997) китобидан олинди.