Исмоил ибн Аҳмад Сомоний
(849 йил, Фарғона – 907 йил, Бухоро)
(874-907)
Ўзбек давлатчилиги тизимида ҳукмронлик қилган сомонийлар сулоласининг йирик вакили. Унга “амири-мозий” – “дунёдан ўтган амир” деган лақабни берганлар. Аббосий халифа Муътамид (870-892) Рофе ибн Лайс қўзғолонини бостиришда ёрдам берган сулола асосчиси Сомонхудотнинг ўғилларидан Наср I ибн Аҳмадни Мовароуннаҳрга ноиби (873-893), Исмоил Сомонийни эса Бухорога ҳоким этиб тайинлаган. Аммо ака-ука ўртасида ихтилоф пайдо бўлиб, улар икки бор ўзаро уруш қилган. Биринчиси сулҳ билан якунланган, иккинчисида Исмоил Сомоний ғолиб келганига қарамай, акасининг ҳокимиятини тортиб олмаган.
893 йил Наср I вафот этгач, халифа Муътазид (892-902) Исмоил Сомонийни унинг ўрнига Мовароуннаҳрга ноиб қилиб тайинлаган. У шу йилиёқ Тароз шаҳрини эгаллаган, 899 йил халифанинг Хуросондаги ноиби Амр ибн Лайс қўшинини тор-мор келтириб, унинг тасарруфидаги ерларни бўйсундирган. 902 йил эса у Табаристон, Рай, Қазвин ва Дайламни забт этиб, ўзини халифаликдан мустақил ҳукмдор деб эълон қилган. У 907 йил вафот этгач, ўрнига ўғли Аҳмад ибн Исмоил ҳокимият тепасига келган.
Исмоил бутун Мовароуннаҳрни ўз қўли остида кучли бир давлат қилиб бирлаштирди. Хуросонда ташкил топган Саффорийлар давлатига барҳам берди ва уни ўз давлатига қўшиб олди. Натижада пойтахти Бухоро шаҳри бўлган замонасининг энг йирик мустақил ўрта аср давлати ташкил топди. Бу давлатни сомонийлар хонадонидан бўлган ҳукмдорлар – амирлар Х аср охирларигача идора қиладилар.
Исмоил Сомоний, тарихий маълумотларга кўра, оқил, одил ва уламоларга ҳомий ҳукмдорлардан бўлиб, марказий ҳокимиятни мустаҳкамлаш, кучли қўшин тузиш, итоатсиз амирларни бўйсундириш йўлида қаттиқ курашган. У мамлакат ободончилигига ҳам катта эътибор бериб, кўплаб меъморий иншоотлар қурдирган. Наршахий берган маълумотга кўра, Исмоил Сомонийнинг ҳукмдорлик муддати 30 йил бўлиб, шундан 20 йили Хуросон амири ҳам эди. Унинг даврида Сомонийлар сулоласидан чиққан ҳамма амирлар Бухорода турадиган бўлдилар. Ундан олдинги Хуросон амирларининг ҳеч бири Бухорода турган эмас.