Темур Ширинов. Самарқанд — дунё гавҳари

Римнинг тенгдоши бўлган Самар­қанд дунёнинг энг кекса шаҳарлари Афина, Вавилон, Фивалар қаторида туради. Марказий Осиёда унга тенгдош бош­қа шаҳар йўқ. Самарқанд тимсолида тарих ва ҳақиқат, афсона ва ривоятлар уйғунлашиб кетган. Алломалар Самарқандни “Ер юзининг сайқали”, “Нур таралиб тургувчи нуқтаси”, “Мусулмон дунёсининг гав­ҳари”, “жаннати фирдавс­монанд” деб улуғлашган.
Самарқанд қадим-қадимдан илмий-маданий марказ бўлиб келган. Кишилик тарихи давомида “Самарқандий” нисбаси билан қалам тебратган юзлаб, минг­лаб олим, уламо, шоир ва адиблар шу азиз масканда туғилиб вояга етганлар.

Самарқанд тарихига доир манбалар анчагина. Абул Аббос Жаъфар ибн Муҳаммад ал-Мустағфарий ал-Мустафий IХ асрда “Таворихи Самарқанд” асарини ёзган. Х-ХI асрда яшаб ижод қилган Абу Саъид Абдураҳмон ибн Муҳаммад ал-Идрисий, ХII асрда Нажмиддин Абу Ҳафс Умар ибн Муҳаммад ан-Насафий ас-Самар­қандий “Китоб ал-қанд фи тарихи Самарқанд”, Абулфайз Муҳаммад ибн Абдужамол ибн Абдумалик Ҳайдар ас-Самарқандий “Қандияи хурд” ва яна юзлаб тарихий, географик, адабий-бадиий асарларда Самарқанд шаҳри тарихи, унда яшаб ўтган буюк сиймолар ҳаёти баён қилинган.
Самарқанд милоддан аввалги мингинчи йиллардаёқ Шарқ ва Ғарб цивилизатсияларини боғлаб турувчи марказга айланган эди. У ғарбда Византия, жанубда Вавилон, Шумер, Ҳинд, шарқда Хуанхе, Янтсзи, шимолда Саҳрои Номадлар тсивилизатсияларини бир-бирига туташтириб турган.
Шу сабаб ҳам Самарқанд Шарқ цивилизатсияси ривожида жуда муҳим рол ўйнаган. Қадимий китоб “Авесто” ва бошқа археологик манбаларга кўра милоддан аввалги VIII-VII асрларда Сўғд давлати шакллангани ва унинг пойтахти Самарқанд эканлиги айтилган. Авестода у “… мамлакат ва вилоятларнинг энг яхшиси”, “Сўғд ва Сўғди Гава” сифатида эслатилади.
Тарихий манбаларда Самар­қандда зардуштийлар ибодатхоналари мавжуд бўлгани, унга диний илмлар билан бир қаторда дунёвий илмлар ўқитилгани ёзилган. Хитой тарихий йилномаларида ёзилишича, VI-VIII асрларда Самарқандда “Адолат уйи” номли ибодатхона фаолият кўрсатган. Ибодатхонада туркий тилда ёзилган қонунлар сақланган бўлиб, барча муаммолар шу қонунлар асосида ҳал қилинган. Самарқандда оташпарастлар билан ёнма-ён буддавийлар, монихейларнинг ибодатхоналари ҳам фаолият кўрсатганлиги диний бағрикенгликдан далолат беради.
Милодий IV-VI асрларда Марказий Осиёга несториан насронийлиги кириб келган. Бухоро, Самарқанд ва Термизда насронийлик ибодатхоналари бўлган. VI асрда Самарқандда христианларнинг епископи фаолият кўрсатган. Шаҳарнинг жанубида христианлар жамоасининг қўрғонлари бўлган.
Бунга Афросиёбдан топилган муқаддас олов меҳроби, остодонлар, деворий суратлар, Жартепа зардуштийлик ибодатхонаси ва Ургутдаги қоятошга ёзиб қолдирилган несториан ёзувлари гувоҳлик беради.
Самарқанд қадим-қадимдан барча учун очиқ шаҳар ҳисобланган. Унда турли этник ва диний қарашларга мансуб одамлар қўним топишган. Тинчлик, осо­йишталикда яшаган. Ўзга халқ одамлари маҳаллий халқ томонидан камситилмаган. Зардуштийлик, буддизм, насронийлик, яҳудийлик, ислом эътиқодига мансуб халқлар тинч-тотув яшаганлар. Самарқанд аҳли учун бағрикенглик қадимдан анъана, қадрият бўлган. Шунинг учун ҳам Самарқанд миллатлараро тотувлик ҳамда динлараро бағрикенглик маданиятининг ўзига хос маскани ва машъали бўлган.
Эрамизнинг ВИИИ асрларидан бошлаб Самарқандда ислом дини ёйила бошлади. ХИИ асрда Абдул Ҳаким Самарқандий: “Жайҳун дарё­сининг ортида Аллоҳ яратган ери бепоён, суви мўл бир шаҳар борким, ул шаҳарни Худонинг ўзи асраган. Дарвозаларининг ҳар бирида беш мингтадан фаришталар бўлиб, қанотларини кенг ёзган ҳолда шаҳар аҳолисини ёмон кўзлардан асраб турар эди”, деб ёзган эди ва бежиз “Ал-мадина ал-маҳфуза”, яъни фаришталар қўриқловчи шаҳар номини олмаган.
Машҳур франтсуз шарқшунос олими Жан-Пол Ру: “Самарқанд ҳаммадан кўра афсона ва ривоятлар шаҳри эди, у гўёки ибодатхона, деярли муқаддас шаҳардир”, деб ёзган эди.
Имом ал-Бухорий даҳосининг шаклланишида Самарқанд маънавиятининг ўрни беқиёсдир. Шу сабабдан ҳам 809 йилда Бухорода туғилиб, умрининг охирида, 870 йилда Самарқандга, буюк илму маърифат марказига интилиб, шу заминда абадий қолганлар. Имом ал-Бухорий ҳазратларининг ислом маданияти ривожига қўшган ҳиссаси барчамизга яхши маълум.
Аллоҳ таоло бу заминни даҳосиз қолдиришни истамай 870 йил, яъни Имом ал-Бухорий вафоти йили дунёга Имом ал-Мотурудийни берди. Ислом оламида “Имамул-худа” ва “Имамул-мутакаллимин” каби шарафли номларга (“Ҳақ йўлда ҳидоятга бошловчи имом”, “Калом олимларининг имоми”) сазовор бўлган Абу Мансур Муҳаммад ибн Муҳаммад ал-Мотурудий Самарқанддаги Работи Ғозиёнда туғилган ва умр бўйи шаҳардан чиқмаганлар.
Работи Ғозиён шаҳарнинг кунчиқар томонида жойлашган… Ул зот умргузаронлик қилган Мотуруд маҳалласи бугун ҳам шу ном билан сақланиб қолган. Калом илмининг асосчиси ва пешвоси Мотурудий суннатдан оғишганларни тўғри йўлга чорлаган, ислом ақидасини ҳимоя қилишда улкан хизматлар қилган. Фикҳ ва тафсир илмларини ҳам чуқур билган Имом Мотурудийнинг 16 дан ортиқ асари маълум.
Исломий маданиятнинг ривожига улкан ҳисса қўшган самарқандлик алломалардан яна бири Имом Абуд ал-Ҳаким ас-Самарқандийдир. ИХ асрнинг охирларида Самарқандда таваллуд топган аллома ўз даврининг машҳур файласуфи, каломшуноси, фикҳшуноси сифатида танилган эди. Юқорида номлари тилга олинган бу икки буюк аллома Самарқанддаги машҳур Чокардиза қабристонида дафн этилган.
Самарқанднинг шон-шуҳратини оширишда буюк хизмат қилган алломалар ҳақида сўз кетганда, шаҳар атрофида яшаган Имом ад-Дорамий ас-Самарқандий, Имом Абу Ҳасан Али Растуғфоний, Имом Али Сўғдий, Мавлоно Маҳдуми Аъзам Даҳбедийлар номларини алоҳида тилга олмоқ жоиздир.
Самарқанд яқинидаги Тайлоқ туманида яшаган Имом ад-Дорамий ҳадис илмидан Имом ал-Бухорийга сабоқ берганлиги, уни машҳур муҳаддис бўлиб етишишида беқиёс хизмат қилганлиги маълум. Ҳозирги Иштихон туманида яшаб ижод қилган Имом Растуғфоний эса Имом Абу Мансур Мотурудийга устозлик қилганлар.
Оқдарё туманидаги Кумушкент қишлоғида яшаган Имом Сўғдий Бағдод шаҳрида таълим олган, Бухорода қозилик қилган, ислом динига оид бир неча шарҳлар ёзган.
Самарқанд яқинидаги Даҳбед қишлоғида яшаган Мавлоно Махдуми Аъзам ислом динининг ривожига катта ҳисса қўшган алломалардан бири ҳисобланади.
Самарқанд ИХ-ХИИ асрларга келиб қадимги Шарқнинг йирик илмий, диний ва маданий марказига айланади. Бу даврда Эрон, Ироқ, Хуросон ва Хоразмдаги йирик шаҳарлар билан яқин алоқада бўлади. Сўғд аслзодалари араб халифаларининг яқин кишиларига турк лашкарлари ислом динининг ҳимоячиларига айланадилар.
ИХ-ХИИ асрларда Мовароуннаҳрда Буюк Шарқ уйғониш даври содир бўлади. Инсоният маънавиятига улкан ҳисса қўшган Абу Райҳон Беруний Муҳаммад Хоразмий, Абу Али ибн Сино, Аҳмад ал-Фарғоний, Имом Бухорий, Абу Наср Форобий, Имом ат-Термизий, Имом Мотурудий, Бурҳониддин Марғиноний каби юзлаб даҳолар шу замин ва шу даврнинг фарзанд­лари эдилар. Самарқанд буюк Шарқ Ренессансининг бешикларидан бирига айланади. Айнан шу даврда Самарқандда шайх, имом Абу Мансур Мотурудий, Абу Ҳасан Самарқандий Муҳаммад ан-Насафий ас-Самарқандий (ХI аср), ас-Саманий (Х аср), Абулайс Самарқандий (Х-ХI аср), Абу Фазл Муҳаммад ас-Самарқандий (ХII аср), Ашраф Самарқандий (ХII аср) каби бир неча ўнлаб алломалар ижод қилганлар. 960-979 йилларда юртимизга ташриф буюрган арабистонлик тарихчи Ибн Хавкал: “Самарқандда Мовароуннаҳрнинг нозик дидли одамлари тўпланган, уларнинг энг яхшилари бу ерда тарбия олганлар”, деб бежиз ёзмаган эди.
ИХ-Х асрларда Самарқанд астрономия, тиббиёт, тарих, фалсафа, адабиётшунослик, фикҳ ва илоҳиётшунослик фанларининг марказига айланди.
ИХ-Х асрларда Самарқанднинг Абу Ҳафс Сўғдий, Хураймий, Али Самарқандий, Абуланбағий ва бош­қа адибларнинг номи шеърият мухлисларига маълум. Улар орасида Абу Абдулло Рўдакий Самарқандий алоҳида ажралиб туради. ХI-ХII асарларда Самарқанд адабий муҳитида кўплаб қалам аҳли фаолият кўрсатдиларки, улар орасида Низомий Арузий, Рашидий, Руҳоний, Ашраф Али Шатранжий Самарқандийлар ҳам бор эдилар.
Пайғамбаримизнинг авлоди Маккаи мукаррамада туғилган суфий аллома Мир Сайид ҳам Самарқандда яшаб, Соҳибқирон Амир Темурга пирлик қилган, ўз иқтидорини Самарқанднинг ободлиги ва осойишталигига сарфлаган эди.
Пайғамбаримизнинг яна бир авлоди Қусам ибн Аббос, мусулмон, насроний ҳамда яҳудийлар ўртасида бир хилда ҳурмат қилинадиган Дониёр пайғамбарнинг қабрлари ҳам Самарқандда эканлиги кўп нарсани англатади.
Самарқандда исломий маданиятнинг даражаси ана шу заминда яшаб ўтган олиму уламолар салоҳияти билан ўлчанади. Бу муқаддас шаҳарда ўнлаб ҳашаматли масжид, мадраса ва хонақоларнинг мавжуд бўлганлигини ҳам алоҳида таъкидламоқ лозим.
Айнан шу даврларда Самарқанд­да Абу Ҳафс Сўғдий, Боб Достони Самарқандий, Муҳаммад Абу Бакр Самарқандий, Аббос ибн Тархон Абулянбағрий Самарқандий, Ишоқ ибн Хассон Хураймий Сўғдий, Али ибн Тархон Самар­қандий, Абу Абдулло Рудакий каби шоир ва адиблар айнан ана шу даврда ижод қилганлар.
IХ-ХI асрларда Самарқандда аст­рономия, илми нужум ҳам яхши ривожланганлиги маълум. Шундай олимлардан бири Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Юсуф ас-Самарқандийдир. У Самарқандда илмий кузатишлар олиб бориб юлдузлар жадвалини тузган эди.
Самарқандда фаолият кўрсатган астрономлардан бири Сулаймон ибн Исама Самарқандийдир. Самарқандда чуқур билим олган бу аллома кейинчалик Балхга бориб илмий фаолиятини давом эттирган. Самарқандда астрономия илми билан шуғулланган яна бир аллома Абул Фатҳ Сайид ибн Ҳафифадир. Тарихий манбаларда уни кўзга кўринган аллома эканлиги айтилади. Бу даражадаги иқтидорли олиму уламоларнинг етишиб чиқиши учун ўзига хос муҳит, мактаб ва мадраса тизимлари зарур бўлади. Бу Самарқандда ИХ-ХИ асрларда ана шу тизим расмона шакл­ланганини кўрсатади.
ХИВ асрда Самарқандда шайх Нуриддин Басир ва Бурҳониддин Соғаржий каби икки буюк аллома яшаб ижод қилганлар. Бу икки улуғ зотнинг қабрлари устига Соҳиб­қирон Амир Темур мақбара қурдирганлиги маълум.
Самарқанд узоқ асрлар мобайнида илм-маърифат, эътиқод, маънавият маркази бўлганлигидан бу шаҳарга Шарқнинг турли минтақаларидан олиму уламолар, толиби илмлар интилганлар, келиб яшаганлар, илм ўрганганлар, ижод қилганлар ва даҳолик даражасига кўтарилганлар. Бу фикрни Самарқанд қабристонларида дафн этилган Аҳмад ибн Хорун Нийсобурий, Абдуллоҳ ибн Идрис ал-Астрободий, Абдулмалик ибн Нуйсар ал-Хўжандий, Абдусаъид ибн Абу Ҳусайн ан-Насафий, Абу Таййиб Тоҳир ибн Муҳаммад Хўқандий, Бур­ҳониддин Марғиноний, Абу Каср Сайф ибн Ҳафз аз-Зоминий, Имом ибн Имом Маҳмуд ибн Шайх ал-Имом Сахл ар-Ромитоний, Хожа Муҳаммад Фазли Балхий, Муҳаммад ибн Мансур Марвазий, Шамсиддин Ўзгандий, Абу Фаворис Бағдодий ва Хожа Зайниддин Дамашқий каби алломалар ҳам тасдиқлайди.
Самарқандда Амир Темур ва Мирзо Улуғбек даврида порлаган илм-фан, санъат, маданият маёғи Эрон, Ҳиндистон, Хуросон ва Туркия каби мамлакатлар илм-фани ривожига катта таъсир кўрсатди. Қомусий олимлардан Қозизода Румий, Мавлоно Аҳмад, Саъдуддин ат-Тафтанзоний, Саид Шариф Журжоний, Шамсиддин Муҳаммад, Хожа Муҳаммад аз-Зоҳид ал-Бухорий, Хожа Абдумалик Самарқандий, Тожуддин ас-Салмоний, Мавлоно Убайд, Мавлоно Абдужаббор, Аҳмад Кармоний, Ҳофиз Абру, Ғиёсиддин Али, Шарафуддин Али Яздий каби олимлар темурийлар саройида илм-фаннинг турли соҳаларида фаолият кўрсатганлар.
Дунё фани оламида ўнлаб буюк олимлар пайдо бўлди. Қозизода Румий яратган табиий фанлар соҳасидаги йўналиш, риёзиёт ва юлдузшунослик соҳасидаги Мирзо Улуғбек мактаби, Али Қушчи, Ғиёсиддин Коший, Маҳмуд ибн Муҳаммад каби олимларнинг асарлари Самарқанд илмий мактаби донғини бутун жаҳонга таратди.
ХВ асрнинг 20-йилларида Самар­қандда маърифатпарвар шоҳ, буюк олим Мирзо Улуғбек раҳнамолигида турли фанлар соҳасида 100 нафардан ортиқ олимлар йиғилиб, “Дорул Ҳикма” (“Донишманд­лар уйи”) номи билан ўз даврига хос академия ташкил қилдилар. “Дорул ҳикма” олимлари риёзиёт, илми ҳаят, ҳандаса, жўғрофия, тарих, илми нужум, тиббиёт, мусиқа, мантиқ, аруз, илми ҳисоб, Қуръони карим, ҳадис, фикҳ, адаб, илми ҳикмат, илми калом, араб тили каби фан соҳаларида асарлар яратганлар. Кейинчалик Европанинг буюк файласуфи Волтер уни “Улуғбек академияси” деб атаган.
ХВ асрда Мовароуннаҳрда Нақш­бандия тариқатини юксак даражада давом эттирган, Шош вилоятининг Боғистон қишлоғида 1404 йили таваллуд топган Хожа Аҳрор Валий ҳам ўз ҳаёти ва ижодини Самарқанд билан боғлади.
ХИВ-ХВ асрларда Соҳибқирон Амир Темур ислом байроғини баланд кўтарди, Ўрта Шарқни мўғуллардан озод қилди. Халифа Усмон Қуръонини Самарқандга келтириб асради, ўз даврининг мусулмон дунёсидаги энг улуғвор масжиди — Самарқанд шаҳар жомеъ масжидини қурдирди. У бугун ҳам салобат тўкиб турибди.
Амир Темур даҳоси билан бошланган Самарқанддаги бунёдкорлик ишлари Улуғбек замонида ҳам давом эттирилди. Айнан шу даврда Регистон майдони ободонлаштирилди: улуғвор мадраса қурилди ва у “Улуғбек мадрасаси” номи билан дунёга машҳур бўлди. Улуғбек Чўпонота этакларида боғ-саройлар ва энг замонавий расадхона қурдирди. У ерда 30 йил давомида тўхтовсиз кузатиш ва илмий ишлар олиб борди.
Хулоса қилиб айтиш лозимки, қадимда ва ўрта асрларда Самарқандда дунёвий ва диний илм-фан юксак даражада ривожланди.
Лекин тан олиш лозимки, Самар­қанднинг олис ва яқин тарихи ҳамиша бир хил кечмаган: гоҳ ёруғ, гоҳ булутли ва қоронғу… Октябр ин­қилоби — даҳрийлик даври Самарқанд бошига жуда кўп талофатлар келтирди, вайронгарчилик, қаровсизлик… авж олди. Унинг сон-саноғи шу қадар кўпки санаб ва айтиб адоғига етиш қийин.
Мустақиллик қадимий Самар­қанд тақдирини улуғ ва буюк яратувчилик томонга ўзгартириб юборди. Бир неча йиллардан буён қаровсиз ётган ноёб меъморчилик ёдгорликлари таъмирланди, асл қиёфасига қайтди. Президентимиз Ислом Каримов кўрсатмаларига асосан Шоҳи зинда, Ҳазрати Ҳизр, Регистон, Чокардиза, Имом Бухорий, Дониёр пайғамбар, Хўжа Аҳрор Валий ва ўнлаб бошқа азиз-авлиёлар қадамжолари таъмирланди, обод қилинди, асл тарихий ҳолатига қайтарилди. Бундай улуғ бунёдкорлик ишлари Самарқанднинг эски шаҳар қисмида сўнгги 4-5 аср ичида биринчи бор амалга оширилди.
Аждодларимиздан мерос бўлиб қолган ислом маданияти дурдоналари кўз қорачиғидай асралмоқда. Булар орасида 1492 йилда кўчирилган муфассир Ҳусайн Воиз ал-Кошифийнинг қаламига мансуб “Тавсири Мавоҳиб” номли Қуръон тафсири ва 1451 йилда кўчирилган ҳадислар тўплами ўзининг қадимийлиги ва безалиши билан алоҳида ажралиб туради. Қуръони каримнинг 50 дан ортиқ нусхаси Самарқандда, Ўзбекистон Маданияти тарихи давлат музе­йида сақланмоқда. Ўлчамига кўра, (1,5х1,04 метрли) Марказий Осиёда ягона бўлган Амир Темур Нас­руллоҳ Қуръони ҳам шу ерда сақланмоқда.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, мустақиллик йилларида Самар­қандда диний бағрикенглик анъаналари юксакликка кўтарилди. Бугунги Самарқандда мусулмон масжидлари билан бир қаторда христиан, католик черковлари, яҳудийларнинг синагогалари фаолият кўрсатмоқда. Бунинг оқибатида шаҳарда миллатлараро ва динлараро тотувлик ҳукм сурмоқда.
Самарқанднинг тарихий шуҳратини қайта тиклаш борасида оламшумул ишлар амалга оширилмоқда. ЮНЕСКО раҳнамолигида Мирзо Улуғбекнинг 600 йиллик (1994 й.), Амир Темурнинг 660 йиллик (1996 й.), Имом Бухорийнинг 1225 йиллик (1998 й.), Имом Мотурудийнинг 1130 йиллик (2000 й.) юбилей тантаналари ўтказилди. Мустақиллик шарофати билан ҳар икки йилда бир маротаба Самарқандда “Шарқ тароналари” мусиқа фестивали бўлиб ўтмоқда.
Самарқанд айни пайтда ҳам Ўзбекистоннинг йирик илм-фан ва маърифий марказларидан бири. Унда 7 та олий ўқув юрти, қатор илмий-текшириш институтлари, Ўзбекистон Фанлар академиясининг минтақавий бўлими, ЙУНЭСКО­нинг Марказий Осиё халқлари маданияти тарихи институти ишлаб турибди.
Самарқанд қисқа муддат ичида таниб бўлмас қиёфага кирди. Бу ердан сайёҳларнинг қадами узилмайди. Тобора кўркам ва обод бўлиб бормоқда. Уни мажозий маънода мозий ва бугуннинг ўртасидаги кўприкка қиёс қилиш мумкин. Уни бугун том маънода кўҳна ва навқирон Самарқанд деб атасак тўғрироқ бўлади.

Темур ШИРИНОВ,
Самарқанд давлат университети ректори, тарих фанлари доктори, профессор
“Ҳуррият” газетасидан олинди (2007).