(1878 йил, Бухоро – 1968 йил, Туркия)
Бухородаги жадидчилик ҳаракатининг йирик намояндаси, таниқли давлат ва жамоат арбоби, Бухоро Марказий Ижроия комитети (МИК) раиси (1921 йил сентабр – 1922 йил август). Отаси Қори Пўлатхўжа бухоролик савдогар бўлган. У дастлабки таҳсилни Бухородаги мадрасада олди ва илк жадид мактабларидан бирини очди. 1908 йил дўсти Хамидхўжа Меҳрий билан Туркияда – Истанбулда таҳсил олади. 1913 йил Усмон Хўжа Бухорога қайтади ва яна жадед мактаби очади. У 1910 йил тузилган “Тарбияи атфол” махфий ташкилотининг фаол аъзоларидан бўлади.
Усмон Хўжа Пўлатхўжаев ва унинг укаси Отахўжа (1894-1938) ёш бухороликлар партиясининг йирик намояндаларидан эди. Колесовнинг Бухорога босқинидан сўнг (1918-й, март) У. Пўлатхўжаев совет Туркистонига муҳожирликка кетишга мажбур бўлади. 1918 йил апрелда у Тошкентда ёш бухороликларнинг сўл эсерлар гуруҳини тузди. 1920 йил февралда У. Пўлатхўжаев инқилобчи ёш бухороликлар партияси Туркистон Марказий бюросининг аъзоси бўлиб сайланади.
Усмон Хўжа БХСР тузилгач, молия нозири (1920), давлат назорати нозири (1921), БХСР МИКнинг биринчи раиси каби лавозимларда ишлади. У Бухоро Халқ Республикасидан босқинчи қизил аскар қўшинларини олиб кетилиши, Бухоронинг ҳақиқий мустақиллиги учун курашади. 1921 йил декабрда У. Пўлатхўжаев Шарқий Бухорода (Душанбе атрофида) истиқлолчилар сафига ўтади ва 1922 йил Афғонистонга ўтиб, Бухоро Республикасининг мустақил миллий армияси учун замонавий қуроллар сотиб олишга ҳаракат қилади.
Пўлатхўжаев муҳожирликда Афғонистон, Полша, Эрон ва Туркияда бўлади. У. Пўлатхўжаев энди Туркистон мустақиллиги учун курашни мафкура майдонига кўчиради. 1927-1932 йилларда у Истанбулда “Янги Туркистон” журналини нашр қилдирди. У Туркистон тарихига оид кўплаб асарлар муаллифидир.