Сатторхон Абдулғаффоров (1843-1901)

Бароқхон томонидан қурдирилган Кўкалдош мадрасаси. Тошкент. XIX аср охирлари

Сатторхон Абдулғаффоров Марказий Осиёда ижтимоий тафаккурни ривожлантириш тарихида алоҳида ўрин эгаллайди. Сатторхон 1843 йили Чимкент шаҳрида йирик мударрис оиласида туғилган. У 1862 йили Тошкентда “Шукурхон” мадрасасини битириб, 1864 йилгача Чимкент шаҳрида муфтийлик қилган. 1873 йили Сатторхон Чимкентда очилган биринчи рус-тузем мактабида ўкитувчи бўлиб ишлайди. Мана шу вақтдан бошлаб умрининг охиригача Сатгорхон илм-фан, дунёвий билимнинг толмас тарғиботчиси бўлиб қолди.

Сатторхон Чимкентда икки йил ўқитувчилик килгач, 1876 йил апрел ойида Қўқон шахрига қози қилиб тайинланади. Ўша йили июль ойида Сатторхон Жўрабек, Шермуҳаммад ва Абдулла Ниёзовлар билан бирга Санкт-Петербургда Шарқшунослар Халқаро съездида иштирок этиб, олимлар ва халқлар ўртасида дўстлик ва ҳамкорлик ҳақида гапирди.

Санкт-Петербургдан қайтгач, Сатторхон қозилик вазифасини давом эттирди ва ўз лавозимидан маърифатпарварлик ғояларини рўёбга чиқариш йўлида фойдаланди, дунёвий билимларни тинмай тарғиб қилди. Сатторхон 1879 йилда Қўқон шаҳар билим юртининг фахрий назоратчиси қилиб тасдиқланди. Бу лавозимда ҳам Сатторхон ўз бурчини шараф билан бажарди. “Мен, — деб ёзган эди Сатторхон, — ҳар вақтда мусулмонларни ўз фойдамиз учун рус тилини ўрганмоқлиги зарур эканлигини баён қилур эдим”[1].

Сатторхон 1881 йилда Тошкентга қайтиб келди. 1883 йилда у “Туркистон вилоятининг газети”га таржимон бўлиб ишга кирди ва шу даврда Оврўпо маданияти ва дунёвий билимларини тарғибот қилувчи бир қанча мақолалар ёзди. Сатторхон 1884 йилдан 1889 йилгача Тошкент ўқитувчилар семинариясида ўзбек ва форс тилларидан дарс берди ва ўзининг маърифатпарварлик фаолиятини тинмай давом этдирди. 1889 йил декабр ойида бўлиб ўтган Туркистон ўлкаси шаҳарларининг ўқитувчилари съезди ишида фаол иштирок этиб, маҳаллий ёшларни янги мактабларга жалб қилиш, бу йўлдаги барча тўсиқларни тугатиш чоралари ҳақида гапирди. У чоризм маъмурларининг айрим тадбирларини хато деб билиб, уларни танқид қилди.

1889 йилда Сатторхон Сирдарё вилоят Солиқ комиссиясида тар-жимонлик қилди. Бу комиссия 1893 йилда тугатилгач, Сатторхон Чимкент шаҳрига қайтиб, у ерда 1899 йилгача қозилик лавозимида ишлади. 1899 йилда Тошкентга қайтиб келиб, ўзининг вафотига қадар (1901) шу ерда яшади.

Сатторхоннинг ҳаёт йўли мураккаб йўл эди. Бу йўлда у айрим масалаларда иккиланди ҳам, лекин илм-фанни, шарқ маданияти ютуқларини, Оврўпо маданиятини тарғиб қилишда, мамлакатни қолоқлиқдан чиқариш зарурлигини уқтиришда ҳеч вақт иккиланмади ва умрининг охиригача бу фикрга содиқ бўлиб қолди. Сатторхон ўзининг маърифатпарварлик фаолиятини Фурқат, Муқимий, Завқийлар билан ҳамкорликда олиб борди. Маърифатпарварнинг ижтимоий қарашлари унинг “Мусулмон эшонлар”, “Россия истилосига қадар Қўқон хонлигининг ички аҳволи ҳақида қисқача очерк” номли рисолаларида ва кўпгина мақола ва нутқларида ўз аксини топган.

Сатторхон жамият тараққиётини илм-фанда, халққа маърифат тарқатишда деб билди. Унинг фикрича, ақлга мувофиқ ҳар қандай жамиятнинг фаровон яшаши учун билим бўлмоғи зарур. Инсон нима? У нима учун яратилган ва қаерга боради? Унинг бахти нимада? “Бу саволларнинг калити, — дейди Сатторхон, — билимдадир”.

Сатторхон илм-фаннинг кишилик жамияти тарақкиётини таъминловчи асосий воситалардан бири эканлигини таъкидлаш билан бирга, уни турли миллат ва динга мансуб бўлган халкларни бир-бирига яқинлаштирувчи куч деб қарайди. Мана шу фикрга қатъий амал қилган ҳодда Сатторхон ўз халқини бошқа халқлар, жумладан Оврўпо халқлари билан яқиндан алоқага киришиши зарурлигини уқтиради. “Шу туфайли биз умуминсоний ҳаёт ва илмий тараққиёт иштирокчилари бўлишимиз мумкин”, — дейди у.

Сатторхон ўз ватандошларини маърифатга, бошқа тилларни, жумладан, рус тилини ўрганишга чақиради. У ўз фикрлари таъсирини кучайтириш ва исботлаш учун ислом дини, шариат қонун-қоидаларидан, ўзининг кенг билимларидан мохирлик билан фойдаланади.

Сатторхон маҳаллий болаларни мусулмон мактаблари билан бир қаторда рус-тузем мактабларига жалб қилиш зарурлиги ва бу йўлда амалий чоралар кўриш кераклигини уқтиради. “Энг аввал, — дейди Сатторхон, — бу мактабларга нисбатан кишиларда ишонч ҳосил қилиш зарур. Бу йўлда тўсиқ бўлиб турган сабаблардан бири шуки, бу мактабларда мусулмонлар манфаатларини ҳимоя қиладиган ва ўз иштироки билан мусулмон ёшларини тарбия қилишда уларни зўрлик билан руслаштиришга қаратилган мақсад йўқлигига кафил бўладиган, уларни диний эътиқодларига зарар етказмаслигини бўйнига оладиган кишиларнинг йўклигидир. Шунинг учун рус мактабларига мусулмон муаллими киритилиб, унга ерликларнинг болаларини маҳаллий тилга ўргатиш ва мусулмон динидан бошланғич таълим бериш вазифаси юклатилса, маҳаллий аҳолининг рус мактабларига нисбатан ишончсизлиги тугатилган бўлур эди”. Кўриниб турибдики, Сатторхон чор маъмурларининг “руслаштириш” сиёсатини сезган ва бу сиёсатга қарши норозилик билдирган.

Сатторхон халқ тақдирига ачинди, уни жаҳолат ва зулмат дунёсидан чиқариш ҳақида қайғурди, жамиятдаги адолатсизликларга нафрат билан қаради ва ўзбек халқининг тарққиёт, мустақиллик учун олиб борган курашига ўз ҳиссасини қўшди.

фалс. ф.д. X. Воҳидов

______________________

[1] “Туркистон вилоятининг газети”, 1890 йил, 32-сон.