«Ривоят қилинишича, Пётр I ўлим тўшагида иккита нарсадан: Туркиядаги чивиқ омадсизлиги ҳамда Бековичнинг Хивада қатл қилиниши қасосини ололмаганига армон билан кетган экан», деб ёзади рус шоири Пушкин. Нима бўлган эдики, улкан салтанатнинг шоҳаншоҳи Пётр, ҳаттоки, ўлим тўшагида ҳам қанчадан-қанча зарур нарсаларни эслаш ўрнига, Хивадан қасд олишни васият сифатида эслаб ўтади? Буюк шоир қалами орқали эса, ушбу васият асрлар оша кейинги авлодларга етиб келади.
Пётр I йигирма уч ёшидан бошлаб, қандай қилиб бўлмасин, Хивадан Ёркентгача бўлган ерларни бўйсундириб олиш, бойликлари ва олтин қумларини қўлга киритиш йўлларини излаган экан. Шу йўл билан, Ҳиндистонга савдо йўлини очиш тўғрисида изчил ва бетиним ҳаракат қилгани тарихдан маълум. Пётр учун ушбу ҳаракатлардан бири жуда ҳам аянчли тарзда якунланади. У Кавказ халқларини Россия империясига қўшиб олинишини ўта моҳирлик билан амалга оширган Бекович-Черкасский қўмондонлиги остида 1714-1717 йилларда бир неча маротаба Хива хонлиги чегараларига ҳарбий экспедициялар уюштиради.
1917 йилнинг баҳоридан 1717 йилнинг кузигача Бекович-Черкасский қўмондонлигидаги олти минг кишилик қўшин Красноводск қўлтиғи ёнида ҳарбий қалъа қуриб, Хива томон юриш бошлашади. Манзилга етиб борганларидан кейин, Хонга, сизларни Бухоро амирининг хавф-хатаридан ҳимоялаш учун келдик, салтанатингиз яқинида ошён қурмоқчимиз, дейишади. Шу тариқа хиваликларни чалғитиб, асосий мақсадларини яширишга уринишади. Аммо Хива хони князнинг айёрлигини пайқаб, ҳийлага ҳийла билан жавоб қайтаради ва улкан қўшинни бир жойга жойлаштириш ҳамда озиқ-овқат билан таъминлаш хонлик учун оғир эканини баҳона қилиб, Бекович бошчилигидаги лашкарларни хонликнинг бешта шаҳрига бўлиб юборади. Режа амалга ошгач, тўсатдан ҳужум уюштириб, барчасини қириб ташлайди. Қўлга олинган Бекович-Черкасскийни эса 1717 йилнинг 29 августида қатл эттиради. Бу воқеа, айниқса, князнинг қатл этилиши Пётрни қаттиқ изтиробга солади. Чунки, Александр Бекович-Черкасский унинг қийматли саркардаси ҳисобланарди. Черкасский асли келиб чиқиши Кичик Кабардадан (православ динига чўқингунига қадар, татарча Давлат-Гирей мирзо номи билан юрган) бўлиб, Пётрнинг амакиси уйида тарбия топган. Унинг Россияга қачон келиб қолгани аниқ эмас. Айтилишича, у болалик йилларида икки укаси билан биргаликда ўғирлаб Россияга келтирилган. Бошқа бир манбаларга кўра, гаров асосида олиб келингани тахмин қилинади. Ҳеч ким отасининг ҳақиқий исмини билмайди. Фақат отаси бек, яъни княз бўлгани маълум. Ана шундан, Бекович тақма ота исми сифатида юритилади. Бу маълумотларнинг барчаси ўн битта машҳур шарқшунос томонидан тайёрланган, 1986 йили Москвада Шарқ адабиёти нашриёти бош таҳририяти тамонидан босиб чиқарилган Посланник «Петра I на Восток. Посолство Флорио Беневени в Персию и Бухару в 1718-1725 годах» номли китобда келтирилган. Аммо, 1971 йили чоп этилган «Ўзбек Совет Энтсиклопедияси»да Черкасский қўшинидаги (қўшин сони келтирилмаган!) 60 га яқин казак балиқ овига борганида, хиваликлар томонидан асирга олингани ва кетидан отрядга қўққисдан ҳужум қилингани, натижада, экспедиция тор-мор қилингани ҳақида маълумот берилади (134-135 бетлар). Бироқ, Хива хони амалга оширган ишлар Буюк император Пётрни чуқур ўйга соладиган даражада моҳирлик билан қилингани тўлиқ ёритилмаган. Шунингдек, Энтсиклопедияда Бекович-Черкасскийдек муғомбир лашкарбошини тор-мор қилиб, Пётрдек буюк императорни ўлим тўшагида ҳам «Оҳ!» дейишга мажбур қилган Хива хони Шерғозихоннинг исми бир оғиз ҳам тилга олинмаган. «Ўзбекистон» нашриёти 1992 йили нашр этган «Ўзбекистон тарихи ва маданияти» маърузалар тўпламидаги «Хонликлар ва амирликлар даврида Ўрта Осиё ва ундаги ижтимоий-маданий ҳаёт(16-19 асрлар)» бобида (116 бет) тарихшунос А. Ҳакимжонов, Бекович-Черкасский экспедициясини қуйидагича баён этади: «Чор Россияси томонидан ҳам Ўрта Осиёга турли миссиялар юборилади. 1714-1717 йилларда Пётр I Хива хонлигига Бекович-Черкасский экспедициясини жўнатади. Аммо, экспедиция муваффақиятсиз якунланади». Кўриб турганимиздек, Бекович-Черкасский экспедицияси ҳақида берилаётган маълумот бу китобда ҳам анча камбағалдир.
Пётр I ҳукмдорлигининг 30 йилини Ўрта Осиё ҳақидаги ўйлар билан ўтказган. У фақатгина Хивага уюштирилган экспедиция билан чекланиб қолмаган. 1708 йилдан бошлаб, Россия давлати хизматларини садоқат билан бажариб келган, асли Югославиянинг Рагуза шаҳридан бўлган, миллати италян Флорио Беневенини 1718 йилда маълум мақсадлар билан Бухорога элчи қилиб юборади. Беневени 1722 йилнинг ноябр ойида Эрон орқали Бухорога етиб келади ва уч йил у ерда яшаб, олдига қўйилган вазифаларни аъло даражада бажаради. Қовун пўстлоғига Бухоро атрофлари харитасини туширади. Хива ҳамда Бухоро хонликларининг ўзаро муносабатлари, тилла қум ва бошқа мавзуларда кўпгина қимматли маълумотлар тўплайди. Имкон бўлди дегунча, бу маълумотларни ўз раҳнамосига етказиб туради. Пётрга юборилган хабарларда ўзбеклар ким эканлигини ҳам ўз нуқтаи назаридан шарҳлаб беради. Жумладан, у хатида, ўзбекларнинг совға саломга сотилмаслиги ва шубҳали шахслар билан ошна-оғайнигарчилик қилмаслиги ҳамда ундайларни дўст тутмаслигини алоҳида таъкидлаб ўтади. Бу каби тарихий воқеалар Пётрнинг Ўрта Осиёга катта қизиқиш билан ёндошганини яна бир бор тасдиқлайди. Хивада қолган аламини ўлим тўшагида ҳам тилга олишига келсак, буни бир умрлик қайғусидан тортаётган сўнгги изтироб сифатида тушуниш мумкин.
Мансурхон Тоиров,
физика-математика фанлари доктори, профессор