Наср ибн Аҳмад

Наср I ибн Асад Сомоний

(тахм. 848-893)

(865-892)

Ўзбек давлатчилигидаги сомонийлар сулоласининг бошлиғи, Самарқанд ҳокими (865-892). Сомонийлар давлати ҳукмдори. Наср ибн Аҳмад Норин дарёси бўйидаги Ҳайлам қишлоғида туғилган. Отаси Аҳмад вафотидан (865 йил) кейин у Самарқандни марказга айлантиради. Бухоро воҳаси, Нахшаб (Қашқадарё), Чағонруд (Сурхондарё) водийларидан ташқари Мовароуннаҳрнинг барча вилоятларини бирлаштириш ва уни Хуросондан ажратиб олиш чораларини кўради. Тоҳирийларнинг давлатининг барҳам топиши билан вазият тубдан ўзгариб, истиқлол учун қулай шароит пайдо бўлади. Ўз ҳолига ташлаб қўйилган Бухоро аҳли ҳатто саффорийларга тобе бўлишни хоҳламайди. Шаҳар зодагонлари сомонийларга мурожаат қилиб, Самарқандга Наср ҳузурига элчилар юборадилар, ундан Бухорони ўз қўл остига олишни ва сомонийлар хонадонидан бир кишини Бухорога ҳоким қилиб юборишни сўрайдилар. Наср бу таклифни мамнуният билан қабул қилиб, укаси Исмоилни (874) Бухорога ноиб қилиб юборади.

Шундан сўнг Наср ибн Аҳмад ўзини бутун Мовароуннаҳр бошлиғи деб билган (875) ва кумуш дирҳамлар зарб қилдирган (илгари дирҳам тангалар зарб қилишга фақат тоҳирийларнинг ҳуқуқи бор эди). Исмоил бўлса, акасига итоат этмай қўйган ва улар ўртасида 888 йил тўқнашув бўлиб Наср ибн Аҳмад қўшинлари бутунлай тор-мор келтирилган.