Султон Сайидхон

Султон Сайидхон ибн Маллахон

(?-1868)

(1863-1865)

Қўқон хонлигида Султон Сайидхон 1863 йил июлда қирғизлар ва қипчоқлар амири лашкар Алимқул бошчилигида ҳокимятни эгаллаган. Султон Сайидхон номигагина хон қилиб кўтарилган, амалда давлат ишлари Алимқул қўлида бўлган. Рус қўшинлари бу пайтда Янгиқўрғон, Пишпак, Марки, Авлиёота, Туркистон, Чимкентни босиб олишган. 1865 йил баҳорида М.Г. Черняев бошчилигидаги қўшин Тошкентни қамал қилган. Султон Сайидхон Алимқул билан бирга Тошкент мудофаасига раҳбарликни ўз қўлига олган. Алимқул жангда ўлдирилгач, қирғиз ва қипчоқлар қўшини Қўқонга қайтиб келиб, тахтга бошқа хонни ўтқазиш пайига тушган. Тарихчи Муҳаммад Солиҳнинг ёзишича, Тошкент халқи Султон Сайидхонга содиқ қолиб, уни қайта хонлик тахтига ўтқазишади. Шу равишда Тошкент ўз хонига эга бўлиб, Қўқондан мустақиллигини намойиш этади. Султон Сайидхон Россия тажовузига қарши ёрдам сўраб Туркия султонига, Бухоро амирига ва Қўқонга элчилар жўнатган. Бухорога себзорлик эшон Ҳакимхўжа қозикалон бошчилигида ҳар даҳадан тўрт оқсоқол юборилади. Бухоро амири ўз мактубида Султон Сайидхон унинг ҳузурига келиб бўйсуниши ва шундан кейингина Тошкентга ёрдам бериши мумкинлигини ёзган. Амирнинг бу талаби қолдирилган.